Сизга айтиб бермоқчи бўлган ҳикоям, аслида, ҳеч қандай мазмунга эга эмас. Эҳтимол уни ҳикоя ҳам деб бўлмас, шундай бўлса-да уни сизларга айтиб беришни лозим деб топдим. Бундан ўн йил муқаддам унинг ибтидоси деб аташ мумкин бўлган ҳодиса юз берганди, айни кунларда эса, чамаси, ҳамма нарса ойдинлашгандек у ўз интиҳосини топди.
Гап шундаки, бир неча кун аввал юзлаб ҳайкаллардан иборат Бисмаркнинг кўксидек бақувват ва кенг, худди ҳарбий интизом каби мустаҳкам ўша кўприк орқали ўтиб борар эдик. Райн дарёси устидан ўтувчи ва кўплаб тош устунлардан иборат тўрт йўлли бу кўприк жуда маҳобатли эди.
У вақтларда мен ҳафтада уч марта: душанба, чоршанба ва шанба кунлари бу кўприк орқали доимо бир поездда кетардим. Ўшанда овчи итларни кўпайтирувчи умумолмон хўжалигида оддий хат ташувчи эдим. Итлар ҳақида ҳеч нимани билмайдиган бир чаласавод, оми одам эдим.
Шундай қилиб, мен ҳафтада уч марта Кёнигштадтдан бошқармамиз жойлашган Грюндерхаймга қатнар, бўлинмамиздан тезкор почта, пул ва “мунозарали иш”ларни олиб келардим. Охирги икки сафар ҳамма нарса катта сариқ папкада келди. Папка ичида айнан нима борлиги ҳақида ҳеч қачон ҳеч нарса билмасдим. Мен атиги бир хат ташувчи эдим, холос…
Ҳар доим эрталаб уйдан тўғри вокзалга келаман, у ердан соат саккиздаги поезд билан Грюндерхаймга йўл оламан, поезд у ерга қирқ беш дақиқада етиб боради. Кўприкдан ўтаётганимда мени ваҳима босади. Гарчи барча техник хавфсизлик чораларидан, кўприкнинг мустаҳкамлиги, юк кўтариш ҳажми, умуман, муҳандисликни яхши тушунадиган танишим берган маълумотлардан хабардор бўлсам-да, барибир қўрқардим. Очиғини айтсам, темир йўл ва кўприкнинг туташган жойи мени ваҳимага соларди.
Райннинг биз ўтадиган жойи жуда кенг бўлиб, ҳар сафар кўприкнинг қаттиқ чайқалиши, олти юз метрли пўлат арғимчоқларнинг ваҳимали тебранишини ҳис қилганимда юрагим ҳаприқиб кетарди.
Ниҳоят, рельс ғилдиракларининг киши ғашини келтирадиган тарақ-туруқини эшитиб, биз яна ерга мустаҳкам ётқизилган темир йўл кўтармаларидан ўтиб бораётганимизга ишонч ҳосил қилганимдан сўнггина ўзимни хотиржам сеза бошлайман. Ойна ортидаги унча катта бўлмаган экинзорлар кўз ўнгимдан “лип-лип” ўтиб туради. Каленкаттен бекатига етмасдан бир уй кўринди-ю, унга тикилиб қолдим. Ерда мустаҳкам қад ростлаган бу иморатга купе деразасидан бошимни чиқариб узоқдан сабрсизлик билан қарардим. Уй деворларига сувоқ тортилган ва дид билан қизил рангга бўялганди. Дераза панжаралари ҳамда деворнинг пастки қалинроқ қисми тўқ жигарранг эди.
Уй икки қаватли бўлиб, юқорида учта ва пастда иккита деразаси, ўртада эса эшиги бор эди. Уйга эшик олдидаги учта зинадан иборат пиллапоядан кириб бориларди. Ва доим шаррос ёмғир ёққанида пиллапояда тоза, нафис ипакдан тўқилган катта қўғирчоғини қучоқлаб олган тўққиз-ўн ёшлар чамаси бир қиз ўтирарди. У ўтиб бораётган поездни ғазаб тўла кўзлари билан кузатарди.
