Фредерик Браун. Аломат нусха (хаёлий ҳикоя)

Гап бундай: дунёда Хенли, тўғрироғи, Хэнли деган бир одам яшарди. Башарасини кўрсангиз, унинг бирор ишга қодирлигига сира ишонмасдингиз. Ағ сайёрасидан меҳмонлар келди-ю, шу ҳеч нарсага ярамайдиган одам ҳикоямизга қаҳрамон бўлиб қолди.
Ўша куни Хэнлининг кайфи тароқ эди. Лекин, бу унинг учун фавқулодда ҳол эмасди. Чунки, у ҳамиша маст ҳолда бўлар, бир лаҳза ҳам ҳушёр юрмайман, деб аҳд қилганди. Дарвоқе, кейинги вақтларда бу аҳдини бажариши қийин бўлиб қолди. Нега десангиз, пули ҳам, қарз берадиган ўртоқлари ҳам тугади. Танишлар давраси шу қадар сийраклашиб кетдики, агар бирор жойда жон бошига йигирма центдан ундира олса боши осмонга етарди.
Шундай қилиб, Хэнли қора кунларга эсон-омон етиб келди. Шу кунларда у сал-пал таниш одамни учратиш, бирортасидан бир доллар ёки ҳеч бўлмаганда бир неча цент юлиш учун юз чақиримча йўл босиши лозим бўлиб қолди. Кўп юрганда одам бор кайфидан ҳам ажралади. Бутунлай ажралмайди-ю, ҳарҳолда кайфи бузилади. Хуллас, Хэнлининг бошига Кўзгулар салтанатидаги Алисанинг куни тушди. Алиса ёвуз қироличага дуч келмаслик учун жони борича чопаверади, чопаверади, лекин турган жойидан сира жилмайди…
Нотанишлардан тиланай деса бўлмайди, ҳар қадамда ҳушёр соқчилар, уни панжара орқасига тиқиб қўйишса, тамом, ҳолига вой — у ерда бирор томчи спирт анқонинг тухуми. Хэнли фалокатнинг чўққисига етди — ўн икки соатдан бери арақ татимади — энди куни қизил туш кўришга қолади. Қизил туш шундай аломат нарсаки, унинг олдида даҳшатли довуллар атиги енгил, майин шабада бўлиб қолади.
Васваса нима? Фақат кўзингга жинлар, алвастилар, кўринади, холос. Агар аҳмоқ одам бўлмасанг, ҳақиқатда жинлар, алвастилар йўқлигига ақлинг етади. Баъзан жинлар, алвастилар кўнглингни ҳам очади — бу ўзингга боғлиқ. Қизил туш кўриш-чи? Эҳ-е, бунинг учун арақни шунчаки ичиш кифоя қилмайди. Уни тинимсиз ичиш, охирги марта қачон ҳушёр бўлганингни ҳам эслаёлмайдиган даражада ичиш керак.
Қизил туш деган фикрнинг ўзиданоқ Хэнли қалтироқ қўллари билан эски таниши, қадрдон оғайнисининг қўлини қисиб, силкита бошлади. Аслида Кид унчалик қадрдон ҳам эмасди, Хэнли уни бор-йўғи икки-уч марта, шунда ҳам ноқулай вазиятларда кўрган. Лекин, бари бир эмасми? Кид Эгглстон жуссадор, лекин анчагина пачоқ одам эди. У қачонлардир боксчи бўлган, ҳозир ҳам қаҳвахонада муштлашувчилардан бири эди. Бу тўс-тўполонларда Хэнли у билан учрашмаслиги мумкин эмасди.
Лекин, сиз учун унинг кимлиги ҳам, исми-шарифининг ҳам аҳамияти йўқ. Чунки, у ҳозир қичқириб, ҳушидан кетади ва ҳикоямизда бошқа қатнашмайди.
…Уч ва Тўққиз — Ағ сайёрасидан, боя айтганимиздай коинотнинг нариги чеккасидаги ягона ҳаёт манбаи — Яшил қуёшдан келган меҳмонлар эди. Албатта, уларнинг тўлиқ номи тўлароқ айтганда 38905779 2869223 деб аталади. Ҳарҳолда бу ҳам қисқароқ, ўнликка бўлиб ҳисобланган ном…
Хэнли ҳузур қилиб, Киднинг қўлини силкитаётган дақиқада Тўққиз билан Уч улар тепасида бир милча баландликда учиб келаётган эдилар. Улар самолётда эмас, космик ракетада ҳам эмас, ликопда ҳам эмас, балки вақт ҳам макон тубида
учаётган эдилар. Хуллас, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, куб Ер аҳлига кўринмас, Филадельфиядан бир миль баландликда парвоз қиларди. Улар шу тўрт кун бадалида ердан келаётган радио тўлқинларни тутиб, текшириб, охири инглиз тилини ҳам ўрганиб олишди.
Албатта, улар бизнинг ҳақиқий маданиятимиз, ҳақиқий урф-одатларимизнинг заррачасини билишгани йўқ. Ўзингиз ўйлаб кўринг, фақат радио топишмоқлар, эълон, афишалар, дидсиз ковбойча саргузаштлар омухтасидан иборат бўтқани татиб кўриб, ердаги ҳаётни қандай тасаввур қилишсин? Тўғриси, уларни бизнинг тараққиётимиз айтарли қизиқтирмасди. Уларни фақат бир нарса: Ер ниҳоятда ортиқ тараққий этиб, ағликларга хавф туғдирмасмикин, деган муаммо қизиқтирарди. Тўрт кунда улар бундай хавф-хатар йўқлигига ишонч ҳосил қилишди.
Тўғри, ерликлар зўр бериб қуролланишаётган, янги-янги оммавий қирғин воситаларини топишаётган эдилар… Лекин, бу жанговарликни кучайтиришдан бошқа сайёраларга ҳужум қилиш мақсади кўзда тутилмаганига ағликлар ишонч ҳосил қилишди. Ерликлар бошқа сайёралардаги мавжудотларни эмас, балки, ўзларини қириб йўқотиш пайида эдилар. Шунинг учун ағликлар тўғри хулосага келганидан ажабланмаслик керак.

* * *

— Ерга қўнамизми? — сўради Уч.
— Майли, — деди Тўққиз.
Уч бутун вужуди билан рулга ёпишди.

* * *

Бу вақтда Хэнли ўртоғи Кидга хиралик қилаётган эди:
— Албатта, сен яхши боксчи эдинг, рақибингга қандай мушт туширганингни ўзим кўрганман. Сен рингда ажойиб эдинг, Кид! Агар тренеринг ақллироқ бўлганда, ҳозир биласанми ким бўлардинг?.. Сенда ҳалиги, нимайди, чапдастлик бор эди. Қиттай-қиттай қилишга ҳушинг қалай, Кид?
— Ким қуйиб беради, Хэнли? Сенми, менми?
— Биласанми, Кид, ҳозир ишларимиз хуржунроқ. Лекин, ичмасам бўлмайди, ичим ёниб кетаяпти. Дўстлигимиз ҳаққи…
— Сенга ичкилик ҳозир балиққа соябондай ярашади. Ўзинг тайёр бўлиб қолибсан. Ҳушингни йиғ, кўзингга шайтончалар кўрингунча…
— Бефойда, — деди Хэнли. — Мен шайтончалардан қўрқмайман. Ана, ҳозир ҳам орқангда шайтончалар кўриниб турибди…
Кид Эгглстон орқасига ўгирилди ва шу заҳоти қаттиқ қичқириб, ҳушидан кетди. Уч билан Тўққиз унинг олдига яқинлашиб келарди. Уларнинг ортида эни беш метр келадиган ёки ундан ҳам ортиқ баҳайбат куб кўринарди. Лекин, куб айни вақтда ҳам кўринар, ҳам кўринмасди — шуниси даҳшатли эди. Тўғриси, Кид шуни кўриб, ҳушидан кетган бўлса керак.
Уч билан Тўққизнинг қиёфаси ажабланарли эмасди. Улар чувалчангга ўхшаш, узунлиги (агар чўзилса) уч ярим метрча, белининг йўғонлиги йигирма беш сантиметрча келадиган оддийгина ақлли мавжудотлар эди. Гавдаларининг охири эса учлигина. Кўзлари кўм-кўккина. Ҳеч қандай сезги аъзолари кўринмасди. Хэнли ва йўл четида чўзилиб ётган Кид олдига улар кулчасимон ҳолатда, худди ҳавода сузаётгандай яқинлашишди.
— Хэлло! — саломлашди Хэнли. — Дўстимни қўрқитиб юбординглар, жин ургурлар… У менга роса насиҳат қиларди-да, қуйиб берарди. Энди ўрнига сизлар қуйиб берасизлар, қани бир стаканни қойиллатворинг-чи!..
— Таассуроти мантиқсиз, — деди Уч шериги Тўққизга қараб. — Бошқа мавжудот ҳам шундай. Иккаласини олиб кетамизми?
— Бефойда. Бошқаси йўғонроғ-у, лекин жуда заиф экан. Бизга аслида биттаси ҳам кифоя. Кетдик!..
Хэнли бир қадам орқага ташланди:
— Қуйиб берсангиз бораман. Йўқса қаерга олиб боришларингизни сўрайман…
— Биз Ағдан келган вакиллармиз…
— Ағдан қағгача? — масхара қилди Хэнли. — Гап бундай, тақсирлар, агар сизлар, нечталигингизни билмадим, агар қуйиб бермасаларингиз ҳеч қаёққа бормайман!
— У нима деяпти? — сўради Тўққиз Учдан.
— Тушунмадим.
— Мажбуран олиб кетамизми?
— Балки ўзи борар, тўхта-чи. Ҳой, жонивор, ўз хоҳишингиз билан кубга тушасизми?
— У ерда ичгани нарса борми?
— Бор, ҳамма нарса бор. Марҳамат қилинг…
Хэнли кубга кирди. Аслида, унинг учун қаерга боришнинг аҳамияти йўқ эди. Кубнинг ичи қаттиқ жисмдан экан, тиниқ ҳам, хира ҳам кўринмасди. Уч кубнинг мурватига ўралиб олиб, танасининг иккала учи билан енгил ҳаракат қилар, нозик механизмларни бошқарарди.
— Биз макон ортидамиз, — хабар қилди у. — Муайян нуқтада тўхтаб, кетаётган намунамиз мақсадимизга яроқлими-йўқми, шуни текшириб олишни таклиф қиламан.
— Ҳей, ичиш нима бўлади? — Хэнли ростакамига ташвишга тушди. Унинг қўллари қалтираб, баданида чумолилар ўрмалай бошлади.
— Чамамда у азоб тортаяпти, — сезди Тўққиз. — Эҳтимол очликдан, ёки ташналикдандир. Бу жониворлар нима ичар экан? Бизга ўхшаб водород перекисини ичармикин, ё…
— Бу сайёра сатҳининг асосий қисми озроқ хлорли натрий қўшилган сувдан иборат. Унга шунақа сувни синтез қилиб берайми?
— Керакмас! — қичқирди Хэнли. — Тузсизи ҳам керакмас. Ичаман! Виски! Арақ!
— Унинг танасидаги модда алмашинувини текшириб кўрайми? — сўради Уч. — Интерафлюороскоп ёрдамида буни бир секунда аниқлаш мумкин…
У мурватлардан узилиб, ғалати шаклдаги машина олдига борди. Чироқлар милтирай бошлади.
Тайёр. Унинг доимий озуқаси C2H5OH экан!
— C2H5OH дедингми?
— Худди шундай. Асосида этиль спирти. Таркибида озроқ H2O бор, лекин, бу ердаги денгизларда мавжуд бўлган хлорли натрий қўшилмаган. Бошқа таркибий қисмлар эса минимал дозада. Чамаси, унинг истеъмол қилган нарсаси, ҳарҳолда кейинги ойларда истеъмол қилган нарсаси бор-йўғи шу экан. Унинг қонида ва асаб ҳужайраларида 0,234 процент спирт бор. Менимча, унинг танасидаги бутун модда алмашинуви C2H5OH га асосланади…
— Оғайнилар, — ёлворди Хэнли. — Бунақада томоғим қақраб ўламанку. Кўп сафсата сотмай, бир стакан насибамни беринглар…
— Сабр қилинг, — жавоб берди Тўққиз. — Ҳозир сизга керакли нарса тайёр бўлади. Фақат верньер билан рухбинни ишга солсам бўлди.
