Иван Франко. Миллион (ҳикоя)

Залепигага ачинувчи йўқ

Мехайло Залепига тирикчилик ишларига мазаси йўқроқ одам эди. Борислав шаҳарининг кўчаларидан ўтган одам, албатта, бирорта пивохонада ёки пивохонанинг ён-верида ҳадеб мана бу битта қўшиқни айта берадиган бир маст ва хирқироқ овозини эшитар эди:

Қўй, ачинма, эй севгилим,
Ичкиликни ташлаш қийин!
Хўп ачиниб, хўп йиғларсан
Ичиб ўлганимдан кейин!..

Истаган киши қўшиқчининг ўзини ҳам кўра олади, қўшиқчи, ўз одати бўйича, пивохона устали орқасида бошини қуйи эгиб ва айтган қўшиғининг зарбига мослаб усталини чертиб ўтиради. Агар пивохонада бўлмаса, учраган бир бурчакка туртина-туртина, қўшиқ орасига ҳар хил сўзларни аралаштириб, кўча-кўйларда айланар эди.
– Падарингга лаънат, шайтонлар, муштумзўр бойлар! Ниятингизни биламан мен, биламан! Йўқ, етолмайсиз ниятингизга! Мехайло Залепига сиз айтган юмшоқхамирлардан эмас!
Бир нафасгина тўхталади Мехайло, гавдасини салмоғида тутмоқ учун оёқларини кенг қилиб ёзади ва сўнгра яна ўша хирқироқ овози билан чўзиб кетади: “Йўқ, ачинма, эй севгилим…” Сўнгра яна қўшиқни кесиб, гапга ўтади:
– Ҳа, ҳа, ачинма! Рост-да, ачинадиганнинг ўзи йўқ-да. Менинг севгилим бўлса, Худонинг ғазнасига қараб кетди, энди менга барибир. Чиндан, ул-булим бор, бошимга урармидим мен уни? Ким учун ишлайман мен? Ўзимнинг бола-чақам йўқ. Хотинимнинг туғишганлари бўлса… Ҳей-ҳей, ниятингизга сира етолмайсиз сиз, бойлар… Яхшиси шуки, ҳаммасини ичиб тугатаман! Майли, ҳаммаси соврилиб битсин, ишқилиб, сизга тегмаса бўлди! Йўқ, сизга тегмайди, сиз бизнинг жигар-бағримиздан ўтказгансиз, муштумзўр бойлар!
Яна гапни тўхтатади-да, муштларини дўлая-дўлая тағин қўшиғини тортиб юборади.

Бир бой яна биттасидан
Ҳамён кутади.
Камбағалнинг умри нега
Ичиб ўтади?

Бойлар, бойлар, ҳеч нарсани
Билмайсиз сизлар.
Сизга ширин ишлаб, аччиқ
Ичамиз бизлар!..

Деҳқончилик ишларида ҳеч нарсага ярамайдурган одам эди бу Мехайло Залепига.
Рост, хотини тирик вақтида бу ҳам бошқалардан қолишмас эди. Унинг бисотида бор-йўғи уч десят ёмон ва унумсиз ери бўлса ҳам, ҳар ҳолда ҳеч кимнинг бир бурда нонига муҳтож бўлмаган эди. Улар ёлғиз икки жонгина эдилар. Ўзлари ҳам тинч ва қаноат билан яшардилар, ўз ерларида ишлардилар, қўни-қўшнилари ҳам уларни ҳурмат қилишарди.
Уларнинг бир нечта болалари ҳам бўлди, лекин турмади, ўлиб кетди. Сўнгги болалари қиз эди, бўйига етган вақтида – ўн саккиз ёшида ўлиб кетди. Залепиганинг масъуд турмушини бузувчи биринчи зарба – ўша қизнинг ўлими бўлди.
Унинг хотини бой авлоднинг қизи эди. Борислав шаҳарида у хотиннинг яна учта оға-иниси бўлиб, улар ҳам бой кишилар эди. Хотин, эрга бериладиган қалин ўрнида, яна уч десят ер бердиким, у ер ҳам Залепиганинг ўз ерига туташарди, лекин ҳалиги сўнг фарзанди – қиз ўлгандан сўнг, хотинининг оға-инилари Залепига билан хотинидан ўша “ота-бободан қолган” ернинг ўзларига қайтариб берилишини сўрай бошладилар.
– Нима кераги бор сизга? Сиз икковингиз ҳам қариб қолдингиз, мундан кейин бола ҳам кўрмайсиз, қўлингиздаги уч десят билан ҳам ўтиб кетарсиз. Бизнинг ҳаммамизнинг ҳам бола-чақамиз кўп, бизга – болаларимиз учун – даркор бўлади.
Залепиганинг хотини бу гапларга ишонди ва у еридан кечганлиги хусусида қоғозга қўл қўйди. Унинг оға-инилари эса ота ерини қўлга киргизганларидан кейин, ўшандаёқ нефть кавлатувчи бойларга сотиб юбордилар. Мундай хиёнат, мундай сотқинлик – эр ва хотинни баб баравар кўнгилларининг энг чуқур еридан ўртаб кетди.
– Шунақами ҳали, ҳурматли биродарлар, – деди Мехайло уларни бир кун пивохонада учратиб қолиб. – Шунақа қиласиз экан-да! Нима ҳам дердик, жуда яхши иш қилдингиз, бизнинг ҳаққимизда! Биз у ота ерини сизга – нефтчи бойлар у ерда завод кавлатсину, теккан пулга сиз ичиб ўйнанг, деб берган эканмиз-да!
– Тур нари, тентак чол! – деди оға-инилардан бири. – Бизга ер берган бўлсангиз, гувоҳларнинг олдида бергансиз, қандай мақсад билан берганингиз тўғрисида бир оғиз ҳам гап бўлган эмас. Модомики, бизга бердингиз, ер бизники. Модомики, ер бизники – биз уни нима қилсак ихтиёримиз.
– Бекор айтасиз! – деб, унинг сўзини кесди Мехайло. – Биз сизга у ерни болаларингиз тасарруф қилсин, деб берганмиз. Нефтчи бойларга сотиб ўйнаш осон гап, уни ҳамма ҳам қила билади.
– Модомики, сиз эплаёлмаган экансиз, демак, ҳар ким қила оладиган ҳунар эмас экан, биз бўлсак, мана, эпладик, – деди оға-инилардан яна бири.
– Кулинг, кула беринг, лекин мен бу ишни шу бўйича қолдирмайман.
– Ҳа, нима қилардинг?
– Ўзим биламан нима қилишимни. Ёлғиз, сизга қандай татишини билмайман.
– Бор энди, чол, ўзингни телбаликка урма, – деди оға-иниларнинг учинчиси, Мехайлонинг елкасига уриб туриб. – Яхшиси, ука, биз билан ўтириб, бир стаканни уриб ол, бир марта хуржундан тушган нарса қайтиб топилмайди.
– Ўтириш бўлса, ўтириб ичиш бўлса ичарман, лекин ҳақ йўлдан қайтмайман. Одамларни чақираман, гувоҳларни тўплайман, майли, ўшалар ҳукм қилишсин. Қани, сизнинг қилган ишларингиз тўғримикан, йўқмикан?
– Хайр, майли, чақиравер, майли, ҳукм қилсинлар! Лекин биз сенга ҳозирдан айтиб қўямизки, биз сизнинг ҳукм-мукимингизга тупуриб қўямиз. Бизни нима қила оларди сизнинг ҳукмингиз?!
Гапнинг рости, Мехайло Залепига ер тўғрисида унча ҳам куюкмас эди. Унга ёлғиз “ҳақсизлик” ва ҳалиги оға-иниларнинг фириблари оғир келди. Ўша ҳақсизлик, ўша ёлғонни “одамлар ва гувоҳлар” олдида очиб кўрсатмакчи бўларди. У бу ишдан нималар чиқиши ва ўзига қандай фойда бўлишини ҳатто хаёлига ҳам келтирмас эди.
Шу учун қариндошнинг ҳалиги сўзи унга сира кутилмаган бир нарса бўлиб чиқди. У учала оға-инига бир-бир кўз югуртиб чиқди-да, оғир дам олиб туриб, деди:
– Ҳа, шундай экан-да! Сиз одамларга ҳам, юрт-оламга ҳам тупурасиз экан-да! Ота ерини нефтчи бойларга сотдингиз, энди кутиб ётирсиз! Илоҳим, ўлганимиздан кейин ўша ернинг ўзи ўликларингизни гўрдан ирғитиб ташласин!

Оилавий уруш

Мехайло билан унинг қариндошлари орасидаги сўз жанжали бора-бора муштлашишга ўтди. Оға-инилар ўз поччалари бўлган Залепигани тутиб олиб шу қадар урдиларки, ҳам одам, ҳам гувоҳ чақиришга тўғри келди.
Залепиганинг хотини ҳам йиғи ва қарғишлар билан оға-иниларнинг уйларига қараб чопди, унинг мақсади – келинбибиларини эрларига қарши қўзғатмоқ эди. Ўша шумли воқеадан, яъни ер сотишдан сўнг эрлари бутунлай ичкиликка берилиб, пивохонадан чиқмай қолганларидан, келинбибилар дарров аламзада хотинга қўшилиб кетдилар.
Шундай қилиб, одатдаги жанжаллари, қарғишлари, бутун қишлоққа эшитиладиган шовқинлари ва муштлашишлари билан бирга чинакам бир оилавий уруш бошланди. Урушнинг кўп оғирлиги, албатта, хотинлар зиммасига тушар эди.
У хотинларнинг бири урушнинг қизғин вақтида эрининг яланг оёқларига қайноқ сув тўкиб юборди, натижада эр бечора икки ойгача қўзғалолмай ётди. Балки шу хотиннинг қилган иши ҳамманикидан ҳам фойдали бўлгандир, нега десангиз, ер пулининг қолган бўлаги ичкиликка сарф бўлишдан сақланиб қолди.
Яна бир хотиннинг муваффақияти икки баравар катта бўлган эди. У хотиннинг эри ҳушёр бўлган вақтда хотинга зўр келар ва уни урарди. Энди эри эсрик бўлгач, хотини зўр келди ва қишлоқдагиларга қизиқ “томоша”лар кўрсатиб – эрининг сочидан тортиб пивохонадан олиб чиқди. Бу хотин шу вақтда бир қўли билан эрининг сочидан тортиб боргани ҳолда, тили билан тўхтовсиз тергар ва тергаш яхшироқ кор қилсин, деб яна бир қўли билан эрининг елкасига ва биқинларига туширар эди.
Ҳаммадан учинчи акага ёмон бўлди. Уникида эр билан хотин шу қадар қаттиқ уришдиларки, натижада хотини боласини кўтариб, бошқа бировларникига хизматга кириб кетди. Эри бўлса, икки йилдан сўнг рўзғор, от-мол ва ер-сувни ичкиликка сотиб бериб, ўзи опасининг ерини сотиб олган нефтчи бойга зовур кавлаш учун қора ишчиликка ёлланди.
Ана ўша ука билан унинг опаси (Залепиганинг хотини) ўртасида бўлган ҳангомалар қўрқинч ва оғир эшитилади кишига. Баъзи вақтлар бўладиким, эрта саҳар у йигит бироз ширакайф ҳолда устига ифлос ва моғор босган бир чакмон кийиб, худди нефтли ердай қоп-қорайиб кетган башара билан, букчайиб ишга ўтиб қолади. Бу вақтда унинг ўтаётганини ўз уйида туриб кўрган опаси югуриб ташқарига чиқади-да, укасини қарғаб йиғлай бошлайди.
Опа шўрлик укасидан шу қадар ёмонлик кўргани ҳолда яна ҳам унга ачинади, ҳам қўлидан кетган отамерос ерга ачинади. Кимни қарғаб, кимга лаънат айтишни ўзи ҳам билмай қолади.
– Шўрлик укам, сенинг шу ҳолларга тушиб, немисларникида зовур кавлаб юрганингни кўрганимдан кўра ўзингнинг ерларга кўмилганингни кўрсам, яхшироқ бўларди! Хайр, майли, кавла, кавлай бер! Кавлаб-кавлаб бир куни марҳумларнинг – отам билан бобомнинг ўликларига ҳам етарсан! Уларни яхшилаб кўргил; яхшилаб кўргилким, қонли тер билан топган ерларининг ўғиллари томонидан қандай қадрланганини кўриб, улар иккаласи ҳам ётган жойларида юзларини буриб олсинлар! Сен ўзинг ҳам эсингдан чиқармасдан, ўзингнинг қандай иззат билан яшаганингни марҳумларга айтиб бергил. Тахта токчалар остида, итлар билан бир қаторда қандай қилиб ухлаганингни айтиб бергил! Айтиб бергил уларга ҳаммасини, битта қўймай айтиб бергил!
Сўнгра у хотин бирдан қўлларини тўлғаб, бақириб, худди ўликка йиғлагандай, йиғламоққа бошлади.
– Укажоним, ўзимнинг жоним укам! Мен сени севмасмидим! Ёш болалик вақтингда, онамиз ўлиб, икковимиз ҳам онасиз қолгач, мен сенга қараб боққан эмасми эдим! Касал бўлган вақтларингда сенга қарайман деб озмунча кечаларни уйқусиз ўтказдимми! Мен шўрлик бир кун келиб, бизнинг бошимизга мундай қора кунлар тушажагини ва сенга Худодан жазо тилаяжагимни қачон ўйлаган, қачон билган эдим, дейсан?! Сени бу йўлга солганларга, сени бутун эл олдида расво қилганларга сира осон ўлим бермасин, илоҳим!

Нима учун Залепига ичадиган бўлди?

Ука бутун шу қарғишларни, ўз одати бўйича, бошини қуйи эгиб, индамасдан туриб эшитарди. Лекин бу кўз ёшлари ва бу ёшлик замонларини эслашлар унинг юрак-бағрини тилкаларди. Унинг юрагига қон тўлар, виждон азоби унга асло тинчлик бермасди.
Бу кун, қаттиқ маст вақтида, ул ортиқ чидай олмасдан, бақириб юборди: “Жим бўласанми, жодугар хотин ё йўқми?” ва шу сўз билан бирга қўлидаги тошни опасига қараб отди. Унинг ўз гапига қараганда, ҳалиги тош кичкина, одам мушти қадар ҳам келмас экан, лекин жуда зўр куч билан отилган бўлса керакким, шўрлик опа дарров “жим бўлиш” билангина қолмасдан, балки ўша оннинг ўзида бўғиқ бир “вой” билан ерга йиқилди. Бу “вой” овозини эшитган ҳамон уйидан югуриб чиққан Залепига хотинини йиғлаб турғизди. Хотиннинг бир кўзи ўйилган, пешонасида қонли яранинг ўрни кўринарди. Унда на бақириш бор ва на “вой-вой” – ёлғиз ҳушидан кетган эди.
Ярим ўлик ҳолида уни Драгавичга олиб кетдилар. Дўкторлар ёлғиз чап кўзининг ишдан чиққанинигина эмас, ҳатто бош косасининг ҳам синганини сўзладилар. Бир неча кун қийналгандан сўнг, хотин ўлди; укасини эса авахтага солдилар. Унда ўзининг озод кунигача етиб боролмасдан, у ҳам ўлди.
Ўша вақтдан бери Мехайло Залепига ичадиган бўлиб қолди. Ўз уйи, ўз рўзғори, ўз қишлоғи – ҳаммаси-ҳаммаси кўзига хунук кўриниб қолди. Ёш жувонлар унга яна бир уйланишга кенгаш берган вақтларида, у йўқ дегандай қилиб қўл силтарди, холос. Бирдан эмас, оз-оздан ичиб юриб, охирда шу даражага етдики, шу ёруғ дунёда унинг доим ўйлайдиган нарсаси, ёлғиз бир истаги ароқ бўлиб қолди.

