В.Песков, Б.Стрельников. Колумбнинг топгани (1975)

“Колумбнинг топгани” публицистик асари ёзилгани ва эълон қилинганига 30 йил бўлди. Лекин энг муҳим жиҳати шундаки, асарда кўтарилган муаммолар у ёзилган давридагидан кўра ҳозир кўпроқ аҳамият касб этмоқда.

Асар инсониятни атроф муҳит софлиги учун курашга чорлайди, дунё аҳли эътиборини Америка мисолида экология муаммоларига қаратади, мазкур масалани дунё адабиётида биринчилардан бўлиб кўтариб чиқади. Башарият тақдирига куюнчаклик билан қараш руҳида ёзилган ушбу публицистик рисола журналхонларимизни бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.

БОКИРА ЕР

Ер юзида Америка йўқ, бўлган эмас деб тасаввур этиш ғоят ғалати бўларди. Европа, Африка, Осиё… Америка йўқ. Улуғ Рим гуллаб-яшнади ва таназзул топди. Хитойда жуда кўп салтанатлар ўрин алмашди. Ҳиндистондаги улуғвор ибодатхоналар эскириб улгурди. Москва шаҳрининг пайдо бўлганидан бери неча аср ўтяпти. Куликов ва Грюнвальд жанглари ортда қолди. Афанасий Никитин Ҳиндистонга бориб, жонажон Тверь шаҳрига қайтиб келди… Америка йўқ эди! Ҳеч ким унинг борлигини билмасди.

Эҳтимол, норманлар бу ерга сузиб кетишаётгандир, балки Тур Хейердал ҳисоблаганидек, арабларнинг тўқима қайиқлари бу жойларга аллақачон етгандир. Лекин барибир бу топилма Колумб номи билан боғлиқ. Ҳа, баайни шундай: топилма. Лекин Колумб нима топганини ўзи ҳам билмасди. Денгизчи кўришни орзу қилган Ҳиндистонга Ғарб томондан кириб келдим деб ишонган. Европага мана шундай қувончли хабар билан қайтиб келган Колумб яна уч маротаба Ғарбга томон сузган ва топгани Ҳиндистон эканлигига ишонган ҳолда оламдан ўтиб кетди!

Денгизчи-савдогар Америго Веспуччи биринчи бўлиб топилманинг фаҳмига етган: “Бу Осиё эмас, балки номаълум катта қуруқлик…” “Америго ери” – картографлар дастлаб бу қуруқликни шундай аташган (1506 йил). Кейинроқ “Америка” деб атай бошлашган. Инсон зоти ер юзида яшай бошлаганидан бери бундан кўра улуғроқ топилмани топмаган эди, албатта, кейинроқ топиш ҳам амримаҳол. Унинг оқибатлари ниҳоятда улкан ва мислсиз. Шунинг учун ҳам ўша, 1492 йилнинг 12 октябрини тасаввур этиш ғоят қизиқарлидир. Бахтга қарши ўша кун тўғрисидаги янги тафсилотларнинг ҳатто урвоғини ҳам топиб бўлмайди. Барчага маълум тафсилотларни яна бир бор эслаб кўрайлик… Бу уммонда сузиш бошланганининг етмишинчи куни эди. Агар яна бирор ҳафта соҳил кўринмагудай бўлса, Янги Дунёнинг кашф этилиши эҳтимол орқага сурилган бўлармиди. Уч елканли кема (“Ниньи”, “Пинти”, “Санта-Мария”)даги командалар “Орқага, уйга қайтамиз!”, деб ҳайқириш, исён кўтариш арафасида эдилар. Океан ўша вақтларда одамлар учун ҳозирги космосдай бир гап эди. Устига-устак, Колумб экипажи таркибини тузаётганда ўзи истаган одамларни тўплай олмаган, ғарбда Осиёни қидиришга фақат қамоқхонадаги жиноятчиларгина рози бўлишганди. Қайсар адмирал кўзига эндигина ўзи осилиши эҳтимол бўлган дор арқонининг сояси туша бошлаган бир паллада қуруқликнинг аломатлари пайдо бўла бошлади: сувда қандайдир майда мевали шохчани кўриб қолишди-да, уни дарҳол кема бортига тортиб олишди…” Лекин энг муҳими қушлар! Куз маҳали эди. Қушларнинг жуда катта галалари жануби-ғарбга қараб учишаётганди. Шубҳасиз, улар қуруқлик томон учиб боришарди. Колумб қушларга ишонди ва кемалар йўлини қушлар учган томонга қараб кескин ўзгартирди.

Ўша куни навбатчилик қилган матрос (ўша пайтда энг олдинда бўлган “Пинти” кемаси экипажининг аъзоси Родриго де Триана) биринчи бўлиб “Қуруқлик!” деб қичқириб юборди. “Пинти” кемаси энг катта замбарагининг гумбурлашидан ҳаммаёқ ларзага келди. Замбаракнинг баҳайбат тош ядроси шалоплаб сувга тушди. Американинг кашф этилиши шундай рўй берди.

Колумб ўз топилмасининг миқёси ва қиммати тўғрисида тасаввурга эга эмасди. У биринчи бор номаълум қуруқликка сузиб борганда ҳозирги Куба ва унга қўшни Гаитининг океан соҳилига яқин ерларинигина кўрганди, холос. “Ҳиндистондан совға” тарзида кемаларга ортилган нарсалар орасида бир неча қизилтанли одамлар ҳам бор эди. Уларни ҳинди (индеец)лар деб аташарди (ҳозиргача Американинг туб аҳолисига бошқача ном топиша олмаган). Шунингдек, кемаларга Европада кўришмаган қушлардан ва жўхори, картошка, тамаки сингари ўсимлик турларидан ортишди. Қуруқликни кашф этганларни ҳаммадан кўра тамаки ва уни истеъмол қилишнинг ғалати йўллари ажаблантирди. “Улар (ҳиндилар) бу ўсимликни кукун ҳолига келгунгача янчишарди-да, ёғочдан ясалган найсимон асбобнинг бир томонига тиқишарди. Унинг устига кўмир чўғни солишарди. Шундан кейин кукун тиқилган найсимон ёғочнинг бошқа томонидан тутунни обдон ичларига тортишарди. Бу тутун ичларини тўлдириб то оғиз ва бурунларидан худди тош мўридан чиққандай бурқсиб туради”. Бу фикрлар кейинроқ қайд этилган. Лекин Колумб матрослари ҳиндиларнинг тутунини синаб кўришни пайсалга солишмаган, шекилли, ичишни илгарироқ ўрганган европаликлар энди уйларига чекишни ҳам ўрганиб қайтишди.

Лекин тамакининг тутуни ҳам, пиширилган картошканинг ҳиди ҳам европаликларнинг ҳавасини келтиргани йўқ. Денгизчилар ўзлари билан ҳаммага яхши маълум бўлган сариқ металл олиб келишганди… Ҳозирги кунларгача дунёдаги жуда кўп нарсаларнинг қиммати шу металл оғирлиги билан ўлчанади. Шу туфайли ҳам ўша вақтлардаёқ анча кўҳна ҳисобланган Европани бу металл жунбушга келтира бошлади. Ғарбга томон денгиз йўли уларга бойлик ваъда қилаётганди. Шамол, шуҳрат, бойлик саргузаштталабларни Колумбнинг изидан ғарбга тортаётганди.

Лекин масалага жиддийроқ ёндошилгудай бўлса, Американи Колумб, норманлар ёхуд папирус кемаларидаги денгизчилар кашф этишмади. Бу қуруқликка биринчи бўлиб Осиёдан келган мусофир овчи одамлар оёқ қўйишди. Бу қитъанинг очилиши эди. Мазкур қитъада одамлар улуғ музлик чекингандан кейин (Колумбдан 20 минг йил аввал) пайдо бўлишган. Йиртқич шаклидаги музлик сурилиши билан бирга овчилар Сибирь бўйлаб шимол томон аста-секин кириб борганликларини тасаввур қилиш мумкин. Осиё ва Аляскани ажратиб турган тор кўрфаз одамларнинг бу жойларга жойлашишларига монелик қила олмаган. Бунинг устига ҳар иккала қитъадан бир-бирига ўтиш қулайроқ жой бўлганлиги ҳам эҳтимолдан холи эмас. Кўчиб келаётганлар ҳозирги Канада ва Қўшма Штатларнинг кенгликларини жануб ва жануби-шарққа томон эгаллаш ва шу жойларга ўрнашишга тушдилар, ўз йўлларини давом эттириб, янада ичкарироқ кира бошладилар. Бутун қитъа ҳудудлари одамлар билан қоплангунгача орадан мингларча йиллар ўтди.

“Пинти” кемасидаги замбаракдан “рангпар” кишиларнинг бу ерга келганликларидан хабар берувчи ўқ отилган соатларда бепоён бу кенгликларда нималар бўлганийкин?.. Жанубий Америкада бу даврда ҳиндиларнинг улуғ тамаддуни рўй берганди, қатор шаҳарлар, ибодатхоналар қад кўтарган, санъат ривожланган, деҳқончилик ишлари яхши йўлга қўйилганди. Хотиржамлик ва фаровонлик ҳукм суриб турган бу уй Европадан келганлар томонидан талон-тарож қилинди. Талон-тарож қилиндигина эмас, бутунлай вайронага айлантирилди. Асрлар мобайнида барпо этилган маданият болта туфайли ағанаб тушган кўм-кўк дарахтдай қулади-қўйди. Биз бугун рангли суратларда акс этиб турган тошлар уюмини кўришимиз, катта майдонларни эгаллаган астрономик қурилмаларнинг қандай мақсадларни кўзда тутганини тахмин қилишимиз, омилкорлик билан олиб борилган деҳқончиликнинг сирларини тушунишга уриниб кўришимиз, кемалардан тушиб келган ваҳшийликларни қораламоғимизгина мумкин.

Кемаларда келганлар бир ҳовучгина одамлар эди. Уларнинг Америкада пайдо бўлишларини ҳозирги кунларда қандайдир ўта электронли, ўқ ўтмайдиган, очкўз, ўзларига бино қўйган “марсликлар”нинг фантастик равишда Ерга тўсатдан бостириб келишларига ўхшатиш мумкин. Ўшанда ҳиндилар келгинди одамлар билан уларнинг отларини бир вужуд сифатида қабул қилишганди. Пилта милтиқлар билан қуролланган, улардан ўт очиб ҳаммаёқни даҳшатга солаётган совут кийган келгиндилар маҳаллий инклар ва майялар учун ўзга сайёрадан келганга ўхшар ва бутунлай тушунарсиз эди.

Уларнинг олтинларга бу қадар очкўзларча ёпирилишларини ҳам ҳиндилар тушунишмасди. “Ҳамма нарсани олаверинг, фақат болаларга тегманг”, – дейишарди ярим тунда уйларига бостириб кирган талончиларга. Ацтеклар, инклар ва майялар баайни ўзларини шундай тутишарди. Испан истилочилари қимматлироқ туюлган ҳамма нарсани олишарди, лекин бу билан чекланмай ўлдириш, ёқиш ва йўлларида учраган нарсаларнинг кулини кўкка совуришдек лаззатлардан ҳам ўзларини тия олишмасди. Мактабда ўқиб юрган вақтимиздаёқ номи хотирамизда муҳрланиб қолган Кортес қароқчиликни авж олдирганларнинг ягона раҳнамоси эди. Мана улардан яна биттасининг номи: Эрнандо де Сото. У Перудан Испанияга роса бадавлат бўлиб қайтди – “ҳатто қирол оиласининг аъзолари ундан қарзга пул сўрашдек исноддан ўзларини тийиша олмади”. Лекин бой одам янада бадавлатроқ бўлишни истайди. Обдон таланган Мексика ва Перудан шимолроқда ҳали қўлга киритилмаган “олтин империялари” бор деб ҳисоблаган Сото иккинчи маротаба Америкага қайтиб келади. У кемаларга 600 аскар, 230 та от, бир-бирига маташтирилган итлар галаси (маҳаллий аҳолидан қаршилик кўрсатган ўжарларини итлар орасига ташлаб бурда-бурда қилинарди) ва бир гала чўчқаларни орттирганди.

“Олтин! Қани олтин?” Испан тилидаги бу сўзларни жуда кўп элатларнинг бир неча авлоди эҳтимол ҳеч қачон эсдан чиқармагандир. Улар келгиндиларга ҳамма нарсалари – озиқ-овқат, кийим-кечак, хотинлари, қизларини беришарди. Ишқилиб, бу ерлардан тезроқ даф бўлишса бас. Лекин шимолда олтин йўқ эди, ҳиндилар оқ танлиларга ўзлари эшитишни истаган сўзларни айтишарди. Сото отряди бир неча минг километрлик бениҳоя қийин йўлларни босиб ўтди. Отряд аъзолари ўзларини ҳам аяшмади, йўлларида дуч келганларга ҳам омонлик беришмади. Ҳозирги Алабамага яқин жойда ҳиндиларнинг крик қабиласи келгиндиларга зарба беришга уриниб кўрди. Ўртада қизғин жанг авжига чиқди. Уруш испанлардан 18 аскар, ҳиндилардан 2500 кишининг ҳалокати билан тугади. Лекин Сото аскарлари ўзларини жуда катта талафот кўрган деб ҳисоблашди – “дори-дармон бўлмаганлиги туфайли, аскарларнинг яраларига ўлган ҳиндиларнинг ёғидан сурилди”.

Ҳозирги хариталар бўйича Сото экспедициясининг босиб ўтган йўли кузатилгудек бўлса, улар ниҳоятда гўзал ва ҳосилдор жойлардан ўтишган. Лекин улар на табиат гўзалликларини ва на бошқа ажойиботларни пайқашган. Кўллар ва дарёларни йилтиллаб кўринаётган мақсадлари йўлидаги ғовлар деб билишган. Олтин, қани олтин!..

Отряд одамларининг ярми, шу жумладан, Сотонинг ўзи ҳам қадам босилмаган ерларнинг чангалзорларида йўқ бўлиб кетишди. Ҳолдан тойган ва ҳалокатга маҳкум экспедиция аъзоларининг қолган-қутгани флот тузишди-да (отларнинг темир тепкилари, узанги ва турли темирларни эритиб лангар ясашди), Мисисипи бўйлаб ўзлари келган томонга сузиб кетишди. Олтиннинг урвоғини ҳам топиша олмади. Ҳақиқий олтин ер ва унинг устида яшаб турган барча нарсалар у вақтларда қайдрланмасди. Узун, тор қайиқларга фақатгина майизлар ортиб олинганди.

Ҳозирги АҚШ ва Канада чегаралари ўртасидаги ерлар у вақтларда сокинликда мудраб ётарди. Ҳиндиларнинг ўтовсимон кулбаларидан чиқаётган тутунлар, қушларнинг чағ-чуғлари, сувлардаги балиқларнинг шалоплаши, минглаб ҳайвонларнинг чопаётгандаги дупур-дупури, бепоён саҳро ва улуғвор тоғларнинг сокинлиги… Колумб замбарагининг овози бу жойларга етиб бормаганди. Жуда катта майдонларда ирокез, навах, пуэбло, гурон, оттава, сиу, чироклар, эри, ожубуэ, аппачи, небраска, денот сингари ўнлаб ҳинди қабилалари истиқомат қилишарди… Ҳар бир қабила сахий ерларида баҳамжиҳатлик билан ўз турмуш тарзларига яраша ҳаёт кечиришарди. Улар орасида ягона машғулоти ёввойи қорамолларни овлаб тирикчилик ўтказадиган овчи ҳиндилар ҳам, буғу, кийик, сув қундузини тутиб тирикчилик ўтказувчи ўрмон ҳиндилари ҳам бор эди. Дарё ва кўл бўйларида яшовчи ҳиндиларни сув боқарди. Жанубий томонларда эса ўтроқ ҳиндилар истиқомат қилишар, жўхори, картошка, тамаки, нўхот, қовоқ, ловия, бодринг, олхўри экишарди. Жануби-ғарбий томонларда даштга мослашган ҳиндилар ўрнашиб олишганди. Буларнинг барчаси ерга ўрганган одамлар бўлиб, овчилик, ёмғир, жўхори худоларига сиғинишарди. Улар табиат сирларини ғоятда яхши билишар, зеро, ҳаётлари табиат инжиқлигию сахийлиги билан чамбарчас боғлиқ эди. Ҳозирги биология тили билан айтганда, бу макондаги ҳар бир қабила ўзининг “экологик тахмони”га эга эди (қалдирғочлар ўз ўлжаларини ҳаводан, олмахон билан қизилиштон дарахт тепасидан қидиришарди, қундузлар сувда яшашар, ёввойи қорамоллар эса даштларда юришарди).

Ҳиндилар ҳали ғилдирак ва темир нималигини билишмасди. Юк ҳайвонлари ҳам йўқ эди. Бир жойдан иккинчи жойга кўчганларида юкларини ўзлари кўтариб юришар ёхуд итларга торттиришарди. Йўл нималигини ҳам ҳали билишмасди. Одамларни фақатгина сўқмоқлар, кўл ва дарё сувларигина бирлаштирди. Лекин асрлар мобайнида шаклланиб, сайқал топиб келаётган одамлар орасида ўзаро муносабат, ўзларининг турмуш кечириш маданиятлари бор эди. Ҳаммадан ҳам табиат билан уйғунлик, унинг сир-синоатини тушуниш, заруриятсиз унга озор бермаслик қадрланарди. Ер ҳам бунинг учун сахийлик билан жавоб берарди. “Ҳиндини поёнсиз, ўтиб бўлмас чангалзорга обориб ташлаб, қўлига пичоқ ва кичкинагина болтача бериб қўйсангиз бас. Бўрилар ҳам очликдан ўладиган жойларда ҳаммавақт қорни тўқ юришига шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади”, – деб ёзган эди бу ерга келиб қолган оқ танлилардан бири. Табиат билан уйғунликда яшаш одмигина, лекин вазминлик, ҳаловат, донолик ва нафисликни талаб этади. Ҳиндилар томонидан асир олинган оқ танлиларнинг болалари кейинчалик ўз уйларига истар-истамас қайтишган, – ўрмон ҳаётининг ўзига хос жозибаси болаларга ёқиб қолган.

Табиийки, ҳиндиларнинг ҳаёти роҳат ва фароғатда кечмаган. Бутун қишни оч-наҳор ўтказишган пайтлар бўлган, ўзаро низолар уларнинг силласини қуритган. Душманларнинг бош терисини сочлари билан шилиб олиш ҳолатлари ҳам бор гап.

Қабилаларнинг улуғ доҳийлари (Гайавата шулардан бири эди) иноқликда яшашнинг афзаллигини тушуниб етганлар. Улуғ кўллар атрофидаги бешта йирик қабила доимо аҳилликда ҳаёт кечиришган. Тарихчиларнинг ҳисоблашларича, Шимолий Америкадаги ҳиндиларга ўз тамаддунларига эришиб, ўзга жойлардан бостириб келганларга қаршилик кўрсатиш ва ер юзидан йўқ бўлиб кетмайдиган даражага эришишларига бир неча аср етмай қолган.

Флоридадан Канаданинг совуқ кўрфазларигача бўлган кенгликларга туширилган “оқ десант” Колумб бу ерга келиб-кетиши биланоқ ёхуд икки-уч йил ичида туширилмаган. Аввалига разведкачилар келишган. Улар сувнинг паст жойига тиқилиб қолмаслик ёхуд сув остидаги қояларга урилиб кетмаслик учун ёғоч кемаларида (узунлиги бор-йўғи 20 метр) жойлашиб олишлари учун қўрқа-писа қўлтиқ қидиришарди. Энди фақат испанларгина эмас, шунингдек, инглизлар, французлар, голландлар янги ерларни ўзлаштиришга шошилишарди. Уларнинг ҳаммалари ҳам ўзларини бир хил тутишарди – енгил ҳаётни излашарди.

Шарқий соҳилдан олтин топиша олмади, лекин унга деярли тенг келадиган мўйна кўп эди. Мўйна Янги Дунёдан Европага олиб келинадиган асосий товарга айланди. Бу олтинни қаерлардадир қидириб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди. Унинг ўзи кемаларга қараб оқиб келарди. Бир жуфт қундуз терисини пичоқ ва кўзгуга алмаштирган ҳинди оқ танлига ҳаётий қадриятларнинг фаҳмига етмайдиган телбага қарагандай тикиларди. Савдо-сотиқ баъзида авжига миниб кетар, ҳиндилар бозорга келтиришган териларни сотиб бўлгач, “эгнидаги кийимларини ҳам ечиб, керакли нарсага айирбошлаб, бутунлай яланғоч қайтиб кетган вақтлари ҳам бўлган”.

Дастлабки учрашувлар ўзаро ишонч ва аҳилликда ўтарди, оқ танлиларни меҳмоннавозлик билан қарши олишар, рақс тушишар, найсимон мусиқа асбобларида куйлашарди. Зиёфат ҳам қойилмақом эди – “қабила доҳийси қуён, каклик гўштлари, зоғора нон ва қовурилган куркаларни 2000 юк ташувчи орқали юборган эди”. Лекин тез орада ерли аҳоли келгиндиларнинг қандай халқ эканлигини тушуниб қолди. Алдаш, хоинлик, зиқналик, ўғирлик, бир неча қундуз териси учун қотиллик қилиш келгиндиларнинг касби бўлиб қолганлигини англашди. Ҳиндилар, улар билан савдо-сотиқ қилишаётганди, лекин энди европаликларнинг характерларини ҳисобга олган ҳолда бу ишни эҳтиёткорлик билан амалга оширишарди. Француз қироллигининг фуқароси Веррацано 1524 йилда шундай ёзганди: “Маҳаллий аҳоли келгиндилардан узоқроқда туриб муомала қилишга интилишарди. Қишлоқларга киришимизни очиқдан-очиқ исташмасди. Савдо қилишга рози бўлишарди, лекин ўзлари албатта қоя тошларининг тепасида турган ҳолда сотаётган молларини арқон билан кема ичига туширишарди. Шунда ҳам қичқириб, кемаларни жуда ҳам яқинга олиб бормасликни огоҳлантиришарди. Моллари эвазига пичоқ ва балиқ тутадиган илмоқдан бошқа нарса олишмасди… Савдо-сотиқ тугагач, қизил танлилар ўз нафратларини имо-ишоралар билан ифодалашар ва буни улар жуда хунук шаклларда билдиришарди…”

Лекин орадан юз йиллар ўтгач, “темир савдоси” туфайли кемаларнинг юкхоналари терилар билан тўладиган бўлди. Ҳиндилар шу вақтларга келиб меҳмонлар бу жойлардан бутунлай кетмоқчи эмасликларини тушуниб қолишди: келгиндилар бу мамлакатда бутунлай яшаб қолиш учун келишганди. Ана шу ерда сочлари билан бош терисини шилишлар бошланди. Ҳали у вақтларда “оқ десант” тушадиган майдон океан соҳилидаги минглаб километрга чўзилган кенгликларга солиштирганда қандайдир нуқтадай гап эди. Бегоналарнинг бу ерларга кириб келишига қарши курашадиган ягона фронт ҳам йўқ эди. Колумбнинг матроси Родриго “Қуруқлик!” деб қичқирган ондаёқ ҳиндилар урушни бой беришганди.

