Григол Абашидзе. Зилзила (2 қисмли пьеса)

ИШТИРОК ЭТУВЧИЛАР

ГУРАМ – ёзувчи
ТИТЕ – режиссёр
ВАХТАНГ – актёр ва альпинист
ЭКА – ёш актриса
ПАВЛЕ – уруш қатнашчиси
НИНА – унинг келини
РЕНА – Нинанинг ўғли
ДАВАР – Вахтангнинг ўгай синглиси
СЕСИЛЬ – Даварнинг онаси
БЕСИК
}– ёш актёрлар
РАТИ
ЛЕВАН – театр рассоми
ЗЕВЗА – альпинист
Воқеа 1980 йилларда Тбилисида кечади.

БИРИНЧИ ҚИСМ

Воқеа янги кўп қаватли уйга олиб чиқувчи кенг тош зинада алмашиб туради. Вақт алламаҳал, уй зулмат қўйнида, фақат икки-учтагина ойнадан хира чироқ кўриниб туради. Кутилмаганда ер қаттиқ силкинади, бино чайқалиб кетади. Бирин-кетин хоналарда чироқ ёнади. Зилзиладан чўчиб уйғонган одамлар бирин-кетин кўчага отилиб чиқадилар. Улар чала кийинган: биров пижамада, бошқаси ички кийимда, яна бошқаси устки кийимини шунчаки елкасига ташлаб олган. Улардан фақат учтаси росмана кийимда. Улар – Гурам исмли ёзувчи, Тите деган театр режиссёри ва Давар исмли ёшгина қиз.
ТИТЕ. Роса силкиди-ку! Зилзила! Чинакам зилзила!
ГУРАМ. Зилзилалиги кўриниб турибди… Чайқалишини…
ТИТЕ. Яна шунақа силкинсами… Ҳар бало бўлиши мумкин.
ГУРАМ. Худо сақласин!.. Дарвоқе, ҳамма уйғондими, ҳамма чиқиб улгурдимикан? Билишимча, бу биринчи имконият. Борди-ю, кимдир ҳали ухлаб ётган бўлса, уйқусида ҳеч нимани сезмай қолса борми, бундан даҳшатлиси йўқ-да. Бир кўриб чиқиш керакмиди.
Зинадан қўлтиқтаёқда суяниб Павле, орқасидан келини Нина ва унинг ўғли Рена тушади. Ренанинг бир қўлида транзистор, иккинчисида канарейка солинган қафас.
РЕНА (у жуда ҳаяжонда, шошилиб-тутилиб, балки дудуқланиб гапиради. Ҳар ҳолда унинг нутқи очиқдан-очиқ бузилган, руҳий тетикмаслиги билинар, одатдаги одамларнинг гапиришидан мутлақо фарқ қиларди). Кўрдингизми, ойи! Мен сизга неча марта айтганман: мен ҳар тунда ана шунақа ухлайман. Ҳм, ана, ана шунақа… Кейин деразани очиб юбораман-да, учиб кетаман. Чунки менинг елкамда қанотим бор… Мен уларни ёзиб, қанот қоқаман-да, баланд-баландларга, худди осмоннинг ўзига учиб кетаман. Сиз бўлсангиз, мени касал деб, сўзларимга ишонмайсиз. Энди ишондингизми? Ишонасизми? Ўзингиз кўрдингиз-ку, қандиллар қанақа бориб-келди… Ўзингиз кўрдингиз шкафларнинг қанақа чайқалганини, кўрпаларнинг ерга учиб тушганини… Шунақа!
НИНА. Тинчлан, ўғлим! Қўрқма, ўғлим! Ҳеч қанақа ваҳимали жойи йўқ, одатдаги ер қимирлаш, холос.
ГУРАМ (Ренага яқин келиб). Биродар, айтгинг-чи, Вахтанг ҳақида Помирдан ҳеч қандай янгилик йўқми?
РЕНА. Мен Душанбани тутдим. Бир соат олдин. Улар айтадики… Икки кундан буён альпинистлар билан алоқа йўқ, дейди. Уларни вертолёт билан қидиришаяпти. Лекин тоғда бўрон бўлиб, ҳамма изларни кўмиб ташлабди…
ДАВАР. Э Худо! Вахтанг! Наҳотки у ҳалок бўлса? Йўқ, йўқ…
ГУРАМ. Қайтади. У тирик, ҳеч қандай жароҳатсиз қайтади.
ДАВАР. Э Худо! Вахтанг! Мутлақо ақлимни йўқотиб кўйдим! Йўқ, йўқ… Ойи! Ойим қаерда?
НИНА. Нима, у уйда йўқмиди?
ДАВАР. Билмайман. Ахир, ўзим уйда эмасдим-да. Мен Гурам амакиникида инглиз тилини ўрганаётган эдим.
НИНА. Кечаси-я? Қанақа дарс? Қанақа инглиз тили? Ярим тунда-я!
ДАВАР. Аввал биз машқ қилдик. Кейин Тите амаки келди, сўнгра Гурам амаки иккови пьеса устида ишлай бошладилар. Улар шундай қизиқарли суҳбатлашардики, мен сира ҳам чиқиб кетолмадим…
ТИТЕ. Охири бурчакдаги диванда ўтирганча ухлаб қолди. Эҳтимол, бизнинг суҳбатимиз ҳаддан ташқари мураккаблашиб кетгандир.
ПАВЛЕ. Ана, сенинг ойинг!
Уйдан Сесиль ва Леван югуриб чиқади. Сесиль ички кийимда, елкасига эркакларнинг пиджагини, Леваннинг пиджагини бўлса керак, ташлаб олган. Унинг қўлида ўзининг тугалланмаган портрети. Леван эса пижамада.
СЕСИЛЬ. Ҳаммаларингиз вақтида қочиб улгурибсизлар. Биз бўлсак ҳалок бўлишимизга сал қолди. Чордоқда ўтирган эдим-да. Бу ҳолатда вайронанинг остида қолиб кетишимиз ҳам ҳеч гап эмас. ЯХШИЯМКИ, ер бошқа қимирламади.
ПАВЛЕ. Нимага чордоқдан тушасиз? Қанақа чордоқ ўзи? Сизлар учинчи қаватда яшайсизлар-ку.
СЕСИЛЬ (бақириб). Ҳа, мен учинчи қаватда яшайман. Хўш, нима бўпти?
ПАВЛЕ. Нимага энди ярим кечаси чордоққа чиқиб олдингиз?
СЕСИЛЬ. Вой-вуй, мунча ҳамма нарсага қизиқаверасиз! Эҳ-ҳа, эсим қурсин, сал бўлмаса хаёлимдан кўтарилай дебди, сиз ҳамма нарсани билишингиз керак-ку! Марҳамат, эшитинг! Чордоқда, ўзингиз яхши биласизки, театримизнинг бош рассоми – Леваннинг устахонаси бор. У менинг портретимни ишлаяпти. Уялмасангиз, қаранг. (Тугалланмаган портретни кўрсатади.)
ПАВЛЕ (кўзойнагини тақиб, термилади. Ҳайрат билан). Яланғочми?!
СЕСИЛЬ. Ҳа, яланғоч ҳолда. Яланғоч ҳолдаги натурадан! Бу сизни қитиқлайдими?
(Павле ҳайрат ва ғижиниш билан елка қисади: Сесиль ўша оҳангда давом этади). Сиз бутун ер юзини кезиб чиққансиз, жуда билимдон одам ҳисобланасиз… Аслида эса хотин баданини яланғоч ҳолда кўрганда даҳшатга тушадиган оддийгина бандасиз, холос… Санъат эса унинг олдида таъзим қилади! Сиз билан баҳслашиб ўтиришнинг нима ҳожати бор, барибир – кечаги одамсиз, қандайдир анахронизм…
ПАВЛЕ (портлаб кетади). Мен – анахронизм?! Мен-а, ёшлигини, бутун ҳаётини одамларга, Ватанига бағишлаган одам энди анахронизм бўлдими?!
СЕСИЛЬ. Қанақа ёшлик? У шахдам қадамлар билан илгарилаб кетди, сиз бўлсангиз унинг ортидан соядай эргашдингиз. Ўзингизни кўрсатишга тиришдингиз. Ўзингиздан ўзингиз ватанпарвар ясашга интилдингиз…
ПАВЛЕ. Бунинг нимаси кулгили экан, ҳайронман.
СЕСИЛЬ. Алоҳида имтиёз учун норасида неварангиз сиймосини назарда тутишингизни билганларга, айниқса, бу ойнадек равшан.
НИНА. Муттаҳам! Ярамас! Касал боланинг устидан кулишга ким ҳуқуқ берди сизга?!
ПАВЛЕ. Уятсиз! Бировнинг қайғуси билан ўзининг ахлоқсизлигини бекитади-я.
ТИТЕ. Жим, жим, жим биродарлар! Хўп вақтини, жойини топибсизларда-а тортишишга! Бас қилинглар-э!
ГУРАМ. Бемаъни нарсаларга талашиб ётгандан кўра Ренадан илтимос қилайлик, транзисторини қўйсин. Сўнгги ахборот эшитамиз…
ТИТЕ. Сўнгги ахборот? Ярим кечада-я? Тбилисида? Янгилик-ку!
ГУРАМ. Бўлса-чи? Махсус сони! Зилзила ҳам ҳар тунда бўлавермайди-ку! Рена, мусиқа эшитаяпсанми? Нимага бунча секин?
РЕНА. Секин-да… Чунки менинг канарейкаларим… Улар ана шунақа секин мусиқа эшитиб ухлайдилар.
ГУРАМ. Ҳа-а. Тушунарли… Қарагин-а, улар аллақачоноқ ухлаб қолишибди… Қандай яхши! Рена, азизим, балки Тбилисини эшитиб кўрармиз-а? Балки сўнгги ахборот бериб қолар?.. Қизиқ-да…
РЕНА. Қизиқ… Майли… Эшитиб кўрамиз… (Транзистор қулоғини бурайди).
ДИКТОР ОВОЗИ. Диққат! Диққат! Тбилисидан гапирамиз! Грузин радиоси сўнгги ахборотининг фавқулодда сонини тингланг! Бугун эрталаб соат тўртда Тбилисида зилзила бўлди. Зилзиланинг кучи – беш балл. Вайроналар бор. Қурбонлар йўқ. Ер силкиниши яна қайтарилиши мумкин, шунинг учун махсус рухсат бўлмагунча хонадонларга кирмасликларингизни сўраймиз.
ГУРАМ. Қурбонлар йўқ. Худога шукур!
ПАВЛЕ.Лекин бизнинг уйимиз анчагина тебранди.
СЕСИЛЬ. Менинг эримга раҳмат денглар, бу уйни у ана шунақа мустаҳкам қилиб қуриб берган сизларга!
ТИТЕ. Нима бўлганда ҳам ҳақиқат – ҳақиқат: уйимиз мустаҳкам, хавфсиз. Зилзила нима бўпти, уни пушка билан отсанг ҳам йиқитолмайсан. Сизнинг эрингиз ажойиб бинокор, Сесиль!
СЕСИЛЬ. Бунинг қадрига ким етарди? Ўзи қурган уйдан ўзининг оиласига базўр уч хонали квартира тегди.
НИНА. Жудаям етарли. Жудаям тўғри, адолатли иш. Уйни қурган инженер шу уйдан уч хонали квартира олибди. Нимаси ёмон?! Аслида бу уй Грузиянинг энг яхши актёрлари учун мўлжалланган! Сиз бўлсангиз бу уйдан лоақал бир хоналигини ҳам ололмасдингиз.
СЕСИЛЬ. Ҳали шунақами?! Демак, мен ёмон актриса эканман-да? Айтинг-чи! Ким киму сиз шу гапни айтганингизга ўлайми! Сиз, сиз ўзингиз нимани қойил қилиб ўйнаб қўйгансиз? Патнис кўтариб кириб, овқат тайёр деб чиқиб кетади! Вой-вой-вой, жуда катта роль экан! Катта актриса! Талантдан бир мири йўғу, яна у томонга… Ҳаммаларингиз яхши, эримдан роса фойдаландинглар, энди бўлса… Агар у инсофли, диёнатли одам бўлмаганда ҳаммасига тупурарди, пул топишни кўзларди. Ана шунда кўрардинглар ойлаб на сув, на чироқ бўларди, на лифт ишларди!
ПАВЛЕ. Тўғрини тўғри дейиш керак: бизга ростданам омад кулиб боқди. Аммо сизнинг эрингиз, Худога шукур, вақтида этагини ёпиб олди, ўйлаб кўрди. Энда у пастак-пастак “товуқхона”лар қурмоқда, пули ҳам товуқнинг патидай беҳисоб!
СЕСИЛЬ. Сизга ҳар куни нон бериб турса ҳам бировнинг чўнтагидан кўз узмайсиз? Шундайми? Шўрлик анахронизм!
ПАВЛЕ (қўлтиқтаёғини ўқталади). Борди-ю, яна бир марта бу сўзни ишлатсангиз, кейин мендан хафа бўлманг!
ТИТЕ (уларнинг ўртасига тушади). Яна бошладингларми? Жим, жим энди, уялмайсизларми!
СЕСИЛЬ. Сиз билан қўшни бўлишимдан қўрқитмоқчимисиз?! Хўш, айтинг-чи, ҳурматли зот, нега энди мен қандайдир чордоқда яшашим керак? Наҳотки мен уй шароитимда портретимни чизиш учун рассомни уйимга таклиф қилишга арзимасам? Аммо мен қаерга чақираман? Тўртта кап-катта одам бор-йўғи уч хонали уйда яшасак… (Беҳаёларча қўлини силтайди).
ПАВЛЕ. Тўрт кишига уч хона – нима, сизнингча, бу камми? Бир пайтлар ёшлигимда менинг оиламга икки хонали уй беришганда бошим осмонга етган, дунёда мендан бахтли одам йўқ эди. Унинг устига қишлоғимдан, умуман районимиздан кимки Тбилисига келса, бизникида тўхтарди! Ҳаммага етарди жой!
СЕСИЛЬ. Яна анахронизм! Бизнинг маънавий талабларимиз бўлакча ҳозир, тушунсангиз-чи! Ўтган замон ўтди, сизнинг қарашларингиз ҳам ўтди, энди одамлар ҳаммаси бир кўрпада ётишни истамайди. Биз бошқача яшашни хоҳлаймиз. Энди ҳамма билади – шоҳона квартира-ю шахсий машина керак инсонга!
ПАВЛЕ. Браво! Жамиятимиз тараққиётини ажойиб таҳлил қилдингиз!
СЕСИЛЬ. Қўясизми-йўқми?! Бўлди-да энди! (Гурамга қарайди ва гапириш оҳангини бирдан ўзгартиради). Ҳурматли Гурам, анчадан бери сиз билан бир гаплашмоқчи бўлиб юрибман. Менинг сизга ажойиб бир таклифим бор эди. Шаҳарнинг истаган районидаги биронта яхшироқ уч хонали уйга кўчиб ўтсангиз нима қилади? Айтинг, қаердан хоҳлайсиз?
ГУРАМ (бирданига). Нега энди?
СЕСИЛЬ. Биз сизни хурсанд қилардик. Биласизми, биз сизнинг икки хонали уйингизни ўз квартирамизга қўшиб олардик… Ўйлаб кўринг, сиз ҳам шоҳона яшардингиз, биз ҳам эркинроқ нафас олардик.
ГУРАМ. Шу икки хонали уйим ўзи жуда яхши менга.
СЕСИЛЬ. Сизга яхши, лекин бошқаларни ҳам ҳеч ўйлайсизми? (Гурам ҳайрон бўлиб елка қисади). Хўш, бу уйнинг нимаси яхши? Кутубхонангиз-чи? Ҳадемай қимирлашга жой тополмай қоласиз. Мен доимо у уйдан – бу уйга кўчириб юрганингизни кўрганман-ку!
ГУРАМ. Китоблар ҳеч қачон менга халақит бермайди. Китоблар – менинг бойлигим.
ДАВАР. Уялмайсанми, ойи? Сен фақат ўзингни ўйлайсан! Агар Гурам бошқа жойга кўчиб кетса – даҳшат-ку! Кейин мен нима қиламан?
СЕСИЛЬ. Қаранг-а, қандай қийин аҳволда эканмиз! Бошқа инглиз тили ўқитувчисининг уруғи қуриб кетибди-да.
ДАВАР. Гурам – менинг фақат ўқитувчимгина эмас.
СЕСИЛЬ. Янгилик! Жудаям оғир экан! Ақлимни йўқотиб қўйдим! Отанг тенги одам сенга яна ким бўлиши мумкин?!
ДАВАР. У мен учун ҳамма нарса. У энг олийжаноб, энг қимматли одам. Хира молпарастлар орасидаги ягона ёруғ нур у. Бу уйдан ҳеч қаерга кетмайди, билиб қўй, ойи. Биз ҳам бу ердан сира қимирламаймиз.
СЕСИЛЬ. Мен ҳалиям ҳеч қаерга кўчиб кетмоқчимасман, лекин келажакни ўйлаш керак. Бугун эмас, эртага сенинг ўгай аканг биронта қизни уйга етаклаб келса, унда нима бўлади? Шунча вақтдан бери ўгай ўғил билан бир уйда яшаб келганим каммиди, энди унинг хотини билан ғиди-биди қилиб яшашим қолувдими?!
ДАВАР. Ахир, ҳали унинг хотини йўқ-ку!..
ПАВЛЕ. Шунинг учун Вахтанг Помирга кетиб қолган экан-да. Ана гап қаерда. Ростданам уни бу уйда нима ҳам қизиқтирарди? Отаси бутун умрини жазмани билан айшу ишратда ўтказса, синглиси қўшниси – муаллимникидан чиқмаса, онаси туни билан чордоқда машҳур рассомнинг яланғоч хотин асарига объект бўлишдан бўшамаса… Шўрлик Вахтанг…
ДАВАР. Биз Вахтангни яхши кўрамиз, унинг тақдири ҳақида доимо ташвишдамиз. Буни унинг ўзи ҳам яхши билади.
СЕСИЛЬ. Борди-ю, бирон киши унга қаттиқ теккан бўлса, кўнглига озор берган бўлса, ўша – сиз! Ана шундан безиб, у боши оққан томонга кетиб қолаяпти!
ПАВЛЕ. Эсингиз жойидами ўзи? Нега? Нега бундай дейсиз? Нима учун, қандай қилиб мен унинг кўнглини ранжитаман?
СЕСИЛЬ. Ўзингизни гўлликка солманг! Ҳаммасини жуда яхши биласиз!
ПАВЛЕ. Шуни биламанки, мен Вахтангни яхши кўраман, ўз неварамдай яхши кўраман, Бутун умр унга ғамхўрлик қилдим, у ҳам бир фарзанд каби бу яхшиликларни қайтарди…
ДАВАР. Баракалла! Худди ана шуни айтаяпмиз-да. Шунинг учун ҳам сизга бўлган ҳурмат ва ишончини йўқотди. Сизга бўлган ҳурмати, муҳаббатининг емирилиши унга оғир ботди, қаттиқ таъсир қилди. Бу унинг тезроқ бу ердан чиқиб кетишига сабаб бўлди…
Чироқ ўчади.
Саҳнанинг Сесиль ва Давар турган қисми ёришади. Шу ёруғликка Вахтанг кириб келади. Унинг қўлида қандайдир журнал.
ВАХТАНГ (у жуда қаттиқ ҳаяжонда, ғазаб, балки нафрат билан гапиради). Қайси гуноҳларим учун бу журнал менинг қўлимга тушиб қолди? Бу журнални ўқигунча кўзларим кўр бўлиб қолса бўлмасмиди!
ДАВАР. Нима?! Нима бўлди? Нималар деяпсан, Вахтанг, азизим?!
ВАХТАНГ. Мана… (Журнални ирғитади.) Бу ерда ёзиб қўйипти.. Наҳотки шулар рост бўлса? Наҳотки бувамнинг отилишига Павле сабабчи бўлса?
ДАВАР. Нималар деяпсан, Вахтанг, нималар деяпсан? Ёлғон! Қаердан олдинг бу гапни?!
ВАХТАНГ. Мана бу ердан… Уларнинг ўртоғи бўлган бир кексанинг хотираларидан ўқидим. У Шалва бувам билан Павле ўртасида келишмовчилик пайдо бўлганини, улар қандай қилиб бошқа-бошқа гуруҳларга ўтиб қолганини, кейин Павле ўзининг эски, қадрдон дўстини отишга жўнатганини ҳикоя қилиб берган. Шундай бўлиши мумкинми?! Наҳотки?
СЕСИЛЬ. Мумкин, Вахтанг. Мен буни отангдан аллақачоноқ эшитганман, аммо сенга айтишдан ҳеч қандай фойда йўқ, деб яшириб юрардик. Сен учун Павле олийжанобликнинг намунаси эди. Чинакам тарихий ҳақиқат сенга қанчалар қаттиқ таъсир қилишини биз яхши билардик.
ДАВАР. Балки ҳаммаси бўҳтон, туҳматдир? Эҳтимол, бу гапларни унинг душманлари ўйлаб чиқаргандир?
ВАХТАНГ. Шундай бўлишини мен шунақаям истардимки! Худди шунақа бўлиб чиқиши учун мен ҳамма нарсага тайёр эдим!..
ДАВАР. Мен ҳам, Вахтанг, мен ҳам! Борди-ю… Кел, шунга умид қиламиз… Яхшиси, ҳаммасини унутамиз…
ВАХТАНГ. Йўқ! Бунақа нарсани унутиш мумкин эмас! Биласанми, нима қиламан, мен бутун куч-қувватимни тўплаб, Павленинг ўзидан сўрайман. Ҳар қалай, бор гапни рўй-рост, очиқ айтишга унинг қудрати етади, деб ишонаман.
Чироқ ўчади.
Энда саҳнанинг бошқа бурчаги ёришади. Скамейкада ўтирган Павле ўша журнални ўқимоқда. Бир тутам нур остида Вахтанг кириб келади. Павле жиноят устида қўлга тушгандай саросимада қолади. У журнални қаерга яширишни билмай гангиб қолади, охири очиқдан-очиқ уни бир чеккага ташлайди.
ВАХТАНГ (журнални қўлига олиб бир неча дақиқа жим туради). Павле амаки! Бу ерда ёзилган нарсалар ростми?
ПАВЛЕ (зўрма-зўраки). Рост.
ВАХТАНГ. Нега сен ўзинг менга бу ҳақда гапирмаган эдинг?
ПАВЛЕ. Эплолмадим… Кучим етмади… Шалва – сенинг буванг…
ВАХТАНГ. Сенинг эса ўртоғинг. Сен уни ўлдириб, қолган умрингни қилган жиноятингни оқлашга бағишладингми? Бизларга ўз фарзандингдай меҳрибонлик қилдинг. Шундайми?!
ПАВЛЕ. Қўлимдан келганча…
ВАХТАНГ. Ҳатто мана бу уйдан бизга квартира олишга ҳам ёрдамлашдинг.
ПАВЛЕ. Сизлар менинг ёнимда бўлишларингизни истадим… Сал енгил тортай дедим. Ахир қариб қолдим…
ВАХТАНГ. Ҳеч қандай ғамхўрлик, ҳеч қанақа ёрдам билан бундай гуноҳни ювиб бўлмаслигини тушунмадингми?!
ПАВЛЕ. Тушунардим… Бироқ ҳар қалай ҳаракат қилдим…
ВАХТАНГ. Сизлар эмишган ака-ука бўлгансизлар-ку… Ахир, сен қандай қилиб болаликдан бирга ўсган, бирга катта бўлган, ҳатто бир она кўкрагини эмган дўстингни ўлимга маҳкум этдинг? Бир умрлик қадрдонингни-я… Наҳотки уни асраб қолишга қудратинг етмаган бўлса?!
ПАВЛЕ. Давр шундай эди. Унинг қонунлари, мақсади одамгарчилик туйғуларидан, дўстлик ҳисларидан устун эди.
ВАХТАНГ. Йўқ! Айбни замонга ағдариш осон. Аммо янглишган дўстни кечириш, ҳаётини асраб қолиш мумкин эди-ку. Сен ҳам шундай қилсанг бўларди-ку.
ПАВЛЕ. Мен замон қоидаларига ишонардим, шунинг учун ҳам бошқача йўл тутишим мумкин эмас эди.
ВАХТАНГ. Нега бўлмаса биздан ажралиб кетолмадинг? Ўз манфаатингни ўйлаб, бизнинг оиламиз билан яқинлашмай, биз учун шунча яхшиликлар қилмай кета олишинг мумкин эди-ку?
ПАВЛЕ. Мумкин… Йўқ, мумкин эмасди.
ВАХТАНГ. Сен мен учун инсонийликнинг олий намунаси эдинг, мана энди ҳаммаси барбод бўлди. Эҳтимол, сен бунақа ҳодисани синаб кўрмагандирсан, эҳтимол, ишонч ва садоқатнинг бу қадар емирилишини кўтариш, ҳазм қилиш нақадар оғир эканини тушуниб етолмассан, тасаввур қилолмассан…
ПАВЛЕ. Ҳар қалай, бундай даҳшатли ўлимни тасаввур қила оламан.
ВАХТАНГ. Одамлар ичида мен учун энг яхшиси сен эдинг, мен ишонган ягона одам ҳам сен эдинг. Энди эса назаримда дунё бирданига бўм-бўш бўлиб қолгандай туюлмоқда.
ПАВЛЕ. Олдинроқ ўлиб кетсам яхши бўлар эди… Сен ҳеч нарсадан бехабарлигингда ўлиб кетсайдим… Билганингда эса ишонмаслигингни билардим. Аммо сен, оғир бўлиб, сўзларимни тингла, тушунишга ҳаракат қил. Биламан, сен одил суд бўла олмайсан, чунки гап сенинг буванг ҳақида кет­япти ва бу сенга жуда оғир ботиши, юрагингни ларзага келтириши аниқ. Бу дард бизнинг ўтмишимиз, баъзилари машъум бўлган хатти-ҳаракатларимиз ҳақида одилона хулоса чиқаришга имкон ҳам, куч-қувват ҳам бермайди. Менинг бир нарсадан катта умидим бор: сенинг ўғилларинг, невараларинг бизнинг ўтмишимизни тўғри тушунадилар, одил баҳолайдилар… Мен унга қадар яшамайман, аммо уларнинг одиллигига қаттиқ ишонаман ва уларнинг суҳбатига менинг руҳим доимо тайёр бўлади.
ВАХТАНГ. Бироқ ҳозир сенинг судьянг – менинг дардим, умидларимнинг ҳалокати, йўқолган ишончим, йўқ, биргина сенга эмас, умуман ҳаётга бўлган ишончимнинг барбод бўлиши, тугаши… (Кетади).
Яна чироқ ўчади ва деярли бирдан бутун саҳна ёришади. Саҳнада Сесиль. У каравотда ётибди. Ўрнидан туриб кичкина кўзгуни олади, унга қараб сочларини тўғрилайди. Яна ётади.
СЕСИЛЬ. Вахтанг, шу ердамисан?
ВАХТАНГ (қўшни хонадан). Ҳа…
СЕСИЛЬ. Нима қилаяпсан?
ВАХТАНГ. Китоб ўқияпман.
СЕСИЛЬ. Барака топ, менинг олдимга бир келиб кет. Нимагадир ўзимни ёмон ҳис қилаяпман (Вахтанг кўлида китобни кўтарганча шошилмай киради). Менинг ёнимда ўтир Вахтанг.
ВАХТАНГ (Каравотнинг бир чеккасига омонатгина ўтиради). Сесиль, сенга нима қилди?
СЕСИЛЬ. Нима қилди? Ростданам менга нима бўлди ўзи? Ҳа, аслида ваҳима қиладиган ҳеч нарса бўлгани йуқ. Шунчаки, арзимаган нарсалар… Ёлғизлик… Яқинларимнинг эътибор ва ғамхўрлик қилмасликлари… Кунлар шириллаб ана шундай ўтяпти. Сен бўлсанг мутлақо бепарвосан, мен борманми-йўқманми, сенга барибир, қизиқтирмайди…
ВАХТАНГ (ҳайратда). Ие, нега энди?
СЕСИЛЬ. Гўё мен бу дунёда йўқман. Аслида эса бир уйда яшаймиз. Ахир, мен сенга интилиб, бирон нарсага муҳтож эканимни айтишим мумкинми?.. Сен бўлсанг…
ВАХТАНГ. Сенга бирон нима керакми, Сесиль?
СЕСИЛЬ. Ростданам менга нима етмайди?! Қорним тўқ, уст-бошим бут, яна нима керак одамзодга?! Сенинг отанг ана шундай хулоса чиқаради. Уфқдаги қип-қизил қуёш каби бир кўринади-ю, менга пулни бериб, яна уфқ ортига ғойиб бўлади. Эҳтимол, мен ундан йигирма беш ёш кичиклигимни, менга сув ва ҳаво, кийим-кечакдан бошқа нарсалар ҳам кераклигини, менинг талаб ва истакларимни у мутлақо унутган бўлса керак. Муҳаббат, эркалаш… Мен сенинг ўгай онангман, Вахтанг, аммо унутмаки, мен бу борада ҳали ёшман, сен билан деярли тенгдошман. Бироқ менинг ёлғизлигим, бундан қанчалик изтироб чекишим сенинг хаёлингга келмайди. Олдимга кирмайсан, гаплашиб ўтирмайсан, эркаловчи сўзлар билан кўнглимни кўтармайсан… (Эшик очилади. Остонада – Эка.) Мана ҳозир… Мен ўзимни ғалати ҳис қиляпман, бутун вужудим титраб кетяпти… Яқинроқ кел, Вахтанг… (Вахтанг унга яқинроқ сурилиб ўтиради.) Менга қўлингни бер… Пешонамга қўй… (Вахтанг унинг пешонасига қўлини қўяди, шунда хиёл энгашади, Сесиль уни қучоқлаб олади.)
ВАХТАНГ (портлаб кетади). Сенга нима бўлди! Қўйвор мени… Эсинг жойидами?!
СЕСИЛЬ. Наҳотки кўрмаётган бўлсанг? Наҳотки сезмасанг? Менинг дардимни… тушун. Ахир бу муҳаббат-ку, Вахтанг!
Эка қичқириб юборади. Вахтанг Сесилнинг қучоғидан юлқиниб чиқиб, ўзини четга олади.
ВАХТАНГ. Эка! Сенмисан?! (Эка бир лаҳза қотиб қолади, сўнг юзини қўллари билан бекитиб чопиб чиқиб кетади. Вахтанг унинг орқасидан югуради) Эка! Эка! Тўхта! Шошма!
Чироқ ўчади. Ёнганда Вахтанг Экага етиб олади.
ВАХТАНГ. Эка, шошма! Гапимга қулоқ сол, Эка…
ЭКА. Истамайман! Ҳеч нарса эшитишни хоҳламайман! Алдамчи! Иккиюзламачи! Сотқин!
ВАХТАНГ. Йўқ, йўқ, йўқ! Мен сира ҳам айбдормасман! Эшитсанг-чи, Эка!
ЭКА. Менинг отимни эсингдан чиқар! Ўртамизда ҳеч нарса йўқ! Мен сени билишни ҳам истамайман. Ўгай онанг ёнига бор, уни эркала, тинчлантир, жонига оро кир…
ВАХТАНГ. Ўзингни бос, Эка! Гапимни эшитсанг-чи, ахир! Бу бўлиши мумкин эмас!
ЭКА. Сени кўришга кўзим йўқ! Йўқол! Истамайман!..
Чироқ ўчади.
Саҳнанинг бир чети ёришади. Сесиль ва Эка.
ЭКА. Қандай қилиб шундай бўлиши мумкин… Даҳшат!
СЕСИЛЬ. Ўртамизда ҳеч қачон ҳеч нарса бўлгани йўқ.
ЭКА. Унга энг қийин дамларда у билан алоқани узиш. Ҳозир мен унга жуда ҳам керак эдим. Энг яқин, энг азиз одамингни ўйламай-нетмай кўкрагидан итарсанг… Ҳа, мен, мен, фақат мен уни ҳалокатга итардим! Мен гуноҳкорман, мен!
РЕНА (ёруғ тушиб турган жойга келади). Йиғлама, Эка! Сен гуноҳкор эмассан, мутлақо!.. Айбдор мен… Бор гапни Вахтангга мен айтдим.
Чироқ ўчади.
Яна саҳнанинг бир қисми ёришади. У ерда Вахтанг турибди. Шу ёруғ жойга қўлида канарейка солинган қафас кўтариб Рена киради.
РЕНА. Вахтанг… Сен ҳам ҳали ухламадингми? Мен ҳам ухламайман… Мен чарчадим… Биласанми, Вахтанг, биз Эка билан шаҳар устидан учиб ўтдик.
ВАХТАНГ. Эка билан?!
РЕНА. Учдик… Қучоқлашиб… Бир-биримизни эркалаб…
ВАХТАНГ. Эка билан, а?
РЕНА. Эка билан! Ҳар тунда… Ана кўрдингми, ҳаммаларинг ухлаб қоласизлар, биз эса осмонга учиб кетамиз. Баланд-баландларга. Ердан туриб кўролмайсан. Биз бир-биримизни қучоқлаб, эркалаб учамиз. Кейин ерга қайтамиз… У мени севади. Сен хафа бўлма…
ВАХТАНГ. Мен хафа бўлмайман, Рена.
РЕНА. Ҳавасинг ҳам келмасин… На илож! У сени яхши кўрмайди…
ВАХТАНГ. Нима қилиш керак, Рена, нима қилиш керак! У айбдор эмас!
РЕНА. Мен ҳам айбдор эмасман… У мени севади!
ВАХТАНГ. Сен ҳам айбдор эмассан, Рена.
РЕНА. Шундай бўлса, жаҳлинг чиқмасин… Биздан хафа бўлиб, жаҳлинг чиқмасин, Вахтанг!
ВАХТАНГ. Нимага энди сизлардан жаҳлим чиқар экан, Рена?..
РЕНА. Шунақа… Бўпти, мен кетдим, Вахтанг…
ВАХТАНГ. Хайр, Рена…
Рена кетади.
Эй, Худо, наҳотки жинни одамга ўзини бахтли ҳис қила олиш туйғуси берилган бўлса? Мен нима қилишим керак? Қаерга борай? Севгилимдан айрилдим, дўстларим йўқ… Худди ҳавоси сўриб олинган хонада тургандайман, ҳеч нарсанинг қизиғи йўқ. Ҳеч бўлмаса съёмка ҳам вақтида бошлана қолсайди, тезроқ тугатиб, кета қолсанг! Бошинг оққан томонга кетсанг!
Чироқ ўчади, шу заҳоти яна бутун саҳна ёришади.
ТИТЕ. Нимагадир ишим ҳеч юришмади. Қаноатланмадим. Съёмкани тўхтатдим ва бошқа кунга қолдирдим. Бу билан мен Вахтанг тақдири учун ўзимни айбдор деб ҳисоблайман.
ГУРАМ. Наҳотки, бу муҳаббат можаросига сенинг алоқанг бўлса?
ТИТЕ. Йўқ-йўқ, бу ерда муҳаббатнинг алоқаси йўқ, гап муҳаббатда эмас. Вахтанг Помирга июлнинг охирида – баланд чўққига чиқиш учун энг қулай пайтда кетмоқчи эди. У сафарга тамоман тайёр эди, аммо шу пайтда мен уни ўзимнинг янги фильмимдаги бош қаҳрамон ижросига таклиф қилдим. Ўзимча тасаввур қилиб кўрсам, у худди шу роль ижроси учун туғилгандай туюлди. Бинобарин, мен янглишмагандим, синов аъло даражада ўтди, у гуруҳга киритилди, шартнома тузилди… Биз энди съёмкага жўнаб кетмоқчи бўлиб турувдик, шу маҳал бирдан театрдан сенинг пьесангни қўйишни таклиф қилиб қолишди, Гурам. Қолганини ўзинг мендан яхшироқ биласан. Мен ишга киришиб кетдим, назаримда, дунёдаги ҳамма нарсани унутгандай эдим, студиядан съёмкани уч ой орқага суришни илтимос қилдим, кейин вақт кўп бўлгани учун гуруҳ тарқалиб кетди.
Чироқ ўчади. Бир чекка ёришади. У ерда Вахтанг билан Зевза.
ЗЕВЗА. Ахир сенинг съёмканг қачон бошланади?
ВАХТАНГ. Эрта ё индин бир кунлик съёмкага чиқамиз.
ЗЕВЗА. Шунча кунлар бекор кетди. Аллақачон Помирга етиб борган бўлардик…
ВАХТАНГ. Ана, кўрдингми, бизнинг режиссёримиз келяпти. Эҳтимол, ҳозир айтади қачон бошлашимизни.
ЗЕВЗА. Аниғини сўрамайсанми ундан? Агар ҳали яна чўзиладиган бўлса, ҳаммасидан кечасан, Помирга йўл оламиз, ҳали вақт бор, чўққига чиқиш мумкин.
ВАХТАНГ. Нима, ҳали кеч эмас дейсанми? Мен ишонмайман. Қўйсанг-чи! Мен ҳаммасини ёддан биламан.
Зевза чиқади, Тите кўринади. (Бироз тантана билан.)
Салом бердик, ҳурматли уста!
ТИТЕ. Салом, Вахтанг! Мен сени қидираётган эдим. (Ёнма-ён ўтиради). Биласанми, кутилмаганда оёқ остидан бир иш чиқиб қолди, ҳаммаси бирдан ўзгариб кетди. Энди фильмнинг ишини бироз тўхтатиб туришимга тўғри келяпти.
ВАХТАНГ. Шунақами? Анчага чўзиладими?
ТИТЕ. Уч ойдан ошмаса керак. Гурамнинг пьесасини тезда қўяман. Иложи борича тезлаштираман, балки уч ойга ҳам чўзилмас. Кейин фильмни суратга олишни бошлайман. Биласанми, сен ҳам спектаклда иштирок этишингни мен жудаям хоҳлаяпман. Менимча, сенга мос ажойиб бир роль бор.
ВАХТАНГ (бироз паришонхотир). Арзирмикан? Кўзим етмайди… Яхшиси, фильмдаги ролимга тайёргарлик кўриб юраман. Ҳар қалай, бош роль… Афсуски, режанинг ўзгариб қолганини менга жуда кеч айтдинг. Мен Помирга олдинроқ кетган бўлардим. Альпинист дўстларим қачондан бери кутишяпти мени.
ТИТЕ. Лекин ҳали ҳам кеч эмас-ку.
ВАХТАНГ. Йўқ, энди сал бўлса ҳам кечикдим. Баланд чўққига чиқиш учун энг қулай вақт ўтиб кетди, энди ҳаво айнийди… Майли, ҳечқиси йўқ, менинг дўстларим бақувват, чўққига чиқамиз. Ҳатто бу қизиқарлироқ бўлади…
ТИТЕ. Ҳар ҳолда сен пьесани бир ўқиб чиқишингни истаяпман-да.
ВАХТАНГ. Бажонидил.
ТИТЕ. Ма, ол. Ўқиб чиқ, кейин фикрингни айтарсан.
Чироқ ўчади.
Яна саҳна тўлалигича ёришади.
ДАВАР. У пьесани бир ўтиришдаёқ бошини кўтармай ўқиб чиқди. Ўқиб чиқди-ю, ҳаловатини йўқотди. Фақат шу ҳақда гапиради, нима тўғрисида гап кетмасин шу пьесага олиб келиб боғлайверади. Ҳаяжонланар, тўлқинланар, ёзувчи билан баҳслашарди. Ниҳоят, ўзи Гурам билан гаплашишга қасд қилди.
Чироқ ўчади.
Бир чекка ёришади. Гурам китоб ўқиб ўтирибди. Эшик қўнғироғи жиринглайди.
ГУРАМ (китобдан бош кўтармай). Киринг! Эшик очиқ.
Вахтанг киради.
ВАХТАНГ. Кечирасиз, халақит бермадимми?
ГУРАМ. О, Вахтанг! Сизни кўрганимдан хурсандман! Ўтиринг…
ВАХТАНГ. Сиз бўлсангиз ўқиганингиз ўқиган…
ГУРАМ. Ўқийман, Вахтанг, нима ҳам қилай! Дунёда яхши китоблар шунчалик кўпки, уларни ўқиб чиқишга умринг етмайди! Инсон вафотидан кейин ҳам қанча-қанча яхши китоблар ёзилади, уларни лоақал кўриш насиб этмаслигини ўйласанг, алам қилади.
ВАХТАНГ. Ҳали “Илоҳий комедия”, “Дон Кихот”, “Фауст”, “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” яратилмаган ўша қадимги даврларда одамлар қанчалар маънавий қашшоқ бўлган эканлар, а… Шекспир трагедиялари яратилгунча-чи… Аммо мен бугун сиз билан узоқ ўтмиш ҳақида ёхуд сирли келажак ҳақида суҳбатлашмоқчи эмасман. Мен сизнинг пьесангизни ўқиб чиқдим.
ГУРАМ. Хурсандман. Хўш, у ҳақда қандай фикрдасиз? Сизнинг мулоҳазаларингиз мен учун жуда қимматли.
ВАХТАНГ. Яхши пьеса, аммо баҳсли жойлари анчагина.
ГУРАМ. Албатта! Ўзим ҳам шунга ҳаракат қилганман. Менимча, одамларда турлича фикр уйғотган, уларни лоқайд қолдирмаган, олдинга силжишга ёрдам берган асарларгина ҳаётий бўлади…
ВАХТАНГ. Нима ҳам қилардик, у ҳолда ҳеч нарса демайман. Мен айтган воқеаларни сиз бошқача ўйлагансиз… Сизнинг умуман ҳеч қанақа чўққи йўқ деган фикрингизга мутлақо қўшилолмайман.
ГУРАМ. Аслида ҳаяжонланишга арзимайди. Сиз альпинизм билан қизиқишингизни яхши биламан, аммо сизга очиғини айтай, мен пьесада мутлақо тоғ чўққиларини назарда тутганим йўқ.
ВАХТАНГ. Мен ҳам шундай деб ўйлагандим. Сиз кескин ҳаётий вазиятларни назарда тутгансиз ва ихтиёрсиз равишда ўзингизни ўзингиз алдагансиз. Сизнингча, одам чўққига ундан тушиш учунгина чиқади. Сиз чўққини хонангиздан кўрасиз, чўққиларни машаққатлар билан забт этилгандаги ҳаяжон ва хурсандчилик нақадар улуғвор, тотли эканлигини тасаввур ҳам қила олмасангиз керак.
ГУРАМ. Аммо мен сира ҳам альпинистларни назарда тутганим йўқ. Пьесамдаги чўққилар жамиятида содир бўладиган кўз илғамас довонлар ва хавфли дамларнинг рамзи, холос. Уларни забт этиш одамлар учун ғоят машаққат, ҳатто қурбонлар талаб қилади. Бироқ маълум вақтлардан кейин улар мутлақо арзимас, ҳаттоки кераксиз бўлиб қолади. Ҳай, майли, рамзийликни бир чеккага қўяйлик-да, реал масала хусусида гаплашайлик. Сиз, тажрибали альпинистнинг фикрича, сизга қувонч келтирадиган кўплаб чўққиларни забт этиш бир қанча ажойиб йигитларнинг ҳалок бўлишига арзийдими? Мана шу нарсалар уларнинг ҳаётини қурбон қилишга ярайдими? Энг яхши ҳолларда уларнинг ногирон бўлиб қолишига арзийдими?
ВАХТАНГ. Ҳозир мен сизга буни тушунтириб беришга ожизман. Чунки бу синовлар, чўққини забт этишлар кишига қанчалик қувонч бахш этишини сиз билмайсиз, тасаввур ҳам қилолмайсиз. Мен ўша чўққилардан оламга қараганимда, ишонасизми, ўзимни қандай бахтли, кучли ҳис қиламан.
ГУРАМ. Бундай туйғу ҳаммага ҳам насиб этавермайди… Эҳтимол, бундай туйғуни жамият ҳаётида иши бошидан ошиб ётган, мўъжизакор кучга эга бўлган одамлар ҳам ҳис қила олар. Улар озчиликни ташкил қиладилар… Аммо ўша туйғуни ҳис қиладиганлар чинакам қимматга эгамикан? Ҳар қалай, бу индивидуализмга яқин бир нарса… Бу бизнинг фалсафамизга тўғри келмайди…
ВАХТАНГ. Илгари сиз бошқача фикр юритардингиз. Сиз шоир эдингиз, сизнинг шеърларингиз, ҳа, сизнинг шеърларингиз менинг қалбимда чўққиларга интилиш туйғусини жўш урдирган эди…
ГУРАМ. Эҳтимол, аммо… Энди мен шеър ёзмайман… Шундай юксак ҳақиқат бор: ҳаётда ҳеч нарса боқий эмас. Одамлар ҳам, уларнинг яшаш тарзи ҳам… Менинг пьесам – кекса одамнинг ўйлари, унинг умидсизланиши, сўнаётган умидлари. Аслида сиз уни ўқимасангиз яхшироқ бўларди. Айниқса, чўққига кўтарилиш олдидан. Ўз моҳиятига кўра бу жасорат, жасоратга тайёргарлик кўраётган одам шубҳа тўрига илинмаслиги керак…
ВАХТАНГ. Эҳтимол, сиз ҳақдирсиз, балки турли шубҳалар мени қийнаётгандир. Лекин мен уни енгаман, яна бир юксак чўққини забт этаман, бундан фақат битта мақсадим бор: ўзимни ўзим ишонтиришим, аввало, ўзимга ўзим исбот қилишим керак. Лекин сизга ўхшаган сершубҳаларга, ҳурматли Гурам, шуни айтаманки, фақат юксак чўққиларни эгаллашгина инсоният ҳаётини, кишилик тарихини безайди. Чўққиларни забт этиш қувончи дунёдаги ҳамма қувончлардан кўра устунроқ, юксакрокдир!

ИККИНЧИ ҚИСМ

Ўша зина. Ўша одамлар. Бесик билан Нина пиллапояда ўтирганча ниманидир ўқимоқда.
ТИТЕ (Бесикнинг берилиб ўқиётганини сезиб). Нима ўқияпсан. Бесик?
БЕСИК. “Зилзила”даги ўз ролимни-да.
ТИТЕ. Шунақами?! (Ўгирилиб қарайди.) Сен нима ўқияпсан, Нина?
НИНА. Гурамнинг пьесасини. Ер қимирлаган пайтда у менинг қўлимда эди.
ТИТЕ. Тушунарли! (Бироз жим қолади). Менга қара, Гурам, менда ажойиб бир идея бор!
ГУРАМ. Хўш? Яна нима?
ТИТЕ. Барибир, ҳали-бери уйимизга қайтиб киролмаймиз. Вақтни ўтказиш керак, ундан кўра фойдали иш қилайлик… ҳам зерикмаймиз…
ГУРАМ. Масалан?
ТИТЕ. Репетиция қиламиз. Асосий ижрочилар шу ерда, улар қачондан бери сени репитицияга таклиф қилиш орзусида эдилар. Менимча, сенга ҳам фойдали бўлади.
ГУРАМ. Албатта-да! Қачондан бери сендан илтимос қиламан-ку шуни. Чала ишлар, нималар қилиш кераклиги, қаерини тузатиш лозимлиги репетиция жараёнида аниқ кўзга ташланади. Мен хурсанд бўлардим.
ТИТЕ. Ажойиб идея! (Қарсак чалади). Жаноби актёрлар, яқинроқ келишларингизни илтимос қиламан! (Артистлар унинг атрофига тўпланишади). Менимча, биз Гурам билан ёмон нарсани ўйламадик, бу узоқ вақтни зерикарсиз ўтказиш чорасини кўришимиз керак эди. Шу муддатда “Зилзила” пьесасини репетиция қилиб ўтирсак қалай бўлади? Сизлар нима дейсизлар шунга?
ОВОЗЛАР. Нима ҳам дердик!
– Ақлли иш! Вақтни бекор ўтказгандан кўра…
– Ишлаймиз!
– Ажойиб!
ТИТЕ. Менимча, ҳамма ўзининг ролини ёддан билади?
РАТИ. Кимники сўзи оз бўлса, албатта, у билади ёддан.
ТИТЕ. Ваҳима қиладиган жойи йўқ! Менда пьесанинг тўлиқ варианти бор. Нинада ҳам, Бесикда ҳам бор экан. Етади шу. Энг муҳими, репетиция­да муаллифнинг ўзи иштирок этади. У бизга катта ёрдам бериши мумкин.
БЕСИК.Аммо баъзи ижрочилар йўқ…
ТИТЕ. Уларнинг ролини Гурам билан мен ижро этамиз. Давар билан Павле ҳам ёрдам бериши мумкин. Оммавий саҳналарни ҳаммамиз биргаликда ижро этамиз. Баъзи нарсалар, албатта, шартли равишда бўлади… Келишдикми? Демак, бошласак бўлади.
ҲАММА. Бошладик, бошладик!
ТИТЕ (қўлёзмани ўқийди). “Саҳнада бир-бирига осилиб турган тоғ чўққилари билан ўралган тартибсиз қурилган уйлар”. Менга қара, Леван, эшитаяпсанми? Тасаввур қилгин-а? Бу ҳақда сен билан гаплашганмиз. Саҳна лойиҳаси Шатилини эсга солсин. Сен Шатилида бўлгансан, чоғи?
ЛЕВАН. Шатилида ҳам, Доғистонда ҳам, Чечен-ингуш овулларида ҳам бўлганман…
ТИТЕ. Баракалла. Бошқа нарсанинг кераги йўқ. Тоғ чўққиларидаги бир-бирини сиқиб, бир-бирининг устидан осилиб турган уйларни кўрганмисан? Биласанми, бир уйнинг томи унинг юқорисидаги уй учун ҳовли вазифасини ўтайди. Жуда бетартиб. Шундай тасаввур қолдирсинки, у ерда жуда кўп одам бир жойга тўпланиб яшайди. Ер қимирлаши билан улар – эркаклар ва аёллар, болалар ва кексалар – ини бузилган аридек, бақириб-чақириб ташқарига оти­лади. Демак, бундай! Диққат! Ер силкинди… Бошладик! Сизлар зинадан югуринглар. Уйлар ағанаяпти, устларингга тошлар қулаб тушяпти. Вайроналар остидан инграшлар, қичқириқлар эшитилади… Қани! Қани! Қани!
ҲАММА. Ёрдам беринглар! Ёрдам беринглар! Қутқаринглар! Сув! Ёрдамга!
БЕСИК (Ратига). Ҳозир бажарасан, акс ҳолда мутлақо керак эмас! Бир дақиқани ҳам бекор кетказмаслик керак! Қаҳр ва ҳаяжоннинг чегараси йўқ, бу машъалани иложи борича кучлироқ пуфлаб ёндириш керак. Оёққа турганларни тўппа-тўғри шоҳ саройига бошлаб бориш керак!
РАТИ. Бир соат занг чалдим. Халқ оёққа турди, улар йўлда учрайдиган ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтишга тайёр! Уларни олдинга бошлаймиз!
БЕСИК. Одамлар! Қулоқ солинг, одамлар! (Зинадан юқорига югуриб чиқади).
Атрофга халойиқ – шу уйда яшовчилар тўпланишади. Вайрона тагида қолганларни тортиб олишга ёрдам беришади.
Қачонгача чидашимиз мумкин, одамлар?! Кучли зилзиладан бери ҳали орадан икки йил ҳам ўтгани йўқ, не-не азоблар билан тикланган уйларимиз яна қулаб тушяпти, бизни босиб қолаяпти.
ОДАМЛАР ОҚИМИДАН ОВОЗЛАР. Оҳ, болаларим!
– Сизлар билан бирга ўла қолсам бўлмасмиди!
– Бундай ҳаётдан тўйдим!
БЕСИК. Биз ҳалок бўламиз! Бизни йўқ қилишади-ю, биз индамаймиз! Нега? Қачонгача?!
ОВОЗЛАР. Қанча чидаш мумкин?
– Қаердан мадад кутиш мумкин?!
БЕСИК. Мен қачонлардан бери сизларни гуллаб-яшнаган мамлакатга чорлайман! Тоғ ортида у, у ерда на зилзила, на сув тошқини бор.
ОВОЗЛАР. Қани, қаерда ўша мамлакат?
– Бундай яшашга бошқа тоқатимиз йўқ!
– Қаер ўнғайроқ бўлса, ўша ёққа кетишга тайёрмиз!
БЕСИК. Бу ерда қолиш мумкин эмас. Бу ернинг тупроғи одамзод яшаши учун мўлжалланмаган. Ҳар йил бир офат: ё сув тошқини, ё зилзила. Гуллаб-яшнаган ўлка йўлини мен биламан, ўзим бошлаб бораман у ерга сизларни. У мамлакатда бир йилда икки марта ҳосил олинади. Серҳосил ерларни бўлиб оламиз, ҳаммамиз биргаликда ишлаймиз, буғдой экамиз, узум етиштирамиз. Ҳеч қандай ваҳимаю даҳшатларсиз, бой-бадавлат яшаймиз!
ОВОЗЛАР. Биз бахтли бўламиз!
– Йўлга чиқишга тайёрмиз!
БЕСИК. Бу йўл тўғри, унчалик узоқ ҳам эмас, аммо шуниси ёмонки, шоҳ ва унинг малайлари йўлимизни катта тўсиқлар билан бекитиб ташлаган.
ОВОЗЛАР. Йўқолсин шоҳ!
– Шоҳга ўлим!
БЕСИК. Улар одамлар суягидан барпо этилган саройларда яшашади. Бу саройларни уларга биз қуриб берганмиз, шундай мустаҳкамки, ҳеч қанақа зилзила зарар етказолмайди, ўзимиз бўлсак, оч-яланғочмиз, қийноқдамиз, харобалар остида яшаймиз.
ОВОЗЛАР. Йўқолсин шоҳ!
– Саройларга ўт қўямиз!
БЕСИК. Сизнинг азобларингиз уларни заррача ҳам ташвишга солмайди, уларга сизнинг кучингиз, ишчи қўлларингиз керак, улар ҳар қанақа йўл билан бўлмасин, сизларга яшнаган ўлкага чиқиб кетиш учун имкон бермайди. Биз уларнинг ҳукмидан озод бўлишимиз керак. Бунинг учун саройларни эгаллаш, шоҳни, вазирларни ўлдириш, уларнинг бойлигини тенг бўлиб олиб, бизни бахт-саодат кутаётган ўша яшнаган ўлкага тезроқ кетишимиз керак.
ОВОЗЛАР. Золимларга ўлим!
– Бизга раҳми келмаганларга шафқат қилмаймиз!
БЕСИК. Қўлларингизга қурол олинглар-да, менинг ортимдан юринглар! Машъала ёқинглар! Саройларга ўт қўямиз!
ОВОЗЛАР. Шоҳга, унинг малайларига ўлим!
– Бизнинг душманларимизга, бизга азоб берувчиларга ўлим!
Машъалалар ёқилади, кетмон, занжир, белкурак билан қуролланган халойиқ олдинга интилади.
ТИТЕ. Эътибор бер, Леван! Кейинги саҳналарда қўзғолон бошлиқлари бошқалардан ажралиб туриши керак! Уларни қандай кийинтириш лозимлигини ўйлаб кўр. Бошлиқларнинг ҳатто бош кийимлари ҳам диққатни тортадиган бўлиши зарур. Балки ўткир учли шлемлар кийгизиш керакдир?
ЛЕВАН. Ўйлаб кўраман, Тите. Қадимги ашёлардан бирон нарса қидириб топаман…
ТИТЕ. Бу оломонни бир тасаввур қилиб кўр-а? Қуролсиз, ялангоёқ, оч халқ вакиллари. Улар саройни забт этиш учун ҳужум қилмоқда, қўлида кетмон, калтак – хуллас, дуч келган нарсани кўтариб чопаверган. (Қўлёзмани ўқийди). “Саҳна орқасидан ур-йиқит, калтаклаш шовқини эшитилади. Саҳнадан сарой қоровуллари югуриб ўтишади, улар қўзғолончиларни таъқиб қилиб юришибди”.
Бесик кўринади. Унинг ортидан “қўзғолончилар гуруҳи” югуриб келади.
БЕСИК. Шоҳ билан маликага, бутун олий табақага, айниқса, эҳтиёт бўлинглар. Шоҳнинг жамики уруғ-аймоғини, яқинларини қалъага қаманглар. Ҳамманг саройдан чиқ-да, ўт қўй, токи улар суяк-суякларигача ёниб адо бўлсин. Бош жиноятчилар майдонга олиб чиқиб осилсин! Бирон тирик жон қолмасин! Ҳеч қандай раҳм-шафқат қилинмасин! Мутлақо аялмасин!
РАТИ. Болаларни, кексаларни нима қилайлик?
БЕСИК. Ёшу кекса – барчасига ўлим! Душманга зиғирча ҳам шафқат йўқ! Кимки душманга раҳм қилса ўша жойда қатл этилади! Ҳамма эшитсин буни! Бошқалар учун ўзи қурбон бўлади!
ТИТЕ (ўқийди). “Нато киради…” Натони ким ўйнайди?
НИНА. Мен, Тите.
ТИТЕ. Хўш, марҳамат. Кир… Фақат жонлироқ, ҳаётийроқ! Эшитдингми, ҳаётийроқ чиқсин! Сен қўзғолондан руҳланган аёлсан! Ҳаяжон кучли бўлиши керак сенда! Ҳар бир сўзингдан, ҳар бир ҳаракатингдан ҳаяжонланаётганинг сезилиб турсин.
БЕСИК. Нато! Сенмисан! Мен сени топдим? Тирикмисан?! Қандай ажо­йиб, қандай бахт! (Уни қучоқлаб олади). Амалга ошдими? Биз ғалаба қилдик! Золимлар ағдарилди, халқ шод-хуррам!
НАТО (НИНА). Мен хотин-қизлар отрядини бошқараман. Биз саройга қилинган ҳужумда иштирок этдик. Қўзғолончилар орқасидан бориб, ярадорларга ёрдам бердик, ярасини боғладик.
БЕСИК. Мен сенинг бу қадар жасурлигингни билмас эканман! Мен доимо Нато яхши парваришда ўсган, ундан халқ бахти учун бирон-бир жасорат кутиш қийин, деб ўйлардим.
НАТО (НИНА). Кураш алангаси менинг юрагимга ҳам чўғ ташлади. Аммо сен қўзғолон етакчиси бўлмаганингда мен бу жангда иштирок этмасдим. Сизнинг сафингизга мени муҳаббат олиб келди.
БЕСИК. Раҳмат, сенга, Нато. Бироқ шуни эсингдан чиқарма, халқ бахтли бўлмагунча биз ҳам бахтли бўлолмаймиз. Бизнинг бахтимиз – умумхалқ бахтининг кичик бир қисми. Ана шу бахт одамларни яшнаган ўлкада кутяпти. Биз уларни ўша жойга бошлаб боришимиз керак.
НАТО (НИНА). Биз уларни, албатта, бошлаб борамиз, Бесик! Мен ҳамиша сен билан бирга бўламан.
Ўпишади.
БЕСИК (ундан узоқлашиб). Жанг ҳали тугагани йўқ, мен жангда бўлишим керак! (Чопиб кетади).
ТИТЕ (ўқийди). “Ҳовлиққанча, қичқириб Кетеван кириб келади”. Сен чиқасан, Сесиль!
КЕТЕВАН (СЕСИЛЬ). Ниҳоят, сени топдим, Нато! Худога шукур, сени топдим! Ялинаман, бир иложини қил! Шалвани қутқар!
НАТО (НИНА). Унга нима бўлди?
КЕТЕВАН (СЕСИЛЬ). Шалва қўлга тушди. Уни осишмоқчи.
НАТО (НИНА). Агар у халққа қарши курашган бўлса, албатта, осишади.
КЕТЕВАН (СЕСИЛЬ). Нима дединг?! Эсингни йиғ, Нато!
НАТО (НИНА). Уни қўзғолончилар суди суд қилади. Агар уларга қарши курашган бўлса, демак, у – халқ душмани. Халқ уни жазолайди.
КЕТЕВАН (СЕСИЛЬ). Сен бунга йўл қўясанми, Нато?! Ахир икковинг ҳам битта кўкракдан – менинг кўкрагимдан сут эмгансан-ку!
НАТО (НИНА). У шоҳнинг ёнини олиб жанг қилди.
КЕТЕВАН (СЕСИЛЬ). У сенга ака қатори яқин эди-ку!
НАТО (НИНА). Мен уни ўз акамдай севар эдим, аммо халққа бўлган севги барча севгилардан кўра устунроқ!
КЕТЕВАН (СЕСИЛЬ). Нима, сен уни ўлдиришларига розимисан?!
НАТО (НИНА). У бизнинг душманимизга айланиб, ўзини ўзи ўлимга маҳкум этди.
КЕТЕВАН (СЕСИЛЬ). Унга раҳминг келсин, Нато! Фақатгина сен уни сақлаб қолишинг мумкин! Бесикдан илтимос қил! Ахир улар болаликдан ўртоқ эди-ку!
НАТО (НИНА). Дўст бўлишган эди… Ҳозир эса – ашаддий душман!
КЕТЕВАН (СЕСИЛЬ). Аммо сен… сен… Бирга ўсдиларинг… Сен уни сақлаб қолишинг мумкин. У ўлимга маҳкум этилган, сен бўлсанг унга ёрдам бергинг келмайди.
НАТО (НИНА). Мен бор гапни айтдим!
КЕТЕВАН (СЕСИЛЬ). Шалвани осишадию, сен томоша қилиб ўтирасанми?!
НАТО (НИНА). Агар у шу жазога лойиқ бўлса… Мен қўзғолончиларни тўхтатолмайман. Унинг учун Бесикдан илтимос қилолмайман.
КЕТЕВАН (СЕСИЛЬ). Бу сенинг охирги сўзингми?
НАТО (НИНА). Халқ бахти учун курашиш қурбонсиз бўлмайди!
КЕТЕВАН (СЕСИЛЬ). Лаънат сенга, малъун! Сенга берган оқ сутим заҳар бўлсин!.. Тирноққа зор бўлиб ўт, томиринг қурисин! Жувонмарг бўлаётган менинг ўғлим каби сенга ҳам бу дунёнинг нурлари, яхшиликлари, қувончлари насиб этмасин! Барча ҳаракатларинг самараси, илоё, сароб бўлиб чиқсин! Сен ҳам, ўша Бесикинг ҳам болалари роҳатини кўрмасин!..
НАТО (НИНА). Мен гапларингни эшитмаяпман’ Истаганингча бақиравер! Сенинг қарғишларинг бир пул! (Кетади).
КЕТЕВАН (СЕСИЛЬ). Ҳозирдан бошлаб бир умр лаънат сенга, малъун, ярамас!
ТИТЕ (қарсак чалади). Яхши! Шу ерда биринчи кўриниш тугайди. Бир неча дақиқа саҳнада чироқ ўчади. Воқеа яна олдинги жойда давом этади. Бесик ва унинг сафдошлари чиқади. Марҳамат!
РАТИ. Ҳаммасини осдик! Шоҳ билан малика “олдин бизни ўлдиринглар, болаларимизнинг ўлимини кўрмайлик”, деб ялинишди. Аммо биз уларга қулоқ солмадик.
БЕСЕК. Сизлар чинакам қаттиққўллик кўрсатдинглар!
РАТИ. Кичик маликани ота-онаси кўзи олдида осдик. Малика ҳушидан кетиб қолди, кейин уни осадиган жойга судраб олиб боришга тўғри келди.
БЕСИК. Қалъага бекиниб олганлар-чи?
РАТИ. Уларни ўша жойдаёқ уриб ўлдирдик.
БЕСИК. Асосий айбдорлар-чи?
РАТИ. Улар майдонга олиб чиқиб осилди.
БЕСИК. Шалва-чи? Шалва нима бўлди?
РАТИ. У ҳаммадан кўпроқ тўполон қилди. Мен унга, Шалва, сенга охирги марта айтаяпман, қайт бу йўлдан, гуноҳингни тан ол, Бесикдан кечирим сўра, дедим.
БЕСИК. У нима деди?
РАТИ. Уми? У менинг юзимга туфлади-да, бутун майдонни бошига кўтариб бақирди: “Бесик – босмачиларнинг бошлиғи. Улар ўз мамлакатини ҳалок қилади! Ундан кечирим сўраш мен учун ўлим!”
БЕСИК. У ҳамиша шунақа ўжар.
РАТИ. Йигитлар ундан бошқа гап ололмадилар.
БЕСИК. Ўзидан кўрсин. Нима ҳам қилардик.
НАТО (НИНА). Уни эсингдан чиқар, Бесик. У сенинг афсус чекишингга арзимайди. Сен жудаям чарчагансан, уч кундан бери кўз юммайсан. Қанча куч йўқотдинг. Бироз ётиб, дамингни ол. Ухлашга ҳаракат қил. Мен чодирда сенга жой солиб қўйдим.
БЕСИК. Алла айтиб бер менга, Нато!…
Нато (Нина) алла айтади. Улар бир-бирини қучоқлаганча чиқиб кетади. Қўлтиқтаёғини ўқталиб Павле олдинга чиқади.
ПАВЛЕ. Тўхтатинглар! Илтимос қиламан! Бир дақиқа тўхтанглар!
ТИТЕ. Нима бўлди? Нима гап ўзи?
ПАВЛЕ. Муаллифга менинг эътирозим бор.
ГУРАМ. Қулоғим сизда.
ПАВЛЕ. Аввало шуни чуқур қайғу билан таъкидламоқчиманки, сизнинг пьесангизда бугунги замонга шаъма қилинганга ўхшайди.
ГУРАМ. Нималар деяпсиз? Мен мутлақо буни ўйлаганим йўқ…
ПАВЛЕ. Ҳамма гап шунда-да! Яхшилаб ўйлаб кўриш керак эди, ҳурматли драматург! Айниқса, фактларни таҳлил қилаётганда. Ҳар бир киши ўзи ўйлаган, тасаввур қилган нарсасини ёзишга ҳаққи бор, аммо ҳақиқатни, воқеликни бузиб кўрсатмаслик керак.
ГУРАМ. Сиз нимани назарда тутяпсиз?
ПАВЛЕ. Сабр қилинг. Фикримни айтиб олишга халақит берманг. Сиз менинг ҳаётимдаги фактларни олибсиз.
ГУРАМ. Нималар деяпсиз, ахир?
ПАВЛЕ. Ахборотингиз учун ҳаммаси худди ана шундай бўлган эди, айни вақтда жудаям унақа эмас. Қўзғолондан кейин биз турли лагерларга тушиб қолдик. Мен масъулиятли бир участка учун жавобгар эдим… Ҳа, қўзғолонга қарши чиққан дўстимнинг ҳаётини сақлаб қолишим мумкин эди. Лекин у бу ҳақда менга илтимос қилмади, натижада мен ҳам уни ҳимоя қилмадим. Унинг отилиши ҳақидаги буйруққа имзо чекдим, аммо бу ишни сизнинг қаҳрамонингиз каби осонгина бажарганим йўқ. Мен учун бу жуда қийин, оғир қадам эди. Бу воқеа менинг қалбимни қаттиқ эзарди. Сиз асарингизда дўстимнинг ҳаёти, болаликдан бирга ўсган ўртоғимнинг ҳаёти мен учун оддийгина хас-хашакчалик қадрга эга эмас, деб тасвирлагансиз. Шу инсофданми?..
НАТО (НИНА). Менга эса, ҳурматли драматург, яна ҳам аёвсизроқ ёндашгансиз. Сизнинг хоҳишингиз билан мен ўзимнинг сут эмишган акамнинг ўлими ҳақида ўта совуққон, қотилларча лоқайдлик билан гапираман… Онамнинг юраги юрак эмас, гўё тош. У тирик аёлдан кўра барча инсоний туйғулардан маҳрум роботга ўхшайди…
ГУРАМ. Ҳеч нарса тушунмаяпман! Бу ерда сизнинг онангизнинг нима алоқаси бор?
НИНА. Нима алоқаси борлигини жуда яхши биласиз. Қайтариб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Сиз бу эпизодни бизнинг оиламиз ҳаётидан олгансиз. Ҳатто исмларини ҳам ўзгартирмагансиз. Отамнинг дўстининг исми ҳам Шалва бўлган…
ГУРАМ. Онт ичаман, бу шунчаки тасодифий ўхшашлик. Ҳозироқ ўзгартираман уни.
ПАВЛЕ. Ҳаммаси тасодифий ўхшашлик экан-да! Бизнинг оиламиз ҳаётидаги фактлардан фойдаланасизу яна ҳеч ким англамайди, деб ўйлайсизми? Ҳамма – кимки, бизнинг оиламизни билса…
ГУРАМ. Онт ичаман, бу хаёлимга ҳам келган эмас! Мутлақо сизнинг оилангизни назарда тутмаганман! Сизнинг оилангизнинг, ўзингизнинг ҳаётингиздан мутлақо бехабарман! Ишонинг! Бордию, менинг қаҳрамоним билан ҳаётингизда қандайдир яқинлик, ўхшашлик кўрсангиз, бу – менинг айбим эмас! Шунчаки ўхшаш вазиятлардан бири, холос. Ҳамиша, ҳар қандай қўзғолонларда бир-бирига яқин одамлар баррикаданинг турли томонларига ўтиб қолишган…. Турли томонларига… Мана шу ҳолатда содир бўладиган трагедиялар, табиийки, бир-бирига жуда ўхшайди… Шунинг учун бу ерда сизнинг мутлақо дахлингиз йўқ…
ТИТЕ. Адибимиз чинакам ҳақиқатни айтаяпти. Одатдаги драматик вазият – ўзаро душман бўлган лагерларга тушиб қолган дўстларнинг муносабати акс эттирилган, холос. Муаллиф ҳеч қандай кинояни назарда тутмаган. Бу қўзғолон бизнинг эрамиздан олдин содир бўлган… Бу қўзғолон билан бизнинг давр ўртасида қандай ўхшашлик бўлиши мумкин?! Мен бундай нарса ҳақида ўйлашнинг ўзи ортиқча, деб биламан.
НИНА. Шундай ҳам дейлик, майли. Ўхшашлик ёки киноя ҳақида гапирмай қўя қолайлик. Лекин қўзғолон етакчилари, хотин-қизлар образларига эътибор беринг. Улар жамики меҳрдан, инсоний туйғулардан маҳрум… Қалб ва қиёфадан жудо бўлган қандайдир жонсиз суратга айланиб қолган…
ТИТЕ. Мана бу ҳақда муаллиф билан баҳслашиш мумкин.
ГУРАМ. Бу ҳақда ҳам баҳслашишга ўрин йўқ! Бундай кескин курашларда қўзғолон бошлиқлари беихтиёр фанатизмга берилиб кетганлар. Хотин-қизлар эса бундай пайтда эркаклардан кучсиз, ожиз эмасликларини кўрсатиш, исботлаш учун ҳаракат қилганлар. Бу уларни ниҳоятда қаттиққўл бўлишга мажбур қилган.
ТИТЕ. Баҳсни тугатайлик. Репетицияни давом эттирайлик. Навбатдаги кўринишда Бесикнинг даъватига кўра одамлар ўз юртини ташлаб, яшнаган ўлкага йўл оладилар. Улар узун, эгри-бугри тоғ йўли орқали тепага кўтариладилар. Бугунги шароитда биз зинапоядан фойдаланамиз. Аммо спектаклда, Леван, бу кўриниш олдингиларидан мутлақо фарқ қиладиган декорация талаб қилади.
ЛЕВАН. Мен уни, назаримда, тасаввур қилаяпман: эгри-бугри, жуда хавфли тоғ йўли. Чўққилар. Гўё одамзод унга сира ҳам чиқолмайди, унинг охири йўқдай.
ТИТЕ. Эҳтимол… Эҳтимол…
ЛЕВАН. У тобора юқорига кўтарилиб борса-да, тораймайди, аксинча, кенгайиб боради.
ТИТЕ. Бу ерда муаллиф назарда тутган қандайдир маъно бор…
ЛЕВАН. Икки томонда ҳам тубсиз дара.
ТИТЕ. Сизиф қаердан келади?
ЛЕВАН. Ана шу тубсиз дарадан. У қояларга тирмашиб, тепаликка чиқиши керак, кейин яна ўзи қулатган тошлар ортидан пастга тушиши лозим.
ТИТЕ (Гурамга). Мана шу ерда эртакнинг реал воқелик билан тенглаштирилишини таъминлайдиган нимадир ўйлаб топиш зарур. Сизиф – афсонавий персонаж, Худога хиёнат қилгани учун жазолашган уни. У шундай ҳаётга маҳкум этилганки, тоғ чўққисига жуда катта тошни тўхтамай олиб чиқиши ва шу заҳоти уни пастга, энг қуйига итариб юбориши керак. Ана шу ҳаракатни тинимсиз такрорлаши зарур. Сизиф тепага чиқиб, пастга тушиб, бекордан-бекорга куч сарфлайди, қора терга ботади. Сизнинг қаҳрамонларингиз – яшнаган ўлкага йул олганлар – жуда оддий одамлар. Афсонавий Сизиф билан уларнинг реал дунёси ўртасида қандай ўхшашлик кўрасиз?
ГУРАМ. Сизиф – инсон кучининг маънисиз сарфланишининг рамзидир. Маълумки, уни ҳаётнинг бемаънилигини кашф қилган қадимги юнонлар ўйлаб топишган. Ҳаётнинг маъно ва мақсади бўлиб кўринган барча нарсалардан ҳафсаласи пир бўлади. Сизифнинг ғояси, менимча, барча буюкларни, жамики ижодкорларни хижолат қилади. Бутун умр курашни, меҳнатни севган ҳақиқий ижодкорнинг шубҳа ва жасорати бу хижолатни енгиб ўтади. Машаққатли йўл билан яшнаган ўлкага бораётган бизнинг қаҳрамонларимиз ҳам Сизиф образидан фарқ қилади. Йўқ, йўқ, ҳаммаси ҳам эмас. Фақат юрагида шубҳа уйғонганларигина ажралиб туради. Дастлаб воқеани нариги дунёда кечадиган қилиб тасвирлаш ҳақида ўйлаган эдим. Қўзғолончилар дўзахнинг дарвозасини бузиб, жаннатга кириб боришлари керак эди. Аммо мен мистикани унча ёқтирмайман, шунинг учун воқеани реал ҳаётга кўчирдим. Мана, воқеа бизнинг гуноҳкор еримизда ўтади.
ТИТЕ. Сен янглишмагансан. Актёрларни ҳам, томошабинларни ҳам ҳаётий воқеа кўпроқ қизиқтиради. Сизиф атиги бир неча сўз айтади, аммо бу ролнинг аҳамияти жуда катта. У пьеса қаҳрамонлари барча хатти-ҳаракатларининг ичида бўлади… Сизиф ролини кимга топширган эдик?
БЕСИК. Ёш студиячига. У бу ерда йўқ, бошқа уйда яшайди.
ТИТЕ. Биламан, биламан. Сен бизга ёрдам берасан, Леван. Келмай қолган актёрнинг йўқлигини билдирмайсан. Матн катта эмас, ёдлаб оласан. Тош ўрнига Сесилнинг портретини кўтариб ол. Тушунарлими… Диққат! Бошладик. (Қўлёзмани ўқийди). “Саҳнада яшнаган ўлкага бораётган одамлар билан тўла қоядаги лагерь. Ҳув нарида қўйлар ўтлаб юрибди. Йўловчиларнинг баъзилари балиқ тутадиган тўрдан дарра ясамоқда. Ҳамма ўз иши билан банд. Лагернинг ўртасида Бесик ва унинг сафдошлари”.
БЕСИК. Биз шоҳлар ва катта ер эгалари ҳокимиятини ағдариб ташладик. Халқимиз озодлик ва бахтга эришди. Асрлар давомида бир ҳовуч оқсуякларнинг ихтиёрида бўлган бойликлар адолат билан камбағалларга бўлиб берилди. Одамлар қаддини ростлади, эркин нафас олмоқда. Энди орамизда эзувчи ҳам, эзилувчи ҳам йўқ. Бизнинг қонунимиз, озод, меҳнаткаш халқнинг қонуни – ана шундай. Бу биз учун ҳамма нарсадан кўра устунроқ! Одамлар бизнинг ортимиздан дадил келмоқдалар, биз тўғри йўлдан кетаётганимизга улар ишонадилар! Биз яшнаган ўлкага албатта етиб борамиз, у ерда инсониятнинг бахт ҳақидаги асрий орзуси рўёбга чиқади.
РАТИ. Ҳа, халқ биз билан, биз тарафда. Аммо душман сира тинчимайди, улар ҳар хил, янгича фитналар билан бизга дўқ-пўписа қилади. Буни сира унутмаслигимиз керак.
БЕСИК. Фитначилар йўқ қилинди! Энди ҳеч ким бизнинг йўлимизни тўсолмайди!.
РАТИ. Уларнинг вазифаси – одамларни йўлдан уриш. Фитначилар соф қалбли одамлар юрагига шубҳа ва ишончсизлик уруғини сепади.
НАТО (НИНА). Машаққатли йўлда ҳар қандай оғирлик, қийинчилик бўлиши мумкин. Душманларимиз бизга қарши курашишнинг турли воситаларидан фойдаланади. Улар одамларга биз яшнаган ўлкага бораётганимиз ёлғон, деб иғво қилади.
ТИТЕ. Шу ерда гапга шубҳаланувчилардан бири қўшилади. Бироқ бу ролнинг ижрочиси ҳам ҳозир йўқ. Балки сен ёрдам берарсан, Гурам? Ишонаманки, сўзларингни ёддан биласан.
ГУРАМ. Ҳар қалай, билсам керак.. (“Лагерга” кириб боради. “Дара”га қарайди. “Тоқ”қа тирмашиб чиқиб бораётган Сизифни кўради.) Эй, ким у?
СИЗИФ (ЛЕВАН). Мен – Сизифман.
ШУБҲАЛАНУВЧИ (ГУРАМ). Тошни қаерга олиб боряпсан?
СИЗИФ (ЛЕВАН). Мен уни энг баланд чўққига олиб чиқишим керак.
ШУБҲАЛАНУВЧИ (ГУРАМ). Нима учун?
СИЗИФ (ЛЕВАН). Пастга ташлаб юбориш ва унинг орқасидан яна тушиш учун.
ШУБҲАЛАНУВЧИ (ГУРАМ). Агар тош яна пастга итариб юбориладиган бўлса, шунча меҳнат сарфлаб тепага олиб чиқишнинг нима кераги бор?
СИЗИФ (ЛЕВАН). Чўққини ундан яна қайтиб тушиш учун забт этилади – ҳаётимизнинг бош ғояси ана шундан иборат. Бошқача айтганда, қайтиб тушмайдиган баландлик йўқ.
ШУБҲАЛАНУВЧИ (ГУРАМ). Демак, биз ҳам қайтиб тушишимиз керак экан-да?
СИЗИФ (ЛЕВАН). Бўлмасам-чи?! Йўл тоғнинг тепасида тўхтайди, орқага қайтиб тушишдан бошқа йўл йўқ.
ШУБҲАЛАНУВЧИ (ГУРАМ). Эшитяпсизми, одамлар?! У нима деганини эшитдингларми?! Биз чўққини не-не азоб-уқубатлар билан забт этамизу дарҳол қайтиб тушишимиз керак эмиш. Бошқа йўл йўқ экан. Эшитяпсизми, одамлар?
РАТИ. Ана у! Эшитдингми, бошлиқ? Шубҳа уруғини ана шундай сепади, ишончни ана шундай йўқотади!
БЕСИК. Қўрқоқ ва ишончсиз бу одамни дарҳол тутинглар! У бизга халақит беради! У бизга душман!
Шубҳаланувчини ўраб олишади, кейин қўлини боғлайди.
ШУБҲАЛАНУВЧИ (ГУРАМ). Нима, сизлар Сизифнинг гапларини эшитмадингларми? Ростдан ҳам унинг овозини эшитмадингларми? Нима, одамлар кар бўлишини, улар ҳақиқатни эшитишини истамайсизларми?! Сизлар биргина мени қўлга олдинглар, аммо Сизифнинг гапини ҳамма эшитди! Ҳаммани ушланглар, қўлини боғланглар бўлмаса! Аммо ҳақиқатни қўлга туширолмайсизлар, уни занжирбанд қилолмайсизлар, халқ барибир уни тушуниб етади, англайди.
БЕСИК. Ўчир овозингни! Олиб чиқинг уни! Бундайларга раҳм қилиш – халққа хиёнат демакдир. Халқ душманларига ўлим!
ТИТЕ (ремаркани ўқийди). “Шу маҳал қаердандир узоқдан отилган ўқ Бесикнинг кўкрагига тегади”.
БЕСИК (кўкрагини ушлайди). Э Худо! Мени отишди! Ўлдиришди мени!
НАТО (НИНА) (унга ташланади). Бесик! Ёрдам беринглар! Табиблар қани?!
РАТИ. Табибни келтиринг! Зудлик билан! Ҳамма йўллар тўсилсин. Бу фитна! Даралардан келадиган барча йўллар бекитилсин! Шубҳа туғдирадиган ҳамма чодирлар ёндирилсин!
БЕСИК. Алвидо, дўстларим! Мен ғалабага ишонч билан кўз юмаман… Олға! Бизнинг йўлимиз – энг тўғри, нурафшон йўл. У яшнаган ўлкага олиб боради! Мени ўйламанглар, йиғламанглар ҳам… Мени баланд кўтариб ҳалиги қўшиқни… шоҳ саройига бостириб борганимизда айтган қўшиғимизни айтинглар!..
Кўкрагидан “қон оқаётган” Бесикни бир неча қўл баланд кўтаради. Қўшиқ янграйди.
ТИТЕ. Яхши, яхши! Қўшиқни жиддий ўрганишимиз, машқ қилишимиз керак. Бу кўриниш ана шундай тугайди. Кейинги саҳна ҳам тоғда, аммо йўлнинг бошқа қисмида давом этади. Бу ерда иккита янги персонаж бор. Уларни сафарнинг Биринчи ва Иккинчи иштирокчиси, деб атаймиз. Иккинчиси мен бўламан, Биринчисини… (Атрофга разм солади. Қувониб кетади). Биринчисини сен ўйнайсан, Бесик. Ахир сен энди бўшсан-ку.
БЕСИК. Мен бироз чарчадим… Аммо нима ҳам қилардик. Текстни беринг… (Ўқийди.) “Халқ етиб келмоқда, озиқ-овқат етмай қоляпти. Биз яшнаган ўлкага яқинлашяпмиз. Душманларимизнинг қаҳр-ғазаби ҳамон шиддатли, кескин. Улар бизни ўраб олишни мўлжалламоқда. Улар бизга бирдан ташланиш учун қулай вазиятни қидираяпти”.
РАТИ. Начора, ҳаммасига тайёр туришимиз керак! Зарба берамиз! Сўзсиз шундай қилиш лозим, акс ҳолда бутун ҳаракатларимиз чиппакка чиқади. Биз шунинг учун қудратлимизки, яшнаган ўлкага боряпмиз. Бизнинг йўлимиз ишончли ва тўғри, уни Бесик кўрсатиб кетган.
ТИТЕ (ўқийди). “Иккинчи қатнашчи чиқади”. Мен эдим, а? (Йўталиб олиб, Рати билан ёнма-ён туради.) Кеча кутилмаган воқеа рўй берди. Олдинда кетаётган отряд айри йўлга келиб, энди қайси йўлдан бориш ҳақида тортишиб қолди. Баъзилар ўнг қўлдаги йўлдан борамиз деса, бошқалар чап томондаги йўлдан юрамиз, деди. Туни билан тортишиб чиқишди. Эрталаб айрилишда иккита ёзув пайдо бўлиб қолибди: “Сўлга юрсанг – ҳалок бўласан!”, “Ўнгга юрсанг – ҳалок бўласан!” Ҳориган, аммо ғазаби қўзиган одамлар мазмунсиз баҳслашарди. Бир-бирини айблар, сира келишолмас эди… Оқибатда, сўз ўрнига қўл ишга киришди, муштлашиш, ур-йиқит бошланди…
РАТИ. Биз ўнгга ҳам, сўлга ҳам юрмаймиз. Фақат олға! Бесик йўлидан олға! Бошқа йўл йўқ!
ТИТЕ (ўқийди). “Биринчи қатнашчи чиқади”. Сенмидинг, Бесик?
БИРИНЧИ (БЕСИК). Тревога! Ҳамма бу ёққа келсин! Душман ҳужумга ўтди! Улар бизнинг мудофаа тўсиқларимизни бузиб ўтиб, бу ёққа бостириб келмоқдалар.
РАТИ (“қилич” суғуради). Душманга ўлим! Жангга! Халқ учун! Муқаддас тупроғимиз учун!
ТИТЕ (ўқийди). “Дарада қуролланган душман қисмлари кўринади. Улар қоялар бўйлаб тепага кўтарила бошлайди. Қаттиқ жанг бошланади”.
РАТИ (кўкрагини ушлаб йиқилади). Биродарлар! Мен ўламан! Бўш келманг, азизларим! Душманни янчинг! Йўқ қилинг, тугатинг уларни! Яшнаган ўлкага элтувчи бу тўғри йўлдан оғишманг!
ТИТЕ. “Шу ерда бир лаҳзагина чироқ ўчади. Чироқ қайта ёнганда биз яна лагерни кўрамиз. Бу кўринишни шубҳаланувчи бошлайди”. Сенмисан, Гурам!
ШУБҲАЛАНУВЧИ (ГУРАМ). Шу топда улар мени эслаб қолишди. Менинг тажрибам, лашкарбоши сифатидаги санъатим уларнинг ёдига тушган. Мени бандиликдан озод қилиб, қўмондонликни зиммамга олишни буюришди. Ҳал қилувчи жангда душманни тор-мор қилишга эришдик, бу билан мен халқимга бўлган садоқатимни яна бир бор исботладим.
ИККИНЧИ (ТИТЕ). Адолат тантана қилди, хатолар тузатилди, сен ҳам ўз ҳуқуқингни қайта тикладинг. Яна нима керак?! Одамлар дам олаяпти, ярадорлар даволаняпти, яшнаган ўлка томон юриш давом этади.
ШУБҲАЛАНУВЧИ (ГУРАМ). Наҳотки, сизлар Сизифнинг овозини эшитмаётган бўлсаларингиз?
ИКККИНЧИ (ТИТЕ). Ҳеч қанақа Сизиф йўқ. Фақат сенга шунақа туюл­япти, холос.
ШУБҲАЛАНУВЧИ (ГУРАМ). Сизга нима бўлган ўзи, одамлар?! Қулоқларингиз эшитмаяпти, кўзларингиз алдаяпти. Наҳотки, бир жойда туриб чопаётганларингизни кўрмаётган, сезмаётган, билмаётган бўлсангизлар? Наҳотки, қачондан бери лоақал бир қадам ҳам олдинга силжимаганларингизни билмайсизлар?
ИККИНЧИ (ТИТЕ). Фақат душмандангина шундай сўзларни кутиш мумкин! Фақат кўзи кўр одамгина бизнинг олдинга қараб улуғвор юришимизни кўрмаслиги мумкин! Биз аллақачоноқ сув тошқинларини, зилзилаларни унутиб юборганимиз озлик қиладими..
Кутилмаганда ер силкинади. Саҳна айланиб кетади. Одамлар вақтинча ўтириб турган жойларидан югуриб чиқадилар.
ТИТЕ. Бу ерда ҳам ижрочиларни ўзгартириш керак. Биринчи яшовчи сен бўласан, Бесик. Сен ахир яна бўшсан-ку. Рати, сен ҳам бўшадинг, иккинчи яшовчи бўласан. Бор-йўғи икки-уч оғиз гап, холос.
БИРИНЧИ (БЕСИК). Ер қимирлаяпти!
ИККИНЧИ (РАТИ). Қаттиқ-ку! Зилзила! Яна одамлар жонсиз қоладилар!
БИРИНЧИ (БЕСИК). Қурбонсиз ўтиб кетса, кошкийди…
ИККИНЧИ (РАТИ). Олдимизда ҳали шундай оғир, машаққатли йўл турибди-ю, аммо ҳамон зилзиладан қутулолганимиз йўқ… Наҳотки, бу офат доимо бизни тарк этмаса?
БИРИНЧИ (БЕСИК). Яшнаган ўлкада зилзиладан қутуламиз, деб ўйлайсизми? Аслида эътибор беринг-а, биз мўлжалдаги тепаликка чиқиб бўлдик. Энди пастга қайтиб тушишимизга тўғри келади.
ПАВЛЕ. Ҳурматли муаллиф ва режиссёр, такрор кечирим сўрайман, аммо барибир сизларнинг фикрларингизни яна бўлишга мажбурман. (Олдинга чиқади). Менимча, биласизларми, яшнаган ўлкага бориш учун жуда қизиққан, курашган одамларнинг кўзлаган чўққига етмасдан тўхташи, баҳслашиши, бир жойда туриб югуриши, кейин юқорига кўтарилиш ўрнига пастга тушиши – буларни кўрсатишдан ҳеч қандай мазмун йўқ. Ўйлаб кўринглар, чўзиб юбормадинглармикан? Яшнаган ўлка борлигига ва унга ўша ягона йўл билан бориш мумкинлигига халқ чинакам ишонса – ана шу руҳ билан спектакль якунланса, қандай бўлар экан?
НИНА. Зилзилани инсон ҳаётига ҳамиша йўлдош бўлувчи арзимас нарса сифатида талқин қилиш тўғри бўлармикан? Бу пьесада зилзила – халқнинг доимий, қочиб қутулолмайдиган бир рамзи. Одамларни бунга ишонтиришга уриниш шартми?
ПАВЛЕ. Одамлар қачондан бери олдинга силжимаслиги, аксинча, бир жойда ер тепиниб туриши ҳақида ўйлаб кўрмаслигини тасвирлаш фикри тўғрими? Ахир яшнаган ўлка, агар сизларни тўғри тушунган бўлсам, фаровон ҳаёт ҳақидаги орзу, инсоният идеали… Шундайми?
ТИТЕ. Кечирасиз, сўзингизни бўламан… Жуда қизиқарли мулоҳаза, бироқ сиз пьесани тўлалигича билмайсиз-ку. Унинг мазмуни жуда мураккаб. Чўққига интилиш муаллиф назарида ҳаётийликдан узоқ, етиб бўлмас орзу. Шунинг учун бу орзу йўлидаги курашу қурбонлар ҳам, унинг фикрича, мазмунсиз бир нарса.
ПАВЛЕ. У ҳолда ҳурматли режиссёр, инсониятнинг орзуси, мақсади йўқми? Демак, тараққиёт ҳам йўқ?! Шундайми?! Шундай бўлса жамиятдаги барча ривожланишлар тўхтаб қолар эди-ку. Ундан ташқари, бизнинг ҳаётимиз ўз маъносини, гўзаллигини йўқотган бўлар эди…
Чироқ ўчади.
Саҳнанинг бир чети ёришади. Помир тоғи чўққиларидан бирининг қоясида Вахтанг билан Зевза ўтирибди. Зевза радиоаппаратура билан овора.
ВАХТАНГ. Нақадар гўзал! Ана чўққи! Фақат ўша ерда мен ўзимни инсон сифатида ҳис қиламан! Ҳатто ундан ҳам юксакроқ!..
ЗЕВЗА. Забт этилди! Бу чўққи ҳам забт этилди! Мен бу ҳақда аллақачон маълумот бердим. Улар билан алоқамиз узилиб қолганида қўрқиб кетишибди. Бизнинг ортимиздан қутқарувчи гуруҳ йўлга тушибди. Бугун иккинчи кунки, вертолёт бизни қидиряпти.
ВАХТАНГ. Мен унинг шовқинини эшитдим. Аммо вертолёт эканини билмадим, менга шундай туюляпти, деб ўйладим. У бизнинг устимиздан ўтиб кетди. Бундай туманда бирон нарсани кўриб бўлармиди.
ЗЕВЗА. Нима ҳам қилардик! Қайтамиз энди. Ҳаво айниб қолмасин, деб қўрқаман.
ВАХТАНГ. Қайтамиз?
ЗЕВЗА. Албатта. Фақат тезроқ, қара, ҳаво айний бошлаяпти.
ВАХТАНГ. Истамайман.
ЗЕВЗА. Баҳсга ўрин йўқ. Агар ҳаво бузилиб қолса, кейин ўзимизга қийин бўлади.
ВАХТАНГ. Чўққига ундан яна пастга қайтиб тушмоқ учун чиқадиларми?
ЗЕВЗА. Бўлмаса нима қилиш керак? Ёш болаларнинг саволини берасан-а?!
ВАХТАНГ. Мен яна ҳам юқорига чиқмоқчиман! Юксак-юксакларга кўтарилгим келяпти!
ЗЕВЗА. Аммо бундан юқорида ҳеч нарса йўқ. Нима, Худонинг ҳузурига бормоқчимисан? Лекин бизнинг йўлимиз битта – пастга, одамлар олдига бориш. Қариндош-уруғлар, дўсту биродарлар олдига. Улар бизни тантана билан кутиб оладилар, ахир биз ғолиблармиз!
ВАХТАНГ. Авваллари қайтиб бориш туйғуси мени ҳаяжонлантирар, шодлантирар эди… Аммо энди… У ёқда мени кутадиган ҳеч ким йўқ…
ЗЕВЗА. Қандай бемаъни гаплар!
ВАХТАНГ (унга қулоқ солмайди). Сен йиғлайсан, Эка, сен жуда ҳам қаттиқ йиғлайсан. Сенга қийин бўлади. Сенга раҳмим келади. Лекин булар ўтиб кетади, кўз ёшларинг қурийди… Шунда мени севишдан кўра соғиниш осонроқ бўлади сенга…
ЗЕВЗА.. Сени ҳамма кутяпти, ҳамма хурсанд бўлади! Ана кўрасан, бизни қандай шоду хуррамлик билан кутиб олишади.
ВАХТАНГ. Қулоқ сол, Зевза! Менинг қайтгим келмаяпти! Мен Сизиф бўлишни истамайман! Гурам ҳақ бўлиб чиқишини хоҳламайман! Унинг фикрича, биз чўққига ундан қайтиб тушиш учунгина чиқамиз… У хато қилади! Мен юқорига кўтариламан, янги-янги чўққиларни забт этаман. Кўз илғамас… Бундан ҳам қийин чўққиларга чиқаман…
ЗЕВЗА. Ўзингни бос, Вахтанг. Иссиғинг кўтарилганга ўхшайди. Шунақаси бўлади…
ВАХТАНГ. Қайтамизми? Кимнинг олдига? Кимни хурсанд қилиш учун? Нима учун?!
ЗЕВЗА. Нима бўлганда ҳам оёғингни совуққа олдирмаслигинг керак. Бўл, тезроқ тушайлик. Сен врачга кўринишинг даркор. Бу тоғ касаллиги.. Шунақа бўлади ўзи…..
ВАХТАНГ (Зевзани итаради). Ўзинг кетавер! Мен шу ерда қоламан!
ЗЕВЗА. Янгилик-ку! Яна нима қилмоқчисан?!
ВАХТАНГ. Шундай пайтлар бўладики, одам ёлғиз, тамоман ёлғиз қолгиси келади…
ЗЕВЗА. Бўл, тезроқ пастга тушайлик! Жинни бўлма!
ВАХТАНГ. Мен энди ҳеч қаёққа бормайман, Зевза! Тушунсанг-чи, ахир! Ўзинг қайтиб кетавер, бир-биримизга халақит бермайлик… Одамлар бир-бирига халақит беради – улар жуда кўпайиб кетди. Ерда фақат Одам Ато билан Момо Ҳаво яшаганида инсоният чинакам бахтли эди..
ЗЕВЗА (Вахтангнинг томирини ушлаб кўради). Иссиғинг бор, Вахтанг. Ҳозир тортишадиган вақт эмас, аммо барибир айтаман: одамлар бир-бирини севади, бир-бирига ёрдам беради… Шундай қилмаса нима бўлади, ахир?! Юр, кетдик, Вахтанг!
ВАХТАНГ. Балки сен ҳақдирсан, менинг иссиғим кўтарилиб кетди… Музлаб қолиш нима, биласанми? Қаттиқ маст бўлган одамдай бош гарангсиб қолади, одам ҳеч нарсани, ҳатто оғриқни ҳам сезмайди. Мен худди ана шундай аҳволда ўлишни истар эдим… Бўронда, ҳеч нимани сезмай, ҳеч нарсадан қўрқмай, энг юксакликда ҳалок бўлиш…
ЗЕВЗА (куч билан Вахтангни судрайди). Кетдик! Тезроқ юр! Тезроқ!
ВАХТАНГ (Зевзанинг қўлидан чиқади). Нима ҳам қилардик, кетдик! Тушамиз пастга! Етиб ол!
Бўрон зўраяди. Унинг ичида Вахтанг билан Зевза турли томонга югуриб кетади.
ЗЕВЗА. Вахтанг! Қаердасан, Вахтанг!
ВАХТАНГ. Эҳе-ҳей! Зевза!
ЗЕВЗА. Қаердасан, Вахтанг?! Секинроқ юр! Эҳтиёт бўл!..
ВАХТАНГ. Қийин жой. Қозиқча қоқишга тўғри келади… Мустаҳкамлаш…
ЗЕВЗА (қозиқ қоқилишининг овозини диққат билан тинглайди). Қаттиқроқ қоқ, Вахтанг! Шошилма! Шошилма! Ушламай қолмасин, чиқиб кетиши мумкин.
ВАХТАНГ. Мустаҳкам, мустаҳкам! Ушлайди! Бундай таваккалчилик биринчи марта эмас-ку… Мен тушяпман! (Жарликка сакрайди).
Зевза унинг овози келган томонга югуради.
Жарлик ёқасида тўхтайди.
ЗЕВЗА. Вахтанг! (Энгашиб жарликнинг музлаган қирғоғини кузатади, муздан чиқиб турган қозиқчани олади). Бунинг қоқилганига ишониб бўлмайди… Шугина уни кўтара олармиди? Вахтанг! (Жон-жаҳди билан бақиради.) Вахтанг…
Чироқлар ўчади. Яна бутун саҳна ёришади.
Яна ўшалар: Гурам ва Тите, актёрлар – Гурам пьесаси қаҳрамонларининг ижрочилари, баъзи бир тасодифий томошабинлар. Ҳаммаси Ренанинг транзисторини эшитмоқда.
ЗЕВЗА ОВОЗИ. Менга шундай туюляптики, у ўлимини қидирган экан. Ҳавонинг очилишига ҳеч қандай умид қолмаганида қайтишга кўндиришга ҳаракат қилдим… Хавфсизлик қоидасига риоя қилмади… Мен билан бирга кетмасликка интилди… Пастга қайтиб тушишни мутлақо хоҳламади. Унинг кучи олдида менинг йўқ бўлиб кетишимга сал қолди. Пастга қараб шундай тез югурдики, мен чангини ҳам кўролмай қолдим… У ҳамиша қорли чўққиларда ҳалок бўлиш нақадар гаштли, деб такрорлар эди… Мана, ўша жойларда мангу қолди… (Овоз ҳўнграб йиғлаш билан узилади.)
ДАВАР (йиғлаб). Худойим! Акажон! Вахтанг!
ЭКА. Вахтанг! Менинг Вахтангим!
ТИТЕ. Тенгсиз актёр эди… Келажаги ёрқин эди… Бордию мен съёмкани бошлаганимда, эҳтимол, бу воқеа рўй бермасди.
ПАВЛЕ. Энди нима қилдик… Ҳаммамиз ҳам айбдормиз!
ГУРАМ. Аммо ҳаммадан кўпроқ, назаримда, мен айбдорман.
РЕНА. Ҳамма!.. Мен… Энди мен… Мендан бошқа ҳеч ким Вахтангни қутқаролмайди! Мен! Мен учаман! Помир музликларига учаман!.. Одамлар уйқудан уйғонгунча қайтиб келаман. Вахтанг билан! (Бир қўлига қафасни, иккинчисига транзисторни олиб кетмоқчи бўлади).
ТИТЕ. Қаерга борасан, Рена?
Рена бирдан тўхтайди.
ГУРАМ. Нима қиляпсан, Тите? Нима керак? Қўй, бораверсин…
ТИТЕ. Қаерга? Яна бу билан ҳам бирон кор-ҳол рўй бермасин.
ГУРАМ. Унга ҳеч нарса қилмайди. Майли, борсин. Майли, осмонда жуда баландларга, узоқ-узоқларга учиш мумкинлигига, тоғлардан Вахтангни топиш мумкинлигига ишонсин. Агар ҳаммамиз ҳам орзунинг мавжудлигига ишонганимизда эди… Бу қандай яхши, қандай зарур. Тасаввур билан яшашга эришиш!
ТИТЕ. Бизга нима халақит беради?
ГУРАМ. Воқелик, шиддатли воқелик… Ҳаёт ҳақиқати ва орамиздаги унинг қулига айланиб қолганлар…. Менга ўхшаб на эртакка, на орзуга ишонадиганлар… Ишончлиси шуки, бу ҳақиқатни бошқаларга ҳам етказиш, кўзини очиш – уларнинг бурчи… Жуда кўплаб одамларнинг кўзини очиш… Одамзод фақат бир хил воқелик учун туғилмаган-ку… У жуда бой. Унинг умидлари, тасаввурлари, ҳатто кўр-кўрона ишончи бўлиши мумкин, аслида у ҳамиша, ҳамма жойда кўзини очиши, эҳтиёт бўлиши шарт ҳам эмас… Нима ҳам қилардик, одамлар Ренага, унинг соддадиллик билан ўзини ўзи алдашига, ақлсиз қувончларига ишонмайдилар. Аммо ўшалар – ишонмовчи одамларнинг қайси жиҳатлардандир Ренага ҳаваси келади. Бўлмаса, нега улар, айтайлик, вино ичишади? Гарчи озгина фурсатга бўлса-да, ўзи яшаб турган воқеликдан узоқлашиш, ундан халос бўлиш учун эмасми? Бир лаҳзагина бўлса ҳам ўйлардан қутулиб,хаёл билан яшаш истаги туфайлимасми? Одамларни ишониш, орзу қилиш қобилиятларидан маҳрум қилиб, ўзларининг ўша тор, қашшоқ имкониятлари билан чеклаб қўядиганлар жиноятчилар эмасми? Тиланчига унинг ҳақиқий тиланчи эканлигини ишонтиришга уринганлар наҳотки, ўғри бўлмаса?.. Мен бундан кейин одамлар қалбига шубҳа уруғини сочишга, эртакларга бўлган ишончни сўндиришга сира йўл қўймайман… Одамлар, яшнаган ўлкага ишонинглар! Ҳақиқий чўққилар борлигига ишонинглар! Сиз уларни забт этишга қодирсиз! Ишонинглар! Бу ажойиб! Шунда сиз бой ва кучли бўласиз…
ТИТЕ. Тушунсанг-чи, олдинроқ бўлганда бошқа гап эди. Балки ҳамма ҳам бизнинг уйда яшовчилардай бўлса – уларнинг тақдири бошқачароқ кечармиди…
ГУРАМ. Эҳтимол! Аммо ҳозир ҳам кеч эмас-ку, тўғрими, Тите! Мен пьесамни ўзгартираман, унинг хулосасини бошқача қиламан. Майли, унда қувонч ва умид туйғулари баланд янграсин. Одамлар яна ҳам юксакликка чиқишни, яшнаган ўлкага боришни давом эттирсинлар… Майли, улар ўзлари учун чинакам тўғри йўл маълум эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилсин. Орзуга ишонувчиларни ишончини йўқотганлар, ишончсизлик ҳалокатига ботганлар эмас, балки ўзлари бунга қаттиқ, астойдил ишонганлар ҳал қилсин.
ТИТЕ. Балки Павле ҳақдир, уни келажак авлод чинакам ҳал қилар?
ГУРАМ. Эҳтимол, ҳақдир. Агар ҳаммамиз ҳар бир хатти-ҳаракатимизда келажак ҳақида, келажакдаги ҳакамларимиз ҳақида ўйлашга куч топа олсак, биз сал бўлса-да, бахтли бўлар эдик. (Ренага яқин боради, унинг қўлидан транзисторни олади). Буни бизга қолдириб кет, Рена. Учишингга халақит беради.
РЕНА. Майли! Қолдираман. Фақат қўйиб бераман, бўлмаса…
ДИКТОР ОВОЗИ. …Қайтараман: Зилзила энди такрорланмайди. Ер бошқа қимирламайди. Уйларингизга киришларингиз мумкин. Уйларингизга киришларингиз мумкин.
ГУРАМ. “Ер бошқа қимирламайди… Зилзила энди такрорланмайди…” Янги пьесамни шундай деб атайман.
ТИТЕ. Бўпти, бўлмаса, ишга кириш. Муваффақият сенга. Фақат тезроқ бўл, репетицияни расво қилмагин.
ГУРАМ. Қўрқма. Павле ўз вақтида тўхтатди бизни. Ўша жойдан бошлаб пьесага янги финал ёзаман. Кетдик уйга, Тите!
ТИТЕ. Мана, тонг ҳам отиб қолди… Ҳаяжонли, ташвишли тун бўлди… Назаримда, биз бошқаларни уйғотмай, оромини бузмай, тўғри қилдик.
ГУРАМ. Тўғри! Энди бу мутлақо аниқ! Бўлинган туш, бузилган тасаввур аёвсиз ҳамда инсон табиатига қарама-қаршидир. Эҳтимол – ким билади? Эҳтимол, худди мана шу тунда одамлар энг ажойиб, энг тиниқ туш кўргандирлар, эҳтимол, худди шу онда улар энг бахтли онларини яшаётгандирлар.

Рус тилидан Маматқул Ҳазратқулов таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 11-сон