Ҳар томондан нефть излайлар

Шундай қилиб, икки йил ўтди. Мехайло бутунлай ичкиликка ютилиб кетди. Рўзғор тамом ташланган, от-молларни ароқ пуллари учун қовоқчи тортиб олган. Буғдойлар аллақачон сочилиб битган. Ҳовлининг доволи қулаб тушган ва ҳатто рўзғор буюмларининг кўпи уйдан пивохонага ташилган эди.
Залепига ёлғиз тунамак учунгина уйга келар, кундузларини эса бутун пивохонада ўтказар эди. У ўзи оз ичарди, лекин кўп ичиш орқасида шу қадар бўшашган эдиким, 2-3 стаканча ароқ ҳам уни жуда ёмон маст қилиб ташларди. Унда ёлғиз биргина жонли ҳис қолган эдиким, у ҳам бўлса, “бойлар”га душманлик эди; лекин у бойлар ҳам ерларини нефтчи бойлар – кончиларга сотмоқ билан кундан-кун ер-сувларидан ажраб борардилар. Кончи бойлар эса дунёнинг ҳар томонидан Бориславга қараб оқмоқда эдилар. Уларни бу томонга тортган нарса нефть конлари орқали тез ва осон бой бўлиш ҳаваслари эди.
– Нима ишлар бўлаётир бу ерда, нима ишлар бўлаётир бу ерда? – деб ғудурланарди ул ўзича. – Қарангиз, қарасангиз-чи, худди шимолийларга ўхшаб қанча ифлослар йиғилган бу ерда! Филип Бўнакнинг ерида беш зовур кавлайлар, Матвейникида тўрт, ана у эслик қайнимнинг ярим ери қўлидан чиқиб кетган ва бу ҳам етмагандай, яна тағин худди ўз деразаси олдида тоғдай тупроқларни уйиб ташлаганлар! У ерда ҳам, у ерда ҳам, у ерда ҳам! Ҳар томонни кавлайлар, ҳар жойни ахтаралар, ҳар қайдан ҳалиги лаънати нефтни топиб чиқаралар, нефть билан бўғилиб ўлгурлар! Раҳматлик хотиним томонидан оға-иниларига қайтариб берилган ва улар томонидан муштумзўр бойларга сотилган ерда эса ўнта зовур кавлаб қўйганлар; ҳар бирининг чуқурлиги беш-олти саржин келади, баъзилари ҳатто йигирма-йигирма беш саржинга ҳам етади.
Ўша ерни деярлик бекорга сотиб олган муштумзўр ҳозир катта бой, Бориславдаги биринчи ароқ заводининг эгаси. У яна икки бўлак ер сотиб олиб, унда ҳам йигирма бешта зовур кавлатаётир.
Рост айтади Залепига, инсоф қилиб айтганда, ҳеч қайси ер ўша муштумзўр бойга Залепиганинг раҳматлик хотинидан ўтган ер қадар фойда бергани йўқ. Яна деярлик бекорга олинган бошқа ер бўлакларидан эса ўн, ўн беш, йигирма саржин чуқурлигида қанча зовурлар кавланиб, ҳеч биридан нефть чиқмади. Иккита зовурни йигирма беш саржин қадар кавлагандан сўнг, тагидан чашма чиқиб қолгани учун ташлаб кетишга тўғри келди.
Залепиганинг хотинидан ўтган ўша ер Шихтер деган кончи бой учун чинакам олтин кони бўлди. Шу учун Шихтербойнинг ўша ер билан чегарадош бўлган бир бўлак ерга – Залепиганинг ўз хусусий мулкига ҳам кўпдан бери тиш қайраб юриши сира таажжуб эмас. У ерни сотиб олмоқчи бўлиб Шихтербой неча марталаб Залепиганинг ёнига келди, лекин Мехайло у хил гапларга қулоқ солишни ҳам истамас эди. Зотан, ишлик гаплар учун Залепиганинг вақти ҳам йўқ эди, негаким, у ўз одати бўйинча ичиб ўтирган ёки эндигина ҳушига келиб турган бўларди. Сўнгра, гапнинг тўғрисини айтсак, қўлда ичишга етарлик нарса бўлгандан кейин ер сотишнинг нима кераги бор ўзи?

Шихтербойнинг кўзи Залепиганинг ерида

Энди ҳамма ишни поёнига етиб борарди. Ичкилик олгани ҳеч нарса қолмади ва ҳатто қовоқчидан ҳам анча қарздор бўлиб қолинди. Шихтер бойнинг фикрича, “ишлаш” учун энг қулай фурсат шу эди, зотан, Мехайло ўзи ҳам пивохонага кирмасдан қайғили ва ўйчан… қишлоқ кўчаларида айлана бошлаган эди.
– Кун ойдин, Мехайло афанди! – деди бир кун Шихтер Мехайлонинг уйига кириб келиб. Бу вақтда Мехайло қўлида таёқ, ҳовлининг ўртасида тўхтаб, алланарсани ўйлаш билан машғул эди.
– Кун ойдин! – деб жавоб қилди Мехайло зўрға, бир марта унга қараб қўйиб.
– Нималар қилаётирсиз?
– Нима тўғри келса – шуни; ишқилиб, тирикмиз.
– Ундай десангиз, ҳаммамиз ҳам, Худога шукур, тирикмиз. Бу билан ишлаганлик ва иш қилганлик чиқмайди! Ерингизни нима қилмоқчисиз, ерингизни?
– Еримни, дедингизми? Нима қилардим? Ёта беради. Ер овқат сўрамайди-ку.
– Айтганингиз рост, ер деган нарса овқат сўрамайди, лекин, Мехайло афанди, сиз ўзингиз еб-ичишингиз керак-ку, ахир.
Мехайло Шихтерга тонгир қош назари билан бир қаради-да, истамагани ҳолда жавоб берди:
– У менинг ўз ишим! Сизга ялиниб бормаяжакман!
– Йўқ, йўқ, Мехайло афанди, сизга қаттиқ тегмасин! Мен фақат ерингизнинг бекор ётганига ачинаётирман. Нимага ишлатардингиз сиз уни? Нима беради у сизга? Меҳнати кўп бўлади-ю ҳеч қандай унум бермайди. Менга сотсангиз, яхшигина ҳақ берардим, қариган вақтингизда сизга етиб ортарди.
– Хўш, қанча берар эдингиз?
– Ҳамма ерингиз ўзи қанча келади?
– Уйлар билан боғларни чиқариб юборсак, уч десят.
– Ундай бўлса, ўшаларнинг ҳаммасига уч юз қирон бераман.
– Десяти қанчадан бўлади унда?
– Юз қирондан, шуни оз дейсизми? Эл баҳоси, азбаройи худо, юрт баҳоси!
– Хўш, Шихтербой, менинг қайниларимдан сотиб олган бир десят ерингизни, ҳалиги менга чегарадош бўлган ерингизни ҳозир ўзингиз қанчадан сотар эдингиз?
– Мен у ерни сотмайман, – деб кулимсираб қўйди Шихтер.
– Албатта-да, сиз ундан ғазна топиб олдингиз, ҳиди ёмон бўлса ҳамки, ишқилиб, – олтин. Хўш, энди менинг еримдан шундай бойлик чиқмайди, деб ким айта олади?
– Эй Мехайло, сиз қизиқ одам экансиз. Нималар деб ётибсиз! Ерингизда ҳеч нарса йўқлигини билсам, мен уни олармидим? Сизнинг ерингизга арпа экиб кўкартиришдан бошқа дурустроқ ишим йўқ, деб ўйлайсизми?
– Агар менинг еримда чинакам ғазна бўлса, уни бекорга қўлдан чиқаргали – мен нима – аҳмоқмидим?
– Нега бекорга бўлсин? Юз қирон-чи? У пул эмасми?
– Йўқ, Шихтербой. У арзимас пул!
– Ҳаҳ-ҳа! Агар арзимас пул бўлса, боринг, кўчадан топиб ола қолинг! – деб хитоб қилди ранжиган Шихтер.
– Истаб ўтириш ҳам керак эмас, ўзлари келадилар менга! – деди-да, уйига кириб кетди Мехайло.
– Мехайло афанди, Мехайло афанди… Шошманг! – деб орқасидан қичқирди Шихтер.
– Хўш, нима гап? – деб сўради Мехайло жойида тўхталиб.
– Биласизми, мен сизга нима дейман? Ерингизнинг десятига бир юз олтмиш қирондан берай, дейман.
– Эй бўлмаган гап! Бошқалар икки юз қирондан бериб турганда, нега мен сизга юз олтмиш қирондан сотар эканман!
– Десятига икки юз қирон? Ким икки юз қирондан бераётир сизга? – деб сўради Шихтер.
– Ким берган бўлса, у менинг ишим! Ёлғиз сиз ўйламангизки, Мехайло чол тамом эсини йўқотгану, қилган ишини билмайди, деб. Тантакликка-ю иқрор бўлиб қўяй, тентакман, лекин баъзи нарсаларга хўп тушунаман.
– Йўқ, Мехайло афанди, нима гаплар келибдир кўнглингизга! Мен ёлғиз икки юз қирондан берган кишининг кимлигини сўраб эдим сиздан.
Мехайло Шихтернинг кўзига тикилиб анчагина қараб турди, сўнгра тескари бурилиб, бир тупурди-да, индамасдан уйига қараб кетди.
– Мана бу аҳмоқни қаранг! – деб ғудурланди Шихтер. – Мени сўзимдан илинтирмакчи бўлади! Икки юз қирон эмиш! Мендан десятига икки юз қирон оламан, десанг, ўлгунча кутажаксан!

“Деҳқон ўжарлиги” Шихтернинг йўлини тўсди

Лекин Шихтернинг умидвор бўлган фурсати айтган вақтидан бурунроқ келди. Ҳалиги гаплашишдан бир неча кун ўтгач, унга қарашли зовурлардан бирини сув босди, яна бири қулаб кетиб, уч ишчини босиб ўлдирди.
Шу туфайли келган бутун зарарлардан ташқари, “ишчилар ўз бепарволиги орқасида ҳалок бўлганлар”, деган мазмунда қарор чиқартирмоқ учун Шихтербой ҳукумат комиссиясининг оғзини бир нима билан “ёғлаш”га ҳам мажбур бўлди. Зарар катта бўлиб, давлати камроқ киши бўлганида, хонавайрон бўлиб кетарди.
Шихтернинг биргина умиди Залепиганинг раҳматли хотини еридан чиққан нефть манбалари эди. Шу учун мумкин қадар тез фурсатда Мехайлонинг ҳамсоя ерини қўлга киргизиш Шихтер учун икки баравар кузатилган мақсад эди. Унинг ошиқмоғи учун яна бир сабаб, кончи бойлар босқини жуда кучли бўлганлигидан қон чиқажак ерларнинг тезлик билан қимматлашиб бориши эди. Бир десят учун икки юз қирон – ҳозир кўп ҳам ортиқ баҳо эмас эди.
Орадан бир ҳафта ҳам ўтмади: бир шиша яхши ароқни кўтариб, Шихтер бой Залепиганикига қараб йўл солди.
Мехайло ўз уйида пақир тузатиб ўтирар эди.
– Кун ойдин! – деди Шихтер кираркан.
– Кун ойдин – деб муқобала қилди Мехайло.
Шихтер искамияга ўтириб, қарай бошлади. Уй бўш ва мунгли кўринарди. Қуруқ доволлар, бўш токчалар, кўпдан бери ёқилмаган печка ва унинг ичида синиқ идишлар… Хуллас, уйдан бўшлиқ ҳиди келарди.
– Жойингизнинг мазаси йўқ-ку, Мехайло афанди. Қариганда мундай туриш ярамайди, – деди Шихтер бироз жимликдан сўнг.
– Майли, Худо берса агар, бир кун бориб бизнинг уйлар ҳам тузалиб қолар, – деб жавоб берди Мехайло.
– Берсин илоҳим! Хўш, нима қилаётирсиз мунча зўр бериб?
– Мана шу пақирни тузатиб қўяй, дедим.
– Пақир нимага керак сизга? Сиз-ку тўнғиз боқмайсиз?
– Балки боқарман. Ишқилиб, пақирнинг бутун бўлгани яхши. Ҳар нарса ҳам бўлганда пулга келган нарса!
Шихтербой яна жим бўлди. Тўғридан-тўғри ишдан гап очишга бир турли ботинолмасди.
– Нима гап бу, Мехайло афанди. Бизнинг қовоқчи сизни бутун бир ҳафтадан бери келмайдир, деб гина қилаётибдир-а?
– Бориб нима қиламан уникига? Ичким келмайди, қарзимни берай десам, пул йўқ.
– Қўйинг-э, Худо кўрсатмасин-ей! – деб олижаноблик билан койиб гапирди Шихтер. – У сиздан пул қистаб ётибдирми? Йўқ, пулингизни эмас, ўзингизни кўрмакчи у!
– Яхши гапи учун қуллуқ унга, лекин мен ўзим қўлимга пул тушмагунча уникига бормайман, деб қўйдим. У-ку қистагани йўқ-а, лекин ўзингиз биласиз, бу қарз деган нарса жуда тез олинади-ю, берилиши узоқ чўзилади.
– Эй Мехайло афанди, ўша ҳам қарзмиди? Ўн беш қирон! Гапиришга арзийдими? Менга қаранг! Қуруқдан қуруқ гаплаша беришдан нима чиқади? Худо бандаларига бир томоқ деган нарсани тез–тез ҳўллаб турсин, деб берган-да! Бирорта ароқ-мароқ топинг…
Мана шу сўзлар билан бирга Шихтер қўйнидан бир шиша ароқ олиб, устал устига қўйди. Ароқни кўргач, Мехайлонинг кўзлари чақнаб, ҳатто қўлидаги болтаси ҳам тушиб кетди.
У ўрнидан туриб, пиёла изламакчи бўлган эди, лекин қандайдир бир куч уни жойида тўхтатиб қолди. Кўпдан ароқ мубталоси бўлиб қолган бу шўрлик нафсини тиймоқ учун анчагина ирода қувватини ишлатишга мажбур эди.
– Бу хайрихоҳлигингиз учун Худо ёрлақасин сизни, Шихтербой! – деди Мехайло синиқ овоз билан. – Лекин мен билмайманки, нима учун сиз билан мен бирга ичишамиз экан? Биз ахир сиз билан ҳеч қандай олди-берди қилганимиз йўқ-ку?
– Эй қанақа одамсиз сиз ўзингиз? Остонангиздан ҳам ҳатлаб бўлмайдими? Ҳеч бир ишсиз, шундоқ… Қўшничилик қилиб кирган бўлсам, нима дейсиз?
– Йўқ, бу гапингизни бошқа бировларга гапиринг, менга гапирманг. Ҳеч бир ғаразсиз кирдим, деганингизга мен ишонмайман.
– Қандай ғараз бўларди? Менинг ёлғиз биргина ғаразим бор. У ҳам бўлса, ерингиз тўғрисида битишмак!
– Қийин савдо! – деди калта қилиб Мехайло.
– Нега қийин бўлсин? Худонинг ёрдами билан барча иш осон битади.
– Десяти қанчадан?
– Нега сўрайсиз уни? Менинг нархим ўзингизга белгилик-ку – бир юз олтмиш қоғоз.
– Эй ундай бўлса, гапириб ўтириш ҳам ортиқча. Мен икки юзга ҳам бермайман.
– Оҳ-ҳо, борган сари кўтарилишингизни қаранг! Бу хилда баланд келишингизни кўргач, сандиғингиз аллақандай бойликлар билан тўлган, деб ўйлайди киши.
– Сандиғимдами, сандиғимда эмасми, ишқилиб, ўша ернинг ўзида қимматбаҳо ғазна бор, албатта, нега мен уни бекорга бериб қўяр эканман сизга?
– Албатта, ундай бойликни қўлдан чиқариб бўладими? Киши ўзи ишлатса, яхши бўлади.
– Ҳа, нима деб ўйлайсиз сиз? Сиз-ку кавлатасиз, мен нега кавлатмайман?
Шихтер шу жойда ҳатто ўрнидан ҳам туриб кетиб, бу хил гапларни айтишга журъат қилган арвоқ ва тумоёқ деҳқонга кўзини олайтириб қаради.
– Нима… нима… нима дейсиз сиз?
Мехайло Шихтербойга бемалол назар ташлади ва кулиб туриб деди:
– Қандай ари чақди сизни, Шихтер афанди, ўрнингиздан ирғиб турдингиз? Ё менинг айтган гапларим беҳуда гапларми?
– Албатта, беҳуда гаплар! – деб қаттиқ ишонч билан жавоб берди Шихтер. – Худонинг неъматини ердан қазиб олиш жуда осон, деб ўйлайсизми сиз? Сиз билмайсиз у ишнинг қандай қийин бўлганини! Ердан нима чиқиши ҳали номаълуму, ҳадеб ишчиларга пул тўлайсан киши. Мана, менинг зовурларимдан учтасини сув босиб қолди. Биласизми сиз, ўша зовурларнинг ҳар бири қанчадан тушган менга? Энг ози юз қирондан! Хўш, сиз қаердан топасиз шунча пулни? Топганингизда ҳам мунақа ишга сизнинг миянгиз ишламайди!
– Ўшанда кўрармиз. Ҳамма эсни сизнинг каллангизга солиб битирмагандир, бизда ҳам бир чимдим-бир чимдим қолгандир!
Шихтербой Мехайлога борган сари орта борган бир андиша билан қарарди.
– Шу гапларингиз астойдилми? Мехайло афанди, ё ҳазиллашибётирсизми?
– Мен қайдан билай, балки ҳазиллашаётгандирман, – дея тундлик билан жавоб қайтарди Мехайло.
– Хўш, ерни нима қиласиз? Сотасизми?
– Яхши нарх берсалар, сотаман.
– Сизнинг ўз нархингиз қанақа?
– Мана мундай: менинг жамъи уч десят ерим бор, бир десяти шу ерда, томорқа, иккитаси нарироқда, Валанкада. Ана ўша икки десятни сизга – ҳар бир десятини уч юз қирондан сотишга розиман.
– Нариги икки десятни? У икки десятни бошимга ураманми мен? Ахир у ерда, Валанкада, ҳеч ким зовур кавлатмайди-ку?
– Ким билади, дейсиз, балки у ерда ҳам ғазна бордир.
– Йў…қ, менга унақа “балки”нинг кераги йўқ! Мана бу бир десятингиз қанчадан?
– Бу бир десятни сотмайман. Мен буни ўзим учун қолдираман.
– Нечик? Ўзингиз учун? Сизга нима кераги бор унинг?
– Униси, энди, менинг ишим.
– Қўйинг, Мехайло афанди, ҳазиллашманг! Мана бу бир десятингизни қанчага берасиз?
– Йўқ, нариги икки десятни савдолашайлик.
– Нима керак у икки десятингиз менга? Нима қиламан мен уни? Мана бу десятингизга икки юз саксон қирон бераман.
– Нариги икки десятни, майли, сизга икки юз саксондан берай, мана бу бир десят устида гапириш ҳам керак эмас, – деди Мехайло чинакам деҳқон ўжарлиги билан.
– Кута бер, аҳмоқ! Берарлар наригига икки юз саксондан! – деб бақирди жаҳли чиққан Шихтер; сўнгра ароқ тўла шишасини қўлига олди-да, югуриб чиқиб кетди.
Мехайло бемалол ўтириб пақирни тузатишга киришди. Ташқарида бир қур дам олгач, Шихтер яна қайтиб кирди.
– Йўқ, Мехайло афанди, сиз билан гаплашадиган одам аввал ўзини хўб совутиб олса бўлар экан. Гапнинг бўлганини айта қолинг, мана бу бир десятингизни қанчага берасиз?
– Нариги икки десят икки юз саксондан. Бу бир десятни ҳали сотмайман.
– Ҳа, қачон сотасиз?
– Уни ҳали ўзим ҳам билмайман; қачон ўз нархига кирса…
– Хўш, ўз хаёлингизда қачон ўз нархига кирар экан?
– Мен қандай билай? Кўрармиз!
– Бу охирги сўзингизми?
– Охирги сўзим.
Шихтер деҳқон ўжарлигини ичидан қарғай-қарғай уйига қайтиб кетди.

