Ги де Мопассан. Тазарруъ (ҳикоя)

Маргарита де Терел ўлим тўшагида ётарди. У эллик олти ёшда бўлса-да, уни кўрганлар етмиш бешни урган деб ўйлашарди.У базўр нафас олар, юзлари чойшабдек оқарган, аъзойи бадани иситма ичида безгак тутгандек қалтирар, кўзлари олайиб кетган эди.
Ундан олти ёш катта опаси каравот ёнида чўккалаб олганча, йиғлаб ўтирарди. Беморнинг бошарисига кичкина ёпқич ташлаб қўйилган столча устида руҳонийнинг келиши олдидан иккита шам ёқиб қўйилган эди.
Ётоқхона ўта тартибсиз эди. Стол ва жавонлар устида дори қобиқлари, бурчакларда эса, сочиқлар сочилиб ётарди. Стул ва курсилар худди нимадандир қўрқиб ҳар тарафга сочилиб кетгандек эди. Ажал қайсидир пучмоқда бекиниб олганча ўлжасига чанг солмоққа пайт пойларди, гўё.
Опа-сингилларнинг қисмати ўта ғалати кечди. Улар ҳақида бутун музофотда гапириб юришар, уларнинг дардли кечмиши борасида эшитганлар кўз-ёшларини тийиб тура олмасдилар.
Бир пайтлар опа-сингилнинг каттаси Сузанна бир йигит билан қаттиқ севишиб қолган, улар ҳатто унашиб ҳам қўйилган, тўй куни белгиланган, аммо куёв бўлмиш Анри де Сампиэр ногаҳон фано мулкини тарк қилганди.
Тамоман ғам-андуҳ гирдобида қолган қиз энди ҳеч қачон турмуш қурмасликка аҳд қилди. Ва у сўзида собит қолди. Бевалик либосини бутун умр ечмай ўтди.
Кунлардан бир кун унинг ўн икки ёшли синглиси Маргарита опасининг бағрига ўзини отди ва айтдики:
— Опажон, сенинг бахтсиз бўлишингни, бутун умр йиғлаб-сиқтаб ўтишингни истамайман. Ҳеч качон, ҳеч қачон сени ташлаб кетмайман. Мен ҳам эрга тегмаганим бўлсин. Сен билан бир умр, бир умр қоламан, опажон.
Болаларча садоқат ва самимиятдан кўнгли эриб кетган опа унинг пешнасидан ўпиб қўйди, аммо унинг гапларига ишонгиси келмади.
Синглиси ҳам гапида турди, ота-онасининг дағдағасига-ю, катталарнинг дод-муомаласига қарамай эр қилмади. У жуда-жуда гўзал, латофатли эди. Унинг ишқида девона бўлганлар оз эмасди. аммо, у барчасини рад этди. Опасини ташлаб кетмади.
Улар бир умр битта том остида аҳил-иноқ яшадилар. Улар бу адоқсиз йўлни елкадош бўлиб босиб ўтишди. Фақат синглиси опасига қараганда ғамгинроқ, кайғулироқ бўлиб кўринарди.
У опасидан тезроқ қариди, ўттиз ёшида сочлари оқариб кетди. Мана, ўлим ҳам биринчи бўлиб уни олиб кетяпти.
У бир кеча кундузки, бир оғиз ҳам гапиргани йўқ. Фақат саҳарга яқин тилга кирди:
— Вақт бўлди, руҳонийни чақиринглар.
У ҳамон дағ-дағ қалтирар, шифтга термилиб ётаркан, унинг лаблари асабий пичирлар, гўёки, дил тубида ётган қандайдир махфий бир гапни сиртига чиқармоқчи бўлар, аммо уни тилига кўчиролмай қийналар, кўзлари қўрқувдан маъносиз боқарди.
Опаси тўшакнинг бир чеккасига пешонасини босганча, ўксибгина пиқ-пиқ йиғларди.
— Марго, жигарим, болажоним!
У синглисин “болажоним” деб аташга ўрганиб олган эди. Синглиси эса, уни “опачам” деб чақирарди.
