Боб Ферфилд таксидан тушди ва поэздда саёҳат қилишга ўрганиб кетган одам қиёфасида Сан-Франтсиско вокзали перрони томон қадам ташлади. Унинг юзидан ҳам, хатти-ҳаракатидан ҳам чап қўлидаги сумка ичида қимматбаҳо бриллиантлар борлигини билишнинг имкони йўқ эди. У назоратчига Лос-Анжелесга чиптани кўрсатди ва вагонлар йўналиши бўйлаб кета бошлади. У вагонлар рақамига диққат билан қаради ва ўн биринчи рақамли вагонга чиқди.
Саксон сониядан сўнг перронга кириш тўхтатилади. Бир юз қирқ сониядан сўнг поэзд йўлга тушади.
Деярли барча йўловчилар поэздга чиқиб бўлишганди. Жуфт рақамли ўринларга чойшаблар солинганди. Тоқ рақамли ўриндиқларда йўловчилар ўтиришарди. Боб Ферфилд йўловчиларга бир қур назар ташлади ва енгил нафас олди.
-Барибир саёҳат қилиш ёқимли,-минғирлади у.
Сўнгра палто билан шляпасини ечиб, илгичга илди ва ўриндиққа чўкди. Боб сумкасини ёнига қўйди ва бир қўли билан маҳкам ушлаб олди.
У у ёқ-бу ёққа назар ташлади ва қотиб қолди. Боб Ферфилд ҳозиргина вагонга чиққан кишини яхшироқ кўриш учун ўриндиқ четига сурилди.
Вагон бурчагида, эшик рўпарасида Слик Симмз – қимматбаҳо тошлар ўғриси турарди. Ферфилд Симмзни бир кўришдаёқ таниди ва ҳушёр тортди. Унинг ўнг қўли чап қўлтиғи остидаги тўппончага узатилди. Ферфилд ҳар эҳтимолга қарши ҳушёрликни кучайтирди.
Бриллиантлар савдоси билан шуғулланувчи фирма ходими Боб Ферфилд қимматбаҳо тошларни ўғирлашда ном чиқарган барча ўғриларни танирди. Слик Симмз ўғрилар рўйхатида, айтиш мумкинки, «фахрли» биринчи ўринда турарди. Аммо Боб Слик Симмз уни танимаслигига ишончи комил эди. Боб Симмзни бир марта полиция маҳкамасида кўрганида эслаб қолганди.
Полиция шу пайтгача Симмзнинг ҳеч бўлмаганда битта жиноят қилганини ҳам исботлай олмаганди. Улар бу ўғри йигирмадан ортиқ ўғирлик содир этганини билишарди. Аммо полицияда бу ўғирликларни исботловчи бирорта ҳам далил йўқ эди.
Боб Ферфилд ўриндиқни тўсувчи пардани ёпди ва вагон ичини кузата бошлади. У доимо ўғирликнинг олдини олиш чораларини кўриб қўярди.
Беш йиллик фаолияти давомида у ҳали бирор марта қўлидаги хазинани олдирмаганди. Шу боисданми, ўғриларнинг эпчиллигига шубҳа ҳам қила бошлаганди. Лекин барибир ёнида тўппонча олиб юрар, поэздда ҳеч ким билан танишмасди. У вагондан тушиб, кейинги поэздни кутишни ҳам ўйлади. Уитни бриллиантлари Слик Симмзнинг эътиборини тортгани аниқ. Аммо ғилдиракларнинг тарақ-туруқи ва вагонларнинг ғичирлаган овози энди кечлигини англатарди.
Поэзд Сан-Хоседаги қисқа тўхташни ҳисобга олмаганда, тунда деярли тўхтамайди. Эрталаб Санта-Барбарада тўхтайди, сўнг Сомисда тўхтаб ўтади. Ниҳоят Лос-Анжелесдаги Аркейд вокзалигача ҳеч қаэрда тўхтамайди. Агар Сан-Хоседа поэзддан тушиб қолса, кейинги поэздни узоқ кутишга тўғри келади. Ферфилд елкасини учирди ва туни билан ухламасликка қарор қилди.
