Шимолий Алабамадаги темирйўл кўпригида бир эркак турарди. Йигирма чақирим пастликда эса сув шиддат билан оқарди. Эркакнинг қўллари орқасига қайрилган, билаклари арқон билан махкам боғланганди. Эркакнинг ёнида унинг жазо ижрочилари – Федерал Армиянинг икки нафар аскари ва фуқаролик пайтида шериф бўлиб ишлаган сержант турарди. Улардан тепароқда эса қуролланган бир зобит турарди. У капитан эди. Кўприкнинг бошида ва охирида икки қуролланган қўриқчи ҳам ёрдамга шай турарди. Қўриқчилар ёнида ҳеч ким кўринмасди. Тўғрида юз чақиримлик ўрмон, ундан кейин эса бурилиш бор эди ва у ерларда ҳам ҳеч зоғ кўринмасди. Кўприк ва қиялик ўртасида томошабинлар – улкан оломон йиғилганди. Ўнг томонда эса қиличини ерга қадаб бир лейтенант турарди. Оломон кўприк томонга тош қотганича хайрат билан қараб турарди. Капитан аскарларининг ишини индамасдан кузатиб турарди. Хукум ижроси юқори мартабали амалдор расмий буйруқни келтиргач амалга оширилиши керак еди.
Боғланган одам тахминан ўттиз беш ёшлар атрофида эди. У ўз ерида куч-қудратга эга бўлган фуқаро – плантатор (йирик ер эгаси) эди. У текис бурун, кенг пешонали, узун сочлари орқага таралган, қимматбаҳо плаш кийган, келишган эркак эди. Унинг соқол-мўйлови бор эди, лекин бакенбардаси (чекка соқоли) йўқ эди. Кўзлари эса катта-катта ва қоп-қора эди. Унинг бу кўриниши шубхасиз қўпол қотилникига умуман ўхшамасди. Бироқ Ҳарбий Кодексга кўра кўпгина одамлар жазога тортилган ва унга ўхшаган жентелменлар ҳам бундан мустасно эмас албатта.
Барча тайёргарликлар якунланди, икки аскар четга ўтди, сержант эса капитанга ўгирилиб чест берди ва тезлик билан унинг орқасига ўтди. Ҳукумга ишора берилгач, айбдорни сувга тушира бошлашди. Унинг кўзлари боғланмаганди. У типирчилаб турган оёқлари остидаги сув оқимига қаради. Ҳаракатланиш учун жуда секин оқим. Кейин кўзларини юмиб олди. Унинг сўннги хаёллари рафиқаси ва фарзандларида эди. У кўзларини очди ва яна пастдаги сувга қаради.
– Агар қўлларимни бўшата олсам деб ўйлади у. – Бурнимни ёпиб оқим билан сузиб кетаман. Сувга шўнғиб ўқлардан қочиб қутиламан. Бор кучим билан ўрмонгача сузиб борсам бўлди, кейин у ердан уйга қочаман. Яратган Эгамга шукурки уйим беҳавотир жойда, хотиним ва кичкинтойларим эса душманлардан узоқда.
Бечоранинг миясидан шундай хаёллар ўтаётган бир пайтда капитан сержантга ишора берди…
Пейтон Фарква Алабаманинг хурматга сазовор, обрўли оиласидан чиққан бадавлат плантатор эди. У қулдор эди ва бошқа қулдорлар каби у ҳам ашаддий ирқчи сиёсатчи бўлиб, Жанубий Штатлар Конфедерациясига (АҚШда фуқаролар уруши даврида жанублик қулдорлар тузган давлат ) жон-жаҳди билан хайрхоҳлик қилган. Айнан шунинг учун хам жазога тортилган.
Пейтон Фарква тўғри пастга – сувга қараб туширилаётганида ҳушини йўқотди. Томоғини қаттиқ оғриқ бўға бошлади. Танаси ва қўл-оёқлари титраб томоғидан кучли оғриқ отилиб чиқди. У кўзларини очганида ҳали ҳам сувга чўкаётганди. У сув юзасига қандай қилиб бўлмасин чиқиб олиши керак еди.
– Боғлиқ ҳолда чўкиб ўлиш? деб ўйлади у. – Ҳа, бу нарса унчалик ҳам ёмон эмас. Аммо мен отиб ўлдирилишни истамасдим. Йўқ мен ўлмайман асло! Ахир бу адолатдан эмас!
Фарква билакларида кучли оғриқ бўлишига қарамасдан зўр бериб қўлларини ечишга уринарди. – Қани чиқ! Чиқсангчи! деб қўлларига бақирарди шўрлик.
Бўйнида эса кучли оғриқ туриб, мияси ўт бўлиб ёнар, юраги эса кучсиз урарди. Оғзини очиб, чуқур нафас олиб куч йиғишга уринарди.