Зинапояда қадам товушлари эшитилди. Эшик очилди. Бўсағада аввал югурдак бола, кейин салобатли кекса руҳоний кўринди. Уларни кўриб, бемор бор кучини тўплаб, ўрнидан қўзғалди, аранг оғзини очиб, тирноқлари билан чойшабни йиртиб юборгудек тирнади ва бир неча оғиз гапга тили айланди.
Аббат Симон унинг қўлидан тутиб, пешонасидан ўпди ва ҳалимлик билан деди:
— Парвардигор сизни афу этгай, бўтам. Ўзингизни қўлга олинг, тавба қилмоқ фурсатидир.
Шу чоқ Маргаритани шундайин титроқ тутдики, ҳатто каравот ҳам силкиниб кетгандай бўлди.
— Опажон, ўтир бу ёққа, эшит мени.
Руҳоний тўшакда парри бўлиб ётган Сузаннанинг қўлидан тутиб қаршидаги стул устига ўтқизди ва опа-сингилларнинг қўлларин ушлаб муножот қилди:
— Парвардигор! Бандаларингга ўзинг мадад бер. Улардан ўз марҳаматингин аяма!
Маргарита гап бошларкан, унинг оғзидан ҳар бир калима катта машаққат билан ташқари чиқарди.
— Кечир, опажон, кечир мени! Мен умримнинг ана шу сўнгги соатидан қанчалар қўрққанимни билмайсан!
Сузанна намли кўзларини артди:
— Нега мендан кечирим сўрайсан, болажоним? Ахир сен бутун ҳаётингни мени деб қурбон қилдинг. Сен фариштасан…
Маргарита унинг гапини шарт кесди:
— Жим, жим бўл! Гапимни бўлмай эшит. Қандай даҳшат?! Гапимни охирига етказгунимча индамай тур, илтимос. Қимирлама… Эшит… Эсингдами… Эсингдами… Анри?
Сузанна сесканиб синглисига юзланди. У эса гапида давом этарди:
— Мени тингла, ҳаммасини билиб оласан. Ўшанда мен эндигина ўн иккида эдим, ўн иккида, эсингдами? Ўшанда жуда эрка эдим. Хаёлимга келган ишни қилардим. Мени қандай эркалатиб ўстиришганини биласанми? Эшитсанг-чи?.. У биринчи марта бизникига келанида, ялтирок этик кийиб олганди, эшигимиз олдида отдан тушиб, отамга муҳим гапи борлигини айтди. Ҳаммаси ёдингда бордир? Жимм.. Эшит… Мен унинг барнолигини кўриб, ҳайратдан донг қотдим, ва отам билан гаплашиб бўлгунича бир бурчакда ундан кўз узмай ўтирдим. Болалар жуда нозик ва хавфли мавжудотдир. Эҳ, мен у ҳақида қанча-қанча ширин хаёлларга бормадим.
У яна бир марта келди. Ўйимизда меҳмон бўлди. Мен унга бутун борлиғим, қалбим, вужудим билан тикилардим. Мен ўз ёшимга қараганда анча каттароқ ва ақллироқ эдим. У бизникига тез-тез келадиган бўлди. Мен фақат у ҳақида ўйлардим. Тинимсиз унинг номини пичирлардим: “Анри, Анри де Сампиэр!”
Кейин унинг сенга уйланаётгани ҳақида эшитиб қолдим. Опажон, ўшанда дунё кўзимга қоронғу кўриниб кетди. Қанчалик қайғуга ғарк бўлганимни биласанми? Уч кеча ухламасдан йиғлаб чиқдим. У ҳар куни тушдан кейин келиб турарди… Эсингдами? Жавоб беришга ошиқма… Сен унга ун, ёғ ва сутдан ўзи ёқтирган пирожнилар пишириб берардинг. Мен ҳам билардим пиширишни.. Керак бўлса, ҳозир ҳам пиширишим мумкин. У пирожнийлар чайнамасдан ютар, орқасидан бир қадаҳ шароб ҳўпларди, ва “зўр!” деб қўярди.
Мен уни сендан шунақа қизғанардим, шунақа рашк қилардим. Сен тўйинг куни яқинлашиб келарди. Атиги икки ҳафта қолганди. Мен эса жинни бўлаёзгандим. Мен ҳамма вақт ўзимга ўзим “У Сузаннага ҳеч качон уйланмайди, мен буни истамайман, у катта бўлсам, менга уйланиши керак. Мен умримда уни севганчалик ҳеч кимни севиб қололмайман”, деб юрардим.
Тўйингизга ўн кун қолган эди. Ўша куни кечқурун икковингиз ой шуъласи остида қаср атрофини айлангани чиқиб кетдингиз. У.. ўша каттакон арча остида сенинг қўлларингдан тутиб, бағрига тортди. Узо-оқ ўпишдиларинг. Эсингдами, айт.. йўқ, айтма! Бу сизнинг илк бўсангиз эди, адашмасам. Ҳа.. Сен меҳмонхонага қайтганингда рангинг бўздек окариб кетганди.
Мен сизни кўриб тургандим, мен боғда, буталар орасидан сизни кузатиб турардим. Ўшанда бутун вужудимга бир ёввойи истак оқиб кирди. Қутуриб кетгандек бўлдим, гўёки. Ўшанда қўлимдан келса, иккингизни ҳам ўлдиришга тайёр эдим.
“У ҳеч қачон Сузанага уйланмайди, У ҳеч кимга уйланмаслиги керак. Мен бундай аламни кўтара олмайман”, дедим ўз-ўзимга. Ўшанда қалбимда унга нисбатан сўнгсиз нафрат уйғонди.
Кейин биласанми, мен нима килдим? Эшит. Боғбонимизни эслайсанми, у ҳар доим дайди итларни заҳарлаб ўлдириш учун шишани тош билан эзиб, кукунини гўшт парчасига қўшиб уларга егизарди.
Мен ойим ичган дорининг бўш шишасини топдим-да, болғача билан обдан майдаладим. Кейин кукунини қоғозга ўраб, чўнтагимга солиб қўйдим. Эртасига сен пирожний тайёрлаётганингда билдирмай, хамир орасига ҳалиги кукунни жойлаштириб қўйдим. У пишириқдан учтасини пок-покиза туширди. Биттасини мен едим… Қолган олтитасини ҳовузга ташлаб юбордим. Уч кундан кейин учта оққушимиз ўлиб қолгани эсингдами? Жим деяпман… эшит гапимни! Фақат мен тирик колдим, фақат бир умр касалланиб юрдим. У эса… ўлди… Биласанми… Эшит… Бу ҳали ҳаммаси эмас… ҳар доим… Энг даҳшатлиси… эшит.
Бутун умр.. бутун умрим давомида… Оҳ бу қанчалар азоб эди. Мен ҳар доим ўзимга, хеч қачон опамни ташлаб кетмайман, ўлимим олдидан эса, ҳаммасини унга айтиб бераман, дердим. Ҳа… Бутун умр барчасига иқрор бўлишим керак бўлган шу сўнгги соат ҳақида ўйлаб келдим. Вақт-соати етиб келди… Қандай даҳша-ат. О, Опажон!
Эрта-ю кеч, шому саҳар факат шу ҳақда ўйлардим. Ҳали вақт келади, ҳаммасини бўйнимга оламан, дердим.
Мана, ҳаммасини сенга айтиб бердим… Жим… Бир оғиз ҳам… Энди. энди мен қўрқаман… жуда-жуда қўрқаман. Мен ҳозир уни кўрсам, у билан юзлашсам. Ўзинг ўйлаб кўр. Ахир уни нариги дунёда мен биринчи бўлиб кўраман. Сен мени кечирмасанг, мен унинг ёнига қандай бораман? Унга айтинг, ҳазрат. Мени кечирсин! Айтинг, ўтинаман. Бўлмаса, мен ўлолмайман.
У жим қолди ва тирноқлари билан чойшабни тимдалай бошлади.
Сузанна юзларини бекитиб олганча, қимирламай турарди. У айни дамда умр бўйи севиб ўтгани хақида ўй сурарди. Улар қанчалик бахтли яшашлари мумкин эди-я? У яна кўрди Анрини? Уни олис-олисдан, итиб-битаёзган ўтмишни қатларида кўрди. О, муҳтарам марҳумлар! Сиз юракларга канчалар яқинсиз? Ҳалиги бўса-чи?