Қирғоқдаги европаликлар келиб тушаётган майдон зудлик билан тобора кенгайиб борди. Оқ танли одамлар ўрнашиб олган жойлардаги ҳиндилар янги келганларга ғов бўла бошлади. Шу туфайли уларни исканжага олишар, ҳайдашар, ўлдиришарди. Баъзида ҳиндиларнинг ерлари “олижаноб йўл билан сотиб олинарди”. Манхэттен ороли (Нью-Йоркнинг ҳозирги маркази) “қиммати 24 доллар турадиган безак буюмларига сотиб олинган”. Юриб ўлчаш орқали ер сотишлар ҳам амалиётда учраб турарди. Ҳали орқаларида одам қадами тегмаган бепоён ерлар борлиги туфайли, оқкўнгил ҳиндилар бундай савдога ҳам рози бўлишарди. Ернинг эвазига аввалгидай пичоқ, кўзгу, шунингдек, қурол, чойшаб, от олишарди. Оқ танли кундузи, кечаси ва яна кундузи қанчалик ерни пиёда юриб ўтолса, шунча ерни олаверарди. Лекин европаликлар мана шундай очиқдан-очиқ алдашга асосланган савдо-сотиқда ҳам ҳийла-найранг ишлатишарди. Харидор чангалзорлар орасидан аввалдан сўқмоқ йўлларни белгилаб, махсус “марофончи”ни ёлларди. Ҳатто жуда чидамли ҳиндилар (ахир улар бундай жойларда юришнинг ҳаддини олишган бўлади) ер ўлчанаётган вақтда ёлланаётган юрувчидан орқада қолиб кетарди. Натижада оқ танли харидор ўзига сотилмоқчи бўлган ерга қараганда анча кенг майдонни қўлга киритарди.

Кейинроқ эса ҳиндиларни ўз ерларидан ҳали ўзлашмаган жойларга тўғридан-тўғри ҳайдаб юборишадиган бўлишди. Оқларнинг мўътабар кишилари, шу жумладан, президентлари ҳам қизилтанлиларнинг доҳийлари билан “ер битими” тузишар, маросим гулханлари атрофида ўтириб “тинчлик чилимлари”ни сўришарди… Пировард- натижада эса ҳиндиларни турли йўл ва воситалар орқали қиришарди… “Ёввойи қорамолларни қириб ташланг! Қизилтанлилар оч қолиб ўлиб кетишади”. Бу оқ генералнинг буйруғи эди. (Ҳақиқатан ҳам мазкур кўрсатма маҳаллий аҳолига қирон келтиришнинг энг тўғри йўли эди.) Шунингдек, уларни сочма ўқ билан, чечак тарқатадиган чойшабларни сотиш орқали ҳам ўлдиришарди. Ҳиндиларнинг қолган-қутганларини ғарбга томон, ҳали эгалланмаган ерларга қувиб боришарди. Оқ мустамлакачилар Европадан Америкага асалари келтиришганди. Инсон ҳали бузиб улгурмаган ерларда асаларилар тез кўпайиб кетишди ва европаликлар ҳали эгаллаб улгурмаган жойларга улардан олдинроқ бориб ўрнашиб олишарди. Асаларилар эгаларидан юз километрга яқин масофага илгарилаб кетишганди. Ҳиндилар “оқ одамларнинг пашшаси”ни хавотир билан кутиб олишарди. Асалариларнинг пайдо бўлиши европаликларнинг яқинлашаётганликларидан белги эди: “Келишаяпти! Улар жуда яқинлашиб қолишди…” Ҳиндилар жасур жангчилардай ўз ерларини сақлаб қолиш учун мардонавор қаршилик кўрсатишарди. Лекин табиат фарзандлари бўлган бу ҳиндилар ўзларидан тараққиётда минг йилларча илгарилаб кетганларга қарши нима ҳам қила олишарди.

XIX асрнинг ўрталарида Қўшма Штатларнинг шарқи ва ғарби ўртасида темир йўлнинг қурилиши оқ танли одамларга Америка олдинги хўжайинларининг энг охирги масканларига ҳам кириб бориш имконини берди. Ҳиндиларнинг ўз ерларини сақлаб қолиш учун олиб борган ибтидоий ҳаракатларини ўқиб, одам беихтиёр кулади. Сиу қабиласининг доҳийлари паровозни катта от деб тушунишган ва “уни асир олиш учун” ёш жангчилар отрядини юборишган.

Ҳаммаси ерли аҳолини махсус жойларга мажбурлаб олиб бориб қўйиш билан тугади. Ҳиндилар яшайдиган жойлар Нью-Мексико, Аризона, Жанубий Дакота штатларининг “ёмон ерлари”. Пуэбло ва сиу қабилаларининг қолдиқларини биз Дакотанинг тақир тепаликларида, Аризонанинг қизғиш тошли жойларида учратдик. Ғоят ачинарли манзара! Бир жойда тўртта ғамгузор одам ўз фарзандини дафн этарди, худди шу дақиқаларда оқ танли одамларнинг бу ерда пайдо бўлишлари уларнинг ғазабини келтирди. Бошқа жойда эса ўзларини турфа хил рангдаги патлар билан безаган учта ҳинди қора терга ботиб саёҳатчиларнинг кўнглини овлаш мақсадида қандайдир “жанговар рақс”ни ижро этишарди.

Американинг чинакам софкўнгилли кишилари ҳиндиларнинг қисмати учун виждон азобида эдилар, буни ўзлари эътироф этишади. Машҳур киноактёр Марлон Брандо журналистларга шундай деган эди: “Биз ҳиндилар билан тўрт юзта битим тузганмиз. Улардан бирортасини бажармадик. Кунлардан бир кун шундай дақиқа келдики, биз ҳиндиларни жисман, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан маҳв этишни бошлаб юбордик. Одамга обрў келтирмайдиган бу ишни обдон ўринлатиб бажардик.” Брандо “Оскар” (АҚШ кинематографларининг олий мукофоти)ни олишдан расман воз кечди. “Мен ҳиндиларнинг таҳқирланиши, уларнинг ачинарли аҳволига қарши норозилик билдираман. Мен ҳиндиларни кинода доимо ёвуз одамлар сифатида кўрсатилишига қаршиман.” Машҳур актёрнинг норозилиги Жанубий Дакота штатининг Пайн-Риж деган жойида яшовчи сиу қабиласининг исёни билан бир вақтга тўғри келди. Катта актёр ва виждонли одамнинг нуқтаи назари кўпгина америкаликларнинг фикрлари билан уйғундир.

Биз истилочилар қўлида ҳалок бўлган ҳиндилар хотирасига ўрнатилган ёдгорликни кўрдик. Мазкур ёдгорлик ерли аҳолининг кейинги йирик қирғин қилиниши муносабати билан ҳиндилар томонидан ўрнатилган. (Яқинда бўлиб ўтган исён худди шу ерда рўй берган эди.) Бу ёдгорлик ҳалок бўлган ҳиндилар хотирасига ўрнатилган жуда оз ҳайкаллардан бири ҳисобланади. Лекин она-Ер ҳалок бўлган ҳиндиларнинг ёдини ўзида сақлайди. Миссисипи, Миссури, Ниагара, Потомак, Огойо, Гурон, Мичиган, Небраска, Дакота, Аппалачи, Сускаиханна номларига эътибор беринг. Булар дарё, кўл, водий, тоғ тизмаларининг ҳиндча номларидир. Уларнинг шарафига қўйилган бу номлар абадийдир. Ўзига хос жарангдор сўзларни ўқир экансиз, бу жойлар Колумб янглиш равишда ҳиндилар деб атаган одамларнинг ери эканлигини ёдингиздан чиқарманг.

Қандай ерлар ўзи бу жойлар? Колумб бундан беш юз йил муқаддам топган жойлар ўзгарганмикин ёхуд ҳамон ўша вақтлардаги ҳолатдами?

Ўзгарган! Ўзгарганда ҳам жуда ўзгарган. Яқин-яқин вақтгача бу ўзгаришлар барчани хурсанд қиларди. Эндиликда эса ўзгаришлар кўпчиликни ғамга ботиради. Бунинг сабаби эндиликда ернинг “азалий ҳолати”га қизиқиш кучли. У қандай бўлган? Мазкур масала фақат америкаликларнигина қизиқтириб қолмайди. Қисматнинг ҳукми билан бўлса керак. Янги Дунё одамга асл ҳолатда туҳфа этилганди. Инсоннинг ҳар бир қадами бу ерда аниқ сезилиб туради. Беш юз йил Ернинг умрига қараганда бир сония, холос.

Сўнгги йилларда Америкада ернинг асл ҳолатига бағишланган жуда кўп китоблар нашр этилди. Буларнинг ичида энг яхшиси сифатида Жон Бейклесснинг “Америка кашф этувчиларнинг нигоҳи билан” номли йирик асарини кўрсатиш мумкин. Ҳужжатлар асосида жуда жиддий ёзилган мазкур асарни худди болалигингда Фенимор Куперни ўқиганингдек мароқланиб мутолаа қиласан. Муаллиф санъатшунос, файласуф, тарихчи, журналист истеъдодларини ўзида мужассам этганлиги китобнинг фазилатларини белгилаган асосий омилдир. Китоб бизда ҳам нашр этилган. (“Прогресс”, 1969 йил.) Бизнинг мақоламиз бир китобдан олинган таассуротлар эмас. Лекин қўштирноқ ичида берилган кўпгина фикрлар Бейклесс асари, унда келтирилган манбаларга мурожаатдир.

Шундай қилиб бундан уч юз-тўрт юз йил олдинги даврлар… Манзил томон ошиқаётган кемалар карвони аввалига қуруқлик яқинлашаётганини ҳис этишди, сўнгра уни кўришди. Океан ичида сузиб келишаётганда анча километрлар узоқданоқ дов-дарахтлар, яшнаб турган ўт-ўланлар, ертут, гулханларга ёқилаётган шох-шаббаларнинг ҳидлари димоққа уриларди. “Ҳидлар шу қадар кучли эдики, қирғоқ яқинлашиб қолганига қатъий ишонардик”. Европадан келган дастлабки кишиларни Америка тупроғи шундай кутиб олган эди.

Эҳтимол, ҳозирги вақтда ҳам одамлар яшамайдиган қирғоқ яқинидан (бундай жойни топиб кўринг!) ёзнинг бошларида ўтгудай бўлинса, ернинг ҳидини сезишингиз мумкин. Лекин ҳозирги вақтда энг кўп тарқалган ҳид бензин ҳидидир. Ерларидан “сенек ёғи” (нефть) оқадиган сенек қабиласининг аъзолари ёниши мумкин бўлган нарсаларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишган. Ерларини бошқаларга сотсалар-да, ирмоқларини ўз ихтиёрларида қолдирганлар. Лекин ўша вақтларда бу ирмоқларнинг суви одамлар учун қорамол галалари, сон-саноқсиз куркалар, ўтлоқзорлар, ўрмонлардан қадрлироқ эканлигини “сенек ёғи” тўлдирилган “Боинг” ёки “Ил-62” Колумбни Европадан Америкага ўша вақтдагидек етмиш кунда эмас, етти соатда элтишини ҳеч ким ҳали билмасди. Бензин ҳиди Америкадаги асосий ҳиддир. Лекин ҳаммаси “ер юзидаги энг ёқимли ҳид” деб аталган гуллар ва дарахтларнинг ҳидидан бошланган эди.

Қадам босилмаган бокира ер! Буни унга қадам қўйган ҳар қандай одам ҳам кўрарди. Инглизларнинг биринчи экспедицияси Лондонга қайтиб келгач (1584 йил), Вилгандакоа номли ерга қозиқ қоқиб, белги қўйиб келганликларини эълон қилишди. (Кейинчалик маълум бўлишича, ерли халқ ўзидан нима сўраётганларига тушунмай, мулойимлик билан “вингандакоа!” – “кийимларингиз мунча чиройли” деб жавоб берган экан”). Шуҳратпараст қиролича Елизавета ўзининг шарафига “Виргиния” (“Бокира қиз”) деб аташга буйруқ берган экан. Бундай ном бутун Америкага ҳам муносиб эканлиги қироличанинг хаёлига ҳам келмаган экан.

Бокира ер дегани нима дегани ўзи? У вақтларда Европанинг аҳолиси зич эмас эди, ернинг етишмаслигидан ҳеч ким шикоят қилмасди. Лондоннинг марказида шундоққина кўприкда туриб лосос балиқларини тутса бўларди. Турли хил ҳайвонларга у вақтларда ҳали қирон келмаганди, Литва ўрмонларида Америка ёввойи қорамоллари (бизон)нинг уруғдошлари зубрлар ўтлаб юришарди (Грюнвальд жангидан олдин қўшин уларнинг гўшти билан боқилган). Ҳозирги Москванинг шундоққина атрофларида айиқлар ва карқурлар бор эди. Иван Грознийнинг қўшинлари Қозонни эгаллаш учун кетаётганларида лось гўшти билан овқатланишган. Шундай бўлса-да, янги ерлар “худо қандай яратган бўлса ўшандайлигича сақлангани” билан европаликларни лол қолдирди. Маҳаллий халқ билан савдо-сотиқни тобора кенгайтириб, океан соҳилидан тобора ичкарироққа кириб борган европаликлар барча дарё, кўл ва ботқоқликлар қундузлар билан тўлиб-тошиб ётганини аниқладилар. Қундузларни тутадиган мослама бир кечада ўттизтача қундузни тутиши мумкин эди”. Денгизчилар ҳали қирғоққа тушмаслариданоқ бемалол юрган оқ айиқларни, “отга ўхшаган жуда кўп балиқ (морж)ларни кўришарди”. Улар одамлардан қўрқишмасди. Оролчаларда катталиги ғоздай келадиган сон-саноқсиз қушларга дуч келишди. Уларнинг бирортаси ҳам учиб кетмади. Учишни билишмасди улар. Одамни билишмасди, бу ерда бошқа душманлари йўқ эди. Инсон мана шу жойларга ҳам етиб келди ва калтаклар билан қушларни ўлдира бошлади. “Бир соат ичида 30 та катта кемани шундай қушлар билан тўлдириб ташлаш мумкин эди”. Қанотсиз гагаркаларга қирон келтириш ана шундай бошланди. Йигирманчи асрнинг бошларига келиб ер юзида бундай қушларнинг бирортаси қолмади. Қачонлардир эса улар “океан соҳилидаги тошлар устида бир-бирларига суянганча тўп-тўп бўлиб ўтиришарди”.

Бу ерларга биринчи келганларнинг орқасидан соҳилнинг ичкарироғига кирамиз. Кўллардаги ғозлар, ўрдаклар, қарқаралар осмонни тўсиб қўйгудек сон-саноқсиз. Ўрдаклар ва қарғалар безовталаниб, гала-гала бўлиб, у ёқдан-бу ёққа учишади. Ёввойи каптарлар тунаш учун дарахтларга қўнганида уларнинг азбаройи кўплигидан шохлар синиб тушарди. Уларни ушлаш учун тўр қўйилса бирваракайига юзлаб, минглаб каптарлар илинарди. Ғозлар ва ўрдаклар одамлардан бутунлай ҳайиқишмас, мажбур қилмагунча сувга тушгилари ҳам келмасди.

Нью-Йоркнинг ҳозирги осмонўпар бинолари қад кўтарган жойларидан 1609 йилда (Минин ва Пожарский даври) одамлар у ёқдан-бу ёққа зўрға ўтишар, эринмаган одамлар қарийб меҳнат сарфламай қушларни тутиб олишарди”.

Лекин европаликлар худди ҳиндилар сингари сўйиб ейишга йирикроқ буғуларни тутишарди. “Буғулар гала-гала бўлиб у ёқдан-бу ёққа югуришар, бир галада олтмишталаб буғу бўларди. Улар жуда ишонувчан бўлиб, европаликларнинг моллари билан биргаликда ўтлаб юришарди”. “Кийиклар шу қадар кўп эдики, одамлар унинг гўшти билан тирикчилик ўтказиш учун эмас, эрмакка ҳам ўлдиришарди”.

Қушлар ва ҳайвонларнинг ниҳоятда кўп ва турли-туманлиги одамларнинг овқатланишларидаги инжиқликларига олиб келди. Одамлар тез орада энг лаззатли нарса қундузнинг думи, кундалик истеъмол этиш учун эса курка гўшти эканлигини англадилар. Ўрмонларнинг ичи куркаларга тўлиб-тошиб ётарди. “Ўрмон уларнинг овозидан жумбушга келарди… Болалар эрмак учун уларга тош отиб ўйнашарди”.

Курка келгиндилар дастурхонидаги асосий овқатга айланди ва ҳозиргача ҳам у Америка ери маъмурчилигининг тимсоли бўлиб қолаётир. Ҳозирда ҳам америкаликларнинг энг яхши кўрган байрамларидан бири Шукрона куни учун фермаларда кўп минглаб курка боқишади.

Бўри, тулки, енот, скунсларни Америкага дастлаб келганлар унчалик қадрлашмасди. Ўша даврлардан жуда кам сақланиб қолган қўлёзмалардан бирида “улар ҳаддан ташқари кўп эди” дейилади. Қизил ва қора тулкилар худди итлардек бемалол юришар, қоринлари ҳам тўқ эди.

Биологиядан унча-бунча хабардор одам ҳайвонлар кўплиги, ўсимликлар оламининг ранг-баранглиги ва бойлигига боғлиқлигини яхши тушунади. Худди шундай бўлган ҳам. Бу қитъага биринчи борганлар шундай ёзишади… “Бу ҳолат янги очилган жойларни: Вино ери, Вино қирғоғи деб аталишига олиб келди”. “Ертут ҳам ниҳоятда кўп эди. Июн ойида бу ер қизил гилам ташлаб қўйилганга ўхшайди”. Ёввойи олхўри, малина, хурмо, черника, қорағат, клюква, крижовник, ширин каштанлар (эндиликда каштанлар касаллик туфайли қуриб битди), ёнғоқ, терновник, дўлана жуда кўп ўсарди. Буларнинг барчасини табиатнинг ўзи, ер бунёд этган. Ҳатто дарёнинг пастқамроқ жойларида ёввойи шолилар ҳам ўсган. Инсон қўли билан экилмаган бўлса-да, бу ерлардаги жавдари буғдой ҳам худди Европадагига ўхшайди. “Каноп ҳам ўз-ўзидан ўсиб ётади”. Ўзлаштирилаётган ерларни табиатнинг улкан ғалла хирмони дейсиз. Фақат ялқовлик қилмай қўлингни чўзсанг бас!

Бу жойларнинг суви тўғрисида европаликларнинг фикрини келтирмасак, Америка табиатининг ўша вақтдаги манзараси тўлиқ бўлмайди. Эри кўли тўғрисида шундай ёзишганди: “Санчқини сувга тиқсанг балиққа тўғри келади” “Балиқларнинг кўплигидан дарёлар вақиллайди… Балиқларни ҳатто чўмич ёки пўстлоқ билан қирғоққа чиқариб ташласа бўлади. Осетра балиқлари елкаларини чиқариб олганча сувда мудрашади. Баъзи дарёларда осетра балиқлари шу қадар кўпайиб кетганки, қайиқ ва кичик кемаларнинг уларда сузиши анча хавфли”. Қўрқмас қизил танлилардан баъзилари каттароқ осетра балиғининг думига сиртмоқ солиб орқасидан сузишлари ҳеч гап эмасди. Фақат арқон қўлдан чиқиб кетмаса бас. Ҳиндилар бундай пайтда аҳён-аҳёнда сувдан бошларини чиқариб нафас олишарди. Қизил танли бундай пайтда балиқнинг тезлашиб кетишига эътибор ҳам бермасди. Пировард-натижада, осетра балиғининг силласи қуриб, ҳиндига таслим бўларди. Аксар ҳолларда ўзи ҳам ҳолдан тойган ҳинди балиқни арқон билан қирғоққа тортиб оларди. Улуғ кўлларда эса эшкакчилар лососларни калтак билан уриб сулайтиришарди.

Ҳиндилар сувдаги мўл-кўлчиликка унчалик салбий таъсир кўрсатиша олишмасди. Уларнинг кўпчилиги балиққа нисбатан ўзларида унчалик рағбат сезишмасди. Балиқ тутишни аксарият ҳолатларда болаларга топширишарди. Болалар қайиқда ўтирганларича балиқларга найза санчиб овлашарди. Одамлар, ҳайвонлар, қушлар балиқ билан овқатланишарди. Ҳаммага етиб ортарди. Балиқ тутишнинг устаси бўлиб кетган қушлар ҳам кўп эди. Оттава (Канададаги дарё) бўйлаб сузган француз Радиссон шундай ёзган эди: “Назаримда улар бизнинг сузишимизга атайин халақит бериш учун бу ерда тўплангандай туюларди. Сувбургут, қарқара, қорабузов ва табиийки, эндиликда қарийб йўқолиб бораётган балиқхўрлар дарёдан ов қилишарди. Кемада балиқ овлаётган инглизларга қушлар галаси халақит бергудай кўп бўлса, уларнинг сонини тасаввур қилиш қийин эмас”.

Қитъанинг бокира ери тўғрисида гаплар фақат хотиралардагина сақланиб қолган. Бу жойларга Колумбдан кейин (ва орадан 200 йил ўтгандан кейин ҳам) келганларга Америка буткул ўрмонлардан иборатдай туюларди. “Дарахтларнинг нариёғидаги мамлакат кўринмайди”. Бу ерларда кенглик йўқ… Ўрмонлар ҳаддан ташқари кўп, агар баланд қоянинг энг тепасига чиқиб олиб узоқ-узоқларга тикилгудай бўлсангиз, тебраниб турган дарахт шохларининг учларига кўзингиз тушади”. Шундоққина океан қирғоғидан қарағай, дуб, қора қайин, каштан, шумтол, жўка, тол, ёнғоқ, заранг, оққарағай, арча, тоғтерак ўрмонзорлари бошланади. Америка ўрмонларидаги дарахтларнинг кўпчилиги европаликларга таниш эди. Лекин булар қандай дарахтлар денг! Ниҳоятда баланд ўсган. “Европаликлар чинорларнинг кавакларига чўчқалар учун уя ясашган. Ёмғир ёққан пайтларда эса бу уяларда йигирма-ўттиз кишилаб беркинишган. Ҳиндилар ўзларининг тошболталари билан ўрмонларга ҳеч қандай зарар келтиришмаган. Тол ва теракдан, шунингдек, пўстлоқдан кулбалар ва кемалар ясашган. Ўрмонлар оқ танли одамлар болтасининг зарбидан ларзага келди.

Европадан келганлар ўрмонни хуш кўришмасди. Бу ерларга янги келганларда қандайдир хавотир, хавф-хатар туйғуси уйғонарди. Бунинг сабаби чор атрофнинг доимо ярим қоронғилиги ва манзаранинг чекланганлигидир. Аввалига одамлар қитъага ҳиндилар очган сўқмоқлар, дарёлар ва кўллар орқали тарқалишди. “Америка болта билан чопилган” – буни ҳар бир америкалик билади. Биз машҳур киноактёр Грегори Пек ўйнаган фильмни томоша қилдик. Унда киноактёр оталарча салобатли овоз билан одамларни миллат фахри бўлган ўрмонларни асрашга чақиради. Грегори Пекнинг аждодлари ўрмон тимсолида ўз йўлларидаги тўсиқни кўргандек бўлиб, уни шафқатсиз равишда кесишган, уни йўқотиб, экин майдонлари очишаётганидан мағрурланишган, дарахтларга раҳм-шафқат қилиб ўтиришмаган, қўпораверишган. (Баъзи жамоаларда ичкиликбозликда айбланган одам жазо сифатида битта тўнкани қўпориб ташлашга мажбур этилган). Ҳосили камайган жойларни ташлаб, яна янги жойларни очаверишган… Ўша вақтларда америкаликлар дарахтларни ғарбга томон кесиб боришгач, орқасидан худди ўрмонлардек бепоён даштлар чиқишини билишмаган. Минг йиллар мобайнида ёввойи ўт-ўланлар ўсиб ётган, ёввойи қорамолларнинг ахлати ва суякларидан кучайиб ётган айни мана шу жойлар – “ер юзидаги энг яхши қоратупроқли майдонлар” – бутун мамлакатни боқадиган бўлди. Дастлабки икки юз йил мобайнида Америка ўзига керакли ғаллани дарахтлардан тозаланган ерларда етиштирди.

Ўрмонга қирон келтириш табиийки, дарҳол ўзининг салбий оқибатларини кўрсатди. Пенсильванияда яшаган қандайдир Эванс исмли одамнинг 1753 йилда урган бонги бизгача етиб келган. “Биздаги ирмоқлар жуда тез қурияпти. Илгарилари мовут-кигиз ишлаб чиқарадиган машиналарни айлантираётган сув эндиликда фермерларнинг эҳтиёжига зўрға етяпти. Жуда кўп дарёларда кемалар юролмай қолди”. “Миришкор Америка” шундай бошланганди.

Колумб топган нон бир четидан қотиб бораётганди. Американинг кашф этилиши яна узоқ йиллар давом этди. Янги келаётганларни ҳамма жойда ҳали тегилмаган ерлар қарши оларди. Оқ танли одамлар ёввойи қорамоллар ўтлаб юрган жойларнинг миқёсини аниқлашлари зарур эди. “Кечгача отда юрсангиз ҳам қорамол галаси тугамайди”. Одамларнинг истиқболидан янги тоғлар, ёввойи ўрмонзорлар ва яна тоғлар чиқиб қоларди. Фақат бундан юз йилдан ошиқроқ вақт олдингина америкаликлар, ниҳоят, ерларининг чегараси океандан океангача эканлиги тўғрисидаги тасаввурга эга бўлдилар.

Жон Бейклесс ишонч билан айтишича (бунга далиллар ҳам келтиради), “оқ танлиларнинг бу ерга келгунларича, ҳатто 1600 йилларгача Америкада мамонтлар яшаган… Европаликлар қитъанинг ичкарироғига киришганда уларни кўрган бўлишарди”. Ишонч билан айтилган бу гапга шубҳа билдириш мумкин, албатта. Лекин бир нарса аниқки, Колумбнинг топгани тўла маънода ҳали инсон қадами топтамаган бокира ерлар эди.

Бу ерларни очган адмиралнинг вафотидан кейин асалга интилган пашшалардек янги жойларга ёпирилган одамлар кашфиётнинг чинакам баҳосини билишдимикин? Билишган, аммо дастлабки юз йил ичида олтинга эгалик қилиш жазаваси бу жойларнинг ҳақиқий бойлигига разм солиб қарашга тўсқинлик қилган. Фақат кейинроқ бу ерларнинг қадрини англай бошлашган.

Француз Картье: “Бу жойлар тасаввур қила олиш мумкин бўлган даражада бебаҳодир”, – дейди.

Яна бир француз Радиссон (XVII асрнинг ўрталари) эса “Бу мулкларнинг об-ҳавоси ғоят мўътадил, ҳар хил бойликларга сероб, ери йилига икки маротаба ҳосил беради”.

Инглиз Генри Гудсон (1609): “Бу ерлар инсон қадами етган барча ерлардан аълороқ ва ишлашга ғоятда қулай”.

Инглиз капитани Смит (1614 йил): “Шундай жойларда ош-нонини топиб ея олиш қобилиятига эга бўлмаган одам оч-наҳор ўлиб кетишга маҳкум бўлиши керак”.

“Мамлакат шу қадар ғаройиб, шу қадар ёқимтой ва ҳосилдорки, афсуски ҳаммамиз ҳам сиғмаймиз-да. Лекин, барибир, бу жойларга анча одам сиғади. Бугун Қўшма Штатларда 210 миллион одам яшайди. Шундан эмигрантлар ҳаммаси бўлиб 44 миллион, қолганлари шу ерда туғилишган.

Биринчи бўлиб кўчиб келганларни яхши билмаймиз. Улар турфа хил одамлар эди. Булар орасида жасур тадқиқотчилар ҳам, шон-шуҳрат кетидан қувувчилар ҳам, таваккалчилар ҳам, романтиклар ҳам, Европада ҳеч вақоси йўқ дайдилар ҳам, бойликка ҳирс қўйганлар ҳам бор эди. Бойишга иштиёқ, мол-мулкка ҳирс туйғуси буларнинг барчаси учун ҳам муштарак хусусият эди. Ўша қадим даврларда, ҳали бу жойларни ўзлаштираётганлар жуда озчиликни ташкил этган вақтлардаёқ “териларни бўлиш” ўзаро қирғинларга айланиб кетарди. “Йўлбошловчи Сотонинг ўлимини бутун отряд қарийб хушнудлик билан кутиб олди”. Муқаддас Лаврентий дарёси мансабидан Улуғ кўлларгача ва Миссисипидан Мексика кўрфазигача бўлган йўлни биринчи бўлиб очган Ла Сални ҳам ўз сафдошлари Техасда ўлдиришди. Генри Гудзонни эса бутун сафар машаққатларини бирга тортишган ҳамроҳлари пировард-натижада кемачага ўтказишиб, тўлқинлар ихтиёрига қўйиб юборишди. Бу билан машҳур капитаннинг ҳам куни битди. Янги ерларни дастлаб ўзлаштирувчиларнинг аксарияти тарихда ном-нишонсиз кетди. Улар орасида қаллоблар, шуҳратпарастлар, таъмагирлар бор эди, лекин буларнинг орасида олижаноб одамлар йўқ эмасди. Бундай одамлар учун ҳалол меҳнат, шунингдек, алдаш йўли билан топилган қундуз терилари, ваъда қилинган унвон ва мукофотлардан ташқари, чексиз-чегарасиз ўрмонлар овози, кўнгилга хуш ёқадиган эркин ҳаёт, илгари ҳеч кўрилмаган ёввойинамо қабилалар, дастлаб кашф этганлик қувончи, истаганингни қилиш лаззати, кўлларнинг эрта тонгдаги живир-живири, тамомила номаълум ўсимликлар, ҳайвонлар, баланд ўсган дарахтларнинг жимгина эгилиб турган шохлари, ҳар дақиқада хавф-хатарни кутиб энтикиб яшаш ҳам бор эди. Улар ўзлари аташганидек, “ўрмон дайдилари” эдилар. Уларнинг орқаларидан эса тери харидорлари, фермерлар, дурадгорлар, темирчилар, чорвадорлар, кончилар изма-из боришарди. Бу меҳнаткаш одамлар чангалзорларни ёриб ўтишди, табиат билан уйғунлашиб кетишди, янги ерларда илдиз отишди.

Янги жойлар энди ўзлаштирилаётган ўша даврлардаёқ қадимги Европада ҳали бу ерларга келтирилмаган қундуз териларини, қолаверса, ҳудудлари энди аниқлашиб бораётган янги ернинг улкан терисини тақсимлаш бошланган эди. Юксак қироллик тахтларида ўтирганлар ҳам Американи ўзлаштираётганларнинг ҳаракатини, тобора ичкари кириб боришаётганини ҳасад билан кузатишар, энг яхши ерларни ўзларига ажратиб қолдиришларини таъкидлашдан чарчашмасди. “Оқ танлилар” лагерида ур-йиқит, ўзаро тўқнашувлар, бир-бирларининг истеҳкомларини ёқиш, кемаларни чўктириб юборишлар бошланди, таҳдидлар кучайди. Янги Дунёнинг асосий даъвогарлари Испания, Англия ва Франция эдилар. Англия янги ерларни босиб олишга бошқаларга қараганда кечроқ киришди. Лекин иш ўзаро тўқнашувларга келиб тақалгач, жуда тез фурсатда рақибларининг суробини тўғри қилди, энг яхши ерларни қўлга киритди.

Англия босиб олган ерларда хўжалик ривожланиб кетди. Янги Дунё мустамлакаси Британия империясининг энг бой жойларига айланиб қолди. Лекин обдон юкка тўлдирилган вагон ўз йўлида ҳаракат қилишни истарди. Тез орада кутилмаганда бу вагоннинг мотори ва мўрилари пайдо бўлди. Англия бу вагон ҳаракат қилмаслиги учун қўлидан келган ҳамма ишни қилди. Ҳарбий куч ишга тушди. Бу ҳам ёрдам бермади! Вагон ҳаракатга келиб ўз йўлидан юра бошлади. Шундай қилиб, 1776 йилда Америка Қўшма Штатлари давлати барпо бўлди. Америка харитаси ҳозирги ҳолатига аста-секинлик билан келган. Тўғри бурчакли ва квадрат шаклидаги шарқий “асосий штатлар”га узоқ Ғарбдаги штатлар туташган. Бунга ерларнинг расман тадқиқ этилиши сабаб бўлди. (Америкада Льюис ва Кларк сингари сайёҳларни биз Пржевальскийни қадрлаганимиздек қадрлашади.) Лекин давлат фақат янги ерлар ҳисобигагина кенгаймади. Балки кучсизлар янгидан кучга кириб келаётганларга ўз ерларини беришга мажбур бўлишарди. Баъзида “ер йиғиш” тайёр жойларни сотиб олиш орқали ҳам рўй берарди. 1803 йилда Наполеон Штатларга Луизианани – Миссисипидан қояли тоғларгача, улуғ кўллардан Мексика қирғоқларигача бўлган ерларни (ҳозирги АҚШ ҳудудларининг қарийб учдан бирини) сотади. Сотганда ҳам бор-йўғи 15 миллион долларга сотади. (Америкаликлар “гектари олти центдан бўлди!” деб кулишарди.) Россия Аляскани 1867 йилда Қўшма Штатларга 7.250.000 долларга сотади. (Ёзишларига қараганда, конгресс ўша вақтда “муз солинган яшик”ни сотиб олаяпмиз деб айюҳаннос солган. Маълум бўлишича, яшчик ичида дуру жавоҳирлар бор экан. Фақат олтин қазиб олишдангина 150 миллион фойда кўришди.) Бошқа ерларни эса Америка куч билан тортиб олди. Мексика билан уруш натижасида Америка Техас, Янги Мексико штатларини, Аризона ва Калифорниянинг бир қисмини қўлга киритди. Сотиб олишлар ва урушлар (1776 йилдан 1900 йилгача бундай урушлардан бир юз ўн тўрттаси бўлиб ўтган) туфайли Қўшма Штатлар ўз ҳудудини ўн маротаба кенгайтирди.

Қитъани билиш, давлатнинг барпо бўлиши, ерларнинг юлдузли йўл-йўл байроқ остига бирлаштирилиши тўғрисидаги қисқача маълумот шулардан иборатдир. Лекин унча катта бўлмаган тадқиқотларимиздан мақсад АҚШ сиёсий харитасини чизиш эмас. Американинг Америка бўлишига нима ёрдам берди? Шубҳасиз, бунга биринчи навбатда одамларнинг меҳнатсеварлиги сабаб бўлди. Америкаликларнинг лаёқатига, меҳнатга иштиёқларига таъзим бажо келтирмоқ керак. Бунинг илдизи биринчи кўчиб келганларга бориб тақалади. Ёввойи ерлардаги меҳнат улар учун ҳаёт-мамот масаласи эди. Лекин унумсиз ерларда тўкилган тер ҳам яхши самара бермаслиги эҳтимолдан холи эмасди. Американинг бойлиги инсонга истаган нарсасини бериши мумкин бўлган ерлардир. Бу тупроқнинг бойлигига “ҳатто қушларнинг тумшуғи ҳам тегмаганди”. Одамлар ақл-фаросатларини ишлатиб жуда оз фурсат ичида бойиб кета бошлашди. Дастлаб кўчиб келган оқ танлилар Америка ерларига худди шу ўлчовлар асосида ёндошишди. Дастлаб келганлар ўз фермалари учун қўриқ ерларни, чорвалари учун майсазорлар ва ўрмонзорларни, қазилма конларини қарийб текинга олишлари мумкин эди. Табиат тўкинчиликлари ичида яшаётган одамлар бу бойликлар қачонлардир барҳам топиши мумкинлигини хаёлларига ҳам келтирмадилар. Ерлар ҳосил бермай қўйгач, фермерлар янги ерларга кўчиб ўта бошладилар. Ёши каттароқлар ёшларга қарата: “Ўғилгинам, мен сенинг ёшингда уч жойдаги ер-мулкнинг бошига етиб улгургандим” деб мақтанишни одат қила бошладилар.

Ер одамлар ҳали пиёда ёхуд буқалар устида юрган, қўлида болта, белкурак ушлаган пайтларда, от ва ўзининг билак кучидан фойдаланган пайтларда буларнинг барчасига чидаш берди. Лекин орадан йиллар ўтиб, трактор, бульдозер, портлатувчи модда, бурғуловчи машина, экскаватор, параход, самолёт, юк машинаси сингарилар пайдо бўлди. Буларнинг ҳаммаси ҳам одамларнинг кўпроқ бойишига, рақибидан иложи борича тезроқ вақт ичида ўтиб кетишига, табиатдан кўпроқ юлиб қолишга имкон яратди. “Мўл-кўлчилик исрофгарчиликка олиб келди. Мамлакатимиз сўнггида юз йилда ўрмон, майсазор, сув ресурслари, ҳайвонот дунёсидан шу даражада нотўғри йўллар билан фойдаландики, инсоният маданийлашганидан бери бу қадар тажовузкорликни кўрмаган эди”. (Эколог Фэрфилд Осборн) Бойликка ружу қўйишни ўзларига шиор қилиб олганлар бунга қаршилик кўрсата олишмасди ҳам, қаршилик кўрсатишни исташмасди ҳам. Мана энди замонлар келиб, ер нола қила бошлади… Бу муаммо, албатта, фақат Американинг муаммоси эмас, лекин бу сабоқнинг муҳим томони шундаки, айни мана шу ердан, яқин-яқинларгача инсон қадами етмаган жойдан бошқа маконлардан кўра олдинроқ “Оғайнилар, ёнаяпмиз!” деган ҳайқириқ эшитилди.

БЕЗОВТАЛИК

1969 йилда Қўшма Штатларда одатий бўлмаган ёнғин рўй берди – дарё ёнди. Газета хабарларида бу воқеанинг тафсилотлари сақланиб қолган: “Ёнғин иккита темир йўл кўпригини вайрон қилди…”. Огайо штатидаги Кайахога дарёси ёнаётганди. Биз Эри кўлига оқадиган бу дарёдан ўтгандик ва шу боис ҳам ёниб кетиш хавфи ҳамон сақланиб қолаётганига гувоҳлик берамиз.

Кайахога бошқа дарёларга ўхшаган дарё эди. У ажойиб ўтлоқлар ва ўрмонзорлар оралаб минг йиллардан бери оқаётган мусаффо сувли дарё эди. “1835 йилда дарёнинг мансаби ҳали забт этилмаганди”. Бундан юз йиллар олдин айни шу жойдан “бир тўр билан бир кечада ўттизта қундузни тутиш мумкин эди”. Эндиликда Кайахога ўлик дарё ҳолатига келди. Ҳатто ёниши ҳам мумкин. Эндиликда дарёга ўрмон ирмоқчалари ва сувости булоқларигина эмас, турли қувурлар, зовурлар, новлардан оқава сувлар ҳам тушади. Кайахога ўта ифлосланиб кетган дарёларга мисол бўла олади. Унда рўй берган ёнғин Американинг жуда кўп жойларини эгаллаган ёнғиннинг драматик тимсоли, холос. Табиат билан зиддият туфайли келиб чиққан тутун бугунги кунда жуда кўп жойларда бурқсимоқда.

Бу ёнғинни олдиндан аниқлаш мумкинмиди? 1907 йилда Америка қитъани ўзлаштиришнинг юбилейини нишонлади. Қандайдир Аллан Невинс мамлакатни “энг гуллаган, энг кучли” сифатида таърифлаб, ютуқларнинг асосий сабабини қуйидагича таърифлади: “1607 йилдан 1907 йилгача ўтган уч аср мобайнида америкаликлар атроф-табиатни музаффарона ўзлаштирдилар…” Орадан ярим аср ўтгач, америкаликлар ўзларининг бу асосий ютуқларига тамомила бошқача кўз билан қарай бошладилар. Табиат устидан қозонилган ғалаба билан эндиликда жуда камдан-кам одамларгина мақтанишлари мумкин.

Ёнғин тутунларини узоқни кўрадиган одамлар анча илгарироқ пайқашганди. Улар орасида президентнинг шахсан ўзи – Теодор Рузвельт ҳам бор эди. Бу сиёсатчи овчи ҳам эди, табиатни яхши кўрарди, унинг кўпгина қонунларини тушунарди. Рузвельт пероси билан қўл қўйилган давлат ҳужжатлари туфайли ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қиладиган табиатнинг айрим зоналари ҳалокатдан сақлаб қолинди. Лекин “қушлар ҳақидаги безовталик” кўпларга қўнғироқнинг безовта овози эмас, шақилдоқнинг беозор сасидай эшитилди. Саноатнинг оғир, тизгинсиз таркиби ҳеч нарсани назар-писанд қилмай пастликка томон тезлашиб борарди.

Биринчи ларза 1934 йилнинг баҳорида рўй берди. 11 ва 12 май кунлари Американинг қоқ марказида Оклахома, Небраска, Канзас текисликлари устида кучли чанг бўрони кўтарилди. Орқа-кетига қарамай ҳайдаб қўйилган бепоён даштлардаги тупроқ осмонга кўтарилиб, бутун Америка устидан ўтиб, шарқий қирғоқларгача етиб келди. Талафот ғоят улкан ва даҳшатли эди. “Одамлар оёғи остидаги ер анча пастга тушиб кетди”, ҳаммаёқни қалин чанг қатлами қоплади. Улуғ текисликларда рўй берган фалокат иқтисоддаги таназзул билан бир вақтга тўғри келди. Америкаликлар шу йили чамаси ўз тарихларида биринчи маротаба ҳеч қаёққа қарамай фойдаланишаётган табиий бойликлар қудуғи тубсиз эмаслигини англаб етдилар.

Адолат юзасидан айтиш керакки, 1934 йилдаги ёнғин жуда уддабуронлик билан ва тез ўчирилди. Янги ўрмонзорлар барпо этиш учун кўплаб дарахтлар экилиши, ер эгаларига бадал тўлаш шарти билан экин экишни маълум муддатларга тўхтатиб туриш кутилган самарани берди, аста-секин “чанг қозони”ни унута бошладилар.

Лекин энди мана бу катта ёнғин оёқ остидан чиқди: ер, сув, ҳаво, жонли табиат, инсоннинг ўзи ҳам хавф-хатар остида қолди. Американи боқиб турган, гуллаб-яшнашнинг асоси бўлган нарсалар бамисоли чириб кетган кийимдай ҳаммаёғидан тўкила бошлади. Ёнғин тўғрисидаги қўнғироқ Кеннеди вақтидаёқ жиринглаган эди. Безовталик Жонсон вақтида ҳам тўхтамади. Аввалига хавф-хатар ҳақидаги ҳайқириқларга унчалик қулоқ солмаган президент Никсоннинг ўзи “Ҳозир, ёхуд ҳеч қачон!” деб бонг ура бошлади. Президентнинг нидоси табиатни ифлослантириш, унинг бойликларини талон-тарож қилиш, таназзулга юз тутишига қарши курашга даъват этди. “Агар биз яшаб қолишни истасак, фалокатдан қутулиш йўлларини излашимиз учун ихтиёримизда яна битта ўн йиллик бор”, – дейди “бу муаммоларни икир-чикиригача биладиган” эътиборли олим – эколог Барри Коммонер.

Эҳтимол, олим ва президент ҳолатни ҳаддан ташқари бўрттиришаётгандир? Йўқ. Хавф-хатарни ҳар бир америкалик ҳис этиб турибди. Ёзнинг иссиқ кунида торф конида ёнғин чиқиб кетганлиги содир бўлаётган ҳодисаларнинг аниқ тимсоли деса бўлади. Тутун қатлами, қий-чув, қарабсизки, ҳаммаёқ ёнаяпти. Ҳеч кутмаган жойингдан ҳам тўсатдан ёнғин манбаи пайдо бўлади, ичидан ёна бошлайди. Фалокатнинг сабабларини шунчаки кузатиб билиб бўлмайди. Бизга айтиб беришларига қараганда, “фалокатни ҳамма билади”. Беш мингга яқин эколог мутахассислар нима қаерда ёнаётганини билишади, фақат бир неча юз одамгина “барча нарсани ва унинг оқибатларини аниқ билишади”. Учта асосий табиий бойликни, инсоният қадим-қадимдан ҳаётига асос бўлган уч бирлик – ҳаво, сув ва ерни ажратиб кўрсатамиз-да, уларнинг аҳволига разм соламиз.