Симмз Боб Ферфилднинг рўпарасидаги ўриндиққа келиб ўтирди. Унинг енгил ҳаракатлари худди овга чиққан йиртқични эслатарди. Аммо у эҳтиёткор эди ва тўғрисидаги йўловчига умуман қарамади. Уни атрофдагилар мутлақо қизиқтирмаётгандек эди. У бармоғини ўйнатиб ўтирарди.
Поэзднинг юриши тезлашди. Ойналарга ёмғир томчилари урилди. Ферфилд вагондаги бошқа йўловчиларга нигоҳ ташлади. Вагонда ўнтача одам бор эди.
Симмз бошини орқага ташлаб, уф тортди ва вагон ичига кўз югуртирди. У афтидан Боб Ферфилднинг диққат билан қараб турганлигини сезмасди, унинг нигоҳи вагон охиридаги ўринга қаратилганди. Симмз бир неча сония йигирма ёшлардаги қизга қараб турди, сўнг яна бошини эгиб, бармоқларини чалиштирди.
Ўн иккинчи ўриндиқдаги қиз тунни уйқусиз ўтказганлиги шундоққина кўриниб турарди. Унинг кўзлари қизариб кетган, юзи оппоқ тусда эди. Ўнг қўли билан эса тиззалари устидаги сумкани шундай маҳкам ушлагандики, бармоқлари оқариб кетганди. У Боб Ферфилдга тикилиб турар, кўзларида эса шубҳа ва хавотир маъноси зоҳир эди.
Боб Ферфилднинг диққатини яна Слик Симмз ўзига тортди. У худди овга чиққан мушукдек қизга тикилиб турарди. Унинг совуқ кўзларида таҳдид мужассам эди.
Боб Ферфилд қизнинг нонушта ҳам қилмаганлигини сезди. Шу пайт офитсиант патнис кўтариб келди. Боб қаҳва, булочка ва қовурилган гўшт олиб, иштаҳа билан овқатланишга киришди. Ферфилд худбин эмасди, аммо унинг энг асосий қоидаси бегона йўловчиларга яқинлашмаслик эди.
Икки соатдан сўнг поэзд Лос-Анжелесдаги Аркейд вокзалига кириб келди. Боб Ферфилд вагондаги барча йўловчилар тушиб кетишини кутиб турди. Шундан кейингина перронга тушди ва жануб ҳавосидан мириқиб нафас олди. У тез-тез юриб кўчага чиқди. У одатига кўра олдига келиб тўхтаган таксига эмас, кейингисига чиқди ва меҳмонхонага равона бўлди.
Боб Лос-Анжелесга тез-тез келиб турар, шунинг учун бу ердаги меҳмонхоналардан биридан ўзига алоҳида хона буюртма қилиб қўйганди. Бу хона унинг иккинчи уйига айланиб қолганди. Хонадаги шкафларда унинг кийимлари, китоб жавонида севимли китоблари, энг асосийси – кичкина, лекин ишончли сейф бор эди. Бу сейфни очиш учун ҳар қандай ўғрининг камида бир неча соат тер тўкишига тўғри келарди.
Ферфилд бу хонада уни тунашга ҳаракат қилишларидан ташвишланмасди. Шунчаки у ҳар сафар ташқарига чиққанида бриллиантларни ўзи билан олиб юрмаслик учун сейф қилдирганди. Меҳмонхонанинг сейфи ҳам бор эди, лекин мижозлар унинг олдида ўтирганида у қимматли вақтини сарфлаб ҳар сафар ертўладаги сейфга боришни маъқул кўрмасди. Ферфилдга бриллиантларини хонанинг ўзидаги сейфдан олиб харидорга кўрсатиш қулай эди.
Меҳмонхона хизматчиси Боб Ферфилдни тавозе билан кутиб олди. Ҳаво ҳам, нонушта ҳам Бобнинг кайфиятини кўтариб юборганди.
У хонасига кирди, сейфнинг рақамларини териб очди, сумкасидан бриллиантларни олиб бирпас томоша қилди ва сейфга солди. Сўнг сейф эшигини ёпиб, рақам терди. Шундан кейингина енгил нафас олди. Поэзддаги хавотиридан ҳозир кулгиси келаётган бўлса-да, Боб барибир Слик Симмзни эсласа қалтироқ босарди.
