
Дон Хосе Монтьель омонатини топширган куни, унинг бевасини айтмаганда, ҳамма енгил нафас олди: хайрият! Шундай бўлса-да, кўпчилик хийла вақтгача унинг чиндан ҳам оёқ узатиб юборганига ишонгиси келмади. Ҳатто ҳавоси беҳад дим ва иссиқ хонанинг ўртасида, баҳайбат қовунга ўхшаш сарғимтил япасқи тобутда болишга бош қўйиб, майин рўйжо устида ётган Монтьелнинг жасадини кўрганидан кейин ҳам эл-улус шубҳа-гумондан илло-билло қутула олмади. Соқоли силлиқ қирилган, эгнига оппоқ костюм, оёғига ялтираган амиркон туфли кийдирилган марҳум ҳар қандай одамнинг кўзига аввалгидан ҳам дадилроқ ва тирикроқ кўринмасинми. Бу ўша, ҳар якшанба соат саккизда аҳли жамоатни ҳидоятга даъват этиб, амри маъруф қиладиган дон Хосе Монтьель эди. Фақат энди у қўлига нақшинкор асо ўрнига бут тутган. Тобутнинг қопқоғи михланиб, маййит ҳашаматли оилавий дахмага қўйилганидан кейингина дон Хосе Монтьель ўзини ўлганга солиб ётмаганидан шаҳарча аҳлининг кўнгли тўлгандай бўлди.
Дафнидан кейин, бевасидан бошқа, ҳеч ким Хосе Монтьелнинг ўз ажали билан тинчгина кўз юмганидан ҳайратини яшира олмади. Илло, одамларнинг назарида, дон пистирмадан туриб энсасини мўлжаллаб узилган ўқдан кетиши керак эди. Бироқ аёли, эри қариб-қартайиб, тавба-тазаррусини жойига қўйиб, шу замоннинг недир авлиёлари сингари, осонгина жон беради, деб ишонар эди. Аён бўлдики, бева айрим тафсилотлардагина адашган. Хосе Монтьель чоршанба куни пешиндан сўнг соат иккиларда тўрбеланчакда чўзилиб ётганида жони узилди: ўлимининг сабаби — шифокорлар буткул таъқиқлаган хуноблик — ғазаб алангаси бехосдан ловуллаб кетгани. Аёли дафн маросимига бутун шаҳарча кўчиб келади-ю, уйда гул қўйишгаям жой қолмайди, деган хавотирга тушди. Аслида эрининг фирқадошлари ва черков уламоларигина ҳамдардлик билдиргани келди, ягона гулчамбарни эса шаҳарча маъмурияти жўнатибди. Германияда консуль вазифасида ўтирган ўғли ва Париждан паноҳ топган икки қизининг ҳар биридан уч саҳифадан телеграмма олди. Номаларни кўриб, фарзанди аржумандлари йўл-йўлакай почтага кирганини-ю, тик турганча одми сиёҳда йигирма долларлик жўнгина сўзларни битгунларича неча бор телеграмма бланкасини йиртиб, нечтасини ғижимлаб ташлаганини сезиш қийин эмасди. Уч фарзандидан бирортаси болалиги ўтган ота даргоҳига келиб, падари бузрукворини сўнгги манзилига кузатиш ниятида эканлиги ҳақида лом-мим демаган. Дафн маросими ўтган биринчи тунда олтмиш икки ёшли бева Монтьель суюкли умр йўлдошининг боши теккан ёстиқни қучоқлаганча ўксиниб йиғлар экан, ёлғизлик нималигини биринчи марта ҳис қилди. «Бас, энди бир умр хонамдан чиқмайман, — деган ўйга борди ҳаёти дунёдан кўнгли қолган аёл. — Шундоқ ҳам Хосе Монтьель билан бирга тириклайин гўрга кўмилганга ўхшайман. Ёруғ жаҳонидан қўлимни ювдим». Унинг бундай оғир ва нохуш ўй-хаёлларини самимийликдан йироқ деб бўлмасди.
