арз сўрайдиган одам ҳам, қарздор одам ҳам огоҳлантирувчи хабарнома жўнатмайди. Ҳаммаси кутилмаганда рўй беради.
Бир одам сиз билан умуммаданият ёки ҳатто бутункоинот миқёсидаги мавзулардан гап очиб, сизнинг ҳар бир сўзингизни диққат билан тинглайди. Ўзингизга бутунлай дахлсиз муаммолар-у масалалар атрофидаги қарашларингиз уйғунлашиб, бир-бирингизни яхши тушуниб бошлаганингизда у биринчи сукунатдан унумли фойдаланган ҳолда умумбашарий ва осмоний юксакликлардан енгилгина пастга тушиб дейди:
– Айтгандай, менга икки ҳафтага ўн сўмгина қарз бериб туролмайсанми?
Бундай кутилмаган бурилиш хаёлотга ўрин қолдирмайди. Натижада мен ҳеч бир баҳона ўйлаб тополмайман. Муҳими – тушуниб бўлмайди: нега энди “айтгандай?”. Аммо қарз сўровчилар ҳамиша шундай – уларга ҳамма нарса “айтгандай”. Дастлабки энг қимматбаҳо лаҳзалар саросимада ўтганидан кейин… мана шу ҳолат ҳамма ишнинг расвосини чиқаради-қўяди. Ахир, мен дарров жавоб бермай бир лаҳза жим қолдимми, тамом, шу нарса менда пул борлигини ўз-ўзидан кўрсатиб турибди-да. Бундай вазиятда ўзингда бор пул ўзингга кераклигини исботлаш ҳаммасидан қийини! Бу ерда ҳеч бир бошқа иложи йўқ, борингни чиқариб беришга мажбурсан.
Албатта, айрим тентаклар олган қарзларини қайтарадилар, аммо, моҳиятан олганда, ўта зарарли иш қиладилар. Агар шу тентаклар бўлмаганида эди, қарзини тўламайдиган ашаддийлар жамияти бутунлай тугаб битган бўлар эди. Бу тентакларнинг маънавий эътиқоди бор эканки, бу жамият фаолият кўрсатиб ривожланаверади.
Бир куни мен ўшандай яққол қарз сўровчилардан бирига, ҳар қалай, рад жавобини бердим. Аммо шу заҳоти афсус-надомат чекишга мажбур бўлдим.
Биз у билан қаҳвахонада учрашиб қолдик. Агар менинг бегона столларга бир сидра кўз югуртириб чиқишдек эркакча ярамас одатим бўлмаганида, эҳтимол уни пайқамаган бўлармидим. Нигоҳларимиз тўқнашгач, у билан сўрашдим. Назаримда, у ўз столида барқарор ўтирган эди. Аммо кутилмаганда ўрнидан енгилгина қўзғалиб, шодон табассум қилганча мен томонга йўл олди.
– Салом, ҳамюрт! – дея қичқирди у анча наридан.
Жаҳлим чиқди. Аммо кеч бўлган эди. Айрим одамлар учун эҳтиётсизлик қилиб бир марта тамакингизни туташтириб олганингиз кейинчалик бутун умр сизни ҳамюрт деб аташга кифоя қилади.
Мен қуюқ мулозамат-у ошна-оғайнигарчиликка ўрин қолдирмасликка аҳд қилдим. У дастлабки ишлов бериш усулларини тез орада қўллаб битириб, гўёки гап орасида ўзининг ўша кутилаётган кўндаланг саволини ўртага қўйди.
– Йўқ, – дедим мен чуқур хўрсиниб ва гапимнинг исботи учун чўнтагим, аниқроқ айтганда, ҳамёним жойлашган чўнтагим устидан кафтим билан қоқиб қўйдим. Қарз сўровчи маъюс тортди. Мен қатъият кўрсатганимдан мамнун бўлиб, раддиямни салгина юмшатиш ниятида бўлса керак, беихтиёр дедим:
– Албатта, сенга жудаям зарур бўлса, бирон ошнамдан қарз сўраб туришим мумкин…
– Жуда соз, – деди у алланечук жонланиб, – бориб қўнғироқ қила қол, мен сени шу ерда кутаман.
У столим қошида ястаниб ўтириб олди. Ишнинг бунақа чаппасига кетишини кутмаган эдим.
– Аммо у олисда яшайди-да, – дедим мен, унинг кутилмаганда қайта хуруж қилган қарз олиш иштиёқини сўндириб, ҳам аввалгидек ноиложлик ҳолатига қайтаришга уриниб.
– Ҳечқиси йўқ, – деди у кўтаринки руҳда, ўз иштиёқини сўндиришим, шунингдек, аввалги тушкун кайфиятига қайтаришимга мутлақо ўрин қолдирмай. – Мен қаҳва ичиб кутиб ўтираман, – қўшимча қилди у, стол устида ётган қутичамдан тамакини олар экан. Гўёки бутунлай менинг қарамоғимга ўтгандек…
– Тушлик буюртма бериб қўйган эдим-да, – дедим мен, ўзим ҳам сезмаган ҳолда ҳимояга ўтиб.
– Унгача бориб келишга улгурасан. Жуда бўлмаса, мен ея қоламан, – деди у. – Сен ўзингга бошқа буюртираверарсан…
Хуллас, жанг бой берилди. Табиатга қарши чиқиб бўлмайди. Агар ёлғонни бадиҳавий йўсинда ишонарли тўқий олмасанг, яхшиси, ёлғон гапирмай қўя қолган маъқул! Ёмғир эзиб ёғиб турганда иссиққина қаҳвахонадан кўчага чиқишга мажбур бўлдим. Тўғрисини айтсам, қўнғироқ қиладиган жойнинг ўзи йўқ эди. Аммо муюлишдан бурилиб, телефон кўшкининг ичига кириб биқиниб олдим.
Шу кўшкда ўн беш дақиқача ўтирдим. Ҳамёнимдан керакли пулни олдим-да, чўнтагимга солдим. Кейин тушлик нархини ажратиб олиб, унисини бошқа чўнтагимга солдим. Ҳамёнимни жойига солиб қўйдим. Энди у қарийб бўшаб қолган эди.
