Фридрих Дюрренматт. Ит (ҳикоя)

Бу шаҳарга келган дастлабки кунимдаёқ Библиядан баланд овозда қироат қилиб турган абгор қиёфадаги киши ва унинг атрофида тўпланган кичик бир тўда эътиборимни тортди. Унинг оёқлари ёнида ётган итни – жуда хунук ва мумдай қоп-қора, тердан юнглари намиқиб ва силлиқланиб турган маҳлуқни – дафъатан кўрмаганимга ажабландим. Итнинг кўзлари худди олтингугуртдек сапсариқ, даҳшатли оғзини очаркан, иккита бўритиши ҳам шу рангдалигини кўриб титраб кетдим, унинг бутун кўриниши шундай эдики, дунёдаги бошқа бирорта жонзотга таққослашдан ожиз эдим. Бу даҳшатли махлуққа узоқроқ қараб туролмадим ва ундан кўз узиб, яна итнинг эгасига қарадим. У йиртиқ либосли норғул бир киши эди. Шунга қарамай унинг кийимлари йиртиғидан кўриниб турган бадани тоза эди, камбағалмонанд либослари ҳам одатдан ташқари тозалиги билан ажралиб турарди. Қўлидаги Библия эса ҳақиқий хазина; муқовасида олтин ва бриллиантлар жилоланарди. Воизнинг овози кескин ва хотиржам, сўзлари одатдан ташқари аниқ бўлиб, нутқида оддийлик ва ишонч ҳукмрон. Яна шуни ҳам пайқадимки, унинг нутқида мутлақо киноя йўқ. Бу Библиянинг хотиржам тарздаги қироати бўлиб, ҳар қандай фанатизмдан холи, мабодо қандай этиб сўзларида ишончсизлик сезилса, бу оёқлари остида ётиб, сап-сариқ кўзларини тингловчилардан узмай қараб турган итнинг таъсири эди. Ит ва унинг хўжайини билан боғлиқ ғалати уйғунлик мени ўзига ром этиб қўйди ва бутун эътиборимни шу одамнинг шахсиятини билиб олишга ундади. У шаҳарда ҳар куни ваъзхонлик қиларди. Бироқ ўз иши билан кечгача шуғулланса-да, унинг кимлигини билиб олиш осон кечмади. Шаҳар режа асосида аниқ ва оддий қурилганига қарамай, унда адашиб қолиш ҳеч гап эмасди. Бунинг устига воиз ўз қароргоҳидан маълум бир вақтда чиқмас ва умуман, унинг хатти-ҳаракатидан нима қилмоқчи эканлигини айтиш қийин эди. Баъзида у кун бўйи бир жойда туриб олиб бетиним сухандонлик қилар, баъзида эса ҳар чорак соатда жойини ўзгартирарди. Улкан қора ит ҳамиша унинг ёнида юриб, кўча бўйлаб кузатиб борар ва ваъзхонлик бошланиши ҳамон оғир гавдаси билан ерга ўмганларди. Унинг ваъзларини тингловчилар унчалик кўп бўлмас, гоҳида ёлғиз ўзи турганини кўриш мумкин эди. Лекин менинг билишимча, бундай ҳолдан хижолат тортмасди ҳам. Турган жойидан жилмай қироатини давом эттираверарди. Ногоҳ чоғроққина кўча ўртасида туриб олиб, баланд овозда ибодат қила бошлаганини кўп марта кўрганман. Ваҳоланки, яқингинасида унинг ваъзларидан бехабар одамлар ўтиб-қайтишаётган катта кўча бор эди. Унинг ортидан сездирмай кузатиш имкони бўлмагани сабабли ҳар доим тасодифий учрашувга умид боғладим ва бу одамнинг қароргоҳини излаб топишга ҳаракат қилдим, бироқ ҳеч ким воизнинг манзилини кўрсатиб бера олмади. Шу боис, бир сафар кун бўйи унинг ортидан юрдим. Бир неча кун шундай ўтди. Ҳар доим оқшомга яқин у изсиз йўқолиб қоларди, мен эса мақсадимни сездириб қўймаслик учун унинг ортидан билдирмай боришга уринардим. Мана, ниҳоят, бир куни оқшом палласи унинг шаҳар кўчаларидан бирига, билишимча, шаҳарнинг энг бадавлат кишилари яшайдиган уйга кириб кетаётганини кўриб таажжубим ошди. Шу лаҳзадан эътиборан мен одатимни ўзгартириб, энди унинг ортидан яширин равишда кузатишни тўхтатдим. Мени кўрсин учун атайлаб унинг рўпарасида турадиган бўлдим, бу билан унга ҳеч ҳам халақит бермасдим, аммо ит мени кўриши билан ириллай бошларди. Шу тарзда бир неча ҳафта ўтди. Ниҳоят, ёзнинг охирларида Иоанн Инжили тўғрисидаги шарҳини тамомлаган воиз менинг олдимга келиб, уйига кузатиб қўйишимни сўради. Йўл давомида оғиз очмади. Уйга етганимизда