-Асабим чарчабди,-минғирлади Ферфилд.
Боб виски қуйиб ичди ва эшик томон йўналди. У пастга тушиб меҳмонхона бошқарувчиси билан гаплашмоқчи, кейин бирор таниш билан тушлик қилгач, харидорлар билан учрашиб бриллиант савдосига киришмоқчи эди.
У йўлакка чиқиб, эшикни қулфлашга уринаётганда кўз қири билан лифт томон кетаётган аёлни кўрди. Боб унга эътибор бермади, чунки аёлларга деярли қарамасди.
Кутилмаганда у ортида кимдир хитоб қилганини эшитди. У ўгирилди-ю, чироқ нурида ялтираётган тўппончани кўрди.
Унинг рўпарасида тўппонча ушлаганча поэздда ўн иккинчи ўриндиқда ўтирган қиз турарди.
-Мени пойлаб юрганингизни билгандим!-деди қиз.-Марваридимни ўғирламоқчимисиз! Кечирасиз жаноб, мен аҳмоқмасман! Полицияда гаплашамиз сиз билан.
Таажжубдан Ферфилднинг оғзи очилиб қолди.
-Нима деяпсиз? Манави матоҳингизни олинг,-деди у ўзига келиб.
-Мени ортимдан кузатиб поэздга чиқдингиз,-деди қиз. –Мен ўтирган вагонда келдингиз. Туни билан ухламаганим учун мақсадингизга етолмадингиз. Энди мен тушган меҳмонхонага келиб, мен билан битта қаватдан хона олдингиз! Ҳаммасини биламан! Котибамни бўшатиб тўғри қилган эканман. Полиция унинг аллақандай ўғри билан гаплашганини кўрганлиги ҳақида мени огоҳлантирганди. Менинг қайси поэздда кетишим, қайси меҳмонхонада туришим ҳақида сизга котибам айтганми? Кўрамиз, полицияда нима деб жавоб беришингизни. Лифтга чиқинг! Ортиқча ҳаракат қилсангиз отиб ташлайман.
Ферфилд кулиб юборди.
-Сиз мени ўғри деб ўйлаяпсизми? –деди у. Қизнинг кўзларида ғазаб учқуни чақнади.
-Мени аҳмоқ қиламан деб ўйламанг!-қичқирди у.
Боб Ферфилд чўнтагидан аста ташриф қоғозини олди ва қизга узатди.
-Ўзимни таништиришга рухсат этинг. «Саттер, Медисон ва Ферфилд» бриллиант савдоси билан шуғулланувчи фирма ходими Боб Ферфилдман. Мен доим шу меҳмонхонада тураман. Бошқарувчи мени жуда яхши танийди.
Қизнинг кўзлари катта-катта бўлиб кетди. У тўппончасини сумкасига солди.
-Э Худойим! – хитоб қилди қиз. – Мен сиэтллик Грейс Деланоман. Сизларнинг фирмангиз билан олди-сотди қилганман. Буни қаранг! Боб Ферфилд! Мен бўлсам сизни ўғри деб ўйлабман… – у кулиб юборди. – Гап шундаки, менда жуда қимматбаҳо тақинчоқ бор. Поттерлар коллектсиясининг марвариди. У сумкамда турибди. Харидор билан учрашувга кетаётгандим. Сизни вагонда кўрганимда…
Қиз унга қўлини узатди. Ферфилд унинг қўлини сиқиб қўйди ва таъзим қилди.
-Қаранг,-деди қиз.
У сумкасини очганида Боб қора чарм устида товланаётган оппоқ марваридларни кўрди.
-Менга яхшигина таклиф бўлди,-деди қиз ён-атрофга эҳтиёткорлик билан қараб олиб.
У кутилмаганда шартта сумкасини ёпди. Йўлакда бир эркак келарди. Унинг совуқ боқувчи кўзлари Боб Ферфилд ва унинг ёнидаги қиз томонга қаратилганди. Унинг ортидан яна иккита нусха келарди. Бостириб кийган шляпалари остида уларнинг даҳшатли кўзлари учқун сочиб турарди.
