Гулруҳ Ёрматова. Офат (ҳикоя)

Кеч куз ўзининг сарғиш этакларини тоғ ён-бағирларидан буткул йиғиб улгурмай кун сайин қўли баланд келаётган қиш бирдан қутуриб кетди. Ҳали қиличининг дамини кўрсатишга фурсати етса-да, кекса тоғларга важоҳатини кўрсатиб қўймоқчидек шамол ва бўрон аралаш уларнинг виқорли бошлари узра қор пуркай бошлади. Бундай телба қишларнинг кўпини кўрган оқсоқол тоғлар эса уни писанд этмагандек мағрур кўкрак керганча жим қараб туришарди. Сурувни қишлоққа эндиришга улгурмаган Бекмурод қишнинг жуда эрта қилич қайраб қолганидан гоҳ жаҳлланар, гоҳ ўзини боқибеғамликда айблаб, чалма билан ўралган усти очиқ қўрада қунишиб ўтирган сурувидан тез-тез хабар оларди. Ана, кечагина яйловда жингалак жунлари ялтираб, диркиллаб юрган янги туғилган қўзичалар совуқдан карахт бўлган оёқларини ерга босолмай, бағрини нам ерга қўйганча ётиб олишди. Бир кеча шундай ётса улардан айрилиши аниқ.
– Боймурод, – деди у ўтов олдида қўлини куҳ-куҳлаб гулхан ёқаётган ўғлига.
– Ҳа, – ўғли намиққан хас-хашакдан бўралаётган тутундан ёшланган кўзларини ишқай-ишқай отасига қаради.
– Бери кел!
Боймурод эгнидаги пахтали чопонининг енгига қўлини тиқиб, қунишганча отасининг олдига югуриб келди.
– Нима дейсиз?
– Тўқлиларни ўтовга олиб кирамиз.
“Ҳаммаси сиғмайди-ку” дегандек ўғли отасига ҳайрон боқди. Аммо отаси ҳозир унинг нигоҳидан маъно уқадиган аҳволда эмасди. Шу боис чопонининг барини қайирди-да, тўқличаларни икки қўллаб қучоқлаганча ўтовга олиб кира бошлади.
– Қишлоққа энсак-чи, ота, – деди ўғли унга ёрдамлашаркан.
– Улгурмаймиз, ҳадемай ер яхлайди. Қўй нозик жонивор. Йиқилса қайтиб турмайди.
Боймурод ўтовдаги бор тўшанчиларни бир бурчакка йиғиб ташлаб, қўзичоқлар учун кенгроқ жой ҳозирлади. Ҳарқалай изғириндан пана бўлган тўқличаларга бир пасда жон кириб қолди. Ҳаял ўтмай дикирлашиб, ўйноқлашиб ўтовни бошларига кўтара бошлашди.
– Ҳа, жониворлар-а, – деди Бекмурод ўтовнинг бир бурчагига омонатгина ёнбошларкан, тўқличаларга қараб завқланиб. Ўтов ичи унчалик иссиқ бўлмаса-да, ҳар ҳолда шамол ва аччиқ изғириндан анча пана эди. Ташқарида эса ҳамон бўрон чийиллар, шамол ўтовнинг кигиз эшигини кема елканидек шишириб, ичкарига итарарди.
– Ота, қўйлар ҳуркиб қўра деворига сапчишаяпти! – деди ташқаридан ҳовлиқиб кирган ўғли. Бекмурод ирғиб ўрнидан турди.
– Нега сапчийди? Олапар борми? – деди қозиққа илинган қамчисини шоша-пиша оларкан ташқарига отилди. Аммо ташқарига чиқиши ҳамоно ўтов олдида думини қисиб ўтирган олапар ундан нажот истагандек оёғига суйкалди. Итининг қўрқоқлигидан Бекмуроднинг жаҳли чиқиб кетди.
– Ҳе, ўл! – дея аямай бошига қамчи солди. Олапар вангиллаганча ўтов орқасига ўтиб кетди. Унинг қилиғидан Бекмуроднинг баттар ҳайрати ошди.
Нимадан қўрқдийкин бу? Наҳотки, сурувга бўри оралаган бўлса? Йўғ-э, ҳозир чилла даври эмас. Бундай пайтда бўри қўрага доримайди. Оғзи боғлиқ бўлади дейишармиди-ей, ота-боболари. Агар бўри оралаган бўлса ҳам ити бўриларни писанд этмасди-ку. Нима жин урдийкин уни? Ўтган йили катта арлон бўрининг кекирдагини узиб ташлаган олапари шуми? Бекмурод ҳайрон бўла-бўла қўл чироғини сурувга қаратди. Бир-бирининг устига чиққудек бўлиб бурчакка қисиниб олган қўйлар қўрқувданми ёки совуқдан дир-дир титраганча нажот истаб туришарди. Бекмурод қўра эшигини очиб ичкарига кириши ҳамоно сурув гурр этиб, баттар ҳуркиб кетди. Чироқ ёруғида кўзи машина фараларидек ялт-юлт қилаётган қўйлар ўзларини дуч келган томонга уришиб, бағиллай бошлашди. Бекмурод ажаб­ланиб қўра эшигидан чиқди. Ва ташқаридаги харсангга ўтириб, бир оз уларни кузатди. Бу пайтда бўрон сал секинлашган, майдалаб шиддат билан ёғаётган қор аллақачон ён-атрофни оқартиришга улгурганди.
– Олапар нега бундай қилади? – деди Бекмурод ўғлига.
– Билмасам, бўрининг дарагини сезган кўринади.
– Бўридан қўрқмасди-ку.
– Беш-ўнта бўлса-чи?
– Оғзингдан ел учирсин-ей. Ҳали бўрилар очликдан изғийдиган палла эмас-ку.
– Ота, эртага қишлоққа энамизми?
– Тонг отсин-чи, кўрармиз.
Бекмурод кўзларини бир нуқтага тикканча узоқ жим қолди. Бир оз тинчиб қолган сурув эса ҳурпайган юнгига қўнган қорни силкий-силкий, сувдан шилта бўлган ерга чўккалаб олди. Совуқ суяк-суягидан ўтди шекилли, Боймурод кирза этикли оёғини бир-бирига уриб исинишга тушди. Охири бўлмади:
– Ота, ўтовга кираверсам бўладими? – деди бир оз ийманиб. Отаси бир сўз демади. Чунки у ўғлининг гапини эшитмаганди. Боймурод ўтовга кириб кетаверсамми ҳам деди. Аммо ҳамон забун ҳолда ўтирган ота­сига раҳми келди.
– Захга ўтирманг, ота, – деди унинг олдига бориб.
– А? Ҳа-я, – отаси гарангсиб ўрнидан турди-да, қўрага яна бир қур назар ташлади.
– Энди нима қиламиз? – деди сўнг ўзига-ўзи гапиргандек. Шу пайт жуда олис-олислардан жондорнинг улигани эшитилди. Бекмурод бирдан сергак тортди.
– Бўрими? – деди хавотирланиб. Ўғлининг ҳа, дейишга юраги дов бермади.
– Қишлоққа тезроқ эниш керак, – деди отасининг саволига жавобан.
Ярим кечагача бўралатиб ёққан қор тонгга яқин тақ­қа тўхтади. Осмонда булутлар бир оз сийраклашди-ю, сўнг қора матога маржон таққандек чарақлаб сон-саноқсиз юлдузлар пайдо бўлди. Ҳаво бирдан очилиб кетганлиги боис изғиринли шамол турди. Ёмғир ва қор сувига бўккан ер ойна мисол ялтираб яхлади.
– Боймурод, тур ўғлим. Худо урди бизни. Ҳаво очилиб кетибди. Сурув ўпкасидан айрилади чоғи.
