Пак Ин Сук. Меҳр мактуби (ҳикоя)

Ҳар куни метронинг иккинчи йўналишида бир ҳолат тез-тез такрорланиб туради. Кийинишидан фирма ишчисига ўхшайдиган бир киши бўш ўриндиққа ўтирмай, атрофга аланглади. Шу пайт бир қиз ёнидаги кампирга бўш ўринга ўтириб олишини таклиф қилади. Худди шуни кутиб турган бояги киши қизнинг олдига бориб, чўнтагидан нимадир чиқариб, унга узатади.
— Бу нима? — ажабланиб сўради қиз.
— Бу сизнинг ҳозиргина қилган олижаноб ишингиз учун.
Қисқагина жавоб берган киши матодан тикилган бежирим халтачани тақдим қилганди. Унинг ичида чиройли қилиб тахланган қоғоз парчаси кўриниб турарди.
«Сизнинг беғараз яхшилигингиз учун бутун дунё номидан миннатдорлик билдираман. Дунёда сиз каби қалби пок инсонлар бор экан, меҳр-муҳаббат ҳеч қачон йўқолмайди. Сиз кабиларнинг борлиги учун ҳам бу олам чароғон. Раҳмат сизга.»
Киши секин-аста одамлар орасида ғойиб бўлади.
Қизга берилган бежирим халтачани тикиш учун катта меҳнат қилинган, лекин бунинг кўнгилга илиқлик берувчи ўз тарихи бор. Бу ўша одамнинг касаллик туфайли иккала кўзи ҳам кўрмай қолган ёшгина ўғилчаси билан боғлиқ.
— Нима дейишни ҳам билмайман, нега бизнинг фарзандимиз бу касалликка дучор бўлди?.. — у хотинига айтишга бошқа гап топа олмас эди.
— Фарзандимиз учун нима қилишимиз керак, дадаси?
Хотини ўғлининг бошига тушган бахтсизликда ўзини айбларди. Кун давомида ўғли ётган касалхонага дўстлари кўришга келишарди. Соддагина кўринадиган болалар бу оилага катта ёрдам қилишган эди.
— Амаки, биз Мун Ҳони мактабга олиб бориб, олиб келсак бўладими? — деди бир болакай.
— Биз Мун Ҳонинг кўзларига айланамиз, — деди бошқаси овози титраб.
Ўғил меҳрибон дўстлари ёрдами билан тенгдошлари каби мактабда ўқий бошлади. У меҳрибон оқибатли инсонлар орасида улғайди ва уларнинг кўмагида зулмат ичра қалб кўзлари билан дунёни кўра бошлади.
Ўғил жуда вазмин ва хушхулқ бўлиб вояга етди. У ўтган вақт давомида ўзгаларнинг ёрдами ва уларнинг қайноқ меҳрини қайтариш учун бошқаларни хурсанд қиладиган бирор савоб иш бошлашни хоҳларди. Ўғлининг аҳволидан мамнун ота-онанинг чин кўнгилдан топган ишлари — яхшиликлар эвазига миннатдорлик ифодаси бўлмиш «Меҳр мактуби» эди. Хотини тикиш машинасида халтача тикар, ўғли эса компютерда ёзилган мактубни унга жойлаштирарди. Оиланинг юрак қўри билан тайёрланган бу совға яхшилик қилувчи инсонларга аталган эди.
Ота ҳар кунгидек сумкасини халтачаларга тўлдириб уйидан чиқди. Метро бекатига келганда, унинг кўзи яна одобли болага тушди. Бу — елкасида оғир юк кўтариб, қийналиб йўлда кетаётган кампирга ёрдамга шошилган мактаб ўқувчиси эди.
— Бувижон, юкингизни менга беринг, мен кўтараман.
— Вой, сендай меҳрибон болаларим бор бўлсин! Раҳмат сенга, — енгил тин олди кампир.
Ўша киши оиласи билан биргаликда тайёрлаган меҳр мактубларидан бирини сумкасидан чиқариб, болага берди. Шундай қилиб, яна бир мактуб ўз эгасини топди.
Қаерда бўлишидан қатъий назар, ўзгаларга заррача бўлса-да фойдаси теккан инсонларни излаб юрган бу киши меҳр мактубини бериш учун, уларга бутун дунёнинг ташаккурномасини етказиш учун яшаётганлардандир. Гарчанд, бу шунчаки бир қоғоздаги оддий сўзлар бўлса-да, кимларгадир озгина шодлик улашиш унинг учун улкан бахт билан баробар бўлиб қолган эди.

Корейс тилидан М. Ғаффорова таржимаси
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 43-сон