Иван Буковчан. Қотил юраги (комик муболаға)

Уч парда, етти кўринишли пьеса

ИШТИРОК ЭТУВЧИЛАР:

Л у и д ж и Л о м б а р д и – ўлимга ҳукм қилинган гангстер, 45 ёшда.
Б е н н и М а к л а у д – унинг адвокати, 45 ёшда.
М и т ч е л – қамоқхона назоратчиси, 60 ёшда.
М а й о р А п п е л г е й т – ҳарбий, 50 ёшда.
Д о л о р е с – серғайрат, жўшқин ва қизиққон аёл, 36 ёшда.
Д и а н а – унинг қизи, чиройли ва камгап, 18 ёшда.
Ф р е н к М о р р и с – ёзувчи, 50 ёшда.
И з а б е л – Луиджининг собиқ хотини, 25 ёшда.
Б и р и н ч и с о т у в ч и.
И к к и н ч и с о т у в ч и.
У ч и н ч и с о т у в ч и.

БИРИНЧИ ПАРДА

Биринчи кўриниш

Парда олди. Қўлида бир боғлам калит тутган М и т ч е л ва папка қўлтиқлаган М а к л а у д чиқадилар.

М а к л а у д (тўхтаб). Қаёққа бошлаяпсиз, Митчел?
М и т ч е л. Ўлим камерасига, мистер Маклауд.
М а к л а у д. Қаёққа?.. (Тушунмай.) Луиджининг олдига эмасми?
М и т ч е л. У аллақачон ўша ерда.
М а к л а у д (эсанкираб). Ўлим камерасида-я?.. Ахир бу қонунга зид-ку! Ҳали биринчи апрелга бир ой бор…
М и т ч е л. У ёққа ўтказишларини ўзи сўради.
М а к л а у д. Ўзи сўради?
М и т ч е л. Ҳа. Бошлиғимиз намунали ҳулқини ҳисобга олиб, рози бўлди.
М а к л а у д. Луиджи эсини еб қўйибди! Бошлиғингиз ҳам!
М и т ч е л. Менимча, Луиджи ҳақ.
М а к л а у д. Демак, сизам эсингизни еб қўйибсиз!
М и т ч е л. Луиджи, “барибир пешонамга электр стулида ўлиш ёзилган экан, ҳозирдан ўрганиб тураман” деди… Ана шунда қатлни кутиш асабларга камроқ таъсир қилармиш.
М а к л а у д. Ё тавба, мижозларимдан ҳеч бири у дунёга бунчалик шошмаганди!..
М и т ч е л. Ҳа, Луиджи бошқаларга ўхшамайди… Биласизми, у қўшиқ айтганида бутун қамоқхона тош қотади! Уни қотиллар, гиёҳвандлар, фоҳишалар, контрабандачилар, ҳамма-ҳамма кўзларида дув-дув ёш тўкиб эшитади! Э, худойим, унинг қандай овози бор-а!.. Минг афсуски, Луиджини электр стулига ўтқазишиб, токни улашганда… ана шунда овоз ўчади… Бутунлай ўчади…
М а к л а у д. Нимаям қилардик, Митчел, тақдирга тен бермай иложимиз йўқ.
М и т ч е л. Ундай деманг, мистер, ахир сиз унинг адвокатисиз!
М а к л а у д. Мен қўлимдан келган ҳамма ишни қилдим, унинг ҳаёти учун роппа-роса ўн кун курашдим! Жон куйдириш шунчалик бўлади-да! Охирида афв этишларини сўраб, илтимосномаям бериб қўйдим.
М и т ч е л. Хўш, натижа-чи, натижа?
М а к л а у д. Ҳар қалай, ноумид – шайтон… (Бирпасдан сўнг.) Майли, юринг, кетдик… (Парда ортига кириб кетади.)

Парда кўтарилади. Хонанинг қоқ марказида қандайдир қорамтир ёғочдан ишланган электр стули қирол тахтидай салобатли кўринар, қурбонни боғлайдиган чарм тасмалар осилиб турар, шундоқ ёнида чарм кулоҳ ҳам ётарди. Бир чеккадаги деворда мармар тахтача бўлиб, унда токни ёқиб-ўчирадиган мослама ўрнатилган. Сочи тақир қилиб олинган Луиджи электр стулида ўтирганича тосдаги илиқ сувга оёқларини солиб, неаполитанча “Санта Лучия”ни куйлаяпти. Ғашни келтирадиган даражада ғижирлаб эшик очилади ва М и т ч е л билан М а к л а у д кирадилар.

Л у и д ж и. Бу эшигинглар намунча ғижирлайди? Наҳотки, бутун бошли қамоқхонада шу касофатнинг овозини ўчиришга жиндай мой топилмаса!..
М и т ч е л. Кечирасан, Луиджи, қоидаси шунақа. Ўлим камерасининг эшиги шунақа ғижирлаб очилиши керак.
Л у и д ж и. Тавба, “қоидаси шунақа”миш! Дунёда не-не аҳмоқона қоидалар бор-а!..
М а к л а у д (хонани кўздан кечириб). Ў-ў, қасрнинг ўзи-ку! Менга қара, нега тўппа-тўғри қабристонга ўтказинглар деб сўраб қўя қолмадинг?
Л у и д ж и. Менга шу ер ёқади — тинч. Овозим яхши жаранглайди. Мана… (Куйлаб.) О-о-о!..
М и т ч е л. Сувингни алмаштириб келайми?
Л у и д ж и. Раҳмат, қария, бугунча бўлади… (Оёғини арта бошлайди.)
М и т ч е л (Луиджининг сочига қараб). Ё парвардигор, нима деса бўлади, а!.. (Маклаудга.) Сочининг аҳволини қаранг!
Л у и д ж и. Ўзинг айтгандай, қоидаси шунақа, Митчел. (Кўрсатиб.) Мана бу еримга электрод улашади. Манави, манави ергаям.
М и т ч е л. Унақа совуқ нафас қилма. Мана кўрасан, губернатор сени афв қилади… Мени айтди дерсан…
М а к л а у д. Бизни холи қўйинг, Митчел, мен мижозим билан гаплашиб олишим керак.
М и т ч е л (тосни олиб). Аҳвол жуда ёмон бўлганидаям, барибир, янаям ёмонроқ бўлишига жой қолади, Луиджи, ноумид – шайтон. Бардам бўл, ўғлим… (Тосни олиб чиқиб кетади.)
М а к л а у д. Луиджи, бугун эрталаб губернаторга учрашувдим… Ҳалиги… нима… хуллас, илтимосимизни рад қилди. (Луиджининг бамайлихотир оёғини артаётганини кўриб.) Нима, бунинг сенга алоқаси йўқми?!
Л у и д ж и. Умрим бино бўлиб, менга ҳеч ким, ҳеч нимани, ҳеч қачон шунчаки, текинга бервормаган. Шунинг учунам губернаторингиздан ҳеч нима умид қилаётганим йўқ.
М а к л а у д. Менимча, подадан олдин чанг чиқариш керак эмас. Ҳозирча омадимиз келмай турибди, холос. (Бақириб.) Бирпас типирчиламай турсанг-чи, ўша лаънати стулингда! Ўзингни ҳамма нарсага бефарқ қилиб кўрсатмай қўяқол!
Л у и д ж и. Шундай қилиб, қачон энди?.. (Туриб, оёғига шиппагини илади.) Қатлни айтаман…
М а к л а у д (чуқур тин олиб). Биринчи апрелда… Эрталаб еттида… Роппа-роса бир ойдан кейин, Луиджи…
Л у и д ж и. Ия, ҳали бир ой кутаманми? Ўттиз кун-а!.. (Бир оздан кейин.) Бизнинг Сицилияда, бугунги ишни эртага қўйма, деган нақл бор…
М а к л а у д. Губернатор нега сени афв этмаганини биласанми?
Л у и д ж и. Нега бўларди, эрингандир-да…
М а к л а у д. Нега десанг, губернатор сайловда ғолиб чиқиб, яна ўз ўрнида қолмоқчи. Сайловчиларга жиноятчиликни таг-томири билан тугатишга ваъда берган. Бундай шароитда дунёдаги энг зўр адвокат ҳам… (Қўл силтаб.) Э-э…
Л у и д ж и. Барибир сиздан зўри йўқ, Бенни. Суддаги чиқишингизни қаранг, эшитиб ўтириб кўзимдан ёш чиқиб кетаёзди. Менга кўп яхшилик қилдингиз, елиб-югурдингиз, овора бўлдингиз. Умримнинг охиригача… аниқроғи, биринчи апрелгача унутмайман, Бенни…
М а к л а у д. Ҳали умид бор. Электрон ҳисоблаш машиналарининг маълумотига қараганда, губернатор сайловда енгилармиш! Мабодо губернатор бошқа бўлса, шароит ҳам, имкониятлар ҳам бошқа бўлади!
Л у и д ж и (ўйчан). Биринчи апрелдан кейин бунақа бош оғриқларгаям ҳожат қолмайди…
М а к л а у д. Тавба, қип-қизил жинни экансан-ку!
Л у и д ж и. Мингта “шап-шап”дан битта шафтоли яхши, дейишади бизнинг Сицилияда. Айтганларингизнинг бари насия гаплар, Бенни. Битта танишим қатл қилишларини ярим йил кутди. Қатлни қолдираверишди, қолдираверишди. Охири бир кун сабр косаси тўлиб, ўзини-ўзи… Шунақа.
М а к л а у д (бўш келмай). Энг аввал ишнинг қайта кўрилиши ҳамда ўлим жазосининг бекор қилинишига эришиш керак. Бунинг учун иккита нарса: биринчидан, вақт керак, иккинчидан, янги губернатор керак!
Л у и д ж и. Балки бекорга овора бўлаётгандирмиз, Бенни?
М а к л а у д. Сенга ўхшаган хомкалла гангстерни умримда кўрмаганман! Ё, тавба, мен бор росту ёлғонлар билан бунинг ҳаёти учун курашиб ётибман-у, у бўлса тувакда ўтирган боладай электр стулида бепарво ялпайиб ўтирибди!
Л у и д ж и. Бўпти-бўпти, ҳадеб бақираверманг. Ҳали умид борлигини билмаган эканман. Хўп, яхши. Мен нима қилишим керак?
М а к л а у д. Манави бошқа гап. Биринчидан, мен нима десам шуни қиласан. Ваъда бер.
Л у и д ж и. Ваъда бераман.
М а к л а у д. Иккинчидан, ҳеч нарса ҳақида ўйламайсан, сен учун ҳам мен ўйлайман. Ваъда бер.
Л у и д ж и. Жоним билан.
М а к л а у д. Ваъда бер!
Л у и д ж и. Хўп, ваъда бераман. Яна нима?
М а к л а у д. Бўлди. Ана шундагина, эҳтимол, сен аҳмоқни қутқариб қола оларман.
Л у и д ж и. Бундан буён, Бенни Маклауд, сизнинг чизган чизиғингиздан чиқмасликка ва ҳеч нарса ҳақида ўйламасликка тантанали равишда ваъда бераман!
М а к л а у д. Майнавозчилик қилма! (Жиддий.) Энди диққат билан эшит. “Санта Моника” нималигини биласанми?
Л у и д ж и. “Санта Моника”… Қаҳвахонами, касалхонами?
М а к л а у д. Касалхона. Ҳозир у ерда инсон юрагини кўчириб ўрнатиш устида тажрибалар кетяпти. (Сукут.) Улар янги материалга доим муҳтож…
Л у и д ж и. Қанақа материал?
М а к л а у д. Юрак-да. Одам юраги… (Чайналиб.) Албатта соғлом, бақувват юрак бўлиши керак. Ишдан чиқиб, шалвираб қолгани эмас.
Л у и д ж и. Бу гапни нега менга гапиряпсиз?
М а к л а у д. Ҳозир “Санта Моника”да шунақа ишлар бўляптики… Ҳа, майли, бунга бизнинг алоқамиз йўқ. Агар улар донорнинг… (ғалати тикилиб) қайси кун, қайси соатда ўлишини аниқ билганда эди…
Л у и д ж и (ўйланиб). Тушунарли… Демак, улар донорнинг дейлик, биринчи апрел куни, эрталаб соат еттида ўлишини аниқ билишса… Демак, гап менинг юрагим ҳақида кетяпти?
М а к л а у д. Ҳа, Луиджи.
Л у и д ж и (саросимада). Ахир ҳозиргина, сени ўлимдан қутқараман деятувдингиз-ку!..
М а к л а у д. Қутқараман ҳам. Агар гапимнинг устидан чиқмасам, Бенжамин Маклауд отимни бошқа қўяман!
Л у и д ж и. Юрагимни суғуриб олишгандан кейин исмингизни бошқа қўйганингизни қаёқдан биламан?
М а к л а у д. Биров сенга юрагингни суғуриб олади, деяптими? Манави каллани ишлатсанг-чи, қовоқбош!
Л у и д ж и. Ишлатишга ишлатяпман-у, лекин юраксиз қандай яшайман!
М а к л а у д. Юрагингга ҳеч ким тегмайди, каллаварам! Бераман деб қуруқ ваъда қиласан, холос! Етиб бордими энди?
Л у и д ж и (довдираб). Қанақасига – ваъда қиламан?..
М а к л а у д. Мана бундай. (Бир варақ қоғоз чиқариб.) Сен юрагингни “Санта-Моника” касалхонасига берасан, эвазига бир тийин ҳам олмайсан. Бу ерда ҳаммаси ёзилган…
Л у и д ж и. Бир тийин ҳам олмайман? Текинга бераманми?
М а к л а у д. Ҳа, текинга берасан! Садақа дегандай… Ана ундан кейин томошани кўрасан! Газеталар ўқлоғдай-ўқлоғдай ҳарфлар билан: “Иккита одам ўлдирган қотил Ломбарднинг Америка фанига қўшган ҳиссаси!”…
Л у и д ж и (ўзини босишга уриниб). Иккитамас, Бенни!..
М а к л а у д. Шундай десак ютамиз, калла! Манави ерига имзо қўйсанг бўлди, қолганини ўзим қойиллатаман…
Л у и д ж и (қўл қўйиб). Ана…
М а к л а у д. Мен мижозларимнинг аввал ўқиб чиқиб, кейин қўл қўйишларини маъқул кўраман.
Л у и д ж и (ўқийди). “Мен, қўш қотилликда айбланиб, электр стулида қатл қилинишга ҳукми олий этилган Луиджи Ломбарди, шуни маълум қиламанки, шу йилнинг биринчи апрелида мен қатл қилинганимдан кейин…” У эмас-бу эмас, биринчи апрелда… тамом экан-да, а?
М а к л а у д. Хўш, нима деб ёзишим керак эди бўлмасам? Қатл қилинмайди, юрагини тириклайин суғуриб олиб кетаверинглар, деб ёзишим керакмиди?!
Л у и д ж и. Ҳа-а, гап бу ёқда денг!..
М а к л а у д (тўнғиллаб). Одам маймундан пайдо бўлган, дейишади. Баъзан тескарисиям бўларкан. (Луиджини кўрсатиб.) Мана, исботи!
Л у и д ж и. Бўпти, бўпти… Бу шунчаки йўлига-да, а? Адвокатларнинг найранги!..
М а к л а у д. Шу найранг сенинг ҳаётингни сақлаб қолади, аҳмоқ! У ёғини ўқи.
Л у и д ж и (ўқиб). “Бу бировларнинг тазйиқисиз, ўз хоҳишим билан шу қарорга келдим. Юрагимни ҳадя этишимни ўзимнинг сўнгги истагим ва маънавий васиятим деб билгайсиз”. Эҳ, Бенни, зўр ёзилибди, лекин!.. Ғирт ёлғон-у, лекин зўр!..
М а к л а у д. Охиригача ўқи.
Л у и д ж и. Бошқа ҳеч нима ёзилмаган. Имзони демаса… Ҳа, мана, пастда экан. (Ўқийди.) “Санта Моника”нинг махсус бўлими қўйган ҳамма шартларни сўзсиз бажариш мажбуриятини оламан”. (Қоғозни қайтариб бериб.) Бажарамиз-да, қўл қўйганимиздан кейин. Ҳамма касалхонаниям ўз қонун-қоидаси бўлади.
М а к л а у д. Бу қоидалар бор-йўғи иккита. (Қоғозни папкага жойлаб.) Лекин улар ҳақида ёзиб бўлмайди.
Л у и д ж и. Нега бўлмайди?
М а к л а у д. Ҳалиги… хуллас, махсус бўлим… Очиғи, у фақат касалхона эмас. Эҳ-ҳе, “Санта Моника”да нималар қилишмайди дейсан! Умуман, бу ҳақда бировга миқ этмайсан – биринчи шарти шу. Мен ҳам оғиз очмаслигим керак.
Л у и д ж и. Хўп, иккинчи шарт-чи?
М а к л а у д. Иккинчиси, ўлим электр токидан эмас, бошқа нарсадан бўлиши керак.
Л у и д ж и. Нега энди? Менимча, электр стулида ажал топиш – энг обрўли, энг замонавий усул.
М а к л а у д. Тўғри, лекин ток юракниям ишдан чиқаради-да. Шунинг учун улар янгича усулда қатл қилишни талаб қилишади. Бизга худди шу керак!
Л у и д ж и. Қанақа янги усул?
М а к л а у д. Унчалигам янгимас… тўғрироғи, жуда қадимий усул. Америкада бу усул ҳеч қачон қўлланилмаган.
Л у и д ж и. Қанақа усул, гапира қолсангиз-чи?!
М а к л а у д. Бошни танадан… қилич билан…
Л у и д ж и (даҳшатга тушиб). Қи… қилич билан?! Йўқ, шошманг, қилич билан дедингизми?..
М а к л а у д. Ҳа. Иккинчи шарти шу.
Л у и д ж и. Лекин… лекин бу даҳшат-ку!.. Қанақа қилич билан?
М а к л а у д. Унисини билмадим…
Л у и д ж и. Унда мен биламан, ўтмас қилич билан!..
М а к л а у д. Бу гапни қаёқдан олдинг? Аксинча, энг ўткири билан.
Л у и д ж и. Бизга Афғондан қорадори жўнатиб турадиган бир оғайнимнинг айтишича, уларда шунақа ўтмас қилич билан қатл қилишаркан. Кўпроқ азоблансин, ўлолмай қийналсин, деб! Билдингизми?
М а к л а у д. Қўйсанг-чи, нималар деб алаҳсираяпсан?
Л у и д ж и. Ҳа-да! Қоғозга қўл қўйган мен, сизга нима! Бунақа азобларга сираям рози эмасман! Мен норозилик билдираман!
М а к л а у д. Нима деяпти бу? Қанақа азоб, тентак? “Санта Моника”нинг дўхтирларини аҳмоқ деб ўйлаяпсанми? Уларга бақувват, соғлом юрак керак! Қийноқ-азобларда юраги ишдан чиққан донорни бошига урадими?!
Л у и д ж и (бақириб). Ўша донор менманми, ахир?! Менман! Қанақадир оқ халатли қассоблар ўтмас қилич билан бошимни мажақлар экан-у, мен қараб турарканманми?! (Электр стулини кўрсатиб.) Йўқ, ундан кўра тинчгина манави ерда ўлганим яхши! Иззатимни билиб, обрў билан… Ҳалиги қоғозни менга беринг-чи!
М а к л а у д (папкага ишора қилиб). Бу сенинг халоскоринг, Луиджи!
Л у и д ж и. Йўқ, йўқ, беринг, мен таваккал қилолмайман! Ўша ўтмас қиличингизга икки дунёдаям рози бўлмайман!
М а к л а у д. Тўғри қиласан. Ҳеч кимам рози бўлмайди. Олий суд ҳам, конгресс ҳам, ҳатто президент ҳам! Хуллас, “Санта Моника” қилич билан қатл қилишга рухсат ололмай, икки қўлини бурнига тиқиб қолаверади!
Л у и д ж и. Мабодо, рухсат олса-чи?
М а к л а у д. Ҳеч қачон! Сен демократик мамлакатда яшаяпсан, Луиджи. Демократик ҳукумат ўз фуқаросини бунақа ибтидоий усул билан қатл қилинишига икки дунёдаям йўл қўймайди! Ахир сенам Америка фуқаросисан-ку!
Л у и д ж и. Эҳтимол, сиз ҳақдирсиз, ўйлаган режангизам тўғридир… Лекин… Йўқ, қоғозни беринг, Бенни!
М а к л а у д. Нима, ақлдан оздингми? Ҳамма айтганингизни қиламан, деб сўз бергансан-ку!
Л у и д ж и. Тўғри, айтганингизни қиламан, деб сўз бердим. Лекин, бошимни кундага қўяман, деб сўз бермаганман!
М а к л а у д. Ҳеч ким сенинг бошингни олмоқчи эмас, жинни! Бу аҳмоқ бош кимгаям керак!..
Л у и д ж и. Бу дунёда ҳеч кимга ишониб бўлмас экан-да, а? Бенни, қоғозни беринг!
М а к л а у д. Бермайман.
Л у и д ж и. Ўзимнинг имзоимга ўзим эгалик қилолмайманми? Имзо меникими? Меники! Демак, қоғозам меники!
М а к л а у д. Берсам нима қиласан?
Л у и д ж и. Йўқ қиламан!
М а к л а у д. Бунга қўшиб ўзингниям йўқ қиласан!
Л у и д ж и. Охирги марта сўраяпман, Бенни, қоғозни беринг…
М а к л а у д. Овора бўласан! Ўзинг хоҳлайсанми-йўқми, барибир, сени ўлимдан қутқараман!
Л у и д ж и (курсини олиб). Бенни, илтимос, қоғозни беринг!..
М а к л а у д. Нима қилмоқчисан?..
Л у и д ж и. Бўлмаса, манави билан битта уриб ўлдираман…
М а к л а у д. Мени ўлдирасанми? Мени-я? Иккитасини ўлдирганинг камлик қилдими?
Л у и д ж и (изтироб билан). Битта!.. Битта одам ўлдирганман, Бенни-и!..
М а к л а у д. Стулни жойига қўй-э, тентак!..
Л у и д ж и. Олдин қоғозни бер! (Стулни боши узра кўтариб.) Кимга айтяпман?!
М а к л а у д. Ма-э! Ол, пишириб е! Яхшиликни билмаган кал фозил! Билиб қўй, ўз бошингни ўзинг еяпсан!

