Фэн Цзицай. Найнов аёл ва унинг пак-пакана эри (ҳикоя)

Дейлик, ҳовлингизда танаси сип-силлиқ, хушқад бир дарахт гуркираб ўсиб ётибди. Унинг шу кўринишига кўзингиз кўниккан. Иттифоқо бир куни қарайсизки, дарахт қийшайиб-майишиб кетган бўлади. Қанча кўп тикилсангиз, у шунча ёқимсиз кўринаверади. Лекин вақт ўтиб, худди бу дарахт илгаридан шундай ўсиб келгандек, тағин кўзингиз кўникади. Ва мабодо, ажойиб кунларнинг бирида танаси яна аввалгидек тик ҳамда сип-силлиқ бўлиб қолса, сизни тағин алланечук ташвиш босади. Сўхтаси совуқ ёғочнинг ўзи-я, сал мундай истараликкина бўлса-чи, дейсиз. Дарахт эса бор-йўғи аввалги қиёфасига киради, холос. Хўш, нега бунга ғашингиз келади? Одат-кўникмаларингизнинг ўйини эмасми бу? Нима дедингиз? Одат-кўникмада гап йўқ, деб ўйлайсизми? Ҳаммада бор бу. Хўп, одат — одамзод бажариши мажбур қонун ё қоида эмас, дейлик, лекин шу ҳам сизни кўп ноқулай ҳолларга солиб қўйиши мумкин. Нима десангиз денг, инон-ихтиёрингиз ўз одат- кўникмаларингизнинг қўлидадир. Ҳатто беихтиёр, ўзингиз англаб етмаган, ҳолда унинг чилдирмасига ўйнаб қоласиз. Наҳот сиз тарки одат айлаб, мисол учун-да энди, бошлиқнинг ҳузурида бақириб сўкиниб юборсангиз? Ёки катталар олдида мулоҳазаларингизни ўртага ташлай оласизми? Бирор машҳур зот билан кўпчилик суратга тушаётганда наҳотки уни ёнингизга чорлашга журъат қилоласиз? Ёки андишани йиғиштириб қўйиб, иршайиб, шартта ўзингиз ўртага туриб оласизми? Албатта, бундай қилмайсиз. Ҳай, буларни қўятурайлик. Лекин ўзингиздан ўн ёш катта ёки, дейлик, бўйи сизнинг бўйингиздан бир калла баланд аёлни хотинликка олишга журъатингиз етадими?
Нафсиламрини айтганда, булар беҳуда сафсата эмас, мен худди шунақа бир эр-хотинни билар эдим.
Аёл эридан нақд ўн етти сантиметр новча — бўйи бир юз етмиш беш сантиметр келади. Хотин-халажнинг орасида турса, нима бало, товуқ галасига ғоз аралашиб қолибдими, дейсиз. Эрнинг бўйи эса, бор-йўғи бир юз эллик саккиз сантиметр. Университетда ўқиб юрган кезлари Катта У* лақаби билан танилган эди. Бошининг учи хотинининг сирғасидан келади, шунинг учун худди хотинидан бир калла пастга ўхшаб кўринади.
Уларнинг ташқи қиёфалари мана бундай: аёл ориқ, кўкраги ясси, юз териси бужур, пинг-понг ўйналадиган ракеткани кўрганмисиз — юза қисми локланмаса, худди шунақа бўлади; кўз, бурун, қулоқ, оғиз — бари жой-жойида, лекин ҳаддан ташқари қуруқки, айтгулиги йўқ — истарасиз, ниҳоятда майда ўйилган нақшлардек бир-бирига чаплашиб кетган; кўкрак деган нарсанинг ўзи йўқ, орқаси узун, тик, сонлари қилтириққина, кети ясси — кир ювадиган тахтанинг ўзи. Эр эса, аксинча, паканагина, биққигина, чарм коптокка ўхшаб диркиллагангина; лаблари, бурни, бармоқ бўғинлари, болдирлари ҳам гўштдан қилинган соққачадек диркиллаб туради; юз териси сип-силлиқ, обдан пишитилган шаброн мисол ялтирайди, ёғ томиб туради гўё, юпқа терининг тагидан дуркун, қирмизи қон кўриниб тургандек; кўзларини айтмайсизми; ўткир электр чироқлари сингари чақнайди! Хотинининг кўзлари хира шиша соққачалари каби сўник, нурсиз. Иккаловини ёнма-ён қўйиб томоша қилаверинг — ана сизга монандлигу мана сизга монандлик! Кўзингиз тушар-тушмас нималаргадир ўхшатгингиз, қиёслагингиз келаверади… Шундай бўлгани билан одамлар уларни ҳамиша ёнма-ён юрган ҳолда кўришади: улар тана билан соя мисол бир-бирларидан ажралмас эдилар.
Кунлардан бир кун тепада турадиган қўшнилар ниманидир нишонлаб оилавий байрам ўтказишди. Бутун қариндош-уруғ жамулжам. Роса тўйиб ичиб, ичи қизиган оила бошлиғи битта узун-ингичка шишани олиб, чўчқа гўштидан бўшаган битта япалоқ банканинг ёнига қўйди-да: «Қани, бунинг нималигини ким топади? — деди. Жавобни кутиб ўтирмай, ўзи жар солди: — Буниси, ҳалиги, пастки қаватда турадиган найнов, бу эса, ўсмай қолган хўжайинчалари. Хи-хи-хи». Ҳазил кўнгилларига мойдек ёқиб, бўлди кулги-бўлди кулги! Анчагача уларнинг хонасида гулдурос қаҳқаҳа овозлари янграб турди…
Хўш, булар иккови бир-бири билан қандай топишган экан?
«Иттифоқ» деб аталмиш кўпқаватли бу уйда яшайдиган ўнлаб оилага шу муаммо узоқ вақтдан бери тинчлик бермайди. Иккаласи турмуш қуришиб, шу уйга жойлашишдию ҳамманинг диққат-эътиборини ўзларига тортишди. Айримлар шов-шув кўтармасдан, шунчаки эътибор қилса, жуда кўпчилик очиқдан-очиқ сўраб-суриштирмаса кўнгли тинчимасди. Бундайларнинг, нақлда айтилганидек, оғзи ҳам битта эмас, тилдан ҳам худо берган — бари эзма-чурук, ўзидан бошқаларни ғийбат қилиб чарчамайди…
Эр-хотин ёмғирда кўчага чиқса, шамсияни доимо хотин тутиб юради — унга шу қулай. Қўлларидан нимадир ерга тушиб кетса, эр олади — унга шуниси қулай. Бекорхўжа қўшнилар уларнинг кетидан қўлларини косов қилиб нуқишади, кўриб ичларидан кулги босиб келаверади, зўрға ўзларини тийиб қолишади. Катталар пинҳон тутишга уринган нарса, аммо-лекин, болалар орасида қалтис ҳазилга айланиб кетиши мумкин. Ҳатто битта бола найнов аёлу унинг пакана эрини кўрган заҳотиёқ: «Аравамнинг шотиси — усталимнинг курсиси!» деб бақирган ҳам.
Эр-хотин гунгмиди, дейсиз: бола-бақранинг шўхлиги сира уларнинг жиғига тегмаган, теваракларида бўлаётган гап-сўзларни ҳам сезишмасди гўё. Шунинг учундир, қўни-қўшни билан муносабатлари совуқлигича қолаверади. Ўзгаларнинг ишига бурун суқишни хушламайдиган ўша битта-иккита қўшни ишга боришда ё ишдан қайтишда бу эр-хотинга дуч келганда, жуда нари борса, саломлашишади ёки шунчаки бош қимирлатиб қўяқолишади. Қизиқишдан юрагига ўт тушган кўпчилик эса эр-хотин ҳақида бирон арзирли маълумот ололмай, муддаосига етолмай гаранг! Эр-хотин бир-бири билан иноқ-аҳил яшайдими? Нимага турмуш қуришган? Қай бири қай бирининг бошини айлантирган? Ва ҳоказо, ҳоказоларнинг тагига етолмай, ўзларича фол очишдан бўлак чора топишолмайди.
«Иттифоқ» анча эскириб қолган ётоқхона эди: деразалари жанубга қараган, хоналари катта-катта, қоронғу йўлаклари кенг-мўл. Олди баҳаво ҳовли, рўпарада дарвозага суянган битта ихчамгина кулба қўнқайган. Шу кулбада тикувчи оиласи билан туради. Тикувчи ўзи беозоргина, одамови бир киши, аммо-лекин хотинидан худо асрасин: кун йўқки, ул-булдан гап сотиш учун қўни-қўшниникига чопмаган бўлса. Жон-дилдан суйган машғулоти — одамларни ғийбат қилиш, бировнинг сир-асрорини титкилаш. Хотинлар эрлари билан қандай яшашяпти, келинлар қайси сабабларга кўра кўпроқ қарғанишади, ким ишчану ким ялқов, кимнинг маоши қанча — ипидан-игнасигача билади. Мабодо бирон сирни тўғриликча аниқлай олмаса, минг хил макр-ҳийла ўйлаб топади, азбаройи муддаосига етиш мақсадида юзлаб қармоқлар ташлайди. Бу ишда ҳеч ким унинг олдига тушолмайди. Ким бўлмасин бир кўрса, гапини бир эшитса — бас, ўша одам тўғрисида муқаррар тасаввурга эга бўлади. Бу ҳам кам. Одамларнинг кўнглидаги пинҳона ўй-хаёлларини ҳам биламан, деб қаттиқ ишонади. Ким қанча гўшт истеъмол қилишини ҳидидан пайқайди, шунга қараб ҳатто ўша оиланинг даромадини ҳисоблаб бера олади.
Негалигини билмайман-у, аммо-лекин олтмишинчи йиллари тикувчининг хотинига ўхшаганлар ҳамма ерда «кўча фаоллари» бўлиб қолди. Ундайларнинг айғоқчилиги, қайсарлиги ва ўзгаларнинг ҳаётига тумшуқ суқиш одатлари қонуний тус ола бошлади, ҳатто бунга исталганча имконият берилди. Ҳа, чинакам яратувчи биронта истеъдодли шахснинг йўқолиб кетишига йўл қўймайди!
