Эзоп. Масаллар

БУРГУТ БИЛАН ТУЛКИ

Бургут билан Тулки дўст тутинишди ва қўшни бўлиб яшашга аҳд қилишди. Бургут бир азим дарахтнинг қир учига уя қурди, Тулки эса, шу дарахт тагида буталар орасида болалади. Орадан бир қанча вақт ўтиб, кунларнинг бирида Тулки овга чиқди. Шунда ўз палапонларини нима билан боқишни билмай, очиқиб ўтирган Бургут пастга учиб тушиб, буталар орасида ётган тулкиваччаларни чангалига илиб уясига олиб чиқди-да, уларни ўз палапонлари билан баҳам кўрди. Мана, Тулки инига қайтиб келди, келди-ю, бир қарашда не ҳол юз берганини фаҳмлади. У жуда қаттиқ қайғурди — нафақат болаларининг нобуд бўлганидан, балки қотилдан қасос ололмаслигидан ич-этини еб изтироб чекди, зеро ердаги ҳайвон осмондаги қушни тута олмаслигини у яхши билар эди. Нотавон ва ночор ҳайвон нима ҳам қила оларди? Ғанимини фақат узоқдан туриб қарғашгагина кучи етарди унинг. Бироқ орадан кўп ҳам вақт ўтмай, Бургут дўстлик аҳдига хиёнат қилгани учун жазосини олди. Бир одам далада эчки сўйиб, худолар йўлига қурбонлик қилди; Бургут буни кўриб, учиб келди-да, қурбонгоҳда лаққа чўғ бўлиб ёнаётган ичак-чавоқларни ўғирлаб уясига олиб чиқиб кетди. Худди шу пайт бирдан қаттиқ шамол туриб, нозик шох-шаббалардан қурилган уя бояги ичак-чавоқлар орасидаги чўғлардан “пов” этиб аланга олди. Ҳали учишни ўрганмаган темирқанот, жиш палапонлар кабоб бўлиб ерга тушди; шунда Тулки югуриб келиб, Бургутнинг кўзи олдида унинг палапонларини ямламай ютиб юборди.
Масалдан ҳисса шуки, дўстликка хиёнат қилган одам дили оғриган дўстининг қасосидан қутулиб қолган тақдирда ҳам худолар қаҳридан қочиб қутула олмагай.

БУРГУТ, ЗОҒЧА ВА ЧЎПОН

Бир Бургут баланд қоя бошидан учиб тушиб, яйловда ўтлаб юрган қўзичоқни чангалига илиб учиб кетди. Буни кўрган Зоғча Бургутга ҳасад қилди ва у ҳам шундай иш тутмоқчи бўлди. Мана, у ҳаммаёқни бошига кўтарганча қағиллаб, бир қўчқорга ташланди. Бироқ унинг тирноқлари қўчқорнинг қалин юнгига илашиб, нуқул қанот қоқиб қағиллайверди-ю, аммо ҳеч учиб кетолмади. Бу ҳолни кўрган Чўпон масала нимада эканлигини тушунди: югуриб келиб Зоғчани ушлаб олди-да, қанотларини кесиб, кечқурун болаларига олиб бориб берди. Болалари: “Бу қанақа қуш?” — деб сўрашди. Чўпон бўлса: “Мен-ку бунинг Зоғча эканини биламан, лекин у ўзини бургут деб ҳисоблаётибди-ёв”, — деди.
Иқтидорли одамлар билан тенглашмоқчи бўлганлар ҳеч нимага эриша олмайдилар, аксинча, уларнинг ношудлиги бошқаларнинг кулгисини келтиради.

БУРГУТ БИЛАН ҚЎНҒИЗ

Бургут бир қуённинг пайига тушди. Жон сақлаш учун кимдан ёрдам сўрашини билмаган қуён йўлида рўпара келган ягона жонзодга — гўнг қўнғизига ёлборди. Қўнғиз унга далда берди ва қаршисида пайдо бўлган йиртқич қушга, мендан паноҳ излаб келган жонворга тегма, дея илтижо қилди. Бургут бу жинқарча ҳимоячининг гапига парво ҳам қилмай қуённи тутиб еди. Лекин Қўнғиз бу разилона таҳқирни унутмади: энди у кун-уззу кун Бургутнинг уясини қидириб, ҳар сафар у тухум қўйган пайтда тухумларини думалатиб ерга тушириб синдираверди. Ниҳоят, ҳеч ердан паноҳ топа олмаган Бургут олий тангри Зевсга илтижо қилиб, тухум қўйиб бола очиши учун бехавотирроқ жой кўрсатишни сўради. Зевс Бургутнинг бола очиши учун ўз қўйнини очиб берди. Буни кўрган Қўнғиз бир парча гўнгни думалатиб соққа қилди-да, Зевс олдига — арши аълога учиб чиқиб, ўшал соққани бузург тангрининг қўйнига ташлаб юборди. Зевс қўйнидаги гўнг парчасини қоқиб юбориш учун бирданига ўрнидан туриб кетди ва Бургутнинг тухумларини тушириб юборди. Турган гапки, барча тухумлар синган эди. Айтишларича, шу пайтдан бошлаб бургутлар қўнғизлар тухумдан чиққан чоғда уя қурмайдиган ва тухум очмайдиган бўлишганмиш.
Масалдан ҳисса шуки, кичкиналарни менсимаслик яхши эмас, зеро ўзини таҳқирлагандан ўч олмоқчи бўлган жониворни заиф деб бўлмайди. Ахир айтганларку: “Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил”, — деб.

БУЛБУЛ ВА ҚАРЧИҒАЙ

Булбул дарахт шохига қўниб олиб, ўз одати бўйича хониш қиларди. Уни қорни оч бир Қарчиғай кўриб қолди ва “шув” этиб учиб келиб, бечора қушчани чангалига олди. Шунда куни битиб ажали етган Булбул Қарчиғайга ёлвориб деди: “Жон ака, мени еманг, ахир мен зиғирдаккинаман — тишингизнинг кавагида йўқ бўлиб кетаман. Агар қорнингиз очган бўлса, яхшиси, йирикроқ қушларни тутиб енг”. Лекин Қарчиғай унга эътироз билдириб деди: “Агар чангалимдаги ўлжани ташлаб, қорасиям кўринмаган ўлжани қидирадиган бўлсам, ғирт аҳмоқ бўлган бўлардим”.
Бу масал, аҳмоқ одамларгина мавҳум каттакон ўлжа илинжида ўз қўлига туширган бойликдан воз кечади, демоқчи. Ахир айтганлар-ку: “Эртанги товуқдан бугунги тухум яхши” — деб.

ҚАРЗДОР

Афинада бир одам бошқа бир одамдан қарз олади. Мана, фурсат етиб қарз берган одам, қарзни тўла, деб талаб қила бошлайди. Қарздор аввалига, ҳозирча ёнида пули йўқлиги сабабли қарзни тўлаш учун яна бир оз муҳлат сўрайди. Лекин илтимоси ерда қолади. Шунда қарздор одам биттаю битта сигирини бозорга олиб чиқиб сотмоқчи бўлади ва қарз берган одамнинг кўзи олдида сигирини харидорларга мақтай бошлайди. Бир харидор келиб ундан: “Сигиринг қисир эмасми?” — деб сўрайди. “Йўқ, — дейди қарздор, — ҳар йили қиш чилласида танача туғиб беради, ҳайит кунларига борганда буқача туғади”. Харидор бу гапни эшитиб ҳайрон қолади. Шунда қарз берган одам қарздорнинг гапини илиб кетиб дейди: “Нега ҳайрон бўляпсиз? Шошмай туринг, ҳали бу сигир айёми ажузга бориб қўзичоқ ҳам туғиб беради”.
Ҳа, шундай одамлар борки, улар ўз фойдаларини кўзлаб, ҳар қандай ёлғон-яшиқ гапларни қасам ичиб тасдиқлашдан ҳам тоймайдилар.

