Эмиль Золя. Тошқин (ҳикоя)

I

Камина Луи Рубье бўламан. Ёшим етмишда. Тулузадан бир неча чақирим олисда оқадиган Гароннанинг юқори қирғоқларида жойлашган Сен-Жори қишлоғиданман. Ўй тўрт ёшимда тузлиқ-тўрва бўйнимдан тутдию ўзимга ҳамда оиламиздагиларга ризқ-рўз топиш пайига тушдим; ҳайрият фаровон кунлар ҳам етиб келди. Оз муддат ичида вилоятимиздаги энг давлатманд фермерга айланиб қолдим.
Бизнинг уйимиздан ҳам худо хайру саховатини аямади. Бошимизга бахт қуши қўнди; қуёш умримизга йўлдош эканидан бирон марта ҳам ердан кам ҳосил олган йилимизни эслай олмайман. Фермамизда ўн жон бўлиб, ҳаммаси бир-бирига мурувват кўрсатиб яшарди. Энг аввало ўзим, азаматларнинг азаматиман, ишда ёшлардан қолишмайман; сўнг кенжа укам Пьер — қари бўйдоқ, истеъфодаги сержант; эрининг ўлимидан кейин бизникига кўчиб келган хўппасемиз синглим Агата — жуда ҳам шаддод, масрур — кулганида қаҳқаҳаси бутун қишлоққа эшитилиб туради. Шундай қилиб томиримиз тармоқ отарди. Ўғлим Жак, унинг хотини Роза ҳамда уч қизи — Эма, Вероника ва Мария; тўнғичи Эма норғул йигит Сиприан Буисонга турмушга чиққан, ундан икки фарзанд кўрган, бири икки яшар, бошқаси ўн ойлик; оқ-сариқдан келган кенжа қизи қишлоқда эмас, худди шаҳарда туғилгандек. Мен — бува, энг катта бува эдим. Дастурхон теварагида синглим Агата ўнг тарафимда, укам Пьер сўл тарафимда ўтирар, атрофимни каттадан кичиккача, ҳатто ўн ойлик набирамгача ўраб олишар, у йигитлардай дуппа-дуруст хўриллатиб шўрва ичарди. Болаларнинг қошиқларни тарақа-туруқ қилишларини кўрсангиз эди! Қачонки, кичкинтойларим қўлчаларини чўзганларича бақириб-чақириб:
— Бува, нон олиб бери-инг! Буважон, яна нон олиб беринг! — дейишганида қонимда фахр ва қувонч жўш уриб кетарди.
Ажойиб кунлар эди! Ҳаётимизда меҳнат билан қўшиқ уйғун эди. Оқшомлари Пьер ҳар хил ўйинлар ўйлаб топар, полкдошлари ҳақида ҳикоялар айтиб берарди. Агата холалари бозор кунлари қизларимиз учун қуймоққа қорилган нонлар ёпиб берарди. Мария ингичка овозда оятларни қироат қилар, зар зулфлари бўйнини тутиб, қўлини тиззасига қўйиб ўтирганида нақ фариштага ўхшаб кетарди. Эма Сиприанга турмушга чиққанидан сўнг мен уйимизни икки қаватли қилишга жазм этдим. Вероника билан Гаспарнинг унаштирилишидан кейин эса учинчи қаватни тиклашни, хуллас осмонга етгунча қаватма-қават қўшиб бораверишни ўзимча ҳазил аралаш мўлжалга киритиб қўйган эдим. Биз бир-бирларимиздан ажралишни истамас, турмуш шундай кечаверса фермага улаб бутун бошли шаҳар барпо этишимиз мумкин эди. Оилада ҳамжиҳатлик ҳукмрон экан, ўз уй-жойингда умрингни яшаб, ошингни ошаб жон беришга нима етсин!
Бу йилги май ойи жуда қувончли келди. Пайкалларимизда худди бодроқдай бодраб ҳосил етишган эди. Ўғлим Жак бидан бирга тасарруфимиздаги ерларни айландик. Биз соат учларда йўлга чиққан эдик. Гаронна қирғоқлари бўйлаб ястаниб ётган яйловлар — яшил гилам, ўт-ўлан белга тепади, ўтган йили ўтқазилган толларнинг бўйи чамаси бир метрга кўтарилган. Майда участкалардаги буғдойзор ва узумзорларни ҳам кўздан кечирдик; бўлиқ буғдой бошоқлари мўл ҳосилдан дарак берарди. Жак хахолаб куларкан, елкамни қучиб қўйди:
— Буни қаранг-а, отахон! Энди нонга ҳам, шира-шарбатга ҳам роса тўядиган бўлибмиз! Худо бизга ёр бўлиб, тупроғимизни олтин ёмғири билан намлаган кўринади!
Биз аллақачон унут бўлган муҳтожликларимиз устидан кулардик. Жак тўғри айтади, балки худонинг, балки бошқа бирон бир набининг назари тушгандирки, атрофдаги, одамлардан кўра кўпроқ менга омад кулиб боққан эди. Қачон дўл ёғса, бизни четлаб ўтарди. Бордию қўшнининг узумзорларига касаллик тушса, гуё тўсиқ ўрнатилгандай, бизникига яқин йўламасди. Қисқаси, мен буни ҳақиқатда ҳам шунақа бўлиши кераклигига йўйдим — ахир мен ҳеч кимга ёмонлик, ғаразгўйлик қилмаганман, демак тўлақонли бахтга муносибман.
Қайтишда тасарруфимиздаги майдонларни кесиб ўтиб, қишлоқнинг нариги тарафидан юрдик. Тутлар яшнаб қийғоч барг ёзган. Гурунглашиб, режалашиб бораётибмиз. Кўпроқ пул жамғарсак, биз яна ер харид қиламиз, пировардида воҳанинг катта қисмини эгаллаб оламиз. Бордию биз кутгандек ҳосил мўл-кўл бўлиб берса, орзуларимизнинг рўёбга чиқиши муқаррар.
Уйига яқинлашиб қолганимизда Роза пайдо бўлиб, қўлини ҳаволатганча бизни чақира бошлади:
— Тезроқ, тезроқ юринглар!
Сигиримиз туққан экан. Уй шов-шувга тўлиб кетган, бақалоқ Агата ҳовлида лапанглаб юрар, қизлар эса бузоқчадан кўз узишмас эди. Бу ҳам худонинг марҳаматидан бошқа нарса эмас. Яқиндагина қўрани бошқатдан қурган эдик — ахир подада юздан зиёд мол бор, сигирлар, энг кўпи қўй бўлиб, йилқилар ҳам анчагина.
— О-ҳо, эзгулик-ку! — қичқирдим мен. — Бу оқшом асил винодан бир шиша ичадиган бўлибмиз-да.
Роза бизни четга тортиб, Вероникамиз маҳбуби Гаспарнинг никоҳ кунини аниқлаб олишга келганини айтди. Вероника уни тушликка таклиф қилган экан. Гаспар моранжлик фермернинг тўнғич ўғли, йигирма ёшли барзанги, воҳада ҳайратомуз кучи билан донг қозонган; ҳатто бир сафар Тулузадаги байрамда «жануб қоплони» дейишадиган Марсиалнинг ҳам адабини берган. Шундай бўлса-да, Гаспар — болалардай маъсум, кўнгли беғубор — бунинг устига, ниҳоятда уятчан эдики, Верониканинг кўзи унга тушиши ҳамоно ранги бошқача бўлиб кетарди.
Гаспар ҳовлида хизматкорларга чойшабларни ёйишда кўмаклашарди. Розадан уни чақириб қўйишни илтимос қилдим. У ошхонага кириши билан Жак менга ўгирилиб:
— Ота, гапни бошланг, — деди.
— Яхши юрибсанми, ўғлим, — дея Гаспарга мурожаат қилдим. — Демак, никоҳ кунини белгилашимиз керак… Шунга келгансан?
— Ҳа, Рубъе бобо…
— И-я, и-я, нимага қизарасан, — дедим. — Менга қолса тўйларинг авлиё Фелистанинг туғилган куни — ўнинчи июлда бўлақолсин. Бугун йигирма учинчи июнь, демак, бор-йўғи уч ҳафта кутишга тўғри келади. Ҳа, бечора раҳматли хотинимни ҳам Фелиста дейишарди, у сизларга бахт келтиради. Майлими?
