Ўша унутилмас тонгда хотиним кутилмаганда одатдагидан барвақтроқ турди. Мана, яқинда бир ёстиққа бош қўйганимизга ҳам ўттиз йил тўлади, шу ўтган давр ичида лоақал бирор маротаба бўлсин, мени бир он назаридан ҳеч четда қолдирган эмас. Уйда унинг тарақ-туруқ қилиб юришидан айниқса таъбим тирриқ бўлиб кетди. У эшикларни тақиллатиб, деразаларни тарс-турс қилиб очар, стулларни эса аямай у ёқдан-бу ёққа сурар эди. Тавба, ҳеч тушунолмайман: бу ишларини оҳистагина, шошмасдан қилса бўлмасмикин ёки бугун мендан барвақтроқ турганига шундай қиляптимикин-а? Булар камлик қилгандай, гоҳ полга чўткани тушириб юборади, гоҳ ванғиллатиб радиони қўяди, гоҳ ғинғиллаб хиргойи қилади. Устига-устак ҳуштак чалганига ўласизми…
“Тавба, худди безори кўча боласига ўхшайди-я! Невара кўрганига ўн кун бўлган кишиям ўзини шундай тутадими-а!” — ўйладим ғазабимни ичимга ютиб, сўнг жаҳл билан адёлни устимга тортдим-да, ухлашга ҳаракат қилдим. Агар қўққисдан чангютгич шиғиллаб қолмаганда, кўзим илиниб, бир оз ором олган бўлармидим. Ҳар қалай буларнинг ҳаммасига тишимни тишимга қўйиб чидасам бўларди-ю, лекин одатдаги вақтим бўлгани учун ўрнимдан туриб кетдим. Соат роппа-роса саккиз эди.
Болохонадан тушарканман, уй кўтарилганда анқийдиган ҳид бурнимга гуп этиб урилди. Ҳаммаёқ чип-чиннидек тозаланган. Пиллапояю, унинг панжаларидан тортиб полгача ёғ томса ялагудек. Даҳлизнинг бурчакларида скипидар қўшилган тоғоралар билан иссиқ сув солинган челаклар турарди. Хотиним энди дераза пардасини дазмоллаб бўлиб, уни осмоқчи бўлиб турган эди. Ҳамма ишларини тугатгач, кийинди-ю, сўнг ҳар қандай зарур иши бўлишига қарамай, янги туғилган бола учун белгиланган хонага кирмаслигимга қасам ичириб, бозорга жўнади. Бу хона бошқа хоналарга қараганда мўъжазгина бўлса ҳам, жуда ёруғ — ойнаси катта, иссиқ ва шинам эди.
Хотинимнинг бирор нарсани эсдан чиқазиб, ярим йўлдан қайтиб келадиган одати бор эди. Бу гал унинг жўнаб кетганига ишончим комил бўлгач, янги туғилган бола учун жиҳозланган хонанинг эшигини ниҳоятда эҳтиёткорлик билан очдим. Стол устида дока ва пахтадан ташқари, гўдак учун керакли бўлган нарсалар – пушти пахмоқ адёлдан тортиб, то антиқа жажжи қалпоқчагача бор эди. Очиқ деразадан хонага муздек шабада кирарди, бурчакдаги ҳозиргина ёқилган печдан ҳарорат тараларди. Қуёш чиққанда эди, ҳаммаёқ чарақлаб кетган бўларди.
Кечқурун шивалаб ёмғир ёғиб ўтганди. Эрталаб ҳаво булут, ҳаводан эндигина куртак ёзаётган япроқларнинг хушбўй ҳиди анқирди. Чамаси, ҳаво ўйга чўмгандек – нима қилишини билмаётгандек эди.
Бу ҳол узоққа чўзилмади. Хотиним қўлида бир даста гул билан қайтиб келганда, ҳаво очилиб кетди, соат ўн бирларда бизнинг хонамиз қуёш нурларидан мунаввар бўлганди.
