Хван Сун Вон. Жала (ҳикоя)

Йигитча қизчани дарё бўйида илк бора кўргандаёқ уста Юннинг эвараси эканини билганди. Қизалоқ қирғоққа келиб, ҳар томонга сув сачратиб ўтирарди. Сеулда бундай дарёни кўрмаган-да! Мана неча кунки, шу аҳвол – мактабдан қайтадию, сув бўйига бориб олади.
У бугун тош кўприкнинг қоқ ўртасида эди. Йигитча қирғоққа омонатгина чўкди. Қизчанинг камбар кўприкдан ўтишини кутаётганди. Бахтига, кўприкдан бир одам ўтиб қолди-ю, қиз йўлни бўшатишга мажбур бўлди.
Йигит эртасига кечроқ келди. Қизалоқ кўприк ўртасида ўтирганча, юзини чаймоқда эди. Пушти свитерининг енги шимарилган. Қўли ва бўйни орқасини ҳам ювди. Сўнг сувга тикилиб қаради. Балиқ сузиб ўтгандек сув бетида тўлқинлар ҳосил бўлди. Қизалоқ йигитчанинг қирғоқдалигидан бехабар эди, чамаси ёки атайлаб ўзини билмаганга соларди… Сув сокин мавжланарди. Чинданам бу мароқли ўйин эди. Кечагидек бир одам келиб, қизалоқ кўприкни тарк этишга мажбур бўлди. Ўрнидан тураётиб сувга қўл тиқди ва сувдан нимадир олди. Бу – оқиш силлиқ тошча эди. Кетаётиб, негадир ортига қайтди ва йигит томонга қараб:
– Ҳой, аҳмоқ! – деди.
Ҳаводан оқ тошча учиб келди. Йигитча беихтиёр сапчиб ўрнидан турди. Қиз эса калта сочларини силкитганча қочиб кетди. У зумда қамишзор орасидаги йўлда пайдо бўлди. Ортидан олтин куз қуёши нурлари остида қамишгуллар чайқалиб қолди. Энди қизалоқ қамишзорнинг нариги бошида кўринди. Аммо зум ўтмай ғойиб бўлди. Орадан анчагина вақт ўтди. Йигитча оёқ учида туриб қаради. Хавотирга тўла дақиқалар… Қамишзорнинг нариги бошида бир тутам қамишгул қимирлагандай бўлди. Қизалоқ қамишгуллардан шокила тақиб олганди. Энди у шошмай кетиб борарди. Ёрқин куз қуёши нури остида сарғиш-оқ қамишгуллар энди унинг бошида товланарди. Қиз эмас, гўё қамишгуллар кетиб бораётгандек. Йигитча то қизалоқнинг қораси кўринмай қолгунча орқадан қараб турди. Кейин қизча отган тошга кўзи тушди-ю, олиб дарров чўнтагига солди. Тошча қуп-қуруқ эди.
Эртаси кундан йигитча одатдагидан кечроқ келадиган бўлди. Қизча кўринмасди. Худога шукур! Бироқ ажабланарлиси, йигитча юрагининг бир бурчини ёлғизликка ўхшаш ҳис эгаллаб олган, уни ўз ҳолига қўймасди. Чўнтагига қўл солиб, силлиқ тошчани ўйнар, у шунга одатланиб қолганди.