Мехайло қайнбиродарлари билан ярашмоқчи

Мехайло нефтчи бойлар – кончилар билан чинакам басма-басликка киришмакчи эди. Унинг қари ва ўй ўйлаб ўрганмаган бошида чучмал бир режа тортила бошлаган, лекин берган қарори қаттиқ ва қатъий эди.
– Ҳа, нимаси бор экан, ўзим кавлайман! – деб ўйлади ул бошда, лекин орадан кўп фурсат ўтмай, ўзининг кавлаши мумкин эмаслигини билди, негаким, битта зовурнинг ўзига энг ками уч киши керак эди. Ёнига иккита мардикор олса-ку яхши бўлар эди, лекин мардикорга пулни қаердан топади? Унинг ўзида на бир чақа пул, на уну буғдой, на оту мол… Ҳеч нарса йўқ, ҳаттоки ердан бошқа сотадиган нарсаси ҳам йўқ. Ҳолбуки, бир ёқдан аллақандай кучлик ички бир овоз ҳадеб унинг қулоғига пичирлайди: “Қани, бел боғлаб ишга кириш, ерингда олтин ғазнаси бор, уни бекорга қўлдан чиқариш гуноҳ бўлади!” Аммо унга, ўзи ёлғиз бир чолга, мунча давлатнинг нима кераги бор, деган гапни сира ўйламас эди ул.
Баъзан унинг миясига бўлмағур тасвирлар нақш этилиб қоларди: “Чиройлик қилиб, пишиқ ғиштдан бир бутхона солдираман… Хотинимнинг гўри устига дахма қилдираман”.
Унинг ўйлари бу диний хаёллардан нарига ўтмас эди.
Шихтернинг кириб-чиқиши унга ҳалиги бойликларнинг борлигини исбот қилди ва унинг ўйларини яна ҳам амалийроқ йўллар томон йўллади. Ул нималар қилишини ўйлаб, ўз уйида тузатилган пақирнинг устида неча соат ўтирди. Сўнгра ўрнидан туриб, кийимларини кийиб, қишлоққа қараб кетди. Ҳали ҳозирча ул ҳаммадан илгари ўзидаги кекларни йўқотиб, хотинининг ҳали ҳаёт бўлган иккита қайнбиродарлари билан ярашишга қарор берди…
Ул аввал биринчи қайнбиродариникига кирди. Ул ерга кирмаганига ҳам беш йил бўлиб қолган эди. Унинг ҳовлисига қадам қўйгандаёқ ўйлади: “Шундай одамни мен нечик бой дея оламан?.. Мундай демак учун эсимни бутунлай еган ёки иккала кўзимдан бутунлай ажралган бўлишим керак-ку!..”
Чинакам, уйи каттагина эди; афтидан, бурун замонда мустаҳкам қилиниб ва яхшилаб безалган бўлса керак. Энди ҳозир ташланган ва хароб бир ҳолда эди. На ёпиқлар остида оз бўлса ҳам рўзғор асбоблари, на дон тўкилган омбор, на устига латта-путта ёпилган ва ичи кийим тўла сандиқлар, на-да кўрпа-тўшак… Ҳеч нарса йўқ. Мунинг устига Мехайло ҳам уйининг қиёмат қойим бўлиб турган вақтида кириб келган қайнбиродарининг хотини билан болалари қоп-қора қақшаб йиғламоқдалар эди.
– Хўш, нима бўлди сизларга? – деб ифлос бир курсига ўтириб сўради ул.
– Хотин йиғидан қизариб кетган кўзлари билан унга бир қараб олди-да, хоҳламасданроқ жавоб қайтарди:
– Сизга нима? Яна қандай бало тортиб келтирди сизни бу ерга?
– Эй нима бўлди сизга? Ҳеч бир бало-мало йўқ. Биз ахир қариндошлармиз-ку! Бир-биримиздан чеккалаб юрсак, айб бўлади. Мен сизлар билан кўришгали, кенгашгали келдим…
– Ҳа, ҳа, сиз балки менинг эримга яна бир парча ер бергали келгандирсиз! Унга мундан бурун қилган “яхшилигингиз” учун ҳам, илоҳим, Худо жазоингизни берсин сизнинг!
Ва шу қарғашидан сўнг, шўрлик хотин қўлларини бир-бирига уриб, аччиқ-аччиқ йиғлашга бошлади, унинг кетидан болалари эргашдилар.
– Ҳой, менга қаранг, ўз эрингиз менинг раҳматлик хотинимни алдаган бўлса, унинг отамерос ерини тортиб олган бўлса, кейин уни кончи бойларга сотиб юборган бўлса – менда нима айб?
– Илоҳим, менинг кўз ёшларим, менинг кўрган кунларим, менинг заҳарланган турмушим учун сизнинг ҳаммангизга, барчангизга Худодан қайтсин, Худодан! Мен сизга нима қилиб эдим? Мана бу шўрлик болаларнинг нима гуноҳлари бор эдики, ҳалиги лаънати пияниста туфайли нобуд бўлишиб кетаётирлар.
– Хўш, нима бўлди, ахир? Нима қилди у? – деб аҳволни билишга тиришиб сўради Мехайло. Хотиннинг қарғишларини ул сира оғир олмас, уларни, балки-да, улуғ бир ҳасратнинг асари, деб биларди.
– Сотди, қолган-қутган ерларни ҳам сотди кончи бойларга! Сотиб тугатди, қанчага сотганини ҳам билмадим мен. Икки ҳафтадан бери шаҳарда ичкилик ичиб юрибдир, бўйнинг узилгур! Вой, менинг пешонам қурсин, шўрлик пешонам! Нима қилишимни билмайман. Оқсоқол келиб, гувоҳларнинг олдида ерни бойларга ўтказиб берди! Бойлар келиб, ҳозир зовур кавлатишаётирлар, унинг ўзидан эса дарак-марак йўқ!
“Буларнинг дарди меникидан ҳам оғир экан”, деб ўйлади Мехайло.
Сўнгра хотинга юз ўгириб, қўлидан келганча уни юпатмоққа бошлади.
– Йиғламанг, тинчланинг, ишлар ўнгайиб ҳам кетар. Балки ҳамма ишларнинг кети яхши бўлиб чиқар.
– Балки ҳаммангизнинг оёғингиз осмондан келар ҳали! – деб яна кўз ёшларини сувдек қуйиб, қичқирди хотин. Сўнгра болаларига юз ўгириб, яна “дод-вой” солди ва худди болалари ўлгандай айтиб йиғлашга бошлади:
– Шўрлик болаларим, етим қолган болагиналарим! Ёмон отага дучор бўлиб қолдингиз! У сира сизнинг ғамингизни емайди. Имонини иблисга, ерини кончи бойга сотди! Кимга бориб сиғинасиз энди? Ким сизни катта қилиб, одам қаторига қўшади? Кўз ёшларингиз бировларнинг остоналарига қуйилажак, шўрликкиналарим! Чўллардаги ўтлардай сўлажаксиз! Илоҳим, отангиз тинч ўлимни кўролмасдан, ит азобини кўриб ўлсин!
– “Бу ерда менинг қуруқ юпатиш ва кенгашларимдан ҳеч нарса чиқмайди”, – деб ўйлади Мехайло ва астагина қайнбиродарининг уйидан чиқди.
– Менинг аяшларимнинг нима кераги бор уларга? Бу ерда аяш эмас, ёрдам керак. Ўзимнинг ергинамни кавлаб нефть чиқаролсам, у вақтда буларнинг ҳаммасини ўзимникига жойлардим-а. Албатта, қайнбиродарим менга бир вақт жуда ёмон алам ўтказди, лекин унинг хотини ва болаларида нима айб? Йўқ, йўқ, бу ерда кенгашнинг кераги йўқ, ёрдам йўлини топиш керак.

Иккинчи қайнбиродардан ҳам ҳеч нарса чиқмади

Қайнбиродарнинг ифлос, вайрон ва кўз ёшлари билан тўлган уйида Мехайло ўз истак ва хаёлларидан кутган мақсадининг кутилмаган даражада яқинлашиб келганини кўрди. Ўз ерида яшириниб ётган табиий бойликнинг ҳалиги оч-яланғоч қолиб энтиккан оиланинг саодати учун зарур бўлганини англаганидан бери, ул бойликлар, Мехайлонинг назарида, ўлчанилмас даражада катта аҳамият касб этдилар.
Шундай қилиб, бу яшашда бир мақсад борлиги билинганидан бери, ул ўзи ҳам бирдан ўн яшар яшарганини ва ўзида бирданига анча куч ва дадиллик ортганини сезгандай бўлди.
Ул тез-тез қадам қўйиб, бошқа қайнбиродарининг уйига, яъни бир замон ўз хотини томонидан оёғига қайноқ сув сочиб юборилган ва шу сабабли бутун Бориславда “Чалапишти” деб ном чиқарган кишиникига қараб кетди. Ул одам Бориславнинг нефть манбалари сира бўлмаган нариги чеккасида турар ва ўзи бадавлатгина эди.
Ёлғиз хотини унинг оёғини куйдириб қўйгандан бери юришида маза қолмаган, ҳаммавақт қўлтиқтаёқ билан юришга мажбур бўлиб қолган эди. Аксари гаплашиб турган вақтларида тузалиб етмаган яралари оғримоққа бошлар, ўшанда тишлари орасидан овоз чиқариб, пишиллаб гапирарди. Айниқса, ҳаво ўзгарган вақтларда оёқ оғриғи ҳам кучаяр, ана шундай вақтларда ул ҳам оч қолган айиқдай, айниқса, ёмон бўлиб кетар эди. Мехайлонинг шўр пешоналигидан ул ҳам шундай кунга тўғри келиб қолган эди.
– Ҳа, ҳурматлик куёв почча…шшш! Қандай шум шамол учириб келаётир сен гадойни меникига, шшш! – деб бақирди “Чалапишти” йироқдан Мехайлони кўргач.
Мехайло эса ёлғиз бошини тебратди. Чунки юксак ўйларнинг тепасида бўлинганлигидан ул ҳеч бир эрмакнинг ўзига ета олмаяжагини туярди.
– Эй қуда, қуда, – деди у қайнбиродарига яқинлашар ва шапкасини олар экан, – мен ҳали гадойлик қилиб, нон тиланиб, сенинг остоналарингни шу қадар кўп ёстадиммики, мени бу тарзда қарши олаётирсан? Ўз бойлигингга бу қадар мағрур бўлишинг уят сенга!
– Ана, ваъз айтадиган домла ҳам чиқиб қолди-ку! Бошимни ўртага қўйиб шарт қиламанки, сен, албатта, бир нарсани сўраб келгансан, гадойнинг эҳтиёжи қанча кўп бўлса, ғурури ҳам шунча зўр бўлади. Хўш, гапир-чи, нега келдинг экан?
– Мен бу ерга иккита иш билан келдим. Биринчи иш ўзимга тегишлик эмас, қайнбиродарим Чаплига тегишлик, – деб секин-секин жавоб қайтарди Мехайло остонага ўтирар экан.
– Ана, анави муштумзўрлардан чиққан лофчи пиянистани айтасанми? Биламан, биламан, қолган-қутган эсини ҳам еб бўлди, қолган-қутган ерини ҳам кончи бойларга сотиб тугатди, энди ҳозир бор-йўғини шаҳарда ичкиликка совуриб ётади. Ул аҳмоққа келишгани ҳам шу!
– Мен унинг тўғрисида ҳеч нарса демайман. Лекин унинг хотини сизнинг хотинингиз билан менинг раҳматлигимга ҳамшира бўлади! Ёш болалари-чи! Кимга, нима қилиб гуноҳ қилиб қўйибдир ул гўдаклар? Нонсиз, пулсиз қолибдирлар. Нима бўлади уларнинг ҳоли?
– Менга нима дахли бор унинг? Ё мен уларнинг отасимидим, уларнинг ғамини емак, улар учун тиришмоқ вазифаси менга тушармиди?
– Қуда афанди, ўз уруғимизни очдан қолдирсак яхшими? Мен ҳозир ўша ердан келаётирман. Кампир шўрлик йиғлайди, менинг юрагим жуда ачишади.
– Йиғласа йиғлай берсин! Йиғлаб-йиғлаб тўхтайди. Мен ўзимни биламан. Бошқа ҳеч нарсани билмайман. Менинг тариғим эмас, мен сочганим йўқ, менинг бедонам ҳам емайди уни! – дея жуда ёмон жавоб қайтарди қайнбиродар.
Ул сўзлашар экан, гоҳ-гоҳ пишиллаб, жаҳл билан тишларини ғижирлатиб қўяр эди. Гўё бошқаларнинг аламлари унга аллақандай ваҳший ва ёмон бир наша берган каби бўлади.
– Хўп, бу бир иш экан. Яна бири қандай иш эди? – деб сўради “Чалапишти” бир қадар сукутдан сўнг.
– Кўринадирким, мен ул ишларим билан бошқа кўчаларга кириб қолганман. Бу гапни тўхтатганимиз яхши, – деди Мехайло.
– Оббо, катталикни қаранг! Гадойнинг худди ўзи! Хайр қилмасанг, дарров савлатини султонларча қиладию ғурурланишга тушади. Бас-эй, бошқа гапинг бўлмаса, ўшандан гапирай!
– Менинг тўғримда “чинакам ғурур пайдо қилиб қолибдир”, деган ўйга борманг, деб сизга яна бир нарсани айтиб ўтайин. Ана у Валангада бир бўлак – икки десят ерим бор, шуни сиз олинг, арзон қилиб бераман.
– Сенинг Валангадаги ерингни нима қиламан мен?
– Нима қиламан? Ер деган нарса ҳаммавақт даркор. Пичани ҳаммавақт отга ярайди ёки бировга арпа-марпа эккали ижарага қўйилса бўлади, ишқилиб, бир даромади бор-да.
– Нега бўлмаса ўзинг шундай қилмайсан?
– Мен ўзим ҳам қилар эдим-ку, лекин менга шу тобда пул зарур.
– Пул нега керак сенга? Ароққа етмай қолдими? Шунинг учун сотасанми ерингни? Эй сиз, ялангоёқлар! Тағин бу менга насиҳат қиладики, “Қайнбиродаримизга ёрдам берайлик”, деб. Ўзи ундан беш баттар, хўш, гапир, пул нега керак сенга?
– Нега айтайин уни сизга! У менинг ишим!
– Сен мен билан гаплашишни хоҳламасанг, мен ҳам сен билан гаплашмайман.
Шу сўзни айтиб, “Чалапишти” тескари бурилди.
– Менинг еримни олмайман, десангиз, энди, бўлмаса, бундай қилинг. Келинг, мен билан шерик бўлинг, – деб бемалол гапида давом этди Мехайло.
– Қандай шерик?
– Сизга ҳамма гапнинг ростини айтиб бермасам бўлмайди, шекилли. Хўп, қулоқ солинг! Менинг раҳматлик хотиним томонидан сизга берилган ердан Шихтербой кўп нефть маъданларини топиб олди; мана, йил-ўн икки ойдан бери кавлатади, сира одоқ қилолмайди. Энди менинг еримга ҳам кўз олайтириб қолди, ахир у ҳам ўша ер билан чегарадош. Албатта, менинг еримда ҳам ўшанақа бойликлар борлиги аниқ.
– Хўш, аниқ бўлса нима бўлади? Майли, сота бер ўшаларга!
– Мана бу гапни қаранг энди! Мен ўйлайманки, ундай қилмоқ жуда катта гуноҳ бўлади. Худо бизга туганмас ғазна бериб қўйибдир. Бироз меҳнат қилсак, олиб тугатолмаймиз. Энди шу давлатнинг ҳаммасини кончи бойларга бекорга бериб қўйиб, ўзимиз уларнинг хизматига ўтайликми!
– Ҳа-ҳа-ҳа! Ғазна эмиш, бойлик эмиш! Нима нарса экан у ғазнанг? Бўлмаган, сассиқ бир сув! Бизга у нарсанинг кераги йўқ!
– Бўлмаса, Шихтербойга хизматкор бўлиб, зовур қазиб ўтсак яхшими?
Бу гапга “Чалапишти” жавоб тополмай қолди. Сўнгра бироз ўйлагач, деди:
– Бўлди, бўлди, кўп ҳовлиқа берма! Ерингда нефть борлигини қаердан биласан сен? Мен ўйлайманки, Шихтербой сенга чегарадош ердан ҳамма нефтни кавлатиб олган бўлса, сенинг ерингдагилар ҳам ўшаникига оқиб битган бўлади.
– Аммо мен ўйлайманки, Шихтербой қаердан нима чиқишини жуда яхши билади. Ерингни сотгил, деб остонамдан кетмаслиги ҳам бежиз эмас, албатта.
– Йў-ў-ўқ, Шихтербой сенга ўхшаш санамай саккиз дейдиганлардан. Хўш, қани, сен мендан, чинакам, нима тилайсан? Қандай ширкатга олиб кирмакчисан?
– Мен ўз еримни ўзим кавламакчиман. Ҳам ишонаманким, нефть, албатта, чиқажак. Ишни бажариб юбориш учун менга юз қирон пул керак, менинг чўнтагимда эса ҳозир еллар эсади! Мана шу учун мен ўйлаган эдимки…
– Ўйлашинг ҳам керак эмас ҳатто! – деб унинг сўзини бўлди “Чалапишти”. – Ўйларинг ҳаммаси беҳуда. Менинг пулим ҳам йўқ, ундай ишларга аралашмоққа ҳавасим ҳам йўқ. Бойларнинг ёмон қараб қолиши бўлади менга, унда уйимга ўт қўйдириб ёки муюлишдан оттириб ташлашлари ҳеч гап эмас. Кимнинг кучи етади, дейсан уларга?
Мехайло маъюс бўлиб, бошини қуйи солди. Қайнбиродари ҳақ эди. Сўнг замонларда кончи бойлар Бориславда кучайган эдилар. Порага сотилиш, ичкиликларга учиш ва бошқа шунингдек ёмон йўллар билан маҳаллий ҳукумат шу қадар бузилган эдики, бойлар нима деса, ўшаларнинг амридан чиқа олмас эди. Иш вақтида кўп бўладирган бахтсизлик воқеалари – бари қазолар кончи бойлар учун ҳеч бир жазосиз ўталар, ҳолбуки, “тасодифий қазо” деб юргизилган бу воқеаларнинг орасида шундай нарсалар ҳам ўтар эдиким, Бориславнинг юрак олдирган аҳолиси у воқеаларга очиқдан-очиқ бир жиноят ва одам ўлдириш деб қарарди.
– Шундай қилиб, ул ишдан ҳеч нарса чиқмайди, деб ўйлайсизми? – деб сўради Мехайло қайнбиродаридан.
– Ҳеч нарса чиқмаслиги аниқ. Хўш, ўзинг инсоф қилиб айт, у хил ишга сенинг, менинг ва умуман ҳаммамизнинг шу қишлоқи калламиз ярайдими? Ҳаммадан ёмони шуки, сену бизга доим кончи бойлар билан кураш олиб боришга тўғри келади… Йўқ, йўқ, ҳеч нарса чиқмайди бу ишдан.
Мехайло индамасдан, маъюслик билан бошини эгиб, яна бироз ўша остонада ўтирди, сўнгра ўрнидан туриб, қўлидаги таёғи билан ерга қаттиқ ургач, ўжарларча деди:
– Мен сизга айтаманки, албатта, бўлади! Мен бошимдан ажралсам ҳам ажраламанки, айтганимни қилмай қўймайман. Хўш, гапиринг, мен билан шериклик қиласизми, йўқми?
– Бор, бор, йўқол, тентак чол! Мен сени шу вақтгача ҳам эсипастроқ одам, деб юрар эдим, энди билдимки, ўша онангдан теккан бир томчи эсингни ҳам ароқ билан бирга ичиб тугатган экансан!
– Шундай қилиб, шерик бўлмайсизми?
– Ўйламайман ҳам.
– Ихтиёр ўзингизда, сиз бўлмасангиз ҳам эплаймиз. Лекин мен сизга айтиб қўяй, кейин пушаймон бўласиз.
Шундан сўнг Мехайло ҳатто хайр-маъзур ҳам қилмасдан уйига қараб йўл солди. Қайнбиродари бўлса, анчагача ўша остонада ўтириб ва ўйланиб қолди.
Бордию, Мехайло, мен айтганча, тентак чиқмай қолди?

