Онаси кундузи Лайлони қўшнига қолдириб, ўзи ишга кетади. У тикувчилик цехида ишлайди. Лайло қўшнининг қизи Марям билан ўйнайди. Она-бола Марямларнинг уйидаги бир хонада яшайди. Лайло беш ёшда, Марям эса ундан бир ёш катта.
Бир куни Марямнинг тоғаси қўғирчоқ олиб келди. Ўша куни қизалоқлар қўғирчоқ билан роса ўйнади. Қўғирчоқ Лайлонинг ёнида эди, у эса бутунлай ўзига қолишини хоҳларди. Бироқ Марям:
– Истаганингча ўйна. Фақат қўғирчоқ меники, – деди.
Лайлонинг кўнгли оғриди. Кунботарда онаси келгач, югуриб ёнига борди:
– Ойи, ойи, менга ҳам Марямникидек қўғирчоқ олиб берасизми?
– Йўқ, олиб бермайман, – деди онаси.
– Нега?
– Чунки сен яхши қиз эмассан.
– Ойи… Мен яхши қизман-ку!
– Яхши қиз бўлсанг, унда нега кўзларинг ҳар нарсага қарайверади? Ҳали уни, ҳали буни хоҳлайман, дейсан.
– Агар гапларимга қулоқ солсанг, зўр нарса олиб бераман, дегандингиз-ку? Ана, энди қўғирчоқ олиб беринг, худди мана бунақасидан.
– Мен, қўғирчоқ, демаганман.
– Нима унда?
– Ҳам керакли, ҳам сенга ёқадиган нарса олиб бераман.
– Нима?
– Этик!
– Этик?
– Ҳа, этик. Қулай ва чиройли этик. Уни қишда – совуқда, қор ва ёмғирли ҳавода киясан. Оёқларинг иссиққина юради. Бемалол югуришинг, ўйнашинг мумкин. Мактабга борасан. Қўғирчоқ фақат ўйинчоқ, ҳеч қандай ишингни қилиб бермайди.
Лайло бу гапга кўнди, аммо сабр қилолмади, онасининг чодрасидан тортди:
– Этик сотволишга ҳозир борайлик!
– Чарчаганман. Дам олиш кунида бирга бориб, этик сотволамиз, – деди онаси.
Лайло йиғлашга тушди. Ҳиқиллади.
Онасининг жаҳли чиқди:
– Агар гапимга кирмай мени хафа қилсанг, ҳеч қачон этик олиб бермайман!
Ўша куни она-бола узоқ гаплашиб ўтиришди. Ахийри этик сотволгани эртаси куни боришга келишишди.
Онаси ишдан вақтлироқ қайтди. Лайло йўлакда ўтирар, кўзи эшикда эди. Онасини кўриб, ёнига югурди, оёқларини қучоқлади:
– Кетдик, ойижон! Этик сотиб олишга кетдик!
Онаси Лайлонинг қўлидан тутди, кўчага чиқишди. Бир неча пойабзал дўкони жойлашган кўчага етиб келгунга қадар кўчама-кўча узоқ юришди. Улар дўконлар олдида тўхтаб, ойнадевор ортидаги пойабзалларни кўздан кечирардилар. Куз бўлишига қарамай ойнаванд пештахталарда ёзги оёқ кийимларни ҳам кўриш мумкин эди. Қишки пойабзал ва этик ҳам бор эди. Лайло илк учраган этикни сотиб олишни истади, унга барчаси ёқарди, бошқа жойда этик бўлмаса-чи, деган хавотирда эди.
– Дўконларда этик кўп. Пишиқ ва чиройлисини топмагунимизча айланишимиз керак. Шошилишдан фойда йўқ, – деди онаси.
Кўчама-кўча, дўконма-дўкон узоқ юрдилар. Бироқ онасига пойабзалларнинг бирортаси маъқул келмасди. Лайло очқади, онаси ҳам. Язди пирогидан олиб, бўлишиб едилар. Лайло олдинлаб кетди, бир дўконнинг ойнаванд пештахтасида этикча кўриб қолди. Онаси етиб келди. Пойабзал унга ҳам ёқди. Олиб беришга рози бўлди. Этик чиройли нўхатранг эди. Лайло кийиб кўрди, оёқларига лойиқ келди.
– Юриб кўр-чи, – деди онаси.
Лайло юрди. Қўрқув ва қувонч билан юрди. Янги этикчаси билан ерни босгиси келмас эди. Онаси сўради:
– Лойиқми?
– Ҳа.
– Қутлуғ бўлсин, – деди сотувчи.
– Фақат бироз каттароқ, оёғимда лиқиллаяпти, – деди Лайло.
Сотувчи кулди. Онаси:
– Каттамас! Қишда қалин жунпайпоқ билан киясан, озроқ бўш жой қолиши керак. Агар этик кичкина бўлса, мактабга борганингда сиғмай қолади. Оёғинг тез ўсади.
Этикнинг пулини тўладилар. Сотувчи пойабзални қутичага солмоқчи эди, Лайло уйга кийиб кетишни хоҳлади. Онасининг ҳаво совиса киясан, дейишига кўнмади. Йиғлаб юборгудай аҳволга тушди.
– Қўйинг, кийиб кетаверсин, хурсанд бўлсин. Қутичага эса шиппагини солиб бераман, – деди сотувчи.
Онаси рози бўлди. Лайло қутичани қучоқлаб олди, улар йўлга тушишди. Лайло бахтиёр эди, онаси ҳам. У илгарилаб-илгарилаб борарди. Йўл юраркан, этик ичида оёқлари лиқ-лиқ қилиб овоз чиқарарди. Лайло бир неча қадам юрар, тўхтар ва этикларига қарарди. Тезроқ уйга бориб, янги пойабзалини Марямга кўрсатгиси келарди.
Қоронғи туша бошлади. Онаси жуда чарчаган, боши оғрирди.
– Автобусда кетамиз, – деди у.
Улар бекатда тўхтадилар. Автобус келгач, бўш жойлардан бирига ўтиришди. Кўча гавжум эди. Оқшом чўкди. Йўлнинг икки томонидаги дўконларнинг чироқлари ёнди. Автобус одамларнинг нафаси билан иссиқ эди. Лайло онасининг кўксига бош қўйганча кўзларини этикчаларидан узолмасди. Автобус бешикдай оҳиста-оҳиста тебраниб, машиналар оралаб кетиб борарди. Лайлонинг қовоқлари аста-секин оғирлашди, кўзлари юмила бошлади ва ухлаб қолди. Ҳайдовчи шогирдининг овози келди:
– Кўприк бекати!
Автобус тўхтади. Она-боланинг ёнида семиз ва гавдали аёл ўтирган эди. У кийим тўла саватларини кўтариб, шошилганча ўрнидан турди. Жой тор эди. Сават Лайлонинг этикчасига тегиб ўтди. Бир пойи оёғидан сирғалиб, ўриндиққа тушиб қолди. Аёл кетди. Яна бир неча йўловчи тушди. Автобус қўзғолиб, йўлида давом этди. Она мудрарди. Автобус бир майдонни айланди. Ҳайдовчи шогирди овоз берди:
– Аҳмади майдони!
Автобус тўхтади. Пинакка кетган она сакраб ўрнидан турди. Лайлони уйғота олмади. Автобус юришга ҳозирланди. Она қизини қучоқлаб, автобусдан тушди. Пиёдалар йўлкасига ўтди. Автобус кетди. Лайло ҳамон уйғонмаган, онасининг қучоғида эди. Улар кўчага ўтиб олишди. Йўл узун ва қинғир-қийшиқ эди. Онаси халлослар, чарчаганди. Лайлони уйғотмоқчи бўларди-ю, бундай қила олмасди. Уйга етиб келгунча бу ҳолатга кўникиб қолди. Уй йўлагига киргач, Лайлонинг этигини ечиб қўймоқчи бўлиб, не кўз билан кўрсинки, бир пойи йўқ! Тезда Лайлони хона бурчагига ётқизди ва изига қайтди. Бирма-бир қараб чиқди, пиёдалар йўлкасига ўтди, бекатга борди. Автобус аллақачон кетиб бўлган, этик эса йўқ эди. Ортга қайтди.
Тун чўзилгандан-чўзилди. Она ўрин солди. Бир пой этик уй бурчагида эди. Она этикчанинг йўқолган пойини хаёлидан чиқаролмади: агар Лайло уйғониб, этигининг йўқолганини билса, қандай ҳолга тушади, деб ўйларди у.
Кечаси чиптачи автобусни тозалашга киришди. Ўриндиқлар тагини супурар экан, бир пой этик чиқиб келди. Ўлчамига қаради. Афсусланди. Этик болаларники экан, кимдир янги сотиб олган бўлса керак, деб ўйлади. Яп-янги эди. Эгаси топилса, қайтариб беришни кўнглига тугди. Аммо болани танимайди – кунига ота-онаси билан кўплаб болалар автобусга чиқиб-тушади. Қайси бириники эканини қаердан билади? Ҳайдовчи шогирди этикни чиптачига берди. Чиптачи йўловчилар билет сотиб олиш учун келганларида кўриши учун хонасига – ойна ортига қўйди. Эҳтимол, эгаси топилиб қолар?!
Эртаси куни она барвақт уйғонди. Таҳорат олиб, намоз ўқиди. Қўшнига йўқолган этик ҳақида гапириб берди. Қизини омонат қолдириб, уйдан чиқди. Аста-секин тонг ёриша бошлади. Яна кўчани қараб кетди, пиёдалар йўлкасини кўздан кечирди, этик кўринмасди. Бекатда тўхтади. Кеч қолаётган эди, автобус келгач, ишга жўнади.
Эрталаб аввал Марям уйғонди. Лайлони қидириб хоналарига кирди. У ҳамон ухлаб ётарди. Марям хона бурчагидаги этикни кўрди. Уни қўлига олиб, кўздан кечирди.
– Турақол, тонг отиб кетди! – деб дугонасини уйғотди.
Лайло уйғониб, кўзларини ишқалади.
– Қандай ажойиб этик! Чиройли экан, – деди Марям ҳайратланиб.
– Онам олиб берди, – деди Лайло.
– Бир пойи қани?
– Билмадим…
Қизлар этикнинг бир пойини излаб, бутун уйни остин-устин қилиб юборишди. Ҳовлидан Марямнинг онаси бақирди:
– Уйнинг тўс-тўполонини чиқармай, бу ёққа келинглар!
– Лайлонинг этигини қидиряпмиз, – деди Марям.
– Беҳуда изламанглар! Этик оқшом кўчада йўқолибди. Лайло ухлаётганида оёғидан тушиб қолибди.
Лайло йиғлашга тушди. Бир пой этикни бағрига босганча ташқарига чиқди. У ҳовлининг бир четига ўтириб, ҳиқиллаб йиғларди. Марям Лайлога секин деди:
– Юр, кетдик кўчага, этигингни топиб келамиз.
Улар ташқарига чиқишди. Марям қаерга кетаётганини онасига айтмади. Кўчада узоқ юришди. Йўлга чиқиб олишди.
– Балки, этигинг йўлда тушиб қолгандир?
Улар пиёдалар йўлкасининг ҳар қаричини диққат билан қараб, гаплашиб кетардилар.
Марямнинг онаси қизларнинг уйда йўқлигини кўргач хавотирга тушди. Бошига чодрасини ташлади-да, кўчага отилди. Келаётган ҳар йўловчидан “Икки қизни кўрмадингизми?” деб сўрарди. Уларнинг айримлари кўрмаганини айтса, баъзилари “Бу томонга кетишди”, дейишарди. Лайло ва Марям йўлкани кўздан кечириб кетавердилар, кетавердилар. Уйларидан жуда узоқлашиб кетдилар.
– Марям, орқага қайтайлик, – деди Лайло.
Марям қулоқ солмади. Юриб-юриб бир чорраҳага келиб қолишди. Улар қаерга боришни билмасдилар. Уйга қайтмоқчи бўлдилар, бироқ йўлни йўқотиб қўйишганди. Лайло йиғи бошлади. Марям ҳам йиғламоқдан бери турарди.
Йўлкадан ўтиб бораётган бир кекса аёл қизалоқларни кўриб, адашиб қолганликларини тушунди.
– Уйларинг қаерда? – сўради аёл.
Болалар уйлари қаерда эканлигини билмасди.
– Кўчангизнинг номини эслаб кўринг-чи!
Марям бироз ўйланиб тургач:
– Кўчамизнинг номи… номи Суруш, – деди. – Аммо қандай борилишини билмайман.