Шундай кунларнинг бирида, йигитча олдинлари қизалоқ сув ўйнайдиган ўша кўприк ўртасига келиб ўтириб олди. Сўнг сувдан бир ҳовуч олиб юзини чайди. Сувга узоқ тикилиб қаради. Қуёшда қорайган ёноғининг сувдаги аксидан ҳафсаласи пир бўлди. Иккала қўли билан чайқаб-чайқаб аксини ҳаракатга келтирди. Бир неча бор сувни тўлқинлатди ва бирдан шошиб ўрнидан турди: “Қизалоқ шу томонга келаётган бўлмасин яна. Беркиниб олиб, нима қилаётганимни кузатиб турган бўлса-чи?” Йигитча орқасига қарамай чопиб кетди. Тош йўлакка етай деганда тийғаниб, бир оёғи сувга тушди. У янада тезроқ югургиси келарди. “Яширинадиган бирор жой бўлса эди. Бу томонда қамишзор ҳам йўқ. Ҳаммаёқ маржумакпоя.” Маржумак гулларининг ўткир ҳиди димоғини тешиб юбораёзди. Кўзи тиниб кетди. Сўлаги лабларидан оқиб тушди. Бурнидан қон кета бошлаганди. Бир қўли билан бурнини маҳкам қисганча чопиб кетди. Ортидан: “Аҳмоқ, аҳмоқ”, деган овоз қувиб келаётгандек бўлди…
Шанба куни эди. Дарё ёқасига келганида, қарши томонда ўтириб сув ўйнаётган қизчага кўзи тушди. Ўзини билмаганга солиб, тош кўприкдан ўта бошлади. Қизалоқнинг олдида айб иш қилиб қўйгандай, олдинлари катта йўлдек юрадиган кўприкдан бугун эҳтиёткорлик билан ўтмоқда эди.
–Ҳой!
Йигит ўзини эшитмаганга солди. У анча нарига бориб қолганди.
– Бу қанақа чиғаноқ?
Йигитча беихтиёр қайрилиб қаради. Нигоҳи қизнинг тим қора кўзлари билан тўқнашди. Сўнг қизнинг кафтига кўз ташлади.
– Капалакнусха чиғаноқ, – деди йигитча секингина.
– Номи ҳам ўзига мос экан.
Йўл айрилишига етишди. Қиз юришдан тўхтади. Бу ердан қиз бир милча пастга, йигит икки ё уч милча тепага кетиши керак.
– Сен ҳеч анави тоғнинг орқасини бориб кўрганмисан? – деди қиз дала этагини кўрсатиб.
– Йўқ.
– Бориб кўрмаймизми? Қишлоққа келганимдан бери зерикиб кетдим.
– У сен ўйлаганчалик яқин эмас.
– Қанча келади? Сеулдалигимда пиёда бундан ҳам узоқроққа бориб кўрганман.
Йигит хаёлида қизнинг кўзлари тинмай “аҳмоқ, аҳмоқ” деяётганга ўхшарди.
Шолипоя ўртасидаги йўлдан юриб кетишди. Шолипоя ғарамлари ёнидан ўтишди. Бу ерда дала “қўриқчиси” сўппайиб турарди. Йигитча унинг похол арқонини силкитди. Бир қанча қуш бараварига пориллаб ҳавога кўтарилди. “Бугун уйга эрта қайтиб, ойисига қарашиш ўрнига, шолипояда қуш ҳайдаб юрса-я”, кўнгли хижил тортди йигитчанинг.
– Бу жуда қизиқ-ку!
Қизалоқ ҳам дала “қўриқчиси”нинг арқонидан ушлаб силкитди. “Қўриқчи” рақс тушаётгандек қўлларини икки томонга ёйди.
Қизнинг чап ёноғида кулгич пайдо бўлди. Нарироқда яна бир нечта дала “қўриқчилари” турарди. Қизалоқ улар томон югуриб кетди. Унинг ортидан йигитча ҳам чопди. У энди бугунгидек эрта қайтган кунлари уй ишларига қарашиши кераклигини бутунлай унутган эди. Қиз билан ёнма-ён чопиб бораркан, чигирткалар сакраб келиб, йигитчанинг юзига урилар, кузнинг тиниқ, кўм-кўк осмони кўз ўнгида гир айланарди. Ҳув баланд осмонда бургутлар эркин сузиб юрибди. Ортига ўгирилди, қиз ҳозиргина йигитча ёнидан ўтган дала “қўриқчиси”ни силкитмоқда, “қўриқчи” аввалгисидан ҳам кўра кучлироқ чайқалмоқда эди. Шолипоя тугаган жойда сойлик бор экан. Қиз биринчи бўлиб сойликдан югуриб ўтди.
Шу ердан то тоғ этагигача кенг тариқпоя ястанган бўлиб, қизалоқ ва йигитча тариқпоя ғарамлари ёнидан ўтишди.