Луиджи курсини қўйиб, қоғозни шошилмай йирта бошлайди.

Аҳмоқ… Товуқмия… Тўнғиз…
Л у и д ж и. Сизни хафа қилмоқчимасдим, Бенни…
М а к л а у д. Энди мени маъзур тутадилар, бунақа аҳмоқ одамга адвокатлик қилолмайман!
Л у и д ж и. Бунақа ишда таваккал қилиб бўлмайди-да, Бенни. Ишончим комил бўлиши керак… (Электр стулига ишора қилиб.) Мана манови – нақд, бунга ишончим комил.
М а к л а у д. Эй, худойим, қандай ажойиб режа эди-я!.. Ҳар бир икир-чикиригача ўйлаб қўйувдим!.. Бу менинг фаолиятимдаги энг зўр иш бўларди! Иш бўлгандаям даҳшатли иш, мисоли бомба!
Л у и д ж и. Бомба? Қанақа бомба?
М а к л а у д. Унинг портлашидан бутун олам ларзага келарди! “Санта Моника”нинг бутун дунё жамоатчилиги олдида ниқоби йиртилиб, шармандаси чиқар эди! Бунинг учун арзимаган нарса – сен чўчқанинг имзоси – керак эди, холос…
Л у и д ж и. Уларнинг шарти бўйича, сизам миқ этмаслигингиз керак эди-ку?
М а к л а у д. Мижозимнинг ҳаёти хавф остида экан, мен жим туролмайман. (Майдаланган қоғоз парчаларини йиғиб олиб, тепага сочади.) Шуларнинг ҳаммасини барбод қилиб ўтирибсан. Ҳамма газеталарда жар солиб, даҳшатли шов-шув кўтарарди, сен эшакдан миллий қаҳрамон ясамоқчи эдим!..
Л у и д ж и. Нима-нима? Миллий қаҳрамон?
М а к л а у д. Ҳа! Қотилдан – жафокаш, гангстердан – фаришта, эшакдан – миллий қаҳрамон! Эссизгина, зўр режа эди… Э-э, сенга гапирдим нима-ю, деворга гапирдим нима!
Л у и д ж и (руҳсиз). Сизнингча, бу бўладиган гапмиди?..
М а к л а у д. Тағин сўрайди-я! Сенинг манави совуқдан-совуқ башаранг газеталарда тиржайиб турган бўлар эди! Жамоатчилик фикриям ўша совуқ башара томонда бўларди! Фақат биздамас, ҳатто чет эллардаям! Биринчи бўлиб Ватикан сени ҳимоя қилиб чиқарди!
Л у и д ж и (ютиниб олиб). Ватикан?.. Ҳатто, папанинг ўзиямми?..
М а к л а у д. Албатта-да! Улар ватандошларининг бошига кулфат тушганда қараб туришмайди! Майли, ўша одам гангстер, иккита одам ўлдирган қотил бўлсин, барибир, ҳимоя қилишади!
Л у и д ж и (азобланиб). Иккитамас, Бенни, иккитамас…
М а к л а у д. Э, ўнта бўлмайдими! Ахир, Луиджи Ломбарди – одам, устида тажриба ўтказиладиган қуёнмас!
Л у и д ж и (ғурурланиб). Тўғри-да!..
М а к л а у д. Бир тасаввур қилгин-а, сен ўша ҳадяномага қўл қўйдинг. Бу шов-шув бутун дунёга тарқалади! Луиджи Ломбардига қиличдан ҳалок бўлиш хавф соляпти!.. Бу хабар…
Л у и д ж и. Йиртиб ташлаб жуда тўғри қилдим…
М а к л а у д (парво қилмай). Бу хабардан ҳамма даҳшатга тушади! Қарабсанки, ҳамма сен томонда бўлади! Ҳамма сенга ачинади, ҳавас қилади! Кино юлдузидай машҳур бўп кетасан! Бир дона суратинг ёки дастхатинг деб одамлар ўзларини томдан ташлайди! Сочингнинг битта толаси ёки кўйлагингнинг бир дона тугмаси учун ҳамма нарсага тайёр бўлади! Ҳаммасининг мақсади битта (нафасини ростлаб олиб), сенинг юрагингга эга бўлиш!
Л у и д ж и. Лекин менинг юрагим битта-ку?
М а к л а у д. Ҳаммага ваъда қилаверасан – сендан нима кетди!
Л у и д ж и. Нега шуни боя айтмадингиз?
М а к л а у д. Зўр режам бор, дедимми? Ҳаётингни сақлаб қоламан, дедимми?!
Л у и д ж и. Шунақа машҳур бўлиб кетасан, демадингиз-да…
М а к л а у д. Машҳур бўласан, Луиджи! Энг асосийси, вақтдан ютамиз!
Л у и д ж и. Эҳ, бунақа бўлишини эртароқ билганимда эди…
М а к л а у д (кўз қирини ташлаб). Сенинг номинг ер юзини айланиб чиқишига мана, мен кафил!
Л у и д ж и (орзумандлик билан). Фулминиядаямми?..
М а к л а у д. Қанақа Фулминия?
Л у и д ж и. Сицилиядаги. (Фахрланиб.) Мен ўша ерда туғилганман.
М а к л а у д. Бўлмасам-чи! Бутун ер юзи, деяпман-ку.
Л у и д ж и. Ана кўрдингизми, сендан одам чиқмайди, дейишарди. Ўгай онам эса ўқлоғ билан савалагани-савалаган эди. Бир куни синглим икковимиз билмасдан шакарни тўкиб қўйдик, шунда ўгай онам ердаги шакарни тилимиз билан ялаб тозалашга мажбур қилган…
М а к л а у д. Ҳечқиси йўқ, Луиджи, ҳали ўгай онанг шуҳратингни эшитиб, ҳасаддан ёрилиб ўлади.
Л у и д ж и. Унинг ўқлоғини ҳали-ҳали эслайман. Мана, ўқлоғдан қоча-қоча Америкада юрибман….
М а к л а у д. Вақти келиб қайтиб борсанг, бутун Фулминия кутиб олгани чиқса керак.
Л у и д ж и (чексиз надомат билан). Энди у ёқларга қайтиб бориш насиб қилмас… (Қоғоз парчаларига қараб қолади.)
М а к л а у д. Кўрдингми, йиртмаганингда эди…
Л у и д ж и. Ўзимам ҳайронман… Нега бундай қилдим-а, Бенни?
М а к л а у д. Аҳмоқ бўлганинг учун.
Л у и д ж и (бироздан сўнг). Бенни… (Тескари ўтириб олган Маклаудга.) Бенни…
М а к л а у д (араз билан). Нима дейсан?
Л у и д ж и (ўйинчоғини бузиб қўйган боладай). Буни елимлаб бўлмасмикан?..
М а к л а у д. Жинни бўп қопсан! “Санта Моника”га минг ямоқ қоғозни кўтариб борасанми? Тағин махсус бўлимга-я!
Л у и д ж и. Бенни… (Бирдан бақириб.) Машинкада яна бир нусха чиқиллатиб келсангиз бир жойингиз камайиб қоладими!
М а к л а у д. Ҳа, мен овора бўлиб чиқиллатиб келаман, сен шариллатиб йиртиб ташлайсан!
Л у и д ж и. Ўлай агар, йиртмайман…
М а к л а у д. Ишонмайман. Умуман, мени тинч қўй, энди сенинг адвокатинг эмасман.
Л у и д ж и (ялиниб). Йиртмайман деяпман-ку, Бенни… Эртагами, балки бугун улгурарсиз, а?
М а к л а у д. Эртагаям, бугунам олиб келмайман!
Л у и д ж и. Нега?..
М а к л а у д. Чунки, аллақачон олиб келиб қўйганман! (Папкасидан ҳадяноманинг яна бир нусхасини олиб.) Сенга ўхшаган томи кетган мижозлар билан гаплашганда эҳтиёт чоралари кўрилмаса бўлмайди!
Л у и д ж и (севиниб). Э, каллангга қойилман, Бенни!
М а к л а у д. Сен нима деб ўйловдинг! Менинг калламга ўқлоғ билан уришмаган!
Л у и д ж и (қоғозга қўл қўятуриб). Имзо чекдим деб… Фулминиялик Луиджи Лом-бар-ди…
Чироқ ўчади.

Иккинчи кўриниш

Ўша жой, Л у и д ж и бадантарбия машқларини бажаряпти. Кайфияти яхши, руҳи тетик. Томоша зали бўйлаб ўз касбининг ҳадисини олган газета сотувчиларининг чақириқлари жаранглайди. Сотувчи болакайлар Гаврошча либосда.
Б и р и н ч и о в о з. Газетанинг махсус сони! Махсус сони!
И к к и н ч и о в о з. Ўлимга ҳукм қилинган гангстер Луиджи Ломбарди ўз юрагини Америка фанига тортиқ қилмоқчи!

Л у и д ж и машқ қилишда давом этяпти. Шу яқин орадан метро поездининг шовқини эшитилади.

У ч и н ч и о в о з. “Санта Моника” касалхонасининг ниқоби йиртиб ташланди!
Б и р и н ч и о в о з. Адвокат Бенжамин Маклауд касалхонанинг машъум тажрибасини фош этди!
И к к и н ч и о в о з. Луиджи Ломбардига қиличдан ҳалок бўлиш хавфи таҳдид солмоқда! Америка бўйлаб Ўрта аср шарпаси кезиб юрибди!
У ч и н ч и о в о з. Йўқ, Америка ўз фуқаросини қилич билан қатл қилишларига йўл қўймайди!

Л у и д ж и машқ қилишни секинлаштирди. Ҳавога кўтарилаётган самолёт овози
эшитилади.

Б и р и н ч и о в о з. Шиддатли норозиликлар! Бутун Америка Луиджининг ёнини олиб чиқяпти!
И к к и н ч и о в о з. Унинг юраги бутун мамлакат юрагига айланди!
У ч и н ч и о в о з. Наинки юраги, у Американинг виждони ва ор-номусига айланиб қолди!
Б и р и н ч и о в о з. Полиция намойишчиларни тарқатмоқда! “Санта Моника”га ҳужум!
И к к и н ч и о в о з. Губернатор қароргоҳи чириган помидорлар билан тошбўрон қилинмоқда!
У ч и н ч и о в о з. Кардинал Рицини гангстер учун ибодат қилмоқда!

Узоқ-узоқдан черков қўнғироғининг жаранги эшитилади. Жиққа терга ботган
Л у и д ж и ҳамон машқ қилмоқда. Эшик ғижирлаб очилиб, М и т ч е л киради.

Л у и д ж и (ҳансираб). Қирқ тўртта, Митчел!
М и т ч е л. Сени кўргани келишди.
Л у и д ж и. Кўрмаяпсанми, ахир, бандман!
М и т ч е л. Ҳалиги… Биринчи қалдирғоч, десаям бўлаверади.
Л у и д ж и. Қанақа қалдирғоч? (Ўтириб-туриб.) Қирқ олти…

М и т ч е л Л у и д ж и нинг ҳаракатларини беихтиёр такрорлаганича, унинг қулоғига бир нима деб шивирлайди.

Танимайман… (Машқдан тўхтаб.) Рухсатномаси борми?
М и т ч е л. Унга рухсатноманинг ҳожати йўқ, Луиджи.
Л у и д ж и. Нимаям дердик, кира қолсин. (Митчел чиқиб кетганидан кейин, машқни охирлатиб.) Қирқ саккиз… Қирқ тўққиз… Эллик!.. (Сочиққа артиниб, маҳбуслар камзулини кияди.)

Хонага озғин, сочларига оқ оралаб қолган бир ҳ а р б и й к и ш и
шаҳдам қадамлар билан кириб келади.

М а й о р. Салом. (Қўл бериб.) Майор Жеймс Аппелгейт. Иккита “п” билан айтилади.
Л у и д ж и. Ниҳоятда хурсандман. Луиджи Ломбарди. Иккита “л”… (Енги билан электр стулини артиб.) Марҳамат, ўтиринг. Ўз уйингиздагидай, бемалол…
М а й о р. Раҳмат… (Электр стулига ҳадик билан қараб қўйиб, эҳтиётлик билан ўтиради.) Хўш, ишлар қалай, Ломбарди?
Л у и д ж и. Раҳмат, ёмонмас… Бугун эллик марта ўтириб-турдим.
М а й о р. Тўғри қиласиз. Бадантарбия одамни чиниқтирибгина қолмай, жанговарлигиниям оширади.
Л у и д ж и. Эртага эллик бештага етказаман.
М а й о р. Мен олтмишта қиламан. (Сукут.) Ҳар куни сузишниям машқ қиламан: бунақасига ҳам, орқа билан ҳам… (Сукут.) Ҳар замонда от спорти билан ҳам шуғулланиб тураман. Шунақа…
Л у и д ж и. От ўзингизникими ё давлатникими?
М а й о р. Албатта, ўзимники-да. (Яна сукут.) Машқ майдониям ўзимники.
Л у и д ж и (унинг кўксидаги нишонларга қараб). Манави медаллар ҳам ўзингизники бўлса керак, а?
М а й о р. Бўлмасам-чи! (Нишонларини беписандлик билан намойиш қилиб.) Манави Яқин Шарқ… Буниси Ўрта Шарқ… Узоқ Шарқ ва ҳоказо…
Л у и д ж и. Ростданам шунча жойларда жанг қилганмисиз?
М а й о р. Мен жанг қилмайман. Менинг ихтисосим сал… бошқачароқ. Нимани назарда тутаётганимни тушунган бўлсангиз керак?
Л у и д ж и. Энди-и, мен шунчаки бир оддий гангстерман, ҳамма нарсагаям ақлим етавермайди. Шундай бўлсаям, бир-биримиз билан тил топишиб кетамиз, деб ўйлайман.
М а й о р. Бўлмасам-чи, албатта-да. Очиғи, мен бу ташрифимдан бироз хижолатдаман. Кейин… кейин сизнинг ёрдамингизгаям муҳтож бўлиб келдим.
Л у и д ж и. Хизматингизга доим тайёрман, майор Аппелгейт.
М а й о р. Хуллас, биринчи апрелгача унчаям кўп вақт қолгани йўқ… Ҳар ҳолда, ўша кун… нима деса бўлади… сиз учун бироз кўнгилсиз кун бўлади.
Л у и д ж и. Ҳа, нимасини айтасиз…
М а й о р. Келинг, эркакчасига гаплашиб олайлик. Хўш… (Бир нуқтага тикилганича жим қолади.)
Л у и д ж и (унинг нигоҳи йўналган томонга қараб). Нима?..
М а й о р. Диққатимни бир жойга тўплаяпман. (Нигоҳини узиб.) Хуллас, қатл кунимиз… қатл кунингиз яқин қолди. Шунинг учун… (Яна бир нуқтага тикилиб, тош қотади.)
Л у и д ж и. Яна диққатингизни тўплаяпсизми?
М а й о р. Ҳа, бу жуда мушкул иш экан, Ломбарди… (Пешонасидаги терни артиб.) Уф-ф, мунчалик қийин бўлади, деб ўйламовдим…
Л у и д ж и. Йўқ, унчалик қийин эмас, майор. Сизга нима кераклигини билиб турибман. (Кўксини кўрсатиб.) Сизга манави керак!
М а й о р (ҳайратда). Қаёқдан билдингиз?
Л у и д ж и. Бугун ажойиб бир туш кўрдим. Бир пайт кутилмаганда, ғойибдан келгандай, баркарола – Венеция қайиқчиларининг қўшиғи – майин тарала бошлади. Мен кичкина бола эканман-у, Фулминия ортидаги ям-яшил тоғ этагида эчки боқиб юрганмишман. Шундоқ ёнгинамда, зайтунзор орасида битта ажина мудраб ўтирганмиш. Бир пайт у уйғониб, най чала бошлабди. Эчкиларим ўз-ўзидан диконглаб рақс туша бошлабди… (Майорга.) Бу кароматли туш. Негаки, эчкилар оппоқ эди! Оқ эчки – омад белгиси!
М а й о р (енгил тортиб). Демак, розисиз?
Л у и д ж и. Нега рози бўлмас эканман! Хўш, юрагимни ким учун олмоқчисиз? Ўзингиз учунми?
М а й о р. Ҳеч қачон! Менга бировнинг нарсаси керак эмас! (Тантанавор.) Юрагингиз Бош штабга керак!
Л у и д ж и (ҳафсаласи пир бўлиб). Бош штабга? Афсуски, мен ҳар хил идора-пидора билан эмас, оддий одамлар билан муомала қилишни маъқул кўраман. Худо билади, юрагимни сизга берсам, идорангизнинг қайси бурчагида чанг босиб ётаркан! Одам бўлса юрагимга кўпроқ ғамхўрлик қилади, қадрига етади. Ундан кейин, бу ёруғ оламда сендан нимадир қолганини, қаердадир сенинг юрагинг уриб турганини ҳис қилиш…
М а й о р. Биринчи апрелдан кейин ҳеч нимани ҳис қилмайсиз.
Л у и д ж и. Ким билади дейсиз, майор Аппелгейт. (Тепага ишора қилиб.) У ёқдан ҳали ҳеч ким қайтиб келмаган.
М а й о р. Биз юрагингизни махсус сейфда сақлаймиз! Сейф эса махсус музхонада бўлади!
Л у и д ж и. Ҳм! Пиво сақлагандай, денг! Бермайман!
М а й о р. Бекорга ўжарлик қиляпсиз. Юрагингиз штабда эҳтиёт қисм сифатида сақланади. Мабодо, кимдир оғир касал бўп қолса…
Л у и д ж и. Ҳар қалай, ташкилотгамас, одамга керак экан-ку! Илгарироқ шундай демайсизми?
М а й о р (енгил тортиб). Хўш, қанча бўлади?
Л у и д ж и. Нима – қанча бўлади?
М а й о р. Неча доллар бўлади, деяпман? Минг ёки ўн минг?
Л у и д ж и. Нима?..
М а й о р. Хўп, ана, ўн беш минг.
Л у и д ж и. Нима, устимдан куляпсизми?
М а й о р. Йигирма минг! Бошқа қўшолмайман.
Л у и д ж и. Қўшишингизнинг керагиям йўқ. Менга ўн мингиям етиб ортади.
М а й о р. Бор-йўғи-я?
Л у и д ж и. Ҳа-да. Ким билади дейсиз, балки буям кўплик қилар… Шошманг, шошманг-чи… Ҳозир… (Боя майор қараган нуқтага тикилганча тош қотади.)
М а й о р (хавотирланиб). Сизга нима бўлди?
Л у и д ж и. Диққатимни тўплаяпман. Биласизми, у ерга охирги марта борганимгаям ўттиз йилдан ошибди…
М а й о р. Қаерга?
Л у и д ж и. Фулминияга. Ватанимга… (Минғирлаганча бармоқларини букиб, бир нималарни ҳисоблайди.) Билмадим-билмадим… У вақтларда Фулминияда на электр бор эди, на… (Руҳи тушиб.) Афсуски, ўн минг етмас экан.
М а й о р. О кей! Демак, ўн беш минг?
Л у и д ж и. Хў-ўш, мактаб бор… Борликка бор-у, лекин жуда эски-да, қурғур. Ҳатто кўҳна давр харобалари деб сайёҳларга кўрсатишади.
М а й о р. Бормаганимга ўттиз йил бўлди деяпсиз, шунча вақтдан бери қуришгандир?
Л у и д ж и. Нима деяпсиз, у ерда ҳеч қачон ҳеч нима қуришмаган, қуришмайдиям.
М а й о р. Майли, йигирма минг. Бошқа бир долларам беролмайман.
Л у и д ж и. Йигирма, йигирма… Ия, кўприк нима бўлади?
М а й о р. Қанақа кўприк тағин, жин урсин!
Л у и д ж и. Зайтунзорга ўтадиган-да. Ўша пайтлардаям икки марта қулаб тушган эди. Ери бўш-да…
М а й о р. Йигирма мингдан ортиқ тўлашга ҳаққим йўқ, ахир!
Л у и д ж и (эшитмагандай). Агар у ерда телефон йўқлигиниям ҳисобга олсак…
М а й о р. Ўша Фулминиянгизда телефон бўлиши шартми?
Л у и д ж и (бепарво). Шарт. Бунинг устига, водопровод чатоқлигини айтмайсизми?
М а й о р (портлаб). Мен сизга янги Фулминия қуриб беролмайман-ку! Тағин Америка армиясининг пулига-я! Йигирма беш минг – тамом! Инсоф билан айтганда, ҳали ўн минггаям жон деб турувдингиз.
Л у и д ж и. Яхши, қўлни ташланг! (Унинг қўлини сиқиб.) Демак, ўттиз беш минг?
М а й о р (қўлини тортиб олиб). Йигирма беш минг дедим, Ломбарди! Ортиқ бир цент ҳам беролмайман.
Л у и д ж и. Ихтиёрингиз, йўқ бўлса йўқ-да. Унда штабингиз юраксиз қолади. Шундоқ ҳам юраги йўғ-у…
М а й о р. Жин урсин сизни! Майли, ўттиз беш минг!
Л у и д ж и. Шу десангиз, ўттиз беш рақами менга ёқинқирамай турибди-да. Шуни яхлитроқ рақамга айлантириб қўя қолсак-чи, а?
М а й о р (қичқириб). Қанақасига айлантирасиз?!
Л у и д ж и. Армия учун қирқ минг ҳам гап бўптими? Қирқ миллион деяётганим йўқ-ку!
М а й о р. Энди бу товламачиликнинг ўзгинаси, Ломбарди!
Л у и д ж и (унга қарамай, ўйчан). Майор Аппелгейт. Одамда битта юрак бўлади… Ватан ҳам битта бўлади…
М а й о р (терини артиб). Пулни адвокатингизга бераман…
Л у и д ж и. Яхшиси, тўппа-тўғри Фулминияга жўната қолинг. Иложи бўлса, телеграф орқали… (Сукут.) Бир тўйиб ичишсин, менинг (қўлини бўғзига олиб бориб) бўлишим муносабати билан.
М а й о р. Қўйсангиз-чи, Ломбарди, руҳингизни туширманг. (Қўл бериб.) Агар кўришолмай қолсак, саломат бўлинг!
Л у и д ж и (маъюс). Саломат бўламан…
М а й о р. Қўшма Штатлар армияси сизни унутмайди! (Эшик олдида тўхтаб.) Ҳа, айтгандай, унвонингиз борми?
Л у и д ж и. Йўқ.
М а й о р. Сизга унвон беришларини сўраб рапорт ёзаман. Бу, албатта, шунчаки хотира учун…
Л у и д ж и (қаддини ростлаб, чест беради). Оддий аскар Ломбарди сизга миннатдорчилик билдиради, жаноб майор!
М а й о р. Бардам бўлинг, сержант Ломбарди! (Чест бериб, тантанали тарзда чиқиб кетади.)

Чироқ ўчади.

Учинчи кўриниш

Ўша жой. М и т ч е л киради.

М и т ч е л . Табриклайман, Луиджи!
Л у и д ж и. Яна пойладингми? (Тўнғиллаб.) Сержантмишман…
М и т ч е л. Луиджи, тағин қалдирғочлар…
Л у и д ж и. Бунисиям ҳарбийми?
М и т ч е л. Ў-ў, кўзинг қамашади! Фақат ўзингдан кетиб қолмасанг бўлгани! (Чиқиб, шу заҳоти Долорес билан Дианани бошлаб киради.) Марҳамат, хонимлар, мистер Ломбарди сизларга мунтазир! (Ғойиб бўлади.)
Д о л о р е с (атрофга қараб). Эй, худойим!.. Қандай даҳшат!
Л у и д ж и. Кечирасиз, нима даҳшат?
Д о л о р е с. Ўлим камераси… (Чўчиб.) Вой, худо, манави нима?
Л у и д ж и. Электр стули.
Д о л о р е с . Даҳшат… Мунча совуқ бу? Мени маъзур тутасиз, шундай ҳаяжонланаяпманки… (Ўзини таништириб.) Донья Долорес Люция Сальтамонтес!
Л у и д ж и. Шунча исм-шарифнинг ҳаммаси битта ўзингизникими?..
Д о л о р е с . Бу менинг қизим – Диана Грацела Сальтамонтес!
Л у и д ж и. Исмларингиз, муҳтарам хонимлар, мусиқадай ёқимли жаранглар экан! Яқинда ўз қулоғим билан эшитиш насиб қиладиган жаннат оҳангининг ўзгинаси!
Д о л о р е с. Ундай деманг, мистер Ломбарди, қаҳрамонлар ўлмайди! (Артистона.) Диана, мана ўша қаҳрамон!
Л у и д ж и. Ким қаҳрамон?
Д о л о р е с. Сиз, Луиджи Ломбарди! Севги йўлида қотилликка қўл урган джентльмен! (Дианага.) У ўз номи билан номусини ҳимоя қилиб…
Л у и д ж и (қулоқларини бекитиб). Бу гапларни ўн кундан бери суд залида эшитавериб бўларим бўлган, хоним!
Д о л о р е с. Суд сизни тушунмади, мана, мен тушунаман! Сиз ҳақиқий эркакларга муносиб иш тутгансиз! Сиз билан фахрланаман, Луиджи! (Ишва билан.) Сизни шундай деб чақирсам бўладими?..
Л у и д ж и. Бемалол…
Д о л о р е с. Унда менам сиз учун оддийгина – Долоресман. Қўрқма, Диана, у қотил эмас, ҳар қандай мақтовга лойиқ инсон! Бирон нима десанг-чи! Ҳеч қурса, жилмайиб қўйгин!..

Диананинг юзида сохта табассум пайдо бўлади.
Энди кимлигингни бир кўрсатиб қўй!

Диана жим тураверади.

Кимга айтаяпман!

Диана истамайгина либос намойишчиларига хос енгил ҳаракат билан пальтосини ечади. Ичида фақат чўмилиш кийими бўлиб, елкаси оша боғланган энли лентада “Дунё гўзали” деган ёзув бор.

Гўзаллик қироличаси! Дунёда энг гўзал қиз деб бир овоздан тан олинган!

Л у и д ж и. Бир овоздан-а?
Д о л о р е с . Ҳа. Майами Бичдаги ҳакамлар ҳайъати жуда қаттиққўл!
Л у и д ж и. Биламан, бизда судьялар ниҳоятда қаттиққўл… (Электр стулини кўрсатиб.) Мана, мениям бир овоздан манавинга лойиқ топишди.
Д о л о р е с (меҳр билан). Қўйсангиз-чи, бунақа гапларни, Луиджи!
Л у и д ж и. Бу ёғи оз қолди, вақтим жудаям кам… (Хушмуомалалик билан.) Хўш, ташрифингизнинг боиси не?
Д о л о р е с. О, сизга қандай тушунтирсам экан?..
Л у и д ж и. Қисқа ва содда қилиб.
Д о л о р е с. Бахтсизлик, Луиджи! Фожеа! Ҳалокат! (Дастрўмоли билан кўзини артиб.) Мени фақат сиз тушунасиз, азиз дўстим! Ёлғиз сиз! Чунки сиз севгининг нималигини яхши биласиз! (Тўсатдан бақириб.) Севаман! Жонимдан ортиқ севаман!
Л у и д ж и (қўрқиб кетиб). Кечирасиз, кимни?..
Д о л о р е с. Эримни, Луиджи, эримни!
Л у и д ж и. Эрингизни?.. Ҳа, ўқтин-ўқтин шунақасиям бўлиб туради. Лекин бунинг нимаси фожеа?
Д о л о р е с. Эҳ, у шунчаки турмушмас, йигирма йиллик афсонавий туш эди! Мана, манави қаршингизда турган илоҳий ҳилқат – эрим Рамон иккаламиз яратган руҳ – Диана!

Д и а н а ниҳоятда зериккан ҳолатда.

