Авваллари Хортонс кўрфази ёғоч кесиш заводи шаҳарчаси эди. Кўл бўйида жойлашган тегирмондаги катта арраларнинг шовқин-сурони шу ерлик аҳолининг қулоғини кесгудек бўлар эди. Кейин бир йили ёғоч ишлаб чиқариш учун хода етказиб бериш тўхтаб қолди. Тахта ташувчи шхунерлар кўрфазга кириб, уларга атрофда тўпланиб ётган тегирмон қолдиқлари ортилди. Барча ёғоч уюмларини ҳам олиб кетишди. Тегирмон ишчилари катта бинодаги нимаики олинадиган ускуна бўлса йиғиштириб, кемаларнинг бирига юклашди. Шхунер бортига иккита улкан арра, хода ташиш учун мўлжалланган сайёр арава, тахта кесувчи юмалоқ мосламалар, ғилдираклар, камар ва бошқа металл қисмларни ортган ҳолда кўрфаздан очиқ кўл томон йўл олди. Унинг очиқ юк ортиш қисми брезент билан ўралиб, арқон билан маҳкам боғланди. Шхунернинг елканлари ёйилиб, мана шу тегирмонни тегирмон қилган ва Хортонс кўрфазини шаҳарчага айлантирган ҳамма нарсани ортмоқлаб, очиқ кўлга равона бўлди.
Бир қаватли ётоқхоналар, емакхона, ширкат дўкони, тегирмон идоралари ва улкан тегирмоннинг ўзи кўрфаз қирғоғидаги ботқоқ ўтлоқни қоплаган ёғоч қириндиси ҳудудида ҳувиллаб қолди.
Ник ва Маржори қирғоқ бўйлаб эшкак эшишар экан, орадан ўн йил ўтиб ботқоқликнинг иккинчи ўсими оша кўриниб турган тегирмон пойдеворининг синган оқ оҳактошидан бошқа ҳеч нарса қолмади. Улар қирғоқ бўйлаб сузиб, туби қумбаргдан ўн икки метр қоронғи сувга дарҳол тушадиган жойда балиқ овлашар эди. Улар рангдор гулмоҳи (форел) овлаш учун тунги қармоқни ташлаб, сузиб юришарди.
– Мана бизнинг эски харобалар, Ник, – деди Маржори.
Ник эшкакларни кўтариб, яшил буталар орасидаги оқ тошларга қаради.
– Ҳа, ҳудди ўзи, – деди у.
– Эсингдами, бу ерда завод бор эди? – сўради Маржори.
– Сал-пал эслайман, – деди Ник.
– Бу кўпроқ қасрга ўхшаб кетади, – деди Маржори.
Ник индамади. Улар завод кўздан ғойиб бўлгунча қирғоқ бўйлаб эшкак эшишди. Кейин Ник қайиқни кўрфаз томонга бурди.
– Тишламаяпти, – деди у.
– Ҳа, – деди Маржори. У суҳбат чоғида ҳам кўзини қармоқдан узмасди. У балиқ овлашни яхши кўрарди. У Ник билан балиқ овлашни яхши кўрарди.
Қайиқнинг шундоқ биқинидаги сув юзида катта олабалиқ кўринди. Ник бир эшкакка қаттиқ суяниб қайиқни буриб олишга ҳаракат қилди ва орқада қолаётган хўракни олабалиқ томонга бошқармоқчи бўлди. Форелнинг думи сувдан чиқиши биланоқ, майда танга балиқлар тўдаси турли томонга отилиб кетди. Улар ҳудди сувга ташланган бир ҳовуч тангадек ён-атрофга сочилди. Қайиқнинг нариги томонида яна бир олабалиқ емак излаб балқиб чиқди.
– Улар овқатланаяпти, – деди Маржори.
– Аммо илгакни тортмаяпти, – деди Ник.
У қайиқни иккала овчи балиқни ёнига буриб, сўнг нуқтага йўналди. Маржори қайиқ то қирғоққа яқинлашмагунига қадар қармоқ ғалтагини ичкарига айлантирмади.
Улар қайиқни соҳилга қўндиргач, Ник бир челак тирик хўракларни кўтариб чиқди. Челакдаги сувда балиқчалар сузарди. Маржори челакда қўллари билан балиқчаларнинг орқасидан қувиб, ниҳоят битта хўракни ушлаб олгач, унинг бошини кесиб, терисини олгунига қадар Ник улардан учтасининг бошини олиб, терисини шилди. Ник унинг балиғига қаради.
– Қорин қанотини кесишнинг кераги йўқ, – деди у. – Тўғри, бусиз яхши ўлжа бўлиши мумкин, лекин қорин бўшлиғи билан янада яхшироқ бўлади.
У тозаланган хўракларнинг думидан илгакни ўтказди. Ҳар бир таёқка иккитадан илгак боғланганди. Кейин Маржори ипни тишлари билан ушлаганча қайиқни соҳил бўйлаб бошқарди. У қирғоқда турган ҳолда қармоқ ғилдиракчасидаги ғалтак ечилгунига қадар ушлаб турган Ник томонга қаради.
– Менимча, шу бўлади, – бақирди у.
– Ташлайверайми? – қичқирди Маржори ипни қўлида ушлаб.
– Ҳа, ташла!
Маржори ипни орқасига улоқтириб, хўракнинг сувга ботишини кузатди.
У яна қайиқда қирқоққа қайтиб, иккинчи ғалтакни ҳам худди шундай сувга улоқтирди. Ник уни мустаҳкам ушлаб туриши учун ҳар сафар таёқнинг учига оғир ёғоч бўлагини ўрнатиб, уларнинг остига кичикроқ тахталар қўйиб маҳкамлади. Кейин у бўшашган ғалтакни шундай таранг тортдики, ғалтак ип қўлнинг қумлоқ тубидаги ўлжа ётадиган жойгача чўзилди ва қўнғироқ мосламасини тўғирлади. Сув тубида емиш истагидаги олабалиқ хўракни тортгач, у билан шошилинч ҳаракатланади, ўрамдаги ипнинг ҳаммаси ташқарига чиққач, унга босим натижасида жиринглайди.
Маржори қармоққа ҳалал бермаслик учун бироз нарироққа қараб сузди. У эшкакларни қаттиқ тортди ва қайиқ қирғоқ бўйлаб кетди. Унинг ортидан кичик тўлқинлар ҳам эргашди. Маржори қайиқдан тушди ва Ник қайиқни қумлоққа тортди.
– Нима гап, Ник? – сўради Маржори.
– Билмайман, – деди Ник олов учун ўтин йиғар экан.
Улар ўтин қалаб гулхан ёқишди. Маржори қайиққа бориб, ёпинчик олиб келди. Кечки шабада тутунни адир бўйлаб учириб кетди, шунинг учун Маржори гулхан ва кўл орасига адёл ёйди.
Маржори оловга орқасини тутиб тўшак устида ўтирди ва Никни кутди. У келиб, унинг ёнига ўтирди. Уларнинг орқасида зич бутазор, олди томонида эса Хортонс-Крикнинг оғзи бўлган кўрфаз бор эди. Ҳали унчалик қоронғи тушгани йўқ. Оловнинг ёғдуси сувгача етиб борди. Иккаласи ҳам зим-зиё сувга бурчак остида ўрнатилган иккита пўлат таёқни кўришарди. Олов нури қармоқ ғалтагида порлаб турарди.
Маржори кечки таом саватини очди.
– Мени ҳали унча иштаҳам йўқ, – деди Ник.
– Ник, бирон нима еб олсанг-чи!
– Ҳа, майли.
Улар сувдаги олов ёғдуси ва қармоқларга тикилганча жим таомланишди.
– Бугун оқшом ой чиқади, – деди Ник. У кўрфаз бўйлаб осмонга нисбатан тобора яққол кўриниб турган тепаликларга қаради. У қирлар ортида ой чиқаётганини биларди.
– Ҳа, биламан, – хитоб қилди Маржори қувноқ овозда.
– Сен ҳамма нарсани биласан, – деди Ник.
– Бас қил, Ник! Илтимос, ортиқ бундай давом этмагин, ўтинаман!
– Ахир нима қилишим керак! – деди Ник. – Сен ҳамма нарсани биласан. Мутлақо ҳамма нарсани. Мана муаммо нимада! Нима қилаётганингни жуда яхши биласан!
Маржори жавоб бермади.
– Мен сенга ҳамма нарсани ўргатганман. Ҳаммасини биласан. Ёки, айт, нимани билмаслигингни?
– О, бас қил! – деди Маржори. – Ой чиқаяпти.
Улар ёпинчиқ устида бир-биридан нари ўтирганча ой чиқишини томоша қилди.
– Ахмоқона ортиқча гапларнинг нима кераги бор?! – деди Маржори. – Рости, сенга нима бўлаяпти?
– Билмайман.
– Биласан, албатта.
– Йўқ, билмайман.
– Нима гаплигини айт!
Ник тепаликлар ортидан қўтарилаётган ойга қаради.
– Умуман қизиғи йўқ.
У Маржорига қарашдан қўрқарди. Кейин у қизга қаради. У йигитга орқасини ўгириб ўтирарди. Ник унинг елкасига қаради:
– Ортиқ қизиғи қолмади. Ҳаммаси зерикарли бўлиб қолди.
Маржори индамади. У гапида давом этди:
– Гўёки ичимдаги ҳамма нарса буткул тамом бўлгандек туюлади менга. Билмайман, Маржи. Сенга нима дейишни ҳам билмайман.
Ник ҳамон унинг орқасига қараб гапирарди.
– Севиш ҳам зерикарлими? — сўради Маржори.
– Ҳа, – деди Ник.
Маржори ўрнидан турди. Ник эса бошини қўллари орасида чангаллаганча ўтирарди.
– Мен қайиқда кетаман, – дея бақирди Маржори. – Сен адир бўйлаб пиёда қайтишинг мумкин.
– Яхши, – деди Ник. – Сенга қайиқни сувга тушириб бераман.
– Шарт эмас, – деди Маржори. У ой ёруғи тушиб турган кўлдаги қайиқда сузиб кетди. Ник жойига қайтиб келди ва гулхан ёнидаги адёлга юзма-юз ётди. Қулоғига Маржорининг эшкак эшиши эшитиларди.
У узоқ вақт шундай ётди. У ўрмон бўйлаб келаётган Биллнинг оёқ товушлари қулоғига чалингунга қадар шу алфозда ётди. У Биллнинг гулхан ёнига келаётганини ҳис қилди. Билл унга тегмади.
– У кетдими? – деди Билл.
– Ҳа, – деди Ник адёлга юзлама ётаркан.
– Томоша қўйдингми?
– Ҳеч қандай томоша қўйганим йўқ.
– Ўзингни қандай ҳис қиляпсан?
– Билл, кет! Мени бир муддат ҳоли қолдир!
Билл саватдан сендвич танлаб олгач, қармоқлардан хабар олгани нари кетди.
Инглиз тилидан Гулноз Мамарасулова таржимаси