– Бу нима?
– Капа.
– Қара митти қовунчаларни, улар шириндир-а?
– Бўлмасам-чи! Лекин ундан тарвуз ширинроқ.
– Битта еб кўрсам…
Йигит бир-икки жойида қовун палак ёзган шолғом даласига кириб, иккита шолғом суғуриб олиб чиқди. Шолғомлар ҳали етилмаган эди. Баргини узиб, биттасини қизга узатди. Кейин бундай ейиш керак, дегандай, аввал сал тишлаб, тирноқлари билан пўстини арчиди, сўнг касир-кусир қилиб кавшай бошлади. Қиз ҳам худди шундай қилди. Аммо бир тишламгина узиб олди, холос.
– Аччиқлигини бунинг! – деб отиб юборди қизалоқ чидолмай.
– Маза-матраси йўқ, еб бўлмайди.
Йигит шолғомини ундан ҳам узоқроққа улоқтирди.
Тоққа яқин келиб қолишган эди. Заранг дарахтининг қизғиш барглари кўзга ташланди.
– Вой, буларнинг ажойиблигини!..
Қиз тоғ томонга югуриб кетди. Бу сафар йигит унинг ортидан чопмади. Лекин бориб қиздан кўра кўпроқ гуллар терди.
– Бу мойчечак, бу йўнғичқа, бу қўнғироқгул…
– Қўнғироқгулнинг бу қадар чиройли бўлишини билмагандим. Мен бинафшани яхши кўраман. Ҳой, соябонга ўхшаш бу сариқ гулнинг номи нима?
– Валерьяна, доривор ўсимлик.
Қиз уни худди соябондек поясидан ушлади. Қизғиш ёноғида яна кулгич пайдо бўлди. Йигит бир даста гул узиб келди. Энг чиройлиларини саралаб узатди. Аммо қиз:
– Бирортасини ҳам ташлай кўрма! – деди.
Улар тоғ чўққисига кўтарилишди. Қаршидаги водийда бир нечта похол уй қаторлашиб турарди. Худди биров тайинлаб қўйгандек улар қояда ёнма-ён ўтиришарди. Атрофда ғайриоддий осудалик ҳукмрон, ҳавони кузнинг жазирамасида қуриган ўт ҳиди тутган.
– Ҳов, анави қандай гул бўлди?
Тик қояда пастга қараб осилиб тушган гул пояларидаги ғуж гуллар қийғос очилганди.
– Печакгулга ўхшар экан. Сеулдаги мактабимизда танаси печакгулга ўралган бир дарахт бўларди. Анави гулларни кўриб, ўша дарахт тагида бирга ўйнаган дўстларим ёдимга тушди.
Қиз аста ўрнидан туриб, тик қоя томон кетди. Ғунчалари ғуж гул поясини ушлаб тортди. Поя осонгина узиладиган эмасди. Бор кучи билан тортган эди, сирпаниб кетиб, қояга бориб ёпишди.
Йигит ирғиб туриб, қиз томон югуриб кетди. Қиз қўлини узатди. Йигит уни тортиб чиқарди ва ичида “ўзим узиб берсам бўлмасмиди”, деб ўкинди. Қизнинг шилинган ўнг тиззасидан қон сизаётганди. Йигит беихтиёр тирналган жойга лабларини босди ва авайлаб қонни шимган бўлди. Кейин ниманидир хаёл қилиб, ўрнидан турди-да, югуриб кетди. Бир оздан сўнг ҳаллослаб келиб:
– Буни боссанг яхши бўлади, –деди.
Йигит қарағай баргларини чайнаб, қизнинг ярасига қўйди, сўнг поянинг гули ғуж жойидан тиши билан узиб, қизга олиб келди.
– Анави ерда бузоқ бор экан, юр, ўша ерга борамиз!