борлиққа қоронғулик чўккан эди. Биз кирган катта хонада чироқ ёниб турарди. Хона йўл сатҳидан қуйида бўлгани сабабли эшикдан кирарканмиз, зина бўйлаб бир неча поғона пастга тушишга тўғри келди. Хонада китоб-лар шу қадар кўп эдики, деворлар ҳам кўринмасди. Осмачироқ остида арча ёғочидан ишланган катта ва оддий стол бўлиб, унинг ёнида тўқ мовийранг кўйлакли бир қиз китоб мутолааси билан машғул эди. У бизга эътибор қилмади. Хонанинг иккита деразаси бўлиб, уларга қалин матоҳдан парда тутилган, деразалардан бирининг тагига одмигина тўшама ташлаб қўйилган, деразага қарама-қарши томондаги девор тагида каравот, стол ёнида эса иккита стул турарди. Эшик ёнида печка. Яқинлашиб борарканмиз, қиз биз томонга қаради ва шунда мен унинг юзини кўрдим. Қиз мен билан қўл бериб кўришди-да, стуллардан бирига таклиф этди. Бу пайтда уй соҳиби тўшагига узала тушган, ит эса унинг оёқлари ёнидан жой олганди.
– Бу менинг отам, – баён этди қиз, – ухлаяпти, бизни эшитмайди. Итнинг номи йўқ. Бир кун оқшом отам ибодат қилаётганда пайдо бўлиб қолди. Эшик қулфланмаганди. У панжалари билан тутқични босиб, эшикни ўзи очди-да, хонага кириб келди.
Мен қизнинг рўпарасида лол бўлиб турардим, кейин пастроқ овозда отасининг ким бўлганлигини сўрадим.
– У жуда бадавлат киши эди. Кўплаб фабрикалари бўлган, – деди қиз кўзларини ерга тикиб. – Лекин у онамни ва акаларимни ташлаб чиқиб кетган. Ҳақиқатни халққа етказиш учун шундай қилган.
– Отанг қилаётган ваъз-насиҳатлар ҳақиқат деб ўйлайсанми? – деб сўрадим.
– Ҳа, ҳақиқат, – жавоб қилди қиз, – бунинг ҳақиқат эканлигини аввалдан билардим. Шу сабабли отам билан мана шу тагхонада яшаяпман. Лекин у ҳақиқатни баён эта бошлаши билан итнинг пайдо бўлиб қолиши сира ақлимга сиғмайди.
Қиз жимиб қолди ва менга шундай қарадики, гўё мендан ниманидир сўрамоқчи-ю, буни овоз чиқариб айтишга журъати етмаётганга ўхшарди.
– Сен бу итни ҳайдаб юбор, – дегандим, қиз бунга жавобан бош тебратиб қўйди.
– Унинг номи йўқ ва шунинг учун ҳам ҳеч қаёққа кетмайди, – деди қиз шивирлашга яқин овозда. Сўнг менинг ўнғайсизланиб турганимни пайқаб, стуллардан бирига ўтирди, мен ҳам шундай қилдим.
–Нима, сен ундан қўрқасанми?–деб сўрадим.
–Ундан ҳамиша қўрқардим, – жавоб қилди қиз, – бир йил аввал мени ва отамни уйга қайтариш учун онам адвокат ва укаларим билан келишган эди, улар ҳам бу номсиз итдан жуда қўрқиб кетишди, ит бўлса отамнинг олдида туриб олиб, уларга қараб ирилларди. Мен, ҳатто тўшакда ётганимда ҳам ундан қўрқардим, лекин энди ҳаммаси ўзгарди, чунки сен келдинг ва энди мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Сенинг келишингни билардим. Албатта, қиёфангни тасаввур қилолмаганман, аммо кунлардан бир кун отам билан бирга, оқшом чўкиб чироқлар ёнганда ва кўчалар тинчиб қолганда шундай бўлишини ва бу оқшом пайти рўй беришини тасаввур қилардим. Билардимки, сен келасан. Мана шу ярми ер остида турган хонада, менинг тўшагимда, мана шу китоблар олдида мени никоҳ туни билан сийлаш учун келишингни билардим. Биз – аёл ва эркак шундайгина ёнма-ён ётамиз, анави ерда, ўз тўшаги устида эса отам. У қоронғуда бир гўдак янглиғ ухлайди, улкан қора ит эса бизнинг бахтсиз севгимизга посбонлик қилади.
Бу муҳаббатни қандай унутай! Дераза, торгина тўртбурчакдай бўлиб, гўё бизнинг яланғоч танларимиз узра кенгликларда учиб юрарди. Биз бир-биримизга чирмашиб, бир-биримизга қўшилиб кетганча ётар, арава судраб ўтаётган от туёқларининг жарангдор товуши, кўча шовқинлари эҳтиросларга қоришиқ овозимизга қўшилиб кетган эди. Баъзида уйига қайтаётган маст одамнинг қатъиятсиз қадам ташлаши, баъзан бузуқ аёлларнинг бедана юриши, гоҳида колонна бўлиб ўтаётган аскарлар этигининг оғир ва бир маромдаги гурсиллаши эшитиларди. Биз тагхонада илиққина қоронғуликка бурканиб, бошқа ҳеч нарсадан ҳадиксирамай ётардик, бурчакда – худди ўликдек сас чиқармай ўз тўшамаси узра ухлаётган уй соҳиби ёнида – сап-сариқ худди иккита сариқ ой доирасидек кўзларини бизга қадаганча ит ётар, унинг кўзлари бизнинг севгимизни қўриқларди.
Олтиндай алангаланиб ва яллуғланиб куз келди. Кейин аввалги йиллардаги афсонавий совуқли қишдан фарқли ўлароқ, кечиккан ва юмшоққина қиш бошланди. Дўстларим билан таништириш учун қизни тагхонадан чиқаришга кўндириш, театрга олиб бориш (улуғвор ишлар пишиб етилаётган жойга) ёки тепалик бўйлаб тўлқинсимон кўриниш олган ва шаҳар остонасига қадар бостириб келган нимқоронғу ўрмонга бирга сайр қилишга кўндиришнинг уддасидан чиқмадим – у уйдан чиқмас ва токи отаси ўша баҳайбат ит билан қайтмагунча, арчадан ясалган стол олдидан жилмас ва фақат шундан кейингина сарғиш нур сочиб турган деразалар остидаги тўшаги томон мени етакларди.
Ҳали шаҳардан шилта ва киррати қор аримаган, соя жойларда бир метр қалинликда қор уюмлари сақланиб турган эрта баҳорда, кутилмаганда, қиз хонамга кириб келди. Деразадан қуёшнинг нурлари қиялаб тушиб турарди. Вақт кечга томон оғган ва мен печкага тараша ўтин қалаётгандим. Худди шу лаҳзада у эшик олдида пайдо бўлди; ранги қув учган, қалтираб турар, пальтосиз, эгнидаги ўзининг ўша тўқ кўк кўйлагида совқотаётгандай кўринарди. Фақат оёғида мен аввал кўрмаган қизил мўйнали бошмоқчаси бор эди.
– Итни ўлдир, – деди қиз эшикдан кўриниши билан, – ҳали нафасини ҳам ростламай туриб. Унинг сочлари ёйилган, кўзлари катта-катта очилган ҳолатда эди. Қизнинг бутун қиёфаси шу қадар хаёлий эдики, унга қўлимни тегдиришга ҳам ботинмадим. Жавон олдига бориб, револьверимни олдим.
– Қачон бўлмасин мендан шундай қилишимни сўрашингни билардим. Шунинг учун қурол сотиб олгандим. Буни қачон бажаришим керак?
– Ҳозир, пайсалга солмай, – жавоб берди у. – Отам ҳам ундан қўрқади. У итдан азалдан қўрқаркан, буни энди англадим.
Мен револьверимни кўздан кечирдим-да, пальтомни кийдим.
–Улар тагхонада, – маълум қилди қиз нигоҳини ерга тикканича. – Отам ўзининг тўшагида қимирлашга журъат қилолмай ётибди. Чунки итдан қўрқади. Ҳатто ибодат ҳам қилолмайди, ит бўлса эшик олдида ётиб олган.
Биз дарё томонга эндик, тош кўприкдан ўтдик. Осмон худди ёнғин пайтидагидай қўнғир-қизил рангда. Қуёш эндигина бота бошлаган. Шаҳар одатдагидан гавжум, кўчаларда одамлар ва машиналар. Улар гўёки қандайдир қонли денгиз қобиғи бўйлаб бораётгандай, чунки деворлар ва деразаларда ботаётган қуёш шафақлари ҳали-ҳамон аксланиб турарди. Биз оломон ичига ўзимизни урдик. Ҳаракат борган сари кучаярди. Қатор бўлиб ўтаётган машиналар, силкиниб турган, зулмкор сутранг шиша кўзли баҳайбат маҳлуқларга ўхшаш омнибуслар, қўллари билан ишорат қилиб турган кулранг шлёмли полициячилар олдидан югургилаганча ўтиб борардик. Мен шунчалик қатъият билан олға интилардимки, қиз анча узоқда қолиб кетди. Ниҳоят, пальтонинг тугмалари ечиб қўйилганига қарамай, қуюқлашиб бораётган сиёҳранг оқшом чоғида ҳансираганча юқорига, керакли кўча томонга ўтиб олгандим. Лекин жуда кечиккан эдим. Ўша лаҳзада револьверни маҳкам ушлаб, эшикни оёғим билан бир тепиб очганча, чаққонлик билан ертўлага тушарканман, ўзини деразага отиб уни синдирганча кўчага сакраётган маҳлуқнинг баҳайбат соясини кўриб қолдим.
Ерда эса ит таниб бўлмас даражада бурдалаб ташлаган уй соҳибининг оппоқ гавдаси қон ҳалқобида ётарди.

***

Мен бутун вужудим билан титраб, китобларга кўмилганча деворга суяниб турарканман, машина сигнали эшитилди. Замбил кўтарган одамлар кириб келишди. Марҳумнинг жасади олдида турган врач менга ғира-шира кўринарди. Ранги учган, тиш-тирноғигача қуролланган полициячилар ҳам жасад олдида туришарди. Атроф тўла одам. Баралла овоз билан қизни чорлаганча ўзимни шаҳар бағрига отдим. Кўприкдан ўтиб уйимга етиб олдим. Лекин қиз у ерда йўқ эди. Мен жон аччиғида, уйқусиз, ейиш-ичишни, дам олишни унутиб, уни изладим. Полиция ҳам оёққа турган эди. Баҳайбат махлуқсимон ит ҳамманинг юрагини ваҳимага тўлдирган. Қизни қидираётганларга ёрдам сифатида сафарбар этилган маҳаллий гарнизон аскарлари занжир ҳалқаларидай тизилишиб, атрофдаги ўрмоннинг тити-питисини чиқаришди. Сарғиш ифлос сувли дарёда қайиқлар сузар, қўлида узун хода тутган кишилар дарё тубини титкилашарди. Шаҳар ва унинг атрофида баҳорнинг илиқ ёмғири тўхтовсиз ёғиб тургани сабабли қидирув ишини тошконларнинг ғорларида олиб боришарди. Улар ёниб турган машъалаларни бош узра кўтариб, қизнинг номини айтиб баланд овозда чақиришарди. Уни канализация тунелларидан, ҳатто маҳаллий кафедраль черков томларидан ҳам излашди. Лекин у сув остига чўккандай дом-дараксиз кетган, ит ҳам ғойиб бўлганди.
Орадан уч кун ўтиб, тунда уйимга қайтдим-да, ҳориган, бўшашган бир ҳолатда кийимларимни ҳам ечмасдан ўзимни каравотга ташларканман, худди шу лаҳзада пастда, кўча томонда, қадам товушлари эшитилди. Югурганча дераза олдига бордим, уни очиб юбордим ва деразадан бошимни чиқариб қарадим. Ярим тунгача қуйган ёмғирдан ҳўл бўлган йўл қора тасмага ўхшарди. Ҳўл асфальтда кўча чироқларининг нури нотекис бир тарзда олтин рангда жимирларди, кўчадан қатор дарахтлар бўйлаб, эгнида қора кўйлак, оёғида қизил бошмоқчаси, узун сочининг толалари кўкимтир рангларга йўғрилиб одимларди қиз. Унинг ёнида эса тундай қоп-қора, сариқ думалоқ, ялтироқ кўзли ўша ит гўё бегуноҳ қўзичоқдек енгил ва шарпасиз югургилаб келарди.

