Шоҳкўчадаги бекатда троллейбус кутиб турибман. Троллейбус анчадан буён келмаётганидан бетоқатланиб қўналғадан олдинроққа чиқиб йўлга кўз тикмоқда эдим. Кутилмаганда менинг шундоққина кўз олдимда бир “мерседес” ғизиллаб тўхташга уринган кўйи ўтиб кетди.
Ўн метрча нарида тўхтаб, ичидан бир одам чиқди-да, исмимни айтиб чақирди. Унга қараб, гарчи кўп йиллардан буён кўришмаган бўлсак-да, дарров танидим. У бежирим кийимда, тоғдек пурвиқор. Лекин ўзигагина хос юмалоқ юзи, қуюқ қошлари, қоп-қора кўзлари қарийб ўзгармаган.
Қачонлардир биз Мухусда бир синфда ўқиган эдик. Унинг оти Жўра эди. Математика бўйича синфимизда биринчи ўқувчи саналарди. Аммо бошқа фанлардан ўртамиёна ўқирди. Математикадан жуда иқтидорли эди. Ўқишнинг охирги йилида гоҳида айрим дарсларда бошини партага қўйганча мудраб қолардики, бу ҳол биз тахмин қилганимиздек, тун жўшқин ўтганидан далолат берарди. Қизиғи шундаки, ичкиликни яхши кўрадиган математика ўқитувчиси унинг ўз фанига лаёқатини ҳурмат қилиб, Жўра охирги қатордаги партасида мудраб ётганида синфда тинчлик сақланишини қаттиқ талаб қилиб қоларди. Ва, аксинча, математика ўқитувчиси бизга ёзма ишни топшириб қўйиб, ўзи сархуш бўлгани учун гўё кўчирилаётган қоғозларнинг бир маромдаги шитир-шитирлари элитиб, ўтирган жойида мудраб қолганида Жўра синфда тинчлик сақлаш ташвишини қиларди.
Математика ўқитувчиси ҳаттоки урушдан кейинги йилларда кийиладиган юпунгина кийимда бизнинг кўз олдимиздаги ўриндиқда чалқанча ётган кўйи кафтлари билан юзини ёпиб оларди. Шу ҳолатида у нафақат бизни, балки, умуман, бу ёруғ дунёни кўришни истамаётгандек эди гўё.
Жўра грузин тили дарсларидан бошқа ҳар қандай дарсда ухлай оларди. Чунки грузин тили ўқитувчиси ўта баджаҳл аёл эди. Жўранинг эса, у билан муносабати чигалроқ эди. Гап шундаки, унинг ярми мингрел, ярми абхаз бўлиб, мингрел тилини биларди. Мингрел тили билан грузин тили ўзаро яқин бўлгани учун, дадил жавоб берар экан, бутун синф, ҳаттоки ўзи ҳам билмаган ҳолда жавобида мингрелча сўзларни қўллаб юборарди. Мана шунда ўқитувчи ҳамиша алланечук ғижиниб:
– Ўтир, икки! – дер эди.
Бундай пайтда ўқитувчи ўзининг миллий ғурури шу қадар топталгандек ҳис қилар эдики, Жўрага қаерда қандай хато қилганини ҳеч қачон айтмас эди: ўзинг топ! У грузинча нутққа мингрелча сўз қўшилишига тоқат қилолмас эди. Айниқса, нимагадир, ундов сўзларга. Мингрелларга миллатдошларига бўлгани каби ўта аёвсиз эди ва бу унинг қатъий беғаразлигидан далолат берарди.
Аёл шунақанги баджаҳл эдики, ундан нафақат жамики ўқувчилар, балки табиатан олийжаноб ва ювош мактаб директори ҳам қўрқиб турарди. Дарвоқе, у ҳам грузин эди.
Аёл ёлғиз яшарди. Бақувват ва чайир гавдасининг устида кўршапалакнинг калласидек кичкина каллани кўз олдингизга келтиринг! Буни кўз олдига келтиролмаганларга кўршапалакни ушлаб, унга тикилиб қарашни маслаҳат бераман.
Жаҳли чиққанида у, айниқса, боқибеғам ёки ўзи шундай деб ҳисоблайдиган ўқувчиларнинг сочидан чангаллаб узиб олгудек тортқилаб қолар эди. Бундай ўқувчиларнинг сочлари нимагадир ҳамиша чиройли ҳам қалин бўларди.
Асли келиб чиқишига кўра сибирлик бир ўқувчи грузинча юмшоқ “л” товушини ҳеч талаффуз қилолмас эди.
– “Лясточка” де-чи, қани! – босиқлик билан унга мурожаат қиларди муаллима. Афтидан, унга ўқувчи товушни тўғри талаффуз қилолмаётганини тушунтириш учун шу биргина русча сўз маъқулдек эди. У ҳеч қачон бошқа бирон русча сўзни мисол қилиб келтирмас эди.
– Ласточка, – дея такрорларди сибирлик.
– “Лясточка” дегин, “лясточка”, – қистар эди ўқитувчи.
– Ласточка, – дея тағин такрорлар эди ўқувчи хўмрайиб, лекин талабга мувофиқ талаффуз қилолмай.
– Лясточка, лясточка, лясточка, – дея такрорлар эди муаллима зоҳиран меҳр билан, лекин унинг Сибир тайгасидек қуюқ сочларини чангаллашга чоғланар экан. Ҳали сочни қутқариб қолиш мумкин эди! Аммо…
– Ласточка, – дея жавоб қилди сибирлик тағин ўз билганидан қолмай.
Ҳамма бу ўқитувчидан нафратлангани учун мен гоҳида унга ачиниб кетар эдим. Мени у ҳеч қачон сочимдан тортқиламаган. Чунки мен грузинчани бошқа ўқувчиларга нисбатан яхшироқ билар эдим. Бир пайтлар дарсда ўтганимизда, фоже тақдирли шоир Николаз Бараташвилини севиб қолган эдим. Мен бу шоирнинг шеърини синфдаги бошқа ҳамма ўқувчиларга нисбатан яхшироқ ифодали ўқий олмасам-да, ҳар қалай, баландроқ овозда ўқир эдим. Ўшандаёқ шеъриятдан мурод қичқириқни бошқалардан ошириш эканини тушуниб олган эдим.
Мен Бараташвили шеърини ўқитувчининг овозидан қолишмайдиган даражадаги баланд овоз билан қичқириб ўқир эканман, у ўзларини айбдор ҳис қилганча биқиниб ўтирган грузин ўқувчиларга “Мана, кўриб қўйинглар!” дегандек маъноли тикилиб турар эди. Мен ўқиб бўлганимдан кейин таҳдидомуз хитоб қилар эди:
– Эҳ, Берадзе!
Берадзе бир гапириб, ўн куладиган ўта шўх-ўйинқароқ бола эди. Афтидан, ўқитувчи шоирнинг фожиали шеърлари орқали бу шум боланинг попугини пасайтириб қўймоқчи бўлар эди. Гарчи бу шум бола унинг дарсларида тишининг оқини кўрсатмаган бўлса-да, сездирмай мийиғида кулаётганини билиб турар эди.
– Эҳ, Берадзе! – дер эди у бирон-бир баҳона топилганида, масалан, синфда бўр тугаб қолганида, гарчи у навбатчи бўлмаса ҳам. Шунда бутун синф ҳузурланиб кулар, Берадзе эса, жимгина титраб-қалтираб турар эди. Ҳозирга келиб бу аёлнинг Берадзега муносабатини шундай изоҳлашим мумкин: куладиган одам ғоявий жиҳатдан хавфли!
Гарчи мен ўқитувчига ич-ичимдан ачинишимни сездирмасам-да, буни билишини ва муносиб қадрлашини ҳис қилар эдим. Бундан фойдаланган ҳолда гоҳида, табиийки, унга малол келмайдиган даражада шартакилик қилар эдим ҳам.
Аммо бир гал тасодифан ўзимни босолмай қолдим ва бироз ошириб юбордим. Ҳозир нима деганимни аниқ билмайман. Эсимда, ўша гапдан кейин бутун синф жимиб қолди. Айрим ўқувчилар гўёки кутилаётган портлашда ўқ еб қолишдан хавотирланиб, бошларини парта тагига яшириб олдилар. Шу алфозда қизиқиш билан мисли кўрилмаган жазони кутдилар. Ўқитувчи ўрнида ўтирган кўйи уч дақиқача менга киприк қоқмай тикилиб қолди. Афтидан, кўз кўриб-қулоқ эшитмаган жазо турини ўзича қидирди. Кўршапалак кўз олдимизда аждаҳога айланди. Аммо кутилмаганда дафъатан бўшашди:
– Нимаям деймиз унга, ахир у жинни-ку!
Синф барала кулгидан ларзага келди. Менинг амаким жиннилигини ҳамма билар эди. У зўр йўлини топди. Афтидан, у ўзига ачиниб қарайдиган ягона одамни йўқотишни истамади.
Ҳозир ўзимча ўйлайманки, мендаги ачиниш ҳисси мустабиднинг ёлғизлигига бўлган ҳали англаб етилмаган ачиниш эди. Бу шунинг учун ҳам ажабланарли эдики, мен Кремлдаги энг бирламчи мустабидга ўшанда ўсмирга хос қайноқ бир нафрат туяр эдим.