Ҳаво. Инсон овқатсиз 5 ҳафта, сувсиз 5 кун, ҳавосиз 5 дақиқа яшаши мумкин. Ер юзида қачонлар кислород мутлақо бўлмаган. Кислород кейинчалик ўсимликлар ва ўрмонзорлар туфайли пайдо бўлган. Эндиликда ер атмосферасининг бешдан бир қисмини кислород ташкил этади. Кислород барча организмлардаги ҳаётни таъминлаб туради. Ҳар бир одам суткасига 13,5-16 килограмм ҳавони ишлатади. (Шунинг бешдан бир қисми кислороддир.) “Боинг” русумидаги самолёт Париж–Нью-Йорк маршрути бўйича учганда атмосферадаги 35 тонна кислородни ишлатади. Автомобиль соатига 40 километр тезлик билан юрганда, ўн минглаб кишилар нафас олиши мумкин бўлган кислородни ёндириб юборади. АҚШда 100 миллиондан ортиқ автомобиль тоғтераклар, заранг дарахтлари, қарағайлар, океанлардаги ўт-ўланлар ишлаб чиқарган қанча кислородни ютиб юборишини ҳисоблаш қийин эмас. Аҳволнинг мушкуллашиб бораётганлиги шундаки, кислород ҳосили йиғиб олинадиган ерлар тобора қисқариб бормоқда – ўрмонлар кесилмоқда, океанлар тобора ифлослашиб бормоқда. Шу билан биргаликда моторлар сони тобора ортиб бормоқда. Олимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, Америка ҳозирнинг ўзидаёқ “бошқаларнинг ўпкаси” билан нафас олаётган экан. Мамлакат кислороди ўзига етмай қолди, агар океан, Канада, Жанубий Америка ва бошқа қитъаларнинг ўрмонлари бўлмаганда Америка ҳаво етмай димиқиб қолган бўларди.

Лекин “кислороднинг етишмаслиги” муаммонинг бир томони, холос. Иккинчи фалокат атмосферанинг ифлосланиши. Шу билан бир вақтда автомобиллар, электростанциялар, завод ва фабрикаларнинг қувурлари, чиқиндиларни ёқадиган печлар йилига 200 миллион тонна ёниш маҳсулотларини (АҚШ аҳолисининг жон бошига деярли бир тоннадан) чиқаради. Ҳаво ис гази, азот оксиди, олтингугурт, қўрғошин газлари билан тўйинмоқда. Атмосфера ифлосланишининг ярмидан кўпроғига автомобиллар сабабчи. Ҳар бир мотор фақат қўрғошин газининг ўзидан аҳоли жон бошига ярим килодан чиқаради. Бу “кимёвий тўшама” АҚШнинг жуда катта ҳудудларини қоплаган. У одамлар зич яшаган жойларда, айниқса, кўпроқ миқдорда бўлади. Ҳозирча кислород ниқобларини кўпроқ ҳавони ифлослантиришга қарши уюштириладиган намойишларда тутишмоқда. Лекин Токиода кашф этилган тоза ҳаводан нафас олиш учун мосланган автоматлардаги пулли ниқобни тутиш эҳтиёжи ҳозирнинг ўзидаёқ кўп жойларда сезила бошлади.

Американи кесиб ўтар эканмиз, ажойиб об-ҳаволи Небраска, Дакота, Вайоминг, Нью-Мексико, Аризона штатларида бўлдик. Одамлар сийракроқ бу даштнамо жойларда Ернинг кўпгина касалликларини вақтинча унутиш мумкин. Бу жойларда юрганингда Мичиган кўли жануби-ғарбий қирғоғи, Калифорниядаги шоссе, Ғарбий Вержиниянинг тутун қатламлари сингари даҳшатли ҳолатлар беихтиёр ёдингга тушади. Балтимор яқинида биз ер юзидаги энг узун туннеллардан биридан ўтдик. Худди дудбўроннинг ичидан ўтиб кетаётгандай ҳис этаркансан ўзингни. Одамлари қаёққадир шошаётган улкан Лос-Анжелосда юрганингда ҳам худди шундай туйғуни бошдан кечирасан. Ҳаво очиқ кунларида сен нафас олаётган мудҳиш қоришма нимшаффоф қизғиш кўринади. “Аполлон-10” экипажининг сўзларига қараганда 40 минг километр юқоридан Американинг қиёфаси аниқ ажралиб тураркан, аммо Лос-Анжелос жойлашган жойда фақатгина кулранг рангли доғ кўринаркан, холос. Йўловчи ташийдиган самолётларнинг ҳайдовчилари Американинг ҳар бир шаҳари устидаги тутун қатламини юз километр наридан кўришаркан. Вашингтон энг яхши жойга жойлашган экан, унда саноат ишлаб чиқариш йўқ, ҳаммаёқ кўм-кўк. Лекин автомобиллардан чиқаётган газлар ва қўниш учун шундоққина шаҳар тепасидан пастлашаётган самолётларнинг орқасида қолаётган тутун излари одамларнинг кўзини ёшлантиради, йўталтиради. Шу ерлардан олинган ҳавони текшириб кўриш маҳаллий журналистнинг образли ифодаси бўйича айтганда Линкольннинг мармар ҳайкали ҳаводаги кимёвий моддалар таъсирида сода таблеткасига айланиб кетиши мумкин экан. Инсоннинг ўпкаси-чи? Заҳарли ҳаво ҳам ўз ишини қилмоқда. Нафас йўлларининг хасталаниши, кўксов, бронхит, саратон, эмфизема туфайли ўлим Қўшма Штатларда тобора кўпаймоқда. Узоқ вақт мобайнида заҳарли ҳаводан нафас олиш натижасида ёппасига ўлиш ҳоллари ҳам учрамоқда. 1952 йилда Лондонда декабр ойининг тўрт кунида тўрт минг одам ўлган эди. Бу ҳодиса 1966 йилда Нью-Йоркда қайтарилди, 168 одамнинг ёстиғи қуриди. АҚШнинг кўпгина шаҳарларида эндиликда об-ҳаво маълумоти билан бирга заҳарли ҳаво миқдори ҳам махсус айтиб ўтилади. Узоқ тахминлар тўғрисида шуни айтиш мумкинки, агар чора кўрилмайдиган бўлса 2000 йилда ҳавонинг ифлосланиши беш-олти маротаба ёмонлашар экан.

Энг керакли ҳавонинг ҳолати ана шундай. Ҳолбуки, одам ҳавосиз беш дақиқадан ортиқ яшай олмайди.

Сув… Сув табиат мўъжизаси, энг кўп тарқалган, ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайдиган, энг арзон ва энг қимматли хом ашё. Ичида балиқлар ғужғон ўйнаётган, чеккаларида гуллар ўсиб турган, устида ниначилар учиб юрган, булутларнинг акси тушиб турган мусаффо сувни кўриш одамга нақадар қувонч бағишлайди. Лойқа, заҳарланган сувни кўришдан аянчлироқ нарса йўқ.

Американи айланиб юрарканмиз, кўпроқ ана шундай ўлик сувларга дуч келдик. Миссисипи дарёсининг юқорироқ жойларида бошқаларга хайрихоҳона руҳдаги бир одам ёнимизга келиб огоҳлантирди: “Сизлар бошқа жойлардан келганга ўхшайсизлар. Бу жойларда чўмилиш хатарли!” Гринвилл шаҳри (Миссисипи штати) яқинидаги дарёнинг қуйи қисмида эса огоҳлантиришга ўрин қолмади, қуйқасимон бўтана оқарди. Улуғ дарёни эндиликда кўпроқ “Оқава сувлар оқадиган зовур”, “Американинг тўғри ичаги” деб аташади. Соҳилида Нью-Йорк жойлашган Гудзон дарёси ҳақидаги фикрлар бундан ҳам аянчлироқ: “Бу сувдан бир қултум ичиб юборган одам омон қолганига шукур қилмоғи керак”. Марҳум Роберт Кеннедининг “Гудзонга йиқилиб тушган одамнинг чўкиб кетишидан кўра эриб кетиши осонроқ” образли ибораси кўпчилик орасида машҳур. “Колорадода балиқларни шундоққина пиво идишлари орасидан тутишади”. Эри кўлини “ўлик кўл” деб таърифлашади. Соҳилига Вашингтон жойлашган Потомак дарёсининг қирғоқларида “Сув хатарли даражада ифлосланган” деган ёзувлар осиб қўйилган. Президент Жонсон Потомак дарёсини тоза сувли дарёга айлантириш миллатнинг вазифаси деб уқтирган эди. Собиқ президент пойтахт дарёсининг сувини “зарур даражада тоза”лигини кўролмай оламдан ўтиб кетди. Американинг қарийб барча дарёлари тўғрисида ҳам шундай гапларни айтиш мумкин. Ҳазиллашишга мойил одамлар: “Бизнинг сувларда бетон тўсинни ювиш ҳам хайф” деб кулишади. Жиддийроқ айтиладиган бўлса “Мамлакатимиздаги барча дарёлар, ҳатто ирмоқлар ифлосланган”, – дейди эколог Жон Берд. Журналист сувларни нима ифлослантираётганини шундай ёзади: “Биз дарёларни чиқинди, нефть, кўмир кукунлари, қатронлар, турли бўёқлар, кимёвий моддалар, заҳар, кул, пластика бўлаклари, синтетик кўпиклар билан тўлдириб юбордик. Дарёларнинг соҳилларини эса темир-терсаклар, матраслар, пластикли лаш-луш, автомобил кузовлари билан бежаб ташладик. Америкаликлар эндиликда хлорли ҳовузларда чўмилмоқдалар, чамаси, энди улар дарёларда чўмилиш қувончидан бутунлай маҳрум бўлдилар, шекилли. Бунга-ку, чидаса бўлар. Лекин ичимлик суви масаласи анча мураккаброқ.

Ичимлик суви сайёра сув заҳираларининг атиги икки фоизини ташкил этади. “Бир кўза ичимлик суви шўр сувли дарёдан қимматлироқ”, – дейилади шарқ донишмандлигида. Бор-йўғи икки фоиз… Инсонга яшаш учун суткасига икки литр ичимлик суви керак бўлишини эътиборга олсак бу катта рақамдир. Эҳтимол, Африкадаги кўчманчи шунча миқдорда сув ишлатар, америкалик эса кунига 5 минг литр сувни “ичади”. Сув истисносиз барча ишлаб чиқариш соҳаларида ишлатилади – кийим-кечакларни ювишдан бошлаб, машиналарни ювишгача, ахлат тозалашдан тортиб, дори-дармон ишлаб чиқаришгача, пўлат қуйишдан ғаллазорларни суғоришгача – ҳаммасига сув керак. Сув канализация қувурларидан ўтгач, саноат эҳтиёжларини бажаргач, табиийки ўлик ҳолатига келади. Америка аҳолисининг ярми (100 миллон киши) камида бир маротаба канализация қувурларидан ўтган сувни истеъмол қилади. Қўшма Штатларда сувни тозалаш технологияси яхши йўлга қўйилган. Ўзига тўқроқ одамлар шишаларга солинган оддий сувни сотиб олишни афзал кўрадилар. Оддий сув савдоси эндиликда катта фойда келтирадиган соҳа бўлиб қолди.

Сувга чанқоқлик эса тобора ўсиб бормоқда. 1900 йилда АҚШда сув бугунгига нисбатан 10 маротаба кам сарфланган. Юз йилликнинг охирига бориб сув сарфлаш яна тахминан тўрт маротаба ортади. Ичимлик сувининг барча заҳиралари етмай қолади. Гренландия ва Антарктида айсбергларининг порт шаҳарларига буксирларда олиб келиш фантазия эмас, реал ҳақиқатга айланиши мумкин – ахир ҳар бир кишининг ҳаёт кечириши учун зарур бўлган икки литр тоза сувни қаердан бўлса ҳам барибир топиш керак-ку!

ЕР… Одамлар океандан океангача бўлган Американинг бутун ҳудудини босиб ўтгунларигача уч аср вақт ўтди. Бир неча авлод Американинг чеки-чегараси йўқ деган фикр билан ўтиб кетди. Эндиликда ҳамма нарса ўзгариб кетди. Лекин улкан давлатнинг харитаси ўзгаришсиз қолди. Миссисипи ўз мансабига1 тупроқ қатламларини оқизиб келавериб АҚШ ҳудудларини маълум миқдорда катталаштирди. “Лекин ҳозир бизда АҚШ тобора торайиб бораётгандай таассурот уйғотмоқда. Бир неча маротаба торайгандай туюлади. Шунингдек, бойиганимиз сари камбағаллашиб бораётганга ўхшаймиз”. Суҳбатлашган одамларимиздан бирининг бу шикояти бир қараганда ғалатироқ туюлади. Лекин бу ташвишда маълум асослар бор. Фикрловчи Америка қанчалик оғир бўлмасин, ўз қадриятларини қайтадан баҳолаш жараёнини бошдан кечирмоқда. Кечагина роҳат-фароғат бағишлаган жуда кўп нарсалар бугун одамларни ташвишга солмоқда. Биргина мисол. Йўллар – Қўшма Штатларнинг ифтихори… Тажрибасизроқ одамга йўл қанча кўп бўлса шунчалик яхшига ўхшайди. “Йўқ, – дейди бизнинг суҳбатдошимиз, – биз шундай паллага етиб келдикки, энди ҳар бир қарич ҳосилдор ерни кўз нуридай авайламоғимиз керак. Ҳозирнинг ўзидаёқ Виржиния штатининг ҳудудига тенг келадиган жуда катта майдон йўл бетонлари билан қопланди”. Бунга қуйидагича изоҳ бериш мумкин. Йўллар фермаларни, аҳоли яшайдиган жойларни, тарихий обидаларни барбод этмоқда, мамлакатдаги гўзал манзарали жойларнинг бузилиши ҳисобига меҳмонхоналар, бензин қуйиш шоҳобчалари, тамаддихоналар билан тўлдирилмоқда, ўрмонлар сийраклашмоқда, дарё ва ирмоқлар ифлосланмоқда. “Булар еримиз танасидаги чандиқлар. Тўхташ ва тўхтатиш керак!” “Биласизми, бизнинг Америкада чопиб кетаётганда тўхташдан кўра, ўриндан қўзғалиш осонроқ”. Қурилиш – бу одамларнинг иш билан таъминланиши, кучли йўл машиналарини ишлаб чиқариш, автомобиль, бензин, резина сотиш, нефть, металл ишлаб чиқариш, фойда устига фойда олиш. Тўхтатиш керак! Бу тўғрисида газеталар бонг урмоқда, конгрессга таклифлар ёзилмоқда, ҳамма шу ҳақида гапирмоқда. Лекин бетон ерни ейишда давом этмоқда. Йилига тўрт юз минг гектарлаб ерни…

Буларнинг барчаси ер майдонларидан жудо бўлаётганимизнинг бир томони, холос. Яна бир фалокатни бу ерда “қизил хавф” дейишади. Эскирган сиёсий термин бу ерда янги маъно касб этган. “Қизил хавф” – ерларнинг ўлиб бориши (йилига олтмиш минг гектар) қазилма бойликларнинг очиқ йўл билан олиниши туфайли рўй беради. Кун сайин кенгайиб ва катталашиб бораётган шаҳарлар ва саноат қурилишлари ҳам жуда кўп ерларни ютиб юбормоқда. Ҳаммаёқни эгаллаб бораётган техника, одамларнинг лоқайдлиги туфайли талай ерлар яроқсиз ҳолга келмоқда. Океандан океангача бўлган ҳудудлар ниҳоятда катта. Лекин унинг асосий бойлиги – барча тирик мавжудотлар, жумладан, одамларни боқиш мумкин бўлган моддий неъматлар – кун сайин хатарли даражада камайиб бораяпти.

Америкада олинадиган юқори ҳосил ерлардан максимал даражада фойдаланиш натижасидир. Фермерлар дастлабки пайтларда ерлардан обдон фойдаланиб бўлишгач, ташлаб кетишган ва янги ерларни ўзлаштиришган. Кейинроқ янги ерларни ўзлаштиришнинг иложи қолмагач, фермер ерга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга, ҳосилдорликни оширишга ёрдам берадиган кимёвий моддалар ва ўғитлар билан парваришлаб туришга мажбур бўлган. Қишлоқ хўжалигини кимёвийлаштириш тобора авж олди. АҚШ ерларига ҳозирги вақтда 42 миллион тонна кимёвий моддалар сочилмоқда, ярим миллион кимёвий аппаратлар ёввойи ўтлар ва ҳашаротлар билан кураш учун ишлатилмоқда. “Ҳаддан ташқари кимёлаштириш ернинг ҳосилдорлигига бутунлай путур етказмайдими?” деган савол туғилади. Бу ғоят ташвишли саволдир. Лекин бундан ўзини тийишнинг ҳам асло иложи йўқ. Ердан иложи борича максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда. Бундан юз йил муқаддам америкалик ерни текинга оларди – ўрнашиб ол-да, хўжалигингни юритавер. Эндиликда экин майдонларини фақат сотиб олиш мумкин, холос. Сўнгги ўн йил мобайнида ернинг баҳоси икки маротаба кўтарилиб кетди.

Ер ости бойликлари тўғрисида бир неча оғиз сўз. Илгарилари Американинг бу жавоҳирлар сандиғи тубсиз деб ҳисобланарди. Ким қанча олишни эплаштирса, шунча олаверарди. Фаровонлик ва куч-қувват мана шу асосга қурилганди. Меҳнат, тиришқоқлик ва ишбилармонлик сингари америка халқига хос эътиборга молик хусусиятлар ҳосилдор ва сахий тупроқда янада ривож топди. Ўша пайтларда шахтага тушган вагончалар қуруқ қайтиб келадиган кунлар келишини ҳеч ким ўйлагани ҳам йўқ. Эндиликда шундай кунлар кўрина бошлади. “Энергетик хомашё – нефть, кўмир, уран тугамоқда. Қўрғошин, кумуш, қалай хатарли даражада камайиб бормоқда”… Саноатнинг иштаҳаси эса тобора карнай бўлиб бормоқда. Бу улкан тегирмоннинг ишини тўхтатиш ёхуд лоақал секинлаштириш мислсиз талафотларга олиб келиши мумкин. Тегирмонни айлантириб турмоқ учун унга нимадир ташлаб турмоқ керак.

Ўз бойликларини охиригача ишлатиб қўйишни истамаётган Америка бошқа мамлакатлар хазина бойликлари калитини ҳам ўз чўнтагида сақлашга уринмоқда. АҚШ ер юзи аҳолисининг 6 фоизини ташкил этгани ҳолда минерал бойликларнинг 30 фоизига эгалик қилади. Аммо ҳамма жойда ҳам хазина бойликларининг таги кўриниб қолган. Бунинг устига ўзга юртлардаги бойликларни ўз эгалари ихтиёрларича ишлатишни хоҳлайдилар. “Қачонлардир кам тараққий этган мамлакатлар ўз ҳудудларидаги нефть заҳираларидан фойдаланганликлари учун даромаднинг бор-йўғи 10 фоизини олишлари одатий ҳол бўлган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин нефть эгалари бўлган мамлакатларнинг оладиган фойдаси кўпгина ҳолатларда даромаднинг 50 фоизига кўтарилган. Кейинги вақтларда тузилаётган шартномаларда эса нефть эгаси бўлган мамлакатлар умумий даромаднинг 70 ва ундан ортиқроқ фоизини олиши кўзда тутилмоқда”, – деб шикоят қилади. “Ю.С.Ньюс энд Уорлд рипорт”. (Шуни қўшимча қилишимиз мумкинки, баъзи мамлакатлар ўз ҳудудларидаги табиий бойликларнинг назоратини бутунлай ўз қўлларига олдилар.)

Биз Американи ҳали энергетик таназзул сўзлари урф бўлмаган вақтларда айланиб чиқдик. Ўша йилнинг қишида “баъзи жойлардагина ёнилғи етишмади” деган сўзлар тилга олинди. Шу туфайли Огайо, Индиана, Иллинойс штатларидаги корхоналар вақтинча ишламай турди. Баъзи жойларда мактаблар ёпилди. Бир йилдан кейин авж олган таназзул Американи нефтдан бошқа нарсалар тўғрисида ҳам ўйлашга мажбур этди. Ҳисоб-китобларга қараганда, Қўшма Штатлар 1940 йилдан 1970 йилгача (30 йил!) бўлган давр мобайнида бутун Ер юзи аҳолиси ўз тарихи мобайнида ишлатган минерал хомашёдан кўпроқ хомашё ишлатган. Яқин 25 йил мобайнида эса минерал хомашёга бўлган эҳтиёж 5 маротаба ортади. Давлат ҳозир ва яқин келажакда нималарга эҳтиёж сезиши ҳам тахминан ҳисоб-китоб қилиб чиқилган. Бу ҳисоб-китоблар худди маст одамнинг ўзига келишидай кўпчиликнинг кўзини очди; шу вақтгача хомашёларни тўғри ишлатдикми, йўқми? – деган саволни кун тартибига кўндаланг қўйди. Бу масала юзасидан бир неча характерли фикрларни келтирайлик. “Нью Йорк тайм мэгэзин” журнали: “Биз дунёдаги энг бой ўлкани хароб қилдик”. Президент Никсон: “Биз ўз еримиз билан хомашёлари худди битмас-тугунмасдай муносабатда бўлдик”. Собиқ савдо министри Питерсон: “Бутун тарихимиз мобайнида биз ўз энергетик ва хомашё заҳираларимизни худди маст матрослардек талон-тарож қилдик, эндиликда чўнтагимиз тешиклиги маълум бўлиб қолди. Ер ва ундаги бойликларга ҳам шундай муносабатда бўлинди. Инсониятнинг яшаши учун зарур бўлган уч асосий манба – Ҳаво, Сув, Ернинг аҳволи жаҳон учун ибратли бўлган Америкадаги катта ёнғиннинг ҳолати ана шундай.

Колумбни яна бир маротаба эслайлик. 1492 йилнинг 11 октябрида кема бортига темир билан силлиқланган мевали шохчани тортиб олишди. Шубҳаларга ўрин қолмаганди. Шу яқин атрофда ер борлиги аниқ бўлиб қолганди. Темир билан силлиқланган… Денгизчилар ўзлари кашф этаётган ерларда одамлар ҳали темирни кўришмаганини билишмасди. Шохча тош асбоб билан силлиқланган эди. Океандан топилган таёқча билан Кайахога дарёсидаги ёнғин ўртасида 477 йил фарқ бор. Ернинг умрига нисбатан арзимас бир дақиқа. Лекин бу вақт одамларнинг ўзлари қиздирган тованинг устига худди балиқдек рақс тушишлари учун етарли бўлди. Шу нарсани таъкидлаш жоизки, табиатнинг хатарли даражада ифлосланиши энг охирги даврга тўғри келади. Урушдан кейинги 25 йил мобайнида табиат ўн маротабадан кўпроқ ифлосланди. Тегирмон борган сари тезроқ айланишда давом этмоқда.

ОЛОВ ОЛДИДА

Ёнғинни қандай ўчирмоқ керак деган савол, табиийки, ҳаммадан кўпроқ қизиқтиради.

