Пак Ин Сук. Болакай ва кумуш танга (ҳикоя)

Бу воқеа оиламиз билан Америкага кўчиб борганимизда содир бўлганди. Ўша вақтда катта ўғлим Чолсу 3-синфда ўқир эди. Ўз тенгдошлари билан қувнаб ўйнаб юрганида, кўчиб кетдик. Нотаниш жойдаги мактабдошлари унга бегонасираб қарарди. Бунинг устига, тилни билмагани учун мулоқотга кириша олмагани туфайли совуқлик билан бошланган мактаб ҳаёти унга умуман ёқмасди. Олти ойларгача ўғлим танаффусда ҳам ёлғиз, якка ўзи қолган пайтларда расм чизарди. Шундай қилиб, ўқувчилар орасида у билан ҳатто бир оғиз гаплашадиган, самимий дўст йўқ эди. Мактабдаги ўқувчилар орасида фақатгина у ёлғиз эди. Унга ёрдам беришни, бу хувиллаган муҳитдан чиқариб олишни хоҳлардим.
Вақт ўтган сайин Чолсу инглиз тилини ўргана бошлади. Кунларнинг бирида синфдошлари орасидан бир қора танли бола унинг олдига келади ва унга ғалати қараш қилиб илжаяди. Бу ҳол ҳар куни такрорланаверади. Бошида Чолсу умуман эътибор бермайди. Аммо ҳар куни ўша болакай Чолсунинг олдига келиб, тушунарсиз кулиши унинг ғашини келтира бошлади. Болакай нимадир демоқчи бўлиб, бармоқларини тинимсиз қисирлатиб, бир нимадан қўрққандек ҳадиксираб туради. Унинг бу ҳолатини тушунмаган Чолсу сабабини сўраганида ҳеч бир жавоб ололмайди, фақатгина доимгидек илжайишнинг гувоҳи бўлади, холос.
— Ҳой сен, нега менга қараб куласан, сабаби бордир?
Чолсу менинг устимдан куляпти, деб ўйлаб роса жаҳли чиқади, ғазабдан уни итариб юборади. Бунинг оқибатида болакай йиқилиб тушади ва йиғлаб юборади. Буни эшитган ўқитувчи уларнинг иккаласини ҳам хонасига олиб кириб кетади.
Уйда чой тайёрлаётгандим, ўғлимнинг ўқитувчиси фарзандингиз бир болани урибди, дея телефон қилгани учун мактаб томон шошилдим. Хонага киришим билан ўғлим на йиғлашни, на кулишни билмай олдимга чопиб келди. Уни тинчлантирганимдан сўнг аслида нима бўлганини сўрадим.
— Нима бўлди, нега уни урдинг?
— Урганим йўқ. Бу бола ҳар куни қўлини мушт қилиб менга қараб масхара қилгандек илжаяди. Шунинг учун жаҳлим чиққанидан уни итариб юбордим.
Менинг ҳам жаҳлим чиқиб, асабийлашдим. Шу пайт ёнимда ўтирган қора танли боланинг отаси гапирди. У боласининг бошқа болаларга қараганда ақли расо эмаслигини айтди. Бу бола аввал махсус мактабга қатнаган ва биз Америкага кўчиб келишимиздан икки ой олдин шу мактабга келган экан. У ҳам ўқувчилар билан киришиб кета олмагани учун ёлғиз юраркан. Шундай кунларнинг бирида Чолсу ҳам шу мактабга келди ва унинг болалар билан дўстлашиб кета олмаётганини кўриб, ўша болакай Чолсу билан дўстлашмоқчи бўлибди. У авайлаб асраб юрган бир дона кумуш тангани Чолсуга бериб, дўстлашайлик, дея айтмоқчи бўлар, аммо қўрққани учун ҳеч нарса дея олмас экан. Мен ҳақиқатни билмай туриб жаҳл қилганимдан уялдим. Энди бўлса ўша болакайнинг самимий дўстлик туйғусини ўғлимга билдиришни хоҳлардим. Қўлини мушт қилиб турган ўша болакайнинг қўлини ўғлимнинг кафтига қўйдим. Болакай қаттиқ ушлаб олган бармоқларини очди ва дунёдаги энг чиройли танга Чолсунинг кафтида ялтираб турарди.

Корейс тилидан Малоҳат Ғаффорова таржимаси.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 45-сонидан олинди.