Яна чироқлар милтираб, Тўққиз кубнинг бурчагидаги лабораторияга ўтиб олди. У қандайдир иш қилиб, бир минутда колба билан қайтди. Колба шишада икки литрча тиниқ суюқлик бор эди.
Хэнли шишани ҳидлаб кўриб, лабига теккизди ва оғир-оғир нафас олди.
— Шак-шубҳасиз, жаннатга тушиб қолдим, — деди у. — Ахир бу ультраприма люкс, бай-бай, илоҳий шароб-ку! Бунақа жаннати ичимлик бу дунёда бўлмайди!
У ичимликдан бир неча марта узоқ-узоқ ҳўплаганди, ҳатто томоғини ҳам куйдириб ўтмади.
— Тўққиз, бу қанақа таом? — сўради Уч.
— Таркиби анча мураккаб, унинг талабига жуда мос келади: Эллик процент спирт, қирқ беш процент сув. Мазасини яхшилаш учун оз миқдорда яна бир қанча моддалар қўшилган. Биз — ағликлар мабодо спирт ёки сув ича олганимизда ҳам, бу биз учун жуда бемаза нарса…
Хэнли уф тортиб, яна ҳўплади. Сал чайқала бошлади. Учга қараб, мийиғида кулди:
— Энди билдим, сизлар… ағдан йўқ…
— У нима деяпти? — сўради Тўққиз Учдан.
— Чамамда буларнинг фикрлаш жараёни бутунлай мантиқсиз. Бу турдаги жониворлар бирор ишга ярармикин? Лекин, албатта, уни яна текшириб кўрамиз. Ҳай, жонивор, отингиз нима?
— Отимнинг нима кераги бор, оғайни, м-м-мени хоҳ-лаганча атайверинглар, м-м-мен р-р-розиман… Сизлар м-мени энг яқин д-д-дўстларим-сиз. М-мени хоҳла-ган жойингизга оборинг, фақат б-борган жойимизда уй-й-ғотиб қўйинглар…
У шишадаги суюқликдан яна бир неча ҳўплаб, полга қулаб ётиб қолди-да, на Учга, на Тўққизга маълум бўлмаган «Хррр…вззз» каби товушлар чиқара бошлади. Уч билан Тўққиз бу товушларнинг маъносини ечишга ҳарчанд уринсалар ҳам, тушунишмади.
Хэнли яна ичкилик сўради. Тўққиз яна бир зумда колба шишани тўлдириб келди. Хэнли ҳузур қилиб, кўзини юмди.
— Фақат уйғотиб юборманглар!
— Ахир сиз ухлаётганингиз йўқ-ку…
— Бўлмаса, мени ухлатиб қўйманглар. Ҳа, энди тушундим! Бунинг нималигини билдим. Бу амброзия — худолар шарбати…
— Худолар? Нима дегани?
Хэнли колба-шишани табрик қадаҳига ўхшатиб баланд кўтарди.
— Ағдан баққа, бағдан аққа. Лекин, биз «ширин» бўлмаймиз…
— Ширин дегани нима? — сўради Уч.
— Ширин бўлиш — бу тўполон қилиб, муштлашиб, кўчада ағдан баққа ағанаш…
— Ағдан хабардормисиз?
— Ағдан-баққа ҳеч нарса йўқ. Сизлар ҳам йўқ… Сизнинг саломатлигингиз учун ичаман!..
У яна ичди.
— Жуда анқов, энг оддий ишлардан бошқага ярамайди, — хулоса қилди Уч. — Агар у бақувват бўлганида, биз бу сайёрага ҳужум қилишни тавсия этардик. Бу ерда тахминан уч-тўрт миллиард жонивор яшаса керак.
— Ура-аа! — бақирди Хэнли.
— Чамамда, унинг фаросати бир чақага арзимайди, — ўйланиб қолди Уч. — Эҳтимол, бақувватдир?
— Биз жисмоний чидамингизни синаб кўрамиз. Қани у бурчакдан бу бурчакка бир югуриб кўринг-чи! Шишадаги таомингизни Мен ушлаб тураман.
