У тақиллатмасдан пешайвон эшигини очди ва остонаданоқ менга қўлини чўзди:
– Петренко!
– Жуда хурсандман, – ёлғоним сезилиб қолмаслигига тиришиб базўр кулимсирадим.
– Кўряпман, ҳар нарса ёзяпсиз.
– Ёзяпман.
– Мен бўлса сизни кузатяпман!.. Ҳи-ҳи… аммо айғоқчилардек эмас, шундай… сизнинг адабиётимиздаги муваффақиятларингизни.
Мен миннатдорчиликка ўхшаш бир нималарни минғирладим.
– Кечирасиз, мен сизнинг “Елимбалиқ” ҳикоянгизни ўқигандим.
– Янглишяпсиз, бу Чеховнинг ҳикояси.
– Наҳотки? Айнан сизнинг услубингиз-ку!
Бу жўн мақтовга кулиб қўяқолдим.
– Худо ҳаққи, хотинимга ҳам айтаман: Глашенькани, биласанми…
– Узр, – чақирилмаган меҳмоннинг гапини бўлдим, – сизга қандай фойдам тегиши мумкин?
– Худойим-эй… Сизнингми? Сизнинг ҳар бир сўзингизни мармарга олтин билан ёзиш керак… Агар мен вазир бўлганимда, мактабларда ҳикояларингизни “а”сидан “я”сигача ёддан ўқишга мажбур қилардим. Масалан, сизнинг “Диконька яқинидаги хуторда” асарингиз…
– У меники эмас, Гоголники.
Петренко сурбетларча кўзини қисди:
– Эҳ-ҳе, агар ўзингиз айтмаганингизда, ишонмасдим. Ўқиган одам, буни сиз ёзган деб ўйлайди. Аммо шу заҳоти сиз ёзганингизда яна ҳам ёрқинроқ чиқишини ҳис қилади.
– Сизга миннатдорчилик билдираман, – дея муштимни тугдим.
– Сизнинг ҳар сатрингизда истеъдод фавворадек отилиб турибди. Сиз яна мен ҳақимда ҳар хил хаёлларга бориб юрманг. Йўқ, мен юракдан, қалбимнинг туб-тубидан гапираяпман. Мен неча марта ўқийман, хотинимга айтмоқчи бўламан-у, айтолмайман, йиғи орқали кулги, кулги орқали кўз ёш айтишимга халақит беради. Бир гал “Глашенька” дедим… Бошқа гапиролмадим! Кенжа ўғлим Петров куни кеча уч ёшга тўлди, китобингизни қўлимга тутқазиб, “Ўқинг, дад-да…” деди. Қандай зеҳнли бола-я!
– Хўш! Кейин-чи?! – ўшқирдим.
Петренко энсасини қашиб сўради:
– Нега сизнинг очиқ хатларингиз, портретингиз сотувда йўқ?
– Негаки… Негаки бурнимда ҳуснбузарим бор, – асабийлашиб жавоб бердим, перони сиёҳдонга сабрсизлик билан урарканман.
Петренко ажабланиб деди:
– Худойим-эй, бу, ахир, арзимаган гап-ку! Тунда бурнингизга бортимолли вазелиндан суриб ётинг, эрталаб уйғонсангиз, олам гулистон.
– Миннатдорман.
Жимлик чўкди.
– Биласизми, – яна гапира бошлади Петренко, – мен ишонаманки, Толстой халақит бермаганда, “Уруш ва тинчлик”ни сиз ёзардингиз? Таажжубланяпсизми? Мутлақо беҳуда. Толстой ёзмаса ҳам бўларди, сиз ундан яхшироқ ёзардингиз.
Бирдан фикрим тиниқлашиб, унинг мақсадини англадим ва сўрадим:
– Қанча?
– Икки рубль, лекин, яхшиси, уч. Менга сизнинг ўртоғингиз, у ҳам ёзувчи, биласизми ҳар гал уч рубль беради. Ма, дейди, фақат жўна, менинг кайфиятимни бузма. Мана, шу, раҳмат. Мен сизни ҳафтада бир мартадан ортиқ безовта қилмайман. Майли, учрашув кунимизни сиз белгиланг. Келишилган омонатни оламан-у, гумдон бўламан. Кўплар мени ҳайдамоқни эплолмай фиғони чиқиб, оқибат чақа бериб қутулади. Ҳатто уйимга бериб юборадиганлари ҳам бор. Мен сешанбада бўш бўламан, истасангиз…
– Ҳа, ҳа, ҳа, – шошилдим мен.
У қўлимни миннатдорона сиқди, учталикни чўнтакка тиқиб, эшикка йўналди.
– Кечирасиз, энди ҳар кимнинг ўз касби бор-да!!!
Рус тилидан Ҳабиб Сиддиқ таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 12-сон