Ҳайнрих Бёлл. Нон таъми (ҳикоя)

Ертўладан ачимсиқ, бадбин ҳид келарди, у ёпишқоқ зинадан саримтир қоронғулик қаърида тимирскиланиб ўзига йўл мўлжаллаб, секин-аста пастга тушди. Қаердандир чакка оқаётир, чамаси ёки том тешилган ёки сув қувури дарз кетган. Чанг ва ахлат чиқиндилари сувга аралашиб зина поғоналари худди аквариум тубидаги қолдиқ каби шилимшиққа айланиб, сирпанчиқ бўлиб ётибди. Орқадаги эшикдан хира ёруғ тушиб турибди, у ним қоронғулик ичида ўнг томондаги “Рентген хонаси, илтимос безовта қилманг” деган ёзувли тахтачани кўрди. Ёруғликка яқин келди, сариқ рангдалиги, хира ва милтиллаб турганидан тушундики, ёнаётган шам эди. Яна бироз юриб қоронғу хонага бир қур назар солди, бу ерда пала-партиш қалашиб ётган стуллар, чарм кушеткалар ва абжағи чиқиб ётган шкафларни кўринди.
Ёруғлик тушаётган эшик ланг очиқ эди. Баланд бўйли меҳроб шами ёнида мовий либосда руҳоний аёл турар, у ажабтовур косадаги салатни қўллари билан аралаштирар эди; коса тагидаги яшил барглар устига оқиш қайла қуйилганидан енгилгина шапиллайди. Аёл пушти рангга кириб қолган қўллари билан салатни айлантириб аралаштирар, косадан тушган баргчаларни хотиржамлик билан олиб яна косага солар эди. Шамдоннинг ёнида катта тунука бидон турар, ундан қайноқ шўрва, сабзи ва пиёзнинг ҳиди келарди.
У баланд овозда:
– Кечки салом , деди.
Руҳоний аёл ўгирилиб қаради, унинг пуштиранг сербар юзида қўрқув аломатлари ҳукмрон эди, у базўргина эшитиладиган овозда жавоб қилди:
– Эй Худойим, Сизга нима керак эди?
Унинг бармоқларидан сутли қайла томиб турар, оппоқ, болаларникига ўхшаш қўлларига салатнинг майда барглари ёпишиб қолган эди.
– Эй, Оллоҳ, мени жуда қўрқитиб юбордингиз, сизга нимадир керакмиди?
– Менинг қорним оч, – оҳисталик билан тан олди у.
У аёлга бошқа қарамади, унинг нигоҳлари ўнг томонда турган шкафда эди, шкафнинг эшиклари худди шамолдан синиб тушганга ўхшайди, чунки фанерли бўлаклари илмоқда осилиб турарди; ерга локнинг арчиб ташланган қипиқлари сочилиб ётарди. Шкафда тахлаб қўйилган нон анчагина эди. Думалоқ бўлка нонлар бир-бирига тартибсиз ҳолда қалашиб турар, уларнинг асосий қисми эзилган, суви қочган эди. У оғзида пайдо бўлган сўлакни қийинчилик билан ютар экан, ўйлади:”Мен нон ейишни истайман, нима бўлишидан қатъи назар, нон ейишим керак…”
У руҳоний аёлга қаради, аёлнинг болаларча боқувчи кўзларида қайғудошлик, шу билан бирга, қўрқув мужассам эди.
– Сиз овқатланишингиз керак, – шундайми? – савол аломати билан аввал косага, кейин таом солинган бидонга, сўнг нон тахланган полкага қаради аёл.
– Нон, деди у. – Илтимос, менга нон беринг.
Аёл шкафдан бир булка нон олди ва уни столога қўйиб, кесиш учун пичоқни ахтара бошлади.
– Раҳмат, қўйинг, ҳеч нарсани излаш шарт эмас, ахир нонни бўлиб ҳам ейиш мумкин-ку!
Руҳоний аёл салат солинган косани, шўрва қуйилган бидонни олди-да, чиқиб кетди…
У нонни синдирди, у шундай аҳволда эдики, ияги қалтираётгани, лаблари қимирлаётгани, жағи қандай қилиб бориб келаётганини сезиб турарди. Ниҳоят, у ноннинг таъмини тотишга киришди, унинг тишлари ишга тушди. У нон ерди. Нон эски эди. Балки бир ҳафталикдир, суви қочган, кўкимтир, қанақадир фабриканинг маркаси бўлса керак, алвон рангли қоғоз лента билан ўраб қўйилган. У ноннинг юмшоқ жойидан то чарм қобиқдай қизариб пишган қиррасига етгунча тишлади, кейин нонни қўшқўллаб тутиб яна бир бўлагини синдирди; ўнг қўли билан синдириб олинган бурдани оғзига солди, чапи билан эса ноннинг қолганини маҳкам ушлаб олди; ноннинг ҳар бир синдирилган бўлагини юмшоқ жойидан тишлашга уринар, бунда у ноннинг юзига қадалишини, қуриб қолган бўлса-да, ёқимли тегаётганини ҳис қилиб турарди, бу орада эса тишлар тингани йўқ, улар ўз вазифасини бажарарди.

1955

Ҳусан Эрматов таржимаси