Ажойиб ёз кунлари, осуда Қора денгиз.
Кема одамлар ва юклар билан лиқ — ҳатто кеманинг қуйруғида ҳам лаш-лушлар қалашиб ётибди.
Кема дунё кезган -Қрим, Кавказ, Анатолия соҳиллари, Константинополь…
Қуёш чарақлаб турибди, осмон мусаффо, денгиз нафармон, бош-кети кўринмас портда одамлар қатор тизилган, капитан ёрдамчиларининг қулоқни батанг қилгувчи сўкинишлари, қичириқлари авжига чиқади, сўнг яна сокинлик чўкиб, ҳамма қимирлаб қолади.
Кеманинг биринчи тоифали каюталари салқингина, шинам, тоза ва бўм-бўш. Бироқ ошхона ёнидаги йўловчилар тунайдиган тор, бадбўй ҳужралар, шийпонча таги ивирсиб, кўзга хунук ташланади. Ҳамма ёқда сассиқ ҳид ўрнашиб қолган. Устига-устак куннинг беаёв жазирамаси, илим-илиқ ҳаво димоқни ачитади. Бироқ денгиздан таралаётган эпкин буларнинг ҳаммасини тўзитиб юборгудай бўлиб, вужудга ҳаловат инади.
Йўловчилар сафида руслар, нўғайлар, қурдлар, грузинлар, ҳатто греклар ҳам бор. Курдлар, сизга айтсам, ёввойи халқ — кун бўйи донг қотиб ухлашади, грузинлар эса қувноқ халқ: қўшиқ айтишади, жуфт-жуфт бўлиб рақсга тушишади, гоҳида сакраб ҳам қўйишади қурмағурлар.
Кема Трапезундда талай вақт туриб қолди. Мен қирғоққа чиққандим, кема зинасида уймаланаётган бир тўда жулдур қурдларга дуч келдим — сал нарироқда эгнига кулранг черкес кийиб, энсиз камарни маҳкам сиқиб олган чол диққатимни тортди. Курдлар биз билан битта кемада сузиб, бир палубада ётиб туриб, жойларини тоза сақлашарди.
Чолнинг соқоли денгиз кўпигидек оппоқ, юзи эса офтобда қорайиб кетганди. Катта-катта кўзлари эса йилтиллаб турарди.
Мен унинг олдига яқин бориб, «салям» дедим, кейин сўрадим:
— Кавказданмисиз?
Чолнинг чеҳраси очилиб, дўстона илтифот қилди:
— Узоқдан чўтлайверинг, жаноб. Биз курдлармиз.
— Қаерга кетяпсизлар?
Унинг юзлари жиддий тортди, мағрур жавоб берди:
— Истамбулга, жаноб. Шоҳимиз олдига. Унга совға-салом обборяпман. У ўғилларимнинг барини урушга чақириб олганди. Еттовиниям. Шаҳид кетишди гўри нурга тўлгурлар. Аммо шоҳимиз мени ёлғизлатиб қўйгани йўқ, барака топсин.
– Це-це-це…-деб юборди туйқус ёнимизда турган ёш грек. У пўрим кийинган: бошида олча ранг феска, эгнида кулранг сюртук ва оқ жилет, оёғида тугмалари қадалган ялтироқ ботинка бор эди. Қўлида папирос бурқситиб тутун таратаяпти. У бошини чайқаб чолга ачинган бўлди:
— Бай-бай, қариянинг бир ўзи қолибди-да, а?
— Қандай нодонлик, – туси ўзгарди чолнинг, – Мана сен қариб-қартаясан. Аммо, мен ҳечам қаримайман. Маймун ҳақида эшитганмисан?
Йигит мийиғида кулиб сўради:
— Қанақа маймун?
— Билмасанг, эшитиб ол. Тангри ер ва осмонни яратди, буни билсанг керак?
— Бўлмасам-чи?
— Кейин одамни яратибди-да, қулоғига қуйибди: Сен, дебди, ўттиз йил мана шу дунёда яшайсан, умринг фаровонликда ўтади, дунёда нимаики бор ҳаммасидан фойдаланасан. Хўш, маъқулми, дебди. Одам ўйланиб қолибди: ҳаммаси яхшику-я, ўттиз йил камлик қилмасмикан, сўнг худодан ўпкаланибди — шунча кам умр кўраманми? Эшитяпсанми? — хитоб қилди чол кулимсираб.