Қуёш жамол кўрсатиб, заррин нурлари деразамдан мўралаганда, бугун атайин башангроқ кийинишга жазм қилдим. Қандай бахт-а! Мен жон-дилидан севиб, доимо ғамхўрлик қиладиган содиқ хотинимнинг мен ҳақимда қайғурмай, унинг йўл-йўриғисиз ўзим бир қарорга келдим. Ўйлаб қарасам, ўттиз йил мобайнида якка ўзимнинг биринчи марта бир қарорга келишим экан.
Мўъжазгина ёруғ болохонадан зап вақтида тушибман-да, куёвим қайнанасини туғруқхонага бирга олиб келгани келган экан. Хотинимнинг қувончи ичига сиғмай, нуқул шошиларди. У чақалоққа атаб олинган нарсаларни қўлтиғига қистирганча, кетидан эшикни беркитиб олишимни уқтириб, ғизиллаганча чиқиб кетди.
Унинг ортидан қараб қолдим. Тавба, унинг буви бўлганига ҳечам ишонгим келмасди. Сочини қаранг-а, оппоқ пахта бўлиб кетибди. Бундан бир оз ранжиган бўлсам-да, мийиғимда кулиб қўйдим, ҳаётимизда бирор маротаба бўлсин ҳеч сан-манга бормаганмиз, менинг азиз хотинчам – ақл ўргатувчим бугун ҳеч қандай панд-насиҳат қилмай чиқиб кетди. Менга дакки бергани ҳам, ҳеч қандай юмуш буюргани ҳам йўқ..
Ярим соат менинг ихтиёримда эди. Нима қилиш керагу, нима қилмаслик кераклиги ўзимга ҳавола. Бахтга қарши, мен учун тамомила бегона бу кўнгилсиз вазиятда дурустроқ бирор нарса ўйлаб тополмадим. Тўғрисини айтсам, бир оз кайфиятим бузилди. Ниҳоят, чор-ночор узоқ, дилни орзиқтирувчи дақиқалар ичида – неварамни уйга олиб келганларига қадар уй ичида у ёқдан-бу ёққа танда қўя бошладим.
Мен деразадан машина дарвозамиз олдига келиб тўхтаганлигини кўрдим-у, шоша-пиша уларнинг истиқболига югуриб, худди эшик оғасидек эшикни ланг очиб юбордим. Энг олдинда чақалоқни кўтариб олган хотиним, унинг ортидан эса қизим билан куёвим келишарди. Нафсиламр, кўрган киши уларни бахтиёр ҳисобласа-да, бироқ ҳаддан ташқари уларнинг жиддийликларини кўриб ҳайрон қоларди. Янги туғилган гўдак ётқизиладиган хона эшиги олдида неварамга ҳурмат-ла таъзим қилдим-да, “хуш келибсан” деб алмойи-алжойи қилиқлар қилдим.
Бу ишни ўзимга гўдакнинг диққатини тортиш учунгина қилдим. Майнабозчиликни иқим суймай, ўзимни ғоятда жиддий киши ҳисобласам-да, унинг диққатини тортиш учун ҳар нарса қилишга тайёр эдим.
Шу заҳотиёқ барча уринишларимнинг беҳуда эканлигини пайқаб қолдим. Ҳа, бутун қилаётган ҳаракатларим беҳуда эди! Нима қилган бўлсам ҳам, барибир менга парво қилишмади. Мен ҳозир ортиқча одам эдим. Менинг бор-йўқлигим билан уларнинг ишлари йўқ эди.
Бунга тўла ишонч ҳосил қилгач, боққа соқолимни олгани чиқиб кетдим. Ширин ҳис-туйғу ўрнини аччиқ изтироб эгаллаб олди. Мени хўрлашдими, а? Ҳа, бу хўрлаш эди. Энг ажабланарлиси шу эдики, барибир мен ўзимни ғоятда бахтиёр ҳисоблардим. Қийғос гуллаган олчанинг оппоқ гулли новдаси мен томон чўзилиб турарди. Назаримда у, худди мен томонга узатилган майин қўлдек туюлиб, кимдир: “Бу ер бахтга тўлиқ, кел, қучаман”, деб шивирлаётганга ўхшарди.