Ниҳоят Пейтон бир амаллаб сув юзасига чиқишга муваффақ бўлди. У кўприкни, унинг устидаги аскарлар, сержант ва капитанни кўрди. Улар Фарвани кўриб бақиришди. Капитан пистолетини чиқарди лекин отмади. Бошқалар эса ҳали қуролини олишга улгирмаганди. Уларнинг барчаси қўрқинчли ва ғалати эди.
Фаркванинг ёнидан бирданига бир нарса ўтиб кетди ва «шалоп» этиб сувга урилди. Бу нарса ўқ эди. Мерганлар унга қараб ўқ уза бошлашди. Фарква қирғоқдаги ўрмонга қаради. Ўнг томондаги лейтенант тартиб билан қуйидаги сўзларни айтди:
– Тайёрлан! – Нишонга ол! – Ўт оч!
Пейтон сувга шўнғиди. Сув унинг қулоқларига Ниагара шаршарасининг товушлари каби урилди. Кейин эса у ёғдирилган ўқларнинг момоқалдироққа ўхшаш товушини эшитди. У сув юзасига кўтарилди ва бирин-кетин келаётган металл парчаларини кўрди. Уларнинг базилари унинг юзи ва қўлларини ялаб ўтди. Биттаси унинг бўйни ва ёқасининг ўртасига тегди. Дахтли ачишиш бошланиб, Фарква бўйнини чангаллади…
Сув юзасига чиққанида Пейтон Фарква хансираб нафас оларди. У узоқ вақт сув тагида бўлганини ҳис қилди. Фарква аскарлардан анча узоқда эди ва хавфсиз жойга яқин келиб қолганди. Аскарлар ўт очишни деярли тўхтатишган фақат икки қўриқчи хамон ўзбошимчалик билан ўқ узарди.Фарква эса жон-жаҳди билан сузиб борарди. Унинг мияси ҳам қўл-оёқлари каби харакатчан эди. У яшин тезлигида фикрлай бошлади.
– Аҳмоқлар, энди бошқа бундай хатога йўл қўйманглар! деди Фарква уларга беписандлик билан қараркан. – Шунча ўқлар ёмғиридан худди битта ўқдан қочгандек осон қутилдим-а! Парвардигорнинг ўзи менга мадад берди. Акс ҳолда бу ярамаслардан қутила олармидим!
Кутилмаганда у ўзининг айланаётганини хис қилди. Сув, қирғоқ, ўрмон, кўприк, одамлар – барчаси аралашиб кетди. Борлиқдаги нарсалар унинг кўзига ўзининг рангида айланиб-айланиб йўл-йўл чизиқ бўлиб кўринарди. Пейтон Фарква қандайдир гирдобга тушиб қолиб, шиддат билан айланарди. У бир неча дақиқа ичида душманларидан яширинса бўладиган дарёнинг жанубий қирғоғига бориб тушди. Фарква қувончдан йиғлаб юборди. Замбарак ўқининг кучли овози уни хушёр қилди. У ўрмон ичига югириб кириб кетди.
Фарква куни билан йўл юрди. Ўрмоннинг охири кўринмасди. Ҳеч қаерда чиқиш йўли кўринмасди. Хаттоки ўрмончилар йўлаги ҳам йўқ эди. Шундай ёввойи ҳудудда яшаганини ўзи ҳам билмас экан. Кеч тушиши билан у оёқлари толиқиб, чарчагани ва очиққанини ҳис қилди. Рафиқаси ва фарзандларини тезроқ кўриш истаги унга куч бағишлади. Нихоят у уйига борадиган йўлни топди. Йўл узун ва кенг шахар кўчасига ўхшарди. Гўёки ундан хали ҳеч ким юрмагандек эди. Ҳеч қандай дала ва турар-жой кўринмас эди. Йўлнинг икки томонидан дарахтлар девордек тизилганди. Уларнинг орасидан эса ғалати товушлар эшитиларди.
Фаркванинг бўйни қаттиқ оғриди ва уни ушлаб кўриб бўйни шишиб кетганини билди.У арқон бўйнини бўғгани учун шундай бўлганини тахмин қилди. Унинг кўзлари очиқ турарди. У кўзларини узоқ вақт юма олмади. Унинг тили эса ташналикдан шишиб кетганди.
Нихоят Пейтон Фарква уйининг дарвозаси олдида турарди. У тун бўйи йўл босганди. Дарвозани очиши билан хотинига кўзи тушди. У хотини томонга қараб юра бошлади. Лекин унга яқинлашиши билан бирдан хушини йўқотди. Кўзларини очганида эса ҳаммаёқ қоронғу ва жимлик хукум сурарди.
Пейтон Фарква ўша кўприкдаги отишмада аллақачон халок бўлган эди. Унинг бўйнидан ўқ теккан жасади Авл Крик кўприги остида у ёқдан бу ёққа чайқалиб ётарди.
Феруз Зиёдуллоев таржимаси