Русчадан Неъмат Арслон таржимаси

* * * * * * * * * * * *
ИТ

Бу шаҳарга келганимнинг илк кунларидаёқ Библия қироат қилаётган жулдур кийимдаги киши атрофида тўпланиб турган оломон диққатимни тортди. Ваъзхоннинг оёқлари тагида ётган итни бир қарашда пайқамабман, терчираган ва сип-силлиқ жун қоплаган, зулукдек қоп-қора, баҳайбат ва хунукдан-хунук бу кўппакни дарҳол кўрмаганимга ҳайрон қолдим. Кўппакнинг кўзлари олтингугуртдек сап-сариқ, жағларини йириб очганда эса йирик-йирик сўйлоқларга кўзим тушди, ўзи умуман турқ-афти шундай ваҳимали эдики, уни бирон тирик жонзотга менгзай олмасдим. Бу улкан махлуққа узоқ тикилиб туролмай, нигоҳимни унинг эгаси – жулдурвоқи калтабақайга бурдим. Кийимининг илма-тешикаридан кўриниб турган териси тоза, фақирона либоси покизалиги билан бошқаларникидан ажралиб турар, қўлидаги Библия эса чинакам хазина эди: тилла ва олмос суви югуртирилган жилди ялт-юлт қилади. Овози ўктам, сокин. Сўзлари аниқ-тиниқ, нутқи содда-кескин; кинояю қочиримлардан йироқлиги шундоққина билиниб турибди. У зиғирча мутаассибликдан ҳоли равишда Библиядан ҳикоя келтирар, мабодо бирорта гап-сўзи ишонч­сиз чиқса, бу, шубҳасиз, оёғи остида ётиб, тингловчилардан сарғиш кўзларини узмаётган итнинг дастидан эди. Хўжайин ва кўппакнинг айнан мана шу тажассуми мени асир этди ва бутун диққат-эътиборим бу одамнинг кимлигини аниқлашга қаратилди. У Худонинг берган куни шаҳарда панд-насиҳатларини ўқишни канда қилмасди. Гарчи ўз иши билан тун пардаси ёйилгунча машғул бўлса-да, ҳар сафар уни топиш амри маҳол кечарди. Шаҳар аниқ ва оддий чизма асосига қурилган эса-да, адашиб қолиш ҳеч гап эмасди. Ваъзхон маконини турли вақтда тарк этар, умуман айтганда, унинг хатти-ҳаракатларида кетма-кетлик кўринмасди. Гоҳида у уззукун бир майдондан силжимасдан тинимсиз сўйлар, гоҳида жойини ҳар чорак соатда алмаштирарди. Қачон қарама қора ва улкан ит унинг кетидан қолмас, юрганда-турганда ёнида бўлар, ваъзхонликни бошлаши билан тўшама йўлга ётиб оларди. Тингловчилар ҳадеганда топилавермас, кўпинча бир ўзи қаққайиб тураверарди. Фаҳмимча, у бундан заррача хижолат тортмасдан, жойидан жилмай жаврайверарди. Кўпинча уни кичикроқ кўча ўртасида таққа тўхтаб, баланд овозда муножот қилаётган ҳолда кўрардим. Нарироқда, кенгроқ кўчада эса ўтган-кетганлар унга қиё боқиб қўйишмайди. Уни зимдан кузатишнинг эвини қилолмадим, ҳар гал тасодифга таянардим – шу боис унинг кулбасини излашга тушдим, бироқ ҳеч ким уйини кўрсатиб беролмади. Бир гал кун бўйи ортидан изма-из боравердим. Бир неча кун уринишларим зое кетди, қанчалик ниятимни яширишга тиришиб, кишибилмас таъқиб қилмай, оқшомга бориб изсиз ғойиб бўларди. Ниҳоят, бир оқшом кўчалардан биридаги уйга лип этиб кириб кеганини ўз кўзим билан кўрдим, билишимча, бу кўчада шаҳарнинг бойваччалари истиқомат қилади, бундан озмунча лолу ҳайрон бўлмадим. Ўшандан кейин юриш-туришимни ўзгартирдим, яширинишни бас қилиб, унинг ён-верида ўралашавердим; мен унга сира халал бермасдим, аммо яқинлашишим билан ит ириллашга тушарди. Шу тариқа бир неча ҳафта ўтиб кетди. Ёзнинг охирги кунларидан бирида у Юҳанно баён этган Каломни тамомлаб, қошимга келди ва уйигача кузатиб қўйишимни сўради. Йўл бўйи миқ этмади. Уйга кирганимизда, шунчалик қоронғу эдики, уй соҳиби каминани манзират этмиш каттакон хонада мойчироқ ёниб турарди. Хона кўча сатҳидан қуйида экан, эшикдан ичкарилашимиз биланоқ бир неча пиллапоядан пастладик. Шунчалик кўп китоб териб ташланганидан девор кўринмасди. Мойчироқ тагида – қорақарағай тахтасидан ясалган катта, жўн стол, ёнида тим-кўк кўйлакда бир қиз китоб ўқиб турибди. Қилт этмади. Хонада иккита дераза бўлиб, қалин пардалар осилган, битта деразанинг остига оддий тўшак ёзилган, унинг тўғрисидаги девор тагида каравот, стол ёнида – иккита стул. Эшик тагида эса печка. Яқинлашганимиз замон қиз ўгирилди ва мен унинг юзини кўрдим. У менга қўл узатиб, стулга ўтиришга илтифот қилди, шунда мен уй соҳиби тўшакка жойлашгани, ит эса унинг оёқларига бош қўйиб ётганига кўзим тушди.