Ирим-сиримларга берилган бу нозиккина аёл йигирмага етганида ота-онасининг хоҳиш-иродаси билан ўзига ўн қадамдан берироққа яқинлашишига ижозат этилган ягона талабгорга турмушга чиққан. Зеро, унгача ҳеч бир номаҳрам, ҳеч қачон бундан яқин мулоқотга ноил этилмаган. Эрининг паймонаси тўлганидан бери уч кун ўтганига қарамай, ҳамон кўз ёшларини тия олмаётган бева Монтьель энди қўл қовуштириб ўтира олмаслигига фаҳми етган, бироқ ишнинг кўзини билолмай боши қотарди. Англагани — ҳаммасини тақир бошлаш.
Хосе Монтьель ўзи билан қабрига олиб кетган беҳисоб сир-синоат орасида унинг пўлат сандиғини очадиган рақамлар занжири ҳам бор экан. Бу муаммонинг ечими билан алькалд, яъни шаҳарчанинг мутлақ ҳокими шахсан ўзи шуғулланадиган бўлди. У пўлат сандиқни айвонга олиб чиқиб, девор ёнига қўйишни буюрди. Икки миршаб милтиқларининг милини қулфга тўғрилаб, ўқ узишга киришди. Каллаи саҳардан беванинг хобхонасига алькалднинг буйруқларию кетма-кет отилган бўғиқ ўқ овозлари эшитилиб турарди. «Оғримаган бошимга шу кам эди, — деб эзиларди бева. — Беш йил эртаю кеч, отишмани тўхтатгин, деб парвардигорга илтижо қилган эдим. Энди отишма деган бало уйимга бостириб кирганидан бошим кўкка етиши керакка ўхшайди». Ўша куниёқ у яратгандан ўзига хотиржамлик ва ўлим тилай бошлади, қани энди ажалдан дарак бўлса. Портлашдан уй ларзага келганида аёл қотиб ухлаб ётарди: пўлат сандиқни очиш учун динамитдан фойдаланишга тўғри келибди.
Бева Монтьель яккаш хўрсинади: бунақа кунлар тушига кирибдими! Мезон ёмғирларию билч-билч лойгарчиликларнинг ниҳояси йўқдай. Аёл эри ташлаб кетган ва баракаси уча бошлаган ҳисобсиз мол-мулк уммонида елкансиз кема янглиғ шуурсиз сузиб бораркан, тўғри йўлини йўқотиб, галдираб қолган дарғадек ҳис этади ўзини. Мол-мулк тизгинини қариб-қартайиб қолган, аммо инсофда қойим мулозим сеньор Кармайкл ўз қўлига олади. Алал-оқибат, бева Монтьель ғамгузори —завжидан буткул жудо бўлганига кўзи етиб, тақдирга тан бергач, юрак ютиб хобхонасидан чиқади ва рўзғор юмушларига қўл уради. Қарабсизки, нигоҳни қувонтирадиган нарсаларнинг ҳаммаси кўздан нари олиниб, мебелга қора ғилофлар солинган, девордаги суратларни мотам жияклари безаган. Жанозадан сўнг ўтган икки ой мобайнида тирноқларини қирчишни одат қилган бева Монтьелнинг кўзлари энди мудом қизариб, қовоқлари шишиб туради. Бир куни у сеньор Кармайкл уйга кириш олдидан шамсиясини ёпмаганини кўриб қолади.
— Шамсиянгизни ёпинг, сеньор Кармайкл, — дейди бева. — Бошимизга тушган шунча мусибатдан кейин уйимга шамсиянгизни очиб кирганингиз нимаси.
Сеньор Кармайкл шамсиясини ёпмай бурчакка қўяди. Кўмирдай бадани ялтираган, оқ костюмли кекса ҳабаш оёғини қавартирмаслиги учун туфлисини пичоқ билан тешиб қўйган.
— Очиқ турса, тезроқ қурийди.
Эрининг вафотидан бери бева биринчи марта деразани очади.
— Шунча кулфат устига қишнинг аччиқ келганини кўрмайсизми, — деб шивирлайди у тирноқларини ғажир экан. — Ёмғирнинг тўхташ нияти йўққа ўхшайди.
— Ҳар ҳолда, бугун ҳам, эртага ҳам тўхташидан дарак йўқ, — дейди кадхудо. — Кеча туни билан оёғим зирқирайвериб ухлатмади.