Тез орада оқ тунли ёз кунлари бошланиши ҳақида хаёл сура бошладим. Изтироб чекиб, бутунлай тушкунликка тушган пайтингда хаёл сурмасанг, қай маҳал хаёл сурасан? Шумурт оппоқ гуллаб, салқин баҳор тунларида дилни қитиқлаб тараладиган муаттар ҳиди ҳақида хаёл сурарканман, беихтиёр қувончдан қалбим жўшиб кетди…
Ниҳоят, яна уйга қайтиб янги туғилган гўдак ётган хонанинг эшигини очдим-у, стол устидаги пахта билан доканинг янада кўпайиб кетганлигига кўзим тушди, чақалоқни кўришдан умидим бўлмаса-да, лоақал овозини эшитарман, деган хаёлда ичкарига кирдим.
Хотинимга:
– Жонгинам, бир оз сайр қилиб келмоқчиман, нима дейсан?– дедим.
Шундай дедим-у, ялт этиб куёвимга қарадим. Унинг шу топдаги ҳолатини кўриб, бир вақтлар қачонлардир менинг ҳам бошимга тушган кунларни эслаб, унга раҳмим келиб кетди. Бу ёш ота бир чеккада довдираганча, қисилиб-қимтиниб аёлларнинг навбатдаги буйруқларини кутиб турарди.
Шу ондаёқ хотиним қизимга:
– Борний кислота қаерда? – дея мурожаат қилиб қолди.
– Борний кислотами? – саволни қайтарди қизим эрига қараб қўяркан.
Бошимга куёвимнинг куни тушмаганига худога шукур қилиб, эшикни ёпиб қўйдим. Орадан чорак соат ўтар-ўтмас ниҳоятда пухта ўйлаб олганимдан сўнг, шу дақиқада бахтимни яна бир бор синаб кўрмоқчи бўлдим.
Шу сониядаёқ яна янги туғилган гўдак хонасининг бўсағасида пайдо бўлдим-да:
– Кечирасан, сайр қилиб келишни ортиқ орқага суролмайман,– дедим овозимни баландлатиб.
Одатда хотиним уйдан чиқишим олдидан кийимимни синчиклаб кўздан кечирар, бирор ерини тўғрилаш ёки чўтка билан тозалаш керакми, деган мақсадда текширар эди, сўнг чўнтакларимни кавлаб, уларда нечта дастрўмолим борлигини аниқлаб, энг тозасини бериб юборарди, бу ишларга ўрганиб қолган эканман.
Куйманчиқ хотиним ҳозироқ ҳамма ишини ташлайди-ю, югурганча даҳлизга чиқиб, ғамхўрлик билан менга танқидий кўз ила бошдан-оёқ назар ташлагач, бир чеккада аввалги ишларини қилади, деб ўйлагандим.
Бахтга қарши, не кўз билан кўрайки, унинг бутунлай парвойи фалак эди.
– Мен бирор соат айланиб келаман,– дедим тоқатим тоқ бўлганини билдириб, хотинимнинг эътиборини жалб қилиш учун.
Буни қарангки, шу ондаёқ неварамнинг қўнғироқдай овозини эшитдим.
Бу ингичка овоз афтидан, ёш онани – қизимни эсанкиратиб ва қўрқитиб юборди, куёвим эса қувонч-ла ҳамда гуноҳкор кишидек илжаярди, хотиним бўлса:
– Вой, менинг дўндиқчам, вой, менинг жажжигина полапоним!– дея чақалоқни эркаларди.
Ишончим комилки, бу жажжигина полапон ҳар қалай мен эмасдим, Ҳа, худо ҳаққи, ишонтириб айтаманки, мен эмасдим!
Хотиним қанчадан-қанча ширин-шакар сўзлар айтиб, каравотча хизматини ўтаётган оппоқ сават устига энгашди, маълумки, чақалоқ ё кутилмаганда дунёга келади ёки уй эгалари каравот келтириб қўйишга ҳамда чиройли ном топишга улгуролмасларидан туғилади.
Хотинимнинг ҳозирги феъл-атвори мени қийин аҳволга солиб қўйди. Ғазабим қайнаб, эшикни ланг очдим-у, хотинимнинг ғашига тегиш учун зарда билан:
– Айланиб, бир оз кечиксам, хавотирланма,– деб огоҳлантириб қўйдим.