Умридаги ягона бўса! Бу бўса йиллар оша унинг қалбида ардоқ ила сақланиб келаётир. Унинг ҳаётдаги бор-йўқ юпанчи, давлати ҳам шу хотирот парчаси эди, холос.
Бирдан руҳоний қалтироқ ва баланд овозда қичқириб юборди:
— Сузанна бону! Синглингиз ўлаяпти.
Сузанна кўз-ёш ивитиб юборган юзларидан кафтни олди-да, ўзини синглисиниг қучоғига отди ва унинг сўлғин юзларидан ўпиб оҳиста пичирлади:
— Кечирдим, болажоним, кечирдим!

Рус тилидан Рустам Жабборов таржимаси

* * *

Margarita de Terel jon talvasasida edi. U oltmish besh yoshda bo‘lib, ko‘rinishi yetmish beshlarga borgandek taassurot uyg‘otardi. Ayol zo‘rg‘a nafas olar, dokadek oqargan yuzi bezovta titrar, azobda qolgan vujudini qaltiroq bosgan, ko‘zlarida yovvoyi o‘t chaqnar, shu paytda u qo‘rqinchli bir manzarani ko‘rib turganga o‘xshardi.
Undan olti yosh katta opasi Syuzanna karavot yonida cho‘kkalagan ko‘yi, bo‘zlab o‘tirardi. Jon berayotgan ayolning yonginasida, sochiq to‘shalgan mo‘‘jaz stol ustida bir juft sham yonib turar, shu tobda uning badaniga zaytun moyi surishi va uni gunohlar­dan forig‘ etishi uchun ruhoniyni kutishardi.
Yotoqxonada, o‘lim talvasasidagi odam yotgan odatiy xonalardagi singari, mangu vido onlarining mudhish sarosimasi hukmron edi: stol va tokchalar doridan bo‘shagan idishchalarga to‘lgan, chor tomonda shoshilinchda oyoq bilan toptalgan yoki pollatta o‘rnida ishlatilgan sochiqlar yoyilib yotardi. Kursi va o‘rindiqlar duch kelgan joyda turar, hatto buyumlar ham bu xonani tashlab qochishga urinayotgandek edi. Ajal shu yaqin oraga berkinib olib, fursat kutardi.
Opa-singillar qismati g‘oyat ta’sirli bo‘lib, ularning taqdir hikoyasi butun okrugga ma’lum edi. Bu hikoyani tinglaganlardan hech biri quvonganidan ko‘z yoshi to‘kmagan.
Gap shundaki, opa-singillarning kattasi Syuzanna qachonlardir bir yigitga ko‘ngil bergan, yigit ham uni qattiq sevgan. Ularni unashtirib qo‘yishgan. Hatto to‘y kuni ham tayin qilingan. Biroq bo‘lajak kuyov Anri de Samper to‘satdan qazo qilgan.
Bundan chuqur anduhga botgan qiz hech qachon turmushga chiqmaslikka qasam ichgan. U so‘zida turdi. Be­valar libosini egniga ildi-yu, qaytib yechmadi.
Kunlarning birida uning kichik singlisi, o‘n ik­ki yashar Margarita o‘zini opasining quchog‘iga otib, dedi:
– Opajon, men sening baxtsiz bo‘lishingni, butun umr yig‘lab o‘tishingni xohlamayman. Hech qachon, eshityapsanmi, hech qachon seni tashlab ketmayman. Men ham sira turmushga chiqmayman. Hamisha yoningda qolaman, hamisha…
Uning bolalarcha sadoqatidan qattiq hayajonga tushgan Syuzanna, singlisini mehr bilan o‘pib qo‘y­di, lekin so‘zlariga unchalik ishonmadi.
Biroq singlisi ham ahdida turdi. Ota-onasining pand-nasihatlari, hattoki yolvorishlari ham unga kor qilmadi – qiz turmushga chiqishdan bosh tortdi. U juda kelishgan qiz bo‘lib, ko‘p yigitlardan dil izhori eshitar, lekin o‘ylab o‘tirmay, hammasini rad etardi. Xullas, Margarita bir umr opasining yonida qoldi.