Бева Монтьель сеньор Кармайклнинг оёғидаги қадоқлар об-ҳавода бўладиган ўзгаришлар ҳақида олдиндан белги беришига шубҳа қилмайди. Аёл шаҳарчанинг ҳувиллаб ётган чорси майдончасига, тек қотган уйларга нигоҳ ташлайди. Бу уйларнинг эгалари ўзлари кеча ҳазратим деб юкунган Хосе Монтьелнинг дафн маросимини шунчаки кузатиш учун эшигидан лоақал кўз қирини ташлашни ҳам кўнгилларига раво кўрмаган. Бева қирчилган тирноқлари, эридан мерос бепоён амлоклари ва ўзининг ҳеч қачон ақли етмайдиган беҳисоб мажбуриятлари қонига ташна қилиб, алам ва армон ўтида қовураётганини англайди.
— Дунё бунчалар бевафо! — дейди ва ҳўнграб юборади.
Ўша кунлари унинг зиёратига келганлар, бечоранинг эси кирди-чиқди бўпқопти, деган хаёлга боришлари мумкин эди. Аслида беванинг ўй-хаёли ҳеч қачон ҳозиргидек аниқ-тиниқ бўлмаган. Сиёсий сабаблар ўлароқ, янги оммавий хунрезликлар ҳали бошланмаган. Шундай бўлса-да, аёл мезоннинг рутубатли тонгларини хобхонасининг деразаси олдида кутадиган, қатағон қурбонларига ачиниб, яратганнинг инояти билан эри ҳафтанинг еттинчи куни ҳордиқ чиқаришни одат қилмаганида, бандаларни ҳидоят йўлига янада кўпроқ даъват этиш учун имконият топарди, деган хаёлларга борарди.
— Ўша ҳордиқ кунлари беҳуда кетмаганида, бу дунё шунчалар норасо кўринмас эди, — деб куюнади у. — Эрим адисари абадий уйқуга кетар экан-ку.
Завжи ўтганидан бери деярли ҳеч нарса ўзгармаган. Ягона истисно — илгари, эри ҳали тириклигида, беванинг нохуш хаёлларига сабаблар кўп эди.
Бева Монтьель дилгирлик ўтида қовурилаётган кезларда сеньор Кармайкл муқаррар фалокатнинг олдини олишга уринар эди. Ишлар эса аллақачон чаппасига кетиб, ишкали чиқиб бўлган. Бутун округда савдо-сотиқ ишини қатағон йўли билан қўлига олган Хосе Монтьелдан қутулган шаҳарча аҳли гўё сондан чиққан. Айвонга териб қўйилган ва аллақачон оёғи узилган харидорлар йўлига муштоқ хумлардаги сутлар ачиган, мешлардаги асаллар қотган-қуриган, омборларнинг қоронғи тахмонларида пишлоққа тўйган қуртлар семизликдан думалаб қолган. Олти йил мобайнида қилган қотиллик ва хунрезликлари учун Хосе Монтьелни энди электр нурларидан чароғон мармар сағананинг тагида – қора ер қаърида фаришталар савол-сўроққа тутиб, муқаррар жазога гирифтор этмоқда. Мамлакат мамлакат бўлиб ҳали ҳеч ким бунчалик тез бойиб-битиб кетмаган эди. Салтанат сардорлари томонидан тайинланган илк алькалд шаҳарчада пайдо бўлганида, аввалги ҳукмдорларга енг ичида хизмат қилиб келган Хосе Монтьель кунини жувозхонасининг эшиги олдида ярим ялонғоч ўтириш билан ўтказар эди. Одамлар уни анчайин омадли, ҳатто тақвоси теран ҳисоблаган пайтлар бўлган. Илло, лотереяда ютиб қолгудай бўлсам, отдошим Юсуф алайҳиссалом ҳазратларининг одам бўйи келадиган муҳташам ҳайкалини ясатиб, жоме черковига инъом этаман, деб кўпчилик олдида ваъдани қуюқ қилган. Орадан икки ҳафта ўтиб, бир эмас, олти баробар ютуқни дўндиргач, лафзини ҳалоллаб олган. Янги алькалд, яъни полиция сержанти, одамови чапақай шаҳарчадаги мухолифат аъзоларини таг-томири билан йўқ қилиш ҳақида буйруқ олган куни одамлар биринчи марта Хосе Монтьелни оёғида чориғи билан кўрган. У алькалдга хуфияликка ёлланади. Бировда заррача шубҳа уйғотмайдиган бу хокисор, миқти ва вазмин бозиргон сиёсий рақибларига бой ёки камбағаллигига қараб муомала қилади. Ғаними ночорроқ бўлса, миршаблар майдонга чиқариб отиб ташлар, давлатмандларга эса шаҳарчани тарк этишлари учун йигирма тўрт соат муҳлат берар эди. Хосе Монтьель димиққан хонасида кун бўйи қамалиб ўтириб, алькалд билан қирғин режасини пишитаётганида хотини қурбонларга ачиниб юм-юм йиғлаган маҳаллари кўп бўлган. Оқшомлари, Алькалднинг қораси ўчгач, кўз ёшларини тия олмаётган аёл эрига: «Бунинг инсон эмас, қаттол маҳлуқ экан, — дерди чатнаб-чарсиллаб. — Ҳукуматдаги таниш-билишларингга айтиб, ишинг бошингдан қолгурни бошқа жойга олмасанг, шаҳарчага қирон келди-ку!» Ўша кунлари иши бошидан ошиб-тошиб ётган Хосе Монтьель хотинининг хархашасига қиё ҳам боқмайди. «Нодонлик қилма», деб қайириб ташлайди. Аслида у ғариблар қирғинидан кўра, бойлар бадарғасидан кўпроқ манфаатдор эди. Алькалд бойларнинг дарвозасини ўққа тутиб, эшиги илма-тешик бўлган хонадонлар эгасининг шаҳарчадан чиқиб кетиши учун муддат белгиласа, бадарға қилинганларнинг чорваси ва ерини Хосе Монтьель оғзига сиққан нархда сотиб оларди. «Ғофил бўлма, — дерди хотини унга. — Бировларга ёрдам берасан-у, ўзинг хонавайрон бўласан. Улар нотаниш юртларда очликдан ўлмагани учун сендан миннатдор бўлишлари керак, аслида. Кошки, нодонлар бу марҳаматларингнинг қадрига етса». Хотинининг гўллигини кулги қилиб ўтиришга вақтини қизғанган Хосе Монтьель унинг оғзига урарди: «Бор-бор, кўп лақилламай, қозон-товоғингга қара!»
Шундай қилиб, бир йил ўтиб-ўтмай мухолифатга барҳам берилиб, Хосе Монтьель шаҳарчанинг энг давлатманд ва қудратли одамига айланади. Қизларини Парижга жўнатиб, ўғлини Германияда консуль лавозимига тайинлашларига эришади ва ўз мавқе-мартабасини узил-кесил мустаҳкамлашга киришади. Бироқ дину аббатликнинг жамики аҳкомлари ва арконларини оёқости қилиб эришган неъматларининг айши қисқа экан, давру даврони олти йилга ҳам бормади. Ўлимидан бир йил ўтгач, зинапоя ғичирлашидан бевасининг юраги зирқираб кетади. Билади, зинопоя ғижири — нохуш хабардан далолат, ёқимсиз гапни унга доим шомлатиб айтишади. «Яна қароқчилар ҳужум қилди, — дердилар бевага. — Кеча эллик бош жувонаю ғунажиндан айрилдик». Тирноқларини ғажиб, тебранма курсида қилт этмай ўтирган бева туз тотай демас — дилтанглик унинг таомига айланган эди. «Одамлар яхшиликни билмайди, ҳаммаси ношукр, деб сенга айтмаганмидим, Хосе Монтьель, — дея бот-бот зорланарди у марҳум эри билан гаплашаётгандай. — Тупроғинг совимасидан, ҳамма биздан юз ўгирди».
