Польша мамлакатига тобе Галиция ўлкасида яшовчи “русинлар” турмушидан олинган. Галиция Жаҳон ҳарбидан бурун Австрияга қарарди. Ҳарбдан сўнг (ҳозир) Польша қўлида эди. “Русинлар” нашъат ва тил эътиборалари билан украиналиларга, яъни малорусларга яқиндирлар.
Феруза “меҳмон” кутади
– Иван, Иванжон, жонимнинг малҳамгинаси!
– Хўш, нима дейсан?
– Сен ўзинг шу кунларда аллақандай қаттиқ кўнгил, бадмуомила бўлиб қолибсанки…
– Айт, ахир, нима демакчисан?
Кузнинг шамоли Борислаф шаҳарчасининг тор кўчаларида ғувуллаб, ҳуштак чалиб айланар ва бир кун бурун шахтадан қўпорилган нам увоқларини ҳар томонга ирғитиб ўйнарди. Тун эса жуда қоронғи.
– Хўш, қачонгача мен бу ерда сенинг гап бошлашингни кутиб тураман? Шундай шамолда бу ерга, кўчага, нима учун чақириб чиқдинг мени? Гапир.
– Мен сенинг билан ҳалигидай… бурунлари ўз қишлоғимизда гаплашардик-ку… Ана шунақасига гаплашайин, деб эдим.
– Оббо! Тоза топибсан гаплаша турган пайтни, бу жойни! Айта қол тезроқ, нима демакчисан, кўрмай ётибсанми ахир, шундай дилдираб қолдим?
– Кўриб ётибман, кўриб ётибман, – унинг овози қалтирар ва ул ўзи Ивандан ортиқроқ ушуб дилдираб эди.
– Иван… кўринадиким, энди сен мени севмайсан… ёки севсанг ҳам бурунгидай эмас.
– Ха, ха, ха! Қаердан билдинг сен муни?
– Анови-чи, Ганга деган думалоқ юзлигинг-чи… Ҳар оқшом сен ўшанинг кетидан чопасан…
– Туф сенга! Унинг кетидан мен чопар эмишман!.. Ул ўзи чопади менинг кетимдан. Мен қандоқ қилай ахир, кетимдан эргашишини қўймаса ўзи?
– Нега бўлмаса мени ҳайдаб ётибсан?
– Эй, сен ҳадеб ўзингни гапирасан, холос. Нима керак сенга? Бир нарсага зориққанмисан? Айтгил ахир, ўзинг нима биласан, сен бир нарсага зориққанда мен ҳеч қайтарган эмасман.
Қиз бир “уҳ” тортди.
– “Зориққанингда” эмиш! Сен билсанг эди агар менинг қандай зориққанимни!.. Нимасини айтай… Менга бир нарса камлик қилади, Иванча.
– Нима экан?
– Сен.
– Мен ёнингдаман-ку!
– Нима чиқарди ундан? Модомики, сен мени унутдинг, сен мени севмайсан. Сен билан бирга бўлсам, ҳеч нарсага зориқишдан қўрқмас эдим. Сен учун ҳар қандай оғирликка ҳам чидар эдим.
– Ий, эсинг йўқ сенинг, – деб қизнинг сўзини бўлди Иван, – эсинг йўқ, дедим, тамом, “Гангага берилиб кетдинг”, деб валоқлайсан, мен бўлсам Ганга тўғрисида ўйламайман ҳам.
Сўнгра қизга яқинлашди. Ва уни кўксига тортиб туриб анча юмшоқ ва секин овоз билан деди:
– Қўрқма, Феруза, мен сени унутмайман. Эсингда борми, унда дарахт остида қилган аҳдим. Икковимиз ҳам энди бир озгина қийналамиз, холос… Сенга қийин бўлганини мен билмайманми? Ҳозир менга ҳам осон эмас. Яна икки ҳафтагина… Тинчлан энди. Кафамизга қайтайлик. “Дир-дир” қалтираб ётибсан, ушуб қолибсан. Юр, икковимиз трактирга кирайлик. Юр, исиниб оласан. Сенинг уйинг жуда олис, ахир.
– Мен ҳали нима…
– Юра қол, гап сиғмайди.
Шундай қилиб қизни куч билан дерлик-трактирга олиб кирди. Унда одам зич эди. Ишчилар, ишчи хотин-қизлар тўлганлар. Ҳаво ёмон дам бўлган. Нефтли кўйлаклардан нафасни бўғувчи бир ҳид кўтарилган, қичқириб кулишлар, арақ ҳидлари юксалган.
Уларга ҳеч ким эътибор қилмади. Иккаласи печка ёнидаги усталга ўтирдилар.
Феруза ўзининг энг ёмон душмани, мана бу Иваннинг кўнгли туфайлидан ўзига кундош бўлган Гангани излаб, бутун теграсига қизиқиш билан кўз югуртиб чиқди.
Ганга йўқ эди, шунинг учун у эркин нафас олди. Бир кичкина стаканчада вишнёвка ичиб, бир оз исингач, очилиб гапира бошлади. У ўз қишлоғини ва ундаги таниш-билишларини бир-бир эслаб ўтди. Охирда Иваннинг бошини ўзига томон энгаштириб туриб, пичирлади:
– Янги гап топиб қўйдим.
– Қандай янги гап?
– Меҳмон кутаётибман.
– Меҳмон, ким экан у?
– Қани, топгил-чи ўзинг.
– Сеникига келмакчи бўлган меҳмонни қайдан билай мен?
– Билишинг керак.
– Билишим керак, ким бўлди энди у меҳмон?
– О, шунга ҳам ақли етмайди-я.
Сўнгра Феруза Иваннинг қулоғини ҳазил билан бир чўзди-да, деди:
– Уми, у бола, сенинг боланг, Иван.
У бу сўзни тўппа-тўғри, хурсанд бўлиб туриб айтмакчи эди, на кўнгли, на овози бу тилагига унамади. Юраги уриб, қалтираб кетди. У билар эдиким, кўп нарса, балки-да, унинг бутун ҳаёти – мана шу сўзнинг Иван томонидан қандай қабул қилинишига боғлиқ.
Феруза ўзида оналик вазиятини сезгандан бери, шу нарсани Иванга қандай қилиб айтиш тўғрисида ўйлар ва шуни ўйлаб қўрқар эди. Албатта, бир нарса дейди Иван – нима дейдиркин. Энди шу тобда у гап оғзидан чиқиб кетгандан сўнг, шўрлик қиз, худди оғир бир ишда айблангандай, худди Ивандан аллақандай мудҳиш бир ҳукм кутгандай, ранги оппоқ оқариб, қўрқиб ўтирар эди.
Иван учун эса, гўё, бу нарсанинг сира, асло аҳамияти йўқ каби эди. У бошини тескари бурди, кўзини шипга томон кўтарди ва астагина ҳуштак чала бошлади, сўнгра Ферузага қараб, худди эшитмаган каби, сўради:
– Хўш, яна биттагина ичасанми?
– Йўқ, ичмайман, – деди қиз секингина.
Иван ўзига бир стакан пиво сўратиб олди-да, жим бўлди. Феруза эса, қимирлаб кетишдан ҳам қўрқиб, тошдай қотиб турарди. “Энди битди ҳар нарса, – деган ўйлар айланарди унинг бошида. – У мени севмайди. У мени мана шу ботқоққа ташлаб кетади”.
Трактир “гув-гув” қилар ва қайнарди. Феруза бўғила бошлади. Унинг кўкрагини алланарса келиб қисгандай бўларди. Ўрнидан турди.
– Хўш, кетаётибсанми?
– Ҳа!
Иван ўрнидан қўзғолмади, “бир оз ўтир” ҳам демади, ҳамон ўша шипга тикилишда давом қилди. Қизнинг кўзларида ёшлар қўзғолмоққа бошладилар, лекин у ирода кучи била уларни қайтарди.
– Тун ойдин.
– Тун ойдин.
Кўчага чиқиб эдиким, шамол уни дарров ўзининг совуқ қучоғига тортди, кийган кийимининг этакларини йиртди, юзларига нефтли ернинг қора тузларини келтириб урди, шунда ҳам қиз шўрлик ҳеч нарсани сезмас эди. Негаким, унинг ўз кўнгли шу топда кўчадан ҳам қоронғироқ ва совуқроқ эди…
Конларда
Борислаф шаҳарчасининг бир четида, қўрғон ташқарисидаги қирда зовурлардан кавланиб олина турган ер мумининг катта бир омбори бор. Бу омбор Линден деган катта бир муштумзўрнинг хусусий мулки эди. У омбор деганимиз улкан бир ёғоч бинодан иборат бўлиб, унинг тўрт томони чуқур зовурлар билан ўралиб олинган, доволларнинг олдига эса зовурлардан кавлаб олинган хом тупроқлар уйилиб ташланган эди. Ёлғиз замбарғалтакларнинг қатнаши билан очилган тор йўлаклар, бир томондан – ўша тупроқ уюмлари орасидан чиқиб келиб, омборнинг дарвозаларига томон узалиб кетардилар.
Орқада, омбор деразалари рўбарўсида, қўшимча солинган иккита чолдовол бўлиб, унда омбор қоровули яшар эди. Бу чолдовол юксак тупроқ уюмлари орасида беркиниб қолиб кетганлигидан унинг кичкина теразачалари орқали қуёш шуълалари жуда сийрак ўтарди.
Қоровул болаларни бошқа одамларга тарбияга бериб юборган “бева” бир киши эди. Линдендан олган иш ҳақларидан ташқари ҳам бирор нарса олмоқ истаган қоровул чолдоволнинг икки хонасидан бирини ишчи хотинларга ётоқ учун ижарага қўйган эди. У ўзи ёлғиз бир хонага ҳам қаноат қилар эди – барибир ўзи ҳам тунларнинг кўпини омбор қўришда ўтказгани учун оз ухларди. У вақтларда ҳали Борислаф шаҳарчаси полицани ҳам билмас эди.
Туннинг анчага етиб қолган вақти. Тор, ифлос ва димоқни бўғувчи хона ишчи хотинлар билан тўлган. Яланғоч доволлар, оҳак билан наридан-бери оқланган тахталар, уларнинг бирига аллақандай сурат ёпиштирилган ва яна бир бўлак кўзгуча осилиб қўйилган.
Бир бурчакда кўрпа-тўшаги похолдан иборат бўлган уч тахтали бир ёғоч карт туради. Тераза олдида баланд-баланд уч оёқли кичкинагина усталча, хона ичида кўзга кўрина турган нарсаларнинг барчаси – мана шундан иборат. На печка, на ошхона асбоб, на кўрпа-тўшак ва на сандиқдан асар йўқ.
Карт бўш қолгани ҳолда, паст ерда худди бочкадаги майда балиқларга ўхшаб аллақанча ва аллақандай одамлар уйилишиб ётадилар. Улар оғир-оғир ва қаттиқ ҳансираш билан нафас оладилар ва хона ичидаги ғира-ширада бир жойга ташлаб қўйилган кир уст-бошлари уюмига ўхшаб кўриналар. Бу, ишчи хотинларнинг ётоқхонаси.
Хотинлар, қизлар, ёш-ёш жувонлар муҳтожлик орқасида узоқ ерлардан сурилиб келганлар. Бутун кундузи билан ишлаб ҳоргач, улар энди совуқ ва яланғоч ерда, қўллари устига бош қўйиб ва бир-бирларига маҳкам ёпишиб ёталарким, бу, биринчидан, жой торлиги учун бўлса, иккинчидан – иссиқ ётмоқ учундир.
Уларнинг юзлари муҳтожлик орқасида сап-сариқ бўлган, қўллари эса тупроқдан ва ер мумидан яна бир қават тери орттирган… Устларидаги титилиб кетган кийимлари гавдаларига зўрға-зўрға илашиб туради. Меҳнат ва ҳасрат билан донгланган қари чеҳралари ҳам ёш чеҳралар билан бир қаторда ёталар. Улардан ҳали гўзаллик излари йўқолмаган бўлса-да, вақтидан бурун ёқаларига ёпишган оғир меҳнат, муҳтожлик ва бузуқлик – у юзларни эрта-қачон сўлдириб битирган.
Хонада жимлик; ёлғиз баъзи-баъзида бирортаси тушида босинқираб қичқиради, қўлларини тўлғайди, уйқу орасида аллакимларга лаънат ўқийди. Ёки ёнида ётганини қучоқлайди. У, балки, тушида севган йигитини қучоқлаб ётгандир.
Уларнинг ҳаммасидан ҳам тинчсиз ётган ана у кампирдир. Бир замон бутун қишлоқда якка-ягона рўзғор эгаси бўлган хотин – ўша эди. Ҳозир уни гадойдан айириш қийин. Бутун кундузи билан ишлаб, озгина нарса топади: қари суякларида дармон қолмаган, унинг дармони омборнинг бир бурчида ўлтириб олиб, зовурдан чиққан тупроқларни тозалашгагина етади. Бу иши учун унга кунда уч “шеска” ҳақ берадилар.
Лекин кечалари унга жон киради. Афтидан, худди ўша вақтларда яшаб ўтказган роҳат кунлари кўнглида қайта тирилади, шекилли.
Хирхираган овози билан у, кампир, ўзининг қиз чоғидаги кўпдан унутилиб кетган қўшиқларни куйлайди. Чиройлик либосларини кўзгу олдида тутиб тузатаётгандай, жулдур энгилларини ушлаб-ушлаб қўяди. Бурунги қадрдон қўшнилари билан гаплашиб, янги маржонларини мақтаб ётгандай кибр билан бошини қимирлатади. Сўнгра яна аллақандай лаънатлар, оғир ҳўнграшлар, дод-войлар билан бир-бир кетин чиқиб келади. Ундан кейин яна қўшиқ парчалари… ва бутун кеча шу аҳвол.
Унинг ёнида ётган хотин бу босирқишлар орқасида неча мартаба уйқусидан уйғонади, ҳадеб кампирни ҳайдайди ва “тинч ётсин”, деб биқинига туртади – лекин ҳеч бир фойдаси бўлмайди. Уйқудан уйғонгач, кампир тушида кўрганларининг ҳеч бирини эсламайди, лекин уйқуда тинч ётиш ҳам сира қўлидан келмайди.
Ферузанинг ташвиши
Тераза олдидаги кичкина усталча устида тозаланмаган ер мумидан сариқ бир шамъ ёниб туради. Унинг олови ҳадеб пириллайди. Ва бир хилда ёнмагани учун ухлаб ётган ишчи хотинларнинг усталларига чучмал кўлагалар ташлайди.
Устал олдида қуйи эгилиб бир қиз ўтиради. Бутун шу уйда уйқуси қочган одам боласи шудир. У хафа. Унинг қайғули кўзлари йигнанинг шошилиш ҳаракатини кузатиб боралар. У шу топда кўйлакча – кичкина бир кўйлакчани тикиб ўтиради, қоронғи кечаларда зўр бериб тикади, негаким, кундуз куни бошқа иши бор, ундан бўшаёлмайди.
– Гангани ўйламайман ҳам, деди…
Қизнинг бошида хунук ўйлар юради.
– Балки бу гапи тўғридир-да. Лекин нима учун у мени севган ё севмаганини очиқ айтмайди. Эй, гапиришнинг нима кераги бор. Мен ўзим кўрмай ётибманми? Йўқ, у мени севмайди. Менинг тўғримда ўйламайди ҳам у – берган ваъдасини унутди, баъзида қуруқ сўз билан ўша ваъдасини эсга олиб қўйишларига ишониб бўлмайди. Сўз нима деган нарса ўзи, ўткинчи шамол, бошқа нарса эмас У мени масхара қилиб, мендан кулаётганга ўхшайди. Менинг аҳмоқлигимга – уни деб, отам, онам, ҳовли-жойларимдан кечганимга кулаётгандир. Чинакам, ҳар нарсамни, ҳамма нарсани бердим мен унга. Энди келиб мендан олинатурган нарса қолмагандан сўнг мен унга керак бўлмай қолдим, кўзига ёмон кўриниб қолдим.
Шундай қилиб унинг юзларида яна бурунги ёшлар қўзғола бошладилар. Ёлғиз бу дафъа қиз шўрлик у ёшларни тўхтатмади, қайтармади. Йигна юришдан тўхтади. Ўзи ҳам сабабини билмагани ҳолда, Феруза, шамънинг оловига назар солди. Олов устидан кўм-кўк тутун кўтарилган ва қуюқ туман шаклида шипга солинган эди. Қизнинг боши оғриди.
Бу вақтда шамол ташқарида ҳуштак чалар, тераза ва эшикларнинг ёриғидан ўтиб, шўрлик қизнинг баданларига совуқ чангалини ботирарди.
Феруза бир йиғлаб олиб, шу билан анча енгиллади.
– Йўқ, у мени севади. У мени севмай қўйса, мен ўлиб қолар эдим. Мен унга нима қилиб қўйдимки, мени унутмоққа мажбур бўлсин. Яқинда дунёга келажак ёш гўдакни, у бўлмаса агар, мен қандай қилиб саришта қиламан?
Чинакам, Феруза шўрлик орага гўдак бола киргандан кейин, Иваннинг ўзи билан ҳам қандай алоқада бўлиш-бўлмаслигини билмас эди. “Бола” деган сўзни эшитганидан кейин Иваннинг тескари бурилганини у ахир ўз кўзи билан кўрди. Иванда пул йўқлигини, унинг бир кун ҳам ишдан бўшамаганини қиз ўзи ҳам билади. Шу учун ўзига хастахонага кириб ётишдан бошқа илож қолмаганини ҳам билади, шўрлик қиз.
Бутун шу кўргиликларини у бурунроқ, совуқда мужмайиб ва тишларини какирлатиб, трактирдан уйга қайтган вақтда ҳам кўз олдига келтириб қўйган эди. Лекин, у энди шу топда у тўғрида ўйламас эди. Негаким, ўйлагали қўрқарди. Ва худди сувга ботаётган киши бир чўп, бир похол парчасига осилгандай, қиз шўрлик ҳам биргина фикрга осиларди: “У мени севса-чи! Мен билан бўлса-чи! У мен билан бўлса, ҳеч нарсадан қўрқмасдим, у ҳар нарсани бажаради…”
Феруза шу хил фикрлар билан шуурли суратда ўзини алдар, шу фикрни ўзича талқин қилар ва шунинг натижасида ўша ишларнинг гулдай бўлиб битишига тамом дерлик ишониб кетарди. “Шундай бўлиши керак”, дерди. Ахир уни деб беҳуда ерга ота-оналаридан кечгани йўқ, бекорга бу қадар оғирликларни кўтаргани йўқ. “Иковимиз ҳам озгина қийналамиз, холос, ундан сўнг ҳамма нарса ўз жойига тушади. Бутун ғамлар ювилиб кетади”, деб бекорга ваъда бергани йўқ Иван ҳам.
Иван нима қилмоқчи, ажабо, Феруза буни англаёлмасди, лекин ўз кўнглининг, кўклам чоғи қор остидан ёруғ дунёга чиқиб келаётган майсадай қувониб, енгиллаб борганини сезарди…
У шамъга кўз ташлади, шамъ эса бу вақтда ўчай-ўчай деб йилтиллаб, ёруғ бермай қўйган; ёлғиз буруқсаб, бутун ҳужрани ис билан тўлдирган эди. Ферузанинг кўкраги жуда қаттиқ урар, қўлидаги йигнаси учиб юргандай бўларди. Чарчаш, қотишдан асар ҳам йўқ. Чолғи чалиб туради. Алланарса йилтиллайди, гўёки кўм-кўк экинзор ўртасида қуёш нурларига кўмилган узун бир йўл чўзилиб ётгандай кўринарди. Юмшоқ севимли қўлларнинг таъмасига ўхшаган алланарса… қитиқлайди.
Қизнинг боши энгишди ва шу билан ухлаб кетди.
Йироқлардан, Борислаф томондан эса, шамол бўғиқ қичқиришлар ва қўшиқлар овозини суриб келмакда. Бу, трактирдан чиққан ишчиларнинг қичқириш ва қўшиқ айтишлари эдиким, улар орасида ҳам энг кучлиги яна Иваннинг овози эди.
Кундошлар
Эрталаб Феруза бошқа ишчи хотинлардан бурун уйғонди. Унинг боши оғрир, худди титраб-қақшар, лекин ўзи бу тўғрида ўйлаб ҳам турмасди. Тезгина ювиниб, трактирга томон чопди. У ерда Феруза бир ҳафталик нонушта – ҳар кун бир косачада қайноқ сут билан бир бўлак нон – ҳаққини илгаридан тўлаб қўйган эди. Лекин томоғидан ҳеч нарса ўтмади.
Сутни зўрға ичиб, нонни қўйнига солди-да, чопиб кетди. Қаерга, буни унинг ўзи ҳам дурустгина билмас эди. Ишга боришга ҳали эртарак эди. У Иванни кўрмакчи бўларди. Лекин унинг кўчадан топилишига ўзи ҳам ишона олмас эди. Бу кунларда Иван қайда ётиб туради, буни ҳам билмасди. Шундай қилиб, Феруза таваккал билан, қуюқ ва ёпишқоқ лойни шилпиллатиб кеча-кеча, совуқдан қалтираб, кўкрагини така-пука қилаётган изтиробни ҳорғинлиқ ва ҳаракат билан босмоқчи бўлиб, йўлга тушди.
Борислаф жонлана тушди. Қоронғи уйлардан, бўғувчи ва тор бостирмалар ичидан ифлос ва маол одамлар чиқа бошладилар. Уларнинг кунлари қарғишлар ва жанжаллар билан бошланади. Юзларни ювмасданоқ улар трактирларга йўл соладилар. У ерда бир истакондан арақни уриб, орқасидан қуруқ нонни “закуска” қилиб, яна ўша қуруқ нон билан бирга жиндак қазини қўлтиққа жойлаб, сўнгра ишга жўнайдилар. Кўчада ўтин ортган, картошка, ун, буғдой ва бошқа озиқ-овқат юклаган аравалар чизилиб кетадилар. Бутун шуларнинг устида ўчиқ рангли ва қош-қовоғи солиқ осмон аллақандай ўйларга ботиб туради. Олисларда, Дол тоғининг ён бағрида эса, юксак бўйли “тиканли дарахт” ўрмони кўм-кўк кўкариб кўринадир.
Кўча лойларида шилпиллаб юриб, Феруза қанча жин кўчаларни айланди. Эшиги очиқ трактирларнинг ҳаммасини қаради: Иван йўқ эди. Муюлишга, ишчилар ҳаёти ва кеча бузуқчилигининг бош маркази бўлган Кирнецкий номерлари яқинига келгач, у Ганкага йўлиқиб қолди.
Бу ҳам Иван билан Ферузанинг қишлоғидан келган бир қиз эди. Соғлом, қизил юзли, олайган кўзли ва қалин лабли бу қиз-арвоқ Ферузага қараганда худди улкан полвондай кўринади.
Елкасида обкаш, икки пақир сувни кўтаргани ҳолда, Ганка шипиллаган лойдан йўғон ва қип-қизил оёқлари билан жуда дадил қадам босиб боради. Қора сочларини бошига ўраб олган, қора ва порлоқ кўзлари эса соғломлик ва куч билан ярқирлайди.
Баъзи одамлар бўладиким, йўқчилик ва оғир меҳнат чангалига тушиб қолсалар ҳам, ғалаба, чин муҳтожлик нима эканини англамайдилар. Қайғу-ҳасрат деган нарсани билмайлар. Бизнинг Ганка ҳам ана шуларнинг бири эди.
Улар, худди ҳўкиз иш учун яратилгандай, меҳнат учун яратилганлар. Улар ўзларининг темир сиҳатлари ўзларига хизмат қилишдан бўйин товлагандагина қайғира бошлайдилар.
Феруза бурундан Ганкани севмас эди. Энди у билан бирга бўлганда Иваннинг очилиб яйрашини, у билан тегишиб, у билан ўйинга тушганларини кўргач, Гангани чин кўнгилдан ёмон кўра бошлади. Иваннинг кеча айтган гапи – “Ганка ўзи кетимдан ўралашади”, дегани – Ферузанинг юрак-бағрини ўртаб кетди.
– Менга қара, Ганка, – деди у салом-алик қилмасдан тўппа-тўғри унга яқинлашиб келиб.
– Хўш, нима гапинг бор менга?
– Сен Кирнецкийникида хизмат қиласан-а?
– Ҳа, тўрт кундан бери.
– Хўш, кеча менинг Иваним келдими ўша ерга?
– Сенинг Иванинг? Нечик сенинг Иванинг бўлар экан? – деб пичинг отиб гапирди Ганка.
– Ўзинг яхши биласан нечик эканини, – деди Феруза ўзидаги жаҳлни босиб туриб.
– Қанча сеники бўлса, ўшанча меники ҳам. Балки, сендан кўра кўпрак меники бўлади. Нега десанг, сени қия боқиб ҳам кўргиси келмайди, мен билан бўлинганда эса ичига сиғмайди.
– Бекор айтасан. У ўзи айтиб берди менга, сен чопасан Иваннинг кетидан. Менга қара, агар яна бир мартаба у билан бир жойда кўрсам, кўзингни ўйиб оламан бу ёққа.
– Қўлингдан келса, дорга ос! Нега менга осиласан сен!
– Сақлан! Сақлан! – деб бақирди Феруза, зўрға дам олгани ҳолда. – Сақлан уни эргаштиришдан!
– Сақланмайман ҳеч, нима қила олардинг? Кеча ҳам бирга эдим, бугун ҳам бирга бўламан. Хоҳласам, бирга бўлавераман, менга деса ғазабингдан “тарс” ёрилиб кет, парвойим йўқ менинг.
Феруза шу ерда ўзини йўқотди ва мушт кўтариб Ганкага ҳамла қилди. Лекин ул қўлидаги пақирни шундай бир кўтарди-ю, уни шундоққина сувга пишиб ташлади.
Кўчада тўпланиб олиб, бу икки кундошнинг шовқинини эшитиб турган ишчилар кула кетдилар.
– Баракалла, Ганка! Чўмилтириб қўй уни! Олови босилсин, – деб қичқирди бири.
– Хўш, Ферузача, чўзиб қол, қани, сочларидан. Нима ҳадди бор экан сенинг йигитингни тортиб олгали, – деб аччиққина тегади бошқалари.
Феруза камоли уятгани ва аччиқланганидан ўзини билмас эди.
У бутун уйиб кетган ва совуқдан қалтирар, шу учун азоби ҳам бадтар оловланарди. Сўнгра бирдан ўзини Ганкага ташлади ва унинг сочларидан ушлаб тортишга ва уришга бошлади.
Ганка эса ҳануз елкасида обкаш билан пақирлари бўлган ҳолда, бир оз ноилож қолиб турди, на обкашни ташлаш, на-да мудофаа бошлашни билолмади. Лекин сўнгра бирдан қарор бериб, обкашни ирғитди-да, бўшалган қўллари билан Ферузани шундай кучли бир зарб билан туширдики, у шўрлик бирдан ерга йиқилди. Ва унинг сочларини ҳам қўйиб юборди.
– Ҳу, ҳу, ҳу, – қаҳқаҳа отдилар ишчилар. – Мана, қиз деган. Саллот-а, саллот. Ажаб қилди!
– Иван, – дедилар бошқалари худди шу вақт трактирдан чиқиб келган Иванга, – бери келгил-а! Томоша кўрасан!
– Нима бўлди? – деб сўради Иван.
– Эйй, бу ёққа кел! Бу ерда сени деб икки қиз бола юмдалашаётир. Бери кел, ҳеч бўлмаса, томошани кўр! Жуда ҳам, лекин, бахти бор йигит экан-да, қиз болалар ҳам уни талашиб муштлашади-я!
Иван келди ва нима бўлганини дарров пайқади.
– Ганка, – деб ҳайбат билан гапирди у, – нима қилганинг бу?
– Мана буни қара, – деб қичқирди Ганка, – менда нима иши бор экан, билмадим, кўча-кўйда ҳам ҳадеб менга осилади; мени одамларга масхара қилиб ўйнайди.
Феруза, зўрға дам олгани ҳолда, ўрнидан турди. Унинг кўкраги оғрир, нафаси қисиларди.
– Иван, – деди у ёлбориш билан.
– Йўқол, падарингга лаънат сенинг! – деб ўшқирди Иван. – Сен менга осила берасан ҳадеб, нуқул кўча-кўйда шарманда қиласан одамни! Бор, тезрак кийимингни янгила! Қара, шундоққина уйиб қолибсан.
– Мен сепдим у қизга бир пақир сувни, пичагина олови босилсин, дедим, – деб ачитди Ганка. – Мен билан ҳазиллашишга ярамаганини хўп билиб қўйсин у.
Шу гапни айтди-да, пақирларни обкашга илиб, тезгина жўнаб кетди.
Иван ҳам, кўнглида лаънат ўқигач, бурилди ва бошқа ишчилар билан бирга ўз ишига кетди.
Феруза ёлғиз қолди. Унинг бутун вужуди қалтирар, у ўзини бутун дунёда кучсиз, бахтсиз ва ёлғиз туярди. Нега керак унга яшаш? Ахир, ҳамма нарса унга равшан билинди, энди унда ҳеч бир шубҳа ва ҳеч қандай умид қолмади.
Қандай ва қачон эканини билмагани ҳолда уйига қайтди, ҳўл кийимини ешиб, қуруғини кийди, сўнгра ишига чиқиб кетиш ўрнига, картга чўзилди, ётди ва аста-секин инграшга бошлади. Бу вақтда уйда ҳам ҳеч ким йўқ эди.
Феруза бошининг ёмон оғриганини, бутун вужудининг мудҳиш суратда чарчаганини сезди. Ташналикдан энтикарди. Зўрға ўрнидан туриб, бир оз сув кетирди, ичди, сўнгра бошини ҳўл сочиқ билан ўрагач, ётиб уйқуга кетди.
Ферузанинг шўри
Ўша куннинг ўзида бир-икки пиёла пиво ичиб чиқмоқ учун Иван Кирнецкийникига кирди. Ганка унинг олдига сўралган пивони келтириб қўйди-да, индамасдан кетди. Иван ҳам унга ҳеч бир аҳамият бермади. Секин-аста пивосини ичиб, ё мудрагандай, ёки бир нарсани ўйлагандай бўлиб ўтирди.
Ганка бир неча марта унинг ёнидан ўтди. Ҳар мартабада унга қараб, тикилиб ўтарди, афтидан, унга гап ташлаб ўтмакчи бўларди-ю, лекин бу дафъа ундай қилмади. Охирда иккинчи пивони буюрганда, Ганка истаконни устал устига қўйиб туриб, хоҳлар-хоҳламас гапирди:
– Хўш, қани ана у… ниманг?
– Қайси у?
– Сенинг нишонлинг-чи?
– Менинг нишонлим? Менинг ҳеч қандай нишонли, пишонлим йўқ.
– Ҳа, гапир ёлғонни. Феруза “ойим” ниманг бўлмаса? У ўзини нишонлингдай эмас, худди хотинингдай қилиб кўрсатади: “Менинг Иванимни эргаштира кўрма”, деди.
– Ха, ха, ха! – деб кулиб юборди Иван.
– Ўшанингга айтиб қўй, – деб жаҳл билан тез-тез гапирди Ганка. – Мундан кейин менга осила кўрмасин. Мен унга оқсоч эмасман. Агар яна бир мартаба гап таққундай бўлса, мен арвоқ юзларига ҳам қарамай, шундай келиштириб савалайманки, худди ўттиз икки тиши қуйилиб тушади. Билиб қўйсин! Тушундингми?
– Эй, нарироқ юр сен ҳам мендан, – деди Иван. – Ўзинг бориб айт унга нима хоҳласанг, у сизнинг ўз ишингиз, аммо мени бир соат бўлса ҳам тинч қўйинг.
Ганка кетди. Иван ўтириб, пиво ичишда қолди. Шу вақтда трактирга бирдан бир гала ишчилар келиб кирдилар. Иванни кўргач, улар унга тегиша бошладилар:
– Ҳа, Иван, Борислафдан кетар эмишсан, деб эшитдим-а?
– Менми? Етти ухлаб бир тушимга ҳам киргани йўқ.
– Ферузага уйланиб, унинг ерига ишлагали бораркансанми?
– Нима бало, жинни бўлдингизми?
– Аслида сен ўзинг жинни бўлганга ўхшайсан, Борислафнинг эркин турмушини ташлаб, ҳўкиздек бўйинтуруққа кирмакчисан.
– Болалар! – бу пичингларга қони қайнаб, истакони билан устални уриб қичқирди Иван. – Шу гапни гапирган одам ит боласидан ўзга эмас!
– Эйй, биз ичимиздан чиқариб айтаётганимиз йўқ. Сенинг Ферузанг билан бирга ёта турган қизлар шундай дедилар. Феруза ўша қизларга дебдирки, “Иван билан маслаҳатимиз битган!”
– Жинни бўлиб қолибдир у Феруза! Нима маслаҳат бўлибдир экан орамизда? Орий рост. У ўзи неча мартаба: “Юр, Борислафдан кетамиз”, деб менга осилди. Мен ундан қутулмоқ учун бир марта: “Ҳа, хўп, хўп, яна бир-икки ҳафта сабр қилайлик, ундан кейин бир нима бўлиб кетар”, деб қўйдим. Бўлган гап шугина.
– Ҳу, ҳу, ҳу! – деб қаҳқаҳа солдилар ишчилар. – Боплабсан, лекин, “бир-икки ҳафта сабр қилайлик, ундан кейин бир нима бўлиб кетар”. Мана бу гапни қаранг! Бир-икки ҳафтадан кейин ҳам шу бу кунги ҳангоманинг ўзи бўлади-да, а?
– Ҳа, албатта-да. Ўзингиз биласиз, ахир: мулку дастмоя деган нарсалар йўқ. Қанча ишлаб топсам, ўшанга эгаман, холос.
– Ҳой, Иван, бир замон бор эди-ку, – деб қичқирди ишчилардан Иванни яхши таний турган бириси.
– Эйй. Бор экану, кетган, муродига етган, – деди Иван қўлини силтаб. – Отам бутун бир қишлоқда биринчи бой бўлган экан, ундан нима фойда менга? Ҳозир нима бор қўлимда?
– Қолса, ширин хаёли қолган, – деб қичқирди улфатлардан бири.
– Рост айтасан. Ширин хаёли қолган, холос. Лекин хаёл билан ҳеч кимнинг қорни тўймайди. Хўш, энди Ферузанинг нимаси бор? У ўзи айтадики: “Мен сени деб уй-жойимдан кечиб, бу ерларга келганман”; лекин буни мен ундан кўра яхшироқ биламан. Уйи-жойидан кечди – чунки, кечмаса бўлмас эди. Уйи торлик қилиб қолган эди. Отасининг мундан бошқа ҳам иккита қизи бор, уларни эрга бериши керак, қўлида бало ҳам йўқ. Унинг ер-сув дегани ҳам икки парча еру битта чолдовол ерига қизиқиб, бирорта ери озроқ одам бу қизни олса-оларди. Лекин шундаям қиз соғлом бўлсаю меҳнатга яраса.
Бордию мана бу Ферузага ўхшаган нимжон бўлса, на овга ярамаса, на довга. Хўш, Ферузани қанақасига иш хотини деб бўлади? Агар бой бўлсанг, уни қурчоқдай ясантириб қўйсанг, худди ёш болага қарагандай қарасанг, ўшанда эҳтимол мундай бир одамга ўхшарди. Шу йўқсулликда биз, халқ, мундайларга уйлангандан кўра, бўйнимизга беш-ўн пуд тош боғлаб, ўзимизни дарёга ташламоғимиз дуруст.
– Рост, рост, – деб, – энди ҳазилни ташла, – тасдиқладилар ишчилар.
Худди шу чоқда трактир уйининг бурчагида турган катта печканинг кетидан, ранги ўчган ва мунғайган бир “қора” чиқиб келди. Трактирга орқа эшикдан кириб, бу шовқин ва ғовур-ғувурда ҳеч кимнинг назарига илинмай анчадан бери ўтирарди бу қора. Бу, ўзимизнинг Феруза эди.
У худди безгак тутаётгандай қалтирарди. Унинг кўзлари ёнар, лаблари оппоқ оқарган ва иссиқдан ёрилиб кетган эди. Бўшанг қадамлар билан босиб, қисила-қисила ишчилар орасидан ўтиб, трактирнинг орқа жойига келди ва Иваннинг олдида тўхтаб, қўлларини ергача еткизган ҳолда унга таъзим қилди.
Ҳамма жим бўлди ва ҳайрон бўлиб унга тикилди.
– Раҳмат сенга, Иван, – деб гап бошлади у, – раҳмат! Умрингда бир мартаба кўнглингдаги гапни тилинг билан, ёлғон қўшмасдан, айтиб бердинг. Олдимда қандай кўча борлигини мен энди хўб билиб олдим. Қўрқма, мен сенинг кўчангга кирмайман, сенинг йўлингга кўндаланг ҳам келмайман. Кўнглинг қандай хоҳласа, ўшандай тур!
Шундан сўнг у Иванга яна бир мартаба таъзим қилди.
Бу вақтда Иван худди йигна устида ўтиргандай ўтирарди.
– Энди менга берган ваъдаларинг, “Сени оламан, қўлдан чиққан ерларимни яна сотиб олиб, ўзим экаман”, деганларингга келсак, у гапларнинг ҳаммасини ёлғон айтган экансан. Лекин мен шу вақтгача сенга ишониб келган эканман. Ундан кейин: “Ферузани бу ерга отаси ҳайдади”, деган гапинг ҳам ёлғон, бу гапинг менга туҳмат бўлади, яхши йигит. Отам, ҳаттоки, менинг қаердалигимни ҳам билмайди. Буни бошқалар ҳам билмайдилар. Ёлғиз ўзим биламан. Бир кун мен сенинг бу ерда эканингни билиб қолдим; бу ерда касал бўлганингни, кимсасиз ва совуқ бир олачиқда ёлғиз ўзинг ётганингни, куни бўйи оғзингга бир томчи сув томузғундай киши бўлмаганини эшитдим, шундан буён менинг кўнглимни бир фикр ништалади. Биз, ахир, бир-биримизни севар эдик-ку. Эл олдида бўлмаса ҳамки, у менинг нишонлим бўлади-ку, деб ўйладим мен.
Шундан кейин нарсаларимни йиғиштирдим-да, бу ерга қараб йўл солдим, қандай қилай, фалак мени қийнаб ўйнамоқчи бўлган экан, тилагидан неча баравар ортиқ ҳам қийнаб олди. Унинг қолган-қутганини бу кун мана сен тўлғаздинг. Сен ҳатто ҳар қандай маррадан ўтказиб, ҳар қандай мўлжалдан ошириб юбординг. Яна бир раҳмат айтаман сенга, хайр.
Шу гапни айтдию, Иванга учинчи марта таъзим қилгандан сўнг, у чиқиб кетди.
Бу кутилмаган ҳодисадан сўнг ишчилар бир дақиқа жим қолдилар. Сўнгра тезгина талвасаларини босиб олиб, дағал ва хунук пичингларни ёғдира бошладилар.
– Қурғур-эй, худди аридай чақади-я?
– Қиз эмас, бало!
– Ишда эрига тақир фойдаси тегмайди, тили билан, кўз ёшлари билан эса одамнинг нақ бағрини эзади.
– Қани, шундақасига бир уйланиб кўр-чи!
Шунча одам орасида ёлғиз Ивангина дамини чиқармасдан, бошини қуйи солиб ўтирарди.
Ферузанинг қайғули оқибати
Кирнецкийникидан чиққач, Феруза ҳеч бир ерда тўхтамасдан, қаерга ва нима учун бораётганини ўзи ҳам билмаган ҳолда, кўча бўйлаб кетди. Кўча совуқ ва қоронғи бўлиб, майда ёмғир кўз очиргали қўймасди. Уйиган ва лойланган кўча, кўчадан кўра кўпрак ёмғир суви тўпланган кенггина бир кўчага ўхшарди.
Феруза ёпишқоқ лойдан этигини базўр тортиб олиб, нафасини ҳам еткизиб йўл босарди. Алланарса унинг бағрини ўртар, лекин на кўзида ёш, на бошида ўйдан асар йўқ эди.
Ёлғиз муҳим ва белгисиз бир иш пишқир – “Қоч бу ердан, чоп. Беркин”, – деган бир ўй уни олдига солиб ҳайдарди.
Беркиниш керак. Лекин қаерга, кимдан? У ҳозир ўз-ўзидан қочиб беркинмак истаганини ўзи ҳам билмас эди. Юз қадам ҳам босгани йўқ эдики, унинг ёнида, бирданига, худди ердан чиққан каби, Ганка пайдо бўлиб қолди. Қаердан чиқиб келди у? Ферузанинг бояги гапларини эшитган бўлса керак. Ферузанинг трактирдан ёлғиз чиққанини кўриб, у ҳам ҳеч кимга билдирмасдан чиқди-да, кетидан қува кетди. У Ферузанинг ёнида шу қадар кутилмаган равишда пайдо бўлиб қолдиким, ҳатто уни кўргандан кейин қўрқиб ҳам кетди ва қичқириб юборди. Ганка бўлса, унсизгина кулиб қўйди.
– Қўрқиб кетдингми? – деб сўради у. – Қўрқма, мен Ганкаман.
– Нима истайсан мендан? – деб зўрға гапира олди Феруза.
– Ҳеч нарса истамайман. Кўча экан, мен ҳам келаётирман. Сен билан бирга бу ердан кетиб ҳам бўлмайдими, ё?
– Бу, ахир, сенинг йўлинг эмас-ку?
– Бўлмаса, сенинг йўлингмиди? Сенинг уйингга бормоқ учун орқага қайтиш керак-ку?
– Менга барибир, – деди Феруза.
– Мен бўлсам ана шу ёққа бораман, – деди Ганка.
Бир дақиқа қадар иккаласи ҳам индамай боришди. Теварак бўм-бўш; ёлғиз трактирдангина қийқирган ва қўшиқ айтган товушлар келади. Сўнгра Дол деган қоп-қора ва азамат ўрмон “ғув-ғув” қилиб, кузнинг ёмон ҳавосида инграйди.
– Ҳа, нима дейсан энди? Иванинг сени роса ўхшатибди-ку? – деб ачитиб гапирди Ганка.
– Ҳа, шунга хурсандмисан сен?
– Менми? Менга барибир! Мен муни кўпдан билардим.
– Нимани билардинг?
– Сенинг энди эшитаётган гапларингни! Иваннинг сени севмаганини, ёлғиз алдаб юрганини, сенга уйланиш деган гап унинг хаёлида ҳам бўлмаганини.
– У ўзи гапирдими сенга бу гапларни?
– Бўлмасам-чи, бошқа ким гапирарди?
– Демак, у сени севар экан-да?
– Меними? Мен қайдан билай? Менинг назарим илмайди.
– Нега бўлмаса, ҳадеб унинг билан ўйнаша берасан?
– Ха, ха, ха! Менинг тушимга ҳам кирмайди ўйнашиш. У ўзи менга ёпишиб келади. Нима балоларни гапиради. Лекин мен у гапларнинг нималигига жуда яхши тушунаман. Шу яхши-да, мен билиб тураманки, у агар менга суйканиб келаётган бўлса, албатта, кўнглида бир ғарази бор! У ҳам биладики, мен унга илжайиб кулиб келсам, уни ўлгудек севиб қолганимдан эмас, менинг ҳам кўнглимда бир ғараз бўлганлигидан!
– Туууф! – деди Феруза чин кўнгилдан.
– Хоҳ тупур, хоҳ тупурма, менингча, яхши йўл шу. Сен улуғ севгига берилиш орқасида шундай даражага тушдингки! Мана ҳозир қаерга боришингни билмасдан йўл босаётирсан! Мен бўлсам, мана, қорним тўқ, тани-жоним соғ! Ўзим хурсандман. Унга ҳам ёмон бўлаётгани йўқ!
– Унга ҳам?
– Албатта, унга ҳам. Ахир сен ўзинг кўриб турасанки, у мен билан бирга бўлганда яйрайди, гаплашади, ўйнашади. Хурсандлик қилади. Сен билан бўлганда, жаҳли чиқади, холос.
– Сен уни ўзингга иситиб олгансан!
– Йўқ, оппоғим, иситиб олганим йўқ уни мен; сен ўзинг эси пас, иш билмас нарсасан. Ҳа! Йигитлар билан муомала қилишни билмайсан, биттасини топиб оласан-да, “Ойим ҳам шу, куним ҳам шу”, деб осилиб оласан. Ха, ха, ха, билсанг эди сендан бошқалар қандай бўлалар. Қандай қилиб ишни йўлга солалар! Менга нима, ўшани деб озиб, сарғайиб, йиғлаб-сиқтаб турайми? Йўқ, кутган шу бўлса, кута турсин! Керак бўлса, мени деса у ўзи сарғайсин!..
– Мен муни қилолмайман!
– Қилолмасанг, ўзингдан ўпкала! Унақа, “сен иситиб олдинг”, деб юрма! Иситиш нима керак? Иситмасам ҳам бу кеча менда ётади.
Бу сўзни эшитгач, Феруза унақа қичқириб ҳам турмади, ёлғиз қўлини кўкрагига босиб, бир довдиранди. Агарда Ганка қучоқлаб суяб қолмаса, ўшандаёқ ерга йиқилган бўларди.
– Ҳай. Нима бўлди сенга? – деб қичқирда Ганка, биринчи дафъада ўзи худди ўлганга ўхшарди. Мана бу ҳангомани кўринг энди! – деб қизни худди бир қоп сомондай кўтариб туриб ғудурланди Ганка. – Эсидан оғиб қолдими ё бутунлай тугаб қолдими?
Сўнгра бошини эгиб, қизнинг кўкрагига қулоқ солди.
– Нафас ололмай қолибдир шўрлик. Нима қиламан энди муни мундай ерда? Қичқирсам, бирорта одам эшитиб, келиб ўзига келтириб берармикан?
Ва шу онда Ганка тўрт томонга кўз югуртди. Жуда қоронғи эди. Улар аллақандай ёмон кўчалардан бирига кириб қолганлар. Яқин ўртада на бир уй, на трактир – ҳеч нарса йўқ эди. Ёлғиз кўчанинг икки томонида баланд-баланд тупроқ уюмлари бор эди.
Тикилиб қолгандан сўнг, Ганка қандай жойда турганликларини билди. Бу жой бир замонлар биринчи дафъа ковланган конлардан бирининг ўрни эди. Бор нефтни ковлаб олгач, зовурларни қайтадан кўмиб ташлаган эдилар. Ишлар бошқа жойга кўчирилган, бу ерда эса тупроқ уюмлари билан бўш зовургина қолган эди. У зовурлардан баъзиларининг олдига тахта михлаганлар, баъзиларига эса сув тўлдирган эдилар.
– Бу шамолда, мундай жойда ким эшитади менинг қичқирганимни? – деб, Ферузани суяб тургани ҳолда гувранди Ганка. – Нима, мен жиннимидим? Муни бу ерда бир умр қўриб ўтиргани? Ўзи келиб қолар ҳушига. Мунинг тезлигини кўринг тағин! Мени сўкади, сочларимни юлади, ҳу, сендай шаллақини… Кўрсатиб қўяман мен сенга ўйнаша турган одамни!
Бирдан Ганканинг юрагида тентакларча ғазаб олови алангаланди. Шу аланга билан жонланиб кетиб, яна бир дафъа теграсига қаради, у ёқ-бу ёққа қулоқ берди. Сўнгра ҳеч ким йўқлигини билгач, яна Ферузани кўтарган ҳолда, худди ит каби, кўча бўйлаб олдинга томон чопди.
Сўнгра у бир тупроқ уюми устига чиқиб, яна бир дафъа теграсига қаранди-да, эҳтиёт билан пастга, ўртасида бошланган зовури бўлган бир текисликка тушди.
Йўлни оёғи билан пармалаб юриб, зовурни топди. Бу зовурнинг оғзи икки тахта билан беркитилган, лекин битта тахтасини аллакимлар суғуриб ташлаган эдилар.
Ганка қўли билан пармалаб юриб, зовурнинг эшигини топди-да, сўнгра бутун кучи билан нариги тахтани торта бошлади, иккита мих қоқилган ва ўзи қанчадан бери чириб ётган тахта тезгина кўча қолди. Сўнгра оёқларини зовурнинг лабига маҳкам ниқаб тутиб, пастга энгашди, ҳиссиз ётган Ферузани аста-секин қўллари устидан ерга туширгач, бошини пастга қилиб туриб зовурнинг қоронғи оғзига ташлаб юборди.
Зовур оғзигача деярли сув билан тўла эди, шунинг учун Феруза, худди енгил бир кесакдай, астагина, жимгина зовурнинг оғзига қараб кетди…
Жиноятчи қиз
Ҳамма ёғи уйиган, бутун кийимларига лой-тупроқ ёпишган ва юзи худди ўлик юзидай оппоқ оқарган Ганкани, ярим соатдан сўнг ошхонага келиб киргач, хўжайин хотини жаҳл билан қарши олди.
– Шу вақтгача қаерларда дайдидинг, қиз ўлгур Ганка?
– “Қаерларда дайдидинг?” Сувға чиқиб эдим.
– Ёлғон айтасан, пақирлар шу ерда турибтир-ку?
Шундан кейин Ганка яна ёлғон айтиб турмасдан, югуриб ошхонадан чиқди-да, пақирларни олиб, сувга кетди.
Хўжайин хотини яна бир оз гуврангач, жаҳлидан тушди. “Ганка қайси гўрларда ўйнашса, ўйнаша берсин! Менга нима? Ўзим ҳам билмайманким, бу Борислафда ҳеч қандай оқсочни тийиб бўлмайди – ҳаммаси ҳам ўйнашади”, деб ўйлади.
Ярим кечадан анча ошганда, Кирнецкийникидан маст ва қувноқ ишчилар чиқиб келдилар. Улар кўча ўртасида галалашиб келаркан, баланд овоз билан сўзлашар, қўшиқ айтар эдилар.
Уларнинг орасида ёлғиз Иван қайғили эди. Бу оқшом у оз ичган. Аллақандай оғир ўйларга ботгандай, доим тумтайиб ўтирган ва унда бир турли шошқинлик кўринган эди. Унинг кўкрагинда аллақандай бир қайғи – новут бўлган ёш умр қайғиси, Борислафнинг бузуқ турмуши орқасида қўлдан кетган отамерос ерлар қайғиси қўзғолган эди. Ферузанинг сўзлари унинг кўкрагини оғир бир зарб билан ачитган ва унинг бутун емак, ичмак, ўйнамоқ, куйламоқ иштаҳаларини бўғиб қўйган эди.
– Иван бугун иштаҳасини йўқотиб қўйибдир, – деб ўртоқлари ундан куларлар ва ўзини четга оларлар эди.
Мана шу аҳвол билан у бошқа ишчиларнинг кетидан ёлғиз ўзигина кетаётиб эдиким, Ганка чиқиб келиб, бирдан мунинг қўлига осилди. Иван ҳатто бир қур сесканиб ҳам олди. Тун қўлга ёпишган одамни таниб бўлмаслик даражада қоронғи бўлгач, албатта, ҳар қандай одам ҳам сесканади-да!
– Ким бу? – деб қичқириб юборди у.
– Мен-мен! Иван, мен, – деб аста пичирлади Ганка.
– Сенмисан? Нима керак сенга?
– Хафа бўлиб қолдингми мендан?
– Менми? Сенданми? Нега хафа бўлайин?
– Худо урсин, агар менда қилча гуноҳ бўлса, – аллақандай ҳовлиқма бир шошилиш билан тез-тез гапирди Ганка. – Бекордан-бекорга нега тегар эдим мен унга? У ўзи менга осилди, жанжални ҳам ўзи аввал қўзиди. Кейин мени ургали югурди. Ўзинг айт! Ахир у шундай қилиб турганда, мен нима – қараб тураманми?
– Мен сенга бир нарса деб ётибманми? – қовоғини солиб жавоб берди Иван.
– Иванжоним, – деди Ганка, нафаси бўғилиб туриб,– қандай раҳмдил йигитсан сен. Чинакам сен мендан хафа эмасмисан-а? Нега бўлмаса трактирда тумтайиб ўтирдинг? Айтиб бер-чи менга?
Ганка Иваннинг ёнбошида, унинг қўлига осилиб, худди қоронғилик ва ёлғизликдан қўрққандай унга ёпишиб борарди.
– Эй! Нимасини сўрайсан унинг? – деди Иван ва қўлини унинг қўлидан тортиб олмоқчи бўлди.
– Йўқ, йўқ, шошма? Қаерга кетаётибсан? – деб сўради Ганка.
– Уйимга бораман, ухлайман.
– Юр! Меникига борамиз. Меникида сен роҳат қиласан.
– Истамайман!
Иван бундан бурун ҳам Ганканикида бир кеча ётган эди. Ганка Кирнецкийнинг моллари учун омборлик вазифасини ўтаган бир айрим уйда турарди. Унда мол тойлари ва тугунлари орасида катта бир “ёғоч эшак” туради.
Ганканинг бир жуфт болиш ва битта иссиқ кўрпаси бўлиб, у ётиб юрган омборнинг печкаси бўлмаса ҳам, Иваннинг бошқа ишчилар билан тура турган омборидан анча иссиқ эди.
Лекин, Иван шу куни, негадир, Ганканикига боришни истамади. Ферузанинг энтиккан ва оқариб кетган юзлари худди рўбарўсига келиб тургандай, кўзлари эса мунга ёлвориб, алланарсадангина қилаётгандай бўлди.
Лекин Ганка унинг қўлини сира бўшатмади. Унинг ўзини ҳам қучоқлаб, ўзига тортиб, “Бирга кетдик”, деб ялиниб-ёлвора берди.
– Иванжон! Жоним, мен учун уна! Шу бу кун, холос. Билмайман, менга нима бўлди экан, ёлғиз қолгали қўрқаман, жуда ёмон қўрқаман. Мен сени қўймайман, мен ёлғиз қолмайман! Юр! Юр!
Ёлғиз қолишни ўйлаши биланоқ у худди безгак тутгандай қалтирарди.
– Қўй! – деди Иван. – Нима бало, ёш боламисан сен? Ёлғиз ётгали ҳам қўрқасанми? Мана бу гапни қаранг!
– Вой, бўлмайди! Вой, бўлмайди! Бутун дунёни менга берсалар ҳам, мен бу кеча ёлғиз қолмайман. Хоҳласанг – ур! Хоҳласанг – ўлдир! Лекин сенсиз қолмайман мен, меникига бориб ётасан, мен ўзим сен турган жойга бориб ётаман.
– Нима бало, жинни бўлдингми сен? У ерда бир гала йигит-яланг ётади.
– Бўлса бўлар! Мен улардан қўрқмайман, фақат ёлғиз қолишдан қўрқаман!.. Қороғилиқдан қўрқаман… Ундан қўрқаман…
– Кимдан?
– Ундан… Сеникидан!.. Сенга таъзим қилишларини қара-я! Трактирдан чиқиб кетаётганда юзларини бир кўрдингми унинг?
Ганканинг Ферузани эслатишлари Иваннинг кўкрагига, оғриган жойига қўполлик билан бориб теккан қўлдай тегди.
– Қўй мени! Уни эслатма менга! – деди у, сўнгра Ганканинг ёлворишларига кўниб, у билан бирга тунагали кетди. Ганка уни ё бошлаб боради, ё судраб. Ҳар ҳолда унинг қўлини сира қўйиб юбормасдан, гапдан ҳам сира тўхтамасдан, ўзи ҳам бирушта қалтираб боради.
– Нима бўлди сенга, ҳой қиз? – деди, ниҳоят, Иван. – Уйиб-нетиб қолдингми? Ё совуқ ўтдими? Безгак тутаётибдирми ё чинакам оғирроқ касалмисан? Ўзинг “дир-дир” қалтирайсан: қўлларинг совуқ, муздай, бошингдан ўт чиқаётибдир.
– Майли, Иванжон, майли, зарари йўқ! Уйга бориб ухлайлик, эрталаб турганимиздан кейин ҳаммаси йўқ бўлиб кетади.
Лекин бу ҳолат тезгина ўтиб кетмади, ҳар ҳолда Ганка истаган тезликда ўтмади. Унинг Иванга бу қадар суқулиб келиши ҳам бекор эди. Иван уйқуга кетар-кетмас, Ганкани ваҳима босар ва уни яна уйғотиб юборарди.
– Иванжон, ухлама! Бир нарсадан гапириб бер менга! – деб пичирларди у, қўрқинч қоронғиликни кўрмаслик учун кўзларини юма-юма.
– Жинни бўлдингми сен? – деб сўкди Иван. – Мен чарчаган одамман, ухламоқчиман. Нима тўғрисида гаплашаман мен сенинг билан?
– Нима бўлса ҳам майли! Нима бўлса ҳам ухламасанг бўлди! Шу қадар қўрқаманки…
– Нимадан қўрқасан?
– Билмайман нимадан, нимаданлигини, қўрқаман… Нимаданлигини билмайман! Сира ухлаёлмайман.
Сўнгра йиғлаб юборди. У ҳамма гапни Иванга айтиб бермакчи бўлар, лекин алланарса уни бу фикридан қайтарарди. Шу учун у ҳадеб тишларини қисар, қонатар даражада лабларини тишлар ва ҳеч нарса айтмас эди… Тонгга яқин ташқарида ҳаво оқара бошлагачгина у ухлаб кетди.
Иван билан Ганка
Бир неча кун ўтди. Иван конда ишини қилди; трактирда ейиб-ичди, Ферузани сира ўйламасдан, Ганканикида ётиб юрди. Ганка тинчланди ва энди кечалари қўрқмай турган бўлиб қолди. Лекин ҳар ҳолда ёлғиз ётгали ботина олмасдан, Иванни кечаси ўзиникига олиб кетмак учун ҳар кеча ҳар йўл билан уни ўзига тортгали урина бошлади.
Бурун Ганканикида ётишга ўзи талабгор бўлиб юрган Иван энди хоҳламасдан бора турган бўлди. Ганка унга ёпишиб келса, унинг ғаши келарди. Ганка у билан ўйнашгали бошласа, у сўкинарди; Ганка келиб ёнига ётса, у жиркангандай бўлиб, ўзини олиб қочарди.
Тез орада бу “қўнишлар” уни бадтарроқ жиркантиратурган бўлди. Ганка тез ухлаб кетарди; лекин кечаси яна уйғониб кетиб, аллақандай бўғиқ бир ваҳимани сеза бошларди.
“Нима балоларни кўради бу тушида? Нега мунча бақиради?” – деб ўйларди у. Ўша хил бақиришдан сўнг қизнинг оғир нафас олишини тинглаб турарди. Шундан кейин қиз яна тинчгина ухлаб кетарди. Ярим соатча қийналгандан сўнг кўзи уйқуга кетган Иван яна тағин даҳшатли “дод-вой”ларни эшитар, яна уйғониб кетарди.
– Ганка, қандай бало сени тушингда бўғади? Нега мунча қаттиқ бақирасан?
– Менми, – деди Ганка, бир қур сесканиб олгач, сўнгра тишларини қисди. – Мен ҳеч нарса билмайман!
– Ундай бўлса, мундан кейин сенинг ёнингда бошқа одам келиб тунасин, мен бўлдим, – деб аччиғланиб ғудурланди Иван. – Одам боласиникига ўхшамаган ёввойи бир овоз билан шундай бақирасанки, кўзимда уйқу-муйқудан асар қолмайди.
– Қани, қани, Иванча, қани, қилиб бер-чи, қанақа бақираман мен?
– Худди терингни шилиб олгандай бақирасан.
– Хўш нималар деб гапираман?
– Ўша гапларингдан бир нарса уқиб бўлармиди? Худди сўйилаётган ҳайвондай бўкирасан!
– Мен ўзим азалдан шунақаман.
– Туғма касалим бу.
– Бекор айтасан. Бурун мундай бақиришларингни сира эшитмаганман.
– Шунақа, баъзида пайдо бўлади-да, яна йўқ бўлиб кетади. Сен қўрқма, Иванча! Ўтиб кетади.
– Хоҳ ўтсин, хоҳ ўтмасин, мундан кейин мени бу шумли уйингга ҳеч бир йўл билан олиб келолмайсан!
– Мана холос, дарров аччиғинг келди. Бу яхши эмас, Иван! – деди Ганка; кеч киргач, яна суйканди унга, ёлинди, ёлворди, пивалар, арақлар олиб берди. Охирда маст бўлган Иванни унатиб, яна ўзиникига олиб кетди.
Иван қаттиқ маст бўлса, жуда қаттиқ ухлар ва Ганканинг анча-мунча бақиришларига уйғонмас эди. Шу учун қиз унга мумкин қадар кўп ичирар ва ҳатто уйига ҳам бир шиша-ярим шиша олиб келиб, Иваннинг болиши остига қўйиб қўярди. Уйқуси очилиб кетса, дарров бош остига қўл узатсин, олиб ичсин, сўнгра яна ухлаб кетсин, деб.
Ори рост, бу хил унашлар натижасида Иваннинг ранги олиниб, юзи бир хил кўкимтил тусга кириб, боши оғрийтурган бўлиб қолди. Лекин бу тўғрида Ганка ҳеч бир ғам емас, ҳатто Иваннинг ўзи ҳам кўзгуда юзини кўргали вақт топмас эди.
Ожизлик билан бошини қуйи солиб, у ҳар кун ишига боради.
Унинг юзларида ёлғиз бир нарса очиқ кўринадиким, у ҳам бўлса, ундаги хафа ҳоллик, табиатидаги қувноқликнинг сўниши, ўйин ва кулгига бўлган ҳавасининг йўқолишидир.
– Эй, Иван, сен шу кунларда аллақандай бўлиб қолдинг, – дейдилар унга ўртоқлари.
– Рост, алланарса бор, – деб қайғириб жавоб беради Иван.
– Нима бўлди сенга? Тағин касал бўлмагил?
– Дўхтур, эй, ҳар кун эрта билан бошим оғрийди. Бу эҳтимол арақдан бўлса.
– Эйй, йўқ, арақнинг ўзига бўлса, бош оғримайди. Агарда унга пиво аралаштириб ичсанг, ана унда ёмон. Мана шундан бош оғриши мумкин.
– Ҳа, рост, балки ўшандандир. Энди мундан кейин аралаштирмайман.
Арина кампир
Бир кун туш пайтида Иванни зовурдан тортиб олдилар. У нефть газидан ўлар даражада бўғилган ҳолда тупроқ уюми устида ётарди. Оғир-оғир нафас олиб, баъзи-баъзида бир рюмка арақ ичиб, ўзига келарди. Худди шу вақтда Ферузалар билан бир уйда ётиб тура турган ишчи хотин – Арина деган кампир келиб кирди. Бу хотин Ферузанинг ҳангомаларини яхши билар ва Иванни ҳам тегишинча танирди. Шунинг учун ишчилар билан салом-алик қилгандан сўнг, тўғри Иваннинг ёнига қараб кетди.
– Менга қара, Иван! – деди кампир. – Ферузанг қаерда? Сен уни билмайсанми?
– Менинг Ферузам? – деб ғудурланди Иван. – Қандай қилиб меники бўлар экан у?
– Хайр энди, қандай бўлса ўшандай, ишқилиб, мендан кўпроқ сеники. Шуни сўрамоқчи эдим сендан: қани, қаерда ўша қиз?
– Нима, мен унинг кетидан из қувлаб юрибманми?
– Эйй, ғалати одам экансан-а? Мен сендан яхши одамсан, деб тўғриликча сўраб ётибман… Сен кампир онангга юмшоқ гап билан жавоб қилгил, ундан кейин жиндак арақ билан сийлагил.
Иван ҳеч нарса демасдан, арақ қуйди-да, кампирга узатди. У арақни ичди. Қариликдан буришган лабларини қийшайтирди. Кир-моғор енги билан оғзини артди.
Сўнгра Иваннинг ёнига ўтириб, астагина сўзлай бошлади:
– Мана бу сийлаганинг учун раҳмат! Худди кўнглимга етиб бориб тўхтади. Мен нима айтмоқчи эдим сенга?.. Ҳа, Феруза тўғрисидайди. Биласанми, икки ҳафтадан бери бизникида ётмай қўйди у. Мен ўйладимки, сиз энди, балки, бошқа бир жой олиб, бирга тура бошлагандирсиз; шунинг учун биздаги кийим-кечак солиб қўйган бир сандиғи бор, қўрқма, қулуфланган, ҳеч ким ҳеч нарсасига теккани йўқ. Худо сақласин ундан! Энди бориб, ўша нарсаларни олиб кетсин.
Иван гангиб, боши қотиб турарди. Зовурдаги нефть газиданми ёки эрталабки бош оғриғиданми, ё шу тобда кампир айтган гапларданми, ишқилиб, нимадан гангираган бўлмасин, шу онда ҳеч нарсани англай олмасдан, кампирнинг гапларини ҳам худди бир эртакдай тинглаб ўтирарди.
– Ҳа, ҳа, – деди у бирдан бошини қимирлатиб, – чинакам, бориб нарсаларини олсин. Лекин ўзи қаерда экан?
– Ҳали сен билмайсанми?
– Уни кўрмаганимга икки ҳафтадан кўп бўлди.
– Қаерга кетганини ҳам билмайсанми?
– Қаерга кетганини? Шошманг-а! Биз ўша куни… Оқшом чоғи эди… Кирнецкийникида… жиндак койишиб қолдик… Ўшанда трактирдан чиқиб кетди, шундан бери кўрганим йўқ.
– Қайси кун эди, эслайсанми?
Иван кунни эслаёлмади.
– Икковингиз ғижиллашиб қолган бўлсангиз, у, балки, аразлагандир. Сенинг кўзингдан йироқ бўлайин, деб бошқа бирор жойга ишга ўтгандир. Ўзининг қаердалигини сенга билдирмаслик учун, балки бошқа бирор жойда ётиб ҳам юргандир. Лекин сен, яхши йигит, ҳар нима бўлганда ҳам уни ахтариб кўрсанг бўларди, йўқса, биз ётган уйнинг эгаси – қоровул чол Ферузанинг жой ижарасини биздан қистаб ётир. Ўзгалар учун биз ҳеч қачон тўламаймиз. Мана шу гап, уй ижарасига деб унинг нарсаларини босиб олмасинлар тайин!
– Хўп, хўп, мен суриштираман… Бир иш қилиб ўзим хабарини бераман.
Кампир кетди. Иван бўлса, ё бир нарсани ўйлаб, ё ҳиссиётга ботиб, анчагача ўтирди. Сўнгра ўрнидан туриб, тез-тез овқат егали бошлади. Негаким, овқатдан сўнг яна қайтиб зовурга тушмак керак эди.
Оқшом у Ферузанинг қаерга йўқ бўлиб кетганини билмайсанми, деб Ганкадан сўради. Ганка кўзларини олайтириб, ранги оппоқ пахтага айланиб, худди сўз билан бўғилгандай бўлиб ғурунглади:
– Йўқ, билмайман!
Иван Ганкадан мундан ортиқ сўраб ўтирмади. Ганка билан Феруза ўртасида кўчада бўлиб ўтган машҳур уришдан сўнг Ферузани Борислаф шаҳарчасида ҳеч ким кўргани йўқ.
Иван Ганкадан яна сўради
– Менга қара, Ганка! Сен Феруза билан кўчада бир уришиб эдинг, эсингда борми?
– Ҳа, бор, аввалбошлаб ўзи осилди.
– Ўша куннинг ўзида у оқшом чоғи Кирнецкийникида эди.
– Мен кўрганим йўқ уни.
– Кўрганинг йўқ? Ҳой, ростини гапир!
Ганканинг яна ранги ўчди. Лекин тезгина ўзини тўхтатиб олди.
– Нега сен менга ўшқирасан?
– Мана, кўрасанми, ўша кундан бери қиздан дарак йўқ.
– Сен усиз сира яшай олмайсан-а?
– Менинг нима ишим бор у билан? Шунчалик…
– Йўқолган бўлса йўқолибдир, худога шукур, қўрқма, жин урмагандир. Сенинг бўйнингга тумор бўлолмаслигини билгандир, “бор”, деб уйига қайтиб кетгандир.
– Нарсаларининг ҳаммасини қолдириб кетибдир-да.
– Қолдирса нима бўлади?! Қанча нарсаси бор экан унинг? Уч миридан ошармикан?
– Йўқ-ей, кийим-кечаклари бор.
– Ундай бўлса, албатта, бир ойдан чиқиб қолади.
Янги турмуш хаёллари
Иван бир оз тинчиди… “Чинакам ҳам жуда мумкин, – деб ўйлади Иван. – Ўша куни Феруза жуда ёмон аччиғланган эди. Кирнецкийникидан чиққач, Борислафдан чиққач, тўппа-тўғри уйига қайтгандир”.
Шундан сўнг Феруза тўғрисида ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамай қўйди. Якшанба куни келгач, Феруза турган уйга бориб, унинг уй ижара ҳақларини тўлаб, нарсаларини ўзиникига олиб келди.
Байрам кунларида ўз қишлоғига тушиб, Ферузанинг нарсаларини ўзига топширишга қарор берди. Унинг бу қарорида Ферузани кўрмак ёки у билан ярашмоқ истаги йўқ эди, албатта; ёлғиз уни суриштириб, ўтказган бир неча кунларида у худди ўз гарданида чинакам айб бордай, аллақандай бир ваҳимага йўлиққан эди.
Борислафнинг ўз ҳаёти бу ўткинчи талвасаларни тез кунда босиб кетди. На Ганка, на бошқа биров Ферузани тақир ўйламас бўлди. Ҳатто Иван ҳам унутди уни. Лекин шунда ҳам Иванни аллақандай бир нарса қийнаб тургандай бўларди. Араққа, бузуқчиликға, ўйин-кулгига бўлган ҳаваслари сўнди. Ва кон ишчилари орасида сира кўрилмаган равишча пулларини ҳам эҳтиёт қила бошлади.
Иккинчи ҳафтанинг ўзидаёқ у топган пулининг тек ярминигина сарф қилиб, қолган ярмини – беш “гулдўн”ни орттириб қолди. Латтага ўралган бу бешликни олиб юриб, ғалати режалар чиза бошлади. “Борислафнинг турмуши, – деб ўйлар эди у, – чинакам эркин турмуш, лекин одам боласига ярашатурган турмушми? Унинг эркинлиги ҳам қурсин! Эркинлик ёлғиз якшанба куни билан байрам кунларида, холос. Бошқа кунларда сен иш ҳўкизидан ўзга эмассан. Мундан ортиқ хорлик бўладими? Сен кон эгасининг ёки у белгилаган одамнинг асл қулисан. Ер остида ҳаётингнинг ҳар бир дақиқаси хавф остида, ер бетида бўлса – доим сўкиш… Ва доим бу бадавийлик, шу ифлослик, шу бузуқ ҳаво, шу мастлик, шу ибтило.
Аё, то ўлгунча, то қаригунча унинг турмуши шундай ўтадими? Шуни ўйлаган вақтда бутун вужуди совуқдан жимирлаб кетади.
Ўзи туғилган қишлоқнинг кўм-кўк талалари, чечак тўла қирлари, кулранг терили ҳўкизлари, оппоқ қилиб оқартилган уйлари ва кичкина-кичкина боғлари эсига тушди унинг. Ва у бирданига келган шу талвасалар билан йиғлаб юбора ёзди.
Шундай жаннатни қандай эси пастлик билан шу иссиқ ерга алиштириб юрган экан у? Шундан сўнг унинг хаёлида қишлоқ турмушининг кўринишлари бир-бир кетин ясов тортиб ўта бошлайлар…
Бу эслатишдан сўнг унинг ўйлари тўппа-тўғри Ферузага келди. У ҳам ахир унинг қишлоқ турмушидаги гўзалликларидан бири эди-ку! Агарда қуруқ чархнинг қитиллаши унинг эсига шу топда шу қадар ёқимли бўлиб тушаётган эса, бу ёлғиз шунинг учундирким, қудуқ бошида, у Феруза билан бирга севимли сўзлар сўзлашиб, кўп кечаларни кечирган эди.
Буғдой ўроғи вақтида Феруза отасига тушлик олиб борарди. Ўшанда – ёлғиз бу ишлаб турган экинлик орқали юрмак, ўзининг гўзал товуши билан унга бир мартаба “ҳорманг!” деб ва кулранг кўзачасидан бир коса-ярим коса муздай сув бериб ўтмак учунгина у қиз энг олис сўқмоқ йўлларни ҳам излаб топмасмиди?
Байрам вақтларида-чи, байрам вақтларида… Унда… Унда… Шундай қилиб, Иваннинг хаёли қишлоқ турмушидаги гўзалликларнинг Ферузага боғлиқ даврларидан юзларча, мингларча хотираларни унинг эсларида жонлантира кетди. Ва шунда унинг юрагига алланарса қадалиб, сиқди.
Афсуслар қимирлаб, аламлар кўтарилди. “Феруза ҳақли эди! Мен энди тезлик билан Борислафни ташлаб, қишлоғимга қайтмасам бўлмайди!”
Тўғридир: у ўзининг толесиз кўрлиги билан ота меросини сотиб совурди. Ферузани ўзидан қочирди. Лекин ҳали ўзи ёш, кучли, соғлом ва шунинг учун қўлидан чиққанларнинг барчасини қайтариб қўлга киргизишга ярайди.
Мана, бир ҳафта ичида битта “бешлик” орттирди. Ҳолбуки, бир ҳафтада “бешлик” эмас, “саккизлик” орттириш ҳам мумкин. У ҳолда бир йилда тўрт “марг” ер келади. Шундай қилиб, ҳеч кимга билдирмасдан, янги турмуш бошласа, пулни ҳар томонга совурмасдан, тушганини тўплаб боришга қарор берди. Ундан у ёғида бир нарса чиқар.
Шартнома
Байрамда Иван чинакам ўз қишлоғига қайтди. Бу сафарги қайтишда унинг ёнида латтага ўралган 50 гулдўн пул, бошида эса ота мерос ернинг бир бўлагини бўлса ҳам қайтадан сотиб олиш тўғрисида пишиқ режа бор эди.
Қишлоққа кирган ҳамон у тўппа-тўғри мунинг ота мерос ерларини олган муштумзўрникига қараб кетди. Муштумзўрга сотилган жой – сабзазор боғ ва кетида уч марг ер билан бир қишлоқ уйидан иборат эди. Муштумзўр бу жойни деҳқончилик қилиб фойдаланмоқ учун эмас, тайёр уйга трактир (пивахона) очмоқ учун олган эди. Лекин, негадир, унинг иши олдинга юришмади. Бир қишлоқнинг ўзида ҳали ҳам тўртта трактир бўлгани учун бешинчисига рухсат олиш қийин эди. Мунинг устига унинг кўп нарсаларини бир мартаба ўғри уриб кетди. Шунинг учун у бу жойга келгандан сўнг бойиш ўрнига, жуда йўқсулланиб қолди. Шунинг учун:
– Фалокат жой бу, – дер эди у ўзи ҳам ва бу жойни сотиб, бошқа бир жойга ўтмакчи бўлиб юрарди.
Шунинг учун ота мерос ерини олмоқчи бўлиб келган, айниқса, халтасини ҳам қуруқ кўтариб келмаган Иваннинг муштумзўр учун жуда истакли меҳмонлардан бўлиши сира таажжуб эмас эди.
Улар битишдилар; уч юз гулдўн бараварига муштумзўрга сотилган ўша ҳовли-жой учун – бир ярим йил орасида бериб тугатмак шарти билан – Иван ҳам ўша 300 гулдўнни муштумзўрга топиб беражак бўлди. Унга қадар жойнинг ихтиёри муштумзўрда қолажакдир.
Эртаси кун Иван билан муштумзўр шаҳарга тушиб, нотариусникида шартнома қилишдилар. Ўша ерда Иван шартномада кўрсатилган маблағнинг бир бўлагини, 50 гулдўнни нақд санаб берди. Шундан сўнг ўзи ҳам эркин бир нафас олди. Энди унинг олдида белгили бир мақсади бор. Энди у ўз юрагида ишлаш учун кучли бир ҳавас қўзғолганини ва бутун борлиғида аллақандай янги бир куч пайдо бўлганини сезди.
Бу кунларда у Феруза тўғрисида оз ўйларди. Унинг қишлоқда йўқлигини ва келмаганлигини муштумзўрдан сўраб билди. Яқинда қизнинг отаси қизининг Борислафда ҳам йўқлигини эшитгач, жандарма идорасига бориб, боласининг ахтармоғини сўраган экан. Ҳозиргача ҳеч бир натижа кўрилмаган эмиш. Иван қизнинг отаси билан кўришишни ўзи учун ўнғайсиз биларди. Мана шу сабабли Ферузанинг нарсаларини отасига топширмоқ учун ҳалиги муштумзўрга бериб, ўзи қишлоғига кирмасдан, шаҳарнинг ўзидан тўппа-тўғри Борислафга қараб жўнади.
Фолбиннинг фоллари
Кунлар кетидан кунлар, ҳафталар кетидан ҳафталар ўтди. Жандармалар Феруза тўғрисида Ивандан ҳам, Ганкадан ҳам, бошқа ишчилар ва ишчи хотинлардан ҳам суриштирдилар. Ўша ўзимизга маълум кечага қадар ўтган ишларнинг ҳаммасини аниқладилар. Лекин ундан нарига ўтгач, ҳеч нарса билмадилар ва шу билан бир неча кундан сўнг суриштиришни ҳам бас қилдилар.
Аллаким Ферузанинг аллақандай хизматга киргани тўғрисида овоза таратган. Аллакимлар уни шаҳарда аллакимнинг хизматида кўрганлар. Бошқа биров эса унинг тоғ томонга чиқиб кетиб, у ерда аллақандай деҳқоннинг қўрғонида яшай бошлаганини эшитган. Яна бошқа бировлар унинг аллақандай бойлар билан бирга Истрий шаҳарига кетганини гапирганлар. Мана шу билан тинчлангандай бўлганлар.
Иван Ганка билан мавлуд байрамидан ҳам бурунроқ айрилишган эди. Уларнинг орасига ҳеч қандай жанжал оралагани йўқ, албатта; ёлғиз бора-бора Ганка Иваннинг кўнглига тегди. Унга ёқмай бошлади ва ҳатто Иван уни кўришни ҳам истамай қолди. Бошда Ганка бу ишга лоқайдлик билан қаради.
– Демакки, шундай! Иван мени хоҳламай қолган бўлса, парвойи палагимга, бошимнинг ғалваси камрак бўлар. Шу чоққача ўзим ёлғиз яшаб, ўзимни эплаб келган эдим, мундан кейин ҳам эплаб кетарман.
Аммо бир неча ҳафта ўтгандан сўнг, Ганканинг ранги олиниб, сарғайиб, озиб қолди. Уни тағин ваҳима боса бошлади. Ўзи ёлғиз ухлаёлмай турган ва кечалари чўчиб уйғониб, додлай турган бўлиб қолди.
Ахир бир кун Феруза билан ётиб юра турган хотинга – Арина кампирга ялиниб, мана шу ваҳимадан қутқармоғини сўради.
Кампир фолбинлик билан ном чиқарган эди. Ганканинг сўровини қабул қилиб, ваъда берди ва секин-аста эҳтиёт билангина, бу ваҳиманинг қачондан пайдо бўлганини суриштира бошлади. Нимадан бўлди, қандай бўлди ва қачондан бери шундай бўлди, деб сўради. Ганка ҳам бу аҳволнинг куздан бошлаб рўй берганини дарров иқрор қилиб қўйди. Феруза ҳам кузда йўқолган эди. Лекин мундан бошқа ҳеч нарса айтмади.
Кампир аввал бир идишда сув келтириб қўйиб, ул идишга анча дам солгандан сўнг, бир бўлак қўрғошинни эритиб, Ганканинг бошидан айлантиргач, яна шу идишга тўкди. Сўнгра идишга тикилиб туриб, бирдан қичқириб юборди.
– Эй, қизим, шўринг бор экан сен етимнинг! Ҳеч ким сенга кўмак беролмайди!
Ганка қўрққанидан тошдай қотиб қолди.
– Ҳа, нима бўлди?
– Муни қара, жигарим, қўрғошин сувга тушгандан кейин қумдай тирқираб кетди.
– Тирқираб кетса нима бўлади?
– Эй, нимасини айтай сенга? У нарсани бундай жойда ўйлаш ҳам ярамайди.
Ганка гапни унча кавлаб ҳам ўтирмади. Кампир эса ўрнидан қўзғолмай, идишга тикилиб олиб, бошларини тўлғаб, аллаким билан товушсиз гаплашиб ётгандай, сўлғин лабларини қимирлатиб, “пичир-пичир” қилиб ўлтира берди.
Унга қараб Ганка ўз юрагида совуқ бир қўрқув туйди. Унга шундай туюлдиким, бу кампир ҳозир аллақандай арвоҳ билан гаплашиб туради; сўнгра унинг ярим сўник кўзлари қизнинг кўнглигача кириб бориб, шу топда ундаги мудҳиш сирларни ҳам ўқиб ётади.
Қиз бирдан кампирнинг олдида турган сувли идишни олди-да, тераза орқали ташқаридан зовурга ирғитди. Кампир сира пинагини бузмасдан унга қаради. Тишсиз оғзи билан бир кулиб қўйди.
– Сенинг ишинг кўп ҳам яхши эмас, қизим, яхши эмас! – деди кампир. – Бу, сендаги нарса қуруқ ваҳима эмас, йўўўқ…
– Нима, нима нарса, бўлмаса?
– Сенинг кўкрагингга аллақандай оғир бир нарса ёпишибдир, қизим. Вой, рост гап, рост. Мен кўриб турибман, барибир иқрор қилмагунингча қутулолмайсан, болам.
– Нималар деб ётибсан сен, кампир? Нимани иқрор қилар эканман мен? Нима қилибман мен, бировни ўлдириб ё бировнинг бир нарсасини ўғирлабманми?
– Мен қайдан билай? – деди кампир елкасини қоқиб. – Менинг ишим эмас, ўксизим, менинг ишим эмас! Мен сенга ўзимча ўқув чиқариб айта ётганим йўқ. Арвоҳларнинг айтганини айта ётибман. Сен, болам, билганингни қил!
Кампир чиқиб кетишга бошлади. Ганка мундан сўнг ўзининг яна бадтаррак бесаранжом бўлажагини ва мундан нари ўзи ёлғиз сира ухлаёлмаяжагини яхши сезди. Шу учун кампирдан бу ерга кўчиб келиб, ўзи билан бирга ётишини сўрамоқчи бўлди. Мунинг сўровларига кампир унамади. Лекин бу ҳам сира бўшатмасдан ялина бергач, охирда розилик берди. Ва шу куннинг ўзида кўчиб келмакчи бўлди.
Немис билан шартнома
Иванни аллаким ирим-сирим билан бошини айлантириб қўйганга ўхшайди. Мундан ўзга эмас. Таниб бўлмай қолибдир шўрлик йигитни, бир оғиз ҳам, ярим оғиз ҳам оғзидан сўзи чиқмайди. Худди айиқдай – индан чиқмайди, трактирга келмайди, ичкилик ичмайди, қачон қарасанг, хаёлга ботиб юради. Бахил бўлганини айтинг! Ўзидан ҳам қизғонади-я… Худди итга ўхшаб кун кечиради, ҳеч ким билан борди-келди қилмайди. Бурун қандай яхши кўрарди ўйин-кулгини, улфатчиликни, хотинбозликни; энди ҳозир таниб бўлмайди! Бирорта хотин муни ирим қилдириб, шу ҳолга солиб қўйган, ўзга эмас!
Ишчилар ўз ораларида мана шу хил гапларни кўп гаплашдилар. Иван билан ҳар бир йўсинда гаплашиб кўрдилар: астойдил ҳам, эрмак қилиб ҳам, ҳазиллашиб ҳам, жиддий ҳам – ҳеч бири фойда бермади.
– Эй, тинч қўйинглар ахир мени! Сиз нимани биласиз? Сизнинг бошингизда ўзингизники, менинг бошимда ўзимники!
Уларнинг ундан эшитган бутун жавоблари мана шундан иборат эди. Сўнгра улар енгларини қоқиб, ундан йироқлашдилар.
Баъзилар дедиларки, у илгари залолатга кетган экану, энди тавба қилган эмиш. Лекин Иваннинг ўзи бу гапларнинг ҳаммасига эътиборсиз қарарди.
Ниҳоят, аллақайдан Иваннинг ота мерос ерини қайтадан сотиб олмоқчи бўлганини билибдилар. Иваннинг ўзи бу гапни ҳеч кимга айтмаган эди. Демак, бу гапни унинг ўз қишлоғидан келган бирорта одам ёйган бўлади.
– Ҳа, мана шунга пул йиғаётган экан-да! Шошмай тур сен! Жуда қалтис бир сири бордай, биздан яширади-я!
Шундан бир оз ўтгач, Иванга қаттиқ бир ҳазил қилдилар: кечаси унинг пулини ўғирладилар. Пулининг ўзи ҳам кўп эмас, 8 гулдўнча бор эди, холос. Шундай бўлса ҳам ҳайф, Иван “дод-вой” қилди. Лекин пул кетган. “Сизнинг пулингизни ўғирлабдирларми, Иван?” деб бир кун унга савол берди приказчик.
– Ҳим, ҳим, – деб ғунгуллаб қўйди Иван.
– Эшитдимки, пулингизни йиғиб борасиз экан, ер-пер олмоқчимисиз? – деб давом қилди приказчик.
– Ҳа, ер олмоқчиман.
– Жуда яхши қиласиз! Худо ёр бўлсин! Сиз ўзингиз дуруст одам кўринасиз. Пул деган нарса – катта гап. Топиш – қийин, йўқотиш – осон. Елга совурмак учунгина пул совурмоқ – аҳмоқлик. Бу ҳам биру, одам ўз умри, ўз кучини елга совуриши ҳам бир. Бир кун келиб одам қарийди, кучдан қолади, ўшанда ҳам яна пул керак бўлади.
Приказчик жуда тўғри гапирарди, ўзи ҳам самимий одам эди. Шундан сўнг Иван ҳам унга ўз фикрларини очиб айтди. Приказчик илгари уни хўб мақтагач, сўнг деди:
– Мен сизга мана мундай маслаҳат кўрсатаман, Иван! Нега пулингизни ёнингизда олиб юрасиз? Маст одамлар ўғирлаб қўядилар. Ёнингиздаги пулларингизни сиз менда – кассада қолдирингизу, ўзингиз битта дафтарча қилинг. Ҳар бир ойлик текканда мен сизга ўзингизга етарлигини бераман, қолгани кассада ёта беради. Мен ўз дафтаримга ёзиб бораман, сиз ўз дафтарингизга; шунда адашилмайди. Ерингиз учун пул керак бўлганда менга айтасиз, мен сизга дарров кассадан олиб бераман. Пулингиз ишончли жойда бўлади, ҳеч ким ўғирламайди.
Иван бирданига қарор беролмади, немис-ку тўғри маслаҳат бераётибдир-а, ҳар ҳолда унга ишониб бўлмайди. Лекин, иккинчи томондан, ўйлаганда, мундан бошқа илож ҳам йўқ. Бир мартаба ўғирладиларми, яна ўғирлайдилар. Ўша приказчикнинг маслаҳатига кўнган яхшироқ. Шундай қилиб, Иван кўнди.
Худога шукур, гина қила турган жойи йўқ. Немиснинг қўлидаги пул 50 гулдўнга етган ҳамон дарров олади-да, почта орқали ер хусусида шартнома қилиб берган нотариусга юборади.
Иван ўзидан ҳам, приказчикдан ҳам рози эди; ишларнинг яхши бўлажагига ишончи ҳам тугал деярли эди. Ҳали баҳор кириб улгурмаган бўлса-да, у ерга тегишли пулнинг тўртдан уч ҳиссасини бериб бўлган эди!
Энди у ўзининг хаёллари билан, бутунлай демак мумкин, ўз қишлоғида яшарди. Чуқур зовур ёки қоронғи конда маъдан кавлаб туриб ҳам хаёли ўз қишлоғида бўлар; у ўзини, гўё қуёшнинг ёруғ шуълалари остида ер ҳайдаб, буғдой ўриб, дон ташиб турган деҳқондай сезарди. Борислаф ҳаёти унинг учун худди бир қоронғи зиндондай эдиким, эрта-индин у бу зиндондан қутулажак, бу кенгликда муни кўм-кўк кўкарган хушбўй ўтлар билан олма гулларига кўмилган олма оғочлари қарши олажаклар!
Шўрлик ота
Рўза байрамининг биринчи ҳафталарида Борислафга Ферузанинг отаси келди. У Иваннинг қаерда ишлаганини суриштириб билгач, тўғри унинг ёнига борди.
– Иван, менинг қизим қани? – мана шу савол билан бошланди ота шўрликнинг сўзлари. Иван кўргандан бери у анча ўзгарган: анча ориқлаган, бирмунча қариган. Иваннинг бу чолга жуда ёмон раҳми келди.
– Билмайман, – деб жавоб берди у.
– Билмайсан? Билишинг керак эди! Уни ўзинг билан бирга Борислафга бошлаб келган сенсан. Унинг қаердалигини сен билишга тегишсан!
– Дуруст, Борислафда вақтида билардим. Аммо бу ердан кетгандан бери билмайман.
– Қаерга кетган?
– Қаерга кетганини ҳам билмайман! Мен сизникига кетдимикан, деб ўйлаган эдим. Балки бирор жойга хизматга киргандир?
– Ҳеч қаерга кирмабдир. Мен кўп суриштирдим. Жандармалар ҳам тоза қидирдилар, Истирийга ҳам, Станислафга ҳам тилиграм бердилар. Дирагавичда мен жар чақиртирдим. Ҳеч қаерда йўқ. Энди охирда сенинг ёнингга келдим, топиб бер менинг боламни!
– Мен уни гўрга кўмганим йўқ, – деди Иван хотиржамлик билан.
– Зовурга кўммадингу нобуд қилдинг! – деб даҳшат билан бақирди чол. – Сен ўлдиргансан уни. Айтишларига қараганда, у сендан бўйида бўлиб қолган экан. Шундан қутулмоқчи бўлгансан сен. Сен ўлдиргансан уни.
– Қасам ичиб бераманки, ундай эмас, – деди Иван ва пахтадай оқариб кетди.
– Минг мартаба қасам ичсанг ҳам, ишонмайман сенга!
– Ундай бўлса, билганингизни қилинг. Мени осиб юборсангиз ҳам гапира турган гапим шу. Унинг қаерга йўқолганини мен билмайман.
Шундан сўнг чол бир бор юмшадию лекин йиғлашга, сочларини юмдалашга бошлади. Ишчилар ва приказчиклар тўпланиб келиб, уни юпатмоққа киришдилар.
Кирнецкийникида ўтган маълум кечани, Ферузани сўнг дафъа ўша кечадагина кўрганликларини, Иван билан унинг ўртасида ўтган ғижиллашларни, унинг трактирдан ёлғиз ўзи чиқиб кетганини битта-битта чолга айтиб бердилар. “Шундан сўнг, – дедилар улар, – Иван ярим кечагача трактирда қолган эди”.
Приказчик Иванни “ичкилик ичмайди, ёмон юрмайди, яхши одам бу”, деб мақтади. Ниҳоят, чол нима қилишни билмай қолди. Дирагавичда жандармалардан Иваннинг дарров қамоққа олинишини сўраган эди. Энди бу ерда бошқача ўйлай бошлади. Бу йигитни қаматдириш ҳеч гап эмас, лекин инсофдан бўлармикан?
Бордию Феруза аччиқ қилиб бир жойга – тоғ томонга чиқиб кетди, у ерда бир хизматга кирди, уялганидан турган жойини атайлаб билдирмади? Шулар барчаси мумкин нарсалар-ку, жандармалар ҳам унга: “Ноумид шайтон”, демадиларми? Бировни одам ўлдиришда айблаш осон эмас. Ферузанинг чинакам ўлдирилгани тўғрисида жиндак бўлса ҳам бир аломат бўлсайди, унда бошқа гап эди.
Шу билан Ферузанинг отаси ҳам уйига қайтиб кетди.
Ганис ва Яънас
Байрам ўтди. Ҳаво исий тушди. Дол тоғидан ҳам совуқ кетмаган бўлса-да, водийларда кўклам чечак сочиб, гўзал юз кўрсатиб қолди. Борислафнинг кўриниши – нефть аралаш шилпиллама балчиқнинг туташ ва чуқур бир ҳандағига ўхшарди. Шанба кунийди. Тиниқ ва булутсиз кўкда қуёш кулиб туради. Янги пўстин ва шапка кийган приказчик кимсасиз ерларда – Борислаф билан Катеф Софияси қаршисидаги сўқмоқ йўлда айланишиб, немис тилида суҳбат қилишадилар.
– Иш шу қадар кўп, билсанг агар, Ганис, ташвиш шу қадар зўрки, мияларим шундақа қуриб кетди, – деди биттаси.
– Ҳали зовурга йиқилган одам туфайлиданми?
– Мастлик йиқитди уни зовурга! Мастлик тепди унинг белига!
– Комиссия келдими?
– Келди.
– Хўш, нима деди?
– Менга гулдўн жарима солдилар.
– Нега? Нега?
– Бепарволик учун эмиш. Мен бепарво эмишман! Мен қараёлмаган эмишман! Уларнинг кетидан, худди ёш боладай, мен қараб юрар эканман. Унинг бу хилда йиқилиши, бир ҳисобда, хайриятли бўлди. Нега десанг, бошқа ишчилар зовурга унинг ўзи ёпишиб, ўзи йиқилганини айтиб бердилар. Агар ҳалиги шоҳидлар бўлмаса, балки аллаким қасд билан ташлаган, дердилар.
– Оҳ, Ганис! – деди Николай Яънас деб юритилган яна бири. Мен зарарнинг тагида қолдим! Менинг омборимда бўлган шикастни эшитдингми? Энг ками 50 гулдўн туради! Айб кимда – маълум эмас. Зарарни ким тўлайди? Николай Яънас.
– Йўқ, мен ҳеч нарса эшитмадим. Нима бўлди?
– Бизнинг хизматчимиз иккита янги парра қайиш сотиб олиб, бошқа нарсалар билан бирга менга топширди. Мен ҳам омборнинг токчасига қўйиб қўйдим. Ўша токчада бир шиша олтингугурт суви бор эди. У нарса, ўзинг биласан, ишга керак бўлади… Шишадаги сув ишга ишлатилиб, тагида озгина қолган эди. Шиша ўлгурнинг оғзида маҳкамгина шиша қопқоғи бор эди! Бир кун зовурга қайиш лозим бўлиб қолди. Омборга кирдим. Токчадан қайишни олдим, шундагина фалокат босиб, шишага тегиб кетибман. Шиша ағдарилди. Қўрққанимни айтгил ўзимнинг! Шошилганимдан шишага очиқ қўл билан чанг солибман. Ўша онда иккита бармоғимни куйдириб ташлади! Куйган қўлим билан шишани жойига қўяй десам, яна қопқоғи тушиб кетди. Шундан ҳалиги сув ўлгурдан жиндаги, кўп бўлса, 2-3 томчиси қайишга томиб кетди. Қопқоғини дарров ердан олдиму, шишанинг оғзини маҳкамлаб, яна жойига қўйдим.
– Бай, бай! – деб юборди Ганис. – Менинг шўрим қуриди! Хўжайин билиб қолмасин, деб ҳеч кимга айтганим ҳам йўқ. Ўз ёнимдан тўлаб қўяман, шекилли, бошқа иложи йўқ.
Ганис Николайга ачинганини билдириб, бир “уҳ” тортди. Сўнгра Борислафга қайтгандан сўнг ҳалиги қирқилган қайишни кўрмак учун Николай билан бирга атайлаб омборга кирди.
Ганис Николайга жуда узоқ тикилиб турди ва афсус билдиргандай қилиб, тез-тез бошини қимирлатди. Бир вақт Николай Яънас бир озгина тескари қайрилган эди, Ганис ёнидан кичкинагина бир шишача олиб, ҳалиги сувдан бир неча томчи қуйиб олди. Николай муни сезмай қолди. Иккаласи ҳам омбордан чиқдилар. Яънас омборни қулфлаб олди. Сўнгра икки дўст бир-бирига оқ йўл тилагач, айрилишдилар.
Иван пулларини қайтариб олмоқчи
Орадан яна икки ойча вақт ўтди. Борислаф теграсидаги буғдойлар ўрила бошладилар. Куннинг энг иссиқ вақтлари келди.
Иван худди ичига ўт кетган одамдай яшарди. Борислафда яшаш борган сари оғирроқ туюларди. Оёғи остидаги ер ўт бўлиб ёнарди. Алланарса уни боғлар, туртар ва Борислафдан ҳайдагандай бўларди. У қандай қилиб шу ердан тезроқ қутулиб кетишдан бошқа ҳеч нарсани ўйламас эди.
Муштумзўрга шартномадаги пулнинг ҳаммасини бериб тугатмак учун, унга, кузгача ва балки қишгача шу ерда қолиб, яна зовурларда ишлашга тўғри келар. Мана шу нарсани ўйлашнинг ўзи ҳам уни аллақандай ёввойи бир қўрқув билан қўрқитарди.
– Йўқ, чидолмасман! – деди у бир неча дафъа ва ҳар дафъа соатлар билан кунларни санарди.
У яна юз гулдўн пул тўплаган эди. У пуллар немиснинг қўлида сақланар эди, ўша пулларни олиб, қишлоғига қайтиб, муштумзўрга топширмоқчи бўлди. Лекин мўлжалланган вақт яқинлашгани сайин яна бошқа бир фикрга кўпрак-кўпрак берилар, худди денгизга ботаётган одам бир тахта парчасига ёпишгандай, тобора ўша фикрга ёпишарди.
“Юз гулдўнни-ку тўлаганман, – деб ўйларди у. – Яна юз гулдўнни энди олиб тўлайман-да, Борислафни ташлайман. Кетаману яна қайтиб келмайман. Қолган бир юз гулдўнни бир иш қилиб ишлаб юриб топиб берарман ёки бировдан қарзга келтирарман, аммо-лекин бу ерда қолмаяжакман”.
Бошда олис хаёллар каби хирароқ бўлган бу фикр бора-бора унинг миясида белгили шаклларга кира бошлади.
У ҳар хил йўллар ахтара бошлади.
“Уйланайин, қизнинг қанча йўқсил бўлганда ҳам 100 гулдўни бўлади. Балки мунинг устига яна бир оз ер ҳам тегиб қолар”.
Сўнгра яна ҳалиги пулга иккита от олиб, аравакашлик қилмоқчи ёки бировга қаролликка ёлланмоқчи, ёки подшоҳлик ўрмонида саржинлик билан машғулланмоқчи бўлиб қолади. Қаерда бўлса ҳам, қандай қилиб бўлса ҳам бир оз пул топиб, муштумзўрнинг пулини бериб, ўзининг ерини олмоқчи. Ўз ери, ўз жойида ҳаммадан йўқсил, ҳаммадан орқада бўлса ҳам, ўзи эга бўлиб, ўзи ишламакчи бўларди. Ўзининг бу фикрларини Иван кимсага ишониб айтмас эди. Ёлғиз мўлжаллаган кунига бир ҳафта қолганда немисга деди:
– Менга қаранг, Ганис, бир ҳафтадан кейин мендан олган пулнинг ҳаммасини бирдан қайтариб берасизми?
– Бўлмасам-чи? – деди Ганис. – Хўш, нима гап, почтадан жўнатай, дейсизми?
– Йўқ, ўзим олиб кетмакчиман.
– Нега ўзингиз бориб юрасиз? Почтадан ҳам юбориш мумкин-ку.
– Ўз ишларимни кўргим келаётир. Билмайман, балки ўша ёқларда бутунлай қолиб кетарман.
– Хўш, бизни ташлаб кетмакчимисиз?
– Ҳа, кетмакчи эдим, лекин билмайман… Ўша муштумзўрнинг пулини бериб, ерни олиш учун ўша ёқларда бирорта иш топилсайди…
– Майли, ихтиёрингиз, – деди Ганис Иваннинг сўзини бўлиб, – жума куни пулингизни тугал топшираман.
Шу билан суҳбат тугади. Шундан кейин Иван билан приказчик ўртасида пул тўғрида ҳеч бир сўзлашув бўлмади.
Қўрқинч хабар
Жума куни кечқурун Иван кечки навбатда ишлаши керак эди. “Бу, – деб ўйлади у, – ер остида, зулмат ўлкасида сўнгги кеч ҳам бўлажакдир”. Ўша кечада унинг кўнгли енгил ва қувноқ эди, лекин кутмаган бир хабар унинг қувнаб турган таъбини хира қилиб қўйди.
У бир оз арақ ичгандан сўнг қуруқ нонни закуска қилиб, энди конга яқинлашиб келаётган вақтида нари ёқдан ўша Ферузанинг йўқолганлиги тўғрисида биринчи дафъа хабар олиб келаётган Арина кампир шу ёққа қараб келаётир эди. У худди пишингандай келарди. Иван уни таниёлмади. Шундан сўнг у ўзининг қоқ ва қора қўлларини Иваннинг орқасидан узатиб, елкасидан ушлаб олди.
Шунга қадар ўйланиб келаётган Иван, шунда, худди уйқудан уйғонгандай бўлиб кетди ва бир қур сесканиб олиб, сўради:
– Ким бу?
Айланиб қарагач, кампирнинг қўрқинч, сариқ ва тиришиқ юзига кўзи тушди. У юз ўзининг кўм-кўк лабларини кенг очиб ва тишсиз милкларини кўрсатиб, аллақандай совуқ бир кулиш билан унга қараб кулгандай бўлди.
Иван қалтираб кетди. Унинг миясига ихтиёрсиз келган биринчи ўй шу бўлди: “Кўзимга бу хил тикилган ўлимдир” ва шунда унинг бутун вужудини совуқ ва хурофий бир қўрқинч ўради.
– Сен ҳали мендан чўчиб юрибсанми? – деб койишни бошлади кампир ва шу онда юзидаги кулимсираш ҳам йўқ бўлди. Унинг ўрнига аллақандай тундлик ва тажанглик белгилари кўринди. – Нима бало, мен бир ажина ё бир арвоҳмидим. Муни қаранг, муни! Чўчиб кетган эмиш! Гўёки бутун умрида мени кўрмаган!
Шундан сўнг Иван кампирни таниб, ундан узр сўрай бошлади:
– Эй, кечиринг! Мен сизни таний олмапман. Мен бир хаёл билан кетаётир эдим, бирданига сиз чиқиб қолдингиз… Мундай бир довушингизни ҳам чиқармайсиз…
– Ҳа… мана шундай! Кампир онага мундай ўз билганларича бир қараш, салом бериш, ҳол-аҳвол сўраш, бир рюмка-ярим рюмка арақ олиб бериш – йўқ, йўқ, йўқ, ўзи пул топиб олмаса, ташналикдан ўлиб кета берсин кампир.
– Қўйинг, гапирманг, ҳали ўлиб кетаётганингиз йўқ-ку! – деди Иван кулимсираб. – Хўш, сиз бирорта иш билан келгандирсиз, албатта?
– Иш деб ҳам бўлмайди-я, шундай… Билмайман. Сенга қандоқ қилиб айтсам. Ҳа, иш билан, яхши йигит, иш билан! Ҳар нима бўлганда ҳам сиз икковингиз бир қишлоқнинг болаларисиз, албатта; сенга айтсам яхши бўлади.
– Бир қишлоқдан? Ким билан?
– Ким билан бўларди? Ганка билан. Биласанми, мен ўша Ганканикида ётиб юраман. Энди шу топда бола шўрлик бутун-бутун ётиб қолди, мен ҳам кеча-кундуз ёнидан жилмай қолдим.
– Ётиб қолди? Хўш, нима бўлибдир унга?
– Мен қайдан билай, болагинам? Бошда мен хотинларнинг ўзларида бўла турган бир хил касалликларданмикан, деб ўйлаган эдим. Ундай эмас экан. Бу бошқа. Аллақандай бир дард. Мунинг нималигига ўзим ҳам ҳайрон бўлиб қолдим.
– Кечалари қур-қур бақирадими?
– Эй… Энди шу топда кечаларигина эмас, кундузлари ҳам бақиради. Кўзи сал уйқуга кетдими, дарров алланималарни кўра бошлайди. Шундай бақирадики, қулоқларни ёриб юборади. Бирдан ўрнидан ирғиб туриб, аллақаерларга чиққандай, беркингандай бўлади, доволларга бориб тирмашади.
– Сиз, ахир, дори-морини қилиб кўрмадингизми?
– Нега қилмайин экан? Қилдим, болам, қилдим. Билганларимнинг ҳаммасини, ҳаммасини қилиб кўрдим, ҳеч бир фойда бермай ётибдир. Фойда бериши ҳам қийин. Нега десанг, унинг миясида бутунлай бошқа бир нарса жавлон уради. Мен-ку, у нарсани бошдаёқ билиб эдим-а, лекин ақлим яна бошқа нарсага кетиб юрган экан. Мен ўйлабманки, қизи тушмагур бола туғиб қўйгану – мундай ишлар бу ерда айб эмас – кейин ўз боласини ўзи нобуд қилган. Энди ўша боланинг руҳи кўзига кўриниб, тушларига кириб, мунга ҳеч бир тинчлик бермайди, деб. Қиз ўзи қўрққанди, тинчиди, “йўқ”, деди. Шундан кейин мен ҳам шошиб қолдим. Нима қилишимни билмадим. Нималар деб жавраганини билмакчи бўлиб, неча мартабалар кечалари қулоқ солдим, ҳеч нарса уқиб бўлмади. Бир-иккита гапини уқидим, холос: “Ана у ерда! Зовурда! Сувда! Кўлмак сувда! Ана, келди! Ана, келди!” деб жаврайди. Ким ул, қани, қаерда, тақир билиб бўлмайди. Мен кўп айлантириб сўрадим – жуда ўжар бола! Пайрахадай қуриб, қақшаб кетди ўзи, қоп-қора бўлди – қишда қандай қиз эди? Худди момиқдай! Бу аҳвол билан кўпга бормаслигини, ҳеч бир умиди қолмаганини ўзи ҳам билади. Яна жим, яна айтмайди.
– Сиз чинакам унинг кўнглида бир сири бору, беркитади, деб ўйлайсизми?
– Ҳа, албатта! У сирни қандоқ қилиб билсак экан, деб бош қотириб ўтириш ҳам керак эмас, мен эртароқ билганман уни.
– Хўш, нимани билгансиз сиз?
– Нимани бўларди, яхши йигит? Сенинг Ферузангни ўлдирган ўша!
– Ферузани? Ганка-я? Қандоқ қилиб? Нима учун?
– Рост-а! Нима учун, дегин-а! Бўлмаса, қулоқ сол, мен сенга ҳаммасини айтиб берай.
Кампирнинг ҳикояси
Кампир кўчада Иван билан ёнма-ён боради… Лекин унга етиб юролмасдан, орқада қола бошлагач, қўл узатиб Иваннинг этагидан ушлади-да, ўзи тўхтади.
– Шошилма-да! Кўрмайсанми, ҳансираб қолдим. Кўп шошилма ишингга! Бир оз камрак топарсан. Тўхта мана бу ерда, гапни эшит!
– Иш вақтим бўлиб қолди. Эшитаётирсизми? Кечки навбат қўнғироғини чалаётирлар.
– Кечки навбатинг қурсин, илоҳим! Борма бу кун ишингга! Биргалашиб Ганканикига борайлик. Бу иш заруррак.
Иван бир нафас иккиланиб қолди.
– Йўқ! Бу кун кеч кириб қолди. Нима қиламан шу топда Ганканикида. Эртага ишдан чиққан ҳамон тўппа-тўғри бораман, бўлажак ишлар тўғрисида гаплашамиз. Қани, айтиб беринг-чи, нималарни била олдингиз ундан?
– Нимасини сўрайсан, – деди кампир, – кеча кечаси бир нафас ҳам кўзини юмолмай чиқди ўзи ҳам. Шундай қийналдики, худо кўрсатмасин! Бу кун эрта билан туриб қарасам, оппоқ оқариб ётибдир. Ёлғиз кўзи тирик, холос.
– Ганка, – дедим мен, – ё попни чақириб берайми?
У худди бир нарса чақиб олгандай ирғишлаб кетди.
– Поп дейсизми? Нега?
– Нега бўларди, оппоғим, бу ёруғ дунёда бир неча кунликкина насибанг қолди. Охиратнинг ғамини ейиш керак.
– Йўқ, истамайман, – деди у, – бир оз тинчлансам, тузалиб кетаман.
– Эйй, қизим, мундай гапларни гапирма ! Ўзингни ҳам алдама. Мен кўриб турибманки, саноғлик кунларинг қолган, бориб попни чақириб келай.
– Йўқ, керак эмас, – деди у. – Керак бўлганда ўзим айтаман. Сиз чиқмай туринг! Мен бир оз ухлаб олайин.
Кўзи илинар-илинмас яна бақиргали, ўзини ургали турди!
– Ана, келди, ана, келди! Ана, қўли! Ана, узатди менга! Ушлади! Қўйиб юбормайди, вой-дод, вой-дод, вой-дод! Қутқаринг! Онажон, қутқаринг!
Ётган жойидан ўзини ташлади. Менга осилиб олган, ўзи “дир-дир” қалтирайди, кўзи доим орқасида, бир нарсадан чўчиган боладай ҳадеб бақиради, ҳадеб чийиллайди.
– Ҳой, нима бўлди сенга дейману, ҳадеб қўрқаман. Ким келаётир? Кимни кўраётирсан?
– Ўша хотин, ахир, ўша хотин! Кўрмай ётибсизми? Уни қаранг, қўлида гўшт деган нарса қолмабдир, қуп-қуруқ суяк!
– Худо ўзи ўнгласин сенинг ишингни! Нималар деяпсан? Кимни кўраётирсан?
– Ўша хотинни ахир, Ферузани!
– Қайси Ферузани?
Лекин шу жойга келганда, унинг яна ўжарлиги тутади. Бутун вужуди қалтирайди, ҳадеб менга ёпишади, аммо оғзидан бир оғиз ҳам гап чиқмайди, бир нави қилиб уни тинчитдим, жойига ётқиздим. Энди ҳар хил гаплар билан кўнглини хурсанд қилиб ўлтирибман, иккинчи томондан, миямда ҳамма гаплар аниқлашиб ётибдир. Қанча насиҳатлар қилдим унга, бир оз гўшт қайнатиб бериб, қорнини ҳам тўйғаздим, энди тинчланиб ётди-ю, лекин мени тақир ёнидан жилдирмайди.
– Ўтиринг! Мени ташлаб кетманг! Ухлаб кетмайин, деб қўрқаман; кўзим уйқуга кетган ҳамон яна ўша хотин келиб қолади, деб қўрқаман.
– Нега у хотиндан мунча қўрқасан? – деб сўрадим мен. – У сени нима қила олади?
– Вой, онажон! Вой, жонимни қоқай! Қандай қўрқинчлигини билсангиз эди унинг! Бутун қонларим музлаб қолади. Сира бетига қарай олмайман, лекин қарамасдан ҳам иложим йўқ. Менинг кўзларимни аллақандай бир нарса унга тикилтириб қўяётгандай бўлади.
– Демакки, у сенинг юрагингда экан-да?
Индамайди.
– Иқрор қил, қизим! – дейман мен қаттиқлик билан. – Кўрасанми, сен нима нарсани беркитиб кетмакчи бўлдинг. Одамлардан беркитганинг билан бўлармиди, қизим? Худо ҳамма нарсани билиб туради, ахир. Ўзинг кўраётибсанки, қандай оғирликларга қолганингни! Агарда сени дорга осиб юборсалар, мана шу азобларнинг ўндан бирини кўрганча ҳам қийналмас эдинг.
Қиз гапларимни хўп эшитди, эшитди-да, сўнгра бирдан йиғлашга бошлади. Худди ёш боладай ҳўнгур-ҳўнгур йиғлади.
– Вой, ойижон, гапингиз рост! Вой, мен гуноҳкорман! Мен уни ўлдирганман. У хотин ўша куни бўшашиб кетиб, менинг қўлимга йиқилган эди, мен уни ўша беҳуш ҳолда зовурга ташлаб юбордим. Мен ўйладимки, муни ҳеч ким билмайди-ю, ундан кейин Иван мени олади… Айланай, онажон, йўл кўрсатинг менга, нима қиламан мен энди?
Кампирнинг бу сўзларини эшитгач, Иваннинг бутун баданига муздек бир нарса тегиб ўтгандек бўлди. У ўзини эзилган каби туйди. Ўша кечадаги ишлар, Феруза билан айрилиш, Ганканикида ўтган бир кеча, унинг ўша вақтда безовта бўлишлари дарров унинг эсида жонландилар. У ҳаттоки Ганканинг: “У хотиндан қўрқаман”, деган сўзларини ҳам эслади ва шундагина ҳамма нарса унга равшан бўлди. Оғир туйғулар билан эзилиб, оғир нафас олди.
Ундан сўнг кампир Ганканинг эътирофлари тўғрисида гапириб кетди. Қаерда униинг Ферузани зовурга ташлагани, сўнгра қандай қилиб номаълум бир куч таъсири билан из беркитиш учун яна ўша зовурга боргани, ўшанда қандоқ қилиб ишчилардан бирига кўринишдан қутулиб қолгани, сўнгра қандоқ қилиб тушларида Ферузанинг муни қувганлари, сўнгра Иваннинг мунга ёмон ва совуқ муомала қила бошлагани – мана шуларни битта-битта нақл қилди.
– Хўш, шу топда нима қилаётибдир у? – деб кампирнинг нақлини бўлиб сўради Иван.
– Йиғлаб, йиғлаб уйқуга кетди. Энди тушида ҳам уринмасдан, тинч ухлаб ётади. Мен унинг ёнида бир оз ўтирдим-да, сўнгра: “Бу гапларни Иванга айтсам яхши бўлар”, деб сенинг ёнингга келдим. Қани, айт-чи, нима қиламиз энди?
Иван бу гапларни тошдай қотиб туриб эшитди. Унинг ичида алланарса қўзғолган, алланарса юлинган, алланарса дод-фиғон қилгандай бўлди. У нарса-да аяш туйғуси эди, на қаттиқ койиш ва на аллақандай гуноҳнинг эътирофи…
– Энди нима қилиш лозимлигини мен қайдан билай? – деди у бўғиқ товуш билан. – Тегишли жойга билдириш керак. Бу ахир мудҳиш нарса!
– Оқсоқолга борайми?
– Боринг, боринг! – деди Иван шошилиб ва кампирнинг сўзига улаб.
– Балки сен бирга борарсан мен билан? Мен негадир қўрқаётирман.
– Мен нима қиламан сиз билан бориб, сўнгра мендан ҳам шубҳа қила бошлайдилар. Йўқ, ўзингиз боринг. Мен эртага ишдан чиққан ҳамон учрайман, боринг, боринг!
Шундан сўнг кампир индамасдан кетди.
Ганиснинг жинояти
Иван ўзи ишлай турган конга яқинлашганда немисни учратди. У ёт бир ишчи билан гаплашиб, аллақаерга кетмакда эди.
– Шом ойдин, Иван! – деди Ганис. – Ишга бораётирсизми?
– Ҳа, ишга, – деди қандоқ қилиб ва нималар деб гапиришни қийинлик билан топаётган Иван.
– Эртага биздан кетасизми?
– Ҳа, кетаман.
– Хўп, хўп, ихтиёр ўзингизда. Пулингизни эртага ола биласиз.
Иван бошқа ҳач нарсани айтмасдан, зовурга қараб кетди. Ганис эса эртага ўша зовурда Иваннинг ўрнида ишлаяжак ишчи билан гаплашиб қолди.
– Бу ерда сизга яхши бўлади! – деди Ганис. – Мен унақа бировларнинг ҳаққига қизиқа турган одам эмасман. Ишонмасангиз, мана шу Иваннинг ўзидан сўранг. У ҳатто ойлик олар вақтларида пулнинг бир бўлагини менга қолдириб, 50 ва 100 гулдўнга етганда ҳаммасини бирдан олади. Энди, эртага, бу ердан кетаётир. Биласизми, қаерга? Ўз ерини ўзи экиб, деҳқончилик қилгали!
– Ўз ерига? – дея тағин қайтиб сўради ишчи. – Қаерда ери бор экан унинг? Аллақачон сотиб совурган-ку!
– Аллақачон сотиб совурган эди. Энди қайтадан сотиб олаётир. Тўланажак пулининг сўнгги бўлаги учун сўнгги гулдўнни кеча олиб эди. Энди эртага ўзининг туғилган қишлоғига жўнаяжак. Бу ердан бутунлайга кетаётир. Ким кўрсатди унга бу йўлни?.. Ганис кўрсатди, албатта! Ишонмасангиз, ўзидан сўранг!
Шу онда зовур томондан шовқин ва оёқ товушлари келиб қолди. Кўчада бир ишчи югурганча кета туриб, бўғила-бўғила қичқиради:
– Ганис афанди! Ганис афанди!
– Хўш, нима гап? – деб сўради Ганис.
– Дарров зовурга боринг! Дарров!
– Нима бўлибдир у ерда? – зўрға сўрай олди Ганис ва жавобини ҳам кутмасдан, зовурга томон чопди. Унинг кетидан янги ёлланган ишчи кетди.
Ганис ҳалиги қичқирган ишчига етиб боргач:
– Хўш, нима бўлибдир? – деб на пичирлаш ва на бўғилишга ўхшамаган бир овоз билан сўради.
– Аллақандай бир қазо…
– Қандай қазо?
– Эйй.. Ўзим ҳам билмайман, ўзингиз бориб кўринг! Мундай нарсани бутун умримда кўрмаган ва эшитмаган эдим.
Учаласи ҳам зовурга етиб бордилар. У ер бутун қоронғи, ёлғиз биттагина чироқ турли тахтадан ясалган “будка”нинг ўртасини зўрға-зўрға ёритиб туради. Зовур лабида турган бир ишчи зовур чархида жуда бўш сангиллаган қайишни юқорига тортмоқ билан машғул эди.
– Хўш, нима ҳодиса бўлди? Гапир! – деб бақирди Ганис, тўрт томонга кўз югуртиб, ишчиларни чўчитган нарсани излагандай бўлиб.
– Қайиш узилди.
– Нима? Нечук у мумкин бўлсин?
– Билмайман. Ана, кўринг ўзингиз.
Зовур бўйида турган ишчи ҳалиги қайишни яна бир дафъа тортиб олиб, бир-икки айлантириб, яна ташлади.
– Хўш, Иван-чи? Иван қани?
– Зовурда.
– Нечик зовурда? Ишлай турган зовурга тушганми?
– Албатта, ишлай турган зовурга тушган бўлса керак, лекин тирик қолмагандир.
– Мана муни қаранг, бу қайиш 10 метрча жойга ҳам етмасдан узилган.
– Бу нечук бундай бўлди? Қандай? Гапир битта-битта! – деб ҳали ҳам нима бўлганини англамасдан, шошилтира бошлади Ганис.
– Эйй! Мунинг қандоқ бўлганини мен қайдан биламан ахир? Иван келди, қайишни белига боғлади. Мен ҳам уни аста-секин зовурга тушира бошладим. Тўлғадим, тўлғадим, ўн метрча тўлғаб эдимми, бирданига бармоқларим “дир-дир” қалтираб, сўнгра мана бу оғир қайиш бирданига жуда жингиллаб қолди. Ўша онда зовурдан қўрқинч бир фарёд эшитилди-ю дарров жим бўлди. Мана, бўлган гап шу. Қайиш узилди-ю Иван шўрлик зовурнинг қаърига, қирқ саржин жойга бориб тушди.
Ганис ҳеч нарса демасдан, сочларини юлишга ва жинни каби питиллашга бошлади.
– Вой, вой! Мана, фалокат! Ҳой, менга қаранг… Ул, балки, ўлмагандир! Менга қаранг, Дмитрий, – деб янги ёлланган ишчига юз ўгирди ул. – Сиз нима дейсиз, балки у тирикдир?
– Ҳа, мумкин. Зовурнинг таги тош эмас-ку?
– Йўқ, тупроқ.
– Агар метиннинг устига тушмаган ёки тушиб кетаётиб боши ёрилган бўлмаса, балки ҳали тирикдир.
– Ундай бўлса, “оҳ-вой” эшитиларди-ку? – деб қўйди ишчи.
– Тушинг сиз, Дмитрий! Тушинг, балки қутқара оларсиз.
– Мен-ку тушаман-а, – деди Дмитрий, – лекин уни кўтаролмасдан узилган қайиш – қандай қайиш экан, шунга ҳайронман.
У зовурга яқин келиб, қайишни ушлаб кўрди; қайишнинг бир учидан икки метрча зовурда осилиб турарди. Бу одам эски ишчилардан бўлиб, мунақа ишларни жуда яхши биларди; лекин мунга келганда ул ҳам ёт эшикка келиб қолган бузоқдай бўлиб қолди. Мундай ҳангомани сира кўрмаган эди!
Қайишнинг узилган жойига жуда узоқ тикилди, бармоқлари билан сийпалаб кўрди, ёриққа олиб чиқиб қаради ва бир нарсасига ақли етмагандай қилиб бирушта бошини чайқаб турди.
Ганис ранги ўчган ҳолда, қўрқув тўла кўзлари билан унинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб турарди.
– Англаёлмайман! Англаёлмайманки, нима бўлган бу қайишга-ю, нега ул узилди?
– Балки чиригандир? – деб, кўп ҳам ботинмасдан сўради Ганис.
– Ҳа, рост, балки шундай бўлгандир. Агарда қасд билан кесилиб қўйилганда, кесилган жойида текис из бўларди. Чириганга ўхшайди.
– Эски қайиш эди, янгилаш керак эди уни, – ишчининг сўзини дарров илиб олиб кетди Ганис. – Вой, бу кун эрта билан аллаким худди елкамдан тортиб: “Ганис, қайишни янгила!” дегандай бўлди-я. Шунда мен ўйладим: “Жума куни янгилаб турмайин, якшанба келади, ўшанда янгилайман!” дедим. Мана энди бу ҳол! Унинг узилиб кетишини ким билган эди, дейсиз?
Бу вақтда Дмитрий ҳануз қайишни кўриш ва бошини чайқаш билан машғул эди.
Бу орада Ганис бориб, омбордан янги қайиш олиб келди, уни чархга боғладилар, сўнгра Дмитрий тегишли ҳозирликларни кўргач, зовурга тушиб кетди.
Ярим соат ўтар-ўтмас, уларнинг иккаласини – Иван билан Дмитрийни зовурдан тортиб олдилар. Иваннинг елка-оёғи синган ва боши ёрилган эди. У зовурнинг тагига тирик бўйинча етолмаган бўлса керак.
Ганканинг қамалиши ва ўлиши
Эртаси куни тонг вақтида оқсоқол Борислаф орқали ўзига қарашли холислар ва икки нафар жандарма билан бирга Ганка турган уйга келди. Қиз ҳали уйқудайди. Жуда кўп уйқусиз тунлар ва кечалардан сўнг шўрлик қиз эндигина ўлим уйқуси сингари қаттиқ бир уйқуга кирган эди. Кампир эшик очди. Ҳаммалари кирдилар. Лекин Ганканинг даҳшатли ички азоблар билан ишдан чиққан ўлик ва қоқ-қуруқ юзларини кўргач, уни уйғотишга ботинолмадилар.
– Қўй, майли, ухлай берсин, – деди астагина оқсоқол. – Биз ташқарида кута турамиз.
Улар чиққан ҳамон Ганка ҳам уйғонди.
– Шу ердамисиз, онажон? – сўради ул.
– Шу ердаман, оппоғим, шу ердаман.
– Тушимда кўрдимми ё чинакам бу ерга биров кирдими?
– Ким кирарди дейсан, қизим?
– Аллақандай одамлар… жандармалар кирганга ўхшайди.
– Ҳа, кириб эдилар, қўзи болам.
– Мени излабми? – деб сўради Ганка ўрнидан тура бошлаб.
– Ҳа, сени излаб.
– Ҳамма гапни билаларми?
– Билалар.
Ганка узоқ қараш билан кампирга тикилди, сўнгра ўзининг қақшаган қўлини узатди.
– Раҳмат сизга, онажон, – деди. – Мен ўзим ҳам юз мартаба бормоқчи ва ҳамма нарсани айтиб бермакчи эдим. Лекин сира ботинмадим. Энди ҳамма иш битибдир, энди мен тинчидим.
Шундан сўнг ул жуда қийинлик билан ўрнидан турди. Кампир кийинтириб қўйди.
Холислар билан бирга оқсоқол кирди, унинг кетидан жандармалар кирдилар.
– Хўш, нима бўлди сенга? – сўради оқсоқол. – Тобинг йўқми?
– Ҳа, тобим йўқ.
– Бизга айта турган гапинг борми?
– Бор.
Шундай қилиб, ул, ўша кечанинг ишларини хотиржамлик билан битта-битта айтиб берди. Жандармалардан бири ёзиб турди.
Сўнгра бечора Ферузанинг жуда ҳам чириб кетган жасадини илгаклар билан зовурдан тортиб олиб, мурдахонага юбордилар. Ганкани аравага солиб, Терговичдаги тергов авахтасига олиб кетдилар. Ул, у жойга борганидан кейин биринчи сўроққа ҳам етмасдан ўлиб қолди.
Жандармалар учун бу ишдан сўнг дарров бошқаси чиқиб келди; яъни аллақайси конда қайиш узилиб, бир ишчининг нобуд бўлганини билдирдилар. У жойга бориш, ўликни кўриш, шоҳидлардан сўроқ олиш лозим эди.
Бепарволик билан, “Қайиш чириган”, – деди иккинчиси.
– Мундан ҳам ёмонроқ бир гап йўқми экан мунда? Дмитрий пул-мул деган гапларни ҳам қилаётиб эди…
– Хўш, нима демакчисан? Шу ерда аллақандай бир жиноят ҳам бор, демакчисанми? Қайишни биров атайлаб қирққан, дейсанми?
– Жуда мумкин нарса, мунга ҳалиги пул сабаб бўлмоғи мумкин. Немис айтадики, пулни ўзи олиб эди. Ҳолбуки, ўликнинг ёнидан пул чиқмади.
– Уйини қараб кўрайлик бўлмаса.
Лекин ул уйда, тўғриси, Иваннинг бошқа ишчилар билан тура турган жойида ҳеч қандай пул тўғрисида ҳеч ким ҳеч нарса билмас ва эшитган ҳам эмас эди.
Сўроқ натижасида жандармалар шунигина билдиларким, илгари бир дафъа Иваннинг пулини ўғирлаганлар, шундан бери ул пулларини ёнида олиб юрмасдан, ҳеч ким билмас бир ерга яширувчи бўлиб қолган.
Мундан ташқари, Ганиснинг: “Иван тўплаган пулларини ер олиш учун Терговичдаги нотариусга юборарди”, деган гапини ўша нотариуснинг ўзи телеграмм билан тасдиқ қилди. “Қолган юз гулдўнини ҳодисадан бир кун бурун Иваннинг ўзи олганини Дмитрий тасдиқ қилди”, деди.
– Ганиснинг: “Пулингизни олсангиз мумкин”, деганини ўз қулоғим билан эшитдим; Иван эса бу сўзни эшитгач, “хўп” деганини қилиб, бошини қимирлатди. Ва сўнгра олганини ҳам айтди.
Демак, Иван пулларини олгандан сўнг, кейинча ўз ёнида олиб кетмак учун бир жойга беркитиб қўйган бўлади. Шундай бўлгандан кейин бир мунча жонига қасд қилишдан кимга нима фойда бўлар эди?
Иш шу билан тамом бўлди. Ёлғиз Ганисга бепарволиги ва чириган қайиш ишлатгани учун 20 гулдўн жарима солдилар.
Иванни эса ўз Ферузасининг суяклари билан бирга бир гўрга кўмдилар.
Чўлпон таржимаси
Нашрга тайёрловчи: Наим Каримов
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 8-9-сонлар