Иван Тургенев. Муму (ҳикоя)

Москванинг чет кўчаларидан биридаги устунлари оқ, болохонадор, балкони хиёл қийшайиб турган кул ранг уйда бир вақтлар бева бой хотин яшарди, унинг кўпгина хизматкорлари бор эди. Унинг ўғиллари Петербургда хизмат қилишар, қизлари эрга тегиб кетишган эди; у камдан-кам бирор жойга борар, зиқна ва руҳсиз қарилигининг сўнгги йилларини якка-ёлғизликда ўтказарди. Унинг шодлик ва ёруғликдан маҳрум куни аллақачон ўтиб кетган, оқшоми эса қоп-қоронғи зимистон кечадан ҳам баттар эди.

Унинг ҳамма хизматкорлари орасида энг яхшиси Герасим деган қоровул бўлиб, бўйи салкам уч газ, қадди-қомати баҳодирона, онадан гунг бўлиб туғилган эди. Бой хотин уни қишлоқдан олиб келган эди. Герасим қишлоқда ака-укалари билан бирга эмас эди, якка ўзи кичик бир уйда яшар ва мажбуриятни бажариб, ўлпон тўлаб турадиган деҳқон ҳисобланарди. У ниҳоятда бақувват одам эди, бир ўзи тўрт кишининг ишини қиларди — у қўл урган иш ўнгаверарди. У забардаст қўллари билан омочни босиб қўш ҳайдаганида гўё омоч отсиз ўзи ер бағрини тарс ёриб бораётгандек туюлар ёки Петр куни чалғи ўроқни шиддат билан солиб ғалла ўрганида худди ёш қайин дарахтини таг-томиридан қўпориб ташлагандек туюлар ёки уч газлик катта тўқмоқни тез ва тўхтовсиз кўтариб уриб, хирмон янчиганда унинг узун ва маҳкам елка пайлари худди пишангдек гоҳ кўтарилиб, гоҳ тушиб турар эдики, ана шу пайтларда уни томоша қилмоқ жуда ҳам мароқли эди. Доимий сукут унинг шиддатли ишига тантанали улуғлик бахш этиб турарди. У жуда ёқимли йигит эди. Гунг-гаранг бўлмаганида ҳар қандай қиз ҳам унга жон деб тегар эди… Аммо Герасимни Москвага олиб келдилар, унга этик олиб бердилар, ёзлик чакмон, қишлик пўстин тикиб бердилар, қўлига супурги ва курак бериб, ҳовлига қоровул қилиб қўйдилар.

Бу янги турмуш аввал бошда унга сира ёқмади. Болалик чоғидан бошлаб деҳқончилик ишларига, қишлоқ турмушига одатланган эди. У гунглиги орқасида одамларга аралашолмай, серунум ерда ўсган дарахтдек, тилсиз ва бақувват бўлиб улғайди… Шаҳарга олиб келингач, у ўзи нималар рўй бераётганини билолмай, тамом ичи пишди ва сиқилди, қорни баравар кўм-кўк ўт ичида ўтлаб юрган ва эндигина ушлаб олиниб, темир йўл вагонига қамаб қўйилган, гоҳ паравознинг учқунли тутуни, гоҳ товланиб чиқаётган иссиқ буғи чор атрофдан гўштдор баданига урилиб турган, жаҳду жадал билан шақирлатиб аллақаёққа, — худо билсин қаёққа! — олиб кетилаётган бақувват буқа нима бўлаётганини билолмай, нақадар довдираса, Герасим ҳам худди шундай довдираб қолди. Герасимнинг оғир деҳқончилик ишларидан кейин бошланган бу янги вазифаси унга худди ҳазилакам ишдек бўлиб қолди; у бутун ишни ярим соат ичида саришталаб қўяр, гоҳ ҳовли ўртасида яна серрайиб тўхтаб қолар, бу сирли аҳволининг маъносини ўтган-кетгандан сўрагандек, оғзини очиб уларга қараб турар, гоҳ дабдурустдан супурги билан куракни бир томонга отиб юборарди-да, бир бурчакка бориб, кўкси билан ерга ташланар, худди тутиб олинган ёввойи ҳайвондек, соатларча бағрини ерга бериб қимирламай ётарди. Аммо, одам ҳар нарсага кўникади, Герасим ҳам бора-бора шаҳар турмушига кўникди. Унга юклатилган иш кўп эмас эди; унинг қиладиган бор-йўқ иши ҳовлини тоза тутиш, кунига икки марта бочкада сув келтириш, ошхона ва уй учун ўтин келтириш ва ёриб бериш, ҳовлига бегона кишиларни йўлатмаслик, кечалари қоровуллик қилиш эди. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, у ўз вазифасини ихлос билан бажарарди: ҳовлида ҳеч маҳал бирон пайраҳа ва хас-чўп кўринмасди; унинг ихтиёридаги сув ташийдиган қирчанғи от лойгарчилик кезларида бирор жойга ботиб, тортолмай қолса, у орқага ўтиб, елкаси билан аравани итардими, аравагина эмас, отнинг ўзи ҳам турган ўрнидан қўзғалиб кетарди; ўтин ёришга тутиндими, болта чиннидек жаранглар, ўтин парча-парча бўлиб кетар, тарашалар ҳар тарафга учишарди; ёт кишиларга келсак, бир кун кечаси у икки ўғрини ушлаб олиб, уларнинг пешаналарини бир-бирига шундай урди, шундай қаттиқ урдики, ҳатто уларни полицияга олиб боришга ҳам ҳожат қолмади, ана шундан бери даҳадагиларнинг ҳаммаси унга ҳурмат кўзи билан қарайдиган бўлдилар; ўғрилик кўчасига сира кирмаган шунчаки нотаниш кишилар куппа-кундуз куни ўтиб бораётганларида ҳам даҳшатли қоровулни кўрганлари ҳамоно, ҳўл силкир, гўё овозларини эшитадигандек, унга қараб бақиришар эди. Ҳовлидаги бошқа хизматкорлар ундан ҳайиқардилар, Герасим улар билан дўстона бўлмаса-да, яқинлик муносабатида бўлар, уларни ўз кишилари деб биларди. Улар Герасим билан имо-ишоралар орқали гаплашар, у ҳам уларнинг фикрини тушунар, ҳамма буйруқларни аниқ бажарар, лекин ўз ҳуқуқини ҳам биларди, шу сабабдан унинг овқат столига ўтиришига ҳеч ким журъат қилолмасди. Умуман Герасим табиати қаттиқ ва жиддий одам эди, ҳар ишда тартиб-саришталик бўлишини севарди; ҳатто хўрозлар ҳам унинг ҳузурида бир-бирлари билан уришишга журъат қилолмасдилар, — акс ҳолда, кўргиликларини кўрардилар! — Уришаётганликларини кўриб қолдими, шу топдаёқ оёқларидан ушлаб олар ва осмонга кўтариб, чамбарак қилиб ўн марта айлантирарди-да, ҳар тарафга улоқтириб юборарди. Бой хотин ҳовлисида ғозлар ҳам бор эди; лекин, маълумки, ғоз улуғсифат ва эслик махлуқ; Герасим уларга ҳурмат кўзи билан қарарди, уларни парвариш қиларди; унинг ўзи улуғсифат эркак ғозга ўхшаб юрарди. Унга ошхона тепасидан кичик бир ҳужра бердилар, ҳужрани ўз дидига мослаб ўзи тузади, тагига ғўла қўйиб дуб тахтасидан ўзига каравот ясаб олди, бу чиндан ҳам паҳлавонлар каравоти бўлиб, юз пуд юк қўйганда ҳам қирс этмайдиган каравот эди; каравот тагида каттакон оғир сандиқ, бурчакда худди каравот сингари маҳкам стол ёнида эса уч оёқли стул турарди, бу стул ҳам шу қадар пишиқ ва зилдай эдики, ҳатто Герасимнинг ўзи ҳам бу стулни кўтарганда қўлидан ташлаб юборар ва жилмайиб қўярди. Ҳужрага кўмачдек каттакон қулф солиб қўйиларди, фарқи шуки, қулф қора эди холос; қулфнинг калитини Герасим ҳамиша белбоғига боғлаб, ёнига осиб юрарди. У уйига одам киришини хоҳламас эди.

Шу тариқа йил ўтди, охирида Герасимнинг бошидан кичик бир воқеа кечди.

Герасим ҳовлисида қоровул бўлиб турган шу кекса бой хотин ҳамма нарсада қадимий урф-одатларга амал қилар ва кўп хизматкор сақларди; унинг уйида кирчилар, тикувчилар, дурадгорлар, машиначиларгина эмас, ҳатто бир сарроч[1] ҳам бўлиб, у ҳам мол доктори, ҳам одамларни даволайдиган табиб эди, бой хотиннинг ўз табиби ҳам бор эди, яна Капитан Климов деган ўта пияниста бир бошмоқчи ҳам бор эди. Климов ўзини камситилган, кадр-қиймати эътиборга олинмаган киши деб, Моокванинг нообод бир жойида ишсиз ҳолган одам деб эмас, балки ўқимишли ва пойтахт кишиси деб биларди, ичишига келганда, дўндириб, кўкрагига уриб туриб айтишича, фақат қайғу-аламининг зўрлигидан ичарди. Кунлардан бир кун эшик оғаси Гаврила билан бой хотин ўртасида шу Капитон тўғрисида сўз кетди. Гавриланинг сариқ кўзларига ва ўрдак тумшуғига ўхшаш бурнига қарабоқ бу одамни ишбоши қилиб тақдирнинг ўзи тайинлаган, деб ўйлаш мумкин эди. Бой хотин Капитоннинг ахлоқи бузилиб кетганлигига ачинди, чунки уни қайси бир кўчада ичиб ётган жойидан ўтган куни топиб келган эдилар.

— Қалай, Гаврила, — деб гап бошлади у, — уни уйлантириб қўйсак дейман, сен нима дейсан? Балки ўзини тутиб, босилиб қолар.

— Нега ҳам уйлантирмайлик? Мумкин, ҳатто кўп яхши бўлади, — жавоб берди Гаврила.

— Шундоқ, аммо унга ким ҳам тегарди?

— Албатта. Дарвоқе, ихтиёр сизда. Нимаики бўлса ҳам, у ҳар ҳолда бирор ишга яраб қолар, ўнлаб одам орасидан уни кўчага чиқариб ташлаб бўлмас.

— Татьяна унга ёқади шекилли?

Гаврила нимадир деб эътироз билдирмоқчи бўлди-ю, аммо лабини тишлаб қолди.

— Шундоқ!.. Татьянага совчи юборсин, уқдингми? — деди бой хотин тамакисини ҳузур қилиб ҳидлаб.

— Хўп бўлади, — деди Гаврила ва чиқиб кетди.

Гаврила ўз уйига қайтиб келгач (унинг уйи ҳовлидаги бинода бўлиб, тунука қопланган сандиқлар билан тўла эди), аввал хотинини чиқариб юборди, сўнг дераза ёнига ўтириб, ўйлай кетди. Афтидан, бой хотиннинг кутилмаган бу фармойиши уни ташвишга солиб қўйди. Охири ўрнидан туриб, Капитонни чақириб келишни буюрди. Капитон келди. Лекин китобхонларга уларнинг гапларини айтиб беришдан аввал, кейинчалик Капитон уйланадиган аёл Татьянанинг кимлигини, бой хотиннинг фармойиши эшик оғасини нега ташвишга солиб қўйганини бир-икки оғиз сўз билан айтиб берсак, ортиқча бўлмас деб ўйлаймиз.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Татьяна кирчилик вазифасида бўлиб (дарвоқе, у моҳир ва уста кирчи бўлганидан, унга фақат нозик кўйлакларни ювиш топширилар эди), йигирма саккиз ёшлардаги чуваккина, озғин, оппоққина, чап юзида холи бор аёл эди. Русда чап юздаги холни ёмон аломат — бахтсиз турмуш нишонаси, дейишади… Татьяна ўз ёзмишидан мамнун бўла олмади. Ёшлик чоғиданоқ уни камситдилар: ёлғиз ўзи икки кишининг ишини қилса ҳамки, бирон марта ҳам яхши гап эшитмади; уни ёмон кийинтирардилар, у ҳаммадан оз ҳақ оларди, қариндошлари деярли йўқ эди: унинг бой хотин уйида авваллари озиқ-овқат омборчиси бўлган, лекин хизматга ярамай қолгач, қишлоқда қолдирилган кекса калидчи бир амакиси бўлар, бошқа қариндошлари эса фақир деҳқон эди — унинг бор-йўқ қариндош-уруғи шу эди. Бир вақтлар гўзалликда унинг номи чиққан эди, лекин гўзаллик ундан тез йўқолди. У жуда мўмин табиатли, ёки дурустроқ айтганда, юрак олдириб қўйгандай эди; у ўзига бепарво қарар, бошқалардан ўлгудай қўрқарди, фақат ишни муддатида бажаришнигина ўйлар, ҳеч ким билан гаплашмас, у гарчи бой хотиннинг афтини кўрмаган бўлса ҳамки, унинг номини эшитган ҳамоно қалтираб кетарди. Герасим қишлоқдан олиб келинган куни унинг гавдасини кўрибоқ Татьяна қўрққанидан беҳуш бўла ёзди; у Герасимга сира дуч келмасликка ҳаракат қилар, уйдан кирхонага шошиб бораётганида ҳам Герасим ёнидан кўзларини юмиб, тез ўтиб кетарди. Герасим дастлабки кунларда унга унча эътибор қилмади, бора-бора Татьяна рўпара келганда, унга жилмаядиган бўлди. Кейинчалик унга разм солиб тикила бошлади, ниҳоят, ундан кўз узмайдиган бўлди. У Татьянани яхши кўриб қолди: истарасининг иссиқлигими, чўчиб-тортиниб юришларими, худо билсин, ишқилиб, унга ёқиб қолди! Кунлардан бир куни Татьяна бой хотиннинг крахмалланган кофточкасини панжаларини ёзиб, авайлаб кўтариб, ҳовлидан ўтиб борарди… кимдир биров қўққисдан унинг билагидан маҳкам ушлаб олди; у қайрилиб қаради-ю, қаттиқ қичқириб юборди: унинг орқасида Герасим турарди. У тентакларча кулиб мулойимгина ғўнғиллаб, Татьянага ширин нондан ясалган, думи ва қанотлари олтиндек ялтираган хўрозқанд узатди. Татьяна олмасликка уринди, аммо Герасим зўрлаб унинг қўлига тутқазди-ю, бошини чайқаб, ўзи нари кетди ва қайрилиб қараб, унга алланималар деб жуда дўстона ғўнғиллади. Шу кундан бошлаб у Татьянани тинч қўймайдиган бўлди: у қаёққа бормасин, Герасим шу ерда ҳозир бўлар, унинг қаршисидан чиқар, жилмаяр, алланималар деб ғўнғиллар, қўлларини силкир, қўйнидан лента чиқариб, унга тутқазар ва унинг оёқлари остидаги чангларни супургиси билан супурар эди. Бечора қиз нима қилишини ва нима илож топишини билмасди. Соқов қоровулнинг бу иши тез орада уйдагиларнинг ҳаммасига аён бўлди: пичинг ва киноя сўзлар айтишиб, Татьянани масхара қила бошладилар. Аммо Герасимни масхара қилишга ҳамма ҳам журъат қилавермасди: у ҳазилни ёқтирмас эди, лекин унинг ҳузурида Татьянага ҳам тегажаклик қилмас эдилар. Қиз истаса-истамаса Герасимнинг ҳимоясига тушиб қолди. Ҳамма гунглар сингари Герасим ҳам жуда ҳушёр эди, ўзини ёки Татьянани масхара қилиб кулаётганларни жуда яхши пайқаб оларди. Бир куни овқат устида Татьянанинг бошлиғи кастелянша[2] Татьянага таъна гаплар айтиб, уни мазах қилди, уни шу қадар изза қилдики, шўрлик бош кўтаролмади ва йиғлаб юбораёзди. Герасим ўрнидан даст турдию, забардаст қўлини чўзиб, кастеляншанинг бошига қўйди ва унга шу қадар жаҳл билан хўмрайиб тикилдики, кастелянша ўтирган ўрнида букчайиб кетди, худди столга қапишиб қолгандай бўлди. Ҳамма жим қолди. Герасим яна қошиқни олиб, шўрвасини ичаверди. Ҳамма эшитилар-эшитилмас: «Вой, гаранг алвасти-эй!» деб юборишди, аммо кастелянша ўрнидан турди-да, хизматкор хотинлар уйига кириб кетди.

Бошқа бир куни эса Капитоннинг, ҳозиргина гапириб ўтганимиз ўша Капитоннинг Татьянага аллақандай хушомад сўзлар айтиб, суюлиб турганини кўриб, Герасим уни қўли билан имлаб ўз олдига чақириб олди, аравахонага бошлаб бориб, бурчакда турган арава шотисининг бир учидан ушлаб туриб, унга салгина, лекин маънодор пўписа қилиб қўйди. Шу-шу ҳеч ким Татьянага гап отмайдиган бўлди. Аммо бу ишлар учун Герасимга ҳеч гап бўлмасди. Тўғри, кастелянша уйга келибоқ беҳуш йиқилди, умуман, у ғоят усталик билан иш кўриб, шу куниёқ Герасимнинг бу дағал ҳаракатини бой хотинга етказди, лекин аломат кампир фақат бир неча бор кулиб қўя қолди, бунинг устига кастеляншанинг хўрлигини ошириб, у ўзининг оғир қўли билан сени қандай букчайтириб ташлади, деб қайта айтишга мажбур қилди ва эртаси куни Герасимга битта бир сўмлик чиқартириб юборди. Бой хотин содиқ ва кучли қоровул деб Герасимга ҳадя берди. Герасим ўз навбатида ундан ҳайиқарди, лекин ҳар қалай унинг марҳаматига ишонар ва Татьянага уйланиш учун ижозат берсангиз, деб унга илтимос билан бормоқчи эди. У бой хотин ҳузурига дурустроқ кийиниб бормоқ учун бош мудир ваъда қилган янги чакмонни олишни кутиб турган эди, аммо бу орада шу бой хотиннинг бошига Татьянани Капитонга бериш фикри кела қолди. Эшик оғаси Гавриланинг бой хотин билан гаплашгандан кейин нега довдираб қолганининг сабабини китобхон энди осонгина тушуниб олган бўлса керак. «Бой хотин, — деб ўйларди у дераза ёнида ўтириб, — албатта, Герасимга илтифот қилади (Гаврила буни яхши билар ва шу сабабдан Герасимдан ҳайиқар эди), ҳарқалай у тилсиз бир махлуқ; бой хотинга, Герасим Татьянага хушомад қилиб юрипти, деб айтиш маъқул эмас. Ҳа, ниҳоят, бу ҳақ гап: у қандай эр бўлсин? Иккинчи томондан, бу алвасти, худо асрасин, Татьянани Капитонга эрга берилишини билиб қолса борми, бой хотиннинг бутун уйини остин-устин қилиб юборади-я. Унга гап уқтириб бўлмайди-ку ахир: мендек гуноҳкор банда у иблисни ҳеч ҳам гапга кўндиролмас… бу ҳақ гап!..»

Капитон кириб Гавриланинг хаёлини бўлиб юборди. Енгил табиатли бошмоқчи кириб келди-ю, қўлларини орқасига қўйиб, деворнинг эшик ёнидаги қиррасига такаллуфсиз суяниб, ўнг оёғини чап оёғи устига чалкаштириб олди-да, бошини бир силкиб қўйди. У гўё, — мана, мен келдим, нима дейсиз? —дегандек бақрайиб турарди.

Гаврила Капитонга бир қараб қўйди-да, деразанинг кесакисини черта бошлади. Капитон ўзининг қорамтир кўк кўзларини хиёл қисди, лекин ерга боқмади, ҳатто сал кулимсиради ва тамом тўзғиб кетган оқиш сочларини қўли билан силади. Гўё, мана мен турибман, нега тикиласан? — дегандек қараб тураверди.

— Бинойи. Жуда бинойи! — деди Гаврила ва жим бўлди.

Капитон фақат елкасини қисиб қўйди. «Хўш, мендан қаеринг ортиқ экан?» —деб ўйлади у ўзича.

— Хўш, афти ангорингга бир қара, қани бир қарачи, — деди таъна қилиб Гаврила: — айт-чи, кимга ўхшайсан ахир?

Капитон ўзининг аллақачон хизматини ўтаб бўлган ямоқ-ясқоқ узун камзулига, шимига разм солди, хусусан, тўзиб кетган этигига, тумшуғи учидан туртиб чиқиб турган оёғининг бармоғига диққат билан қаради-да, кейин яна эшик оғасига боқди.

— Хўш, нима бўпти?

— Нима бўпти? — деб такрорлади Гаврила. — Нима бўпти?! Тағин нима бўпти дейсан-а. Балога ўхшайсан, одамга ўхшамайсан.

Қапитон кўзларини пирпиратди.

«Сўкинг, сўкиб қолинг, Гаврила Андреич», деб ўйлади у яна ичида.

— Сен яна ичиб учиб қолибсан, — деди Гаврила, — яна тағин? Хўш, жавоб бер, ахир.

— Дарҳақиқат, соғлиғим яхши бўлмаганидан ичкиликка берилиб кетдим, — деди Капитон.

— Соғлиғинг яхши бўлмаганидан!.. Сенинг таъзирингни бериб қўйишмаяпти, ҳамма гал шунда. Тағин бу кишим Питерда мактаб кўрганмиш… ўқиб жуда билимдон бўлиб кетдингми, фақат текин нон еб юрибсан.