Ҳар гал ўша қизга кўзим тушар, сўнгра нигоҳим чап деразага қадаларди. У ерда қўлида пол латта ва челак ушлаган бир аёл кўринарди. Аёл ҳорғин энгашганча қўлидаги латтани сиқиб, қунт билан полни тозалар, у ҳамиша шу ҳолатда ишларди. Ёмғир шаррос қуяр, қиз эса пиллапоядан жилмасди.
Ҳар сафар мен бир хил манзарани кўрардим: бўйни ингичка озғин аёл – қизнинг онаси ва унинг қўлидаги пол латта, одатдаги супур-сидир кўз ўнгимдан “лип-лип” ўтарди.
Кўпинча деразадан бир бор бўлса-да, унинг жиҳозлари ё пардаларига назар солишга ўз-ўзимга сўз берардим-у, аммо нигоҳим ҳар гал озғин бўйинли, одатдагидек иш билан банд аёлга тушарди, холос. Хаёлимни жамлаганимда эса, поезд аллақачон у ердан ўтиб кетган бўларди.
Бу ҳолат ҳар доим душанба, чоршанба ва шанба кунлари эрталаб соат саккиздан ўн дақиқа ўтганида юз берарди. У пайтлари поезд белгиланган вақтдан оғишмай юрарди. Бир гал поезд уй ёнидан ўтаётганида ойналари маҳкам ёпилган иморатнинг орқа томони тозаланаётганига кўзим тушди.
Миямда бу хонадон ва аёл ҳақида турли ўй-тахминлар туғила бошлади. Поезддаги сафаримдан бошқа ҳеч нарса менга қизиқ эмасди, на Каленкаттен, на Бредеркоттен, на Суленхайм ва на Грюндерхайм, бу бекатларнинг ҳеч қайсиси қизиқтирмасди. Фикрларим доимо шу уй атрофида гир айланарди. “Нима учун бу аёл уйни ҳафтада уч марта тозалайди?” деб ўйлардим. Диққат билан разм соладиган бўлсак, кўп меҳмон келиб-кетадиган жой бўлмагани боис бу уй ҳеч ҳам ифлос эмасди. Ҳар ҳолда бу ер зимистон ва ҳувиллаган макондек кўринса-да, уй жуда саранжом-саришта, аммо қандайдир файзсиз эди.
Грюндерхаймдан соат ўн бирдаги поездда қайтаётганимда, ўн иккида Каленкаттен бекатидан ўтгач, яна қизил уйнинг орқа томонида ўша аёлнинг ўнг тарафдаги сўнгги дераза ойнасини артаётганини кўрдим.
Душанба ва шанба кунлари аёл айнан бир вақтда ўнг томондаги сўнгги дераза ойнасини, чоршанба куни эса ўртадаги дераза ойнасини латта билан ишқалаб тозаларди.
У сочларини ажабтовур қизил рўмол билан боғлаб олганди. Ортга қайтаётганимда унинг қизини сира кўрмадим. Кун оққанда, соат тахминан ўн иккиларда, у пайтларда поезд ақл бовар қилмас даражада аниқ юрарди, уйнинг олд томонидаги деразалар ёпилганди.
Мен бу ҳикояни фақатгина ўз кўзим билан кўрганим учун ёзишга киришдим. Уч ойдан кейин Грюндерхаймдаги поездда ўтирганча, ҳақиқатни англаш йўлида оддий бир хулосага келдим: сешанба, пайшанба ва жума кунлари ўша аёл, эҳтимол, қолган ойналарни артар. Мен тобора миямга ўрнашиб бораётган бу фикрдан қутулолмаётган эдим.
Баъзан Каленкаттендан то Грюндерхаймгача бўлган йўл бўйлаб хаёлга чўмиб бораман. У қолган икки қаватдаги дераза ойналарини қачон артар экан-а, тушликкачами ёки тушликдан кейинми? Бир куни ўтириб уй тозалаш бўйича режа тузиб чиқдим. Душанба, чоршанба ва шанба кунлари тушликка қадар кузатувларимдан ташқари, қолган кунларнинг тушликдан кейинги қисми ва уй тозалаш мумкин бўлган бутун кунни, умуман, ҳафтанинг барча кунларини бирлаштириб чиқишга киришдим.
Шунинг учун ўзим гувоҳ бўлган кунларнинг тушликдан кейинги ярмида у нима билан машғул бўлади-ю, қолган кунлари нимани тозалаши мумкинлигини тасаввур қилишга уриндим.