Бу – бир достон, куй эди! Йўқ, илоҳий симфония эди!.. Сўнг тўсатдан… (қизига ишора қилиб) бунинг отаси, менинг азиз Рамонгинам тўсатдан… (йиғлайди.)
Л у и д ж и. Бандалик-да, хоним…
Д о л о р е с. Раҳмат… (Бирдан ўзига келиб.) Йўқ, нима деяпсиз, у ўлгани йўқ. Лекин аҳволи жудаям оғир…
Л у и д ж и. Нима, юрагими?
Д о л о р е с. Ҳа, юраги…
Л у и д ж и. Дарров шунақа дея қолмайсизми?
Д о л о р е с. Нима, сиз рози бўлармидингиз?
Л у и д ж и. Бўлмасам-чи.
Д о л о р е с (йиғлаб). О, Луиджи!.. Лекин, пулимиз йўқ-да…
Л у и д ж и. Пулнинг нима алоқаси бор бунга? Ана, касалхона юрагимни текинга оляпти-ку! Лекин, мен истаган одамга бериш шарти билан.
Д о л о р е с. Менинг Рамонимга беришларини васият қилинг, ўтинаман! Мен сизга энг қимматбаҳо бойлигимни бераман! (Дианани кўрсатиб.) Мана, у!
Л у и д ж и. Буни нима қиламан?
Д о л о р е с. У нима деганингиз? Нима қилсангиз қиласиз-да…
Л у и д ж и. Биринчи апрелдан кейин менга ҳеч нарса керак бўлмайди. Ҳатто, бунингизам…
Д о л о р е с. Биринчи апрелгача ҳали вақт бор-ку, Луиджи! Сизга пул таклиф қилишлари мумкин, кўп пул!.. Менам юрагингизни текинга олмоқчимасман. (Қизининг қўлидан тутиб.) Мен ҳар қандай пулдан ортиқроқ тўлайман!
Л у и д ж и. Ҳазиллашяпсизми? Ажал эшикдан мўралаб турганда уйланаманми?
Д о л о р е с. Йўқ, мен бошқа нарсани назарда тутяпман… (Шивирлаб.) Бу ерда ёлғизсиз, одам ёлғиз қолганида гоҳида зерикади, гоҳида маъюс тортади…
Л у и д ж и. Тўғри, баъзан шунақа бўлиб туради. Маъюс тортсам қўшиқ айтаман. Ундан кейин, тез-тез кўрганиям келиб туришади.
Д о л о р е с (бирдан, қатъий ва қуруқ қилиб). Майор сизга қанча берди?
Л у и д ж и. Бир мириям олганим йўқ.
Д о л о р е с. Худога шукур-е! Пул – ифлос нарса! Севги ҳар қандай пулданам қиммат! Диана оламда тенги йўқ қиз! Унга бир қаранг, Луиджи! Тим қора сочлар! Океан мисол тубсиз кўзлар! Тип-тиниқ бадан! Олов лаблар!.. (Жеркиб.) Қарасангиз-чи, Луиджи!
Л у и д ж и (кўзини лўқ қилиб). Бунинг миқ этмаяпти-ку?
Д о л о р е с. Диана Европа бўйлаб саёҳатга чиқмоқчи, шунинг учун тил ўрганяпти. Ҳамма тиллар калласида айқаш-уйқаш бўлиб кетмасин деб жим турибди-да.
Л у и д ж и. Итальян тилиниям биладими?
Д о л о р е с. Ҳа, лекин энди-энди ўрганяпти… (Дианага.) Бирон нима десанг-чи!

Д и ан а худди ўчакишгандай миқ этмай тураверади.

Гапир, гапира қолсанг-чи!
Д и а н а (дарсликдан ёдлаб олган матнни шариллатиб айта кетади). Эл эспаньол уна пара аблар нон масде перес сионтос миллонес де персонес. Пара виахар пор пиендос намсес эн жодо эл мундо…
Л у и д ж и. Нима деди?
Д о л о р е с. У айтдики… “Саёҳатга чиқа туриб, биз сафар халта…” йўқ, кечирасиз, “сафар сумка ва шляпа солинган картон қутичани багаж сифатида олиб олдик”. Уф-ф…
Л у и д ж и. Бу итальянча эмас-ку?
Д о л о р е с. Ана, айтмадимми! Мен бунга ҳамма тилни бирданига ўрганма, барибир эплолмайсан, деб минг марта айтганман! Мана, айтганим бўлди: ҳаммаси айқаш-уйқаш! (Палтосининг тугмаларини ечиб қўяди.) Бу ер жудаям дим экан…

Онасининг бу гапига Д и а н а парво ҳам қилмайди.

Терлаб ташқарига чиқсанг, шамоллаб қоласан, кейин Европа сафарини тушингда кўрасан.

Д и а н а жаҳл билан палтосини ечади, “Дунё гўзали” деб ёзилган лентали чўмилиш кийимида қолади.

Қаддингни тўғри тут, букчайма!

Д и а н а истамайгина қаддини ростлайди ва олдиндан ўргатилган ҳолатда туриб олади. Л у и д ж и мол танлаётган қассобдай, ҳуштак чалганича унинг атрофида айланади.

Д о л о р е с (қизнинг кўкрак айланаси, бели ва ундан пастроғини кўрсатиб). Тўқсон бир сантиметр, олмиш икки, тўқсон уч! Ҳа, манависи эсимдан чиқибди… (Сумкасидан жажжи олтин тож чиқариб, қизига кийгазиб қўяди.) Мана, қиролича сизнинг ихтиёрингизда, Луиджи!

Д и а н а атай бошини силтаб тожни тушириб юборади. Л у и д ж и уни ердан олиб кийгизар экан, секингина қизнинг юзини силаб қўяди.

Д и а н а. Пара эскучар нансионес!.. (Луиджининг қўлини тишлаб олади.)
Л у и д ж и. Уҳ!.. Қироличага маъқул келмадик, шекилли! Тишлаб олди-я, ажина!..
Д о л о р е с. Тортинчоқ-да, чўчиб кетди. Лекин ўзи рози, бўлмаса бу ерга келармиди?
Л у и д ж и. Унда ўзи гапирсин. Ҳа, итальянча гапирсин!
Д о л о р е с. Нима, эшитмаяпсанми? Гапир!
Д и а н а (ёдлаб олган сўзларни шариллатиб). Эн фин пара дэскубрир ун нуэво мундо!
Л у и д ж и. Нима деди-нима деди? Устимдан кулаётган бўлмасин тағин!
Д о л о р е с. Худо сақласин-э! У шунчаки итальянча билан испанчани чалкаштириб юборяпти… (Қизига таҳдид билан.) Гапир, оғзингга толқон солиб олганмисан?
Д и а н а (ғазабнок). Эл эспаньоль уна ленгуа пара аблар нон мас де перес сиентес милионес де персонес!
Л у и д ж и. Нима? Сўкиняптими ё қарғаяптими? Мен унинг нима деяётганини билмоқчиман!
Д о л о р е с. Йўғ-э, сўкиниб жинни бўптими! Дарсликда қандай ёзилган бўлса, айнан шуни қайтаряпти.
Л у и д ж и. Дарров таржима қилинг! Биттаям сўзи қолмасин!
Д о л о р е с. Жоним билан. (Асабий.) “Қаттиқ қаҳратондан одамлар кўчага чиқолмай қолишди. Улар кўчадан кўра ловуллаб ёнаётган олов ёнида ўтиришни маъқул кўришади”. Кўрдингизми, мутлақо сўкинмаяпти.
Л у и д ж и. Жудаям қисқа гапирганди-ку, таржимаси бир қулоч бўлиб кетди…
Д и а н а (нафрат билан). Пара комуникор нон латинамериканес и эспаньйолес эн Амманиа!..
Л у и д ж и. Энди буниси китобдан эмас! Уятсиз гаплар билан сўкиняпти! Таржима қилинсин!
Д о л о р е с (жон-жаҳди билан). “Бош соч билан қопланган”.
Д и а н а. Пара коносер нилтурас муй диферентес!
Д о л о р е с. “Кўз пешонадан пастроқда жойлашган”.
Д и а н а (бақириб). Пара энтендер а отрос нуэблос, сус проблемас и сус костумбрес!
Д о л о р е с. “Икки кўзнинг ўртасида каттакон бурун бор”.
Л у и д ж и. Бас! Икковингам овозингни ўчир! “Каттакон бурун”миш-а! Бўлди, сизга берган ваъдамни қайтиб олдим, холагинам! (Дианага палтосини итқитиб.) Ма, кийиб ол! Бу ер ҳаммоммас, камера!
Д о л о р е с. Нимадан воз кечаётганингизни биляпсизми ўзингиз?! Ахир бу оламдаги энг гўзал қиз, дунёда яккаю ягона!
Л у и д ж и (қулоқларини бекитиб). Бу-бу-бу-бу-бу!..
Д о л о р е с. Унинг қанчалик эҳтиросли эканини билсангиз эди! Томирларида қайноқ креол қони оқаяпти! У билан ўтказган бир кечангиз умрбод…
Л у и д ж и. Бу-бу-бу-бу-бу…
Д о л о р е с. Сизнинг ўрнингизда бошқа одам бўлганида Диана билан ўтказган ҳар бир минути учун уни олтинга кўмиб ташларди!
Л у и д ж и. Алвидо, хонимлар! Афсуски, вақтингиз тугади.
Д о л о р е с. Қип-қизил аҳмоқ экансиз, Луиджи!
Л у и д ж и. Қани, қиролича, онанг билан бирга, орқага! Жўнаб қол!
Д о л о р е с. Йўқ, мистер Ломбарди! Аввалига ваъда қилиб, энди ҳайдаб соляпсизми! Унақаси кетмайди, ҳали менинг совунимга кир ювмабсиз! Мен юрагингизни ўзимга эмас, касалванд эримга сўраяпман! Бу йўлда қурбон бўлишгаям тайёрман!
Л у и д ж и. Унда нега ўзингизни эмас, қизингизни қурбон қиляпсиз?
Д о л о р е с. Агар… агар шу керак бўлса, (мағрур) хизматингизга тайёрман!..
Л у и д ж и. Нима, бу ерни Луиджи Ломбардининг ҳарами деб ўйлаяпсизми?
Д о л о р е с. Йўқ, ундай деб ўйлаётганим йўқ. Лекин, бизам бу ерга ўйнагани келганимиз йўқ! Ва мен Мексикага икки қўлимни бурнимга тиқиб кетмоқчимасман! Эримга, тўкилай-тўкилай деб турган чолимга нима дейман? (Стулга қайта ўтириб.) Сиз юрагингизни бизга ваъда қиласизми, йўқми?!
Л у и д ж и. Эй, худойим-ей!.. Бўпти, ваъда бераман, худо хайрингизни берсин, фақат мени тинч қўйинглар! Ваъда бераман деб ваъда қиляпман-ку, бўлди-да энди-е!..
Д о л о р е с (ишонқирамай). Нима?.. Шундай, текингами?..
Л у и д ж и. Ҳа, текинга!
Д о л о р е с. Ҳатто, (қизига ишора қилиб) шундай нарсаниям рад қиласизми?..
Л у и д ж и. Ҳа, ҳатто шундай нарсаниям! (Оҳангни ўзгартириб.) Мундоқ ўйлаб кўрсам, гўзаллик қироличаси бутун дунёга тегишли экан, ёлғиз менга эмас.
Д о л о р е с (таъсирланиб). Ҳар қалай, сизга ишониб хато қилмаган эканман… (Тескари ўгирилиб.) Сизнинг олдингизда жуда уятли бўлиб қолдим, Луиджи…
Д и а н а (кутилмаганда Луиджининг олдига бориб). Пара тробасал нон испаноаблантес… (Луиджининг юзидан авайлабгина ўпиб қуяди.) Пара эскучар нансионес… (Бозорда сотилмай қолган қулдай, бош эгиб чиқиб кетади.)
Л у и д ж и. Нима деди?
Д о л о р е с (жилмайиб). Каттакон бурнингизни эҳтиёт қиларкансиз… (Қизининг кетидан чиқиб кетади.)

Чироқ ўчади.

ИККИНЧИ ПАРДА

Тўртинчи кўриниш

Ўша жой. Л у и д ж и каравотда чалқанча ётибди. М и т ч е л пайдо бўлади.

Л у и д ж и (шифтга қараганча). Ўз қизини қўйнимга солмоқчи бўлди-я, алвасти…
М и т ч е л. Эшитдим, эшикнинг орқасида турувдим.
Л у и д ж и. Кўрдингми, истасам, гўзаллик қироличасигаям эга бўлишим мумкин. (Тўнғиллаб.) Онаси билан қўшиб.
М и т ч е л. Бир пайтлар бизнинг кампирам ошпазлар танловида биринчи ўринни олган эди. Лекин, қилган овқати менга ҳечам ёқмасди.
Л у и д ж и (ҳамон шифтга тикилганича). Нега одамлар ҳамма нарсани пулга сотиб олса бўлади, деб ўйлашади, а, Митчел?
М и т ч е л. Буни ўйлаб кўрмаган эканман. Ўйлаб кўрсам айтаман.
Л у и д ж и. Бўпти, энди менга халақит берма, уйқум келяпти.
М и т ч е л. Ухлаб бўпсан. Яна битта қалдирғоч…
Л у и д ж и (сакраб туриб). Тағин-а? Ким экан у бадбахт?
М и т ч е л. Қанақадир портфелли киши.
Л у и д ж и. Кирсин, портфели билан қўшиб шунақа улоқтирайки, нақ Чикагога бориб тушсин!

М и т ч е л чиқиб, қора костюм-шим кийган, портфелини бағрига босиб олган бир рангпар кишини бошлаб келади.

Тамом! Тугади! Кеч қолдингиз, юрак сотилиб бўлган!
М о р р и с. Аввало, салом. Сиз ҳаммани шунақа бақир-чақир билан кутиб оласизми?
Л у и д ж и. Сизга нима керак ўзи? Қани, бир туёғингизни шиқиллатиб қолинг-чи!
М о р р и с. Мен сиз билан танишмоқчи эдим.
Л у и д ж и. Ҳамма мен билан танишмоқчи! Ҳамманинг пайтавасига қурт тушиб қолди! Йўқол ҳамманг, турқингларни кўрмай!
М о р р и с. Тўғрику-я, лекин ҳаммаям сиз тўғрингизда китоб ёза¬вермайди-да.
Л у и д ж и. Қанақа китоб тағин?!
М о р р и с. Айтаяпман-ку, сиз ҳақингизда, деб. (Қўл бериб.) Исм-шарифим – Френк Моррис.
Л у и д ж и. Ҳм! Моррис, иккита “р”!
М о р р и с (аҳамият бермай). Ҳаётингизни бор ҳолича, ҳеч нимани яширмасдан, ортиқча кўпиртирмасдан ёзмоқчиман.
Л у и д ж и. Қаранг-а! Мен ҳақимда нима биласиз ўзи?
М о р р и с. Манави портфелда сиз ҳақингизда ҳамма маълумот бор. (Бир даста қоғоз чиқариб.) Мана, Луиджи Ломбардининг қандай қилиб Америкага келиб қолгани ҳақида… Ўн беш ёшида кемада матрос, кема ошпазининг ёрдамчиси, тунги қоровул, сайёр қўшиқчи, ахлат ташувчи ва ҳоказо. Салкам йигирма марта ишингизни ўзгартиргансиз. Охир-оқибатда, гангстер бўлиб қолгансиз. Иккита одам ўлдириб…
Л у и д ж и. Иккитамас, битта! Эшитяпсизми, битта одам ўлдирганман! Қулоғингизга қуйиб олинг: бит-та!..
М о р р и с. Сизнингча – битта, қонун бўйича – иккита.
Л у и д ж и. Тупурдим ўша қонунингизга! Менинг ўз қонунларим бор! (Фахр билан.) Мен Сицилия қуёши остида туғилганман!.. Ўша бешигим узра нур сочиб турган қуёш остида… (Бирпасдан сўнг.) Шунақа туғилганман, мистер Моррис, бошқача бўлолмайман!..
М о р р и с. Ана, ёзишни худди ўша Сицилия қуёши остида ўтган болалигингиздан бошлаймиз.
Л у и д ж и. Бошлармишлар! (Залга.) Бу киши болалигимда бешигимни тебратганлар! (Моррисга.) Шундайми?
М о р р и с. Бекорга куляпсиз. Болалигингиз қандай ўтган, оилавий шароитингиз қанақа бўлганлигини билиш учун Фулминиягаям бориб келдим.
Л у и д ж и. Нима?.. Фулминияга?..

Фулминия. Шу биргина сўз Л у и д ж и нинг қалбига йўл очувчи калит эди. У шу топда ёш боладай севиниб кетади, ҳаяжон билан М о р р и с нинг қўлини сиқиб, ўтқазгани жой топмайди.

