Жан-Жак Руссо. Халқ бахти ҳақида (фалсафий рисола)

Мен ҳақиқатни шунга муносиб равишда рўй-рост айтаман. Соддаликдан жирканадиган, самимийликка нафрат билан қарайдиган кўрқоқ ўқувчилар, китобимни ёпиб қўйинг, сиз учун ёзилмаган у. Ёвуз қалбингизни қаноатлантира оладиган ҳақиқатнигина қадрлайдиган заҳарханда ўқувчилар,китобимни ёпиб, уни улоқтириб ташланг, чунки қидираётган нарсангизни ундан топа олмайсиз, мабодо ўқисангиз муаллифнинг сизга бўлган нафратини уқиб оласиз.
Эзгуликни қадрлайдиган, дўст-биродарларини яхши кўрадиган, уларнинг хатоларидан афсусланиб, иллатларидан нафратланиб юрадиган, инсоният бошига кулфат тушса, ундан қайғурадиган, энг асосийси, камолотга интилаётган одам ушбу китобни бемалол ўқиши мумкин. У қалблардан акс-садо топади.
Ўз фикримнинг ўзимга ёқиши қувонтиради. Қачонлардир, қайсидир бир давлат арбоби том маънода Фуқаро бўлиб етишса, у фақатгина ўзидан олдинги раҳбарнинг қонунларини бекор қилиш билангина шуғулланмасдан балки халқ аҳволини яхшилаш, унинг фаровонлигини ошириш ҳақида қалбдан ўйлайди. У қуруқ ваъдалар билан чекланиб қолмасдан, амалда ҳаракат қилади, халқ манфаатларини оёқости қилмасдан, фақатгина ўз мавқеини мустаҳкамламасдан, ҳокимиятини халқ бахт-саодати йўлида хизмат қилишга қаратади. Бахтли тасодиф туфайли ушбу китоб қўлига тушиб қолса менинг ноаниқ фикрларим уни фойдали ишларга жалб қилади, инсонларни яхшироқ, бахтлироқ бўлишига хизмат қилади, мен эса бу ишларга алоқадор бўлиб қоламан, деб орзу қиламан.
Ушбу орзу мени қўлимга қалам олишга рағбатлантирди.
Орадан йиллар ўтиб номим адабиёт йилномаларидан ўчиб кетган тақдирда ҳам, майли, ушбу китобим нотаниш ва бечораҳол, лекин доно ва бахтли халқ мулки бўлиб қолсин. Улар шон-шуҳрат ва ғалаба кетидан қувмасдан, ушбу китобни мамнуният билан баъзи-баъзида ўқиб турсин.

1

Биз яшаётган шароитда ҳамма жойда дабдабаю ҳашамат, касб-ҳунару санъат асарлари тўлиб-тошиб ётган бўлса-да, биз ҳар куни инсоният бошига ёғилаётган кулфатлардан қайғуга тушамиз, турмушимизда тез-тез учраб турадиган оғирликлардан нолиймиз, айни пайтда бир парча егулик учун жонини ҳавф остига қўйиб, чакалакзорларда машаққат чекиб яша- ётган ярим яланғоч ёввойилар орасида ҳаётдан нолиш йўқ. Улар эртага қандай машаққатлар кутаётганлигини ўйламасдан, қайғу нималигини билмасдан қувончга тўлиб тирикчилик қилади. Мусибатларимизнинг бош сабаби шундаки, биз кичкина кўнгилсизликларнинг олдини оламиз деб катта бало-офатларга дучор бўламиз.