ЭЗОП КЕМАСОЗЛИК КОРХОНАСИДА

Масалнавис Эзоп кунларнинг бирида сайр қилиб юриб, кемасозлик корхонаси олдига бориб қолади. Кемасозлар унинг беўхшов важоҳатини, тасқара башарасини кўриб, мазах қилиб кула бошлайдилар. Шунда Эзон уларга жавобан дейди: «Даставвал оламда фақат ғайримуташаккил — Хаос ва сув бўлган экан. Кейин тангри Зевс яна бир табиат янгилиги — Ерни яратишни ихтиёр қилибди. Ерни яратибди-ю, унга уч ҳўплашда дунёдаги барча сувни ичиб битиришни амр этибди. Ва Ер Зевснинг амрини бажаришга киришибди: бир марта ҳўплаган экан — тоғлар пайдо бўлибди; иккинчи марта ҳўплаганида — дала-даштлар намоён бўлибди; шуни билингларки, агар Ер учинчи марта ҳўпласа, бу касб-корингизнинг ҳеч кимга кераги бўлмай қолади».
Масалдан хулоса шуки, яхши одамлар устидан кулган ёмон одамлар бир кун келиб, ўзларининг бутун эл олдида шарманда бўлганларини сезмай қоладилар.

ТУЛКИ БИЛАН ТАКА

Бир Тулки бехосдан қудуққа тушиб кетди ва у ердан чиқолмай, ноилож жим ўтираверди. Шу пайт қудуқ бошига чанқаган бир Така келди; у қудуқ ичида турган Тулкини кўриб ундан, сув қалай экан, муздайми, деб сўради. Айёр Тулки сувни оғиз кўпиртириб мақтай кетди ва уни ҳам қудуқ ичига таклиф қилди. Чанқоғини қондиришдан ўзга нарсани ўйламаган Така қудуққа сакраб тушди ва мириқиб сув ичди. Ана шундан кейингина бу ердан қандай қутулиб чиқиш ҳақида Тулки билан маслаҳатлаша бошлади. Тулки: «Менда ажойиб бир фикр пайдо бўлди, агар уни амалга оширсак, иккаламиз ҳам бу ердан эсон-омон қутулиб чиқиб кетамиз, — деди. — Бундай қиламиз: сен олдинги оёқларингни кўтариб деворга тирайсан ва шохларингни эгиб турасан. Мен сенинг елкангдан тирмашиб юқорига чиқаман; кейин сени ҳам тортиб оламан». Тулкининг бу таклифини ҳам Така ўйлаб-нетиб ўтирмай қабул қилди; Тулки Таканинг думғазасига, кейин елкасига чиқиб, орқа оёқларини унинг шохларига тиради-да, олд оёқлари билан қудуқ оғзига тирмашиб, бир ирғишда юқорига чиқиб олди ва орқасига қайрилиб ҳам қарамай, ўз йўлида кетаверди. Така лафзида турмаган Тулкини бўралаб сўка бошлади, Тулки эса орқасига ўгирилиб деди: «Вой овсар-е! Агар миянгда соқолингнинг тукичалик ақл бўлганида, қудуққа тушишдан олдин, у ердан қандай чиқишни ўйлаган бўлардинг».
Шунингдек, ақли расо одам ҳам бир ишни бошлашдан олдин унинг оқибати нима билан тугаши ҳақида ўйлаб кўриши керак.

БАЛИҚЧИЛАР

Бир жамоа балиқчилар сувга ташлаган тўрларини торта бошлабдилар; тўр жуда оғир эмиш. Буни кўрган балиқчилар овимиз бароридан келди, деб ўйлашиб, қўшиқ айта ва ўйин туша бошлашибди. Лекин тўрни тортиб чиқаришгандан кейин қарашса, унга балиқ эмас, тош-у, сув ўтлари илинган экан. Балиқчилар қаттиқ куюна бошлашибди: улар нафақат овлари юрмаганидан, балки, асосан, умидлари пучга чиққанидан хафа бўлишибди. Бу балиқчилар жамоасида бир кекса одам бор экан, шу одам уларга дебди: «Қайғуни бас қилинг, биродарлар: билишимча, қувонч билан қайғу — ака-ука, бинобарин, биз қанча қувонган бўлсак, шунча қайғуришимиз ҳам керак».
Шу сингари, бизлар ҳам ҳаётнинг ўзгарувчан эканлигини унутмаслигимиз ва башарти бирон ютуққа эришгудек бўлсак, энди умрбод саодат бизни тарк этмайди, деб ўзимизни ўзимиз алдамаслигимиз лозим. Ахир айтганлар-ку: «Ҳар тонгнинг бир шоми бўлади», — деб.

ТУЛКИ БИЛАН МАЙМУН

Йўлда ҳамроҳ бўлиб кетаётган Тулки билан Маймун, қай биримиз машҳурроқмиз, деб баҳслаша бошлашибди. Униси ҳам, буниси ҳам роса оғир кўпиртириб мақтанибди. Шу маҳал улар бир қабристон ёнидан ўта бошлашибди. Маймун у ердаги соғаналарга кўз ташлаб, оғир-оғир хўрсина бошлабди. «Ҳа, нима бўлди, нега хўрсиняпсан? — деб сўрабди ундан Тулки; шунда Маймун қабр тошларини кўрсатиб: «Нега хўрсинмай! — дебди. — Ахир мана шу қабр тошлари тагига ота-боболаримнинг қўллари дафн этилган». Тулки унга жавобан дебди: «Ҳа, мақтан-а, мақтан! Ахир бу майитларнинг биронтаси ҳам қайта тирилиб сени ёлғончига чиқараолмайди-да».
Одамлар орасида ҳам шундай ёлғончилар топиладики, улар сирларини фош қиладиган киши йўқ пайтида мақтанишади. Шунинг учун ҳам, мақтанишга мусофир юрт яхши, деб бекорга айтишманган.

ТУЛКИ ВА УЗУМ

Қорни оч Тулки бир боғ ёнидан ўтиб кета туриб, узумлари шовул бўлиб осилиб турган токни кўрди; кўрдию узумини емоқчи бўлди. Лекин қанча уринса, қанча сакраса ҳам узумга бўйи етмади. Шунда ҳафсаласи пир бўлиб нари кетаркан, ўзига ўз деди: «Ҳали хом — еб бўлмайди».
Одамлар ичида ҳам баъзи бировлар борки, жазм қилган ишларини уддалай олмасалар, вазиятни, шароитни баҳона қилиб кўрсатадилар.

МУШУК БИЛАН ХЎРОЗ

Мушук бир Хўрозни тутиб олди ва чиройли баҳона ишлатиб, уни емоқчи бўлди. Аввалига уни, кечалари бемаҳалда қичқириб одамларни безовта қиласан, уларни ухлагани қўймайсан, деб койида. Лекин Хўроз бу таънага жавобан: «Ахир мен айнан ўша одамларнинг фойдасини кўзлаб қичқираман-ку, уларни уйғотиб ишга боришга ундайман», — деди. Шунда топган баҳонаси ўтмаган Мушук: «Аммо сен гуноҳга ботган муртадсан: табиат қонунига риоя қилмай, онангниям, опа-сингилларингниям патира-путир босаверасан», — деб Хўрозга яна айб қўйди. Хўроз бўлса: «Мен бу ишни ҳам одамларнинг манфаатини кўзлаб қиламан — шундай қилсам, товуқлар кўпроқ тухум туғиб беришади», — деди. Бу жавобдан эсанкираб, гап тополмай қолган Мушук Хўрозга ўшқириб берди: «Нима, «али» десам, «бали» деб мендан қочиб қутулмоқчимисан? Овора бўласан!»
Масал демоқчики, нияти бузуқ одам бирон ёвуз ишга жазм қилдими, хоҳ қандайдир «олижаноб» важни баҳона қилиб, хоҳ дангал очиқчасига иш кўриб, кўзлаган шум ниятини амалга оширмай қўймайди.

ДУМСИЗ ТУЛКИ

Тулки бир тузоққа тушиб, думидан айрилиб қолди-ю, бундай шарманда бўлиб яшашдан истиҳола қилди. Шунда у айёрлик қилиб, ҳамма тулкиларни ўз думларини кесиб ташлашга ундамоқчи бўлди: кўп қатори бўлсам айбим сезилмайди, деб ўйлаган-да. Мана, у бутун тулки қавмини йиғиб: «Келинглар, биродарлар, думларимизни кесиб ташлайлик. Сабабки, биринчидан, қоматимизни бузади; иккинчидан, у биз учун ортиқча юк». Бу ваъзни эшитган тулкилардан бири деди: «Сени қараю! Агар ўз фойдангни кўзламаганингда, бизларга бундай маслаҳат бермаган бўлардинг».
Бу масал, ўз яқин ҳешларига чин дилдан эмас, балки ўз шахсий манфаатини кўзлаб маслаҳат берувчи одамларга қаратилган.