Боб Ферфилд Слик Симмзни таниди. У хавфли кимсалар ва ҳеч ким ёрдам бера олмайдиган кимсасиз йўлакка кўз югуртириб ўзининг нақадар ожизлигини сезди.
-Тезда бу ёққа!-хитоб қилди у.
Қиз унга бўйсунди. Боб калитни бураб, эшикни очди ва қизни ичкарига тортди.
Слик Симмз шерикларига нимадир деди ва улар Бобнинг хонаси томон югуришди. Аммо Боб Ферфилд ичкарига кириб, эшикни қулфлашга улгурди.
Қиз унга хавотир билан тикилди.
-Нима бўлди?-сўради у.
-Слик Симмз, -қовоғини уйганча жавоб берди Боб, – қимматбаҳо тошлар ўғриси. Сизни йўл бўйи у кузатиб келган. У биз билан битта вагонда келди. Мен уни танийман. У мени таъқиб қиляпти деб ўйлагандим. Чунки Уитни бриллиантларини олиб келаётгандим.
Қизнинг кўзлари катта-катта очилди, сўнг жилмайди.
-Буни қаранг, мен ҳатто бу ўғри билан битта вагонда келаётганлигимни билмабман. Туни билан сиздан қўрққаним учун ухламай чиқибман.
-Аммо сизнинг эҳтиёткорлигингиз наф берган. Котибангизни ўғрилар билан кўришганлигини айтгандингиз. У котибангизга катта пул берган бўлиши мумкин. Бизнинг ожиз томонимиз бор. Ўғриларга бизнинг нима олиб кетаётганимиз ва қайси вагонда эканлигимиз ҳақидаги маълумот кифоя. Мен эркак кишиман, ўзимни ҳимоя қила оламан. Аммо сиз ёлғиз ўзингиз қимматбаҳо тошларни олиб юрмаслигингиз керак.
-У ташқарида кутяптими?-сўради қиз эшикка ишора қилиб.
-Билмадим, аммо полицияга қўнғироқ қилиб қўяман,-жавоб қайтарди Боб.
-Йўқ, илтимос, керакмас, -ялинди қиз. – Бу нарса газетада чиқишини истамайман. Агар бу воқеа газетада чоп этилса, мижозим марваридни сотиб олмай қўяди. Шунинг учун ҳам мен ҳеч кимга билдирмасдан ёлғиз ўзим келгандим. Сиз бриллиантингизни ўғирлатиб қўйишдан қўрқяпсизми?
Боб Ферфилд жилмайди. Унинг мақтангиси келди.
-Мен қўрқмайман. Менинг ҳеч ким очолмайдиган сейфим бор. Тошларимни доимо сейфга солиб қўяман. Шунинг учун қўрқмайман.
Қиз шу заҳоти сумкасидан марваридни чиқарди.
-Мумкин бўлса… икки соатга… шу…
Боб марваридга қўл чўзди. У марвариднинг жудаям қимматбаҳо эканлигини бир қарашдаёқ билди.
-Майли, -деди у.
У сейфни очиб, бриллиантлар солинган қутичани олди ва қутичага марваридни солди.
-Сизга ёрдам бераётганимдан хурсандман, Делано хоним. Қизиқ, сиз билан илгари ҳеч учрашмаган эканмиз. Сиз ҳақингизда котибамга бир буюртма учун бриллиант сўрамоқчи бўлиб хат ёздираётганимда ўйлагандим. Сиз Сиэтлда анчадан бери ишлайсиз-а? Котибам сиз билан таниш эканлигини айтганди.
-Уч ярим йилдан буён ишлайман,-бош ирғади қиз. – Кечирасиз, марваридни бир дақиқага олсам майлими? Унинг битта сими сал қийшайиб қолгани ёдимдан чиқибди. Тўғрилаб қўймасам, харидор олмай қўяди.
Боб унга қутичани берди ва қизни диққат билан кузатиб турди. Қиз қутичани стол устига қўйиб, ичидан марваридни олди ва симини эпчиллик билан тўғрилаб қўйди. Сўнг марваридни бирпас томоша қилди ва қутича ичига назар ташлади.