Мен ҳеч қачон соат саккиздан ўн дақиқа ўтганга қадар уни челак ушлаганча ҳорғин қиёфада, лекин қунт билан ишлаётганини кўрмасдим.
Ҳатто, назаримда, менга унинг ҳансираб нафас олиши эшитилаётгандек туюларди. Айниқса, соат ўн иккига бир неча дақиқа қолганида у шунчалик ҳафсала билан ойнани артар эдики, назаримда, дудоқлари орасидан тилининг учини чиқариб тургандек кўринарди гўё.
Бу уйда бўлаётган воқеалар мени таъқиб этарди. Мен жуда ўйчан, ишда эса совуққон ва эътиборсиз бўлиб қолгандим. Ҳа, ростдан ҳам жуда бепарво эдим. Ҳаддан ташқари кўп ўйлардим. Бир куни ҳатто “мунозарали иш”лар солинган папкани олишни унутиб қолдирганим учун ҳудудий бошқарма бошлиғининг ғазабига дучор бўлдим. Мени ёнига чақирганида у ғазабдан титрарди.
– Грабовски! – деди у менга. – Эшитишимга қараганда “мунозарали иш”лар солинган папкани унутиб қолдирибсиз?! Иш ҳамма нарсадан муҳим, Грабовски, – индамай жим тураверганимни кўриб, бошлиқ янада қатъийроқ овозда давом этди. – Хат ташувчи Грабовски, мен сизни огоҳлантираман. Овчи итларни кўпайтирувчи умумолмон хўжалигида ношудларга ўрин йўқ, тушундингизми? Албатта, биз ўзимизга малакали мутахассисларни жалб қилишимиз мумкин…
У менга жаҳл билан қаради, бироқ тўсатдан қовоғи очилиб, ҳовуридан тушди.
– Эҳтимол, бирор кўнгилсизлик содир бўлгандир?
Мен секингина, “Ҳа”, деб жавоб бердим.
– Нима бўлди? – сўради у бутунлай бошқача оҳангда. Бу сафар мен жавоб бериш ўрнига фақат бошимни силкиб қўйдим.
– Сизга қандай ёрдам беришим мумкин?
– Жаноб бошлиқ, мени бир кунга ишдан озод этинг, бошқа ҳеч нарса керак эмас, – тортинибгина сўрадим.
У олийжаноблик билан бош сермади.
– Бу танбеҳларни юрагингизга яқин олманг. Ахир папкани ҳар куни унутиб қолдиришингиз мумкин эди. Қолган хизматларингиздан мамнунмиз…
Кўнглим шодликка тўла эди. Бу мулоқот чоршанба куни содир бўлганди, эртасига, пайшанба куни эса мен бўш эдим.
Мен соат саккиздаги поездда кетишга ва барчасига аниқлик киритишга қарор қилдим. Кўприкдан ўтаётган поезд рельсларининг тарақ-туруқ овози эшитилган пайтда қўрқувдан кўра сабрсизликдан титрар эдим.
Бу пайтда аёл эшик олдидаги пиллапояни тозаларди.
Каленкаттендан биринчи поездда қайтиб келаётганимда, тахминан соат тўққизда унинг қизил уйи ёнидан ўтдим. У иккинчи қаватнинг ўртасидаги дераза ойнасини артиш билан банд эди.
Шу куни мен тўрт марта у ёқдан-бу ёққа ўтиб аёлнинг пайшанба кунги иш тартибини батафсил ўргандим. У навбати билан эшик олдидаги пиллапояни, бинонинг олд томонидаги ўрта дераза ойнасини, орқа томондаги иккинчи қават ўрта деразаси ойнасини, поллар ва иккинчи қават олдидаги хонани тозалади. Кечки соат олтида, уй ёнидан охирги марта ўтаётганимда, мен боғда ивирсиб, иш қилиб юрган пакана бақалоқ эркакни кўрдим. У бир маромда ғимирлар, гард юқмаган қўғирчоғини қучоқлаб олган қиз эса худди қўриқчидай эркакни кузатиб турарди. Аёл кўринмасди…
Буларнинг бари бундан ўн йил бурун содир бўлганди. Бир куни яна ўша кўприкдан ўтишимга тўғри келди. Э Худо, Кёнигштадтда поездга алланечук паришонхотирлик билан чиқдим. Ўша воқеаларнинг барини аллақачон унутгандим. Биз поезднинг юк вагонида кетардик. Райн дарёсига яқинлашганимизда қандайдир ғалати воқеа рўй берди. Бирдан поезд вагонлари бири бошқасига тарақлаб урилганича таққа тўхтаб қолди. Бу жуда ғайриоддий ҳодиса эди. Ўн беш-йигирма вагондан иборат бутун бошли поезд электр чироқлар тизимидек олдинма-кетин ўчди. Биз сукунат ичра қаттиқ гумбурлаган ёқимсиз товушни эшитдик. Тўсатдан, кимдир кичкина болға билан биз ўтирган вагоннинг остига тақиллатиб ура бошлади. Биз жим бўлиб қолдик. Бошимизни чиқариб ташқарига қарадик ва ҳеч нарсани кўрмадик. Ҳеч нарса йўқ… Чап ва ўнг томонимиз поёнсиз бўшлиқ… олисда Райн қирғоғи бўйлаб ястанган ям-яшил майсазор кўринарди…
Остимизда эса – сув… кемалар… бироқ қарашга юрак дов бермасди. Ранги докадек оқариб кетган деҳқон аёл рўпарасида ўтирардим. Индамай жим ўтирганидан унинг ибодат қилаётганини англадим. Эркаклар қалтироқ қўллари билан сигарета чекиш учун гугурт ёндирдилар. Ҳатто чеккароқда қарта ўйнаётганлар ҳам бир муддат жимиб қолишди…
Шундан сўнг яна олдиндаги вагонларнинг темир йўл кўтармасига қаттиқ урилганини эшитдик. Ҳаммамиз ҳам бир хил хаёлга бордик: у ердагилар учун бари ортда қолди. Агар бизга бирор нима бўлса, эҳтимол, улар сакраб тушишга улгуришар… Аммо, биз энг охирги вагонда эдик, шунинг учун бизнинг ағдарилиб кетишимизга шак-шубҳа йўқ эди. Бу ҳадик оқариб кетган юзлардан сезилиб турарди.
Кўприк темир йўл изининг кенглигида қурилган, аниқроғи, кўприкнинг ўзи темир йўл эди, вагонларнинг ён тарафи эса бўшлиқда осилиб турарди. Кўприк ваҳимали тебранар, гўёки бизни шу бўшлиққа ағдариб, чилпарчин қилиб юборгудек туюларди…
Хуллас калом, бизнинг ғилдиракларимиз ҳам гумбурлаб кетди ва одатий “тарақа-туруқ” вагонимизга шиддат билан етиб келиб оёғимиз остида эшитила бошлади. Ҳаммамиз енгил нафас олиб, дадиллашиб, эшик тирқишидан мўраладик: ташқарида экинзорлар кўзга чалинди. Ё Тангрим, бу экинзорларни Ўзинг асра! Бирдан юрагим шувиллаб кетди: мен бу жойни танидим. Биз Каленкаттенга яқинлашар эканмиз, мени фақат бир фикр қийнар эди: ўша уй ҳалиям жойида турганмикан?
Ва ниҳоят, мен уни узоқдан, оч яшил сийрак баҳорги барглар билан қопланган дарахтзор орасида кўрдим, аввалгидай қип-қизил, саранжом-саришта уй менга пешвоз чиқарди.
Мен қаттиқ ҳаяжон ичида қолдим. Ўн йил бурун бўлиб ўтган воқеалар юрагимни ёргудек ҳаприқтириб юборди.
Уй ақл бовар қилмас тезликда яқинлашиб келарди. Мана, мен уни, ўша аёлни кўрдим. У эшик олдидаги пиллапояни юваётганди. Йўқ, у мен билган аёл эмасди, юбка остидан бўлиқ сонлари оқариб кўриниб турар, аммо ҳаракатлари кескин, дағал эди.
Юрагим “шув” этди. Аёл бир лаҳзага юзини поезд томон ўгирди ва мен ўша заҳоти қўғирчоғини қучоқлаб олган қизни, унинг худди кечаги кундан қолган сабзавотли бўтқадек ёқимсиз, норозилик уфуриб турган совуқ қиёфасини танидим.
Юрагимнинг яна бир маромда ураётганини ҳис қилганимда бугун пайшанба эканини эсладим…
Немис тилидан Аброр Қурбон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 12-сон