Ҳерманн Кант. Жанубий денгиз нафаси (ҳикоя)

Иш кунлари ойим дадамдан барвақтроқ турар, якшанба куни эса бунинг акси бўларди. Эрталаб бешда соат қўнғироғи жаранглаши биланоқ ойим намойишкорона бир тарзда бошқа ёнига ўгирилиб олар, дадам эса йўтала-йўтала ўрнидан туриб, молларга ем бергани чиқиб кетарди. Ем бераётган пайтда у албатта нималарнидир ўзича гапирар ва очиқ деразадан эшитилиб турган овоз оҳангига қараб, унинг ҳозир эчкилар олдида чўчқалар ёнида, товуқлар ёки қуёнлар яқинида турганини билиб олса бўларди. Иш кунлари у гап орасида қандайдир куйларни ўзича ҳуштак қилиб чалар, якшанбада эса хиргойи қиларди. Ҳаммасидан ҳам ёмони шу эдики, баланд пардаларда унинг овози хўрозникидек чинқириб чиқар, паст пардаларда эса, қаттиқ йўтал билан тугарди.
— Жуда кўп чекади-да, — деб тўнғилларди ойим бошини ёстиқдан кўтармасдан.
Молларга ем бериб бўлгач, дадам бир бўлак нон кесиб олиш учун ошхонага кирарди. Аллақайси саргузашт романидан сувга чўкиб кетаётган кема капитанининг: «Биринчи навбатда аёллар ва болалар!» — деган сўзларини ўқиб олгандан бери, ҳар якшанба куни ўзига нон кесиб олаётганда у ҳам ётоқхона эшигига қараб: «Биринчи навбатда эчкилар ва товуқлар!» — деб қичқирар, ойим эса шу заҳоти унга жавобан, уйқусираб: «Иккинчи навбатда эса — эшаклар!» дея тўнғиллаб қўярди.
Якшанба кунлари ойим дадамга ҳеч бир илтифот кўрсатмас ва бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор эди.
Дадам ҳар дам олиш куни эрталабдан Альтонадаги балиқ бозорига жўнарди. Албатта, у бозорга балиқ харид қилиш учун эмас, шунчаки ўзи бориб келарди. Баъзан у мени ўзи билан бирга олиб кетгани учун, уни бозорга шунчалар тортаётган нарса нималигини яхши билардим: балиқ бозори унинг учун ўзгача, кенг бир олам эди.
Бозорнинг энг юқори расталарида қовурилган шўр мағиз, кокос ёнғоғи, пишлоқ, қизилмия ва унинг илдизлари сотиладиган дўконлар жойлашган эди. Сал қуйирокда эса — бананфурушлар. Агар уларга қулоқ, соладиган бўлсангиз, нархларнинг пасайиб кетаётгани уларни батамом хароб қилаётганини бўғилиб сўзлардилар. Ўнг томондаги «Айер Корс» фирмасининг қовоқхонасида, якшанбанинг азонги арақхўрлари шанба кунининг сўнгги арақхўрлари билан бирга юзлаб тилда матросча қўшиқлар айтишарди. Чап томондаги расталардан эса Сиам мушукларини, Янги Гвинеядан келтирилган денгиз чўчқаларини, макака маймунларию какаду тўтиқуши, альп эчкиси ёки, ҳеч бўлмаганда, Гамбург—Лурупдан келтирилган қуёнларни сотиб олиш мумкин эди. Ўрта қаторларда Фирланден ва Геёстгахтдан келган деҳқонлар ўз дўконларида Санкт-Георг ва Фульсбюттеллик хонимлар билан савдолашишар, пастда, Эльбанинг шундоққина ёқасида, балиқчилар сув юзасида қалқиб турган понтонларга қалқонбалиқ, корюшка ва треска балиқларини юклашарди. Бандаргоҳга кириб келаётган ёки жўнаб кетаётган кемаларнинг гудок овозлари тонгги туман билан бирга ҳавода оҳиста сузиб юрарди.
Пастда, чап кунжакда эса, аквариумлар турар, дадамнинг балиқ бозорига қилган ҳар бир саёҳати ўша ерда ниҳоясига етарди. Бунинг ҳам аллақачон мағзини чақиб олган эдим, чунки бозорнинг шовқин-сурони диққат-эътиборни қанчалар жалб этмасин, аквариумларнинг шиша деворлари ёнида олағовур бирдан сўниб қоларди. Бу ола-чипор, хол-хол доғли, рангдор, бужур, йўл-йўл ва яна аллақандай тасвирлаб бўлмайдиган балиқчаларнинг номлари гўё Жек Лондон ёки Жозеф Конрад томонидан ўйлаб топилганга ўхшар эди.
Дадам эса уларнинг номини беш қўлдай билар ва бу антиқа жониворлар қайси океаннинг қайси буржида яшашини ғоят аниқлик билан айтиб бера оларди.
Яхшиям, бозор соат ўнда ёпиларди, аксинча, дадам эҳтимол «қуруқликка» чиқолмай қолган бўлармиди…
Дадамнинг саҳармардонда ошхонада ғимирлаб юрганидан жаҳли чиққан ойим, «бозор-учар» тўғрисидаги гапни эшитиши билан бешбаттар кўпириб кетарди.
«Бозор-учар»нинг тарихи эса мана бундай эди: эчкилар, қуёнлар, товуқ ва чўчқалар, дадамнинг айтиши бўйича, «еса бўладиган мол» ҳисобланар, ойим ҳам бунақа жониворга умуман қарши эмасди. Дадам эса «биронта антиқароқ» жонивор сотиб олмаса, булар унга ҳеч қанақа шодлик бахш этолмаслигини такрорлагани-такрорлаган эди.
Дадамнинг «биронта антиқароқ» деб атайдиган нарсаларини ойим оддийгина қилиб: «ҳашам» деб қўярди. Тўғри, ойим ҳам товуқларга қарши эмасди-ю, аммо у каптарнинг тухумидай тухум қўядиган, мабодо қовуриладиган бўлса, бир кунлик жўжачалик гўшт қиладиган ва ҳовлига ҳам фақат зоти тоза бўлганлиги учун чиқариладиган товуқчалар эмас, балки росмана товуқлар тарафдори эди.
Ойим қуёнларга ҳам қарши эмасди, аммо бу қоқсуяк, на гўшту на терига ярайдиган, турган-битгани бақрайган кўздан иборат жониворлар нега кераклигига ҳеч тушунолмасди. Мана бу каптарлар-чи! Осмон қироличаси аталмиш бу жонзотлар, ахир жиннилардек чархпалак бўлиб учишу томни булғашдан бошқа нарсага ярамайди-ку? Зотдор дейилишига бало борми яна?
— Нима, биз Рокфеллерми? — сўрарди ойим жаҳли чиқиб.
— Йўқ, йўқ, Рокфеллер эмасмйз, — дерди дадам, — Рокфеллер бўлганимда, бунақа каптарларим бор-йўғи ўнта бўлармиди?
Очиғини айтганда, дадам ўз қарамоғидаги жониворлар билан кўп ўралашиб юрмас, икки-уч ой деганда улар жонига тегар ва яна биронта янги, антиқароқ жонивор сотиб олгиси келиб қоларди. Шунда у жониворларга заҳрини сочаётгам ойимга ҳайбаракаллачилик қила бошлар ва, қулай пайтни топиб ҳаммасини бозорга чиқариб сотиб юбораман, деб қўя қоларди. Кейин яна «бозор-учар» куни етиб келар, бунинг эса, турган-битгани ғалва эди.
Ҳамма гап шунда эдики, дадам бозорга умуман ўзининг тотенгам товуқлари ва ўртача вазндаги кумушранг, шалпангқулоқ қуёнларини сотиш учунгина бормасди. Сотишга-ку сотарди-я, аммо асосий мақсад — жамғарилган пулга яна қандайдир антиқароқ биронта жонивор харид қилишдан иборат эди-да.
Дадам ҳали уйга қайтмасиданоқ, ойим унй сафар халтасини бу гал яна қанақа зотдор ҳайвонларга тўлдириб келаркан, деб ҳаяжонланиб кутарди.
