Москвада, дейлик, Молчановкада “императорлар театрининг собиқ артисти” истиқомат қилади. Сўққабош, ёши ўтган, юзи япасқи, қотмадан келган. Ашуладан сабоқ беради. Ҳеч бир йил йўқки, айни декабрь ойида бу аёлнинг бошига битта иш тушиб турмаган бўлсин.
Бир куни якшанбада, яъники, жуда совуқ, қуёшли тонгда, даҳлиз томондаги қўнғироқ жиринглади.
– Анна! Эшикка қара! – ҳадиксирабгина қичқирди у ошпаз аёлга, ётоқхонадан туриб.
Ошпаз аёл эшикка шошилди, бориб очди ва ўзини бироз орқага олди – рўпарасида башанг кийинган, ясан-тусанни ўрнига қўйган меҳмонлар – мўйнага бурканган, оқ қўлқопли иккита ойимтилла, эгнига ялангқават шинель илган, оёғида ич-ичигача муз ўтиб кетган юпқа пойабзал пўрим талаба турарди. Талаба меҳмонларга шунчаки ҳамроҳлик қилгани ўз-ўзидан аён эди.
Ойнадаги муз нақшлар орасидан ўтиб, ичкарига ғира-шира ёғду таралиб турган қаҳраборанг совуқ меҳмонхонада меҳмонлар узоқ кутиб қолишди, сўнг уй бекасининг илдам қадам товушлари эшитилди ва улар пешвоз чиқиш учун шоша-пиша ўринларидан қўзғалишди. Нима гаплигидан хабардор аёл жуда ҳаяжонда – юзига қуюқ қилиб упа суртиб, йирик, қоқ суяк қўлларига атир пуркаб олганди…
– Сизларни куттириб қўйганим учун, Худо ҳақи, мени афв этинглар, – деди у, шошиб чиққанидан юрак уришига зўрға бардош берганча жозибали табассум ва оқсуякларга хос хотиржамлик билан.
– Ташвишга қўйганимиз учун бизни афу этинг, – деди талаба унинг сўзини бўлиб ва ўзгача иззат-икром ила ялтоқланганча унинг қўлини ўпа туриб. – Ҳузурингизга биздан мурувватингизни дариғ тутмассиз деган умидда ташриф буюргандик. Анъанавий адабий-вокал-мусиқа оқшомини уюштирувчи қўмита бизга илтифот кўрсатиб, бешинчи Москва гимназияси тарбияланувчиларининг фойдасига, рождество байрамининг учинчи куни ўз илтифотли иштирокингиз билан ушбу оқшомда қатнашишингизни сиздан илтимос қилишни топширди.
– Жаноблар, мумкин бўлса, мени шундан халос этсангиз! – мафтункорлик билан гап бошлади аёл. – Гап шундаки…
Бироқ ойимтиллалар аёлни шунақанги мулойимлик ва одоб билан, шунақанги ҳамжиҳатлик ила ўртага олишдики, шугина бир уринишдаёқ у ҳатто бош тортишни қўяверинг, бир оғиз йўқ дейишга ҳам ботинолмаётганди…
Шу воқеадан сўнг орадан роппа-роса уч ҳафта ўтди.
Шу уч ҳафта ичи Москва ишлайди, савдо-сотиқ билан шуғулланади, вақтичоғлик қилади, бироқ ўзининг энг ранг-баранг барча юмушларию қизиқишлари ва ўйин-кулгилари орасида у фақат биргина муҳим 27 декабрь кечасини пинҳона кутиб яшарди. Шаҳарнинг ҳар бир чорраҳасида барча ранг ва ўлчамдаги сон-саноқсиз афишалар кўзга ташланарди: “Тубанликда”, “Кўк қуш”, “Уч опа-сингиллар”, “Сув париси”даги Шаляпин, “Қор қиз”даги Собинов, Шор, Крейн ва Эрлих, Зимин операси, Игорь Северянин кечаси… Бироқ энди бешинчи Москва гимназиясининг тарбияси қониқарсиз ўқувчилари фойдасига ўтказиладиган адабий-вокал-мусиқа оқшомининг илтифотли иштирокчиси исми шарифи катта-катта ҳарфлар билан ёзилган мўъжазгина афишадан кўз узиб бўлмасди. Бу вақт ичида иштирокчининг ўзи унга кўз тутиб турган Москванинг ишончини оқлаш учун тинмай, астойдил ишларди – гоҳ уни, гоҳ буни, яна бошқасини ёдга солар, куйлайдиган қўшиғини сараларди, овозини синовдан ўтказарди… Энди кунлар фавқулодда тез ўтиб борар ва бу тезлик уни ваҳимага соларди: бу даҳшатли кеча кўз очиб-юмгунча келиб қолади!
Аёл дарс беришни тўхтатди ва ҳеч кимни қабул қилмади, кўксовдан, тумовдан юқтириб олмаслик учун ўзи ҳам уйдан ташқарига чиқмади. Томошабинларга нимани тақдим этса экан? Бу саволга жавоб топиш ҳатто ўз ишининг устаси бўлган артист учун ҳам қандай мушкул эканини одамлар қайдан билсин! Бу ерда нечоғлик сезгирлигу нечоғлик дид, тажриба ва уддабуронликни кўрсата билиш керак. Узоқ ва машаққатли шубҳа-гумонлардан, иккиланишлардан сўнг аёл эски, ўзининг ажралмас репертуарида тўхтади ва муаммо ҳарҳолда ўз ечимини топгандек бўлди – тасдиқдан яна ўша учта нарса ўтди: бири – ҳаддан зиёд бахтга ташна ва бахтдан тақводорларча юз ўгирган меҳрибон аёл қалбининг кучи ва дарди, ундаги пинҳона эҳтирос, алладек ёқимли, маъюс французча мафтункор қўшиқ; бошқаси – товушдаги оҳангдорликнинг бор гўзаллигини ва руснинг жасоратини намоён этувчи қўшиқ; ва ниҳоят – ҳар доимгидек алоҳида ҳайратга солиши мумкин бўлган ва “шавқ билан”, ёшлардек, шўх-ўйноқи ижро этилиб, яна худди шундай шиддат билан қарсаклар зарбидан бутун танобийни ларзага келтиргудек энг юқори, ингичка овозда кескин тугалланувчи унинг: “Мен сендан бўса олган бўлардим, бироқ ойни кўриб қолишдан қўрқаман” шоҳ қўшиғи! Бундан ташқари аёл, томошабинлар талабига биноан, ўн иккита нарсага тайёргарликни бошлаб юборганди… Кунлар кўз ўнгида бир-бирини қувлаб лип-лип ўтиб борар ва унинг қалбида ўзининг кун-соати яқинлашиб қолганини сездирувчи туйғу етилиб келаётганди. Бироқ у тиним билмай ишларди. Мана, охири ўша сўнгги, ҳал қилувчи кун ҳам етиб келди.
27 декабрь куни эрта тонгдан у жонини жабборга бериб ишлади. Эрталаб яна битта, энг сўнгги тайёргарлик кўрилади. У энди эстрадада куйлагандек, овозни баралла қўйиб, бор санъаткорона таъсирчанлик билан куйлар, дастурнинг бошидан-охиригача чолғувчи унга ҳамроҳлик қиларди – ва у меҳнатлари зое кетмаганини ҳис этди! Бироқ оқшом уни нима кутаяпти – Худо билади. Ғалабами ёхуд ҳалокат? Унинг юзи ўтдай ёнар, қўллари эса муз эди… Машқлардан сўнг у ўз ётоқхонасига йўл олди, ечинди ва ўринга ётди. Аннушка унга одатдан ташқари қандайдир балиқнинг донадор икрасини, совуқ жўжа ва ўткир шароб олиб келди: барча катта артистлар саҳнага чиқиш олдидан мана шу тарзда нонушта қилишарди. Тамадди қилиб бўлгач, у пардаларни беркитиб чиқиб кетишни ва уйда мутлақо тинчлик сақлашни тайинлади-да, кўзини юмди, қоронғида, бирон-бир ҳаракатсиз кечқурунги олтигача бир, икки, уч соат ҳеч нимани ўйламай, ҳеч нимадан ҳаяжонланмай ётди. Олтида сапчиб турди; даҳлиз қўнғироғининг ёқимсиз овози эшитилди – рўпарада сартарош турарди!
Аёл гуп-гуп ураётган юрагию ловуллаб ёнаётган қулоқлари, ёноқлари ва муздек қўллари билан ўзига роса қирқ томчи тинчлантирувчи ифорли валериана суюқлигидан томизди-да, ясан-тусан қилиб, қурбон бўлиш учун ҳозирланишга келган қариқиздек, халатда, сочлари ёйиқ ҳолича ойна олдига келиб ўтирди. Ошхонадаги плита устида қўлини олдиндан илитиб олган сартарош кириб келди-да, далда бергандек:
– Бугун ҳаво бўлакча! Совуқ яхшигина бўлса-да, барибир кишига ёқяпти! – деди.
У ҳам артистлардек феъл-атворга эга бўлгани боис уни етарли даражада тушуниб, аёлдаги артистларга хос ҳаяжонга ҳамдард бўлган кўйи ўзини олдинда турган воқеаларнинг иштирокчиси дея ҳис этиб, нафислик билан шошилмай ишларди. У ўзининг енгил-елпи, бепарво гаплари, ҳазил-ҳузули ва умуман, бундай ишларда бор пишиқ-пухталиги, шунингдек, аёлнинг бўлажак муваффақиятига қатъий ишонган ҳолда уни аста-секин юпатиб, унга бор куч-қувватини, журъатини, умидини қайтариб бераётганди… У ўз ишини якунлаб, унга ҳар томондан туриб назар ташлар экан, бир жингалак соч ва бир турмак бундан ортиқ бўлмаслигига ишонч ҳосил қилгач, кетди, ошхонадаги соат эса жимгина еттини кўрсатиб турарди, унинг юраги яна така-пука бўла бошлади: саккиз яримда аёлни олиб кетишга келишади!