Лекин тикувчининг хотини минг ўлиб-тирилмасин, кулбасининг ёнидан бир кунда икки марта — ишга боришда ва ишдан қайтишда ўтадиган бу антиқа эр-хотин бир-бири билан қандай топишишганининг тагига етолмади. Бунга сари, худди биров ўчакишиб атай жиғига тегаётгандек, аламдан ёнар эди. Ўйлаб-ўйлаб, ниҳоят, муҳим бир баҳона топди: демак, найновнинг қандайдир иллати бор! Рост-да. Ахир, рисоладаги қайси жувон, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, ўзидан бир калла паст кишини эр қилади? Бу баҳонасига рад қилиб бўлмайдиган далил ҳам топди: турмуш қуришганидан бери уч йил ўтди-ю, ҳалигача фарзанд кўришмаган! Катта уйда турадиганлар унинг гапларига, бемаъни мулоҳазаларига чиппа-чин ишонишди.
Бироқ турмуш унинг уйдирмаларини чиппакка чиқарди — найнов аёл ҳомиладор бўлиб қолди. Қўни-қўшни энди найновнинг қорнидан кўз узмас, қорин эса кундан-кунга каттайиб борар эди. Ниҳоят, ўзининг «инга-инга»си билан ёруғ дунёга келганидан оламни хабардор этиб… бувакча туғилди!
Энди офтоб тиккадан қиздириб турганида ёки ёмғир ёғаётганида кўчага чиқишса, аёл боласини бағрига босиб олади, шамсия эса эрнинг қўлига ўтади. Юрганда хотинидан орқада қолмасликка тиришиб калта, семиз оёқларини тез-тез ташлайди, шамсияни баландга кўтариб олади. Бундай пайтлар роса кулгили қиёфага кйриб қолади. Ажабки, улар ҳамон бирга юрардилар, худдики тана билан соя дейсиз. Қўни-қўшни ҳам тийилмади, илгаридагидек, гарчи ҳақиқатга яқин турса-да, аслида таг-замини пуч турли миш-мишларни тўқиб-бичийверишди. Булар ҳаммаси қушларнинг гала-гала бўлиб, қанотларини силкитиб-силкитиб, аммо қаерга қўнишини билмасдан тепангизда доира ясаб айланаверишини эслатади…
— Иккаласиям шубҳали. Буларда гап кўп, — дерди тикувчининг хотини.— Бўлмаса, одамлардан нимага қочиб юришади? Ҳай, майли, баданига яра тушдими — эртами-кечми, албатта ёриб чиқади. Ана ўшанда кўрамиз!
Тикувчининг хотини астойдил ҳақ деган экан, ниятига етди: бир оқшом найновнинг хонасида ниманингдир тарақлаб тушганинию чил-чил синганини эшитиб қолди. Фурсатни бой бермасдан ўша ёққа чопди. Йўлакай, ҳовлини тозалаш-тузалашга пул йиғиб юрибман, деган бир баҳона ҳам топиб, эшикни тақиллатди. «Мана энди аҳволларингни кўрамиз! — деб кўнглидан кечирди у. — Тўполоннинг айни авжга минган палласини ўз кўзим билан кўрадиган бўлдим-да». Бироқ, не кўз билан кўрсинки, эшикни шод-хуррам кулаётган аёл очди. Эр ҳам хурсандчиликдан ёйилиб ўтирибди. Оёқлари остида эса, синган идишнинг парча-пурчалари. Тикувчининг хотини кўрган бор-йўқ манзара шу эди. Ҳафсаласи пир бўлиб, ўзига узатилган пулни олди-да, апил-тапил изига қайтди. «Бу нима деган гап? — деб ҳайрон бўларди у. — Идишлари синибди-ку, на уришади, на сўкишади? Буям майли, иккаловининг хурсанд бўлгани-чи? Ана аҳмоқгарчилик!»
Шу воқеадан ҳеч қанча вақт ўтмай, тикувчининг хотини «Иттифоқ» уйи номидан кўча комитетига вакил қилиб сайланди. Ниҳоят, аҳолини рўйхатга олишда милиция ходимларига ёрдам беришга тўғри келиб қолдию шунча йиллардан бери ўзини қийнаб юрган саволларига у жавоб топди, жавоб бўлганда ҳам аниқ, ишонарли жавоб! Маълум бўлишича, найнов билан унинг пак-пакана эри иккаласи ҳам битта жойда — кимё илмий-тадқиқот институтида хизмат қилишар экан. Фақат, эр бош инженер бўлиб бир юз саксон юан маошга ишласа, хотини оддий лаборант экан, маоши ҳам шунга яраша — ойига олтмиш юан. Яна шу нарса маълум бўлдики, найнов эртаю кеч ишлаб, уйга арзимас чақа кўтариб келадиганлар хилидан бўлмиш почтачининг қизи экан! Нимага бу паканага турмушга чиққанининг боиси энди ойдинлашди: яхши яшагилари келган — эрда пул кўп, обрў эътибори жойида… Худди шундай!
Тикувчининг хотини бекор-беиш эснаб ўтирган қўшниларига бу қимматли маълумотларни ўша заҳотиёқ етказди.
Ҳаётга ва барча ҳаёт ҳодисаларига одамзод ўз тасаввуридан келиб чиқиб, нимаики кўрса, барини шу тасаввурига мослаб баҳо беради. Шунинг учун ҳам қўшнилар тикувчининг хотини келтирган хабарга чиппа-чин ишонишди, унинг гаплари бирор кимсада заррача шубҳа уйғотмади. Шунчадан бери ҳаммани ҳолдан тойдирган тугун зумда ечилди-қўйди. Бирдан одамларнинг кўзи очилди гўё. Қаранг-а, гап, мана, қаёқда экан, бу пакана деганимиз ҳаддан ташқари бой чиқиб қолди-ку; э-ҳа, найнов хоним унинг пулига учган эканлар-да! Камбағалгина оиладан чиққан бу қизнинг бошига бахт қуши қўнибди!
Ўшандан бери қўни-қўшни ўртасида эр-хотин ҳақида, айниқса, манави найнов — омадли найнов ҳақида қачон гап очилса, ҳамманинг товушида ғижиниш оҳанглари эшитиладиган бўлди. Лекин ҳаммадан кўра кўпроқ тикувчининг хотини ёқтирмасди уларни.
Ҳа энди, бир одамнинг бахти чопибди — қандини урсин, дейишга шошилманг. Вақт ўтаверсин-чи, кўрамиз…
Минг тўққиз юз олтмиш олтинчи йил кирди. Катта уй табиий офат туфайли дунёдан ажралиб қолган оролчани эслатарди: кимнингдир бошига кулфат тушган, кимнингдир омади чопган, хуллас, шу уйда турадиган барчанинг ҳаётида улкан ўзгаришлар даври бошланди**. Ҳаёт тубдан ҳам ниҳоятда тезлик билан ўзгараверди. Найновнинг эри бош инженер эмасми, айниқса шунинг бошига кўп фалокат ёғилди: хонасини тинтув қилишди, жиҳоз уруғи борки, ҳаммасини олиб кетишди, ўзини дўппослаб-дўппослаб оғилга қамаб қўйишди. Булар етмаганидек, бир миш-миш тарқалди — эмишки, у кейинчалик чет элдаги қариндошлариникига қочиб кетиш мақсадида неча йиллардан бери иш жойидан керакли маълумотларни тўплаб, кечалари китоб ёзиб юрган экан. Яна эмишки, чет эл капиталистларига давлат сирини — илмий тадқиқот натижаларини сотмоқчи бўлибди… Куракда турмайдиган бу гапларни кўплар чин деб ўйлади. Давр нотинч, ҳамма нарса ағдар- тўнтар бўлиб кетди, одамлар инсоний қиёфаларини йўқотишди: унинг устига, шафқатсиз, тошюракларнинг дови юришди. Бу ҳам етмаганидек ҳар хил аҳмоқона ғоялар… Ҳамма бир-бирини «фош қилиш»га тушиб кетди, ҳамма бир-бирига худди нақ Гитлерга қарагандек қарай бошлади…
Институт ходимлари бош инженерни қўлдан чиқармаслик учун ўлимга ҳам тайёр эди: уни дўппослашди, қўрқитишди, зуғум ўтказишди, хотинидан эса, ҳалигача бирор кимса кўзи билан кўрмаган қўлёзмаларни топиб беришни талаб қилишди. Кимнингдир калласига эр-хотин яшайдиган катта уйнинг ҳовлисида танқид ва кураш йиғилишини ўтказиш керак, деган фикр келиб қолди. Уруғ- аймоғи, ёр-оғайнилари, таниш-билишларининг кўз олдида изза бўлишдан ким чўчимайди, дейсиз? Бу ҳам зуғум қилишнинг йўлларидан бири. Бошқа тадбирлар натижа бермагандан кейин, шундай ҳам қилинади-да. Эҳтимол, бирор наф чиқар.
Бу ҳовлида ҳали ҳеч қачон ҳаёт бунчалик қайнамаган эди. Тушликдан кейин институтдан одамлар келишди. Улар иккита дарахтнинг орасига йўғон каноп арқон тортишди-да, унга пакана инженернинг исми шарифи битилган варақаларни илишди; кўчаю ҳовлига шиорлар, лаънатномалар ва яна ҳар хил дўқ-пўписалар ёзилган катта-кичик плақатлар ёпиштириб чиқишди; катта уйнинг деворига инженернинг «жиноятлари» саналган ўн саккизта варақани тармаштириб ташлашди. Йиғилиш оқшомга — овқатдан кейинга тайин этилгани учун институтдан бир монтёрни ҳам бошлаб келишди. Монтёр ҳовли бўйлаб сим тортиб, беш юзлик чироқдан тўрттасини осиб қўйди. Бу даврга келиб тикувчининг хотини Кўча комитетининг аъзолигидан «Тартиб ўрнатиш гуруҳи»нинг бошлиғи даражасига кўтарилган, энди қудратли шаҳсга айланиб, мансабидан талтайиб, ўмбиллаб-сўмбиллаб кетган эди. Ўша куни у тинмасдан елиб-югурди ўзиям: аёлларни йиғилишга ёппасига жалб қилиши керак; ҳали шиорлар осади, ҳали институтдан келганларга чой қўяди, доғ сув келтиради, бир ёқда монтёр симни унинг кулбасидан тортмоқда, хуллас, тўй олдидан бўладигандек, чоп-чопдан бўшамади.
Кечки овқатдан сўнг тикувчининг хотини ҳаммани ҳовлига тўплади. Тўртала чироқ ҳам ёқилди, ҳовли гўё тўп ўйини кетаётган стадиондек чароғон бўлди. Йиғилганларнинг жуда улкан, ҳатто ўзларидан ўн баробар катта соялари тушиб турибди. Соялар қимир этмайди, сукутда. Катталар тугул болалар ҳам шовқин солишдан чўчинқирашар эди.
Тикувчининг хотини билан қўлига қизил латта боғлаб олганлардан бир нечтаси, йиғилишга бегоналар кириб қолмасин, деб дарвоза ёнида туришди. У вақтларда бундай қизил латталарнинг салобати бўлакча бўлган.
Тез орада кимё институтидан бир дунё одам келиб, ҳовлини босиб кетди: улар ҳам қўлларига қизил латта боғлаб олишган эди. Шиорлар айтиб қичқира-қичқира, найнов аёл билан унинг пакана эрини олиб, келишди — инженернинг кўксида тахтача осиғлиқ. Соқчилар ҳамроҳлигида иккаловини тахтасупага чиқаришди. Шу пайт тикувчининг хотини супага сакраб чиқди-да:
— Орқа қаторда турган инқилобчи оммага бу ярамас кўринмаяпти, — деди чинқириб. — Буниям чорасини топиб қўйганман. Ҳозир…
Шундай дея елкаси билан оломонни туртиб-суртиб, ўзига йўл очди. Лаҳза ўтмай, совундан бўшаган яшикни кўкрагига босганча тағин супада пайдо бўлди. Яшикни тўнтариб қўйиб, паканага унга чиқишни буюрди. Энди инженер ҳам хотини билан бўйсара кўринар эди. Э, у пайтда бўй билан кимнинг иши бўлибди, дейсиз.
Ҳаммаси муайян тартиб асосида борди: олдин йиғилиш очиқ деб эълон қилинди, сўнг «махсус танқидчилар» бирин-кетин супага чиқиб, куйиб-пишиб ғазабли нутқлар сўзлашди. Кейин яна шиорларни айтиб қичқиришди. Дастлаб найнов аёлни иқрор қилишга уриниб кўришди. Бари гап келиб аслида йўқ қўлёзма масаласига тақалар эди. Тилларнинг тиғи, найзаси найновга санчилаверди: ит ҳам, бит ҳам ундан жавоб беришни талаб қиларди. Чийилдоқ, хирилдоқ, бақироқ овозлар момақалдироқдек гулдирар, сўзлар юзларга ёмғирдек урилар, қиладиганини қилар эди… Найнов эса барига бир хилда бош чайқаб тураверди. Шўрликнинг жавоблари самимий эди, лекин у пайтлар самимийлик иш бермасди-да. Самимийликка ишониш — дунёнинг мавжудлигини инкор этиш билан баробар эди.
Ғазабдан қони қайнаган йигитлар супага сакраб чиқиб, қўлларини пахса қилиб, аёлга дўқ ура бошлашди. Бунақа ишларни кўравериб кўзи пишиб кетган, пихини ёрган кишилар ҳар хил илмоқли саволлар ўйлаб топишди, тилидан тутмоқ қасдида аёлга тузоқлар ташлашди, у эса ҳамон ўшандай қатъият билан астойдил бош чайқар, ўзига тақалган барча айбларни рад қилар эди. Иш шундай давом этаверса, танқид ва кураш йиғилишининг тугаши ҳам, бирон-бир натижа бериши ҳам амримаҳол эди. Бунинг устига йиғилишни қандай ёпиш керак — бирор кимса билмасди. Институтдан келганлар боши берк кўчага кириб қолишди. Ахир йиғилишнинг ташкилотчилари ўшалар эди-да. Кўкрак кериб келишган эди, энди икки қўлларини бурунларига тиқиб кетишадими?..
Тикувчининг хотини гап-сўзларга узоқ қулоқ солиб турди. Турди-турди-да, охири ҳафсаласи пир бўлди. Ўзи-ку ғирт саводсиз, лоақал дацзибаони ўқий олмайди, бинобарин «қўлёзма-пўлёзма» билан унинг зиғирча ҳам иши йўқ, лекин у бир нарсани сезди: пакананинг ишхонасидан келганлар минг оғиз қўпиртиришмасин, ҳеч нарсага эриша олишмайди! Шуни сездию бирдан тахтасупа яқинига чопиб келиб, найновга қўл нуқиди:
— Хўш, нимага манавига эрга чиқдинг? — деди бақириб. — Қани, гапир!
Институтдан келганлар тарашадай қотиб қолишди. Соқчиларнинг бошлиғи нималар деяптию йиғилишга у гапларнинг нима дахли борлигини сира тушуна олмадилар. Найнов ҳам донг қотди: тикувчининг хотини ундан нега буни сўради — у ҳам билмасди. Кимга керак ҳозир бу? Кейинги бир неча ой ичида тушган ажинлардан буришиб-тиришиб, хазондек қуруқшаб кетган юзларида ҳайрат балқди.
— Ҳа, тилгинанг айланмай қолдими? Унда, мана, мен айтаман: манови аблаҳнинг пулига кўз тиккансан! Бўлмаса тегармидинг унга! Чўнтаги қуруқ бўлганида, ит ҳам қарамасди бу ғўлага! — деб чинқираверди тикувчининг хотини. Унинг товушида, ниҳоят бу дароз хонимнинг асл башараларини очиб ташладимми, деган оҳанг — ғалаба нашидаси бор эди.
Найнов ҳеч нарсани тан олмади, рад ҳам қилмади, қимир этмай тураверди. Афтидан, тикувчининг хотини аслида ким экани энди унга аён бўлгандек эди. Кўзларида ғазаб, истеҳзо учқунлари оловланди, қайсар бир туйғу порлади.
— Майли, майли. Бўйнингга олмасанг олмай қўяқол! Бу ҳаромининг-ку энди аҳволи маълум, лекин сен қандай кун кўрасан экан — кўрамиз ҳали. Биламан, ҳозир нимани ўйлаб турганингни биламан!
Тикувчининг хотини ҳадеб кўкрагига урар, тинмай қўлларини шоп қилар, бунга сари теварагидаги хотинлар уни олқишлаб туришар эди. Тикувчининг хотини умрида ҳеч қачон бунақа кайфи чоғ бўлмаган бўлса керак!
Кимё илмий-тадқиқот институти вакиллари гап нима ҳақда эканини у қадар англамасалар ҳам, ишнинг бунақа тус олиб кетганидан рози эдилар. Рост, хотинлар масалани асосий гапдан минг ли*** нарига суриб кетди, бироқ йиғилиш тағин ҳам шиддатли тусга кираётгани яхши эмасми?! Ахир бунақа ишни омманинг ғайрат-шижоатига суянмасдан қандай ҳал этасиз? Шуларни ўйлаб, улар хотинларни йўлдан қайтариб ўтиришмади, майли, юракларини бўшатиб олишсин, дейишди. Хотинлар эса, тинимсиз чийиллашар эди:
— Эринг сенга қанчадан пул бериб турарди? Нималар сотиб олиб берарди, айт?
— Икки юз юан камлик қилдими сенга? Кўнгиллари чет элни тусаб қолибди-да, а, фоҳиша?
— Ҳали иккаланг Дэн То**** билан ҳамтовоқ ҳамдирсан?
— Пекинга кимга қўнғироқ қилдинг? “Уч оила қишлоғи”га бўлмасин тағин? Ростини айт?
Йиғилиш яхши ўтдими, йўқми — умумий руҳига қараб билса бўлади. Мазкур тадбирнинг масъул шахслари, яъни, институтдан келганлар оломон ўртасидаги жазава авжга минган лаҳзадан фойдаланиб, қичқира-қичқира ўнлаб шиорларни айтишдию апил-тапйл йиғилишни ёпиб қўяқолишди. Кейин пакананинг уйини остин-устин қилиб ташлашди: пол тахталарини қўпоришди, девордаги қоғозларни таталаб кўчиришди, лекин, табиийки, ҳеч вақо топишолмади. Аёлни якка-ёлғиз қолдириб, эрини олиб кетишди.
Аёл хона ўртасида қоқ тунгача донг қотиб қолаверди. Сўнг шошиб уйдан чиқди. Тикувчининг хотини йиғилиш тугагандан бери қоронғи дарвозахонада турган эди, бундан бехабар аёл ҳовлини кесиб ўтиб улгурмасдан, у ҳам изидан тушди. Аёл дарвозадан чиқиб, иккита чорраҳани ортда қолдириб, ниҳоят кўчанинг нариги бетига ўтиб олди. Қандайдир бир дарвозанинг олдида тўхтаб, секин қоқди. Тикувчининг хотини симёғочнинг панасига яшириниб олиб, уни кузатаверди. У дамини ичига ютиб турарди: кўзлари чақчайиб, ўлжасининг устига ташланишга шайланаётгандек, диққат-эътиборини бир ерга жамлаган эди.
Дарвоза ғийқиллаб очилди. Остонада битта ёш бола билан бир кампир кўринди.
— Тинчидими бари? — деб сўради у найновдан.
Аёлнинг нима деганини тикувчининг хотини фаҳмлаёлмай қолди.
Тағин кампирнинг товуши чиқди:
— Овқатини еди, жиндак ухлаб олди. Тезда борақолинглар энди…
Тикувчининг хотини шундагина эслади:ахир найнов ишга боратуриб ўғилчасини ҳар куни шу кампирникига қўйиб кетади-ку?! Эсладию найновни таъқиб этишдан маъни қолмади унга.
Аёл боласини қўлидан етаклаб, катта уй сари йўл олди. Улар бир-бирлари билан гаплашишмас, фақат қадам товушларигина эшитилар эди. Тикувчининг хотини симёғочнинг орқасига пусиб кетди, она-болани хийла олислатибгина, ўзи ҳам уйига шошилди.
Эртаси найнов аёл боласи билан ҳовлига чиққанида ҳеч ким унга сўз қотишга журъат қилмади, лекин йиғидан кўзлари қизариб, қовоқлари шишиб кетганини ҳамма кўрди. Кечаги йиғилишда иштирок этганлар бугун ўзларини алланечук ноқулай сезишди, кўнгилларида афсус-надоматга ўхшаш бир ҳис уйғониб, безовта бўла бошлашди: найновнинг кўзига қарашдан уялиб, тескари бурилиб олишди.
Эр эса бедарак кетган эди. Тикувчининг билағон хотини яна гап топди: пакана тағин аллақандай жиноятларга ҳам шерик бўлиб чиққанмиш, шунинг учун ҳозир қамоқда эмиш. Хуллас, найнов одамларнинг назарида «аристоннинг хотини»га айландию турмуши ниҳоятда ночор аҳволга тушиб қолди. Табиийки, «Иттифоқ» деб аталмиш бу баланд уйдаги кенг-мўл хонага энди у муносиб эмас эди, шунинг учун тикувчининг оиласи билан ўрин алмашишга мажбур бўлди. Баланд уйдан ўн метрлар нарида жойлашган увоққина кулбага кўчиб ўтди. Шунисига ҳам шукр — ҳар ҳолда, бу ерда қўшниларининг кўзидан йироқроқ юради.
Катта уйнинг деразаларидан бу яккамохов кулба ҳам, ичкарида найновнинг етимқўзидек мунғайган сояси ҳам бемалол кўриниб турар эди. Найнов боласини қаёққа жўнатиб юборганини ҳеч ким билмас, вақти-вақти билан аёл уни бир неча кунга олиб келар эди. Ёлғизликда унинг куни оғир, ғам-кулфатда кеча бошлади. Ёши эндигина ўттиздан сал ошганига қарамай, анча қаримсиққа ўхшаб қолди. Шуларни ҳисобга олибми, тикувчининг хотини бир куни бундай деди:
— Фикримча, чидаса тағин бирор йилга чидайди, кейин шартта эрга тегиб кетади. Менга қолса, ҳозирданоқ ҳаракатини қилиб, бирортасининг этагидан тутгани тузук. Паканани кутишдан фойда борми? Қамоқдан чиқариб юборишган тақдирда ҳам, энди у одам бўлмайди. Пуллариям қулоқ-чаккасини ушлаб кетди!
Орадан бир йил ўтди. Пакана қайтиб келмади. Найнов ҳамон бир ўзи — якка-ёлғиз, жимгина яшар эди. Ишга боради, ишдан келади, печкага ўт қалайди, илма-тешик, катта, сариқ саватини кўтариб бозор-ўчарга чиқади. Бир йилда уч юз олтмиш беш кун бўлса — ҳар куни шу аҳвол.
Яна бир йил ўтди. Кунлардан бир кун пакана пайдо бўлди. Кеч куз эди. Кийимлари юпун, сочлари кирпининг тиканидек қилиб тик текисланган, ўзи ҳам жуда ўзгариб кетибди: олдинлари дум-думалоқ эди, энди у думалоқликдан асар ҳам, қолмаган, рангида ранг йўқ, юзидан қон қочган… У шошиб ўзининг эски хонасига чиқиб борди. Хонанинг янги хўжайини —соддадил тикувчи дудуқлана-дудуқлана уни увоққина кулбанинг эшиги тагигача кузатиб қўйди. Найнов аёл ҳовлида чўккалаб олиб ўтин майдалаётган экан. Ўзига берилган саломни эшитиб, сапчиб ўрнидан турди ва эрини кўриб, довдираб қолди. Эр-хотин кўришмаганига икки йил бўлган эди, шунга ҳозир бир-бирларини таниёлмай туришарди. Иккаласи ҳам озиб-тўзиб кетган, чўккан, хотин янада новча кўринади, эр — янада пакана. Анчагача бир-бирларига бақрайиб қолдилар. Кейин хотин бирдан ўзини уйга урди ва шу бўйи узоқ вақт кўринмай кетди. Эр эса, чўкка тушиб, ердан болтани олиб, ишга киришди. Ҳаш-паш дегунча икки саватда ўтин ҳозирлаб қўйди.
Учрашув лаҳзалари иккалови учун ҳам ғоят оғир, чидаб бўлмас даражада қийин кечди. Кейинчалик эса, илгаридек ишга бирга бориб, ишдан бирга қайтадиган бўлишди, мисоли тана билан соя дейсиз. «Иттифоқ»да яшайдиганлар энди уларнинг хатти-ҳаракатларида ғайритабиий ҳеч нима сезишмасди. Бора-бора эътибор ҳам қилмай қўйишди. Энди улар билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди.
Бир куни нимадир содир бўлдию эр уйдан қўрқув ва таҳликада кўчага чопиб чиқди. Сал ўтиб, «Тез ёрдам» машинаси найновни олиб кетди. Шундан кейин анчагана уларнинг кулбаларида оқшомлари чироқ кўринмади. Йигирма кунлардан кейин пакана ким биландир биргалашиб хотинини замбилга солиб олиб келди.
Энди аёл уйидан ташқарига чиқмас эди. Пакана эр эса илгаридек ҳар куни эрта билан ишга йўл олади, оқшом пайти ишдан қайтади, келибоқ рўзғор юмушларига уннайди — печкага ўт қалайди, бозор-ўчарга чопади. Бундай пайтлар қўлида бир-икки йил аввал хотини савдо-сотиққа ишлатган ўша саватни кўтариб юрар, сават унинг қўлида ҳаддан ташқари катта кўринар, таги ерга тегай-тегай деб борар эди.
Орадан тағин бир йил ўтиб, ҳаволар сал илигач, найнов илк бора кулбасидан чиқди. Узоқ вақт офтоб кўрмаган юзи оҳакдек оқариб кетган эди унинг. Шўрлик тебраниб-тебраниб юради. Ўнг қўлида ғаров ҳасса, боғлоғлиқ чап қўли кўкси узра осилган. Чап оёғи ҳам шол бўлганидан аёл уни минг машаққат билан судрайди. Туришидан маълумки, демак, инсульт бўлган ўшанда.
Шундан бошлаб эр ҳар куни тонг-саҳарлаб ва оқшомлари хотинини ташқарига олиб чиқади, икковлон ҳовлини икки марта айланишади. Жуда қийинчилик билан, жуда секин юришади! Хотинининг тирсагидан тутиши учун эр ўзининг қўлини баланд кўтариши керак, шундай қилса, елкаси бесўнақай кўтарилиб-тушиб, кўтарилиб-тушиб туради. Хотинига мадад беришга қанча тиришмасин, бари бир унинг аҳволига кулмасдан илож йўқ. Найнов жонсиз чап оёғини кўтара олмас, ҳар гал қадам ташлаш учун шу оёғига боғланган чилвирни тортиши керак эди. Кўриниб турибдики, манзара ҳайратланарли — ҳам қайғули, ҳам таъсирчан. Қўни-қўшнида беихтиёр бу эр-хотинга нисбатан раҳм-шафқат туйғулари уйғонди. Мабодо уларга дуч келиб қолишса, очиқ чеҳра билан бош қимирлатиб қўядиган бўлишди.
Аслида, суюмли эрининг биқинида юришнинг ўзи найновга катта бахт эди. Бироқ ҳаёт ҳам, ажал ҳам уларга нисбатан баб-баравар шафқатсизлик қилди. Ҳаёт аёлни сиқиб сувини ичган бўлса, ўлим ўзи билан бирга олди-кетди. Бу ёруғ дунёда эр ёлғиз қолди.
Найнов оламдан ўтиб кетгач, тақдир паканага кулиб боқди. У оқланди. Тортиб олинган буюмлари тағин ўзига қайтариб берилди. Қамоқдан келгандан бери ишлаган иш ҳақидаги фарқ тўланди. Фақат, тикувчининг хотини эгаллаб олган хонани қайтиб беришмади, холос. Турмушида бирон-бир янгилик содир бўлармикан, деб ҳали ҳам қўшнилардан битта-иккитасининг қизиқишлари сўнмаган эди. Шу орада институтда бирга ишлайдиганлар паканани уйлаб қўйишга, яъниким, муҳаббат тори жарангининг умрини узайтиришда унга кўмаклашишга роса ҳаракат қилишганмиш-у, бу барига рад жавобини берганмиш, деган гап юриб қолди.
— Нимани кўзлаётганини биламан мен бунинг, — деди тикувчининг хотини бир куни, — мана, кўрасизлар!
Бу хотиннинг ҳам саодатли кунлари ортда қолди. Ҳокимиятни қўлдан бой бергач, у писиб кетди. Энди ҳаммага бирдай хушмуомалалик билан жилмайгани-жилмайган. Бир гал чиройли ёш жувоннинг, тўғрироғи, жиянининг суратини қўйнига солиб, пакана беванинг олдига кирди. Уйнинг жиҳозларини бир-бир кўздан кечиратуриб, уйланишдан гап очди. Энди ёйилиб сўзлай бошлаган эди, бирдан пакананинг жим, нигоҳларини бошқа ёққа қадаб ўтирганини пайқаб қолди. Юзи ҳам қорайиб кетибди. Тикувчининг хотини пакана қараб ўтирган ёққа ўгирилди: деворда келин-куёвнинг тўйдан кейин тушган сурати осиғлиқ турарди. Жиянининг суратини қўйнидан чиқаришга журъати етмай, бу ердан тезроқ жўнаб қолишга шошилди.
Йиллар ўтди. Пакана ҳали ҳам ёлғиз яшаб келяпти. Якшанба кунлари уйга ўғлини олиб келади. Баланд уйда турадиган қўшнилар эса, деразаларидан кичиккина жуссали кишини кўриб, ўн йилдан наридаги ишларни эслашади. Аста-секин улар бу кишининг шунча вақтдан бери қайсарлик билан танҳо яшаб келаётганининг боисини англагандек бўлишди…
Ёмғир ёғаётганида, одатланиб қолганиданми, пак-паканагина бир киши шамсияни баланд кўтариб, ўзидан хиёл четроққа тутиб юради. Худдики, шамсия остида яна кимгадир жой қолдираётгандек. Аслида у ерда ҳеч ким йўқ. Зотан, бу дунёда ҳеч қандай жудоликнинг ўрнини тўлдириб бўлмайди.

Рус тилидан Нурулло Отахонов таржимаси.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1986 йил, 6-сон.
________________
* Катта У (V Далан) — Ши Найаня қаламига мансуб «Сув корхоналари» романининг (XIV аср) қаҳрамони, нонфуруш. У Сун баҳодирнинг акаси, ниҳоятда паканалигидан доим кулгига қолиб юрган. Унинг номи паст бўйлиларга умумий лақаб бўлиб кетган.
** Хитойда «маданий инқилоб»нинг бошланиши шу пайтларга тўғри келади.
*** Ли — ўлчов бирлиги; 1 ли — 50 см.га тенг.
**** Дэн То (1912—1966) — атоқли хитой публицисти, тарихчиси, шоири. «Жэнмин жибао» газетасига 1949—1958 йиллари бош муҳаррирлик қилган. 1961 йилдан бошлаб ўша давр раҳбарлигининг сўл қонун-қоидаларини имо-ишораю тарихий мисоллар ёрдамида роса дўппослаб эсселар ёзган ва «Бэйчзин ванбао» газетасида эълон қилдирган. Таниқли тарихчи У Хан (1909—1969) ҳамда публицист ёзувчи Ляо Моша билан бирлашиб, Пекин шаҳар қўмитасининг журнали «Чянсян»да «Уч оила қишлоғидан ёзишмалар» номи остида эссе ва ўткир фельетонлар эълон қилдирган. Учала муаллиф ҳам «маданий инқилоб» қурбонлари. Ўша даврдаги барча йиғилиш ва митингларда уларга лаънатлар ўқилар эди. Улардан Ляо Мошагина тирик қолган.