Чиндан ҳам дадамнинг ҳеч нарсага яроқсиз жониворларни топиб келишга фавқулодда уқуви бор эди. Шунинг учун ҳам ойим баъзи пайтларда, гарчи зоти тоза бўлса-да, аммо ўзи жуда аянчли ҳолатдаги биронта жониворни кўтариб келганини кўриб, қўлларини силкитганча жаҳл билан қичқириб юборарди.
Агар, Гап фақатгина «эсипаст каптарлару шалпангқулоқ қуёнлар» устида кетадиган бўлса, бунга бир амаллаб чидаса бўларди, аммо дадам харид қилиб келадиган нарсалар борган сари ғалатилашиб борарди-да.
Бир куни у, масалан, сафар халтасидан каттакон форс мушугини чиқарди — ҳар қалай, эгаси уни Форс мушуги деб мақтаб сотган-у, у бўлса сичқонлардан ўлгудай қўрқар экан, бошқа сафар эса, Гватемала тўтиқушини кўтариб келибди. Тўтиқуш гапиришни билмаса ҳам, қафасдаги дон қолдиқларию қотган-қутган ахлатларни фавворадек ташқарига улоқтиришга жуда уста экан. Яқинда дадам уйга Греция зотдор тошбақасини олиб келди, унинг оёғига ип боғлаб полизга қўйиб юборган эди, ойим келиб унга овқат бергунча барглар тагига кириб, яшириниб ётди.
Ойим, агар дадам бир куни сафар халтасида иттумшуқ маймун (павиан) келтирадиган бўлса, бутун уйга ўт қўйиб, Фйнкенвердердаги бувимларникига кетиб қоламиз, деб пўписа қилди. Иш иттумшуқ маймунгача бориб етмади-ю, аммо унинг ўтган сафарги «бозор-учарида» ўйлаб топган нарсаси ҳам, ҳар қалай, ёмон бўлмади.
Дадам сафар халтасини ошхона столи устига қўяр экан, ойим қўлларини кўксида қовуштирганча унинг ҳаракатларини кузатиб турди. Халта ичидан каттакон шиша қути чиқди, чўнтаклари эса мармелад банкачалари билан лиқ тўла эди. Дадам банкачаларни халтадан чиқариб, бирин-кетин стол устига қўяр экан, худди олтин ёмбилари тўғрисида гапираётгандек эҳтиёткорлик билан: «скалерия», «малабарлик данио», «неонли балиқлар» ва охирида: «губбилар», деди. Ҳа, мармелад банкачаларида чиндан ҳам бозордаги аквариумдан олинган қойилма- қом митти балиқчалар бор эди. Нафасимизни ичимизга ютиб томоша қилаётгани- миз учунми, ойим болалар ҳайратдан тилдан қолишган бўлмасин тағин, деб бизга ҳадиксираб қараб турарди. Сўнгра бошини чайқай-чайқай бу митти олабўжиларга қарашга ҳам уялаётганини очиқ айтди, чунки у баъзан туппа-тузук қалқонбалиқ тўғрисида ҳам бехосдан ёмон гаплар гапириб юборарди-да.
Ойимнинг гаплари дадамнинг сал бўлса-да, иззат-нафсига тегмади, ахир энди ҳеч кимда йўқ нарса унда бор-да! У аквариумни тайёрлашга киришди. Сувни бир оз иситиш керак, «бўлмаса, бечора балиқчалар шамоллаб қолиши мумкин», майда қум келтириб, ювиб солиш керак. Ойимнинг жаҳли чиқди:
— Қумни ювиш керак дейсанми? Ундан кўра, қизларинг бошини ювиб юрибдими, йўқми, шунга қарасанг бўлмайдими?
Аммо, сеҳрли балиқчалар аквариумга солинмагунча дадам тиниб-тинчимади. Тушликка ўтирганимизда ойим ҳам бу абжир балиқчаларга қизиқиб қараб қўяётганини пайқаб қолдим. Аквариумнинг шиша девори ёнидан катта ярим ойга ўхшаш балиқча сузиб ўтаётганида эса, ойим иссиқ қайлани дадамнинг тарелкасидаги пудинг* устига қуяман деб, унинг қўлига тўкиб юборди. Бу эса дадам учун чинакам ғалаба эди.