Шундан кейин гўё атрофни томоша қилаётгандек бамайлихотир юрганча қаҳвахонага қайтиб кирдим. Атрофга аланглаганим билан кўзим ҳеч нимани кўрмас эди. Чунки бутун фикри-зикрим чўнтакларни адаштириб юбориб, омонатлиги охир-оқибат ўзини аён кўрсатадиган ёлғон иморатимнинг ўз бошимга йиқилиб тушишидан қаттиқ қўрқиб қолган эдим.
Қаҳвахонага кириб келганимда у менинг тушлигимни еб бўлиб, қаҳвамни ичишга шайланиб турган экан. Мен унга пулни бердим, у санаб ҳам кўрмасдан чўнтагига солиб қўйди. Айни шу лаҳзадаёқ мен узил-кесил ишонч ҳосил қилдимки, пулимнинг қайтар йўли олис ва машаққатли бўлади. Афсуски, шундай бўлиб чиқди.
– Мен сенга қаҳва буюртириб қўйдим, – дея огоҳлантирди у. – Ҳозир олиб келишади.
Менинг қаҳва ичишдан бошқа иложим қолмади, чунки иштаҳам йўқолган эди. Официантка қаҳвага қўшиб хисоб варақасини ҳам олиб келди. Бунинг устига, у тановул қилган тушлигимнинг ҳақини тўлаб бўлганимдан кейин гўёки менинг бетакаллуфлигимни тузатган бўлиб ва ўзини пулнинг бетига қарамайдиган даражада бой кўрсатиб, официанткага саховат билан чой пули қистирди…
Қарздорларнинг ҳаммаси биргўр. Улар сизни қуюқ илтифот билан таксига ўтиришга таклиф қилишади, биринчи бўлиб ўтириб, охирги бўлиб чиқишингизга имкон беради, токи йўл ҳақини тўлашингизга халақит бермаслик учун.
Нақл қилишларича, Вильям Шекспир айтган эканки, биз қарз бераётиб пулимизни ҳам, дўстимизни ҳам йўқотамиз. Бу ерда аксинча бўлиб чиқди, яъни, мен пулимни, умуман олганда, йўқотдим, аммо бунинг эвазига шубҳали дўст орттирдим.
Кунларлан бир куни мен унга, ҳар бир одамнинг жамиятдан Каттакон Қарзи бор, дедим. У менинг бу фикримни бажонидил маъқуллади. Ўшанда мен ўта эҳтиёткорлик билан қўшимча қилдим: “Каттакон Қарз” тушунчаси, моҳиятан олганда, гарчи баъзан қайтаришимиз қанчалик оғир бўлмасин, қайтаришимиз шарт бўлган кўпдан-кўп кичик қарзлардан таркиб топади. Аммо у бу фикримга қўшилмади. Уқтирдики, “Каттакон Қарз” тушунчаси – бу кўпдан-кўп майда қарзлар эмас, айнан Каттакон Қарз! Бу бир бутун Қарзни майда бўлакларга парчалаб, сохталаштирувчига айланиб қолмаслик керак! Бундан ташқари, у менинг “Каттакон Қарз” тушунчамда илғор рус танқидчилиги томонидан аллақачон қораланган майдалаштириш назариясининг оқаваси борлигини кўрсатиб берди. Мен бу истеҳкомни қамал қилишим тўланадиган ҳар қандай ўлпондан оғирроқлигига иқрор бўлиб, уни ўз ҳолига қўйдим.
Аммо энг қизиқ ҳолат, мана, нимада. Виждонли инсонга рад жавобини бериш, виждони хирароқ, айтиш мумкинки, абжиргина кимсаларга рад жавобини беришга нисбатан анча осон. Биринчи тоифанинг илтимосини рад қилаётганимизда буни мен пулимни бой бериб қўйишдан қўрққанимдан қилаётганим йўқ-ку, дея ўзимизга тасалли бера оламиз.
Қарздорлар билан муносабат анча мураккаброқ. Уларга қарз берар эканмиз, пулимиздан буткул маҳрум бўлиш хавфини англаймиз. Улар ҳам, албатта, бу хавф борлигини билишимизни билишади. Ўта нозик вазият вужудга келади. Ўз раддиямиз билан биз гўё инсонга бўлган ишончимизни тубдан емирамиз, моҳиятан олганда, юлғичликнинг йўлини қилмаяптими бу, дея шубҳаланиб қарашимиз билан уни ҳақорат қиламиз.
Қарздорларимдан бири ҳақида батафсилроқ ҳикоя қилиб бермоқчиман. Яширмайман, ушбу ҳикоя орқали умумий тадқиқот вазифасидан ташқари ўзимнинг хайр-саховат бобидаги йўқотишларимни қисман қоплаш, шунингдек, матбуотда ошкора фош қилиш имконияти орқали бошқа қарздорларни салгина чўчитиб қўйишни истаб турибман. Улар жудаям кўп эмас. Икки юз миллиондан ортиқ мамлакатимиз аҳолисига етти-саккиз киши! Моҳиятан олганда, арзимас фоиз. Аммо, барибир, одам боласи инсофга келиб, дом-дараксиз кетган пулларинг ўзингга қайтаётганини билиш ёқимли-да. Мен шундай деган бўлар эдим: кутилмаганда қайтарилаётган қарздан ҳам мавридлироқ ва ўз вақтида қайтарилаётган қарздан ҳам кутилмаганроқ ҳодиса йўқ. Менимча, бу гап ёмон айтилмади-а? Умуман, ўз йўқотишларимиз ҳақида гапирганимизда, бизнинг овозимиз ўта самимий жаранглайди.
Шундай қилиб, ҳаммаси менинг бир жойдан мўмайгина пул олганимдан бошланди. Мен ўша жойни аниқ айтмаяпман, чунки сиз у ердан барибир ҳеч нима ололмайсиз.
Умумий оқимга бўйсунган ҳолда мен бу пулга бир улов сотиб олмоқчи бўлдим. Енгил машинани дарров рад қилдим. Биринчидан, унинг учун ҳайдовчилик гувоҳномангиз бўлиши керак. Тўғри, ҳозирги пайтда айримлар гувоҳномани сотиб олишади. Аммо бу, менимча, аҳмоқона иш. Машина сотиб олиш, гувоҳнома сотиб олиш, ана ундан кейин кунлардан бирида ҳалокатга учраб, кам деганда машинадан ҳам, гувоҳномадан ҳам ажраш. Мен қўлимдаги пулим машинага керакли пулдан беш баравар камлигини гапириб ҳам ўтирмайман.
Мана шундай сабабларга кўра машинани рад қилдим. Тасаввуримдаги енгил машинанинг бир ғилдирагини олиб қўйган эдим, яхшигина уч ғилдиракли кажавали мотоцикл ҳосил бўлди.
Аммо чуқур мушоҳададан сўнг тушундимки, кажавали мотоцикл ўзининг тузалмас беўхшовлиги сабабли менга тўғри келмайди. Бу беўхшовлиги доимий равишда асабимни бузади-да, ҳаммаси йўл чеккасидаги симёғоч ёрдамида бу кажавани ажратиб ташлаш билан хотима топишини билардим.
Ахийри велосипедга тўхтадим-да, уни сотиб олдим. Мен бу уловда бир неча муқаррар фазилатларни кўрдим. Бу энг енгил, энг сокин ва энг синашта улов. Қолаверса, бу уловда бензин пулини тежайман. Чунки у ички имкониятларига таяниб, айтиш мумкинки, хўжалик ҳисобига кўра ҳаракатланади.
Мен велосипедимни бирор ой ғизиллатиб, айнан шу уловни харид қилганимдан мамнун бўлдим. Аммо бир куни катта тезликда кетаётганимда кутилмаганда муюлишдан автобус чиқиб қолса бўладими? Жон ҳалпида ўт пуркаган радиаторга чап бериб йўлакка учиб чиқдим-да, у ердан тезликни пасайтирмаган ҳолда соат тузатиш устахонасига бостириб кирдим.
– Нима бўлди?! – деб қичқирди усталардан бири ўрнидан сапчиб турар экан қўлидаги Ереванда ишлаб чиқарилган уйғотма соат ерга тушиб, шарқона шиқилдоқли чилдирма жаранг-журунги остида ғилдираб кетди.
– Соат тузаттирмоқчиман, – дедим мен ҳотиржам овозда касса кўшкчасига тўқнашиб, кутилмаган тарзда енгилгина тўхтаб.
Биринчи бўлиб кассир аёл гап нимадалигини фаҳмлади:
– Тентак, – дея туйнукчасини қарсиллатиб ёпди.
Мен ўзимни босиб, бир балодан оппа-осон қутулганимга суюниб, уловимни етаклаганча жимгина юриб ташқарига чиқдим. Кўз қирим билан соатсоз усталардан бирининг кўзидаги шишачаси тушиб кетганини кўрдим. Нимагадир мен соатсоз устанинг шишачаси билан оқсуякнинг моноклида ажиб бир ўхшашлик борлиги ҳақида ўйлаб қолдим. Соатсоз ўзининг катталаштириб кўрсатувчи шишачасида майда механизмларни катталаштириб кўради, монокл ишқибозлари бўлса, эҳтимол, ўзлари қараётган одамлар билан ҳам шундай ҳодиса рўй беради, деб ўйлашади.
Йўлда кетаётиб велосипедни минишга нисбатан уни етаклаб яёв юрганда хаёл суриш осонроқ ҳамда хавфсизроқ, деган фикр келди миямга. Шунинг учун бу уловни бошқа минмасликка аҳд қилдим. Охир-оқибатда, велосипедчи автобус билан рақобатлашиши енгил вазнли курашчининг оғир вазнли курашчи билан рингга чиқишидек бир гап экан.
Уйга келиб, велосипедимни омборга киритиб қўйдим-да, уни бошқа эсламадим.
Тахминан бирор ойдан кейин бир узоқ қариндошим уйимга келиб, уни менга эслатди. Умуман, анчадан буён кўришмаган узоқ қариндошингиз сизникига келдими, ҳеч бир яхшилик кутманг. Сиз оғир кунларни бошингиздан кечириб амал-тақал оёққа туриб олдингиз, у бўлса, бу пайтда, Худо билади, қаерларда санқиб юрган эди. Эндига келиб, сиз бемалол оёққа туриб, ҳаттоки шахсий велосипедга эга бўлганингизда, у ҳеч нимани кўрмаган-билмагандек уйингизга келади-да, сизга ўзининг ўттиз икки тишини кўрсатиб куйдирган калладек тиржаяди. Шу билан каттакон ошна-оғайнигарчилик бошланади-кетади!
Ёнмас теридан тикилган тужуркадаги ўрта бўйли, қадоқ қўллари омбирдек мустаҳкам бир миқти кимсани тасаввур қилинг. Шаҳардаги ёнилғи қуйиш шаҳобчасида ишлаб, шаҳардан ўн чақирим олисдаги қишлоқда яшайди. У ҳали деҳқон, бироқ ишчи бўлиб улгурган… У ҳар икки ҳукмрон синфни битта ўзида мужассамлаштирган.
Мана, худди ана шу Ванечка Мамба менинг олдимда турибди. Чарм тужуркасининг ҳар бир ғижимидан унинг ҳаётий кучи тирсиллаб турибди. Бу куч тилларанг кўзларида ҳам чарақлаб-чақнаб, бир текисда тизилишган мустаҳкам тишларида ҳам мана мен деб турибди. Истаса бир пиво кружкаси тўла бензинни сипқориб, устидан тамаки чекади-юборади, лекин унга жин ҳам урмайди.
– Салом, – дейди ва қўлимни сиқади. Иродаси мустаҳкам эркакнинг шунақанги чайир панжасики!
– Салом, – дейман, – Ванечка, қандай шамол учирди?
– Велосипед сотмоқчи эканингизни эшитдим, сотиб олмоқчиман.
Билмадим, фалончи велосипед сотмоқчи, деган гапни у қаердан олди? Мен ҳатто унинг велосипедим борлигини билишини ҳам хаёлимга келтирмагандим. Аммо Ванечка Мамба шундай одамлар тоифасиданки, у сиз ҳақингизда ўзингиздан ҳам кўпроқ билади. “Яхшиси, сотиб қутула қолмайманми, – деб ўйлаб қолдим мен, – айни муддао-ку…”
– Ҳа, сотаман, – дедим.
– Қанчага?
– Аввал кўр…
– Мен кўриб бўлдим, – дейди у ва кулади, – қарасам, омбор очиқ…
Велосипед эски пулда саккиз юз сўм турарди. Шундан юзини юрилганлигига чегирма қилса бўлади.
– Етти юз…
– Бўлмайди.
– Қанча бермоқчисан?
– Уч юз!
Мана энди бир-биримизга пешвоз юрамиз, деб ўйладим, у кўтарилади, мен тушаман. Маълум бир нуқтада манфаатларимиз мос келади.
– Яхши, дейман мен, – олти юз.
– Қўйинг энди, таранг қилманг, уч юз сўм кўчада ётгани йўқ, – дейди у.
– Велосипед бўлса, албатта, кўчада ётибди-я?
– Ким ҳозирги пайтда велосипед минади? Фақат қишлоқдаги хат ташувчилар.
– Сен нега сотиб олмоқчисан?
– Ишга қатнаш узоқлик қиляпти, шунинг учун вақтинча, енгил машина сотиб олгунимча.
– Енгил машина олмоқчисан-у, велосипеднинг нархини тортишяпсан.
– Велосипеднинг нархини тортишганим учун ҳам машина олмоқчиман-да, – дейди у.
Бу гапга жавобан нима дея оласиз? Шунинг учун ҳам шаҳримизда, айниқса, ҳайдовчилар орасида маълум ва машҳур Ванечка Мамба-да у.
– Хўп, яхши, – дейман, қанчага сотиб олмоқчисан?
– Айтдим-ку. Ёйма бозорга олиб чиқиб сотмайсиз-ку.
– Олиб чиқмайман.
– Воситачи дўкон ҳам қабул қилмайди.
– Хўп, майли, – дедим, – модомики сен ҳаммасини билар экансан, тўрт юзга ола қол.
– Бўпти, – дейди Ванечка, – уч юз эллик сўмга оламан, токи сенга ҳам, менга ҳам малол келмасин. Биз, ҳар қалай, қариндошмиз-ку.
– Уч юз элликка олсанг ол, жин урсин! – дедим мен. – Бироқ сен велосипедимни сотмоқчилигимни қаёқдан билдинг?
– Мен сизнинг қандай миниб юрганингизни кўрдим, – дейди у. – Бу кетишида у узоқ юролмайди, ё ҳалокатга учрайди, ё сотиб қутулади деб ўйладим.
Ванечка хонага хўжалик нуқтаи назари билан қараб чиқиб, яна ўттиз икки тишини кўрсатган кўйи сўради:
– Балки яна нимадир сотарсан?
– Йўқ, – дейман, – ҳозирча шу етади.
Биз ташқарига чиқдик. Мен зинапоя устида кутиб турдим, у пастга тушиб, омборхонадан велосипедни етаклаб чиқди.
– Елургичи қани? – деб сўради.
– Болакайлар ўмариб кетишган.
– Буни қаранг, тағин савдолашиб ўтирибсиз-а, – дейди Ванечка, велосипедга ўтириб, ҳовли бўйлаб кезинар экан, танбеҳ беради: – Омборхонага қулф осиш керак-да. Мен яхши бир қулф олиб келиб бераман сизга.
– Қулфни қўявер, сен, яхшиси, пулни бер.
– Шу якшанба нок сотаман-да, пулини олиб келаман, – дейди Ванечка ва велосипедни ҳайдаганича ҳовлидан ташқарига чиқиб кетади.
Бу менга ёқмади. Аммо, начора, узоқроқ бўлса-да, ҳар қалай, қариндош. Мен авваллари ҳам кўп айтар эдимки, ўнта узоқ қариндошдан битта яқин дўст яхши. Аммо буни ҳаммаям тушунавермайди. Айниқса, биз томонларда.
Шундай қилиб орадан бирор ҳафта ўтиб уни кўчада учратиб қолдим.
– Нима бўлди, нокингни сотдингми?
– Сотишга сотдим, бироқ, ўзингиз биласиз, бу йил нок ҳосили шунақанги кўп бўлибдики, уни сотгандан чўчқага берган яхшироқ.
– Нима, ҳеч қанча пул қилолмадингми?
– Қилдим. Бироқ у хотин-қизларнинг латта-путталарига кетиб қолди. Ўзингиз биласиз, бешта қизим бор. Бунинг устига хотиним оғироёқ. Буларнинг турган-битгани чиқим.
– Шундай экан, нима қиласан хотинингни қийнаб, тинчига қўймайсанми? – дейман мен.
– Менга ўғил керак-да, – дейди у. – Хотиржам бўлинг, пулингиз менда қолиб кетмайди. Яқинда узум пишади, кейин хурмо, кейин мандарин. Бир амаллайман.
– Ҳай майли, амалласанг амалла, – дейман мен.
Шу билан биз хайрлашдик. Қарздорлар билан ҳисоблашишга мажбурсиз. Қарздорни авайлаш керак. Ҳатто баъзан унинг инсоф-диёнатли экани ҳақида гап тарқатишга ҳам тўғри келади.
Аммо, мана, узум мавсуми келди, хурмо мавсуми ўтди, мандаринлар пишиб етила бошлади, Ванечканинг бўлса қораси кўринмайди.
Орқаваротдан эшитдимки, хотини яна бир қиз туғибди. Шунинг учун табрик хати орқали ўзим ҳақимда эслатиб қўйишга аҳд қилдим. Шундай-шундай, яна бир қиз кўрганинг билан табриклайман. Вақтинг бўлса уйимга келарсан. Ҳалиям ўша эски жойда яшаб турибман. Келсанг, қаймоқлашиб ўтириб ўтган-кетгандан гаплашамиз.
Бир ҳафтадан кейин жавоб келди. Дастхатингиз хунук экан, катта қизим базўр ўқиди, деб ёзибди. Табрик учун раҳмат, дебди, хотиним яна бир қиз туғиб қўйди. Исмлариниям адаштириб юборяпман. Бизнинг қишлоғимизга ҳам, деб ёзибди яна, электр ўтказишди. Унга ҳам пул тўлаш керак. Қарзим эсимда турибди. Ҳечқиси йўқ, Ванечка Мамба бир амаллайди. Хатининг охирида тағин мен омборхонанинг эшигига қулф олган-олмаганимни сўрабди. Агар олмаган бўлсангиз, мен обориб бераман, деб ёзибди.
Ҳа, пулим қулоғини ушлаб кетди, деб ўйладим мен. Ўшандан сўнг кейинги ёзгача биз кўришмадик. Қарзни қарийб унутаёздим.
Бир куни бозорда кетаётсам, кимдир исмимни айтиб чақиряпти. Қарасам, Ванечка Мамба тоғ қилиб уйилган тарвузлар хирмони олдида турибди. Бир тилик тарвузни қўлида ушлаб, тишларини ярқиратиб қичқиряпти:
– Мамба тарвузлари, кеп қолинг, йўқса, ўзим еб қўяман!..
Бир хотин мендан “Мамба тарвузлари тарвузнинг қандай нави?” деб сўраяпти.
– Сиз ҳали Мамба тарвузларини билмайсизми? – деб кулади Ванечка, сўнг бир бўлак тарвузни пичоғининг учига қадаб ҳалиги аёлнинг нақ оғиз-бурнига обориб тиқяпти.
– Мен емоқчи эмасман, шунчаки сўраб билмоқчи эдим, – дея аёл уялиб ортига чекинди.
– Мен сотиб олинг демаяпман, фақат Мамба тарвузини татиб кўришингни сўраб турибман, – дея ёлворди Ванечка.
Ахийри аёл тарвузни татиб кўради. Татиб кўргач, сотиб олмасликка уялади. Қарасам, ҳар бир тарвузга фирма белгиси сифатида “М” ҳарфи ўйиб ёзилган.
– Бу нимаси? – деб сўрайман. – Тамға босилган атом бомбаси эмасми мабодо?
– Бир чол билан қишлоқдан тарвузни бирга олиб келган эдик, мен чалкаштирмаслик учун ўз тарвузларимга белги қўйиб чиққан эдим.
Шундай деб қиқирлаб кулади. Мен ҳали қарзи ҳақида эслатиб улгурмай туриб у оғиргина бир тарвузни қўлимга тутқазди. Олмасликка уриниб кўрдим, аммо Ванечка ҳоли-жонимга қўймади:
– Биз қариндошмизми-йўқми? Ўзимнинг полизимдан! Сотиб олинган эмас, деҳқончилик!
Олишга мажбур бўлдим. Қўлимда совға қилинган тарвузни ушлаб туриб қарзимни сўраш қандайдир ноқулай туюлди. Шунинг учун жим қолдим. Ҳа, майли, ҳар қалай, велосипедимнинг эвазига шу тарвузни олиб турибман-ку, деб ўйладим ўзимча.
Кейинчалик менга у ўша шерик чолни қандай боплаб туширганини айтиб беришди. Улар юк машинасига ортилган тарвузларининг устида келар эканлар, чол ухлаб қолибди. Ванечка эса, қароқчилик пичоғи билан чолнинг йигирматача тарвузига ўз тамғасини ўйиб чиқибди!
Ярим йилдан кейин мен бир ошнам билан тасодифан ёнилғи қуйиш шахобчасига кириб қолдим. Ошнам машинасига ёнилғи қуйдириши керак эди. Қарасам, менинг Ванечкам бир “Волга”нинг атрофида гиргиттон бўлиб, сувичакда ҳафсала-ю иштиёқ билан уни ювяпти.
– Салом, Ванечка, – дедим мен. – Нима гап, ювғичлик қиляпсанми?
– Ие, сизмисиз, салом-салом! – дея сувни ёпиб, менинг олдимга келди: – Сиз ростдан ҳам ҳеч нима билмайсизми?
– Мен нимани билишим керак?
– Мен, ахир, “Волга” сотиб олдим-ку. Бу ўзимнинг “Волгам”.
– Баракалла, – дейман мен, – ахийри айтганингни қилибсан-да.
– Қариндош ҳам шунақа бўладими! – дея Ванечка ёнидаги ошнасига шикоят қилади. – У велосипед сотиб олганида мен билган эдим. Мен “Волга” сотиб олганимда эса, у ҳеч нима билмайди.. Шу ҳам инсофдан бўлдими?
– Велосипед ҳақида, яхшиси, эсламай қўя қол, – дейман мен.
– Йўқ, – дейди у, – гарчи велосипедингизнинг шалоғи чиққан, унинг устига елургичи ҳам йўқ бўлса-да, мен унинг ҳақини тўлайман. Бироқ шу топда уй қура бошлайман деб қарзга ботиб қолдим. Уйимни қуриб бўлган заҳоти бирйўла ҳамма қарзларим билан ҳисоб-китоб қиламан.
– Мева-чева сотиб тургандирсан? – деб сўрайман.
– Сиз сўраманг, мен айтмай. Ғирт зарар. Йўл назоратчилари ҳаддиларидан ошиб кетишди. Ё ҳеч нима олишмайди, ё шунақанги кўп олишадики, оворагарчиликка арзимайди.
Биз шахобчадан узоқлашганимизда ошнам:
– Сенинг бу Ванечканг ёнилғи билан фирибгарлик қиляпти. Қўлга тушиб қолиши мумкин, – дейди.
– Қўлга тушса тушар, – дейман мен, гарчи у ҳеч қачон қўлга тушмаслигига амин бўлсам-да.
Бироздан кейин бир умумий танишимизни учратиб қолдим.
– Эшитдингми, Ванечка Мамбани оғир аҳволда касалхонага ётқазишибди?
– Нима бўлибди? – деб сўрадим. – Ёнилғи шаҳобчаси портлаб кетибдими?
– Йўқ. Оҳак қоришмаси тўкилган чуқурга йиқилиб тушибди. Уй қураяпти-ку.
– Ҳечқиси йўқ, – дейман, – Ванечка бир амаллайди.
– Йўқ, – дейди у, – узоқ яшаёлмайди-ёв.
Ванечка касалхонада бир ой ётди. Мен уни кўргани боргим келди, лекин ноқулай бўлар деб ўйладим. Қарзини сўраб келди, деб ўйлаши мумкин-да. Кейинчалик эшитдим – бир амаллаб оёққа туриб кетибди. Мен шундай бўлишига амин эдим. Бу дунёда ҳали унинг кўп ишлари чала қолиб кетаётган эди-да. Шунақанги ишларки, бошқа бировга топшириб кетиб бўлмайди. Бошқа биров уддалаёлмайди.
Орадан бир йил ўтди. Кунлардан бир куни қишлоқдан менга таклифнома бериб юборибди. Қўшалоқ тўйга таклифнома экан. Ҳам уй тўйи, ҳам янги туғилган ўғил тўйи.
Бу тўйларни роса кўрганман. Икки юзми-уч юз одам таклиф қилишади. Уларни тунги соат ўн иккида столга ўтқазишади. Ҳамма нарсани тайёрлагунларича, раҳбарият келишини кутгунларича шу вақт бўлади. Энг муҳими – совға-саломлар! Ҳовлининг қоқ ўртасида қишлоқнинг жарчиси туради. Унинг ёнида бир қиз ўтиради. У рангли қаламни ҳўллаб, ўқувчиларнинг дафтарига ким нима олиб келганини қайд қилади. Совға-салом сифатида пул, кўпроқ бирон буюм бериляпти.
– Ойдеккина гулдон, – дея қичқиради жарчи, гулдонни бош устида баланд кўтариб барча меҳмонларга кўз-кўз қилар экан. – Қадрли меҳмоннинг ўз виждонидек топ-тоза ва шаффоф!
– Русларнинг тоза жун кўрпаси, – қичқиради жарчи, букланган кўрпани ҳафсала билан ёзиб кўрсатиб. – Бу кўрпанинг тагига бутун бир полк жой бўлиб кетади, – дея уялмасдан қўшиб қўяди тағин, гарчи бу матоҳнинг катталиги одатдаги ўлчамда бўлса-да.
Бу масалада айниқса бзибликлар алоҳида ажралиб туришади. Улар муболағасиз бир гап айтишолмайди. Жарчи муболағали таърифини тугатгунича меҳмон кулгили даражадаги камтарлик билан унинг олдида бошини эгиб, қўл қовуштириб туради. Аслида у қизча исми шарифини тўғри ёзяптими-йўқми, шунга қиялаб қараб туради. Шундан кейин у томошабинлар қаторига бориб қўшилади. Жарчи эса, навбатдаги совға-саломни осмони-фалакка кўтаради.
– Шоҳона дастурхон, – дея қичқиради у ва баайни кўзбойлағичдек абжирлик билан дастурхонни қўлида силкитади. Бир сўз билан айтганда, бу ўзига хос томоша! Албатта, сен совғасиз келган бўлсанг, ҳеч ким сени ҳайдаб юбормайди. Аммо жамоатчилик фикри шаклланади.
Буларнинг ҳаммасини билганим учун бориб овора бўлмадим, лекин, ҳар қалай, ҳеч бир имо-ишорасиз оддийгина табрик хати ёзиб жўнатдим.
Бир куни туманларимиздан бирининг темир йўл бекати олдидаги майдонда уйга қай йўл билан кетишимини билмай, электричкада кетайми ё йўловчи машина ушласаммикан, деб турган эдим…
Кимдир мени чақираётганини эшитиб қолдим. Қарасам, Ванечка “Волга” деразасидан менга кўз тикиб ўтирибди.
– Бу ёқларда нима қилиб юрибсиз?
– Хизмат сафари билан келувдим. Сен-чи?
– Сочи тарафларга айланиб борувдим. Ўтиринг, обориб қўяман.
Мен унинг ёнига ўтирдим ва биз йўлга тушдик. Машинада контрабанданинг субтропик хуш бўйи таралиб турибди. Касалхонадан чиққанидан кейин Ванечкани бирон маротаба кўрмаган эдим. У қарийб ўзгармабди, фақат рангидан бироз қон қочиб қолибди. Аммо ҳали ҳам қувноқ, тишлари ярқирайди.
– Хатингизни олдим, – дейди у. Вадаванг тўй бўлди, қатнашганингизда кўрар эдингиз.
– Оҳакли чуқурга қанақасига йиқилиб юрибсан ўзи?
– Ҳе-е, эслагим келмайди. Сал бўлмаса ўлиб кетай, дедим. Нариги дунёга бориб қайтдим, десам ҳам бўлади. Аммо шу чуқурдан чиққанимдан кейин ўғил кўрдим.
– Нима демоқчисан?
– Ўйлашимча, менинг жисмимда ўғил кўришим учун оҳак етишмай турган экан.
– Менимча, сенда оҳак етарли эди-ёв.
– Беҳазил, – деб кулади Ванечка, – эҳтимол мен илмий кашфиёт қилгандирман. Қандайдир журналга ёзиб чиқсангиз-чи, қалам ҳақини ўртада арра қиламиз. Лекин сизнинг ёзганингизни эълон қилишлари қийиндир-ов.
– Нега энди? – дея сергак тортдим мен.
– Дасхатингиз жуда ёмон экан, – дейди у, – унча-мунчаси ўқиёлмаса керак.
– Гапни айлантирма, – дейман. – Ишларинг қалай? Яхшиси, шундан гапир.
– Бир нави, – дея гапни мужмал қилади Ванечка ва бир қўли билан радио мурватини бураб, жазни топади-да, созлаб, овозини кўтаради.
– Тартиб йўқ, – кутилмаганда қўшимча қилади у. – Мана шуниси ёмон.
– Намунча тартибсизлик ҳақида қайғуриб қолдинг?
– Мана, Сочига мандарин олиб бордим. Икки юз чақиримга тўртта назоратчи, нима, шу тартибми? Йўқ, сиз менинг гапимни бўлманг, – деди у, гарчи мен унинг гапини бўлишни мутлақо ўйламаган бўлсам ҳам. – Учтаси олади, тўртинчиси рад қилади. Тартиб шунақа бўладими? Ахир, аввало ўзаро келишиб олишмайдими? Ё ҳеч биринг олма, ё ҳамманг ол! Мен учтасига пул қистирдим, деб тўртинчисига айтолмайман-ку, ахир. Бу инсофдан эмас-да.