— Бу масалада, Гаврила Андреич, менинг қозим битта: ёлғиз худонинг ўзи, бошқа ҳеч ким эмас. Бу ёруғ дунёда менинг кимлигимни ва, дарҳақиқат, бекорга нон еб юрибманми-йўқми, буни танҳо ўзи билади. Мастлик тўғрисидаги фикрга келганда, айб менда эмас, айб бир ўртоғимда. У мени қизиқтириб қўйди-да, ўзи қувлик қилди, яъни қочди, мен бўлсам…

— Сен аҳмоқ кўчада қолавердинг. Эҳ ландавур! Аммо гап булда эмас, — деди давом этиб эшик оғаси, — гап бу ёқда. Бекам… — деди-ю, у бир оз жим қолди, — бекам сенинг уйланишингни истайди. Уқяпсанми? Бекам, уйлансанг тийиларсан, деб ўйлайдилар. Уқяпсанми?

— Нега уқмайин.

— Шундоқ. Фикримча, сени яхшилаб қўлга олиш керак эди. Дарвоқе, бу унинг иши. Хўш, нима дейсан? Розимисан?

Капитон тишларини тиржайтириб жилмайди.

— Уйланиш одам боласи учун яхши гап, Гаврила Андреич, менга қолса, жуда мамнунман.

— Ҳа, шундай, — деди Гаврила ва у: «Ҳақиқатан ҳам, бунинг гапи тўғри», деб ўйлади-да, сўзида давом этди: — шуниси борки, сенга келиннинг нобопини танлаптилар.

— Ким экан, билсам бўладими?..

— Татьянани.

— Татьянани?

Капитоннинг кўзлари чақнаб кетди ва ўзини девордан нари отди.

— Хўш, нега безовта бўлиб қолдинг?.. Ахир, у сенинг дидингга ёқмайдими?

— Нега ёқмасин, Гаврила Андреич! Қиз чакки эмас, ишчан, мўмин қиз… Ўзингиз биласиз-ку, Гаврила Андреич, ахир унинг кетидан анави алвасти, саҳро ёввойиси…

— Биламан, ошна, ҳаммасини биламан, — деди афсус билан эшик оғаси, — аммо лекин…

— Раҳмингиз келсин, Гаврила Андреич! Ахир у мени ўлдириб қўяди, худо урсин, ўлдириб қўяди, худди пашшани эзғилагандек эзиб ташлайди, ахир, унинг қўли, ахир, унинг қўли қанақа қўлки, ўзингиз бир назар солинг, ахир, унинг қўли худди Минин ва Пожарскийларнинг қўлларининг ўзи-ку. Ахир, гаранг, дўппослайверади-ю, аммо қандай ураётганини ўзи эшитмайди! Худди уйқусида муштларини кўтаргандек муштлайверади. Уни ҳеч ажратиб ҳам бўлмайди. Нега? Чунки буни ўзингиз биласиз, Гаврила Андреич, у гаранг ва бунинг устига, бориб турган тентак… Ахир, у аллақандай бир ҳайвон, эси йўқ тентак. Гаврила Андреич, тентакдан ҳам баттари… Худди тоғтеракнинг ўзи. Нима гуноҳим борки, унинг қаҳрига дучор бўлай?! Албатта, мен бўларимча бўлганман, энди ҳеч тап тортар жойим йўқ; меҳнат, машаққат тагида ийиғим чиқиб кетган, Коломнада қилинадиган хумчадек, хўп ёғ босиб чирким чиққан, бироқ мен ҳар ҳолда одамман, аллақандай арзимас хумча эмас, одамман ахир.

— Биламан, биламан, кўп эзмаланма…

— Ё тангрим! — қизишиб сўзида давом этди бошмоқчи, — бу кулфатнинг охири борми? Қачон охир бўлади, тангрим! Мен шўрпешона, бахтсизман! Менинг қисматим, пешонам шўр экан! Болалик чоғимда немис хўжайинимнинг калтаги тагида эзилдим, навқирон чоғимда ўз акам савалади, катта одам бўлганимда, мана бу кўргиликларга дучор бўлсам-а…

— Э, юраксиз эзма, — деди Гаврила. — Мунча вайсайсан, ахир?

— Нега вайсамайин, Гаврила Андреич! Калтак ейишдан қўрқаётганим йўқ, Гаврила Андреич. Мени уйга қамаб ур, аммо одамлар олдида илтифот қил, чунки мен одамлар жумласиданман, аммо бу ерда кимдан калтак ейман…

— Бас, йўқол кўзимдан, — жаҳл билан унинг сўзини бўлди Гаврила. Климов бурилиб, уйдан чиқа бошлади.

— Хўш, агар у бўлмаса, рози бўлармидинг? — деб қичқирди унинг орқасидан эшик оғаси.

— Рози бўлардим, — деди Капитон ва чиқиб кетди.

Мастлигида ҳам Капитоннинг тили бурроликдан қолмас эди.

Эшик оғаси уйда бир неча бор у ёқ-бу ёққа юрди ва ниҳоят:

— Қани, энди Татьянани чақиринг, — деди.

Бир неча дақиқадан сўнг Татьяна оҳистагина кириб, остона ёнида тўхтади.

— Бирон ишингиз бормиди, Гаврила Андреич? — деди у секингина.

Эшик оғаси унга боқди.

— Хўш, Танюша, эрга тегишни хоҳлайсанми? Бека сенга куёв топиб қўйибди, — деди у.

— Қулоғим сизда, Гаврила Андреич. Бекач куёвликка кимни топибдилар? —деб сўради у тортинибгина.

— Капитон бошмоқчини.

— Хўп бўлади.

— У енгилтак одам, бу аниқ. Аммо бекач бу ишда сенга ишонади.

— Хўп бўлади.

— Фақат бир чатоғи бор… Анави гаранг-чи, Гераська, сенга хушомад қилиб юрипти. У айиқни қайданам ўзингга илаштира қолдинг? Ахир, у айиқ билиб қолса, сени ўлдириб қўяди-ку…

— Ўлдиради, Гаврила Андреич, ҳеч сўзсиз ўлдиради.

— Ўлдиради… Қани, буни кўрармиз. Хўш, нега, нега ўлдиради, дейсан? Сени ўлдиришга нима ҳақи бор, ўзинг ўйлаб кўр-чи?

— Ҳақи борми-йўқми — бунисини билмайман, Гаврила Андреич.

— Вой, сен-эй! Ахир унга ҳеч ваъда берганинг йўқ-ку…

— Нима демоқчисиз?

Эшик оғаси бирдан жим бўлиб, ўйланиб қолди:

— Мўмин, муштипарсан! Яхши, сен билан яна гаплашармиз, — деб қўшиб қўйди, — энди боравер, Танюша; кўриб турибманки, сен жуда мўмин қизсан.

Татьяна ўгирилиб, эшикни астагина ёпиб чиқиб кетди.

«Балки бекач эртагаёқ бу тўйни эсидан чиқариб юборар, аммо мен нега бунча ҳовлиқмасам? — деб ўйлади эшик оғаси. — У шумни тийиб қўярмиз, бирор ҳодиса бўла қолса, полицияга хабар қиламиз…» — Устинья Федоровна! — қаттиқ товуш билан хотинини чақирди, — бир самовар қўйиб юборинг, ҳурматлигим…

Татьяна ўша куни кун бўйи кирхонадан чиқмади деса бўлади. У дастлаб бир оз йиғлаб олди, сўнг кўз ёшларини артиб, аввалгидек ишга тутинди.

Капитон аллақандай ғамгин бир ошнаси билан ярим тунгача қовоқхонада ўтирди, унга ҳам Питерда бир бой эшигида юрганини ҳикоя қилди, у киши зўр одам эди, деб давом этди, тартиб-саришталикни кўздан қочирмасди, аммо кичкинагина бир хатолари бор эди: кўпинча маст юрарди, хотин жинсига қолганда унинг суяги йўқ эди… Ғамгин ўртоғи балли-балли деб унинг гапини маъқуллаб турди, холос, лекин Капитон ниҳоят, эртага бир сабаб важидан ўзимни ўлдиришим лозим, деганида ғамгин ўртоғи, энди бориб ухлайлик, деди. Шу тариқа улар тунд ва жим тарқалишди.

Аммо эшик оғасининг ўйлаганлари бўлмади. Капитонни уйлантириш ҳақидаги фикр бой хотиннинг хаёлини шу қадар чулғаб олган эдики, ҳатто кечаси ҳам уйидаги хос хотинлардан бири билан шу ҳақда гаплашди. Бу хотин уйқусизлик пайтларида бой хотиннинг кўнглини хуш қилмоқ учунгина уйда сақланар ва тунги извошчидек кундуз ухлар эди. Нонуштадан сўнг Гаврила ишларнинг боришидан хабардор қилмоқ учун бой хотиннинг ҳузурига келган ҳамоно у дастлаб: тўй нима бўлди, юришяптими? — деб сўради. Маълумки, у: «Иш жуда жойида ва Капитон ташаккур изҳор қилмоқ учун бугуноқ ҳузурингизга келади», деб жавоб берди. Бой хотин негадир нотоб эди; у ишларнинг боришини унча суриштириб турмади. Эшик оғаси ўз хонасига келиб, дарҳол кенгаш чақирди. Дарҳақиқат, масала ўзига хос муҳокама талаб қиларди. Татьяна-ку сўз қайтармади-я, аммо Капитон ҳамманинг олдида, бошим битта, иккита эмас, учта ҳам эмас, деди… Герасим ҳаммага тез-тез хўмрайиб боқар, хизматкор хотинлар уйининг зинапояси олдидан қўзғалмас ва ўзи учун аллақандай нохуш иш қилинаётганини пайқаб тургандек эди. Кенгашга йиғилганлар (улар жумласида Қуйруқ амаки лақабли кекса буфетчи ҳам бўлиб, гарчи ундан фақат: «буни қара-я» ва «шундай, шундай» деган сўзни эшитсалар ҳам, ҳаммалари ҳурмат билан ундан маслаҳат сўрар эдилар, ишни Капитонни ҳар эҳтимолга қарши сув тозалайдиган машина турган ҳужрага яшириб қўйишдан бошладилар-да, ўзлари яхшилаб бош қотиришга киришдилар. Албатта, зўрликка қолса, иш осон бўларди-я, аммо шовқин-тўполон кўтарилса-чи, — бундан худо сақласин! — бой хотин эшитса безовта бўлади! Хўш, нима қилмоқ керак? Уйлаб-ўйлаб, охири бир фикрга келишди. Герасимнинг пиянистани кўргани кўзи йўқ эди, буни ҳамма жуда яхши биларди… У дарвоза ёнида турганида, бирор маст шапкасини қийшайтириб, қулоғига бостириб ўтса борми, у ҳар доим нафрат билан тескари қараб оларди. Татьянага, мастдек гандираклаб Герасимнинг ёнидан ўтасан, дедилар. Шўрлик қиз хийла вақт унамади, лекин охири уни кўндирдилар; агар шундай қилмаса, ошиғидан сира қутула олмаслигини унинг ўзи ҳам биларди. Татьяна гандираклаб жўнади. Капитонни ҳужрадан чиқардилар, чунки бу иш ҳар ҳолда унга боғлиқ эди. Герасим дарвоза ёнидаги курсичада белкурак билан ер чўқилаб ўтирар эди… ҳамма бурчаклардан, дераза пардалари орқасидан уига қараб турарди…