Беванинг хонадони билан борди-келди узилган. Тинимсиз ёғаётган ёмғир дунёни шалаббо қилиб юборган узундан-узун ойлар мобайнида кўрадиган ягона одами – ўзини очиқ шамсияси билан уйга урадиган инсофли ва жонсарак сеньор Кармайкл эди. Ишлар ўнгланмади. Сеньор Кармайкл беванинг ўғлига неча бор хат ёзиб, сеньор Монтьель Германиядан эртароқ қайтиб, оиланинг ишларини ўз қўлига олсалар, нақадар хайрли бўларди, деб шамалар қилган, ҳатто бегойисининг саломатлигидан бирмунча хавотирда эканини айтишга ўзида журъат топган эди. Бироқ унинг хатларига келган жавоблар бирмунча мавҳум ва чучмалроқ бўларди. Ниҳоят, Хосе Монтъелнинг ўғли суиқасд қилишларидан чўчиб, ота юртига қайтиб боролмаслигини очиқ тан олади. Шунда сеньор Кармайкл бевага рўзғори бутунлай жар ёқасига келиб қолганини айтишга мажбур бўлади.
— Ваҳима қилманг, — дея эътироз билдиради аёл. — Пишлоқ билан пашшани қўярга жойим йўқ-ку! Сиз ҳам нимани лозим топсангиз, борича олаверинг. Ўтинчим: кўнглимни тиндирибгина кўз юмсам дейман.
Бу суҳбатдан кейин, ҳар ойнинг охирида қизларига юборадиган хатларини ҳисобга олмаганда, у ташқи дунёдан буткул узилади.
«Шаҳарчамизга баддуо кетган, — деб ёзарди у ўкинч билан. — Бу юртга минбаъд қайта кўрманглар. Мендан эса асло хавотир олманглар: ўзимни бахтиёр сезишим учун сизнинг бахтли эканлигингизни билсам кифоя».
Қизлари навбати билан жавоб йўллашарди. Мактубларидан диловорлик, иссиқ ва ёруғ хоналарнинг рафтори, қизларининг ўйлаб-ўйлаб, тўхтаб-тўхтаб, ўзларини чиройли кўзгуларга солиб, солганидан кўнгиллари тўлиб ёзгани сезилиб турарди. Улар ҳам ўз ватанидан безган. «Бу ерда тамаддун, келажак бор, — деб ёзарди қизлари. — Сиз томонларда эса яшаш азоб. Сиёсий қарашлари учун одамлар маҳв этиладиган ёввойи мамлакатда қандай яшаш мумкин?» Бундай хатларни ўқир экан, бева Монтьель хотиржам тортиб, ҳар бир жумлани маъқуллаб бош ирғаб қўярди.
Бир гал қизлари унга Париждаги қассобхоналар ҳақида ёзишибди. Гапларига қараганда, пушти хинзирларни сўйиб, гўштини дўконга кираверишда гуллар ва гулчамбарлар билан безатиб қўйишар эмиш. Хатнинг охирига қизларининг ёзувига ўхшамайдиган битик қўшилган: «Энди думининг тагига энг катта ва энг чиройли чиннигул тиқилган чўчқани тасаввур қилавергин-а». Бу гапни ўқиган бева Монтьель икки йил деганда биринчи марта жилмайиб қўяди. Уйининг чироғини ўчирмай, хобхонасига кўтарилади ва ётишдан олдин электр вентилятор — бодкашни девор томонга буриб қўяди. Кейин каравот ёнидаги тумбадан қайчи, елимли пластирь ўрами ва тасбеҳ олади-да, қиртишланавериб яллиғланиб кетган ўнг қўлининг бош бармоғига ёпиштиради. Ибодатга киришади, бироқ иккинчи саждадаёқ тасбеҳни чап қўлига ўтказишга мажбур бўлади. Лат еган бармоғи увушиб, тасбеҳ доналарини сезмай қолади. Қаердадир узоқ-узоқларда момақалдироқ гумбурлайди. Бева бошини кўксига туширганча пинакка кетади. Тасбеҳ ушлаган қўли сонидан пастга сирғалганида тушига айвонда ўтирган Улуғ Она киради. Оқ чойшаб ёйилган тиззасида тароғи кўзга ташланиб турган маъбуда бош бармоқларининг тирноқлари билан битларни эзмоқда эди. Бева Монтьель ундан:
— Қачон куним битади? — деб сўрайди.
Улуғ Она бошини кўтаради:
— Қўлинг увуша бошлаган куни.
Русчадан Қулман Очил таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2025 йил 1-сон.

