Сиз умрида салом бермаган одамни кўрганмисиз? Шахсан мен кўрганман. Башир одамга умуман салом бермайди. Салом тугул, озғин, кўримсиз қад-қомати билан шунақа юриб қўядики, гўё Ғарб билан Шарқ орасидаги чегарани шу белгилаб берган ёхуд Шўро ҳукуматини шу одам ағдарган-ов, деган хаёлга ҳам борасиз. Фақат қовоғидан қор ёғилиб туради. Эҳтимол, хотинидан эрта ажраганидан ёки бўлмаса ўғлининг узоқда эканидан ДАРДИ ИЧИДА бўлса керак. Ҳар ҳолда, бировнинг кўзига бақрайиб қараб, ғўддайиб ўтиб кетади.
Мени майда гапликда айблашингиз ҳам мумкин. Лекин, бу фақат менинг фикрим эмас-да! Баширнинг салом бермаслиги деярли ҳар куни қишлоқда муҳокама этилади. Агар шўрлик америкалик бўлганида унинг масаласи аллақачон халқаро доирага кўтарилган бўларди. Қишлоқда эса ҳар ким ҳар хил тахмин ва фаразларни ўртага солса-да, якуний хулосага келинмаган эди.
Чунки қишлоғимизда салом беришни болаликдан ўргатиб борадилар. Яъни, салом — тарбиянинг боши. Қишлоқ хотинларининг баёнотига кўра, Башир кечаси ажина, жинлар билан олди-берди қилармиш.
Айтсам ишонмайсиз, мени лофчига ҳам чиқарасиз, аммо ҳақиқат шуки, Башир бир марта менга салом берди. Тасаввур қиляпсизми? Умрида бировга кулиб қарамаган, қоқсуяк елкасида олтмиш йилнинг юкини орқалаб юрган оқсоқол мен билан саломлашди. Энди бу рўпарангиздан чиқиб қолган бегона одам чўнтагингизга юзта “кўки”дан солиб, кўз қисиб кетгандай гап эди. Бу ҳол сизни қанчалик таажжубга солиши мумкин бўлса, мен ҳам ҳозир ана шундай ҳолга тушиб қолгандим.
Ўшанда аравага хашак юклаётган эдим. Эсим оғиб, аравага юкланган хашак боғларини қайтадан ерга тушира бошлаганимни ҳам сезмабман.
Аввалига йўлни кесиб ўтиб, боғ томонга тушиб келди. Бошини у ён-бу ёнга ҳам бурмай, тўппа-тўғри келиб тепамда турди. Асли уни кўрганим ҳам йўқ эди. Фақат қуриган ўт-алафларни янчиб келаётган қадам товушларини эшитдим. Сигарет ҳиди келиб турган нафасини ўнг қулоғимнинг тагида ҳис этдим. Шошиб қолдим.
– Салом жиян. Чарчамаяпсанми? – деб сўради шивирлаб.
У менинг таажжубдан олайиб кетган кўзларимга ҳам қарамади. Қўлидаги “Астра” сигаретини сарғайган бармоқлари орасида ўйнатиб, чўнқайиб тутнинг соясидан жой олди. Анча пайт жим қолди. Бир-биримизга тикилиб қолдик. Ҳозир ўз ҳолига ўзи ҳайрон эди, худди тўсатдан тилга кирган соқов сингари. Бир пайт ерга қараб гап бошлади.
– Ўша тарафларда бизнинг ўғилни ҳам кўриб турасанми?
Боя айтганимдек, Баширнинг ўғли қишлоқдан кетганига кўп бўлди. Аскарликдан қочиб, ҳозир Россиянинг қайси бир шаҳрида дайдиб юрганини эшитувдим.
– Йўқ, – дедим, – мен бошқа шаҳарда тураман.
Бир оз яна жим қолди. Унинг кейинги гаплари сизга ҳам ғалати туюлиши мумкин.
– Бу қандай қариндошлик бўлди? Қанақа амакиваччасизлар? Наҳот мусофирликда бир-бирингизнинг ҳолингиздан хабар олмасангиз?
Унинг саволдан кўра кўпроқ таънага ўхшаб кетувчи бу гаплари мени тамоман шошириб қўйди.
Менинг ҳам ўзимга яраша ақл-ҳушим бор. Беш йил бекорга университет тупроғини ялаганим йўқ. Кимсан Доно бобонинг невараси бўлсам. Аҳа!!! Бармоқ ўрнига кетмон дастасини тишлаб, ўйга толдим. Масала равшан. Башир отанинг саломи бежиз берилмаганга ўхшайди. Демак, унинг ўғли менинг амакиваччам, ўзи менга амаки бўп чиқади. Уйга бориб, яна сўраб кўриш керак. Қарияни куттириб қўйгим келмади:
– Гап ундамас, биз бошқа-бошқа шаҳарда турамиз, – дедим.
– Ораларинг бизнинг уйдан Алиаскар маҳсидўзнинг дўконича борми?
– Йўқ, – дедим, – анча узоқ.
– Унда Ҳумбат семизнинг уйигача экан-да? Ҳа, майли, соғ бўлсаларинг бас. Бу оғайнингни шу йил бошини иккита қилсам девдим, – дея гапираётиб ўрнидан турди ва сигарет ҳиди уфуриб турган нафасини юзимга ёпиштирди. – Ҳўкиз ҳам тайёр. – У кейинги гапини қулоғимга энгашиб айтди, – Пулини бериб қўйганман, – шундай деб қўшни боғда ўтлаб юрган молларни кўрсатди. Орасида битта ола тана ҳам кўринарди, – лекин бир ишда ёрдаминг керак, жиян.
Қизиқ, унга қанақа ёрдам беришим мумкин? Совчилик бўлса, бу ишни дадамга айтган бўларди. Нима бўлганда ҳам, фавқулодда салом менга қимматга тушишини англадим. У ҳам менинг аҳволимни тушунди, чамамда.
– Биласанми, мен анави танани ҳам олганман, ҳам олганим йўқ, – деди пичирлаб.
– Тушунмадим, бу нима деганингиз? – сўрадим истар-истамас.
– Манов молларнинг эгасини танийсан-а? Мамадали раис. Қишда қор сўрасанг бермайди. У билан келишган эдик — мен унга қишда хашак бераман, у эса битта тана бериши керак. Ўтган қишда хашакнинг ҳаммасини унга бердим. Энди эса ғирромлик қиляпти. “Биз келишган пайтимизда ҳали кичкина эди. Энди катта бўлди. Бу зотдор таналардан. Унинг каттаришига сенинг хашагинг эмас, зотдорлиги сабаб, уни молбозорга чиқариб сотмоқчиман”, дейди. Кейин яна фикри ўзгарди, “Бунақа зотдор тана ҳеч кимда йўқ, уни уруғлиққа опқўяман, сенинг ўша дайди болангни деб шунақа зўр молни сўйиб юбориш увол”, дейди аблаҳ.
Пул қутуртирган буни. Лафзидан тонгани майли, боламни дайди деди-я! Сен ўқиган одамсан! Ёзиб-чизиб турармишсан, ўзинг айт, бу қанақа бедодлик? Сен шу ишда менга ёрдам қилоласанми?
Қишлоқда раисликка умуман алоқаси бўлмаса-да, ширкатда юқорироқ лавозимда ишлагани учун шу номга сазовор бўлган Мамадали тоғани яхши танирдим.
– Қанақа ёрдам?
– Гап шундаки, эртага қишлоқ оқсоқолларининг мажлиси бўлади. Ҳаммаси унга ён босади. Биласан, у ҳозирги ҳукумат одамлари билан яхши таниш. Органда қариндошлари ишлармиш. Мен бир бесавод одамман, ёнимда турсанг, ҳаммаси сендан қўрқади.
Унинг гапларини ҳали идрок этиб улгурмасимдан, “Демак, борасан-а?” деди-да, кетиб қолди. Нима қилишни билмай қолдим. Шўрлик умрида биринчи марта бировга салом бериб, унга ҳасби ҳолини айтган, инчунин, мени ўзига яқин тутиб, катта одам билиб ёрдам сўраганди. Шуни ҳисобга олиб, эски клубда ўтадиган йиғилишга йўл олдим.
Аввалига тананинг эгаси, Мамадали раис гапирди. Масалани ўз фойдасига ҳал этишларини сўраб, навбатни Баширга берди. Башир ҳам ўз навбатида танани бузоқлигидан яхши билиши, унинг тарбиясига катта улуш қўшгани, ўз томорқасида ўтлаб катта бўлгани ҳақида шунақа тўлқинланиб гапирди, ҳатто кўз ёш қилиб ҳам олди ва чўнтагидан кир рўмолча чиқариб, ёшини артди.
Бунақа оташин нутқ учун ҳар қанча қарсак чалинса бўларди. Чунки у мажлис аҳлининг эътиборини тўла-тўкис ўзига қаратган эди. Депутатликка номзоди қўйилган бўлса, ҳамма унга овоз бериши тайин эди. Фақат, Мамадали бир-икки йўталиб қўйгач, мажлис аҳли сергак тортиб унга қаради.