Йўқ, ҳеч қандай жавоб бўлмади. Ортиқ менинг уларга керагим йўқ эди. Бошим очиқ, қайга бормоқчи бўлсам тўрт томоним қибла, очиғи, тариқча бўлса-да, бу мени хурсанд қилмасди. Бироқ орқамдан кўча эшиги қарсиллаб ёпилиб қолгандагина ўзимни қафасдан учиб чиққан қушдек енгил ҳис этдим.
Атрофга ҳавас-ла боқардим. “Авваллари булар қаерларда эди?” ўйлардим кўчанинг икки бетидаги ва атрофдаги боғлардаги заранг дарахтининг қийғос гуллаганини пайқаганимдан ҳайратда қолиб. О, заранг дарахтлар! Олтинранг дарахтлар! Улар шундай барвақт гуллайдики…
Қалбим севинчга тўлиб-тошарди. Ўзимча ғинғиллай бошладим. Қўққисдан миямга бундан ўн йил олдин куйланадиган қандайдир эски қўшиқ келиб қолди. Бир неча сўзларини ёдимдан чиқазган эканман, янги сўзларни ўйлаб топишга тўғри келди. Бекордан-бекорга сандироқлаб юриб-юриб, ниҳоят, дуч келган бир автобусга бирдан сакраб чиқиб олдим. Заррача бўлса-да, бу мени ташвишга солмади. Чунки ер думалоқлигини, ундан ташқарига чиқиб кетиб бўлмас-лигини ҳамма қатори мен ҳам биламан.
Ярим соат йўл юрганимдан сўнг билсам, шаҳар марказига етиб қолибман, автобусдан тушдим. Тушки вақт бўлиб қолганди, кўча қаерларгадир шошаётган одамлар билан гавжум. Буларни кўргач, клубга бориб овқатланувчи эски ошнам эсимга тушди. Бундан икки йил аввал хизмат қилиб, пенсияга чиқмасимдан олдин биз кўпинча тушликни бирга қилардик. Бугун қўққисдан мени кўрса, роса ҳайратдан донг қотса керак, мен бўлсам хурсандлик-ла бир стакан вино устида уйдан қочганлигимни ҳикоя қилиб бераман.
“Демак, уйдан “қуён” бўлибсан-да?” – дейди у ҳеч қандай гина-кудуратсиз самимий мириқиб куларкан.
“Ҳа, жуфтакни ростладим”, – дейман ошнамга унинг беғараз дўстона кулишидан завқланиб.
Клуб томон бориладиган йўлдан шундай хаёл суриб борардим. Гапнинг очиғини айтсам, у ҳақида ўйласам, юрагимнинг алла-қаерини худди тикан тирнаётгандек бўларди. Баногоҳ, жуда зарур бўлиб қолсам-у, мени қидиришса… Шунда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган иш бўлади, буни қаранг-а, мен йўқолиб қолсам-а. Тўсатдан ғойиб бўлганим билингач, ҳар қалай хафа бўлишса керак. Ана унда томошани кўрасиз. Хотиним дарҳол милицияга: “Эрим йўқолиб қолди!” деб қўнғироқ қилади-ю, белгилари шундай-шундай дея тушунтира кетади… Яъни кўринишдан дунёни сув олса тўпиғига чиқмайдиган ювош одам дейди. Бироқ ўн йилда бир жаҳли чиқади, шунда ҳеч кимни, шу жумладан, ўзиниям аямайди, дейди.
Беш йилдан бери ҳали бирон маротаба аччиқланганимни билмайман. Демак, шу йил ичида ҳар қандай номаъқулчиликлару беадабликларга ҳамда уйдан ташқарида бўладиган пасткашликларга ва уйда тирноқ остидан кир излашларига чидаб, лом-мим демай келдим. Турган гапки, жанжални ёқтирмаслигим, юмшоқ кўнгиллигим мени ўйинчоқ магазинига киришга мажбур этди. Нимадир сотиб олиб, уйда бирор кўнгилсизлик кутиб турган бўлса, шу заҳотиёқ олган нарсамни рўкач қиламан-да, неварам учун ўйинчоқ магазинига кирганлигимни айтиб, оғизларини очирмай қўяман.
Бу арзимаган ишга кўп вақтим кетмайди, деб ўйлагандим, ён-веримдаги ўйинчоқларнинг азбаройи кўплигидан қай бирини олишни билмай, миям гангиб қолди. Гангиб қолганимни сезган ёшгина, қадди-қомати келишган сотувчи қиз ҳожатимни чиқариш учун мен томон кела бошлади. Керакли нарсани тополаманми-йўқми деб неварамнинг ярим ойлигини унга шипшитиб қўйдим. Узоқ ўйлаб, ниҳоят, резинкадан ясалган чийиллайдиган кучукчани харид қилиб чўнтагимга солдим.
Бир неча дақиқадан сўнг клубга кириб келдим. Ҳамма жой банд. Ресторанни синчиклаб кўздан кечирдим, бироқ мен ахтараётган эски ошнам офтобда исиниш учун ташқарига чиқиб кетган кўринарди. Бирга ишлаган вақтимизда иккимиз шундай қилардик.
Энди чиқиб кетишга чоғланиб турган ҳам эдимки, ногаҳон бир пари пайкар таманноли қадам ташлаганча тўғри мен томон келаверди. Тавба, худди фариштанинг ўзи-я, мунчаям гўзал! Кўзларим чақнаб, ағрайганча қараб турган эдим, ўша соҳибжамол фаришта бирдан отимни айтиб чақириб қолди. Мен уни танимаганлигимдан, ўзимча пойма-пой чулдираб қўйдим. Афтидан, жуда кулгили ҳолга тушган бўлсам керак, шунинг-чун, қиз хандон отиб кулди-да, қўлимдан тутганча узоқдаги бурчакда бир қиз билан йигит ўтирган стол томонга бошлаб кетди.
Бу ёшлар мени танишар экан-да, дея кўнглимдан ўтказдим-у, сўнг, ниҳоятда эҳтиёткорлик-ла суҳбатлашишни кўнглимга тугиб ўтирдим. Эски ўқитувчиларнинг пешанасига шундай ёзилган бўлса, қайга ҳам қочиб қутуларди дейсиз; ақл-ҳушларини топиб, катта бўлиб қолган ўқувчилар дарҳол танийдилар, сиз бўлсангиз ҳар вақтдагидек уларни узоқ эслашга ҳаракат қиласиз. Ёшлар доимо сизга қарши тил бириктиргандек бўлишади, сиз бўлсангиз, ҳимоячисиз якка қоласиз. Вақтдан ютиш учун бамайлихотир кўз-ойнагингизни арта бошлайсиз, бироқ ҳамма вақт ҳам бу қўл келавермайди.
– Гапнинг сирасини айтсам, бу ерга эски ошнамни учратарман деган умидда киргандим,– дедим ҳамон атрофга алангларканман.
– Эски ошнангиз ўрнига уч нафар ёшларни учратдингиз,– деди мени столга таклиф қилган қиз. Қолган икки ёш унинг гапини маъқуллаб кулди.
– Ҳақ гапни айтяпсиз,– жавоб бердим ҳамон ҳеч нарсага тушунолмаётган бўлсам-да, шубҳа билан уларга қараб.
– Эшитишимча, пенсияга чиққанмишсиз-а?– сўради ёнимдаги ёш йигит.
– Афсуски, шундай!– дедим бошимни ирғатганча унинг гапини маъқуллаб хижолатдан қутулиш учун хиёл кўзимни сузганча:– Менинг ёш дўстларим қалай?– дедим.
Мени столга таклиф қилган қиз, шу йил университетни тугатамиз, деб жавоб қилди.
Ҳеч нарсага тушунолмай ҳайратдан донг қотганча ҳамон хаёлга чўмиб ўтирарканман, лоп этиб миямга бир фикр келди. Бундан руҳланиб кетдим.
– Ҳа,–дедим яна тусмоллаб,– бундан беш йил аввал ёш бола эдингизлар, ўшанда оддийгина қилиб номингизни айтиб чақираверар-дик.