Нега шуни дарров айта қолмадингиз?.. (Енги билан электр стулини артиб.) Марҳамат, ўтиринг…
М о р р и с. Йўғ-э… (Бошқа стулга ўтириб.) Менга шу ер маъқул.
Л у и д ж и. Ихтиёрингиз… Хў-ўш… Мени оддийгина қилиб Луиджи деяверинг. Эй, худойим-ей!.. Энди бир бошдан гапириб беринг. У ёқда нима гаплар? Фулминияга бормаганимгаям ўттиз йилча бўлиб қолди.
М о р р и с. Менимча, Фулминия ғайриоддий воқеалар деярли рўй бермайдиган ўлка. Шунинг учунам бир нима дейишим қийин.
Л у и д ж и (тўлиб-тошиб). Фулминия – дунёдаги энг ажойиб, энг гўзал жой!.. Биласизми, кечалари, десангиз, тушларимга кириб чиқади! Бугунам тушимга кирибди… Эҳ, менинг Фулминиям!..

Баркарола оҳанглари оҳиста таралади.

(Шоирона.) Оқ қоялар қуршовидаги мовий кўрфазда, инсон қадами етмаган гўшада, қип-қизил шафақ ичра қуёш чўмиларди… Зайтунзорда эса ёлғизгина ажина мудраб ўтирибди.
М о р р и с. Тўғриси, ажинани учратмадим. Зайтунзорниям кўрмадим. Ўтин етмай, одамлар кесиб юборишибди.
Л у и д ж и (бироздан сўнг, секин). Биламан… Лекин, улар бор! Менинг хотирамда кесилмай бус-бутун турибди!.. (Кўзларини юмиб.) Мана, ҳозирам зайтун дарахти баргларининг шитирлашини эшитяпман. (Бирдан.) Хўш, юртдошларим мен ҳақимда нима дейишяпти?
М о р р и с. Менимча, улар бунақа нарсалар билан қизиқишмаса керак.
Л у и д ж и. Нима, хабарлари йўқми? Ахир газета ўқишади-ку!
М о р р и с. Уларнинг сиздан бошқа ташвишлариям бошидан ошиб ётибди. У ерда ҳаёт оғир, Луиджи…
Л у и д ж и. Йўқ, унутворишларига ишонмайман. Албатта-да, бегона одамга ичидагини айтармиди? Бизда бегонага кўпам ишонишмайди.Эҳ, пулни олишганда бутун Фулминия остин-устун бўлиб кетса керак ўзиям! Афсуски, ўз кўзим билан кўриш насиб қилмайди-да…
М о р р и с. Қанақа пул?
Л у и д ж и (оғзи қулоғида). Китобингизга ҳамма нарсаниям ёзаверишингиз шарт эмас, Френк.
М о р р и с. Бунинг ҳаққоний китоб бўлиши учун сиз менга ёрдам беришингиз керак, Луиджи.
Л у и д ж и. Фулминияни билган одам – менинг дўстим! Сўрайверинг.
М о р р и с. Аслида нима бўлган эди ўзи? Шунақа улкан севгимиди?
Л у и д ж и. Шундай десаям бўлаверади… Менга қаранг, сал ёқимлироқ саволингиз йўқми?
М о р р и с. Газеталарнинг ёзишича, сизлар илк марта ҳалиги… шубҳали тунги қаҳвахонада учрашгансизлар?
Л у и д ж и. Ғирт бемаъни гап!
М о р р и с (ёзиб). Демак, у қаҳвахонада яланғоч рақс тушмаган?
Л у и д ж и. Нималар деяпсиз?! Бунақа ишларга унинг қомати тўғри келмасди. Оёқлари бироз қийшиқроқ – ёйсимон, деймизми… Кўзиям сал ғилайроқ эди. Баъзан қаёққа қараётганини билолмай гаранг бўлардим.
М о р р и с. Барибир ўша аёлни севиб қолгансиз?
Л у и д ж и. Ёзувчи зоти жа қизиқ бўлади-да. Бошқасига эмас, нега айнан шу аёлга уйланганини тушунтириб бероладиган битта эркакни топиб беринг-чи, менга.
М о р р и с. Лекин аёлни деб одам ўлдирмаган эркакни истаганингизча топиб беришим мумкин.
Л у и д ж и. Бўлиши мумкин. Агар уларнинг томирида Сицилия қони эмас, ачиган қатиқ бўлса, албатта!
М о р р и с (ёзишга чоғланиб). Яна битта савол. Энди, шунча воқеадан кейин ўша аёлга нисбатан қандай ҳис туйяпсиз?
Л у и д ж и. Ҳис? Ҳозир сизнинг ботинкангизга қандай ҳис туйсам, унгаям шундай ҳис туйяпман.
М о р р и с. Бир нарсани тушунмаяпман: сиз қандай қилиб бундай қўпол хатога йўл қўйдингиз? Ахир кимнидир ўлдиришга жазм қилган одам ҳамма нарсани ҳисобга олиши керак-ку.
Л у и д ж и. Айтишга осон! Уларнинг башараларигина эмас, гавдаси, юриш-туриши, хатти-ҳаракати, ҳатто овозлариям мутлақо бир хил! Жимми Брайан, Жонни Брайанга, Жонни Брайан Жимми Брайанга икки томчи сувдай ўхшарди, э, падарига!..
М о р р и с. Бунга улар айбдор эмас-ку, шунақа туғилган.
Л у и д ж и. Шунақа денг?! Бир хил кийиниб юришлар-чи?! Шляпаси, туфлиси, бўйинбоғларини айтмайсизми?! Ҳатто кўйлагининг тугмасигача бир хил! “Шунақа туғилган” дейсиз!..
М о р р и с. Биламан, лекин…
Л у и д ж и. Э, балониям билмайсиз! Бу лаънатилар жўрттага шундай қилишади! Уларни бир-биридан ажратолмаса маза қилишади, керилиб юришарди! Ана, керилишлари биттасининг бошига етди!
М о р р и с. Икковиниям деяверинг.
Л у и д ж и. Демайман! Биттасининг бошига етди – Жимми Брайаннинг!
М о р р и с. Ахир Жиммининг гуноҳи йўқ эди-ку. Хотинингиз Жонни билан сизга хиёнат қилган.
Л у и д ж и. Нима, мени аҳмоқ деб ўйлаяпсизми?! Ўшандан кейин Жоннини отмаслигим керакмиди? Сизнингча, айбдор жазосиз қолаверсин экан-да?!
М о р р и с. Унда иккита одам ўлдирганингизни тан олинг-да.
Л у и д ж и. Ҳеч қачон! Жимми Брайан хато оқибатида қурбон бўлди! Бу – тасодифан машина уриб кетгандай гап. Жонни эса, қайтариб айтаман, қилмишига яраша жазосини олди! Бундай пайтда бизнинг Сицилияда ҳар қандай виждонли эркак шундай қилган бўларди!
М о р р и с. Биз Сицилияда эмасмиз, Луиджи.
Л у и д ж и. Биламан, мистер Моррис. Биз юксак даражада ривожланган, зўр мамлакатда яшаяпмиз! Бу ерда ор учун, номус учун ҳеч ким бир-бирини ўлдирмайди! Доллар учун эса бемалол чавақлаб ташлайверади!
М о р р и с. Луиджи, сизнинг ўша Сицилиянгизда бундай ҳолларда аёлниям жазолашадими?
Л у и д ж и. Биласизми, мен уни нима қилдим? (Ҳаракат билан кўрсатиб.) Мана мундоқ сочидан ушлаб, бармоғидан никоҳ узугимни шартта суғуриб олдим! Сўнг деразани очдим-да, пастга улоқтирдим! Ана шунақа қилдим…
М о р р и с. Узукни улоқтирган бўлсангиз керак?
Л у и д ж и. Албатта-да. Сизнингча, нимани улоқтиришим керак эди?
М о р р и с. Кейин-чи?
Л у и д ж и. Нима – кейин-чи? Полицияга қўнғироқ қилдим.
М о р р и с. Шошманг, шошманг… Сиз аввал хотинингизнинг хушторини, кейин акасини ўлдирасиз-у, у аёл жазосиз қолаверадими?
Л у и д ж и. Нега энди?.. Униям ўлдирдим…
М о р р и с (даҳшатда). Ни-ма?..
Л у и д ж и. Ҳа, ўлдирдим… У ўлди… (Кўксини кўрсатиб.) Мана бу ерда ўлди… (Бирдан тутақиб.) Менга қаранг, Моррис, агар яна бир марта ундан гап очсангиз, жағингизга шундай тушираманки, ўттиз иккита тишингиз томоғингизга тиқилиб қолади!
М о р р и с. Унақа қилманг, тиш бўлмаса, яхши китоб ёзиб бўлмайди. Биласизми, китобнинг номини нима деб қўймоқчиман? “Қотил юраги”!
Л у и д ж и (ҳафсаласи пир бўлиб). “Қотил юраги”? Сал ҳақоратомуз экан… Мундай десак бўлмайдими?.. Хўш, масалан… “Фулминия”.
М о р р и с. Фулминия? Нега Фулминия?
Л у и д ж и. Мен ўша ерда туғилганман-да…
М о р р и с. Туғилсангиз нима қипти? Биринчидан, бу ном ўқувчининг диққатини тортмайди. Иккинчидан, бу сўзнинг маъносини ҳеч ким билмайди. Луиджининг юрагини бутун Америка билади, китобни бирпасда талаб кетишади.
Л у и д ж и. Ҳа, юрагимни ҳозирданоқ талаб кетишяпти… Лекин, жуда-жуда яшагим келяпти, Френк!..
М о р р и с. Уни ҳалиям севасизми?
Л у и д ж и. Кимни?
М о р р и с. Хотинингизни-да. Шунинг учун яшагингиз келяптими?
Л у и д ж и. Ўчиринг овозингизни! Яна бир марта ундан оғиз очсангиз…
М о р р и с. Биламан-биламан, ўттиз икки тишимни томоғимга тиқасиз.
Л у и д ж и. Билсангиз бўпти, йўқолинг кўзимдан!..

Моррис хотиржам юриб чиқиб кетади. Чироқ ўчади.

Бешинчи кўриниш

М и т ч е л кириб келганида Л у и д ж и асабий ҳолатда у ёқдан-бу ёққа бориб келарди.

Л у и д ж и. Бўлди, бошқа ҳеч кимни йўлатма! Тўйдим!
М и т ч е л. Бўпти, бўпти, тушундим… Фақат…
Л у и д ж и. Нима фақат-нима фақат? Илтимос, Митчел, бошқа ҳеч кимни қўйма! (Ўзини каравотга ташлайди.)
М и т ч е л. Майли-ю, лекин эрталабдан бери кутиб ўтирибди-да…
Л у и д ж и. Ким?
М и т ч е л. Ҳалиги… нимайди… Хотининг-да…
Л у и д ж и (сакраб туриб). Нима, Изабелми?
М и т ч е л. Ҳа… Сени бир кўришга интизор бўлиб ўтирибди.
Л у и д ж и (тўнини тескари кийиб). Мен интизор эмасман!
М и т ч е л. Хўш, нима қилай?
Л у и д ж и. Ҳайдавор! (Яна ётиб олади.)

М и т ч е л чиқиб кетар-кетмас камерага бош-оёқ қора кийган, юзига қора тўрпарда тутган И з а б е л кириб келади.
И з а б е л. Ҳелло, Луиджи!
Л у и д ж и (тескари қараганча.) Тур-э!
И з а б е л. Хайрият, сени кўрар кунам бор экан-ку!
Л у и д ж и. Даф бўл!
И з а б е л. Ҳалиям хафамисан?
Л у и д ж и. Йўқол, кўзимга кўринма!
И з а б е л. Нима?
Л у и д ж и. Қулоғинг том битганми? Туёғингни шиқиллат, дедим!
И з а б е л. Шиқиллатмайман.
Л у и д ж и. Бургадай эзиб ташлайман!
И з а б е л (ноз билан тўрпардасини кўтариб). Майли, эза қол…
Л у и д ж и. Учгача санайман! (Кўзини юмиб.) Бир, икки…
И з а б е л. Минггача санасангам фойдаси йўқ.
Л у и д ж и. Уч! (Кўзини очиб.) Вой, ярамас, манжалақи-ей! Ҳалиям шу ердамисан?!
И з а б е л (сигарет тутатиб). Бунақа уятсиз гапларга тоқатим йўқлигини биласан-ку, жоним.
Л у и д ж и. Ҳо! Уятсиз гапларни эшитишга тоқатингиз йўқ, уятсиз ишларни қилиш бўлса бемалол, а?
И з а б е л. Жудаям майда гапсан-да, Луиджи. Мен сени севаман-ку, тентаквой!
Л у и д ж и. Ҳа, мени севасан-у, бошқаси билан ош-қатиқ бўлиб юрасан!
И з а б е л. Шундай қилишга мажбур эдим, Луиджи, бу менинг бурчим эди!
Л у и д ж и. Ни-ма?! Бурч?!
И з а б е л. Тушунтирай десам гапиргани қўймаяпсан-ку! Аввало, Жонни менга бегонамас – биринчи муҳаббатим эди. Сенга айтувдим, шекилли? Жоннига умримнинг охиригача сени унутмайман, деб сўз берганимда… Йўқ, қасам ичганимда атиги ўн беш ёшда эдим. Ўша куни биринчи муҳаббатим билан умрбод видолашгани борувдим. Бор гап шу. Сен бўлсанг ақлдан озгандай қутуриб, кўринганни тўппончадан ота бошладинг!
Л у и д ж и (бақириб). Нима, ўзимдан-ўзим шунчаки отиб ташладимми? Ҳеч қандай сабаби йўқмиди?
И з а б е л. Албатта йўқ эди. Ўша куни сўнгги учрашувимиз эди, деб айтяпман-ку.
Л у и д ж и. Албатта-да, мен уни отиб ўлдирганим учун сўнгги учрашувинглар бўлди! Менга қара, сен умуман… соғмисан?
И з а б е л. Соппа-соғман.
Л у и д ж и. “Соппа-соғ” хотин икки дунёдаям бунақа қилмайди! Қўй, Изабел, мени қонимга ташна қилма! (Итариб ташлаб.) Қоч, энди бунақа номеринг ўтмайди!
И з а б е л (суйкалиб). Луиджи… Луиджинио… Луиджигинам…
Л у и д ж и (силтаб). Энди мен учун йўқсан! Ёрилган пуфаксан! (Қўлини ҳавода ўйнатиб.) Мана, мана, ҳавосан, йўқсан!..
И з а б е л. Ҳавосиз яшаб бўлмайди, Луиджи. Пуфакча бўлсам нима қипти? Масалан, совун пуфакчасини қара, қандай товланувчан!
Л у и д ж и. Пуфакча деганим йўқ, пуфак дедим, пуфак! Молнинг ичак-чавоғидан қилинадиган пуфак!..
И з а б е л. Йўқ, пуфакча дединг!
Л у и д ж и. Барибир оёғинг қийшиқ! Ёйсимон! Бунинг устига, кўзинг ҳам ғилай! Ҳў, қаёққа қараяпсан? Мен бу ёқдаман, ку-ку!..
И з а б е л. Ҳалиям рашк қиляпсанми? Марҳумлардан рашк қилиш яхши эмас, Луиджи. (Бирпасдан кейин.) Очиғи, рашк қилишга арзийдиган ҳеч вақо бўлгани йўқ.
Л у и д ж и (ишонмай). Шунақа дегин?
И з а б е л. Тўғри, у келишган, кўркам йигит эди. Лекин эркак сифатида… нима десам экан… хуллас, жиблажибон эди!
Л у и д ж и. Жонни-я?
И з а б е л. Жонни — мисоли бир нимжонгина шабада эди. (Луиджига яқин келиб.) Сен бошқачасан… Сен бўронсан, довулсан, тўфонсан!.. Мени қуча қолсанг-чи, Луиджи!..
Л у и д ж и. Йўқ! Сени қучоқлайдиган қўлларимни кесиб ташлайман!
И з а б е л. Кела қол, Луиджи, мунча ноз қилдинг энди!
Л у и д ж и (қочиб). Йўқ, йўқ, ҳеч қачон!
И з а б е л (ҳукмдорона). Ўжарлик қилма, Луиджи, хафа бўламан-а!
Л у и д ж и. Нари тур! Сендан нафратланаман!
И з а б е л. Сенга бўсаларим ёқарди, а? Ўрмон асалини эслатади, дердинг. Эсингдами?
Л у и д ж и. Нима?.. Асал?! Асалмас, заҳарнинг ўзгинаси эди! (Бақириб.) Бўлди, бошқа чидолмайман!.. (Электр стулига ўтириб.) Изабел, мени боғла!..
И з а б е л. Эсинг жойидами?
Л у и д ж и. Боғла деяпман!
И з а б е л. Нега, ахир, нега?
Л у и д ж и. Қулоқларим шолғом бўлиб кетяпти… Тезроқ боғла, бўлмаса бир аҳмоқлик қилиб қўяман!.. Худо хайрингни берсин, тезроқ бўл!.. Нима десанг ҳаммасига розиман, фақат тезроқ боғла!.. (Сабри чидамай ўзини-ўзи боғлай бошлайди.) Манави қайишни мундоқ ўтказамиз… иккинчисиниям… Йўқ, буниси бу ёққа экан… Манависини курагим аралаш боғла… Жонинг борми, мунча имилладинг!..
И з а б е л (қайишларни боғлашга ёрдамлаша туриб). Нима, мен жаллодманми, қаёқдан билай…
Л у и д ж и. Ана шундай. Бўлди. Оёқларимни боғлама, бўш турсин.
И з а б е л (жирканиб қатл гулоҳини олади). Буниям кийгизайми?
Л у и д ж и. Йўқ, керак эмас. Сенга тўйиб-тўйиб қарамоқчиман. (Алоҳида таъкидлаб.) Фақат қарамоқчиман, Изабел!..
И з а б е л (аразлаб). Қара, қарайвер, тўнка!.. (Бир оздан кейин.) Ҳали, нима десанг ҳаммасига розиман, дедингми?
Л у и д ж и. Ҳа, дедим.
И з а б е л (тиз чўкиб, тиззасига бош қўйиб). Сени севаман, эҳтирос билан, телбаларча севаман де…
Л у и д ж и (бутунлай гангиб). Эҳтирос билан, телбаларча севаман…
И з а б е л. Юрагим сенга, ёлғиз сенгагина тегишли, Изабел.
Л у и д ж и (гипноз қилингандай). Юрагим сенга, ёлғиз сенгагина тегишли, Изабел…

И з а б е л енгил тин олиб, сигарет тутатишда давом этади. Л у и д ж и
хотинига ҳирс билан тикилади.

И з а б е л. Нега унақа қараяпсан, Луиджи?
Л у и д ж и (уялиб). Менми?.. Ҳечам-да…
И з а б е л. Биринчи марта учрашганимиздаям шунақа қарагансан.
Л у и д ж и. Қанақа?
И з а б е л. Шунақа… ҳаёсиз. Ўшандаям қулоқларинг қип-қизил бўлиб кетувди.
Л у и д ж и. Эсингдами, муюлишдан сал ўтиб, чоғроқ меҳмонхона бўларди?
И з а б е л. Учинчи қават, бир юз тўртинчи хона.
Л у и д ж и. Ҳа. Бир соатга кириб, уч кундан кейин чиққанмиз…
И з а б е л. Ёмғир ёғаётувди… Соябон сотиб олиб берувдинг…
Л у и д ж и. Ҳа, кумуш дастали. Бу менинг биринчи совғам эди… Ўша уч кечани ҳали-ҳали эслайман…
И з а б е л. Ҳа, ҳаммаси ўтиб кетди… Фақат қулоғингнинг қизариши ўша-ўша.

Л у и д ж и паҳлавон Прометейга ўхшаб электр стулига боғланган кўйи хотинига сеҳрлангандай тикилиб ўтирибди. И з а б е л бепарволик билан чекяпти.

Ке энди, ечиб қўяй? Қулоғингнинг қизаришиям қолди.
Л у и д ж и. Ажойибсан, Изабел… Ҳаётимда сендан яхшироқ, сендан гўзалроқ аёлни кўрмаганман…
И з а б е л (қуруқ). Бўрттирма, Луиджи.
Л у и д ж и. Йўқ, рост. Тонгги шабнамдай мусаффосан…
И з а б е л. Йўқ, Луиджи, тонг шабнамидай эмасман. Буни ўзингам биласан.
Л у и д ж и. Ўзингга туҳмат қиляпсан, Изабел. Сендан нафратланган пайтларимдаям мана бу ердаги муҳаббат заррача сўнгани йўқ. Сени ўйласам ёки узоқдан бўлсаям овозингни эшитсам…
И з а б е л. Нима бўлади?
Л у и д ж и. Қулоқларим қизариб кетади…
И з а б е л (тикилиб туриб). Сенга ҳавасим келяпти. Ҳамманинг оғзидасан, газеталардан номинг тушмайди. Ҳамма сенинг ёнингни оляпти, ўлимингга қарши намойишлар бўляпти. Жуда машҳур бўлиб кетдинг. Билсанг, бунда мениям хизматим бор.
Л у и д ж и. О, бўлганда қандоқ! Агар сен хиёнат қилмаганингда мен манави лаънати стулда ўтирмаган бўлардим!
И з а б е л. Ҳар ҳолда, бу ерда сенга ғамхўрлик қилишади. Менинг ҳолимдан хабар оладиган одам йўқ. Шунақа ёлғиз бўп қолдимки, сенсиз, пулсиз…
Л у и д ж и. Бор-шудимни сенга ташлаб келганман-ку, тағин нима дейсан?
И з а б е л. Ўша “бор-шуд”инг адвокатингга юқ ҳам бўлгани йўқ! На машина қолди, на… Қишни манави жандада ўтказдим.
Л у и д ж и. Яп-янги палто-ку! Ёлчитиб кийганингам йўқ.
И з а б е л (эшитмай). Бир жуфт пайпоққаям пулим йўқ. Отахон Мунд бўлмаганда, билмадим, нима қилардим.
Л у и д ж и (сергак тортиб). Яна қанақа Мунд?
И з а б е л. Сесил Кристофер Мунд. Танийсан.
Л у и д ж и. Анави итларга консерва тайёрлайдиган Мундми?
И з а б е л (кибр билан). Отахон Мунд ҳеч нима тайёрламайди, у – тайёрлаттиради! Қўлида уч минг одам ишлайди. Менам ўша уч мингнинг биттасиман.
Л у и д ж и. Итларга консерва қиляпсанми? Сен-а?
И з а б е л. Эсинг жойидами? Мен унинг шахсий хизматидаман.
Л у и д ж и. Яъни?
И з а б е л. Яъни, мен унинг ўнг қўлиман. Ҳамшира ёки котибага ўхшаган гапман. Телефон қилишса улаб бераман, ўт-гиёҳлардан унга дори тайёрлайман, гоҳида ҳайдовчилик қилишимгаям тўғри келади.
Л у и д ж и. Ўзиям етмишдан ошиб қолгандир?
И з а б е л. Олтмиш тўққизда. (Йиғламсираб.) Билсанг, мен дўзахнинг нақ оғзида яшаяпман. Бутун оиласи мени ёмон кўради! Анави куни хотини нима дейди, дегин? Сендан консерва ясавораман, дейди.
Л у и д ж и. Қанақа консерва?
И з а б е л. Ҳалигидақа, қуриб кетсин, итларга-да…
Л у и д ж и. Шундай деган бўлса, бирон асоси бордир-да?
И з а б е л. Албатта, бор-да! (Тажовузкорона.) Ҳаммасига сен айбдорсан!
Л у и д ж и. Нега энди айбдор бўларканман?
И з а б е л. Ҳа, нега кўзингни пиёла қиласан? Сен одам ўлдирмаганингда ўзингниям бошингни еб кетмасдинг, менам кўчада қолмасдим! Яхшиям отахон Мунд бор экан… Мени биринчи марта уйига бошлаб борганида қанақа жанжал бўлганини кўрсанг эди!
Л у и д ж и. Ундай бўлса, бўша – кет.
И з а б е л. Нима? Кейин қаёққа бораман? Йў-ўқ, мен у ердан кетмайман! Ҳали Изабелнинг кимлигини уларга кўрсатиб қўяман! Ҳаммаси унинг ўлимини кутяпти! Хотинчасиям, болалариям. Мақсадлари битта: шўрлик чол ўлса-ю, булар мол-дунёсига эга бўлишса! Меҳрибон қариянинг ўлиб-нетиб қолишидан битта мен ташвишдаман, битта мен куяман.
Л у и д ж и. Тупур ҳаммасига, Изабел, ахир тупуришга устасан-ку. Нима қиласан бировнинг оилавий можаросига аралашиб?
И з а б е л. Ие, эсинг жойидами? Тирикчилигим нима бўлади? Чол ўлди дегунча мени кўчага ҳайдашади! Йўқ, шундай қиламанки, чол ҳали-бери ўлмайдиган бўлади! Кута-кута ўзлари ўлиб кетишади! (Амрона.) Бу ишда сен менга ёрдам беришинг керак!
Л у и д ж и. Мен? Қандай қилиб?
И з а б е л. Билмадим, қўлингдан келармикан?..
Л у и д ж и. Изабел, сени деб одам ўлдирдимми, демак, бундан баттариям қўлимдан келади. Айт, нима қилишим керак?
И з а б е л. Айтарли ҳеч нима… (Кўзларига тик қараб.) Фақат… фақат юрагингни берсанг бўлди…
Л у и д ж и (даҳшатга тушиб). Ни-ма?..
И з а б е л. Барибир пешонангга шу ёзилган бўлса, дейман-да…
Л у и д ж и (бирдан чўкиб, хаста овозда). Эҳ, Изабел, Изабел… Мен аҳмоқ эрингни кўргани, ҳолидан хабар олгани келгансан, деб ишониб ўтирибман… Буни ҳаммадан кутсам ҳам, сендан кутмовдим… Нима қиласан… юрагимни?..
И з а б е л (хотиржам). Менга юрагинг керак эмас. Битта меҳрибон, ажойиб қарияга керак.
Л у и д ж и (бундай зарбадан аста-секин ўзига келиб). Битта меҳрибон, ажойиб хотинбозга, де! Изабел, мени ечиб қўй, қулоғимнинг қизариши кетди.
И з а б е л. Чол ҳаёт экан, мен кўчада қолмайман. Шунинг учун у узоқ яшасин, дейман. Нима, хотинингни одамга ўхшаб яшашини истамайсанми?
Л у и д ж и (қайишларни ечишга уриниб). Вой, сен урғочи махлуғ-ей!..
И з а б е л. Бекорга сўкиняпсан. Ўзинг “юрагим сеники, ёлғиз сеники” демаганмидинг?
Л у и д ж и (кўзлари ёшга тўлиб). Тириклигимда сеники… фақат тириклигимда сеники эди!..
И з а б е л. Тириклигингдами, ўлганингдан кейинми – сенга барибир эмасми?
Л у и д ж и. Ечиб қўй, деяпман! Ўша қари таканг юрагимни икки дунёдаям ололмайди! Хотинимни олгани каммиди, энди юрагимам керак бўлиб қоптими? Чучварани хом санабди! Еч, ечиб қўй!..
И з а б е л. Нима, бўлмаса сени деб умрим кўчада ўтсинми?
Л у и д ж и. Асли жойинг ўша ер!..
И з а б е л. Мунча тилингни бир қарич қиласан, ўзинг ким бўпсан жа? Сицилиялик қўтир эчки!.. (Шошилмай сигарет тутатади.)
Л у и д ж и (чираниб). Ечиб қўй, деяпман!.. Сен қанжиқни мана шу қўлларим билан эзиб ташлайман!..
И з а б е л. Энди айтсам бўлади: Жонни ҳечам жиблажибон эмасди! Эркакмисан – эркак эди!.. (Сигарет тутунини Луиджининг юзига пуфлаб.) Қанчалик мараз одамсан-а, Луиджи!
Л у и д ж и (бутунлай тамом бўлиб). Митчел, худо хайрингни берсин, Митчел ҳеч қурса сен ечиб қўй!..
И з а б е л (кетишга чоғланиб). Биз ҳали кўришамиз, Луиджи. Сен қонуний эримсан, хотининг олдида қонуний мажбуриятларинг бор. (Луиджига эгилиб.) Тўғрими? Ишончимни оқлайсан, деган умид билан кетяпман… (Хотиржам чиқиб кетади.)

Л у и д ж и боғланган кўйи бошини эгганича ўкириб-ўкириб йиғлайди.
Шошганича М и т ч е л киради.

М и т ч е л. Чақирдингми? (Унга кўзи тушиб.) Эй, парвардигор, нима бўлди, Луиджи?.. Стулга ким боғлади?.. Ҳозир ечаман…
Л у и д ж и. Қўй, ечма, яхшиси, токни ула, Митчел…
М и т ч е л. Эсингни едингми! Бунақа совуқ нафас қилма!.. (Шоша-пиша қайишларни ечади.)
Л у и д ж и (жуда секин). Мени ўлдириб кетди, Митчел… Ўтмас қилич билан чопти… Тириклайин ўлдирди… Энди мен тирик мурдаман, Митчел…
М и т ч е л. Бўлмағур гапларни қўйсанг-чи, Луиджи, сен ҳали тириксан! Луиджи Ломбарди ҳали кў-ўп яшайди, мана мени айтди дерсан…
Л у и д ж и (узоқ сукутдан сўнг). Балки Луиджи Ломбарди кўп яшар. Лекин у бутунлай бошқа одам бўлади… Бошқа одам!
Чироқ ўчади.

УЧИНЧИ ПАРДА

Олтинчи кўриниш

Л у и д ж и каравотда узала тушиб ётибди. Ухлаётган бўлса керак, балки ўлиб қолган бўлиши ҳам мумкин. Гаврошча кийинган г а з е т а с о т у в ч и л а р томошабинлар оралаб югуриб бақиришади.

Б и р и н ч и о в о з. Газетанинг махсус сони! Махсус сони! Мисли кўрилмаган қаллоблик! Аср фирибгарлиги!
И к к и н ч и о в о з. Луиджи Ломбарди юрагини ҳаммага ваъда қиляпти!
У ч и н ч и о в о з. Нақд пул ёки пул ўтказиш йўли билан юрак сотиб олишингиз мумкин! Истасангиз, почта орқали бандерол қилиб жўнатилиши мумкин!
Б и р и н ч и о в о з. Америка бозорида янги маҳсулот – одам юраги сотиляпти! Юракка кеп қолинг!

Ёмғир овози кучаяди.

Ик к и н ч и о в о з. Ўнлаб кишилар фирибгарлик қурбони бўлишди! Юзлаб алданганлар, минглаб ҳафсаласи пир бўлганлар!
У ч и н ч и о в о з. Фермер Смит Луиджининг юрагига эга бўлиш илинжида экинзорларининг ҳаммасини сотиб юборди!
Б и р и н ч и о в о з. Ниқоб кийган учта чол тамаки дўконини тунаб кетишди!
И к к и н ч и о в о з. Етимхона директори ўша юрак учун етимхонанинг ҳамма маблағини сарф қилиб қўйди!
У ч и н ч и о в о з. Америка куляпти ва ранжияпти!

Ёмғир кучайгандан кучаяди. Л у и д ж и ҳамон қимирламай ётибти.

Б и р и н ч и о в о з. Гангстер бу сурбетларча қилиғи билан Америка халқи устидан куляпти!
И к к и н ч и о в о з. Луиджи Америка жамоатчилигининг назаридан қолди!
У ч и н ч и о в о з. Ғазабланган жамоатчилик қатлнинг тезлаттирилишини талаб қилмоқда!

Кучли ёмғир овози. Луиджи ўрнидан сакраб туриб, бошини чангаллаганича, хона бўйлаб у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. М и т ч е л киради.

Л у и д ж и. Қаёқларда санғиб юрибсан?! Деразани ёпиб қўй, жин урсин!
М и т ч е л. Қанақа дераза?
Л у и д ж и. Бунақа ёмғирдан жинни бўлиб қолиш ҳеч гапмас! Ҳар бир томчиси бошимга мих бўлиб қоқиляпти! Деразаларни ёпиб қўй, деяпман, аҳмоқ! Тоза сочиқ қани?! Чойшаблар-чи?!
М и т ч е л. Кеча опкеб бердим-ку.
Л у и д ж и. Овқат-чи, овқат?! (Жазавага тушиб.) Ювиндида маза бор, бунда маза-матра йўқ! Кеча опкелган овқатингни деразадан отвордим!
М и т ч е л. Намунча “дераза, дераза” деб қолдинг? Ахир бу камерада дераза йўқ-ку. Майли, уйдан опкелган овқатимдан бераман.
Л у и д ж и. Менга садақа керак эмас!
М и т ч е л. Қанчалик ўзгариб кетдинг-а, Луиджи…
Л у и д ж и. Ўчир овозингни! Нима, жиноятчиларда ошқозон бўлмайдими?
М и т ч е л. Ҳамма бало об-ҳаводан. Ҳозир ҳамма шунақа асабий. Тўғриси, бунақа серёғин баҳорни эслолмайман. Мартда шунақа бўлса, апрелда нима бўлади – ҳайронман…
Л у и д ж и (сакраб туриб). Ҳа-а, ана!.. Дилингдаги тилингга чиқиб кетди, шумният иблис! Апрелда нима бўлади? А? Биринчи апрелда? Сенам менинг ўлимимни кутяпсан?..
М и т ч е л (довдираб). Луиджи!..
Л у и д ж и. Нима – Луиджи, нима – Луиджи?! Ҳамманг бир гўрсан! Сенам ўшаларга ўхшаган ифлос чўчқасан!
М и т ч е л (ларзага келиб). Мени… мени бекорга сўкяпсан, Луиджи!.. Сенга муносабатимни биласан-ку…
Л у и д ж и. Турқингни кўрсам кўнглим айнияпти!
М и т ч е л. Худо ҳаққи, айт, сенга нима ёмонлик соғиндим, Луиджи?..
Л у и д ж и. Йўқол кўзимдан, қари алвасти!
М и т ч е л (ниҳоятда хафа бўлиб). Адвокатинг қўнғироқ қилувди. Айтиб қўй, ҳаммаси яхши кетяпти, бугун янги губернатор билан гаплашаман, деди. Шуни айтгани кирувдим… (Дили вайрон бўлиб чиқиб кетади.)
Л у и д ж и (кетидан, секин). Мени кечир, қария…

Ёмғир овози энди бир қадар осойишта эшитилади.

Эҳтимол апрелда об-ҳаво яхши келар… Менинг Фулминиямда доим қуёш чарақлаб туради. Ҳатто булутли кунлардаям бир парчагина, денгизчининг иштонидаги ямоқдай бўлсаям, зангори осмон кўриниб туради…

Шахдам қадамлар билан м а й о р кириб келади. Бу сафар у фуқаро кийимида. Костюм-шими қора рангга мойил, қўлидаги соябони ҳам қора.

М а й о р (остонаданоқ). Судга бераман! Қаматтираман! Мен сизни, биласизми, нима қиламан?..
Л у и д ж и. Биламан. Ҳеч нима қилолмайсиз. Судга бераман деяпсиз – суд аллақачон бўлиб ўтган. Қаматаман деяпсиз – кўриб турибсиз, курортдамасман. Яна нима?
М а й о р. Сен… сен қип-қизил товламачисан! Сенга кўрсатиб қўяман…
Л у и д ж и. Қачондан бери бир-биримизни “сен”лашга ўта қолдик? Сира эслолмаяпман. (Кескин.) Сизга нима керак ўзи?
М а й о р. Гўё билмайдилар! Мен нақд пул тўлаб қўйсам-у, бу кишим юрагини кўринганга ваъда қилиб юрибдилар!
Л у и д ж и. Бу менинг ишим.
М а й о р. Қирқ минг доллар-чи, бу кимнинг иши? Нима, мен шунча пулни кўчадан топиб олибманми?! Шамолга совирилди! Энди нима қиламан?
Л у и д ж и. Бу сизнинг ишингиз. Шахсан мен сиздан бир чақаям олганим йўқ. Ё олдимми?
М а й о р (ғазаби қайнаб). Қирқ мингни қуртдай санаб, телеграф орқали ўша бедаво Фулминиянгизга жўнатдим-ку! Мана, квитанцияси!
Л у и д ж и. Жўнатган бўлсангиз жўнатгандирсиз, осмон узилиб ерга тушгани йўқ. Фулминияда пулнинг қадрсизланишини ҳисобга олсак, улар бор-йўғи арзимаган йигирма тўрт миллион италян лираси олишган. Шуям пул бўптими, сариқ чақа-ку!
М а й о р. Улар ўша йигирма тўрт миллион “сариқ чақа”ни нима қилишганини биласизми? Ҳаммасини еб-ичишибди!..
Л у и д ж и. Тўғри қилишибди. Ҳеч қурса, ҳаётларида бир марта одамга ўхшаб яшашибди.
М а й о р. Ўша боқибеғам юртдошларингиз шунча пулга шашварам қуришмабди! Ҳеч қанақа мактаб, ҳеч қанақа кўприк, на телефон, на водопровод – ҳеч нима! Лекин ишратхона қуриш эсларидан чиқмабди! Тасаввур қилинг-а, Америка армиясининг пулига фоҳишахона қуришса!
Л у и д ж и. Хотиржам бўлинг, бир кунмас-бир кун ўша фоҳишахонага мармар тахтача ўрнатишиб, исмингизни ёзиб қўйишади, “майор Аппелгейт” деб! Иккита “п”!..
М а й о р (ўзини йўқотиб). Бу… бу ўтакетган товламачилик! Саботаж! Давлатга хиёнат! Бунинг учун ҳарбий трибунал сизни ўлимга ҳукм қилади, сержант Ломбарди!
Л у и д ж и. Менга қаранг, саломатлик яхшими ўзи? Ўзингизни дўхтирга қаратинг! Мен аллақачон ўлимга ҳукм қилинганман. Мени неча марта ўлдирмоқчисиз ўзи?
М а й о р. Бутун америка жамоатчилиги қатлингизни тезлатишни талаб қиляпти! Мен ё пулимнинг қайтарилишини, ё юрагингизни беришингизни талаб қиламан!
Л у и д ж и (пинагини бузмай). Бир чақаям пулим йўқ, буни биласиз. Юрагимни бермайман, ўзимга керак.
М а й о р. Мени пичоқсиз сўйдингиз!.. Энди қирқ мингни маошимдан ушлаб қолишади!.. Бу жуда катта аҳамиятга молик тажриба эди! Бош штаб одам юраги қанча вақт чидашини аниқламоқчи эди.
Л у и д ж и (кўзлари ёниб, лекин паст овозда). Бориб айтинг ўша Бош штабингизга, одам юраги ҳар қандай олчоқлик ва очкўзликка, ҳар қандай худбинлик ва хиёнатларга чексиз вақт, ҳатто чидаш мумкин бўлмаган пайтлардаям чидайверади, денг!.. Яна шуниям айтингки, сизнинг тажрибангиз уч пулгаям арзимас экан, денг!..

Шу пайт Д о л о р е с ва Д и а н а ҳовлиқиб киришади. Улар бир хил – қора либосда бўлиб, соябонлари ҳам қора рангда эди.

Д о л о р е с (майорга кўзи тушиб). Бизданам илдамроқлар чиқиб қоптими?! (Дианага.) Бу ўша, ўтган сафарам биздан олдин суқулиб кирган нусха! Фақат унда ҳарбий кийимда эди.
М а й о р. Мен ҳеч қачон, ҳеч қаерга суқулмайман. (Ўзини таништириб.) Майор Аппелгейт!
Л у и д ж и. Иккита “п” билан айтилади.
Д о л о р е с (енгил таъзим қилиб). Донья Долорес Люция Сальтамонтес!
М а й о р. Шунинг ҳаммаси битта ўзингизникими?..
Д о л о р е с. Бу – қизим Диана, гўзаллик қироличаси! Дунёдаги энг гўзал қиз! Мен унинг онасиман.
Л у и д ж и. У билан кўпам ош-қатиқ бўлаверманг, хоним, у фақат майор эмас…
Д о л о р е с (қўл силтаб). А!.. Гўзаллик қироличаси дунёда битта. Бунақа майорлар ачиб ётибди.
М а й о р. Нима дедингиз?
Д о л о р е с. Ачиб ётибди, дедим. Қайси дарахтни силкитманг, мингта полковниг-у, уч ярим мингта майор ёғилади.
М а й о р. Мен сизни яхши тарбия кўрган аёл деб ўйлабман. Узр!
Д о л о р е с. Ҳа, нима? Тасаввур қилинг: дарахтда осилиб турибсиз, силкитса – ёғиласиз, силкитмаса – йўқ!
М а й о р. Бемаъни ўхшатиш!
Д о л о р е с. Ҳар ҳолда, сизнинг бу ерда бекорга санғиб юришингиздан бамаънироқ! Бизга берилган рухсатномада соат ўн-у, нол-нолдан бошлаб Луиджи Ломбарди билан бизнинг учрашувимиз кўрсатилган!
М а й о р. Шунақа денг? (Қизишиб.) Сиз ким билан гаплашаётганингизни биласизми ўзингиз? Агар истасам, ўша рухсатномангиз билан қўшиб сизни… сизни…
Д о л о р е с. Ана шундай қилишни сизга маслаҳат бермасдим, майор!
М а й о р (ўзини босиб). Бахтингизга, яхши тарбия кўрган одам билан гаплашиб турибсиз. Ўн дақиқадан кейин келаман. Лекин ўшанда “яхши тарбиям”ни кўчага ташлаб келаман, хоним! (Чиқиб кетади.)
Д о л о р е с. Луиджи, болагинам, нега бундай қилдинг? Ахир бизга ваъда қилувдинг-ку?..
Л у и д ж и. Қизиқ, нега бугун ҳамма мени “сен”лаб қолди?
Д о л о р е с. Янги юрак оберишимни эшитиб, шўрлик Рамонгинам шунақа севиндики, шунақа севиндики!..
Л у и д ж и. Яхшиси, эрингизга бошқа нарса сотиб олиб беринг: жигарми, кўричакми?..
Д о л о р е с. Унинг аҳволи борган сари ёмонлашиб кетяпти – бунга сиз айбдорсиз, Луиджи!
Л у и д ж и. Нега энди юрагимни айнан сизнинг Рамонингизга беришим керак экан? Майор, масалан, қирқ минг доллар тўлаб қўйди.
Д о л о р е с. Қирқ минг? Ҳеч нима эмас экан-ку, мен юз минг бераман! (Қизини кўрсатиб.) Мана – юз минг доллар! Унинг баҳоси шу!
Д и а н а. Лекин… лекин мен истамайман!.. Европага бораман!
Д о л о р е с. Ҳеч қаерга бормайсан! Ҳозир сен оиламизга қарашишинг керак!
Д и а н а. Европага боришимга дадам рози бўлдилар-ку?
Д о л о р е с. Йўқ дедимми, йўқ! Пишириб қўйибдими ўша ифлос Европада?!
Л у и д ж и. Нима-нима? Қанақа Европа?
Д о л о р е с. Парижда ахлат ташувчилар яна иш ташлашибди. Бутун шаҳар ахлатга ботиб қопти. Умуман, бутун Европа сасиб ётганмиш!
Л у и д ж и (секин, хавотир билан). Сизнингча, Сицилия ҳамми?..
Д о л о р е с (эслашга уриниб). Сицилия? Сицилия, Сицилия?.. Ҳа, ҳалиги, одамлари қурбақа-ю, шиллиққуртлар ейишадиган шаҳарми?
Д и а н а. Вой ойи-ей, унақа нарсаларни французлар ейишади!
Л у и д ж и (оғриниб). Мен сицилияликман, хоним. Умримда қурбақаям, шиллиққуртам емаганман! Ундан ташқари, хоним, сизга ўхшаганларни ўша бизнинг сассиқ Европада фоҳишафуруш – қўшмачи дейишади!
Д о л о р е с. Ни-ма?.. Шу гапингизни менга айтяпсизми? Сальта-монтес авлодидан бўлган аёлга-я? Конкистадор Эскимильо Леон Сальтамонтес Мексикада нақ Кортеснинг ўзи билан елкама-елка туриб жанг қилган! (Артистона.) Оҳ, агар Рамонгинамнинг қуввати бўлганида эди!.. Сальтамонтес авлоди шаънининг бундай таҳқирланиши қон билан ювилар эди!
Л у и д ж и. Битта каллакесар оғайнимнинг исм-шарифиям “Эль Сальтамонтес” эди. Мабодо қариндошинглар эмасми?
Д о л о р е с (аламдан титраб). Сиз ҳаддингиздан ошяпсмз!
Л у и д ж и. “Сальтамонтес” деган сўзнинг маъносини биласизми? Чигиртка дегани. Ҳа, оддий чигиртка. Демак, сизни оддийгина қилиб “Чигиртка хоним” деб чақирсам бўлаверади.
Д о л о р е с. Бизнинг шонли авлодимиз номи тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан ёзилажак! Ота-боболаримиз бундан беш юз йил муқаддам Мексикани забт этганларида…
Л у и д ж и. … чигирткадай ёпирилиб, ҳамма нарсани таг-томири билан еб битиришган! (Долоресга юзма-юз келиб.) Мана ҳозирам сиз, Чигиртка хоним, юрагимни таг-томири билан еб ташламоқчисиз!
Д о л о р е с. Ҳақорат қилманг, Луиджи, бунақада сиз билан икки дунёдаям келишолмаймиз!
Л у и д ж и. Келишмоқчияммасман.
Д и а н а. Дадамлар ҳам истамайдилар…
Д о л о р е с. Диана!
Л у и д ж и. Дадангиз нимани истамайдилар, қизалоқ?
Д и а н а. Юрагингизга мана шунақа… йўл билан эга бўлишни…
Д о л о р е с (бақириб). Пулинг бўлмагандан кейин қанақа қилиб оласан бўлмасам?!
Д и а н а. Лекин дадам умуман юрак керак эмас, деяптилар…
Д о л о р е с. Бас қил, аҳмоқ!
Л у и д ж и. Нимага ҳадеб бунга бақираверасиз?!
Д и а н а. Дадам шўрлик… дадам…
Д о л о р е с (заҳарли вишиллаб). Ўчир овозингни!..
Л у и д ж и. Ўзингиз овозингизни ўчиринг! Бўлмаса юрагимни бермай қўяман! Диана, дадангга нима қилган? Аҳволи чинданам оғирми?
Д и а н а. Гап шундаки, ойим…
Д о л о р е с. Диана, яна бир оғиз гапирсанг…
Л у и д ж и. Гапир, гапиравер, қўрқма.
Д и а н а. Ойим жудаям… эҳтиросли аёллар…
Л у и д ж и. Даданг-чи?
Д и а н а. Дадам кечқурунлари китоб, газета ўқишни хуш кўрадилар…
Д о л о р е с. Ўчир!.. Нималар деб алаҳсираяпсан, уятсиз?!
Л у и д ж и. Тушунарли. Энди қари Рамонини ёшартириш учун янги юрак сотиб олиб бермоқчилар! Ҳм, ётоқхона учун мотордай гап-да, а?
Д о л о р е с. Бунинг гапига парво қилманг, Луиджи… Ҳали гўдак-да, нима деяётганини ўзиям билмайди…
Л у и д ж и. Ёши нечада?
Д о л о р е с. Ўн саккизда! Бизнинг Мексикада аёллар апельсинга ўхшаб эрта етилади. Масалан, мен ўн олти ёшимда турмуш қурганман. Қаранг, Луиджи, томирларимизда креол қони оқяпти! Сальтамонтеслар авлодининг қони! Бу – олов, куйдириб кул қилади, Луиджи!..
Л у и д ж и. Хўп, яхши. Юрак масаласини кейин ўйлаб кўрармиз… (Дианага.) Қани, бери кел-чи, бўтам.

Д и а н а жойида қимирламай тураверади.

Д о л о р е с. Нима, эшитмаяпсанми? (Қизининг елкасига туртиб.) Бор, Луиджи амакинг чақиряптилар…
Л у и д ж и. Яна яқинроқ.

Д о л о р е с Д и а н а ни итариб, Л у и д ж и нинг рўпарасига олиб келади, сўнг қизининг қўлларини унинг елкасига қўйдиради.

Д и а н а (қўлларини олиб). Йўқ, йўқ, истамайман!..
Д о л о р е с. Бақирма-е! Нима, биров сени сўйяптими!..
Д и а н а. Ойижон, ойи-и!.. Ўзингиз бунақа қилиш гуноҳ дердингиз-ку!..
Д о л о р е с (чўқиниб). Ҳечқиси йўқ. Черковга бориб ибодат қилсанг, ҳеч нима кўрмагандай бўлиб кетасан!

Қиз Л у и д ж и нинг қучоғида ҳушидан кетади.

(Шивирлаб.) Олов тафтини сезяпсизми, Луиджи?..
Л у и д ж и. Бироз айланиб келмайсизми, Чигиртка хоним!..

Долорес, тушундим, дегандай бош ирғайди ва оёқ учида юриб эшикка боради.
М а й о р билан И з а б е л г а дуч келади. Изабелнинг қўлида кумуш дастали
қора соябон.

М а й о р. Мен норозилик билдираман! (Изабелнинг йўлини тўсиб.) Боя ҳам иккита хоним мендан олдин кириб, ишнинг белига тепувди!
Д о л о р е с. Тс-с… (Уларни итариб чиқариб.) Илтимос, халақит берманглар…

И з а б е л билан м а й о р шундагина қучоқлашиб турганларни пайқайдилар.

И з а б е л (яқин келиб). Ҳорманглар, ҳорманглар… Нима қиляпсиз, хўжайин?

Л у и д ж и парво қилмай, қизни бағрига босиб тураверади.