– О, Уитни бриллиантлари! –хитоб қилди у ва бриллиантларни томоша қила бошлади.
У бриллиантларни яхшироқ кўриш учун қўлида қутича билан дераза олдига келди ва ҳатто бир нечтасини қўлига олиб нурга тутиб кўрди. У бриллиантларни қутичага солиши билан телефон жиринглаб қолди. Ферфилд гўшакни олиб бир неча сония жим қулоқ солиб турди.
-Мен Симмзни кўришни истамайман,-деди у бақириб ва гўшакни қўйиб қўйди.-Қаранг-а, ўғри Симмз мен билан муҳим масала юзасидан гаплашмоқчи эмиш.
Қиз баралла кулди. Бобга унинг кулгиси жудаям ёқди.
-Бўпти, мен кетдим. Тушдан кейин келиб марваридимни олиб кетаман. Сизга катта раҳмат.
Қиз Бобга қўлини узатди. У қизнинг қўлини сиқар экан, унинг кўзларига қаради. Қизнинг кўзларидага хавотир ўрнини миннатдорчилик ва ҳайрат эгаллаганди.
-Сиз жудаям ақллисиз,-деди қиз юзлари қизариб.
Қиз хонани тарк этди. Боб сейфни ёпиб харидорга қўнғироқ қилди ва тушлик қилгани чиқиб кетди.
-Содда қиз,-деди у ўзига ўзи йўлакда кетаркан. –Шундай қимматбаҳо марваридни менда қолдириб, мендан ҳеч қандай қоғоз ҳам сўрамади.
Дастлабки харидор икки яримда келди.
Боб унга виски ва сигара таклиф қилди, ўзи эса сейфни очиб, тошлар солинган қутичани олди. У марваридни олиб чўнтагига солди, сўнг харидорга ўгирилиб, қутичани узатди.
-Энг яхши бриллиантлар, – деди у.
-Ҳа-ҳа, биламан. Бу тошлар ҳақида эшитганман,-бош силкиди харидор ва қутичани олиб дераза олдига борди.
Хонага жимлик чўкди ва бирдан харидор ҳайқириб юборди. Сўнг ғазаб билан ўшқирди:
-Бу қанақа бемаъни ҳазил?
Боб унинг олдига келди:
-Ҳазил дейсизми? Нима демоқчисиз? Мен…
Бирдан унинг нафаси чиқмай қолди.
Кундузги нурда товланаётган тошлар Уитни бриллиантлари эмасди. Қутичада оддий шишадан чиройли қилиб ишланган тошлар турарди. Қутичада улар турли рангларда товланиб турар, аммо қўлига олган мутахассис уларнинг оддий шиша эканлигини аниқлаши осон эди.
Боб Ферфилднинг пешонасини совуқ тер босди.
У шошиб-пишиб қўлини чўнтагига солди ва марваридни олди. Сохта! Нурда марвариднинг аслида нима эканлиги аён бўлди.
-У мени лақиллатиб кетибди!-қичқирди Боб ва телефонга югурди.
Икки соатдан сўнг полиция офицери суриштирув ишлари ҳақида гапириб бергач, Боб омадсизликка учраганини тушунди.
-Ҳақиқий Грейс Делано Сакраментода автомобилида қўл-оёғи боғланиб, оғзига латта тиқилган ҳолда топилди,-деди детектив. –У Сидни Поттер коллектсиясидаги марваридларни олиб сафарга кетаётган экан. Йўлда уни тунашибди. Аммо биз Слик Симмзни ушладик. У меҳмонхонадан чиқаётган пайтда қўлга олинган. Ҳали у билан гаплашганим йўқ.
Эшик тақиллади. Ферфилд эшикни очди. Ташқарида полициячи ва машҳур ўғри Слик Симмз турарди.
-Мени ушлаганлари учун кимга миннатдорчилик билдиришим керак?-деди Симмз қўпол овозда. – Мени қонунга хилоф равишда ушлаганлари учун кимга қарши даъво қўзғашим кераклигини адвокатим билиши керак.