Ҳийла кўнгилдагидек натижа берди. Герасим Татьянани кўрган ҳамоно, ҳар сафаргидек, хушдиллик билан ғўлдираб бошини чайқади, сўнг разм солиб, унга тикилди, қўлидан кураги тушиб кетди, даст ўрнидан туриб, унинг ёнига келди, юзларини унинг юзларига яқин олиб келди… Татьяна қўрқиб кетиб, яна ҳам қаттиқроқ гандираклади ва кўзларини юмиб олди… У Татьянанинг қўлидан тутиб олди-да, ҳовли бўйлаб ғизиллатганича, кенгаш бўлиб турган уйга етаклаб келди ва уни тўппа-тўғри Капитонга қараб итариб юборди. Татьяна ҳушидан кетди…. Герасим тик турганича, Татьянага боқди, мийиғида жилмайди ва қўлини бир силкидию, оғир-оғир қадам босиб, ўз ҳужраси томон кетди. У бир кеча-кундуз уйдан чиқмади. Бош аравакаш Антипканинг кейинчалик айтишича, у тешикдан мўралаб, Герасимни кўрган эмиш: Герасим икки қўлини жағига тираб, оҳиста бир оҳангда, фақат аҳён-аҳёнда ғўнғиллаб каравотида ўтириб ашула айтибди, яъни ямшиклар ёки бурлаклар ўзларининг мунгли ашулаларини чўзиб айтгандек, гавдасини тебратиб, кўзларини юмиб, бошини чайқаб ўтирибди. Антипканинг қути ўчиб, тешикдан нари кетибди. Эртаси кун Герасим ҳужрасидан чиққанида уйда айтарлик ўзгариш бўлганини билиб бўлмади. У хафага ўхшарди-ю, лекин Татьяна билан Капитонга сира эътибор қилмади. Ўша куни кечқурун улар иккаласи ғозларни қўлтиқлашиб, бой хотин ҳузурига кирдилар ва бир ҳафтадан сўнг тўйлари бўлди. Герасим тўй куни феъл-атворини сира ўзгартирмади, аммо дарёга борди-ю, сувсиз қайтиб келди: йўлда нимадир бўлиб бочкани синдириб қўйибди; тунда эса отхонада отини шу қадар ҳафсала билан қашлаб тозаладики, от худди шамол зарбига силкиниб турган ўтдек тебранар ва унинг қаттиқ мушти остида гоҳ у оёғига, гоҳ бу оёғига босиб турарди.

Бу воқеалар баҳор кезида содир бўлган эди. Орадан яна бир йил ўтди, шу бир йил ичида Капитон ичкиликка муккаси билан берилиб, одам қаторидан чиқиб қолди, уни бутунлай яроқсиз одам ҳисоблаб, карвонга қўшиб, хотини билан бирга узоқ бир қишлоққа жўнатиб юборилди. Жўнаб кетадиган куни у, аввал жуда керила бошлади ва қаёққа юборсалар, ҳатто тупконнинг тагига, борса-келмасга юборсалар ҳам йўқолмайман, ўз кунимни кўраман, деб мақтанди, аммо сўнгра руҳи тушиб кетди, мени илм-маърифатсиз одамлар орасига олиб кетмоқдалар, деб зорлана бошлади, охири шу қадар бўшашиб, ҳолдан кетдики, ҳатто ўз шапкасини ҳам киёлмай қолди, лекин кимдир биров раҳми келиб, унинг шапкасини бошига илиб, олд томонини пешанасига келтириб, устидан босиб қўйди. Сафар ҳозирлиги тугаб, мужиклар отнинг тизгинини ушлаган ва: «Худога топширдик!» сўзини кутиб турган вақтда Герасим ўз ҳужрасидан чиқиб, Татьяна ёнига келди ва эсдалик учун унга бир қизил рўмол ҳадя қилди, бу рўмолни у бир йил муқаддам Татьяна учун сотиб олган эди. Ўз ҳаётидаги бутун кўргиликка ҳозиргача зўр чидам билан тоқат қилиб келган Татьяна шу дамда чидаб туролмади, кўзларига жиққа ёш олди ва аравага чиқа туриб христианлар одатича Герасим билан уч бор ўпишди. Герасим уни қоровулхонагача кузатиб бормоқчи бўлди, дастлаб унинг араваси билан ёнма-ён борди, лекин Қрим Бродга етганда бирдан тўхтади, қўлини бир силкидию, бурилиб дарё ёқалаб кетди.

Кечки пайт эди. У сувга назар ташлаб аста-аста кетиб борарди. Бирдан унинг назарида дарё лабидаги сув ўтлари ичида нимадир типирчилаётгандек бўлди. Герасим энгашиб қараган эди, бир олапар кучук болага кўзи тушди. У сувдан чиқишга шунча уринса ҳам чиқолмас, тиртишиб-тирмашар, аммо яна сирғаниб тушиб кетар, ҳўл, озғин бадани дир-дир қалтирарди. Герасим бу бечора кучук болага бир оз қараб турди. Кейин бир қўли билан уни сувдан олиб, қўйнига солди-да, катта-катта қадам ташлаб уйига қараб кетди. У ҳужрасига келгач, кучук болани каравотига ётқизиб, ўзининг оғир чакмони билан ўраб қўйди, дастлаб отхонага бориб похол, сўнг ошхонадан бир пиёла сут олиб келди. У чакмонини кучук бола устидан авайлаб кўтарди ва тагига похол тўшаб, каравот устига сутни қўйди. Бечора кучукнинг туғилганига эндигина бир ҳафта бўлган, кўзлари эндигина очилган, ҳатто бир кўзи иккинчисидан хиёл каттага ўхшарди; у ҳали товоқдан овқат ичишни билмас, қалтирар ва кўзларини қисиб турар эди. Герасим икки бармоғи билан унинг бошидан тутиб, тумшуғини идишдаги сутга тегизиб қўйди. Кучук бирдан тез-тез ича бошлади, у сутни ича туриб пишқирар, қалтирар ва энтикар эди. Герасим кучук боланинг бу ҳолига хийла тикилиб турди-да, бирдан кулиб юборди… У тун бўйи шу кучук бола билан овора бўлди, уни силаб-артиб ётқизди, охири, ўзи ҳам қандайдир бир мамнуният билан кучук бола ёнида ётиб, ширин уйқуга кетди.

Ҳеч бир она ўз боласини Герасим ўзи асраган кучукни парвариш қилгандай парвариш қилмайди. Дастлабки вақтларда у жуда нимжон, озғин ва хунук эди, лекин бора-бора яхшиланиб, ранг кирди, орадан саккиз ой ўтгач, ўз халоскорининг тинмай парвариш қилиши натижасида испан итлари жинсидан бўлган дурустгина ит бўлди-қўйди. Унинг қулоқлари узун, найсимон думи сержун ва кўзлари катта-катта, ўткир эди. У Герасимга жуда ҳам ўрганиб қолди, ундан бир қадам ҳам орқада қолмас, думини ликиллатиб, доим унинг орқасидан эргашиб юргани юрганди. Герасим кучукка ном ҳам қўйди, — соқовлар ўз товушлари бошқаларнинг эътиборини тортишини биладилар, — у, итга Муму деб ном қўйди. Уйдагилар ҳаммаси бу итни яхши кўриб қолишди, улар ҳам уни Муму деб чақира бошладилар. У жуда эсли ит эди, ҳаммага эркаланарди, аммо ёлғиз Герасимнигина яхши кўрарди. Герасим ҳам уни ниҳоятда яхши кўрарди… ва шунинг учун ҳам бошқа бировлар уни силасалар, Герасимнинг ғаши келарди: унга бирон нарса бўлади, деб қўрқар эдими, уни қизғанармиди — худо билсин! Ит ҳар куни эрталаб этагидан тортиб уни уйғотар, сув ташувчи отнинг тизгинидан тишлаб, Герасимнинг олдига етаклаб келарди, от билан жуда иноқ эди, — ўзини сипо тутиб, Герасим билан бирга дарёга борарди, унинг супургиси ва курагини қўриқлар, ҳужрасига ҳеч кимни яқин йўлатмас эди. Герасим атайлаб ўз ҳужрасининг эшигидан ит кириб чиқадиган тешикча қилиб қўйди, кучук ҳам ўзини фақат Герасимнинг ҳужрасидагина тўла ҳуқуқли хўжайиндек деб ҳис қилар, шунинг учун ҳам ҳужрага кириши биланоқ мамнун бўлиб, дарров каравотга чиқиб оларди. У тунлари бутунлай ухламас, лекин бўлар-бўлмасга вовиллайвермас эди; чўнқайиб олиб, тумшуғини осмонга чўзиб, кўзларини чирт юмиб, зерикканидан юлдузларга қараб кетма-кет вовиллайдиган эсипас ҳовли итлари жумласидан эмас эди — йўқ! Мумунинг ингичка товуши ҳеч маҳал бежиз чиқмасди: ё бегона одам деворга яқинлашса ёки бирор жойда шубҳали шовқин, ёинки шитирлаш эшитилсагина вовилларди… Хуллас, у жуда яхши қўриқчи эди. Дуруст, ҳовлида ундан бошқа яна Бўри номли сариқ-чипор қари ит ҳам бор эди, аммо уни ҳеч қачон, ҳатто кечалари ҳам занжирдан бўшатмас эдилар, дарвоқе, турарга мадори йўқлигидан унинг ўзи ҳам занжирдан бўшалишга сира ҳаракат қилмасди — ўз уясига кириб ётгани ётган эди ва аҳен-аҳёндагина бўғиқ, эшитилар-эшитилмас товуш чиқариб вовиллаган бўларди-ю, лекин бу вовиллаши бефойда эканини ўзи ҳам сезиб, дарров жим бўлиб қолар эди. Муму хўжайиннинг уйига кирмас эди; Герасим уйга ўтин кўтариб кирган вақтларда, у доим орқада қолар, қулоқларини диккайтириб, эшик ичкарисидан салгина овоз эшитилган ҳамоно гоҳ ўнг томонга, гоҳ бирданига чап томонга қараб, Герасимнинг чиқишини кутарди…

Шу тариқа яна бир йил ўтди. Герасим ўз қоровуллик ишида давом этар, тақдиридан жуда мамнун эди, аммо бир куни кутилмаган бир ҳодиса юз берди… Ёзнинг гўзал кунларидан бири эди, бой хотин ўз приживалкалари[3] билан бирга меҳмонхонада у ёқдан-бу ёққа юриб кўнгил очмоқда эди. Унинг вақти хуш эди, кулар ва ҳазиллашарди; приживалкалар ҳам кулар ва ҳазиллашардилар: аслида эса улар бирор хурсандлик сезмасдилар, бой хотиннинг вақти хуш бўлган пайт уйидагиларга унча хуш келмасди, чунки шу пайтларда у, биринчидан, ҳамманинг дарҳол хурсанд бўлишини талаб қиларди, агар бирортасининг юзида хурсандлик аломатини кўрмаса, жаҳли чиқарди, иккинчидан, бу хурсандлик пайти дарров ўтиб кетарди, одатда хурсандлик ўрнини хафалик, руҳсизлик оларди. Шу куни эрталаб у уйқусидан қандайдир хурсанд уйғонди, карта очганда унга тўртта солдат чиқди, бу истакнинг рўёбга чиқишини билдирарди (у ҳамиша эрталаб фол очарди) — чой ҳам унга ҳаддан зиёд лаззатли туюлди, бу чойи учун хизматкор хотинни мақтади ва унга битта ўн тийинлик танга инъом қилди. Бой хотин буришган лабларида севинч, табассум билан меҳмонхонада юрарди, у дераза ёнига келди. Дераза олдига гулзор қилинган эди. Муму ана шу гулзорнинг қоқ ўртасидаги доира ичида, атиргул тагида ётиб олиб, ҳафсала билан суяк ғажир эди. Бой хотин уни кўриб қолди.

— Ё худойим! — деб хитоб қилди у бирдан: — бу қандақа ит!

Бой хотин мурожаат қилиб гапирган бечора приживалка шундай бир нохуш аҳволга тушиб, жуда типирчилаб қолдики, одатда биров ҳукми остидаги одам ўз бошлиғининг хитобини дуруст тушунолмай қолганда худди ана шундай типирчилаб қолади.

— Б… б… билмадим, — деди у довдираб, — анов соқовники шекилли.

— Ё худойим!—деди бой хотин унинг сўзини бўлиб, — (қандай ажойиб кучук-а! Айтинг, уни бу ёққа олиб киришсин. Қачондан бери унинг қўлида? Нега шу вақтгача мен уни кўрмапман?.. Айтинг, уни олиб киришсин.

Приживалка дарров даҳлизга қараб югурди.

— Ҳой одамлар, ҳой одамлар! Мумуни дарров бу ёққа олиб киринглар! У гулзорда, — деб қичқирди у.

— Унинг номи Мумуми?! Жуда яхши ном, — деди бой хотин.

— Жуда яхши ном, — деди приживалка. — Тез бўлинг, Степан!

Уй хизматкори полвон йигит Степан ўлган-тирилганига қарамай, гулзорга қараб югурди ва борибоқ Мумуни ушлаб олмоқчи бўлган эди, лекин ит чаққонлик билан унинг панжалари орасидан чиқди-да, думини диккайтириб, жон-жаҳди билан Герасимнинг олдига югурди, Герасим эса бу вақт ошхонада бочкани худди болалар ноғорасидек қўлида кўтариб, айлантира-айлантира қоқиб силкитмоқда эди. Степан Мумуни изма-из қувиб борди ва эгасининг оёқларига ўралашиб турган итни тутиб олмоқчи бўлди; лекин чаққон кучук бегона қўлга тутқич бермай, у ёқдан-бу ёққа сакрар ва чап бериб қочар эди.

Герасим бу оворагарчиликларга бир оз кулиб қараб турди; ниҳоят, Степан аламига чидамай қаддини ростлади-да, Герасимга, сенинг итингни бой хотин ўз уйига олиб келишни буюрди, деб имо-ишоралар билан шоша-пиша тушунтира бошлади. Герасим бир оз ҳайрон бўлиб турди, сўнг Мумуни ўз ёнига чақирди-да, тутиб олиб Степаннинг қўлига берди. Степан кучукни меҳмонхонага келтириб, паркет полга қўйиб юборди. Бой хотин итни суюб чақира бошлади, бу хил ҳашаматли жойни ҳеч қачон кўрмаган Муму жуда қўрқиб кетди ва эшикка қараб югурди, лекин хизматга ҳозир Степан уни итариб юборди, кучук қалтираб, девор тагига қисилиб олди.

— Муму, Муму, бери кел, менинг ёнимга кел, — деди бой хотин, — кела қол, тентак… қўрқма…

— Кела қол, бекамнинг ёнларига бора қол, Муму, бора қол, — деб такрорлашарди приживалкалар.

Лекин Муму атрофга нохуш боқар ва ўрнидан сира қўзғалмас эди.

— Унга бирор овқат келтиринглар, — деди бой хотин, — мунчаям тентак бўлмаса! Беканинг ёнига келмайди. Нимадан қўрқаркин?

Приживалкалардан бири маъюс товуш билан қўрқибгина:

— Ҳали ўрганмаган, ётсираяпти, — деди.

Степан бир идишда сут келтириб, Мумунинг олдига қўйди, лекин Муму ҳатто сутни искаб ҳам кўрмади, ҳамон қалтирар, жовдираб атрофга боқарди, холос.

— Вой, сен-эй! — деди бой хотин ва кучук ёнига келиб, уни силамоқчи бўлди, лекин Муму дарров бошини ўгириб тишларини тиржайтирди. Бой хотин чаққонлик билан қўлини тортиб олди…

Бир дақиқа жим қолишди. Муму гўё зорланган ва афв сўрагандек, секингина инграй бошлади… Бой хотин нари бориб, қовоғини солиб турди. Итнинг қўққисдан қилган бу ҳаракатидан у жуда қўрқиб кетган эди.

Ҳамма приживалкалар бараварига:

— Вой! — деб юборишди, — сизни тишлаб олгани йўқми, худо кўрсатмасин! Вой, вой! (Муму умрида ҳеч маҳал ҳеч кимни тишламаган эди.)

— Уни бу ердан йўқотинг! — деди кампир хаста товуш билан. — Жуда ёмон ит экан! Қандай қопағон-а!

Бой хотин астагина қайрилиб, ўз кабинетига қараб кетди. Приживалкалар қўрқа-писа бир-бирларига қарашиб олдилар, унинг кетидан бормоқчи бўлиб чоғланган ҳам эдиларки, у тўхтаб, уларга совуққина тикилди ва: «Нега келяпсиз? Сизларни чақирганим йўқ-ку», деб кабинетига кириб кетди.

Приживалкалар дарғазаб бўлишиб, Степанга қўл силкишди; Степан Мумуни чангаллаб олиб, дарров эшик орқасига, худди Герасимнинг оёқлари тагига отиб юборди. Аммо ярим соатдан кейин уйда чуқур жимлик ҳукм сурар ва кекса бой хотин қуюн бошлаб келадиган қора булутдай ўз диванида қовоғини солиб ўтирар эди. Баъзан, бекорчилик одамнинг кайфини нақадар бузиб юборади-я, деб ўйлайсан киши!

Бой хотин кечгача кайфсиз ўтирди, ҳеч ким билан гаплашмади, карта ўйнамади, тунни беором ўтказди. Ҳар кунги одеколонни берсалар ҳам, унга бошқа одеколондек туюлар, ёстиғидан совун ҳиди келаётгандек бўлар ва кастеляншани ўз кийим-бошларини ҳидлаб кўришга мажбур қилар эди; — хуллас, жуда бетоқат бўлар ва «қизишар» эди; иккинчи куни эрталаб Гаврилани одатдагидан бир соат илгари чақиртирди.

Гаврила ўз ичида алланималар деб тўнғиллаб, кабинет остонасига қадам босган ҳамоно бой хотин гап бошлаб юборди:

— Қани айт-чи, тун бўйи ҳовлимизда вовиллаб чиққан ит қанақа ит? Менга уйқу бермади-ку!

— Ит… ит… эҳтимол, анави соқовнинг итидир, — деди у унча ботинолмай.

— Билмадим, соқовникими, бошқа итми, ишқилиб, менга уйқу бермади. Шунга ҳайрон бўламанки, бунча итнинг бизга нима кераги бор? Хўш, билмоқ истайман! Бизда ҳовли ити бор-ку, ахир?

— Бўлмаса-чи, Бўри бор.

— Шундай бўлгач, бизга бошқа итнинг нима даркори бор? Тартибсизликнинг сабаби битта, холос. Уйда бошлиқ йўқ, ана шу. Соқов итни нима қилади ахир? Менинг ҳовлимда ит сақлаш учун унга ким ижозат берди? Кеча дераза олдига бориб қарасам, у гулзор ичида ётипти, аллақандай ифлос нарсани олиб келиб, ғажиб ётипти, мен у ерга атиргул эктирганман ахир…

Бой хотин жим бўлди.

— Бугуноқ бу ерда унинг қораси кўринмасин… эшитдингми?

— Хўп, бўлади.

— Бугуноқ. Энди боравер. Докладга кейин чақираман.

Гаврила чиқиб кетди.

Эшик оғаси меҳмонхонадан ўтиб кета туриб, тартибли қилиб қўйиш мақсадида қўнғироқни бир столдан иккинчисига олиб қўйди, ўрдак тумшуғига ўхшаган хунук бурнини секингина қоқдию, даҳлизга чиқди. Даҳлиздаги скамейка устида Степан кўрпа ўрнига камзулини устига ташлаб, оёқларини ғужанак қилиб йиғиб, худди жанг майдонида ўлиб ётган аскардек ухлаб ётарди. Эшик оғаси уни туртиб уйғотди-да, овозини зўрға чиқариб, унга алланимани буюрди, Степан бу буйруққа ярим эснаш, ярим кулги била жавоб қайтарди. Эшик оғаси чиқиб кетди. Степан дарров ўрнидан туриб, чакмон ва этигини кийди, ташқарига чиқиб, зинапояда тўхтаб турди. Орадан беш минут ҳам ўтгани йўқ эдики, орқасига катта бир боғлам ўтин орқалаб, доимий ҳамдами Мумуни эргаштириб Герасим келди. (Бой хотин ётоғи билан меҳмонхонасига ҳатто ёзда ҳам печь ёқтирарди.) Герасим ёнлаб келиб, эшикни елкаси билан очди-да, ўтинни кўтарганича уйга кириб кетди, Муму эса ҳар сафаргидек, уни пойлаб эшикда қолди. Шу орада, Степан худди човут килиб туриб жўжага чангал солган калхатдек, Мумунинг устига ташланди, кўкраги билан уни ерга босиб, қучоқлаб олди ва ҳатто шапкасини ҳам киймасдан ҳовлига қараб югурди, тўғри келган бир извошга ўтириб, Охотний рядга[4] қараб чоптириб кетди. У дарров харидор топиб, Мумуни ярим сўмга сотди ва унга итни лоақал бир ҳафта бойлоқда тутиш кераклигини уқтириб, шу замоноқ қайтиб келди; лекин уйга етмай извошдан тушиб, орқа йўлакдан айланиб, ҳовлига девордан ошиб тушди, тағин рўпарамдан Герасим чиқиб қолмасин, деб дарвозадан киришга қўрқди.

Аммо у бекорга ҳадиксираган эди: Герасим ҳовлида йўқ эди. У уйдан чиқиш биланоқ атрофга қараб, Мумуни ахтара бошлади, чунки Муму унинг чиқишини кутмасдан бирор ёққа кетиб қолмасди, бу маҳалгача Герасим бундай ҳолни кўрмаган эди, шу сабабдан у ёқ-бу ёққа югуриб, уни излай бошлади, ўзича чақирди… ҳужрасига қараб югурди, пичанхонага борди, ғизиллаб кўчага чиқди, ҳар ёққа югурди… Йўқолди! Одамларга мурожаат қилар, қаттиқ ташвиш чекиб, қўлини ердан ярим газ баланд кўтариб, унинг қандайлигини тасвирлаб имо-ишоралар билан сўроқларди… баъзилар Мумунинг қаёққа йўқолганини чиндан ҳам билмас, фақат бошларини чайқардилар, баъзилар билсалар ҳам, унга айтиш ўрнига кулардилар, эшик оғаси эса фавқулодда жиддий тусга кириб, извошчиларга ўшқира бошлади. Шундан кейин Герасим югурганича ҳовлидан чиқиб кетди.

Герасим қайтиб келганида қош қорайиб қолган эди. Унинг ҳорғин ранги рўйига, гандираклаб қадам босишларига, чанг босган уст-бошларига қараб, у Москванинг ярмини айланиб чиққан, деб ўйлаш мумкин эди. У бой хотиннинг деразаси рўпарасига келиб тўхтади, хизматкорлардан еттитача киши тўпланиб турган зинапояга бир назар ташладию, орқасига ўгрилиб олиб, яна бир бор: «Муму!» деб чақирди. Аммо Мумудан жавоб бўлмади. Герасим бу ердан нари кетди. Ҳамма унинг кетидан қараб қолди, лекин ҳеч ким жилмаймади, ҳеч нима демади ҳам… аммо ҳар нарсани билиш пайида бўладиган бош аравакаш Антипка эртасига ошхонада одамларга, соқов тун бўйи оҳ тортиб чиқди, деди.

Герасим эртасига кун бўйи кўринмади, шу сабабдан сув келтириш учун унинг ўрнига извошчи Потап борди, Потап бундан жуда норози бўлди. Бой хотин Гавриладан, менинг буйруғим бажарилдими, деб сўради, Гаврила, бажарилди, деб жавоб берди. Герасим эртасига эрталаб ҳужрасидан чиқиб, ишига тутинди. У овқатга келди, овқатни еди-да, ҳеч ким билан хайрлашмасдан яна чиқиб кетди. Унинг ҳамма гунг-гарангларники сингари бусиз ҳам руҳсиз, кайфиятсиз бўлган юзи ҳозир худди тошдек қотиб қолган эди. Овқатдан сўнг у яна ҳовлидан чиқиб кетди, лекин узоқ юрмай, қайтиб келди ва шу замоноқ пичанхонага жўнади. Тун, мусаффо ойдин кеча бошланди. Герасим оғир-оғир нафас олиб, тўхтовсиз у ён-бу ёнига ағдарилиб ётди, тўсатдан гўё бир нарса унинг этагидан тортаётгандек бўлди; аъзойи бадани титраб кетди, аммо бошини кўтармади, ҳатто кўзларини чирт юмиб олди, лекин этаги олдингидан қаттиқроқ тортилди; Герасим сакраб турди… унинг олдида, бўйнида узилган бўйинбоғи билан Муму парвона бўлиб турарди. Унинг севинчи ичига сиғмай кетди, унсиз кўксидан чўзиқ шодиёна қичқириқ отилиб чиқди; у Мумуни қучоқлаб олиб, бағрига босди; Муму бир лаҳзада Герасимнинг бурнини, кўзларини, мўйлов ва соқолларини ялаб чиқди… Герасим бир оз тик турди, ўйлаб олди, пичанхонадан туриб, атрофига астагина боқди, ўзини ҳеч ким кўрмаганлигига қаноат ҳосил қилгач, ўз ҳужрасига бехатар кириб олди.

Герасим ит ўзи йўқолиб кетмаганлиги, уни бой хотиннинг буйруғига мувофиқ адаштириб келганларини олдиноқ пайқаган эди; Муму бой хотинга тишларини тиржайтириб, ириллаб берганини одамлар унга имо-ишоралар билан тушунтирган эдилар, шу сабабли Герасим ҳам ўз томонидан чора излаш фикрига келди. Олдин Мумуга нон бериб тўйдирди, эркалаб ётқизди, сўнг яшириб асраш йўлларини ўйлай бошлади ва тун бўйи шуни ўйлаб чиқди. Ниҳоят, у Мумуни кун бўйи ҳужрада асрашга ва фақат аҳён-аҳёнда ундан бир хабар олиб туришга, кечаларигина бўшатиб юборишга аҳд қилди. Эшик тешигини эски чакмони билан маҳкам бекитиб ташлади, тонг ёриша бошлаган ҳамоно, гўё ҳеч нарса билмагандек, ҳатто юзидаги аввалги қайғу аломатини сақлаб (содда ҳийла) ҳовлида пайдо бўлди. Муму вангиллаб ўзини билдириб қўяди, деган фикр бечора соқовнинг хаёлига келмапти; дарҳақиқат, соқовнинг ити қайтиб келганини ва ҳужрага қамаб қўйилганини орадан кўп ўтмай уйдагилар билиб қолишди, лекин унинг ўзига ва итига раҳмлари келганиданми, балки бир қадар ундан қўрққанлариданми, унинг бу сиридан воқиф бўлганликларини ўзига билдирмадилар. Ёлғиз эшик оғасигина афсус қилиб, бошини қашидию, қўл силтаб қўя қолди. «Майли, бўлар иш бўлипти! Бой хотин билмаса бўлгани!» Аммо соқов ҳеч қачон бу кунгидек зўр ғайрат кўрсатиб ишламаган эди: бутун ҳовлини тозалаб ёғ тушса ялагудек қилиб чиқди, ўтларни битта қолдирмай юлиб ташлади, гулзор атрофидаги қозиқларнинг маҳкамми-йўқми эканини текшириб кўрмоқ учун, уларни бир бошдан қўли билан суғуриб, яна ўз ўрнига қоқиб қўйди, хуллас, шу қадар ғайрат ва ҳиммат билан ишладики, ҳатто бой хотин ҳам унинг бу ҳаракатига эътибор қилди. Герасим кун давомида яширинча бориб, итдан икки бор хабар олиб келди; кечаси эса у билан ҳужрада ётди ва фақат соат иккилардагина тоза ҳаводан баҳра олсин учун итни эргаштириб ташқарига чиқди. Ҳовлида у билан анча айланиб юриб, эндигина қайтиб кетмоқчи бўлган ҳам эдики, қўққисдан девор орқасидан, тор кўча томондан шарпа эшитилди. Муму қулоқларини диккайтириб, вовиллади, девор тагига келиб, искаб кўрди ва қаттиқ чинқириб вовиллай бошлади. Аллақандай маст одам тунда шу ерда тунамоқчи бўлган экан. Бой хотин узоқ «асабий беоромликдан» кейин худди шу пайтда эндигина уйқуга кетган эди: у кечқурунлари ҳаддан зиёд тўйиб овқат еганда доим ана шундай бетоқат бўларди. Итнинг қўққисдан вовиллаб юбориши уни уйғотиб юборди: унинг юраги қаттиқ ура бошлади ва тўхтаб қолди. «Қизлар, ҳой қизлар! — деб ингради у, — Қизлар!» Қўрқиб қути ўчган қизлар унинг ётоғига югуриб келишди. «Оҳ, оҳ, ўламан!» — деди у қўлларини ғамгин қимирлатиб. «Яна, яна ўша ит!.. Оҳ, докторни чақиринглар. Улар мени ўлдиришмоқчи… ит, яна ит! Оҳ!» — деди ва бошини орқасига ташлаб юборди, бу ҳол унинг беҳуш бўлганидан дарак берарди. Докторни, яъни уй табиби Харитонни чақириш учун югургилаб қолишди. Бу табиб, бор-йўқ ҳунари таг чарми юмшоқ этик кийиб юришдан, назокат билан томир кўра билишдан, бир кечаю кундузда ўн тўрт соат ухлаб, қолган вақтида оҳ тортиб юришдан ва дам ўтмай дафна томчисини бой хотинга келтириб тутишдан иборат бўлган шу табиб бир зумда етиб келди-да, тутатқи тутатди ва бой хотин кўзини очиши биланоқ, кумуш патнисчада ҳалиги дори солинган рюмкани унга узатди. Бой хотин дафна томчисини ичди, аммо шу замоноқ йиғлоқи товуш билан итдан, Гавриладан, ўз тақдиридан шикоят қилиб, мен муштипар кампирни ўз ҳолимга ташлаб қўйдилар, менга ҳеч ким ачинмайди, ҳамма менинг ўлимимни тилайди, деб зорлана бошлади. Шу орада шўрлик Муму яна вовиллай берди. Герасим эса уни девор ёнидан чақириб олишга боҳуда ҳаракат қилар эди. «Мана… мана… тағин…» деди мадорсиз товуш билан бой хотин ва яна кўзларини юмди. Табиб шу ердаги аёлга алланима деб пичирлади, у югуриб даҳлизга чиқди, туртиб Степанни уйғотди. У Гаврилани уйғотишга югурди, Гаврила ҳеч ўйлаб-нетиб турмай, уйдагиларнинг ҳаммасини уйғотишга буюрди.

Герасим қайрилиб қараган эди, деразаларда милтиллаб турган чироқ ёруғини ва одамлар қорасини кўрди, бирор бахтсизлик рўй беришини сезиб, Мумуни қўлтиқлаб олди-да, ҳужрасига қараб югурди, эшикни маҳкам бекитиб олди. Бир неча дақиқадан кейин беш киши келиб унинг эшигини итара бошлади, лекин тамбанинг маҳкамлигини сезиб, тўхтадилар. Гаврила ҳаллослаб келиб, ҳаммангиз эрталабгача шу ердан қимирламай, пойлаб ўтиринг, деди, сўнг ўзи чопиб хизматкор аёллар уйига бориб, чой, қанд ва озиқ-овқатларни биргаликда ўғирлайдиган ва ҳисоб юргизадиган бош компаньонка[5] Любовь Любимовнага: бекага айтинг, бахтга қарши, ит аллақаердан яна қочиб келипти, лекин эртагаёқ у тирик қолмайди, бека шафқат қилсинлар, ғазабланмасинлар, тинчлансинлар, деди. Бой хотин унча ҳам тез тинчлана қолмасди, лекин табиб шошганидан, ўн икки томчи ўрнига бирданига қирқ томчи қуйиб юборипти: дафна томчиси таъсир қилди — чорак соат ўтгач, бой хотин қаттиқ ва тинч ухлаб қолди, аммо Герасим ранги бўздек оқариб, Мумунинг оғзини маҳкам юмиб, ўз каравотида ётар эди.

Эрталаб бой хотин анча кеч уйғонди. Гаврила Герасимнинг бошпанасига қатъий ҳужум қилишга буйруқ бериш учун бой хотиннинг уйғонишини кутиб турди, ўзи эса зўр даҳшатга бардош беришга ҳозирланар эди. Лекин даҳшат юз бермади. Бой хотин ўринда ётган жойида бош приживалкани ўз ёнига чақиртирди.

— Любовь Любимовна, — деб гап бошлади у мулойим ва ҳаста товуш билан: баъзан у жафо чеккан ғариб ва ҳасратли одамдек муомала қилишни яхши кўрарди; бундай ҳолларда уйдагилар жуда ноқулай ҳолга тушиб қолардиларки, буни айтиб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ, — Любовь Любимовна, менинг аҳволимни кўриб турибсиз, жонгинам, Гаврила Андреичга бориб айтинг; наҳотки аллақандай бир ит унга ўз бекасининг оромидан, ҳаётидан азиз бўлса? Менинг бунга ишонгим келмайди, — деб илова қилди у, чуқур нафас олиб: —бора қолинг, жонгинам, умргинангиздан барака топинг, Гаврила Андреичга бориб айтинг.

Любовь Любимовна Гавриланинг уйи томон йўл олди. Улар нима тўғрисида гаплашганликлари номаълум, лекин орадан бир неча минут ўтгач, бир тўда одам ҳовлидан Герасимнинг ҳужрасига қараб йўл олди: Гаврила, гарчи шамол бўлмаса ҳам, шапкасини қўлида тутиб олдинда борарди, унинг ёнида уй хизматкорлари ва ошпазлар келишарди; Қуйруқ амаки деразадан қараб, буйруқ бериб турар, яъни фақат қўлларини у ёқ-бу ёққа силтар эди, холос; орқада бир тўда болалар сакрашиб, шўхлик қилишарди, уларнинг ярми шу атрофдан йиғилиб келган болалар эди. Ҳужрага чиқадиган тор зинапояда битта пойлоқчи турар, эшик ёнида икки киши қўлида таёқ ушлаб турарди. Зинапоядан чиқа бошладилар. Зинапоя одамга лиқ тўлди. Гаврила эшикка келиб, уни мушти билан қоқиб, қичқирди:

— Оч!

Итнинг бўғиқ товуши эшитилди, аммо жавоб бўлмади.

— Оч дейман! — деб такрорлади у.

— Айтмоқчи, Гаврила Андреич, у кар-ку, ахир, эшитмайди, — деди пастдан туриб Степан.

Ҳаммалари кулишди.

— Хўш, нима илож қиламиз? — деди юқоридан Гаврила.

— Эшигининг тешиги бор, шу тешикдан таёқ тиқинг, — деб жавоб берди Степан.

Гаврила энгашиб қаради.

— У тешикка чакмон тиқиб, бекитиб қўйипти.

— Сиз чакмонни ичкарига итариб юборинг.

Яна бўғиқ вовиллаган товуш эшитилди.

— Қара, қара, ўзини ўзи билдириб қўйяпти, — дейишди одамлар ва яна кулишди.

Гаврила қулоғининг орқасини қашлади.

— Йўқ, оғайни, агар истасанг, чакмонни ўзинг итариб юбора қол, — деди у ниҳоят.

— Нима ҳам дердик, рухсат этинг!

Степан шошиб-пишиб юқори чиқди, таёғини қўлига олиб, чакмонни тешикдан ичкари итариб юборди ва «Чиқ-чиқ!» деб таёқни тешикка суқиб ликиллата бошлади. У таёқни ликиллатаётганида қўққисдан ҳужранинг эшиги тарс очилди — ҳамма хизматкорлар зинапоядан ўзларини ташлаб урра қочишди. Ҳаммадан олдин Гаврила қочди. Қуйруқ амаки эса деразани ёпиб олди.

— Ҳой, ҳой, ҳой, менга қара, менга қара! — деб ўшқирди Гаврила ҳовлидан туриб.

Герасим остонада қимирламай турарди. Оломон зинапоя тагига тўпланди. Герасим юқорида туриб, қўлларини белига хиёл тираган ҳолда, немис чакмонини кийган бу юраксиз одамларга қараб турарди; устида деҳқонча қизил кўйлаги бўлган Герасим улар олдида худди паҳлавон эди. Гаврила бир қадам олға босди.

— Менга қара, тўполон қила кўрма, — деди у.

У Герасимга, бой хотин итингни талаб қилмоқда, эътирозга сўз бўлиши мумкин эмас, итни ҳозироқ бер, бўлмаса ҳолинг ёмон бўлади, деб имо-ишора билан тушунтира бошлади.

Герасим унга разм солиб қаради-да, қўлларини бўйнига келтириб, сиртмоқ қилиб итни кўрсатди ва эшик оғасига савол аломати билан тикилди.

Эшик оғаси бошини қимирлатиб:

— Шундоқ, шундоқ, албатта, беришинг керак, — деди.

Герасим бошини қуйи солди, сўнг бирдан силкинди, ҳамон ўз ёнида ҳеч нарсадан бехабар думини ликиллатиб ва қулоқларини чимириб турган Мумуни яна кўрсатиб, ўз бўйнини ушлаб, бўғиб ўлдириш ишорасини такрорлади-да, Мумуни ўзим бўғиб ўлдираман, дегандек кўкрагига қаттиқ муштлади.

— Йўқ, сен алдайсан, — деб ишора қилди унга Гаврила.

Герасим унга бпр тикилдию, нафрат билан кулиб, яна ўз кўкрагига урди-да, эшикни ёпиб олди.

Ҳаммалари индамай, бир-бирларига қарашди.

— Бунинг маъноси нима бўлди? У эшикни бекитиб олди-ку? — деди Гаврила.

— Қўяверинг, Гаврила Андреич, — деди Степан, — ваъда бердими, бажаради. У шундай одам… ваъда бердими, албатта бажаради. Бундақа масалада у бизларга ўхшамайди. Тўғрини тўғри демоқ керак. Ҳа.

— Шундоқ. Ҳақ гап. Ҳа, — деб такрорлашди йиғилганлар ҳаммаси ва бошларини қимирлатиб тасдиқлашди.

Қуйруқ амаки деразани очди ва у ҳам: «Шундай», деб тасдиқлади.

— Эҳтимол шундайдир, кўрамиз! — деди Гаврила: — ҳар қалай қоровул турсин. Ҳой Ерошка! — деб қўйди у, дағал сариқ матадан калта чакмон кийган, бу ҳовлининг боғбони ҳисобланувчи ранги заҳил бир одамга мурожаат қилиб, — сен нима ҳам қилардинг! Қўлингга таёқ тутиб, мана бу ерда ўтир ва бирор ҳодиса юз бериб қолса, дарров менинг олдимга чоп!

Ерошка таёқни ушлаб, зинапоянинг пастки поясига ўтирди. Одамлар тарқалишди, бу ерда томошани яхши кўрувчи бир неча киши ва болалар қолди, холос. Гаврила уйга қайтиб келди-да, Любовь Любимовнага, фармойишингиз бажо келтирилди, деб бекага маълум қилинг, деди, ўзи эса, ҳар эҳтимолга қарши бош аравакашни полицейскийга юборди. Бой хотин дастрўмолининг учини тугиб, унга одеколон қуйди, бир ҳидлаб чаккаларнга суртди ва нонушта қилиб, дафна томчисининг таъсири ҳали ҳам кетмаганидан яна уйқуга кетди.

Шу ғалвалардан кейин орадан бир соат ўтгач, ҳужранинг эшиги очилди ва ундан Герасим чиқиб келди. У ясан чакмонини кийиб олган ва Мумуни тизимчага боғлаб олиб борарди. Ерошга ўзини бир четга олиб, унга йўл бўшатди, Герасим дарвозага қараб юрди. Болалар ва ҳовлидаги одамлар ҳаммаси жимгина унинг орқасидан қараб қолдилар. У ҳатто қайрилиб ҳам қарамади, шапкасини кўчага чиққандагина кийиб олди. Гаврила ҳалиги Ерошкани унинг кетидан пойлоқчи қилиб юборди. Ерошка узоқдан у ити билан майхонага кириб кетганини кўрди ва унинг чиқишини кутиб турди.

Майхонадагилар Герасимни танир ва унинг ишораларини тушунар эдилар. У гўштлик шўрва беришларини сўради ва икки қўлини столга тираб ўтирди. Муму зийрак кўзлари билан баҳузур унга тикилиб, унинг столи ёнида ўтирарди. Унинг юнглари ялтираб турарди: уни ҳалигина яхшилаб тозаланганлиги сезилиб турар эди. Герасимга шўрва келтирдилар. У шўрвага нон тўғради, гўштини майдалаб тарелкани полга қўйди. Муму одатдагидек одоб билан овқатга тумшуғини хиёл тегизиб, шўрвани ича бошлади. Герасим унга узоқ тикилиб турди, бирдан унинг кўзларидан икки дона катта-катта томчи ёш оқиб тушди: ёш томчисининг бири итнинг пешонасига, иккинчиси шўрвага тушди. У кафтлари билан юзини бекитди. Муму тарелкадаги шўрванинг ярмини ичдию, лабларини ялаб, бир четга бориб турди. Герасим ўрнидан туриб, шўрванинг пулини тўлади-да, чиқиб кетди, майхона хизматкори бир оз ажабланиб, унинг орқасидан қараб қолди. Ерошка Герасимни кўрган ҳамона ўзини бурчакка олди, уни ўтказиб юбориб, яна кетидан тушди.