2

Аввало гап-сўзларимиздаги икки хил маъноли ифодаларни бартараф қилишдан бошлайлик. Энг яхши Бошқарув тушунчаси ҳам ҳар доим энг кучли Бошқарув деган маънони англатмайди. Куч – восита холос, уни қўллашдан мақсад – халқ бахт-саодатидир. Аммо “бахт” сўзининг маъноси айрим одамлар учун ноаниқ, халқ орасида ундан-да мавҳумроқ. Бахт ҳақидаги тасаввурларнинг турли-туман эканлиги жамиятдаги сиёсий мезонларни майдонга чиқаради, уларнинг мақсадини белгилаб беради. Халқ бахтини фикран тасаввур қилайликда, шунга биноан ўз қонунларимизни асослайлик.
Жаноблар, қайси халқ энг бахтиёр, деб сўраяпсиз? Бу масалани узил-кесил ҳал қилиш учун етарли билимга эга эмасман, лекин уни ҳал этиш учун ёрдам берадиган ишончли меъёрларни белгилашга ҳаракат қиламан, агар буни уддалай олсам, ниятингизни амалга ошириш мақсадидан четга чиқмадим, деб ҳисоблайман.
Агар дунёда бор бўлса, қани ўша бахтли одам? Кимдир буни биладими? Бахт шунчаки ҳузур-ҳаловат эмас, шунчаки ўзгариб турадиган ўткинчи руҳий ҳолат ҳам эмас, балки у инсоннинг дахлсиз ички оламидаги алоҳида барқарор ҳиссиётлари ва руҳий кечинмаларидадирки, у ҳақда ҳеч ким аниқ фикр юрита олмайди. Бу нарсани ўзи бошидан кечирган одамгина тушуниши мумкин. Демак, ҳеч ким ўзгаларнинг бахти ҳақида тайинли фикр айта олмайди. Гап сиёсий жамиятлар ҳақида кетганда бу бутунлай бошқа масала. Уларнинг бахт-саодатию ғам-ғуссалари очиқ-ойдин кўриниб турган нарса, ички ҳиссиётлари ҳам ижтимоий характерга эга. Шубҳасиз, оломон бу ерда янглишади, у нималарда янглишмайди дейсиз? Кўриб турганини англай оладиган инсон учун одамлар қандай кўринишда бўлса, шундайлигича аён бўлади, уларнинг маънавий-ахлоқий моҳияти ҳақида гапириб ўтирмайди.
Ҳақиқий ҳолатимиз ва имкониятларимиз билан истак-хоҳишимиз орасидаги, мажбуриятларимиз ҳамда иштиёқларимиз, инсонлар ва фуқаролар ўртасида табиат ва жамият ўрнатган тартиблардаги зиддиятлар бахтсизлигимизни ташкил қилади. Иккаласидан бирини танланг, ўшанда имкон борича инсонни бахтли қилган бўласиз.
Инсонни борлиғича давлат ихтиёрига беринг ёки унинг ўз ҳолига қўйинг, уни қалбини қисмларга ажратиб бўлмайди, юраги эзилиб кетади, яна ўйламанг, мусибат чекаётган халқни бошқараётган давлат бахтли бўлади деб. Сиз бахт деб атаётган халқнинг маънавий-ахлоқий ҳолати ўз ҳолича хомхаёл. Халқ хотиржамлик ва фаровонлик туйғуларини сезмас экан, бошқаси сариқ чақага арзимайди. Фарзандлар ишида муваффақият бўлмас экан, оила гуллаб-яшнамайди.
Инсоннинг табиатига мос тушадиган имконият беринг, у ким бўлишни хоҳлаган бўлса, ўзи истаган ҳақиқий ҳолатига кирсин. Бу билан сиз ижтимоий турмуш қонунларини улар қалбига жойлаган бўласиз. Шунда одамлар ўз табатига кўра фуқаролар эса ўз иштиёқига кўра бирлашади,раҳмдил бўлишади, бахтга эришади. Халқнинг роҳат-фароғати – давлатнинг тинчлиги, хотиржамлигидир. Давлат туфайли халқ бирор нарсага эришар экан, демак, ўзи ҳам бир нарсаси билан унга дахлдор бўлади.
Мажбурий чоралар ёнига халқнинг истак-хоҳишларини ҳам қўшдингиз,ижтимоий бойликни хусусий мулк билан янада бойитдингиз. Энди давлат деганда мана шуларнинг барчаси бир бутунликда тушунилади. Оила эса, мана шу фарзандларим туфайли гуллаб-яшнадим, дея фахрланади.
Ҳар қандай давлат тизимида унга қарашли бўлмаган нималардир бор: айтайлик, одамларнинг истак-иродаси; унинг таъсир кучи қанчалик муҳим эканлигини ким инкор эта олади? Ҳар ким фақат ўз ҳолича бахтли бўлишни орзу қилар экан, эл-юрт, Ватан бахтиёр бўлолмайди.

3

…энг муҳими, ижтимоий бахт барчани бирдек бахтли қилиши зарур эканлигини, акс ҳолда у маъно ва моҳиятсиз бир сўзга айланишини ёдда тутмоқ керак.

4

Халқнинг маънавий-ахлоқий аҳволи унинг мутлақ ҳолатига эмас, балки одамлар ўртасидаги муносабатларга кўпроқ боғлиқдир.

5

Халқ қай усулда бахтли бўлишини тушуниш учун бахтсизларнинг аҳволини ҳам яхши ўрганиш керак. Бахтли бўлиш учун нималар етишмаслигини аниқлаш билан бирга бахтли одам нималарга эга бўлишини ҳам билиб оламиз.

6

Халқ бахти нималардан иборат эканлигини аниқлаш учун одамларнинг бу ҳақдаги фикрларини жамлаш етарли бўлмаса керак. Халқнинг фаровонлиги жуда кўп нарсаларга боғлиқ, алоҳида шахсларнинг фаровонлигини аниқлаш ҳам унчалик осон эмас. Бинобарин, бу борада адашмаслик учун жуда кўп меъёрларни бир-биридан алоҳида ажратиш лозим. Халқ бахтининг ўзига хос хусусиятларини билдирувчи ҳақиқий мезонларни тўғри белгилаш керак.