Ular umr bo‘yi birga, sira ayrilmay yashadilar. Bu ikkisi mustahkam rishtalar bilan bog‘­lan­gan taqdir yo‘lidan yonma-yon ketib borishar, lekin Margarita hamisha qayg‘uli ko‘rinardi. Uning qiyofasi opasidan ko‘ra jahldor va tashvishli tuyular, buyuk fidoyiligi uni quvvatdan butunlay mahrum etganga o‘xshardi. U juda tez keksaydi. O‘ttiz yoshidayoq sochlari oqarib ketdi. Margarita bot-bot og‘rib qolar, go‘yo sirli bir xastalik uni ich-ichidan yemirib borayotgandek edi.
Endi bo‘lsa, u birinchi bo‘lib ajalga ro‘para kel­moqda. U naq yigirma to‘rt soat tildan qoldi. Ni­hoyat tongotar pallasi, so‘zlashga kuch topdi:
– Ruhoniyga odam jo‘nating, kunim bitganga o‘x­shaydi.
Ayol bezgak tutgandek qaltiragan ko‘yi chalqancha yotar, yuzi qo‘rqinchli edi. Lablari tinimsiz pichirlar, go‘yo yuragining tub-tubidan qandaydir dah­shatli so‘zlar ko‘chib ulgurgan-u, hozircha ularni ay­­tishga darmoni yetmayotgandek, atrofga olazarak bo­­qardi…
Opasi to‘shak chetiga peshonasini bosganicha, alamli ko‘z yosh to‘kar va tinimsiz bitta jumlani qay­tarar edi:
– Margo, jigarbandim, go‘dakkinam mening!
U singlisini hamisha “go‘dagim” deb atar, singlisi esa unga har doim “opajon”deb murojaat qilardi.
Zinapoyada qadam tovushlari eshitildi. Eshik ochilib, avval xizmatchi bola, ortidan keng va uzun kiyimdagi keksa ruhoniy ko‘rindi. Jon berayotgan ayol ularni ko‘rgach, shoshilinch ravishda boshini ko‘tardi. Og‘zini ming mashaqqat bilan ochib, tirnoqlari bilan choyshabni yirtmoqchi bo‘lgandek timdalar ekan, bir nechta so‘zni pichirladi.
Abbat Simon unga yaqinlashdi. Uni bag‘riga bosib, peshonasidan o‘pdi va mehribonlik bilan dedi:
– Tangri sizni mag‘firat qiladi, bo‘tam. Bardam bo‘ling. Vaqt-soatingiz yetdi. Tavba qiling.
Margaritani shunday kuchli qaltiroq tutdiki, butun karavot silkina boshladi. U pichirladi:
– Opajon, o‘tir va meni eshit.
Ruhoniy hanuz to‘shak yonida cho‘kkalab o‘tirgan Syuzannaga yuzlandi. Uni turg‘izib, kursiga o‘tqazdi. So‘ng har ikkisining qo‘lidan tutib, xitob qildi:
– Yaratgan Egam! O‘zing ularga kuch ber! Ulardan marhamatingni darig‘ tutma!
Nihoyat Margarita tilga kirdi. U xirqiroq ovoz­­da, uzuq-yuluq so‘zlar, hayot shami lahza sayin so‘­nib borardi.
– Kechir, kechir, opajonim, meni kechir! Oh, butun umr shu fursat yetib kelishidan qanchalik qo‘rqib yashaganimni bilsang edi…
Syuzanna yig‘i aralash g‘o‘ldiradi:
– Seni nima uchun kechirishim kerak, go‘­dak­ki­nam? Axir sen men uchun hamma narsangni qurbon qilding. Sen farishtasan…
– Jim bo‘l, hech narsa dema. Menga imkon ber, so‘zimni bo‘lma!.. Toki hammasini aytib olishga ulguray… Eshit… Sen Anrini eslaysanmi?
