– Ойи! – қичқирди Шалабия, – етиб қолдик, шекилли, кейинги станция — Жазоир!
Зубайда ирғиб турди. Паранжисини тўғрилади ва яна жойига ўтирди. Шаҳарга етиб келгунларича унинг кўзлари тўрт бўлаёзди. Йўл бўйи тинмай қизидан қачон манзилга етиб келишларини, қачон ўғли Муҳаммад билан учрашишини сўраб келди.
Вагон йўлагида бесаранжомлик бошланди. Поезд Мезон ғори шаҳарчасига етиб келган, ҳамма тушишга тайёрланар эди.
Зубайда қизига қаради ва юзинчи марта деди:
– Мени айтди дерсан, Муҳаммад сени кўриб шундай қувонадики, бу унга кутилмаган ажойиб совға бўлади.
Шалабия ҳам юзинчи марта жавоб қайтарди:
– У суратимни олиб боришингизни кутяпти. Акам билан кўришишни ўйласам, ичимга сиғмай кетяпман. Бу дақиқаларни тасаввур ҳам қила олмайман. Ахир, мен қамоқ нималигини билмайман!
Зубайда паранжисини туширди ва сабрсизлик билан кута бошлади. У яна Муҳаммаднинг сўнгги хатини эслади: “… Онажоним… Мени деб бундай олис йўлга келишингизни хоҳламайман, аммо сиз бу фикримга қарши экансиз, сиз билан тезроқ кўришишни хоҳлайман — бу менинг ягона тилагим. Қандай бахт! Шу ондан бошлаб сизнинг ташрифингизгача қолган кунларни санайман. Синглим Шалабия билан ҳам кўришсам дегандим, лекин у сиз билан кела олмас экан, суратини ўзингиз билан олиб келинг. Уни шундай соғиндим-ки! Кичкинтой Шалабияни бунчалик қўмсайман деб сира ўйламагандим. Мен билан бир камерада ўтирган оғайнимнинг онаси яшайдиган манзилни юборяпман. У сизни вокзалда кутиб олади. Хавотирланманг, сизни қора паранжингиздан таниб олади. Бу ерда барча аёллар оқ паранжи кийишади… Сиз ҳар сафар мендан қанча муддатга маҳкум этилганлигимни сўрайсиз. Агар ҳаммамиз юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг озодмиз деб ўйласак бунинг аҳамияти бормикан!..”
Зубайда ўғлининг барча хатларини ёддан биларди. Шалабия онаси хатларни ёдлаб олмагунча ўқийверарди-ўқийверарди.
Ниҳоят, поезд қулоқни қоматга келтирадиган тарақ-туруқ овоз билан Жазоир бекатига етиб келди. Шалабия перронга сакраб тушди ва онасининг тушишига ҳам кўмаклашди. Зубайда қўлига чамадонни олиб, уларни кутиб олиши керак бўлган аёлни ахтара бошлади.
– Зубайда хоним, Зубайда хоним… – Бир нотаниш аёл улар томонга яқинлашиб келарди. – Сен, ўйлашимча, Шалабия бўлсанг керак. Ниҳоят, келибсизлар-да… Хуш кўрдик. Мен София хоним — Алининг онасиман, у сизнинг ўғлингиз билан бир камерада.
Зубайда София хонимнинг юзларидан шоша-пиша ўпди.
– Бизни таниб олибсиз-да, – деди у қора паранжисига ишора қилиб.
София хоним кулиб қўйди:
– Ҳа, Али менга сизларда — Сатифда қора паранжи кийишларини айтганди. Хўш, қалай, йўлда қийналмадингларми? Балки, чарчагандирсиз?
София хоним уларни саволга кўмиб ташлади. Зубайда ва қизи атрофга аланглаганча мулойимлик билан жавоб қайтаришди.
Улар лифтга чиқишди ва кўз очиб юмгунча Брессон майдонида пайдо бўлишди. Шалабия атрофни диққат билан кузатди. Зубайда денгиз томонга ишора қилди:
– Бу портми?
– Ҳа, – жавоб берди София.
Порт Зубайдага ўғлининг сўзларини эслатди: “…Бугун бизларни эрта тонгда ҳали қуёш чиқмасдан туриб ҳарбий трибуналга олиб кетишди. Порт ёнидан ўтаётиб, қамоқхона машинасининг ойналарига ўрнатилган темир панжара орасидан денгиз томонга тикилдим. Қуёш денгиз ортидан бош кўтараётганди. Юртимиз қандай чиройли-а!..”
Йўлда Зубайда София хонимдан сўради:
– Ўғлим билан қачон кўришишим мумкин?
– Эртага эрталаб, – деди София хоним, – ҳарбий трибуналдан қамоқхонага кириш учун рухсатнома олсак бўлгани. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади. Эртага учрашув куни.
Тонг саҳарлаб Шалабия, Зубайда ҳамда София хоним қўлларида рухсатнома билан Барбарос қамоқхонасининг дарвозаси ёнида ўз навбатларини кутишарди. Одам тиқилинч эди: эркаклар, аёллар, болалар. Шалабия кутавериб чарчади. У атрофга назар солди. Маҳбусларнинг яқинлари тўда-тўда бўлиб бир-бирлари билан суҳбатлашишарди. Йўлакда болалар югуриб юришибди. Бу ерда ҳамма бир-бирини танийдиганга ўхшарди. Шалабия дарвоза томонга ўгирилди. Унинг нигоҳи яқиндагина осилган эълонга тушди. Яқинроқ келиб унда акаси ва икки нотаниш кишининг исмларини кўрди. Эълоннинг мазмунини идрок қилолмай, икки-уч марталаб ўқиб чиқди. Шалабиянинг ранги бўздек оқариб кетди, бироқ ҳали ҳам эълоннинг мазмунини англолмади. Онаси уни чақираётганини эшитса-да, жойидан қимир этмай тураверди.
“Йўқ, бўлиши мумкин эмас, – дерди у ўзига-ўзи, – ахир у нима бўлгани ҳақида бирор марта чурқ этмаганди-ку!.. Ишониб бўлмайди!..”
У тош қотганди.
– Шалабия, Шалабия! – Зубайда қизининг қўлидан ушлаб тортди. – Юрсанг-чи, навбатимиз келди.
Қиз беихтиёр онасининг ортидан қамоқхона назоратчисининг қизил башараси кўриниб турган дарча ёнига келди. Зубайда ҳаяжонланиб овқат солинган саватни назоратчига узатди. “Ҳозир, – ўйларди у, – икки йиллик айрилиқдан сўнг болагинам Муҳаммадни кўраман…”
Назоратчи эшикни очганда Зубайда туртиниб кетди. Назоратчи рухсатномага, кейин дарвозага ёпиштирилган эълонга қаради ва ўзича тўнғиллаб қўйди: “Ҳм, бекорга бу исм таниш туюлмаган экан-да! Адашмабман.” У Зубайдага қайрилиб қаради ва овозини баландлатиб деди:
– Нима, ўқишни билмайсизми? Бугун эрталаб уни қатл қилишди!
Зубайда тушунмасдан қизига қаради. Шалабия ортга тисарилиб, паст овозда шивирлади:
– Уни бугун эрталаб ўлдиришибди.
Шалабия эълонга ишора қилди.
– Олдинроқ келиш керак эди, – гап қистирди назоратчи, – ана шунда уни кўришга улгурардинглар. Ҳой, навбатдаги ким?..
Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси