(«Овчининг хотира дафтари»дан)
Июль ойининг гўзал куни, яъни об-ҳаво узоқ вақт бир қиёмда тургандагина рўй берадиган чиройли кунларнинг бири эди. Эрта тонгдан бошлаб кўк юзи очиқ; эрталабки шафақ унчалик қиздирмайди: у оч-қизғиш тусда ёйилади. Қуёш жазирама қурғоқчилик вақтларидагига ўхшаб қизғин ва ҳароратли эмас, бўрон олдидан бўладигандек хира-қизил тусда ҳам эмас, балки ёруғ бўлиб, камбар ва узун булут парчаси остидан астагина қалқиб чиқмоқда, майин ярқираб, қизғиш-зангор булут туманлари қўйнига яширинмоқда. Узун булут парчасининг устки, нозик чети чақмоқ чаққанда ҳосил бўладиган яшин изи каби ялтираб кўринади; у кумушдек ялтирайди… Ўйноқи, шўх нурлар яна бирдан оламга таралди, худди юқорига парвоз қилгандек, ҳашамат ва дабдаба билан қудратли қуёш чиқди. Пешинда одатда, баланд осмонда нозик оқ қиррали жуда кўп заррин-кулранг юмалоқ булутлар пайдо бўлади. Улар тиниқ сувли чуқур зангори йилғалардан иборат чексиз кенг дарёдаги чочов ороллар сингари, ўз жойларидан қўзғалмай тек тургандек кўринади, нарироқда, осмоннинг уфққа яқин ерида улар бир-бирларига ёндашадилар, сиқилишадилар, ўрталаридаги зангор ранг кўздан ғойиб бўлади; лекин уларнинг ўзлари ҳам осмон сингари очзангор тусдадир; уларнинг ҳаммаси илиқ нур эмиб, ёришиб кўринади. Осмоннинг оқиш-гунафша туси кун бўйи ўзгармай, ҳамма ерда бир хил туради: ҳеч қаерда булутлар қуюқлашмайди ва улар бир-бирига қўшилмаганлиги учун ҳеч қаерда момақалдироқ кучаймайди; фақат баъзи ерларда юқоридан пастга қараб оч-кўк рангли йўл-йўл излар пайдо бўлади — у ерда ёмғир қуйяпти. Кечқурун бу булутлар кўздан ғойиб бўлади. Уларнинг қорамтир ва ноаниқ шаклда бўлган энг сўнггилари, худди тутун сингари ботаётган қуёшнинг рўпарасига ўтиб пушти рангда бурқирайди; осмонга тинч ва осойишта кўтарилган қуёшнинг худди шундай тинч ва осойишта ботган жойида — қоронғилашаётган ер устида бир оз вақтгача қизил шуъла пайдо бўлади, бу шуъла устида эҳтиёт билан кўтариб борилаётган шам сингари астагина милтиллаб кечки юлдуз ёниб туради. Бундай кунларда ҳамма ранглар тиниқ-нозик ва равшан бўлади. Аммо кўз қамаштирадиган даражада ўткир бўлмайди; ҳамма нарсада кўнгилга ором берувчи қандайдир бир майинлик аломатлари бор. Бундай кунларда ҳаво баъзан жуда исиб кетади, баъзан эса, ҳатто далалар қўйнидан «буғ» чиқиб туради: лекин шамол бу жазирама иссиқни ҳайдайди, тарқатиб юборади ва об-ҳавонинг доимийлигини кўрсатувчи шубҳасиз белги бўлган уюрмаларнинг баланд оқ устунлари дала йўлларида сайр этиб юради. Қуруқ ва тоза ҳаводан эрман, ўрилган жавдар ва қорабуғдойнинг ёқимли ҳиди келади; кечанинг бошланишига бир соат қолганда ҳам сиз ҳавода намлик сезмайсиз. Деҳқон ғаллани ўриб-йиғиб олиш вақтида об-ҳавонинг ана шундай бўлишини хоҳлайди…
Худди шундай кунларнинг бирида мен Тула губернасининг Черн уездида карқур овлаб юрардим. Мен анчагина парранда отиб олдим; халтам тўлиб кетиб, оғирлигидан елкаларимни қияр эди; лекин шафақ сўниб борарди ва уфқ орқасига ботган қуёш ўткир ёғдуларини сочмаса-да, ҳамон ёришиб турган осмон қоронғилашиб, ҳаво совий бошлади, шу вақтда мен уйимга қайтмоқчи бўлдим. Тез-тез юриб, узундан-узоқ буталар «майдони»дан — бутазордан ўтдим, тепаликка чиқдим, қарасам, ўнг томони дуб дарахтзори ва нарироғида пастаккина оқ черкови бўлган ўзимга таниш яйлов деб гумон қилган жойимга эмас, балки бутунлай бошқа, кўрмаган жойларга келиб қолибман. Рўпарамда — пастда тор водий бор эди; тўппа-тўғримда қоматини баланд кўтариб тоғ теракзори кўринарди. Нима қилишимни билмай, тўхтадим… «Эҳа! Жуда ҳам ўнг томондан юриб, бутунлай бошқа ерга келиб қолибман-ку», деб ўйладим ва йўлдан адашганимга ўзим таажжубланиб, тепаликдан дарров пастга тушдим. Шу онда аъзойи баданим бўшашиб, жунжикиб кетди, ўзимни гўё зах бир ертўлага кириб қолгандек ҳис қилдим; баланд ва қалин ўсган кўкатлар шабнам еб, водий қўйнида оқ дастурхон каби ёйилиб ётарди; бу кўкатлар устидан юриш ваҳимали кўринарди. Мен қийинлик билан йўлимни тезгина бошқа томонга буриб, чап томондан, тоғ теракзори бўйлаб юриб кетдим. Кўршапалаклар ўрмондаги дарахтларнинг ҳаракатсиз учлари устида сирли равишда айланиб ва ғира-шира ёруғ осмонда пирпираб учиб юрарди; овдан кеч қайтган қарчиғай ўз уясига тезроқ етиб олиш учун баланддан ўқдай учиб ўтди. «Мана, энди мен анави бурчакка бориб олсам, — деб ўйладим ичимда, — дарров йўлни топаман; бир чақирим йўлни ортиқча юриб қўйибман-а!»
Ниҳоят, ўрмоннинг бурчагига етиб олдим, аммо у ерда ҳеч қандай йўл йўқ эди: олдимда ўроқ тегмаган аллақандай пакана буталар ёйилиб ётар ва улар орқасида, узоқларда кимсасиз дала кўринарди. Мен яна тўхтадим. «Бу қандай гап?.. Қаерда турибман?» Кун бўйи қай йўл билан қаерга борганимни эслай бошладим… «Э! Ҳа, бу, Парахин бутазорику! — деб юбордим ажабланиб. — Ҳув анови кўринган худди Синдеев дарахтзорининг ўзгинаси бўлиши керак… Мен қандай қилиб бунчалик узоқ жойга келиб қолдим?.. Ғалати-я! Энди яна ўнг томонга қараб юришим керак».
Мен буталар орасидан ўнг томонга қараб кетдим. Бу вақтда қоронғи кеча чақмоқ ва момақалдироқ билан келадиган қора булутдек яқинлашиб келмоқда эди; кечки туман билан бирга қоронғилик ҳар томондан юқорига қараб кўтарилгандай ва ҳатто юқоридан пастга қуйилгандай туйиларди. Мен, одам юрмай ўт босиб кетган аллақандай йўл олдига чиқиб қолдим ва шу йўлдан юриб, рўпарамга диққат билан қараб бордим. Бутун атрофни тезда қоронғилик қоплади, ҳаммаёқни жимлик босди — баъзи-баъзида беданаларгина сайраб қўярди. Енгил қанотлари билан эшитилмас даражада астагина ва пастлаб учиб юрган кичкина бир қушча ўзини менга уриб олишига сал қолди-ю, лекин ҳуркиб дарров бошқа тарафга бурилди. Мен бутазорнинг четига чиқдим ва дала ўртасидан, уватлар устидан секин кета бошладим. Узоқдаги нарсаларни зўрға кўрардим: атрофимдаги дала билинар-билинмас оқариб турарди; унинг орқасидан, қуюқ тутун сингари бурқираб, ҳар дақиқада осмонга ҳайбатли бир қоронғилик кўтариларди. Совиб бораётган ҳавода қадам товушларим яхши эшитилмасди. Оқарган осмон яна мовий рангга кира бошлади, аммо бу энди тунги мовийлик эди. Унинг қўйнида юлдузлар милтиллаб кўринди.
Дарахтзор деб ўйлаган нарсам қора, юмалоқ бир тепалик экан. «Тавба, мен қаерда турибман?» — дедим яна овозимни чиқариб ва учинчи марта тўхтаб, тўрт оёқли махлуқларнинг энг ақллиси бўлган ва инглиз итлари зотидан тарқалган малла-човкар итим Дианкига савол назари билан қарадим. Аммо тўрт оёқли махлуқларнинг энг ақллиси думчасини ликиллатиб, ҳорғин кўзларини маъюс пирпиратиб қўя қолди-да, менга яхши маслаҳат бермади. Мен ундан уялиб кетдим ва қайси томонга юриш кераклиги тўсатдан миямга келиб қолгандек, жадаллик билан олға босдим, бир тепаликни ёқалаб ўтиб, унча ҳам пастқам бўлмаган ва ҳайдаб қўйилган ялангликка чиқиб қолдим. Шу он мен англашилмас бир кайфиятда қолдим. Бу яланглик қозонга ўхшарди; унинг ўртасида бир неча катта оқ тош ётарди, — тошлар гўё махфий кенгаш ўтказмоқ учун у ерга сурилиб боргандек туюларди, — бу жой шу қадар кўнгилсиз, хилват ва кимсасиз эдики, унинг устидаги осмон шундай мунгли ва маъюс кўринардики, юрагим сиқилиб кетди. Тошлар орасидан аллақандай кичкина бир жониворнинг заиф ва мунгли овози эшитилди. Мен орқамга қайтиб, тепаликка чиқиб олишга шошилдим. Ҳанузгача, йўлни топиб уйимга бориб оларман, деган умидда эдим: аммо энди қаёққа бораримни билмай бутунлай адашиб қолганимга қатъий ишондим ва шунинг учун, қоронғилик қўйнида кўздан ғойиб бўлаёзган теварак-атрофимдаги жойларнинг қандай жой эканлигини билишга тамомила қизиқмай қўйдим-да, юлдузларни мўлжал қилиб, таваккал билан тўғри қараб кетавердим… Оёғимни зўрға судраб босиб, ярим соатча шундай бордим. Умрим бино бўлиб бундай кимсасиз, хилват жойларни сира ҳам кўрмаган бўлсам керак; ҳеч қаерда ўт учқуни кўринмас ва ҳеч қандай товуш эшитилмас эди. Кетма-кет қия тепаликларга дуч келардим, кетма-кет чексиз далалардан ўтиб борардим, баъзи жойларда тўсатдан, бўйим баравар баланд ўсган буталар олдидан чиқиб қолардим. Мен шу ҳолда кетаётиб, эрталабгача бирор жойда тунаб қўя қолай, деган фикр билан билмасдан бир чуқур жар ёқасига бориб қолибман.
Жар лабига узатган оёғимни дарров тортиб олдим ва кечанинг ғира-шира қоронғисида пастликда катта бир водийни кўрдим. Менинг ёнимда ярим доира шаклида оқаётган кенг дарё водийнинг теварагидан айланиб ўтарди; сувнинг гоҳ-гоҳ ойнадек ялтираб жилва қилиши дарёнинг оқиб турганини кўрсатарди. Мен турган тепалик пастга томон жуда тик жар шаклида давом этарди; унинг ҳайбатли қора суммоти мовий осмон бўшлиғида ажралиб турарди ва шундоқ таккинамда, ҳалиги тик жар билан яланглик ўртасида ҳосил бўлган бурчакда, дарёнинг хира ойна сингари ҳаракатсиз турган жойидаги қирғоқ бўйида, тепаликнинг пастга тик тушган ерида — пастда, бир-бирига ёнма-ён икки гулхан қип-қизил аланга ва тутун чиқариб ёниб турарди. Гулханлар атрофида одамлар ивирсиб юрар, соялар тебранар, баъзан жингалак сочли кичкина калланинг олдинги ярим қисми гулхан ёруғида аниқ кўринарди…
Ниҳоят, мен қаерга келиб қолганимни билдим. Бу ўтлоқ бизнинг жойларда «Бежин ўтлоғи» деб донг чиқарган… Лекин уйга қайтиб кетишнинг, хусусан, кечаси кетишнинг ҳеч бир иложи йўқ эди; чарчаганимдан оёқларим букилиб кетай деярди. Гулханлар ёнига бориб, тонг отгунча ўша ердаги кишилар ўртасида ўтирмоқчи бўлдим (мен бу кишиларни от ва молларини сотишга ҳайдаб олиб кетаётган йилқичи бойлар ва уларнинг подачилари бўлса керак, деб ўйладим). Жардан пастга аста-секин туша бошладим, аммо осилиб тушаётганим энг сўнгги шохни қўлимдан энди қўйиб юборай деб турганимда бирдан иккита катта оқ бароқ ит қаттиқ вовуллаб мен томонга чопиб кела бошлади. Гулханлар атрофида болаларнинг қий-чуви кўтарилди; икки-уч бола ирғиб ўрнидан турди. Мен уларнинг шовқинларига жавоб қайтардим. Улар мен томонга югуриб кела бошлашди ва Дианкамнинг бу ерда пайдо бўлганига жуда ҳайрон бўлган итларини дарров чақириб олишди. Шундан кейин мен ҳам болалар ёнига бордим.
Мен гулхан атрофида ўтирган кишиларни, подачилар бўлса керак, деб янглишган эканман. Улар қўшни қишлоқдан келган деҳқон болалари бўлиб, пода қўриб ўтиришган экан. Иссиқ ёз вақтларида бизда кечалари отларни ўтлатиш учун далага чиқариб юборадилар: бу иш отларни кундуз куни пашша ва сўнага таланишдан сақлайди. Йилқини кечқурун ўтлоққа ҳайдаб олиб кетиш ва эрта саҳарлаб яна олиб келиш — деҳқон болалари учун катта бир байрам. Улар калта эски пўстинларни кийиб, бошяланг ҳолда шўх отларга миниб оладилар-да, оёқ-қўлларини силкитиб, шовқин-сурон ва қий-чув билан отни чоптириб кетадилар ва от устида баландга сакраб, хурсандликдан хахолаб куладилар. Уларнинг орқасидан кўчада юмшоқ сариқ чанг уюрмаси кўтарилади, от туёқларининг товуши узоқларга кетади, отлар қулоқларини чимириб чопиб борадилар; энг олдинда думини диккайтириб ва чигал ёлига тиканак ўтлар илашган аллақандай пахмоқсоч малла от чопиб боради.
Мен болаларга йўлдан адашиб қолганимни айтиб, ёнларига ўтирдим. Болалар менинг қаерлик эканимни сўрадилар, кейин улар жим бўлдилар, четландилар. Мен улар билан бир оз гаплашиб ўтирганимдан сўнг, барг ва шохлари ғажиб ташланган бир дарахтча тагига чўзилиб, теварак-атрофни томоша қила бошладим. Манзара ажойиб эди: гулхан атрофида ҳосил бўлган юмалоқ-қизғиш ёруғлик зулмат қўйнида жимирлаб туради ва гўё ҳаракатсиздек кўринади; аланга кучайиб, гоҳо шу қизғиш ёруғликнинг гардишидан ташқарига тез-тез шуълалар сочади; шуълалардан тарқалган ингичка заррин нурлар толларнинг яланғоч шохларига қадалади-да, бирдан ғойиб бўлади; бир лаҳзада узун соялар ёпирилиб чиқиб, гулханнинг олдигинасигача чопиб келарди: қоронғилик ёруғлик билан курашарди. Баъзи вақтда, яъни аланга сал пасайиб доира шаклидаги қизғиш ёруғ кичрайган пайтда, ҳамма ерни қоплаб олган қоронғилик ичидан пешонаеи қашқа ёки бутунлай оқ тўриқ отнинг калласи кўриниб қоларди, у узун кўкатни тез-тез чайнаб бизга диққат билан ва лекин маъносиз қараб турарди-да, кейин яна пастга энгашиб, кўздан ғойиб бўларди. Унинг кўкатларни чайнаши ва пишқириб қўйишигина эшитиларди. Ёруғ жойдан қоронғида нима бўлаётганини кўриб бўлмайди, шунинг учун яқин атрофимизга қора парда ёйиб қўйилганга ўхшарди; аммо йироқда, уфққа яқин ерларда ўрмон ва тепаликларнинг узун, қора кўланкаси билинар-билинмас кўриниб турарди, Қоронғи, тиниқ осмон ўзининг бутун гўзаллиги ва малоҳатини бизга чексиз баландликлардан улуғворлик билан кўрсатиб турарди. Бошқа ҳидларга ўхшамаган, кўзларни хумор қиладиган ёқимли ҳиддан — рус юртининг ёз кечаларидаги ҳаётбахш ҳидидан нафас олиб, кўкрак ёқимли жимирларди. Ҳаммаёқ деярли жимжит эди… Баъзан, яқиндаги дарёда катта балиқ сувни тўсатдан шапиллатиб ўйнар ва қирғоқдаги қамиш сув тўлқинидан салгина тебраниб аста шитирлаб қўярди, холос… Гулханларда ёниб турган ўтгина чирсиллаб секин овоз чиқарарди.
Болалар ўт атрофида ўтиришарди; мени ғажиб ташламоқчи бўлган иккита ит ҳам шу ерда эди. Бу итлар анча вақтгача мендан ётсираб турдилар ва уйқули кўзларини қисган ҳолда ўтга бепарво қараб, гоҳ-гоҳ ириллаб қўярдилар. Улар бошда ирилладилар, кейин эса ниятларига ета олмаганларига афсуслангандек бўлиб секин чийиллаб овоз чиқардилар. Болаларнинг ҳаммаси бешта эди: Федя, Павлуша, Илюша, Костя ҳам Ваня. (Ўзаро гапларидан уларнинг номларини билиб олдим, ҳозир мен китобхонларни улар билан таништирмоқчиман.)
Болаларнинг энг каттаси бўлган Федяни кўрсангиз, уни ўн тўрт яшар, деб ўйлар эдингиз. Бу — чиройли, нозик ва кичвк юзли, жингалак малла сочли, қувноқ кўзли, қадди-қомати келишган бола бўлиб, табассумида ярим хурсандлик, ярим паришонлик аломати бор эди. Унинг бой оилага мансублиги ва далага бирор иш билан эмас, балки шунчаки бир эрмак учун чиққани ҳамма ҳаракатларидан кўриниб турарди. У сариқ жиякли ола чит кўйлак кийган эди; устига ташлаб олган янги чакмончаси кичкина, тор елкасида тушиб кетгудай бўлиб зўрға турарди; кўк камирига сочтароқ осиб олган эди. Қўнжи калта этиги отасиники бўлмай, ўзиники эди. Болаларнинг иккинчиси, яъни Павлуша пахмоқ, қора сочли, кулранг кўзли, кенг ёноқли, қонсиз оқ юзли, катта ва лекин чиройли оғизли, хумкалла, паканагина, қўпол гавдали, чўтир бола эди. Бу бола ҳақиқатан ҳам хунук бўлса-да, менга ёқди: у жуда маъноли ва тўғри қарарди, товушида ҳам қатъият бор эди. У кийими билан мақтана олмасди: кийими қўпол каноп кўйлак ва ямоқ иштондан иборат эди. Учинчи боланинг, яъни Илюшанинг анчагина кичик, қирғий бурунли, хира кўзли чўзинчоқ юзида касалларда бўладиган қандайдир маъносиз ташвиш аломатлари бор эди: унинг қисилган лаблари сира қимирламас, чимирилган қошлари ёзилмасди, у ўтга қарашга тоқат қилолмай, кўзларини пирпиратиб ўтирарди. Унинг ўта даражада оқ-сариқ сочлари қулоғигача бостириб кийиб турган тайпоқ кийгиз шапкаси тагидан кокил сингари чиқиб ётарди. Оёғида янги лаптиси[1] ва янги пайтаваси бор эди; гавдасини уч марта айлантириб ўраб олган арқон озода қора чакмонини тортиб, ихчам қилиб турарди. Чамалаб қаралганда, бу бола ҳам, Павлуша ҳам ўн икки ёшдан ортиқ эмас эди. Ўн ёшларда бўлган тўртинчи бола — Костя ўйчан ва ғамли қарашлари билан менинг диққатимни ўзига жалб қилди. Унинг олмахонникига ўхшаб пастга қараб чўзилиб тушган, сепкил босган юзи кичкина, озғин эдн; лаблари юпқалигидан зўрға билинарди (аммо хира йилтиллаб турган катта қора кўзлари кишида ғалати бир таассурот қолдирарди. Унинг кўзлари алланарса демоқчи бўлгандай кўринса ҳам, аммо айтмоқчи бўлган нарсасини ифодалаш учун тилида, албатта, унинг тилида — битта ҳам сўз йўқ эди. У паст бўйли, ним-жон бола бўлиб, кийимлари жуда оддий ва эски эди. Болаларнинг энг кичигини, яъни Ваняни мен аввал пайқамабман: у уч бурчак чиптани ёпиниб, ерда ғужанак бўлиб, тинчгина ётар ва жингалак, малла сочли бошини чипта тагидан ҳар замонда чиқариб қўярди. Бу бола жуда бўлса саккиз ёшларда эди.
Шундай қилиб, мен бир четдаги дарахтча тагидан болаларга қараб ётардим. Гулханлардан бири устида қозонча осиғлиқ турарди, унда картошка пишаётганди. Павлуша чўккалаб туриб, қозончадаги қайнаган сувга тарашанинг учини тиқиб, картошканинг пишган-пишмаганини текширарди. Федя жағини кафтига тираб ва чакмонининг этакларини ёпиб, чўзилиб ётарди. Илюша Костянинг ёнида ўтирар ва ҳамон кўзларини боягидай пирпиратарди. Костя бошини салгина энгаштириб, узоққа, аллақандай бир нуқтага қараб турарди. Ваня чипта тагида қимирламай, тинч ётганди.
Мен ўзимни ухлаганга солдим. Болалар аста-секин яна гаплаша бошладилар.
Улар дастлаб ҳар тўғрида, эртаги ишлари тўғрисида, отлар тўғрисида сўзлашдилар: Федя эса тўсатдан Илюшага қаради ва чала қолган гапни яна бошлаётгандай, ундан:
— Рости билан сен алвастини кўрганмисан? — деб сўради.
— Йўқ, мен уни кўрмаганман, иннайкейин, у кўзга кўринмайди ҳам, — деб тез жавоб қайтарди Илюша заиф товуш билан. Унинг товуши юзининг маъносиз ифодасига жуда ҳам мос эди, — Мен уни эшитганман… Бошқалар ҳам эшитган.
— Унинг уяси қаер экан? — сўради Павлуша,
— Эски рольня[2].
— Сизлар фабрикада ишлайсизларми?
— Бўлмаса-чи, ишлаймиз. Мен Авдюшка билан бирга қоғоз силлиқловчи бўлиб ишлайман.
— Ҳали фабрика ишчисиман, дегин?
— Қани, айтиб бер-чи, сен алвастининг шарпасини қандай эшитдинг? — деб сўради Федя.
— Мана бундай. Акам Авдюшка билан мен, иннайкейин Фёдор Михеевский, иннайкейин ғилай Ивашко, яна бошқа Ивашко, анови красний холмлик Ивашко-чи, ўша, иннайкейин яна Ивашко Сухоруков, иннайкейин яна бир қанча бошқа болалар ҳам бор эди; ҳаммамиз ўнтача киши эдик — сменамиздагиларнинг ҳаммаси бор эди; Рольняда тунаб чиқишга тўғри келди. Бошқа жойда тунашни назоратчи Назаров бизга тақиқлаб қўйди: — Болалар, уйга бориб овора бўлиб юрманглар, — деди, — эртага иш кўп, шунинг учун, болалар, уйларингга борманглар, — деди. Биз ҳам тунаб қолдик, ҳаммамиз бирга ётдик. Бир вақт Авдюшка гап бошлаб: — Болалар, агар алвасти келса нима қиламиз? — деб қолди… Авдейнинг гапи битар-битмас, тўсатдан бир нарса тепамиздан юриб ичкарига кирди, биз пастда ётувдик, у бўлса тепадан, паррак олдидан кирди. Бир вақт, унинг гурсиллаб юргани, оёғи остидаги тахталарнинг эгилган ва қасир-қусир қилиб сингани эшитилди; мана, у бизнинг бошимиз устидан ошиб ўтди; бирдан шовиллаб, шалдир-шулдир қилиб паркка сув келди; паррак тақир-туқир қилиб айланиб кетди; аммо тарновнинг оғзи ёпиқ эди, шундай бўлса ҳам сув тарновдан пастга қараб оқиб кетаверди. Тарновни ким очиб юборди экан деб, ҳайрон бўлдик, паррак эса айланиб-айланиб, охири тўхтаб қолди. Ҳалиги нарса яна тепадаги эшик олдига борди, кейин нарвондан пастга туша бошлади, шошмасдан, битта-битта қадам қўйиб секин тушди; ҳар қадамида нарвон поғоналарининг ғирчиллаган товуши эшитилиб турди… Кейин у бизнинг эшигимиз олдига келди, анча кутиб турди, бир вақт эшик тарақлаб очилиб кетди. Қўрқиб кетдик, аммо ҳеч нарса бўлмади… Бир замон қарасак, қозонлардан бирининг сим човлиси бирдан ўзидан-ўзи қимирлаб қолди, аста ердан кўтарилиб, ҳавода лапанглаб айланиб юрди, анча юрди-ю, кейин яна жойига келиб тўхтаб қолди. Кейин бошқа қозоннинг ҳалқаси михидан чиқиб кетди, сал баландга кўтарилди-ю, яна қайтиб жойига тушди; иннайкейин бир нарса эшик томонга юрди-да, худди касал қўйга ўхшаб хириллаб қаттиқ йўталди. Ҳаммамиз бирдан ерга йиқилдик-да, бир-биримизнинг пинжимизга кириб кетдик… Ўша пайтда қўрққанимиздан юрагимиз тарс ёрилаёзди!
— Уни қара-я! — деди Павел. — Уни нега йўтал тутибди.
— Билмадим, намгарчиликдан йўталган бўлса керак. Ҳамма жим бўлди.
— Картошка пишдими? — деб сўради Федя. Павлуша қозончадаги картошкаларга чўп суқиб кўрди.
— Йуқ, ҳали хом… Балиқнинг сакраб сувни шапиллатиб ўйнашини қара, — деб қўшиб қўйди у, дарё томонга юзини ўгириб, — чўртанбалиқ бўлса керак… Ана, юлдуз учиб тушди.
— Ҳа, болалар, мен сизларга бир нарса айтиб бераман, — деди Костя ингичка овоз билан: — Қулоқ солинглар, отам буни яқиндагина менинг олдимда гапирган эди.
— Хўп, айтавер, эшитамиз, — деди Федя итоаткорона тусда.
— Сизлар слободка дурадгори Гаврилани биласизлар-а?
— Ҳа, албатта, биламиз.
— Унинг доим хафа бўлиб, индамай юришининг сабабини ҳам биласизларми? Уни хафа қилган нарсани мен сизларга айтиб бераман: бир куни у, деди отам, ёнғоқ териб келгани ўрмонга кегибди-да, йўлда адашиб қолибди, бир жойга, — оғайнилар, қаергалигини худо билади, — борибди. Юраверибди, юраверибди, аммо, йўлни сира ҳам тополмабди; кеч кириб, қоронғи туша бошлабди. Шунда у дарахт остига ўтириб, тонг отишини кутмоқчи бўлибди, ўтириши билан кўзи уйқуга кетибди. Уйқу аралаш ўзини биров чақирганини эшитибди. Уйғониб қараса, ҳеч ким йўқ эмиш. У яна мудрай бошлабди, уни яна биров чақирибди. Кўзини очиб атрофига қараса, рўпарасидаги дарахт шохида сув париси арғимчоқ учиб ўтирган эмиш, пари уни, бери кел, деб имлаб чақирар, ўзи эса қотиб-қотиб кулар эмиш… Ой эса жуда ёруғ, шундай ёруғ эканки, оғайнилар, ёруғлигидан ҳамма нарса баралла кўриниб турган экан. Сув париси уни чақирибди-да, ўзи оппоқ бўлиб, яшнаб, дарахт шохидаги арғимчоқда ўтираверибди, худди тошбошли балиқчага ўхшар змиш, карась балиғи бор-ку, у ҳам мана шунақанги оқиш, кумушрангда бўлади… Дурадгор Гаврила эсини йўқотиб, анқайиб қотиб қолибди, сув париси эса қаҳ-қаҳ уриб кулар, уни қўли билан имлаб чақирар эмиш. Гаврила ўрнидан туриб, сув парисининг олдига бораётганида-чи, оғайнилар, худо унга ақл киргизибди: чўқиниб олибди… Оғайнилар, у не машаққатлар билан чўқиниб олибди, қўлим тошдай қотиб, асти қовушмай қолди, дебди… Эҳ, гапини қара-я! У чўқинган замон сув париси кулгидан тўхтаб, юм-юм йиғлай бошлабди… Йиғлаб-йиғлаб, кўз ёшларини сочи билан артар эмиш, унинг сочлари эса сен эккан нашанинг баргидай яшил эмиш. Гаврила унга қараб туриб-туриб: «Нега йиғлаяпсан, сеҳргар гўзал?» — деб сўрабди. Сув париси ўшқириб жавоб қайтарибди: «Чўқинмасанг бўлар эди. Эй, одамзод, умрингнинг охиригача мен билан айш-ишрат қилиб ўтганинг яхши эмасмиди; йиғлашимга, қайғу-аламларимга сенинг чўқинганинг сабабчи бўлди; шу қилмишинг учун сен ҳам то ўлгунингча қайғу ва аламлардан чиқмагин»,— дебди. Сув париси шу гапларни айтибди-ю, оғайнилар, бирдан йўқолиб қолибди. Гаврила эса шу замониёқ ўрмондан қай йўл билан чиқиб кетишини билиб олибди… Ана шу вақтдан бери у ҳаммавақт хафаҳол бўлиб юради.
— Уни қара-я! — деб юборди Федя бир оз жимликдан кейин. — Бундай ўрмон ажинаси христиан қалбини қандай қилиб шикастлай олар экан, ахир, у унинг гапига кирмади-ку?
— Ишонмайди-я, — деди Костя, — Сув париси чўл бақасига ўхшаб ингичка, мунгли товуш чиқаради, деб Гавриланинг ўзи ҳам айтибди.
— Буни отангнинг ўзи айтиб бердими? — деб саволини давом эттирди Федя.
— Ўзи. Мен сўрида ётиб, ҳамма гапини эшитиб олдим.
— Жуда ғалати-я. Гаврила хафа бўлиб нима қилади?.. Сув париси уни ёқтириб қолган бўлса керак, шунинг учун уни олдига чақирган.
— Ҳа, ёқтириб қолган! — деб тасдиқлади Илюша. — Бўлмасам-чи! Сув париси уни қитиқламоқчи бўлган, қитиқлашни хоҳлаган. Бу уларнинг — ўша сув париларининг қиладиган иши.
— Сув парилари бу ерда ҳам бўлиши керак, — деди Федя.
— Йўқ, — деди Костя. — Бу ер очиқ яланглик, бу жойда бўлмайди. Фақат дарё яқинроқ, холос.
Ҳамма жим бўлди. Шу пайт бирданига узоқ бир жойдан жаранглаб, худди инграгандай чўзиқ товуш келди, бу — баъзан жимжит кечаларда пайдо бўлиб, салмоқ билан кучайиб, осмонни янгратиб, кейин секин пасайиб эшитилмай қоладиган сирли товушлардан бири эди. Қулоқ солсанг, ҳаммаёқ жимжитдек туюлади, лекин аллақандай товуш осмонни янгратиб туради. Гўё, осмоннинг ерга туташган жойида аллаким узоқ вақт қичқиргандай, бошқа бир киши ўрмон ичида туриб чийилдоқ овоз билан қаҳқаҳа уриб унга жавоб қайтаргандай кўринарди. Шу пайтда дарё юзидан вишиллаган ҳуштак овози келди. Болалар сесканиб, бир-бирларига қараб олдилар…
— Ё пирим! — деб пичирлаб қўйди Илья.
— Эҳ, сиз, анқовлар-ей! — деб қичқирди Павел. — Нега ҳовлиқиб қолдиларинг. Буни кўринглар, картошка пишибди. (Болаларнинг ҳаммалари қозонча ёнига ўтириб ҳовури чиқиб турган картошкани ея бошладилар; фақат Ванягина ўз жойидан қимирламади.) — Келмансанми? — деди унга Павел.
Аммо у ўзининг чиптаси тагидан чиқмади. Болалар қозончадаги картошкани тезда битта қўймай едилар.
— Болалар, — деб бошлади Илюша, — бизнинг Варнавицада яқинда бўлиб ўтган гапдан хабарларинг борми?
— Тўғондаги воқеами? — деб сўради Федя.
— Ҳа, ҳа, сув уриб кетган тўғондаги воқеани. Ажинаси кўп ва ўтакетган хилват жой мана шу тўғон. Унинг бутун теварагини чуқур жарлар ўраб олган, жарларда ҳар хил илонлар тўлиб ётибди.
— Қани, нима воқеа бўлган эди? Айт…
— Мана бундай воқеа бўлди. Федя, сен Варнавицада сувга чўккан кишининг гўри борлигини билмасанг керак; у одам бундан анча вақтлар илгари, яъни ҳовуз жуда чуқур вақтида чўкиб кетган эди; ҳозир унинг гўригина бор, гўрнинг ўзи ҳам кичрайиб, билинар-билинмас тепача бўлиб қолган… Яқинда приказчик итбоқар Ермилни чақириб: Ермил, почтага бориб кел, — дебди. Бизда почтага ҳамма-вақт Ермил боради; унинг ҳамма итлари ўлди; нимагадир унинг итлари яшамайди, ншқилиб, ҳеч қачон яшамайди, Ермилнинг ўзи эса яхши итбоқар, ҳаммага ёқади. Ана шу Ермил почтага борган-у, шаҳарда узоқроқ юриб қолган, қайтиб келаётганида маст экан. Ойдин кеча, ҳаммаёқни ой ёритиб тураркан… Ермил тўғон орқали ўтиб келган: унга шу жойдан юришга тўғри келиб қолган, Итбоқар Ермил шундай келаётиб, сувга чўккан одамнинг гўри устида оппоққина, чиройликкина бир барра қўзичоқни кўрган. Ермил ичида: қўзичоқни олиб кета қолай, мен олмасам ҳам бари бир нобуд бўлади, деб ўйлабди ва отидан тушиб, қўзичоқни қўлига олибди… Қўзичоқ эса ювошгина тураверибди. Ермил отининг олдига борса, оти кўзларини чақчайтириб орқага тисланибди, кишнаб, бошини силкитибди; лекин Ермил отни силаб-сийпаб тинчлантирибди-да, миниб олибди, қўзичоқни олдига қўйиб, яна йўлга тушибди. Қўзичоққа бундай бир қараса, қўзичоқ ҳам бақрайиб, унинг кўзига тикилиб қараб турган эмиш. Итбоқар Ермил қўрқиб кетибди; қўйларнинг одам кўзига бундай тикилиб қараганини сира ҳам кўрмовдим, деб ўйлабди. Ермил! «Барра қўзи, барра қўзи!» деб унинг юнгларини силаса, қўй ҳам бирдан, тишининг оқини кўрсатиб: «Барра қўзи, барра қўзи», — деяр эмиш…
Ҳикоячининг сўзи шу жойга етар-етмас тўсатдан иккала ит бараварига ўрнидан турди-да, қаттиқ вовуллаб гулхан олдидан чопиб кетиб, қоронғилик ичида кўздан ғойиб бўлди. Болалар қўрқиб кетишди. Ваня ёпиниб ётган чиптаси тагидан сакраб чиқди. Павлуша қичқирганича итлар орқасидан чопди. Итларнинг вовуллаган товуши тезда йироқлашди… Подадаги ҳурккан отларнинг безовталаниб ҳар томонга тартибсиз чопа бошлагани эшитилди. Павлуша: «Серий Жучка!» — деб қаттиқ қичқирди. Бир оздан кейин итларнииг вовуллаши тўхтади; Павелнинг овози узоқлардан эшитилди… Яна бир оз вақт ўтди; болалар нима бўларкин деб, ҳайронлик билан бир-бирларига қарардилар… Бирдан чопиб келаёттан отнинг туёқ товуши эшитилди; у тарақа-тарақ қилиб чопиб келиб гулханнинг олдигинасида тўхтади ва унинг ёлидан маҳкам ушлаб олган Павлуша ирғиб пастга тушди. Итларнинг иккаласи ҳам гулхан ёнига чопиб келди-да, қип-қизил тилларини осилтириб ўтирди.
— Нима гап? Нима бўлибди? — деб сўрашди болалар.
— Ҳеч гап йўқ, — деди Павел, — отга қўл силтаб, — итлар бир нарсанинг шарпасини сезган. Мен бўри келган бўлса керак, деб ўйлаган эдим, — деб қўшиб қўйди у, хотиржамлик билан тез-тез нафас ола туриб.
Мен Павлушага ихтиёрсиз равишда қизиқиб қараб қолдим. Шу пайтда у жуда ёқимли эди. Отни тез чоптириб келгани учун тетикланиб, қизариб кетган хунук юзида жасурона мардлик ва зўр қатъият кўриниб турарди. Шундай қоронғи кечада қўлига кичкина чўп ҳам олмай, ҳеч бир иккиланмай якка ўзи бўри қувлаб кетди… «Қандай баҳодир бола-я!» — деб ўйладим унга қараб туриб.
— Бўри-мўрини ҳеч кўрганмисизлар? — деб сўради қўрқоқ Костя.
— Бўри бу ерда ҳаммавақт кўп бўлади, — деб жавоб қайтарди Павел. — Лекин улар қишдагина безовта қилади.
У яна гулхан олдига ёнбошлаб ётди. Ерга ўтираётиб, итлардан бирининг пахмоқ юнгли орқасига қўлини қўйди, бунга хурсанд бўлган ит Павлушага мағрурона эркалик қилиб, кўз қири билан қараб, тек турди.
Ваня яна чипта тагига кириб, ётиб олди.
— Илюша, сен бизга жуда кўрқинчли нарсаларни айтдинг-да, — деди бой деҳқоннинг ўғли бўлганлиги учун гапни биринчи бўлиб бошлаб берадиган Федя (ўзи эса, орият қилгандай бўлиб, жуда кам гапирарди). — Ундан кейин, итлар ҳам бир ёмон нарсани сезиб вовуллаб юборди… Ҳа, сизларнинг у жойингизда ажиналар борлигини эшитганман.
— Варнавицами?.. Бўлмаса-чи! Жуда ёмон жой! У ерда ўлиб кетган қари бариннинг юрганини одамлар бир неча марта кўрган эмишлар. У кенг чакмон кийиб юрар эмиш ва оҳ тортиб, ердан алланарсани ахтарармиш. Бир куни уни Трофимович ота кўриб қолиб: «Бой бобо, Иван Иванич, ердан нималарни излаб юрибсан?» —деб сўрабди.
— Трофимич ота ундан сўрабдими? — деб Илюшанинг сўзини бўлди ажабланган Федя.
— Ҳа, сўрабди.
— Трофимичга баракалла.. Хўш, у нима дебди?
— Очқич-гиёҳ[3] излаяпман, — дебди. — Очқич-гиёҳ, — деб жуда секин айтибди, — Бой бобо, Иван Иванич, очқич-гиёҳни нима қиласан? — деса, — гўр мени жуда қисяпти, Трофимич, мен ташқарига чиқмоқчиман, ташқарига… — дебди у.
— Уни қара-я! — деди Федя. — Афтидан, дунёда кам яшаган экан.
— Вой товба-ей! — деди Костя. — Мен ўлган кишилар арвоҳларга чироқ ёқиладиган шанба кунларигина кўринади, деб ўйлаб юрардим.
— Ўлганларнинг арвоҳларини ҳар вақт кўриш мумкин, — деди ишонч билан Илюша (болаларнинг суҳбатларидан пайқашимча, қишлоқдаги хурофот ва афсоналарни Илюша бошқалардан кўра яхшироқ биларди…). Аммо, арвоҳ йўқланадиган шанба кунлари тирикларни, яъни шу йили ўлиш навбати келган кишиларни ҳам кўра оласан. Кечаси бутхонанинг эшиги олдида кўчага қараб ўтирсанг бўлгани, кўраверасан. Ўша йили ўладиган одамлар ёнингдан битта-битта ўтиб кетаверади. Мана, ўтган йили Ульяна буви бутхона эшиги олдига бир неча марта чиқиб ўтирган экан.
— Хўш, у ҳеч кимни кўрибдими? — деб сўради қизиқиб кетган Костя.
— Ҳа, албатта. Авваллари у ҳеч нарса кўрмабди ва ҳеч нарсанинг шарпасини сезмабди. Фақат аллақаердан итнинг акиллаган товушигина эшитилибди, холос… Бирдан кўзига: йўлдан кўйлакчан бир бола келаётгани кўринибди. Тикилиб қараса, келаётган бола Ивашка Федосеев эмиш…
— Баҳорда ўлиб кетган Ивашками? — деб гапни бўлди Федя.
— Ўшанинг ўзгинаси. Юриб келаётган эмиш-у, бошини кўтармас эмиш… Лекин Ульяна уни танибди… Кейин яна қараса, бир хотин келаётган эмиш… Унга яхши тикилиб қараса, худоё товба қилдим! Келаётган хотин Ульянанинг ўзгинаси эмиш.
— Рости билан-а? — сўради Федя.
— Азбаройи худо, ўзи.
— Хўш, аммо у ҳали ўлгани йўқ-ку?
— Ҳали бир йил ўтгани йўқ-да. Сен унинг афтига бир қараб кўр: ранг-рўйи бир аҳволда, зўрға қилтиллаб юрибди.
Болалар яна жим бўлишди. Павел бир тутам майда қуруқ шохни ўтга ташлади. Ўт бирданига аланга олди, унга ташланган шох қорайиб, чирсиллаб тутаб ёна бошлади ва ўтда ёниб бўлган учлари гажак бўлиб юқорига кўтарилди. Гулхандаги ўтнинг шуъласи ҳар томонга, айниқса юқорига липиллаб уриб турарди. Шу пайтда аллақаердан оқ каптар учиб келди-да, ўзини тўппа-тўғри ана шу ёруғлик қучоғига урди ва чиройли товланиб, бир жойда ҳуркибгина айланиб турди-да, қанотларини париллатиб, кўздан ғойиб бўлди.
— Шерикларидан орқада қолиб, уясини тополмай юрганга ўхшайди,— деди Павел. — Энди бирор нарсага дуч келиб қолгунча учиб юраверади: агар бирор нарсага дуч келиб қолса, эрта тонггача ўша ерда ухлайди…
— Павлуша, — деди Костя, — бу каптар бирор азиз кишининг арвоҳи эмасмикин? А?
Павел оловга яна шох ташлади ва бирмунча вақт жим тургандан кейин:
— Балки шундайдир, — деб қўйди.
— Павлуша, сизнинг Шаломовда ҳам осмон каромати[4] кўринганми? Айтиб берсанг-чи, — деди Федя.
— Қуёш кўринмай қолдими, деяпсанми? Ҳа, албатта.
— Сизлар ҳам жуда қўрққандирсизлар-а?
— Биргина биз қўрққанимиз йўқ. Бизнинг баринимиз, каромат кўрасизлар, деб юрган бўлса ҳам, кейин ўзи шундай қўрқибдики, асти қўяверасан. Баринникидаги ошпаз хотин эса қуёш қорая бошлаганда учи айри темир косов билан печкадаги кўза ва хурмачаларни уриб синдириб ташлабди: «Қиёмат бўлди, энди ҳеч ким овқат емайди…» — дебди. Шундай қилиб карам шўрва тўкилиб кетибди. Бизнинг қишлоқда эса, энди ер юзида оқ бўрилар тўлиб кетиб, ҳамма одамларни бир бурдадан қилиб еб қўяр эмиш, йиртқич катта бир қуш пайдо бўлар эмиш, ҳатто Тришканинг[5] ўзи ҳам кўринар эмиш, — деган миш-миш гаплар тарқалди.
— Тришка деганинг нима ўзи? — деб сўради Костя.
— Сен ҳали билмайсанми? — деб қизишиб кетди Илюша. — Э, оғайни, ўзинг қаердансан? Тришкани билмайсан-а? Сизларнинг қишлоқ одамлари ҳеч қаёққа чиқмасдан, уйларида ўтиравериб, дунёдаги гаплардан хабарлари ҳам йўқ экан-да. Тряшка шундай бир ғалати одамки, бу одам шундай ғалати бўлиб келадики, уни ушлаб ҳам бўлмайди, ҳеч нарса қилиб ҳам бўлмайди: у мана шунақа ғалати одам бўлади. Агар борди-ю, масалан, деҳқонлар ушлаб олмоқчи бўлиб таёқ билан олдига чиқиб, теварагини ўраб олсалар, у уларнинг кўзини шундай шамғалат қиладики, уларни шундай алдаб қўядики, бир маҳал қарасанг, ўзлари бир-бирларини дўппослашга тушиб кетадилар. Агар уни, масалан, турмага қамаб қўйишса, у ичиш учун чўмичда сув келтиришни сўрайди: унга чўмичда сув келтириб беришади, у эса чўмичнинг ичига шўнғиб кириб кетади-да, ғойиб бўлади. Уни занжирлар билан боғлаб қўйишса, у қўлини бир силкитиб, занжирларни узиб ташлайди. Шундай қилиб, бу Тришка қишлоқма-қишлоқ, шаҳарма-шаҳар кезиб юради: иннайкейин бу Тришка, айёр киши, хрестянларни алдаб юради… аммо уни ҳеч нарса қилиб бўлмайди… У ана шунақанги ғалати, муғамбир одам.
— Ҳа, шундай, — деб давом этди Павел салмоқдор товуши билан. — Шунақа. Қишлоғимизда одамлар ана шу Тришканинг пайдо бўлишини кутадилар. Кексалар, каромат бошланиши биланоқ Тришка пайдо бўлар эмиш, дейишарди. Ана, каромат бошланди ҳам. Ҳамма одамлар кўчага, далага чиқиб, нима бўлишини кутиб турди. Қишлоғимизнинг ҳаммаёғи кўриниб турадиган яланг жойлиги ўзларингга маълум. Одамлар қараб туришса, Слободка тарафдаги тепаликдан аллақандай ғалати бир киши келяпти, боши жуда ажойиб; ҳамма бирданига: «Вой, Тришка келяпти! Вой, ана Тришка келяпти!» — деб ваҳима билан бақириб, ҳар томонга дув-дув қоча бошлади. Қишлоқ оқсоқолимиз ўзини зовурга ташлади; унинг хотини эса эшикка қисилиб, овозининг борича қичқирди, итики бирам қўрқитиб юбордики, кайфи учиб кетган ит занжирини узиб, четандан сакраб ўтиб, ўрмонга қочди; Кузьманинг отаси Дорофеич эса югурганича пичан устига чиқиб олиб: «Бу жаллод лоақал паррандага раҳм қилса керак, ахир», — деб бақира бошлади. Ҳамма ана шундай қий-чув солиб, кўрқиб кетди!.. Қарасак, бу келаётган киши ўзимизнинг бочкасоз уста Вавила экан: у янги ёғоч челак сотиб олиб, бошига кийиб келаётган экан.
Ҳамма болалар бирдан кулиб юборишди ва яланглик жойда гаплашиб ўтирган одамлар ўртасида кўп учрагани сингари, яна бир лаҳза жим бўлишди. Мен теварак-атрофни томоша қилдим; ҳашаматли ва маъсум кеча: кечки оқшомдаги салқин ҳавонинг ўрнини ярим кечанинг намсиз илиқ ҳавоси олган эди ва у ҳали сокин далаларнинг устини узоқ вақтгача юмшоқ парда сингари қоплаб туриши керак эди; дарахтларнинг эрталабки биринчи шитирлашларига, шалдир-шулдир ва ғир-ғир қилиб эшитиладиган биринчи майин товушларга, эрта тонгнинг биринчи шабнамига ҳали кўп вақт бор эди. Осмонда ой йўқ — ўша маҳалда кеч чиқар эди. Сон-саноқсиз олтин юлдузлар йилтиллаб Сомон Йўли тарафга астагина оқиб бораётгандай кўринарди; уларга қараб турсангиз, назарингизда ер ҳеч тўхтамай тез югуриб кетаётгандай туюларди… Тўсатдан дарё томондан икки марта ғалати, кескин инграган товуш эшитилди, бир неча секунддан кейин бу товуш нарироқда такрорланди…
Костя қўрқиб кетди… «Бу нима?» — деди.
— Бу, қарқаранинг овози, — деди Павел осойишталик билан.
— Қарқара, — деб такрорлади Қостя… — Мен кеча бир товуш эшитдим, — деб давом этди у, бир оз жим тургандан сўнг, — балки сен, Павлуша, ниманинг товуши эканини биларсан…
— Мана бундай товуш эшитдим. Мен Каменная Гряддан Шашкинога бораётган эдим, олдин ёнғоқзордан юриб бордим, кейин ўтлоқ билан жарнинг тикка бурилган жойидан юриб бордим, у ерда сел сувлари йиғилиб қолган кўлча бор; биласанми, бу жой ҳали ҳам қамишзор бўлиб ётибди: мен қамишлар ўсиб ётган ана шу чуқурлик ёнидан ўтиб кетаётган эдим, бирдан шу чуқурлик ичидан алла-кимнинг: «у-у… у-у… у-у!» — деб қаттиқ инграб йиғлаган товушини эшитдим. Оғайнилар, қўрққанимдан юрагим «шув!» этиб кетди, чунки вақт жуда кеч ва бунинг устига бу товуш ҳаддан ташқари мунгли эди. Ўрнимда бўлганингда, балки ўзинг ҳам йиғлаб юборар эдинг… Бу нима экан-а?
— Ўтган йили шу қамишзордаги кўлга ўғрилар ўрмон қоровули Акимни чўктириб юборган эдилар, — деди Павлуша, — эҳтимол, ўшанинг арвоҳи йиғлаётган бўлса…
— Шундайми ҳали, оғайнилар, — деди Костя, ўзининг шокоса кўзларини янада каттароқ очиб… — Акимни у чуқурликка чўктириб юборганларини билмасдим-да, агар билсам, унчалик қўрқмаган бўлар эдим.
— Яна, — деб сўзида давом этди Павел, — ана шундай мунгли товуш билан қуриллайдиган майда қурбақачалар ҳам бўлади, дейишади.
— Қурбақачалар? Йўғ-ей, бу қурбақа эмас… бу қандай қилиб… (Қарқаранинг дарё томондан қичқирган товуши яна келди). Уни қара-я! — деб юборди Костя беихтиёр суратда. — Худди алвастига ўхшаб қичқиради-я.
— Алвасти қичқирмайди, у соқов, — деди Илюша, — у қарсак чалади, холос.
— Сен алвастини кўрганмисан ўзинг? — масхара қилгандек унинг сўзини бўлди Федя.
— Йўқ, кўрган эмасман, худо уни кўргулик қилмасин; аммо уни бошқалар кўрган. Мана, яқинда у бир деҳқонни довдиратибди: уни ўрмоннинг бир яланглик ўтлоғи атрофида айлантириб олиб юраверибди… Деҳқон уйига тонг пайтида зўрға келибди.
— Хўш, у алвастини кўрибдими?
— Кўрибди. «Жуда ҳам катта, қоп-қора нарса экан. Худди дарахт орқасига бекингандай ўраниб олибди. Ўзини яхши кўриб бўлмайди, худди ойдан яширингандай туради, кичкина кўзчалари билан қараб-қараб қўяди, кўзчаларини пирпиратади…», дейди.
— Ҳе, башараси қурсин! — деди Федя, сал сесканиб ва елкаларини учириб.
— Бу ярамас нарса ҳақиқатан ҳам нима учун дунёга келди экан? — деди Павел.
— Сўкма, эҳтиёт бўл, эшитиб қолади, — деди Илья. Яна жимлик бошланди.
Шу пайтда Ваня:
— Болалар, уни қаранглар, уни қаранглар,— деб шовқин солди. — Уни қаранглар, осмондаги юлдузчаларга қаранглар, худди ари галасига ўхшайди!
У ўзининг тиниқ юзини чнпта остидан чиқариб, муштига тиралди-да, ҳаракатсиз катта кўзлари билан аста юқорига қаради. Ҳамма болалар осмонга қарадилар ва узоқ тикилиб турдилар.
— Ҳа, Ваня, — деди эркалатувчи овоз билан Федя, — опанг Анютка соғ-саломатми, яхшими?
— Яхши, — деди Ваня чучук тили билан.
— Сен ундан сўра, у нима учун бизникига келмаяпти?
— Билмайман.
— Унга айт, келиб-кетиб турсин.
— Айтаман.
— Яна айт, мен унга қанду қурслар бераман.
— Менга ҳам берасанми?
— Сенга ҳам бераман.
Ваня эшитиларли қилиб чуқур хўрсинди.
— Йўқ, менга керак эмас. Унга бера қол, опам жуда яхши, меҳрибон қиз.
Шу сўзларни айтгандан кейин, Ваня бошини яна ерга қўйди. Павел ўрнидан туриб, бўш қозончани қўлига олди.
— Қаерга кетяпсан? — деб сўради Федя.
— Дарёдан сув олиб келмоқчиман, чанқадим.
Итлар ўринларидан туриб, унинг орқасидан кетишди.
— Эҳтиёт бўл, дарёга йиқилиб кетмагин! — деб қичқирди Илюша унинг орқасидан.
— Нега йиқиларкан? — деди Федя. — У эҳтиёт бўлади.
— Эҳтиёт бўлади, дейсан-да. Ҳар қандай ишлар бўлиши мумкин: у сув олиш учун энгашса, дарёдан сув одами чиқиб уни сувга тортиб кетади. Ундан кейин кишилар болагина дарёга йиқилиб чўкиб ўлган эмиш, — деб юришади… Йиқилмайди, дейсанми? Ана-ана, қамиш ичига кириб кетди, — деди у қулоқ солиб туриб.
Қамишларнинг ораси очилгандай бўлиб, шитирлай бошлади.
— Тентак Акулина сув тагига тушиб чиққандан бери жинни бўлиб қолган, дейишади, ростми? — деб сўради Костя.
— Сув тагига тушиб чиққандан бери… Ҳозир бир ҳолатда-я1 Аммо илгари жуда чиройли бўлган экан. Сув одами уни ақлдан оздириб қўйган, дейишади. Афтидан, у тезда қутқариб олинишини кутмаган экан. Ана шундай қилиб, сув одами уни сув тагида жинни қилиб қўйган.
(Бу Акулинани мен ўзим бир неча марта кўрган эдим. Жулдур кийимли, ҳаддан ташқари озғин, кўмирдай қора — сахтиён юзли бу хотин доим тишларини иржайтирганича атрофга маъносиз қараб, чўпдек ингичка қўлларини кўкрагига маҳкам босиб, гоҳ бир оёғини ва гоҳо иккинчи оёғини ерга қўйиб, йўл устида, бир жойда неча соатларгача худди темир қафасдаги ваҳший ҳайвондек лапанглаб турарди. У ҳеч бир гапни англамайди, баъзан титраб-қақшаб хахолаб кулади, холос).
— Акулина,— деб сўзини давом эттирди Костя, — севгани алдагани учун ўзини сувга ташлаган эмиш.
— Худди шунинг учун.
— Вася эсингдами? — деб хафалик билан сўради Костя.
— Қайси Вася? — деди Федя.
— Мана шу дарёга чўкиб кетган Вася-чи, ўша, — деб жавоб қайтарди Костя. — Қандай яхши бола эди-я! Эсизгина, қандай аломат бола эди-я! Онаси Феклиста уни — Васяни жуда яхши кўрарди. Феклиста унинг сувга чўкиб ўлиб кетишини худди олдиндан сезиб юргандай бўларди. Вася ёзда биз билан, болалар билан бирга чўмилгани дарёга кетаётган пайтларда, онаси типирчилай бошларди. Бошқа хотинлар ҳеч нарса демай, кир тоғораларини кўтариб ёнимиздан ўтиб кетаверардилар. Феклиста эса тоғорасини ерга қўйиб: «Қайт, буёққа, қайт, борма, қўзичоғим! Ҳой, қайтсанг-чи, болагинам!» — деб уни чақира бошларди… Унинг дарёга қандай чўкиб кетганини ҳеч ким билмайди. У дарё қирғоғида ўйнаб юрарди, онаси ҳам ёнгинасида туриб пичан боғларини тахларди, шу вақт онасига бирдан аллакимнинг сувни шалоплатиб, оғзидан варақлатиб кўпиклар сочгани эшитилиб қолади, қараса — сув юзида Васянинг шапкаси оқиб юрган эмиш. Феклиста ана шунда ақлдан озиб қолган: қачон қарасанг, у Вася сувга чўккан жойга келиб ётади-да, ашула айтади, эсларингдами, Вася ҳаммавақт бир ашулани айтар эди-ку, у ўша ашулани айтиб йиғлайди, ўксиб-ўксиб йиғлайди.
— Ана, Павлуша келяпти, — деди Федя.
Павел қозончада лиқ тўла сув кўтариб гулхан олдига келди.
— Болалар, биласизларми, — деб сўз бошлади у, бир оз жим тургандан кейин, — иш ёмон.
— Ҳа, нима гап? — шошиб сўради Костя.
— Мен Васянинг овозини эшитдим. Ҳамма болалар титраб кетдилар.
— Нима дединг, нима дединг? Рости билан-а? — деди Костя довдираб.
— Худо урсин, рост. Сувга энди энгашаётган эдимки, бирдан Васянинг овозига ўхшаган бир овоз: «Павлуша, ҳой Павлушажон, буёққа кел», — деб мени чақирди, овози худди дарёнинг тагидан эшитилгандай бўлди. Мен шошилганимча қозончага сув олиб, дарё лабидан йироқлашдим.
— Эй худо-е, эй худо-е! — деб юборишди болалар, чўқиниб туриб.
— Павел, ундай бўлса, сени сув одами чақирибди, — деди Федя. — Ҳозиргина биз Вася тўғрисида гаплашиб турган эдик.
— Оббо… бу ёмон нарсанинг аломати-ку, — деди Илюша ўрнидан бир қўзғалиб қўииб.
— Хайр, қўявер, ҳечқиси йўқ! — деди Павел қатъий қилиб ва яна ўтирди. — Пешонада ёзилганини кўрмай илож йўқ.
Болалар чурқ этмай қолдилар. Павелнинг сўзидан қаттиқ таъсирланганлари кўриниб турарди. Улар ухламоқчи бўлгандек гулхан ёнига жой тўғрилай бошладилар.
— Бу нима? — деб сўради тўсатдан Костя, бошини сал кўтариб.
Павел қулоқ солди.
— Бу, чийиллаб учиб кетаётган лойхўракларнинг товуши.
— Улар қаёққа учиб кетишяпти?
— Қиш бўлмайдиган тарафларга.
— Қиш бўлмайдиган жойлар ҳам борми?
— Бор.
— Узоқдами?
— Жуда узоқда, иссиқ денгизлар орқасида. Костя чуқур нафас олди-да, кўзларини юмиб, ухлаб қолди.
Болаларнинг ёнига келиб ўтирганимга уч соатлардан ортиқ бўлган эди. Ниҳоят, ой ҳам чиқди; мен унинг чиққанини дарров пайқамадим, чунки у жуда кичкина ва нафис эди. Бу ойсиз кеча ҳам худди аввалгидек ҳашаматли кўринарди… Аммо бундан бир оз вақт илгари баланд осмонда турган кўпгина юлдузлар энди ернинг қорайиб кўринган четларига энган эдилар; ҳамма нарса одатда фақат тонготар пайтдагина жимлик қучоғига киргандек, бутун теварак-атроф жимжит эди; ҳамма нарса тонг пайтидаги қаттиқ ширин уйқуда ором олмоқда эди. Ҳавонинг ҳиди энди унча ёқимли эмасди, ҳаво яна салқинлашгандай бўлди… Ёз кечалари калта!.. Гулхан сўна бошлаган сари болаларнинг товушлари ҳам аста-секин тина бошлади… Ҳатто итлар ҳам мудрардилар; юлдузлардан тушиб турган сарғиш кучсиз ёғдулар ичида отларнинг бошларини солинтириб ётганлари аранг кўринарди… Кўзимни сал уйқу олди, кейин мени мудроқ босди.
Салқин шабада юзимни силаб ўтди. Кўзимни очсам, тонг ота бошлаган экан. Ҳали тонгги қизиллик бўлмаса ҳам, шарқ томон оқаришиб қолган эди: гарчи хирароқ кўринса ҳам, ҳарҳолда ҳаммаёқ кўринарли бўлиб қолди. Оқиш-кулранг осмон тобора ёришиб, оқариб, мовий тусга кирмоқда эди; юлдузлар милтиллаб ёниб-ўчиб турарди, ерлар намланганди, баргларда майда шабнам доналари тизилиб ётарди; унда-бунда қаттиқ товушлар, овозлар эшитила бошлади: эрталабки майин шабада ер устида эркаланиб сайр қилмоқда эди. Баданларим бу шабадага ёқимли, енгил қалтираш билан жавоб қайтарди. Мен сапчиб ўрнимдан туриб, болалар олдига бордим. Улар тутаб ёниб турган гулхан теварагида қаттиқ ухлаб ётардилар; фақатгина Павел уйғонди-да, бир оз кўтарилиб, менга тикилиб қараб турди.
Мен бош қимирлатиб, «хайр» деган ишорани қилдим ва ҳовури чиқиб турган дарё бўйлаб ўз йўлимга жўнадим. Икки чақиримча юрмасимданоқ теварагимдаги кенг нам ўтлоққа, олд томонимдаги яшил тепаликларга, қатор кетган ўрмонларга, орқа тарафимдаги узун чанг йўлга, йилтиллаган қизил буталарга, сийраклашаётган туман остидан уялиб қараб турувчи дарёга кучли, иссиқ ёруғликнинг аввал оч-қизил, кейин қизил рангдаги заррин тўлқинлари қуйила бошлаган эди… Ҳамма нарса тебраниб кетди, бирдан уйғонди, куйлаб юборди, шовқин кўтарди, тилга кирди. Ҳаммаёқда йирик шудринг доналари қизғиш тусда олмосдай ялтираб турарди; рўпарамдаги бутхона қўнғироғининг товуши, худди эрталабки салқин ҳаводан нафас олиб яйрагандай, аниқ ва равшан эшитилди, шу онда тўсатдан менга таниш болалар дам олган йилқиларини ҳайдаб, ёнимдан от чоптириб ўтиб кетдилар…
Афсуски, Павелнинг ўша йили ўлганини ҳикоя охирида айтиб ўтмоғим лозим бўлади. У сувга чўкиб эмас, отдан йиқилиб ўлибди. Эсизгина, кўп яхши бола эди!
1851
Рус тилидан Мадамин Иброҳимов таржимаси
______________________
[1] Лапти — каноп шиппак (тарж.).
[2] Катта қозонлардаги суюқ қоғоз массаси човли билан сузиб олинадиган бино қоғоз фабрикаларида рольня ёки човлихона деб аталади. Бундай бино тўғоннинг олдида, паррак тагида бўлади. (Авторнинг изоҳи.).
[3] Очқич-гиёҳ — халқ афсоналарида қулф ва тамбаларни очиб юборадиган ўсимлик.
[4] Бизда деҳқонлар қуёш тутилишини шундай деб аташади. (Авторнинг изоҳи).
[5] «Тришка» тўғрисидаги ирим-чирим (эътиқод) дажжол ҳақидаги афсонага асосланган бўлса керак. (Авторнинг изоҳи).