Аввало хавф-хатардан дарак бераётган қўнғироққа қиё боқайлик. Нью-Йоркдаги китоб дўконининг пештахтаси. Бизга керакли бўлимдаги китобларнинг номига эътибор беринг. “Сокин баҳор”, “Олтин штат (Калифорния)ни қандай ўлдирмоқ керак?”, “Сўнгги раунд”, “Жарлик олдида”, “Йўқолаётган Америка”, “Бизнинг ўлик сувларимиз”, “Ўсиш чегаралари”, “Американинг кафангадо бўлишини қандай тўхтатмоқ керак?” Муқовалардаги суратлар бундан ҳам ифодалироқ. Суратларнинг бирида чиқиндилар орасидан осмонўпар бинонинг тепасигина кўриниб турипти, бошқасида Америка харитасининг ўртасига қонли пичоқ қадалган, учинчисида Ер шағам шаклида ифодаланиб, икки қутбдан ёниб келаётгани кўрсатилган. Асар муаллифларининг баъзилари ёнғин оловида исинишяпти ёхуд эсларини йўқотиб қўйиб нима қилишларини билишмаяпти. Китоблар орасида анча жиддийлари ҳам бор. Бу мавзудаги мақолалар газета ва журналларнинг саҳифаларида сурункали равишда кетма-кет босилмоқда. Мақолаларнинг чек-чегараси йўқ. Телевизорни бурадингми – кекса эколог “1-рақамли муаммо” тўғрисида гапираётган бўлади. Конгрессменнинг нутқида ҳам муҳит муаммолари тўғрисида сўз боради. Ёшларнинг кўчадаги митингида ҳам, президентнинг нутқида ҳам, оила аъзоларининг ўзаро суҳбатида ҳам эндиликда энг кўп ишлатиладиган бўлиб қолган ифлосланиш сўзини эшитасиз. Муҳитни муҳофаза қилиш бўйича президент маслаҳатчиси билан кўришганимизда эҳтиёткорлик билан: бундай сўзларнинг тўхтовсиз такрорланавериши жонга тегмайдими деб сўраймиз. “Йўқ. Бундай эмас. Мазкур муаммо шу қадар масъулиятли ва мураккабки, уни фақат тўла ошкоралик шароитида, бу ишларнинг моҳиятини ҳар бир киши тушунганда ва жон койитгандагина ечиш мумкин”, – деб жавоб берди у.

Бу мақсадга эришилди ҳисоб. Босиб келаётган фалокатни эндиликда ҳамма билади. Қўнғироқ эса кечагина чалингани йўқ. Чор атрофга ўт кетаётгани янгиликмиди? Биринчидан, маҳобатли ҳар қандай мамлакат аҳолиси сингари хотиржам уйқудан америкаликлар уйғонишди. Америкада ҳамма нарса етарли, ҳамма нарса мўл деган қатъий ишонч барҳам топди. Бу ҳолатни гарчи кечикилган бўлса-да, ғалаба деб баҳолаш мумкин. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат ва жамоат ташкилотларининг нуфузи ошди, таъсири кучайди. Америкаликлар ҳаммавақт ҳам ўзларининг миллий боғлари ва қўриқхоналарини севиб ва ардоқлаб келишган.

Анъанавий америка қадриятларига муносабатлар ўзгара бошлади. Техникага илгари худди бутга сиғингандай сиғинишарди. Эҳтимол, шу пайтларгача ҳар бир америкаликнинг муқаддас деб билган муҳаббат қўйган нарсаси автомобиль эди. У аллақачонлардан бери лаззат, куч ва фаровонлик тимсолига айланиб қолган. Америка автомобилларининг ҳашамдор ва маҳобатли бўлиши ҳаммага маълум. Америкалик айни мана шундай машинани, айниқса, янги русумдагини сотиб олишга интилган (бутун ҳаёт тарзи уни шунга даъват этган). Қимматбаҳо машина туфайли қарзга ботиб қолиш, бу ишларни қўшнилари ва дўстларига айтиб мақтаниб юриш бегона ҳодиса эмас. Мана энди автомобиль билан боғлиқ кўп йиллик роман ниҳоясига етди. Бунга автомобиль ҳавонинг ифлосланиши, бензин ичавериб тўймайдиган юҳо, ҳаракатсизлик туфайли келиб чиқадиган турли касалликлар, кўчаларни тиқилинч бўлишига олиб келадиган асосий тўсиқ сингари сабаблардир. Америкада бутунлай кутилмаган: “Йўқолсин, автомобиль!” деган шиор ўртага ташланди. Америка ўз “Форд”лари ва “Шевреле”ларидан воз кечиб, автобус, темир йўл вагонлари, велосипедларга ёхуд буқа қўшилган араваларга бутунлай кўчиб ўтишмади. Лекин анча сезиларли даражада ўзгаришлар содир бўлди. Темир йўл тармоқлари кенгайди, қарийб йўқ бўлиб кетган шаҳар жамоат транспорти кучайди, саноат одамларнинг велосипедга бўлган эҳтиёжини қондиришга улгура олмаяпти. Эҳтимол, энг диққатга сазовор нарса шу бўлдики, эндиликда америкаликлар майса устида оёқяланг юриш ялтироқ машинанинг юмшоқ креслосида рулда ўтиришдан кам лаззат бағишламаслигини тушуниб етишди. Табиийки, автомобиль истеъмолдан бутунлай чиқиб кетгани йўқ, яқин йиллар орасида чиқиб кетмайди ҳам. Америка “аравача”ларга ҳаддан ташқари ўрганиб қолган. Бу шунчаки бир жойдан иккинчи жойга юриш воситасигина эмас, балки ҳаёт тарзи, АҚШ бутун саноатининг катта қисмини ҳам ташкил этади. Лекин автомобилдан бутунлай воз кечилмаган тақдирда ҳам бензинни кўп сарфлайдиган маҳобатли машиналардан воз кечиш мумкин-ку. Кеча ҳамма яхши кўрган улкан машиналарни “бронтозавр”, “мастодонт”лар деб аташмоқда, унинг ўрнига ихчам, тошбақасимон “Фольксваген” ёки японларнинг “Тоёта”сини афзал кўрмоқдалар. АҚШ автомобиль саноати ўз ишини тез суратда ўзгартиришга, давр талабига мослашишга мажбур бўлмоқда. Автомобиль содир бўлаётган ўзгаришларнинг тимсолига айланиб қолди. Илгарилари америкалик саноатнинг тараққиётидан, “саноат мўрилари қанча кўпайса, ҳаётимиз шунчалик фаровон кечади” деган ақидага асосланиб хурсанд бўларди. Бугун эса мўрилар энди хурсандчиликка сабаб бўлмай қолди. “Агар бу сигирни боғлаб қўймасак бутун Американи пайҳон қилиб ташлайди” деган фикрга келишди”, – деди биз билан суҳбатда вашингтонлик ёш эколог.

Қушларнинг сайраши, сокинлик, чакалакзордан чиқиб қолган бирор ҳайвонни кўриб қолгандаги энтикиш, қувончни америкаликлар қайтадан кашф қилишмоқда. Одамларда бундай руҳни тарбиялашда маорифнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Америкада табиат тўғрисида, унда рўй бераётган жараёнлар, табиатга, омонат дунёга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш ҳақида кўплаб яхши китоблар чоп этилмоқда. Ҳужжатли ва бадиий фильмлар, телевидение, мактаблардаги “экологик дастурлар” одамларнинг табиат бағрида ўзларини тутиш маданиятини тарбияламоқда, инсоннинг жонли нарсалар дунёсидаги ўрнини кўрсатиб бермоқда.

Шенандоа миллий боғида биз вашингтонлик ўқитувчи Хариэл Фелпс билан танишиб қолдик. Гулхан атрофида болалар қуршовида у билан суҳбатлашдик. “Илгарилари фақат табиатни эксплуатация қилишни ўргатардик. Эндиликда табиатни бошқариш, унинг қонуниятларини ҳисобга олган ҳолда яшаш керак. Бунда фақат билимларнинг ўзигина етарли эмас. Янгича дунёқарашни ҳам шакллантирмоқ лозим. Буларни барча воситаларни ишга солган ҳолда бешикдан бошлаб ўргатмоқ жоиздир. Мен бу нарсани таълимнинг асосий вазифаси деб ҳисоблайман”. Ўқитувчи-эколог шундай фикрлаяпти. Америкада баён этилаётган бундай фикрларнинг уруғи ҳозирдаёқ ниш урмоқда. Эндиликда одамлар Ойга учиш тўғрисида эмас, кўпроқ тобора камайиб бораётган турналарни сақлаб қолиш юзасидан умумхалқ ҳаракати тўғрисида кучли ҳаяжон ва шавқ билан гапирадиган бўлиб қолишди. Ойга қўнилган кун Американинг миллий байрами сифатида нишонланмайди. Лекин 1970 йилнинг апрелидан бошлаб Она ер куни бутун мамлакатда кенг нишонланмоқда. (Шу куни мазкур воқеага бағишланган намойишлар бўлиб ўтади, чор атрофни чиқиндилардан тозалаш юзасидан талай ишлар амалга оширилади, табиий бойликларни беҳуда совуриб юборишга қарши, муҳитни ифлослантираётганларни жавобгарликка тортишга даъват этувчи оммавий чиқишлар уюштирилади.)

Кўпчилик америкаликлар муаммонинг бутун мураккаблигини ҳис этишади, бу масаладаги айбдорларни ҳам билишади, ўзлари ҳам табиатга етказган “зарарлари учун товон тўлашга” тайёрдирлар. Жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари АҚШ аҳолисининг 73 фоизи “сув ва ҳавонинг тозалиги учун” нарх-навонинг оширилишига рози бўлишган. “Атроф-муҳитни ифлослантирадиган фирмада ишлашга борасизми?” деган саволга ёшларнинг 70 фоизи “Йўқ”, “Муҳитни ифлослантирадиган ишбилармонларни жазолайдиган қаттиқ қонун керак деб ҳисоблайсизми?” деган саволга “Ҳа” жавобини беришган.

Ҳаракатга келиб қолган жамоатчиликнинг фикри шундай. Бу билан ҳокимият тепасида турганлар ҳам, унга интилаётганлар ҳам ҳисоблашишлари лозим. Ҳозирги вақтда АҚШда ўз нутқини табиатни озода сақлаш тўғрисидаги ғамхўрлик билан безамайдиган сиёсатдон қолмади. Уларнинг баъзилари муҳитнинг аҳволи тўғрисида чинакамига куйиб-ёнишмоқда. (Мэн штатидан келган сенатор Эдмунд Маски, Висконсин штатилик сенатор Гейлорд Нелсон), баъзилар эса “яхши кўриниш” учун гапдонлик қилишади. Лекин нима бўлганда ҳам мазкур муаммо Американинг ҳар бир хонадонига кириб борди, Оқ уй ва Капитолияда тез-тез муҳокама қилинадиган масалалардан бирига айланди.

Энг юқори доираларда босиб келаётган фалокатнинг миқёсларига реалистик баҳо беришади. Президент Никсон атроф-муҳитни соғломлаштириш учун курашни энг муҳим миллий вазифа сифатида қўйди. Шунингдек, мазкур масалани бир мамлакат доирасида ҳал этиш мумкин эмаслигини, уни кўплаб мамлакатларнинг биргаликдаги ҳаракатлари орқалигина амалга ошириш мумкинлигини яхши ҳис этишади. “Ўзаро ҳамкорлик, тажриба алмашиш, ҳаракат ва кучларни бирлаштириш зарур”, деди биз билан суҳбатда муҳитни муҳофаза қилиш бўйича президент маслаҳатчиси (илгари журналист бўлган) Роберт Кан.

Мазкур муаммони тушуниш ва уни ҳал этиш масалаларини Америкада ўрганганимизда кўзимизга ташланган нарса билимнинг етишмаслиги бўлди. Эндиликда бу тўсиқ қисман босиб ўтилди. “Элементар экологик билимлар ҳар бир америкаликка” дастури бўйича талай ишлар амалга оширилди. Экологик дастур деярли барча олий ўқув юртларида, шу жумладан, инженерлик ва ҳуқуқшунослик университетларида ҳам олиб борилмоқда. Бундан ташқари, махсус ўқув-юртларида мураккаб муаммонинг барча қирраларини яхши тушунувчи олий маълумотли эколог-мутахассислар тайёрланмоқда. Экологиянинг ўзи (жонли организмларнинг муҳит билан ўзаро муносабати ҳақидаги фан) ҳозирги пайтда етакчи фанлардан бирига айланди. Биз бир неча экологик марказларда (Висконсин ва Мэриленд штатлари) бўлганимизда яхши таассурот олдик. Бу ерларда ўз ишига берилган ҳалол одамлар ишлашаркан, энг янги ускуналар ва методика билан қуролланишган, ишчанлик вазияти ҳукм суради. Янги касб – экологнинг мавқеи жуда баланд. Мадисон шаҳридаги мактуб ўқувчилари билан суҳбат чоғида икки ўспириндан ўқишни битиргандан кейин қандай касб билан шуғулланишни исташларини сўраганимизда, эколог бўлишларини айтишди.

Масаланинг ниҳоятда долзарблиги кўплаб мутахассислар етишиб чиқишини кутиб ўтиришни тақозо этмайди. Экология муаммолари билан журналистлар, ҳуқуқшунослар, врачлар, биологлар, социологлар шуғулланишмоқда. Муҳитни муҳофаза қилиш муаммолари билан бутун америка фани шуғулланмоқда. Ҳозирги вақтда фанни бутунлай қайта қуриш тўғрисида баҳслар кетмоқда. “Бугунги кунда муҳит ва энергия муаммоларидан кўра муҳимроқ масала йўқ. Санъатшунослик, кибернетика, космонавтика биосфера омон бўлган тақдирдагина фаолият кўрсатиши мумкин”.

Шу билан биргаликда муҳитни муҳофаза қилиш бўйича барча масалаларни фаннинг ўзигина бехато еча олмайди. Бу ишда кенг жамоатчилик, бутун халқ қатнашмоғи лозим. “Бирорта йирикроқ қурилиш ҳамма нарса обдон синчиклаб ўрганилиб текширилмагунча, унинг ҳамма томонлари ҳисобга олиниб, бутун халқ хабардор қилинмагунча бошланмаслиги керак”. Ижтимоий фикрнинг талабларидан бири шудир.

Мазкур қоиданинг амалга оширилиши учун барча асослар бор. Ер юзида баъзан билимсизлик, баъзан ўз фойдасини ўйлаб, баъзан тор манфаатлардан келиб чиқиб қурилган кўплаб қурилишлар фойдадан кўра зарар келтиради. Барча лойиҳаларни атроф-муҳитга таъсирини синчиклаб муҳокама қилиш тузатиб бўлмас хатоларга йўл қўймасликнинг гаровидир. Ўтиш даврида иқтисод ва табиат ўртасидаги мураккаб муносабатлар туфайли инсон муҳитга ён босиши лозим бўлган ҳолатлар пайдо бўлмоғи мумкин. Албатта, хато қилмаслик яхши, лекин хатосини ўз вақтида тан олиб чекина билиш донишмандлик белгисидир. Америкаликлар шундай ишга журъат эта олдилар. Жамоатчилик фикри ва талабларини эътиборга олган ҳолда президент ўн миллионлаб маблағ сарфланиб битай деб қолган қатор қурилишларни тўхтатиб қўйди. Бундай тадбирлар халқ томонидан яхши кутиб олинди, қўллаб-қувватланди.

Табиатни муҳофаза қилиш учун курашда ҳамма жойда дуч келиниши мумкин бўлган сон-санқсиз зиддиятларга тайёр турмоқ керак. Хусусий мулкчилик шароитида бундай зиддиятлар сира тугамайдиган келишмовчиликларга айланиши эҳтимолдан холи эмас. АҚШ ҳуқуқшунослари кейинги йилларда жуда кўплаб бундай ишларни кўришларига тўғри келди. Бунгача эса мамлакатда Инсон ва Табиат муносабатларини бошқарувчи қонунлар деярли йўқ эди. Эндиликда эса ҳаммасини янгитдан яратишга тўғри келди. Инсон ва табиий муносабатларнинг норма ва қонунлари, уларнинг бажарилиш тартиби ва муҳлатлари ишлаб чиқилмоғи даркор эди. Зеро, бир ҳуқуқшунос айтганидек, “табиат индамайдиган, шикоят қилмасдан ўлиб кетаверадиган даъвогардир”.

Табиатни муҳофаза қилиш бўйича чиқарилган қонунлар тўғрисидаги қалингина китобни қўлга олар экансан (икки-уч йил ичида АҚШнинг бутун тарихи мобайнидаги даврга қараганда кўпроқ қонунлар чиқарилган), мамлакатда жуда катта ишлар амалга оширилганини, буларнинг аҳамияти миллий доирадан ташқари чиқишини ҳис этасан. Мазкур қонунлар муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий нормаларига алоқадор бўлганлиги учун ғоят муҳимдир.

Лекин ҳаёт қоғозга битилган қонун билан унинг бажарилиши ўртасида ҳамма жойда ҳам катта масофа борлигини кўрсатди. Масаланинг бу томонларидан яхши хабардор бўлган доктор Абел Улман шундай ёзади: “Миллий қонунчиликлар тарихи кўплаб жимжимадор қонунлар, декларациялар қабул қилинганига гувоҳ, лекин улар ҳаммавақт ҳам амалга ошавермаган… Қарийб ҳар бир мамлакат атроф-муҳитнинг ифлосланишини қонунлар воситасида тўхтатишга ҳаракат қилиб кўрган. Улар қабул қилинаётган қонун ўз-ўзидан аҳволни тартибга солишга олиб келади деб ўйлаганлар. Лекин натижа бутун дунёда ҳам ташвишга соладиган аҳволда”. Доктор Улман бунинг сабабларини батафсил таҳлил этиб, “бу нарса ҳукумат сиёсатининг инжиқликлари ва бюджет билан боғлиқ қийинчиликларга келиб тақалади деган хулосани чиқаради”. Миллий иқтисодий фойдани қўлга киритиш тўғрисидаги мулоҳазалар атроф-муҳитнинг ифлосланишига йўл қўймаслик истагидан устунроқ бўлиб чиқади… Ҳар бир мамлакат ўзининг сиёсий йўналишидан қатъи назар, иқтисодий тараққиётга тезроқ эришиш истагида бўлса-да, атроф-табиатга зарар етказмасликка интилмоғи керак. Бошқача айтганда, қонунларни бузмаслик учун зўр ҳаракат қилинмаса, улар қоғозда қолиб кетаверади. Иқтисодий фойда кўриш тўғрисида мулоҳазалар кўпинча устун келишини эътиборга олинадиган бўлса, масаланинг унчалик осон эмаслиги равшан бўлади. Ахир табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги барча қонунлар нималардандир воз кечиш ёхуд ҳатто катта ҳаражатларни талаб этади.

Чора-тадбирлар тўғрисида…

“Инсон табиатни енгди, лекин бу шундай ҳолатки, товонни ютган одам тўлайди”. Мағлуб бўлган томон оёғини бутунлай узатиб юбормаслиги учун ғолиб томон қанча тўлаши керак? Биз ёндафтаримизга кўплаб рақамларни қайд этганмиз. Уларнинг аксарияти бир-бирига қарши. Ўртачароқ олганда бу рақамлар қуйидагича. “Ҳаво” операцияси учун 25 миллиард доллар керак бўлади. Сувларни тозалаш учун эса 38 миллиард. Американи ҳар жиҳатдан тозалаш учун 350 миллиард доллар зарур. Бутун саноатни экология қоидалари асосида қайта қуриш эса эколог Барри Коммонернинг ҳисоб-китобларига қараганда, 600 миллиардга тушади. Айтишларича, қовоқнинг катта-кичиклигини билиш учун унинг ёнига туфлини қўйиб кўрмоқ керак. Инсоннинг Ойга қўниши 25 миллиардга тушган эди. Бу “туфли”ни 600 рақамининг ёнига қўйгудек бўлсак, бу рақам жуда бой давлат учун ҳам ниҳоятда катта маблағ эканлиги маълум бўлади! Америка бу миқдордаги маблағни сарфлашга тайёрми? Мазкур ҳолатга мос келадиган, афоризмга айланиб кетган “Шунчалик катта маблағни шу ишга сарфлай оласизми? Лекин бу пулни сарфламасликка ҳаққимиз борми?” Ва яна: “Сарфлаш муқаррар равишда керак. Лекин ҳамма гап уни қаерда, қачон, қандай? сарфлаш керак деган масалада”.

Қаерда? Қачон? Қандай? – жўн саволлар эмас. Бу бирор ҳисоб-китоб рақамига пул ўтказдингми – бўлди, ҳамма иш битди деган маънони англатмайди. Биринчи навбатда қаерга маблағ сарфлаш керак, асосий эътиборни нимага қаратмоқ лозим, энг катта фалокат қаерда пайдо бўлиши мумкинлигини аниқлаш мақсадида махсус комиссия тузилган.

Америкада табиат масалалари билан, одатда, ички ишлар вазирлиги шуғулланади. (Вашингтонда 14 минг хизматчи, мамлакатнинг бошқа жойларида 42 минг хизматчи бу ишга масъул.) Фойдали қазилмаларни қидириб топиш, қазиб чиқариш ва муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан фойдаланиш, балиқ овлаш, миллий боғ ва қўриқхоналарни назорат қилиш шу вазирлик зиммасида. 1970 йилгача шундай эди. Фавқулодда ҳолат муҳитни муҳофаза қилиш бўйича шошилинч равишда махсус агентликни тузишни тақозо этди. (Агентлик Вашингтонда жойлашган, хизматчилари тўққиз мингга яқин, бюджет эса йилига 2 миллиард 46 миллион доллардан иборат.) Бундан ташқари муҳитни муҳофаза қилиш бўйича махсус олий кенгаш тузилган – улар бир неча эксперт ва президентнинг уч маслаҳатчисидан ташкил топади. Муҳитни муҳофаза қилиш бўйича махсус хизмат, шунингдек, ҳар бир штатда ҳам бор. Бундан ташқари муҳитни муҳофаза қилиш ишлари билан конгресснинг 13 комиссияси, 26 яримдавлат ташкилотлари, 14 идоралараро қўмиталар, уч ярим минг маҳаллий ташкилот ва кўплаб гуруҳлар шуғулланишади.

Уч асосий ҳукумат муассасалари (вазирлик, кенгаш, агентлик)да бўлдик. Агентлик уйи бузилган чумоли уясини эслатади. Бино мазкур муассаса учун шошилинч равишда мослаштирилган. Америкадаги корхоналарга хос бўлмаган олағовур ҳукмрон бу ерда, худди вокзалга ўхшайди. “Жаноб Гриннинг хонаси қаерда?” деган саволимизга қаёққадир шошаётган одамлар елкаларини қисишади – улар ҳали бир-бирлари билан яхшироқ танишиб улгуришмаган, шекилли.

Илгарилари унчалик муваффақиятли бўлмаса-да, сиёсат билан шуғулланган, эндиликда сувларни муҳофаза қилиш бўлимининг бошлиғи бўлиб ишлаётган Фицхью Грин бизни қабул қилганда ўзини сиёсатдонларга хос тарзда тутди. Эҳтиёткорлик билан расмийроқ муомала қилди, “Американинг сирини очгиси келмади”. Суҳбатимиздан кўпроқ эсда қолган нарса ҳассанинг ерга секингина “дўқ-дўқ” урилиши-ю, (жаноб Грин бироз оқсоқланар экан) унчалик қовушмаган гапимиз орасидаги сукунат дамларида енгилгина хўрсиниб қўйишлари бўлди. Ниҳоят, суҳбатимиз тугаганидан енгил тортиб хайрлашдик.

Кенгаш билан вазирликдаги учрашувларимиз дўстона вазиятда ва қизиқарли ўтди. Вазир муовини Рид Натаниэл сахийлик кўрсатди: (Америкада вақт – бойлик!): “Қанча зарур бўлса шунча гаплашамиз, тез-тез учраша олмаймиз-ку, ахир”. Гапимиз хонага ёш архитекторлар кириб келгандагина бўлинди (улар Натаниэл билан Вашингтон шаҳрининг кўкаламзорлаштириш лойиҳасини муҳокама қилишди). Вазир муовини баъзида меҳмонлар билан бўлаётган суҳбатга қўшиш учун хизматчиларидан айримларини чақиртирарди. Биз муҳитни муҳофаза қилишнинг аҳволи, бу йўлдаги қийинчилик ва умидлар тўғрисида ғоятда батафсил маълумотлар олдик. Рид Натаниэл ўзига юклатилган вазифани ипидан игнасигача биладиган кенг билимли одамгина эмас, ишига берилган фидойи инсон ҳам экан. Суҳбатимизнинг охирида шундай якун ясади: “Бундан тўрт йил аввал тузатиб бўлмас фалокатнинг бошланиши деб ўйлагандим. Энди эса умидлар пайдо бўлганини кўриб турибман.

Муҳитни муҳофаза қилиш кенгашида ҳам бизни худди шундай дўстона ва эътибор билан кутиб олишди. Бу ерда мазкур муассасага хос улуғвор сокинлик ҳукм сурарди. Биз йиртқич ҳайвонларни муҳофаза қилиш бўйича эксперт доктор Тальботнинг меҳмони бўлдик. У бизни эски қадрдонлардай (Москвада овчиларнинг конгресси вақтида танишган эдик) кутиб олди. Суҳбатимиз доктор Тальбот эндигина муҳим ғалабани қўлга киритган – конгресс томонидан йиртқич ҳайвонларни ов қилишни тақиқлайдиган қонун қабул қилинишига эришган вақтга тўғри келди. Бу ғалаба билан уни қизғин қутладик. Доктор Тальбот қатъият кўрсатиб, шу қонуннинг қабул қилинишига эришибди. Энди эса деярли узлуксиз телефон жирингларди, котиба кетма-кет келаётган телеграммаларни стол устига қўйиб кетарди – ҳайвонларни ҳимоя қилиш учун курашчилар олимни ғалаба билан табриклашаётганди.

Доктор Тальбот билан суҳбатимиз кечқурун унинг уйида давом этди. Стол атрофида Вашингтоннинг кўзга кўринган экологлари, шу жумладан, президент маслаҳатчиларидан бири ҳам йиғилишганди. Суҳбатимиз фақат Америка табиати ҳақидагина эмас, бизнинг мамлакатимиздаги аҳвол, китлар, оқ маймунлар, пингвинлар, “умумий сув ва умумий ҳаво” тўғрисида ҳам кечди. Доктор Тальбот коктейллар тайёрлаб берар, орқамизда, залнинг бурчагида ўғилчаси билан ўтирган хотини эса “эркаклар фақат табиат мавзусидагина гаплашмасликларига ҳаракат қиларди”.

Бу ерда табиат муҳофазаси тўғрисида жуда кўп қизиқарли мулоҳазаларни эшитдик: булар орасида умид уйғотувчи фикрлардан бошлаб умидсизлик руҳида мулоҳазалар ҳам бор эди – “кашф қилиш асри, эксплуатация қилиш асрлари бўлган эди, энди эса муҳитни ҳимоя қилиш асрига келдик, яхшиси, қадаҳларни тўлдира қолайлик”, деган фикрлар айтилди.

Агар Катта Ёнғин мавзусига қайтадиган бўлсак, фалокатнинг миқёсларини Америкада яхши тушунишларини, ёнғинга қарши воситалар тайёрлаб қўйилгани (ёхуд тайёрланаётгани), ёнғин вақтида ўзини қандай тутиш аниқланаётганини сезиш қийин эмас. Ҳозирнинг ўзида ёнғинни ўчиришга муяссар бўлиндими? Бу саволга қайтарилган жавоблардан мисоллар келтирилди. Питсбург АҚШдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлардан бирига айланган экан. Ҳозир бу шаҳарнинг ҳавоси тоза. Уилламет (Орегон штати) илгарилари энг ифлос дарёлардан ҳисобланган бўлса, эндиликда бу дарёда чўмилишаяпти, балиқ тутишаяпти. Флоридада канал қурилиши тўхтатиб қўйилибди. Атлантика океанига олиб чиқадиган энг яқин йўл бўладиган бу каналдан баржаларда нефть ташиш мўлжалланаётган экан. Худди шу Флоридада аэропорт қурилиши тўхтатилибди. (Канал ва аэропорт маҳаллий ўт-ўланлар ва ҳайвонлар дунёсига катта зарар етказиши мумкин экан.) Калифорнияда майсазорлар устидан ўтказилмоқчи бўлган йўл қурилиши тўхтатилди. Йиртқич ҳайвонларнинг қолганларини сақлаб қолиш тўғрисида қонун қабул қилинди. Атрофни ифлослантириш юзасидан қўзғатилган бир неча суд жараёнларида ютиб чиқилди. Табиатни муҳофаза қилиш юзасидан кўп жойларда бўлган суҳбатларда айнан мазкур мисолларнинг келтирилиши америкаликлар бу муваффақиятлардан фахрланишларини кўрсатади. Масалага бошқа томондан ёндашиладиган бўлса, ҳали бу муваффақиятлар рамзий экани, жиддийроқ ютуқларга эришилмагани маълум бўлади.

Табиатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ қийинчиликлар ўз-ўзидан аён. Лекин хусусий мулкчилик, эркин бозор ҳукмронлик қилаётган мамлакатда бу қийинчиликлар янада ортади. Бизни меҳмоннавозлик билан кутиб олган одамлар билан бу тўғрисида кўп суҳбатлашдик. Лекин америка матбуотида бу муаммонинг муҳофазаси турфа хил мулоҳазалар билдиришга асос бўлди.

Американи ким ифлослантираяпти? Ким бунинг зарарини тўлайди ва тўлайдиган вақт келдими ўзи? – деган саволлар жуда кўп эҳтиросларга сабаб бўлмоқда. Зарарнинг эвази ҳозирданоқ тўлана бошлади. Ҳатто кўп нарсаларга хасислик қиладиган конгресс бу муаммоларни ҳал этишга пул ажратишнинг кечиктирилиши эртага яна кўпроқ сарфланишига олиб келишини тушунади. Шунинг учун ҳам президент атроф-муҳитни тозалаш ва тадқиқ этиш учун конгрессдан 12 миллиард доллар ажратишни сўраганда конгресс бу суммани икки баробарга оширди (камдан-кам учрайдиган ҳодиса): Бу пулларни қаердан олмоқ керак? Ҳисоб-китобларга қараганда, ҳар бир америкалик табиатни тоза сақлаш учун курашга у ёки бу шаклда йилига 65 доллар маблағ тўлар экан (ҳаво ва сув энг ифлос жойларда эса 200 доллар). Жуда кўпчилик муҳитнинг тозалиги учун қўшимча солиқ тўлашга ҳам рози. Кескин чора сифатида эса тозалаш ишларига сарфланадиган маблағ миқдорига қараб нарх-навони кўтариш (масалан, автомобиллар нархи 300-400 доллар ортиқроқ бўлиши) кўзда тутилади. Ҳаммага маълумки, бундай қилинганда ҳаражатларнинг юки миллионерларнинг елкасига тушмайди. Одам ва табиат ресурсларидан фойдаланиб чўнтакларини тобора қаппайтираётганлардан кўпроқ маблағ ундириш, фойдани тозалаш ишларига сарфланадиган ҳаражатларни ҳисобга олган ҳолда режалаштирмоқ керакка ўхшайди. Лекин бундай чўнтак эгаларига, табиийки, бу хилдаги ҳаражатлар мақбул эмас. “Муҳитнинг ифлосланишига қарши кураш корпорацияларнинг фаолиятида охирги ўринлардан бирини эгаллайди,” – деб ёзади “Ньюсуик” журнали.

Ижтимоий фикр, қонунчилик ва шахсий манфаат (баъзи жойларда сув ниҳоятда ифлосланиб кетганлиги туфайли, ундан саноат мақсадларида ҳам фойдаланиб бўлмай қолди, ҳавонинг ифлосланиши туфайли аҳолининг кўчиб кетиши кучайди) саноатчиларни мазкур масаланинг муҳокамасида қатнашишга ва қандайдир сарф-харажатларга боришга мажбур қилмоқда. (Улар ўзларининг ҳар бир ҳаракатларини табиийки, кўз-кўз қилишга, реклама орқали ҳаммага кўрсатишга интилишади.) Капиталистнинг иншоотларини тозалаш ёхуд ишлаб чиқариш технологиясини алмаштиришга мажбур қилишнинг ягона йўли атрофни ифлослантираётган ҳар бир кун учун 10 минг жарима солишдир. Бундай тадбирларнинг оқибатини ўйлаган баъзи фирмалар ғимирлаб қолишди. Натижада саноатнинг янги соҳаси – ҳаво ва сувни тозалайдиган турли мосламалар ишлаб чиқариш вужудга келди. Мамлакатда уч юзга яқин шундай корхоналар бор. Уларга солиқ тўловчилардан тушган маблағ асқотиб турибди. (Конгресс сув тозаловчи иншоотларни қуриш ишлари учун 10 миллион доллар ажратди.) Хусусий маблағ ажратиш масаласига келганда шуни айтиш керакки, тадбиркорлар муҳит муҳофазасига ўз фойдаларидан иложи борича озроқ қисмини ажратишга, жарималардан усталик билан қутулиб қолишга (табиатнинг ифлосланиши ҳақида нотўғри маълумот тарқатиш, Вашингтондаги таниш-билишлар, ифлосланишга қарши хўжакўрсинга қилинаётган тадбирлар ва шу сингарилар) ҳаракат қиладилар. Энг кўп тарқалган дўқ-пўписа йўли икки ўртада ишчиларнинг гаровга олинган одамлар ҳолатига тушиб қолишидир. “Жарима тўлашим керакми?.. У ҳолда мен ишчиларнинг ярмини ишдан ҳайдашим керак”. Гоҳида корхона бошлиқлари жарима тўғрисидаги қонун тазйиқи остида ишчиларга шикоят қилишади: “Сен балиқ ейишни хоҳлайсанми ёки ишлашни хоҳлайсанми? Қоғоз фабрикаси ёхуд нефтни ҳайдайдиган завод ишчиларининг аҳволи мушкуллашади. Албатта, нафасни бўғадиган ҳаво, чиқиндиларга тўлиб кетган дарё, заҳарланаётган моддий неъматлар уларни ташвишга солади, эртага аҳвол бундан ҳам ёмонлашишини ҳис этишади. Аммо бугун ишдан ажрашни ўзлари учун фожеа деб билишади.

Агар корхонани ёпиш ўзи учун қулайроқ туюлса, бошлиқ уни ёпишга ийманиб ўтирмайди (жиҳозлар эскирган, технологияни янгилаш зарурияти туғилганда). Бундай вазиятда жарима таҳдиди энг яхши баҳона бўлади. Лекин кўпинча пайсалга солиш тактикаси ишга тушади. “Тозалашга киришаяпмиз, лекин ҳозир қийинроқ аҳволдамиз, бироз вақт керак…” Кўпгина саноатчиларнинг ҳаво ва сувни тозалаш билан жиддий шуғулланиш тўғрисидаги ваъдалари шунчаки сафсата бўлиб чиқади. Улар атрофнинг ифлосланишига жамоатчилик шуғулланадиган, ўзларига алоқаси йўқ муаммодай қарашади” (Ньюсуик). Барча ҳолатларда ҳам фойда кўриш истаги муҳитни озода сақлашга қараганда устунроқ бўлиб чиқади. Бунинг характерли мисоли Калифорния яқинидаги сувларнинг нефть билан хатарли даражада қопланишидир. (Санта-Барбара тумани.) Нефть сувни заҳарлади, 130 километрлик соҳилни ифлослантирди. Бунинг айбдори “Юнион ойл” кампанияси. Бу ерлардан нефть қазишнинг хатарли оқибатлари маълуммиди? Ҳа, маълум эди. Маҳаллий аҳоли бундан ташвишлана бошлади. “Лекин, деб ёзади Мичиган университетининг профессори Жозеф Л. Сэкс, бу масалани ўрганиш юзасидан қилинган ҳар бир ҳаракат рад этилди ёхуд кулги остига олинди. Зеро, бу масала қудратлироқ кучлар томонидан аллақачон ҳал этиб қўйилганди. Бу ҳудудларнинг табиатига жуда катта зарар келтирилгандан кейин “Юнион ойл” миллионларча доллар турадиган жиҳозларни аввалдан тайёрлаб қўйганлиги туфайли ҳеч кимнинг сўзига қулоқ солишни истамаганлиги ошкор бўлди”. “Америкача дунёқараш шундан иборатки, бугун ҳар қандай йўл билан бўлса-да, бойисанг бас, эртага нима бўлса бўлаверсин”, – деб ёзади АҚШнинг кекса экологи Южин Одун бу вазиятни таҳлил этаркан.

 

Бу Америкага биринчи маротаба келган одамга катта муаммонинг кўринган қирралари. Эрта тонг. Стрельниковларнинг хонадонида нонушта қилиб ўтирибмиз. Эшикнинг орқасида худди бир қоп қумнинг ерга тушганига ўхшаш овозда бир нарса “тап” этиб тушди. Бу газета етказиб берувчининг “Нью-Йорк таймс” газетасининг якшанбада чиқадиган 400 саҳифалик сонини келтириб ерга қўйгандаги товуши экан. Газета ораларига турли-туман рекламалар жойлаштирилган: сиёсат, санъат, бўш вақтларда, молиявий ишлар ва бизнес, янгиликлар обзори, саёҳат ва туризм сингари бўлим-блоклардан иборат экан. Қизиқчилик учун тортиб кўриш маъносида Юлядан пружинали тарози сўрадим. Икки килограмму эллик грамм чиқди. Бундай газетани ўқиб чиқиш, лоақал синчиклаб варақлаш мумкинми? Албатта, йўқ. Лекин ноширлар ўқувчилардан бундай жасоратни кутиб ҳам ўтиришмайди. Газетанинг Стрельников шарифли обуначиси дўстининг кўз ўнгида унинг орасидан янгиликлар ва сиёсат бўлимларини ажратиб олди-да, қолганини чиқинди саватига ташлади. Бугун газетани олган бошқа ўқувчилар ҳам худди шундай қилишади. Биров “саёҳат” бўлимини, бошқаси эса “бўш вақтда” бўлимини ажратиб олади. Қолгани дарҳол чиқинди саватига улоқтирилади. Газетанинг бешдан тўрт қисми ўқилмасдан ташлаб юборилади. Бунинг оқибати қандай, нарироқда нималар ётибди? Қанчадан-қанча дарахтларнинг кесилгани, қоғоз фабрикасининг меҳнати, кимё саноатининг ишлари, табиий бойликларнинг талон-тарож қилингани, муҳитнинг ифлослангани, улкан таҳририят аппаратининг меҳнати, босмахона цехларидаги ишлар, газетани обуначиларга ўз вақтида етказиб бериш ташвишлари бекорга кетди. Буларнинг барчаси чиқинди саватчаларига улоқтирилди.

Яна бир мисол. Юлянинг илтимосига кўра, дўконга кириб, ҳажми ёнғоқдай нарсани сотиб олишимизга тўғри келди. Лекин бу нима ўзи? Бизга каттагина қутичани тутқазишди. Буюм юмшоқ реклама қоғозига ўралган экан, унинг ичидан картондан қилинган қоплама, кейин нарсаларни харид қилишга чақирадиган қоғоз, унинг ичида яна целлофанга обдон ўралган қутича. Қават-қават қутичаларга солинган буюм ялтироқ картонга маҳкамлаб қўйилган. Картонга эса ярим яланғоч қизнинг сурати туширилган. Буларнинг устига-устак, ипакдан қилинган боғичвоқда дўконнинг тамғаси бор. Сотиб олинган кичкинагина буюм шунча ялтироқ, рангли нарсага ўраб ташланган. Буларнинг ҳаммаси нима учун, деган савол туғилади. Буларнинг ҳаммаси рақиб устидан енгиб чиқиш, сен ҳақингда ғамхўрлик кўрсатилаётганини кўз-кўз қилиш, яна шу дўкондан нарса сотиб олишга даъват этиш учун қилинади. Чиқиндига ташланадиган қаватма-қават қоғозларга ўралган нарсанинг ўзи эса инсон усиз ҳам яшай оладиган буюм экан.

Биз харид қилаётган нарсани газетага ўраб бериш харидорга нисбатан идеал муносабат намунаси дейиш фикридан узоқмиз. Лекин ишлаб чиқарилаётган буюм ақл доирасида бўлмоғи керак. Бунинг акси бўлган ҳолатларнинг зарарли оқибатлари эндиликда ҳаммага аён бўлиб қолди. Америка исрофгарчиликка ҳаммадан ҳам кўра яхшироқ мисол бўла олади.

Сон-саноқсиз буюмлар ишлаб чиқарилади. Харидорларнинг ҳар бир талабини тезликда бажаришга ҳаракат қилинади. Бу ишда жуда кўпчилик: фан, техника, иқтисодиёт қатнашади, жамият ҳаётидаги бутун тизим – рассом, психолог, савдогар, молиячилар иштирок этади, ҳамма бу буюмдан иложи борича кўпроқ ишлаб чиқаришга, кўпроқ бойишга интилади. Харидорга сунъий равишда тиқиштириладиган нарсаларнинг сон-саноғига етиб бўлмайди. Ҳали чиқинди саватига отилган газетада электр тиш чўткаси реклама қилинган. Унда иккита фото берилган: фотоларнинг биринчисида оддий тиш чўткасига беписанд ва истеҳзо билан қараб турган қиз акс этган. Иккинчи суратда эса шу қизнинг яна ўзи электр чўтка туфайли оғир меҳнатдан қутулганлиги ғоят мамнун ва бахтиёр қиёфада намоён бўлади. Мана, телевидениеда қора мўйлабли йигит бамисоли сеҳрли таёқчани ушлагандай томошабинларга санчқини реклама қилмоқда. Бу оддий санчқи эмас, электр санчқи! Макарон ишқибозлари, хурсанд бўлаверинг, энди санчқини биттадан ботириб ўтирмайсиз, бу иш ҳам механизациялашди. Бундай ғалати нарсаларни кўплаб санаш мумкин. Мана уйга яқинлашаётган турли буюмлар, шу жумладан, учар ликопчалар ҳақида огоҳлантирувчи электрон асбоб ҳақидаги эълон. Мана, механик қурилмали матрас. Тугмачани босиб, уни ярим метрга кўтариш мумкин. Мана қўлда тўқилаётган буюмдаги ҳалқалар сонини ўлчайдиган машинка чиққанлиги тўғрисидаги диплом. Бутунлигича қайнатиб пиширилган тухумнинг пўстлоғини тозалаб берадиган автоматик қурилма. Бу нарсада бирёқламалик, ҳаддан ташқари чеккага чиқиб кетишлар борми? Ҳа, бор. Лекин буларнинг барчаси “истеъмол жамияти” учун характерли нарсалар. Бир қадам қўйиб бу доиранинг ўртароғига борсак ҳам шундай исрофгарчиликка дуч келамиз. Улуғворроқ нарсага, Американинг тимсолига айланиб қолган автомобилни олиб кўрайлик. “Автомобиль зеб-зийнат эмас, балки ҳаракат воситаси” деган шиор аллақачон ўзгариб кетди. Автомобиль исрофгарчилик, эътиборни ўзига қаратиш воситасига айланиб кетган – кузов узунлашди, чироқлари икки баробар кўпайди, машина юкхонаси устига қуш қанотларига ўхшаш нарсалар ўрнатилди, моторнинг кучи ошди, демакки, бензинни кўп ейдиган бўлди (350 от кучига эга бўлган машина бир-уч кишини олиб юради), автомобилнинг оғирлиги ортиб борди. Буларнинг ҳаммаси нима учун? Бу саволга Генри Форд-II нинг ўзи соддагина қилиб: “Кичик автомобиллар кам фойда келтиради” деб жавоб берди-қўйди. Мазкур жавоб “истеъмол бозори” жамияти тегирмонининг ишини тушунишда калитлик вазифасини бажаради. Ялтиллаб турган машинага кўпроқ фойда олиш эвазига олдиндан маълум бўлган чиқиндилар ёпиштириб қўйилган деса бўлади. Бунга қўшимча қилиб пухта ишланган, узоқ вақтга мўлжалланган машина ишдан чиқишига қараганда янги машина ишлаб чиқараётган конвейер тезроқ ҳаракатланишини айтиб ўтиш мумкин. “Тегирмон” буни ҳисобга олади, автомобиль тезроқ ишдан чиқадиган қилиб ишланади. Уч йил ўтгач, машина эгаси уни янгисига алмаштириш тўғрисида ўйлаши керак. Етти миллионлаб автомобиль йилига янги машиналарга ўрин бўшатиб бериш учун ахлатхонага ташланади.

Сотиш ва сотиб олиш мумкин бўлган ҳамма нарсага – машинадан бошлаб шарбатсиққич ва тиш чўткасигача шундай қилинади. “Сотиб олиш – демак, ишлашни давом эттириш, олға қараб юриш демакдир!”, – бу Америкада энг кенг тарқалган шиорлардан бири. Жуда кўп нарсалар одамларга хизмат қилиш учун эмас, ишлаб чиқариш, сотиш, унинг орқасида бойиш учунгина тайёрланади.

Табиий бойликларни узлуксиз ишлатавериш мумкинми ахир? Жавоб битта бўлиши мумкин, холос. Бу жараён узлуксиз давом этиши мумкин эмас. Мазкур таёқ – муаммонинг икки учи бор. Иккала учи ҳам исрофгарчиликка йўл қўйган одамнинг адабини беради. Бир томондан эндиликда табиий бойликларнинг чеки-чегараси борлигини ҳамма тушуниб қолди, иккинчи томондан Ер чиқиндилар тоғи ва ифлосланиб кетган дарёлар остида тинкаси қуриб инграмоқда.

Табиий бойликларнинг етишмаслиги билан бирга чиқиндилар масаласи Американинг энг муҳим муаммоларидан бири бўлиб қолди. “Маймунлар сайёраси” фантастик кинофильмида шундай манзара бор. Бир неча киши фазода минг йиллар мобайнидаги сарсон-саргардонликдан кейин номаълум сайёрага тушиб қолишади. Ҳаммаёқни чиқиндилар қоплаган! Шунда бирданига чиқиндилар орасидан аранг кўриниб турган қандайдир нарсага кўзлари тушади. Қоянинг учимикин бу? Йўқ! Космонавтлар бу Нью-Йоркдаги машҳур Озодлик ҳайкалининг калласи эканлигини таниб қолишади.

Фантастларнинг хаёллари ҳозирги ҳаётнинг конкрет манзараларидан озиқланган. Бутун Нью-Йорк чиқиндилар ичида нафас олишга қийналяпти. Бу аҳвол фақат Нью-Йоркдагина эмас: Америка шаҳарлари бўрсуқ уясига ўхшайди – барча шаҳарлар ҳам занглаб кетган автомобиллар ва турли-туман ташландиқ нарсалар билан тўлиб-тошиб кетган. Биз истеъмол қиладиган нарсалар қўлимизга пакет, қутича ва яшикчаларда тақдим этилади. Биз ташлаб юбориб чиқиндилар тоғини ташкил қиладиган нарсалар бевосита ишлатадиган нарсаларимиздан кўпроқдир. Мана шу ҳолат, ортиқча нарсаларнинг ишлаб чиқарилиши исрофгарчиликка, чиқиндиларнинг кўпайишига олиб келади. Бу америкалик Жон Стейнбекнинг мулоҳазаси. Мазкур мулоҳаза ўн тўрт йил илгари айтилган. Чиқиндилар масаласи ўшанда кузатувчан одамни салгина ташвишга солган эди. (Америка бўйлаб саёҳат қилган Стейнбек ўша пайтларда бир маротаба ишлатиладиган идишлардан – “балиғингни қовуриб олдингми, бас, товани денгизга улоқтир”дан ҳам таажжубга тушмаган эди.) Ўн тўрт йил эса тобора авж олаётган муаммо учун каттагина фурсат. (Шуни эслатиб ўтайликки, урушдан кейинги йигирма йилдан ортиқроқ вақт мобайнида Америка ўн маротаба ифлосланди!) Стейнбекни ўша пайтда эндигина ташвишга сола бошлаган нарса эндиликда чинакам ҳалокатга айланди. Етти миллион автомобиль чиқиндилар майдонига ташланмоқда! Бир йилдан кейин яна етти миллион… Агар илгарилари металлар пачоқланиб, эритиш учун олиб кетилган бўлса, эндиликда автомобилларнинг темири қайта ишланмаяпти, фойда келтирмасмиш. Бунинг ўрнига бошқа турдаги ортиқча нарсаларни, “қаттиқ чиқинди” деб юритиладиганларни қўшиб кўрайлик: йилига 20 миллиард шиша, 48 миллиард темир банка, 20 миллион тонна қоғоз, миллионлаб тонна пластик нарсаларни қўшиб кўрайлик. Чиқиндиларнинг умумий сони йилига икки фоизга ортмоқда. Кўрганимиздек, кинофантастчиларнинг гапларида жон бор экан-да…

Демак, муаммонинг томоқдан оладиган икки қўли бор: қаердан олмоқ ва қаерга яширмоқ керак? “Тегирмон” эса ҳамон айланишда давом этаяпти. Ҳамма ҳам уни таъминлаш, у ёқ-бу ёғига қараш учун бироз фурсатга тўхтатиш нари турсин, салгина секинлатишга ҳаддан ташқари қўрқади. Чорани қаердан топмоқ керак?

Эксплуатация ва муҳитнинг ифлосланиши сингари муҳим муаммоларнинг бир-бирига қоришиб кетиши кенг маънода олганда ер юзидаги ҳаётга, инсонлар ҳаётига таҳдид солмоқда. Бу фалокатнинг асосий сабабчиси “истеъмол жамияти” деб аталган капитализмдир. Лекин мана шу жойда масалага нуқта қўйиш уни ғоят енгиллаштириш бўлар эди. Ер юзининг қайси жойида бўлишидан қатъи назар, саноатнинг юксалиши табиатга зарар етказади. Бу ҳисоблашиш лозим бўлган реал ҳақиқат. Янглишиш, хато қилиш ғоят хатарли. Аҳволдан қутулишнинг энг доно йўли саноатни жойлаштириш, шаҳарларни режалаштиришда табиий қадриятлардан ақл-идрок билан фойдаланиш, бу хоҳ ўрмон, хоҳ сув, хоҳ она замин, хоҳ газ, хоҳ металл, хоҳ табиатнинг гўзал манзаралари бўлсин эҳтиёт қилиш, тежаш зарур. Мазкур муаммо эртага хотиржамроқ яшаш учун ҳозирги ҳузур-ҳаловат ва фойдадан воз кечишни талаб этади. Шундагина табиий бойликлар чиқиндилар тоғига айланиб кетмайди.

Қандай жамият бундай дастурга амал қилади? Америкаликлар ҳозир бу масала юзасидан кўп ўйлашаяпти, бош қотиришаяпти. Узоқроқни кўрадиган одамлар ҳозирдаёқ бу масалага фақат Ер юзида аҳоли сонининг тобора ортиб бораётгани, табиий бойликларнинг чекланганлиги нуқтаи назаридангина ёндошишмаяпти. Ҳақиқий ҳолат муаммонинг ижтимоий томонларини ҳам кўра билишга мажбур этади. “Ҳалол гапни айтадиган бўлсак, – деб ёзади таниқли биолог, – эркин корчалонлик ва инсон эҳтиёжларини узоқ вақтларгача бир-бирига уйғунлаштириб олиб бориш мумкин. Узоқ эволюция нуқтаи назаридан эркин корчалонлик табиатдан фойдаланишда калтабинлик ва кечириб бўлмас даражада ҳашамдорликка интилишдир”. Шу фикрнинг давоми мана бундай: “Агар биз бу масалани (олим ижтимоий тараққиёт қонунларини тушунишни кўзда тутади) тушунмасак ва етарли даражада тезкор ҳаракат қилмасак, ўзимиз бошқара олмайдиган ижтимоий ва иқтисодий тизим бизни улоқтириб ташлайди”. (Ж.Форрестер, “Жаҳон динамикалари”.)

Ёнғин вақтида одамлар ўзларини ҳар хил тутишади. Анқовлар бор – “булар асримизда етиб ортади”, ваҳимачилар бор – “булар башорат қилинган қиёмат бошланди”, деб жар солишади. Лекин қўлидан келганча, челаклаб бўлса ҳам, ёнғинни ўчиришга кўмаклашувчилар кўпроқ топилади. Американинг оддий одамлари кўкариб турган бир туп дарахтни қандай сақлаб қолишгани, эгаси кесиб ташламоқчи бўлган дарахтзорни сотиб олишгани, нефтга беланган қушларни ўсимлик мойи ва жўхори уни билан боқиб, ўлимдан сақлаб қолишгани тўғрисидаги таъсирли воқеаларни кўплаб келтириш мумкин. Газеталарда кечасилари оқава сувлари қандайдир дарёчага қуйиладиган қувурларни беркитиб кетган сирли одам тўғрисида кўплаб ёзишди. “Жиноятчи”ни ниҳоят топишди. У оқкўнгилли касалманд мўйсафид экан. Дарёчанинг тозалиги тўғрисида ғамхўрлик кўрсатиш унга зарурмиди? Лекин одамлар шундай яратилганки, гарчи ўша кунларни кўра олмасалар ҳам эртанги кун ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Америкада муайян муаммога жамоатчилик фикрини қаратиш мақсадида баъзан ғайриодатий чиқишлар қилинади, норозиликлар билдирилади. Бунга автомобилларни кўпчилик иштирокида дафн этиш, кесиб ташланган дарахтлар тўнкасида ўтириш, давлат идоралари эшиги олдига чиқиндиларни уйиб қўйиш сингари норозиликларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Таниқли киноактёр Марлон Брандо бу жараёнга ўзининг исёнкорона ҳаракати билан маълум таъсир кўрсатди. У тропик ўрмонларга яқин жойдан инсон қадами етмаган, жажжи оролчани сотиб олди. “Мен жуда оз энергия ишлатиб, ҳозирги замон қулайликларини назар-писанд қилмай ҳам яшаш мумкинлигини исботламоқчиман. Биз нефть монополиялари, бензин, пўлат ва автомобиль бирлашмаларисиз ҳам яшай оламиз. Бизнинг ҳисобимиздан техникаси ривожланган ҳозирги жамиятнинг қонини қандайдир текинхўрлар сўриб ётишига йўл қўймаймиз”. Топиб айтилган. Лекин тропик жойлардан орол сотиб олишга ҳамманинг ҳам қудрати етавермайди-ку? Фалокатдан қутқариб қолувчи бундай оролчаларнинг ўзи қаерда?

Яшаш учун соғлом муҳитни фақат одамларнинг кучларини бирлаштириш орқалигина яратиш мумкин. Бундай ҳаракатнинг белгилари кўриняпти. Яшайдиган муҳитнинг тозалигини талаб қилаётган митинглар, намойишлар одатий воқеага айланган. Табиийки, ҳар бир давр бошқаларни қутқариш учун ёнғин вақтида ўзини алангага урадиган қаҳрамонларни яратади. Бундай одамлар Америкада бор. Шулардан бири тўғрисида ҳикоя қилишга уриниб кўрамиз.

ВИЖДОН ОВОЗИ

Эри кўлидаги Путенбей оролида майсазордан кетаётганимизда ўлиб ётган иккита қушга кўзимиз тушди. Қушлар ўлимининг сабабини фаҳмлаб турган бўлсак-да, ёнимиздан ўтиб кетаётган одамдан: – бунинг сабаби нима бўлдийкин? – деб сўрадик.

У қушларга синчиклаб қаради, сўнг кўзини биздан яшириб, хўрсиниб қўйди-да, бор-йўғи бир гап айтди:

– Жаноблар, бу нарса Карсон хоним ҳақ бўлиб чиққанини кўрсатади.

Ёнимиздаги одам биз Карсон хонимни билишимизга, бу қушларнинг ўлиб ётиши билан аёл фамилияси ўртасидаги боғлиқликни тушунишимизга қатъий ишонч билан гапирди. Биз ҳақиқатан уни билардик.

Биз Карсон хоним оламдан ўтганини ҳам билардик. Бу аёл бир неча кун мобайнида бутун мамлакатни жунбушга келтирганини эшитгандик. Баъзилар уни ўта даражада эҳтиром этишса, бошқаларнинг уни кўргани кўзи йўқ эди. Унинг номи тез фурсатда Америкадан ташқарида ҳам машҳур бўлиб кетди. Ҳамма жойда уни билганлар икки гуруҳга бўлинарди. “Карсон хоним ҳақ” деб шунчаки айтилган гап ўн йиллардан бери олиб борилаётган баҳснинг оддий давомигина эмас, балки, шунингдек, одамларга жуда муҳим гапни айтган одамга эҳтиромни ҳам англатарди.

 

Рейчл Карсон тўғрисидаги ҳикояни 1948 йилда Нобель мукофоти билан тақдирланган бир кашфиёт ҳақидаги гапдан бошламоқ жоиз. Урушдан олдин немис Цейдлер томонидан синтезлаштирилган ва изоҳланган модда устида иш олиб бораётган швейцариялик Пауль Мюллер бу модданинг жуда оз миқдори ҳам ҳашаротларни қириб ташлашини аниқлади. Ҳашаротларга мазкур модда таъсирининг механизми ишлаб чиқилди. Фармацевтик фирма томонидан синаб кўриш учун чиқарилган мазкур модданинг маълум партиясини АҚШга жўнатишади. У ердан қувончли хабар келади. Фавқулодда ажойиб модда ҳашаротларга кучли таъсир этиши хабар этилади.

Уруш кетаётганди, ҳашаротлардан айниқса бит, пашша, чивинлар эпидемияни тарқатувчи сифатида инсониятга хавф солаётганди. Модда кукунлари ўзига белгиланган вазифани аъло даражада бажарганди. Аскарларнинг ички кийимлари шу модда солинган сувларда ювилган, яна у девор оқланадиган оҳакларга қўшилган, ботқоқлик ва ахлатхоналарга солинган. Урушнинг охирига борганда бу модда шу қадар катта хизмат кўрсатдики, натижада уни “аср ихтироси” деб атай бошладилар. Кейинроқ ундан маданий ўсимликларга қирон келтирадиган ҳашаротларга қарши курашда фойдаланиб кўрилди. Яна кутилганидан аълороқ натижага эришилди – далаларда бирорта зараркунанда ҳашарот қолмади. Модда унчалик қиммат эмасди, кимёвий моддалар ишлаб чиқарадиган фирмалар юзлаб тонна бундай маҳсулотни тайёрлай бошлашди. Мўъжизакор модда бутун дунё бўйлаб тарқалди. Бундай дори кукунлари ошхоналарнинг пештахталаридан жой олди, далалар ва кўлларга сочилди. “Дуст” деб аталган бу модда безгакка қарши курашда қўл келди, ғаллакор, боғбон, санитарларнинг асосий ёрдамчисига айланди, қўшиқларда тилга олиниб, машҳур бўлиб кетди. Нобель мукофоти билан тақдирланиши уни инсоният томонидан яратилган энг муҳим кашфиётлар қаторига қўшди.

Модданинг аниқ номини бирорта тилда айтиб бўлмайди – дихлордифенилтрихлорметилметен. Лекин унинг қисқартирилган номи “ДДТ”ни ҳамма билади. Бугунги кунда бу “кимёвий мўъжиза”нинг маккорона характери барчага маълум бўлиб қолди, уй бекалари “ДДТ” кукунларини ишлатмай қўйишди, бутун-бутун мамлакатларда, жуда катта қишлоқ хўжалик майдонларида ундан фойдаланиш таъқиқланади, муҳитни ҳимоя қилиш бўйича Стокгольмда ўтказилган Жаҳон Конгрессида унга қарши ҳукм ўқилди…

Наҳотки, бирор кимса “ДДТ” пайдо бўлган дастлабки йилларда унинг зарарли оқибатларини олдиндан кўра олмади? Эндиликда уларни эслашмоқда. Бундай одамлар кўпчилик эмасди, лекин бор эди. Мичиган университетининг зоологи Ж.Уоллес ўшанда шундай ёзганди: “Яқин ўн йилликлар ичида ҳашаротлар оламига замин тарихида мисли кўрилмаган даражада қирон келишини кўрамиз. Кимёвий заҳарлар ўрмонларни кесишдан, тартибсиз ов қилишдан, қурғоқчиликдан, муҳитнинг саноат чиқиндилари билан ифлосланишидан ёмонроқдир”. Лекин бу “академик башорат”ни ҳеч ким эшитишни хоҳламасди. “ДДТ”нинг кўриниб турган афзалликлари қаршисида ҳамма унга сажда қилишга, унинг атрофида қувончдан рақс тушишга тайёр эдилар.

Жуда кўп сабабларга кўра янги модда Америкада машҳур бўлиб кетди. Кимё хўжаликларини ҳаракатга айлантирувчи етакчи кучга айланди. Янги модда фақат ҳашаротларни йўқотишдагина эмас, шунингдек, маданий экин майдонларидаги ёввойи ўт-ўланларга қарши курашда, ўсимлик ва дарахтлардаги касалликларга қарши курашда ҳам қўлланила бошлади. Ўрмон хўжаликлари ва фермерлар, уйлар ва боғларга банкачаларда, бочкаларда, қоп, бидон ва цистерналарда келтириладиган бўлди бу модда. Қанча кўп ишлатсанг шунча яхши деган ақида ҳам пайдо бўлган эди, одамларда. Бу модда самолётларда сочилди, ёмғир бўлиб экинзорларга ёғилди. Уни реклама қилувчи ташвиқотларнинг кети узилмасди. Шунда тўсатдан ташвишли овоз янгради.

Анвойи ноз-неъматларга тўла дастурхон безатилган зиёфат вақтида кимдир ўрнидан тўсатдан туриб қатъий ишонч билан овқатлар заҳарланган дейишини тасаввур қилиб кўринг. Бундай пайтда бўладиган қий-чув, саросима, таажжубни тасаввур этиш мумкин эмас. Рейчл Карсоннинг 1962 йилнинг кузида жаранглаган овозидан кейин Америкада худди шундай ҳолат рўй берди.

 

Бу аёл ким эди ўзи? Рейчл Карсоннинг таржимаи ҳоли энг майда тафсилотларигача синчиклаб ўрганилган. Буни фақат қизиқувчанликлари туфайлигина эмас, балки Америкада анча кенг тарқалган сабаблар асосида, яъни бизга таҳдид солаётган бу одамнинг номини булғашга асос берадиган бирор баҳона топилармикин деган ниятда батафсил текширилганди. Лекин унинг таржимаи ҳолидан бундай қилишга асос берадиган бирор илгак топиша олмади. Унинг ҳаётида кўзга ярқ этиб ташланадиган ҳодисалар юз бермаган бўлса-да, ниҳоятда покиза ва мазмунли умр кечириб келаётганди.

Рейчл Карсон 1907 йилда Пенсильванияда туғилган. Болалигида ёзувчи бўлишни орзу қилган. Лекин табиатга бўлган чексиз меҳр уни биология фанига бошлаб келди, коллеж, университетда ўқиди. Кейин университетда дарс берди. Бир неча докторлик даражасини олишга муваффақ бўлди. Табиатни муҳофаза қилиш идораларида хизмат қилди. Вашингтонда камтарона, худди таркидунё қилган одамлардай оддийгина ҳаёт кечирди – кундузлари иш билан банд бўлди, кечқурунлари бадиий ижод билан шуғулланди. Карсон “Американинг энг яхши ёзувчиларидан бири” сифатида эътироф этилди. “Шеърият билан фанни уйғунлаштира олди”. Бу унинг китобларига танқидчилик берган баҳо эди.

1951 йилда босилиб чиққан “Атрофимиздаги денгиз” асари унинг номини машҳур қилиб юборди, тез фурсатда дунёнинг 33 тилига таржима қилинди. Танқидчилар ва китобхонларнинг бу асар тўғрисидаги юқори баҳоларига у фавқулодда камтарона жавоб қайтарарди: “Ахир денгиз тўғрисида шоирона ёзмаслик мумкинми?” Рейчл Карсон ёзаётган асарининг ҳар бир мисрасига ўта талабчанлик билан ёндошар, “ғоят секинлик билан қийналиб, баъзида кечалари ёзарди”. У турмушга чиқмаганди – “бунга вақти етишмаганди”. Лекин узоқ қариндошининг онаси вафот этганда болани ўз тарбиясига олди.

Рейчл Карсон табиатни юракдан ва жўшқинлик билан яхши кўрарди. Бошқаларнинг эътиборидан четда қолган нарсаларга ҳам унинг ақли ва шуури етарди. Айниқса, денгиз ва қушларга қаттиқ меҳр қўйганди. Баҳор пайтларида тонг отмасидан анча олдин туриб эски автомобилида Вашингтон атрофларига чиқиб кетар ва қушларнинг учишини кузатарди.

“ДДТ” тўғрисида Рейчл Карсон уруш вақтидаёқ эшитган эди ва Уоллеснинг ташвишига тамомила қўшиларди. Ёнғиннинг қўланса тутунини кимёвий модда кенг қўлланаётган пайтлардаёқ ҳис этди. Аёл табиат ҳаракатининг механизмини, уни барча занжирларининг ишини яхши биларди, шу боисдан ҳам ҳали деярли ҳеч ким пайқамаган хавф-хатарларни пайқай оларди. Турфа хил фактлар – балиқларга ўлат келиши, йирик ҳайвонларнинг қирилиши, илгари янги кимёвий моддадан ўлиб кетган жойларда ҳашаротларнинг янгидан пайдо бўлиши сингари ҳодисалар жам бўлган ҳолда унинг кўз ўнгида босиб келаётган хавф-хатарнинг манзарасини яратди. Худди шу даврда Рейчл Карсон табиат эволюцияси тўғрисидаги китоби устида ишлаётганди. Бу китобнинг бир боби тўқималар ҳаётига кимёвий моддаларнинг кириб келишига бағишланган эди. Лекин бу боб учун тўпланган ҳужжатлар папкаси ҳар бир почта келганда тобора қаппайиб борарди. Ёзувчи тез орада аввалги режаларини тўхтатиб туриши, Американинг турли бурчакларидан унинг номига ёғилиб келаётган материалларни мушоҳада ва таҳлил этиши лозимлигини тушунди. Бир мақсадга йўналтирилган материалларни йиғишга тушди. Турли лабораторияларда жуда кўп одамлар билан суҳбатлар олиб борди, қатор мамлакатларнинг олимлари билан мактублар алмашди. Кимёвий моддаларнинг қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликларида, тиббиёт ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш соҳаларида ишлатилиши натижасида келиб чиқадиган зарарли оқибатларини кўрсатадиган ташвишли ҳолатларни тафаккур этиш, қунт билан таҳлил этиш бошланди.

Китобнинг асосий мақсади, услуби ва кимларга мўлжаллангани маълум бўлди. Оммабоп бу китоб “Сокин баҳор” деб аталди. Асар устида иш олиб бораётган ҳар бир ой, почтачининг ҳар бир келиши, табиат қўйнига ҳар бир сафарга чиқиш муаллифни иложи борича асарни тезроқ тугатишга ундарди. Лекин китоб устидаги иш тўрт йилга чўзилиб кетди. Янги-янги материалларнинг оқиб келиши, уларни чуқур таҳлил этиш тайёр бобларни ҳам янгидан ёзишга, уларга қўшимчалар ва тузатишлар киритишга мажбур қиларди. Асар устидаги иш яримлаб қолганда Рейчл Карсон саратон касалига мубтало бўлганлигини билиб қолди, бу китоб ўзининг охирги асари ва бутун ҳаётининг мазмуни бўлишини фаҳмлади. Янада қатъиятлироқ ишлаш лозимлигини тушунди.

1962 йилнинг 27 сентябрида “Сокин баҳор” дунё юзини кўрди. Бу портлаш билан тенг ҳодиса эди. Бутун Америка тарихида бирорта бир асар бу китобчалик кучли эҳтиросларга сабаб бўлмаган эди. Китобнинг биринчисидан бошлаб барча қайта тиражлари яшин тезлигида сотилиб кетди. Дастлабки икки ҳафта ичидаёқ 70 газета ва 35 журналда китоб тўғрисида тақризлар босилиб чиқди. “Айблаш акти”, “Ғазаб ва маъюслик билан тўла бестселлер”, “Кимёга қарши салиб юриши” – ўша кунлари китоб тўғрисида чиққан мақолаларнинг характерли номларидан эди.

Китобни президент Кеннеди шошилинч суръатда ўқиб чиқди. Китоб тўғрисида ҳукумат аппаратининг барча звеноларида, илмий марказларда ва ҳар бир уйда баҳслашишарди. Дарҳол икки фронт пайдо бўлди. Қишлоқ хўжалиги вазирлигидаги мансабдор шахслар, фермерлар, кимё концернларига хизмат қилувчи олимлар ва табиийки, кимёвий концернларнинг ўзлари бир томонга ўтдилар. Иккинчи томонда эса содир бўлаётган ҳодисалардан безовта барча одамлар тўпланганди, зеро, гап ниҳоятда жиддий нарсалар тўғрисида кетаётганди.

Мазкур китоб ўзларининг савдо манфаатларига зид келувчилар томонидан тўпга тутилди. Лекин айниқса, кимё корпорациялари ва агробизнес ходимлари жазавага келишди. Китобнинг кейинги нашрларини тўхтатишга ҳаракатлар кучайди. Бунинг уддасидан чиқиша олмаган пайтларда эса китоб ва унинг авторини обрўсизлантириш учун барча чораларни кўришди. Кимё корпорацияларининг хизматида бўлган олимларга китобни бошидан-охиригача синчиклаб ўрганиш ва ундан хатолар топиш топширилди. Номаълум кишилар муаллифга қўнғироқ қилишиб, жазолаш тўғрисида таҳдид қилишарди. Матбуотдаги тазйиқлар ва тўхтовсиз қўнғироқлар туфайли телефон рақамини ўзгартиришга мажбур бўлинди. Тазйиқ қилувчиларнинг аксарияти номаълумлигича қолиб кетди. Лекин кейинроқ кўрилган “Ральф Нейдер иши” туфайли бизнес компанияларининг ўз танқидчиларини обрўсизлантиришнинг қандай усулларидан фойдаланганликлари маълум бўлди. “Женерал моторс” автомобил фирмасининг хўжайинлари Америкада машҳур бўлиб кетган “Исталган тезликда ҳам хатарли” китобини ёзган ёш адвокатни яширин равишда таъқибга олишди. Таъқибнинг мақсади таъқибчини бир амаллаб қопқонга илинтириш. Бу иш қудратли фирманинг шармандаларча муваффақиятсизлиги билан тугаганлигидан оддий америкаликлар ниҳоятда хурсанд бўлишди. Таъқиб ошкор бўлиб қолди. Ральф Найдер судга мурожаат этиб, шахсий ҳаётига аралашишаётганини маълум қилди. Сири ошкор бўлиб қолган “Женерал моторс” фақат ишлаб чиқаришни ўзгартиришга мажбур бўлиб қолмасдан даъвогарга 250.000 доллар “зарар келтиргани учун жарима” тўлашга мажбур бўлди.

Ральф Нейдердан фарқли ўлароқ, Рейчл Карсон матонатли курашчи эмасди. Унинг китоби ҳам фош этувчи ҳужжат эмас. Мазкур асар бостириб келаётган хатар тўғрисидаги илмий-фалсафий асар эди. Ёзувчи қандай ишга қўл ураётганини яхши биларди, лекин китобга бу қадар катта эътибор берилишини билмасди. Китобнинг пайдо бўлиши тасодифан кенг ташвиқот қилинган, аммо унчалик текширилмаган тинчлантирувчи хапдори ичганликлари туфайли оналарнинг мажруҳ чақалоқлар туғишаётган вақтига тўғри келди. Шу вақтгача изоҳланмаган жуда кўп нарсалар, ташвишли ҳодисалар ёдга тушди. Кўпчилик огоҳлантириш ўз вақтида бўлганлигини ҳис этди. Айни ана шу нарса “кимёвий фронт”ни ташвишга соларди.

Карсон китобга ҳар томондан уюштирилаётган таъқибларга эътибор бермади, воқеаларни ўз оқимига ташлаб қўйди. Баҳслашиб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ эди. Ҳужумларга қарши жавоб китобнинг ўзида айтиб қўйилганди. “Мен кимёвий моддаларни ҳашаротларга қарши ишлатишга бутунлай қарши эмасман. Мен фақат заҳарли ва биологик нуқтаи назардан кучли кимёвий моддалар бу нарсаларнинг хатарли оқибатларидан тамомила бехабар одамлар қўлига топшириб қўйилганига қаршиман. Биз жуда кўп одамларни уларнинг ҳеч қандай розилигисиз ва аксарият ҳолатларда уларга билинтирмасдан бу ишларга жалб этдик. Мен ҳатто бу кимёвий моддаларнинг тупроққа, сувга, ёввойи ҳайвонлар ва одамларнинг ўзларига қандай таъсир ўтказишини текшириб ўтирмасдан ишлата бошлаганимизни айтиб ўтмоқчиман, холос”. Лекин ҳаммаёқни кимёлаштиришдан манфаатдор кучлар томонидан ёлланган “Сокин баҳор”нинг мухолифлари китобдаги бу жойларни кўрмасликка ҳаракат қилдилар. Китоб муаллифини ҳиссиётга берилиб кетганликда, биртомонламаликда, бу ишларнинг моҳиятини яхши тушунмасликда, “оммани қўрқитиб қўйиш”га ҳаракат қилаётганликда айбладилар. Уларнинг фикрича, ўткир журналистик қалам илмий босиқликни босиб кетган эмиш. Карсон кимё фанининг ютуқларини кўра олмасликда, унинг ютуқ ва камчиликларига одилона баҳо бера олмасликда айбланди. “У безгакни қайтадан тирилтирмоқчи, қаёқдаги бургутлар, қораялоқ ва чумчуқсимон қушларни деб еримизни ғалласиз қолдирмоқчи”.

Мазкур китобга бундан юз йил муқаддам Дарвиннинг “Турларнинг пайдо бўлиши” асарига қилинган даҳшатли ҳужум уюштирилди. Ўша вақтда Дарвин асари тўғрисида шундай сўзлар ёзилганди: “Илмий хато. Китоб фактик жиҳатдан нотўғри, методига кўра ноилмий, тамойилларига кўра зарарли”. “Сокин баҳор” тўғрисида ҳам тахминан шундай гаплар айтилди. Бундай ҳужум бошқа ҳар қандай асарни тилка-пора қилиб юборган бўларди. “Сокин баҳор” эса барча ҳужумларга бардош берди. Шошилинч равишда бу асарга тамомила тескари китоблар ёзилди, улар фақат нашриётлар томонидангина рағбатлантирилмади. Унга қарши яратилган бирорта асар эҳтирос билан ёзилганлиги, ишонтириш кучи, ажойиб бадиий услуби жиҳатидан мазкур китобга тенг келолмасди. Бирёқламалик, кимёнинг хизматлари ва камчиликлари тўғрисидаги фикрларга ҳам китобда жавоб бор. Улар тўғрисида ҳар куни маърузаларда, маълумотномаларда, ташвиқот рисолаларида, чиройли ёрлиқларда жуда кўп ёзилмоқда. “Одамлар билмайдиган нарсалар тўғрисидагина таъсирчанроқ услубда ёзмоқ керак эди”. Бунга нимани қўшимча қилиш мумкин. Ҳақиқат ҳаммавақт ҳам ўрталикда бўлади. Лекин уни шу жойда қолдириш учун кўпинча чеккароқдан ўрин олиш зарур бўлади. Карсон позицияси худди шу мулоҳазалардан келиб чиққанди. Бу ишдаги барча ижобий ва салбий томонларни ҳисобга олган ҳолда кимёлаштиришнинг хатарли томонларига урғу бермаслик мумкин эмасди. Шу туфайли кеманинг нариги бортига ўтиб олган ҳолда эҳтиросли овоз билан мудраётган ёхуд уйқудаги одамларни ҳаяжонли овоз билан уйғотиш, бу хавфли ўйинни бошлаган одамларни жавобгарликни ҳис қилишга даъват этиш лозим эди. Рейчл Карсон ўз мақсадига эришган эди. Унинг китоби эса Американинг мумтоз асарларидан бири бўлиб қолди.

Фрэнк Грэм “Сокин баҳор”дан кейин” номли тадқиқотида: “Бу асар қисман унга қилинган ҳужумларнинг ғайриилмийлиги ва олимларнинг қўллаб-қувватлашлари туфайли ҳам мазкур асар машҳур бўлиб кетди”, деб ёзди. Лекин энг асосийси, албатта, реал ҳаётга эътиборни тортганлигидир. Улардан кўз юмиш мумкин эмасди. Ўтаётган ҳар бир кун Карсоннинг ҳақлигини кўрсатарди. Бу фақат Америкада эмас. Китоб дарҳол жуда кўп мамлакатларда босилиб чиқди, Сенадаги балиқлар, Ярославлдаги кийиклар, Шотландиядаги какликларнинг қирилиб кетишига нималар сабабчи эканлигини маълум қилди, тиббиётда антибиотикларга ҳаддан ташқари қизиқишнинг хатарли оқибатларини, ўрмонлардаги сукунат тобора кучайиб бораётганлигининг сабабларини кўрсатиб берди.

 

Рейчл Карсон китоби эълон қилингандан кейин икки йилдан озроқ яшади. 1964 йилнинг 15 апрелида уни дафн этишди. Лекин китоби туфайли бошланган жаҳоний баҳснигина эмас, ҳақлигини эътироф этишаётганлигини ҳам ҳаётлигида била олди. Сенаторлар китобнинг интиҳосигача ўқиб чиқишди. Улардан бири Жон Линдсей конгрессга мактуб йўллаб, китобдан парчалар келтирди. “Мен ўша мактубга бутун китобни кирита олганимда жуда хурсанд бўлардим”, – деб ёзади у Карсонга йўллаган хатида. Президент Кеннеди “Сокин баҳор”ни ўқиб чиқиши биланоқ ҳукумат комиссиясини тузди. Комиссия кимёнинг хизматларини эътироф этган ҳолда кўр-кўрона, назоратсиз ва пухта ўрганмасдан туриб ҳаммаёқни кимёлаштириш хатарли оқибатларга олиб келишини таъкидлади.

“Крисчен сайенс монитор” номли эътиборли газета 1963 йилнинг 15 майида “Рейчл Карсон ғалаба қозонди!” мақоласида ҳосил бўлган вазиятни таҳлил қилди. “Бу китобни мазкур асар ердаги бутун ҳаётнинг қабри тепасига ёзиладиган эсдалик ёзувига айланишини истамаган ҳар бир америкалик ўқиб чиқмоғи керак, – деб ёзади антрополог Лорен Айсли. АҚШ конгрессида “пестицидлар ишини ўрганадиган махсус комиссия тузилди”. “Бош айбловчи” Рейчл Карсон конгрессда махсус маъруза билан чиқишини илтимос қилишди. Сенаторлардан бири баҳсга якун ясаб “ғоят синчковлик ва сабр-тоқат билан ўрганилиши зарур бўлган муҳим муаммо кун тартибида турганлигини таъкидлади. Бошқа сенатор эса ёзувчига таъзим қилиб: “Бутун мамлакат сизнинг олдингизда бурчлидир”, – деди. Бу фикрнинг географиясини кенгайтириб шундай дейиш мумкин: Рейчл Карсон бутун ер юзидаги ҳурмат ва олқишга сазовор кишилар тоифасига киради. Бонг уриш билан ёнғин ўз-ўзидан ўчиб қолмайди. Бунинг учун одамларни уйғотмоқ керак. Карсон шу ишни амалга оширди.

 

Вашингтондан қирқ километр чеккароқда ёввойи табиатни ўрганувчи машҳур Патеусент тадқиқот маркази жойлашган. Чор атроф металл тўсиқлар билан ўралган. Оғир ва маҳобатли металл дарвоза. Бронза лавҳада қуйма ҳарфлар билан манзилнинг номи ёзилган. Бу ерда ёввойи табиатни кимёвий ҳужумдан асраб қолиш йўллари қидирилади.

Биз бу ерга пешинда етиб келдик. Қурилишлар олдидаги майсазорда ёввойи ғозлар ўтлаб юришарди, ҳовузда эса яна қандайдир қушлар сувни шапиллатиб ўйнашарди. Биз билан доктор Люси Стикл суҳбатлашмоқчи бўлганини эшитиб ўзимизни бироз йўқотиб қўйдик. У – йирик олим. Олимнинг бу ерда, Патуксентеда олиб бораётган тажрибаларини бутун дунёда диққат билан кузатиб боришади. Ўтказилаётган тажрибалар ниҳоятда муҳимдир, бу тажрибаларни ҳафсала билан олиб боришади. Бунинг устига мазкур марказ ўз соҳасидаги ягона илмий жамоа ҳисобланади. Доктор Стикл “Сокин баҳор” пайдо бўлган вақтдан бери талантли ва ғоят синчков тадқиқотчи сифатида катта нуфузга эга. Стикл Америкада ҳаммага таниқли, ҳурматли аёл ҳисобланади, қатор мукофотлар билан тақдирланган. Вашингтонлик ёш биологлардан бири у тўғрисида шундай деганди: “Карсон боланинг хасталигини ҳис этган она эди. Стикл эса беморни таҳлил этаётган ва уни тузатадиган дори қидираётган талантли доктордир”.

Стикл хонимни тинчгина хонада қандайдир жадваллар устида иш олиб бораётган вақтида учратдик. Икки соатлик хотиржам суҳбат бу аёл олималик талантидан ташқари инсонийлиги ҳам ниҳоятда юқорилигини кўрсатди. У билан суҳбатлашиш ниҳоятда ёқимлидир. Сўзингизни эътибор билан эшитади. Масаланинг моҳиятини тўла англаб етмагунча жавоб беришга шошилмайди. Етти ўлчаб бир кесади, ҳар бир сўзни ўйлаб гапиради. Мулоҳазаларида ишонч, киноя, юмор зуҳур этиб туради, фикрлар ниҳоятда ўйланган, сўзлар лўнда-лўнда. Карсоннинг китоби тўғрисида у шундай деди: “Ҳа, бу ҳаммамизни уйқудан уйғотган бонг эди… Лекин ёввойи табиат масаласига келадиган бўлсак, аҳвол у ўйлагандан кўра ташвишлироқ. Бизнинг қаршимизда лаънати деб аталадиган муаммолардан бири турибди”.

Суҳбатдошимиз Америкадаги кимё ва табиат ўзаро муносабатлари ҳозирги ҳолатининг манзарасини чизиб берди. “Ҳозирча хурсанд бўлишнинг ўрни эмас. “Сокин баҳор” чиққан йили кимёвий корхоналар 300 миллион доллар фойда олишган. Ҳозирги вақтда эса бу рақам миллиардни ташкил этади. Бу нимани англатишини тушунтириб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак”.

– Доктор Стикл агроном Берлоугнинг позициясига қандай қарайди? (Савол Нобель мукофоти лауреати агроном Норман Э.Берлоугнинг БМТдаги маълум маърузасини кўзда тутарди) деган саволимизга шундай жавоб берди:

– Берлоуг ўз ишини бажаряпти. Бажарганда ҳам яхши бажаряпти. Лекин у пестицидлар ишлатилишини тақиқлаш ўз ишига зарар етказишдан қўрқади. У “бутун дунё нони” ҳақида гапирар экан, бошқа барча нарсаларга совуққонлик билан чизиқ тортиб юборади. Одамларга фақат нонгина қолдирилади. Нондан бошқа ҳамма нарса адойи тамом бўлса ҳаёт қандай кечади? Соғлиқ, капалакларнинг дераза орқасида париллаб учиб юриши, қушлар нима бўлади… Йўқ! Нон учун ҳам, буларни сақлаб қолиш учун ҳам курашмоқ даркор. Акс ҳолда, биз қорни тўқ, аммо хурсандчилик кўчасидан ўтмайдиган подага айланиб қоламиз.

Патуксентеда олиб борилаётган ишлар тўғрисида шундай дейишди: “Биз заҳарли моддаларнинг тирик организмда тўхтаб қолиши ва йиғилишини йиртқич ҳайвонларда синаб кўрамиз, организм чидаши мумкин бўлган заҳарнинг чегараси ва миқдорини аниқлаймиз. Ҳа, уларга кимёвий моддалар қўшилган овқат берамиз. Айниқса, заҳар таъсир қилишининг механизмини аниқлаш муҳимдир. Ҳозирнинг ўзидаёқ шу нарса маълум бўлиб қолди: табиатдаги қушлар икки сабабга кўра камайиб бормоқда. Биринчи сабаб заҳарлар бўлса, иккинчи сабаби уларда насл қолдириш қобилиятининг йўқолганидир”.

“ДДТ”нинг таъсир механизми бу ерда, Патуксентеда беданаларда синаб кўрилди. Қушларни заҳарланган ғалла билан боқишади. Кимёвий модда қушнинг ёғ тўқималарида йиғиларди. Кўринишидан беданалар унчалик зарар кўрмайдиганга ўхшаб кўринарди. Лекин уларни оч қолдиришгач (бу қушлар ҳаётида табиатда тез-тез учраб турадиган ҳодиса) навбат қуш организмидаги ёғ ва унинг таркибига кириб кетган ДДТга келди. Натижада қушларнинг асаб тизими шикастланди: уларнинг ўз мувозанатларини сақлашлари, мўлжалга олишлари ўзгарди, нарсаларга муносабатлари ҳам ўзгариб қолди. Далаларда қушларнинг кўплаб ўлиб ётишларининг сабаби шу йўл билан аниқланди.

Қушларнинг қайта ишлаб чиқариш механизмидаги бундай муваффақиятсизликларни қушшунос – орнитологлар анча илгари сезишганди. Жуда кўп уяларда (асосан бургут, қирғий, лочин, балиқхўр, сақоқуш уяларида) тухум ичидан қушчалар ё бутунлай чиқмас, ё тухумнинг ўзи бўлмасди, ё бўлмаса тухум бутунлай эзиб ташланган чиқарди. Тадқиқотчилар бунинг сабабини нимадан эканлигини аниқлашди. Биринчиси, тухум таркибида “ДДТ”нинг бўлиши, иккинчиси эса тухумларнинг қобиғи шу қадар нозик ва юпқа бўлганки, “баъзида паст учаётган самолётларнинг товушидан ҳам синиб кетган”. Гоҳида эса уларнинг тухуми юмшоққина, қобиқсиз бўлган… Орнитологлар тухумларнинг қобиғини эллик йилдан бери ўлчаб келишар экан. Қобиқ қалинлигининг юпқалаша бошлаши ҳозирги кимёвий заҳарларнинг ишлатила бошлаши билан бир вақтга тўғри келар экан. Заҳар таъсирида қушлар организмида кальций алмашинуви бузилиши тўғрисидаги назария шундан келиб чиққан. Ҳозирги вақтда Патуксентеда бу назария тажрибалар асосида синчиклаб текширилмоқда.

Суҳбатимиз охирида доктор Стикл бизни тажрибалар ўтказиладиган ҳайвон ва паррандалар сақланадиган атрофи ўралган майдончага олиб борди. Енотларнинг ҳужуми эҳтимолидан электр симлари билан иҳота қилинган ўрмон майсазори худди қушлар бозорига ўхшарди – қичқириш, чийиллаш, чуғур-чуғур овозлари ниҳоятда кучли эди. Лекин аянчли синов майдончаси эди. Бу ердаги қушлар ўз ҳаётлари эвазига озодликдагиларнинг ҳаётларини қутқариб қолишга маҳкум этилганди. Бир ўрам ичида беданалар юришибди. Қирғовулларнинг катта тўдаси ҳам шу ерда. Сувда юрадиган жуда кўп ҳайвон ва паррандалар – ўрдак, ғоз, сақоқуш, қарғалар ҳам бор. Икки юзтача лочин, қирқтача бойўғли, йигирма саккизта бургут, беш минг турфа хил майда қушлар йиғилган экан… Бу ердаги баъзи ҳайвон ва қушларнинг омади келипти. Уларни тажриба ўтказилаётганларга солиштириш учунгина сақлашаркан. Бошқаларига эса қатъий тартиб асосида заҳар беришаркан. Атрофи ўралган кенг майдончалар. Бу майдончаларга пана жойлар қурилган бўлиб, қушларнинг уялари вазифасини ўтовчи қутилар қўйилган. Қутиларнинг орқа томонидан туйнук қолдирилган. Доктор Стикл туйнукдан қарашимизга рухсат этди. Биринчи гуруҳ: уя охирига етказилмаган. Қушлар уяда кўринишмаяпти, улар ДДТ ва дильдриндан ўлиб қолишган. Бошқа уядаги қуш ўлмаган. Лекин у уяда ўтиргани йўқ. Уяга ташлаб қўйилган тухум оқариб турипти. Биз назорат қилиб туриладиган уячага яқинлашиб, тўсиқчани суриб қўйдик… Қоронғулик ичидан икки жуфт чўчиб кетган кўз – бойўғли ва икки ҳафталик бойўғли боласи бизга тикилиб турарди. Бу ерга заҳарли кимёвий моддалар яқинлаштирилмасди.

Қушларнинг баъзи турлари Америкада жуда кам қолганлиги (оқ бошли бургут ва сапсан) туфайли уларни бу ерга олиб келишга журъат этишмаган. Тажриба учун денгиз чўчқаси ва қирғийлардан ҳам келтиришибди. Улар ҳозирча кўпроқ.

– Мана шундай ишлар, – деди суҳбат ва экскурсияга якун ясаб Стикл хоним. – Қилаётган ишларимиз бекор кетмас деб ишонишни истардим.

Патуксентедаги тадқиқотлар устида яна йигирма тўрт олим ва ўн бешта техник ходим иш олиб борар экан. Эшиклари лабораторияларга олиб борадиган кенг хонага Рейчл Карсоннинг фотосурати осиб қўйилган. Суратда далабоп калта камзул кийиб олган ўрта ёшлардаги аёл қўлида дурбин ушлаганча баҳорги ўрмонда нималарнидир кузатиб турипти. Биз портрет олдида туриб қолдик.

– Бу унинг охирги суратларидан бири, – деди Стикл хоним, – у баҳорда қушларнинг учиб келишини кузатишни жуда яхши кўрарди.

Рус тилидан Раҳматилла Иноғомов таржимаси.

“Наш современник” журналининг  1975 йил 1 ва 2- сонларидан олинди.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2004 йил, 11-сон