Тўққиз Хэнлининг қўлидаги шишани олишга уринди, лекин у бермай, ёпишволди.
— Яна бир ҳўплам. Яна қиттайгина ҳўпласам, чопаман. Ўлай агар, чопаман! Қаёққа десангиз ҳам!..
— Балки ичимликка зориққандир, беринг унга, — деди Уч.
«Тортиб олишса кейин ичолмай қолсам-а» — ўйлади Хэнли ва колба шишага ёпишди. Узоқ ичгач, қувониб, кўзига тўртта бўлиб кўринаётган ағликларга қўл силкиди.
— Пойга, оғайнилар! Улфатларнинг ҳаммаси борсин… Ўртага мени тикинглар. Ким ютса, менга қуйиб беради. Лекин, аввал яна бир ҳўпламгина…
— Бас, — деди Уч. — Энди чопинг.
Хэнли икки қадам босиб, полга ағанаб тушди. У чалқанчасига ағдарилиб олди ва юзига ёйилган роҳатижон табассум билан ётаверди.
— Ғаройиб! — хитоб қилди Уч. — Балки у бизни аҳмоқ қилаётгандир? Текшириб кўринг-чи, Тўққиз…
Тўққиз текшириб кўрди.
— Ғаройиб! — яна хитоб қилди у. — Ғаройиб! Қиттай уринганига бу нусха ҳушидан кетди. Шу қадар ҳушини йўқотганки, ҳар қанақа оғриқни ҳам сезмайди. Ёлғондан қилаётгани йўқ. Мазкур нусханинг Ағ учун заррача қиммати йўқ. Стартга тайёрланинг, қайтамиз. Биздаги инструкцияга мувофиқ, уни зоология боғимиз учун олиб кетамиз. Бунақа нусхани олиб борсак арзийди. Биз текширган ўн миллионга яқин сайёрада топилган нарсалар ичида энг аломати шу нусха…
Уч бошқариш мурватига ёпишиб, танасининг иккала учи билан механизмларни ҳаракатга келтира бошлади. 163 минг ёруғлик йили ўтди. 1930 аср ўтмишга ва шунча аср келгусига шундай аниқ саёҳат қилишдики, куб ҳеч қачон ҳеч қаёққа бормагандай, вақтда ҳам, маконда ҳам силжимагандай бўлди.
…Минглаб фойдали ва миллионлаб фойдасиз сайёраларни бошқарадиган ағликларнинг пойтахт шаҳрида, зоология боғининг энг фахрли жойида кенг ойнаванд қафасга Эд Хэнли солиб қўйилган. Хэнли бу ерда энг аломат нусха ҳисобланади. Қафаснинг ўртасида ҳовуз бор. Хэнли вақти-вақти билан шу ҳовуздаги спиртдан ичиб, ҳатто чўмилиб туради. Ховуздаги ичимликда мазаси бузилмаган ҳолда доимий модда алмашинуви учун зарур барча витаминлар ва тузлар бор. Бу ичимликни нўш қилган жониворнинг боши оғримайди…
Зообоғнинг томошабинлари Хэнлининг қилиқларидан қанчалик лаззатланса, Хэнли ўзининг туриш-турмушидан шунчалик лаззатланар эди. Улар Хэнлига ҳайрат билан тикилиб, сўнг қафасдаги лотинча сўзлардан бошланадиган ёзувни ўқишади:

АЛКОГОЛИКУС АНОНИМУС
Асосий овқати — оз миқдорда витаминлар ва тузлар қўшилган C2H5OHдан иборат. Гоҳо ажойиб қобилиятларини намоён қилади, лекин кўпинча бутунлай мантиқсиз. Чидамлилик даражаси — йиқилмасдан фақат бир-икки қадам юра олади. Иқтисодий фойдаси — нулга тенг. Галактика доирасида топилган энг ғаройиб ҳаёт шаклининг аломат нусхаси сифатида жуда қизиқарли. Бундай нусхалар ИК6547 — ХР908 системасидаги Ер деб аталган учинчи сайёрада яшайдилар…

Маҳкам Маҳмудов таржимаси.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1985 йил, 12-сон.