— Жуда соз, авлиё Фелистанинг туғилган куни бўлгани маъқул.
У, Пьер ва менга қўлини чўзиб, бармоқларимизни шунақанги қисдики, суяклари қисирлаб кетди. Сўнг Розани ўпиб, уни онажон деб атади. Бу бўйчан, чўнг муштли йигитнинг Вероникага қаттиқ ишқи тушган экан, мабода биз бу гапни бекор қиладиган бўлсак, аламидан ҳушдан кетиб қолишини тан олди.
— Энди, — дея давом этдим мен, — биз билан тушлик қиласан… Сиз болатойлар, қани, тезда дастурхонга яқинлашинглар-чи! Ўзим ҳам роса очиқибман-да!
Ўша оқшом биз дастурхон атрофига ўн бир киши йиғилдик. Гаспарга Верониканинг ёнидан жой бердик; у маҳбубасидан кўз олмас, овқатни ҳам унутган, азбаройи ҳаяжонланганидан киприкларига инган ёшни ҳам пайқамас эди. Сиприан билан Эма бир-бирларига қарашиб, жилмайиб қўйишарди, — уларнинг ҳам турмуш қурганларига уч йил бўлди, холос. Йигирма беш йилдан бери бирга яшаётган Жак билан Роза эса ўта назокат билан севишганларга ўғринча боқишарди. Мен бўлсам, бу ошиқ-маъшуқларнинг бахти оиламиз дастурхонини гўё жаннатнинг бир буржига айлантирганидан қувонар, уларга тикиларканман, янгидан қўлга киритган ёшлигим ҳам ўтиб кетаётганидан ташвишланардим.
Эҳ-ҳе, ҳузур қилиб овқатланган эдик, ўша оқшом! Кулгисини одатда ичига ютиб юрадиган Агата холанинг жағи-жағига тегмас, ҳазил-ҳузулининг поёни йўқ эди. Кейин Пьер Лионда бошидан кечирган — бир қиз билан муҳаббати саргузаштларини айтиб бермоқчи бўлди. Бахтимизга мева олиб келишдию ҳамма бирдан гапдан қолди. Мен ертўладан икки шиша вино олиб чиқдим. Бўлғуси келин-куёвнинг муваффақиятлари учун ичдик: бизда муваффақияти учун дейишади, бу — жанжалсиз яшаш, бир этак бола кўриш ва ақчадонини тўлдириш демак. Шодиёна бошланди. Гаспаримиз тушгур севги ҳақидаги қўшиқларни чунонам қотириб айтарканки, асти қўяверинг. Мария ҳам четда қолмади: у диний мадҳияларни тик туриб, ингичка, майин овозда хиргойи қилди.
Мен ўрнимдан қўзғалиб деразага яқинлаган эдим, орқамдан Гаспар эргашиб қолди.
— Силар томонда қандай янгиликлар бор? — сўрадим ундан.
— Янгиликлар йўқ ҳисоби, — дея жавоб берди у. — Кўпчилик кейинги кунлардаги жала ҳақида гапиришяпти, бирон бир фалокат рўй бермаса гўрга эди, деган хавотирга тушишган.
Дарҳақиқат, икки кундан ошди: вақти-вақти билан жала қуйиб турарди. Бир кечадаёқ Гароннада сув кескин кўтарилган, бироқ ҳали бизга хавф солмас — қирғоғини ювмаган, демак, чўчишнинг ўрни йўқ; дарё шунчалик кенг ёйилган ва сокин эдики, у бизга худди мушфиқ бир қўшнидек беминнат хизматда эди. Боз устига, деҳқонлар туғилиб-ўсган жойларини, қулаб тушай деб турган уйларини истар-истамас тарк этишарди.
— Ҳечқиси йўқ, — хитоб қилдим мен, — ҳаммаси жойида бўлади! Бундай ҳол ҳар йили бўлиб турипти: дарё ямламай ютадигандек қутирадию кейин, қарабсанки, бир кечадаёқ тинчиб, худди беозор қўзичоқдек қирғоққа бош қўяди. Мени айтди дерсан, ўғлим, бу гал ҳам зарарсиз ўтиб кетади… Ҳавонинг мусаффолигини қара!
Мен унга осмонни нуқиб кўрсатдим. Қуёш ботган, соат еттига жом урмоқда эди. Ранглар жилоланади! Осмон кўм-кўк, бепоён кенгликка мовий чодир тўшалгандек, уфқдаги қуёш нурлари худди олтин чанг-кукунларидек товланади. Гуё кўкдан қандайдир сокин бир қувонч ёғаётгандек. Қишлоқда ҳеч қачон бундай сокинлик ҳукм сурмаган бўлса керак. Шафақ черепица-томларни бинафша тусига киритган. Қўшнилар қаҳқаҳасига йўлда кетаётган болаларнинг гангир-гунгир овозлари қўшилди, олисдан қишлоққа пода қайтарди: баа… мўў…
Гаронна таҳдидли ҳайқирар, аммо бу ҳайқириқ менга бошқа овозлар сингари табиий бўлиб туюлар — унинг гумбур-гумбурига чамаси кўникиб қолган эдим. Осмон бўзарди, қишлоқ эса мудрарди. Фараҳбахш кун оқшомга бўйин бурган, оиламизнинг иқболи, мўл ҳосил нашидаси, фаровонлик, Верониканинг никоҳланиши — ҳамма-ҳаммаси ўзи билан бирга мусаффо, тиниқ оқшом нурларини олиб келаётгандай туюларди менга.
Мен дераза ёнидан нари кетдим. Қизлар гурунглашиб ўтирар, биз уларнинг гапларини кулимсираганча эшитардик. Ногаҳон, қишлоқ сукунатини бузиб, кўнгилга ваҳим, ўлим даҳшатини солувчи шовқин-ҳайқириқ келди:
— Гаронна! Гаронна!..

II

Биз ҳовлига отилиб чиқдик.
Қишлоғимиз, Сен-Жори жарликда, Гаронна сатҳидан беш юз метр чамаси пастликда жойлашган. Дарё майсазорда бўй қўйган баланд тераклардан нарида, Биз ҳеч нарсани кўрмас, қулоғимиз остида ҳамон ўша даҳшатли нидо янграрди:
— Гаронна! Гаронна!..
Кутилмаганда катта йўлда икки эркак билан уч аёл кўринди: аёллардан бири боласини кўтариб олган. Улар ёнимиздан ўтаётиб, ҳамон қичқирардилар. Аҳён-аҳёнда ортларига қараб қўйишар, худди бўрилар галаси қувиб келаётгандай, зўр бериб чопишарди.
— Бу нима? Уларга бирон нарса бўлибдими? — сўради Сиприан. — Нима гап экан, бува?
— Билмадим, билмадим, — дедим мен. — Дарахт барглари ҳам қилт этаётгани йўқ, ҳатто.
Чиндан ҳам борлиқ мудроқ бир ҳолатда эди. Шу гап кўнглимдан ўтган эдики, содир бўлган даҳшатдан ҳаммамиз бирваракайига бақириб юбордик. Тераклар орасидан бехос ранг-қути ўчган қочоқ итлар галаси отилиб чиққандай бўлди; тўрт тарафдан ёпирилиб келган тўлқинларга тўлқинлар эргашар, дарё ерни тўзитганча шиддатли оқарди. Энди биз ҳам беихтиёр бақириб юбордик:
— Гаронна! Гаронна!..
Икки эркак ва уч аёл ҳамон йўлда чопиб боришмоқда. Оқим кучайгандан кучаяр, атрофни милтиқларнинг гумбурлашига ўхшаш садо тутган эди. Сув биринчи дуч келган забардаст учта теракка урилди, терак шохлари бир зум кўриндию ғойиб бўлди. Сўнг тўлқинлар синчли кулбани домига тортди; деворлар қулаб тушди, ҳовлидаги аравалар писта пўчоғидек оқиб борарди. Оқим асосан қочоқларнинг ортидан қуваётгандай эди. Йўлнинг бурилишида, тик нишабликда, дарё тенг иккига бўлиниб, қочоқларнинг барча чекиниш йўлларини тўсиб қўйди. Улар ақлдан озиб, бақиришига ҳам мадорлари етмай, сув кечганча ҳамон чопиб борардилар. Охири улкан тўлқин зарб билан болали аёлни йиқитди. Бирин-кетин қолганлари ҳам кўздан ғойиб бўлишди.
— Тезроқ! Тезроқ!— дея қичқирдим мен. — Тезроқ уйга киринглар! Уйимиз мустаҳкам, қўрқувга ҳожат йўқ.
Эҳтиёткорлик юзасидан дарҳол юқори қаватга чиқишга шошилдик. Дастлаб аёлларга йўл бердик. Оиламиздагиларнинг хоҳишларига қарамасдан мен энг кейинда борардим. Уй тепаликда, йўлдан анча баландда қурилган эди. Сув жимир-жимир қилиб ҳовлига оқиб кирди. Шундай бўлса-да, биз унчалик саросимага тушмадик.
— Ҳеч нарса бўлмайди, — деди Жак биродарларини хотиржам қилиш учун. — Ўтиб кетади… Ота, эслайсизми, эллик бешинчи йили ҳам ҳовлини мана шундай сув босган, бир фут кўтарилиб, кейин пасайган эди.
— Барибир ҳосилни пайҳон қиладиган бўлди… — деди Сиприан синиқ товушда.
— Йўқ, йўқ, ҳеч нарса қилмайди, — қўрқувдан бақрайиб қолган қизларга қараб, эътироз билдирдим мен.
Эма кичкинтойларини каравотларга ётқизди. Кейин болаларининг бош томонига ўтирди, унинг ёнидан Вероника билан Мария жой олишди. Агата хола ёнидагилардан ўзи билан олиб чиққан винони илитишларини илтимос қилди, — бир қултуми киши кайфиятини кўтаради-да. Жак билан Роза ташқаридан кўз узишмайди. Мен укам билан, Сиприан Гаспар билан бошқа дераза олдида ўтирибмиз.
— Юқорига чиқинглар! — дея ҳовли ўртасида, сув кечиб юрган оқсочларга бақирдим. — Шилта бўлишнинг ҳожати йўқ у ерда!
— Мол-ҳолларни нима қиламиз? — дейишди улар. — Ҳуркиб бир-бирларини эзиб қўйишади-ку!
— Чиқинглар дедимми, чиқинглар… Нарёғи бир гап бўлар. Бордию фалокат қайтмаса, барибир молларни сақлаб қолишнинг иложи бўлмайди.
Мен ўзимизникиларни қўрқитмоқчи эмасдим. Ўзимни бардам тутиб, уларга таскин бермоқчи бўлардим. Дераза токчасига тирсагимни тираб олиб, укам, набирам ва Гаспар билан суҳбатлашаману айни пайтда сувнинг кўтарилиб боришини кузатаман. Дарё бутун қишлоқни — жин кўчалардан тортиб, ўнқир-чўнқирларигача ютиб бўлди.
Ҳалигина даҳшат солиб ҳайқирган тўлқинлар энди шашти қайтиб, ўтиб бўлмас тўсиқларга айлана бошлаган эди. Сен-Жори қишлоғи жойлашган жарлик кўлга айланди-қолди. Ҳовлимизни чамаси бир метр баландликда сув босди. Гарчи унинг тобора кўтарилаётганини кўриб турсам ҳам, даҳшат ўтди, ана-мана пасаяди, деган гапларни қиламан.
— Ўғлим, агар бир неча соат ичида сув тортиб кетмаса, — дея Гаспарга мурожаат қилдим, — бизникида ётиб қолишингга тўғри келади. Бемалол.
У менга бир қараб қўйдию миқ этмади. Кейин юзи бўзариб, чуқур хўрсиниб олдида, Вероникага кўз ташлади.
Соат тўққиз яримлар атрофида. Ҳали қоронғилик тушмаган. Осмондан юракни ғаш қиладиган оқиш нур ёғилиб турарди. Юқорига кўтарилаётганларида хизматкорлар ўзлари билан иккита чироқни оливолишни унутмаган эканлар, мен уларни биз ўтирган хона қоронғилашганда, дилгир аламларимизни бир оз ёритар, деган умидда ёқишга амр қилдим. Агата столни ўртага суриб қарта чийлай бошлади. У ҳам аввало болалардаги нохуш хаёлларни чалғитмоқчи бўларди. Баъзан унинг нигоҳи мен билан тўқнаш келиб қоларди; хушчақчақлиги билан ҳаммага бирдамлик инъом этар, қўрқувни енгиш учун куларди. У Эма, Вероника, Марияни стол атрофига ўтиришга мажбур қилди. Қарта ўйнай бошладик. Агатанинг ўзини тутишини кўрсангиз, ёлғондакам иштиёқ билан қарталарни чийлар, ютуқларни йиғиштириб олар, ҳазиллашар ва бостириб келаётган сувнинг шовқинини эшиттирмайдиган даражада жағи-жағига тегмай гапирарди. Лекин қизлар хотиржам ўтиришолмасди: ранглари сўлғин, қўлларини букканларича ташқарида нима бўлаётганидан огоҳ бўлиб туришар, ўйин ҳар сонияда тўхтаб қоларди. Улардан бири менга ўгирилиб:
— Сувнинг шашти қайтмадимикин, бува? — деб сўради синиқ товушда.
Сув сатҳи дам сайин шиддат-ла кўтариларди. Мен уларга ҳазил аралаш жавоб қилдим:.
— Ўйинларингни бемалол ўйнайверинглар, сув кўтарилиб қаёққа ҳам борарди.
Ҳеч қачон юрагимни бунчалик бесаранжомлик қамрамаган эди. Даҳшатли манзарани ожизаларга кўрсатмаслик учун биз эркаклар атайин дераза ёнига туриб олганмиз. Гоҳо хона томон ўгирилиб жилмайган бўламиз — бир зайлда ёнаётган чироқ, стол устида ҳалқа-ҳалқа нур… Кўз олдимизда ялпи муҳаббат кошонаси оилавий саранжом-саришталик. Хонада сукунат ҳукмрон, ташқарида эса қутурган дарё суви тобора кўтарилиб борарди._
— Луи, — деди укам Пьер, сув деразагача уч фут қолибди. Бирон чора кўрмасак бўлмайди.
Мен уни жим бўлишга ундаб, қўлини чимчилаб қўйдим. Аммо яқинлашиб келаётган даҳшатни яширишнинг энди иложи йўқ эди. Алҳол қўйларнинг маъраши, молларнинг мўраши, йилқиларнинг кишнаши эшитилиб қолди, қачонки, йилқилар кулфат яқинлашса шундай пишқиришади, кишнашади…
— Худойим-эй! Вой худойим-эй! Эма бутун вужуди қалтираб, қўлини виски тўла стаканга тираганча ўрнидан тўрди. Ожизалар гур этиб деразага яқинлашишди, лекин чурқ этмасдан шу ерда тўхтаб қолишди: қўрқувдан уларнинг сочлари тикка бўлиб кетган эди.Оқшом. Лойқа сув устида хира нур қалқиб турар, бўзарган осмон тубида замин худди чанг-чунги қоқилган гиламдек кўзга чалинарди. Олисда паға-паға тутун осмонга ўрлайди. Зумда борлиқни туман қоплади, даҳшат солган кун ниҳоясига етиб, ажал келтирадиган тун бошланди; одамлар товуши эшитилмас, фақатгина бепоён денгизга қўйилаётган дарё шовуллаши ҳамда чўкаётган жониворларнинг маъраши, бўкириши қулоққа чалинарди.
— Худойим-эй! Худойим-эй!.. — шивирлашди ожизалар синиқ, аянчли товушда.
Кучли қарсиллаш уларнинг муножотларини тутиб кетди. Мол-ҳоллар жон ҳолатда оғилу отхоналар эшикларини синдириб юборган эди. Барибир нажот йўли йўқ: сув, сув… Кўй-қўзиларни гирдоб хазондек чир айлантиради, сигирлар ва йилқилар эса оқим билан курашиб олдинга талпинадилар, бироқ муаллақ қолгани ҳамоно ғарқ бўладилар. Айниқса, бўз отимиз ўлим олдида ўзини мардонавор тутди — қулоқларини динг қилиб пишқиришини кўрсангиз — йўқ, охири оқим уни ҳам адойи тамом қилди.
Биз биринчи бор умидсиз хитоблардан ўзимизни тутиб қололмадик; кўзёшларимиз беихтиёр томоғимизга тиқилиб қолди. Жонимиз борича бақириб-чақиргимиз келарди. Оиламиз учун қадрли бўлган, чўкиб бораётган мулкимизга қўлларимизни чўзганча ботинан йиғлардик, нолаю афғонимизни тийиб туришга мадоримиз қолмаган эди. О, бу хонавайронлик! Ҳосил яксон бўлди, мол-ҳол чўкиб битди; ўзимиз бўлсак беҳушу бесар эдик. Худода ҳам адолат йўқ: биз унга ҳеч шак келтирмагандик, у эса бутун борлиғимизни тортиб олди… Мен кўкка мушт ўқталиб нидо қилдим. Бизга ато қилинган, ҳозиргина тассаруфимизда бўлган буғдойзорлар, токзорлар, сайрибоғларимиз қани?! Офтобнинг беозор ботиши, ложувард оқшом — ҳамма-ҳаммаси наҳот ёлғон бўлса?! Сув дам сайин кўтариларди.
— Луи, — деди укам Пьер менга, — бирон чора кўрмасак бўлмайди, сув деразанинг тагигача чиқди.
Бу сўз бизни ҳушимизга келтирди. Мен ўзимни ўнглаб, елкамни қисганча дедим:
— Пул — қўлнинг кири. Бирга бўлсак, бундай ташвишлар ҳеч гапмас… Ишга киришишимиз биланоқ ўрни тўлиб кетади.
— Ҳа, албатта, сиз ҳақсиз, ота! — Жак ҳаяжон билан хитоб қилди.
— Деворлар мустаҳкам, бизга ҳеч нарса қилмайди. Зўр келса томга чиқамиз.
Бу жой биз учун сўнгги бошпана эди. Сув шиддат билан зинама-зина кўтарилар, эшикка даф қиларди. Хавфли дақиқаларда жамулжам бўлиш илинжида бир-биримиздан бир қадам ҳам ортда қолмай чордоқ томон интилдик. Баногоҳ Сиприан йўқолиб қолди. Мен уни чақирган эдим — у қўшни хонадан, юзи гезариб кетган ҳолда чиқди. Оқсочлар йўқлигини фаҳмлаб, уларни кутмоқчи бўлган эдик, Сиприан менга ғалати қараб, секингина:
— Ҳалок бўлишди… Улар турган хона тагидаги сарой ўпирилиб тушди… — деди,
Билишимча, бечора қизлар сандиқчаларидаги омонотларини олишга тушишган.
Сиприаннинг шивирлаб айтишича, нариги бинога нарвонни кўприк қилиб ўтганлар. Мен унга ҳеч кимга ҳеч нарса демаслигини тайинладим. Аъзои баданим муз бўлиб кетди, уйимизда ўлим шарпаси… Хонадан чиқарканмиз ақалли чироқни ўчириш эсимизга тушмабди. Стол устида қарталар сочилиб ётарди. Хонани бир метр сув босган эди.

III

Бахтимизга том кенг ва ясси эди. Амал-тақал қилиб туйнук орқали чиқдик. Ҳаммамиз шу ерда жойлашдик, ожизалар ўтириб олишди. Эркаклар атрофдан бохабар бўлиш учун черепицалар устидан юриб, уйнинг икки томонида бўй чўзган мўрилар олдига бориб туришди. Мен бўлсам туйнукка таянганимча қенг уфққа назар соламан.
— Ёрдам етиб келади, бунга ишончим комил, — дедим бардамлик билан, — Сентеналикларнинг қайиғи бор. Ҳали замон сузиб келишса ажаб эмас… Анавига қаранглар, ҳув сувда чироқ пордлаяптими, а?
Атрофимдагилар миқ этишмади. Пьер нима қилаётганини ўзи билмаган ҳолда сархонасини бўриқтириб ғазаб билан чекар, ҳар тортганида муштугининг бир четидан туфурарди. Жак билан Сиприан мунгли бир аҳволда олис-олисларга тикилишар, Гаспар эса қўлларини мушт қилганча мушкул аҳволдан чиқишнинг иложини қидираётгандек том устида у ёқдан-бу ёққа чопарди. Ожизалар ғуж бўлиб, совуқдан дир-дир титраганларича ҳеч нарсани кўрмаслик ниятида юзларини қўллари билан бекитиб ўтиришарди. Тўсатдан Роза бошини кўтарди-да, атрофга назар ташлаб, сўради:
— Оқсочлар қаерда? Нега улар бу ёққа келишмаяпти?
Мен жавоб беришдан ожиз эдим. Шунда у кўзимга тик қараб қистовга олди:
— Оқсочлар қаерда қолишди, деяпман?
Ёлғондакам бир нарса дейиш қўлимдан келмади, юзимни четга бурдим. Ҳаммадан аввал мени қамраб олган ўлим талвасаси аёллару жондан ширин қизларга ҳам юққанини сездим. Улар нима бўлаётганини билиб турардилар. Мария ўрнидан даст туриб, титраганча нафас олдида, кўзёшларини тўка-тўка хумордан чиқди. Эма куйлаги аралаш болаларини кўкрагига босганча ҳар қандай офатга дош берадигандай тик қолган. Вероника ҳамон кўзини қўллари билан тўсган. Ҳатто ҳамиша ўзини қувноқ тутадиган Агата холанинг ҳам энди рангида ранг қолмаган: муножот ўқийди, чўқинади.
Кўз олдимиздаги совуқ манзара янада кенгайиб борарди. Шаффоф ёз туни кирган. Ой ҳали чиқмаган, бироқ кўм-кўк осмонга сочилган юлдузлар шуълаланиб турарди. Оқшом тунга ўрин бермаётгандай. Сўнгсиз осмон қучоғида сув; у юлдузларнинг хира шуъласида жилваланади. Замин қорасини кўрсатмас, бутун ўлкани борлиғича сув ютиб юборгандек. Фалокат бир зумгина ёдимдан кўтарилди. Қайси бир оқшом, Марселда худди шундай денгизни кўрганим, ҳайратга тушганимни эсладим.
— Сув кўтариляпти, сув кўтариляпти, — укам Пьер муштугини қаттиқ тишлаганча дам-бадам шу сўзни такрорларди.
Томдан бир метрча атроф сув. Унинг сокин тортган юзи кўринмаса ҳам оқими, шиддати эшитилиб туради. Ён-атрофимдаги тепаликлар дарё қирғоғидан унчалик баланд эмаслигини биламан. Бир соатдирки, тошқин очиқ даҳшат сола бошлади. Сув юзида дарахтлар, бўчкалар, боғ-боғ пичанлар қалқиган. Узоқ-узоқларда қасира-қусир қилиб уйлар, дарахтлар қулайди — шағал тўкаётган араваларми дейсиз…
Ожизаларнинг оҳу нолаларидан Жакнинг бардоши тугади.
— Бу ерда туришимиз мумкин эмас. Омон қолишнинг бирон йўлини топайлик… Ота, сизга ялиниб ёлвораман, бир нарса денг!
— Ҳа, тўғри айтасан, ҳаракат қилишимиз керак… — дедим минғирлаб.
Бироқ нима қиларимизни билолмасдик. Гаспар Вероникани опичиб олиб сузмоқчи бўлди. Пьер сол ясашни таклиф қилди. Бу ғирт жиннилик эди.
— Агар черковгача етиб олишнинг имкони бўлганда эди, — деди ниҳоят Сиприан.
Сув юзида тўрт қуббалик черков кўриниб турарди. У биздан етти қўрғон нарида: қишлоқ четида қад кўтарган фермамиз иморатларига туташган. Наҳотки, томма-том ошиб черков биносига етиб олиш мумкин бўлмаса? Боргандан кейин черков ичига тушиб олиш қийин эмас. Афтидан кўпчилик ўша ерда паноҳ топган бўлса керак, чунки қўшни томлар усти бўм-бўш, боз устига жомхонадан овозлар эшитилиб турарди. Лекин унга етиб олиш учун қатор тўсиқларни енгиб ўтишга тўғри келади!
— Бунинг иложи йўқ, — деди Пьер. — Рембонинг уйи бир оз баланд, бунинг учун нарвонлар керак.
— Мен бориб кўрай-чи, — таклиф қилди Сиприан. — Мабода у ёққа ўтишнинг иложи бўлмаса, қайтиб келаман, бордию иложи топилса бирга жўнаймиз, аёлларни кўтариб оламиз.
Мен розилик бердим. У ҳақ эди. Бўлиши мумкин эмасдек туюлган нарсани амалга оширишимиз керак. Сиприан мўрилар маҳкамланган темир тутқич ёрдамида қўшни уйга етиб олган ҳам эдики, хотини бошини кўтара уввос солди:
— Қани у? Ёлғиз қолишни хоҳламайман. Бирга яшадикми, бирга ўлишимиз керак.
Эма эрининг томда эканини пайқади. У болаларини қўлдан қўймай, черепицалар устидан чопиб кетди.
— Сиприан, кутиб тур, — дерди у, — мен олдингга боряпман, сен билан бирга ўлмоқчиман.
У матонат билан олдинга интиларди. Эри ўгирилиб ундан орқасидан келмаслигини ёлвориб сўрар, қайтиб келиб, ҳаммани қутқариб қолмоқчи эканини айтарди. Аммо хотини асабий равишда бошини чайқаганча дерди:
— Мен сенинг олдингга боряпман, олдингга боряпман. Қанақасига халақит беришим мумкин? Сенинг олдингга боряпман, а?..
Сиприан хотинининг қўлидан болаларини олди. Сўнг эса томга чиқишга ёрдам берди. Биз уларнинг ҳар бир ҳаракатларини кузатиб турардик. Секинлик билан улар йўлга тушдилар. Эма йиғлаётган болаларини кўтариб олган, Сиприан эса нимадир деб унга таскин берар, ва аҳён-аҳёнда биз томонга қараб-қараб қўярди.
— Уларни бехавотир жойга қўйгину тезда биз томон қайтиб кел! — дея Сиприанга қараб бақирдим.
У қўлларини силкитиб нималардир дер, дарё шовқинидан мен унинг гапларини эшитмасдим. Тез орада биз уларни кўздан йўқотдик — чамаси пастқам томлар устидан борардилар. Беш дақиқа ўтар-ўтмас яна кўзга чалинишди, том жудаям тик бўлса керак, юқорига эмаклаб кўтарилишмоқда. Тўсатдан мени ваҳима чулғаб олди. Қўлимни кувача қилдиму жоним борича қичқира бошладим:
— Орқага! Орқага қайтинглар!
Ҳамма — Пьер, Жак, Гаспар ҳам: «Орқага, орқага!» дея қичқира бошлади. Улар бир лаҳзагина тўхташдию яна ҳаракатга тушишди. Бу вақтда Рембонинг уйи қаршисига, кўча муюлишига бориб қолишган, бинонинг томи нисбатан уч метрча баланд эди. Бир фурсатлик иккиланишдан сўнг Сиприан мушукдек эпчиллик билан сакраб мўри қувуридан ушлади. Келишиб олишган бўлса керак, Эма черепицалар устида турарди. Биз унинг бўй-бастини кўриб турибмиз, кўкиш осмон этагида қомати кўрса кўргудай; болаларини меҳр ва муҳаббат билан қучоқлаб олган. Э-воҳ, худди шу лаҳзада даҳшатли ҳодиса рўй берди.
Рембонинг уйи бир вақтлар саноат корхонаси учун мўлжалланган бўлиб, шошилинч, омонат қурилган эди. Боз устига кўчани босган сув оқими уй пештоқига келиб уриларди. Назаримда уй қасир-қусир қилаётгандек туюлар, нафасим ичимга тушиб том устига тирмашиб чиқаётган Сиприанни ваҳима аралаш кузатиб турардим. Баногоҳ қаттиқ гумбурлаш эшитилди. Кулчага ўхшаш сарғиш ой чиққан, булутсиз самодан заминга хотиржам боқиб гуё беҳад сув сатҳини чироқдек ёрита бошлаган эди. Фалокат кўз олдимизда рўй берди. Рембонинг уйи қулаб тушди. Қўрққанимиздан чинқириб юбордик. Сиприан кўринмасди. Тўлқинлар аввал томни парчалаб ташлади, сўнг ютиб юборди. Жимиб қолган сув бетида айқаш-уйқаш ёғочлар ярим бутхонани эслатади: устунлар орасида тасаввур қилиш қийин даражада жонсарак бўлиб типирчилаётган тана.
— У тирик! — қичқириб юбордим. — Худога шукр, у тирик!.. Анави ёққа қаранглар, ой ёруғига, у сувда сузиб юрибди!
Ажал сиртмоқ солган бўғзимдан кулги тошиб чиқди. Биз худди омон қолгандек шодмонликдан чапак чалардик.
— У қайтиб келади, — деди Пьер.
— Ҳа. У албатта қайтади, қаранглар! — деди Гаспар. — У чап тарафидаги устунни ушлаб олишга уринмоқда.
Лекин биз ва на бошқа кулолдик, на бошқа бир сўз дея олдик: ситамгир хавотирлик яна юрагимизни сиқа бошлади. Билдикки, Сиприаннинг аҳволи ниҳоятда танг. Афтидан уй қулаган ҳамон унинг оёқлари тўсинлар орасида қисилиб қолган, бошини сувдан чиқара олган холос. Бу жудаям қўрқинчли эди. Эма қўрқувдан титраганча иккала гўдаги билан ҳали-ҳануз қўшни уй томида турарди. Кўзлари бир неча метр нарида ўлим билан олишаётган эрида. У ақлдан озган, типирчилар, қутурган итдек тинмай уввос соларди.
— Унинг бундай ўлимига йўл қўймаслик керак! — Жак чидаб туролмади. — Қандай бўлмасин олдига бориш лозим.
— Тўсинлар орқали пастга тушсак… — луқма ташлади Пьер, — балки оёқларини чиқариб олармиз?
Улар томлар оша келишаётган ҳам эдики, шу заҳоти яна бир уй қулаб йўл бекилиб қолди. Вужудимизни муздек тер қоплади, аламдан қўлларимизни синдиргудай қисамизу даҳшатли манзарадан кўз узишга ботинолмаймиз.
Сиприан ўнгланиб олиш учун уриниб кўрди. У фавқулодда куч билан сув юзига чиқиб, ёнбош бўлиб олди. Бироқ ҳорғинлик ундан устун келарди. Жон ширин: бирон нарсага илиниш илинжида яна ҳаракат қила бошлади. Бўлмади. Оҳири тақдирга тан берди шекилли жим бўлиб қолди. Ажал шарпаси яқин: Сиприаннинг сочлари сувга ботиб турибди… Ана, биринчи тўлқин унинг пешонасига урилди, бошқасй эса кўзларини тўсиб ташлади. Зум ўтмай боши кўринмай қолди, ғарқ бўлди.
Оёқларимизга ёпишиб ўтирган аёллар жон ҳолатда юзларини тўсдилар. Ҳаммамиз тиззалаб олганмиз, қўлларимизни чўзганча ҳўнграб йиғлаб, такбир туширамиз. Эма бўлса болаларини бағрига босиб, ҳануз томда турар, айюҳанноси тунда жуда қаттиқ эшитиларди.

IV

Қанча фурсат серрайиб қолганимизни билмайман. Ўзимга келганимда сув яна ҳам кўтарилган эди. Энди у уйимизнинг черепицаларигача етган, том улкан кўлда мўъжазгина оролдек кўзга чалинарди. Ўнг ва сўл тарафимиздаги уйлар ҳам чамамда йиқилиб тушган, чор-атрофни батамом сув босган эди.
— Биз сузяпмиз, — дея шивирлади Роза, черепицаларга суяниб.
Ҳақиқатда ҳам, том асосидан узилган, баайни солга айланган, чайқалаётганини сезиб турибмиз, аллақаёқларга судраётгандек. Фақат бир зайлда тош қотган жомеъ биносига боққанимиздагина бош айланишимиз қолар, фалокат қутурган жойнинг ўртасида, ўз ўрнимизда турганимизни англардик.
Энди сув бошқачароқ жунбишга келди. Ҳозирга қадар оқим кўча бўйлаб оқаётган бўлса, кутилмаганда ҳаракатини ўзгартирди. Бу жуда даҳшат эди. У йўлида нима учрамасин, домига олар, шитоб билан дуч келган жойга урарди. Уйимиз томон айқаш-уйқаш бўлиб, тўсин, ходапўшлар оқиб кела бошлади. Сув кар ва соқовдек нола қилади. Пардеворлар қисирлаб кетди. Ёғочларнинг қасира-қусирини эшитиб томга қараймиз — мана ҳозир том ҳам, девор қам қулаб тушади, биз тамом бўламиз…
Гаспар том буржига амаллаб борди-да, қудратли қўллари билан битта тўсинни ўзи томон тортиб оларкан, хитоб қилди:
— Курашиш керак!
Жак узун синчни ушлаб олишга уринар, Пьер эса унга кўмаклашарди. Мен ёшимни яшаб, белимдан қувват кетиб, боладек нимжон бўлиб қолганимдан ўзимга-ўзим лаънат ўқирдим. Уч эркак ҳимояланишга — тошқин дарё билан яккама-якка олишишга жазм этишган. Гаспарнинг қўлида таёқ, деворга урилиши эҳтимоли бор ходаларни эпчиллик билан четга буриб юборар, қутурган тўлқин оёқларидан тортқиларди, Пьер билан Жак ҳам унинг ёнида шу иш билан машғул. Бу беҳуда уринишлар бир соатдан ошиқ чўзилди. Учалови ҳам гангиб қолган, сўкинишар, тошқинга лаънатлар ўқишарди. Гаспар ашаддий жангда ҳолдан тойган найзабозга ўхшарди. Сув кўпириб тошмоқда. Жак билан Пьер қўллари қўлтиқларида, тек қолишган; Гаспар яна бир бор уриниб кўрган эди, тўсин сирғалиб кетиб деворга урилди. Саъйи ҳаракатларимиздан фойда йўқ эди.
Мария билан Вероника бир-бирини қучоқлаб олишган. Иккаласи ҳам юракни ларзага соладиган бир оғиз гапни такрорлашади — улар ҳозир ҳам қулоғим тагида жаранглаб турибди:
— Мен ўлишни истамайман!.. Мен ўлишни истамайман!..
Розанинг иккала қизи қўлида, уларни овутган, тасалли берган бўлар, ўзи эса бошини кўтарган кўйи Мария билан Верониканинг ноласини такрорларди:
— Мен ўлишни истамайман!..
Фақат Агата холагина миқ этмайди: тиловат ҳам қилмайди, чўқинмайди ҳам. Чуқур қайғуга ботган, ногоҳ кўзи менга тушиб қолса, базўр жилмайган бўлади.
Сув том устида жимирлай бошлади. Қутилишга умид йўқ. Черков томондан овозлар эшитилгандай, олисда иккита чироқ милтиллагандай бўлди-ю, яна сукунат, яна нажотсизлик домига тортди. Сентеналикларнинг қайиғи бўлатуриб биздан олдин ғафлатда қолганликлари энди равшан эди.
Гаспар ҳали-ҳануз том устида у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. Тўсатдан бизни чақириб қолди.
— Қани, ёрдамга келинглар. Мени маҳкам ушлаб туринглар-чи!
Йигитнинг қўлида таёқ — уй томон сувда қалқиб келаётган ниманидир пойлаб турибди. У мустаҳкам тахталардан ясалган сарой томи худди солнинг ўзи эди. Сол уйимизга яқинлашган заҳоти Гаспар таёғи билан тўхтатишга уринган ҳам эдики, оқим уни юлқиб олиб кетишга бир баҳя қолди-ю, ёрдам сўраб бақириб юборди. Белидан маҳкам ушлаб олганмиз. Сол деганимиз зарб билан деворга урилди, биз унинг парчаланиб кетишидан хавотирланардик.
Гаспар осмондан тушгандек пайдо бўлган солга бир сакрашдаёқ чиқиб олди-да, мустаҳкамлигига ишонч ҳосил қилиш учун ҳамма тарафини кўздан кечирди. Пьер билан Жак томнинг бир четида солни ушлаб турардилар. Гаспар кулар, қувонч билан дерди:
— Биз омон қолдик, бобожон… Аёллар, намунча кўзёши тўкмасаларинг!.. Ахир бу ростмана кема. Қаранглар-а, ҳатто оёғим ҳўл бўлмади. Биз бемалол сиғишамиз, ўзимизни уйдагидек ҳис қилаверсак бўлади. Ўзи ҳам жуда мустаҳкам.
У солни янада мустаҳкам қилмоқчи бўлди: сув бетида қалқиётган бир неча тўсинларни ушлаб, Пьер ҳар эҳтимолга қарши уйдан олиб чиққан арқонга боғлади. Бу орада сувга йиқилиб ҳам тушди. Бизнинг бақириқ-чақириқларимизга кулган бўлди: у сув балосини биринчи кўраётгани йўқ, у Гаронна бўйлаб бир мил сузишга қобил эди. Йигит томга қайтиб чиқиб, уст-бошидаги сувни сидираркан, зўр бериб гапирарди:
— Солга дарров чиқиб олинглар, ғанимат дам ўтмасин!
Ожизалар солга ўтишдию чўкка тушишди. Гаспар ҳолсизланган Вероника билан Марияни кўтариб ўтқазди. Роза билан Агата хола томдан ўзлари тушиб, қизларнинг ёнидан жой олдилар. Худди шу он черков томонга кўз ташладим. Эма мўрига суянган, белигача сувга ботган, гўдакларини баланд кўтарганча турарди.
— Хафа бўлманг, бува, — деди Гаспар. — Сизга ваъда бераманки, улар шундай қолишмайди, йўл-йўлакай олиб кетамиз.
Пьер билан Жакдан кейин солга мен ҳам чиқдим. Солнинг бир томони сал қийшайгандай бўлди, аммо мустаҳкамлигига ишониш мумкин эди. Томни энг кейин тарк этган Гаспар ниҳоятда абжирлик-ла олволганимиз таёқ билан солни йўлга солмоқчи булди. Ҳаммамиз унга бўйсунардик. Таёқларимизни томга нуқиб шунчалик ҳаракат қиламиз, қани қимирласа: сол гуё михланиб қолгандай. Шиддатли оқим уни зарб билан томга қайтариб урар, бу шу жиҳатдан хавфли эдики, тахталар бир-биридан ажралиб кетиши ҳеч гап эмас эди.
Биз яна мутлақ ёрдамга муҳтож эканимизни англадик. Офатдан қутулдик деб ўйлагандик, аммо дарё ҳали бизни ўз ҳибсидан бўшатмаган экан. Ожизаларнинг томда эмасликларига ҳатто афсус қила бошладим, негаки, шиддатли оқим уларни юлиб кетиши мумкин эди. Томга қайтиш ҳақида оғиз очишим билан ҳаммалари:
— Йўқ, йўқ, яна пича сабр қилайлик. Ўладиган бўлсак, мана шу ерда ўлганимиз маъқул! — дея бақириб юборишди.
Гаспар энди кулмасди. Биз яна, икки ҳисса куч билан таёқларни томга тираб, солни итара бошладик. Қани қимирласа! Пьернинг хаёлига арқонда унинг йўналишини ўзгартириш келди-ю, амалга оширишга киришдик. Биз сув бетида қалқиб-қалқиб борардик. Гаспар Эмани солга олиш ҳақидаги ваъдасини эслатди. У ҳамон фарёд чекиб турарди. Бунинг учун бизни ҳолдан тойдирган шиддатли оқимни кесиб ўтишимиз лозим. Гаспар маслаҳатомуз назар билан менга қаради. Мен содир бўлган воқеалардан эсанкираб қолган, боз устига ўз-ўзидан равшанки, бундай мушкулотга олдин ҳеч қачон рўпара келмаган эдим. Эмани деб саккиз кишининг ҳаёт шамини ўчиришимиз хавфи бор. Бир неча сония шу ҳақда ўйга ботган бўлсам-да, барибир набираларимнинг бўзлашлари жон-жонимдан ўтиб кетди.
— Ҳа, албатта, — дедим Гаспарга, — биз уларни ташлаб кетолмаймиз, бу мумкин эмас.
У жимгина бошини қуйи эгди ва яна таёқларни қўлига олиб, омон қолган деворга тираб итара бошлади. Биз қўшни уйни ёнлаб саройларимизу омборхоналаримиз устидан сузиб ўтдик. Сол сув босган кўча ўрнига бурилгани ҳамон ҳаммамиз бақириб юбордик, — оқим бизни бир ҳамла билан яна ҳозиргина жилган жойимизга элтиб қўйди. Сол ҳазон янглиғ чир айланар, фавқулодда куч билан том черепицаларига бориб уриларди. Ажралиб кетган тахталар атрофимизда сузиб юради. Ҳаммамиз шалаббомиз. Кейин, нима бўлганини эслай олмайман. Фақатгина Агатанинг чалқанча ётганини, этагини сув юлқиётганини, чўкиб бораётганини хотирлайман, холос. Кучли оғриқдан кўзим ярқ этиб очилиб кетди — Пьер сочимдан тортганча мени сувдан олиб чиқарди. Жонибга маъносиз аданглайман, ҳеч нарсанинг фарқига бормайман, Пьер яна шўнғиди. Тўсатдан Гаспарга кўзим тушди: йигитча қўлида Вероникани тутиб турибди. Гаспар уни ёнимга ётқизиб яна сувга шўнғиди-да, Марияни олиб чиқди. Унинг юзи заъфарон, ҳаракатсиз ётишидан ўлибдимикин деган хаёлга бордим. Бу саъй-ҳаракат яна такрорланди. Аммо беҳуда эди. Пьер билан Гаспар қутуриб кетган сувда бир-бирларига яқинлашиб, маслаҳатлашган бўлди, бироқ мен ҳеч нарсани эшитолмадим. Суроби қолмай томга қайтиб чиққанларида алам билан бақириб юбордим:
— Агата хола қани?! Жак-Чи?! Роза-чи?!
Улар бошларини қўйи эгишди, кўзлари жиққа ёш дудуқланиб айтган гапларидан маълум бўлишича: Жакнинг бошига тўсин урилиши билан Роза эрига ёпишиб олган, оқибатда икковиниям оқим оқизиб кетган. Агата хола бўлса, ғарқ бўлганича кетди. Биз унинг танаси очиқ дераза туйнуги орқали тагимиздаги уйга оқиб қирган, деган тўхтамга келдик. Ўрнимдан туриб, бир неча дақиқа олдин Эма турган томга қарадим. Сув кўтарилган, Эманинг болаларини тутганча қотиб қолган қўллари кўринарди, холос. Кейин ҳаммаси тўлқинларга сингишиб кетди; фақатгина сув сатҳи ой ёғдусида милтилларди.

V

Биз бор-йўғи беш киши қолдик. Ҳали сув ботмаган узунгина томимиз биз учун паноҳ. Оқим мўрилардану бирини оқизиб кетди. Ҳушдан кетган Мария ва Вероникани оёқлари сувга тегмасин деб кўтариб олганмиз. Улар аста ўзларига келишди: кийимлари шилта, совуқдан қалтираётган қизларга қараш, ўлим хавфи олдидаги нолаларини эшитиш жудаям оғир ботади. Биз уларни худди болаларни юпатгандек юпатамиз, бу кулфатдан омон сақлаб қолишимизни тушунтирамиз. Лекин бизга ишонишмайди, ўлимга маҳкум эканликларини билишади. Таскин-тасаллиларимиз дафн маршидек эшитилади-ю, бир-бирларини қучоқлаганича қўрқув ва совуқдан тишларини такиллатишади.
Атроф сув… Қишлоқдаги жами уйларнинг икки-учтасининггина деворлари бутун қолган. Фақатгина черковда жон сақлаётган одамларнинг овози қулоққа чалиниб туради. Энди шағал ташиётган араваларнинг товушига ўхшаш товуш ҳам эшитилмай қолган. Биз океанда, заминдан минг-минг мил нарида қолиб кетгандаймиз.
Баногоҳ чап томондан эшкак шалоплаши эшитилгандай бўлди. Оҳ, бу шалоплаш қанчалар умидбахш!.. Биз нафасимизни ичимизга ютиб, овозларга қулоқ тутардик, бироқ сарғиш сув кенглиги ва ҳар жой-ҳар жойда кўзга ташланиб турган қора кўланкалардан бошқа ҳеч нарсани кўрмасдик; бу рамзлар — дарахтларнинг учи ҳамда қулаб тушган деворларнинг парча-пурчаси — улар ҳаракатсиз эди. Сув юзидаги ходалар, ўт-ўлан, бўш бўчкалар — ҳамма-ҳаммаси бизга сохта қувонч бағишлар, гарчи шовқиннинг сабабини билмасак-да, уни яққол эшитиб турардик.
— Аҳ-ҳа, мен кўрдим! — хитоб қилди Гаспар. — Қаранглар! Ҳу, ана катта қайиқ!..
У қандайдир бир нуқтани кўрсатди, мен ҳам, Пьер ҳам ҳеч вақони кўрмасдик. Аммо Гаспар ўз сўзида туриб олди. Эшкакларнинг шалоплаши ошкора қулоққа чалинарди. Ростдан ҳам қайиқ кўринди. У олисда, секннгина сузиб юрарди-ю, аммо биз томонга яқинлашмасди. Ақлдан озгудай аҳволдамиз, томоғимиз йиртилгудек бўлиб бақирамиз. Қайиқда ўтирганларнинг гўрларига кесак қалаб ташладик, қани, бир акс садо келса. Ўша кўзга кўринган нарса ҳақиқатданам қайиқмиди — ҳалигача билолмайман. У кўринмай кетгач, биз сўнгги умидимизни ҳам йўқотдик.
Пьер анчадан буён қуруқ муштугини лабига қистирганча ўтирарди. У, эскидан меҳнаткаш — мўйлабини бураб, қошларини чимириб, ҳозир нималардир деб пўнғиллаб қўяди. Унинг жасурлиги айниқса хавф кучайганда тутади, азбаройи қаҳри қайнаб сувга туфлайди. Чўкаётибмиз. Бирдан укам нимагадир қарор қилиб, том четига йўл олди.
— Пьер, Пьер! — юрагим орқага тортиб чақирдим.
— Алвидо, Луи… — деди у ўгирилиб. — Мен ортиқ тоқат қилолмайман, кетсам сизларга кўпроқ жой қолади. Алвидо!..
Кейин муштугини улоқтириб юборди-да, ўзини сувга ташлади.
Сузишни унчалик билмасди, сувга ташлаганча қайтиб чиқмади. Аслида, Пьер ўз эркини тўлқинларга қасдма-қасд топширди, — биродарлари афғонларини, уқубатларини тортишга унинг юраги тоб беролмади.
Черков соати иккига жом урди. Шунчалик ўлим ва азоб олиб келган аёвсиз тун пировардига етмоқдайди. Оёғимиз тагидаги қуруқлик тобора торайиб борар, сув жимирлар, ўйноқи тўлқинлар изма-из чопарди. Оқим яна ўз йўналишини ўзгартирди, ёғоч, вайроналар уюми энди қишлоқнинг ўнг тарафида сокин, ёйилиб сузардикй, дарёнинг кўтарилиши энг поён нуқтага етиб, ҳориганидан эринчоқлик-ла сеқин оқаётгандек эди.
Тўсатдан Гаспар бошмоқ ва камзулини ечди. Бир дақиқа олдин у қўлини букиб, бармоқларини қисирлатиб ўтирарди.
— Гапимга қулоқ солинг, бува, — деди у менинг қарашимга дош беролмай. Кута-кута тўйдим. Энди иложим йўқ… Рухсат этсангиз мен уни қутқариб қоламан.
У Вероникани назарда тутарди. Мен баҳсга киришдим — қизим билан черковгача сузиб боришларига инонмасдим. Лекин Гаспар ўз сўзида туриб олди.
— Йўқ, йўқ, кучим кўп, қўлларим бақувват… Бунга ўзингиз ҳам ишонасиз! — У ҳозироқ бу ишни амалга ошириши зарурлигини, кейинроқ эса боладек ожизланиб қолишини қўшиб қўйди; пойимиздаги уй уваланиб кетса Вероникани қутқариб қололмасди.
— У менинг дилрабом, мен уни қутқариб қоламан…
Мен Марияни бағримга босганча миқ этмай турардим.