– Менинг отам, – деди қиз, – у аллақачон ухлаб қолди, бизни эшитмайди. Итнинг лақаби йўқ. Бир куни кечаси отам ваъз айтаётганида, э йўқ-бе йўқ уйимизда пайдо бўлиб қолди. Эшик ёпиқ эди. Ит панжаси билан тутқични итариб, ичкарига кирибди.

Қизнинг қаршисида гарангсиб туравердим, кейин аста отаси ким бўлганини сўрадим.

– Отам жуда бой бўлган, бир қанча фабрикалари бор эди, – деди қиз кўзини ерга қадаб, – лекин у одамларга ҳақиқатни етказиш учун онам ва ака-укаларимни ташлаб кетган.

– Отанг тарғиб қилаётганларининг барчаси ҳақиқат деб ўйлайсанми? – деб сўрадим.

– Ҳа, шундай, – деб жавоб қилди қиз, – бунга ҳамиша ишониб келганман, шунинг учун ҳам отам билан шу ертўлага келиб яшаяпман. Аммо ҳақиқатни ошкор қилишлари билан ит ҳам пайдо бўлишини билмагандим.

Қиз жимиб, худди мендан ниманидир юрак ютиб сўролмаётгандай мўлтиради.

– Кўппакни ҳайдаб юбор, – дедим, лекин қиз бош чайқади.

– Унинг лақаби йўқ, шунга ҳеч қаёққа кетмайди, – деди қиз шивирлаб. У эсанкираётганимни кўриб, стулга ўтирди. Мен ҳам чўкдим.

– Нима, қўрқасанми? – деб сўрадим.