7

Ликург ўз қонунларини жорий қилгач, фуқароларидан беҳисоб шикоятлар туша бошлади. Дунёда энг адолатли қонунлар яратгани ва халқи шу туфайли жаҳонда катта ҳурмат, шон-шуҳрат қозонгани туфайли, бу қонунларни сақлаб қолиш мақсадида у ҳийла ишлатиб, ўзга юртларга бош олиб кетиб, дарбадарликда умр кечиришни лозим топган. Жаҳонга ҳоким бўлиш даражасига етган римликлар давлат бошқарувчилари устидан тўхтовсиз шикоятлар ёғдирмаганмиди? Энг яхши бошқарувчилари бўлган халқлар бошқалардан кўра кўпроқ норозилик билдирмаяптими? Оламда ҳали ўз халқининг бахтли яшашини тўла таъминловчи, нуқсонлардан холи бирорта давлат бошқарув шакли йўқ. Энг яхшилари, агар ақлли иш тутса, фуқаролар бахтли бўлиши учун имконият яратиб беради. Бу бахт ҳеч қачон оломон бахти бўла олмайди.
Юртни кўпчилик бўлиб бошқарганда ҳар бир фуқаронинг истак-хоҳиши ёки иштиёқига эмас, балки барчани қаноатлантира оладиган умумий қонунларга таянган ҳолда иш юритиш керак. Ҳар бир давлатда донолик билан ўйлаб иш қилинса, яъни таълим-тарбия, урф-одат ёрдамида ижтимоий ахлоқ нормалари шакллантирилса, айрим иштиёқманд фуқароларни ҳам шунга итоат эттириш мумкин, шунда улар ҳукуматдан мамнун бўлиб яшайдилар, бошқа давлатнинг яхши ёки ёмонлиги билан қизиқмайдилар.
Одамларнинг яшаш шароити ўзгариб қолса, шикоят ҳам кўпаяди, чунки одам борки, шикоят бор. Демак, давлат тараққиётини фақат фуқароларининг ўзларини бахтли ҳис қилиши билангина чеклаб бўлмайди. Қабул қилинган қонунлар оқилона бўлиши керак, токи фуқаролар ўзаро манфаат асосида алоқалар ўрнатсинлар, ўзга халқлар ёрдамига муҳтожлик сезмасинлар ана шундагина алоҳида шахслар ҳам, жамиятнинг барча аъзолари ҳам ўз бахтини тан оладилар. Бошқа халқлар муҳтож бўлган нарсалар ўз ватанида етарли даражада муҳайё бўлиб, унга муҳтожлик сезилмаса, унда бахт эшиги янада кенгроқ очилади.
Касб-ҳунар ривожланган, савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйган халқларда маблағ кўпайса, бу – бахтли яшаш омилларининг энг асосийси деб ҳисоблайман. Тўғри, бахтни бойликка боғлаб бўлмайди, лекин яхши томони шундаки, пулдор одам ўз эҳтиёжларини тўлароқ қондиради, ўзгага мухтож бўлиб қолмайди, иккинчидан ўзгаларни ўз иродасига бўйсундириб, уларни ўзига қарам қила олади. Халқнинг бахти, фаровонлиги ана шунда.
Савдо-сотиқ ва касб-ҳунарга келганда шуни айтишим мумкин: уларнинг ривожи товар-пул айланмасини таъминлайди, беҳисоб пул, даромад келади, хоҳлаган нарсани, хоҳлаган миқдорда сотиб олиш имконияти пайдо бўлади. Мен аниқлаб беришим зарур бўлган мезонлардан бири ҳам шу.
Бахт ва фаровонликни ташкил қилувчи шу мезон ўзига бошқа меъёрларни ҳам қамраб олади ва бир-бирига мос тушади, тўлдиради.
Барча эҳтиёжларимиз икки хил бўлади: жисмоний эҳтиёжларимиз – ҳаётимизни сақлаб туриш учун зарур бўлган, бизга қулайлик яратадиган, ҳузур-ҳаловат бағишлайдиган нарсалардир. Уларни истеъмол қилиш одат тусига кириб, жисмимиз шунга кўникиб қолган. Шаҳарлик олифта аёл ёз жазирамасида соябонсиз икки соат туриб кўрсин-чи, уни офтоб уради ёки бир касаллик орттириб олади, ваҳоланки, деҳқон аёл учун бу ҳолат табиий. Шаҳарлик жаноб қишлоқдаги мол-мулкини кўриб келиш учун уловсиз бора олмайди. Юмшоқ кареталарда юриб ўрганган одам от миниб узоқ юролмайди. Қулайликларга ўрганган одам кашандага ўхшаб қолади, усиз туролмайди.

8

Ўзинг бирга яшаб турган халқингни бахтли қилиш учун ҳукмдорларга китоб – қўлланма ёзиш шартмикан? Яхшиси, ўз тажрибангизга таяниб иш кўринг.

9

Адолат сизга ҳамроҳ бўлсин: фуқароларингиз осойишталигини, хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг мол-мулкини сақлаш ҳам сизнинг вазифангизга киради: бу ҳали ҳаммаси эмас, уларни бахтли қилишингиз керак. Хукмдорнинг асосий вазифаси ана шунда.

БОЙЛИК ҲАҚИДА

Қадрли дўстим Хризофил! Сен билан қурган охирги суҳбатимиздан олган таассуротларимдан ҳанузгача қойил қоламан. Кела қол, ўша суҳбатимизга яна қайтайлик, токи қалбингдаги орзу-ҳаваслар сени тарк этмасин, мен эса сенинг бахтли бўлишингни ўйлаб қувончга тўлиб юрай.
Сенга тўғрисини айта қолай: сен ҳақингда бойлик орттириш учун барча имконият ва қобилиятини аямайдиган бир шуҳратпараст йигит деб ўйлардим. Бебаҳо хазинага эришиш учун табиат ато қилган неъматлардан ҳам воз кечишга тайёр эканлигингни, бойлик эса ўзи билан бирга жамоатчилик фикрини ҳам етаклаб келишига ишонишингни билардим. Сен билан учрашиб туриш менга ёқарди, суҳбатлашишдан ҳузур қилардим. Сен эса эртами-кечми соясидан бебаҳра бўлиб қолишни хаёлингга ҳам келтирмай, дам олиш учун ўзингни дарахт панасига урардинг. Ҳар гал сен билан хайрлашганда “Бу бола яхши инсон бўлиб етишиши мумкин эди. Лекин у бойликни танлади” дея афсусланиб ўйлаб қолардим. Лекин сен дилингда тугиб юрган мақсадингни очиқ-ойдин айтганингда, мен қалбингда битмас-туганмас очкўзлик манбаини кўрдим ва ноқулай аҳволда қолдим. Дам олишингни ожизликка йўйиб, сен ҳақингда нохақ ҳукм чиқарганингни ўйлаб ўзимни койидим, ахир бу ожизлик сенга нисбатан ҳурматимни оширадиган асослардан бири эканлигини тушундим.
Сен шундай оҳангда гапирдингки, у қалбимнинг ич-ичига кириб борди, мен бойликка шунинг учун интиламанки, унинг натижасида келиб чиқадиган ноҳақликларга чек қўймоқчиман. Оғир аҳволга тушиб қолган бечораларни кўриб, уларга ёрдам беролмаганимдан фиғоним фалакка чиқади, ачинганим фойдасиз эканлигидан афсусланаман…
Бойлик ўзгаларни муҳтожликдан қутқариш учун сарфланади, шунинг учун унинг қадрига етаман: олтин ёрдамида бебаҳо неъматларга эришиш мумкин, деб қўшиб қўярдинг. Хавотир олманг, қанчалик даражада беҳисоб бойликка эга бўлмай, барибир ўзим истаганча яхшиликка хизмат қилиш учун озлик қилади. Сенга очиғини айтаман: дилингдан чиққан бу сўзлар сенга бўлган ишончимни узил-кесил сусайтириб юборди дея олмайман. Тушунаман, камбағалликдан фахрланиб юрганимдан кўра моддий жиҳатдан етарли маблағим бўлгани яхшироқ. Камбағал бўлиб ҳам кун кўриш мумкин, лекин бойликдан ўз ўрнида фойдаланишга нима етсин, ахир яхшилик қилиш истагини амалга ошириш учун бойликка бойлик қўшиши айни муддао-ку… ”
Эзгу ҳиссиётларинг ҳақида қанчалик кўп ўйласам, ўз даврида менга завқ бағишлаган бахтимдан айрилиб қолаётгандек ҳис қиламан ўзимни. Менга тасалли бериб турган ғайратингга ғайрат қўшишда кўмаклашаётган умидларимдан жудо бўлдим. Камбағалларга ёрдам бериш истагини мендаги қашшоқликка бўлган сабр-тоқатимни адои-тамом қилмоқда. Келажакда кимларгадир қилмоқчи бўлган яхшиликларим бугунги кунда тасодифан менга нисбатан амалда ёвузликка айланмасмикан, деб хавотирдаман.
Кўпчилик қашшоқ одамлар худди менга ўхшаш фикрлайдилар деган ишонч мени бироз тинчлантиради, лекин шунга ўхшаш фикр юритадиган бирорта ҳам бойни учратмадим. Одамларнинг моддий аҳволи ўзгариб, эзгу ишларни амалга ошириш имконияти пайдо бўлганда, уларнинг фикри ўзгариб қандайдир сабабларга кўра яхшилик қилиш истаклари ҳам чиппакка чиқади, деган шубҳам бор. Бу гумонларни тарқатиб аниқлик киритиш учун бойлик сари юришингда сенга ҳамроҳ бўлишга изн бер. Эзгулик ишларингда сенга тўсқинлик қилиш ниятим йўқ. Бундай ишларни ўзим амалга ошириш ҳақида ўйлаб кўрмаганман, шунинг учун сен билан юриш менга таскин берар деб ўйлайман.
Дастлаб мен сезган нарса бойлик билан камбағаллик ўртасидаги улкан масофа – буни нима билан тўлдириш кераклигини билмайман. Бойиб кетгач, ўзингни қандай тутиш ҳақида кўп гапирардинг, лекин нима иш қилиш кераклиги ҳақида айтмасдинг. Мақсадга эришгач, нима ишлар қилиш тўғрисида фикр юритиш етарли эмас. Шу аснода йўлда нималар содир бўлиши, нималарга дучор бўлишни ҳам ўйлаш зарур. Масалан, ўз мақсадингга эришиш йўлида қандай усуллардан ва нималардан фойдаланмоқчисан, шунга эътибор бериш керак.
Қўлга киритаётган бойлигингдан одамларга наф тегиши керак, ахир сен шу мақсадда ҳаракат қиляпсан-ку, акс ҳолда сен ўзингга-ўзинг қарши чиққан бўласан. Шунинг учун бойлигинг янада кўпайишни истасанг уни тўғри йўлга сарфла, даромадинг ҳам, унинг манбаи ҳам ҳалол бўлсин.