Адабиёт билан сиёсатга ўзгача бир қизиқиш билан қарайдиганлар синфда уч дўст эдик. Эҳтимол ҳозир кимгадир муболаға бўлиб туюлар, аммо биз ўшандаёқ, гарчи ҳеч ким ҳеч нима демаса-да, мамлакатимизда нималар рўй бераётганини яхши билар эдик. Гап шунда эдики, учовимиздан иккитамизнинг оталаримиз қатағон қилинган, учинчимиз эса, Кубанда коллективлаштириш туфайли келиб чиққан очарчилик одамларни қираётганида бу ерга олиб келинган эди.
Биз шаҳар айланиб юрганимизда, ҳатто танаффус пайтларида ўта эҳтиёткорлик билан ўзгалардан четлашиб, адабиёт ва сиёсат ҳақида суҳбатлашар эдик. Биз, айниқса, синф оқсоқолидан эҳтиёт бўлар эдик. У тарихга жуда қизиқар ва, бизнинг тахминимизча, айғоқчилик қилар эди.
Жўра яхшигина спортчи ва безори эди. Гоҳида бизни шаҳарда учратиб қолиб, гапириш таъқиқланган мавзуларда суҳбатлашаётганимизни бехато фаҳмларди-да, ҳар гал биттагина гапни такрорлар эди:
– Айниган зиёлилар!
Гоҳида биз уни пиво дўкончаси олдида учратиб қолар эдик. У ҳамиша шишанинг қопқоғини тишида очар эди. Агар биз бу пайтда узоқроқдан ўтаётган бўлсак, у бизга ҳаво орқали таҳдид қилган бўлиб, бўш шишани биз томонга улоқтирар эди.
– Айниган зиёлилар!
Одатда у бу гапни бизга хайрихоҳлик ҳам беписандлик билан айтар эди. Менимча, у биз нима ҳақда гаплашаётганимизни билар эди. Гап билан ҳеч нимани ўзгартириб бўлмаслигини ҳам билар эди. Шунинг учун ҳам бизнинг сиёсий мавзуларда гаплашиш иштиёқимизга истеҳзо билан қарар эди. Буни тан олиш оғир эди. Биз ҳам ҳеч нимани ўзгартириб бўлмаслигини билар эдик. Лекин, начора, бу хусусда гаплашмасдан туролмас эдик-да. Унинг истеҳзоли сўзлари бизнинг ғашимизга тобора кучлироқ тегадиган бўлди.
Бир куни катта танаффус пайтида синфдаги дераза олдида учовлон оҳиста шивирлашиб турган эдик, кутилмаганда Жўра олдимизга келди-да, одатдагидек истеҳзоли кулиб сўради:
– Айниган зиёлилар нимани шивир-шивир қилиб туришибди?
Ана шунда мен ўзимни тутиб туролмай унга ташландим. У менга нисбатан кучлироқ эди. Бироқ мен ҳам ўшанда спорт билан шуғулланар эдим. Афтидан, жаҳл устида жанжал бошлаганим ҳаммамиз учун ҳам ёмон бўлмади. Бунинг устига, қўнғироқ чалиниб, бизни ажратишди-да, барча ўз жойига ўтирди. Жаҳлимдан тушганимдан кейин безовталаниб ўйладим: энди кейинги танаффусда нима қиламан, ахир у мендан анчагина кучлироқ-ку?
Аммо кейинги танаффусда у менинг олдимга келмади. Ҳатто ҳеч қачон бизнинг олдимизга келмайдиган бўлди. Бизни “айниган зиёлилар” демайдиган бўлди. Гарчи ҳеч гап айтилмаса-да, мени ҳурмат қила бошлаганини сездим. Бу ёқимли туйғу эди. Бизнинг манфаатларимиз тўқнашиб қолганида у менга ён босадиган бўлиб қолганини ҳам сездим, бу, айниқса, ёқимли эди.
Мактабни битирганимиздан кейин мен Москвага ўқишга кетдим. Табиийки, уни кўрмайдиган бўлдим. Лекин орқаваротдан эшитдимки, Жўра жиноят оламига қадам қўйиб, қамалибди, ҳатто қамоқдан озодликка чиқибди ҳам, лекин ёзги таътил чоғида Абхазияга келганимда мен уни ҳеч қачон учратмадим.
Орадан ўн йилча ўтиб, Мухусда дўстларим билан ёзги ресторанда ўтирган эдим. Аммо улар менинг синфдошларим эмас эди. Улар афсуски, бутун мамлакатга тарқалиб кетган эди. Кутилмаганда официант қайсидир бир давра туҳфа қилган (Кавказда шундай одат бор) уч шиша шароб келтириб қолди.