– Мен ундан ҳар доим қўрққанман, – жавоб қилди қиз. – Бир йил бурун онам ака-укаларим ва адвокат билан келиб, отам икковимизни уйга қайтармоқчи бўлишганда, улар ҳам итдан ўлгудек ваҳимага тушишган. Кечаси ўрнимда ётганимдаям ундан чўчийман, лекин энди ҳаммаси бошқача тус олди. Мана, сен келдинг, энди ҳеч балодан қўрқмайман. Келишингни билардим. Албатта, қандай кўринишингни тасаввур қилиб кўрмаганман-у, аммо-лекин бир кун эмас, бир кун мойчироқ ёқилиб, кўчада шовқин тинганда, отам билан кириб келишингга ишонардим. Ярми ерга ботган мана шу хонада, каравотимда, китоблар ёнида менга никоҳ кечасини ҳадя этиш учун келишинг­ни билардим. Биз, эркак ва аёл, ана шундай ёнма-ён ётамиз, анави ерда, тўшакда отам ухлайди. Отам қоронғуда гўдак мисол ухлаб қолади, баҳайбат қора ит бўлса, бахтиқаро ишқимизга соқчилик қилади.

* * *

Севги қиссамизни қандай унутай! Уйига қайтаётган маст-аластларнинг алдам-қалдам қадам товушлари, гоҳ ўрин алмашаётган фоҳишаларнинг саллоланиб одим отишлари, гоҳида эса саф тортиб кетаётган аскар этикларининг гурс-гурси, ундан сўнг жарангдор от туёқларининг тақ-тақи, файтон ғилдиракларининг ғичир-ғичири бизгача етиб келарди. Биз илиқ зимистонга чулғанган ер остида ҳеч нарсадан қўрқмай-чўчимай ётардик, бир бурчакда, тўшакда сассиз ўликдай донг қотиб уй соҳиби ухлар, ит ойнинг сариқ гардиши мисол икки кўзини биздан узмай пойлоқчилик қиларди.

* * *

Ловуллаб-қизариб олтин куз келди, ундан сўнг бултурги мисли кўрилмаган аёзсиз, сассиз, мўътадил қиш келди. Ошна-оғайниларим билан таништириб, театрга (қайсики буюк ишлар амалга оширилаётган) бирга бориш ёки оқшом чўкаётган маҳал шаҳарга туташиб кетмиш тўлқинсимон тепаликларда ястаниб ётган ўрмонда сайр қилиш учун қизни бирон марта ертўладан алдаб-сулдаб олиб чиқолмадим – у доим, қорақарағайдан ясалган стулга қапишганча, уйда қолар, отаси баҳайбат ит билан қайтиб келганда, деразалардан тушиб турган сарғимтил нурлар остида мени тўшакка тортарди. Иттифоқо, кўчалари чилп-чилп лой шаҳарда қор эриб улгурмаган эрта кўклам чоғи қиз хонамда пайдо бўлди. Деразадан қуёшнинг синиқ нурлари тушиб турибди. Шом яқинлашяпти, печкага бир-икки гўла ташлаган бўлдим. Шу дам остонада бўздек оқариб, тит­раб-қақшаб қиз пайдо бўлди, афтидан музлаб қолганди, эгнида пальтоси йўқ, биргина тим-кўк кўйлагида. Оёқларида, ҳув, ўшанда, уни илк бор учратганимдаги қизил мўйнали туфлиси.

– Итни ўлдир, – деди қиз нафаси бўғзига тиқилиб. Сочлари ёйилган, кўзлари ола-кула. Арвоҳнинг ўзгинаси. Шкафни очиб, тўппончани олдим.

– Бир кун келиб мендан шу нарсани сўрашинг­ни билгандим, – дедим, – шунга атаб қурол сотиб олганман. Буни қачон қилишим керак?

– Ҳозироқ, – деди қиз астагина. – Отам ҳам итдан қўрқяпти, авваллари ҳам қўрққан экан, энди тушундим.

Тўппончани текшириб, пальтомни кийдим.

– Улар ертўлада, – деди қиз ерга қараб. – Отам куни бўйи тўшагида қимир этмай ётибди, туришга қўрқяпти. Ҳатто ибодат ҳам қилолмаяпти, ит эса эшик тагига ётиб олган.