-Ҳа, албатта,-кулди полициячи.-Сен эса нима учун жаноб Ферфилднинг хонасига қўнғироқ қилганингни айтиб бер-чи? Шеригинг қимматбаҳо тошларни алмаштираётган пайтда сен хонага қўнғироқ қилгансан. Жаноб Ферфилд телефонда гаплашгунча у барча ишни битирган.
Симмз ҳаммага бир-бир қараб чиқди, сўнг оҳиста овозда гапира бошлади:
-Мен йўлакда келаётиб бу жанобни ҳалиги қиз билан кўриб қолдим. У қизни бир кўришда танидим. У Милли – қимматбаҳо тошлар ўғриси эди. Бу кишини огоҳлантириш керак деб ўйладим. Шунинг учун пастга тушиб хизматчидан хонага қўнғироқ қилиб зарур гапим борлигини айтишини сўрадим. Аммо бу жаноб менга қўполлик билан рад жавобини берди ва бу ҳурматсизлиги учун зарар кўрди.
Полициячи Ферфилдга қаради. Ферфилд эса унга.
-Бу ёққа юринг, жаноб, -деди полициячи Ферфилдга йўлакка чиқишга ишора қилиб.
-Уни қўрқитиш бефойда,-деди полициячи эшик ёпилиши билан.-Агар истасангиз, терговни давом эттиришим мумкин, аммо ҳеч нарсага эришолмаймиз. Агар уни қамоққа олишни сўраб ариза берсангиз, у сизни судга беради. У нима қилиш ва қилмаслик кераклигини жуда яхши билади. У ҳар доим янги режа ўйлаб топади. Агар унинг режалари такрорланганда эди, биз унга айб қўя олардик. Аммо у буни билади ва ҳар сафар янги нарса ўйлаб топади. Биз уни «айёр яшин» деб атаймиз. Чунки яшин бир жойга икки марта тушмайди.
Ферфилд чуқур уф тортди ва муштини тугди.
-Уни қўйиб юборасизларми?
-Агар ариза ёзмоқчи бўлсангиз, марҳамат,-элкасини қисди полициячи.-Аммо яхшиси, адвокатингиз билан маслаҳатлашиб олинг. Унга қарши қандай айблов қўясиз? У сиз билан битта вагонда келган. Меҳмонхонада эса ўзи айтмоқчи, сизни ўғридан эҳтиёт бўлиш ҳақида огоҳлантириш учун қўнғироқ қилган.
Ферфилд тер босган пешонасини артди.
-Наҳотки унинг қиз билан алоқасини исботлай олмайсизлар?
Полициячи кулиб юборди:
-Уни қамоққа олиш учун ярим йиллик маошимдан воз кечардим. Биз уни неча марта кузатганмиз. Бари бефойда. Янаги сафар эса у бутунлай бошқача ҳаракат қилади.
Ферфилд хонасига қайтиб кирди ва эшикни катта қилиб очди.
-Йўқол бу ердан!-қичқирди у Симмзга қараб.
-Котибангиз ёки сизнинг сафарингиздан хабари бўлган ходимни ишдан бўшатишингизни маслаҳат бераман,-деди полициячи Ферфилдга.
Слик Симмз уларга қаради.
-Энди бунинг фойдаси бўлмаса керак… –деди у. – Биласизми, яшин бир жойга икки марта тушмайди.
У шу сўзларни айтиб таъзим қилди ва хонадан чиқиб, лифт сари равона бўлди.
Ферфилд полициячига ўгирилди ва ўзи ҳам сезмаган ҳолда жилмайди.
-У бир режани икки марта қўлласа, қўлга тушишини билади.
Полициячи бош ирғаганча минғирлади:
-У бир кун келиб хато қилади.
Аммо Ферфилд табассум қилишда давом этди:
-Фақат бу нусха эмас. Айтдингиз-ку, яшин бир жойга икки марта тушмайди.
Ташқаридан пастга тушиб кетаётган лифт овози эшитилди. «Айёр яшин» навбатдаги овга йўл олганди.
Русчадан Д.Асқаров таржимаси.