Аёл болаларнинг қўлидан ушлаб, ўтган-кетган йўловчилардан Суруш кўчасини сўраб кетаверди. Бу пайтда Марямнинг онаси қўрқув ва хавотирда пиёдалар йўлкасида югурар, ҳамма жойни бирма-бир қараб чиқарди. Рўпарасида болаларни етаклаб келаётган аёлни кўрди-ю, қувониб кетди. Аёлга раҳмат айтди. Лайло ва Марямни уйдан берухсат чиқиб кетганликлари учун койиб берди.
Бир неча кун ўтди ҳамки, бирор кимса этик ҳақида сўраб келмади. Чипта сотувчи этикни нозимхона ташқарисига, кўпроқ кўз тушадиган рўпарадаги деворга суяб қўйди.
Одамлар келарди, кетарди. Этикка кўзлари тушиб, “Қайси боланинг этиги экан, йўқотиб қўйиб, излаб юргандир?” дерди бир-бирларига.
Лайло кундузлари бир оёғига этик, иккинчи оёғига шиппак кийиб оларди, баъзан бир пой этикни Марям киярди.
Лайло онаси ишдан қайтди дегунча унинг ёнига югуриб борар ва бир саволни такрорларди:
– Ойижон, этигимни топмадингизми?
– Йўқ, она қизим! Сенга бошқа этик олиб бераман!
– Қачон?
– Қўлимга пул тушсин, бирор дам олиш кунида!
Лайло бир пой этикни у ёқдан-бу ёққа кўтариб юрар, Марям ва қўшни болалар қувлашмачоқ ўйнарди.
Этикни бир неча бор ташлаб юбормоқчи бўлишди, бироқ бундан нима наф?
Чипта сотувчи ҳар вақт ёлғиз қолса, этикка қарарди. Бир куни эгаси топилар, деб умид қиларди. Ҳар оқшом хонасини ёпиб, уйига кетмоқчи бўлса, ичкарига олиб кириб қўярди. Бир гал ёдидан кўтарилди ва этикча туни билан девор четида қолиб кетди.
Эрта тонгда маҳалла супурувчиси пиёдалар йўлагини тозалаётганда этикни кўрди. Кўз югуртирди. Яна жойига қўйди. Эгаси бола эканлигини ва уни йўқотиб қўйганлигини тушунди. Этикнинг соҳиби топилиши сўраб дуо қилди.
Бир ўйинқароқ бола мактабдан қайтаркан, пиёдалар йўлагида копток ўрнига ҳамма нарсани тепиб, ирғитиб борарди. Этикка етиб келгунига қадар йўлда кўрган ҳар нарсани – картон қути, тош, мева пўчоғини этиги билан бир неча қадамгача тепиб келарди. Этикка қаради, уни қаттиқ тепди; ўйнади ва суриб кетаверди, кетаверди. Ана шундай зарбаларнинг бирида этик бориб, чиқиндили сувга тушди. Бола пастга қаради ва қўл силтаб нари кетди. Сув этикни оқизиб кетди. Этик ахлатларга аралашди.
Маҳалла супурувчиси ариқ ичидан ахлатларни олиб ташлаб, сув йўлини очди. Этикча кўзига иссиқ кўринди. Элас-элас эслади: саҳарда кўча бошидаги девор четида турганди. Супурувчи этикни сув жўмраги тагига қўйди. Ювди. Эгаси топилгунча турсин деб масжид деворига суяб қўйди. Ҳар ўтганда уни кўрар, эгаси топилсин-да, деб дуо қиларди. Бир неча кун ўтди ҳамки, этик қаровсиз эди. Кучли шамол ва ёмғир келиб, учириб юборди.
Этик лой ва ифлос бўлди. Болалар тепардилар ва ўйнардилар. Эгасиз этикни кўрган болалардан бири уни уйига олиб келиб, акасига берди. Акаси шиппак ишлаб чиқариш корхонасида ишларди. У ерда эски шиппак ва чарм этикларни тегирмонга солардилар. Майдалаб, эритиб, қолипга қуярдилар, сўнг янги шиппак ва этиклар ясардилар.
Лайлонинг онаси ҳар куни бир оёғи йўқ болани кўрарди. Ҳамиша уйлари олдида бизбизак сотар ва ўйнаётган болаларни томоша қилиб ўтирарди.
Онаси уйга келганда:
– Лайло, бу этик сенга керак эмас. Юр, бирга бориб, уни кўча бошидаги бир оёқли болага берамиз, – деди.
– Агар этигимни унга берсам, менга бошқа этик олиб берасизми? – деб сўради Лайло.
– Ҳа, олиб бераман! Албатта, олиб бераман! Вақт тополмаганим боис шу пайтгача сотиб ололмадим.
– Қачон вақтингиз бўлади?
– Ҳафта охирида. Дўконларга шундай чиройли этиклар келибдики, асти айтма!
– У болага этикни ўзим бермоқчиман!
– Майли. Фақат, хафа қилиб қўйма.
– Хўп!
Лайло ва онаси бир пой этикни олиб, боланинг ёнига кетишди. Онаси берироқда қолди, Лайло боланинг рўпарасида тўхтади ва деди:
– Салом!
Бола жилмайди:
– Салом! Бизбизак керакми? – деди.
– Йўқ, бу этик сенга. Яп-янги. Унинг бир пойи йўқолган. Ҳар қанча изламайлик, топа олмадик. Буни ташлаб юбориш ҳайф.
Бола хафа бўлди:
– Керак эмас! – деди.
Онаси уларнинг ёнига келди:
– Олақол, ўғлим. Биз қўшнилармиз. Бегона эмасмиз. Ўтган йили қишда керосинимиз тугаб қолди, келиб онангдан олгандик. Эсингда йўқми? Ўйлайманки, бу бир пой этик бир кунингга ярайди. Ташлаб юборсанг, ҳайф бўлади.
Бола иккиланиб рози бўлди.
– Хайр! – деди қизча ва онасига эргашди. Онаси шивирлади:
– Худо билади, хафа бўлмадимикан, ишқилиб?!
Бола этикни диққат билан кўздан кечирди. Оёғига лойиқми ёки йўқми – кўрмоқчи бўлди. Этик ўнг пой экан, унинг эса шу оёғи йўқ эди! Ҳеч керак эмас.
Кулгиси қистади.
Бола этикни нима қилишни ўйларди. Бир камбағал тузфуруш эски-туски пойабзалларни йиғиб юрар, ўрнига туз берарди. Бола этикни унга узатди, тузфуруш этикка қаради:
– Яп-янги экан, бошқа пойи қани? – деди.
– Йўқолган. Қўшнимизнинг қизиники. Ҳар қанча изламасин, топилмади.
Тузфуруш этикни олди ва аравасидаги эски пойабзаллар устига қўйди.
Шиппак ишлаб чиқариш корхонаси ҳам шу маҳаллада эди. Тузфуруш йиртилган ёки эскирган оёқ кийимларни олиб келиб, шу корхонага сотарди. Лайлонинг этиги ҳам уларга аралашиб кетганди.
Тузфуруш қўли бўшаб, халтасини ерга қўймоқчи бўлган пайтда бир саватга кўзи тушди. У тегирмон лабида турарди. Этикнинг бошқа пойи ўша ерда эди! Уни тегирмонда майдалашга келтириб қўйишганди. Тузфуруш халтасидаги этикни олди, худди ўша этикнинг пойи экан.
Этик пойларига разм солди. Жилмайди ва ўзига-ўзи деди:
– Топилди! Энди жуфт бўлди!
Корхона ишчиси тузфурушга қаради ва деди:
– Нима бўлди?
– Этикнинг пойи топилди.
– Эгасини танийсанми?
– Ҳа, у бир боланики. Уйлари юқори кўчада.
Тузфуруш этикни болага келтирди. Бола этикни олиб, Лайлонинг уйига ошиқди. Эшикни тақиллатди. Эшик ёнига Лайло келди. Бола этикларни унга берди ва деди:
– Қара, этигинг топилди!
Лайло хурсанд бўлди, қувонганидан ҳатто қаердан ва қандай қилиб топилганини сўрамабди ҳам. Уйга югурди, “Марям, Марям! Этигим топилди, этигим топилди” деб қичқирди. Қайтиб эшикка қаради. Бола эса кетиб бўлганди.
Форс тилидан Башорат Отажонова таржимаси.
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 2-сон