– Ҳозир ҳам аввалгича айтаверинг,– деди ёнимда ўтирган қиз.
– Йўғ-е, энди ундай деб бўлмас.
– Нега энди бўлмас экан?– ажабланиб сўради қиз.–Агар сиз ҳозир ҳам менинг исмимни оддийгина Хельга деб атасангиз, бошим кўкка етган бўларди.
О, Хельга! Шу заҳоти кўз олдим ёришиб кетгандек бўлди. Ахир бу қизни жуда яхши танирдим-ку, шунақаям чиройли куйларди, унинг ажойиб овози бор эди. Эсимда, ўқишни битириш кечаси болаларни анча-мунча қайин дарахтини кесиб ташлаганлиги учун койиган эдим, шунда қизча дарҳол жиддийлашиб, қизариб кетганди. “Тантана-ку, яхши, лекин шунча дарахтни нобуд қилиб ташлаш шартмиди?” – дегандим ўшанда.
Аттестат олишгач, қиз мени қидириб топди-да, гулдастаси ичидаги энг катта ва чиройли саллагулни олиб менга тақдим этди. Шу ондаёқ саллагулни кўкрагимга тақиб олганимда борми, билмадим юрагим қай кўйга тушарди?
Биз шу ўтган кунлар ҳақида сўзлашдик, мен ўша ўқишни битириш кечасидаги тўсатдан гулдираган момақалдироқни эсладим. Мен буларнинг ҳаммасини балки сўлиб қолган қанчадан-қанча қайинлар туфайли жуда яхши эслардим, бироқ ёш дўстларим буларнинг ҳамма-ҳаммаси бутунлай ёдларидан чиқиб кетганлигини айтдилар. Биринчи момақалдироқ! Қандай қилиб уни эсларидан чиқарганикинлар-а? Столимиз олдида қорачадан келган, чакка соқол қўйган йигит пайдо бўлгунга қадар, тахминан, ярим соат у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик. Бурунлари остидаги ингичка мўйлови қоп-қорайиб турар, кўринишидан жуда жоҳилга ўхшарди. Менга кўзи тушгани ҳамон еб юборгудек ўқрайиб қараб қўйди.
Мен уни танимай, қўрққанимдан бу дароз йигит шу сониядаёқ безориларча жиғимга тегиб ё биқинимга тушириб, суробимни тўғрилаб қўймасин, деб ирғиб ўрнимдан туриб кетдим. Кейин билсам, чакка соқол қўйган йигит безори эмас, балки ўқувчим экани мени тамоман ҳайратга солди. Унинг исми Харальд эди.
Маълум бўлишича, ёш дўстларим шаҳар чеккасига кўнгил ёзгани чиқмоқчи эканлар, Харальд эса ижарага машина олиб, уни ҳайдаб келган экан.
Хельга мендан биз билан бирга боришни истамайсизми, деб сўраб қолди. Саёҳат узоққа чўзилмайдими деб суриштириб ўтирмасданоқ, машиналарида менга ҳам ортиқча ўрин топилса, ўзимни ғоятда бахтиёр ҳисоблашимни билдирдим.
Албатта, машина беш кишилик бўлгани учун менга ҳам жой топилди.
Қорачадан келган дароз йигит рулга ўтирди, менга эса Хельга билан ёнма-ён ўтиришга тўғри келди. Бу сафаримизни сизга батафсил баён қилиб беролмайман, албатта. Ахир ўзингиз баҳорнинг, ёш улфатларнинг, ижарага олинган машинанинг қандай бўлишини менданам яхши биласиз. Агар сиз уларга менинг бува бўлганлигимни, устига-устак нафақа-далигимни айтсангиз борми, буни шу ондаёқ тан олган бўлардим. Нафсиламр, шуни баён қилишим мумкинки, шундоққина ёнимда ёшгина қизча ёқимли чулдираб ўтирган бир пайтда миямга келган фикрлар ва кўнглимни қитиқлаган ҳис-туйғуларни айтиб берсам бўлармиди? Менинг ёшимдаги ҳар бир киши ҳам фақат хаёл оғушига берилишни ёқтирмай, қандай қилиб бўлса-да, ҳамроҳларининг кўнглини овлаб кетишга уринарди. Шу топда ўзимни худди ёшлардек абжир ва шўх ҳис қилардим. Ўз-ўзимга мен эркинман, ҳеч ким мени қидирмайди, янги туғилган гўдакнинг шарофати билан хоҳлаган пайтимда қайтаман, қаерга борганлигимни ким ҳам билиб ўтирибди дейсиз, дердим.
Бир оздан сўнг гўзал ўрмон чеккасидаги кўлнинг бўйида тўхтаганимизда қуёш ботай деб қолганди, ҳамон кўнглим тинчимай безовталанардим.
Ёшлар балиқ тутадиган қармоқларини олволган эканлар. Кўп ўтмай улардан бири – чакка соқол қўйган йигит қамишлар орасидаги бир солни кўриб қолди-ю, унга чиқиб сузиб кетди. Унинг ўртоғи эса сувга қармоқ ташлаб, қайин илдизлари ўртасига ўтириб олди. Биз эса қизлар билан гулхан ёқишни ўз зиммамизга олдик. Шу ерда, гулхан ёнида уйимни қўмсаб қолдим. Қилган ишимдан пушаймон бўла бошладим, бироқ ёнимдагилардан уялганимдан бу хаёлларни тезда миямдан чиқариб ташлашга ҳаракат қилдим.
Кун ярмидан оққанда Хельга ҳеч қандай сўзсиз менга қўлини узатди. Унинг қўлидан тутдим. У лом-мим демади, бироқ маъюсланиб ўтирганлигимни фаҳмлаганини дарҳол сездим.
– Ҳечқиси йўқ,– деб қўйдим.
Эгри-бугри қирғоқ ҳамда қамишзор билан ўралган мўъжазгина сувнинг тип-тиниқ суви тўлқинланиб кетди-ю, қоп-қора шарпа кўринди. Бу солдаги Харальд эди.
– Юринг, ўтин топиб келамиз,– деди қиз.
Унинг сўзини икки қилгим келмади. Бир-биримизнинг қўлимизни ушлаганча, миқ этмай тепаликка чопқиллаганча чиқа бошладик. Ниҳоят, тепаликнинг энг чўққисига чиқиб олдик. Қаердандир, олис-олислардан итнинг увиллагани эшитилди. Ногаҳон, қиз таққа тўхтади-да, шундоққина қаршимга келиб, кўзларини ерга тикканча:
– Агар шу баҳор туни, шу кўл, атрофдан эшитилаётган сирли товушлар бўлмаганда эди, худо ҳаққи, ҳеч қачон бу сўзларни айтишга журъат этолмаган бўлардим,– деди.
У ҳис-ҳаяжон билан айтаётган сўзига жавоб кутгандек, бир оз жимиб қолди.
– Ҳа, бугунги тун ниҳоятда ўзгача,– дедим ҳаяжонимни босиб.
– Менинг биринчи севгим Сиз бўлгансиз,– деди Хельга бир оз жимликдан сўнг майин овозда.
Қайлардадир, тепалик ортида тентакқуш сайради. Боятдан бери бошини қуйи солиб турган қиз нигоҳини менга тикди. Бир-биримизнинг қўлимиздан тутдик, қизни бағримга тортдим. Бошқа илож йўқ эди. Шундоққина бир-биримизнинг нафасимизни ҳис қилиб турган бир пайтда бу ажиб баҳор тунини тотли бўса ила ўтказишга ҳақли эдик, бироқ афсуски кутганимиздек бўлмади, фалокат босиб кўкрак чўнтагимдаги резинадан ясалган кучукча чийиллаб юборди.