Бойлик орттириш мақсадида ноқонуний, ҳаром йўлларга кириб кетиш ҳам мумкин, лекин дўстларинг бунга йўл қўймасликларини биламан, улар ёрдамида адолатсизликка бормасдан яхшигина даромад олиш мумкин. Лекин ўз эътиқодларингдан воз кечмасдан шунча даромадни қандай қилиб тўплашингни кўз олдимга келтиришим қийин. Бир кун келиб мурувватли бойга айланишинг учун яна қанча вақт бешафқат бўлиб юришинг кераклигини тушунишим қийин.
Менга айт-чи Хризофил, бойлик сари юксалиб боришинг давомида сен учун ҳаёт оқими тўхтаб қоладими? Сен ёрдам бермоқчи бўлган камбағалнинг бошига бало-қазо ёғилмайдими? Балки сен кўзлаган чўққига етгунингга қадар улар тўхтаб турар? Бахтсизликнинг оғир юки остида эзилган, тинка-мадори қуриган ҳалол одамларга берадиган ёрдамингни тўхтатиб турарсан, балки? “Дўстим, инсонийлик нуқтаи-назаридан сизни шу аҳволда қолдиришим керак, чунки мен кўзлаган юз минг ливрни ҳали тўплаганимча йўқ, ўша пулдан сизга ёрдам ажратмоқчи эдим. Тўғри, бироз бераҳмлигим бор, лекин ҳозирги пайтда, ҳатто инсон зотини сақлаб қолиш учун ҳам бир (тийин) экю бера олмайман.
Ўттиз йиллардан кейин бир хабар олинг, ўшанда мен бойиб кетган бўламан, мурувватли эканимни ана шунда биласиз”. Хайрли ишнинг ғаройиблигини қаранг – эзгуликка йўлни ёвузлик очиб берса-я! Яхшиликни йўққа чиқарадиган иллатлар-ку бу! Наҳотки, шундан кейин ҳам табиат ато қилган кўкрагингдаги юрагинг уриб турса, ахир сен унинг нидосига қулоқ солмадинг-ку? Наҳотки, ўттиз йилдан сўнг тошга айланган юрагинг табиат даъватига қулоқ тутиб раҳм-шафқат учун, ҳамёнинг эса хайр-садақа учун очилади, деб ўйласанг? Эҳ, дўстим! Агар сен қариганингдагина инсоний фазилатларга эга бўлишни истасанг, Худодан узоқ умр тила, кунинг битиб ўлиб қолишинг ҳеч гап эмас! Йўқотган бир куни учун афсусланиб юрган қўрқоқ император (Марк Аврелий назарда тутилган)га нафрат билан қарашинг керак, ахир сен ёшлик даврингни, ҳаётингни тўртдан уч қисмини бой бермоқчисан, нари борса уларни йўқолган деб ҳисоблаш мумкин. Ёдингда бўлсин, бевақт ўлимдан ташқари интилишларинг ҳеч қандай натижа бермаслик хавфи ҳам бор.
Тақдир инжиқликлари сенга маълум бўлса керак, у ўз билганидан қолмайди, ҳаракатларинг интилишларинг унинг олдида ҳеч нарса эмас? У ўжар қизга ўхшайди, қувганларни йўлда қолдириб кетади, ёмон кўрганларни таъқиб қилади. Сергаклик, қобилият, ҳатто, омад ҳам уни ўз йўлидан қайтара олмайди. Баъзан унинг инжиқлиги тутганда Аристиппни ташлаб, Диогенга (қадимги грек файласуфлари – тарж.) осилади, чанг босган файласуф хонасига ўзини уради. Лейбниц* бойиб кетганда, Лас эса қашшоқланиб қолганда ўлим чанг солади. Қилган ҳаракатларинг муваффақиятли якунланишига ким кафил бўла олади?
Ўзингга юкланган вазифаларни бажаришда ўз кучингга кўпам ишонаверма, унинг самарали бўлиши сенга боғлиқ эмас, шубҳали ишларни яхши якунланишига умид боғлама, ҳаётинг давомида қилаётган ҳалол ишларинг қандай якун топиши ҳам номаълум. Эй, бебахт! Беқарор тақдирни бойлик ёрдамида ўз измингга солмоқчи бўлдингми? Агар сен бевақт ўлим топсанг ёки ишларинг бароридан келмаса, хомхаёлга берилиб ёш умрингни бекорга сарфласанг, умринг охирида умидсизликка тушиб шарманда бўласан.
Бойлик кетидан бекорга қувиб, ҳеч нарсага эриша олмасдан, ўзгаларнинг дуосини олмасдан, ўзингдан ҳам кўнглинг тўлмасдан, ҳамма нарсасини бой берган омадсиз, ҳаётида бирорта ҳам одамни бахтли қила олмаган инсоннинг ўлими қандай даҳшат!
Сиз ҳозир камбағалсиз, лекин инсофли одамсиз. Бойиб кетгач, кимга айланиб қолишингизни биласизми? Мавқеингиз ўзгаргач, фикрингиз ҳам, ақидаларингиз ҳам иродангизга боғлиқ бўлмаган ҳолда ўзгаради, ўзлигингиз ҳам ҳозиргисига ўхшамайди, ўй-фикрларингиз ҳам бошқача бўлади. Сиз ҳозирча бойишдан мақсад бева-бечора ва муҳтожларга ёрдам бериш, бойликни эзгу мақсадларга ишлатиш истагим бор, деб айтасиз. Гўё энг биринчи эзгулик – ёвузликка йўл қўймаслик эканлигини билмагандек. Ўзгаларнинг камбағаллашуви эвазига эмас, балки ўз ҳолича бойиб кетиш иложи бормикан? Қўни-қўшниларини талаб бойиб кетган, кейин уларга шу ҳисобдан садақа улашган “мурувватли одам” ҳақида нима дея олардингиз? Шундай деб ўйлайдиган одамни, ким бўлишидан катъий назар, алданиб қолган ёки мунофиқ деб атаган бўлардим. Бундай одам ўзгаларни алдайди ёки уни ўз қалби алдайди, хасис эканлигини инсон қиёфаси остига яширади.
Келажакда хайрли ишларга сарф қилмоқчи бўлиб ҳаром йўллар билан бойлик орттирсанг, Худо йўлига деб, яқинларини талаб, пулини чўнтакка урган сохта художўйга ўхшаб қоласан.
Бағритошлик одатга айланиб қолди ҳам дейлик, у ҳолда хайрли иш учун тўплаган бойлигингни чегараси борми? Қайси ўлчовдан келиб чиқиб буни белгилайсан, виждонинг уйғониб, “етарли” дейишга тилинг борадими? Агар сен ўйлагандек, олдин етарли даражада бойлик тўплаб олиб, кейин хайрли ишларга сарфламоқчи бўлсанг, у ҳолда ҳеч қачон тўплай олмайсан. Сенга ўхшаганлар туфайли одамлар бошига тинмай бало-қазолар ёғилиб туради, сен эса чексиз бойлик тўплашга бутун умрингни кетказасан, оқибатда бирорта одамга ҳам нафинг тегмай, ўз бойлигинг, қарилигинг ва хасислигинг юки остида эзилиб ўласан.
Унинг ўрнига чаққон ва жонкуяр бўл, топган бойлигингни бева-бечораларга тезроқ тарқатиб бер, чунки вақт сенинг измингда эмас, у ўтаверади. Эй, Хризофил! Бойликка эга бўлиш билан уни хайрли ишларга сарфлаш орасида вақт масофаси бор, ана шу масофани чўзиб юборишдан қўрқ, хайрли ишда барқарор бўл. Ана шунда нафс балосидан қутуласан.
Одамларнинг фикрлаш тарзи кўпинча атрофидаги яқинларига боғлиқ. Ўз ақидаларига содиқ бўлиш жуда қийин, чунки атрофидагилар ҳам, ўзининг истак-хоҳиш, эҳтирослари ҳам унга путур етказишга тинмасдан ҳаракат қиладилар. Агар сен виждонингга ва ҳақ сўзларга қулоқ солиб яшаётган бўлсанг, ортиқча ноз-неъматлар сени унча қизиқтирмайди. Шунинг учун бой бўлиб кетгач икки йўлдан бирини танлашинг керак: ёки бой одам сифатида яшашинг ёки кулгига қолиб бўлса ҳам, камбағаллигингча қолишинг керак. Фалак ато этган мавқега эга бўлсанг, у ҳолда камтарона, ўзингни камситмасдан, мурувватли бўлиб яшашинг мумкин, бунга курашсиз ҳам эришаса бўлади. Бу афзалликни арзимас бир нарса деб ҳисобламасанг керак?
Сен ўз бойлигинг билан нималарга қодир эканлигингни кўрсатарсан? Агар сенга қулоқ соладиган бўлсак, ўзгаларга мурувват кўрсатиш бахти фақат бойларгагина насиб этган, камбағаллар бундан маҳрум демоқчимисан.
Сенингча, фақат бойликкина инсонийликка яхши хизмат қила олар эканда? Бундай фикрга борадиган одамлар эзгуликнинг манбаи менинг сандиғимда деб ўйлайдилар, ҳақиқий эзгулик қидирувчилар бошқача фикрдалар. Катта бойлик катта истаклар келтириб чиқаради деган Фаворииус доно фикр айтган. Сен учун зарур бўлган энг яхши восита – сендаги ортиқча бойликни тортиб олишдир.
У мен учун нима иш қилди? Менга овқат беради. Нима, шусиз яшай олмайманми? Бу қуллик билан баробар-ку. У мени шарманда қилди, қобилиятимни оёқости қилиб, ғуруримни ерга урди, овқат билан эмас хўрлик билан боқди, ўлимимга ҳам рози эдим. Айни пайтда, мен унинг учун нима иш қилдим? Мен унинг манманлигини боқий семиртирдим, қотиб қолган қалбига жон киритдим. Мени боқиш учун у фақат хамёнидангина пул сарф қилган бўлса, мен бутун қобилиятимни, эркимни, бутун борлиғимни сарфладим: овқатга деб сарфлаган пули эвазига у қонимни ичди.
Биламан, ўзларини энг виждонли деб хисоблаб юрган пасткаш одамлар ўзларича нозик ҳиссиётлардан нафратланишади. Ўзларини ҳалол одамлар қаторига қўшишади-ю, аммо ўзгалар ҳисобидан бойиб кетишдан ҳазар қилишмайди. Лекин сен, азизим Хризофил, юксак даражада фикрлайсан, эзгуликнинг энг биринчи кўриниши, ўзгаларга ёмонлик қилмаслик эканлигини биласан. Адолат қоидалари билан эзгулик қоидалари орасида узоқ масофа бор. Сен олаётган фойда қанчалик қонуний бўлмасин унга муҳтож бўлган одамлар атрофингда тўлиб ётипти, уларнинг ҳам ҳаққи бордир, уларнинг зарари ҳисобига бўлса керак бу бойликлар? Бойлик тўплаш йўлида ўзинг билмаган ҳолда ўзгаларга зарар етказмадиммикан деган хавотир сенда ҳам, яхши ниятли бошқа одамларда ҳам бўлиши керак.
Бой бўла туриб инсон бўла олмаган одамни қандай қилиб ҳақиқий инсон дейиш мумкин?
Кўп одамлар бойликни хайрли ишларга сарфлаш керак деб хисоблашади, лекин бойликка эришгач, уни бошқа мақсадларга йўналтиришади.
Инсоният бошига тушадиган фалокатларни ўйлайсан-у, амалда уларни ҳис қилмайсан. Мурувватли бўлиш мақсадида бой бўлишга интилаётган ўртамиёна одамлар йўлига тўсиқ қўйишга эҳтиёткорроқ бўлардим. Сен ҳам шу мақсадда бой бўлмоқчисан, бу йўлда сенга ҳам турли тўсиқлар учрашии мумкин, лекин сен уларни бартараф қила оласан.
Ҳурматга сазовор одамларнинг тан олишича кўпчилик ўзгаларнинг фирибгарлик йўли билан топганларини ўзлаштиришдан ҳазар қилмайдилар. Улар ўзларини мурувватли инсонлар қаторига қўшадилар. Аслида улар бошқа барча одамлар адолатли бўлсаларгина, шундан кейин мен ҳам адолатли бўламан деб фикрлайдиганлар тоифасига киради. Эй, Хризофил! Сени яхшироқ билганимда, шу тариқа кечирим сўраб ўтирмаган бўлардим, чунки бундай фикрлашга ботина олмаган бўлардинг.
Қулф-калитли, тамбаланган, занжирли темир эшиклар сонини кўпайтиринг, қоровуллар, қўриқчилар қўйинг. Қатл қилиш учун дорлар, кундалар ўрнатинг, қийноқларнинг янги-янги усулларини ўйлаб топинг, азоб-уқубат чекаётган йўқсилларни кўрганда қалбингиз тошга айлансин. Ўзингиз амал қилаётган қонун-қоидаларни ўргатиш учун ўринбосарлар тайёрланг. Бу ишга янгидан-янги ёзувчиларни жалб қилинг, уларга яхши ҳақ тўланг, токи ўғирлик учун қашшоқлар қаттиқ жазога тортилсин, бойлар эса ялла қилиб юраверсинлар.
Бундай тартибни қонун даражасига кўтаринг. Хавотир олманг, еб-тўймас нафсингиз ўзгаларнинг нафслари хакалак отишига хизмат қилади, фирибгарлигингиз атрофингизда ўзингизга ўхшаш фирибгарларни тўплайди, қилмишингиз худди шундай йўл билан яна ўзингизга қайтади. Тубан ниятларингизни амалга ошираётган атрофингиздаги бузуқ аёллар сизнинг ҳисобингиздан жирканч харидорларингизга хизмат қилади, ҳиссиётларингиз разилликдан озиқланади, дастурхонингиздаги сарқит овқатлар сизга мунтазир бўлади.
Очкўз хизматкорларингиз катта пул эвазига тезакни тансиқ таом сифатида қўлингизга тутқазади, сезгингиз айнигани сабабли сиз буни билмай қоласиз. Текинхўр ҳамтовоқларингиз тезак еб роҳатланганингизни кўриб, яширинча устингиздан кулишади, сиз эса зиёфат учун катта пулга тушганингиздан мақтаниб қолаверасиз.
Бу орада қаллоблик билан қўлга киритган бойлигингиз совурилади, сиз эса бахтга эмас, афсус- надоматга эришасиз. Бойлигингиз манбани ўйлаб виждонингиз қийланади, уни йўқотганлигиздан афсусда қоласиз. Эшиклар бузилган, занжирлар узилган, сандиқлар очилган – ҳафсалангиз пир бўлади. Кўрган эҳтиёт чораларингиз аксига хизмат қилади. Бирор ишончли ҳалол одамни тасодифан учратиб қолсангиз, юзлаб фирибгарлар келишиб олиб бутун айбни унга юклашади, қулай вазиятдан фойдаланиб талончиликни давом эттиришади. Бойлигингизни совураётган минглаб одамларни кўриб турсангиз-да, бирортасини ушлай олмайсиз. Улар бутунлай бошқа шаклга кириб олган бўлади, ўзларини садоқатли қилиб кўрсатишади, амалда нафрат билан қарашади.
Мурувватли одамлар учун дилингизда жой қолмайди, фақат айёр, ярамас одамларгина унга тилёғламалик билан кириб олишади. Ҳаром йўллар билан топган бойлигингизни яхшиликка сарфламоқчи бўлганингизда ҳам, улар янги жиноятларга етаклайди. Сиз учун жонини ҳам беришга тайёр турган минглаб маккор ва аблаҳ дўстларингиз, амалда сизни ўлим талвасасида ётганингизни кўриш истагинда юрадилар. Улар сизни тузалиб кетишингизни кутиб ўтиришларига умид қилмай қўя қолинг. Очкўзлик уларни шу даражага етказганки, ўлим сизни кутиб турмаганидек, улар ҳам кутиб туришмайди, вақтини бекорга кетказмаслик учун уларни сизга нима боғлаб турган бўлса, унинг изидан кетишади. Ҳали ажал келмасидан сиз қашшоқ аҳволга тушасиз, хор-зор бўласиз. Энг ёмон томони шуки, аҳволингизни кўриб ачинадиган инсон топилмайди.
Ҳузур-ҳаловат авжига чиққан пайтида енгиб бўлмас хижолатпазлик дилингизга қайғу уруғини сочади. Сершовқин зиёфат учига чиққан пайтида хотирангиздаги минглаб аччиқ воқеалар жонланади, виждон азоби қалбингизни қийноқларга солади, зиёфат қатнашчиларини шовқин-сурони ҳам уларни боса олмайди. Зиёфатдагиларнинг қувончлари сохта эканлиги бир лаҳзада билиниб, кўз ёшларингиз қалқиб туради. Кўнглингиздаги қадаҳда хушбўй шароб эмас, балки бева-бечора, бахтсизларнинг қони эканлигини тасаввур қиласиз, уларни шу аҳволга ўзингиз солганлигингизни ўйлаб ўзингизни айблайсиз. Агар шу аснода бошингизга мусибат ёғилса нима қила олардингиз?
Ўзингга нисбатан кўнгилчан ўзгаларга нисабатан раҳмсиз бўлганлигингиз сизни шундай ёмон аҳволга солди деб ўйламанг. Пушаймонлик ва виждон азоби қанчалик азоб-уқубатли бўлмасин, қалб сирларингизга айланган, демак, сизда эзгуликка ва мафтункор ҳиссиётларга бўлган муҳаббатингиз сўнмаган. Қалбингиз бузуқликка тўлишидан, унинг тошга айланишидан, шармандаларча тубанликдан, табиий ҳиссиётларингизни бой бериб, нодон ва ҳиссиз тўнкага айланиб қолишдан эҳтиёт бўлинг.
Майли, бойлигидан ажралиб қолишни истамаган хасис одамларга улар ҳамроҳ бўлиб қолаверсин! Уларга хушомад ёқадиган бўлса, хизматкорлари билан бирга юраверсинлар!
Тинимсиз машаққатли меҳнат қилиб, эвазига бир бурда қотган қора нон билан кун кечирувчи бетахтларнинг аҳволига у бефарқ қарайди. Даромад адолатсиз, сарфланган меҳнатга тескари нисбатда тақсимланаётган бўлса, унга нима? Шафқатсиз ва шаҳвоний хирсга берилган кимса эса оғир меҳнатдан эзилган, муҳтожлик ботқоғига ботган миллионлар ҳисобига семириб ётса майли. Пешонага ёзилгани шу, булар одат тусига киргач, ҳамма кўникиб яшайди. Улар похол томли кулбаларда, ҳўкиз молхонада ётгандек, яшаётган бўлсалар, мен ҳам нақшинкор саройларда яшашга кўникишим керак.
Аммо, гап ёввойи мамлакатлар аҳолиси тўғрисида, улар оғир меҳнат қилмасдан, эҳтиёж нималигини билмасдан ташвишсиз ҳаёт кечираётганлиги ҳақида кетганда-чи? Унда ўша ёввойиларга ачиниб кетамиз: қандай қилиб ўзгалар учун қулай ва яхши шароит яратмасдан яшаш мумкин, халқ қонини сўраётган ҳурматли боёнлар бўлмаган мамлакатда қандай яшаб бўлади? Ғам-ташвиш нималигини билмай яшаётган ёввойини бизга кераги борми? Бойликни кўкларга кўтариб, камбағалликни ёмонловчи бизнинг пасткаш донишмандлар ўртасидаги зиддиятлар ана шунда. Улар пул эвазига, берилган буюртмалар бўйича ўз фалсафаларини қулай шароитларга мослаб тўқишади.
Энг ажабланарли томони шуки, серғалва, серташвиш камбағаллар билан ёнма-ён яшашдан қутулиш учун анча-мунча пул сарф қилишга тайёр турган бундай нозиктаъб одамлар амалда бирорта бечорани қашшоқликдан қутқариш учун бир тийин ҳам бергиси келмайди. Бой билан камбағал ўртасидаги келишмовчилик шу даражадаки, биринчиси иккинчисининг аҳволини яхшилагандан кўра, ўзи ноқулай аҳволга тушиб қолишни афзал кўради.
Мурувват кўрсатишдаги энг қулай ва арзон тўлов – бу пулдир.
Тубан йўллар билан бойлар даврасига киришдан кўра яхшиликка сазовор бўлган одамлар орасида қолганинг маъқул, табиат томонидан ажратилган бу икки синф орасига тажовуз қилма.
Кимдир дўстлигини билдириш учун фақат киссасидан пул чиқаришни билади, бошқаси эса ўзгалар учун ташвиш чекади, вақтини, қобилиятини,ҳис-туйғуларини, ҳатто хаётини ҳам аямайди. Шундай тенгсизлик бўла туриб нонкўр бой арзимас садақасини пеш қилиб мақтанади, уялмай-нетмай сурбетларча миннатдорлик талаб қилади.
Бизнинг қобилиятимиз бор, ҳеч бўлмаганда оёқ-қўлимиз бутун-ку, ке қўй,уларга нопок бойликларини қолдирайлик-да, эркимизни асрайлик, Хризофил,менга ишон, уларнинг аҳволи бизникидан ҳам қийинроқ бўлади. Энг яхши кунларимиз ҳам бизни тақдир бевафолигидан асрай олмайди: биз ҳеч қачон уни ўзимизга бўйсундиролмаймиз, ҳатто унинг ўз қуролидан фойдаланганда ҳам. Уни енгиш учун бошқа қуролдан фойдаланиш керак, ўшанда ҳам у тобланган, синалган бўлиши зарур.
…Энг қулайи чиройли ва юмшоқ аравачада талтайиб ўтирган ҳолда камбағални юзига лой сачратиб ўтиб кетиш.
Инсониятга янада фойдалироқ иш қилмоқчимисан? Бойликка интилма, усиз ҳам яшашни ўрган; бойнинг такаббурлигидан ҳазар қил, олийжаноб мақсадлар йўлида одамларни бахт излашда беғараз бўлишга ўз мисолингда ўргат, уларга намуна бўл.

Рус тилидан Абдунаби Абдуқодиров таржимаси.
______________________
* Бу қайдлар, мазмунига қараганда, Руссонинг Берндаги Иқтисод жамиятига қилган мурожаати билан боғлиқ.