Мен аланглаб қараб, узоқроқдаги бир даврада ўтирган матросча кийимдаги Жўрани кўрдим. У ҳам дўстлари билан ўтирган экан, менга кулиб қаради. Биз қадаҳларни тўлдириб, бош устимизда баланд кўтардик-да, унга миннатдорлик билдирган бўлдик.
Орадан бироз ўтиб ўша официант яна уч шиша шароб олиб келди. Мен Жўра томонга қарадим. Унинг кулгиси кўрсатиб турибдики, шаробни сувдек оқизмоққа шай. Бу гал қўлимда қадаҳ билан қошига бориб уриштириб ичишим керак, деб ҳисобладим.
Мен бориб, аввал унинг ўзи, сўнг жиноий оламга мансублиги аниқ-равшан кўриниб турган дўстлари билан бир сидра уриштириб чиқдим. Жўра икковимиз бараварига ичиб, ўпишиб кўришдик. У менинг ёзувчи бўлганимни билар экан, буни дўстларига эълон қилди. Унинг нима иш қилаётганини сўраб-суриштириш ноқулай бўлди.
– Мана, кўриб қўйинглар, мактабда мардона курашда мени енгган бу! – деб Жўра мени имлаб кўрсатди.
Дўстлари Жўрани ҳам енгадиганлар бор экан-да, дегандек қойил қолиб ҳайрат изҳор қилишди.
– Жўрани шунинг учун ҳам яхши кўраманки, – деди улардан бири, – унинг ўрнида бошқа биров сир бой бермас эди. Жўра соддадил-да!
Аммо Жўра шу билангина чекланиб қолмади.
– Мактабимизда бир жиннироқ ўқитувчи бўлар эди, – дея гапида давом этди у. – Директордан тортиб то энг сўнгги ўқувчига қадар ҳамма унинг олдида қўрқиб-қалтираб турар эди! Ёлғиз мана шу одам қўрқмас эди! Ҳатто унга қарши ҳужумга ўта олар эди!
Дўстлари яна ҳайратланишди. Яна-да қизғинроқ изҳор! Менинг ғалабаларим миқдори Жўранинг ичилган қадаҳлари миқдорига кўпайтирилса, ўзим учун хавфли вазият пайдо бўлиши мумкинлигини ҳис қилдим. Шундай бўлиб чиқди ҳам. Жўра бирдан қовоғини уйиб олди. Афтидан, ўз хотиралари энди ўзига эриш туюла бошлади. Ёки у мактаб хотираларига берилар экан, ўзидаги математикага бўлган қобилиятни институтда ўстиролмаганидан афсусландими экан шу топда? “Энди кеч!” Унинг авзойидан шу фикрни уқиш мумкин эди. Кўнгли чўкканини сездирмасликка уриниб, менга қучоқ очиб, лаб чўзди. Ўпишгач, мени енгилгина итариб, деди:
– Майли-майли! Айниган зиёлиларинг қошига бора қол энди!
Мен бурилиб ўз даврам томон юра бошлаган эдим, қадаҳимни қолдириб кетаётганимни эслаб қолдим-да, уни олгани ортимга қайтдим. Одамнинг қадрини пастга урадиган аҳмоқона ҳаракат эди бу! Э худо, мен ҳали қадаҳда қолган унинг шаробни ичиб қўйишим ҳам керак бўлади! Бу орада у дўстларига биз нима учун уришганимизни айтиб, ҳар қанақасига айнан ўзининг қўли баландлигича қолгани ва ҳали ҳам ўз фикрида собитлигини уқдирмоқда эди.
…Мана, орадан кўп йиллар ўтиб, биз Москвада яна учрашиб турибмиз. У ўз “мерседес”и ёнида қад кериб, менга хушнуд табассум қилмоқда. Мен унинг “мерседес”ига эмас, машинасининг рангига мос костюмига ҳам эмас, балки кўксидаги қоп-қора капалакнусха бўйинбоғига маҳлиё бўлган кўйи қошига келдим. Матросча кийимидан анча илғорилаб кетибди-я. Мен уни бу қадар киборларча олифта қиёфада учратаман, деб ўйламаган эдим.
Биз қизғин қучоқлашиб кўришдик. Мен ички бир безовталик билан ўйладим: наҳот у тағин айниган зиёлилар ҳақида сўзласа?
– Синфимиздан фақатгина икковимиз Москвада қўним топдик-а, – деди у яйраб кулар экан, мени ҳам ўзи билан бирга фахрланишга даъват қилиб.
Кўпдан буён кўрмаган одаминг билан кўришар экансан, нимагадир унинг тишига қарайсан-да, ҳаёт унинг тишини қоқиб олдими, ё у ҳаётнинг тишини қоқиб олдими – ўзингча аниқламоқчи бўласан. У оппоқ тишларини бус-бутун сақлаб қолибди. Ҳаттоки тишлари янаям кўпайишиб қолгандек.
– Тўғри айтасан¸ – унинг гапини маъқулладим мен. – Қаерда ким бўлиб ишлаяпсан?
– Мен… рестораннинг эгасиман, – у ресторан номини фахрланиб тилга олди. – Эшитганмисан?
– Бу ресторанни ким эшитмаган, – деб жавоб қилдим мен, гарчи уни мутлақо эшитмаган бўлсам-да.
– Нега троллейбус кутиб турибсан? – мийиғида кулиб сўради у мендан. – Халққа яқинроқ бўлиш учунми?
Халқдан узилиб қолган айниган зиёлини тағин қандай таърифлашни билмаяпти, деб ўйладим мен.
– Менинг машинам йўқ, – дедим-да, яна бошқача тушунмасин деб дарров қўшимча қилдим. – Техникани жиним суймайди.
У мийиғида кулиб бош қимирлатди-да, бирдан орзиқди:
– Учрашиб қолганимиз зап иш бўлди-да! Ресторанимнинг деворларини қисқа, лекин кулгили аферизмлар-у шеърлар билан безатишни кўпдан буён орзу қилиб юрган эдим. Ижод қил! Агар менга ёқса, қалам ҳақини яхши тўлайман!
– Қанақа аферизм? – деб сўрадим мен ўзимни гўё унинг таклифига қизиқаётгандек кўрсатиб.
– Мана, масалан, шунга ўхшаш, – деди у. – “Темирни кассадан узоқлашмай бос!” ёки “Агар шунчалар ақлли бўлсанг, нега пулинг йўқ?” Фақат буларни эмас, шунга ўхшаш янгиларини!
– Мана бундай аферизм тўғри келадими? – деб сўрадим мен ундан. – “Пулинг бўлса, сенга ақл нега керак?”
– Йўқ, – деди у андак ўйланиб, – мижозларим орасида бойлар кўпчилик. Хафа бўлишлари мумкин.
Мен унинг ресторани деворларини забт этишга тушдим.
– Шундай аферизм тўғри келар балки? – сўрадим мен. – “Қуш қанчалик кичик бўлса, шунчалик ёқимлироқ сайрайди”.
– Тўппа-тўғри! – суюниб хитоб қилди у. – Масалан, қораялоқ! Абхазияда қораялоқлар қанақанги сайрар эди-я!
Соғинч эпкини бир лаҳзага бизни руҳан бирлаштирди ва айни шу бир лаҳза гўзал эди. Аммо у бир муддат ўйга толиб, кутилмаганда қовоғини уйди:
– Афсуски, тўғри келмайди, – деди у.
– Нега? – деб сўрадим мен чинакамига ҳайратланиб.
– Гап шундаки, – дея босиқлик билан тушунтирди у, – мижозларим орасида каттаконлари ҳам бор. Улар бизни катта қуш деб ишора қиляпти, бизни туяқушга ўхшаб сайрайди, демоқчи бўляпти, деб тушунишлари мумкин. Бу уларга малол келиши мумкин! Туяқушнинг сайраши қанчалик ёқимсизлигини биласанми ўзи?
Гўёки у айни шу қушнинг сайрашига тоқат қилолмай туяқушлар мамлакатини тарк этиб кетгандек.
– Москвада яшаётганингга неччи йил бўлди? – деб сўрадим мен, маълум бўлишича, ўз бошимга ўзим ғалва орттириб.
– Ўн беш йил, – деди у ички бир қониқиш билан, афтидан, шу йилларда ўз орзуларимни аниқ ва тўла рўёбга чиқариб улгурдим, деб хисоблаб. – Сен-чи?
– Қирқ йил бўлди, – дедим мен бир қадар тушкунлик билан, чунки шу йиллар мобайнида ўз орзуларимга эришганимга ишонинқирамай.
– Қирқ йилдан бери, – деди у йилларнинг кўп-озлиги масалани ўз-ўзидан ҳал қилмаслигини уқтирмоқчидек бир қатъият билан, – пайпоқни шимнинг ранггига мослаб кийишни ўрганишинг мумкин эди.
Мен масала шу қадар кичкинагина арзимас номувофиқликка бориб тақалаётганидан суюниб кетдим. Қаерда қандай кўриб улгурди экан-а! Ахир, шортик эмас, шим кийганман-ку!