БАЛИҚЧИ БИЛАН БАЛИҚЧА

Балиқчи сувга ташлаган тўрини тортган экан, унга битта кичкина балиқ илинибди. Шўрлик Балиқча тилга кириб, Балиқчига ёлвора бошлабди: «Эй саховатли Балиқчи, сен ҳозир мени қўйиб юбор — ҳали жуда кичкинаман, — кейинроқ, ўсиб катта бўлганимда тутсанг, ўзингга фойда бўлади». Лекин Балиқчи унга жавобан дебди: «Қўлимга илиниб турган ўлжани ташлаб, йўқ ердаги нарсага умид боғлайдиган аҳмоқ эмасман!»
Бу масал, келажакдаги катта фойдадан, кичкина бўлса ҳам, қўлга кириб турган ўлжа афзал, деб сабоқ беради. Ахир айтганлар-ку, узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши, деб.

ТУЛКИ ВА ДАРАХТ КЕСУВЧИ

Овчилар таъқибидан қочиб келаётган Тулки ўрмонда бир дарахт кесувчига рўпара келади ва унга: “Мени яшир,” — деб илтижо қилади. Дарахт кесувчи унга: “Бор, кулбамга кириб беркинақол,” дейди. Бир оздан сўнг бу ерга овчилар етиб келишади ва дарахт кесувчидан: «Кўрмадингми, шу ердан бир тулки югуриб ўтмадими?» — деб сўрайдилар. Дарахт кесувчи баланд овоз билан: «Кўрмадим», — деб айтади, аммо айни пайда Тулкининг қаерга беркинганини қўли билан қўрсата бошлайди. Лекин овчилар унинг ишорасини тушунишмайди; қисқаси овчиларн унинг гапига ишонишиб, жўнаб кетишади. Ниҳоят, Тулки овчиларнинг от чоптириб кетишганини эшитиб, кулбадан чиқади ва чурқ этмай кета бошлайди. Бу ҳолни кўрган Дарахт кесувчи унга: «Ҳой, ношукур банда, ахир мен сени ўлимдан қутқариб қолдим-ку! Сен бўлсанг менга раҳмат ҳам айтмай, жуфтакни ростлаб қоляпсан-а!» — деб маломат қилади. Унга жавобан Тулки дейди: «Раҳмат айтардим, агар айтган сўзинг билан имо-ишоранг бир-бирига мос бўлганда».
Бу масални тили билан бир гапни айтиб, қўли билан мутлақо тескари ишни қилувчи одамларга нисбатан қўлласа бўлади.

КЎКТОРҒОҚ

Кўкторғоқ — хилват жойларни ёқтирадиган қуш, шу сабабли у ҳамиша денгизда яшайди. Айтишларича, у қуш овловчилардан ўзини олиб қочиш мақсадида уясини соҳилдаги қоя тошлар устига қўяр экан. Мана, унинг тухум қўйиб бола очадиган пайти келибди; у денгиз узра туртиб чиқиб турган бир қоя тошни танлаб, ўша ерга ин қурибди. Лекин кунларнинг бирида у овқат излаб учиб кетганида, денгиз кучли шамолдан қаттиқ тўлқинланиб, қушнинг инигача кўтарилибди ва уни ювиб юборибди; ҳамма палпалпонлар сувга чўкиб нобуд бўлибди. Кўкторғоқ қайтиб келиб, содир бўлган воқеани кўрибди ва дебди: «Шўргинам қурсин! Мен қуруқликдаги хатардан қўрқиб, денгиздан паноҳ излагандим, аммо денгиз янада қабиҳроқ, маккорроқ бўлиб чиқди».
Одамлар ҳам шундай, душмани таъқибидан қочиб қутулиш учун, билмасдан, ичи қора дўстларидан паноҳ излайдилар.

КЕМА ҲАЛОКАТИГА УЧРАГАН ОДАМ

Афиналик бир бадавлат одам кўпчилик йўловчилар билан денгизда сузиб борарди. Бир пайт қаттиқ тўфон кўтарилиб, кемани ағдариб юборди. Кемада бўлган барча йўловчилар жон сақлаб сувда суза бошладилар; фақат афиналик бой тангри Зевсга сиғиниб, унга бемисл ваъдалар қила бошлади. Шу пайт унинг ёнидан сузиб ўтаётган йўловчилардан бири: «Зевсдан мадад сўрашга сўра-ю, лекин ўзинг ҳам ҳаракат қилгин-да», — деди.
Бизлар ҳам худоларга сиғинишга сиғинайлик, аммо ўзимиз ҳам ҳаракат қилайлик-да. Ҳаракатда баракат, деганлар-ку, ахир.

ҚОТИЛ

Бир одам қотиллик содир этди. У ўлдирган одамнинг қариндошлари уни таъқиб қила бошладилар. Қотил қочиб, Нил дарёси бўйига келди, лекин бу ерда у бир бўрини учратиб, қўрққанидан шохлари дарё узра эгилган каттакон дарахтга тирмашиб чиқиб олди ва унинг қалин новда-лари орасига яширинди. Қараса… шундоққина кўзи олдида каттакон бир илон тебраниб турганмиш. У илондан қочиб, ўзини сувга отди; лекин сувда уни тимсоҳ пойлаб турган эди — шу заҳоти уни ютиб юборди.
Масал дейдики, жиноят қилиб гуноҳга ботган одам ерда ҳам, кўкда ҳам, сувда ҳам, ўзига паноҳ топа олмайди.

МАККОР

Бир маккор одам, Делфадаги илоҳий башоратгоҳнинг ҳамма кароматлари ёлғон ва сохта; мен буни исботлайман, деб ўртоғи билан гаров ўйнабди. Кейин у бир чумчуқни тутиб олиб, уни эгнидаги ридоси енгига яширганча ибодатгоҳга кирибди-да, кароматгўй илоҳ қаршисида туриб сўрабди: «Қўлимдаги нарса нима — жонлими ё жонсизми?» Бундай саволдан мақсад: агар тангридан, «жонсиз», деган калом эшитилса, у тирик чумчуқни кўрсатмоқчи, борди-ю, «жонли», деган, ваҳий келса, чумчуқни ўлдириб, ўлигини кўрсатмоқчи эди. Вале, тангри бу маккорнинг нопок ниятини фаҳмлаб шундай жавоб қилибди: «Бас қил муғамбирликни, нодон банда! Қўлингдаги нарсанинг жонли ё жонсиз бўлиши ўз ихтиёрингда-ку».
Бу масал тангриларни алдаб бўлмаслигини билдиради.

ДЕҲҚОН ВА УНИНГ БОЛАЛАРИ

Вақти қазоси етиб қолганини сезган бир кекса деҳқон ўзидан кейин болаларининг яхши миришкор деҳқон бўлиб,яхши ҳаёт кечиришларини хоҳлабди-да, уларни ўз қошига чорлаб, шундай дебди: «Болаларим, боғимиздаги токларнинг тагига мен хазина кўмганман». Чол қазо қилибди, ўғиллари уни дафн этиб келиб, дарҳол белкурак ва кетмонлар билан бутун боғни кавлаб, чопиб чиқишибди, аммо ҳеч қандай хазина топмабдилар. Вале, яхши ишлов берилган токлар кўз кўриб қулоқ эшитмаган бемисл мўл ҳосил келтирибди.
Ушбу масал, меҳнатнинг меваси — одамлар учун хазинадир, демоқчи.