И з а б е л (соябон билан эрини туртиб). Э-эй, менга хиёнат қилгандай бўляпсизми, азизим?
Л у и д ж и (қизни қўйиб юбормай). Нари тур, жаҳлимни чиқарма!..
И з а б е л. Сени бегона аёл билан ушлаб олдим. Мана, шунча гувоҳларам бор. (Бақириб.) Қўйворасанми буни, йўқми? (Ораларига соябон тиқиб ажратади.) Бу ажина ким бўлди?
Д о л о р е с (кибр билан). Маъзур тутадилар, бу…
И з а б е л. Манави мишиқи-я? Қуриб қолган ходанинг ўзи-ку!..
Д о л о р е с. Ўзинг ходасан! Кўзинг кўрми, қара: тўқсон бир, олтмиш икки, тўқсон уч! Ҳакамлар ҳайъати бир овоздан тан берган!
И з а б е л. Кайфи бўлса керак-да.
Д о л о р е с. Менинг қизим дунёдаги қизларнинг энг гўзали! Ёрилиб кетсангизам, бор ҳақиқат шу!
И з а б е л. Қизи кап-катта, бола-чақали эркак билан чирмашиб ётибди-ю, бу бўлса… Она бўлмай ўл-э!..
Д о л о р е с. Менимча, ўлимга ҳукм бўлган одамнинг бунга ҳаққи бор…
И з а б е л. Менинг эрим ҳатто ўлими олдидаям бундай бемаънилик қилмайди!
Д о л о р е с. Э, менга қаранг, хоним! Буни савдо деб қўйибди!
И з а б е л. Қанақа савдо? Балки қизингиз эвазига манави чўчқа юрагини ваъда қилгандир?..
М а й о р. Пардон, мадам! Унинг юраги менга тегишли! Пулини аллақачон тўлаб қўйганман!
И з а б е л. Сизниям қизингиз борми, майор?
М а й о р. Кечирасиз, биз нақд пул тўлаганмиз! Қирқ минг!
И з а б е л. Қирқ минг?.. (Луиджига.) Менга бир тийинам бермадинг-а, номард!.. (Ҳаммага.) Гап бундай, жаноблар ва хонимлар! Қонун биз тарафда – эр-хотин манфаатларини қонун ҳимоя қилади!
Л у и д ж и (Дианага). Кўзимни бекит, шу алвастининг турқини кўрмай!..

Диана Луиджининг кўзини бекитади.

И з а б е л. Қоч ундан!.. Тегма, деяпман! Қўлингни ол-э!..

Д и а н а қочиб, электр стулининг орқасига бекинади. Д о л о р е с соябони билан қизини ҳимоя қилади. М а й о р бу серғалва хотинлар атрофида чорасиз югуради. Л у и д ж и электр стулида, худди театрда ўтиргандай, хотинларнинг “соябонлар жанги”ни томоша қилади.

М а й о р. Ҳой, бир-бирингларни майиб қилиб қўясанлар-ку! Бас қилинглар! Нега тушунмайсизлар, ахир юрак сотиб бўлинган!..
И з а б е л. Йўқ, мен унинг қонуний хотиниман! Керак бўлса, қонуний бевасиям бўламан!
Л у и д ж и. Менинг эмас, Жонни Брайаннинг бевасисан!
Д о л о р е с (Изабелга). Сиз бошингизга урасизми юракни? Ёшсиз, соғломсиз?
Л у и д ж и. Унинг мингга кирган ўйнаши бор, ўшанга!
М а й о р. Жим! Армия ҳар қандай фуқародан устун туради!
Д о л о р е с. Дунёдаги энг гўзал қиз ҳатто америка армиясиданам устунликка эга! Ўзинг айт, Луиджи, юрагинг кимники бўлади?

Ҳамма жим. Кутяпти.

Л у и д ж и (узоқ сукутдан сўнг). Нега ҳамманг инсон юрагини телевизор ёки автомобилдай сотиб олиш мумкин, деб ўйлайсизлар?
М а й о р. Ҳеч нима ўйлаётганимиз йўқ! Сиз сотдингиз, мен олдим.
Д о л о р е с. Йўқ, кечирасиз, у юрагини бизга, бизнинг оиламизга ваъда қилган!
И з а б е л. Мадам, у ҳаммага ваъда қилган. Газета ўқийсизми ўзи?
М а й о р. Буни қандай тушунса бўлади, Ломбарди?..
Л у и д ж и. Жуда оддий. Бизнинг Сицилияда шундай гап бор: лўлининг эшагини суғор-у, пулини ол.
Д о л о р е с. Ў-ў-ў, сен қип-қизил товламачи экансан-ку!.. (Соябони билан ташланиб.) Қароқчи! Қотил! Қонхўр!..
Д и а н а (Луиджини ҳимоя қилиб). Тегманг унга, ойи!..
И з а б е л (Долоресга). Сиз нимага тилингизни бир қарич қилиб, шамсиянгизни ўйнатиб қолдингиз?! Нари туринг, эримга яқинлашманг!
Д о л о р е с. У қизимни шармисор қилди! Шонли авлодимиз номини булғади!
И з а б е л. Сизга буям кам, бувижон, баттар бўлинг!
Д о л о р е с (ҳезланиб). Ким буви? Мени буви деяпсанми? Мени-я?!
И з а б е л. Сени, сен қўшмачини! Ўз қизига ўзи қўшмачилик қилган сен жодугарни!
Д о л о р е с. Вой, ғилай бурга-ей!..
И з а б е л. Нима дединг? Яна бир қайтар-чи!..
Д о л о р е с (қўлларини белига тираб). Ғи-лай, бур-га!
И з а б е л. Сочингни битталаб юлмасамми!.. (Соябонини отади.) Оёқларингни гугурт чўпидай синдириб-синдириб ташлайман!..
Д о л о р е с. Ке, келавер, келавер! (Соябонини отиб.) Кўзингни ўйиб оламан, ҳеч кимга ғилайланиб қаролмайдиган бўлиб қоласан!..

Хотинлар бир-бирининг сочига ёпишиб кетишади.

М а й о р. Ё ҳозир бас қиласизлар, ё стулни токка улайман – Луиджи ҳалок бўлади! Юрагиям ҳеч кимга насиб қилмайди!..

Ҳамма турган жойида қотиб қолади. Чироқ ўчади.

Еттинчи кўриниш

Тағин ўша ер. Ўтган саҳнада қотиб қолганлар жонланади. М о р р и с кириб келади. У қора палтода, қўлида қора портфели. Луиджидан бошқа ҳамма унга шубҳаланиб қарайдилар.

М а й о р. Бу ерга киришга рухсатномангиз борми?

Моррис индамай рухсатномасини кўрсатади.

Д о л о р е с. Нега портфел кўтариб юрибсиз?
И з а б е л. Нега бўларди, пул опкелгандир-да!
М а й о р. Омадингиз йўқ экан, мистер! Юракнинг пули тўлаб қўйилган!
М о р р и с. Портфелимда қўлёзма билан бугунги газетадан бошқа ҳеч нима йўқ. (Луиджига.) Сизга бўлажак китобимдан илк бобини ўқиб бермоқчи эдим… Эсингиздами, жамоатчилик фикрига кўпам ишонманг деган эдим?
Л у и д ж и (секин). Энди мен ҳеч нимага ишонмайдиган бўлиб қолдим…
М о р р и с. Кўча тўла одам. Бу ёққа бостириб келишяпти.
Д о л о р е с. Ё худо! Ҳаммасига юрак керак эканми?..
М о р р и с. Билмадим. Полиция қамоқхонани ўраб олган, бу ерга киришолмас-ов.
Л у и д ж и (бефарқ). Уларга нима керак экан?
М о р р и с. Биласизми, Луиджи, аввалига сиз юрагингизни касалхонага васият қилиб, ҳамманинг олқишига сазовор бўлдингиз. Кейин уни кўринган одамга ваъда қилавердингиз, натижада…
Д о л о р е с. Ҳа, у бутун Сальтамонтес авлодини алдади!
И з а б е л. Мени, қонуний хотининиям чув тушириб ўтирибди-я!..
Л у и д ж и. Сен гапирмасангам бўлади! Бошқалар майли, лекин сенга, фақат сенга ҳеч нима ваъда қилмаганман!
М а й о р. У бутун бошли америка армиясини аҳмоқ қилди!
М о р р и с. Хуллас, кўчадаги одамлар қаттиқ норози. Ким билади, балки улар ҳаммасини тушунтириб беришингизни кутишаётгандир. Эҳтимол, ўзингизни оқлаб, билмадим, узр сўрашингиз керакмикан?..
Л у и д ж и. Нега? Кимдан узр сўрашим керак экан?..
Д о л о р е с. Тағин сўрайди-я!
И з а б е л. Ҳаммамиздан, Луиджи Ломбарди, ҳаммамиздан!
М а й о р. Узрини бошимга ураманми, қирқ мингга куйиб ўтирибман.
Л у и д ж и. Бир нарсага тушунмаяпман, нега ҳамманг менга осилиб қолдинглар?! Ўлимга маҳкум одам тепасида чарх ураётган қузғунлардан узр сўраганини қаерда кўргансиз?! (Ҳаммага бир-бир тикилиб.) Сизлардан узр сўрашим керакми? Сизлардан-а?..
Д о л о р е с. Тошюрак одам экан бу. Балки умуман юраги йўқдир?
И з а б е л. Тўғри, унда ҳеч қачон юрак бўлмаган! Мен биламан-ку!
Л у и д ж и. Э, йў-ў-ўқ, юрагим бор… Бор. Мана, ҳозирам уриб турибди… (Ғамгин.) Дук-дук, дук-дук…

Нозик ва нафис оҳангларда баркарола таралади.
Уришини эшитяпсизларми?..
М а й о р. Биз сўнгги сўзингизни кутяпмиз, Ломбарди.
Л у и д ж и. Нимаям дердим? Шунча гапдан кейинам ҳеч ким ҳеч нима тушунмадими – мен айбдор эмасман.
Д о л о р е с (заҳарли). Хўш, биз нимани тушунмабмиз?
Л у и д ж и. Дунёда пулга сотиш ёки сотиб олиш мумкин бўлмаган нимадир борлигини тушунмайсиз! (Электр стулида тик туриб.) Менинг юрагим… ҳеч кимга насиб қилмайди, жаноблар!
М а й о р. Америка армиясининг пули нима бўлади?
Л у и д ж и. Мен сизни танимасдимам, бу ерга чақирганимам йўқ. Одам юрагини сотиб олмоқчи бўлиб ўзингиз келдингиз!
Д о л о р е с. Эримни жуда-жуда яхши кўраман, Луиджи! Нега менга ёрдам бергингиз келмайди, а? Мен уни жонимдан ортиқ севаман!..
Л у и д ж и. У ҳақиқий севги эмас.
Д о л о р е с. Севги доим ҳақиқий бўлади. Бошқача бўлиши мумкин эмас!
Л у и д ж и. Мумкин. Сизнинг севгингиз худди ўша “бошқача”сига киради. Сиз фақат ва фақат ўзингизни севасиз.
И з а б е л (Долоресни суриб). Мен бир бечора қария бироз яшасин деяпман. Бор-йўғи шу, холос. Бунинг нимаси ёмон, Луиджи?
Л у и д ж и (азоб билан). “Бор-йўғи шу” эмас, Изабел, шугина эмас!.. Мен ҳаётимда иккита кечириб бўлмас хато қилдим. Биринчиси, сени учратганим…
И з а б е л. Ана шу гапни бекор айтдинг, Луиджи, бекор айтдинг…
Л у и д ж и. Иккинчиси, мен умуман туғилмаслигим керак эди.
И з а б е л. Буниям бекор айтдинг… Шундай нарсалар бўладики, уни ҳеч қачон, ҳеч кимга айтиб бўлмайди. Бир умр ичингда қолиб кетавериши керак. Бекор айтдинг, Луиджи… (Овозида совуқ нафрат сезилар, аллақандай ғалати асабийлик зўрайиб борарди.) Шундай экан, ҳозир, шу топда видолашганимиз маъқул…
Л у и д ж и. Алвидо, Изабел. Сенга омад ёр бўлсин.
И з а б е л. Эшитдинглар-а, у туғилганига пушаймон бўляпти!.. (Энди асабийлик ўрнини жазава эгаллайди.) Одам дунёга келдими, эртами-кечми кетадиям! Нега қараб турибмиз – ёрдамлашворайлик! (Кумуш дастали соябонини Луиджининг кўксига тўғирлайди.)
Л у и д ж и. Бу ишда сен биринчи бўлишингни билардим… (Дианага.) Қизалоғим, сен бунақа нарсаларни кўрмаганинг маъқул, чиқиб тур. (Чекина туриб, аста-секин тўсиқ ортига ўтиб кетади.)
И з а б е л. Нега қараб турибсизлар?! Қани, дадилроқ!!!

М а й о р ҳам соябони билан Л у и д ж и томон юради. Д о л о р е с ҳам у
ндан ўрнак олади.

Д и а н а (онасининг йўлини тўсиб). Ойи!.. Ҳеч қурса, сиз аралашманг, ойи!..

Д о л о р е с уни итариб ташлаб, сеҳрлангандай йўлида давом этади.

(Моррисга.) Худо хайрингизни берсин, бир нима қилсангиз-чи! Нега серрайиб турибсиз, ёрдам беринг, ахир!..

М о р р и с (тўсиқ ёнига бориб, қарайди). У ўзини ҳимоя қилмаяпти. Яшашни истамаяпти…
Д и а н а (даҳшат ичида қичқириб). Ўзингни ҳимоя қил, Луиджи!.. Қараб турма, Луиджи, бир нима қилсанг-чи!.. Луиджи, Луиджи-и-и!.. (Ларзага келиб, югуриб чиқиб кетади.)

Узоқ-узоқлардан баркарола оҳанглари таралади… Тўсиқ ортидан ҳеч нима эшитилмайди, гўё ҳеч нима бўлмаётгандай. Шу пайт тўсиқ ортидан ваҳимага тушган учта шарпа чиқиб, кўздан ғойиб бўлади. Шундагина Моррис тўсиқ ортига ўтиб, кўкрагидан қон сизиб турган Луиджини суяб чиқади ва каравотга ётқизмоқчи бўлади.
Л у и д ж и (бемажол). Йўқ, бу ергамас… ўзимнинг жойимга…
М о р р и с (уни авайлаб электр стулига ўтқазади). Мен сизга ёрдам беролмадим, Луиджи…
Л у и д ж и. Биламан… Ҳожатиям йўқ эди…
М о р р и с. Ҳозир доктор чақириб келаман.
Л у и д ж и. Керак эмас… Бирпас ёнимда ўтиринг… Бўлажак китобингизнинг биринчи бобини ўқиб бермоқчи эдингиз…

Ҳовлиққанича, М и т ч е л югуриб киради.

М и т ч е л. Нега ҳамма қочиб кетяпти?..
М о р р и с (бошини эгиб). Уни ўзбошимчалик билан олатўп қилишди.
М и т ч е л (даҳшатда). Луиджи!.. Болагинам!.. Ё парвардигор!.. Ким бунақа қилди, ким?!
М о р р и с. Ким бўларди, юрагига харидорлар-да…
М и т ч е л. Сизамми? Ахир сизам шу ерда эдингиз-ку?!
Л у и д ж и. Йўқ, Митчел, у менга теккани йўқ…
М и т ч е л (Моррисга таҳдид билан). Бўлмаса нега ёрдам бермадингиз, ахир?! (Йиғлаб юборади.)
Л у и д ж и. Бақирма, қария, у ҳеч нима қилолмасди… У фақат кузатиб, кейин бу ҳақда китоб ёзиши керак эди…
М и т ч е л (ёш боладай ҳиқиллаб). Муҳтож одамга ёрдам қилолмас экансиз, ёзган китобингизни пишириб енг! (Луиджининг ярасини боғлай туриб.) Асли айб ўзимда… Доим эшик тирқишидан мўралаб турадиган одам, бу сафар худо уриб… Бу мияси айниган чолни кечир, ўғлим!.. Ҳозир доктор чақириб келаман… (Минг афсус-надомат билан чиқиб кетади.)
Л у и д ж и. Мендан рози бўл, қария… (Моррисга.) Эшитяпсизми, ёмғир тинди?..
М о р р и с. Мен ҳеч нима эшитмаяпман…
Л у и д ж и (бирпасдан сўнг). Ахир кулгили эмасми… Мени электр стулида эмас, қилич биланаммас, оддийгина соябон билан қатл қилишса-я!..
М о р р и с (ўз хаёли билан). Айтинг-чи, Луиджи, нега ўзингизни ҳимоя қилмадингиз?
Л у и д ж и (унинг билагидан ушлаб). Бу дунёнинг судидан кўра у дунёнинг судини афзал кўрганим учун… Ҳм, бу дунёнинг ишларини кўрдингиз-ку… У ёқда бошқача… Гуноҳу савоблар бошқача тарозида ўлчанади… Китобингизнинг охирида шу нарсаниям қўшиб қўйингки, Луиджи Ломбарди бу дунёдан ҳаммадан рози бўлиб кетди, денг… Розиман, мингдан-минг розиман… Ўша хиёнаткор хотинимданам, қизини қўйнимга солмоқчи бўлган анави қўшмачиданам, ўша мансабпараст майорданам розиман… Бу дунёда қолаётганларга раҳмим келади… Шунинг учун ҳаммадан рози бўлиб кетяпман… Сизданам розиман, Френк… Фақат бир илтимос, жасадимни ўша мен эчки боқиб юрган Фулминияга қўйишсин… Шуни талаб қилинг, шунга эришинг… Бу менинг сўнгги васиятим… (Жон таслим қилади.)

Сокин баркарола оҳанглари остида аста-секин парда ёпилади.

Рус тилидан Шароф Бошбеков таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2006 йил, 2-сон