– Албатта, инсофдан эмас, – дейман мен, ўзим бўлса, ўйлайман: шу инсоф деганлари қизиқ нарса-да. Ҳар ким ўз бўйига қараб инсофдан тўн бичиши ажабланарли эмас. Ҳеч ким уни четлаб ўтолмаслиги ажабланарли.
– Яхши, Ванечка, – дейман. – Мана, машинанг бор, уйинг бор, ўғлинг бор. Бунчалик бошингни ўтдан олиб чўққа ураверма-да. Сенга яна нима керак?
– Уя, – дейди у. – Менга уя керак!
– Қанақа яна уя?
– Асаларининг уяси. Боғимнинг ширасини бегона асаларилар еб кетишяпти. Яхшиси, ўзимникини ташкил қиламан. Синаб кўраман.
– Қани, синаб кўр-чи, – дейман. – Нималарни ҳали синаб кўрмагансан!
– Яхши бир асаларичини билмайсизми?
– Йўқ, билмайман.
Бироз жим кетдик. Аммо Ванечка текиндан-текинига жим ўтиришни ёқтирмайди.
– Менга қаранг, уй атрофида қанақанги шов-шув бошланиб кетди тағин?
– Нима эди, сени безовта қилишяптими?
– Ўзингиз биласиз, кўролмаслар кўп. Арз қилишяпти. Уй, машина қаёқдан келди, деб сўрашяпти… Раис аллақачон чақириб сўради.
– Нима қипти сўраса?
– Мен унга айтдимки, тафтишчи билан меҳмонлар гуруҳи келганида менинг уйимга бошлаб келиб, “Мана, ўзига тўқ деҳқон” деб кўрсатар эдинг. Энди сотмоқчимисан?
– У нима дейди?
– Мендан ҳам сўрашади-да, нима қилай дейди…
Бизнинг суҳбатимиз чала қолди. Кутилмаган ҳодиса рўй берди.
Биз катта тезликда кетаётган эдик. Гарчи йўлларимиз эгри-бугри бўлса-да, мен хотиржам эдим. Ванечка ҳарбий хизматда ҳам беш йил рул бошқарган ва, умуман, уста ҳайдовчи. Биз шаҳар ичкарисига кириб келдик, у бўлса, афтидан, тезликни пасайтирмоқчи эмас. Мана, темир йўл бекати қаршисидаги автобус бекатида ҳосил бўлган навбатдан бир аёл югуриб чиқди-да, овсар қўйдек кўчани кесиб ўта бошлади. “Улгуролмаймиз!” – деган фикр лип этиб ўтди миямдан ва шу лаҳзадаёқ тормоз босилиб, асфальтга ишқаланган ғилдирак товуши билан одамларнинг қичқириғи баравар эшитилди. Машина аёлни уриб бир неча метр нарига улоқтириб ташлади-да, тўхтади.
Аёлни одамлар қуршаб олишди. Ўрнидан турғазиб, бир чеккага олиб чиқишди. Ранги докадек оқариб кетган. Аммо кутилмаганда қўлларини силкитиб, ёрдамга чўзилган қўлларни жаҳл билан силтаб ташлади.
Қандайдир йигитча машинамиз ёнига келиб, ичкарига эгилган кўйи ҳайқирди:
– Нима қилиб турбисан, Ванечка, газни босмайсанми!
Ванечка андак ортга юриб, вокзал олдидаги майдончага рулни буриб, катта йўлга тушиб олди-да, газни шунақанги босдики, чироқлар ёнимиздан метеоритдек учиб ўта бошлади. Ўн дақиқача ўт ўчириш машинасининг тезлигида йўл юрдик. Назаримда, биз ҳар бир лаҳзада шунақанги жойга ана кетдик-мана кетдик бўлиб турдикки, у жойдан Ванечка-ку, бир амаллаб эмаклаб бўлсаям чиқиб олиши мумкин, бироқ ўзимга ишончим йўқроқ эди.
– Жинни бўлдингми, нима бало! – қичқираман мен унга. – Секинроқ-да!
–Ортимиздан қувишяпти!
Мен ортимга аланглаб қарадим. Бизнинг ортимиздан автоназоратчининг мотоцикли келяпти. Ванечка жинкўчага бурилди-да, машина тебраниб тош кўчада силкиниб кетди. Мотоцикл кўздан йўқолгандек эди, аммо бир неча сониядан сўнг кўча бошида тағин пайдо бўлди. Ванечка яна бир гадой топмас жинкўчага бурилди, кўчадан зувиллаб ўтди ва машинани шунақанги кескин тўхтатдики, мен бошим билан ўзим тутиб турган эшикка бориб урилдим. Машинадан икки қадамча нарида янги кавланган ҳандақ кўриниб турибди, унинг ёнида бетон қувур ётибди. Ванечка орқага юрмоқчи бўлди, аммо машина ғилдираги бир жойда айланиб қолди. Мотоцикл товуши кучаяверди.
Бир неча лаҳзадан кейин автоназоратчининг мотоцикли ёнимизга келиб тўхтади. У моторини ўчириб, шахдам қадамлар билан юриб бизнинг олдимизга келди.
– Нега тезликни оширдинг? Нега дарров тўхтай қолмадинг?
– Сигналингизни эшитмабман, ака, – деди Ванечка. Маълум бўлдики, автоназоратчи бекат ёнида бўлиб ўтган воқеа хусусида мутлақо билмас экан. Шунда ҳам у ниманидир ёзишга чоғланиб, Ванечкадан нимадир талаб қила бошлади. Ванечка машинадан чиқди. Мен уни бу қадар ачинарли қиёфада биринчи маротаба кўрдим. У ялинди, ёлворди, қасам ичди, умумий танишларини тилга олди, “Аслини олиб қаралса, иккаламиз бир соҳада ишлаймиз”, деб ишонтиришга уринди. Сўнгра мен томонга маъноли бош чайқаб, менинг шахсимни осмони-фалакка кўтараётганини сезиб қолдим. У мени маҳаллий ҳокимиятнинг топшириғи билан олиб кетаётган бўлиб чиқди. Мен ўзим ҳам сезмаган ҳолда тобора юксалиб бормоқда эдим.
Ахийри Ванечка уни кўндирди. Автоназоратчини мотоциклига қадар кузатиб борди. Биз томонларда отлиқ меҳмонни отига қадар худди шундай кузатиб қўйишади. Ўйлайманки, агар мотоциклда жилов бўлганида, Ванечка уни ушлаб турган бўлар эди.
– Ўзини ким деб ўйлаяпти бу тиланчи! – деди Ванечка автоназоратчи жўнаб кетган заҳоти. Афтидан, бу одам Ванечка танимайдиган янги автоназоратчига ўхшайди.
Ванечка машинага ўтириб, тамаки тутатди. Мен йўл саргузаштлари бугунга етарли бўлди деб ўйлаб, машинадан тушдим.
– Раҳмат, – дедим. – Буёғи яқин қолди.
– Ихтиёрингиз, – деди у ва моторни ўт олдирди. – Тартиб ҳақида эса, сизга тўғри айтгандим, аммо-лекин!
– Қанақа тартиб? – деб сўрадим мен, гап нима ҳақда кетаётганини тушунмай.
– Кўчани кавлашга кавлаб ташлашибди-ю, белги қўйишмабди. Айланиб ўтиш йўлини ҳам кўрсатишмабди. Бу нима, тартибми?
Мен елка қисиб, қўлларимни кердим.
Унинг бу ердан чиқиб олмагунича кетишим ноқулай эди. Кутиб турдим. Машина ғилдираги чарх ура-чарх ура амал-тақал орқага юрди. Мен йўл чироғи остида ёришиб турган яноқ чизиқлари бўртиб чиққан қонсиз бетига тикилиб турдим.
Ванечка деганлари мана шунақа – ваҳший, безбет, қувноқ. У, албатта, нодон эмас, аммо у билан бирга бозорга тарвуз ташишни ҳеч кимга маслаҳат бермаган бўлар эдим.
Машинадан кейин пиёда юриш жуда ёқимли экан. Умуман олганда менинг ҳар қандай автомобил ҳодисаларига тоқатим йўқ. Пиёдаларга бир нави ачиниб кетаман. Гарчи одамга ачиниб қараш унинг шаънини ерга урса-да, бу туйғудан халос бўлолмайман. Яхшиямки, фалокат енгил кўчди. Афтидан, биз ўша аёлни ургандан кўра кўпроқ қўрқитдик…
Кўп йиллар аввал, кунлардан бир куни Москва кўчаларида кетаётган эдим. Кайфиятим жуда ёмон эди. Институтни тамомлаётган эдим, бироқ кафедрада менинг диплом ишим қабул қилинмаётганди. Ишим нимагадир у ердагиларга ёқмабди. Ҳатто уларни қайсидир даражада қўрқитиб юборибди. Иш анча бамаъни ёзилган эди, аммо кафедра раҳбарлари ҳам, ўзим ҳам буни дарров англамадик. Кейинчалик, ҳимоя чоғида бу аниқ маълум бўлди ва мен унга яхши баҳо олдим. Аммо ўша пайтда ич-ичдан безовта-беҳаловат эдим. Ҳаво совуқ, кўчалар тайғаноқ. Бир қарасам, уйлар орасидаги торгина йўлдан бир юк машинаси орқаси билан юриб чиқиб келяпти. Йўлакда эса, бири саккиз, яна бири тўрт ёшлардаги икки болакай ўйнаб ўтирибди. Ўзларига яқинлашиб келаётган баҳайбат кузовни кўрган каттароқ болакай кичкинасини қолдирди-да, хавфсиз жойга ўтиб олди. Мен бор овозим билан қичқириб юбордим. Болакай ҳеч нимани кўрмайди-эшитмайди. Кўчада учиб-қўнаётган каптарларга тикилган кўйи шунақанги чуқур хаёлга чўмганки, бундай хаёлни файласуфлар билан болакайларгина сура олади. У шунақанги кичкинтой эдики, кузовнинг орти унинг боши устидан тегмай ўтди. Мен югуриб бориб унинг ёқасидан тортган кўйи кузов остидан суғуриб олишга улгуриб қолдим. Яхшиямки, машина жуда секин юраётган эди. Қатқалоқ бўлгани учун ҳайдовчи кўчага жудаям жадал чиқиб келишга қўрқаётган эди.
Болакай ҳеч нимага тушунмади. У совқотмаслик учун қалин кийинтирилган, юмшоқ қулоқчинда иссиқдан бўғриққан юзигина кўриниб турар эди. Аммо ҳеч бир она, ҳеч бир ҳайдовчи ҳамма бахтсиз тасодифларнинг олдини ололмайди. Мана шундай пайтда пиёдалар ёрдамга келади. Айни чоғда, пиёдаларга ҳам бундай ҳодисалар ўз таъсирини ўтказади. Мен шуни узил-кесил тушуниб етдимки, ҳаётнинг маъноси диплом ишида ва ҳатто кафедранинг ўзида ҳам эмас, қандайдир бошқа нарсада.
Эҳтимол пиёда номига муносиб бўлишдадир бу маъно? Моҳиятан олганда, жамики машиналар, учоқлар, паровозлар – биз пиёдалар ортимизда судраб ва ё олдимизда итариб келаётган болалар аравачасига ўхшашроқ нарсалар.
Бировнинг машинасида узоқ ўтириб қолганингдан кейин пиёда юриш енгил ва ёқимли туюлмоқда. Ким қандай айлантирмасин, она ер, она замин ҳамиша ўзингники. Энг муҳими – она тупроқ одам боласининг руҳига эркинлик ва хотиржамлик бахш этади. Сени қандайдир бир куч кўтариб юрмайди, балки ўзингни ўзинг кўтариб юрасан. Бундан ташқари, сен ҳеч кимнинг устига бостириб боролмайсан. Албатта, у сенинг устингдан босиб тушиши мумкин. Аммо шу тарзда фикрлайдиган бўлсак, бошимизга ғишт келиб тушиши ҳам мумкин-ку! Муҳими, ўзингиз кимнингдир бошига ғишт отмаётганингизда!
Мен уйга пиёда кетар эканман, бир пайтлар машина олмаганим, олган велосипедимни ҳам сотиб юборганимни ўйлаб хурсанд бўлдим.
Ўйлайманки, яхши фикрлар миямизга соатига беш чақиримдан ошмайдиган тезликда юраётган чоғимизда келади.
Рус тилидан Отаули таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 10-сон