ДЕҲҚОН БИЛАН ИЛОН

Бир Илон аста ўрмалаб келиб, Деҳқоннинг ўғилчасини чақиб ўлдирди. Бу оғир мусибатдан аламдийда бўлган Деҳқон қўлига болта олиб, Илонни инидан бош чиқаргани ҳамоно чопиб ўлдирмоқчи бўлиб пойлай бошлади. Мана, Илоннинг боши кўринди, Деҳқон уни болтаси билан чопмоқчи бўлди, аммо Илон чап бериб қолди, болта эса уя оғзидаги катта тошни ёриб юборди. Шу воқеадан кейин Деҳқон юрак олдириб қўйди ва Илонга ёлбориб, кел, ярашайлик, деди. «Йўқ, — деб жавоб қилди унга Илон, — ёрилган тошни кўриб мен ҳам, ўғлингнинг қабрини кўриб сен ҳам бир-биримизга яхшилик тилай олмаймиз».
Бу масал, мудҳиш адоватдан кейин битим тузиш осон бўлмас-лигини билдиради.

ДЕҲҚОН ВА УНИНГ ЎҒИЛЛАРИ

Бир Деҳқоннинг ўғиллари доим бир-бирлари билан низолашгани-низолашган эди. Деҳқон неча-неча бор, аҳил бўлинглар, деб ўғилларига яхшиликча насиҳат қилиб кўрди, аммо улар қулоқ солишмади. Шунда чол болаларига дарахт чивиқларини бир даста қилиб йиғиб келишни буюрди. Ўғиллар буйруқни бажаришди. Деҳқон ўғилларига, шу бир даста чивиқни бир йўла синдирингларчи, деди. Лекин ўғиллари, қанча уринишмасин, чивиқ дастасини синдира олмадилар. Шунда ота чивиқлар боғичини ечиб, ўғилларига биттадан чивиқ улашди; ўғиллар чивиқ доналарини осонгина синдиришди. Деҳқон деди: «Сизлар ҳам, болаларим, бир-бирингиз билан аҳил бўлсангиз, ҳеч қандай ғаним сизларни енга олмайди, борди-ю, мудом низолашаверсангиз, ҳар қандай ожиз одам ҳам маҳв этиши мумкин сизларни».
Масалдан ҳисса шуки, аҳиллик, тотувлик нақадар қудратли бўлса, низо-ю нифоқ шу қадар заифдир. Ахир, айрилган озар, бирлашган ўзар, деб бекорга айтмаганлар-ку.

КАМПИР ВА ТАБИБ

Кампир кўзи оғриб қолди, у Табибни чақириб, агар кўзимни даволаб тузатсанг, яхши ҳақ тўлайман, деб ваъда қилди. Табиб муолажани бошлади. Лекин у ҳар гал келиб Кампирнинг кўзига дори суркаганида, унинг кўзини чирт юмиб ўтирганидан фойдаланиб, уйдаги буюмлардан биронтасини олиб кетаверди. Ниҳоят, у Кампир уйидаги жамики қақир-қуқур ва анжомларни олиб кетиб бўлгач, муолажа тугаганини айтиб, ваъда қилинган хизмат ҳақини талаб қилди. Кампир ҳақ тўлашдан бош тортди; шунда Табиб Кампирни ҳакамлар олдига судраб бориб, унинг устидан арз қилди. Кампир эса шундай баёнот берди: «Ҳақ рост, муҳтарам ҳакамлар, мен бу Табибга, агар кўзимни даволаб тузатса, ҳақ тўламоқчи бўлувдим. Ҳолбуки, унинг муолажасидан кейин кўзларим ҳеч нима кўрмай қолди: мен илгари ўз уйимдаги ҳамма буюмларни кўрардим, энди у ерда ҳеч нима кўрмаяпман».
Ҳаётда ҳам шундай: бадбин ва бадният кишилар кўпинча катта манфаат кетидан қувиб, ўз иллатларини ошкор қилиб қўйганларини сезмай қоладилар.

БЕВА АЁЛ ВА ТОВУҚ

Бир бева аёлнинг ҳар куни тухум туғадиган битта товуғи бор эди. Бева, агар унга кўпроқ дон берсам, кунига иккитадан тухум туғиб беради, деб ўйлади ва шундай қилди ҳам. Лекин Товуқ бундай боқувдан семириб кетиб, бутунлай тухум қилмай қўйди.
Масал айтмоқчики, аксар зиқна одамлар борига қаноат қилмай, тезроқ бойиб кетмоқчи бўладилар ва оқибатда бор бойликларидан ҳам жудо бўладилар.

ДЕҲҚОН ВА ТАҚДИР

Бир Деҳқон ўз чорбоғида ер чопиб туриб, хазина топиб олди. Шундан кейин у бу чорбоғни, ҳожатбарорим, деб эъзозлаб, ҳар куни янги-янги турфа гуллар билан безатиб турди. Деҳқоннинг бу амалини кўрган Тақдир унинг ёнига келиб шундай деди: «Биродарим, нима учун сен Ерга миннатдорчилик билдирмоқдасан? Ахир хазинани сенга Ер эмас, мен бахш этдим-ку, сенинг бой бўлишингни хоҳлаб! Бордию ишларинг бехосдан чаппасига кетиб, ночор ва нотавон аҳволга тушсанг, унда яна мени — Тақдирни қарғай бошлайсанми?»
Масалдан ҳисса шуки, хар бир инсон ўз валинеъматини билмоғи ва мудом унга миннатдорчилик изҳор қилиб турмоғи лозим.

ИККИ ЎРТОҚ ВА АЙИҚ

Икки ўртоқ ўрмондаги сўқмоқ йўлдан кетиб борарди, кутилмаганда олдиларидан бир баҳайбат Айиқ чиқиб қолибди. Йигитлардан бири шу заҳоти дарахтга тирмашиб чиқиб, новдалар орасига беркиниб олибди. Лекин иккинчи йигит қочишга улгура олмабди, шу боис ерга узала тушиб, худди ўликдай қимир этмай ётибди. Айиқ унга яқин келиб, афтини ҳидлай бошлаганида, йигит нафас олмабди; чунки, айтишларича, айиқлар ўлаксаларга тегмас экан. Мана, Айиқ орқасига ўгирилиб жўнаб кетибди, шунда дарахтга чиқиб олган ўртоқ ерга тушибди ва: «Айт-чи, Айиқ қулоғингга нималарни пичирлади?» — деб сўрабди. Ўртоғи унга жавобан бундай дебди: «Бундан кейин сафарга чиққанингда, сени мушкул аҳволда ташлаб қочадиган одам билан ҳеч ҳам ҳамроҳ бўлма, шипшиди».
Масалдан хулоса шуки, ҳақиқий дўст бошга оғир мусибат тушганда билинади.

ИККИ ЙИГИТ ВА ҚАССОБ

Икки йигит қассобдан гўшт харид қила бошлади. Қассоб иш билан алаҳсиган пайтда йигитлардан бири пештахтада ётган бир бўлак гўштни олиб, ўртоғининг қўйнига солиб қўйди. Қассоб ўгирилиб гўштнинг йўқолганини сезди ва йигитларни айблай бошлади. Лекин гўштни олган йигит, худолар шоҳид, менда сизнинг гўштингиз йўқ, деб, гўшт бўлагини қўйнига яширган йигит эса, мен гўштингизни олмадим, деб қасам ича бошладилар. Уларнинг найранг ишлатаётганини фаҳмлаган қассоб деди: «Ҳай, майли, ёлғон қасам ичиб мендан қутулиб кетяпсизлар; аммо, барибир, бундай қасамхўрлик қилганингиз учун худолар ғазабидан қутулолмагайсиз».
Масалдан ҳисса шуки, сохта қасам, уни нечоғлиқ ниқоблашга уринмасинлар, барибир ҳамиша у қабиҳдир.

РАҚИБЛАР

Ўзаро ёвлашиб қолган икки рақиб бир кемада сузиб борарди. Улар бир-биридан узоқроқ бўлиш мақсадида, бири кеманинг қуйруғига жойлашди, иккинчиси кема тумшуғига ўтириб олди. Улар ҳамиша шу алпозда ўтиришди. Бир маҳал денгизда даҳшатли тўфон кўтарилиб, кема чўка бошлади. Шунда кема қуйруғида ўтирган одам дарғадан, кеманинг қай қисми олдин сувга чўкади, деб сўради. «Тумшуғи», — деб жавоб қилди дарға. Буни эшитиб, қуйруқдаги одам деди: «Ундай бўлса ўлимимга розиман, фақат душманимнинг мендан олдин сувга ғарқ бўлишини кўрсам армоним қолмайди — кўнглим таскин топиб ўламан».
Шундай одамлар борки, ғанимининг изтироб чекишини кўриш учун ўзлари ҳам бадтарроқ азобга дучор бўлишдан қайтмайдилар.

БУҒУ ВА ТОК

Бир буғу овчилар таъқибидан қочиб, токзорга яширинди. Овчилар уни пайқамай, токзор ёнидан ўтиб кетишди. Шунда фалокатдан қутулдим, деб кўнгли таскин топган Буғу ток баргларини ея бошлади. Лекин овчилардан бири шу пайт тасодифан орқасига ўгирилиб, Буғуни кўриб қолди ва камонидан ўқ отиб уни яралади. Ажали етганини сезган жонивор оғир бир нола чекиб, ўзига ўзи деди: «Шўрим қурсин! Қилмишимга яраша жазоимни олдим: бу ток мени ўлимдан қутқариб қолган эди, мен бўлсам уни нобут қилдим».
Бу масални ўз яқинларининг дилини оғритгани учун худонинг қаҳрига учраган одамларга нисбатан қўллаш мумкин.

ТУЛКИ БИЛАН МАЙМУН

Ўрмонда барча ҳайвонлар анжуманга йиғилишиб, ўзларига подшо сайламоқчи бўлибдилар. Бу йиғинда Маймун ўйноқлаб рақс тушиб, ҳаммани қойил қолдирибди; шу боис ҳайвонлар уни ўзларига подшо этиб сайлабдилар. Бироқ Тулкининг бунга ғайирлиги келибди; бир куни у ўрмонда бир бўлак гўшт илинган қопқонни кўриб қолибди ва Маймунни бу ерга бошлаб келиб дебди: «Бу ўлжани камина топдим, вале, уни ўзимга олмадим — сизга илиндим, подшоҳим, марҳамат, ўз қўлингиз билан олиб тановул қилинг». Ҳеч қандай шубҳа сезмаган ғофил Маймун қопқонга яқин бориб унга илиниб қолибди ва Тулкидан бу разил қилмиши учун ўпкалана бошлабди. Тулки эса унга жавобан: «Вой, пандавоқи-е, ҳали шу фаросатинг билан барча ҳайвонлар устидан ҳукмронлик қилмоқчи бўлдингми?» — дебди.
Бирон бир ишга бемулоҳазалик билан киришган кишилар муваффақиятсизликка учраб, эл орасида шарманда бўладилар.

ТИЛЛА ТУХУМ ТУҒУВЧИ ҒОЗ

Бир одам худолар муждачиси Ҳермесга астойдил сиғинар ва уни эъзозларди. Шу иззат-икроми учун Ҳермес унга тилла тухум туғувчи бир Ғоз туҳфа қилди. Лекин бу одамнинг оз-оздан бойишга сабри чидамади: у, ғознинг ичи олтинга тўла бўлиши керак, деб ўйлаб, уни шартта сўйди. Аммо нияти пуч чиқди — Ғознинг қорнида ичак-чавоқлардан бўлак ҳеч нарса йўқ эди. Оқибат, ношукур банда кунда топиб тургани тилла тухумдан ҳам мосуво бўлди.
Манфаатпараст, очкўз одамлар ҳам шундай: катта бойлик кетидан қувиб, бор бойликларидан ҳам айрилиб қоладилар.

ИККИ ИТ

Бир одамнинг иккита ити бор экан: у бир итини ов қилишга, иккинчисини — уйни қўриқлашга ўргатибди. Ҳар сафар овчи ит эгасига ўлжа тутиб келганида, у ўлжанинг бир бўлагини қўриқчи итга ҳам ташлар экан. Бу ноҳақликка чидолмаган овчи ит қўриқчи итга миннат қилиб дебди: «Мен ҳар куни эртадан кечгача елиб-югуриб, ҳориб-чарчаб ов қилиб келаман, аммо сен ҳеч иш қилмай, бировнинг топганини еб қорин қаппайтириб ётибсан». Қўриқчи ит унга шундай жавоб қилибди: «Сен бу миннатингни менга эмас, хўжайинга қил, чунки мени меҳнат қилмай, бировлар ҳисобига кун кечиришга ўша ўргатган».
Биз ҳам ишёқмас, ялқов болаларни эмас, балки уларни шундай қилиб ўстирган ота-оналарини койишимиз керак.

БЎРИ БИЛАН УЛОҚЧА

Подадан орқада қолган бир Улоқчани Бўри қува бошлабди. Улоқча ундан қочаркан, орқасига ўгирилиб дебди: «Бўри, Бўри, биламан, ҳозир сен мени ейсан. Кел, ўлимим олдидан сени бир хурсанд қилай: сен сурнай чал, мен рақсга тушай». Мана, Бўри сурнай чала, Улоқча эса ўйнай бошлабди; шунда подани қўриқловчи итлар сурнай овозини эшитиб, Бўрини қува кетишибди. Бўри думини хода қилиб қочаркан дебди: «Бу кунимдан бадтар бўлмайманми: ахир қассобман-ку… Ким қўйибди менга машшоқлик қилишни?»
Одамлар ҳам шундай: агар бирон ишга бемаврид қўл урсалар, эришган ўлжаларидан ҳам қуруқ қоладилар.

ЗЕВС ВА ТОШБАҚА

Олий тангри Зевс тўй қилмоқчи бўлибди ва жамики жониворларни бу тўйга таклиф қилибди. Тўйга ҳамма ҳайвонлар келишибди; фақат Тошбақа келмабди. Бунинг сабабни тушунмаган Зевс эртаси куни Тошбақадан, нечун тўйимга фақат сен келмадинг, деб сўрабди. «Ўз уйим — ўлан тўшагим», — деб жавоб қилибди Тошбақа. Бундай жавобни эшитиб қаҳри қайнаган Зевс: «Бас, шундай экан, бундан буён ўз уйингни ўзинг билан олиб юргайсан» — дебди.
Шунингдек, кўп одамлар ҳам бировнинг шоҳона зиёфатида меҳмон бўлишдан ўз уйларида камтарона кун кечиришни афзал кўрадилар.

ЎҒРИЛАР ВА ХЎРОЗ

Бир уйга ўғирликка тушган ўғрилар у ерда битта Хўроздан бошқа ҳеч вақо топмадилар ва уни тутиб олиб жўнаб қолдилар. Ўзининг сўйилишини сезган Хўроз ўғриларга ёлбориб деди: «Худо хайрингизни берсин, мени қўйиб юборинглар. Ахир менинг одамларга кўп фойдам тегади: уларни кечалари уйғотаман, ишга боришсин, деб». Ўғрилар унга дедилар: «Ана шу қилмишинг — одамларни уйғотиб, бизнинг ўғирлик қилишимизга имкон бермаганинг учун ҳам сени сўямиз».
Масалдан ҳисса шуки, яхши одамлар учун фойдали бўлган ҳар қандай амални ёвуз ниятли кишилар манфур иш деб биладилар.

ЗОҒЧА ВА ҚАРҒАЛАР

Бир Зоғча ўз қавмидаги бошқа зоғчалардан бўйдорроқ, бўлалироқ эди; шу боис у ўз уруғидан жирканиб, қарғалар жамоаси ҳузурига борди ва улар билан бирга яшамоқчи бўлганини айтди. Аммо Зоғчанинг турқи ҳам, овози ҳам қарғаларга ёт эди, шунинг учун улар бу қушга рўйихуш бермай, чўқиб-чўқиб ҳайдаб юборишди. Қувилган Зоғча ўз уруғлари олдига қайтиб келди; лекин зоғчалар бу такаббур қушдан нафратланиб, уни жамоаларига қўшмадилар.
Ўзга юртни афзал кўриб, ўз ватанини тарк этган кишилар Зоғчага ўхшайдилар: бегона юртда қадр-қиймат топмайдилар, ўз ватанларида эса одамлар улардан нафратланадилар.

ИТ БИЛАН БЎРИ

Бир Ит ўз хўжасининг уйи олдида мудраб ётарди; Бўри уни кўриб тутиб олди ва емоқчи бўлди. Ит Бўридан, бу сафар уни қўйиб юборишни илтимос қилди. «Ҳозир мен озғин, қоқ суякман, — деди у, — лекин яқинда хўжайиним тўй қилмоқчи, агар ҳозир менга тегмай, тўйдан кейин биққа семирганимда есанг роса маза қиласан». Бўри унинг гапига ишониб, уни қўйиб юборди. Орадан бир неча кун ўтгач, Бўри яна келди. Қараса, Ит энди том бошида мудраб ётибди; Бўри Итга ўзаро тузилган битимни эслатиб, уни пастга тушишга ундай бошлади. Ит эса унга шундай жавоб қилди: «Сенга маслаҳатим шуки, азизим, агар яна менинг уй олдида ухлаб ётганимни кўрсанг, тўй бўлишини кутиб ўтирмай қўяқол!»
Доно одамлар ҳам шундай: бошларига тушган катта хатардан бир марта қутулиб омон қолсалар, кейин умрбод ҳушёр бўлиб яшайдилар; ахир, кўр ҳассасини бир марта йўқотади, демаганмилар?

ЧИВИН ВА БУҚА

Бир Чивин учиб келиб, Буқанинг шохига қўнди ва анча вақт шу ерда ўтирди; кейин учиб кетишга шайланиб, Буқадан сўради: «Балки учиб кетмаганим маъқулдир сенга?» Буқа унга жавоб қайтарди: «Эҳ азизим, келиб шохимга қўнганингни ҳам сезмаган эдим, учиб кетсанг ҳам ҳеч нима сезмайман».
Ушбу масални, борми ё йўқмилигига ҳеч ким эътибор бермайдиган, ҳеч кимга ҳеч қандай нафи ҳам, зиёни ҳам тегмайдиган кишиларга нисбатан қўллаш мумкин.

ШЕР БИЛАН БУҚА

Шер баҳайбат бир Буқани ейишга чоғланиб, уни ширин сўзлар билан ўзига оғдирмоқчи бўлди. У қурбонликка қўй сўйганлигини айтиб, Буқани зиёфатга таклиф қилди. Нияти — меҳмонни дастурхон ёнига чўк тушган пайтида ейиш эди. Мана, Буқа келди; қараса, дошқозонларда сув қайнаётганмиш, бир қанча узун-узун сихлар ҳам кабоб қилишга шаймиш-у, аммо қўйдан дарак йўқмиш. Буқа бу ҳолни кўрди-ю, чурқ этмай, орқасига қайтиб кета бошлади. Шер ундан ўпкаланиб: «Нима, бирон гап билан дилингни оғритдимми, нега индамасдан орқангга қайтиб кетяпсан?» — деди. Буқа жавоб берди: «Бундай қилишимга сабаб бор: қарасам, бу ерда қурбонликка қўй эмас, буқа аталган кўринади».
Масалдан ҳисса шуки, ёвуз кишилар, қанча уринишмасин, ўз найрангларини доно одамлар назаридан яшира олмайдилар.

ШЕР БИЛАН АЙИҚ

Шер билан Айиқ бир ёш буғуни тутиб олишди ва уни талашиб жанг бошлашди. Улар то силлалари қуриб, кўзлари тингунча жон­жаҳдлари билан олишиб, ахийри ҳолдан тойиб йиқилиб қолишди. Шу маҳал бу ердан ўтиб кетаётган тулки буғу жасадининг икки ёнидан чўзилиб ётган Шер билан Айиқни кўрди ва уларнинг баҳоллигидан фойдаланиб, буғуни судраб олиб қочиб кетди. Шунда қимирлашга ҳам мадорлари қолмаган Шер билан Айиқ: “Шўримиз қурисин! Бундан чиқди, ҳали биз тулки учун тер тўкиб ҳаракат қилган эканмиз­да?” — дейишди.
Ахир, югурганники эмас, буюрганники, деб бекорга айтишмаган­да!

ШЕР БИЛАН ҚУЁН

Бир куни Шер ухлаб ётган Қуённи топиб олди ва уни емоқчи бўлиб, энди оғзига олиб борган эди, шу пайт кутилмаганда унинг ёнгинасидан бир буғу югуриб ўтди. Шер Қуённи ташлаб, буғу орқасидан қува кетди, лекин минг қувлагани билан унга ета олмади ва топган қуёнимдан қўймасин, деб орқасига қайтиб келди. Лекин қуён уйғониб, аллақачон жуфтакни ростлаб қолган эди. Шунда Шер Қуёндан ҳам айрилганини кўриб деди: “Минг лаънат! Узоқдаги ўлжани деб, қўлимдагисини қўйвориб ўтирибман мен, аҳмоқ!”
Баъзи одамлар ҳам шундай: доимо келиб турган мўътадил даромадга қониқ қилмай, каттароқ ўлажага кўз тикадилар ва бор бойликларидан ҳам мосуво бўладилар Ваҳоланки, элда, узоқнинг хазинасидан яқиннинг насибаси яхши, деган доно гап бор.

ШЕР, ЭШАК ВА ТУЛКИ

Шер, Эшак ва Тулки ҳамжиҳат бўлиб яшашга қарор қилишди ва биргаликда ов қилгани равона бўлишди. Уларнинг овлари бароридан келиб, бир талай ўлжа тўплашди. Шер ўлжани тақсимлашни Эшакка буюрди. Эшак ўлжани тенг учга бўлди ва Шерга, танла, деб айтди. Ғазаби қайнаган Шер Эшакни ғажиб еб қўйди ва энди ўлжани бўлишни Тулкига буюрди. Тўлки жамики ўлжани бир тўп қилиб уйди, ўзига эса, қиттаккина нарса қолдириб Шерга, танла, деб айтди. Шунда Шер Тулкидан: “Ўлжани бундай яхши тақсимлашни кимдан ўргандинг? — деб сўради. “Марҳум Эшакдан” — деб жавоб қилди Тулки.
Бинобарин, яқин кишиларининг бошига тушган бахтсизлик одамлар учун сабоқ бўлар экан.

ШЕР ВА СИЧҚОН

Бир Сичқон ухлаб ётган Шернинг устидан пилдираб ўта бошлади. Шер уйғониб кетиб, Сичқонни тутиб олди ва уни емоқчи бўлди. “Сен, яхшиси, мени қўйиб юбор, — ёлборди Сичқон, — кези келганда, мен ҳам бу яхшилигинг учун сени фалокатдан қутқараман”. Шер бу гапни эшитиб, хохолаб кулди ва Сичқонни қўйиб юборди. Лекин орадан бир оз вақт ўтгач, Сичқон, чиндан ҳам Шерга берган сўзининг устидан чиқди — уни бир ўлимдан асраб қолди. Гап шундаки, Шер овчилар тузоғига илиниб қолган ва улар Шерни арқон билан дарахтга боғлаб қўйишган эди; Шернинг нола чекиб ўкирганини Сичқон эшитиб қолди ва дарҳол унинг олдига югуриб келди-да, арқонни кемириб, Шерни тузоқдан озод қилди. Сўнг деди: “У куни устимдан кулган эдинг — сенга яхшилик қилишимга гўё ишонмагандай. Мана, энди Сичқон ҳам миннатдорлик билдиришга қодир эканлигини билиб олдинг”.
Бу масал, баъзида энг қудрати, забардаст одамлар ҳам, тақдир тақозоси билан, энг заиф кишилар ёрдамига муҳтож бўлишлари мумкинлигини кўрсатади.

БЎРИ БИЛАН ОТ

Далада тентираб юрган Бўри бир арпазорга бориб қолди. Арпа унинг емиши эмас эди, шу боис тескари бурилиб, ўз йўлида кетаверди. Йўлида у дафъатан бир Отни учратди ва уни арпазорга бошлаб келиб деди: “Қара, қанча арпа, ўзим емай сенга илиндим, чунки отларнинг “касур-кусур” қилиб арпа ейиши қулоғимга хуш ёқади”. Унга жавобан От деди: “Йўқ, биродар, агар бўрилар арпани тамадди қила олганларида, сен қулоғингнимас, қорнингни қувонтирган бўлардинг”
Масал демоқчики, табиатан нобакор ва сохтадил кишиларнинг сўзларига ҳеч ким ишонмайди.

БЎРИ БИЛАН ҚАРҚАРА

Бўрининг томоғига суяк тиқилиб қолди ва у ўзига ёрдам берадиган бирон жонзодни қидира бошлади. Мана, у бир Қарқарани учратиб қолди ва унга, агар томоғимга тиқилган суякни тортиб олсанг, сени яхши бир туҳфа билан хурсанд қиламан, деди. Қарқара узун тумшуғини Бўрининг оғзига тиқиб, суякни тортиб олди ва ундан ваъда қилинган туҳфани талаб қилди. Бўри унга шундай жавоб қилди: “Бўри оғзидан бошингни омон тортиб олганингга шукур қилсанг-чи, нодон — яна қанақа туҳфа керак сенга?”
Масал демоқчики, бадният кишилар, агар бировга ёмонлик қилмасалар, бу қилмишларини саховат деб ҳисоблайдилар.

БЎРИ БИЛАН ЭЧКИ

Бўри теран жар лабида ўтлаб юрган Эчкини кўриб қолди; у Эчкининг олдига чиқолмасди, шунинг учун уни пастга тушишга ундаб деди: “Жар ёқаси хатарли, фалокат босиб йиқилиб тушишинг мумкин; бу ерда, пастда ям-яшил дала, барра ўтлар, мазза қиласан”. Лекин Эчки унга бундай жавоб қилди: “Йўқ, гап пастдаги ўтлоқда ўтлаш “мазза” эканлигида эмас, балки сенинг қорнинг очлигида. Зеро сен менинг эмас, ўз қорнингнинг ғамини еяпсан”.
Ҳаётда ҳам шундай, ёмон ниятли кишилар, агар оқил одамларга бирон бир ёвузлик қилмоқчи бўлсалар, кўзлаган барча макру ҳийлалари, бари бир, албатта фош бўлгай.

ЁҒОЧ КЕСУВЧИ ВА ҲЕРМЕС

Бир ёғоч кесувчи одам дарё бўйида ўтин тайёрлаётган экан, бехосдан қўлидаги болтаси сувга тушиб кетибди. Бундан қаттиқ хафа бўлган ўтинчи сув бўйига ўтириб олиб йиғлай бошлабди. Тангрилар муждачиси маъбуд Ҳермеснинг унга раҳми келибди ва олдига келиб, нима учун йиғлаётгани сабабини сўраб билибди. Сўнг у дарёга шўнғиб олтин сопли болта олиб чиқибди ва ёғоч кесувчидан, шуми болтанг, деб сўрабди. Ёғоч кесувчи, йўқ, бу болта меники эмас, деб жавоб қилибди. Ҳермес дарёга яна шўнғиб, энди кумуш сопли болта олиб чиқибди ва йўқотган болтанг эмасми, деб сўрабди. Ёғоч кесувчи бу болтани ҳам тан олмабди; шунда Ҳермес учинчи марта шўнғиб, ёғоч сопли болта олиб чиқибди. Бу сафар кесувчи ўз болтасини дарров танибди. Шунда Ҳермес Ёғоч кесувчининг диёнатли, ҳалол одам эканлигини кўриб, унга учала болтани ҳам туҳфа этибди. Ёғоч кесувчи йигит Ҳермес туҳфаларини олиб, ҳамкасб ўртоқлари олдига борибди ва ҳамма бўлган воқеани сўзлаб берибди. Бир ўтинчининг унга ҳаваси келиб, у ҳам дўстига тақлид қилмоқчи бўлибди; у болтасини қўлига олиб, дарё бўйига борибди ва у ерда дарахт кеса туриб, атайин болтасини сувга тушириб юборибди. Кейин сув бўйига ўтириб йиғлай бошлабди. Шунда Ҳермес пайдо бўлиб ундан, нима бўлди, нега йиғлаяпсан, деб сўрабди. Дарахт кесувчи йигит болтаси йўқолиб қолганини айтибди. Ҳермес унга сувдан олтин сопли болта олиб чиқиб, йўқотган болтанг шу эмасми, деб сўрабди. Ўтинчи йигитнинг хасислиги қўзиб: “Ҳа, ҳа, шу менинг болтам”, — дебди. Лекин маъбуд Ҳермес бу ўтинчига ёлғончилиги учун совға ҳам тақдим этмабди, ўзининг болтасини ҳам қайтариб бермабди.
Масалдан ҳисса шуки, худолар диёнатли, номусли одамларга қанча яхшилик қилсалар, бетавфиқ, бедиёнат кишиларга нисбатан шунча ёмонликни раво кўрурлар.

ЭШАК БИЛАН БЎРИ

Яйловда ўтлаб юрган Эшак ўзи томон югуриб келаётган Бўрини кўриб қолди ва дарҳол оқсоқлана бошлади. Бўри келиб ундан, нега оқсоқланаяпсан, деб сўради. Эшак унга жавоб қилди: “Э, сўрама, четан девордан ҳатлаб ўтаётган эдим, палакат босиб, оёғимга зирапча кириб кетса бўладими… Биламан ҳозир сен мени ейсан; илтимос, олдин зирапчани суғуриб ол, тағин томоғингга тиқилиб қолмасин”. Бўри унинг гапига ишонди; Эшак оёғини кўтарди, Бўри эса синчковлик билан Эшакнинг туёғини кўздан кечира бошлади. Шунда Эшак пайт пойлаб туриб, Бўрининг жағига чунонам тепдики, йиртқичнинг ҳамма тиши дув тўкилиб тушди. Оғриққа чидолмаган Бўри нола қилиб деди: “Шўргинам қурисин менинг! Ахир отам мени қассобликка ўргатган эди-ку — табиблик қилишимга бало бормиди?”
Баъзи одамлар ҳам шундай: ўзлари уддалай олмайдиган ишга қўл урадилар-да, фалокатга учрайдилар.

ЎҒРИ БОЛА ВА УНИНГ ОНАСИ

Бир бола мактабда ўртоғининг дарс ёзадиган тахтакачини ўғирлаб онасига олиб келиб берди. Онаси уни уришиш ўрнига мақтади. Шундан кейин бола кимнингдир жуббасини ўғирлаб олиб келди; онаси жуббан мамнуният билан қабул қилди. Кундан кун, ойдан ой ўтиб, бола йигит бўлди. Энди у йирикроқ, қимматроқ нарсаларни ўғирлай бошлади. Ниҳоят уни жиноят устида қўлга олдилар ва қўлларига кишан солиб, қатлгоҳга олиб кетдилар. Онаси унинг орқасидан ўз кўкрагига муштлаб, сочларини юлиб, фарёд чекиб борди. Шунда ўғил онасининг қулоғига бир гап айтмоқчи бўлиб, уни ёнига чақирди; она ўғлига яқин келди, ўғил онасининг қулоғидан ғарчча тишлаб узиб олди. Онаси: “Бадбахт бола, шунча қилган жиноятларинг етмагандай, энди ўз туққан онангни ҳам жонига қасд қиляпсанми?” — деб уни койиди. Бола онасининг сўзини эшитишни хоҳламай, шундай деди: “Агар сен, она, биринчи марта тахтакач ўғирлаб келганимда мени койиб тўғри йўлга солганингда эди, бугунги машъум аҳволга тушмасдим ва мени қатлгоҳ, сари олиб бормаган бўлур эдилар”.
Масалдан ҳисса: агар гуноҳ ишнинг олди аввал бошдан олинмаса, у бора-бора зўриқиб, фалокат домига тортиши мумкин.

ТОВУС БИЛАН ЗОҒЧА

Жами паррандалар катта машваратга йиғилиб, ўзларига подшо сайламоқчи бўлдилар. Шунда Товус, мени сайланглар, мен чирой-лиман, деб талаб қила бошлади. Қушлар уни сайлашга рози ҳам бўла бошлаган эдилар, лекин шу пайт Зоғча сўз олиб деди: “Агар сен под-шо бўлсанг-у, дафъатан бизларга бургут ҳамла қилиб қолса, қандай ҳимоя қиласан ҳаммамизни?”
Масалдан ҳисса шуки, ҳукмдорларни ҳусн эмас, иқтидор-қудрат безамоғи керак.