* * *

Дарё томон тушиб, тош кўприкдан ўтдик. Само аланга олаётгандай тўқ-қизил тусда. Боягина қуёш ботди. Шаҳар одатдагидан кўра жонланган. Кўчаларда одамлар ва машиналар зув-зув қатнайди. Улар гўё аллатовур қонли денгиз аро сузишарди, негаки дераза ва деворларда қип-қизил шафақ нурлари жилваланарди. Биз оломонга қўшилиб кетдик. Ғала-ғовур, зув-зув авоз баттар авж оларди. Биз қаттиқ тормоз берган автомобиллар ва кўзлари нурсиз ўт сочиб турган каттакон махлуқ мисол чайқалиб кетаётган омни­буслар орасидан ўтиб, зўр бериб имо-ишоралар қилаётган кулранг дубулғали полициячилар ёнидан шошиб бордик. Мен шундай шиддат ила олға интилдимки, қиз анчагина ортда қолди; ниҳоят ҳарсиллаб, пальтом тугмалари ечилиб, қуюқлашаётган бинафшаранг оқшомни қарши олиб, юқорилаб, керакли кўчага кириб бордим. Ҳайҳот, кеч қолибман. Қўлимда тўппонча билан шитоб-ла ертўлага сакраб, эшикни зарб билан тепиб очиб кирганимда, ойнани синдириб, кўчага отилган қўрқинчли маҳлуқнинг улкан соясини кўриб қолдим. Полда ит таниб бўлмас даражада ғажиб ташлаган уй соҳиби оғзидан кўпиги келиб, қора қонга беланиб ётарди.

* * *

Қўрқувдан дағ-дағ титраб, деворга суянганча, китобларга кўмилиб турганимда, кўчада машиналар сигнали янгради. Замбил кўтарган одамлар кириб келишди. Кейин жасад тепасида турган врачнинг ғира-шира қиёфасини, тиш-тирноғигача қуролланган бўздек оқарган полициячиларни кўрдим. Ҳаммаёқни оломон босди. Овозим борича қизни чақирдим. Шаҳар ичига отилдим, тағин кўприкдан ўтиб, уйимга келдим. Қиз йўқ. Руҳим тушиб, уйқу, тин олишни билмай, еб-ичишни-да унутиб, қизни ҳар ердан қидирдим. Полиция оёққа турди. Ўша баҳайбат итдан ҳамма қўрқаркан, қидирувга маҳаллий гарнизон аскарлари ҳам жалб қилинди, улар занжир бўлганча атрофдаги ўрмонларнинг тит-питини чиқариб оралаб чиқишди. Лойқа дарёда тинмай қайиқлар оқиб турди, узун-узун ходалар билан дарё тубини текширишди.

Шаҳар ва теварак-жавонибга кўкнинг илиқ кўз ёшларини тўкканча кўклам келди. Қидирув ишлари тош конидаги ғорларга кўчди. Қўлларда машъала билан қизни бақириб чақиришди. Уни канализация туннелларида, ҳатто маҳаллий  черков томи остларидан ҳам излашди. Шундан кейин қиз билан итни қайтиб ҳеч ким кўрмади.

Орадан уч кун ўтиб, қоқ ярим тунда уйга қайтдим. Бор умидимни узиб, ечиниб-нетмасдан, ўзимни каравотга таппа ташладим ва шу аснода кўчадан қадам товушлари эшитилди. Чопиб бориб, деразани ланг очдим-у, тун бағрига кўз тикдим. Пастда ҳали ёмғир суви қуриб улгурмаган қоп-қоронғу кўча ичакдай чўзилиб ётибди. Ҳўл асфальтда кўча чироқларининг нурлари нотекис заррин доғдай аксланиб турибди, кўча бўйлаб дарахтлар ёнидан қорамтир кўйлак ва қизил туфлида қиз кетиб борарди, тарам-тарам узун сочлари кўкиш товланади, унинг ёнида мулойим-ювошгина бўлиб, сарғиш кўзлари йилтиллаб, қаро тундай қоп-қора ит лакиллаб борарди.

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси.

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 6-сон