Ота-бола олдинма-кейин қўра томон юришди. Бурнидан сув оқиб, пишқириб қолган қўйларнинг ҳўл юнглари совуқдан тахтадек музлаб қолганди. Бекмурод бора солиб қўра эшигини очиб юборди. Аммо сурув қимир этмади. Боймурод чуҳ-чуҳлаб уларни қўрадан чиқаришга уринди. Оқсай-оқсай қўрадан чиққан сурув харсанглар панасида диккайиб турган хас-хашакларни эринчоқлик билан чимдий бошлади. Ҳаял ўтмай осмонга зар кокилли қуёш чиқди. Оппоқ қор билан қопланган яйловлар узра тилла тангга сочилгандек бўлди.
– Энди қишлоққа энамизми? – деди Боймурод ота­сига умидвор термилиб.
– Бир оз кун майинлашсин. Тушга яқин энармиз.
Боймуроднинг назарида отаси яна боқибеғамлик қилаётгандек эди. Унинг хаёлида ҳозироқ сурувни қишлоққа ҳайдаб тушишмаса яна нимадир рўй беради-ю, сўнг улар умрбод шу тоғларда қолиб кетишади.
Орадан бирор соатлар ўтгач йўлни текшириб келиш учун Бекмурод тоғдан пастга эниб кетди. Оқ чопон кийганча ўшшайиб турган тоғлар ва сукутга чўмган кенг яйловлар билан бирга Боймуроднинг якка ўзи қолди. У катта харсанг устига чиқиб бир оз сурувни кузатган бўлди. Сўнг отаси кетган томонга дам-бадам қараб қўя бошлади. Ниҳоят пастдан отасининг боши кўринди. Қўлидаги таёғига таяна-таяна тепаликка чиқиб келаркан, ўзидан жавоб кутиб турган ўғлига қараб “йўқ” дегандек бош чайқади. Боймурод отасининг бош тебратишига ҳам қаноат қилмай сакраб ўрнидан турди-да, унга пешвоз чиқди.
– Ер яхми, ота? – деди юраги пўкиллаб.
– Ҳеч суроби йўқ. Бу туришда қишлоққа энолмаймиз.
– Сурув-чи? Сурувни совуққа олдирмаймизми?
– Билмадим, ўғлим. Жуда бошим қотди. Нима қилишга ҳайронман.
Кун пешиндан оғар-оғмас яна изғирин турди. Қуёш тиғида бир оз эриб, ғовак бўла бошлаган қор изғирин зўридан музга айланди. Сурув яна қўрага қамалишга маҳкум этилди. Тўқличалар эса ўтовга. Сурувни қўрага қамашгач, Бекмурод ўтовдан иккита дасткола олиб чиқди-да, бирини ўғлига тутқазди.
– Ўтин йиғиб келиб қўра атрофида олов ёқмасак сурувдан айриламиз.
Ота-бола қуриган тоғолча-ю, ёввойи дўла­на­лар­нинг шох-шаббаларини дасткола билан чопишиб, анча ўтин йиғишди. Сўнг уни қўра атрофига тўплашиб, олов ёқишди. Намиққан шох-шаббалар бир оз буруқсаб турди-ю, сўнг бирдан чарсиллаб ёна бошлади. Бекмурод энди ҳўл ўтинларни ҳам оловга қалади.
– Ота, яна ўтин олиб келайлик, – деди ўғли. Бекмурод эринди. Олов тафти унинг ҳорғин вужудини ниҳоятда элитганди.
– Бўп қолар, – деди эснаб. – Ана, қўй жониворларга ҳам жон кириб қолди. Тили йўқ-да, бечораларнинг. Совқотдим деёлмаса.
Ота-бола бор ўтинни оловга қалаб ўтовга киришди. Бир бурчакка йиғиб ташланган тўшанчиларни тўшаб, кийимларини ҳам ечишмай, ўринга чўзилишди. Ҳаял ўтмай Боймуроднинг пишиллагани эшитилди. Бекмурод ўзича ҳушёр ётмоқчи бўлди. Чарчоқ зўридан кўзлари юмилиб кетай деса-да, ўзини қаттиқликка олиб, анча пайт уйғоқ ётди. Ўрнидан туриб икки марта сурувдан хабар олиб келди. Охирги хабар олганида қўйлар бир оз безовтадек туюлди унга. Олапарга қаради. У ҳам думини қисиб, эгасига жавдираб турарди.
– Нима бўлди сенга? – деди Бекмурод унинг бошини силаб. – Қаридингми ё?
Ит аянчли ғингшиб эгасининг қўлларини ялади. Бекмуроднинг юраги ғашланди. Пахтали чопонига маҳкам ўраниб, ташқарида бир оз айланди. Ўча бошлаган оловга чала ёнган кундаларни итариб қўйди. “Осмонга булут чиқсайди” дея кўкка умидвор термилди. Аммо юлдуз тўла осмонда бир парча ҳам булут кўринмас, аччиқ изғирин кишининг юз-кўзини чақиб олай дерди. Бекмурод қўлоқчинли телпагига қанчалик ўранмасин, совуққа бардош беролмади. “Бир оз исиниб келай” дея ўтовга йўл олди. Кўрпага ўраниб ётганди, танасига анча илиқлик югурди. Сўнг киприклари ўз-ўзидан қовуша бошлади. Бир пайт кенг яйловда юрганмиш. Атрофи қўй-қўзига тўла. Ўт-ўлан тиззадан. Лекин негадир ўғли кўринмасмиш. “Боймурод, Боймурод” дея ён-атрофни қидириб, уни тополмабди. Бир пайт қараса ўғли баланд чўққида хомуш ўтирганмиш. Туш, дея чақирган экан у аста-секин чўққидан пастга туша бошлабди. Лекин шу пайт ҳаммаёқ бирдан музга айланибди. Ўғли эса музга тайрилиб кетиб… “Ўғлим!” Бекмурод ўз овозидан ўзи чўчиб уйғонди. Ҳовлиқиб ёнбошига қаради. Ўғли йўқ. Ташқаридан эса қандайдир қўрқинчли шовқин эшитиларди. Ит улияптими, қўй бараяптими билиб бўлмасди. Бекмурод бир муддат нима қиларини билмай каловланиб қолди. Сўнг шундоқ оёқ томонида турган этигини кия солиб ташқарига отилди.
– Боймурод! – дея бақирди ўтовдан чиқар-чиқмас. Ўғлидан бирор сас-садо эшитилмади. Қўрқиб кетган Бекмурод қўра томон югурди. Аммо у ерда аянчли манзарага дуч келди. Қўра эшиги ланг очиқ, бор-йўғи ўн-ўн бештача қўй қўра бурчагида қунишиб ўтирар, яна шунчаси эса негадир оёқ остида сулайиб ётарди. “Совуқ урибди” хаёлига шу ўй урилиши ҳамоно бора солиб қўйларни ушлаб кўра бошлади. Аммо негадир қўлига шилимшиқ нарса илашди. Ҳайрон бўлиб, ҳидлаб кўрди. Қон! Наҳотки, бўри дориган бўлса?! Шоша-пиша ёнидан қўл фонарини чиқариб, уни аф­тодаҳол чўзилиб ётган қўйларга тутиб кўра бошлади. Бирининг кекирдаги узилган, бошқасининг думбаси ғажилган, яна бирининг шунчаки қорнига тиш ботирилганди. Ҳеч қайси қўй тўлалигича ейилмаган, гўёки улар эрмакка бўғизлангандек эди. Бекмурод бошини чангаллаб қолди. Жон беролмай оёқ силкитаётган чалажон қўйларнинг бўғзига пичоқ тортиши кераклиги ҳам ёдига келмади. Шу зайлда қанча ўтирди, билмайди. Бир пайт ўғлининг йўқлиги миясига урилди-ю, сакраб ўрнидан туриб кетди.
– Боймурод! – дея икки қўлини оғзига карнай қилиб чақира бошлади. Лекин ўғли худди сувга тушган тош каби зим-ғойиб бўлганди. Ит ҳам кўринмайди. Сурувнинг эса ярми йўқ. Бекмурод қўлига заранг таёғини олдида ўйлаб ҳам ўтирмай тоғдан пастга эна бошлади. Аниқ билади: ўғли омон қолган сурувнинг ярмини олгану қишлоққа жўнаган. Икки кундан буён кетайлик, дея ҳол-жонига қўймаётганди. Йўлма-йўл кетаркан, шу хаёлларининг рост бўлиб чиқишини Худодан ўтиниб борди. Аммо…

* * *

Ўша куни Боймурод Олапарнинг нолали ғинг­шишидан чўчиб уйғонди. Қараса отаси ухлаб ётибди. Бир хабар олай-чи, дея ташқарига ёлғиз ўзи чиқди. Чиқди-ю, даҳшатдан қотиб қолай деди. Қўра эшиги ланг очиқ. Бўғизланган чалажон қўйлар жон аччиғида типирчилайди. Ҳуркиб кетган сурувнинг ярми эса дуч келган томонга қараб, тум-тарақай қочиб кетаяпти. Ҳозир олдини қайтармаса, улардан ҳам айрилиши аниқ. Шу атрофда бўрилар изғиб юрганлигини ҳам ўйлаб ўтирмай сурувнинг ортидан югуриб кетди.
– Олапар, Олапар, – дея итини чақирганди, у бир оз тайсаллаб турди-да, сўнг ноилож эгасининг ортидан эргашди. Аммо ҳурккан сурувни қайтариб бир жойга жамлашга на Боймуроднинг қурби етарди ва на Олапарнинг. Боймурод сурув ортидан қува-қува жар лабига яқинлашиб қолганлигини сезмай қолди. Энг биринчи олдинда югуриб кетаётган серка жарга қулади. Ортидан иккита совлиқ. Боймурод ҳозиргина югуриб кетаётган қўйларнинг бирданига ғойиб бўлиб қолганлигидан ажабланиши ҳамона оёғи музли ерда тойиб кетди. Ва пастга шиддат билан шўнғиб кетаркан жон талвасасида музли тошларни чангаллай бошлади. Аммо яхлаб, қирралари ҳам сип-силлиқ бўлиб қолган харсанг тошлар ҳаёт учун курашаётган болага нажот қўлларини чўзмадилар. Бола даҳшат ичра пастга қаради. Оғзини ўрадек очганча пойида ажал мунтазир турарди. Ўлим шарпаси жуда яқин, жудаям яқингинасида эканлигини ҳис этди у. Сўнгги бор ваҳший тоғларга қаради. Гўё шундай бўлиши керакдек улар ҳам жуда бепарво ва совуқ эдилар.
– Олапар, Олапар! Қутқаз мени! – дея қичқирди умид билан. Ит эгасининг чорловидан куч олиб, шиддат-ла пастга югурди. Аммо жарнинг чуқурлигини кўриб, бирдан турган жойида таққа тўхтади. Яна олдинга талпинмоқчи бўлди. Аммо юраги дов бермади. Аста харсанг устига чўнқайди-да, осмонга қараганча нолали улий бошлади. Бола эса сўнгги умидидан ҳам айрилганлигини ҳис этди. Ҳис этди-ю, бор овозда бақириб юборди:
– Ота-а-а-а!
Унинг қичқириғига тоғлар акс-садо бердилар:
“Ота-а-а-а! От-а-а-а! А-а-а!

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 1-сонидан олинди.