– Жуда эсипаст киши-да, шу Мехайло, ана эсипастлик! Зовурни ўзи кавламакчи бўлади, боз устига, мени ҳам шерикликка чақиради-я. У шерикликдан нималар чиқишини биламан, унга қарз деб пул берсанг: ярмини ичкиликка урадию, қолган ярмини ерга кўмади – унинг шериклиги шу бўлади! Йўқ, бундай тузоққа сен мени, қариндошингни, сира илинтиролмайсан. Ана у бечораларга, лекин, ёрдам қилиш керак. Мехайло бу тўғрида ҳақ. Хотинда нима айб? Отаси мундай ярамас чиқиб қолган экан, болаларида не ёзиқ? Бу кун бориб, улардан ҳол сўраб келиш керак. Мана бу бахтсизликни қаранг! Ичиб-ичиб, охирида эсини ҳам йўқотибдир, бола-чақасини ҳам буткул унутибдир.
– Йўқ, – деб унинг хаёли яна Мехайлонинг таклифига кўчди, – мундан ҳеч нарса чиқмайди. Бу кун бўлмаса, эртага ерни Шихтербойга сотиб юборади у, ўша ишга аралашиб қолсам, мен ҳам эсипастнинг бири бўлар эдим. Нега керак менга?
Шундан сўнг “Чалапишти” қариндошларига ёрдам қилиш хусусида хотини билан кенгашмак учун уйга кирди. Лекин Мехайло еридаги яширин ғазнанинг хаёллари қур-қур миясига кириб айланарди. Тушки овқатдан сўнг ул яна ўтириб, яна ўйга ботди.
– Бордию, Мехайло, мен айтгандай тентак бўлиб чиқмади… Муштумзўрлар билан олишувми? Олишсам нима бўлар эди? Олишув бўлса бўла берсин, ёлғиз эҳтиёт бўлиб орқа-олдингга қараб ҳаракат қилиш керак. Балки одам боласи бир иш қилиб туриши ҳам керак, йўқса, бўридан қўрққан одам тўқайга кирмайди. Энди Мехайло пулни ичиб тугатмасин, десам, пулни ўзим ҳам сарф қиламан, ишчиларга ҳам ўз қўлим билан бераман, унинг қўлига бермайман, холос. Ёлғиз ер ўлгурда ҳеч нарса бормикан? Башарти бўлганда ҳам кавлаб чиқаргунимизча пулимиз етиб берармикан? Иш ўзи, бошда ўйлаганим қадар ёмон эмасга ўхшайди. Фурсати билан бир бориб, ернинг ўзини кўриш керак. Балки, чиндан ҳам, ишлатса бўладиган ердир. Ёлғиз Мехайло эсипастлик қилиб Шихтерга сотиб қўймаса бўларди. Йўғ-эй, жуда ўжар кўринади, ўз нарсасини тезда қўлдан чиқарадиган одамга ўхшамайди. Модомики, шундай экан, менинг ёрдамимдан бошқа у ҳеч нарса қилолмайди, йўқса, билмадим, қандай эплай олар экан…
Шу равишча тинчлангандан сўнг, “Чалапишти” қаролига буюриб, аравасини қўштирди, сўнгра ун, оқушоқ ва бошқа баъзи озиқ-овқатларни олиб, хотини билан аравага ўтирди-да, янгасиникига қараб кетди.

Яхши одам шу Ютко Либак!

Бу вақтда Мехайло ўзининг қоқ ва бўш уйида ёлғиз ўтирарди, икки ўй ва икки андиша қийнарди уни: янгаси ва унга қарашли гўдакларнинг муҳтожлиги билан ўз ишининг олдинга юришмаслиги.
Унинг ўз ерида ўзи иш бошламоқ тилаги бурунгидай мустаҳкам ва кескин эди. У ёлғиз, тўрга тушган балиқдай, ўзини ҳар томонга уриб, бойларнинг ёрдамидан ташқари ўша ишни юргизиб юбориш йўлларини ахтарар эди.
– Зовурни ўзим кавлайман, бу турган гап, лекин бу орада нима билан кечинаман? Ё бўлмаса, шерикликка, қишлоқ кўчаларида эртадан-кечгача иш ва овқат излаб юрган йўқсилларни тортсамми? Шерикликка, десам-ку, улар жон деб киришади-я, лекин уларнинг қорнини нима билан тўйғазаман мен?
Шундай қилиб, Мехайло ўзининг аччиқ ўйлари билан қийналиб ўтирганда, уйининг эшиклари бир турли қўрқоқлик ва ботина олмаслик билан очилди-да, секингина остонани ҳатлаб, букрайган ва қотма бир одам келиб кирди. Бу одам Бориславнинг катта-кичик ҳаммасига маълум бўлган Ютко Либак эди.
Бу, кўп ҳам қари эмас, қирқларга кирган, лекин бели букчайган ва юзлари қари чоллардай тиришган бир яҳуд эди. Унинг қақшаган ва арвоқ юзларида сийрак ва сарғич мўйлар ўсган, сочи тагигача қирқилгани ҳолда, ёлғиз бир сиқимчаси чаккасида пахмоқланиб ётадир; хирқираб чиқадиган ёқимсиз овоз… Мана шуларнинг ҳаммасидан ташкил топган бу одам анча ёқимсиз кўринарди. Лекин мунга муқобил, Ютко Либакнинг кўнгли одамларнинг қайғу ва аламларига қарши жуда юмшоқ эди. У ҳаммага ёрдам қилишга, бир бурда нонини йўқсил билан баҳам кўришга ҳамма вақт ҳозир туради.
Ютко Либак анчадан бери Бориславда, бир деҳқондан ижарага олгани ҳужрада яшар ва бўш вақтларида деҳқончиликнинг ҳар хил ишида одамларга кўмак берар эди.
Қишлоқ одамлари ўхшовсиз кепатасига кулсалар-да, унинг яхши табиатини севар эдилар.
Борислав деҳқонларидан ҳеч бири унга кўмак қилишдан бўйин товламас эди, ё унинг йиғиб-терган нефтларини шаҳарга олиб тушиб берар, ё унга оз-кўп картошка ёки тухум мурувват қилиб турардилар. Ютконинг бутун овқати ҳам тухум ва пиёздан иборат эди.
Мунга муқобил ишчи қўли айни зарур бўлган ўроқ ва хирмон вақтларида биринчи чақиришдаёқ нефть кавлаш ишини ташлаб, далага чопадиган, далада бир чақа ҳам олмасдан ё ўроқ ўриб, ё хирмон кўтариб берадиган азаматнинг ўша ўзимиз билган Ютко бўлажагига ҳар бир деҳқон ишонар эди. “Яхши одам шу Ютко!” дер эдилар ўзларича Борислав деҳқонлари.
– Кун ойдин, Мехайло афанди! – деди Ютко кириб ва қуюқ таъзим қилиб.
– Саломат бўл! Ўтир, Ютко, хизматингда бўлай.
– Хайр, майли, ўтирай, – деб жавоб берди Ютко. Лекин ўтирмасдан, печкага суяниб олиб, қўлидаги йиртиқ шапкани бир турли тортинчоқлик билан буклаб ўйнашда қолди.
– Хўш, қани, нима яхши гаплар бор? – деб сўради Мехайло.
– Нима бўлар эди дейсиз? На яхши, на ёмон – ҳеч гап йўқ, бари бурунгидай.
– Шапкани шу хилда ўйнатиб қолишингдан бирор нарса айтмоқчига ўхшайсан-ку? – деди Мехайло ғаразсиз кулиб туриб.
– Ҳа, мен… сизга айтсам, – деб қандай қилиб гап бошлашни билмасдан, тутилиқди Ютко. Охирда у ўзидаги тортинчоқликни енгиб, Мехайлога яқинроқ келди. – Менга қаранг, Залепига бой! Шихтер менга дейдики, сиз Валанкадаги ерингизни сотар экансиз…
– Валанкадаги еримни?.. Ҳа, сотмоқчи эдим.
– Ундай бўлса, менга сота қолинг.
– Сенга? Сенга нега керак?
– Менга керак! Менинг бирозроқ пулим бор, шунга ер олиб, ўзим ишласам, бирор нарса эксаммикан, дейман. Рўзғор эгаси бўлиб қолардим.
– Жуда яхши, Худо сенга кўмак берсин, Ютко! – деди Мехайло астойдиллик ва оқ кўнгиллик билан. – Етарлик пулинг бўлса, албатта, ерга ишлаганинг яхши.
– Хўш, нархини қанақа қилдингиз?
– Шихтер айтмадими сенга? Десяти икки юздан.
– Бу нархингиз менга жуда оғирлик қилади. Десятига юз олтмишдан берай. Дурустми?
– Хайр, майли, юз олтмишдан бўлсин. Бошқаларга икки юзга ҳам бермас эдим, сенга юз олтмишга ҳам бераман, нега десанг, сен ўзинг бизнинг деҳқон аҳлидан бўлмасанг ҳам, деҳқончилик ишидан қочмайсан.
Ютко кулди ва ёнидан бир шиша ароқ олди.
– Ундай бўлса, жиндак ичишиб ташлайлик. Худо ҳар бир ишингизни ўнгидан келтирсин… Ҳозир мирзанинг олдига бориб, “кўпчик” ёздирамиз.
– Пулни қачон тўлайсан?
– Холислар олдида “кўпчик”ка қўл қўйилган он тўлаяжакман.
Мехайло Залепига бу сўзларни эшитар ва ўз қулоғига ўзи ишонмас эди. Ютко Либакдай бир тумоёқ ер сотиб олаётир, пули ҳам нақд. Қиёмат яқинлашганга ўхшайди!..
Мехайло Ютконинг хунук, лекин хурсандликдан ёниб турган юзларига ишончсизлик билан неча марталаб қаради.
Ютко муни масхара қилиб кулаётган бўлмасин тағин?
Йўғ-эй! Ютко бу ишга астойдил киришди, зотан, ул ўзи азалдан ҳазилни севмайди.
Ароқдан кичкина истаканчада бир нечтани иккаласи ичиб олишди-да, мирзаникига қараб кетишди. Мирза уйида эди, “кўпчик”ни ёзиб берди. Хизмати учун Ютко бутун бир қирон пул тўлади. “Кўпчик”ка қўл қўйишгач, яна иккаласи ернинг бошига – Валанкага кетдилар.
У ерда Залепига холислар олдида ернинг бутун ҳуқуқини Юткога ўтказди. Ютко эса, яна ўша холислар олдида, мунга олти юз қирқ қирон, яъни қоғоз пул санаб берди.

Энг аввал шўрлик янгага ёрдам бериш керак!

Пулни олгандан сўнг, Мехайло қоронғи тушиб қолганига ҳам қарамасдан, янгасиникига қараб чопди. Бу вақтда янгасининг уйи олдида “Чалапишти”нинг араваси турган, ичкарида эса унинг ўзи билан хотини ўтирган эдилар; буни кўргач, Мехайло жуда ҳайрон бўлди.
– Ҳа, куёвми? Қани, кир, кир бу ёққа! – деб қичқирди “Чалапишти”. Шуни ҳам қўшиб ўтиш лозимки, бу сафарги қичқириш бурунгиларига нисбатан анча хурсандлик қичқириғи эди.
– Мен сизни бу ерда учратарман деб ўйламаган эдим, – деди Мехайло, остона олдида тўхтаб.
– Ҳа, ҳали сен менда бир томчи ҳам шафқат йўқ, деб ўйлаган эдингми? Эй гадойлар, гадойлар! Сиз ўйлайсизки, дунёда яхши, номусли ва марҳаматли одамлар ёлғиз сиз ўзингизсиз; сиз ҳамма йўғингизни бермакчи бўласизу, лекин чўнтагингиз қуруқ, чўнтагингиз!
Мехайло қайнэгачисини имлаб, бер чеккага олиб кетди ва “ҳозирчалик” унинг қўлига беш қирон пул тутқизиб, мундан сўнг ҳам лозим бўлса, тўппа-тўғри ўзига учрамоғини тавсия қилди. Шўрлик хотин ҳайрон бўлиб, унга қаради ва қуллуқ қилишни ҳам унутди. Мехайло эса шапкасини бошига ташлаб, уйига қайтмоқ учун шошилиб чиқа бошлади.
– Шошма, ҳурматлик куёв, шошма! – деб қичқирди орқасидан “Чалапишти”.
– Нима гапингиз бор? – деб сўради Мехайло, ўзи ҳам эшикдан йироқлашгиси келмасдан.
– Хўш, сен ҳали ҳам “зовурни ўзим кавлайман” деган ўйингдан қайтмадингми?
– Йўқ, қайтмадим.
– Бўлмаса, қачон бошлайсан?
– Эртага.
– Нима? Эртага? Хўш, шериклик тузоғига кимни илинтирдинг?
– Ҳеч кимни илинтирмадим ва ҳеч кимнинг даркори ҳам йўқ. Ўзимга ўзим кенгашчи бўламан; шу яхши. Хайр, яхши туш кўриб ётинг!
Шу билан Мехайло шошилиб уйдан чиқди, “Чалапишти” эса ҳайрон бўлиб қараб қолди. Бу қандай гап? Шу гаплар ростми ҳали? Бу эсипаст Мехайло чинакам ҳам ўзи иш бошлайдими ҳали? Пулни қайдан топади?
“Чалапишти” шу равишча жуда кўп ўйлади. Сўнгра эртага ўзи атайин Залепиганикига бориб, тузукчасига гаплашиб келмакчи бўлди.

Кончи бойлар билан тўқиниш

Эртаси куни Залепиганикига борган “Чалапишти” катта тўполон устидан чиқиб қолди. Кончи бойлар, деҳқонлар, ишчилар, мардикорлар ва бошқа ҳар хил саёқлардан иборат бутун бир оломон Мехайлонинг теграсини ўраган эди. Демак, Мехайло ўз ерида зовур кавлата бошлаган…
Бу чоққача кончи бойларнинг ёлғиз ўзларига хос деб юрган ишларини биринчи дафъа бир қишлоқи деҳқон қила бошлаган эди. Мехайло мардикор олиб келиб, томорқа ерининг тўрт жойини кўрсатиб, ўша жойларни кавлай бошлашга буюриб эдиким, дарров кончи бойлар ва қишлоқи деҳқонлардан иборат бир гала қўни-қўшнилар чопиб чиқишди; биринчи чиққан Шихтер бўлди ва аҳволни кўрган ҳамон ғазабидан кўм-кўк кўкариб кетди.
– Нима қилмоқчисиз сиз бу ерда? Кавлатмакчимисиз? – деб сўради ул Мехайлодан, бироз севган ва бироз дўқ қилгандек бўлиб.
– Кавлатмакчиман, – деб жавоб берди Мехайло.
– Ким ижозат берди сизга?
– Ўз ерим бўлгани учун ўзимга ўзим ижозат бердим.
– Мана мен қилдирмайман сизга бу ишни! – деб қичқирди Шихтер; у энди ўзини тўхтатолмайдиган даражага келган ва нима гапирганини ҳам билолмай қолган эди.
– Қани, қилдирмай кўр-чи! – деди Мехайло.
Шихтер югуриб келиб Мехайлонинг қўлидан “кармалағич”ни тортиб олмоқчи бўлган эди, Мехайло Шихтернинг кўкрагига шундай қаттиқ бир мушт туширдики, Шихтер шундай узун гавдаси билан ерга бориб чўзилди.
Ўша ерда турганлар ҳаммаси муштлашувнинг бу қизиқ муқаддимасини қаттиқ қаҳқаҳа билан қутлаб қарши олдилар. Шихтер ўрнидан қўзғалолмасдан, худди сўйилаётган кишидай, зўр бериб бақирмоққа бошлади. Унинг бақирганини эшитиб, бир тўда кончи бойлар югуришиб келдилар. Агар ўша ерда қишлоқи деҳқонлар унинг тарафини олмасалар, Мехайлонинг иши, балки бошланишдаёқ чатоққа тушар эди.
Шундай бўлса ҳамки, шовқин ва ғовур-ғувурлар бутун бир соат давом қилди. Шихтер арз қилмоқ учун қишлоқ маҳкамасига югурди, лекин у ерда ҳеч нарса чиқмаганга ўхшайдики, яна тезда қайтиб келди, кончи бойлар орасида қизғин кенгашлар бошланди, лекин Мехайло уларга ҳеч бир аҳамият бермасдан, жон куйдириб ўз ишига киришди. “Чалапишти” йироқдан туриб шу ҳолларни томоша қиларди. Кончи бойларнинг бу қадар куйиб-ёнишларига қараганда, бу ишдан ҳеч бир хайр чиқадиганга ўхшамас эди. Шу учун:
– Ҳа, бу жуда қалтис иш! – деб қўлини силтади “Чалапишти”; шундай қилиб, Мехайло билан кўришмакни ҳам истамасдан, тўғри уйига қайтиб кетди.

Мехайлонинг ерида иш кетаётир

Ўша кундан тортиб Залепиганинг уйида янги бир ҳаёт бошланди. Мардикорлар унинг уйида ўзи билан бирга тура бошладилар. Уларнинг овқатларини Мехайлонинг қайнэгачиси пишириб бера бошлади. Гоҳ ароқ ичишгали, гоҳ шундоқ лақиллаб ўтиргали, гоҳ мардикорларнинг ишлаганини томоша қилгали қўни-қўшнилар чиқа бошладилар. Улардан баъзи бирлари ўзлари ҳам шундай иш бошламоқчи бўлиб қолдилар. Улар ёлғиз Мехайло бошлаган ишнинг натижасини кутардилар.
Мехайло бўлса, ухлаб туш кўрса, ёлғиз зовур кавлаб ғазна ахтарганини кўрарди. У ернинг теграсини баланд довол билан айлантириб олди. Ҳатто ғазнасини ҳар хил ёмон одамлардан сақламоқ учун учта баҳайбат итни топиб, кечалари зовурларнинг яқинига боғлаб қўядиган бўлди.
Кўп ўтмасдан тўрт зовур учун тўртта ишчининг озлиқ қилгани билинди. Қўшнилардан баъзилари Мехайлога ҳали-ҳозирча учта зовурни қўйиб туриб, биттасинигина кавлатишга, ундан нефть чиққач, сўнгра бошқаларини кавлатишга кенгаш бердилар. Аммо Мехайло бу хил кенгашларни эшитмакни ҳам истамас эди. Шу сўнг кунларда унда аллақандай бир ички ўзгариш рўй берган эди. У ҳозир ўзининг бутун кучини ва эс-ҳушини бир тилак – ўз еридан бир иш қилиб нефть чиқариш тилаги теграсига тўплаган каби эди.
Бу ишнинг натижаси нима бўлади – унинг бу билан кўп ҳам иши йўқ эди. Бу савол унинг тилаклари чегарасига ўтқизилган момиқ ёғоч эдиким, у ёғочнинг кетида унинг кўзига ёлғиз гулзор далалар, хуш исли қирлар, ҳеч бир хаёл юзи кўрмаган масъуд бир ҳаёт ва кетсиз бир севинч оламигина кўринарди. Ишқилиб, нефть чиқиб қолса бўлди!
Айтиб бўлмас изтироб онларини яшагани ҳолда, кеча-кундуз ўша ишини ўйлар эди. Нефть чиқадиган жой бу ёқда қолиб, чиқмайдиган жойни кавлатаётган бўлмасин тағин? Бирор нарса эшитилмасмикан деган умид билан, ул, ерга ётиб, қулоғи билан ерни тинглайди. Зовурларни сақлаш учун турли-туман тадбирлар ахтаради. Лекин итларнинг ва улар бараварида Мехайлонинг сергаклиги орқасида ҳеч нарса қилолмадилар. Меҳрибон она ўз боласининг йиғисини йироқдан туриб қандай туйса, Мехайло ҳам ўз зовурларига юзланган таҳликани худди ўшандай туяр, ирғиб ўрнидан турар ва ўз мардикорларини кўмакка чақирарди. Бир кун бойлар камоли ўчакишганликларидан унинг уч итига заҳар бердилар, лекин зарари ўзларига бўлди. Эртаси куни Мехайло ўз мардикорлари билан пистирма қуриб, унинг зовурлари теграсида айланишган икки кишини, икки кончи бойни тутиб олди.
Мехайло ўз мардикорлари билан бирликда ҳалиги тутилган бойларни уйига олиб кирди, бошларига қоп кийгизиб боғлатди, сўнгра шу қадар калтаклатдики, охирда улар унинг ерига ҳеч бир қадам қўймасга ваъда бериб, зўрга қутулдилар.
Ҳатто эртаси куни у шўрликлар ҳеч кимга арз қилиш йўлини ҳам топа олмадилар, негаким, калтаклашдан сўнг уни исбот қилғундай ҳеч бир асар қолмаган эди. Аммо улар берган ваъдаларида турдилар ва ундан сўнг Мехайлони бесаранжом қилмадилар.
Зовурларнинг чуқурлиги ўн саржинга етиб қолади, аммо нефтдан ҳали ному нишон бўлмайди. Шундагина Мехайлонинг эсига бирдан қўлида қолган пулнинг мазаси йўқлиги келиб тушади.
Шундан сўнг уни даҳшатли изтироб босади. Тун бўйи кўзини юммайди. Кун бўйи мияси ғовлангандай юради. Мехайло бир кун келиб шу ишни ташлаб кетишга тўғри келажагини ҳатто хаёлига ҳам сиғдира олмас эди. У ишдан айрилиш унинг учун жондай айрилиш билан баравар эди.

Пул тугашга яқинлашди-ю, нефть кўринмайди

Юткодан теккан пулнинг қўлда қолгани Мехайлога тезрак бирор йўл топмоқ кераклигини билдирарди. Шу учун эрта билан, тонг ёришар-ёришмас мардикорларни ишга солиб қўйиб, Мехайлонинг ўзи “Чалапишти”никига қараб чопди. Дала ишларидан холи дамлар бўлганидан “Чалапишти” ҳали ўрнидан турмаган эди.
– Қуда афанди, – деб салом-аликни насия қилиб сўз бошлади Мехайло, – сизнинг ёнингизга жуда зарур бир иш билан келдим.
– Қандай иш экан? – деб сўради “Чалапишти”.
– Эсингизда борми, бир вақтлар сиз менинг зовурларимга қизиқиб, шерикликка кимларни олганим тўғрисида суриштириб юрган эдингиз. Ўша вақтда мен эсипастлик қилиб, қўлимдаги пулни етади, деб ўйлаган эканман…
– Энди эсинг кирдими? Бор пулингни зовурларга ташлаб, энди ўша беҳуда ишга мени ҳам тортмоқчи бўласанми? Чиқ уйимдан! Йўқол дарров, йўқса, итларим билан талатиб ҳайдатаман! Бор, ўша Ютконинг олдига бор! Озгина пул билан уни бой қилиб қўйдинг, менга нима қилиб бердинг?
– Бой қилиб қўйдинг? Нечик бой қилиб қўйдим? – деб ғудурланди Мехайло.
– Ҳали сен билмайсан экан-да; Юткога сотган ерингда – Валанкада бир ҳафтадан бери тўртта нефть булоғи қайнаб ётади, у ҳар кун юз идишдан нефть олади, яна тугалишдан дарак йўқ. Кўрдингми, қандай миянг бор сенинг! Бор энди, ўшандан сўра! Балки у сенга шерик бўлиб қўшилар. Мени тинч қўй, мени!
Шундай дегач, “Чалапишти” жаҳл ва ғазаби танига сиғмагани ҳолда, орқасини Мехайлога қилиб, бурилиб олди. Ўша ерда бир дақиқа қадар индамасдан туриб қолгандан сўнг, Мехайло оёғини зўрға кўтариб босгани ҳолда “Чалапишти”нинг уйидан чиқди.
– Қандай ишлар бўлаётир бу дунёда? Ким айтар эдики, бойлик уни бу ерда эмас, Валанкада кутади, деб? Энди нима қилмоқ керак? – Шу ўйлар Мехайлонинг миясида айланар экан, кўзидан қайноқ ёшлар тўкиларди. Сабабини ўзи ҳам билмагани ҳолда, ул ўзининг бутун умидларига бу даража қаттиқ зарба туширган толесиз ерни ўз кўзи билан кўрмак учун Валанкага томон юриб қолди.

Ютко қутқарди

Ютко олган ерда, чинакам, иш қайнар эди. Йигирмата мардикор зовурлардан нефть чиқармоқда, идишларга қуймоқда, араваларга ортмоқда ёки шошилиш тикланган ёпиқлар остига қатор қилиб чизмоқда эди.
Ўша ернинг ўзида сандиқчи усталар ёғочдан идиш ҳозирламоқда, темирчи усталар уларни темир камарлар билан айлантириб маҳкамламакда, яна бир томонда дурадгор усталар ёпиқни битирмакда эдилар; хуллас, бурунги яланглик бир фабрикага айланган эди. Дастгоҳнинг орасида, қайноқ сувга тушган чивиндай, тўлғана-талғана Ютконинг ўзи юради; у ҳозир севинчга тўлган, хушбахт, яхши кийинган, худди янги туғилган каби жонли эди. Нарида яна йигирмата мардикор янги зовурларни кавлаб туради.
– Худо барака берсин! – деди Мехайло маъюслик билан, теграси ўралган ерга кириб келиб.
– Ҳа, Залепига! Қалайсиз? Ишлар қалай, Залепига? – деди Ютко хурсандлик билан.
– Иш ёмон, Ютко! Мана сенга Худо бериб қолибдир, мен бўлсам сен берган пулларни ерга ем қилиб, энди қуп-қуруқ бўлиб қолдим.
– Қанча кавланди? – деб сўради Ютко.
– Тўрт зовур, ҳар бири ўн икки саржиндан.
– Меникида олти саржиндаёқ нефть кўриниб қолди. Сиз ҳам кавлай беринг, чиқиб қолади.
– Мен ҳам ўйлайманки, чиқади. Лекин қандай қилайликки, мундан нарисига пул йўқ.
– Пул йўқ? Ундай бўлса ёмон!
Ютко ўйлаб қолди. Бу орада Мехайло яқиндагина ўзиники бўлган бу кенг жойга қизғанчиқ назар билан қарай бошлади. Экин битмагани учун неча дафъалар қарғаган эди бу ерни!
“Бахтимнинг йўқлиги мана энди очиқ билинди, – деб ўйлади шўрлик ва тағин йиғлаб юборди. – Ҳозир мана шу дастгоҳнинг ҳаммаси ўзимники бўларди! Ер ғазнасини очиб берибдир-а, лекин менга эмас-да!”
– Хафа бўлманг, Мехайло, ишларингиз, балки яна юришиб кетар. Биласизми, мен сизга нима демакчиман?
– Хўп, гапиринг.
Ютко Мехайлони омбор томонга олиб борди-да, деди:
– Ўша вақтда мен сиздан шу ерни сотиб олдим. Лекин десятини юз олтмиш қирондан анча арзон олдим. Биласизми, мен бу ернинг эски одами бўлганимдан, бу жойларнинг ерини жуда яхши билардим, қаердан осонроқ нефть чиқиши ҳам менга яхши маълум эди. Адашмаган эканман. Мен ўшанда, ўзингиз сўрагандай, десятига икки юз қирондан ҳам берар эдим. Лекин ҳар нима бўлса ҳам бироз савдолашдим. Эндиликда мен сизга айтсам, одам боласи ҳаммавақт ўша одам боласилигини қилади. Мундан ташқари, мен ўша вақтларда қўлимдаги пулнинг мана бу ишга етмай қолишидан қўрққан эдим. Энди иш бошқа бўлди. Ҳозир мен сизга ёрдам қилмасам, айб бўлади. Мана ўша пулларнинг устига яна саксон қирон бераман. Шу билан ўша ўзингиз сўраган баҳода олган бўлайину, сизга ҳам жабр бўлмасин.
Ютконинг бу яхшилиги Мехайлога чин кўнгилдан таъсир қилди.
– Худо сизга юз мартаба зиёд қилиб қайтарсин, Ютко! – деди Мехайло. – Сизнинг бу яхшилигингизни мен ўлгунимча унутмаяжакман.
– Ёлғиз сизга бир кенгашим бор, Мехайло, – деди Ютко, – сиз бу пулни тўрт зовурга бирдан сочманг. Ҳозирча учтасини беркитиб туриб, биттасини кавлатинг, мақсад шунда тезрак ҳосил бўлади.
Шу билан улар иккови ажрашдилар. Ютко зовурларига қараб кетди. Мехайло эса, яна янги умидларга тўлгани ҳолда, уйига томон йўл олди. Учта зовурни беркитиб қўйиш, гарчи у учун жуда оғир бўлса ҳам, бошдан ўтган оғир тажриба ва мундан сўнгги иш учун зарур пулнинг озлиги уни шу чорани кўришга мажбур қилди.
Шундай қилиб, уч зовурни беркитди, мардикорларнинг кўпига жавоб бериб, ёлғиз иккитасинигина олиб қолди. Қўлидаги пулни кунларга тақсим қилди ва шундан сўнг яна янгидан ишга киришди.

Мехайло бутун кучини яна зовурларга берди

Энди иш жуда оғир кета бошлади. Юмшоқ тупроқ ўрнига ҳозир қаттиқ замин чиқиб қолдиким, уни кавламак жуда қийинлик келтирмакда; ҳатто у заминни илгари бир қур лом билан юмшатиб олиш ҳам оғирлашди. Шу учун вентилятор сотиб олишга тўғри келди. Пулнинг бир мунчаси ана ўшанга кетиб қолди.
Иш секинлик ва маъюслик билан боради. Ёлғиз Мехайло ортиқча кўп ҳаяжон кечиради. Ахир ҳар бир дақиқа ёки метин асбобнинг ҳар бир зарби унга нажот келтирмаги, унинг кутган ғазнасини очиб юбормоғи мумкин эди.
У ҳаммавақт зовурда ўзи бўлинмоқ истар, аксари емак ва ичмакка юбормоқ учун уни зовурдан зўрлаб олиб чиқмоққа тўғри келарди.
Сўнгра уйқуси ҳам йўқ эди унинг. Ҳар кеча ўзи уйқуда туриб, нефтнинг қайнаганини истарди. Шунда хурсандлик билан жинниларча бақиргани ҳолда, ирғиб ўрнидан турар, югуриб зовурга чиқар, қоронғида ҳеч нарса кўрмагач, нефтнинг қайнагани ва билиқлагани эшитилмасмикан, деб зовурнинг қопқоғига қулоғини тутарди. Аммо нефть, худди қарғиш теккандай, индамас, кўринмас; Мехайлонинг ёлборишлари, қарғишлари ва кўз ёшларига асло эътибор қилмас эди.
– Вой, Худо! – деб қичқириб юборди қайнэгачиси бир марта унинг зовурдан чиқиб келганини кўргач. – Мехайло почча! Рангингиз оппоқ бўлибдир. Юзингизга қараб бўлмайди!
– Нега қараб бўлмайди? – деб унинг сўзига тушуна олмасдан сўради Мехайло.
– Рангингиз ўчиб, сарғайиб, шу қадар озиб кетибсизки, худди ўликка ўхшайсиз. Нима бало, сиз ҳеч нарса емайсизми?
– Йўқ, емайман.
– Ундай бўлса, демак, сиз касал экансиз-да?
– Эй қўйинг-ей, мен туппа-тузукман.
– Ундай бўлса, бировлар сизга ориқлатадиган дори бераётганга ўхшайди. Ё бўлмаса, бирор нарсадан чўчидингизми?
– Эй бекор гап! Қўрқманг, мана шу нефть ўлгур чиқиб қолса, дарров тузалиб қоламан.
Шундан сўнг Мехайло, худди жинни бўлган одамдай, тез-тез ва қинғир қадам босиб, мардикорлар билан бирга овқат қилгани кетди. Қайнэгачиси уларнинг овқатини ўз уйида пиширади. Бурун овқатни ҳаммавақт ўн тўрт яшар катта қизидан юборатурган эса, бу дафъа ўзи олиб келган эди.
Шу учун Мехайлони икки ҳафтадан бери кўрмасдан, энди кўрганида, таниёлмай қолди ва, тамом ҳақли ўлароқ, уни касалга чиқардиким, бунда таажжуб қилажак ҳеч нарса йўқ. Лекин Мехайлонинг ўзи ҳеч нарсани туймасди. Унинг бутун ҳаёти, бутун фикри ва туйғуси ёлғиз бир нарсада – зовурда эди. Унинг бутун фикри ва ёди йигирма саржин кавлагани ҳолда, ўзида яширинган бир томчини ҳам беришни истамаган шу ўжар ва чуқур учурумда эди…

Зовур сира дамини чиқармайди

Мехайлонинг назарида, зовур ҳам шўрлик ва эслик бир махлуқдай бўлиб қолган эди. Қони қайнаган вақтларида ул зовурга узундан-узоқ гапириб кетар; унинг ёлғиз муштумзўрлар учунгина марҳаматлик бўлиб, унга – ўзининг эгасига қолганда, чираниб туриб олганини айтиб, уни қойиб қоларди. Сўнгра энди мундан нари марҳаматлик ва инсофлик бўлмагини, ҳеч бўлмаганда, ўзи учун сарф қилинган пулни чиқариб бермагини сўраб ялинарди.
Зовур сира дамини чиқармас эди.
Яна бир ҳафта ўтди. Зовурнинг чуқурлиги йигирма икки саржинга етган, аммо Мехайлонинг чўнтагида ёлғиз йигирма икки “крайсир” чақа қолган эди. Зовурда нефть асари сира кўрилмади. Мехайло худди эсидан ажралган кишидай бўлиб қолди. Мардикорлар ишини ташлаб кетмасинлар, дея, ул тўппа-тўғри уларнинг оёқларига йиқилди.
Сўнг кунларда овқатнинг мазаси кетганлигидан ва ҳам иш ҳақининг ўз вақтида берилмаганидан койиб юрган мардикорлар Мехайлони келиштириб бир сўкдилар-да, чиқиб кетдилар. У ўзи ёлғиз қолди.
Шундай қилиб, унинг бутун умидлари, худди совуннинг кўпигидай, чинакам, учиб кетадими? Югуриб “Чалапишти”никига борган эди, ул бунинг устига итларини аликишлаб қўйди. Ютконикига чопган эди, ул уйида йўқ, аллақайси завод билан нефть олди-сотди хусусида шартнома боғлагали кетган. Ул ўзи келгунча ишларини тўхтатиб, зовурларини беркитиб, ёлғиз теграсига қоровуллар қўйиб кетган.
Сўнгра, худди заҳарланган даррандадай, Мехайло Ютконикидан тўппа-тўғри ўз ерига чопиб келди, лекин доволнинг тагига етганда, бундан сўнг нима қилажагини билмасдан турган жойда туриб қолди.

Шихтер яна Залепиганинг ерини қўлга киргизгали уринмоқда

– Ҳой, Мехайло афанди, аҳволингиз қалай? – деб сўради Шихтер.
Мехайло Шихтерни кўргач, лабини тишлади.
– Қалай бўларди? Худога шукур, ҳамма нарсам тугал, – дея ёмон қайсарлик билан жавоб қайтарди ул.
– Ҳе-ҳе-ҳе! – деб кулди Шихтер. – Ҳа, сизнинг ҳамма нарсангиз тугал! Хўш, зовурларингизни сотмайсизми менга?
– Йўқ, ҳали сотмайман.
– Ҳа, қачон сотасиз?
– Вақти келганда.
– Вақти қачон келади?
– Келганда кўрармиз.
Шундай деди-ю, Мехайло уйига қараб йўл солди.
– Ҳой, менга қаранг, Мехайло афанди, мен сиз билан чинакамига гаплашаётирман. Нега керак сизга шунча сарсонлик, қийналиш, сарф-суруф? Ана, нариги ерингизни Юткога сотдингиз. Ютко ҳозир катта бой бўлиб қолди, сиз бўлсангиз, ҳамма пулни зовурларга топшириб, ўзингиз қуп-қуруқ бўлиб ўтирибсиз. Қўйинг, сиз мунақа ишларга овора бўлманг, нефть кавлатманг, бу иш деҳқонлар қиладиган иш эмас. Мен сизга ҳар битта зовурингиз учун юз қирондан бераман, сота қолинг. Қариган вақтингизда етади сизга, ўлгунингизча.
Мехайло отлуқиб кетди. Шихтернинг бу сўзлари қўни-қўшниларнинг ҳамма таъналаридан ўтиб тушиб, юрагига теккандай санчилди.
– Йўқолинг кўзимнинг олдидан! Чиқинг дарров, йўқса, тош билан соламан!
– Ҳай, ҳай! Тош билан? Нега ахир? Эй сендака сассиқ жинни! Сен ҳали – бу мендан қўрқади, зовурларим ҳам бир нимага арзийди, деб ўйлайсанми? Шошмай тур, бир кун ўзинг ялиниб келажаксан!
– Ўлгунингча кутасан бўлмаса! – деб бақирди Мехайло унга.

Мехайло ёмон танг бўлган, лекин бўшашмайди

Сўнгра шапкасини пешонасига қўйиб, ғазабидан дир-дир қалтирагани ҳолда, Мехайло қайнэгачисиникига қараб чопди. Бу дафъа янгаси уни кўрган ҳамон, чинакам, қўрқиб кетди.
– Почча, нима бўлди сизга? Ё бировлар кетингизга тушганми? Ё бир нарса бўлдими?
Мехайло ҳатто хотиннинг қичқиришларига ҳам эътибор қилмади. Дармонсиз ҳолда ўзини курсига ташлади, сўнгра бошидан шапкасини ҳам олмай, дарров гапни бошлади.
– Менинг охирги умидим сизда! Пулим одоқ бўлди, мардикорларим ташлаб кетдилар, зовурларни кавлаш ҳар ҳолда лозим. Нефть чиққунча кавламак керак. Ўзим ҳалок бўлсам бўламанки, ишни ташламайман! Ёрдам қилинг менга! Мен ахир ёлғиз ўзим учунгина тиришмайман-ку, бирор нарса чиқиб қолса, сизнинг болаларингизга ҳам бўлади. Юринг, ўзимиз ишлайлик, сизнинг катта бўлиб қолган қизингиз ҳам бор. Икковингиз бирга ишлайсиз. Кичкина болангиз вентиляторни тўлғаб туришга ярайди. Мен ўзим зовурга тушиб, кучим етганча кавлаяжакман. Ўзим сезаманки, кўп қолмади. Метин билан бир неча марта урсак, бас ўзи. Ким билади, балки мен бирданига нефть бор ерга уриб қоларман, қайтарманг, қуда!
Янга ҳайронликда қолган эди. Уни ҳайрон қолдирган нарса Мехайлонинг сўрагани эмас, унинг аллақандай ажойиб жаранглаб чиққан юмшоқ ва титрак овози эди. Шўрлик хотин нима деяжагини билмасди. Негаким, унинг иккита катта боласидан бошқа, доимо қараб турилмаса бўлмайдиган учта майда боласи ҳам бор эди.
Мехайло хотиндаги бу иккиланишнинг сабабини пайқади.
– Кичкина болаларингиз тўғрисида қайғирманг! Уларни бизнинг уйга кўчиражакмиз. Сиз мени зовурга тушириб қўйсангиз, мен кавлаб бўлгунча сизнинг ярим соат вақтингиз бўлади, ўшанда болаларингизга қараб келарсиз.
Хотин ҳали ҳам иккиланишда давом этганлигидан Мехайло чидамади: кўзи ёшга тўлиб, хотиннинг олдига тиз чўкди.
– Жон қуда, – деб ёлворди ул, – ялиниб сўрайман сиздан, қайтармангиз! Қайтара кўрмангизки, мен жинни бўлиб қоламан! Ўзим ҳис қилиб тураманки, шу ишни тўхтатиш деган нарса эсимга тушиб қолса ҳам бутун танимни бир азоб олови ўраб олади-ю нима қилганимни ўзим ҳам билмай қоламан.
– Эй Худо сақласин! – деб қичқириб юборди хотин қўрққанидан. – Нега мундай қўрқинч нарсаларни гапирасиз? Тинчланингиз, ишларингиз ўнгланиб кетар. Биз ҳаммамиз кавлашиб берайлик, ёлғиз сиз йиғламангиз, тинчланингиз! – деди ул Мехайлони йиғлаб турғизиб.
– Мен жуда тинчман, – деб пичирлади Мехайло, – ёлғиз дармоним йўқ менинг. Уйқу босаётир.
– Бўлмаса ухланг, ухлаб олинг, енгиллайсиз; йўқса, рангингиз жуда ёмон олиниб кетибдир.
Сўнгра ул Мехайлони похолдан солинган жойга олиб борди.
Мехайло худди маст одамдай дармонсизлик билан ётоқ жойга ағдарилди ва шу бўйича оғир бир уйқуга кетди. Янгаси ҳатто уни маст эмасмикан, деб ҳам ўйлади, лекин яқинлашиб кўргач, ундан ҳеч қандай ичкилик ҳиди келмаганини билди.
– Оҳ, шўрликкина! – деб “оҳ” тортди. – Бу нефть ўлгур муни шунча галдиратибдирки, ҳар нарсани унутиб юборибдир.
Мехайло узоқ, лекин бесаранжом ухлади. Неча марта чўчиб тушди, ерга қулоқ берди ва уйқуда туриб: “Мана! Мана!” дея бақиргач, янада дармонсизлик билан жойига йиқилди.
Шундай бўлса ҳам, эртаси куни жуда эрта туриб, қайнэгачисининг зарур нарсалари ва озиқ-овқатларини ўз уйига зўр бериб ташиди. Ўша вақтда уни алланарса зовурларга томон тортади. Шу учун нарсаларни йўлда қолдириб, нефть чиқмадимикан, деган ўй билан югурганча зовурга боради, лекин ҳеч нарса тополмасдан, маъюс бўлиб, яна янгасининг ёнига кетади.
– Қуп-қуруқ! Ҳеч нарса йўқ! Лекин мен биламанки, тезда, жуда тезда бўлажак. Бўлмоғи лозим! Қани, юринг, юринг, ишлайлик! Тез бўлиш керак! Мен ўзим ҳис қиламанки, мени алланарса олдига солиб қуваламоқда, худди ўлимим яқинлашганга ўхшайди. Ҳолбуки, ўлмасдан бурун анча қиладиган ишларим бор.
Янгаси ҳеч нарса демади. У Мехайлонинг жинни бўлганига ишониб қолган эди. Лекин ўзи унга нима билан бўлса ҳам ёрдам беришдан ожиз эди. Катта қизи – иккови Мехайлони аста-секин ва эҳтиёт билан зовурга туширдилар. Бу вақтда хотиннинг кичик ўғли бутун кучи билан вентиляторнинг қулоғини тўлғаб, зовурга тоза ҳаво юборар эди…

Мехайло ўзи ёлғиз ишлабётир

Мехайло зовурга тушиб олгандан сўнг, янгаси зовурни қараб туришга болаларини қолдириб, ўзи уйига кирди.
Тупроқ тўлдирилган челакни унинг ёрдамидан ташқари, юқорига ташиб чиқармоқ учун, Мехайло осон бир йўл топди. У ўзи иккала учини ҳам зовурнинг тагига еткизиб, – тепаси ғалтаклик – бир арқон тортди; челакни ўшанинг бир бошига боғлаб, яна бир бошидан тортади, челак юқорига чиқади, уни болалар олишиб бўшатишади-да, яна арқонга илиб, пастга туширишади.
Болалардан бирортаси зовурга тушиб кетмасин, деб эҳтиёт юзасидан Мехайло турли-туман йўлларни ахтариб топар эди. Шу учун онаси болаларидан кўнгли тўқ юра берса мумкин эди.
Бошда ишлар тез кетди. Мехайло одам боласида бўлмаган бир куч билан ишлар эди. Қаттиқ ерга метин билан урганида, худди энг ёмон душманни ураётгандай уради. Челакларни бир-бир кейин узатиб турар ва ҳатто зовур тагида ҳавонинг соғлом бўлишига ҳам унча эътибор қилмас эди; лекин болаларнинг вентиляторни айлантиришлари ҳам чакки эмасди.
Мехайло нефть чиқиб қолган вақтда қандай ҳаракат қилмоқ лозимлигини ҳам ҳатто ўйлаб қўйди. Ул нефть чиқиб қолганда, то болалар бориб, оналарини чақириб келиб, сўнгра ўзини тортиб олгунларича кутиб ўтирмасдан, ўзиёқ ёғочдан-ёғочга осилиб, бир неча саржин жойга чиқиб турмоқчи бўлди. Негаким, нефть иттик чиқса, ўзининг тезда кўмилиб кетишидан ёки нефть буғи билан бўғилиб қолишидан қўрқарди.
Ҳолбуки, нефтдан асар ҳам йўқ эди. Бир неча соатлик оғир ишдан сўнгра Мехайло бўшашди. Бели, қўли ва оёқлари қаттиқ оғрир, ҳавосизлик димиқтирар, қулоқлари шовуллар ва боши айланарди.
– Бу бўғувчи ҳаво, балки нефтнинг шарпасидир? – деб севиниб ўйлади Мехайло ва арқонни уч марта силкиб тортди; бу – болалар оналарини чақирсинлар ва уни тортиб олсинлар, деган ишорат эди.
– Хўш, қалай? Борми? – деб сўради қайнэгачи Мехайлони зовурнинг қоронғи оғзидан тортиб олгач.
– Борга ўхшайди, – деди Мехайло бўғилгани ҳолда ва маст кишидай турган жойида, зовурнинг ёнгинасида “пирт” учиб қолди.
Янгаси билан қизи уни турғизиб, капага олиб бориб, қорнини тўйғаздилар-да, яна ўраб-чирмаб ётқизиб қўйдилар. Аммо умидлар бекор кетди. Бўғувчи ҳаво яна чиқди, буғлар яна кўтарилди, лекин нефтдан дарак бўлмади.
Мехайлонинг изтироб ва безгаклик ҳолати яна авж олди. Ул бироз дам олгандан сўнг, яна зовурга туширилмагини сўрай бошлади. Қайнэгачи эса мунга тақир йўл қўймоқни истамас эди.
– Сиз ўзингизни ўзингиз қийнайсиз! Бироз дам олинг, ўзингизга дармон тўпланг. Зовур қочиб кетмайди.
– Йўқ-йўқ, тезрак ишни битирмак керак! – демакдан тўхтамасди Мехайло. – Сизга нима чиқади мени қийнашдан? Мен ахир усиз ҳам бир жойда ўтириб, бир жойда тинчланмай ётибман-ку, мени зовурга туширсангиз, яхшироқ бўлади!
Яна бир кун сабр қилмоққа зўрға кўндирди уни шўрлик янгаси.
Мана шу йўсинда икки кун ўтди. Бу икки куннинг ораси иш кунлариникидан оғирроқ бўлди. Бу икки кун ичида Мехайло ўн йиллик қариди, букчайди, соч-соқоли оқарди. Юзлари тиришлиқлар билан тўлди. Ёлғиз унинг сариққа мойил кўзларигина жонли олов билан порлар эди. Унинг матонати камаймади, балки кундан-кун ошиб борди.
Кундузлари оғир меҳнатдан сўнг ҳориб-чарчаб бир-икки дақиқа мизғиб олишни ҳисобламасак, ул бутунлай ухламай қўйди. Кечалар уни кундуздан кўра кўпрак қийнардилар.

Яна бир ташвиш

Уч кун ўтгандан сўнг сира кутилмаган бир ташвиш етиб қолди. Кун ўртасида Мехайло болалар билан энди овқат қилиб бўлиб, янгаси унга похолдан жой қилиб турган эдиким, бирдан эшик очилди ва, худди бўрондай, ҳовлиқиб, хотиннинг пияниста эри кириб келди.
– Ҳа, топдим-ку ўз хотинимни! – деб бақирди ул ва шундан бошқа бир оғиз ҳам гапирмасдан тўғри келиб хотинининг юзига мушт билан шундай урдики, шўрлик хотин қонларга бўялиб, ерга йиқилди.
Худди ярим соатгача Мехайлонинг уйидан қиёматлар қўпди. Худди ярим соатгача қарсиллашлар, калтаклар, дод-фиғон, болаларнинг йиғлашлари, хотиннинг “оҳ-воҳ”и, синдирилган идишларнинг шарақлаши ва Мехайлонинг шовқинлари келиб турди.
Калтаклардан Мехайлонинг ўзи ҳам қуруқ қолмади. Лекин шуни айтиб ўтмак керакким, Мехайло уруш майдонига жуда дадиллик билан тушди ва пияниста қариндошининг чаккасига яхшилаб туриб уч-тўрт марта мушт туширди, ана ўша муштлар билан қариндошининг уришқоқлик оловига анча сув сепган бўлди.
Бу уруш ярим соатча давом қилди, сўнгра секин-секин ражъат (орқага қайтиш) бошланди. Натижада янгаси ўз болалари ва яқинда ташиб келган ҳамма рўзғор асбоблари билан бирга Мехайлонинг меҳмоннавоз уйига хайр-маъзур қилди. Унинг эри бўлса, қарғишлар ва шовқинлар билан йиғлаб борган, калтак еган ва қонларга бўялган ихтифолнинг кетидан борарди.
Мехайло бутун куч, ёрдам ва умидлардан айрилиб, уйда ўзи ёлғиз қолди. Нимайди бу? Қаердан чиқиб келди бу бўрон? Бу бир ваҳималик туш эдими ёки аччиқ ҳақиқат? Ул ўзи ҳам билмайди. Ул ҳатто эшикни қачон ва қандай қилиб беркитганини ва уйининг ўртасида солинган похол кўрпага қачон ва қандай қилиб ётиб қолганини ҳам эслай олмас эди…

Яна ўзи ёппа-ёлғиз

Мехайло ирғиб ўрнидан туриб, қайғули фикрларга берилган вақтда илк саҳар бўлиб, тонг эндигина отган эди. Нима қилиш ва қандай тадбирлар қуриш тўғрисида ўйлай бошлади. Энг аввал нефть чиқдимикан, деб зовурни қаради. Сўнгра устидаги калтачасини ечмакка бошлади.
Ул бирдан, кутилмаганда, ўзининг ҳозирги вазиятини пайқаб қолди. Ул, ахир, ҳозир ўзи ёппа-ёлғиз. Нима қилсин энди шўрлик? Буни ўйлаб, аянч бир вазиятда, уйининг қоқ ўртасида тип-тик туради. Унга шундай туюлардиким, ул ўзи ҳозир аллақандай таги йўқ бир учурумга юмаланиб кетмакда ва унинг қандай бўлса ҳам бир суянч нуқтасини топмоқ учун тиришуви бекор. Лекин унинг умид манбаи ҳали тагигача қуригани йўқ эди. Ҳар бир ишни тақдирнинг ўзи тўғрилайди, деган хаёл билан унинг миясида турли-туман юзага чиқмас режалар, ҳар хил афсонавий тасодифлар айлана бошлади.
Мана шу хаёлларга кўмилган ҳолда, ул калтачасини кийди, фонуси билан бир учига тош боғланган узун каноп ипни қўлига олиб, зовур томонга кетди. Юриб-кетиб, десак, тўғри бўлмайди, балки аллақандай қудратли бир куч томонидан қувватланаётгандай чопиб, учиб кетди.
Зовурнинг қопқоғини очиб, ичига кўз ташлаб эди – қоронғи. Каноп ип учидаги тошни ташлаган эди, бироздан сўнг қаттиқ заминга бориб тегди ва енгил чертилгандай бир овоз чиқарди. Сўнгра тошни юқорига тортиб олиб қараса – қуп-қуруқ, нефтдан асар ҳам йўқ. Шундан сўнг Мехайлонинг қўллари бўшашиб, “шилқ” этиб қуйи тушиб, осилиб қолдилар…
Ўз ёлғизлиги ва кучсизлигининг бутун даҳшатини, ул энди, ҳозиргина пайқади. Унинг бутун ҳаракатлари, тиришувлари ва қийналишларидан нима чиқди? Нега ул бор-йўғини шу лаънати зовурларга ташлаб берди?
Марҳаматсиз ёзмиш ундан кулаётганга ўхшайди. Мана, Юткони ҳеч бир заҳматсиз бой қилиб қўйиб, унга келганда, оёқ остидаги чумолидай босиб, эзиб кетди. Бу қадар қаттиқ адолатсизликнинг сабаби нима бўлса экан?..
Мехайло кўкрагига аллақандай оғир бир тугунчанинг қадалганини сезди. Унинг нафаси бўғиларди. Ул ўзини кўтариб туриб ерга ташлади-да, уни муштлай-муштлай, ёввойи овоз билан ўкирди:
– Ҳа, ҳа, ол, мана, лаънати, ол, мана, хоин, ол, мана, сотқин!
Эзилган бир ҳолда, ул, анча вақтгача қимирламай ётди. Сўнгра ўрнидан туриб, бўзарган ва қовоғи солиқ кўкка томон бошини кўтариб, бор кучи билан бақирди:
– Эй Худо, эй Худо, мен сенга нима гуноҳ қилиб эдим? Нега менга бу қадар жазо? Бойларга, муштумзўрларга, одам шаклидаги зулукларга қанча карам қиласан, мен шўрликни эса мана бу ҳолларга соласан! Қани сенинг одиллигинг? Қани сенинг ҳақлигинг?
Шу сўзлардан сўнг гўё унинг кўксидаги оғир тош тушди-ю, ул оғир нафас олиб, жим бўлди. Аммо ҳақиқатда ул тинчигани йўқ, ёлғиз асаблари, оғир ғам тортиш орқасида, бир нафасгина ўтмасланиб олдилар.
– Нима қиламан энди мен шўрлик? Қайдан иш бошлайман? Ё шу лаънати зовурга бошчасига ташлаб, ўзимни-ўзим ўлдириб қўя қолайми? Бошқа йўл йўқ ҳам қолмаганга ўхшайди! Хайр, ҳой менинг азиз онам, менга ўз бағрингдан жой бергил! Мундан нари қийналиб юришга тоқатим қолмади!
Кўзлари ёш билан тўлгани ҳолда, қулочларини очиб туриб, ул, ўзини тубан ерга ирғитди ва шу бўйинча қотди-қолди. Ёлғиз бутун гавдасини титратмакда бўлган ҳўнграшларгина унинг ўлик жасад эмас, балки тирик одам эканини кўрсатарди.

Ғазна топилди!

Мехайло бирданига шу қадар тезлик ва иттиглик билан ирғиб турдики, кўрган киши уни заҳарлик илон чаққан, дер эди. Нима гап бу? Туш эмасми? Кўзига шунақа кўринмайдими?
Мехайло англатиб бўлмас бир талваса билан “дир-дир” қалтирарди. Ул кўзларини ишқалаб, нима қилишни билмасдан, аллавақтгача тип-тик туриб қолди. Сўнгра синов ипини олиб, унинг бир учидаги тошни зовурга ташлади. Тош яна ўша кескин тақиллаш билан бориб, ерга тегди. Ул тошни тортиб олди, лекин ўз кўзларига ўзи ишонмас эди, негаким тош яна қуп-қуруқ!
Демак, бу сафар ҳам ул алданган, демак, юзтубан ерда ётган вақтда унинг қулоғига жуда равшан эшитилган варақлаш овози тақдирнинг унинг қора толеидан кулиши экан!
– Лаънатлар бўлсин сенга, эй қора қисмат! Хайр энди, эй нонкўр дунё, эй жондан тўйғазган турмуш!
Мехайло югурганча келиб, ўзини зовурга ташламоқ учун бир неча қадам орқага қайтди. Лекин нима бу, нима нарса бу? Зовурдан салгина йироқлашиб эдиким, қулоғига яна бояги майин варақлаш овози келди. Эшитув хоссасини мумкин қадар тўплаб туриб тинглади. Ҳа! Бир нарса бор! Бу варақлаш овози унинг хаёлида туғилган нарса эмас! Яна икки қадам орқага қайтиб эди, ҳалиги овоз яна ҳам очиқроқ эшитилди.
Худди ўша вақтнинг ўзида, ул қуюқ бир нефть буғи бурқсиганини пайқади.
Нима нарса бу? Қаердан келади? Теграсига назар солди; ўзи, ахир бурунги, беркитиб ташланган зовурларига жуда яқин турадир-ку. Ердан отилиб чиққан нефть буғларининг булут сингари тумани ва ер остидан келган аниқ варақлаш овози кутган мақсадларининг қўлга келганига бир нафасда уни ишонтириб қўйдилар. Ғазна унинг энг оз кутган жойидан чиқиб қолди.
Лекин Мехайло ҳали ҳам ўз-ўзига ишонмас эди. Қалтираб, бўғилиб ва нима қилаётганини ва ўзига нима бўлаётганини ҳам тузук-қуруқ билолмасдан, ип олиб, қўллари билан устидан калтачасини ирғитди. Сўнгра тиз чўкиб олиб, қўллари билан ерни кавламакка, намли тупроқларни бир томонга сурмакка ва зовурнинг оғзига қоқилган қалин тахталарни қўпормоққа бошлади.
Ўтакетган шошқалоқлик ва бутун кучини ишлатмак билан, ул битта тахтани зўрға кўчира олди. Анчагина юқори кўтарилиб қолган қуёш бу вақтда қия боқиб, зовурга қаради. Унинг шуълалари зовурнинг оғзигача тўлиб ётган қуюқ ва қоп-қора суюқликнинг юзида, худди бир силлиқ ойнакка тушгандай, йилтираб акс этмакда эди.
Демак, Мехайлонинг ўша онда шодлигидан эс-ҳушини йўқотиб, зовурга тушиб кетмагани чинакам мўъжиза эди. Ўзига қалтис бир нарса бўлажагини ул ўзи пайқаб қолганга ўхшайди. Шу учун совуқ терларга ботгани ҳолда, худди ўзига хавфсиз бир жой ахтаргандай, зовурдан нарига чекилди…

Шодликнинг чеки йўқ!

Лекин бироздан кейин унга чинакам жиннилик арз бўлди. Ул югурганча бориб, юзи берк зовурларнинг иккинчисини очиб кўрди – тўла! Учинчисини очиб кўрди – яна тўла! Демак, тушида кўринган аллакимнинг: “Бор, бор, ўша сен истаган ғазна!” деганлари бежиз эмасди. Беҳуда ерга бу қадар азоб тортмоғи ёлғиз ўзининг кўрлигидан келган эди.
Тилакка етилди! Ғазна топилди! Соғлиқ, азоблар, хўрликлар ва ўкинишлар бараварига бўлса ҳам, ишқилиб, топилди!..
Нима қилиш керак энди уни? Бу тўғрида Мехайло ўйламасди, “у ёғи осон!” дерди.
Шундан сўнг ул нима қилаётганини сира ўйламасдан, тўппа-тўғри Шихтербойникига чопди. Бу борганда Шихтербой ўз зовурлари ёнида ишчилар билан алланарса хусусида гаплашиб, савдолашиб турган эди. Мехайло бир оғиз ҳам гапирмасдан, тўппа-тўғри унинг ёнига борди ва елкасидан чангаллаб, ўзи билан бирга судрай бошлади.
– Нима бу, нима гап бу, Мехайло! Жинни бўлиб қолибсиз! Нима истайсиз мендан? – деб қўлини бўшатмасдан, хирқироқ ва бўғиқ овоз билан Мехайлога қичқирарди. – Қаерга ахир? Нега?
– Юринг, юра беринг, боргач кўрасиз! – деб олдинга судради Мехайло.
Шундан сўнг аллақандай фавқулодда бир нарса бўлганини Шихтер дарров пайқади ва тисланмасдан юра бошлади. Шу ҳолда биринчи зовурга етиб келдилар.
– Муни кўр!
Шихтер эсини йиғиб олгунча бўлмасдан Мехайло уни нариги зовурга судраб кетди.
– Муни кўр!
Сўнгра учинчи зовурга судради.
– Муни кўр!

Миллион! Миллион!

Шихтербой турган жойида қотиб қолди. Мехайло эса, оғир нафас олгани ҳолда, беҳол бўлиб, ерга йиқилди. Унинг бир оғиз гап гапиришга ҳам мадори йўқ эди. Улар иккаласи ҳам анчагача жим қолдилар.
– Хўш, гапиринг, қани? – деди охирда Шихтербой Мехайлога.
– Сотаман, ол! – деди Мехайло калта қилиб.
– Қанчага?
– Бир миллион!
– Эсингизни тўпланг, Мехайло! У нима деганингиз? Ким сизга бир миллион берар экан?
– Сен берасан!
– Ўзингиз биласизми миллионнинг нима эканини? Қанча пул бўлади у?
– Биламанки, жуда кўп бўлади… Қўлимга киргандан сўнг, санашга ҳам ярайман… Сен бекорга берар, деб ўйлаб эдингми?
– Мен бекорга деб ётганим йўқ. Лекин сиз ҳам эл қатори сўранг-да.
– Бир миллион!
Шихтербой баланд овоз билан кулиб юборди.
– Гапирган гапингизни қаранг! Шу бир оғиз гапни билиб олибсиз-да, ҳадеб шуни пишқирасиз… Ўзингиз ўйланг ахир, Мехайло, қаердан олиб бераман сизга миллионни?
– Унисини ўзинг биласан.
– Нима қиласиз шунча пулни?
–Унисини ўзим биламан.
Шихтер яна астойдил бир кулги бошлаб эди, яна дарров тўхтатди. Бошига яхши бир ўй келган эди.
– Менга қаранг, Мехайло! Кўраётибманки, сиз ҳазилкаш одамга ўхшамайсиз, хўп, майли, айтганингиз бўлсин: зовурларингизга бир миллион берай!
– Шундай қилишингни билар эдим ўзим, – деди Мехайло том тинч­лик билан.
– Лекин тўрталасига.
– Турган гап.
– Қолган ерлар ҳам киради-а?
– Ҳа, албатта.
– Ундай бўлса, юринг, мирза билан холисларни топайлик!
– Юринг!

Савдо бўлди

Туш вақтида Мехайло Залепиганинг уйи лиқ одам эди. Шихтербой деразаларнинг олдига мавжуд тахталардан наридан-бери ёғоч “эшаклар” эплатиб, уларнинг олдиларига яна наридан-бери тайёрланган усталлар қўйдирди. У “эшаклар”га деҳқонлар ва маҳаллий кончилардан анчаси ўтиришди. Уларнинг барчаси холислар эди.
Бутун Бориславни “Залепиганинг еридан уч зовур нефть чиққан эмиш-да, бир миллионга Шихтербойга сотаётган эмиш!” деган ҳайбатлик довруғ босди. Кончи холислар кулдилар. Деҳқон холислар эса “Ўзи ёлғиз ва жинни бўлишга яқинлашган Мехайло бу ваҳималик пулни нима қилар экан?” деб, шуни муҳокама қилишиб, сўнгра ҳайрон бўлдилар. Лекин унинг уйида бу кун катта зиёфат бўлажагини билиб, ҳаммалари уникига чопдилар.
Тўпланганларнинг ҳаммаси уйнинг тўрт томонига жойланди. Тўрт бурчакка оқсоқол билан холислар жойланишди. Мирза шартномани эндигина тугатди ва ҳозир ўқишга киришажагини билдириб, баланд овоз билан қичқирди. Мирзаннинг қаршисида сарғайган юзи ва ёниб турган кўзлари билан, индамасдан, Мехайло турарди.
– …Мен, тубанда қўл қўювчи Мехайло Залепига, Борислав оқсоқоли Яким Дуриғируш, фуқародан: Алекса Болта ва Грецка Туман афандилардан иборат холислар ҳузурида, шу ерда ҳозир бўлган Шихтербой билан қуйидаги мазмунда шартнома бойладик:
Мен, Залепига, отамдан қолган ва мазкур Шихтербойнинг ерига ҳамҳудуд бўлган бир қитъа еримни мазкур Шихтербойга сотаман. Ер жамъи бир десятдан иборатдир. Мазкур ерни, ундаги нефть зовурлари, унинг ости ва устидаги ҳамма нарсалари билан бирга шу ернинг ўзида ва холислар ҳузурида мазкур Шихтербойнинг абадий ва ғайри маҳдуд тасарруфига ўтказаман.
Шихтербой эса ернинг топширилиши вақтида, юқорида мазкур холислар ҳузурида ернинг тугал баҳосини нақд пул билан менга санаб беради. Ернинг тугал баҳоси Австрия валютаси билан бир миллиондир”.
– Нима? Нима? – деб шу ерга келганда мирзанинг ўқишини бўлиб сўради Мехайло.
– Австрия валютаси билан, – деб қайтариб ўқиди мирза. – Яъни, масалан, Австрия пули билан бўлади, англадингизми?
– Ҳа, англадим. Ҳа, албатта, бошқа пул билан бўлса, мен олармидим? Хўш, нари ёғини ўқинг!
Ундан нариси тез ўқилди. Шартномага, табиий, ҳам Мехайло ва ҳам барча холислар қўл қўйдилар. Хат билмаганлар бармоқ босдилар.
Шундан кейин майдонга Шихтербой чиқди ва бутун бир қоп пулни устал устига қўйди. Сўнгра қопнинг оғзини ечиб, бўлак-бўлак қоғоз пулларни ола бошлади.
Ҳар бир бўлакнинг ичида “гулден” аталган майда қоғоз пуллар бўлиб, тўрт томонидан ип билан боғланган эди.
– Мана бу юзта, яна юзта, яна юзта, яна юзта, яна юзта! – деб, санай-санай пул бўлакларини бир-бир устал устига қўйиб борарди Шихтер. Қопдаги пул бўлакларини олиб, устал устига қўйгунча бир неча дақиқа ўтди.
– Мана, сўраган бир миллионингиз, Мехайло афанди! – деди ул ғурур билан Мехайлога қараб.
Мехайло, худди соқов одамдай, индамасдан туради. Мунча кўп пулни ул бутун умрида сира кўрмаган эди, энди ҳозир мунинг ҳаммаси уники!
– Ким билади, тўғри саналганмикан бу пуллар? Санаб кўриш керак эди, – деди Мехайло ўзига келгач.
– Мен қасамёд эта оламанки, пуллар тўғри саналган, жойида. Лекин сиз мунга ишонмасангиз мумкин – у сизнинг ишингиз, миллионни санаш, сиз ўйлаганингиздай, осон иш эмас. Лекин кейинча “Шихтербой мени алдаб кетди”, деб юрмаслигингиз учун мен мундай таклиф қиламан. Биз бу пулларни қайтариб қопга солайлик, сўнгра мана бу холислар олдида тамға ҳам урайлик. Сўнгра сизга бирорта ўзингиз хоҳлаган одам қайтадан санаб чиқиш учун ёрдам қилсин. Ўшанда агар бир қирон кам чиқса, мен ўнта қилиб тўлайман!
– Жуда яхши, жуда яхши! Номусли одам экани мана энди билинди! – деб ҳаммалари бирдан қичқирдилар холислар.
– Яхши, мен ҳам унайман. Лекин қоп билан пул менинг қўлимда қолажак! – деди Мехайло.
– У, албатта, турган гап, пул ахир сизники! – деб жуда жойидан илиб олди Шихтер.

Шихтернинг бузуқ нияти

Мехайло ҳамма пул бўлакларини дарров қайтариб қопга солди ва икки томонга оқсоқолнинг ҳаммавақт этик қўнжида олиб юрадирган зўр тамғаларини олиб босди.
– Мана энди ҳамма иш битди. Эндиги навбат сизники. Шихтербойга ерингиз билан зовурларингизни ўтказмагимиз лозим.
Ҳаммалари ўринларидан туриб чиқдилар. Сотилган мулкни Шихтербойга ўтказгач, Мехайло ҳам хотиржам бўлиб олди.
Сўнгра ичкилик бошланди ва ҳамма меҳмонлар бу гўзал зиёфати учун Шихтербойга раҳмат айтдилар. Гурунг ярим кечаларгача чўзилди.
Ёлғиз бир мирзагина қўл қўйилган шартномани Шихтербойга берар экан, у билан алланима тўғрисида узоқ пичирлаб гаплашди ва зиёфатга ҳам турмасдан, уйига қайтиб кетди. Ўзининг гапича, букун уйида иши жуда кўп экан, шу учун зиёфатда туролмас экан, ишқилиб, ҳар хил баҳоналарни кўп қилди, аммо ҳақиқатда эса, ул ўзида бирозроқ ваҳима сезди.
Шартноманинг “қалам учи”си учун тўланажак эл қатори беш қирондан ташқари, ул бошқа бир кичкинагина хизмати учун Шихтер бойдан яна юз қирон олган эди.
Фақат ўша кичкинагина хизматидан катта воқеалар чиқиб қолмаса гўргайди. Ахир гап ўзи жуда катта маблағнинг устида кетаётир. Орий рост, Шихтербой: “Қўрқма, ҳеч нарса бўлмайди”, деб уни ишонтирди. Шу қадар кўп холисни атайлаб чақирганлигини, улар ҳушёр вақтда ҳамма ишни жуда зўр ва эҳтиёт билан қилганлигини айтди. Шу учун шартномада гумонлиқ бор, деб ҳеч ким айта олмаяжак ва уни ҳатто нотариусдан тасдиқ этиб ўтириш ҳам лозим бўлмаяжак! Лекин ёмонлик тек турмайди, бу Шихтербой – одам, унга ишониб бўлармикан? Шихтернинг у деб – бу деб ишонтиришларига қарамасдан, мирзани ваҳима олди ва қанча керак тезлик билан шу ердан чиқишнинг йўлини қаради; негаким, бу ерда ул бир юз қирон пул учун жиндак бир…
Гуноҳ қилиб қўйган эди.
Нима экан у жиндак гуноҳ?
Гуноҳнинг ўзи жуда ҳам кичкина!
Шартномани ёзаётган вақтда мирза “миллион” сўзи билан “Австрия пули” деган сўзлар орасига яна биргина сўз қўшиб ўтдиким, шартномани ўқиб берган вақтда у сўзни қасддан қолдириб кетди. У эса “крайсир” деган сўз эди. Аммо шу биргина сўзнинг ўзи ҳам Мехайлонинг ҳайбатли миллионини жуда оз бир миқдорда – ҳаммаси бўлиб ўн минг қиронга тушириб қўярди. Лекин Мехайло Залепига каби эсипаст бир деҳқон учун бу пул ҳам жуда кўплик қилади. Шихтербой шундай дер эди ва унинг шу фикрига мирза ҳам қўшилар эди. Мана шу пулни ҳам ҳали қаерга қўйишни билмас ул қишлоқи.

Бу бахт узоқ сурмади

Мехайло ўзи эса ҳали ҳозир миллионга эга бўлганини ўйлаб кайф қилмоқ билан оворайди.
Нима қилади энди мунча пулни? Бу тўғрида ўйлаш учун ҳали эрта бор, индин бор, унинг индини бор, ишқилиб, вақт кўп. Энди ҳеч нарса ундан қочмайди, унинг қиммати ўз қўлида. Ичи пул билан тўлган шу қопча у учун жуда катта ёрдам. У – унинг бутун ҳою ҳавасларининг ҳатто энг улгуржи хаёлларининг ҳам илдизи. Миллион! Бу, ахир, шундай бир улуғ дунёки, унинг тўғрисида ёлғиз ҳикоялардагина сўзлайлар!..
Ҳаммадан кейинга қолган меҳмонлар, яъни оқсоқол билан хайр-маъзур қилмасдан бурун ул уларнинг шарафига, бошқа меҳмонлар жўнатилгандан сўнг, Шихтербой томонидан атайлаб келтирилган ароқдан бир неча пиёла ичмаги лозим эди.
Шихтербойнинг ўзи ўша ароқдан биргина пиёла ичди-да, қолганини Мехайлога қолдириб, у билан хайрлашиб, чиқиб кетди.
Кейинги меҳмонлар кетгандан сўнг, Мехайло ўзини шу чоққача сира кўрилмаган даражада масъуд, тинч ва соғлом ҳис этди. Яқиндагина унга қаттиқ азоблар берган безгакдан асар ҳам қолмаган эди.
Ул чиғаноғи билан усталга таянгани ҳолда курсида ўтирар; ўзининг ҳақиқатга айланган хаёлларини, қопча ичида тамғаланиб ётган миллионни қучоқларига олиб кулар ва алланарсаларни айтиб минғиллар эди. Алланарсани эсламакчи бўлар, лекин бўлдира олмас эди. Охирда меҳмонларнинг орқасидан эшикни ёпиб қолмоқ кераклиги эсига тушди, лекин ўрнидан қўзғаларлик ҳоли қолмаган эди.
– Бе, эшик ҳам гапми! Менинг миллионим бор, миллионим, миллионим!..
Пичраш овози билан шу сўзларни айтди-да, бошини пуллик қопчага қўйиб, уйқуга кетди. Шам кучсиз олови билан липиллаб турарди.
Бироздан сўнг секингина эшик очилди ва оёқ учида эҳтиёт билан қадам босиб, Шихтербой кирди.
Ул тўппа-тўғри Мехайлога яқинлашди, хўп тикилиб қаради, сўнгра том тинчлик билан унинг тирсакларини кўтариб туриб, остидан пуллик қопчани олди ва унинг ўрнига курси остидаги думалоқ саржинни қўйиб қўйди.
Сўнгра қопчани қўлтиқ остига жойлаб, эшикка томон юрди. Бир-икки қадам босгач, бир нарсани эслаб, яна орқага қайтди-да, устал устида ёниб турган шамни олиб, жуда серпохол қилиб тўшалган ернинг шундоққина юзига қўйди..
Ҳам ёғоч “эшак” ва ҳам Мехайло ўтирган курси остида зўр-зўр похол боғлари ётарди.
– Энди яхшироқ бўлади, ҳеч бир асар қолмайди, – деб висирлади Шихтер.
Ул жадал қадам босиб уйдан чиқди, эшикни ёпди ва ҳатто доволнинг ёриғи орқали эшикнинг илгагига ип боғлади, сўнгра эшикни тортиб туриб, ҳалиги илгакни туширди ва ипни яна билдирмайдиган қилиб тортиб олди. Гапнинг қисқаси, эшикни шундай беркитдики, келган одам ичидан, деб ўйларди. Шундай қилиб, ҳамма ишни битиргандан кейин, ўзи қоронғида йўқ бўлди.
– Эҳтиёт бўл оловга! – деб чўзиқ овоз билан қичқирди кўча қоровули кўчадан ўтиб кетаркан. Унинг кўзи бирдан Залепиганинг бир чеккаракда турган уйига тушди.
– Бу аҳмоқ чол нималар қилаётир-а? Шундай ярим кеча – саҳарда печкасини ёқаётганмикан-а? – деб ўйлади қоровул. Аммо унинг шубҳалари дарров ечилди. Залепиганинг уйида кўрилган ўткир ёруғлик зўр-зўр қизил тилларини чўзиб, деразалар ва эшик орқали юқорига қараб кўтарилди. Ва бу тиллар уйни тўрт томонидан шундай ўраб олдиларки, бутун бошлиқ уй, худди шамдай, бирдан ловуллаб кетди.
– Куйиб кетди! Куйиб кетди! – деб бақирди қоровул кучи борича ва қўнғироқ уриб, одам йиғмоқ учун чопганча қўнғироқхонага кетди.
Эртаси куни шаҳардан бир тўда одам яна Мехайлонинг уйи олдига тўпланган, лекин бу дафъа у ерда уй эмас, қопқора бир ўчоқ кўринарди. Қурум босган печка харобалар орасида худди бир минорага ўхшаб турарди.
Бу печканинг ёнидан одамлар Мехайло Залепиганинг ярим куюк жасадини топдилар. Кўринардиким, марҳум ўзини ўтлар орасида кўргач, печка остига кириб бекинмоқчи бўлгану улгуролмаган. Ул ёлғиз гавдасининг бир бўлагини тиқа олган. Оёқлари ва гавдасининг пастки бўлаги печка остидан чиқиб турар ва ўзларининг оловга ем бўлганларини кўрсатардилар. Лекин ерга қопланган юзи билан қўллари сира куймаган эди. Қўлида пуллик нарса ўрнида бир саржин бор эди…
– Бу шўрлик пулнинг устида ухлаб қолиб, кейин уйқусираб туриб, шамни устал устидан тушириб юборганга ўхшайди. Сўнгра, уйғонгандан кейин, пулнинг ўрнига саржинни ушлаб қолган экану, пул ҳаммаси куйиб кетибдир-да, демак, бу бойлик билан бахт топади, деб азалдан пешонасига ёзилмаган экан-да…
Одамлар мана шундай ўйладилар.
Мехайлонинг ўлиги эса уйи олдида, битта саржинни маҳкам ушлаб ётарди; унинг ўлик қўллари саржинни шу қадар маҳкам сиқиб ушлаган эдики, тортиб олиш мумкин эмасди. Унинг кўм-кўк кўкарган ва қўрққан юзи юқорига ўгирилган эди. Жон талвасаси билан сиқилган лаблари орасидан эса, мана бу савол узилиб чиқмоқда эди:
– Қани, ахир, адолат?..

Рус тилидан Чўлпон таржимаси
Нашрга тайёрловчи профессор Наим Каримов
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 1-сон