Syuzanna cho‘chib, singlisiga qaradi. U esa to‘x­tovsiz gapirardi:
– So‘zlarimni diqqat bilan eshitsang, ham­ma­sini tushunasan. O‘shanda men endigina o‘n ikki yoshga to‘luvdim. Atigi o‘n ikki yoshda edim… Sen u paytlarni yaxshi eslaysan, to‘g‘rimi? Men juda tantiq edim, xayolimga nima kelsa – shuni qilardim! Meni qanday erkalatganlari yodingdadir… Eshit… U ilk bor uyimizga kelganida, oyog‘ida yaltiroq etigi bor edi. Oti bilan darvozadan kirib kelarkan, ust-boshi uchun uzr so‘radi va bu yerga otamga bir xabarni yetkazish uchun kelganini aytdi. Sen bularni kechagidek eslaysan, to‘g‘rimi? To‘xta, gapirma… Meni eshit… O‘sha fursatda unga shunday mahliyo bo‘lib qoldimki, u otam bilan gaplashib olgunicha, mehmonxonaning bir burchagida toshdek qotib turaverdim. Bolalar – juda g‘alati, qo‘rqinchli mavjudotlar… Oh, o‘sha kezlarda u haqda tinimsiz xayol surganimni bilsayding…
U uyimizga tez-tez kelishni odat qildi. Men har safar unga ko‘zlarimni katta ochib, butun qalbim bilan boqar edim. O‘z yoshimga nisbatan ancha ulg‘ayib qolgan, boz ustiga tengdoshlarimga nisbatan ancha ayyor ham edim. Anri uyimizda tez-tez mehmon bo‘la boshladi. Men esa faqat uni o‘ylardim. O‘zimga-o‘zim: “Anri… Anri de Samper” deb pichirlardim.
Ko‘p o‘tmay u senga uylanmoqchi ekanligini aytishdi. Oh, opajonim, bu yangilikni eshitib, shunchalar qayg‘uga botdimki, uch kun uxlamadim, tuni bilan yig‘lab chiqdim… U esa har kuni nonushtadan so‘ng uyimizga kirib kelardi. Yodingdami? Sen har safar u kelganida, un, yog‘ va sut qo‘shib tayyorlanadigan shirin kulcha pishirarding. Bu shirinlik unga juda yoqardi. O‘sha kulchalarni men ham tayyorlay olardim! Kerak bo‘lganida hatto hozir ham pishirib berishim mumkin! Anri kulchalarni butunligicha og‘ziga solib, sharobdan ho‘plarkan, “Ajoyib!” deb xitob qilardi. Bu so‘zni u qanday talaffuz qilishini eslaysanmi?
O‘sha damda rashk olovida qovrilardim!.. To‘y­laring bo‘ladigan kun esa tobora yaqinlashib kelardi. To‘ygacha atigi ikki hafta vaqt qoldi. Men butunlay esimni yo‘qotib qo‘ydim. O‘z-o‘zimga: “U Syuzannaga uylanmaydi. Ulg‘ayganimdan keyin faqat mengagina uylanadi. Chunki men umrim bo‘yi hech kimni unga ko‘ngil berganchalik qattiq seva olmayman”, der edim. To‘ygacha o‘n kun qolgan edi. Oqshom chog‘i sen u bilan qal’a atrofida, oy nuri ostida sayr qilding. O‘sha yerda… archa tagida… baland archa tagida u seni mahkam quchdi va uzoq-uzoq bo‘sa oldi… Sen buni eslaysan, to‘g‘rimi? Shubhasiz, bu sening ilk bo‘sang edi… Shunday… Chunki mehmonxonaga qaytganingda ranging bo‘zdek oqarib ketgandi…
Men bog‘da, butalar ortida turib, sizlarni ko‘rdim. Ko‘rdim-u, aqldan ozay dedim. Qo‘limdan kelganida, ikkovingizni ham o‘ldirardim.
O‘zimga-o‘zim: “U hech qachon Syuzannaga uylanmaydi. U hech kim bilan turmush qurmaydi. Men bunday baxtsizlikka chiday olmayman”, der edim. Kutilmaganda yuragimda unga nisbatan kuchli nafrat uyg‘ondi.
Bilasanmi, men nima qildim?.. Eshit… Men bog‘bon amaki daydi itlar uchun zaharli bo‘g‘irsoq tayyorlaganini ko‘ruvdim. U shishani tosh bilan maydalar, so‘ng shisha kukunini bo‘g‘irsoqqa solinadigan qiyma bilan yaxshilab aralashtirardi.