Мамадали қани сен гапир, дегандек Мамиш чўпонга ўгирилди. Мамиш чўпон айтдики, тана ошиб борса, эллик манатлик ем егандир, лекин ҳозир бу танани бозорда камига беш юз манатга пулласа бўлади. Анча-мунча гап-сўздан кейин яна Мамадали сўз олди. Гап бошлашдан илгари ҳаммага бир-бир кўз ташлаб чиқди. Энг охири унинг нигоҳлари Баширга қадалди. Башир ўзи ўтирган стул баробарида кичрайиб қолгандек эди. Мажлис аҳлининг бир кўзи Баширда бўлса, бир кўзи Мамадалида эди. Бу узоқ муддат давом этган жимликдан кўпчилик Мамадали Баширга раҳм қилиб танани унга берар, деган хаёлга борганди.
– Биласизки, мол — ўз оти билан мол. Тилла ёки олмос эмас. Топилади. Шунинг учун бу масалада бош қотириб, ҳаммани ишдан қолдириш ярамайди.
Бу гаплардан кейин яна бир муддат жимлик чўкди. Башир ҳам секин-секин каттара бошлади. Кўзларида миннатдорлик учқунлари чақнай бошлаган, мамнун нигоҳлари билан ҳамқишлоқларига боқарди. Бир-икки менинг тиззамни ҳам нуқилаб қўйди. Чамаси, боғда Мамадалининг унвонига ўзи ёғдирган таънаю маломатлардан хижолат чекарди. Клуб ҳам алланечук ёришиб кетгандек бўлди. Чуқур нафас олиб, Мамадали яна сўзида давом этди:
– Гапнинг қисқаси, ола сигирнинг боласини Баширга берсам. Бир-икки ойда катта бўлади. Иншооллоҳ, кузгача буқага келади. Келгуси йилда битта эркак бузоқ туғиб берса, масала ҳал. Ўғлини бемалол уйлантирса бўлади.
Мажлис аҳли ҳам Мамадалининг бу таклифини маъқулладилар. Йиғилиш тугагач, Мамадали менга бир тиржайиб, ёнимдан ўтиб кетди.
Баширнинг ғазаби қайнаган эди. “Молхонангга ўт қўяман, сигирларингнинг ҳаммасини бурдалаб ташлайман”, дерди асабий оҳангда. Унинг бу дағдағалари туман судига қадар давом этди. Шикоят аризасини ҳам менга ёздирди.
– Ёз, онасини эмсин, бу Мамадалини қулоқ деб ёз, ёт унсур де. Советларнинг душмани деб ёз.
– Башир амаки, – дедим, (Ўзи мени жиян дейди-ку!) – Совет тамом бўлганига ўн йилдан ошди. Энди ҳукумат янги бўлган.
– Ҳукумат янги бўлса, суд, пирокурор эски, йигирма беш йилдан бери ишлайди, ҳаммасини танийман. Ёз, жиян. Ўтган йил қишлоқнинг ҳамма экин ерига ғалла эктирди. Пулини эса киссага урди. Куёви ҳокимиятда порахўрнинг бири, ўғли олибсотар.
Хуллас, Башир менга бир қулоч мактуб ёздирди ва қоғозни тўрт буклаб, йиртиқ камзулининг кўкрак чўнтагига солиб, туманга кетди.
Шу билан қишлоққа кейинги йилнинг кузагида келдим. Боғимиздаги қуриган хас-хашакни йиғиштириб юргандим. Башир яна боғнинг бир четидан ўтиб қолди. Ўзи олдинда, орқасидан ўзидай озғин бир ғунажинни эргаштириб, алланарсаларни ғулдираб борарди.
– Ҳа, Башир амаки, нима бўлди? – деб сўрадим.
Жавоб бермади ва асабий қўл силтади. Бир-икки қадам юриб, ортига қайрилди.
– Тамом бўлди, – деди.
“Нима тамом бўлди, салом-аликми?”, дегим келди. У бир оз юриб яна тўхтади. Юзимга тик қаради.
– Ҳаммаси сотилган, итваччалар, – деди. – Сенга ҳам қойил эмасман. Бу ит эмганларнинг орасида бир ўзимни ташлаб кетдинг.
– Нима бўлди ўзи?
– Нима бўларди, ўғлим ўша томонда бир ўрис маржага уйланди. Унга унашилган қиз бошқаси билан қочиб кетди. Мен эса буқа қидиряпман, буқа! Анави итдан тарқаган ҳам буқасини ғунажинимга яқин йўлатмайди, – деди ва хириллаб кулди. Кейин ғунажинини кўрсатиб, – манави қирчанғидан қайси овсар буқа баҳра топарди, – дея кула-кула йўлида давом этди.
Баширнинг оёқлари остидан Мамадали раиснинг инсофи қадар енгилгина чанг кўтарилди.
Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси