Ўша йили қиш ниҳоятда қаттиқ келиб, узоқ чўзилган, шу боис биздаги жуда гўзал Шварцвальд дарёси бир неча ҳафтадан буён қаттиқ музлаб ётарди. Мен ўша ғалати, ўзим ҳам ҳаддан зиёд қойил қолган туйғуни ҳамон унутолмайман. Ўшанда қаҳратон совуқнинг илк куни эди, эрталабданоқ дарёга отландим. У шунақанги чуқур, муз эса шундай тиниқ эмиш, худди юпқа ойнанинг ўзи, ундан ям-яшил сув, тошли қумлоқлар, ғалати тарзда қумга сингиб кетган сувўтлар кўриниб турар, аҳён-аҳёнда эса балиқнинг қорамтир танаси кўзга чалиниб қоларди.
Ўртоқларим билан муз устида юзларимиз қизариб, қўлларимиз кўкариб, ярим кунлаб яхмалак отардик, шиддатли ва бир маромдаги ҳаракатларимиздан юракларимиз тўлиб-тошиб, болалик даврининг беғам-бепарво, ажойиб ва лаззатли онларидан қувват оларди. Биз бир-бирларимиз билан кимўзарга, узоққа ва баландликка сакраш бўйича беллашар, қувлашмачоқ ўйнардик. Орамизда ҳали ҳам эски урфдаги оёққа боғланадиган конькида учаётган бола бўлса, у дурустгина яхмалак отувчи ҳисобланарди. Бироқ биттамизда, фабрикантнинг ўғлида “Нalifax” русумли коньки бўлиб, у ип ёки тасмасиз ҳам маҳкамланаверар, уни кўз очиб юмгунча боғлаш ва ечиш мумкин эди. Ўшандан буён кўп йиллар мобайнида “Halifax” сўзи менинг мавлуд байрамига совғалар рўйхатида сақланиб қолган бўлса-да, бироқ унинг ўзи насиб этмаган; орадан ўн икки йил ўтгач, бир куни конькининг энг зўридан бир жуфт харид қилай деб, дўкондан “Halifax”ни сўраганимда, у ердагилар кулимсираб мени “Halifax” энди эскириб, анчадан буён яхши коньки бўлмай қолганига ишонтиришди. Дилим ранжиб, энг юксак орзум ҳамда болаларча эътимодимнинг бир парчасидан мосуво бўлган эдим. Муз устида кўпинча бир ўзим учишни ёқтирар, баъзан ҳатто тун пардаси ёйилгунга қадар ҳам қолиб кетардим. Мен елдек учиб бораётиб, хоҳлаган нуқтада тўхташ ёки қайрилиб олишнинг машқини олган, шу аснода чиройли доира ясаб мувозанатимни сақлаб учишдан олам-олам завқ олардим. Кўпчилик ўртоқларим муз устидаги вақтларини қизлар кетидан югуриб, уларнинг кўнглини олишга сарфлашарди. Менда эса қизлар деган гап йўқ эди. Бошқалар қизларга хушомад қилиб, атрофида гирдикапалак бўлган ёки улар билан жуфт-жуфт бўлиб коньки учаётган пайтларда мен бир ўзим сирпаниб эркинлик ҳавосидан баҳраманд бўлардим.
Қизларга ишқибоз болаларга фақат раҳмим келар ёки улар устидан кулардим, холос, чунки баъзи бир дўстларимнинг гапларидан уларнинг ишқий саргузаштлари аслида нақадар дудмал ва шубҳали эканлигини билиб олиш қийин эмас эди.
Ўшанда қиш охирлаб қолган пайт эди, бир куни мактабда янгилик қулоғимга чалиниб қолди. Эмишки, Нордкафер яқинда Эмма Майерни конькисини учаётганда яна ўпиб олганмиш. Бу хабарни эшитиб, қоним қайнаб кетди. Ўпиб олганмиш! Одатда қизлар билан юришнинг энг зўр кайф-сафоси сифатида мақталган қуруқ, бемаза суҳбатлар ҳамда журъатсиз қўл бериб кўришишларга қараганда бу, албатта, бошқа нарса эди. Ўпиб олганмиш-а! Бу олдиндан маълум, журъатсиз ўзга бир оламдан келган садо бўлиб, унда мамнуъ неъматларнинг хуш бўйи, аллақандай шоирона, ақл бовар қилмас бир нарса мужассам эдики, у ўша барчамиз билсак ҳам индамай юрган, мактабдан қувилган қизларга ишқибоз собиқ ўқувчи болаларнинг эртакнамо ишқий саргузаштларида ўз ифодасини топган ўша чучмал ва мафтункор маъвога мансуб эди. “Нордкафер” асли гамбурглик ўн тўрт ёшли ўқувчи эди, бизга қандай келиб қолганини худо билади. Уни ниҳоятда ҳурмат қилардим, унинг мактабдан ташқаридаги зўр обрўси кечалари менга уйқу бермасди. Эмма Майер эса, шубҳасиз, Герберсаудаги энг дўндиқ ўқувчи қиз бўлиб, малларанг, ўзига етганча мағрур бўлиб, ёши мен билан баравар эди.
Ўша кундан оромимни йўқотиб, ўзимча режа туза бошладим. Қиз болани ўпиш, бу – ўз-ўзидан менинг ҳозиргача мавжуд барча юксак орзуларимдан ҳам ошиб тушарди, қолаверса, бундай хатти-ҳаракат беодоблик саналиб, шубҳасиз, мактаб ҳақидаги қонун томонидан ҳам тақиқланган эди. Яхмалак вақтида қизларга илтифот қилиб, марҳамат кўрсатиш бунинг учун бирдан-бир қулай имконият эканлиги менга тез орада аён бўлди. Энг аввало, афт-ангоримни иложи борича жозибага мойил, хушомадгўй бўлишга ҳаракат қилдим. Соч тарашга вақт ажратиб, кийимларимнинг тозалигига алоҳида эътибор бера бошладим, мўйна телпагимни одоб юзасидан пешонамга бир оз тушириб оладиган бўлдим ва сингилларимдан пуштиранг ипак бўйинбоғни ялиниб-ёлвориб, сўраб олдим. Муз устида учаётган пайтларимда йўл-йўлакай мўлжалимга тўғри келадиган қизларга хушмуомалалик билан салом бера бошладим, бирданига бундай муомала аввалига уларни ажаблантирган бўлса-да, айни пайтда уларда хайрихоҳлик уйғотаётгани ҳам сезилиб турарди.
Илк танишув камина учун хийла қийин бўлди, чунки мен ҳали ҳаётимда биронта қизни “таклиф қилиб” кўрмагандим. Аввалига дўстларимнинг мана шунақанги жиддий маросимлар чоғида ўзларини қандай тутишларини сездирмай кузатишга уриниб кўрдим. Уларнинг баъзилари фақат мулозамат юзасидан таъзим қилиб, қўл узатсалар, бошқалари тутилиб қолиб, алланималарни ғулдирашар, айримлари эса қуйидагича ажойиб иборалардан фойдаланишарди: “Марҳаматингизни биздан дариғ тутманг?” Мана шу жумла менга ёқиб қолди, уйга келиб, хонамдаги печка олдида қўл қовуштир-ганимча, ушбу тантанавор сўзларни қандай айтишни машқ қила бошладим.
Қийин илк қадамни қўядиган кун ҳам етиб келди. Куни кеча ишга киришишни ўйлаган, бироқ иккиланиб, журъат қилолмасдан қайтиб келгандим. Бугун эса ўзим шу қадар кутган ва ҳайиққан ишни албатта амалга ошираман деб, собитқадам турардим. Юрагим пўкиллаб, худди жиноятчидек руҳим тушиб, маъюс бир алпозда яхмалакка бордим, ишонсангиз, конькини қадаётган қўлларим “қалт-қалт” титрарди. Сўнг доирани кенг олдим-да, афт-ангоримда одатдаги хотиржамлик ва табиийликни сақлашга ҳаракат қилиб, кўпчиликка қўшилиб кетдим. Бутун бошли яхмалакни катта тезлик билан икки марта айланиб чиқдим, кескин ҳаракат ва совуқ ҳаводан бўлса керак кайфиятим кўтарилди.
Бир вақт шундоқ кўприк остида кимдир қаттиқ урилиб, бир ёнга сирғалиб кетдим. Қарасам муз устида гўзал Эмма ўтирар, афтидан, оғриқнинг зўридан тишини тишига босганча менга таънали қараб турарди. Кўз олдимда дунё чир айланиб кетди.
– Мени турғазиб қўйсанглар-чи! – қичқирди у дугоналарига қарата.
Мен хижолатдан қип-қизариб кетгандим, аста телпагимни ечдим-да, унинг ёнига чўк тушиб, ўрнидан туришига ёрдамлашдим.
Бизлар энди икковимиз ҳам нима қилишни билмасдан, журъатсиз бир тарзда рўбарў турар, тилимиз калимага келмасди. Қизнинг эгнидаги мўйна пўстин, унинг чиройли чеҳраси ҳамда сочларидаги қандайдир хушбўй ҳиддан бошим айланиб кетди. Ундан узр сўраш эсимга тушса ҳам бунга журъат қилолмай, телпагимни ҳамон муштумимда тутиб турардим. Шунда бехосдан кўз ўнгим қоронғилашгандек бўлди, ғайриихтиёрий тарзда унга чуқур таъзим қилиб, ғулдирадим: “Марҳаматингизни биздан дариғ тутманг?”
Қиз ҳеч нарса демасдан, қўлларимни бармоқлари орасига олди, уларнинг ҳароратини қўлқопдан ҳам ҳис этиб турардим, сўнг биз бирга уча бошладик. Ўзимни шу дамда худди ғаройиб туш кўраётгандек ҳис қилардим. Бахту иқбол, шарм-ҳаё, самимият, қувонч ва хижолатлик туйғусидан нафасим бўғилай дерди.
Чорак соатдан мўлроқ биз бирга айландик. Ниҳоят, тўхташ жойига етганимизда, у нозик қўлларини аста бўшатди-да: “Катта раҳмат”, деди ва ўзи ёлғиз учиб кетди, мен эса анчадан сўнг мўйна қалпоғимни ечдим ва турган еримда узоқ қолиб кетдим. Шундан кейингина унинг ўтган бутун вақт давомида бир оғиз ҳам гапирмаганини эсладим.
Музлар эриб, мен ўз тажрибамни бошқа такрорлай олмадим. Бу менинг илк ишқий саргузаштим эди. Бироқ орзум амалга ошиб, қизнинг қирмизи лабларидан илк бўса олгунимга қадар орадан талай йиллар ўтди.
Олмон тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси