(Бу аслида кино бўлиши керак эди)
Дарахтлар орасидан кўриб турганингиз — бизнинг қишлоқ Алиқули бўлади. Манави эса бизнинг қабристон. Яъни, қишлоқнинг “ташриф қоғози”. Ундан сал нарида яна бир қабристон бор. Ажабланманг. Дунёда бундан ҳам ажабтовур қишлоқлар бор. Энди бизнинг қишлоққа қолганда қитмирлигингиз қўзимай турсин-да. Ҳа, биз томонда иккита қабристон, битта “ташриф қоғози” бор. Чунки одамларимизнинг озодлиги бошланадиган ер қишлоқнинг кираверишида. Бу ғарибгина қабрлар ўз ажали билан ўлган ҳамқишлоқларимизга тегишли. Наригиси эса ўз ажали билан ўлмаган одамларга тегишли. Ҳар иккисининг ўз қоровули бор.
– Ўв, Али, жа кўзингни ёғ босиб қолибдими? Қизингни узатибсан, тўйга ҳам айтмадинг.
Бу ўз ажали билан ўлганлар қабрини қўриқлайдиган Етим Али бўлади. Қизини эрга берган эса нариги қабристон қоровули Узун Али. Маълум бўладики, Узун Али қизини эрга берганида Етим Алини тўйга айтишни унутган. Яна адашиб-нетиб юрманг. Бизнинг қишлоқда кўпчиликнинг оти Али. Бу лақабларни эса уларни бир-биридан ажратиш учун эмас, ижтимоий мавқеига кўра беришган.
Анави кўриб турганингиз ўртанча амаким Етим Алининг уйи. Анави эса амакимнинг ижод маҳсули — ўғли бўлади. Ҳамма қишлоқдошларим каби амакимнинг ҳам мол-ҳоли, эшак-араваси, бола-чақаси ва табиийки, хотини бор. Амакимнинг ёнидаги ҳовли катта амакимники. Лекин, кинода сиз уни кўрмайсиз. Олдиндан шунга келишганмиз. Катта амаким жуда эҳтиёткор одам, унинг бунақа ишларга, яъни кинога тушишга тоби йўқ.
Кўйлагининг олд чўнтагига ручка қистириб олган анави олифтанамо бола ўртанча амакимнинг катта ўғли. Яқинда уйланган, шундан бўлса керак, анча очилиб қолган.
Ручкасига эътибор берманг. Бечора амакиваччамнинг ёзиш-чизишга ҳечам ҳуши йўқ. Беш ҳарфли отини ёзганида саккизта хато қилади. Кўйлаги ҳам амакимники. Эсимни танибманки, шу ручка шу кўйлакнинг чўнтагидан тушмайди. Эҳтимол, бу ручка олинганидан бери бирорта ҳарф ёзмагандир. Ручка унинг илмга, демократияга хайрихоҳлиги белгисидир.
Ҳовлининг бир четида хўрознинг патини юлаётган жувон амакимнинг янги келини, яъни Узун Алининг қизи бўлади. Манави эса амакимнинг қўшниси Качал Али. У эрталаб ҳовлига чиқиб, эски, шалоқ курсига ўтирганча эснаяпти. Унинг бу эснаши эшик олдида ётган итнинг пашша тутаётган пайтига тўғри келади.
– Хотин, бу қўшнимизникида нима таҳлика?
– Билмайсизми, Етим Али қиз неварасининг туғилган кунига бораркан.
– Қайси… ҳалиги Бокуда министр бўлиб ишлайдиган куёвининг уйига борарканми?
– Ўғли министир эмас. Министирнинг помушниги.
– Э, нима фарқи бор? Бари бир бизнинг қишлоққа бир тийинлик нафи тегмаса… Ўзи кимга тортди бу бола?
– Кимга бўларди? Дадасига-да! Ҳар-ҳар замонда тилвизордан гапириб туради-ку!
Яна амакимнинг ҳовлиси. Бу қора мўйловли йигитни биласиз. Амакимнинг “фирт” этиб бурниданми, бошқа жойиданми тушган бу йигит, бояги Узун Алининг қизини чимилдиққа олиб кирган. Ҳозир ўша келинчак ана, хўрознинг патини юляпти. Халати остидан оппоқ тўпиқлари кўриниб турибди. Шу чоқ келинчак эрининг ҳарис назарини пайқаб, нозли ибо билан этагини пастроқ туширади.
Амакиваччам Рум Қайсаридек виқор билан эшак тарафга юради. Эшак уни кўриши билан орқа ўгириб шаталоқ ота бошлайди. Амакиваччам бунга парво қилмай, эшакни тўқимлайди.
Мана, амакимнинг ҳаммоми. Амаким чўмиляпти. Хотини унинг яғринини ишқалаяпти. Амаким айтади:
– Куёвинг олдида уятли бўлдик. Бир ўзимизни кўрсатиб қўймасак, бўлмас.
– Куйинманг. Бегона эмас-ку. Мана, йўлга чиқяпсиз-ку! Борсангиз, роса суюниб қолади. Битта товуқни димлаб ҳам бераман. Келин тозалаяпти. Узоқ йўл. Билиб бўладими? Ана Машади Нисобек. Уям ўғлиникига кетаётганида яхши овқат емаган экан, йўлда йиқилиб ўлибди, бечора.
Амакимга бу гап ёқмайди, ёмон қараганини кўриб хотини ҳам тилини тишлайди, индамай елкасидан сув қуяди.
Бирдан амакимнинг кичкина ўғли эшикни очиб, “дада” дейди.
– Тур йўқол, пишириб қўйибдими сенга?
Кичкина амакиваччам эшакнинг ечилиб қочгани ва дорга осилган кўйлакнинг енгини чайнаётганини айтмоқчи бўлади. Сиз кўп ўтмай, шу эпизодни кўрасиз. Қиёмат-қойим қўпади. Бир амаллаб кўйлакни эшакнинг оғзидан тортиб олишади.
Амаким етти йил аввал ўз қизини катта акасига, яъни боя мен отини тилга олган эҳтиёткор амакимнинг бадқовоқ олим ўғлига берган эди.
Мана, ўша калондимоғ куёв кабинетда курсида ястаниб ўтирибди. Катта бир вазирликнинг масъул ходимларидан. Ўзининг айтишича, бош қашишга қўли тегмайди.
Шунинг учун ўғлининг туғилган кунини ҳам шаҳарда нишонламоқчи. Олдидаги қоғозларнинг қалашганидан иши ҳам кўплигини пайқаш мумкин. Ҳозир телефонда гаплашяпти. Тахминан мана бу гапларни айтяпти:
– Ҳа, ҳа. Йўқ, ҳамма нарса етарли. Шукур. Ҳа, ҳозир бош қашишга ҳам вақт йўқ. Йўғ-э, қанақа ресторан? Бизники бунақа нарсаларга қизиқмайди. Айтганча, бир уйимизни кўриб кетишса ёмон бўлмасди. Эҳтимол, аҳволимизни кўриб, каттароқ, яхшироқ уй беришса. Биласан-ку, менинг бошқа бир режам ҳам бор. Ҳа, шунга ўхшаш. Яна кўрамиз-да, сўз беришган-ку!
Манави амакимнинг кичкина супрақоқди боласи. Қўшнининг қизи сочига тақиб юрган арча ўйинчоғига қизиқиб қараяпти. Уни авайлаб, силаб ҳам кўради.
– Бу нима?
– Ёмғир.
– Ёмғир? Қаердан олдинг?
– Акам Бокудан олиб келди.
– Бокуда ёмғир шунақа бўларканми?
Яна амакимнинг ҳовлиси. Қайсари Румга келбат берадиган амакиваччам (Худо бўйдан ҳам берган-да!) эшакни ҳозирлаб қўйган. Амаким бир неча йил илгари иш ҳақи ўрнига жамоа хўжалигидан берилган костюмни кийиб олган. Костюмнинг енглари ва шимнинг почалари калталиги билиниб турибди. Лекин топ-тоза. Соқоли амакимни зиёлисифат кўрсатиб турибди.
Софдил, содда амакимнинг хотини, келини, ўғли ва қўшнилар уни кузатгани чиқишган.
– Қизимга айтинг, болани шамоллатиб қўймасин. Худо хоҳласа, суннат тўйини қишлоқда қиламиз, – дейди амакимнинг хотини.
– Менга ёмғир олиб келинг, – дейди амакимнинг кичкина қизчаси.
Амаким, унинг ўғли ва юкли эшак йўлда. Амаким эшак устида худди саркардалардек мағрур кетиб бораётир. Йўл-йўлакай қўни-қўшни билан хайр-хўш қилади.
Мана амаким автобусда.
Бу ер амакиваччаларимнинг “саккизинчи”даги икки хонали уйи. Оёғида жун пайпоқ кийиб олган, бошига рўмол ўраган бу жувон амакимнинг қизи. У ошхонада кечки зиёфатга тадорик кўряпти. Амакимнинг ўғли айтишига қараганда, кечқурун вазир муовини ҳам келармиш.
Бу аёл эса амаким қизининг қўшниси, борингки, хизматкори деса ҳам бўлади. Юз-кўзига чизиб ташланган бу эрка болакай амакимнинг невараси, бугун туғилган куни нишонланадиган Ўрхон бўлади…
Амаким минган автобус ва амаким. У ёнидаги ҳамроҳига алланималарни кула-кула гапириб кетяпти. Қўлини ҳавода муаллақ тутиб ниманидир кўрсатяпти. Неварасининг бўйи бўлса керак.
Мана, дала ўртасидаги емакхона. Йўловчилар шу ерда тушиб, тушлик қиладилар. Амаким автобусдан тушади. Шу чоқ саватидаги товуқ учиб чиқади ва қақақлаганча ўзини қамишзорга уради. Амаким унинг орқасидан югуради. Юки қўлида, елкасида ямоқ хуржун, товуқни қувади.
Қамишзорни узоқ айланади. Товуғини тутиб олгунча анча вақт ўтади. Амаким миниб келган автобус жўнаб кетади ва унинг ўрнига худди ўшанга ўхшаган иккинчи автобус келиб тўхтайди. Пешлавҳасидан кўринади, бу автобус пойтахтдан амакимнинг туманига кетяпти. Товуқ тухум қўйиб, қамишзордан чиқади. Қоқоқлаб амаким тарафга келади. Амаким уни ушлаб, саватига солади.
Кўриб турибсизки, амаким бошқа автобусга минади. Бўш ўриндиқлардан бирига ўтиради. Олдиндаги одам билан бир оз суҳбатлашиб, унинг ҳамюрти эканини билади.
– Ие, қай тарафларда сўраймиз, ошна?
– Бокудан келяпмиз-да!
– Биз бўлсак Бокуга кетяпмиз, – дейди ғурурланиб.
– Унақада нимага бу автобусга чиқдингиз?
Амаким адашиб қолганини тушунади. Хуржунини елкасига ташлаб, автобусдан тушади.
Шаҳардаги барча хонадонлардаги каби амакиваччаларим уйи ҳам темир эшикли. Ҳозир шу эшикнинг қўнғироғи чалинади. Амакимнинг қизи шоша-пиша рўмолини тўғрилаб, эшикни очади. Бўсағада амаким кўринади. Амакимнинг қизи аввал ўзини йўқотиб қўяди, кейин ўзини отасининг қучоғига отади.
Салом-аликдан кейин амаким қишлоқ, сигир-бузоқ, қозон-товоқдан гапиради. Невараси Ўрхонни қучоғига олиб ўтиради. У билан бекинмачоқ ўйнайди. Шифонернинг ичига кириб бекинадилар.
Амакимнинг ўғли келади ва қайнатасини кўриб, ҳафсаласи пир бўлади.
Амакимнинг ўғли хотини билан нариги уйга ўтиб, алланарсаларни муҳокама қиладилар. Кўп ўтмай, амакимнинг қизи келиб отасига айтадики, шаҳар одатига кўра туғилган куни нишонланаётган боланинг бобоси бекиниб ўтириши керак. Зиёфатнинг охирида уни меҳмонларга “сюрприз” қилиб кўрсатишади. Амаким “сюрприз” нималигини билмаса ҳам, зарур, бамаъни нарса эканини билиб, бунга рози бўлади.
Ҳозир амаким шифонерда, меҳмонлар келишган. Ўйин-кулги, хурсандчилик. Ўрхон секин шифонер эшигини очиб, бобосининг ёнига киради ва унинг қучоғида ўтиради.
Кўриб турибсизки, зиёфат авжида. Меҳмонлар еб-ичиш билан машғул, қадаҳлар жаранглайди. Тўрда савлат тўкиб ўтирган киши “замминистр”. Даставвал, унинг шарафига қадаҳ кўтарилади. “Катта” виқор билан бош ирғаб қўяди. Навбат Ўрхонга келади. “Қуш бўлсин, қафасда бўлмасин”, “Катта йигит бўлсин”, “Ота-онасининг бахтига соғ бўлсин” ва ҳоказо. Меҳмонлардан бири мажлис қаҳрамонини сўрайди.
Ўрхон йўқ, ҳамма безовта. У ёқ-бу ёқни қидира бошлайдилар. Меҳмонлардан бири тасодифан шифонер эшигини очади. Ўрхон амакимнинг қучоғида ўтирибди. Амаким меҳмонларга қараб кула бошлайди. Сариқ-мириқ тишларини кўрдингизми?
Ўрхон ҳам, меҳмонлар ҳам унинг кулгисига қўшилади. Амакиваччамнинг қош-қовоғи амакимнинг кулгисини кесади.
Зиёфат нима билан тугагани унча аҳамиятли эмас. Саҳар. Амаким вокзалда. Тугунчасини олдига қўйиб очади. Янги келини кеча тугунчасига солиб берган товуқнинг бир сонини суғуриб ейди. Кутиш залидаги телевизордан амакимнинг ўғлини кўрсатишади. У нима ҳақдадир куйиб-пишиб гапиради. Амаким мамнун жилмаяди. Кўзлари ёшланади. Атрофдагиларга ниманидир тушунтиради. Олдида ўтирган йиртиқ кўйлакли бир кимса унга яқинлашади. Амакимнинг кулгиси ва емагига қўшилади, товуқнинг яна бир оёғини олиб ғажий бошлайди. Амакимнинг хурсандчилиги давом этади ва тугунчасини янги таниши тарафга суради. Яна уч-тўрт киши амакимнинг ҳимматидан баҳраманд бўлади.
Амаким ташқарига чиқади. Ёмғир ёғиб турибди. Амаким ёмғирга қараб севинади. Кичкина қизчасининг буюртмасини эслайди. Кейин кулимсираб-кулимсираб вагон (автобус ҳам бўлиши мумкин) тарафга кетади.
Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси