– Нима қилай қўлимдан бошқа нарса келмаса?! – дерди отам. – Ҳали бу нарсаларни тушунишга ёшлик қиласан. Аммо каттароқ бўлганингда албатта буни тушуниб етасан. Ўшанда менга бундай қарамайсан ва ҳозиргидай мени саволларга кўмиб ташламайсан.
Лекин мен эндигина ўн уч ёшга кирсам-да, буларнинг барчасини яхшигина тушунардим. Шу сабабли бундан хафа ҳам эмасдим, отам айтганидай унга “бундай” қараётганим ҳамйўқ эди.
– Бир куни келиб сен ҳам ўз болангга нисбатан мен қилган ишни қилиб қолишинг мумкин, – деб гапида давом этарди отам.
Шундан сўнг баланд овозда қичқирди:
– Сувни олиб кел! Исиб кетгандир, ахир.
Онам ичидан буғ чиқиб турган катта қозонни олиб келиб капамизнинг олдига қўйди ва ўзи ҳам унинг ёнида ерга ўтириб олди.
– Дарров киймларингни еч!
Кўйлагимни ечишим билан ойимга кўзим тушди. У ҳалиям иссиқ сув тўла қозон олдида ўтирганича менга тикилиб турар, эндигина уйқудан турган укаларим ва сингилларим бирин-кетин келиб унинг атрофини ўраб олишганди.
– Нега индамай ўтириб олдинг? Ўрнингдан тур-да, анави седарни* олиб кел!
Шундан сўнг отам худди жуни олинадиган эчки боласи каби мени қозоннинг ёнига тортиб, бошимдан бир коса иссиқ сув қуйиб юборди. Мен эса бошимдан олов қуйилгандек шундай қичқирдимки, отамнинг қўллари беихтиёр бўшашиб кетди ва мен қочиб қолишга улгурдим.
Қўлида бир ҳовуч седар олиб келган онам эса капанинг олдида қараб турарди.
– Куйдим, – дедим ғингшиб. – Жудаям иссиқ экан.
– Иссиқ бўлиши керакда ўзи, – деди отам парво қилмай. – Нима, мана шу аҳволда ювинмасдан Эроншаҳрга бормоқчимисан?
Онам ишора билан: “Совуқ сув, совуқ сув”, деди.
Онам нима демоқчи бўлганини тушундим. “Озгина совуқ сув қўш, бўлмаса”, демоқчи бўлаётганди.
– Совуқ сув нимага керак? – деди отам. – Ҳозир бу боланинг баданида мингта касаллик бор. Иссиқ сув уларнинг барчасини ювиб кетади. Бунинг устига тери остидаги қон озгина юришади. Ҳеч бўлмаса юзига бир оз ранг-рўй энади.
Отамнинг бу гапига онам ҳеч нарса демади. Ўзи бориб бир челак сув олиб келди-да, қозоннинг ичига қуйди. Отам ғазаб билан менга қаради-да:
– Энди кел, бўлмаса! – деди.
Шундан сўнг иккалалари биргалашиб баданимни уч марта седар билан ювишди ва отамнинг тоза лангутаси* билан артишди. Сўнгра онам капамиз ичкарисидан фақатгина байрам кунлари ёки шаҳарга борганимизда кийиладиган оқ кўйлагим ва кенг иштонимни олиб чиқди. Отам эса ўзининг ашқоллари орасидан ўртоқларидан бири унга Чобаҳордан* олиб келган ҳинд атри шишачасини топиб, уни баданимга суркади. Онам сочларимни тараб тартибга солди ва қўллари билан ишора қилиб: “Энди худди куёвларга ўхшаб қолдинг!” деди ва лабларини пешонамга босиб мени ўпди. Юзларим иссиқ сувда куйганига, бунинг устига уялиб турганимга қарамасдан ўзимни дунёдаги энг бахтиёр боладай ҳис қилдим. Шу ҳолда ич-ичимдан суюнардим ва менинг бахтиёрлигимга ҳасад қилаётган укаларим ва сингилларимнинг устидан кулардим.
– Жуда яхши, – деди отам бу ҳолатимдан мамнун бўлиб. – Энди анави шиппакларни олиб кел.
Онам бориб ўзи хурмо дарахти пўстлоғидан тўқиган боғичли шиппакни олиб келди-да, оёқларим остига қўйди.
– Шиппакни нима қиламан?
– Кийвол! Оч-яланғоч гадой экан дейишмасин, тағин.
– Шиппак киймайман. Мана шундай кетавераман.
– Кий, дедим сенга! Кўп гапирма! Катта йўлгача уч фарсах* келади. Оёқларинг уриниб қолади. Ўтир-да кийвол.
– Шиппак кийиб юришга ўрганмаганман. Ўйдим-чуқурларда қоқилиб йиқиламан.
– Мана бу аёл бир ҳафта ўтириб сен учун бу шиппакларни тўқиди. Ўтиргин-да, кий!
Онам рўпарамга ўтириб бир оёғимни тиззасининг устига қўйди. Аммо оғир бўлиб, оёқни уришини билганим учун тезда оёғимни тортиб олдим. Лекин онам бошини кўтариб юзимга шундай тикилдики, унга ичим ачиб кетди ва оёқларимни шиппакларга тиқишга мажбур бўлдим. Онам шиппакнинг боғичларини тўпиғимга айлантириб қаттиқ боғлади.
Шиппакдан кўнгли тинчиган отам енгил нафас олди-да:
– Унга бир пиёла сув ҳам бер, ичволсин, – деди. – Ҳаво иссиқ, Эроншаҳрга етгунимизча йўлда чанқаб қолади.
Онам югуриб бориб сув тўла мешни олиб келди. Кеча оқшомдан бери чанқаб турган эканман, нафасим қайтиб қолгунича сув ичдим. Онам эса худди шу чоққача сув ичишимни кўрмагандек афтимга тикилганича мени кузатарди.
Капамизнинг олдидан қўзғалиб, йўлга тушганимизда кун ёришиб қолган эди. Укаларим ва сингилларим ҳалиям капамиз олдида менга қараб туришарди. Ҳатто эрта тонгданоқ ўз капасидан чиқиб келган Жонбиби ҳам онамнинг ёнида капага суянганича мени кузатиб қолаётганди. Ҳаммадан ҳам кўпроқ онамнинг ёнида турволиб менга қараб қўлларини тез-тез силкитаётган кичкина синглим Моҳипешонани яхши кўрардим.
Абдусатторнинг капаси олдида овулнинг бекорхўжалари – Набибахш ва Меҳроб қум устида ялпайиб ўтирганларича бизни томоша қилишарди.
– Йўл бўлсин энди, худо хоҳласа? – деб сўради Набибахш.
Гапиришга ҳафсаласи бўлмаган отам:
– Шаҳарга… – деди-да, гапининг қолганини ичига ютди.
Мен яна бир мартагина ўз капамизни кўриб қолиш учун орқамга қайтдим. Онам қора сарикини* кийганича қумлар устида ўтирар, Моҳипешона эса ҳалиям менга қараб қўлини силкитарди. Яна бир синглим ва укаларим эса қотиб туришарди. Мен уларга қараб қўлимни кўтаришим билан укаларим ҳам тез-тез қўлларини силкий бошлашди. Улар мени бугун ҳам шунчаки биз билан ўйнаяпти деб ўйлашарди чоғи.
Отам чўлнинг ўртасига етгунимизга қадар бошқа гапирмади. Офтоб аста-секин тепамизга келган, Чоҳбаҳор томондан эсган эпкин ҳавони бир оз салқин қилганди.
– Намби шамоли* келяпти, – деди отам. – Қани эди худо бир ёмғир ёғдирсайди…
У шундай дея на бир парча булут, на ёмғирдан дарак бўлган осмонга тикилди. Чўл олдингидай сокин ва қуруқ бўлиб, унда эсаётган кучсиз шамол капаларимиз томондан бир аёлнинг ғамгин қўшиғини олиб келарди:
“… Укагинам, бу йил қаҳатчилик бўлди. Бизнинг азиз ватанимиз қашшоқ ва ночор… Ҳали пишиб етилмаган хурмо уруғининг тупроққа тушиши жудаям увол…”
Мен чўлнинг нариги томонида ўтин тераётган овулимиз болаларини кузатардим. Доимо жигарранг кўйлак ва иштон кийиб юрадиган Мурод ҳам дам энгашиб, дам турганича ўтин терарди. Мен уни узоқдан таниб қичқирдим:
– Ҳей… Мурод!
Мурод қаддини кўтарди-да, мени кўриб қўлини силкитди.
Отамга эса бу ёқмади чоғи:
– Нима ишинг бор у билан? – деди.
Шундан сўнг отам менга насиҳат қилишга тушди. То чўлни кесиб ўтгунимизга қадар қайта-қайта қулоғимга қуйди:
– Болам! Эҳтиёт бўл, иштонингни тикан-пикан йиртмасин. Секинроқ юр, тағин баданинг терлаб сасиб кетмасин. Кел, менинг соямдан юр, офтоб ҳинд атрининг ҳидини учириб кетмасин тағин…
Менинг хаёлим эса чўл ўртасида яшнаб турган бир неча туп юл-ғун ва кунор дарахтида эди. Агар овулимизнинг болалари буни кўришганида эди, улардан қанча седар йиғиб кетишган бўларди.
– Бу сафар кунор барги термоқчи бўлсам, чўлнинг мана шу томонига келаман, – дедим отамга. Ҳу анави томонга қаранг! Кунор дарахтлари…
Отам кунор дарахтларига бир қараб қўйди-да, қадамини тезлаштирди:
– Тезроқ юр! Офтоб тиккага келиб қолди.
* * *
Каҳурий йўлига етиб боргунимизга қадар қуёш ҳамма жойни қиздириб юборган, боғичли шиппак оёғимни ура бошлаганди. Оёқларим ачишар, шиппакнинг боғичи тўпиғимни қийиб юборганди. Отам бўлмаганида эди аллақачон бу шиппакларни чўлнинг ўртасига улоқтириб юборган бўлардим.
Йўл чеккасида қанча турмайлик машина кўринмасди. Кўринишидан балуж бўлган бир кекса ва икки ёш киши ҳам биз каби машина кутиб туришарди. Кекса киши йўл четида оёқ учида ўтирар, ўзининг айтишича бир соатдан бери “бирор машина келиб қолармикин”, дея кўзи йўлда эди.
– Пиёда кетаверайлик, – дедим отамга. – Бунақада кечгача ҳам тураверамиз. Барибир машина келмайди.
– Қаёққа борамиз? – деди отам. – Эроншаҳр сенга Жонбибининг капасидек жойда эмаски, югуриб бориб келсанг! Шаҳаргача ўн-ўн икки фарсах йўл ахир.
– Унда овулга қайтайлик… – дейишим билан отам менга шундай ўқра-йиб қарадики, гапимнинг қолган ярмини ичимга ютиб қўя қолдим.
Шу чоқ кекса киши бирданига ўрнидан турди-да:
– Келди! – деди. – Келаётганга ўхшайди…
Йўлнинг нариги учидан бир қизил машина офтоб нурида ярақлаганича биз томон яқинлашиб келарди. Бизнинг олдимизга келиб тўхтади. Бу юк машинаси бўлиб, унинг юкхонаси одам билан тўла эди. Эркагу аёл аралаш миниб олишган, улар орасида ёш болалар ҳам бор эди. Дадам қўлимдан ушлади-да, аввал мени машинанинг юкхонасига чиқарди, сўнгра ўзи ҳам чиқиб олди.
Машинада ҳам отам ўзининг насиҳатларини давом эттирарди:
“У ерга борганимиздан сўнг ундай қилма, бундай қил. Беҳудага кулаверма, ҳадеб у ёқдан бу ёққа сакрайверма. Кўзларингни лўқ қилиб турма. Хожанинг кўзларига чўл бўрисига ўхшаб қарама. Ўзингни мўмин-қобил кишидек тут. Худди беозор бир қўзичоқдек. Аммо эҳтиёт бўл, тағин бўйнингни эгиб тураверсанг сени қўлидан ҳеч иш келмас экан деб ўйлашмасин. Харидорларга ўзингни эчки боласидек эмас, балки қўчқордек қилиб кўрсатгин. Тушундингми?”
* * *
Шу чоққача Эроншаҳрнинг буюм бозорини кўрмаган эдим. Аммо отам кўрган эди. Бир сафар бўйра, хуржун ҳамда онам билан бирга каҳур дарахти ёғочидан ясаган муштак ва чилимларини, яна бир сафар эса бурама шоҳ эчкимизни сотгани ушбу бозорга келган эди.
Буюм бозорига етиб келганимизда кун тушга яқинлашиб қолганди. Мен шунчалик терга ботган эдимки, баданимга сепилган ҳинд атрининг ҳиди ҳам камайиб қолган, иштонимнинг почалари эса тупроққа беланганди. Шулар тўғрисида айтмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эдим ҳамки, отам:
– Мени маҳкам ушлаб олгин! – деди. – Йўқолиб қолма тағин.
Олдинига бозор деганлари мана шу ер эканлигини англаб етмадим. Фақатгина айримлари кенг ва айримлари тор бўлган эгри-бугри кўчаларни оралаб юрганимизни билдим. Бу кўчаларнинг барчаси одам билан лиқ тўла бўлиб, ҳар бир киши сотгани бирор нарса олиб келган, ҳар бир сотувчи бақириб-чақирганича ўз молини мақтарди. Бу кўчаларда одам шунчалик кўп ва тиқилинч эдики, игна ташласанг ерга тушмасди. Бирор жойда муқим туриб бўлмас, одамлар оқими уни суриб бошқа жойга олиб кетарди. Отамнинг қўлидан чиқиб кетсам, бу издиҳомда йўқолиб қоламан деб қўрқдим. Чунки йўқолиб қолсам, бошқа бирор киши мени ўзининг боласи ўрнида сотиб юбориши, отам эса асабийлашганича қуруқ қўл билан уйга қайтиши мумкин эди.
Барча сотувчилар эрта тонгданоқ бозордан жой эгаллаб эди. Биз эса қаердан жой олишимизни билмай ҳайрон қолгандик.
– Бу ғала-ғовурда қандай қилиб харидор топамиз? – дедим.
–Тезроқ юр, ҳозир етиб борамиз, – деди отам.
Кўпроқ хорижда ишлаб чиқарилган буюмлар сотиладиган ердан ўтиб хилватроқ бўлган бир кенг кўчага етдик. Икки четдаги деворлари сомон сувоқ қилинган бу кўча унчалик ҳам тоза бўлмай, ундан гўнг иси келиб турарди. Кўчанинг у ер-бу ерида мол ва от тезаклари, қўй ва эчки қумалоқлари кўзга ташланар, улар одамлар босиб ўтаверганидан текисланиб кўча билан бир бўлиб кетган, кўчадан сассиқ ҳид уфурарди.
Отам икки семиз қўчқорни симёғочга боғлаб қўйган бир балуж киши билан салом-алик қилди.
– Ахийри олиб келдингми?–деди балуж киши.
Отам бошини қимирлатиб қўйди. Балуж киши эса менга бир назар ташлаб:
– Мошоллоҳ! – деди. – Кўз тегмасин, паҳлавондай йигит экан.
– Менимча. Ҳозир ўн уч ёшга чиқиб қолди, – деди отам.
– Карвонсаройга бор, – деди балуж киши. – Харидор келса сенинг олдингга жўнатаман.
Бир оз юрганимиздан сўнг отам:
– Нима деганларим эсингда турибдими? – деди. – Харидорга қараб кўзларингни лўқ қилиб турма. Булбулдек сайрашинг ҳам керак эмас. Агар мен ишора қилсам гапир, соқовга ўхшаб оғзингни юмиб ўтирма.
Шу пайт арқони кекса бир кишининг қўлида ўровли турган ориқ ва ўлакса эчкига кўзим тушди. Эчкининг кўзларига яхшилаб қарадим: кўзлари кўпам отам айтганидай эмасди…
– Эчкимизни мана шу одамга сотгандим, – деди отам. – Энди эса мана бу бадбахтнинг отини ҳам сотиб олмоқчи.
Отам шундай деб ерга тупурди. Мен эса пешонаси оқ жигарранг бир отнинг тишларини кўраётган, кўйлагини форсларга ўхшаб иштонининг ичига тиқиб олган кишига қарадим.
– Отини сотиб олмоқчими?
Отам бу саволимга жавоб бермасдан:
– Сенга тишингни туз билан тозалаб ювишингни айтиш эсимдан чиқиб кетибди, – деди. – Қани, бир кўрай-чи.
“Тишларим нимага керак экан?” деб ўйладим-да, оғзимни очдим.
Отам юқори ва пастки тишларимни яхшилаб кўриб чиқди ва бир неча марта афсуслангансимон калласини қимирлатиб қўйди-да:
– Жудаям сарғайиб кетибди, – деди. – Бир нечтасини қурт ҳам еган экан. Нега Жамила сенга тишингни туз билан ювишинг кераклигини айтмади?
– Тишларим нимага керак? – дедим ажабланиб.
* * *
Биринчи келган харидор тезда жағимни ушлаб бошимни юқорига кўтарди-да, юзимга қаради. Унинг юзи семиз ва лунжлари шишган бўлиб, кўзлари қўрқинчли эди. Мен дарҳол кўзларимни ерга қаратдим.
– Оғзингни оч!
“Оғзим нимага керак экан?”, деб ўйлаётган эдим ҳамки у панжалари билан жағимни қаттиқ сиқиб оғзимни очиб юборди.
– Эҳ ҳе! Тишларининг ҳаммасини қурт еб кетган-ку?!
У шундай деб жағимни қўйиб юборди. Бошим яна отам томонга бурилиб қолди.
– Қани қурт егани? – деди отам. – Фақатгина биттаси қорайган, хожа ҳазратлари! Қолганлари соғлом. Ўттиз икки тишидан ўттиз биттаси соппа-соғ.
– Йўқ, элатдош! Бунинг менга ярамайди. Хандон писта қиладиган ишчи керак менга. Мен кўрган бу тишларнинг бунга кучи етмайди, икки кунда оғзидан тўкилиб тушади.
У одам олдимиздан кета бошлаши билан журъат қилиб бошимни кўтардим ва ортидан унга қарадим.
– Харидор эмасман деб айтмайсанми! Бўлмаса мана шундай соғ-лом тишлари билан…
У одам отамнинг гапларини эшитмади. Карвонсаройнинг нариги томонига бориб бошқа бир боланинг жағини ушлаб олганича унинг тишларини кўрарди.
– У ўзи истаган тишларни ҳеч қаердан топа олмайди, – дедим.
Мен шундай дея ўша харидор тишларини кўраётган боланинг юзини кўриш учун бўйнимни чўздим. Аммо харидор жудаям семиз бўлиб унинг орқа томонидан бояги болани кўришнинг иложи йўқ эди. Яқинроқ бориб кўриш учун энди йўлга тушган эдим ҳамки, отам уришиб берди:
– Ҳадеб у ёқ-бу ёққа сакрайвермай жойингда тур!
Жойимда тўхтадим. Ўша харидор эса яна қорайган ва қурт еган тишларга учради чоғи, индамасдан карвонсаройдан чиқиб кетди. Мен ўша харидор тишларини кўрган ўсмир қиз бола эканини эндигина кўзим тушган эди. Қизча ҳалигина харидор ушлаб сиққан жағларини силар, юзидан қўрққани кўриниб турарди. Ёш қиз уни бу ерга олиб келган, билмадим, отаси ёки бобоси бўлган бир кекса киши билан бирга тош устида ўтиришарди.
– Сен ҳадеб у ёқ-бу ёққа сакрайверма! – деди отам. – Кўрдингми, мана булардай жимгина бошингни қуйи солиб ўтирсанг, кўпроқ харидор келади.
Шу чоқ ўша қиз бола биз томонга қаради, аммо тезда уялиб кўзларини олиб қочди ва бошини қуйи солиб олди. Кўзлари отам айтганидай, қўчқорнинг кўзларига ҳам ўхшамасди. Кўзлари хижолатга тўла бўлиб одамдан қочарди.
– Кўзлари қўчқорнинг кўзларига ўхшамас экан, – дедим. – Оҳунинг кўзларига ўхшайди. Шунинг учун ҳам харидорлар унинг олдига кўпроқ келишса керак.
Отам менга кўзларини олайтириб қаради-да:
– Овозингни ўчир! – деди. – Анави келаётган одам харидор бўлади!
Аста-секин биз томон келаётган ва башараси қожорларга* ўхшаб кетадиган кишига қарадим. Аммо отамнинг гаплари эсимга тушиб кетиб, яна бошимни қуйи солиб олдим. Худди шу ҳолда кўз остидан бояги қизга назар ташладим. У ҳалиям бошини қуйи солганича хомуш турар, енглари узун кенг кўйлаги бинафша рангида бўлиб, устидаги чодирида катта-катта яшил гуллари бор эди.
Қожор кишининг овози йўғон эди. Бундай хожа мени олиб кетишини истамасдим. У оёғига арабий сандалдан қилинган ковуш, устига сариқ иштон ва енги калта кўйлак кийиб олган, билаклари йўғон ва жунли эди.
– Ўрнингдан тур, бир кўрай-чи!
Отам шошиб-пишиб деди:
– Тур ўрнингдан, Суҳроб!
– Исми Суҳробми?
– Ҳа, Суҳроб. Аммо сиз қандай исм қўйсангиз, тезда ўшанга кўникиб кетади. Кейинчалик қандай исмни хоҳласангиз қўйишингиз мумкин.
– Ўзингнинг ўғлингми?
Отам бошини қуйи солганича жим қолди.
– Ўша айтганим: ўн саккиз мингта…
– Қанақасига ўн саккиз минг? Бундан икки ой олдин амакисининг ўғлини йигирма мингтага сотишди. Ҳали ўн ёшга ҳам кирмаган эди. Нимжон ва кучсиз эди. Бунинг нима камчилиги бор экан?
Қожор қўлларимни қўлларининг орасига олди, уларга яна бир бор синчиклаб қаради-да:
– Йўқ, – деди. – Ўша айтганим: ўн саккиз мингта… Пулни санайверайми?
Отам шарт ўтириб олди. Бошини ундан ўгирди-да:
– Бермайман, хожа ҳазратлари, – деди. – Сиз харидорга ўхшамайсиз!
Қожор киши бояги чол ва у билан бирга турган қиз бола томон йўл олди. Қиз бола ўзини тартибга солди, қожор эса чол билан гаплаша бошлади. Қиз боланинг нархи тўғрисида савдолашаётгани аниқ эди. Аммо қожор киши у ердан ҳам кетди.
– Бекордан-бекорга ҳамма билан савдолашиш, сўнгра эса ҳеч кимни сотиб олмасдан кетвориш учун келган экан-да, – дедим.
Қиз бола бошини кўтарди ва мен яна бир бор унинг кўзларини кўришга муваффақ бўлдим. Унинг кўзлари худди мен ўйлагандек эди.
Қиз кўзларини ерга қаратиб, яна бир бор юқорига қараганида унга ошиқ бўлгим келиб кетди. Агар унга ошиқ бўлганимда эди онамнинг ақиқ узугини секингина олардим-да, унга тақдим этган бўлардим. Уларнинг капаси Жонбибиларнинг капаси ўрнида бўлганда эди, ҳар кечаси унга нон элтиб берган бўлардим. Шунда биргалашиб арпа нони ердик, ошиқ бўлардик ва яна арпа нони ердик…
– Бу иссиқда уйқунг келяпти чоғи? Тур ўрнингдан, ҳу анави ердаги сояга бориб тур.
Ўрнимдан турдим. Отам ўша томонга қараб юрганда дунё топган гадойдек суюниб кетдим. Худога минг марталаб шукр қилдимки, чол ва унинг ёнидаги қизнинг рўпарасидаги соя бошқа барча жойдаги соялардан каттароқ экан.
– Анави ерга борайлик, сояси кўпроқ экан, – дедим отамга.
Энди ўша қизнинг рўпарасида ўтирардик. Иккалалари чолнинг лангутасини олдиларида ёйиб олганларича арпа нони билан хурмо ейишарди. Мен яна хаёлга берилдим: “Агар уларнинг капаси бизнинг капамиз ёнида бўлганида эди…”
Шу чоқ бирданига аввал чол менга қараб ишора қилганини, ундан сўнг ўша ёш қиз менга қараганини, сўнгра ўрнидан туриб биз томон чопиб келаётганини кўрдим. У олдимизга келиб қўлидаги иккита хурмони менга узатди. Мен эса нима қилишни билмай қотиб қолгандим, қўлларим увушиб қолгандек ҳаракатга келмасди.
– Қўлидан олмайсанми?…
Отам шундай дея қизнинг қўлидан хурмоларни олди. Қиз эса яна отаси ёки бобоси бўлган чолнинг олдига қараб чопиб кетди. Отам ҳар иккала хурмони менга берди. Мен эса кеча кечаси ойим менга яширинча берган бир дунё арпа нони еб олганимга қарамасдан шунчалик оч-қаган эканманки, иккала хурмони ҳам паққос туширдим. Аммо унинг данакларини отиб юборгим келмади ва навбатдаги харидор келгунига қадар уларни шимиб ўтирдим. Шу аснода рўпарамга қараб-қараб қўярдим. Чол тиззаларини қорнига ёпиштириб олганича оёқ учида ўтирар, лангутасини белига ва оёқларига ўраб олган, кўзларини юмганича мизғирди. Қиз бола эса баъзида менга қараб қўяр, сўнгра яна кўзларини олиб қочарди. Отам эса менга асло эътибор бермас, ўз ўй-хаёллари билан банд эди. У пулдорроқ харидор келиб қолишини кутарди.
Шу чоқ кўнглим унинг исми онамникидай Жамила бўлишини истаб кетди. Лекин унинг онамдай гунг бўлишини эмас, балки гапларини имо-ишорасиз гапира олишини истардим. Менда агар Муридхоннинг* юрагидақа юрак бўлганида эди албатта уни севиб қолган, қандай қилиб бўлса-да, пул топиб, ўзим ана шу чолдан сотиб олган бўлардим. Шундагина бирор бир қулдор хожа уни сотиб олмаган ва ўзи билан бирга олиб кетмаган бўларди.
– Суҳроб! Ўрнингдан тур, Суҳроб!
Яна харидор хожалар келган эдилар. Уларнинг иккитаси ёш, биттаси эса кекса киши эди. Кўринишларидан жудаям бадавлат кишиларга ўхшашарди. Кекса хожа кўзига кўзойнак тақиб олган, қўлида дастаси кумушдан ҳасса тутган, тилла занжирли соати эса камзулининг чўнтагидан чиқиб турарди. Кўзлари одамга жудаям меҳрибон боқарди. Кўнглим шулар мени сотиб олишларини истаб кетди. Кўз қарашларидан бир неча уйлари ва бир неча машиналари ҳам бор эканлиги кўриниб турарди. Улар сотиб олган бола ҳеч бўлмаганда машинада текин юриши мумкин эди.
Кўзларим “Жамила”га тушганда унинг ҳаяжондан титраётганини кўрдим. Худди “Жамила” улар мени олиб кетишларини, мени олиб кетишса, бир ўзи ёлғиз бу ерда қолиб кетишни истамаётгандай эди.
Кекса хожа гап бошлади:
– Ёши нечада?
– Ўн уч ёшда… Ҳеч бўлмаганда ўн иккида…
– Саводи ҳам борми?
– Йўқ, хожа ҳазратлари.
Шундан сўнг хожалардан бири деди:
– Ота-онаси маълум ҳалолзода бола бўлса керак, ахир…
Отам шоша-пиша деди:
– Ҳа-ҳа, ўзимнинг ўғлим, хожа ҳазратлари!
Кекса хожа сўради:
– Бўладиган нархи қанча? Неча пул сўрайсиз?
Отам деди:
– Амакисининг ўғли ўн яшар эди, кичик ва нимжон, йигирма мингтага сотиб олишди… Мана шу икки ой олдин.
Улардан бири деди:
– Амакисинингу холасининг ўғли билан ишимиз йўқ. Сиз айтинг: бунга ўзингиз неча пул сўрайсиз?
Отам яна тушунтириш беришга тушди:
– Ўзимнинг ўғлим. Онаси қашшоқлик ва етишмовчилик билан катта қилди. Егулигига нима топиб беришни билмадим. Тўрт мучаси соғ. Инсоф ўзингиздан, хожа ҳазратлари…
Хожалардан бири деди:
– Гапимга қулоқ солинг: биз буни ўғрилик қилгани олиб кетмаймиз. Чегаранинг у томонига – араб амирликларига жўнатмаймиз ҳам. Кондами, чўл-биёбондами ишлатиш ниятимиз ҳам йўқ. Биз уни уй хизматкори қилиш учун олиб кетмоқчимиз. У ерда ўз уйида яшагандек яшайди, у ердагилар нима еса ўшани ейди, қандай ётиб турса шундай ётиб туради. Келажаги ҳам яхши бўлади… Энди айтинг, қанча берайлик?
Отам нима дейишини билмай қолганди.
Хожалардан бошқа бири деди:
– Бўладиган нархи ўн бешта. Маъқулми?
Отам жағини ушлаб уни тез-тез қашлади.
Кекса хожа деди:
– Кўнглинг хотиржам бўлсин. Ҳеч бўлмаганда боланг ўғри ёки жиноятчи бўлиб кетмаслигини ўйлаб бехавотир яшайсан.
Отам деди:
– Йигирма мингта…
Олдин ёш хожалардан бири, сўнгра иккинчиси олдимиздан кета бошлади. Кекса хожа деди:
– Отажон, яхшилаб ўйлаб кўринг. Болангизнинг тақдирини ҳар кимнинг қўлига ишониб топширманг. Биз сизга ёмонлик истамаймиз.
У шундай деди-да, кетди. Энди уларнинг ҳар учаласи “Жамила”нинг олдида туришар ва унинг отаси ёки бобоси бўлган чол билан гаплашишарди. “Жамила” гоҳида бошини қуйи солар, гоҳида хожалар орасидан менга яширинча қараб қўярди.
– Эй худо! – деди отам сиқилиб. – Ўзим ҳам нима қилишни билмай қолдим. Сенга бундан ортиқ нарх қўйишмайдими деб қўрқаман.
Мен эса ич-ичимдан худодан ёлвориб сўрардимки, отам билан анови чол мен билан ўша қизни биргаликда мана шу хожаларга сотишса.
Бироқ кўрдимки, “Жамила”нинг отаси ёки бобоси бўлган ўша чол қизни қанчадир нархга сотишга рози бўлган, хожалардан бири эса тез-тез пул санарди.
– Сотиб олишди шекилли, – дедим.
– Ўзим ҳам нима қилишни билмай қолдим… билмай қолдим, – деди отам.
– Унда сиз ҳам мени мана шу хожаларга сотинг, – дедим. – Яхши одамлар экан, ота.
Хожалар пулни чолнинг қўлига бердилар. Қиз бечора ҳаяжондан титрар, менга қараб-қараб қўярди. Яна шу чоқ уни севиб қолгим, худди гўзал қиз Ҳонийни севиб қолган Муридхон каби пешонаси оқ қаҳваранг отни чоптириб келиб, “Жамила”ни ана у хожалар қўлидан юлиб олиб отимга миндириб, тоғу тошларга олиб қочиб кетгим келиб кетди.
– Энди кеч бўлди, ўғлим.
Ўша учта хожа “Жамила”ни етаклаб карвонсаройдан чиқишди-да, кўчалардан бирига кириб ғойиб бўлишди. Чол эса олган пулларини лангутасининг бир бурчига тугиб олганича аста-секин бизнинг олдимиздан ўтиб кета бошлаганди.
Биз кун ботгунга қадар харидор кутиб қолиб кетдик. Энди “Жамила” ва унинг отаси ёки бобоси бўлган чол ўтирган ўша тошнинг устида ўтирардик.
Бизнинг олдимизга келган сўнгги муштарийлар иккита хорижлик киши эди. Уларнинг ҳар иккаласи хорижда ишлаб чиқарилган қимматбаҳо шимлардан кийиб олишган, бўйлари ҳам отамнинг бўйидан анча баланд эди. Ҳар иккала хорижлик хожанинг сочлари малла бўлиб, кўзларига ҳам хорижда чиққан кўзойнаклардан тақиб олишган, сақич чайнашар эди. Улар олдин сочларимнинг орасини текшириб кўришди, сўнгра кўзларимга яхшилаб тикилишди. Сўнгра кўкрак қафасим устига қўлларини қўйиб:
– Нафас ол! Нафас ол… – дейишди.
Мен тез-тез нафас олдим. Шундан сўнг бўйнимнинг орқасини кўришди. Ҳатто отамдан ҳам уялмасдан сурбетларча баданимнинг ҳамма жойини кўриб чиқишди. Улар бир-бирлари билан ўзларининг тилларида бир нарсалар деб гаплашар ва бошларини қимирлатиб қўйишарди.
– Мистер, кўрдингизми? – деди отам. – Кўрдингизми, ёлғон айт-мадим. Соппа-соғ. Танасида бирорта ҳам касаллиги йўқ.
Аммо, билмадим, негадир мен мистерларга ҳам ёқиб тушмадим. Улар ҳеч нарса демасдан олдимиздан кета бошлашганида отам уч марта ерга қараб тупурди-да:
– Ўша хорижий бўй-бастларингга тупурдим! – деди.
Кун ботар чоғида чўлда ёмғирдан ҳеч қандай дарак йўқ эди. Энди шимоли-шарқ томондаги чўлдан “ҳушок” деб номланган, дарахтлар ва экинларни қуритиб юборадиган иссиқ шамол эса бошлаганди. У ўз йўлида чўлдаги қумларни олиб келиб чўл бутарлари ва ўсимликларининг поялари ва шохларига урарди.
Мен анчагина толиққан эдим, шиппагимнинг боғичлари тўпиғимни қийиб яра қилиб юборган эди. Шунчалик терлаб, сасиб кетган эдимки, эрталаб баданимга сепган ҳинд атрининг ҳидидан асар ҳам қолмаганди. Оқ кўйлак-иштоним тупроққа беланган эди.
– Кун ботар чоғида бир оз “ҳушок” эсади, – деди отам. – Худонинг ўзи асрасин бизни.
– Оқшомгача капамизга етиб оламизми? – деб сўрадим қўрқиб.
Отам эса менинг саволимни эшитмагандай сўзлай бошлади:
– Қадимгиларнинг айтишларига қараганда, “ҳушок” шамоли жаннатдан чиқиб келаркан. Аммо у ўз йўлида дўзахдан ҳам ўтганлиги учун шунчалик иссиқ бўларкан. “Ҳушок” шамоли эсадиган бўлса хурмо дарахтлари устидаги меваларни қолдирмайди, ҳаммасини куйдириб нобуд қилади. Худонинг ўзи раҳм қилсин.
Шундан сўнг лангутасини бошидан ечиб олди-да, у билан менинг бошим ва бўйнимни ўради. Сўнгра қадамларини тезлаштирди. Шу кетишича ўзига ўзи деди:
– Пастроқ тушишим керак. Билмадим, бунинг бўй-бастидан қандай камчилик топишдийкин?… Эртага нархини пастроқ айтишим керак…
Форсчадан Шокиржон Олимов таржимаси
______________
* С е д а р – Эроннинг Сейистон ва Балужистон вилоятида ўсадиган кунор дарахтининг баргини майдалаб туйиш орқали қўлда ясаладиган совун. (Тарж.).
* Л а н г у т а – 1.5 кв.м. ўлчамга эга матодан иборат бўлган лангута Эроннинг Сейистон ва Балужистон вилоятида яшовчи балуж халқининг милий либос турларидан бири бўлиб, одатда елкага ёки бошга ташлаб юрилади, шунинг билан биргаликда сочиқ ўрнида ҳам ишлатилади. (Тарж.).
* Ч о б а ҳ о р – Эроннинг жанубида, денгиз соҳилида жойлашган бандаргоҳ шаҳар. (Тарж.).
* Ф а р с а х – олти километрга тенг бўлган узунлик ўлчови. (Тарж.).
* С а р и к – Эроннинг Сейистон ва Балужистон вилоятида яшовчи балужларда аёллар киядиган чодра. (Тарж.).
* Намби шамоли – Эроннинг денгизга туташган жануб томонидан эсиб, намлик ва ёмғир олиб келадиган шамол. (Тарж.).
* Қ о ж о р л а р – XVIII аср охирлари – XX аср бошларида Эронда ҳукмронлик қилган сулола. Балужлар ҳожорлар сулоласи вакилларидан кўрган жабр-зулмлари туфайли ерли бўлмаган ҳар бир бегона ва ёхуд қуролланган кишини “қожор” деб аташади. (Тарж.).
* М у р и д х о н – Балужистон аҳолисининг халқ оғзаки ижоди ва ишқий қиссаларидан бири бўлган “Муридхон ва Ҳоний” қиссасидаги асосий қаҳрамон. (Тарж.).