Oyimning dori shishasini oldim-da, bolg‘acha bilan maydaladim. Keyin shisha kukunini cho‘n­tagimga solib qo‘ydim. Bu qoyilmaqom kukun edi. Ertasi kuni shirin kulcha tayyorlayotgan paytingda, payt poylab, har bir kulcha ichiga shisha kukunidan solib qo‘ydim. Anri kulchadan uch dona yedi. O‘zim ham bir donasini yeb oldim. Qolgan oltita kulchani esa hovuzga tashlab yubordim… Uch kun o‘tib, ikkita oqqushimiz o‘lib qolgani yodingdami? Qo‘y, gapirma… So‘zlarimni eshit… U o‘ldi… Sen buni yaxshi bilasan… Biroq bu hali hech narsa emas… Eng dahshatlisi shundan keyin boshlandi… Eshit…
Hayotim, mening butun hayotim azob ichida kechdi. Men o‘zimga: “Opamni hech qachon tashlab ketmayman va o‘limim oldidan unga hammasini aytaman”, deb so‘z berdim. Ha… O‘shandan beri shu daqiqalar, qarshingda haqiqatni tan olishim kerak bo‘lgan dahshatli daqiqalar haqida o‘ylayman. Mening kunim bitdi. Shunchalik qo‘rqib ketyapmanki! Oh!.. Opajonim!
Sahar chog‘i va quyosh botayotgan vaqtda ham, kunduzi va hatto tunda ham faqat bir narsani o‘ylardim… “Vaqti kelib, gunohlarimni tan olaman”. Men uzoq kutdim. Bilasanmi, bu juda og‘ir qiynoq. Mana, senga hammasini aytib berdim… Yo‘q, gapirma! Bir og‘iz so‘z aytma… Endi men dahshatga tushyapman… Shunchalik dahshatga tushyapmanki… Na­­rigi dunyoda uni ko‘radigan bo‘lsam, bir o‘ylab ko‘rgin-a, uni birinchi bo‘lib men ko‘raman. Lekin u bilan yuzma-yuz kelishga jur’atim yetmaydi! Biroq sharoit shuni taqozo etmoqda. Vaqt-soatim yetganga o‘xshaydi. Kechir meni! Meni kechirmasingdan, Anrining qoshiga borolmayman. Janob kyure, unga ayting, gunohimdan o‘tsin… Ayting, o‘tinaman sizdan… U meni kechirmasa, jon berolmayman…
U tinchib qoldi. Og‘ir-og‘ir nafas olganicha, tirnoqlari bilan choyshabni tirmalay boshladi.
Syuzanna yuzini kafti bilan berkitib, ha­rakatsiz o‘tirardi. U o‘sha – bir umr sevib, ar­doq­lab yashashi mumkin bo‘lgan inson haqida o‘ylardi. Ikkovlari qanday baxtli hayot kechirishlari mum­kin edi-ya! U qallig‘ini yana ko‘rdi. Allaqachon g‘o­yib bo‘lgan va hech qachon ortga qaytmaydigan o‘t­mishga juda yaqindan nazar tashladi. Oh, qadrdon marhumlar! Ular qalbimizni qanchalar chuqur ja­rohatlashadi-ya! Uning ilk va yagona bo‘sasi-chi? Syuzanna uni qalbining tub-tubida asrab yashadi. Undan so‘ng boshqa hech nimani bir umrga eslab qolmadi.
Ruhoniy to‘satdan qaddini ko‘tardi va titroq ovoz bilan qichqirib yubordi:
– Syuzanna xonim! Singlingiz jon berayapti.
Syuzanna sho‘rtang ko‘z yoshlaridan ho‘l bo‘lgan yuzidan qo‘llarini olib, singlisi tomon otildi. Uning peshonasidan qattiq o‘pib, pichirladi:
– Seni kechiraman, go‘dakkinam. Kechiraman…

 Rus tilidan Gulnoz Mo‘minova tarjimasi
 “Yoshlik” jurnali, 2013 yil, 7-8-son.