Худди эр-хотинлик аҳду паймонига хиёнат қилиб, таънаю маломат сўзлари эшитилаётгандек, қўққисдан саросимага тушиб қолдим. Шундай кўнгилли дақиқада бу ўта келишмаган туйғу эди. Қиз бу ҳолатимдан ўзини тутолмай қаҳ-қаҳлаб хандон отганда, уялиб хижолатдан ерга кириб кетай дедим. Тепалик ортида сайраётган тентакқуш жимиб қолди. Мана, эртак ҳам тугади…
Гулхан ёнига қайтиб келганимизда тип-тиниқ сув устидаги қора шарпа ғойиб бўлганди, сол қамишлар орасида чайқалиб турарди, қирғоқдаги йигит, худди безовта шердек у ёқдан-бу ёққа ҳаяжонланганча юрарди. У Хельгани бир четга чақириб олди, қарасам, бир-бирларига зўр бериб ниманидир тушунтиришга уриняптилар, ҳафсалам пир бўлиб, ўрмондан олиб чиққан ўтинларни сўнаётган гулханга ташламай қўйдим. Тез орада биз ортимизга қайтдик.
Қуёш эндигина борлиққа заррин нурларини сочаётганда машина уйимнинг дарвозаси олдига келиб тўхтади. Қайтаётганимизда ҳамроҳларим қовоқларини уйганча, менга унча рўйхуш бермай келдилар, бироқ хайрлашганимиздан сўнг ҳаммалари бирдан жонланиб кетдилар. Ҳатто Харальд рулдан тушиб, менга:
– Кечирасиз, сизга дағаллик қилдим, бошқа иложим йўқ эди, сиздан рашк қилдим,– деди.
Қандайдир болаларча соддадиллик билан иқрор бўлиб айтилган бу сўзлар менда йигитга нисбатан меҳр туйғуларини уйғотди. Негадир унга ўзимни жуда яқин олиб, шу тобда у билан дардлашгим келиб кетди.
Мен кулдим-да, сўнг: “Шу он ёндим ҳижрон ўтида…” дея куйлай бошладим.
Назаримда, мени тўғри тушунишди. Машина жойидан қўзғалганда, Хельга:
– Келаси баҳор яна тентакқуш сайраганда кўришамиз!– дея қичқирди.
Ниҳоят, эҳтиёткорлик-ла ҳеч кимга сездирмай, бир кеча тарк этган уйимга кирдим. Ҳамма ухлаб ётгандир деб умид қилсам-да, яна кўз ёшлари-ю, таънали сўзлар билан кутиб олсалар-а, деб юрагим пўкиллай бошлади. Бироқ мен ўйлаганчалик бўлмади. Менинг мулойим, сочлари оппоқ шўрлик хотиним кўрарга кўзи йўқ бўлган чангларни зўр бериб артиш билан овора эди, ҳозир неварасини олиб келгандан буён эса чангларни аввалгидан минг чандон ёмон кўриб қолган эди.
Мен унга “ҳорма” дедим. У индамади, бироқ бир ондан сўнг ажабланганча:
– Сен ҳам бугун каллаи саҳарлаб туриб олибсанми?– деб сўради.
– Ҳа,– деб жавоб бердим ўзимни овсарликка солиб, сўнг ҳамма гапни очиқ айтишни ҳам, ёлғонлашни ҳам билмай тезроқ жўнаб қолдим.
Энди кўзим очилди, кўпгина нарсаларга ақлим етадиган бўлиб қолди, мендаги бу янги хислатлар мени хотиржам ва бардам қилди. Неварам ухларди, қизим эса оппоқ каравот ёнида бедор ўтирганча ҳажми ниҳоятда катта бўлган “Ёш болалар овқати ва гигиенаси тўғрисида”ги китобни ўқиб ўтирарди. Хонанинг бир бурчагида эса пинакка кетган ёки ўй-хаёллар оғушига берилган куёвим тиззасига “Оналик илми” китобини қўйиб ўтирарди.
Ўзимнинг болохонамга чиқдим, деразамни очарканман, янги, ширин хотиралар хаёлимни ўғирлади. Қулоғим остида ҳамон Хельганинг: “Келаси баҳор яна тентакқуш сайраганда кўришамиз!” деган сўзлари жарангларди. Келаси баҳорда! Йўқ, учрашолмаймиз. Кейинча, уйимизда янги чақалоқ туғилганда учрашсак, бу бошқа гап.
Рус тилидан Назира Жўраева таржимаси