– Эшитяпман, -жавоб берди грек.
— Кейин тангри эшакни дунёга келтирибди, унга ҳам тушунтирибди: Сен оғир юкларни ташийсан, одамларни миндирасан, манзилигача элтиб қўясан, агар ўжарлик қилгудай бўлсанг, бошингга таёқ билан уришади. Розимисан? Бечора жонивор зорланибди, йиғлабди: Ўттиз йил хор бўлиб яшайманми, ҳеч бўлмаса ярмини чегириб қўй, дебди. Буни эшитган одам — унинг ярим умрини меникига қўшиб бер, дебди худога. Тангри рози бўлибди. Энди одамзоднинг умри қирқ беш йилга узайибди. Қара-я, чакки иш қилмабди-я?, -сўради қувлик билан чол.
– Бўлмасамчи, – жавоб қилди грек унинг фикрини тўла англаб етмай.
— Энди тангри кўппакни вужудга келтирибди ва унга ҳам шунча умр берибди: Сен, дебди итга, хўжангни мол-дунёсини асрайсан, ундан бўлак ҳеч кимга ишонмайсан, кечалари ухламай уйини қўриқлайсан, дебди. Қарагин-а, ит ҳам ўзига берилган умрдан норози бўлиб, ярмига кўнибди. Шунда одам яна очофатлик қилибди, шунча умр увол кетмасин, меникига қўша қол, дебди яратганга. Тангри тилагини бажо келтирибди. Хўш, энди бу азаматнинг умри қанчага чўзилди?
— Олтмишга, – деди грек қувониб.
-Хўш, ана ундан кейин тангри маймунни яратибди, унга ҳам ўттиз йил умр берибди, кейин тушунтирибди: Сен меҳнат-машаққатсиз кун кўрасан, фақат ҳусндан мосуво бўласан, бошинг тап-тақир, юзларинг ажинли, тап-тақир қошинг нақ пешонанг бўлади, ким сени кўрса ўша заҳот хохолаб масхара қилади…
Шу тоб грек чолнинг гапини бўлди:
— Демак маймун ҳам умрининг ярмидан воз кечади, шундайми?
— Шундай, – деди чол ёнида турган миллатдоши қўлидан мундштукни оларкан, – Одам бундан ҳам фойдаланиб, маймуннинг ярим умрини ўзиникига қўшишни сўрайди худодан. Яна…
Шундан сўнг қария жимиб, пича хаёлга толди, бизни унутди гўё. Кейин кўзларини бир нуқтага қадаб, вазмин гапира кетди:
— Одам ўзига берилган ўттиз йиллик умрни мароқли ўтказибди — ебди, ичибди, урушда қатнашибди, тўй-маъракаларда хурсандчилик қилибди, қиз-жувонлар билан бирга бўлибди. Кейин умрига қўшилган ўн беш йилини эшакдай ишлаб, бор топган-тутганини уйига ташиб ўтказибди. Кейинги ўн беш йил ундан ҳам ошиб тушибди. Тўплаган бойлигидан хавотирга тушиб, кечалари билан ухлолмабди, асаби ишдан чиқибди. Умрининг охирида эса куч-қувватдан қолиб, қариб-қартайиб тасқара маймунга ўхшабди қобди. Кимнинг кўзи тушса, бошини лиқиллатиб, хохолаб кулармиш. Сен ҳам айни ўша одам аҳволига тушасан, – тиржайиб, деди қария грекка мундштугини тишлари орасида силжитаркан.
— Сиз-чи,сиз бу аҳволга тушмайсизми? — деб сўради йигит.
— Ҳа, мен бошқача одамман.
— Қанақа одам?
— Мен кабилар бу дунёда саноқли, — деди чол мағрур.- Мен эшакдай бойлик ташимадим, йўқ мол-дунёга итдек қўриқчилик қилмадим, энди маймунга ўхшаб ташвишга тушишга не ҳожат? Шундай экан нега қариликни бўйнимга олишим керак?!
1936
Умид Али таржимаси