Ҳерманн Ҳессе. Шоир (ҳикоя)

Ҳикоя қилишларича, хитойлик шоир Ҳан Фукнинг болалигида бир ҳодиса рўй бериб, бутун ҳаётини ўзгартириб, кўп нарсани билиши ва шоирлик санъатини мукаммал ўрганишига сабаб бўлган экан. Бу воқеа унинг юртида, Сариқ дарё бўйидаги шаҳарда содир бўлган экан. У бой-зодагон оиладан бўлиб, хонадоннинг арзандаси эди.
Ҳан Фук кунлардан бир куни бой оиланинг қизини севиб қолади ва тўй хосиятли бир кунга белгиланади. Ўшанда у йигирма ёшларда бўлиб, жуда келишган ва камтар, кўплаб фанлардан мукаммал билимга эга ва ёзган шеърлари билан эл орасида шуҳрат қозонишга улгурган эди. Унинг оиласи бой-бадавлат хонадонлардан эди. Бундан ташқари, тўйдан олдинги келин томонидан бериладиган сеп унинг бойлигини янада кўпайтирар, бунинг устига қаллиғи ҳам жуда гўзал ва оқила қиз эди. Ёш йигитнинг бахтли бўлиши учун бир қарашда ҳамма нарса етарлидек туюларди. Лекин унинг қалбида қандайдир ўзидан қониқмаслик, кўнгли тўлмаслик ёхуд шуҳратпарастликка ўхшаш бир туйғу жўш урарди. У буюк шоир бўлишни орзу қиларди.
Бу воқеа “Чироқлар байрами” оқшомида содир бўлганди. Ўшанда у ёлғиз бир ўзи Сариқ дарёнинг нариги соҳилида сайр қиларди. Қайиқлар билан тўла дарё узра минглаб чироқлар сузиб юрарди. У дарахт танасига суяниб, сувнинг шилдирашини тинглар ва сон-саноқсиз чироқларнинг шуъласига маҳлиё бўлиб қараб турарди. Қайиқларда эса эшкакчилар, аёллар ва ёш қизлар бир-бирларига байрамона таъзим қилишар, уларнинг юзлари эса очилган гул мисоли порлаб турарди. Ва хонандаларнинг қўшиқлари, созандаларнинг куйлари, цитра ва флейтанинг майин хонишлари ҳам сувнинг шилдирашига қўшилиб ажиб самовий бир садога айланарди. Буларнинг бари ёш шоирга ғойибдан янграётгандек қалбидаги энг нозик ҳисларини қўзғаб, энг нозик торларини чертиб ўтар ва оҳанрабодек ўзига чорларди. У шу онда дарёнинг нариги томонида, қаллиғи ва дўстлари олдида бўлишни, бу бахтни улар билан бирга баҳам кўришни хоҳларди. У буларнинг барчаси: мовий оқшом ва сув устидаги шуълалар рақси, тунги меҳмонлару дарахт танасига суянган кишининг соғинчини оддий бир кузатувчи сингари шеърга тизиш ҳақида хаёл сурарди. Лекин шунга қарамасдан у ўзини бу дунёда жуда-жуда танҳо ва ғариб ҳис этар, фоний дунёнинг барча ажойиботлари, бутун жозибаси унинг учун бегонадай туюларди. У шунчаки бир кузатувчи эди, холос. Негадир унинг кўнгли сира тўлмасди ва бундан ўзи қайғуга тушарди. Ҳан Фук шулар ҳақида ўйлаб, хаёл уммонига ғарқ бўлди. Ва ҳақиқий, тўғрироғи, илоҳий бахтга етишишни, бу дунёнинг барча мўъжизотларини тасвирлаб, мукаммал, бетакрор шеърлар ёзишни орзу қилди.
Бир маҳал – у мудраганмиди ёки уйғоқмиди, буни ўзи унчалик идрок этолмасди – пастгина шитирлаган овоз эшитилди. Дарахт яқинида бинафшаранг кийинган ва кўринишидан авлиёсифат кекса бир нотаниш киши турарди. У яқинлашди ва қўлларини қовуштириб, Ҳан Фукка салом берди ва бир неча мисра шеър ўқиди. Бу мисраларда ёш шоир қидирган, интилган барча-барча нарса мужассам эди. У ҳайратда қолди ва олдида турган кишининг ниҳоятда буюк шоирлигига имон келтирди.
– Оҳ, сиз кимсиз? – сўради йигит ва мўйсафидга чуқур эҳтиром билан таъзим қилди. – Сиз қалбимни ўқидингиз, сеҳрли мисраларингизда қалбимдаги барча саволларга жавоб бор. Мен бундай мисраларни олдин биронта устозимдан эшитмагандим.
Нотаниш киши майингина жилмайди ва деди:
– Агар ҳақиқий шоир бўлишни истасанг, менинг кулбамга келгин. Менинг кулбам мана шу дарёнинг бошланишида, тоғларнинг ён бағрида. Исмим – Сеҳрли Сўзлар Устаси.
Шундан сўнг нотаниш киши дарахт кўланкасида кўздан ғойиб бўлди. Ҳан Фук қанчалик уринмасин, унинг изини ҳам топа олмади. Қидиришлари зое кетгандан сўнг у бу воқеа тушимда бўлиб ўтди, деб ўйлади ва байрамда қатнашиш учун қайиқлар турган томонга шошилди. Лекин доимо – биров билан суҳбатлашганда ҳам, флейта садосини эшитганда ҳам – унинг қулоқлари остида ўша нотаниш кишининг сеҳрли сўзлари янграрди. Бу сўзлар Ҳан Фукнинг бутун қалбини офтоб зимистонни ёритгандек, морбоз сибизғаси билан илонни ром этганидек, тўла забт этганди, унинг кўзлари қувонч ва бахтга тўлганди.
Орадан бир неча кун ўтиб, Ҳан Фукнинг отаси дўст-қариндошларни тўй кунини белгилаш учун кенгашга чақирмоқчи бўлди. Шунда Ҳан Фук отасига қарши бориб деди:
– Ота, сизга итоатсизлик қилаётганим учун кечиринг. Мен сизнинг олдингизда айбдорман, лекин сиз менинг ҳамиша шеър санъатини мукаммал ўрганишни орзу қилганимдан хабардорсиз. Шеърларимни баъзилар мақташади, лекин мен бу йўлнинг эндигина бошланишида турибман, ҳали шеърият оламида шунчаки ҳаваскорман. Шунинг учун сиздан бир муддат шоирлик санъати билан танҳоликда, барчадан йироқда шуғулланишимга имкон беришингизни илтимос қиламан. Агарда уйлансам, оила ва уй-рўзғор ташвишлари билан андармон бўлиб, севган машғулотим билан шуғулланолмайман. Мен ҳали жуда ёшман, бирон-бир ҳунар ёки соҳада тамомила уқувсизман ва бир муддат шеърият билан яшашни, бундан қувонч ҳамда шуҳрат топишни истардим.
Бу сўзлардан унинг отаси ҳайратда қолди ва деди:
– Бу санъат сенга шунчалик азизмики, унинг учун ўз тўйингни орқага сурмоқчи бўляпсан? Ёки қайлиғинг билан ўрталарингда бирон гап ўтдими? Агар шундай бўлса, айт. Мен сизларни яраштириб қўяман ёки бошқа чорасини ўйлаб топаман.
Ёш шоир қайлиғига муҳаббати аввалгидан заррача ҳам камаймаганини, уларнинг ўртасида ҳеч қандай гап-сўз ўтмаганини ва қайлиғи унга жуда ёқишини айтди. Шу билан бирга “Чироқлар байрами” кечасидаги воқеа, нотаниш киши ҳақида ва шу одамга шогирд тушиш ўзи учун дунёдаги энг катта бахт, ягона орзу эканлигини ҳам отасига сўзлаб берди.
– Яхши, мен сенга бир йил вақт бераман. Бу муддатда орзуингни амалга ошир, балки бу ниятни худо кўнглингга солгандир, – деди отаси.
– Икки йил муддат берсангиз балки етиб қолар, – деди Ҳан.
Отаси ўғлига ижозат берди. Ҳан Фук қайлиғидан айрилаётганидан ғамга ботиб, унга хайрлашув мактубини ёзди ва кечирим сўради. Сўнгра йўлга тушди.
Ёш шоир узоқ юриб, дарёнинг бошига етиб келди. У ердаги бамбук ёғочидан ясалган кулба олдида, бута поясидан тўқилган бўйрачада Ҳан Фук “Чироқлар байрами” оқшомида учратган мўйсафид авлиё – Сеҳрли Сўзлар Устаси удда куй чаларди. Йигит унга тазим қилиб, салом берди. Устоз эса ўтирган жойида бош тебратиб жилмайиб қўйди. Шундан сўнг яна қўлига удни олди-да, бармоғини торлар узра майин югуртира бошлади, шунда худди шамол товушидек куй янгради. Ёш шоир ҳайрат ва қувончдан қотиб қолди. Устоз удни ерга қўйиб, кулбасига кириб кетгандагина у ўзига келди. Шундан сўнг Ҳан Фук Сеҳрли Сўзлар Устаси кулбасида унга шогирд ва хизматчи бўлиб қолди.
Орадан бир ой ўтди. Шу муддатда у бундан олдин ўрганганлари, барча тўқиган шеър-қўшиқларидан воз кечиш ва уларни ёдидан чиқаришни ўрганди. Яна бир ой ўтиб, устозларидан ўрганган нарсаларини ҳам эсидан чиқарди. Сеҳрли Сўзлар Устаси эса у билан деярли сўзлашмасди. У шогирдининг бутун борлиғи куйга қўшилиб кетадиган даражага етгунга қадар удни бир маромда чалишни ўргатди. Ҳан Фук секин-аста яна қайта шеър ёза бошлади. Илк шеърида куз осмонида парвоз қилаётган бир жуфт қушни тасвирлаб, бундан ўзи жуда мамнун бўлди. Бу шеърини устозига кўрсатишга журъат қилолмади, лекин бир куни кулба олдида куйлаётганини устози эшитиб қолди ва қўшиқ унга маъқул келса-да, индамади. Фақат қўлига удни олди-да, секин-аста чала бошлади. Шунда ёзнинг жазирама чилласи бўлишига қарамасдан, ҳаво совиб кучли довул турди. Борлиқ қора ва кўкимтир тусга кириб, унинг самовий куйига ҳамоҳанг тарзда осмонда бир жуфт қуш бир-бирига талпиниб парвоз қила бошлади. Буларнинг бари шогирд мисраларидан гўзалроқ, ёқимлироқ эди. Бундан шогирд ўзини ожиз ва нотавон сезарди. Устоз бир йил давомида ҳар кун уд чалди ва шу муддатда Ҳан Фук бу санъатнинг барча сир-асрорларини ўрганди, лекин у ўзини шеър санъати дунёсида ҳали баркамол деб ҳисобламасди.
Икки йил ўтди. Йигит юртини, уйини, ота-онаси, қайлиғини жуда соғинганди. У устозидан кетишга рухсат беришини илтимос қилди.
Шунда устози жилмайиб, унга розилик берди ва шундай деди:
– Сен энди озодсан. Қаерга хоҳласанг, боришинг, хоҳласанг, яна қайтиб келишинг ҳам мумкин. Барчаси ўзингга ҳавола. Кўнглингга ёққанини қил.
У сафарга отланди ва она-Ватанидаги дарё бўйига етиб боргунга қадар тинмай йўл юрди. Дарё устидаги кўприк олдида тўхтаб, жонажон қишлоғига назар солди. У ҳеч кимга сездирмай боғларига кирди ва ота­сининг ётоғига яқинлашди. Ётоқдан отасининг бир текис нафас олиши эшитиларди. Сўнгра қайлиғининг боғи ёнига борди. Нок дарахтининг устига чиқиб, боғни кузата бошлади. Боғ ёнбағридаги хонада қайлиғи ойна олдида соч тараб ўтирарди. Бундан у ниҳоятда ҳайратланди. Бу манзарани, бу гўзалликни у ватан соғинчидан ўртаниб юрган пайтларида чизган расмида тасвирлаганди, лекин буларни шеърда ифодалашда ҳали ожизлигини тушуниб етди. Шундан сўнг ҳақиқий шоир даражасига ҳали етиша олмагани унга аён бўлди. Ҳан Фук дарахтдан тушиб, боғдан чиқди. У ортга, дарёнинг юқори оқимига, тоғ ёнбағридаги кулбага қайтишни хоҳларди. Дарё устидаги кўприкдан орқага қайтаётганида юртига яна бир назар ташлаб, йўлида давом этди. Тоғ ёнбағридаги бамбукдан қурилган кулба олдида, ўсимлик поясидан тўқилган бўйрачада Сеҳрли Сўзлар Устаси худди аввалгидек уд чалиб ўтирарди. Ёш шоир устозга қўлларини қовуштириб салом берди. Устоз эса бунга жавобан икки мисра шеър ўқиди. Бу мисралар шунчалик таъсирли эдики, ёш шоир­нинг қалбини тўлқинлантириб юборди ва унинг кўзлари ёшга тўлди.
Ҳан Фук таълимини давом эттириш мақсадида яна уд ва цитра чалишни ўргатган Сеҳрли Сўзлар Устаси ёнида қолди. Ойлар шамолдек елиб борарди. У яна икки марта ватан соғинчини ҳис этди. Бир сафар кечаси кулбадан чиқиб уйига қараб равона бўлди. Қишлоғига яқинлашганда, кулба эшиги олдига осиб қўйилган цитрадан самовий куй янграй бошлади ва бу куйни шамолнинг мавжлари унинг қулоғига элтди. У ғайриихтиёрий равишда куйдан сеҳрланиб ортга, Сеҳрли Сўзлар Устаси кулбасига қайтди. Кейинги сафар туш кўрди. Тушида боғларида дарахт экканмиш. Унинг ёнида завжаси ўтирар, болалари эса май ва сут билан бу дарахтни суғорармиш. Бехосдан уйғониб ёнида оппоқ соқоли билинар-билинмас титраб ухлаётган устозини кўрди-ю ундан жуда қаттиқ нафратланиб кетди. У эмасми ёш шоирнинг ҳаётини бузган, бутун келажагини барбод қилган! Шогирд шу онда устозини ўлдиришни хоҳлади. Унга яқинлашганда устозининг кўзларида майин табассум жилваланар эди.
– Эсингдами, Ҳан Фук, сенга нима дегандим? – деди устоз. – Сен озодсан, хоҳлаганингни қилишинг мумкин. Истасанг, юртингга қайтиб, дарахтлар ўстиришинг мумкин. Мендан нафратланишинг ёки воз кечишинг – бу сенинг ихтиёринг.
– Оҳ, мен сиздан қандай қилиб нафратланишим мумкин? Сиздан наф­ратланиш – бутун оламдан нафратланишим билан баробар! – деди шоир.
Шундай қилиб, у яна устози олдида қолди, цитра ва удда куй чалишни ўрганишни давом эттирди. Эндиликда устози ёрдамида шеър тўқий бошлади ва секин-аста шеърият синоатларини ўрганди. Энди шеърларида қуёшнинг тоғ чўққисидан қандай кўтарилиши, балиқларнинг қандай сассиз шўнғиб, соя мисол сув тубига сингиб, ғойиб бўлиши, баҳор шамолида навқирон толларнинг қандай чайқалишини тасвирларди. Лекин Ҳан Фукнинг шеърларини тинглаганлар учун булар шунчаки қуёш, балиқ ёки баҳор шамоли эмас, фалак ва оламни боғловчи илоҳий мусиқа мисол янграрди ва мисраларга қулоқ тутган барча ўзи учун қадрли нарсани ўйларди: бола – ўйин-кулгини, ўсмир – муҳаббатни, кексалар эса – ўлимни.
Орадан йиллар ўтди. Ҳан Фук тоғ этагидаги, дарё бўйидаги кулбада қанча умрини ўтказганлиги, қачон келганлигини ҳам эслолмай қолди. Назарида, бу ерга келгани ва устозининг кулба олдида уд чалгани худди кеча кечқурун содир бўлгандек эди. У энди шоирлик санъатини мукаммал ўрганган, устозидек улуғлик мартабасига эришганди. Унинг учун инсон умри, вақт ўз аҳамиятини йўқотганди.
У бир куни уйғонганда кулбада устози йўқ эди. У устозини қидириб, топа олмади. Бир кеча ўтиб, тўсатдан куз бошланди. Куз шамоли кулбани худди бешикдек тебратарди. Тоғнинг баланд чўққисидан ҳали вақтли бўлишига қарамасдан бир тўп кўчманчи қушлар учиб ўтарди.
У қўлига удни олиб кулбани тарк этди ва ватанига қараб йўл олди. Уни йўлда учратганлар қўл қовуштириб салом беришарди. Ҳан Фук ота уйига келди. У ерда бошқалар истиқомат қилишарди. У отаси, қаллиғи ва барча қариндошлари кўп йиллар муқаддам оламдан ўтганини эшитди. Кечқурун дарё бўйига борганда, у ерда “Чироқлар байрами” нишонланарди. Шоир Ҳан Фук дарё қирғоғидаги қари бир дарахтнинг танасига суянди. У қўлига удини олиб чала бошлади. Унинг куйига аёллар маҳлиё бўлар, йигитлар эса баланд овозда қийқиришарди. Улар шу пайтгача бундай мафтункор оҳангни эшитмаган эдилар. Шунда Ҳан Фук жилмайди. У дарёдаги минглаб чироқларнинг сув устида сузиб юрганини кўрди ва Сеҳрли Сўзлар Устасини учратган кечани эслади. Бу икки кеча орасида ҳеч қандай фарқ йўқ эди.

Немис тилидан Асрор Раҳмонов таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 12-сон