D дармондорисининг шифоси

Болалар нимжонлик (рахит) хасталигидан азият чекмаcлиги учун уларга балиқ мойи ичирилишини кўпчилик яхши билади. Болаларгина эмас, кексаларни ҳам суяклар мўртлашиб қолиши — остеопороздан асраш учун шифокорлар балиқ мойини тавсия этишмоқда. Энди маълум бўлишича, балиқ мойи таркибидаги D дармондориси нафақат болалар ва кексалар учун, балки барча ёшдагилар учун ҳам жуда зарур экан.

Кейинги йилларда олиб борилган тадқиқотларнинг кўрсатишича, D дармондориси энг зарур гормон сифатида организмни кўплаб хасталиклардан асрар экан. Кўкрак, простата, йўғон ичак, меъда ости бези, тухумдонлар, ҳазм ва ҳомила ҳосил бўлиш аъзолари, сийдик ва ўт қопчалари, меъда, тўғри ичак, буйрак ва бошқа аъзоларда саратон ўсмаларининг олдини олувчи мўъжизакор гормон айнан мана шу D дармондорисидир. Бу гормон 16 турдаги ўcмага қарши кураша олар экан.

Олимлар D дармондориси муайян аъзодаги ўсмани қон билан таъминловчи томирча ҳосил бўлиши олдини олади, деб ҳисоблашмоқда. Айни чоғда D дармондориси саратонга қарши иммунитетни ҳам оширар экан. Калифорния университети олимлари йўғон ичак, кўкрак, тухумдон ва простата безлари саратонини тадқиқ этиб, ҳар куни 1000 МЕ га қадар (МЕ — халқаро бирлик) D дармондорисини қабул қилиб, бу касалликлар ривожланишини камайтириш мумкин, дейишмоқда. Бу тавсия этилаётганидан 2 баробардан ҳам кўп миқдор ҳисобланади. Бироқ кунига 400 МЕ миқдорида шундай дармондори қабул қилиб ҳам ошқозон ости ўсмаси ҳосил бўлишини 40 фоизга камайтириш мумкин экан. Бунга қўшимча равишда D дармондориси икки турдаги қандли диабетдан, юрак ва йўғон ичак каcалликлари, қон босими, зотилжам ва склероздан ҳам ҳимоя қиларкан. Бўғимлар хасталигида дарднинг ўтиш жараёнларини енгиллаштиради.

— D дармондориси организмга фақат таомлар орқалигина тушмайди, қуёш нурлари орқали терида синтезланиши билан ҳам у бошқа витаминлардан фарқ қилади, — дейди тиббиёт фанлари ­доктори О.Супряга. — Аъзои баданимизда D дармондориси етарли миқдорда тўпланиши учун кунига офтоб нурида 6 соат мобайнида енги калта ёзги кўйлакда юриш керак. Ёз ойларида бунга имкон бор. Бироқ йилнинг ­қолган фаслларида D дармондориси ўрнини тўлдириш муаммога айланади. Норвегиялик олимлар ҳисобича, шимолий кенгликнинг ­51-даражасидан юқорида ҳатто ҳаво очиқ кунларда ҳам бу дармондори терида тўпланмас экан. Шимолий кенглик, 70-даражадан юқорида эса 5 ой давомида D дармондориси тўпланмайди. Атмосфера ифлоc ва ҳаво булутли бўлcа ҳам бу дармондори қуёш нури орқали ­синтезланишига халақит беради.

Шу cабабли унинг танқислигини бартараф этиш учун D дармондорисига бой неъматлар ёки препаратларни қабул қилиш мақсадга мувофиқ. D дармондориси тухумда, айниқса унинг сариғида, мол ёки балиқ жигарида, сут маҳсулотларида жуда кўп. D дармондорисининг камлиги, аввало, ёши 45 дан ошган кишилар организмига кўпроқ хавф солади. Негаки, шу ёшдан бошлаб бу дармондорининг ичаклар орқали сўрилиш жараёни бузилади. Шунинг учун ҳам 45 ёшдан ошганлар кунига 800 МЕ миқдорида D дармондориси қабул қилиши керак. Бу витамин тақчиллиги кўпроқ сезиладиган йилнинг олти ойи мобайнида ўртаяшар ва кекcа одамларда остеопороз — суякларнинг мўртлашуви бошланиши мумкин. Ана шу ёшдагиларда суяк тўқималарининг кучсизлиги туфайли суяк синиши кўп кузатилади. D дармондориси етишмаслиги тиш эмалини кучсизлантиради ва бу кариесга, тишлар емирилишига олиб келади. Кўп китоб ўқийдиган кишилар узоқни кўра ­олмайдиган бўлиб қолиши мумкин.

Айрим мамлакатлар қонунчилигида D дармондориси билан маҳсулотларни бойитиш кўзда тутилмоқда. Албатта, табиий ­равишда бу дармондорини қабул қилишда ҳикмат кўп. Бунинг учун куннинг ёруғ пайтида тоза ҳавода кўпроқ юриш керак. ­Таомлардан эса D дармондориси кўпларини мунтазам равишда танлаб истеъмол қилган маъқул.

Эътибор беринг:

30 грамм швецар пишлоғида — 12 МЕ;

мол жигарининг юз граммда — 15-50 МЕ;

100 грамм мол гўштида — 7-20 МЕ;

тухум сариғида — 20 МЕ;

бир стакан сутда — 100 МЕ;

30 грамм сардина балиғида — 250 МЕ;

90 грамм сёмга балиғида — 360 МЕ;

1 чой қошиқ треска балиғи ёғида — 1360 МЕ D витамини бор.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 12-сонидан олинди.