Тенбриж, 1739 йил, 15 июл.
Азизим.
Менинг соғлиғим ҳақида қайғураётганингдан миннатдорман. Анчадан бери ўзим ҳақимда дарак бермаганим сабаби — муолажаларнинг кўплигидан вақт тополмадим. Саломатлигим ҳозир анча дуруст, шунинг учун яна бир ой шу сувда қолмоқчиман.
Синьор Дзамбони бу ерда сени шунчалар мақтайдики, азбаройи худо, мен ўзимни баъзан ноқулай ҳис этаман. Сенга маслаҳатим: доимо шундай мақтовларга лойиқ бўлишга ҳаракат қилмоқ керак. Аммо ёдингда бўлсин, ортиқча, ноўрин мақтов — бу одам устидан кулишнинг бир усулики, бунинг отини киноя дейдилар. Бунда гапирувчи доимо мақтовнинг бутунлай аксини назарда тутади. Айни пайтда уни ёлғон гапиряпти, деб ҳам бўлмайди, чунки сен ҳақингда айтаётган фикрларини аксини ўйлаётгани аниқ. Айтайлик, бир қаллоб, фирибгар одамни виждонли, андишали ёки ғирт нодонни ақлли, қобилиятли деб мақтаса, бу билан мазах қилинаётганини тушуниб олиш қийин эмас. Борди-ю, мен сени: “Ўқиётган китобларини доимо миясига жо қилиб олади, айтганларни дарров илиб олади”, деб мақтагудек бўлсам, наҳотки, сен шу билан устингдан кулаётганимни фаҳмламаган бўлсанг? Шунинг учун доимо сени мақтай бошлашса, дарров ўйлаб кўргин: сен шу мақтовга лойиқмисан ё йўқми? Бундан сўнг юриш-туришингни тузатиб олишга, ҳеч қандай кинояга ўрин қолдирмасликка ҳаракат қил.
1739 йил, 2 ноябр.
Азизим!
Сен Рим тарихини ўрганяпсан; бунга жиддий ёндошаётган бўлсанг керак, деб умид қиламан. Тарихни ўрганишдан мақсад нима, дерсан? Мақсад — ўтмиш кишиларининг яхши фазилатлари-ю, камчиликларини билиб-ўрганиб, бундан ўзимиз учун тегишли хулоса чиқаришдир. Тарих бизни эзгуликка чорлайди, савоб ишларга ундайди. Тарихни ўрганар эканмиз, буюк инсонлар яхши фазилатлари туфайли ҳаётликларидаёқ халқнинг юксак ҳурматига сазовор бўлганликларини, кейинги авлодлар эса бундай инсонлар хотирасини эъзозлаганликларининг шоҳиди бўламиз. Эл назари тушган инсонларнинггина ёди бизгача етиб келган.
Айниқса, Рим тарихида олижаноблик, улуғворлик, қалби покликка ёрқин мисоллар кўп. У ўлкада консуллар ва диктаторлар (улар олий ҳукмдорларини шундай деб атаганларини сен яхши биласан) ер ҳайдаб тирикчилик қилишни ўзларига ор билмасдилар ва бу ҳеч кимни ажаблантирмасди. Омочни қўйиб, қўлга шамшир олиб, душман устига қўшин тортишган, ғалабадан сўнг эса яна заминни ишлагани қайтиб, камтарона ҳаёт кечираверишган. Ва бу ишлари уларга жанговар ғалабалардан зиёда шуҳрат келтирган. Кўплаб буюклар шунақа оддий турмуш кечиришганки, вафотларидан сўнг уларни давлат ҳисобидан дафн этишга тўғри келарди. Ўта муҳтожликда яшаётган бўлишига қарамай, Курий самнит қабиласи вакиллари унга инъом қилмоқчи бўлган катта миқдордаги пулни олишдан бош тортади. Чунки, пулдан кўра пулдорлар устидан ҳукмдор бўлишни афзалроқ кўрган. Бу ҳақда Цицерон ҳам ҳикоя қилади:
“Ўчоқ олдида ўтирган Курийга самнитлар талай олтин тортиқ қилмоқчи бўлишганда, у олмаган, чунки унинг таъбирича, катта олтинга эга бўлишдан олтини борлар устидан ҳукм суриш ҳузурлироқдир”.
Рим қўшинларини неча марталаб зафарли юришларга олиб борган Фабрицийнинг ҳузурига келган кишилар бу буюк инсон ўзи томорқасида етиштирган кўкатлар ва илдизлар билан тамадди қилиб ўтирганини кўриб, лол қолишган экан. Сенека бу ҳақда шундай ёзади: “Шавкатли қария Фабриций ўчоғи олдида ўтириб, ўз қўли билан кавлаб олган илдизларни еб ўтирарди”.
Сципион Испанияда ғалаба қозонади. Унга қўлга тушган асирлар орасида гўзалликда беназир малика ҳам борлигини ва уни бир аслзода ватандошига унаштириб қўйилган эканлигини айтишади. Сципион асирага худди ўз уйидагидай шароитларни яратиб беради, сўнг унинг қаллиғини топтириб келиб, маликани унга тўй қилиб узатади. Қизнинг отаси фарзандини қутқариш эвазига жўнатган пулни эса келин сепига қўшиб қўяди. Бу ҳақда Валерий Максим шундай деган экан: “Ўзи ҳам ҳали ёш, бўйдоқ, бунинг устига ғолиб бўла туриб, гўзалликда танҳо қизнинг шаънига доғ туширмаган ҳолда ота-онаси ва қаллиғи қўлига топширди”.
Шу эмасми ўзини тута билишлик, беқиёс олижаноблик белгиси? Бу билан у бутун испан халқининг меҳрини қозонган экан. Ливийнинг ёзишича, Сципион ҳақида испанияликлар шундай дейишган экан: “Бу йигит тангриларнинг ўзи-я. У бизни қурол кучи билангина эмас, ўзининг саховатлилиги, олийҳимматлилиги билан ҳам забт этди”.
Мана сенга эзгулик учун мукофот. Обрў-эътиборли бўлмоқчи бўлсанг, мана шунақа инсонларга, уларнинг ишларига сен тақлид қилишинг лозим. Ва бу бахтли бўлишнинг бирдан-бир йўли! Хайр.
* * *
Азиз ўғлим!
Якшанба куни жаноб Боденникида сен ўзингни шундай яхши тутдингки, бунинг учун сени мақтаб қўйишни лозим топдим. Айни пайтда сенга хушмуомалалик ҳақида бир-иккита сабоқ бериб қўймоқчиман, сен уларга риоя қилишинг керак. Ёдингда бўлсин, ўқимишли бўлиши билан бир пайтда лутфкорлик, улуғворлик ҳам одамлар ҳурматини қозониш борасида муҳим аҳамият касб этади. Олижаноблик, иқтидорлилик, албатта, энг муҳим фазилатлардир. Аммо ўзларида бундай хислатлар йўқ кимсалар, одатда, бунинг қадрига етишмайди. Айни пайтда улар инсондаги иккинчи даражали хислатларни: ширинсуханлик, илтифотлилик, ҳозиржавоблик ва гапининг уддасидан чиқа билиш кабиларни кўпроқ қадрлайдилар, чунки бундай одамлар билан ҳамсуҳбат бўлиш, бир даврада бўлиш ҳам ўнғай, ҳам ёқимли. Аммо хушмуомалаликни ҳам барча баробар қабул қилавермайди. Бир жойда яхши, ўринли ҳисобланган муомала тарзи иккинчи жойда бутунлай ўзгача талқин қилиниши мумкин.
Айни пайтда ҳар қандай вазиятда сўзсиз керак бўладиган, ўринли ҳисобланадиган муомала қоидаларини яхши билиб олмоқ даркор. Масалан, гап сўраганда қуруққина “ҳа”, “йўқ” деб жавоб қилиш қўпол ҳисобланади. Бунга албатта “сэр”, “милорд” ёки “мадам” сўзларини қўшиб ишлатмоқ даркор. Французча гаплашганингда ҳам “месье”, “милорд”, “мадам” ва “мадемуазель” мурожаат сўзларини ишлатишинг керак. Сен, албатта, французлар турмушли аёлга “мадам”, турмушга чиқмаган барчасига эса “мадемуазель” деб мурожаат этишларини яхши биласан.
Кимдир сенга гапирганда, ниманидир сўраганда менсимай, димоғ билан жавоб қилиш ёки мурожаатни умуман эътиборсиз қолдириш, тескари қараб кетиб, бошқа нарсалар билан куйманиб туриш ҳам одобсизлик белгисидир. Шу билан сен ўша одамни менсимаганлигингни билдирган, унга жавоб тугул, гапини эшитишни ҳам ўзингга номуносиб деб билган бўласан.
Хонадаги энг қулай жойга ўтириб олиб, ёқиб қолган таомни атрофингдагиларга қарамай олавериш ёмон эканлигини сенга тушунтириб ўтириш шарт эмас, деб ўйлайман. Сен бошқаларга қараб иш тутишинг, ёнингдагиларга эътибор беришинг керак.
Шуни айниқса ёдда тутгинки, инсонда боадаблик зўраки эмас, табиий бўлиши керак. Ўзингни тутишингдан ҳақиқий “жентльмен” эканлигинг доимо сезилиб турсин. Бу борада кўпроқ французларга разм солгин-а. Муомалада ўзини тутиш уларда шунчалик табиий чиқадики, бу ҳақиқий санъатдир. Инглизларда эса, муомала тарзи унча келишмаган. Улар хушмуомалаликка шунчалар ийманишадики, натижада ишлари ўнгидан келмайди. Қулоғингда бўлсин, хатти-ҳаракатинг кўнгилдагидек табиий бўлишига интилгин ва бундан ҳеч ҳам уялмагин: беодобликдан уялиш керак, хушмуомалаликдан эмас. Бунақа уялишни французлар “зўраки уялиш” деб аташади ва бунақаси инглиз (тўнка)ларгагина хос. Аристократроқ одам мурожаат қилгудек бўлса жонлари чиқиб кетади, каловланиб, гапларини ҳам йўқотиб қўйишади. Албатта, бунақалар устидан беихтиёр куламиз. Тарбияси пухта одам эса ҳатто бутун дунё қироллари билан сўзлашишга тўғри келган ҳолда ҳам ҳеч ҳаяжонланмайди, худди сен билан гаплашаётгандек табиий тутишади ўзларини.
Ёдингда бўлсин, ҳақиқий хушфеъл, хушмуомала кишинигина жамоатда ёқтиришади; тарбия кўрмаган қўпол одамни эса ҳамма жойда ҳам четга суришади; тортинчоқ одам кулгига сабаб бўлгани-бўлган.
Сен менинг айтганларимни яхшилаб қулоғингга қуйиб оласан ва тўққизга тўлганингда Англиядаги тенгдошларинг орасида энг билимдон ва энг тарбия кўргани бўласан, деган умиддаман. Хайр.
* * *
Азиз ўғлим!
…Сен энди катта бўлиб қолдинг, бундан буён ўқиб ўрганаётган нарсаларингга жиддий, онгли равишда ёндошиш даражасига етдинг. Сен ҳадемай тўққизга кирасан-а! Бу ёшда ўғил бола анча-мунча нарсаларга ақли етадиган бўлиб қолиши керак. Биласанки, сенинг тарбиянг ҳақида озмунча жон куйдирмаяпмиз. Борди-ю, сен ишончни оқлай олмасанг, ўз шаънингга доғ туширган бўласан, бу эса ўзини ҳурмат қилган жентльменга ярашмайди.
Ҳар бир инсон ўзига яраша иззатталаб бўлади, бу йўлда ниманидир орзу қилади, намагадир интилади. Борди-ю, ниятига етмагудек бўлса, қаттиқ қайғуради, чунки ҳар кишининг ўзига яраша иззат-нафси бор, ғурури бор. Лекин гап шундаки, ҳар хил одамда ғурур дегани, иззатталаблилик турлича бўлади. Аҳмоқ одамда бу тўғрисида тушунча ҳам бемаъни бўлади. Оқил кишининг иззатталаблилиги эса эътиборга лойиқ, мақтовга сазовордир. Мисол учун сен тенги бирор нодон бола фақат яхши кийинишни ўйласа ва шу билан теварак-атрофдагиларни эътиборини қозонмоқчи бўлса, бемаъни нарсаларга пул сарф қилишдан бошқани билмаса — бу фақатгина унинг ота-оналари калтафаҳмлилигидан дарак беради, холос. Ақлли бола эса тенгдошларидан, ҳатто ўзидан катталардан ҳам, биринчи навбатда, билим жиҳатдан, ахлоқи билан ажралиб туришга интиладики, бу фақат мақтовга сазовордир. Тўғри сўзлиги, одамохунлиги, ўқишда эришган муваффақиятлари унга обрў келтиради ва бу билан у ҳақли равишда мағрурланиши мумкин.
Киши ўзининг ижобий фазилатларига яраша иззатталаб бўлса, бунинг ёмон жойи йўқ. Дарвоқе, бу гаплар фақатгина болаларга эмас, катталарга ҳам тааллуқлидир. Ақли заиф киши обрў орттириш йўлини фақат мол-мулкка, уй-жойга эга бўлиш, яхши кийиниш, шоҳона сайр қилиб юриш, деб ўйлайди. Ахир булар ҳаммаси, пул бўлса бас, бозордан топиладиган нарсалар-ку. Ақли расо, виждонли, одобли киши ибратли ишлари, билими билан, ор-номуслилиги билан ажралиб туришга интилади. Ҳақгўйлик, олижаноблик, поклик, мардлик — пулга топиб бўлмайдиган тушунчалар. Бу хислатлар фақатгина соғлом фикрли ва пок кўнгилли кишиларга ато этилган. Лакедомонликлар (спарталиклар — таржимон) ҳам, римликлар ҳам мана шунақа халқлар бўлганликлари учунгина бошқаларга нисбатан кўп шуҳрат қозонишган. Ишонаманки, сен ҳам шундай инсон бўлиб етишасан. Хайр.
* * *
Азиз фарзандим!
Берган ваъдаларинг мени хурсанд қилди. Уларни бажара олган тақдирингда эса нур устига аъло нур бўлади. Ваъдани бажармаслик — энг номаъқул иш: юзсизлик гуноҳ эканлигини ўзинг яхши биласан. Бундай номаъқулчиликдан сўнг ҳеч ким сенга ишонмай қўяди. Динда ҳам, оддий ахлоқ меъёрида ҳам тўғри сўзлилик энг биринчи мезондир. Бу талабни бажармаганни одам деб аташ мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Аксинча, бундай кимса эл нафратига учрайди, худо ҳам, бандалар ҳам ундан юз ўгиришади. Хуллас, ўғлим, сен ўз фойдангни яхши тушунган ҳолда, ғурурингга, манфаатингга мос иш тутишга, яъни нимага қўл урмагин, ўша соҳада ўз тенгдошларингдан устун туришга ҳаракат қиласан деган умиддаман.
Мен сенинг ёшингдалигимда бирорта бола мактаб сабоғини мендан яхшироқ ўзлаштиргудек бўлса ёхуд бирор ўйинда мендан ютиб чиқса буни ўзимга ор деб билардим. Рақибимдан устунликка эришмагунча менда ором бўлмасди. Бир умр улуғворликка интилган Юлий Цезарь доимо: “Римда иккинчи бўлгандан кўра, қишлоқда биринчи бўлган маъқул”, — деб таъкидлар экан. Ҳатто у бир куни Буюк Искандар ҳайкали ёнида шу ёшга етибман-у, Искандар ўттиз ёшда эришган шуҳратга етолмадим, яъни буюк ишларни амалга оширолмадим, деб зорланиб йиғлаган экан. Бундай буюклик орзуси кишини фақатгина эзгуликка элтади. Кимгаки бундай орзу ва туйғулар ёт бўлса ундайлар бу дунёдан беном-бенишон ўтиб кетаверади. Бундайларни ҳеч ким ёқтирмайди. Ақлли одамлар доимо эзгуликка интилишади ва шундагина улар гарчанд ҳаммадан ўзиб кетмасалар-да, кўп нарсаларни қўлга киритишлари аниқ. Бирор фанни яхши ўзлаштириш йўли, сўзсиз, шу фанга асосий эътиборни қаратишдир. Дарс пайтида яхши тингламасанг, кейин ўша фанни ўзлаштириб олиш учун икки баробар кўп вақт сарфлашингга тўғри келади. Фақат ақлсизларгина шундай қилади. Фаросатлилар ҳар қандай сабоқни ҳам дарров илиб олиб, ўзлаштирадилар. Мана ўзинг ўйлаб кўр ва танла: эътибор ва чидам билан дарс пайтидаёқ керакли билимни илиб олиш, бу жиҳатдан тенгқурларингдан устун бўлиш ва бунинг эвазига дам олиш ва ўйинга кўпроқ вақт ажратиш имкониятига эга бўлиш яхшими ёки дарсларда наридан-бери шуғулланиш ва натижада билимсиз, ҳаммага кулги бўлиш, бунинг устига ўйнагани бўш вақтинг бўлмагани маъқулми? (Яхши шуғулланмасанг, мен сенга ўйнаш учун вақт бермаслигимга шубҳа қилмасанг ҳам бўлаверади.) Ўша менга ваъда бериб, сен интилмоқчи бўлган комилликка қайси йўл билан эришиш мумкин?