— Ҳа,— деди у, — булар ҳар қандай кишини мафтун этиши мумкин. Қандай ажойиб-а, бу жониворлар, тўғрими?
— Бу қаҳратон шимолда бунақа аквариум жанубий денгизнинг ўзига хос бир бўлаги, ҳайратга тушганларинг учун уялманглар, — деди у, сўнгра, қўлига қуйилган малина мураббосини рўмолча билан арта туриб. Кейин у пудинг солинган тарелкасини яна ойимга тутди, ойим эҳтиёткорлик билан унинг устига мураббо қуйиб берди.
Ўз-ўзидан маълумки, биз ўша куни аквариум ёнидан кетмадик ва кечга бориб, ҳар бир балиқча ўзига мос лақаб олди. Товланадиган ярим ойга ўхшаш балиқчани бўёқфурушнинг олифтанамо шогирди номи билан — Альфонс деб атадик. У янги галстук тақиб олганча, опамнинг эътиборини ўзига қаратиш учун четан деворимиз ёнида у ёқдан-бу ёққа ўтгани-ўтган эди. Бақалоқ балиқча эса хўппа-семиз дўкондор аёлнинг номи билан, яъни Гульда деб аталди.
Уйқуга ётаётганимизда, дадам қўшниларнинг бу балиқчаларни кўриб кўзлари қандай ўйнаб кетганининг гувоҳи бўлиш иштиёқида эканлигини айтди. Ахир, қандайдир «антиқароқ» биронта жониворни сотиб олар экан, қўшниларни бизникига тез-тез кириб, ноёб жониворларимизни томоша қилишади, деб тахмин қиларди-да. Қўшнилардан биронтаси уйга кирадиган бўлса, дадам у билан эски яшиклар устига ўтириб олиб, тамакисини буруқситиб, соатлаб гаплашиб ўтирар ва бу ойимнинг таъбирича, «бекорчилик билан шуғулланиш» эди. Баъзан унинг қўшнига ғурур билан гапиргани эшитилиб қоларди: «Ҳа, Адье, бунақа зотдор хўроз ҳар куни ҳам топилавермайди».
Аквариум ҳақидаги хабар, ҳақиқатан ҳам, тасаввур қилиб бўлмайдиган тезлик билан чор-атрофга тарқалди. Баъзан эса посёлкамизда туз танқислиги бошланганга ўхшарди, чунки қўшниларимиз бирон қошиқ туз сўраш баҳонасида бизникига чиқар ва балиқчаларимизни тўйиб томоша қилишгач, уйларига кетишарди.
Кейинги кунларда почта нега кечикаётганини пайқаб қолишгандан кейин, қўшниларимизнинг ҳайрати бир оз пасайди. Ойим қайта-қайта ишга бориши лозимлигини ёдига солгандан кейингина, почтальон бизнинг «жанубий денгизимизни» томоша қилишни бас қилиб, чиқиб кетар эди. Дадам сеҳрли балиқчаларимиз почтальонда катта таассурот қолдирганини эшитиб, ғурур билан: қандайдир ғаройиб бир нарса сотиб олган одамнинг ўзи ҳам бошқалар назарида алоҳида ҳурматга сазовор бўлади ва ҳамма уникига келаверади, деди. О, у қанчалар ҳақ эди шунда…
Ҳамма гап Жонатан Краулигдан бошланди. Пайшанба куни кечки овқатга ўтираётганимизда, у бизникига кириб келди.
Ундан бошқа ҳеч кимни бизда Жонатан деб аташмасди, бунақа айтилиши қийин бўлган исм аллақачон соддалаштирилиб, «Жонни»га айланарди, аммо Жонатанни бошқа ном билан аташ мумкин эмасди-да! У камбағал ва ўзига яраша художўй киши эди. Дадамнинг айтишича, у бир вақтлар камбағал ҳам, художўй ҳам бўлмаган. Илгари унинг кўмир омбори бўлиб, ўзи ҳаддан ташқари кўп ичар экан. Ўша пайтларда одамлар уни Жонни, деб чақиришган. Вақти келиб, одамларнинг кўмирга бўлган эҳтиёжи омбор эгасининг спиртли ичимликларга бўлган эҳтиёжидан анча пасайиб кетгандан кейин, у ўзини синган ҳисоблаб, диннинг янги мазҳаби башоратчиси, деб эълон қилган экан.
Жонатан бизникига кириб келди. Ҳар сафаргидек, унинг устида кенг қора ёмғирпўш, оёғида эса қишдаям ташламайдиган, кийилавериб адойи тамом бўлган шиппак бор эди. У балиқчаларни кўриш учун келганини яширмасдан, рўй-рост айтди-қўйди ва дадамнинг чекмасдан, диванда чўзилиб ётганига кўзи тушди. Дадамнинг бундай чўзилиб ётиш одати йўқлигини Жонатан яхши билар, шунинг учун унга раҳми келиб, мулойим овозда сўради:
— Паул, азизим, нима бало, касал-пасал бўп қолмадингми, ишқилиб?
— Ҳа, азизим, — деди дадам, —гриппга чалинибман, шекилли.
Дадамнинг ҳам, Жонатаннинг ҳам одатларини яхши биладиган ойим, қаҳва ликопчаларини туйқусдан шақирлатиб юборди, аммо Жонатан миссионер ролига шунчалар киришиб кетган эдики, бунга6 мутлақо эътибор бермади.
— Жуда яхши, — деди у, — демак, муқаддас китобга кўз югуртиришга бирон соат вақт топарсан.
— Ҳа, ҳа, албатта, — деди дадам муғамбирлик билан, — грипп мендек бир гуноҳкорни тўшакка михлаб қўйди, ҳозир эса, айни илоҳий ишлар билан шуғулланадиган пайт.
У худди ибодат қилаётган одамдек, кўзларини юқорига шундай тикдики, опам ўзини тўхтатолмай, пиқйллаб кулиб юборди ва югуриб ётоқхонага кириб кетди.
Жонатан бунга ҳам эътибор бермадй.
— Агар хоҳласанг, — давом этди у, — ҳозир муқаддас китобни очиб, гриппни ҳайдайдиган дуоларни ўқиймиз.
У ҳўл ёмғирпўши остидан доимо ўзи билан олиб юрадиган муқаддас китобни чиқара бошлади. Дадам ҳозир кайфияти бир оз ёмонлигини айтиб, яхшиси, бу ишни кейинги сафарга қолдирайлик, деб илтимос қилди.
Иккинчи опам ҳам қўллари билан оғзини бекитганча пиқиллаб, ётоқхонага кириб кетди. Шу пайтгача, печни прессланган кўмир ғиштчаларга тўлдираётган ойим уларни қайта печдан чиқариб, яна қутига жойлай бошлади. Мен сездирмайгина ётоқхонага кириб кетмоқчи бўлдим. Лекин шу пайт эшик тақиллаб, кичик ошхонамизга врачлар маҳкамаси маслаҳатчиси жаноб доктор Пфаух кириб келди.
Дадам ялт этиб ойимга қаради, йўқ, ойим врач чақиртиргани йўқ, оила аъзоларимиздан биронтаси гриппга чалинганда врач чақиртириш бизда одат тусига кирмаган, бундан ташқари, медицина маслаҳатчиси каби атоқли бир кишини биз грипп у ёқда турсин, ҳатто, кимдир қизамиқ билан оғриганда ҳам безовта қилмагак бўлардик. Биз уни кўчамиздан ўз машинасида яқин орада жойлашган нудистлар ўрмончасига ўтиб тургани учунгина танирдик, холос. Аммо доктор бизни кўп куттириб ўтирмади. У ўзини тарозига соладиган расмиятчилардан эмас эди. Баланд овоз билан «валайк» дедию ёмғирда ҳўл бўлиб кетган шляпасини ойимнинг қўлига тутқазди, стулга ўтираркан, карнай овозидек дўриллаган товушда сўради:
— Хўш, ёш дўстим, денгиз ажойиботлари солинган тувакларингизни кўрсак бўладими?
Унинг «ёш дўстим» дегани, албатта, дадамга қаратилган эди, «тувак» деганда эса, аквариумни назарда тутган бўлса керак. Хуллас, доктор катта бурнини аквариумнинг шиша деворига қадагудек яқин ўтириб рлди.
— Мана буниси дазмолланган бўлса керак, — деди у Альфонсни кўрсатиб, — худди қуймоқдек япалоқ экан, ажойиб нусха.
«Ажойиб нусха» деганига дадам қаршилик билдирмади, аммо «тувак» дегани… Дадам тамаки ўрёй бошлади, бурун кетаклари гоҳ кенгайиб, гоҳ торайиб тургани аниқ кўриниб турарди.
— Ҳа, ҳа, — деди у докторнинг каттакон мешдек қорнига маънодор назар ташлаб, — афсуски, ўзларини дазмоллаб бўлмайди-да, балки камроқ жойни эгаллаган бўлармиди…
Ошхонага бир дақиқа жимлик чўкди, кичик синглим эса пайтдан фойдаланиб, ётоқхонадан бошини чиқариб, яна битта амаки келяпти, бугун кечки овқатни еймизми ўзи, деб сўради.
У айтган амаки, тўғрироғи, Алиса хола аллақачон ошхонага кириб келган эди. Очиғини айтганда, у полиздаги тошларни териб бизнинг полизга-отгани учун, унчалик қалин эмасдек, аммо ҳозир унинг келиши бизни қувонтирди. Ешлигида Алиса ипподромда солистлик қилган, шунданмикин, сал бўғиқроқ овозию чорловчи нигоҳларини асраб қолган эди. Жонатангау кўп эътибор бермади, чунки Алиса уни «Жонни»лик пайтларидан биларди, ҳазиллашиб қулоғидан тортиб қўйди ва:
— Художўй кишиларга саломлар бўлсин! — деди.
Медицина маслаҳатчисини эса диққат билан кузатди, сал дағалроқ, аммо дўстона оҳангда сўради:
— Оҳ, анави ажойиб лимузин машинасида ўтиб кетадиган доқтор тоға сизмисиз? Қаранг-а, мен анатомлардан таниш орттириб юрганимдан бери қанча сувлар оқиб кетибди ёки, сиз биз билан ҳам, эҳтимол бир вақтлар…
— Йўқ, йўқ, — ғўлдиради доктор, ахир, у кекса кўрингани билан ҳали унча қари эмасди-да.
Бу сафар Жонатан ҳам ўзини кулгидан тўхтатолмади. Алиса бўлса, анави «кичкинтой, ширинтой балиқчаларни» кўриш учун келганлиги ёдига тушиб, аквариум ёнига ўтириб олди ва тўхтамасдан, «вой худойим-э, ажойиблигини қаранглар», деб бидирлай бошлади. Балиқчалар яна назарга тушгани учун дадамнинг юзи бир оз ёришди, аммо, бари бир у сўнгги харидининг фойдалилигидан шубҳалана бошлаган эди. Навбатдаги меҳмоннинг кириб келиши ҳам унинг бу шубҳаларини тарқатиб юбора олмади.
Меҳмонларга лиқ тўла ошхонамизга бақалоқ балиқчамизнинг адаши — дўкондор Гульда кириб келди.
Гульда менга доимо ажина бўлиб туюларди. Кўпдан бери у пештахта ёнида турмай қўйган, чунки жуда семириб кетганидан оёқлари оғирлигига бардош беролмасди. У ўзига электр токи билан юрадиган аравача сотиб олган бўлиб, унга минганича қарздорларидан пулини ундириб юрарди. Унинг иши энди қарздорларнинг қарзни ўз вақтида тўлашларини назорат қилиб боришдан иборат бўлиб қолган эди. Унинг дўконида қарзларни тўлаш одатдагидек эмас, балки янги моллар сотиб олинаётганда амалга ошириларди. Қарзни тўлаш учун иккинчи қаватга кўтарилиб, жуда дим ва барча атторлик молларининг ҳиди ўрнашиб қолган хонага кириш лозим эди. Қарзни ундираётганда эса, бойликнинг бебақолиги тўғрисида узундан- узун ваъз ўқимасдан бирор пфенниг олмасди, шунинг учун ойим қарзни тўламоқчи бўлса, доим мени юқорига чиқариб юборарди. Назаримда, Гульда шак-шубҳасиз ажина эди. Мендаги бу таассурот Гульда ҳозир бизнинг ёп-ёруғ ошхонамизда ўтирган пайтда ҳам йўқолмади. Аввалига, у ўзининг қисиқ, ёғ босган жирканч кўзлари билан буфетни назорат қилиб чиқди. Унинг рақибларидан ҳеч нарса сотиб олмаганлигимизга ишонч ҳосил қилгандан кейингина, секин аквариумни томоша қила бошлади. Жонатан ва Алиса шошилинч равишда унга жой бўшатишди, улар ҳам биз каби унинг доимий қарздорларидан ҳисобланарди-да, ахир.
— Ҳа, ҳа, жуда қизиқ, буларни сотиб олишга ҳам анча-мунча пул сарфланган бўлса керак-а, — деди у, — аммо, Гульданинг хаёлида фақат шу ифлос пул бўлса керак, деб ўйламанглар, мен уларни ўзим билан нариги дунёга олиб кетмайман. Аммо кейинги пайтларда, негадир ўлим хаёлимдан чиқмай қолди, шунинг учун олди-бердиларимни бир оз ўрнига қўйиб олсам, дейман. Кимдир сизларнинг аллақандай ғаройиб жониворлар сотиб олганингизни айтиб қолди, мен эса ўз дафтаримга қараб, сизларнинг анави битта товар учун пул тўламаганларингни эсладим. Умуман, олганда, пул жуда қабиҳ нарса, аммо бу балиқчалар қанча тураркин-а?
Руҳоний майернинг кириб келиши дадамни Гульданинг саволига жавоб беришдан халос қилди. Руҳоний ошхонамиздаги мисли кўрилмаган бу тўдага мулойим назар ташлаб, қувноқ оҳангда деди:
— Барчага, барчага саломлар бўлсин!
Албатта, руҳоний Жонатанга шундай бир совуққараш қилдики, бу билан у Жонатанни—лўттибоз фирибгарни, айтилган «барчага» умуман қўшмаётганини пайқаш қийин эмасди. Сўнгра, кимдир унга дадамнинг тангри яратган ранг-баранг жонзотларини бир шиша идишга тўплаганини айтгани ва бу қалбларни қувонтирувчи хабар уни қоронғи ва ёмғирли сўқмоқлардан бу ерга бошлаб келганини гапира бошлади. Бунақа хабар руҳонийнинг қулоғига бориб етгани, албатта, ҳеч кимни ажаблантирмади, чунки жамоамизда у бехабар қоладиган биронта иш йўқ эди. Дадам эса унга «худойи таолонинг исковичи», деб лақаб хам қўйган эди.
Негаки, жамоамиз қозонларида бирон марта ҳиди бу руҳонийнинг «бурнига бориб етмаган» гўшт қайнамаган эди. Унинг «ёмғирли сўқмоқлар» ибораси ҳам жуда ўрнида ишлатилган бўлиб, жаноб руҳонийнинг тизимча билан боғланган этиклари унинг икки соатлар чамаси лой кечганидан далолат бериб турарди.
Ойим эса руҳонийнинг шилта этакларидан кўзини узмас, ҳар сафар улардан парча-парча лой узилиб тушганда, титраб кетарди. Руҳоний эса севимли қавмини бўлғуси ваъз олдидан бир оз руҳлантирмоқчи бўлди шекилли, диний ўгит-насиҳатларга одми сўзларни аралаштириб, жон-жаҳди билан гапира бошлади; бизнинг ғалати балиқчаларимизнинг ташқи кўриниши ва ҳаракатлари уни янгидан-янги насиҳатнамо ўхшатишлар топишга илҳомлантирарди.
Қадимги римликларнинг устки кийимига ўхшаш ёмғирпўшга ўраниб олган Жонатан, у ҳали «Жонни» деб аталган пайтлардаёқ сулғин бўлган сектантларча чеҳрасида вақти-вақти билан табассум пайдо қилишга уринар, Алиса бўлса ваъзхоннинг ҳар иккинчи ўхшатишини бўғиқроқ, аммо ҳиссиётга тўла товуш билан, «қандай ажойиб-а», деб маъқулларди. Медицинё маслаҳатчиси йўғон, дўриллаган овоз билан, жаноб коллега буни «ғоятда тўғри топиб» айтди, дер, «ғоятда тўғри» бўлмагани эса унингча «жуда асосли» ёки «ҳаддан ташқари», деб таърифланарди. Ажина Гульда эса бу орада ошхонамиздаги буюмларга яширинча кўз югуртириб, уларнинг баҳосини аниқлаш билан овора эди. Руҳоний дунёнинг фонийлиги тўғрисида гапираётганда, у уч қават бўлиб кетган бағбақасини силкитиб, маъқуллаб ўтирса ҳам, хоҳлаган пайтда барча буюмларимизнинг қанча туришини аниқ айта оларди. Дадам билан ойим ҳар замонда бир-бирига қараб қўйишар ва мен ўша пайтда «сўзловчи, ширинсухан нигоҳлар» деганда ёзувчилар нимани назарда тутишларини англаб етган эдим.
Лампа нури ошхонамиз ҳавосидан худди Гамбургдаги ноябрь туманини тешиб ўтгандек, зўрға ўтарди, чунки бу ердаги ҳаво руҳонийнинг тер ҳидию медицина маслаҳатчисидан анқиётган карболка бўйига, гўшт емайдиган Жонатандан келаётган саримсоқ пиёз ҳидию Алиса сепиб олган оддий атир ифорига, Бринкман фирмасининг арзон тамакисию Гульданинг атторлик дўконидаги барча моллар- нинг омухта ҳидига тўлиб кетган эди. Ва бу ер шунчалар дим, шунчалар иссиқ эдики!
Вақт алламаҳал бўлиб қолган, руҳоний ҳамон жонкуяр бақалоқ балиқча ва очофат қиличбалиқ тўғрисида куйиб-пишиб гапираётган бир пайтда, синглим ошхонага кириб, йиғламсираган ва уйқусираган товуш билан, меҳмонлар қачон кетишади, очликдан ўлаёздим-ку, деб гинахонлик қилди. Руҳоний шу заҳоти ўрнидан турди, худди черков хорига: гимнни бошланглар, дегандек майин, аммо қатъий ишора билан бошқаларни ҳам турғизди. Этигидан кўчиб тушган сўнгги лой парчасини товони билан полга эзғилар экан, овқат сўраётган болаларга тўсқинлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, деди. Сўнгра меҳмонларни, масалан, Гульдага ўхшаб яна бирон нарса дегуси борми, йўқми, бунга қарамасдан, кўчага бошлади. Бўсағада у ортига ўгирилди. Ошхонамиздан чиқаётган буғ унинг лампа нури тушиб турган бошини булутдек ўраб олган эди. Кейинги сафар болаларимни — унинг еттита болаёи бўлиб, олтитаси аллақачон тетапоя бўлган эди — олиб келсам майлими, улар ҳам сув ажойиботларини, ёки дадамнинг оддий халқ тили билан айтишича, «қандайдир антиқароқ» жониворларни бир кўришса эди, дея истак билдирди руҳоний.
— Ҳа, албатта, — деди дадам Алисанинг овозидан ҳам бўғиқроқ товушда, — албатта, ҳаммасини етаклаб келинг.
Навбатдаги якшанба куни дадам яна балиқ бозорига жўнади, кечки пайт эса дарвозамиз олдида сержун, жаҳлдор, қондошлари ҳар бир қишлоқда учрайдиган каттакон кўппак боғлоқлик турарди.

Немисчадан Йўлдош Пардаев таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1986 йил, 10-сон.
_______________
* Пудинг — гуруч ва бошқа ёрмаларга сузма, шунингдек мевалар қўшиб товада пиширилган овқат (тарж).