Герасим шошмай борар, Мумуни ипидан бўшатмас эди. У кўча муюлишига етгач, хаёл сургандек тўхтаб қолди ва бирданига жадал қадам ташлаб тўппа-тўғри Қрим Бродга қараб кетди. Йўлда у уй ёнида янги иморат солинаётган бир ҳовлига кириб, ундан иккита ғиштни қўлтиғига қисиб олди. У Қрим Броддан қирғоққа томон бурилиб, эшкакларини ичига солиб қозиққа боғлаб қўйилган икки қайиқ ёнига борди, бу қайиқларни у олдин кўзлаб қўйган эди. Муму билан бирга шу қайиқлардан бирига тушиб олди. Полизнинг бир четидаги капа ичидан бир чол чиқиб, унга қичқирди. Аммо Герасим фақат унга қараб бош силкидию, дарё оқимига қарши боришига қарамай, қайиқ эшкакларини шунча тез эшиб ҳайдадики, бир зумда юз саржин нарига бориб етди. Чол турди-турди-да, аввал чап қўли билан, сўнг ўнг қўли билан елкасини қашиди, охири оқсоқланиб, капага кириб кетди.

Герасим эса ҳамон қайиқни жадал ҳайдаб борарди. Мана, Москва ҳам орқада қолиб кетди. Ана, соҳил бўйлаб пичанзорлар, полизлар, дарахтзорлар тизилишиб ўта бошлади. Ана, уйлар ҳам кўринди. Қишлоқ иси кела бошлади. У эшкакларни қўйиб, қайиққа кўндаланг қўйилган тахта устида ўз олдида ўтирган Мумуга энгашиб (қайиқ тубига сув йиғилиб қолган эди), забардаст қўллари билан унинг елкасидан тутганича қимирламай туриб қолди, ваҳоланки, сув тўлқини қайиқни аста-аста шаҳар томонга, орқага суриб борар эди. Ниҳоят, Герасим даст кўтарилди, йўлдан олган ғиштларини юзларида аллақандай алам изтиробида арқонга боғлади, арқоннинг учини сиртмоқ қилиб, Мумунинг бўйнига солди ва уни баланд кўтариб, сўнгги марта унга тикилиб боқди… ит соддалик билан ва ҳеч чўчимай, қўрқмай унга қараб турар, думини секингина ликиллатар эди. Герасим тескари қараб олди, кўзларини чирт юмиб, қўлларини бўшатиб юборди. У ҳеч нарсани: ғарқ бўлиб бораётган Мумунинг зорланиб тез-тез вангиллашини ҳам, сувнинг оғир чайқалишини ҳам эшитмади; энг тинч кечаларнинг ҳеч бири биз учун унсиз бўлмагандек, энг шовқинли кун унинг учун жим ва товушсиз эди. У яна кўзларини очиб қараганда, кичик-кичик тўлқинлар гўё бир-бирларини қувишгандек боягидай дарё бетида жадал чопишар, қайиқнинг сиртига урилар, чайқалар ва фақат узоқ-узоқларда, орқа томондагина қандайдир кенг ҳалқалар қирғоққа қараб югуришар эди.

Ерошка Герасим кўздан ғойиб бўлган ҳамоно уйга қайтиб келди ва кўрганларининг ҳаммасини гапириб берди.

— Албатта, — деди Степан. — У кучукни сувга ғарқ қилиб юборади. Хотиржам бўлаверса бўлади. Ваъда бердими…

Герасимни кун бўйи ҳеч ким кўрмади. У уйга келиб овқатланмади. Кеч кирди, ҳамма кечки овқатга йиғилди, булар орасида ёлғиз Герасимгина йўқ эди.

— Бу Герасим ғалати одам, — деди йўғон гавдали кирчи хотин чийиллаб:—бир итни деб шунча бекор юриш мумкинми… Ажаб!

Степан товоқдаги кашага қошиқни ботира туриб:

— Герасим ҳалигина шу ерда эди! — деб хитоб қилди.

— Нима? Қачон?

— Атиги икки соатгина бўлди. Йўқсачи. У билан дарвоза олдида учрашдим; у яна бу ердан, ҳовлидан чиқиб кетди. Ундан итни нима қилдинг, деб сўрай дедиму, лекин авзойи бузуқ кўринди. Аммо мени ҳазилакам ҳам туртиб юбормади; йўлни тўсма, нари турсанг-чи, демоқчи бўлди, шекилли, қурғур, ўша баҳайбат гавдаси билан шундай қаттиқ туртдики, умуртқам синай деди, вой, воей! — Степан беихтиёр кулиб, елкасини қашиб қўйди. — Ҳа, унинг қўлига тасанно, — деди илова қилиб, — қўли гул, бу ҳақ гап.

Ҳаммалари Степандан кулишди ва кечки овқатдан сўнг ухлашга тарқалишди.

Шу вақт Т… тош йўлида жуда улкан бир одам елкасида тугун, қўлида узун таёқ тутиб жадал борар эди. Бу одам Герасим эди. У ён-верига қарамай, уйига, ўз қишлоғига, туғилиб ўсган юртига томон жадаллаб кетиб борарди.

У Мумуни ғарқ қилиб, ўз ҳужрасига келди, ул-булларини отнинг эски ёпинғичига тезгина ўраб боғлади-да, елкасига ташлаб олиб, уйдан чиқиб кетди. Бой хотин уни қишлоқдан Москвага олдириб келаётганида у йўлни яхши эслаб қўйган эди; унинг қишлоғи шу тош йўлдан йигирма беш чақирим нарида эди, холос. У, бу тош йўлдан қандайдир зўр жасорат, шиддат билан, қувончли қатъият билан борарди. Кўкраги кенг очилиб, кўзларини тўппа-тўғри олға тикиб борарди. Гўё ўз юртида кекса онаси уни кутаётпандек, бегона юртда, бегона одамлар орасида саргардон бўлиб юргандан кейин онаси уни чақираётгандек ошиқиб борарди… Эндигина бошланган ёз кечаси сокин ва илиқ эди; бир томонда, қуёш ботган тарафда, кўкнинг бир чети ғойиб бўлган кундузнинг сўнгги шуъласи билан ҳали оқаринқираб ва хиёл қизариб кўринарди, иккинчи томонда эса, зангори, қадимий қоронғилик бостириб келмоқда эди. Тун шу ёқдан келарди. Атрофда юз-юзлаб беданалар сайрашар, тўрғайлар бир-бирларидан ўзиб хониш қилар эдилар… Герасим бу овозларни эшитмасди, кучли оёқлари билан жадал қадам босиб кетиб бораркан, ён-веридаги дарахтлариинг тунги нозик шитирлашларини ҳам эшитмасди, лекин у пишиб келаётган жавдарнинг қоронғи далаларни тутиб эсаётган таниш хушбўй исини сезарди, рўпарасидан, юртидан эсаётган майин шабада юзига уриб, соч ва соқолларини сийпаб ўтаётганини сезарди; ўз олдида оқариб турган йўлни — уйига томон худди камон ўқидек тўппа-тўғри кетган йўлни кўрарди; ўз йўлини ёритиб турган беҳисоб юлдузларни кўрар ва шердек кучли, бардам қадам ташлаб борарди, шундай шаҳдам қадам ташлардики, кўтарилиб чиқаётган қуёш ўзининг қизғиш нурларини узоқ йўл босиб ўтган азаматга сочганда, Москва билан унинг орасида ўттиз беш чақирим йўл орқада қолган эди… .

Икки кундан сўнг у уйига, ўз кулбасига етиб келган эди, бундан унинг уйига кўчиб кирган солдат хотини жуда ҳайратда қолди. У бут олдига бориб чўқиндию, шу замоноқ оқсоқолга борди. Оқооқол аввал бошда ҳайрон бўлиб турди; лекин пичан ўроғи эндигина бошланган эди. Герасим энг яхши меҳнаткаш бўлганидан, шу ондаёқ унинг қўлига чалғи-ўроқ тутқаздилар, у аввалгидек қулочларини кенг очиб ўроқ ўришга киришди, чалғи-ўроқни шундай зарб билан солардики, мужиклар унинг қулочкашлашига ва хашакни қамраб олишига таҳсин билан қараб турардилар…

Москвада эса Герасим қочиб кетган куннинг эртасига уни ахтара бошладилар. Унинг ҳужрасига бориб, тит-пит қилиб қарадилар ва келиб Гаврилага айтдилар. У келиб қаради, елкасини қисиб, соқов ё қочиб кетган, ёки ўз ити билан бирга ғарқ бўлиб кетган, деган фикрга келди. Полицияга хабар қилдилар, бой хотинга маълум қилдилар. Бой хотин ғазабланди, йиғлаб юборди ва ҳар нарса қилиб бўлса ҳам уни топинглар, деб буюрди, итни ўлдиришни ҳеч буюрганим йўқ, деб тасдиқлай бошлади ва ниҳоят, Гаврилани шундай сиқиқ остига олдики, у кун бўйи бошини чайқаб, то Қуйруқ амаки «Хўш!» деб уни мазах қилмагунча, «Хўш!» деб юраверди. Ниҳоят, Герасимнинг қишлоққа кетганлиги тўғрисида у ердан хабар олинди. Бой хотин бир оз тинчланди: дастлаб у Герасимни дарҳол Мооквага қайтариб келтиришга фармойиш бермоқчи бўлди, бироқ, кейин, менга яхшиликни билмайдиган бунақа одамнинг ҳеч кераги йўқ, деди. Аммо шу воқеадан кейин орадан кўп ўтмай, унинг ўзи дунёдан ўтди; ворислари эса Герасимни эсга ҳам олмадилар, улар оналарининг бошқа хизматкорларини ҳам чоракор қилиб тарқатиб юбордилар.

Герасим ҳануз ўз уйида оиласиз танҳо яшайди; у аввалгидек соғлом ва бақувват, аввалгидек бир ўзи тўрт кишининг ишини қилади, аввалгидек улуғсифат ва вазмин. Қўни-қўшнилар у Москвадан қайтиб келганидан буён хотинлар билан борди-келди қилмайдиган, ҳатто уларга қарамайдиган ва битта ҳам ит асрамайдиган бўлиб қолганлигини пайқадилар. «Дарвоқе, — дейишади мужиклар, — хотинлар билан аралашмаслиги унинг бахти, аммо итга келганда, ит унга нима даркор! Унинг ҳовлисига ўғрини бўйнидан арқон солиб судраб ҳам келтира олмайсан!» Соқовнинг паҳлавонлиги ҳақида ана шундай гаплар юради.

Русчадан Йўлдош Шамшаров таржимаси

_________________________

[1] Эгар-жабдуқ ясовчи.

[2] Кастелянша — бу ўринда: бой хотиннинг кийим-бошларини саришталаб турувчи хотин. (Тарж.)

[3] Приживалка — катта бойлар ёки катта савдогарлар уйида улар ҳисобига яшаб, бой хотиннинг вақтини хуш қилиб юрадиган, аниқ бир иш бажармайдиган, асли насаби крепостной бўлмаган камбағал хотин. (Тарж.)

[4] Охотний ряд — Москванинг марказий кўчаларидан бири; революцияга қадар Охотний рядда бозор бўлар эди. (Тарж.)

[5] Компаньонка — бойлар уйида хотин-қизларни бирор ёққа кузатиб бориш ва вақтларини хуш қилиш учун ёлланиб ишловчи аёл. (Тарж.)