— Олдингизда қасам ичаманки, Мария учун қайтиб келаман…
Гаспар бор кийимини ечиб, битта иштонда қолган: синиққина овозда Вероникага тез-тез кўрсатмалар берар, ундан ажралмаслигини, ўзини бутунлай унинг ихтиёрига топшириши кераклигини, энг муҳими —бардам бўлишини уқтирарди. Қиз бечора унинг ҳар бир сўзини бош қимирлатиб маъқулларди-ю, афт-ангоридан жуда тушкун ҳолда экани сезилиб турарди. Гарчи Гаспар художўй бўлмаса-да, чўқиниб олди, сўнг Верониканинг қўлтиғидан арқон билан боғлаб, томдан тушди. Қиз оёқлари сувга тегиши билан чинқириб юборди, нафаси қайтиб ҳушидан кетди.
— Худди шу керак эди! Мен энди унинг учун жавоб бераман.
Уларнинг ортидан қанчалик хавотир билан кузатганимни тасаввур қилишингиз мумкин. Йилтиллаб турган сувда Гаспарнинг бор ҳаракати яққол кўринарди. Арқонга боғланган Вероника елкасида, сув домига тортади, аммо ғайритабиий куч билан олға ҳаракат қилади. У масофанинг учдан бир қисмини сузиб ўтган ҳам эдики, тўсатдан сув жунбишга келиб қолди. Тўқнашув жуда даҳшатли эди. Улар кўринмай қолдилар. Куп ўтмай Гаспар сув юзига сузиб чиқди, ёлғиз — арқоннинг узилгани табиий эди. У икки бор сувга шўнғиб, ниҳоят Вероникани ҳам олиб чиқди ва уни елкасига ўнгариб олди. Энди арқон йўқ, сузиш ниҳоятда оғир. Гаспар бор кучи билан сузмоқда. Улар черковга яқинлашганлари сари титрай бошладим. Чинқириб юборишдан қўрқаман — ёнма-ён катта бир тўсин оқмоқда. Агар… Оғзим очилганча қолди: янги пайдо бўлган тўлқин уларни икки томонга улоқтириб юборди, кейин… кўринмай кетдилар.
Мен бутунлай гангиб қолдим. Ҳайвондан фарқим йўқ — хаёлимда фақат ўзимни асраш. Тўлқин тортқилайди. Ёнимда аллакимнинг хахолашини эшитаман, холос.
Тонг бўзара бошлади. Ҳавонинг авзойи ажойиб: гўё қуёш чиқиши арафасидаги кўл соҳилига ўхшайди, атроф салқин ва сокин. Ҳамон ёнимда аллаким: бурилганим заҳоти Марияни кўрдим — у шилтаси чиққан кийимда хахолаб куларди.
Бечора, шўрликлари-я!.. У деярли ҳар куни, айниқса, жом қайта-қайта янграйдиган якшанба кунлари азонда турар, юзини обдан чаярди… Кейин оро бериб оқиш сочларини турмакларди… Ҳозир ҳам ўзини худди уйдагидек хаёл қилиб, назарида эрталабки ювиниб-таранишни маромига етказаётгани равшан эди… Беозор боладек кулмоқда кўзлари тиниқ, юзида шодмонлик. Ундаги телбалик менга ҳам юқди. Гоҳо хахолаб кулаётганимни пайқаб қоламан. Мария… Бошдан кечган кўргиликлар уни ақлдан оздирган, баҳор кунлари уни алқаётгандек эди.
Ҳеч нарсага тушунмасам-да, унга қараб назокат-ла бошимни ирғаб қўяман. У шошилганча ўзига зеб беради. Мария ясан-тусанни тугатиб, йўлга тушишим мумкин, деб ўйлади шекилли, ингичка, биллурдек овозда қўшиқ бошлаб юборди. Лекин у тезда хиргойисини бас қилди, худди кимнингдир чақириғига жавоб бераётгандек:
— Боряпман! Боряпман! — деб хитоб қилди.
У яна хиргойисини бошлаб, томдан тушди-да, сувга шўнғиб кетди. Мен эсам ҳамон кулар, уни ютиб юборган сувга қувонч билан тикилардим.
Бундан кейин нима бўлганини яна эслай олмайман. Томда ёлғизман. Сув ҳали ҳам кўтариларди. Биттагина мўри соғ қолган эди: мен унга сувда ғарқ бўлишни истамаган абжир ҳайвондек тирмашиб олган эдим. Кейин йўқлик қаърига қулагандек бўлдим…

VI

Мен нега тирикман? Айтишларича, соат олтида сентеналиклар қайиқда сузиб келишибди: мўрига ёпишганча беҳуш ётган эканман. Шафқатсиз офат мени четлаб ўтган, ҳамма туғишганларимдан ажралиб, ўзимнинг бу бахтсизлигимни ҳали ҳис этмаган бир алфозда, тирик эдим.
Мана, мен ҳамон тирикман. Наслу насабим — болаларим, қизлариму келинларим, ёш ва кекса эркак ва аёлларнинг ҳаммаси нобуд бўлди. Мен эса тошлар ёнида ўсадиган ўлимтик ёввойи ўтдек яшаяпман. Агар менда жасорат бўлганда эди, Пьер сингари: «Тоқатим тугади, алвидо!» дея улар кетидан Гароннага йўл олардим. Бошқа фарзандларим йўқ, уйим яксон бўлган, майдонларим яроқсиз ҳолга тушган. Э-воҳ!.. Дастурхон атрофида ҳаммамиз — кексалар ўртада, ёшлар теграмизда ўтирган оқшомлар бир хотира энди! Қалбим меҳр ва ҳароратдан тўлиб-тошарди ўшанда! Ўрим пайти, узумни йиғиштириш кунларида уйимизга қайтганимиз ҳамоно мўл ҳосилдан қалбимиз фахрга лиммо-лим тўларди! Беозор болалар, ажойиб токзорлар, хуррам қизлар ва юмшоқ нонлар — кексаликдаги қувончлар бир умрга арзигулик мукофот эди! Ҳаммаси барбод бўлди, шундай экан, мен нега тириклар орасидаман?!
Менга ҳаловат бегона, энди ҳеч кимнинг мадади керак эмас. Майдонларимни болалари тирик қолган деҳқонларга улашаман. Уларнинг заминни алқашга, қайта тирилтиришга қувватлари келади. Бор буд-шудидан айрилган мен учун бир парча ер бўлса, бас.
Ягона истагим — туғишганларимнинг жасадларини топиш, орқаларидан ўзим ҳам борадиган мозоримизга дафн этиш. Тулузадан дарё оқизиб кетган кўплаб мурдаларни топишибди. Ўша ёққа боришга қарор қилдим.
Қанчалик даҳшатли кулфат! Икки мингга яқин уй қулаган, етти юз киши чўкиб кетган; бутун қишлоқ ҳувиллаб, балчиққа ботган… Йигирма минг ярим яланғоч, бахтсиз одамлар қолди; шаҳарда мурда ҳиди анқийди, ҳамма тиф тарқалишидан хавотирда; мурувватли одамлар жароҳатни даволашдан ожиз.
Мен нураган уйлару ўзимга тегишли марҳумлардан бошқа ҳеч нарсани кўрмасдим. Ўз изтиробларим ўзимга етиб ортади! Айтишларича, ҳақиқатдан ҳам кўп мурдаларни топишибди. Уларнинг ҳаммасини шаҳар мозорига қўйишибди. Мурдаларни суратга олишган экан, Гаспар билан Верониканинг суратини топиб олдим. Ҳали расман қовушмаган келин-куёвлар ўлганларида ҳам ажралишни истамаган: қучоқлашган, ўпишган кўйи туришибди. Шундай аҳволда суратга олишган экан. Айтишларича, жасадларини бир-биридан ажратиш учун ачомлашганча қотиб қолган қўлларини кесишибди.
Менда, тўфонда мағлуб бўлсалар-да барибир гезарган чеҳраларида юксак муҳаббатнинг поклиги, жасорати қолган гўзал йигит ва қиздан қолган хотира — шу. Сурат, сурат… Уларга тикилганим сайин кўзларимдан шашқатор ёш оқади…

Русчадан Асқар Ҳайдаров таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1988 йил, 1-сон.