Соат саккиз бўлди, бироқ у ҳали ҳам тайёр эмасди. У яна томчили доридан ичди, бу сафар гофманникидан, аёл ўзининг энг яхши ичкўйлагини кийди, ёноғини қизилга бўяб, юзига упа суртди… Ўзининг гумбурлаган овози билан уни ҳайратда қолдириб, соат саккизу ўттизда яна қўнғироқ янгради: келишди! Анна алпон-талпон даҳлиз томонга югурди, ҳаяжон босгандан, у ҳам ўзини йўқотганди – эшикни дарров очишга қурби етмаётганди…
Улар – бу сафар икки талаба – ижарага олинган, жуда бақувват қирчанғи от қўшилган, алмисоқдан қолган улкан енгил аравада келишганди. Улар сарпойчан бўлиб, оёқлари ҳам совуқдан тош қотганди. Меҳмонхона ҳар доимгидек совуқ ва керосин ҳиди анқиб турган чироқ ёниб турарди. Улар меҳмонхонада худди куёвжўра каби ялтираган силлиқ бошларидан мойнинг хушбўй исини таратиб, кўкракка катта-катта оқ селондан капалакнусха бандни қўндириб олганча, битта мундирнинг ўзида сабр-тоқат билан кутиб ўтиришарди. Улар мулойимлик ва чидам билан, индамай, ҳар томондан беркитиб ташланган эшик, кўк ва қизил чироқлар шуълалари милтиллаган музли ойналарга, роялга, девордаги машҳур қўшиқчиларнинг суратларига қараб ўтиришар, дераза ортидан трамвайнинг босиқ жиринглаган, ғилдиракларининг гумбурлаган овози, эшик ортидаги Аннушканинг ва артистнинг хавотирли қадам товушлари қулоққа чалинарди… Шу зайлда ўн беш, ўттиз, қирқ дақиқа вақт ўтди… Ниҳоят қўққисдан эшиклардан бири ланг очилди. Улар баб-баравар ирғиб ўрниларидан туришди, артистка эса мафтункор ва бепарво табассум билан уларга пешвоз чиқиб келди:
– Худо ҳақи, жаноблар, мени кечиринглар, сизларни кутдириб қўйдим… Нима, вақт бўлдими? Ундай бўлса, мен тайёрман, қани, кетдик бўлмаса…
Ҳатто ёноқларидаги қизил бўёқ ва упанинг орасидан ҳам тўқ қизил доғ ловуллаб турарди, оғзидан эса марваридгул томчи дорисининг, қўлидан ёғупанинг, ҳаворанг ҳарир кўйлагидан хушбўй атир ҳиди димоққа урарди. Аёл рақс кечасига отланган Азроилга ўхшарди. Аёлнинг ҳамма томони жингалакланиб, шиширилган кулранг, мураккаб ва баланд қилиб турмакланган сочларига қандайдир испанчами-ей, қора тўр ташланган, кўкраклари олдинга туртиб чиққан, яланғоч елкаларига оқ қўнғироқ юнгли калта эчки пўстини солиғлиқ эди… Талабалар ҳам шоша-пиша аёлнинг орқасидан даҳлизга отилишди. Улардан баланд бўйли, ориққинаси аёлнинг калиш-этигини қўлига олди-да, чаққонлик билан чўккалаб, унинг олмос тўқа қадалган атлас қора пойабзалини кийдира бошлаганди, аёл ёрдамлашиш учун ич кийимининг жимжимали тўридан ушлаб этагини тортмоқчи бўлиб энгашганида, қўлтиғидан аччиқ бадбўй ҳид анқиб кетганини сезди…
Аёл яшин чақнаб турган булут ва аллақандай мусофирхона тўғрисида куйларди – “бизни бу мусофирхонага Парвардигорнинг ўзи юборди” – ва яна ўзгача бир дабдаба билан “Мен сендан бўса олган бўлардим-у…”. Биринчи қаторда ўтирган танқидбоз мўйсафид киноя билан қиқирлаб кула бошлади-да, бошини бурди – ниҳоятда очиқ-ошкора: ҳар нарса қилсанг қил-у, фақат ўпмагил… Барибир аҳмоқ бўлгани қолди: артистка улкан муваффақият қозонди, уни тинмай саҳнага таклиф қилишарди ва томошабинларнинг талабига биноан такрорлашни сўрашарди – булар айниқса оёқ остида туриб олиб, ваҳима билан қичқираётган ва чўмич каби букилган кафтларини бир-бирига уриб қарсак чалаётган ҳушёр ёшлар эди.
Рус тилидан Дилдорхон Алиева таржимаси