– Мабодо сенинг “мерседес”ингда ётган қора пайпоқ йўқми? – сўрадим мен аҳмоқона бир самимият билан. – Бор бўлса, шимимга мослаб кийиб олар эдим.
У менинг ўз “мерседес”ини таҳқирловчи бу гапимдан мутлақо хафа бўлмади, фақат менга бир истеҳзоли қараш қилиб қўйди, холос. Афтидан, бандаргоҳда турган улкан кеманинг дарғаси ўзидан “Мабодо кемангизда ташландиқ эшкак йўқми, укажон?” деб сўраган балиқчига худди шундай қараса керак.
– Сен ҳалиям ҳазил-ҳузул қилиб юрибсанми, – дея чуқур уф тортди у. – Мактабда бир марта грузин тили ўқитувчиси билан ҳазиллашганинг етарли бўлмадими? Ҳозиргача тушунолмайман, сенинг ўша қўпол ҳазилингни қандай кечира қолди экан-а, ўшанда!
– Шундай аферизм тўғри келадими? – мен янги ҳужумга шайландим: – “Ёшликдаги яхши иштаҳа – ёшлик байрами. Қариликдаги яхши иштаҳа – қарилик маразмининг байрами”.
– Сен мени хароб қилмоқчимисан, нима бало? – оҳистагина сўради у. – Ҳамюрт, синфдош эмиш тағин!
– Нима бўпти? – деб сўрадим мен.
– “Нима бўпти” эмиш! – деди у овозини таҳдидомуз баландлатиб. – Менинг мижозларим орасида қари-қартанг тижоратчилар оз эмас. Улар яхши овқатланиб, меъёрида ичиш учун келишади. Сен бўлсанг, “маразм байрами” дейсан! Уларнинг энг сўнгги қувончларидан ҳам бебаҳра қилмоқчимисан? Ахир, уларга ёш-ёшгина “блондинкалар” ҳам керак бўлмай қолганини ҳисобга олсанг-чи!
– Албатта ҳисобга оламан, – дея уни ишонтирдим.
У рус тилидаги сўзларни яхши талаффуз қилар эди, бироқ “блондинка” сўзи нимагадир бошқачароқ эшитилди. Ҳаяжонланганидан шундай талаффуз қилдими ё?
Нима бўлганда ҳам унинг ҳақлигини тан олдим. Ростдан ҳам, бундай аферизмга ресторанда жой йўқ!
– Мен сенинг ресторанингни бежамалаб берганимдан кейин, – дедим мен ўзимга хос қайсарлик ҳам ғамхўрлик билан, – майли, бу аферизмни ёшлар кафесига сота қоламан.
– Йўқ, бу гапингни ёшлар кафесига ҳам ёзиб бўлмайди! – қатъий қилиб деди у, гўёки барча емакхоналардаги аферизмлар устидан ўзи назоратчи қилиб қўйилгандек.
– Нега энди? – ҳайқирдим мен гўёки цензура қаршисида жазавага тушган муаллиф мисол.
– Ёшлар билан қариларни бир-бирларига қарши қўйиб бўлмайди, – совет муҳаррирлари овозларидаги таниш оҳангда қатъий уқтирди у. – Айниқса, қадаҳ билан ликопча устида! Ғоя меники эканини ҳисобга ол-да!
– Қанақа ғоя? – дея ажабланиб сўрадим мен.
– Ресторан деворига аферизм ёзиш ғояси. Биз сен билан шартнома тузамиз. Шартномада сенинг аферизмларни бошқа ресторанларга сотишга ҳаққинг йўқлиги кўрсатилади.
– Ақалли сенга ёқмайдиган аферизмларни бошқа ресторанларга сота оларман? – деб сўрадим мен ялинчоқлик билан.
– Йўқ! – деб қатъий жавоб қилди у. Сўнг қўшиб қўйди: – Мен уларни сотиб олиб, яшириб қўяман. Майли, ана, китобларингда фойдаланишинг мумкин. Фақатгина менинг рестораним деворида ёзилганлардан бошқаларини. Билиб қўй, мен айёрман!
Сўнгги гапини ўзимча тушундим: эҳтимол менинг ўрта маълумотим етарли эмасдир, бироқ махсус маълумотим етиб ортар даражада!
– Шундай бир аферизм балки тўғри келар? – сўрадим мен хокисорлик билан. – “Яхшилар ёмонларга нисбатан кўпроқ, лекин ёмонлар қудратлироқ”.
– Нима бало, жинни бўлганмисан? – дея ёзғирди у. – Менинг мижозларим орасида қудратли одамлар озмунчами!
– Хўш, мана бу аферизм-чи? – бўш келмадим мен. – “Аёллар гулларни севишади, чунки гуллар ташқи қиёфани кўркамроқ кўрсатади”.
– Бу гапда нимадир бор, – деди у ва шу заҳоти афсусланиб қўшимча қилди: – Бироқ бу ҳам тўғри келмайди. Бизнинг ресторанимизга махсус гул дўкони бириктириб қўйилган. Менинг мижозларим ўз маъшуқаларига гуллар ҳадя қилишади. Бу аферизм уларни хижолатга қўяди. Менинг мижозларим шу қадар маданиятлики, шампан виноси ичганидан кейин гул ҳидлаб газак қилишади! Хўп, майли! – дея қўшимча қилди у. – жойида савдолашаверармиз ҳали! Мен нархини белгилаганимда сен ҳам савдолашишинг мумкин. Дарвоқе, кел, энди шеърларни синаб кўрайлик. Нега энди биз фақат аферизмга ёпишиб олишимиз керак!
– Майли, – рози бўлдим мен ва бир муддат ўйлаб туриб, тавсия қилдим:
Авваллари қандай дам оларди у?
Ётган кўйи супада.
Энди-чи, кўринг бу густоҳни!
Канар оролларида.
– Бунингн нимаси кулгили? Мана, мен бурноғи йили Канар оролларида бўлдим… Лекин сен бу ҳақда билолмасдинг, – қўшимча қилди у, афтидан, ўзининг қанчалик дасти узунлигини уқтирмоқчидек. – Айтарли гап йўқ! Туяқуш фермасида туяқуш тухумидан пиширилган қовурдоқ билан меҳмон қилишди. Тағин бу уларнинг энг ажойиб таоми эмиш! Бизнинг курка тухумидан тайёрланган таомимиз уларнинг туяқуш тухумидан тайёрланган таомига нисбатан минг карра мазалироқ!
У иккинчи маротаба туяқушни ижирғаниб тилга олди. Қандайдир туяқуш қачонлардир унинг йўлини югургилаб кесиб ўтганга ўхшайдими, нима бало!
– Бунинг устига, сен одам ўз супасини ташлаб кенг дунёга чиққанидан афсусланаётганга ўхшаб қолгансан, – деб қўшимча қилди у. – Ҳаммасини аксинча қилсанг-чи!
Мен диққатимни жамлаб, янгисини тавсия қилдим:
Авваллари қандай дам оларди у?
Канар оролларида.
Ҳозир эса, нормани бажаргач,
Сулайганча супада.
– Супани йўқот! – деб буюрди у. – Намунча: супа, супа, супа дейсан! Бу сенга соҳилдаги четан эмас-ку! Мен бунинг нималигини биламан! Бу билан сен бизда ҳеч кимни кулдиролмайсан ҳам, айниқса, шуни билиб қўйки, қўрқитолмайсан ҳам!
– Нега? – деб сўрадим мен ижодимга нописандликдан андак малолланиб.
– Чунки ҳаммаси қўлга олинган! – гапни қисқа қилди у. – Обрўли одамларга алмисоқдан қолган супани эслатавериш одобдан эмас. Ҳеч бир супаси йўқ кулгили нарса ёза олсанг ёз, ана!
Мен тағин ўзимни ижодга чоғладим:
Авваллари қандай дам олар эди у?
Соҳил четанига ўзини ташлаб.
Энди-чи, нақадар сурбетлашган,
Париж жазманига ўзини ташлаб…
– Йўқ, – деди у бош чайқаб, – бу ҳам менинг ресторанимга мутлақо тўғри келмайди. Яхшиси, аферизмларга қайтайлик.
– Шундай бир аферизм тўғри келадими? – мен тағин унинг ресторани деворига ҳужумни бошладим: – “Ҳаттоки нимани четлаб ўтиш кераклигини билиш учун ҳам қонун керак!”
– Бугунги кунимизнинг энг зўр аферизми мана шу! – хитоб қилди у. – Буни топганингга қойилман! Ишбилармон кишилар учун бугунги кундаги энг оғриқли масала-да бу! Амалдорлар “Пул! Пул! Пул!” деб бизни тортқилашади. Мен эса, нима учун пул тўлаётганимни аниқ билишни истайман! Мен четлаб ўтган қонунни марҳамат қилиб кўрсатиб қўйишсин!
Мен деворни ахийри забт этдим-а, деб турганимда у ўйчанлик билан қўшиб қўйди:
– Аммо, бошқа томондан олиб қарайдиган бўлсак, йўқ, буям тўғри келмайди.
– Нега энди? – сўрадим мен ўзимни кўзга кўринмас девордан ташлаб юборилгандек ҳис қилиб.
– Тушунсанг-чи, – деди у, – менинг мижозларим орасида шунақанги ҳуқуқшунослари борки!.. Улар “Ие, ҳали сенга қонунлар камлик қиляптими?” деб, мен-у менга ўхшаганлар учун шунақанги қитмирона қонунлар ўйлаб топишадики!..
– Балки манови аферизм сенга ёқар? – наботот тарафидан ташландим мен: – “Саллагул атиргулнинг парҳез шакли: тикани йўқ, аммо ҳиди ҳам йўқ”.
– Йўқ, йўқ! – дарров жавоб қилди у, – биринчидан, узундан-узоқ… Йўқ, бу иккинчидан. Биринчидан, сиёсатга ишора бу! Менинг мижозларим орасида таниқли сиёсатчилар бор-а…
– Қанақасига сиёсатга ишора бўлсин бу? – астойдил ажабландим мен.
– Сен бизнинг ҳукуматимизнинг тикани йўқ, аммо ҳиди ҳам йўқ атиргул демоқчисан-да.
– Нима, авваллари ҳукуматимиз атиргулдек хуш бўй таратиб турган эдими? – асабий сўрадим мен.
– Атиргулми-йўқми, ҳар қалай, тикани бор эди, – мантиқан асосли жавоб қилди у. – Мана, мен ўзим икки марта ўтириб чиққанман!
– “Долларга ҳаддан ташқари ўхшаб кетадиган доллар – сохта доллар” – ўзим ҳам кутмаган ҳолда теша тегмаган гапни тилга кўчирдим мен.
– Ахийри нишоннинг қоқ ўртасига урдинг-а! – қойил қолиб хитоб қилди у ва елкамга қоқиб қўйди. – Ахийри сендан ақлли гапни суғуриб олдим-а! Биттаям сўзини ўзгартирмаган ҳолда сотиб оламан шу гапингни!
– Бундай талабчан цензорни ҳатто совет даврида ҳам учратмаган эдим, – дедим мен енгил тин олар эканман.
– Ҳа, шундай, – деб гапимни маъқуллади у, – мен ўз ресторанимда талабчан цензорман. Лекин шунга яраша ҳақ ҳам бераман-да.
Бироқ у ўзининг нима учун жим бўлиб қолганини тушунганимни тушунди.
– Мен ахир зиёли инсонлар билан ишлайман, – таъна қилаётгандек таъкидлади у. Ҳисобчим назариётчи физик олим. Икки официантим – собиқ ўқитувчилар. Собиқ мунажжим залимнинг умумий назоратчиси.
– Коинот қисилиб боряпти, – дедим мен, аммо у бу фожиали аҳволга парво қилмади. Ён чўнтагидан ташриф қоғозини чиқариб, менга худди жаннатга рухсатнома бераётгандек тантана билан узатди.
– Аммо менинг ташриф қоғозим йўқ-да, – дедим мен, унинг ташриф қоғозини гўё эгасига қайтариб бермоқчидек қўлимда нима қилишни билмай айлантирар эканман. Бунақанги ташриф қоғозларидан менда юзтачаси йиғилиб қолди. Ҳамиша ўзим қўнғироқ қилмайдиган одамлар ташриф қоғозларини беришади.
– Сен керакли одамлар билан қандай мулоқот қиласан ўзи? – дея ажабланиб сўради у, менинг ташриф қоғозини қайтариб беришга чоғланиб турганимга беписанд қарар экан. Беписандлик нима бўлибди! У ҳатто “Тезроқ яшириб қўй!” деган маънода қўл силкитди!
– Мен уларсиз амаллайман, – дедим овозимда аллақандай иддао сезилмаслигига ҳаракат қилиб.
– Мен сени керакли одамлар билан учраштириб қўяман, – деди у ўзига ишонч билан.
Биз бир-биримизнинг қўлимизни сиқдик ва у машинасига ўтирди. Аммо тезда энгашиб деразасини очди-да, мени имлаб чақирди. Мен ҳам ойнага энгашдим.
– Келсангиз, увилдириқни ош қошиқда ейсиз, – деди у оҳиста, лекин эътирозга ўрин қолдирмайдиган қатъият билан. Сўнг бир бош чайқаб қўйиб жўнаб кетди. Унинг сўнгги сўзи янги буржуазиянинг масонлик паролидек янгради.
У билан гаплашатуриб троллейбусимни ўтказиб юбордим. Қўналғага қайтиб навбатдаги троллейбусни кута бошладим. Энди мен қўналғадан ташқарига чиқмасликка ҳаракат қилмоқда эдим.
Рус тилидан Отаули таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 10-сон