Биринчи навбатда Яратган ва одамлар олдидаги бурчни сидқидилдан бажариш билан; бўлмаса бошқа барча ҳаракатларинг ўз қийматини йўқотади. Иккинчидан — чуқур билим соҳиби бўлиш керак; бусиз гарчанд виждонли бўлсанг-да, сен одамларга маъқул келмайсан. Ва ниҳоят, учинчиси — аъло даражада тарбияли, одобли бўлиш зарур. Одоб-тарбия бўлмаса билиминг ҳам, виждонлилигинг ҳам сезилмайди, сен ҳеч кимга ёқмайсан.
Мана шу уч нарсани ҳеч ёддан чиқармагин, ҳар уччаласида ҳам намунали бўлишга интилгин. У дунё ҳам, бу дунё ҳам бу муҳимдир инсон учун… Хайр.
* * *
Шанба.
Сэр!
Ёшингни, ҳаётий тажрибангни назарда тутсак, сенга яхши хулқ-атвор нима эканлиги тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади, деб ўйлайман. Аммо сенинг ҳозир машғулотларинг кўп: юнонча ва лотинчани ўрганишинг билан бир пайтда крикет ва питч ўйинлари билан шуғулланишинг — бу муҳим нарсадан фикрингни чалғитиши мумкин. Шу боис мен яна бир бор шу ҳақда гапириб қўйишни лозим топдим, гарчанд тунов куни лорд Орериникида бўлганда ўзингни ёмон тутмаган бўлсанг-да.
Ёдингда бўлсин, кимнидир қобилиятли, билимдон эканлигини тушуниб олиш учун анча-мунча вақт керак бўлади. Хулқ масаласига келсак — у бир қарашдаёқ сезилиши мумкин. Айни пайтда сен биласанки, яхши хулқ қуллуқ қилишда-ю, такаллуфда, одоб қоидаларига риоя қила билишдагина эмас. Бу нарсалар инсон табиатига уйғунлашиб кетган, яъни табиий бўлмоғи зарур. Яхши одоб ҳар бир қадамда сезилиб турмоғи даркор. Сенга гапиришганда мулойимлик билан жавоб қилмоғинг керак. Жамоатга қўшилганда агарда сени тўрга таклиф қилишмаса, пойгакда ўтирмоқ керак.
Биринчи қадаҳ сўзни хонадон бекаси, иккинчиси эса хўжайин шарафига кўтарилади. Овқатга ҳадеб ташланавермаслик керак, оғизни чапиллатиб. Бошқалар тик турганда, бетамизлик билан ўтиравериш ярашмайди. Энг муҳими, булар ҳаммаси сенда табиий бир ҳолат тарзида бўлиши керак. Асло бунақа пайтда афтингни буриштирмагин — зўраки мулозамат қиляпти деб ўйлашади. Лекин хушфеъл кўринаман деб уринувчи баъзи аҳмоқларнинг бемаъни тиржайишларига тақлид қилмагин. Яхши хулқ жуда мураккаб тарзда шаклланади. Зўраки сертакаллуфликни ҳам, бемаъни уятчанликни ҳам, сурбетликка ўхшаб кетувчи эркинликларнинг ҳам бунга мутлақо алоқаси йўқ. Кишига ўзини тута билишлик, маълум даражадаги қатъият ва бир меъёрда камтарлик зарур. Ақлли одам биринчисидан қанча, иккинчисидану учинчисидан қай даражада зарурлигини яхши ҳис этади. Хайр.
* * *
Дублин қасри. 1745 йил 19 ноябр.
Ўғлим.
…Рождество таътили яқинлашиб қолди, мен сенинг ихтиёрингга месье Денуайени жўнатаяпман, у сени таътил пайтида рақсга ўргатади. Сен бир нарсага эътибор бергин: рақсга тушганда, айниқса, қўл чиройли, бежирим ҳаракатланиши керак. Яна шляпани бошга қандай қўндиришу хонимга қўл чўзишни яхши ўрганиб олишинг зарур. Ҳар бир жентельмен бу нарсаларни яхши ўзлаштириб олиши керак. Рақсга тушиш — аслида бу бемаъни бир одат. Лекин бу жамиятда, кишилик ҳаётида шундай илдиз отган бемаъниликки, ақлли одамлар ҳам бу билан шуғулланиб туришига тўғри келади, шуғулланганда ҳам дўндириб қўйишга уринилади доимо. Менга қолса, сенинг раққос бўлишингни асло истамасам-да, лекин бошқа ишлар қатори буни ҳам кўнгилдагидек уддалашингни истардим. Хуллас, нимаики ишни бошламагин, охиригача етказишга ва аъло даражада бажаришга интилмоқ керак. Ҳатто питч ёки крикет ўйнаганингда ҳам бошқалардан устунликка ҳаракат қилишинг керак, деб уқтиргандим мен.
Мисол учун, чиройли кийинишни олайлик. Бу аслида киши учун катта аҳамиятга эга эмас, аммо пайтига мослаб кийина билмаслик — уқувсизлик, нодонликдир. Бу кишининг обрўсини тўкади. Олифта, ортиқча кийинишга берилган одам билан оқил одам ўртасидаги фарқ шундаки, олифта кийимига қувонса, оқил ўз кийими устидан ичида кулиб юради, айни пайтда у яхши биладики, одам қаторига қўшилиш учун ҳам кийим керак. Мана шунақа бемаъни одатлар, икир-чикирлар мавжуд, буларда ёмонлик ҳам йўқ, албатта. Ўзини билган одам бу нарсага тўғри ёндошиш йўлини топа олади. Диоген Киник кийим-кечаклардан нафратлангани донолик ҳисобланса-да, ошкора уларни инкор этишимиз нодонликдир. Бошқалардан ақлли бўлишга ҳаракат қилсанг-да, сиртингга чиқарма буни. Хайр.
* * *
Бат, 1746, 4 октябр.
Ўғлим.
Гарчанд насиҳатларни барча ва ҳамма вақт ҳам тўғри қабул қилавермаслигини яхши тушунсам-да, сенга номалар битишга кўп вақт сарфлаяпман, насиҳатгўйликни кўпинча, афсуски, қаричиликнинг белгиси, сафсата, қуруқ гап деб билиб, унча ёқтиришмайди. Ачинарлиси шундаки, аслида кўпроқ қулоқ беришлари лозим бўлганлар, айниқса, ёқтиришмайди. Мен эса сен ҳали ёш бўлишингга қарамай айтганларимдан тўғри хулоса чиқариб, ўзингга керакли ўгитларни ажратиб ва улар биринчи навбатда сенинг, фақат сенинг фойдангни кўзлаб айтилган фикрлар эканлигини билаб, уларни ақл тарозисига солиб, ўйлаб кўриш даражасида эсликсан, деган умиддаман. Шундай қилганингда бу ўгитлар ўз ўрнини топган, яъни сенга нафи теккан, деб ҳисобласа бўлади. Азбаройи худо, яна отам боққани учун менга ҳукмини ўтказмоқчи бўляпти, деб хаёлингга келтирмагин, мен сенга фақат дўст сифатида маслаҳат беряпман, холос. Сенинг ёшлик ғурурингга тегмоқчи, вақтичоғлигингни чекламоқчи эмасман. Менинг ниятим — сен билмаганларни билдиришдир, энди сабза ураётган ҳаёт йўлингда учраши мумкин бўлган чақиртиканакларни олиб ташлаш, токи улар сени яралаб, зиён етказиб, ёшлигингни хазон этмасинлар.
Шу боис ҳам мен сенга нисбатан аёлларча раҳмдиллик билан эмас, қатъийлик билан қарайман. Сен эса, ўз навбатида фақатгина таҳсинга сазовор ишларинг билан менинг кўнглимни кўтаришинг мумкин.
Мен сенга доим қунтли, сабр-тоқатли, шу билан бирга зийрак, абжир бўлишни насиҳат қиламан. Бунинг ҳаммасига қандайдир бир мажбурият эмас, балки пировардида кўнгилхушлиги насиб этадиган неъматдек қараш керак. Ўзинг ўйлаб кўр, тенгдошларингдан доимо ҳар тарафлама бир поғона устун туришдан хузурли нарса борми? Ва аксинча, сендан кимдир ўзиб кетса, бундан ортиқ таҳқирланиш борми? Бунинг устига, сен таълим-тарбиянгга ўртоқларингникидан кўпроқ диққат-эътибор берилаётганлигини ҳамма билиб турган бўлса?
Сен мени тўғри тушунгин, мен тиришқоқлик ҳақида гапирганда фақатгина кимдандир беллашувда ғолиб чиқишингни назарда тутмайман, гарчанд бу ҳам муҳимлигини эътироф этсам ҳам. Мен барча соҳаларда кенг маънода зафарли бўлишингни кўзлайман. Фақат бир соҳада юзаки билимга эга бўлгандан бўлмаган маъқул. Юзаки билим кишига қониқиш ҳисси бермаслиги билан бир пайтда кулгуга ҳам сабаб бўлади. Фақатгина ҳавойи одамларгина шу билан кифояланиб юришлари лозим. Бундайларни калтабин дейишади.
Агарда мен ҳам ёшлигимда, ўз вақтида тиришқоқлик билан керакли билимларни эгаллаб олмаганимда, хозир бир бебахт одамга айланиб қолган бўлардим. Унда аҳволим не кечган бўларди, деб ўйлаб қоламан баъзан. Балки кўпчилик нодонларга ўхшаб ичишга ружу қўйган ёки аёллардай сафсата сотиш билан кунини беҳуда совурадиган (бунақаларни аёлларнинг ўзи ҳам ёқтирмайди) одамлардан биттасига айланиб қолган бўлармидим? Бунақа беъмани ҳаётдан ўзини-ўзи осиб қўйиш ҳеч гапмас. Ҳар куни эрталаб туриб, кеч ечинишдан бошқа нарсани, ким билан нима ҳақида гаплашишни билмаслик! — бундан ҳам зерикарли ҳаётни тасаввур қилиш мумкинми? Мени эса китоблар қуршаб турди, менинг беназир бойликларим ва дўстларим! Цицерон китоб ўқишнинг фойдаси ҳақида бекорга айтмаган:
“Бу нарса ёшларга маънавий озиқ берса, кексаларни хушнуд этади, бахтли онлар ҳадя этади; қийин дамларда кўнгилга таскин беради, юпатиб ором бағишлайди, уйда ҳордиқ, сафарда эса содиқ ҳамроҳ бўлади; тунлари биз билан кечади, ишимизда ҳам кўмакчи, оғиримизни енгил қилади…”
Шуни ҳам ёдингда тутгинки, мен билим олиш керак деганда, биргина китобдан билишни эмас, одамларни билишни ҳам назарда тутаман-ки, бу нарса китобдан оладиганлардан ҳам муҳимроқдир. Китобий билим ва ҳаётий билим — бу бир-бирини тўлдирувчи, инсон учун тенг зарур нарсалар. Ақлли одам ҳар иккисига етарли эътибор беради ва икковини эгалламай туриб, биттасининг ўзини ўзлаштиролмаслигини билади. Одамнинг билими одамлар орасидагини амалга оширилиши мумкин, салқин хонада эмас. Ҳаётни кузатганинг сари, китобий билимларнинг ҳам янги қирралари сенга намоён бўлаверади. Китоб ўқир экансан, ҳаётий тажрибангни қўллаб, ҳақиқатни топишинг осон кечади. Одамларни билиш ҳам, китобдан билим олишдай кўп меҳнат, сабр-тоқат, қунт талаб қилади. Кўп нарсани кўра билиш, тўғри баҳо бера билиш керак. Баъзи қарияларга эътибор берсак, ўта калтабинликлари натижасида ўн беш ёшликларида қандай бўлса, ҳозир ҳам шундоқ фикр юритадилар. Ҳаётда сафсатабозлик билан билим орттириб бўлмайди-да.
Сен одамларни четроқдан, юзаки кузатибгина қолмасдан, уларнинг ички дунёсига кириб боришга урин. Чунки одамларда ўхшаш одатлар, умумийлик бўлиши билан бир вақтда ҳар бирида қандайдир бетакрор, бошқаларда учрамайдиган хислат, туйғу бўладики, сен ўшани кўра билишга ҳаракат қилишинг керак. Билиб олдингми, кузат, бу хислат, туйғу ўша одамни нималарга ундайди. Ва бундан буён ҳушёр бўлгин, кишини худди ўша туйғусига, бошқача қилиб айтсак, қитиғига тегувчи ишни унга ишониб бўлмайди. Аксинча, сен ўша одамга таъсир кўрсатмоқчи бўлсанг, худди ана шу билимингни ишга солишинг керак. Аммо ёдингдан чиқмасин, ўша одам сени нималар билан лол қолдиришга уринмаслиги мумкин… Хайр.
* * *
Бат, 1746 йил, 9 октябр.
Ўғлим.
Сенда барча ёшларга хос бўлган бошқаларга ёқиш, тенгдошлардан устун туриш иштиёқи етишмаётганга ўхшайди. Билиб қўйки, ичингдан ёниб бир нарсага интилмас экансан, сен ҳеч қачон, ҳеч нарсага эриша олмайсан. Кимгадир ёқиш учун шунга яраша аввал ўзинг унга нисбатан эътиборли бўлмас экансан, бепарво, бефарқ бўлар экансан, сенга ҳеч ким қайрилиб боқмайди. Лотинча бир нақл бор: “Сен ўзинг ақлли бўлсанг, тангрилар ҳам сенга ёрдир”. Ҳар қандай ўртамиёна қобилияти бор одам ҳам етарли даражада ҳаракат қилса, жонкуяр, ўзига ҳам, бошқаларга ҳам ғамхўр, ҳушёр бўлса, истаган нарсага эришиши, ниятига етиши мумкин. Фақат шоирлик, шеърият бундан мустасно.
Доимо ёдингда бўлсин, фақатгина яшаш учун энг муҳим фазилатларнигина шакллантириш учун эмас, балки иккинчи даражали, икир-чикир туйилганларини ҳам ўзида тарбиялашга етарли эътибор бермоқ зарур. Булар: муомала, кийиниш маданияти, рақсга тушиш ва ҳоказолар. Буларсиз ҳам кишини жамоат ёқтирмайди, четга суриб қўяди. Мен аввалги номаларимда уқтиргандим бу ҳақда сенга…
Бошқаларга нисбатан бепарво бўлмаслик ҳақида гап бораркан, паришонхотирлик хусусида икки оғиз сўз. Паришонхотирлик икки нарсадан бўлади: нима биландир ўта бандликдан ёки бўшангликдан.
Аммо ҳар икки ҳолатда ҳам паришонхотирларни ҳеч қандай даврада ёқтиришмайди. Ундай одамлар ноқулай аҳволга тушгани-тушган, кечаги ошнасини бугун танимаётганга ўхшашади. Суҳбатларда иштирок этиша олмайди, аксинча, бирдан уйқудан кимдир туртиб уйғотгандай, нималарнидир ўринсиз гапира кетишади. Юқорида таъкидлаганимдек, бундай одам ё бўшанг, мияси йўқ, ёки бўлмаса ўта муҳим муаммоларни ечиш билан банд. Лекин биринчи хил паришонхотирлик сэр Исаак Ньютон, м-р Лок каби беш-олтита инсонларгагина азалдан ато этилган. Бирон ёш йигит ҳеч қандай сабабсиз ўзини паришонхотир тутса, бошқаларга нисбатан ҳушёр, эътиборли бўлмаса, яъни келса-келмас гапларни ўринсиз гапираверса, бундайлар тезда четга сурилиб қоладилар. Жамоат қанчалик сендан паст бўлмасин, ўша ерда турибсанми, сен менсимаслигингни сездирмагин, ўзингни катта олмагин, улардан жирканмагин, дилсиёҳлик қилмагин.
Инсонлар уларга етказилган барча зиённи кечиришлари мумкин, лекин дилсиёҳликни эса асло. Шунинг учун агарда сен кишиларга ёқмоқчи бўлсанг, аввал сен ўзинг уларга нисбатан зийрак, эътиборли бўлгин; ҳар бир одамнинг ўзига яраша ғурури, нафсонияти борлигини унутмагин — шу эътиборсизлик худди мана шу нафсониятга тегади ва ўша одамда нафрат туйғуларини қўзғатади. Ҳар бир одамни қандайдир бир кўнгил тори бўлади — ниманидир севади, нимадандир нафратланади. Агарда сенинг эътиборсизлигинг ва бепарволигинг оқибатида ўша одам ўзи нафратланган ва айни пайтда сен олдини олишинг мумкин бўлган нарсага дуч келиб қолгудек бўлса, эътиборсизлигингдан хафа бўлади, қўлингдан келатуриб қилмаган ишингдан қаттиқ ранжийди ва ўзини камситилган ҳис этади. Ва у биринчисини ҳам, иккинчисини ҳам кўнглига тугиб қўяди. Аксинча, агарда сен ўша одам ёқтирган ишни билиб амалга оширсанг ёки суймаган нарсасини бартараф қилсанг, у сендан, албатта, миннатдор бўлади, боши осмонга етади. Шу йўл билан одамларни ўзингга ром этиш бошқа муҳимроқ хизматлардан афзалроқдир.
Аёлларни кўнглини олиш учун эса бундан ҳам оз нарса керак бўлади одатда. Бу борада сен олий давраларда удумларга эътибор беравер, тарбия кўрган одамларнинг ҳаракатларини кузатгин. Хайр.
* * *
Лондон, 1747 йил, 21 сентябр.
Менинг ўғлим.
Охирги почтадан сенинг 8-да ёзган хатингни олдим. Эёнзидленддаги хурофотчилар даъватидан ҳайрон бўлишинг ўринли. Ёдингда бўлсин, кимнингдир нотўғри қарашлари, фикр юритишлари хато бўлса, аммо бу хатолик сидқидилдан бўлса, бундан фақат афсусланиш, ўша одамга ачиниш керак. Бундайларнинг устидан кулиб ҳам бўлмайди, жазолаш ҳам нотўғри. Ақли заиф одам худди кўзи ожиздек таассуфга лойиқ, холос. Униси ҳам, буниси ҳам йўлда қоқилса на айблаб бўлади ва на устидан кулиб бўлади. Бундайларга меҳр-шафқат кўрсатиб, тўғри йўлга солиб қўймоқ даркор. Ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўлида унинг ақли йўл бошловчидир. Мен бошқалар ҳам худди мендай фикрлашини кутишим, бошқаларнинг бўйи, гавдаси ҳам айнан меникидака бўлишини ихтиёр этишимдай гапдир. Ҳамма ҳам ҳақиқатга интилади, лекин ёлғиз худо билади, ким ўша ҳақиқатга етишганини. Шу боис ҳам кимнидир ўзгача фикрлагани учун уни таъқиб остига олиш, устидан кулиш яхши эмас. Уларнинг маслаклари ўзларининг ақл-идрокларига яраша шаклланган.
Ёлғонга соддаликдан ишонганлар эмас, ўша ёлғонни аслида қинғирлигини била туриб тарқатган ва шу маънода хатти-ҳаракат қилганлар гуноҳкордирлар, айбдордирлар. Қинғир иш қилишдан зиёд гуноҳ, жиноят йўқ деб ҳисоблайман. Бўҳтон, қинғир иш — бу адоват, қўрқоқлик, манманлик, шуҳратпарастлик маҳсулидир. Ёлғон билан бирон-бир мақсадга эришиб бўлмайди, ёлғоннинг умри қисқа. Хусуматдан мен бирон кимсага нисбатан ёлғон ишлатиб, унинг обрўсига путур етказмоқчи бўлсам, пировард-натижада, барибир, мен ўзим бундан кўпроқ жабрланаман. Чунки эртами-кеч ёлғоннинг ошкор бўлиши муқаррар, ўшанда одамлар мендан нафратланишади, мени пасткаш деб ҳисоблашади, бундан сўнг ўша одамни қоралаш мақсадида тўғри, бор гапларни айтган чоғимда ҳам менга ҳеч ким ишонмайди. Бу шармандаликдир.
Бундан қутулиш учун ҳар хил айёрликларни ишга солиш эса, аҳволни яна ҳам чигаллаштиради, холос. Бунақа пайтларда қўрқмасдан содир этган хатосини, айбини бўйнига олиш ҳамма нарсадан кўра маъқул; ундайларга мурувват кўрсатишади одатда. Қўрққандан бўйин эгмаслик эса фақатгина ишни чигаллаштиради.
Яна бир тоифа одамлар борки, шуҳрат орттириш мақсадида ёлғонни кўп ишлатишади-ю, уларга қулоқ солсанг, улардан зўр қаҳрамон йўқ, ҳамма нарсани дўндиришган, беҳисоб аёллар улар қўлидан ўтган… Бундай мақтанчоқларни билиб олиш қийин эмас. Унақалар устидан доимо кулиб юришади. Чунки ғирт аҳмоқларгина доимо мақтанчоқ, ёлғончи бўлишади.
Киши ҳаётининг содиқ етакчиси фақатгина тўғри сўзликдир. Бу унга обрў-эътибор, ҳурмат келтиради. Энг муҳими, бу нарса ўша кишининг шахсий манфаатларига хизмат қилади биринчи навбатда. Ҳар хил одамларга разм солсанг, менинг ҳақлигимни тушуниб оласан… Хайр.
* * *
Лондон, 1747 йил, 9 октябр.
Азиз ўғлим!
Сенинг ёшингдаги йигитчалар жуда ишонувчан бўлишади. Баъзи пихи қайрилган муғамбирлар, мен дўстингман, деб қўйса бўлди, сизлар лаққа тушиб, уларнинг ширин сўзларига учасизлар, ҳамма нарсани ишониб гапираверасизларки, бу, пировардида, сиздақаларни кўнгилсизликларга элтади, одамни нобуд қилиши ҳам мумкин.
Сен олий даврага кириб боряпсан, сенга дўстман дегувчилардан эҳтиёт бўлгин. Улар билан хушмуомала бўлмоқ керак, лекин ишонавермагин гапларига; улар билан такаллуфли бўлсанг-да, сирингни очмагин. Одамлар бир учрашишдаёқ дўст бўлиб қолаверади, деб ўйламагин. Ҳақиқий дўстлик аста-секин шаклланади, кишилар чин дўст эканликларини исботлашлари керак.
Тўғри, баъзан йигитлар тез тил топишиб, буни дўстлик деб юритишади. Бунақа ришталар жуда оташин бўлиши мумкин, аммо, одатда, кўпга чўзилмайди. Бу хил дўстлик кўнгилочар жойлардан, маишатхоналардан бошланади одатда. Унақа дўстларни бирлаштириб турган нарса — ахлоқсизлик, ичкиликбозлик ва ҳоказодир ва у аслида ахлоқ-одобга қарши уюштирилган фитнадир ва бунинг учун жазоламоқ ўринли бўлади. Бунақа алоқаларни дўстлик деб атагувчилар бир-бирларига бемаъни мақсадларга қарз беришади, “дўстлар”ининг тарафини олиб, уруш-жанжалларга аралашишади. Бундай алоқалар маълум муддатгина, бирон-бир улар учун кўнгилсиз ҳол рўй бергунча давом этади. Ундан сўнг эса бир-бирларини излашмайди ҳам, боз устига, дуч келган жойда бир-бирларини сотишади, мазах қилиб юришади. Шунинг учун, жигарбандим, қулоғингда бўлсин, тасодифий ўртоқ билан ҳақиқий дўст ўртасида жуда катта фарқ бор. Бир қараганда хушрўй, хизматга тайёр ҳамтовоқ, аслида айёр, олчоқ, хавфли душман бўлиб чиқиши мумкин.
Одамлар дўстларингга қараб сенга баҳо беришади. Испанларда мақол бор: “Дўстинг кимлигини айтсанг, мен сенинг кимлигингни айтиб бераман”. Кимда-ким бирор муттаҳам, фирибгар ёки бирорта лақма билан яқинлашса, четдан кузатганлар албатта: буларнинг нияти бузуққа ўхшайди, деб ўйлашади ёки устларидан кулиб юришади. Сен даргумон шахслар билан ҳеч дўстлашиб юрмагин. “Дўст” сўзи бундай алоқаларни ифодаламайди асло. Айни пайтда ўйламай гапириб, уларни ўзингга душман қилиб қўйишдан ҳам эҳтиёт бўлгин. Сен уларнинг қусурларига, беъманиликларига душман бўлишинг мумкин, аммо ўзларини душман қилиб олма ўзингга. Улар билан дўстлик қанчалик хавфли бўлса, душманлик ҳам шу қадар ёмондир. Барча билан сипо бўлгин, ўзингни тийиб юргин, лекин сохта сипо ҳам бўлмагин, бу хунук иш, ўзини тута билмаслик эса ундан ҳам ўтиб тушади. Ўрта йўлни топиш бўлса кўпчиликка насиб этмаган. Кимдир ҳаддан ташқари ичидан пишган, ҳеч кимсага ёрилмайдиган бўлса, бошқалар, аксинча, оғзи бўш бўладилар.
Дўст танлаш — бу давра, жамоат танлаш демакдир. Иложи борича сен ўзингдан юқорилар билан мулоқотда бўлгин. Бу сенинг обрўйингни оширади, ўзингдан пастлар билан шерик бўлсанг, сен ҳам ўшалар даражасига тушган бўласан. Аммо мени тўғри тушунгин. “Юқори”, “паст” деганда мен асло келиб чиқишни, наслни назарда тутаётганим йўқ. Мен бу ерда кишиларнинг жамиятда тутган ўрнини, қозонган ҳақиқий обрў-эътиборини назарда тутмоқдаман.
Яхши жамият икки хил бўлади: биринчиси — олий жамият, киборийлар жамияти деб юритилади ва сарой атрофида уюшган зодагонлардан таркиб топади, кўпинча айшу ишрат билан банд бўлади. Иккинчиси — фан ва маданият соҳаларида катта ютуқларга эришган кишилардан иборат бўлади. Бошқа бир тоифа кишилар ҳам бўладики, уларни тубан жамият деб атайман. Бундай жамият ўта пасткаш бўлади ва мен улардан ҳазар қиламан. Пинжингга кириб олиб, сенинг барча қусурларингни оғиз кўпиртириб мақташга тайёр, чунки сен уларга нафлисан. Баъзилар нуфузли давраларда бўлиб туришлари билан мақтанишгани-мақтанишган, бу фақатгина нодонликдан ва бундайлардан узоқроқ юриш лозим.
Сенда савол туғилиши мумкин, хоҳлаган одам хоҳлаган жамиятга қўшила оладими, деб. Ҳа, қўшила олади, фақат ўша жамоатчилик эътиборини қозонишга интилса ва жентльменча ҳаёт кечиришга моддий имконияти мавжуд бўлса. Ахлоқ-одобли, тарбия кўрган йигит ҳар қандай жамоатга йўл топа олади. Унинг илми бу ишда йўлбошчи бўлади, яхши одоби эса барча давраларда уни ардоқли, азиз меҳмон этади. Авваллари ҳам таъкидлагандим сенга, хушмуомалалик, одоблилик барча бошқа ижобий фазилатларнинг безаги деб. Бусиз илминг ҳам, иқтидоринг ҳам, бойлигинг ҳам кўзга ташланмайди. Хайр.
* * *
Лондон, 1747 йил, 16 октябр.
Менинг фарзандим!
Инсон одамларга қандай манзур бўлиш йўлини билмоғи зарур, аммо бу кишидан катта санъат талаб қиладики, бу санъатни аниқ қоидалар билан ифодалаб бериш қийин. Балки ақл-идрок ва кузатувчанлик сен учун менинг барча ўгитларимдан фойдалироқ бўлар бу соҳада.
Бошқалар сенга қандай муносабатда бўлишларини истасанг, аввал ўзинг уларга нисбатан мулозаматда бўлгин. Бошқаларда нима фазилат сен учун хуш кўринса, билгинки, улар ҳам сенда худди шу хислатлар бўлишини хоҳлашлари мумкин. Бошқалар раъйингга қараб иш тутишса, истак-хоҳишларингни сезгирлик билан бажо келтиришса ёқадими? Бошқаларга ҳам шундай.
Қанақа даврага кирсанг, ажралиб турмаслик учун ўшанга мослашишга ҳаракат қилмоқ лозим. Ортиқча жиддий қилиб ҳам кўрсатмагин ўзингни. Узундан-узун гапларинг билан атрофингдагиларни зериктирмагин, бундан ёмони йўқ давраларда. Мавриди бўлса, қисқа, қизиқарли бирор нарса айтиб берган маъқул.
Ўзинг тўғрингда ортиқча гаплар, хасратлар билан бошқалар вақтини олмагин, сен учун ўша гаплар ўта муҳим бўлиши мумкин, бошқалар учун эмас. Умуман, шахсий масалаларинг ҳақида қанча кам гапирсанг, шунча яхши. Ўзингни ҳар томонлама муносиб деб билсанг-да, бошқаларга буни кўз-кўз қилавермаслик маъқул. Ҳақиқий яхши фазилатлар соҳиби бўлсанг, буни бошқалар сенсиз ҳам билиб олишади ва шу йўл билан эътибор қозониш ўзинг учун ҳам афзалроқ. Гарчанд ҳақлигингга тўла ишонсанг ҳам, ҳеч қачон чираниб, ҳаммага эшиттириб маъқуллайверма ўзингникини, яхшиси, камтарона, секингина билдириб қўйгин фикрингни, чунки бу чирангандан маъқулроқ, шунда тезроқ ишонишади одамлар. Борди-ю, ишонтиролмасанг, яхшиси, мавзуни бошқа томонга буриб юборишга ҳаракат қил.
Эътибор берсанг, бирон-бир гуруҳ одамларига мос келадиган, уларни хушнуд этиши мумкин бўлган нарса бошқа ерда умуман тўғри келмаслиги, акс натижа бериши ҳам мумкин. Бир хил латифалар, аския, юмор гаплар бир жойда қизиқарли ва ўринли бўлса, иккинчи жойда умуман қабул этилмаслиги табиий бир ҳол, ҳатто кимларнингдир нафсониятига тегиши, хафа қилиши мумкин.
Баъзан бир хил одамлар: “Мен сизларга ҳозир ажойиб воқеа айтиб бераман”, — деб гап бошлайди. Шунга яраша суҳбатдошларда эътибор кучаяди, лекин “ажойиб воқеа” улар учун аҳамиятсиз бир нарса бўлиб чиқиши мумкин ва ҳикоячи ўзи бундан ноқулай аҳволга тушиб қолиши турган гап.
Агарда сен кимлар биландир дўстлашмоқчи, эътиборларини қозонмоқчи бўлсанг, сен уларнинг таҳсинга лойиқ (шунақаси бўлса) фазилатларини ва характеридаги заиф томонларини билиб олишга урин. Билгач, биринчисига муносиб таҳсин айтгин, иккинчисини мавриди келганда мақтаб қўйгин. Чунки одам кўп соҳаларда муваффақиятли бўлишни орзу қилади, ҳеч бўлмаса бошқалар шундай деб ўйлашини исташади. Уларга ҳақиқий яхши фазилатларини мақташдан, муваффақиятли бўлишни истаган томонларини мақташ ёқимлироқ бўлади, чунки ўша одамлар мазкур соҳаларда ҳарҳолда етарли даражада зўр эмасликларини ўзлари яхши билишади. Масалан, кардинал Ришелье забардаст давлат арбоби бўлган, айни пайтда шоирликка даъвогар ҳам эди ва бу унинг кўнглидаги нозик тори эди. Устамонлар буни билган ҳолда кардинал ўткир сўз шоир деб кўпроқ мақташардики, бундан улар манфаатдор бўлардилар.
Нимани мақташни билиб олиш унча қийин эмас одатда. Ким қайси масалада ўзини юқори ҳисобламоқчи бўлса, ўша мавзуни кўтаргани кўтарган. Мана шундан хулоса чиқариб, сен худди ўша заиф жойини мақтаб қўясан.
Масалан, барча аёлларнинг заиф томони уларнинг чиройидир. Бу борада қанча мақтамагин, уларга кам туюлаверади. Чиройининг мақтовига бутунлай бефарқ бўладиган аёл ҳали дунёга келмаган бўлса керак. Қайси бир аёлнинг юзи келишмаган бўлса, қоматим чиройлилиги бадбашаралигимни сездирмай туради ва шу билан мақтовга муносибман, деб ўйлайди ўзини. Борди-ю, юзи ҳам, қомати ҳам кўримсиз бўлса, аёл кишилар ўнгида ўзини тута билишлик санъати сирти чиройлиликдан афзал деб ўйлайди. Шунинг учун ҳам дунёдаги энг бадбашара аёл ҳам иложи борича чиройли кийинишга ҳаракат қилади…
Аммо, ўғлим, мени тўғри тушунгин, мен сенга, шахсий манфаатларинг йўлида, азбаройи, кишиларнинг қусурларини мақтагин, демоқчи эмасман. Аксинча, ёмонликларини кўра билиш ва одамларни бундан фироғ этишга ҳаракат қилмоқ олижаноб кишиларнинг бурчидир. Мен эркагу аёлларда учраб турадиган, атрофдагиларга безиён у ё бу масалада мағрурланиш одатлари, туйғулари ҳақида гапиряпман. Бирор муносиб эркак ўзини “оқил” деб мақтаб қўйишларини ёқтирса ёки бирор унча гўзал бўлмаган аёл уни “фаришта” деб аташларини хоҳласа, мен уларни ана шундай деб мақтасам, буни нима ёмонлиги, кимга зиёни бор? Уларга эътиборсизлик қилиб, ўзимга душман қилганимдан, озгина мақтаб дўстлашиб олганим яхшимасми? Қани энди сенинг ёшингда менинг шунақа нарсаларга ақлим етган бўлганда эди. Бу ақл мен учун эллик уч йиллик умрга тенг. Сенинг ўрнингда бу тайёр ҳаётий тажриба хулосаларидан унумлироқ фойдаланишга интилган бўлардим. Хайр!
* * *
1748, 2 январ.
Азиз фарзандим!
Лейпцигда вақтни бекорга сарфламай, тўғри тақсимлаб, унумли фойдаланаётганингдан бағоят хурсандман. Бундан биринчи навбатда ўзинг манфаатдор эканлигингни тушунишингга аминман. Вақтни тўғри сарфлай билиш — бу судхўр пулни фойдага беришига баробарки, бир неча йилдан сўнг мўмайгина фойда келтиради.
Жўраларинг хусусида. Уларнинг ўнтасидан саккизтаси айтгулик зўр одамлар бўлмаслиги, яхши одоби, тарбия кўрганлиги билан ажралиб турмасликлари мумкин. Шундай бўлса-да, сен улардан юз ўгиришга шошилмагин. Борди-ю, шундай қилсанг, сен ўзинг одобсиз эканлигингни кўрсатган бўласан. Яхшиси, улардан, суҳбатларидан иложи борича ўзингга фойда излагин, зеро, ҳар қандай одам билан бўлган мулоқот бирон-бир маънода фойдали бўлиши турган гап; ҳеч бўлмаса немисча ўрганишингда қўл келади.
Улар турли вилоятлардан келишган, улардан юртлари ҳақида сўраб билиб олиш имкони бор. Ўзлари зерикарли суҳбатдош бўлишлари мумкин, аммо юртларининг қонунлари, анъаналари, машҳур кишилари ҳақида, албатта, бир нарсаларни биладиларки, улардан буни билиб олмоқ сен учун фойда. Хуллас, бирон-бир инсон бўлмайдики, бутунлай беқусур бўлса, ёки аксинча, бирорта ҳам одам топиб олмайдики, у умуман ҳеч нарсага яроқсиз бўлса. Яхши кимёгар ҳар қандай маҳсулотдан ўзига керакли эссенция ажратиб ололганидек, оқил киши ҳам ким билан мулоқотда бўлмасин, бундан ўзига фойдали томонини топа олади.
Курляндия герцогинясига сени таништиришган экан, сен ҳузурида имкони борича тез-тез бўлиб туришга ҳаракат қилгин. Эшитишимча, у зоти олий юксак даврада тарбия кўрган, истеъдодли эмиш. Аёллар даврасида чуқур ақл-идрок қидириш бефойда бўлса-да, улар билан мулоқотда бўлиб туриш эркак киши учун муомала тарзига сайқал беришдек ишда қўл келади. Инглизларга эса худди шу нарса ҳар доим етишмайди.
Емишларинг аъло даражада бўлмаса-да, уларни ёмон деб ҳам бўлмайди, ҳар қалай қорин тўйғазади. Сенга айтсам, картошка менинг ҳамюртларим бўлмиш ирландияликларнинг асосий таомидир. Ирландияликлар Европадаги энг бақувват одамлар эканлиги эса ҳаммага маълум… Хайр.
* * *
Лондон, 1748 йил, 15 январ.
Азиз фарзандим!
Модомики, сен келажакда ўлпончилик давлат муассасаларида ишлашни хоҳламас экансан, билки юнон тилидан профессор бўлиб, ўзимизнинг университетлардан бирига ишга жойланарсан? Бу ишнинг даромади ёмон эмас, тилни эса сен етарли даражада биласан. Агарда бу ҳам сенга ёқмаса, бошқа нима тавсия этишни ҳам билмайман. Ўзинг ким бўлишни хоҳлайсан, қандай режаларинг бор? Мустақил бир қарорга келиб, тегишли тадорикни кўриш фурсати етди. М-р Харт ёзишича, сенда давлат арбоби бўлиш иштиёқи бор эмиш. Шу рост бўлса, демак, бу борада менинг издошим бўласан ва мен жон деб сен билан ўз тажрибамни ўртоқлашаман.
Давлат арбоби бўлиш учун баъзи, бир қараганда, катта аҳамиятга эга бўлмаган нарсалар зарур одамга. Авваламбор ўз хизмат лавозимига муносиб бўлиш. Бунинг учун эса қадимги ва янги тарихни чуқур ўрганиш лозим ҳамда тилларни билиш керак. Турли мамлакатлардаги давлат қурилиши ва бошқариш усулларига оид маълумотга эга бўлмоқ керак. Қадимий империялар ва янги дунё ривожланиши-ю, инқирози сабабларини яхши ўрганиб чиқмоқ керак. Бошқа давлатларнинг қудрати, бойликлари, савдоси ва бошқа мавжуд имкониятларини билиб олмоқ даркор. Бу гаплар сенга балки жиддий туюлмас, аммо сиёсий арбоб буларни билиши шарт ва сен ушбу масалаларга тўғри ёндошиб, ўқиб ўрганишни кечиктирмай бошлаб юборасан, деган умиддаман.
Сиёсатдонликни амалда юритиш учун киши яна бир қатор фазилатларни ўзида тарбиялашига тўғри келади. Биринчидан, бу ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини тута билиш, ҳис-туйғуларини, эҳтиросини ноўрин намоён қилмаслик. Иккинчидан, чидамли, тоқатли бўлиш. Бу нарса енгил-елпи, арзимас, исботсиз, баъзан ҳатто сурбетларча айтилган гапларни эшита билиш учун зарур. Сурбетликни енгиш учун яна андиша ва хушмуомалалик керак бўлади. Ҳеч кимни оғринтирмасдан иш тутишга уриниш керак. Уддабурон, эпчил, ҳаммабоп, вазиятни яхши ҳис этадиган бўлмоқ керак. Мўлтони бўлмаган ҳолда сир бой бермаслик санъатини ҳам ўзлаштирмоқ зарур. Ўткир зеҳнли, зийрак бўлиш талаб қилинади. Вазминлик эса алоҳида аҳамиятга эга. Ўзингни шундай тутгинки, сиртингдан ҳеч ким ичингдагини билиб олмасин. Самимий, очиқкўнгил кўринишга ҳаракат қилиш, айни пайтда ўйлаганларингни яшира билмоқ зарур. Мана шунақа икир-чикирларни бўлажак сиёсат арбоби ўзида тарбияламоғи лозим… Хайр.
* * *
Бат, 1748, 16 феврал.
Азиз ўғлим!
Мен бу ерга кеча етиб келиб, жойлашдим. Кейинги пайтларда саломатлигимга эътибор бермагандим, энди бироз даволаниб олмасам бўлмайди, бу ернинг сувлари шифобахш. Бир ойдан сўнг эса Лондонга қайтаман, янги уйимда фароғатни давом эттираман. У гўшада менинг ҳордиғимни чиқарадиган нарса асосан кутубхонам (Честерфилднинг кутубхонаси ўша давр Англиядаги энг бой кутубхоналардан бўлган — таржимон). Биласанми, мен эндигина ҳаёт гаштини суриш имкониятига сендайлигимда кўп меҳнат қилганлигим эвазига эришдим. Агарда ундан ҳам маънилироқ ҳаёт кечирганимда ўша пайтлар, кўпроқ фойдали уруғ сепганимда эди ҳаётга, ҳозирга келиб бундан ҳам тотли ҳаётга эришган бўлишим мумкин эди. Менинг ниятим, сен сочган уруғлар бехато бўлиб, улғайганингда мўл ва ширин ҳосил келтирса…
Ёшлик давримни эсларканман, мен фақат бир нарсадан афсусланаман. У ҳам бўлса — беҳуда, фойдали иш билан шуғулланмай ўтказган дамларим ҳақида. Сен ғўрлик қилиб менинг хатоларимни такрорламагин дейман. Беҳуда йўқотилган дақиқаларни бир жойга тўплаб қўйсагина, бу нақадар катта талафот эканлиги сезилади. Киши ҳар бир дақиқадан унумли фойдалана олса — бу унинг бойлиги, чунки вақти келиб ушбу тежалган онлар ёшлик сурурларидан роҳату фароғат бўлиб қайтади. Сен ўйламагин яна, дадам эртадан-кечгача бошингни ишдан кўтармагин, деб маслаҳат беряпти, деб. Йўқ, албатта. Дам олиш, ҳордиқ чиқариш ҳам ўз ўрнида керак, зарур. Лекин биласанми, дам олиш, улфатчилик қилишдан ҳам оқилона фойдаланиш мумкин. Бунақа пайтларда кишилар — бошқа вазиятда эҳтиёткор бўлганлари ҳам кўпинча юракларини очиб-сочиб гаплашадилар. Бу эса киши характерини ўрганишга қулай пайт. Баъзи одамлар бўлса ишга қандай лоқайд бўлсалар, дам олишни ҳам шунчалик билмайдилар, ҳаёт қувончлари қадрига етмайдилар.
Нима билан шуғулланмагин, пухта қилиш керак, шунчаки номига, юзаки шуғулланмагин. Ниҳоясига етмаган иш — бу умуман қўл урилмаган иш деса ҳам бўлаверади. Бирор нарсани моҳиятига ярим етиш — бу умуман ҳеч нарса билмаган билан баробар, ҳатто ундан ҳам ёмондир, чунки кишини чалғитади, боши берк кўчага киритиб қўяди.
Хуллас, жамиятда бирон-бир бурчак ёки бирон одам йўқки — у умуман бефойда бўлса, фақатгина, ўша фойдали даврани, жойни қидириб топишга истак-хоҳиш керак. Ҳар бир одам ҳеч бўлмаганда бирорта нарсани билади ва билганини кимгадир гапириб бериш имконияти туғилганидан, одатда, хурсанд бўлади. Фақатгина сен ўша одамни ўзингга ром эта олишинг керак. Шундай мурожаат қилгинки, бу айни пайтнинг ўзида ҳам савол, ҳам узр сўраш бўлсин. Масалан: “Мен фалон нарса юзасидан сиздан маслаҳат сўрамоқчи эдим-у, ҳижолат қилиб турибман-да. Бошқа одам сизчалик тушунтириб беролмайди менга буни”, — ва шунга ўхшаш тарзда.
Ҳозир сен лютеран аҳли орасида яшаяпсан. Иложи борича уларнинг ибодатхоналарида бўлгин: ибодат қоидаларини, расм-русумларини кузатгин, улар маъносига тушуниб етишга ҳаракат қил, ҳадемай немис тилини ҳам ўрганиб олиб, уларнинг ваъзхонликларини ҳам тушунадиган бўлиб қоласан, улар мағзини чақишга ҳаракат қилгин. Бундан ташқари уларда черков қандай ва ким томонидан бошқарилиши билан қизиққин. Черковнинг даромади, нима ҳисобига яшашини ҳам билиб қўйсанг яхши — давлат ҳисобигами ё хайриягами? Католик мамлакатларига борганда ҳам шундай қизиқиб туриш керак. Роҳиблар жамоаси тарихи, уларнинг қонун-қоидалари, одатларини кузатгин. Аммо битта нарсани асло ёдингдан чиқарма: ҳар хил дин, мазҳабларнинг турли, ғаройиб одатлари, ақидалари устидан ҳеч кула кўрмагин, ҳатто улар сенга ғирт бемаъни, келишмаган кўринса ҳам, гумроҳлик туюлса ҳам. Чунки ўша инсон диний ақидаларга чин дилдан ишониши, талпиниши мумкинки, бунинг устидан кулиш одобдан эмас. Зеро, одамлар қандай тоат-ибодат тарзини ихтиёр этмасинлар — битта худога сиғинишади, барчамизни, бутун мавжудотни яратган тангри ягона. Ҳар бир мазҳаб ўзини ҳақ деб билади, тўғри йўлдан бораяпман деб ўйлайди. Лекин мен бирор-бир шахсни билмайманки, у бу борада ҳақ-ноҳақни аниқ ажратиб бера олса.
Қаерда бўлмагин, давлатнинг даромади, армияси, ҳунармандчиликлари, савдоси, полицияси ҳақида суриштириб юргин. Агарда сен битта қалин дафтар юритиб, унга аллақаёқдаги тасодифий учраган аҳмоқлардан дастхат тўплаш ўрнига юқоридаги маълумотларни пухта ёзиб юрсанг, сўзсиз, фойдаси кўпроқ бўлади.
Яна бир муҳим маслаҳатим: борган мамлакатларингда ҳарбий ишлар, суд жараёни қандай амалга оширилиши билан жиддий қизиқиб, тегишли маълумотларни тўплаб боргин. Судлар одатда очиқ бўлгани учун бу ишни амалга оширишингга монеълик йўқ ҳеч қаерда.
Хуллас, мен сени комил инсон сифатида кўришни орзу қиламан. Лекин бунга етишиш осон эмаслигини тушунган ҳолда, ҳеч бўлмаса баркамолликка яқинлашишингни истайман. Хайр.
* * *
Ўғлим!
Ҳар қандай яхши фазилат, эзгулик бир пайт келиб қусурга, ёмонликка айланиши мумкин, меъёридан ошиб кетса: саховат — исрофгарчиликка, тежамкорлик — хасисликка, андиша — қўрқоқликка. Шу сабаб барча эзгу ниятларимизни, яхши ишларимизни ақл билан амалга оширмасак, акс натижа бериши турган гап. Ёмонлик бир кўргандаёқ кишининг нафратини уйғотади, аммо гап шундаки, даставвал у кўпинча чиройли ниқоб остида, яхши бўлиб кўринади бизга. Яхшилик бўлгач, ҳаммамизни ўзига ром этади, ортидан эргашамиз, у ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди, ҳар қанча бўлса ҳам ўрни бор, деб ўйлаймиз, “тўймаймиз” унга. Худди мана шу ерда бизга мулоҳазалилик, бамаънилик керак бўлади, яхши ниятларни тўғри йўлга солиб юбориш учун.
Оддий мисол: чуқур илмга эга ҳар қандай одамда ҳам соғлом ақл бўлмаса, унда, албатта, мутакаббирлик пайдо бўлади, димоғдор, расмиятчи бўлиб қолади. Баъзи кибру ҳавоси ортган олим кишилар ўзгалар фикрини тан олмайдилар, фақат ўзлариникини маъқуллайверадилар. Натижада ўзларининг муросасизликлари, ўзбилармонликлари билан кимнинг ғашига тегсалар, ана ўшалар мутакаббирларга қарши уюшади. Илмли одамнинг шунга яраша камтарлиги ҳам бўлса нур устига аъло нур бўлади. Сен бирон нарса хусусида аниқ фикрга эга бўлсанг ҳам, ўзингни гўёки бир қарорга келмаган, иккиланаётган қилиб кўрсатгин, ўз фикрингни билдиргин-у, лекин уни маҳкам тутиб олмагин.
Баъзилар ўзларининг билимдонликларини кўрсатиш мақсадида қадимий юнон ва лотинчадан келса-келмаса мисоллар келтираверишади, чўнтакларида доимо бирорта эски китоблардан ҳам олиб юришади. Замонавий китобларни, асарларни тан олишмайди. Уларнинг фикрича, охирги бир минг етти юз йил ичида фанда ҳам, адабиёт ва санъатда ҳам арзигулик асар яратилмаган. Сенга маслаҳатим шуки, замондошларга бурун жийирмагин, лекин кўҳна тарихга ҳам кўр-кўрона сиғинмагин, барча намоёндаларга хизматларига яраша баҳо беришга ўргангин. Кўр-кўронасига барча аждодларга сиғинавериш — бемаънилик.
Баъзилар ўзлари тушунмаган ҳолда эски китоблардан парчалар ёдлаб олишади-да, олимликларини кўрсатиш учун бошқаларнинг ғашига тегиб, тўғри келган жойда такрорлайверишади. Қандай даврада бўлсанг, ўша кишилар тилида гаплашишга ҳаракат қил, илмингни бемавруд кўз-кўз қилма. Илм — бу мисоли соат, уни ички чўнтакда сақлаган маъқул. Соатингиз неча бўлди, деб сўрашса, жавоб бермоқ керак, йўқса, ҳозир мана мунча вақт бўлди, деявериб, ҳамманинг ғашига тегмаслик керак.
Хулласи калом, — билиш — яхши нарса, бунга интилмаслик нодонлик бўлади, аммо уни ўрнида ва меъёрида ишлата билмоқ керакки, токи у ёмонликка айланиб, зиён етказмасин яна ўзингга. Энг муҳими: замонни билиш тарихдан ҳам зарурроқ, аммо тарихсиз замонни англаб бўлмайди… Хайр.
* * *
Бат, 1748 йил, 9 март.
Менинг ўғлим!
Балки мен сенга муомала маданияти, лутфикорлик ҳақида ҳаддан ташқари кўп гапираётгандирман. Зеро, бу ҳар бир киши ҳаёти учун жуда муҳимдир. Лутфикорона айтилган сўз билан белутф айтилгани ўртасида катта фарқ ётади. Лутф киши қалбига бехато йўл топа олади, қалб эса ақл ҳукмдоридир. Шу боис киши қалбини ўзингга ром эта билиш кўп аъло фазилатдир. Айниқса, аёл зотида ақл доимо қалб измидадир.
Сен ўзинг ҳам биласан, қўпол, кийинишни билмаган, гапи оғзидан тушиб кетадиган ёки минғирлаб гапирадиганлар ҳеч кимга ёқмайди. Балки бунақалар орасида синчиклаб кўрсанг ақллилар ҳам топилар, қалблари покдир, аммо биринчи таассуротнинг аҳамияти бошқача — у кишини ё ром этади, ё тескари қилиб қўяди. Бундан кимга фойда, кимга зиён — яхши тушунасан.
Лутф, одатда, кўплаб икир-чикирлардан иборат бўлади: ташқи қиёфа, кийиниш санъати, нозик ҳаракатлар, ёқимли овоз, ширинсўзлик, хушрўйлик, очиқчеҳралик, айни пайтда ноўрин кулмаслик ва ҳоказо, ҳаммасини синаб бўлмайди. Энг муҳими — сен эътибор бергин ва ёдингда бўлсин: бошқаларда сенга қандай фазилат ёқса, ўзгалар ҳам сендан шуни излайди, шуни кутади ва аксинча — сенга нимадир ёқмаса, бошқаларга ҳам шундай.
Кулгу тўғрисида гапирдим. Бу ўринда сени огоҳлантириб қўяй: қаҳ-қаҳ уриб кулиш очиқчеҳраликка кирмайди. Одамлар доимо юзингда табассум кўришсин, аммо кулганингни зинҳор-базинҳор эшитишмасин. Кўп ва қаттиқ кулиш — тарбиясизлик белгиси, бемаъниликдир. Ўткир сўзлилик — бу зукколик, заковат белгиси бўлиб, унга фақатгина тасанно айтиб, жилмайиш мумкин, холос. Фақатгина оддий қочириқ сўзлар, беўхшов, қўпол қилиқлар, бемаъни гаплардангина кулгу қисташи мумкин. Мана бир мисол: кимдир меҳмонлар даврасида стулга ўтираман деб йиқилиб тушди. Бунга барча хахолаб кулишадики, бундай кулгуни бутун дунёнинг аскияси ҳам келтириб чиқаролмайди. Онгли, тарбия кўрган киши бўлса ҳеч нарса устидан кулмайди.
Мен кулгуга, кулишга умуман қарши эмасман. Ўзим ҳам кулишни, вақтичоғлик қилишни биламан. Аммо қаҳ-қаҳ уриб кулганимни ҳали ҳеч ким эшитган эмас. Ноўрин кулгу — одамлар наздида аҳмоқлик белгиси. Яна бир мисол, менинг танишларимдан бири, м-р Уоллер, аслида анча ақлли одам бўлса-да, оддий нарсани ҳам кулмасдан, иршаймасдан айтолмайди. Шу боис уни кўпчилик аҳмоқ деб ҳисоблайди.
Баъзилар ўта тортинчоқ бўлишади, жамоатда ўзларини йўқотиб қўйишади, гап топиб гапиришолмайди. Бунақа пайтда улар ўзларини нима биландир машғул қилиб кўрсатишга уринишади: кимдир бурнини кавлайди, бошқаси шляпасини қўлида айлантира бошлайди, яна бири энсасини қашийди ёки бошқа бир қилиқ қилади. Бир-икки қайтарилган қилиқ сезмаган ҳолда одатга айланадики, ўша кишини қиёфасига нуқс бўлади. Шунинг учун бундай қилиқларни кескин йўқотмоқ керак, чунки олий жамоатга кирмоқчи бўлган одам обрўсига ёқимсиз қилиқлар путур етказади. Ёдингда бўлсин: бирор кишига ёқиб қолмоқ — бу сўзсиз ғалаба, муваффақият деявер, ҳеч бўлмаганда ўша томон қўйилган дадил қадам ҳисоблайвер.
Айтиб қўйишим лозим, сен Англиядан жўнаб кетаётганингда ўзингга эътиборни жалб эта оладиган яхши одатларинг йўқ ҳисоби эди. Тўғриси, Англияда ўзи умуман бунақа нарсалар камёб. Умид қиламанки, чет элда кўриб ўрганиб, сен бу камчиликни йўқотасан. Олдингда улкан вазифалар турибди, бирор нарсага эришиш учун эса ёқимли бўлиш жуда-жуда муҳим. Ўзингдан бошқа одам бу масалада сенга ёрдам беролмайди. Агар сенда одамларга ёқиш санъати бўлмаса, на амал, на бойлик олий жамоатда бунинг ўрнини босолмайди.
Энди мени қизиқтирган бир нечта масалаларга доир маълумотларни хабар қилсанг:
Саксония курфюрсти (ҳукмдори — таржимон) давлатга хоинлик қилган фуқароларни ўлим жазосига ўзича маҳкум эта оладими ёки бунақа ишни фақатгина очиқ суд ҳал қиладими? Жиноят қилган фуқарони у ўз ҳукми билан хоҳлаган муддатга судсиз қамоқда олиб туриш ҳуқуқига эгами, йўқми?
Ўз ҳукми билан кимнидир герцоглик ҳудудидан ташқарига чиқариб юбора оладими?
Саксония штатлари рухсатисиз аҳолига ўлпон сола оладими? Штатлар ўзи қандай сайланади? Кимлардан иборат бўлади? Қайси табақалар киради? Дин пешволари қатнашадими унда ё йўқми? Қаерда ва қайси муддатларда чақирилади штатлар?
Агар курфюрстнинг икки фуқароси ўртасида ер-мулк хусусида тортишув чиқса, иш қайси судда кўрилади? (Маҳаллий) суд ҳукми бунақа масалада узил-кесилми ёки империя судига шикоят қилиш мумкинми?
Фуқаровий ҳамда жиноят ишларини кўрувчи олий судлар қандай ном билан аталади?
Герцогликнинг йиллик даромади қанча?
Ҳозирги пайтда курфюрст қанча аскар сақлайди ва умуман, қанча сақлаш имкониятига эга?
Бу саволларга ошиқмай ишонарли, аниқ жавобларни топиб, менга хабар бериб турасан деган умиддаман.
Лейпциг ярмаркасида вақтинг яхши ўтсин. Айни пайтда у ердаги дўконларни дурустроқ кузатгин. Масхарабозлар, акробатлар, дорбозлар ўйинларига ҳам эътибор бергин. Энг муҳими — халқ ҳунармандчилиги билан кўпроқ қизиққин. Хайр.
* * *
Лондон, апрел, 1748 йил.
Азиз ўғлим!
Охирги учта почтада на сендан ва на мистер Хартдан хат бўлмади. Лейпциг билан Лондон ораси анча йироқлигидан, бошқа ҳар хил сабаблар туфайли ҳам хатинг кечикаётган бўлиши мумкин. Аммо бирор нохуш хабар эшитмагач, тинч юргандирсан, балки бирор фойдали иш билан машғулдирсан деган фикр кўнглимга таскин беради. Қолаверса, сен яхши биласанки, мен сенинг тан-сиҳатлигингдан ахлоқинг, ўзингни тута билишинг тўғрисида кўпроқ ўйлайман.
Тушунасан, сенинг ёшингда инсон танаси табиатан ўз-ўзини муҳофаза эта олади, албатта, агар одам палапартиш ҳаёт кечирмаса, дори-дармонларни меъёрдан ортиқ, ноўрин истеъмол қилмаса. Аммо-лекин феъл-атворни тарбиялаш, руҳан чиниқишга сенинг ёшингда алоҳида эътибор зарур. Ҳар чорак соатда сен кечирган ҳаёт тарзи руҳингга ё ижобий, ё салбий таъсир кўрсатиб туради (қандай яшаётганингга қараб). Руҳни доимо машқ қилиб, чиниқтириб туриш зарур, чунки соғломлиги, тетиклиги кўп аҳамият касб этади ҳаётда.
Агарда эътибор берсанг, ўз руҳи устида ишлаганлар билан бу борада ўз-ўзини тарбия билан шуғулланмаганлар орасида қанчалик фарқ ётишини сезасан ва ишонаманки, сен ўз тарбиянг учун на вақт, на кучни аямайдиган бўлиб қоласан. Бирор-бир аравакашнинг жисмоний ривожланиши на Милтон, на Лок ва на Ньютонникидан ўзгача эмас, аммо ақлий жиҳатдан эса алломалар билан аравакаш ўртасидаги, аравакаш билан унинг отлари ўртасидаги фарқдан беқиёс зиёда. Тўғри, баъзан табиат бизга шундай даҳоларни инъом этадики, бунақаларни алоҳида тарбиялашга ҳожат йўқдай. Аммо бунга мисоллар жуда-жуда кам. Борди-ю, бундайлар ўзлари учун керакли тарбияни кўрсалар, улардан инсониятга келадиган наф чексиз кўпайган бўлурди.
Масалан, Шекспир тарбия кўрган бўлганда эди, у яратган ва бизнинг қалбимизда эзгулик туйғуларини уйғотаётган тимсоллар улар билан ёнма-ён юрган бемаъни, аҳмоқона қусурлар томонидан камроқ топталган бўлур эди.
Одамни одам сифатида шакллантирувчи омиллар — тарбия ва жамият 15 ёшдан 25 гача таъсир кўрсата олади. Шунинг учун навбатдаги 8-9 йил ҳаётингда қандай муҳим аҳамиятга эгалигини яхши ҳис эта билгин. Кейинги умрингнинг қандай кечиши тўла-тўкис шу йилларга боғлиқ. Очиқчасига айтиш керак, сендан келажакда яхши одам чиқишига ишончим бор, чунки дурустгина таълим олгансан. Айни пайтда бир қараганда аҳамиятсиз кўринган нарсаларга эътиборсиз бўлмаётганмикансан, деган хавотирдаман. Мен яна ўша хушмуомалалик, такаллуф, хуллас, кишини ром этувчи фазилатлар ҳақида гапиряпман. Масалан, менга ёзишларича, сен тез ва шошилиб-шошилиб гапирармишсан. Билсанг, бу атрофдагиларга ёқмайди. Мен буни авваллари ҳам сенга минг марталаб тушунтиришга ҳаракат қилгандим. Яна такрорлайман, илтимос, ўз нутқингга бефарқ бўлмагин, уни тузатгин. Кимки дона-дона гапириб, аниқ-равшан фикр билдиролса, доимо ўз мақсадига эриша олади. Мен ҳаётимда кўплаб мазмунли, аммо гапирувчи нутқида нуқсон борлиги сабаб эътиборсиз қолиб кетган маърузаларни кўрганман. Ва аксинча, аслида саёз фикрли, лекин ёқимли қилиб ифодалаш эвазига барчани ўзига жалб қилган ваъзларнинг шоҳиди бўлганман… Хайр.
* * *
Лондон. 17 май, 1748 йил.
Азиз ўғлим!
Ўтган кун 16 майда ёзган хатингни олдим ва уни ўқиб бўлибоқ, сэр Чарлз Вильямсга сенга кўрсатган илтифоти учун миннатдорчилик номасини йўлладим. Демак, сенинг саройга биринчи ташрифинг силлиқ ўтган, олий ҳазрат Польша қироли сенга эътибор берибди. Сен, албатта, унинг мақтовидан керилиб кетмайсан — ҳақиқий сарой кишиси шундай бўлмоғи лозим. Билгинки, мақтовдан, юксак илтифотдан фақатгина нодонларгина эсанкираб қолишади, кўзлари ҳеч нарсани кўрмай қолади. Улар билан қирол ёки буюк киши гаплашиб қолгудек бўлса, ақлдан озгудек ўзларини йўқотиб қўйишади, нима жавоб қилишни, ўзларини қандай тутишни билмай қолишади.
Мен нуфузли университетларда таълим олган, лекин олий даврада ҳаяжонланиб, каловланиб қолган талайгина инглизларни кўрганман. Қиролга таништириш маросимида қандай туришни билмай қоладилар.
Тарбия кўрган зотлар эса улуғворлар ҳузурида ўзларини қандай тутишни, қай йўсинда уларга эҳтиром айлашни яхши билишади, айни пайтда, худди ўз тенги билан гаплашгандек суҳбатлашади улар билан. Ўзидан пастлар билан ҳам доимо самимий тутишади ўзларини, кибор сезилмайди. Олийзот хонимлар билан ҳам эркин, ҳазил-мутойибани меъёрида ишлатиб, айни пайтда ҳурматларини жойига қўйиб суҳбат қурадилар. Таниш-нотанишлигидан қатъи назар, бундай кишилар ўз тенглари даврасида барчани қизиқтирган мавзуларда суҳбатлашиб, фикр алмашишлари мумкин. Лекин ҳеч қачон енгил-елпи, олди-қочди гапларни гапиришмайди, ҳеч кимнинг жиғига тегмасликка уринишади.
Дарвоқе, сэр Чарлз Уильямс сенга совға қилган чой ичиш анжомларини (чайный сервис) онангга тортиқ қилиб, Дювальдан бериб юборсанг яхши бўларди. Сен онангни ҳурмат қилиш билан бирга, унинг сенга нисбатан меҳрибончиликлари олдида ҳамиша қарздор эканлигингни унутмаслигинг керак ва ҳар бир қулай вазиятда ўз миннатдорчилигингни билдириб, эъзозлашинг даркор. Хайр, худо ёр бўлсин сенга!
* * *
Лондон, 26 июл, 1748 йил.
Азиз ўғлим!
Икки тоифа одамлар бўлади дунёда: биринчиси ялқов фикр бўлса, иккинчиси ҳавойи, қуруқ фикр. Ҳар иккиси ҳам калтабин ҳисобланади. Сен унисига ҳам, бунисига ҳам мансуб эмассан деган ишонч бор менда. Ялқов фикр бирор муаммо устида бош қотиришни ёқтирмайди, йўлида озгина қийинчиликка дуч келса бас (ҳаётдан арзигулик бирор нарса кутсанг, кўплаб қийинчилик, тўсиқларни босиб ўтишга тўғри келиши табиий ҳол), у чекина бошлайди, оз билан кифояланишга кўникиб қолган. Ундайлар учун кўп нарсалар ечиб бўлмас муаммолардек туюлади. Ўзларининг калтафаҳмликларини, ялқовликларини шу билан оқламоқчи бўлишади. Ҳеч бир нарсани, масалани атрофлича ўрганмайдилар, чунки ярим соатгина бўлса ҳам бош қотириб, муаммонинг моҳиятига етиш учун уларда сабот етишмайди. Натижада худди шу масалани ўз вақтида тубига тушуниб етишга улгурган кишилар билан суҳбатлашишга тўғри келса, анқайиб тураверишади.
Шундай фан ва санъатлар борки, ҳамма ҳам уларни чуқур билиши шарт эмас. Масалан, фортификация (ҳарбий муҳандислик — таржимон) ва денгизчилик. Булар ҳақида, масалан, сен учун умумий тушунчага эга бўлиш кифоя, махсус ўқиш шарт эмас, ўша соҳани билганлар билан суҳбатлашсанг бас, унча-мунча нарсани зеҳнли одам билиб олади. Аммо ҳар бир жентльмен учун, унинг касб-коридан қатъи назар, билиши шарт бўлган соҳалар мавжуд. Булар: тиллар, тарих, география, фалсафа, мантиқ, нутқ санъати. Сенга эса, айниқса, барча Европа давлатларининг конституцияси, ҳарбий ва фуқаровий тизимларини билиш зарур. Тўғри, бунча билимларни ўзлаштириш осон иш эмас, аммо меҳнатсевар, чидамли, саботли киши ҳар қандай қийинчиликларни енга олади ва эвазига эса ҳаёт албатта тақдирлайди уни.
Калтабин одам эса доимо нима биландир банд кўринади. Лекин бефойда нарсалар билан шуғулланади одатда, жиддий нарсалар ўрнига ақл-ҳушни майда-чуйда нарсаларга сарфлайди. Масалан, капалаклар, чиғаноқлар, ҳар хил ҳашаротлар билан қизиқишади. Атрофдаги одамларнинг характеридан кўра, кийинишларига кўпроқ эътибор беришади. Театрда ҳам уларни пьеса мазмунидан кўра кўпроқ саҳна безаклари қизиқтиради, саройда эса сиёсат эмас, қабул маросимлари қандай ўтаётганлигига эътибор беришади. Вақтни бунақа нарсаларга сарфлаш — умрни беҳуда кетказиш дегани.
Ўғлим, сенинг ихтиёрингда яна кўпи билан уч йил бор. Бундан кейинги ҳаётинг мазмунини мана шу уч йил белгилайди. Шунинг учун ўйлаб кўргин: қандай ўтказасан шу уч йилни? Дангасалик қилиб, биринчи навбатда ҳузурингни кўзлаб бекорга умрингни ўтказиб юраверасанми ёки ҳар бир дақиқани ғанимат кўриб, билмаганларингни ўз вақтида билиб олишга ва шу йўл билан обрў-эътибор қозонишга ошиқасанми? Ишонаманки, сен буни мустақил, тўғри ҳал қила оласан. Фойдали китобларни мутолаа қилавергин. Сени қизиқтирган нарсаларни ҳеч қачон охиригача билмай қўймагин, билмагунча китоб кўриш доимо одат бўлсин. Давраларда суҳбатлашганда ҳам бефойда мавзуларга вақт сарфламагин, масалан, об-ҳаво, кийиниш ҳақида. Яхшиси, айтайлик, Тевтон, Мальта рицарлик орденлари (диний жамоа, ташкилот — таржимон) ҳақида сўз юритиб билмаганларингни билиб олганинг маъқул. Қироллар, буюк кишилар тўғрисида суҳбат қуриш алоҳида аҳамиятга эга. Чунки улар ҳақида тўғри гапни билиб олишнинг бирдан-бир йўли шу, зеро, улар ҳаёт экан, ҳеч бир қаламкаш бу борада ҳақиқатни ёзмайди. Айни пайтда эътибор бергин, суҳбатдошларинг буюклар тўғрисида бутунлай қарама-қарши фикрларни билдиришаётганининг шоҳиди бўласан — бу суҳбатдошинг кайфиятига, дунёқарашига кўпинча боғлиқ бўлади.
Билмаганингни сўраб билиб олишдан ҳеч тортинмагин, аммо одоб доирасидан ҳам чиқмагин. Масалан, савол беришдан аввал, доимо кечирим сўраш зарур. Хайр.
* * *
Лондон, 5 сентябр, 1748.
Азиз ўғлим!
Мистер Гривенкопга немисча ёзган номангни олдим. Мистер Гривенкоп, немисча аъло ёзилган, дейди. Агар бу тил билан яқиндан шуғуллана бошлаганингни эътиборга олсак, бу қувончли ҳол. Аммо шу билан кифояланиб қолмай, бу тил бўйича малакангни янада оширишга интилаверишинг керак. Кимки қайси бир тилда эркин сўзлашмас экан, у ўзининг кимлигини, нималарга қодир эканлигини кўрсата олмайди. Чунки фикрини тўғри, тўла ифодалаб беришга ожизлик қилади. Шу боис сен немисча малаканг ривожи мақсадида мистер Гривенкопга ҳеч бўлмаса икки ҳафтада биттадан хат ёзиб тургин. Германиядан Туринга кўчиб ўтгач эса, менга ҳам немисча ёзавергин. Ҳозирча Германиядалигингда эса ҳар бир немисча гапириш имкониятидан унумли фойдаланишинг керак — бу чет тилини яхши ўзлаштириб, хотирада мустаҳкамлаб олишнинг бирдан-бир йўли.
Немис тили муаллимингга айтгин, сенга немисча муомала сўзи ва ибораларини, кимга қандай мурожаат қилиш қоидаларини яхши ўргатиб қўйсин. Германияда бунга, айниқса, кўп эътибор беришади. Ҳатто нома конвертида йигирматадан бирорта унвон тасодифан тушиб қолгудек бўлса, хатни очмасдан қайтариб юборилган ҳоллари кўп бўлган.
Яқинда сен Саксониядан Берлинга жўнаб кетасан. Ишонаманки, унга қадар сен бу ўлка ҳақидаги барча керакли маълумотларни олиб улгурасан. Мен бу ўринда нечта шаҳар, нечта ибодатхона борлигини назарда тутаётганим йўқ: энг муҳими — давлат тузилиши, ҳарбий ишлар, даромадлар, ҳунармандчилик ҳақида чуқур тасаввурга эга бўлиш. Буларни сўраб-суриштириб ёзиб олмоқ зарур.
Берлин — ўзига хос жой. У ерда сен энг катта олий жамоатга дуч келасан. Унда дастлабки қадамингдан бошлабоқ узоқни кўзлаб иш тутгин, зийрак, ҳушёр, тавозели бўлишга ҳаракат қилгин доимо. Жамоатга ёқимли бўлиш — уни ўзинг учун ёқимли қилиш демакдир. Ақл ва билим энг керакли тушунчалар бўлса-да, мулозаматсиз бўлсанг, билгин, сен ҳеч кимга ёқмайсан. Мулозамат қоидаларини ўзлаштириш учун эса тез-тез олий давраларда бўлиш билан бирга у ердаги муомала маданиятига эътибор бериб, одоб қоидаларини ўрганиб бормоқ зарур.
Мулозаматни билиш билан ҳам чекланмаслик керак, албатта. Сен ҳар бир кишининг характерига, ички дунёсига кириб боргин. Инсон характери мураккаб, кўплаб унсурлардан ташкил топади. Буларни ўрганиб, тубига етиш учун озмунча вақт ва меҳнат керакмас. Барча инсонларда умумийлик мавжуд бўлса-да, хусусан — онг, ирода, севги туйғуси ва ҳоказо, аммо шу унсурлар ҳар хил одамда рангоранг кўринишларда, мураккаб комбинацияларда намоён бўладики, ана шу нарса характерлар оламини ташкил этади, бир инсоннинг иккинчисидан фарқини белгилайди. Фақатгина онг воситасида киши дунёсини идрок этиш қийин, бунинг учун инсон қалбини тушуна билиш керак, бўлмаса жамоатда муваффақиятсизлик кутади сени. Расмий шахсларга, айниқса, қиролга уларнинг яқин кишиларини, арзандаларини четлаб ўтиб, бевосита бирон-бир масала билан мурожаат қилсанг ҳам худди шундай бўлади.
Мен сенга, албатта, иккита китобни ўқиб чиқишингни маслаҳат бераман. Биринчиси — жаноб де Ларошфуконинг “Ахлоқ ҳақида ўйлар”, иккинчиси — Лабрюйернинг “Характерлар” асаридир. Аммо ёдингда бўлсин, бу сен учун йўл кўрсатувчи харита эмас, ҳаёт сўқмоқларидаги барча ўнқир-чўнқирларни, кутилмаган катта-кичик бурилишларни бундан тополмайсан. Бунақа пайтларда одамга фақатгина унинг ўзининг кузатувчанлиги, ҳушёрлигидан бошқа нарса ёрдам беролмайди.
Ларошфуконинг фикрича, инсон фаолияти, хатти-харакатини белгиловчи нарса худбинликдир. Менимча, бу фикри учун Ларошфукони ноҳақ койишмоқда. Унинг гапида жон бор, ҳарқалай бундан ҳеч бир зиён йўқ. Ахир, нимаики қилмайлик, демайлик, бу энг аввал ўз бахтимиз йўлидаги ҳаракат эмасми? Албатта, бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз барчаси оқил бўлмоғи, ўзганинг манфаатларига зид бўлмаслиги, табиат қонунлари билан уйғунлашган бўлмоғи лозим. Фақатгина сохта худбинликни, яъни шахсий манфаатлар йўлида қандай бўлмасин ўз мақсадига эришишга интилишни қоралаш мумкин. Аммо мен ўзим содир этган эзгу ишдан қувончга тўлсам, мағрурлансам, мамнун бўлсам, бунинг учун мени айблаш тўғрими? Йўқ, албатта. Мана, нима дейди бу ҳақда Ларошфуко:
“Одам яқин дўсти бошига тушган кулфатдан ҳам ҳузур олиши мумкин”.
Дарҳақиқат, нега энди бундай бўлиши мумкин эмас? Мен, ахир, дўстим бошига келган қаро кунларда унинг ёнида бўлсам, нега энди унинг оғирини енгил қилганимдан ва шу билан ўз инсоний бурчимни адо этганимдан хурсанд бўлмаслигим керак?! Яхши ният ила қилинган ишни, бунга ундаган сабаб қанақа бўлишидан қатъи назар, олқишламоқ даркор. Ким бўлса ҳам қуйидаги икки мақолдан бирини танласа, ўз ҳаёт йўли учун яхши бўларди: “Ўзини ҳаммадан зиёд севган киши ҳақиқий ҳалол кишидир”, ёки “Ҳалол киши бошқалардан кўра ўзини кўпроқ севади”. Иккисида ҳам аслида ягона маъно ётади.
Лабрюйернинг “Характерлар”и — ушбу кундалик турмуш манзаралари — юксак дид, маҳорат, ёрқин бўёқлар билан ёзилган. Уларни қалбингга жо қилгин. Ўхшашларига ҳаётда дуч келганда (бунақаси ҳар қадамда бўлади) солиштирсанг, бу тавсиялар сени яна ҳам ҳайратга солади; асли билан қиёслаганинг сари гўзаллик ва иллатларнинг фарқига тушуна борасан.
Жамиятда аёллар кўпчиликни ташкил этади. Бас, шундай экан, уларнинг фикри кўпинча киши обрўси, мавқеини белгилаб беради. Шунинг учун ҳам мен сени аёл табиатининг баъзи сирларидан огоҳ қилмоқчиман. Аммо сен зинҳор-базинҳор бундан хабардор эканлигингни аёлларга сездирмаслигинг керак.
Аёллар — мисоли ёш бола бўлишади, фақат бўйчанроқ. Уларнинг тиллари бурро, ҳатто зукко ҳам бўлишади. Аммо жиддий фикр юритиб, мулоҳаза қилиш масаласига келсак, мен умримда бирорта аёлни учратмаганманки, у ҳеч бўлмаса йигирма тўрт соатгина бир фикрда муқим тура олса. Арзимаган ноҳақлик баҳона бўлиб ёки инжиқлик натижасида фикрларини ўзгартириб юборишлари мумкин. Бирортасига ҳуснсиз эканлигини сездириб қўйсанг ёхуд ҳуснига эътиборсиз бўлсанг, унга кўп ёш берсанг ёки аслида у бефаросат бўлса-да, оқила деб мақтаб қўймасанг, ҳамма нарса барбод бўлди, деявер.
Ақлли эркак аёл билан ҳеч қачон очиқчасига гаплашмайди, гўё ҳақиқатан ҳам рўпарасида инжиқ бола тургандек, унинг кўнглини кўтаришга, овунтиришга, алдашга ҳаракат қилади; бунинг учун ширин сўзларни излаб топади, мутойиба қилади ва ҳоказо, лекин ҳеч қачон аёл билан жиддий мавзуларда маслаҳатлашмайди, унга сир бой бермайди, гарчанд ўзини худди шундай қилаётгандек кўрсатса ҳам. Аёл у билан маслаҳатлашаётганларидан мағрурланади. Улар ҳамма нарсага бурунларини тиқаверишни ёқтиришади-да, бундан эса фақат зарар келади. Эркаклар уларга нисбатан жиддий муносабатда бўлмасликларини тушуна туриб, ўзлари билан “тенг” муомалада бўлган, яна маслаҳатлашган эркак кишига эътиқод қўйишади. Ақлли эркаклар эса аслида номигагина аёлларга ишонган, улар билан маслаҳатлашган қилиб кўрсатишади ўзларини.
Аёллар учун хушомад ҳеч қачон кўплик қилмайди, яхши-ёмони ҳам бўлмайди. Очиқдан-очиқ тилёғламалик ҳам ёқаверади. Уларни оқилаликларидан тортиб елпиғичларининг бежиримлилигигача мақтайверишинг мумкин. Бундан улар роҳатланишади, бағоят мамнун бўлишади. Ҳақиқий гўзал аёлларни ҳам, хунукларини ҳам чиройли ва оқилалигига, тароватлилигига ишора қилиб мақтаб қўйиш керак. Чунки гўзаллар чиройини ҳар қанча мақтасанг ҳам оз уларга ва ҳар қандай бадбашара аёл ҳам ўзини ёқимтой ҳисоблайди. Аммо улар ҳуснларию доноликлари таҳсинини ҳаммавақт ҳам эшитишга сазовор бўлишавермайди. Шу боис хушомад қилганлардан доимо миннатдордирлар.
Ҳақиқий чиройли аёл ўз баҳосини билади ва унинг учун бу оддий бир нарса бўлиб, ундан қониқмайди: у гўзаллиги билан бирга оқилалигини тан олишларини истайди. Бадбашара аёл ҳам ўзининг хунуклигини яхши ҳис этади ва унинг учун фақатгина ақл борасида эътибор қозонишгина мумкинлигини яхши билади. Худди мана шу нарса эркак чертиши лозим бўлган қалб торидир.
Аммо бу сирларни билишингни аёлларнинг ўзига сездирмаслигинг керак. Бўлмаса Орфейнинг қисмати сени бошингга тушади (афсонавий қўшиқчи Орфей маъшуқаси Евредика вафотидан сўнг аёллардан четланиб юргани сабаб, ишратпараст аёллар томонидан ўлдирилган — таржимон).
Барча подшолар саройида эрларга аёллар таъсири сезиларли: ё бор қилишади, обрўйини кўтариб, ё йўқ қилишади, беобрў этиб. Шундай экан, сен улар билан доимо тавозе ила муомала қилгин, дафъатан камситмасликка, ғурурига тегадиган гап қилмасликка ҳаракат қилгин, аксинча, улар ҳеч қачон буни кечирмайдилар. Афсуски, бу хусусда аёллар ягона эмаслар, эркаклар ҳам улардан қолишмайди.
Одамзотнинг барчаси бирдай очкўз, хушомадга муккасидан кетган, ўзига бино қўйган бўлавермайди. Аммо деярли ҳаммада ўзига яраша ғурур бор, нафсоният бор. Бирор кишини менсимаслигингни, ёмон кўришингни сездиргудек бўлсанг, унда сенга нисбатан нафрат уйғонади (гарчанд ёмон кўришга сенда етарли асос бўлса-да). Уни ўзингга душман қилмаслик учун сен нафратни яширишингга тўғри келади. Бирор кишини фирибгар, қаллоблигини фош этгандек, беақл, аҳмоқлигига, тарбиясизлигига ёки шунчаки қовушмаганлигига ишора қилиб мазах қилгудек бўлсанг, у сени умрбод ёмон кўриб қолиши ва сенга ашаддий душманга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун кўпчилик йигитчаларга ўхшаб бировнинг нуқсонлари устидан мазахлаб куладиган бўлмагин. Бунинг оқибатида нафақат кулгу сабабчиси сенга қасд қилиб қолиши, балки сен билан бирга кулишганлар ҳам кейинчалик бу иш нотўғри бўлганини тушуниб етиб, сендан юз ўгиришади, сендан бошқа нарса кутиш мумкин эмаслигини сезишади. Қолаверса, бировнинг камчилиги устидан кулиш ахлоқсизлик ҳамдир. Оқкўнгил одам ўзгалар қусури устидан кулишдан кўра, уни яширишга кўпроқ ҳаракат қилади, кўриб кўрмаганликка солади ўзини. Гапга чечан бўлсанг, уни кимнидир дилига озор бериш учун эмас, кўнглини кўтаришга ишлатмоқ афзал. Қуёш бўлсанг, мўътадил иқлимли ўлкаларга бориб нурингни соч, шунда ҳам куйдирмасдан, чунки ўша ерда сен кераксан. Экваторда эса одамлар қуёшдан, ортиғи билан баҳраманд.
Бу фикрлар барчаси менинг олий давраларда кечирган узоқ умрим тажрибасидир. Сен гапларимга эътибор берсанг, тўғри хулоса чиқарсанг, ҳаётинг енгил кечади. Аксинча, барча омадсизликларингда ўзинг сабабчи бўласан.
Мендан м-р Хартга салом деб қўй. Тоби қочганлигини эшитиб, куюндим. Худо шифо берсин. Хайр.
* * *
Лондон, 13 сентябр, 1748.
Азиз ўғлим!
Авваллари мен сенга бир неча бор кардинал Рецнинг “Эсдаликлар”ини (1613-1679; Франциянинг таниқли сиёсий арбоби, чекланмаган монархияга қарши “Фронда” (палахмон деб аталган ижтимоий ҳаракатнинг раҳнамоларидан бири, “Эсдаликлар” “Фронда”нинг тарихига бағишланган — таржимон) ўқиб чиқишни ва бу ажойиб китобдаги сиёсат ҳақидаги фикрларга эътибор беришни тавсия этган эдим. Энди бўлса ушбу асарнинг баъзи парчаларида тўхталиб, сенга бир неча ўгитлар бермоқчиман.
Париждаги тўполонлар пайтида Рецнинг сафдошларидан бўлмиш месье де Бофор, иродасизлигига қарамай анча машҳур одам, кардиналга озмунча нафи тегмади, халқ билан унинг ўртасида воситачилик қилиб. Айни пайтда ўзининг машҳурлигидан мағрур, парижликларни тўплаб олиб, улар олдида ваъзхонлик қилишга ишқибоз эди ва шу билан оломонни бошқараяпман, деб ўйларди. Кардинал бўлса анча ақли теран киши бўлиб, аниқ мақсад билан уюштирилмаган бетартиб оломон-йиғинлардан ўзини олиб қочарди. Лекин у ҳаммавақт ҳам месье Бофорни тийиб туролмасди. Бир кун Бофор ҳеч бир эҳтиёжсиз халқни тўплайди, оломон эса туғёнга келади, етакчилар уни тинчитолмайдилар, натижада ташкилотчиларнинг ишларига анча-мунча талафот етади бундан. Бу ҳақда кардинал Рец ёзади: “Оломонни тўплаган одам ўзи унинг туғёнига сабабчи бўлишини месье Бофор тушунмасди”.
Мана шунақа, катта оломон бир жойга тўплангудек бўлса, одамлар одатда ўз-ўзидан бир-бирларини қизитиб, гиж-гижлаб, ҳовлиқтириб, жунбушга келадилар. Бу эса, ўз навбатида бир яхши, бир ёмон, кўпроқ эса ёмон оқибатларга олиб келади.
Одам якка ҳолда аслида мўмин-қобил бўлиши мумкин, аммо оломонга қўшилганда кескин ўзгаради, тез туғёнга келиб, алангаланадиган бўлиб қолади, қўлидан ҳар иш келадиган қора кучга айланиши мумкин. Бундан эса кўпинча оломонбошилар усталик билан фойдаланиб, тўдани ёвуз ишларга ундайдилар. Борди-ю, бунақа пайтларда оломонни ҳеч ким ҳеч нарсага бошламаса, оломон ўзи ҳам топиб олаверади ўша ишни. Шунинг учун ҳам сафсатабозлару қўзғалонбошилар оломон билан ўйнашмасликлари, керак-нокерак жойда тўпланмаганлари яхши. Қолаверса, оломон ҳадеб тўпланаверса, мухолифлар ҳам бунга ўрганиб қолишади ва бора-бора бу йўл билан уларни чўчитиш қийин бўлиб қолади. Оломонни кузатсанг, унинг кучи, шиддати тўпланган сонига қараб, гоҳ ортади, гоҳ сусаяди. Оломон қанча катта бўлса, ундаги одамлар ҳам шу даражада эс-ҳушларини олдириб қўядилар. Ҳатто энг оғир-вазмин кишилар ҳам гўё ақлдан озадилар, барча бирданига телбаланиб қолгандек бўлади.
Кардинал ўз китобида яна бир эътиборли фикрни айтади: “Бизнинг замонамизда, яъни кўз ўнгимизда рўй бераётган ҳодисалар китоблардангина бизга маълум бўлган воқеаларча ҳайратлантирмайди. Ваҳоланки, ҳозир ҳам атрофимизда диққатга сазовор ажойиботлар кам эмас”. Дарҳақиқат, биз Леонид (Спарта подшоси, эрамиздан аввал V аср; 300 та аскар билан Фермопил дарасида форслар билан жанг қилиб, шу жангда ҳалок бўлади — таржимон), Кодр (Аттиканинг сўнгги подшоси; эрамиздан аввалги XI аср. Ҳал қилувчи жанглар олдида мунажжимлар, агар подшо шу жангда ҳалок бўлса, душман Аттикани ололмайди, деб башорат қилишади. Буни эшитган Кодр, ўтинчи кийимида душман қароргоҳига кириб боради, у ерда жанжал чиқаради ва ҳалок бўлади — таржимон), Курций (эмишки, эрамиздан аввал 362 йили Римда ер ёрилиб, даҳшатли тубанлик ҳосил бўлади. Башоратчилар, агарда бу ёриқни Римдаги энг яхши нарсалар билан тўлдирилмаса, шаҳар бутунлай гумдон бўлади, деб қўрқувга солишади халқни. Шунда Курций исмли йигит: “Римда қуролу жасурликдан зиёда нарса йўқдир!” — деб хитоб қилиб, тўла жанг анжомлари билан отга минади ва от-поти билан ёриққа сакрайди. Унинг ортиданоқ жаҳаннам оғзи беркилади — таржимон) қаҳрамонликларидан ҳайратланамиз, аммо душман қўлига тушишдан ўлимни афзал кўриб, кемани портлатиб, команда аъзолари билан ўзи ҳам ҳалок бўлган капитан ҳақидаги ҳикояни оддий бир нарсадек беҳаяжон тинглаймиз… Хайр.
* * *
Лондон, 27 сентябр, 1749 йил.
Азиз ўғлим!
Дунёда бир хил одамлар бўладики, уларни ғализ деб юритишади. Уларга ўхшамасликка уриниш керак. Бундайларнинг гаплари бемаъни, дағал, қилиқлари беўхшов, нўноқ бўлади. Бу тарбия кўрмаганлик ёхуд тубан кимсалар орасида бўлганликларидан дарак беради. Унақалар нуфузли даврага тушиб қолсалар, хунук қилиқлари билан ўзлари ҳам қийналишади, бошқаларнинг ҳам жонига тегишади. Натижада киборийлар уларни рад этишади.
Ғализ киши, одатда, ўта инжиқ, тажанг ва рашкчи, арзимаган нарсадан хафа бўлувчи, ҳар нарсадан ҳадиксирайдиган, ҳамма нарсани ўзига олаверадиган бўлади. Даврада ким нимани гапирмасин, кулишса ҳам, ўзидан ҳадиксирайверади, гўё ҳамма уни мазах қилаётгандек туюлаверади. Жаҳл қилади, қўполлик қила бошлайди, аммо бундан фақат ўзигина ноқулай аҳволга тушади. Одам кўрган шинаванда киши эса ҳеч қачон ўзидан ҳадиксирамайди, бошқалар асоссиз бир киши устидан кулмасликларини яхши тушунади. Борди-ю, тўпланганлар ўзи пасткаш, аҳмоқлар бўлиб, унинг устидан кулиб, мазах қилаётганликларини сезгудек бўлса ҳам бунга эътибор бермайди, ўзини юқори тутади. Албатта, қочириқлар чегарадан чиқиб, киши шахсиятига, нафсониятига тегмаса, майда-чуйда гаплардан эса у ҳеч қачон ўзини йўқотиб, тажанг бўлмайди, пасткашлар билан тенглашиб, ади-бади айтишиб ўтиргандан кўра билмаганга солиб кета қолади ўзини ва тўғри қилади.
Ғализ одам кўпроқ уйидаги нарсалардан гапиради, қўни-қўшниларини ғийбат қилади, улар тўғрисида бўлар-бўлмас мутойибалар тўқийди, гўёки ҳаётда бундан муҳим нарса йўқдай. Бунақа кишиларни хотинчалиш дейишади.
Ғализ одамнинг нутқи ҳам қўпол, қашшоқ бўлади, гарчанд ҳар хил мақол-маталларни, ажнабий ибораларни, бегона фикрларни сўз кўрки деб кўп ишлатса-да, аслида эса булар ўзининг фикри саёзлигидан, нутқи қашшоқлигидандир. Бу жиҳатдан тарбия кўрган одам эса сўзга бой бўлади, фикрини ифодалаш учун бегона унсурларга муҳтожлик сезмайди, бир айтган сўзни бошқа ишлатмайди.
Яна бир маслаҳатим сенга. Сен ҳозир тарихи, санъати, қуроли машҳур мамлакат билан танишаяпсан. Сафарингда барча назаринг тушган нарсани эътибор билан ўргангин, юзаки қараб кетавермагин. Майда-чуйда нарсалар билан, ялтир-юлтир тақинчоқлар, кўнгилҳуши овунчоқлар билан эмас, балки машҳур рассомлар, ҳайкалтарошлар, меъморларнинг бетакрор асарлари билан қизиқиб, улардан тўғри озиқланишга ўргангин. Бой маънавий ҳаёт учун бу кераклироқдир. Афсуски, чет элга чиқувчи ёшларимиз кўпинча бунга беэътибор бўладилар. Хайр.
* * *
Лондон, 24 ноябр, 1749.
Азиз ўғлим!
Ҳар бир ақлли одам ўз олдига шунчаки яшашни эмас, балки тузукроқ ҳаёт кечиришни мақсад қилиб қўяди. У доимо бошқалардан ажралиб туришга, юқорироқ бўлишга интилади. Бўрон пайтида йўлга чиққан Цезарь айтган экан: “Мақсадим — бўрондан эсон-омон чиқиш эмас, кўзлаган манзилга албатта етиб боришдир”. Плиний (ёзувчи) бўлса: “Бирор иш қилсанг — ёзишга арзигудек бўлса, ёзсанг — биров ўқигулик бўлса”, — деган экан. На у ва на бу мезонга жавоб бермайдиганларнинг яшашию ўлимининг фарқи йўқ, чунки ундайларнинг ҳаёти ҳам, ўлими ҳам одатда беэътибор қолади.
Мен сени ўз олдингга аниқ ва жиддий мақсадлар қўйган бўлишингга имоним комил. Аммо биргина мақсад, орзу билан иш битмайди — унга эришиш йўлларини, усулларини ҳам пухта ўйлаш лозим.
Кимки кўзга кўринган киши бўлишни ўз олдига мақсад этиб қўйса, фақатгина билим олиш билан чекланиб бўлмайди. Билимни кўрсата олиш, унга муносиб либос танлаш, жило бериш, яъни бошқаларга ўз фикрини, илмини намойиш қилиш санъатини эгалламоқ муҳим аҳамият касб этади. Ёдингда бўлсин, агарда фикринг қўпол, палапартиш ифодаланган бўлса, унинг мазмуни, мантиғига ҳамма ҳам бирдек тушуниб етавермайди. Сенинг тана тузилишинг қанчалик гўзал бўлмасин, исқирт кийинсанг, сенга ҳеч ким қиё боқмайди, дегандек гап бу. Сен ҳали чет давлатлар билан музокаралар олиб борасан, парламентда маърузалар қиласан, дипломатик ёзишмалар олиб борасан. Борди-ю, услубинг хира бўлса, на унисида ва на бунисида ҳеч қачон муваффақият қозонолмайсан. Бунинг учун эса бехато ёзиш, гапни тўғри туза билишнинг ўзи кифоя, деб ўйласанг, катта хато қиласан.
Бундан икки йил муқаддам парламентда бир нотиқ денгиз кучлари ҳақида гапираркан, ер юзидаги энг кучли флот бизники, деб кулгига сабаб бўлганди. Бошқа биттаси кимнингдир ҳимояси учун сўзларкан: “Бу жентльменни жазо эмас, мукофотга тақдим этмоқ маъқул аслида”, — деганди. Ўзинг ўйлаб кўр, “тақдим” сўзини ҳам ижобий, ҳам салбий маънода ишлатиб бўладими?
Афсуски, Англияда нотиқлик санъатини ёшларга ўргатилмайди, аҳамият берилмайди. Афиналикларда бу нарса яхши йўлга қўйилган. Италияда, Францияда ҳам дуруст эътибор беришади бу масалага. Сен ўзинг билан бирга таниқли инглиз ёзувчиларининг китобларидан олиб кетгандинг. Ўшаларни кўпроқ мутолаа қилавер, услубни ўшалардан ўрган. Цицерон ҳақ гапни айтган экан: “Инсонлар бир-бирларидан ўзиши керак бўлган соҳа — бу инсонни ҳайвондан фарқловчи нарсадир, яъни нутқ”.
Кўп йиллик тажрибамга таяниб, аниқ айтишим мумкинки, соф тил, нафис услуб билимдаги анча-мунча камчиликни сездирмайди… Хайр.
* * *
Лондон, 9 декабр, 1749 й.
Азиз ўғлим!
Кейинги қирқ йил ичида мен бирорта сўзни тўғрими ё нотўғрилигини пухта ўйлайман, бошқаси билан алмаштирса яхшироқ бўлмасмикан, деган иккиланишларсиз айтмадим ҳам, ёзмадим ҳам, десам муболаға бўлмайди…
Парламентда сўзлайдиган бўлсанг, муваффақият қозонишинг нима ҳақида гапираётганингдан тортиб нотиқлик маҳоратингга, сен тополган ёрқин сўзларгаю нафис ибораларга кўпроқ боғлиқ бўлади. Чунки соғлом фикр юрита олиш қобилиятига эга барчанинг миясига деярли бир хил фикр келади. Фақатгина ўша фикр чиройли безалса, тингловчилар олқишига сазовор бўлади, уларни лол қолдириб.
Яхши нотиқ қандай бўлиши керак?
Нотиқ — кони меҳнат маҳсулидир. Ўқимишли, теран фикрли тил бойлигию услубини яхши ўзлаштириб олган киши ўз фикрини ҳар қандай вазиятда тўғри, ишонарли қилиб, нафис иборалар билан ёқимли қилиб тингловчиларга етказа олади ва мана шу нотиқлик маҳорати, санъати деб юритилади. Албатта, парламентда тўрт юз депутат ҳузурида сўзлаш билан кичик бир ўн беш кишилик даврада гапиришнинг фарқи бор. Кичик даврадагилар парламентдан синчковроқ чиқиб қолишлари ва нутқингга жиддий баҳо беришлари мумкин. Катта мажлис нутқинг мазмунидан кўра сўзлаш маҳоратингга кўпроқ эътибор беради.
Цицерон (эрамиздан аввалги 106-43-йиллар; Рим сиёсий арбоби, ёзувчи ва машҳур нотиқ, фасиҳ — таржимон) эътирофича, нотиқликка даъвогар барча санъат ва фанларни эгаллаган бўлиши керак эмиш. Мен эса бунга қўшилмайман. Кимёвий жараёнлар, математик мисоллару тенгламалар ҳеч қачон нотиқликка мавзу бўлмаган. Бу фанлар тўғрисида чуқур тасаввурга эга бўлмаган киши ҳам, фақатгина ўз фикрини тўғри ва чиройли ифодалай олиш қобилиятига эга бўлса бас, нотиқ бўла олади. Хайр.
* * *
Лондон, 12 декабр, 1749 й.
… … …
Нутқ тушунарли бўлиши учун яна баъзи бир нарсалар керак бўлади. Демосфен (эрамиздан аввалги 387-322; афиналик фасиҳ, жамоат арбоби; маълумки, у тутилиб гапирарди — таржимон) ўзида мавжуд бўлган табиий нуқсонни йўқ қилиш учун нималар қилганини эшитгансан. Бундан ташқари, у бўрон пайтида соҳилга бориб, ўз-ўзига нутқ сўзлар, шу йўл билан оломон олдида, унинг шовқин-суронини босгудек нутқ сўзлашни машқ қиларди. Хуллас, нутқингда бирор-бир камчилик, нуқсон бўлса, астойдил ўз устингда ишласанг, ҳаммаси бартараф бўлади… Хайр.
* * *
Лондон, 19 декабр, 1749 й.
Азиз ўғлим!
Модомики сен арбоб бўлмоқчи экансан, инсон табиатини яхши ўрганиб, одамларни бир-биридан фарқлай билишинг керак. Ҳаёт йўлингда сен ҳар хил характерларни учратасан, уларни ўз вақтида синчковлик билан ўрганиб, ўзингга қулай-ноқулай томонларини билиб олишинг керак бўлади. Инсон характери бу бир муайян ва муҳим билимлар йиғиндиси эмаски, уни ёд олволиб, турмушда қўллайвериш мумкин бўлса. Бу билим фақатгина зийраклик билан кузатиш, фаҳм-фаросат эвазига келади. Мен сенга бу хусусда ўгит берай. Авваллари ҳам таъкидлаганимдек, бир қарашда сўзсиз тўғри фикрга асосланиб, одам тўғрисида хулоса чиқариб бўлмайди.
“Одам — бу онгли махлуқ”, — деган фикрга асосланиб, барча хатти-ҳаракатларини у онгли равишда бажаради ёки характеридаги етакчи хислатига мос майлда иш тутади дейиш, нотўғри бўлади. Чунки инсон — ўта мураккаб механизмдир. Гарчанд унда битта, барча қолган қисмларни ҳаракатга келтирувчи пружина мавжуд бўлса-да, қолган кўплаб майда ғилдиракча, мурватчалар ҳам борки, уларнинг ҳаракатидаги ўзгаришлар бутун бир механизм фаолиятини сустлантириб, ҳатто тўхтатиб ҳам қўйиши мумкин. Айтайлик, бир министр характеридаги асосий хислат — бу шуҳратпарастлик, шу билан бирга, қобилиятли киши. Бу одам фақат шуҳрат кетидан қувиб, ҳамма нарсани бу йўлда қурбон қилаверади, деган хулосага менда асос борми? Йўқ! Шундай онлар бўладики, ўша министрнинг кайфиятида баъзан пайдо бўладиган унсурлар характердаги етакчи (шуҳратпарастлик) тузаётган режаларни бузиб юбориши мумкин. Масалан, хотинига ёки маъшуқасига нисбатан меҳри тўлиб турган пайтларда у бош мақсадни унутиши мумкин.
Ёки ўша одам, устига-устак, очкўз ҳам дейлик. Мўмайгина даромад кўзига кўриниб турган пайтда у шуҳратни четга суриб қўйиши мумкин. Қизиққон, сержаҳл бўлса-чи, яна ўша одам? Арзимаган сабаб, тортишув (баъзан атайлаб уюштирилган) ўша министрнинг асосий хислати интилишларини барбод этади. Яна, ўша одам ортиқча ўзига бино қўйган бўлиши мумкин. Унақада бирор маккор тилёғламачилик билан унинг фикрини четга буриши мумкин. Қолаверса, ҳатто ўзининг лоқайдлиги натижасида ҳам кўзлаган мақсадига баъзан эришолмай қолиши мумкин.
Шунинг учун ҳам, кимнидир қалбига йўл топиб, ўзинг томонга тортмоқчи бўлсанг, бу мақсадда унинг етакчи хислатига таъсир кўрсатиш билан натижа чиқмаса, иккинчи даражалиларига ҳам “босиш” керак бўлади.
Одамлар барчаси, истисносиз, бир хил унсурлардан ташкил топишган, аммо худди мана шу унсурлар мутаносиблиги ҳар хил одамларда бирдек бўлавермайди, дунёда иккита бир-бирига айнан ўхшаш одам ҳеч қачон учрамайди. Бундан ташқари, йиллар ўтиб, инсон ўзгаради. Ҳар қандай истеъдодли киши ниманидир беўхшов қилиб қўйиши мумкин, ғурурли киши кутилмаганда пасткашликка юз тутиши мумкин, ҳалол одам виждонсизларча иш тутиб қолиши мумкин, мараз вақти келиб, олижаноблик қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам одамни узоқ муддат кузатмоқ маъқул, унинг тасвирига охирги чизиқ тортишга ошиқма. Ҳар қандай инсофли одамга ҳам ортиқча эътиқод қўйишга шошилма, чунки у, ким билади дейсан, вақти келиб амал, мол-дунё ёки муҳаббат йўлида сенга рақиб бўлиб чиқиши, баҳслашиб қолиши мумкин. Бу учта нарса, афсус, ҳар қандай виждонли одамни ҳам йўлдан оздириб қўйиши ҳеч гап эмас.
Эзгуликка чорловчиларнинг барчаси ҳам ўзлари айтганидек оқкўнгил бўлиб чиқавермасалар-да, уларга ишончсизлик қилиш ҳам тўғри эмас. Риёкор деб ўйлаган кишинг — ҳақиқий тақводор, мақтанчоқ бўлиб кўринган — ҳақиқатан ҳам жасур, кўзини сузган аёл эса иффатли бўлиб чиқиши мумкин. Хуллас, инсон қалбининг ҳар бир қоронғи бурчагига етиб боришга ҳаракат қил, у тўғрисида гапирилаётган гапларнинг ҳаммасига ҳам ишонаверма.
Яқингинада танишганингга қарамай сенга дўстлик таклиф қилаётган, ишончингни оқлашга уринаётганлардан ҳам эҳтиёт бўлгин. Баъзан бунақалар аввал ўзларини “ем” қилиб, сўнг эса сени “ейишади”. Лекин бундай умумий тушунчага асосланиб, уларни сўзсиз рад этиш ҳам номақбул бўларди. Фақатгина синалган, сендан ҳаётий тажрибаси кўпроқ, ўз йўлини топиб олган ва сенга рақиб бўлмайдиган дўстгагина тўла ишониш мумкин. Сен билан қачонлардир ниманидир талашган, тортишган кишининг дўстлигига ишониб бўлмайди. Хайр.
* * *
Лондон, 30 апрел, 1752.
Азизим!
Одамлар орасида яшаш, турли жамоатда тил топа билиш инсон ҳаёти учун ўта муҳимлиги ҳақида, ҳаммабоп бўлишлик ҳақида кўп гапирилган, бусиз ҳеч қандай иқтидор ярақлаб кўзга ташланмайди. Ўринсиз лутф кулгига сабаб бўлади, бемаврид ўзингга эрк бериш кимнидир ҳақоратлаган билан баробар. Оксфорд ёки Кембридж университетининг лабораториясидан ташқари чиқмаган олим инсон туғилиши ҳақида жағи тушгунча сафсата қилиши мумкин; унинг бош қисми, юраги, онги, иродаси, қизиқишлари, туйғулари ва ҳоказолар ҳақида соатлаб гапириб беради, аммо, афсуски, аслида инсон ҳақида ҳақиқий тушунчага эга эмас, чунки жамоат кўрмаган. Урф-одатлар, расм-русмлар, инсон феъл-атвори, унга хос бидъат-таассублардан хабари йўқ. Аслида худди мана шулар кўпинча одам хатти-ҳаракатини белгилайди.
Сэр Исаак Ньютон призма ёрдамида табиатдаги асосий рангларнигина ажратиб олиш мумкин деганидек, жамоат кўрмаган олим ҳам одамнинг асосий ранглари, кўринишларинигина билади. Ҳолбуки, уста бўёқчи асосий рангларни аралаштириб, ажойиб қўшимча рангларни, жилоларни ҳосил қилади. Дунёда оддий, бир хил тусли одам жуда камдан-кам, кўпчилик ҳар хил ранглар аралашуви натижасида олинган. Ёки бўлмаса, қуёш ёруғи қандай тушса, шундай товланадиган шойига ўхшайди одам. Кўпни кўрган буни яхши тушунади. Ҳужрасида китоб варақлашдан бошқа нарсани билмаган файласуфни эса бунга ақли етмайди. Шу боис улар жамоатга кирганда ҳам на гаплашишни, на ўзини тутишни уддалашади. Уларнинг хатти-ҳаракати рақсга тушишни китобдангина ўрганган кишининг хатти-ҳаракатларини эслатади, беўхшов бўлади. Шунинг учун сен кўпроқ одамлар муомаласини, мулозаматни кузатгин, ўрганиб, улардан ҳам яхшироқ кўринишга урингин.
Одам ўз кайфияти ва туйғуларини бошқара билиши керак. Баъзилар қандайдир кўнгилсизликдан дарров дарғазаб бўлишади ва ғирт аҳмоқлардай тутишади ўзларини ёки бутунлай эс-ҳушини йўқотиб қўйишади. Киши ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини тута билиши керак. Ақлли одам унга нисбатан бўлаётган анча-мунча нохушликларни, гўё алоқаси йўқдек, пинагини бузмай вазминлик билан ўтказиб юборади. Бундай пайтда, яхшиси, бепарволикка солиш керак ўзни, аксинча, асабийлашса, вазият яна ҳам чигаллашади. Бу хусусда италияликларда яхши нақл бор: “Фикринг ошкор бўлмасин десанг, чеҳранг очиқ бўлсин”.
Ёмон кўрган кишига нисбатан хушмуомала бўлиш, иккиюзламачиликка кирмайди. Бу ҳақиқатга хиёнат эмас, чунки сен у билан дўст бўламан деб онт ичаётганинг йўқ. Бу — шунчаки одоб мезони, холос. Буни ҳамма билади ва тўғри қабул қилади. Бу — одамлар ўртасида ҳамжиҳатлик, тинчлик ва осойишталикни сақлашнинг зарурий шартидир. Айни пайтда, бу — жамоатда ўзни ҳимоя этиш қуроли, деса ҳам бўлаверади. Бу билан ҳақиқатга путур етмайди.
Ҳақгўйлик дегани бор ҳақиқатни очиб солиш дегани эмас. Имонли, оқил ҳам зийрак одам қаерда қанча ҳақиқат керак бўлишини яхши сезади.
Хиёнаткорлик, ёлғончилик, маккорлик — қўрқоқлар қисмати. Хайр.
P.S. Париждан жўнаб кетаётганингда барча танишларинг билан, албатта, илиқ хайрлашгин. Ўзингдан яхши ном қолдиришнинг бир усули бу ҳам. Яхши ном, қаерга бормагин, сендан олдинроқ етган бўлади. Бу нарса сенга доимо қўл келишини унутма. Хайр.
* * *
Лондон, 15 январ, 1753 йил.
Азизим!
Агарда сенга фойдам тегаётган бўлса, демак, менинг умрим зое кетмаяпти, деб ҳисоблайман, зеро, мен бутун умримни асосан сенга бағишлаганман. Мана, ниҳоят, умрим маҳсули – мен яратган асар — тез кунларда синчков жамоат ҳузурида намоён бўлишидан бағоят мамнунман. Айни пайтда, мен яхши тушунаманки, ушбу асар нуфузли ҳакамлар таҳсинига сазовор бўлиши учун биргина сиртдан ёқимли бўлиш кифоя эмас; қандайдир тугалловчи чизгилар, яна ҳам нафис бўёқлар бериш зарур бўладики, натижада унинг мазмуни ҳам етарли даражада гўзал бўлсин. Шу боис ҳам мен сен учун ҳаётимда учратган шахслар, воқеа-ҳодисаларни кузатиш натижасида тўпланган ва йиллар ўтиб сайқал топган бир қатор ўгитларни, ҳикматларни сенга тақдим этмоқчиман. Уларни ушбу номага қўшиб жўнатаман.
Айтишим керакки, ушбу ҳикматлар фақатгина кечирганларим заминида вужудга келган, хаёлотга эрк бериб тўқиганим йўқ. Сен ҳар бир ўгит устида ўйлаб кўрсанг, ундан озиқланиб, ҳаётингда керак бўлган пайтларда фойдаланишингни хоҳлардим.
Ёшлар ўзларини ақлли ҳисоблашади, улар орасида ўзибилармони кўп. Маст одам ўзининг соппа-соғлигига ишончи комиллигига ўхшайди бу нарса. Ҳаётда ёшларга тажрибага суянган вазминликдан кўра, жўшқинлик афзалроқ. Бир томонлама улар ҳақ, албатта. Аммо, тажрибага таянмаган жўшқинлик хавфлидир, эҳтироссиз тажриба ҳам бефойда юк бўлганидек. Ҳар иккиси қовушган чоғда комиллик вужудга келади. Аммо бу жуда-жуда кам учрайдиган нарса. Шунинг учун ҳам сенинг жўшқин қалбингга менинг бой ҳаётий тажрибам ҳамроҳ бўлса дейман; барча тўпланган умр сабоқларим сенинг хизматингда бўлсин, дейман.
Ёшликка хос жўшқинлик, эҳтирос деганда мен биринчи навбатда қийинчилик ва хавф-хатарни сезишга йўл қўймайдиган тезкорлик, тийраклик ҳамда ортиқча ўзига ишонувчанликни тушунаман.
Баъзилар эса эҳтирос деганда арзимас сабаб билан алангаланиб кетишни, ғаши келиб, ноўрин валдирашни, кимдир унинг мавқеига таҳдид қилгандек бўлса, ўйлаб-нетмай бемаъни гапларни гапиришни тушунишади. Бу нотўғри ва бунақа туйғуларни одам ўз қалбидан юлиб ташлаши керак.
Тўғри, ҳаммавақт ҳам ёмон кўрган одам билан хушмуомала бўлиш қийин. Унинг сенга нисбатан қилган ёмонликларига муносиб жавоб қайтаргинг келади. Аммо, тушунгин, нима бўлса ҳам ўзни тия билган маъқул. Аксинча, душманинг хурсанд бўлади, мақсадимга эришдим деб.
Одамлар билан суҳбат пайтида ўзингни доимо ниманидир билмаган, эшитмаган қилиб кўрсатган яхши. Айниқса, бирортаси: “Сиз анави ҳақда эшитдингизми?” — деб гап бошламоқчи бўлганда, яхшиси “йўқ” деб жавоб қилган маъқул ва унинг ҳикоясини охиригача эътибор билан тингламоқ мақсадга мувофиқ. Бундан ҳикоячи мамнун бўлади, чунки сўзга чечанлигини эътироф этгандай бўласан. Бошқаси бўлса мазкур тарихни биринчи бўлиб кимгадир етказганидан хурсанд. Учинчиси эса унга ўз пайтида кимдир ўша сирни ишониб айтганлигидан ғурурланиб қўяди. Борди-ю, сен: “Ҳа, мен эшитгандим бу ҳақда” — деб қўйсанг, уларнинг ҳафсаласини пир қилиб, ранжитган бўласан. Айниқса, миш-мишлар, ғийбатлар ҳақида эшитганлигингни билдирмагин асло. Чунки воқифларга худди ўғрилик мол сақловчиларга қарагандек қарашади. “Билмайман, эшитмабман” деб қулоқ солаверсанг, кўп керакли маълумотларни олиш имкониятига эга бўласан. Суҳбатда ҳушёрлик керак-да. Билсанг, афсонавий Ахилл баданига шикаст етмайдиган бўлишига қарамасдан, жангга кираркан, доимо барча жанг анжомларини кийиб юрган. Хайр.
Қодиржон Носиров таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2004 йил, 3-сон.