ЗЕВС ВА ИЛОН

Зевс тўй қилаётган экан. Ҳамма ҳайвонлар баҳоли қудрат, совға кўтариб келишибди. Илон эса оғзида бир дона гул билан ўрмалаб келибди. Зевс уни кўриб дебди: “Ҳамманинг совғасини қабул қиламан, аммо сен оғзингда олиб келган совғани олмайман”.
Масал, ёвуз ниятли кишиларнинг илтифоти ҳам хавфли бўлади, демоқчи.

ҚОБОН БИЛАН ТУЛКИ

Қобон бир дарахт тагида сўйлоқ тишларини қайрарди. Буни кўриб қолган Тулки ундан сўради: “Теварак-атрофда овчилар ҳам, бошқа хатарли нарсалар ҳам кўринмайди-ку, нега бунча зўр бериб тишларингни қайраб ётибсан?” Қобон жавоб қайтарди: “Бекорга қайтаётганим йўқ; бирон кор-ҳол ё фалокат юз бергудек бўлса, тишларим жангга тайёр бўлиб туради”.
Юз берадиган хавф-хатарга қарши олдиндан шай бўлиб туриш керак, деб ўргатади ва масал.

БЎРИ БИЛАН ҚЎЗИЧОҚ

Бўри бир Қўзичоқнинг пайига тушиб, уни қува бошлади. Қўзичоқ ибодатхонага қочиб кирди. Бўри уни чақириб деди: “Чиқ бу ёққа тезроқ! Бўлмаса, сени коҳин тутиб олиб, худо йўлига қурбон қилади”. Қўзичоқ унга жавоб қилди: “Сенинг чангалингда ўлганимдан худо йўлида қурбон бўлганим афзал”.
Масал, агар киши ўладиган бўлса, бирон эзгу амал қилиб ўлгани маъқул, демоқчи.

ҚУШ ТУТУВЧИ ВА КАКЛИК

Қушларни тутиш билан шуғулланувчи бир одамнинг уйига бемаҳалда меҳмон келиб қолди. Меҳмонни сийлаш учун рўзғорида ҳеч вақоси йўқ эди. Шунда у ўзининг ўргатилган Каклигини сўйишга қарор қилди. Каклик: “Эй, яхшиликни билмаган одам, — дея юзланди хўжайинига, — ахир сайраб-сайраб, қанчадан-қанча какликларни тўрингга илинтирган мен эмасмидим? Энди шу яхшиликларим эвазига мени ўлдирмоқчи бўляпсан-а!” Қуш тутувчи Какликка шундай жавоб қилди: “Ана, ўзинг тилингдан илиндинг, сени ўз наслингга хиёнат қилганинг учун ҳам сўяман!”
Ўз қабиладошларига сотқинлик қилган кишидан нафақат хиёнат қилинган одамлар, шунингдек, бу сотқинликдан фойдаланганлар ҳам нафратланурлар.

ХУРЖУН

Маъбуд Прометей одамларни лойдан ясаб, ҳар бирининг елкасига хуржун илиб қўйибди; хуржуннинг бир кўзига у ўзгаларнинг қусур ва иллатларини, иккинчи кўзига — хуржун эгасининг шахсий нуқсонларини солибди. Прометей хуржуннинг хусусий нуқсонлар солинган кўзини одамнинг орқасига, ўзгалар қусури солинган кўзини олдига қилиб илибди.
Ана шунинг учун ҳам одамлар бировнинг айби ва камчилигини дарров кўрар экан-у, ўз нуқсонларини ҳеч пайқамас экан.

ҚИШ ВА БАҲОР

Қиш Баҳор устидан кулиб, унга маломат қила бошлабди: “Вой, тавба, сен келдинг дегунча одамларнинг тинчи йўқолади; биров далага чиқиб, қўш ҳайдаб экин экади, биров чаманзорларга бориб, турфа хил гуллардан гулчамбарлар ясайди, яна бошқа бир одамлар кемаларга чиқишиб, олис-олис ўлкаларга саёҳат қилишади — улар на аёзли бўроннинг, на қор-ёмғирнинг ташвишини қилишади. Аслида, мана, менман ҳақиқий ҳукмдор: мен кишиларни кўкка эмас, оёқ остларига қарашга мажбур қиламан, уларни дағ-дағ қалтиратаман, титратаман; шу боис улар кун-уззу кун уйларига қамалиб ўтирадилар”. “Ана шунинг учун ҳам, — деб жавоб қилибди унга Баҳор, — одамлар сен билан жон-жон деб видолашадилар. Менинг эса ҳатто исмим ҳам одамларни хушнуд қилади. Зевс ҳаққт қасамки, бу исм дунёдаги барча исмлардан зарифроқ, гўзалроқдир. Мен йўқ пайтимда одамлар ҳамиша мени ёдлаб тилга олишади, кириб келганимда эса, шод-ҳуррамлик билан қарши олишади.

ШЕР, БЎРИ ВА ТУЛКИ

Қартайган Шер дардга чалиниб, ўз ғорида ётиб қолди. Подшо-ларининг ҳолидан хабар олгани ҳамма ҳайвонлар бир-кетин келиб, ундан кўнгил сўрай бошладилар. Фақат Тулкидан дарак бўлмади. Бу вазиятдан фойдаланган Бўри Тулкининг устидан ғийбат қила бошлади: “Бу Тулки улуғ ҳукмдоримизни заррача ҳурмат қилмайди, шунинг учун ҳам у сизни кўргани келмаган”. Бу пайт ғор оғзида пайдо бўлган Тулки Бўрининг охирги сўзларини эшитиб қолди. Шернинг кўзи Тулкига тушиб, унга ўдағайлаб ўкирди. Тулки дарҳол ялтоқланиб ўзини оқлашга тушди: “Айтингчи, олампаноҳ, бу ерга тўпланганларнинг қайси бири сизга менчалик ёрдам қилаолди Билингки, мен ҳаммаёққа елиб-югуриб,сиз учун шифобахш дори ахтардим ва табиблардан сўраб-суриштириб уни ахири топдим”. Шу заҳоти Шер, у қандай шифобахш дори экан — қани айт, деб талаб қилди. Тулки деди: “Сиз Бўрининг терисини тириклигида шилиб олиб, унга ўранишингиз керак экан!” Кейинчалик, Тулки Бўрининг ўлик жасадига қараб мийиғида кулганча деди: “Ҳар доим ҳукмдорни ёвузликка эмас, эзгуликка даъват этмоқ лозим”.
Бу билан масал, бировга чоҳ қазиган одам у чоҳга ўзи тушади, демоқчи.

ДЕҲҚОН ВА БУРГУТ

Деҳқон тузоққа илинган бир Бургутни кўриб қолди ва унинг хушсуврат қуш эканлигидан ҳайратга келиб, тузоқдан озод қилди. Кейинчалик Бургут ҳам Деҳқоннинг ҳимматига яхшилик билан жавоб қайтарди: бир куни у Деҳқоннинг омонатгина чайқалиб турган бир девор тагида ўтирганини кўрди ва учиб келиб, унинг каллапўшини чангалига илди-да, олиб қочди. Деҳқон ирғиб ўрнидан турди ва Бургутни қува кетди. Бургут каллапўшни ташлаб юборди. Деҳқон каллапўшни олиб, орқасига ўгирилса, ўзи тагида ўтирган девор қулаб тушибди. Деҳқон Бургутнинг бу қилган яхшилигидан беҳад тўлқинланиб кетди.
Кимга яхшилик қилсангиз, ўша одам сизга ҳам яхшилик қилмоғи керак; кимки ёвузлик қилса, ўзи ҳам шундай ёвузликка дучор бўлгай.

ХАЧИР

Арпали ем еб семириб, босар-тусарини билмай қолган Хачир шаталоқ отиб югура бошлади ва овозининг борича: “Менинг онам — от, улоқ чопишда ундан асло қолишмайман!” — деб ҳайқирди. Кейин, югуришдан тўхтагач, бошини хам қилиб, бирдан хомуш бўлиб қолди. Сабабки, отаси эшак эканлиги эсига тушган эди.
Вазият тақозоси билан сен ҳатто осмон-фалакка кўтарилганингда ҳам, аслида табиатан ким эканлигингни унутма, зеро ҳаётдаги барча эзгуликлар ўткинчидир.

Русчадан Қодир Мирмуҳамедов таржималари
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 4-сон