Сариқ доғлари бор бузоқнинг бурнига ҳали ҳалқа ўтказилмаган экан. Йигитча нўхта учидан маҳкам тутиб, ёнларини қашлаган бўлди ва бир сакраб уни миниб олди. Бузоқ “мў-мў”лаганча бир жойда айлана бошлади. Қизалоқнинг оппоқ юзи, пушти свитери, кўк юбкаси, бошидаги гулчамбари – ҳаммаси қўшилиб, бир катта гулдастага ўхшаб қолди. Йигитнинг боши айланиб кетди, бироқ йиқилмади. У бузоқнинг устида мағрур ўтирарди. Қиз масхаралолмайдиган, фақат угина қилиши мумкин бўлган иш эди бу!
– Ҳой, сенлар нима қилаяпсанлар у ерда?
Пичан оралаб бир фермер келарди. Йигит шошиб бузоқ устидан тушди. “Бузоқнинг бели синиб қолади-ку, нима қилаяпсан уни миниб олиб”, деб сўкиб берадиганга ўхшарди. Бироқ чўққисоқол фермер қиз томонга бир қараб қўйди ва қозиқдан бузоқни бўшатиб:
– Тезроқ уйларингизга боринглар, жала қуйиб юборади ҳозир, – деди.
Ростданам уларнинг тепасида бир тўп қора булут қуёшни тўсиб турарди. Бирдан бўрон бошланиб қоладигандек, шамол увиллаган товуш чиқариб эсмоқда эди.
Осмондан йирик-йирик томчилар туша бошлади. Улар болаларнинг бошига тик-тик этиб тегмоқда эди. Ҳаял ўтмай ҳавода йўл-йўл чизиқ ҳосил қилиб, ёмғир шаррос қуйиб юборди. Ёмғир орасидан полиз томонда бир капа кўринди. Ўша ёққа тезроқ бориб, ёмғирдан сақланиш керак. Капанинг устуни бир томонга қийшайиб зўрға турарди. Бироқ ёмғирдан сақланиш учун бирдан-бир пана жой шу, шу боис у қизни етаклаганча ўша капа томон чопди.
Қизнинг лаблари кўкариб кетган, нозик елкалари майин титрарди. Йигитча пахтали жакетини ечиб, қизнинг елкасига солди. Қиз бир лаҳза кўзини ёмғирдан олиб, йигитга миннатдорона қараб қўйди, лекин бирор сўз айтмади. Кейин тақиб олган чамбари орасидан синган гулларни олиб ташлади.
Қиз турган жойга чакки ўта бошлади. Бироздан сўнг бу ерда ҳам жаладан пана бўлишнинг иложи бўлмай қолди. Йигит ташқарига чиқиб, ниманидир ўйлаганча, дала томон югуриб кетди. У тариқпоя ғарами ичини ўйди, сўнг ёнига бошқа ғарамни келтириб уйди. Ичини янада каттароқ ўйди. Чўккалаб ўтирса бир киши сиғадиган жой ҳозирлади.
Ғарам ичига ёмғир тушмаётган эди. Фақат қоронғи ва торлиги учун унчалик ҳам қулай эмасди. Йигит ғарам олдига чўкди. Елкасига тушган ёмғирдан буғ кўтарила бошлади.
Қиз шивирлаган каби: “Бу ёққа кириб ўтир”, – деди.
– Ҳечқиси йўқ, – деди йигит қатъий.
Қиз яна: “Бу ёққа келиб ўтира қол”, – деди.
Йигит уялганидан бир сўз айтмай, қизнинг ёнига кирди. Бу ёққа югуриб келаётганларида қиз тақиб олган чамбар бутунлай титилиб бўлганди. Аммо қизга энди фарқи йўқ. Ивиган йигитнинг танасидан тер ҳиди анқиб кетди. Аммо қиз бошини буриб олмади. Аксинча, йигитнинг иссиқ нафасидан қалтираётган вужудида аллақандай ҳисни туйди.
Жала остида шовқин солаётган тариқ шохларининг овози бирдан тинди. Атроф ёришиб кетди.
Қизалоқ билан йигитча ғарам ичидан чиқишди. Узоқда эмас, рўпараларида қуёш кўзни қамаштирар даражада чарақларди. Сой олдигача келишди, сой ҳар қачонгидан кўра тўла, ўзанига сиғмай оқмоқда эди. Қуёш ботаётганидаги каби қип-қизил, сел суви пўртанали эди. Югуриб ўтиб бўлмасди.
Йигит елкасини тутди, қиз итоаткорона бўйсуниб, унинг бўйнидан қучиб олди. Кечиб ўтаётганида сув йигитнинг тиззасигача келди. Қиз йиғламоқдан бери бўлиб: – “Вой, онажон!” – деганча йигитнинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб олди.
Дарё ёқалаб кетишар экан, куз осмони бироз олдин қандай бўлса, шундай, булутсиз, худди ҳеч нарса рўй бермагандек мусаффо ва кўм-кўк эди.

* * *

Йигит ҳар куни дарё ёқасига чопиб келарди, лекин қизалоқ шу бўйи қорасини кўрсатмади. Таътил вақтида ўйин майдончасини ҳам кўздан кечирди. Бешинчи синф қизларини пинҳона кузатди. Аммо қизни улар орасидан ҳам тополмади.
Бугун ҳам йигитча чўнтагидаги силлиқ тошни бармоқлари орасида ўйнай-ўйнай дарё бўйига келди.
Шунда бирдан дарё қирғоғида ўтирган қизга кўзи тушди. Йигитчанинг аъзои бадани титраб кетди.
– Касал эдим.
Чиндан, қиз рангпар кўринарди.
– Ўша куни жалада қолиб кетганимиз учун эмасми?
Қиз бошини аста қимирлатди.
– Энди тузукмисан?
– Йўқ, ҳали ҳам…
– Унда ётишинг керак.
– Жуда зерикиб кетдим… Айтганча, ўша куни жуда қизиқ бўлди… Аммо қаердан тегди экан, билмайман.
Қиз пушти свитерининг олд томонини кўрсатди. Кийимига қора-қизғиш, лойқа сувга ўхшаш ранг уриб қолганди.
Қизнинг юзида кулгичлар кўринди.
– Бу қандай ранг бўлиши мумкин?
Йигит свитернинг олд томонидан кўз узмай қараб турарди.
– Ҳа, эсимга тушди, – деди бирдан. – Ўша кун сойдан ўтаётганимизда сени опичлаб олгандим, эсингдами? Ўшанда менинг кийимимдан юққан ранг бўлса керак.
Йигит қизариб кетганини сезди.
Йўлнинг айрилишига етганда қиз:
– Бугун эрталаб уйимизда хурмо узишди. Эртага маросим қилишмоқчи… – деди ва йигитга бир ҳовуч хурмо узатди. Йигит тўхтади.
– Еб кўр. Бобом ўзи етиштирган, жудаям ширин.
Йигит ҳовучини очиб, хурмоларни олди.
– Йирик-йирик экан.
– Айтганча, бу галги маросим ўтиши билан уйни топширадиган бўлдик.
Йигит бу ҳақда олдинроқ ота-онасидан эшитганди. Уста Юн неварасининг Сеулдаги бизнеси касодга учраганини, энди қишлоққа қайтиб келолмаслигини биларди. Шунинг учун қишлоқдаги уйигача бировларга қўш қўллаб топшираётгандилар.
– Нимагадир мен кўчиб кетишни хоҳламаяпман. Лекин бу ота-онамнинг ишлари, нима ҳам қила олардим…
Қизнинг қоп-қора кўзлари мунгга тўла эди.
Қиз билан хайрлашиб келаётганида йигит қизнинг кўчиб кетаётганини ичида бир неча бор такрорлади. Афсус-надомат ёки қайғу ҳис қилмади. Бироқ у айни чоғда ўзи шимиб кетаётган хурмо таъмини билмаётган эди.
Кечқурун йигит Док Ши бобонинг ёнғоқзорига борди. Кеча мўлжаллаган дарахтига чиқди ва тайёрлаб қўйган таёғи билан шохларни савалади. Ёнғоқлар шувиллаб дув-дув тўкилди. Йигит ич-ичидан совуқ қотди. Аммо кейин ёнғоқ шохларини бирданига бор кучи билан силкитди.
Қайтаётганида биров кўрмасин деб шох-шаббалар қалин, ой ёруғи унчалик тушмаётган йўлдан юрди. Икки кундан кейин кузги ой тўладиган. Қоронғиликдан илк бор миннатдор бўлди. Қаппайган чўнтагини пайпаслаб қўйди. Сўнг чўнтагига қўл солиб, ёнғоқ пўстини бир қўли билан арчишга уринди, бармоқларини шилиб юборди, бу унчалик ҳам осон иш эмасди. У фақат Док Ши бобонинг ёнғоғини тезроқ қизга олиб бориш ҳақида ўйларди, холос. Шунда миясига бир фикр урди. Қизга кўчиб кетишидан олдин дарё бўйига охирги бор келишини илтимос қилмаган эди. Аҳмоқ, ғирт аҳмоқ!
Кейинги кун, мактабдан келса, дадаси янги кийимларини кийиб, қўлида товуқ кўтариб олган эди.
– Қаерга кетаяпсиз? – сўради йигитча.
Ўғлининг саволига жавоб бермай, дадаси кўтариб олган товуқнинг вазнини чамалаб сўради:
– Шу бўладими, нима дейсан?
Онаси тўр халтани тутқазиб:
– Бир неча кундан бери “қа-қақ”лаб тухум босгани жой қидиради. Унчалик катта бўлмаса ҳам семизгина, – деди.
Йигитча бу гал онасидан дадаси қаерга кетаётганини сўради.
– Эски қишлоқ мактаби яқинидаги қари Юнникига кетаяптилар. Маросим дастурхонига қўйишса деб…
– Ундай бўлса, каттароғини олиб боринг. Анави хўрозни …
Бу гапга дадаси қаҳ-қаҳ уриб кулиб деди:
– Мишиқи, товуқ катта бўлмаса ҳам хўроздан яхшироқ.
Йигит хижолат тортди, китобларини улоқтириб оғилхонага кетди. Худди пашшани ўлдирмоқчи бўлгандай молнинг биқинига бир туширди.
Дарё суви ўзанига сиғмай оқарди.
Йигит қиз билан айро кетадиган йўлдан ўнгга юрди. Шолғом даласи бошидан қаради, кўм-кўк осмон остида эски қишлоқ кўзга яқин кўринди.
Эртага қизнинг оиласи Янгпёнгга кўчиб кетаётганини ота-онасидан эшитди. У ерда кичкина дўконни ижарага олишар экан. Йигит чўнтагидаги ёнғоқларни бармоқлари билан ўйнаганча, бир қўли билан, ўзи билмаган ҳолда, қамишгулларни букиб, синдириб борарди.
Кечқурун йигит ўрнига ётгач ҳам шуларни ўйлади: эртага борсамикан… Шунда уни кўрармикан…
Кейин уйқу элитиб, кўзларини юмди.
– Дунёнинг ишлари ҳам қизиқ-да…
“Эски қишлоққа кетган дадаси қачон келди экан?”
– Уста Юннинг уйини айтаман. Бор-будини сотиб, яшаётган уйигача бировнинг қўлига топширсаю, яна ота-онасидан олдин боласи ўлиб ўтирса…
Жинчироқнинг хира ёруғида қатим тортиб ўтирган онаси сўради:
–Эвараси оилада ёлғиз фарзандмикан?
– Ҳа, асли иккита бўлган, биттаси кичкиналигида ўлган экан…
– Эсиз, энди бошқа боласи бўлмаса шўрликларнинг ҳоли нима кечади?
– Билмадим. Бу гал қиз узоқ касал бўлиб ётган. Дори-дармон қилиб тузукроқ қаратишмаган. Энди уста Юннинг авлодлар риштаси шу билан узилади… Аммо, қара, тушмагур қиз кичкина бўлса ҳам бало экан. Яна билмадим, ўлими олдидан шундай деганми-йўқми? Ўлганимдан кейин, кийиб юрган кийимларим билан кўминглар, дебди…

Корейс тилидан Рахшона Аҳмедова таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2016 йил, 1-сон