Ҳар йили эрта баҳорда, олчалар гулини тўкиб, барг ёзаётган пайтда шу воқеа ёдимга тушади… — деб гап бошларди кампир.
Бунга ўттиз беш йил бўлди. Унда отам ҳали тирик эди. Биз уч киши — отам, мен ва синглим бирга яшардик. Онам эса бундан етти йил аввал оламдан ўтган, мен ўшанда эндигина ўн уч ёшга тўлган эдим. Мен ўн саккизга, синглим ўн олтига тўлганда отам Япон денгизининг соҳилида жойлашган Сиросита шаҳридаги ўрта мактаблардан бирига директор қилиб тайинланди, биз ўша ёққа кўчиб кетдик. Шаҳарда бизбоп уй ҳадеганда топилавермади, ноилож, шаҳар четида, шундоқ тоғ ёнбағрида ёлғиз қаққайиб турган бутхонанинг ичкарисидан иккита хонани ажратиб, ўша ерда тура бошладик. Биз у ерда отамни Мацуэга ишга ўтказгунларига қадар олти йил яшадик. Ўша йили кузда, йигирма тўрт ёшга тўлганимда Мацуэда турмушга чиқдим. У пайтларда бу кеч турмушга чиқиш саналарди. Мен онамдан жуда ёш айрилган эдим. Отамнинг юмуши бошидан ошиб ётгани сабабли оила ташвишлари билан унча иши йўқ эди. Менсиз рўзғоримиз пароканда бўлиб кетиши турган гап эди. Шу важдан ҳам мен уларни ёлғиз ташлаб кетолмасдим, шунинг учун барча келган совчиларга рад жавобини беришга мажбур эдим. Лоақал синглимнинг соғлиғи яхши бўлганида ҳам майли эди. Афсуски, синглим тамомила менинг аксим эди: у жуда чиройли, сочлари узун бўлса ҳам саломатлигининг мазаси йўқ эди. Биз Сироситага кўчиб келганимиздан сўнг орадан бир йил ўтгач, синглим дунёдан кўз юмди. Мен ўшанда йигирма ёшда, у эса ўн саккизда эди. Мен сизга худди ўша пайтлар ҳақида сўйлаб бермоқчиман.
Синглим кўпдан бери касал эди. У буйрак сили билан оғриган экан, касалини аниқлашганда, вақт ўтган эди, иккала буйрак ҳам тамоман зарарланиб, ишдан чиқибди. Врач отамга синглимнинг касали оғирлигини, юз кун ҳам умр кўрмаслигини айтибди. Орадан бир ой ўтди, икки ой ўтди, белгиланган вақт ҳам яқинлаша бошлади, бизнинг эса жимгина кутишдан бошқа иложимиз йўқ эди. Синглим бу дарддан тамомила бехабар, ўзида йўқ хурсанд, ҳатто охирги пайтларда тўшакдан турмаган бўлса ҳам, қандайдир қўшиқларни хиргойи қилар, ҳазиллашар ва менга эркаланарди. Лекин менинг эс-ҳушим фақат бир нарсада: қирқ кунлардан сўнг буларнинг ҳаммаси барбод бўлади… Ана шуни эслаганимда, томоғимга бир нарса тиқилиб, этим жунжикиб кетарди. Назаримда, бундай оғир мусибатга чидолмай жинни бўлиб қоладигандек эдим. Март кетидан апрель ва ниҳоят, май ҳам етиб келди, аммо ҳаммаси аввалгидек давом этарди. Аммо ўша кунни — майнинг ўрталаридаги қайсидир бир кун эди — асло эсимдан чиқармайман.
Далаю тоғлар яшил майсаларга бурканди, кунлар исиб, одамлар енгил кийимларга ўта бошлади. Кўм-кўк майсалар киши баҳридилини очарди, қаёққа қарама, табиат уйғониб, ўз сепини ёйишга тараддуд кўрмоқда. Қўлимни орқамга қилиб, хиёл эгилганча, бошимда турли ўй-хаёллар билан далаларни кезиб юрардим. Бўлмағур хаёллар миямни чулғаб олган, бу нохуш фикрлар нафасимни ичига тушириб, юрагимни сиқар эди. Шу пайт кўпчиган тупроқ қаъридан, қаёқдандир, бамисоли дўзахнинг ичидан гум-гум деган суронли садо эшитилди, гўё чоҳи жаҳаннамда баҳайбат ноғора чалинмоқдаю бу садо ўша ёқдан келаётгандай эди. Нима гап бўлаётганига тушунолмай, ўз-ўзимга: «Наҳотки ақлдан озаётган бўлсам?», дедим-да, азбаройи қўрққанимдан турган жойимда қотиб қолдим, сўнг бор овозим билан қичқирганча майсаларга юзтубан йиқилиб, ҳўнграб юбордим. Мени қаттиқ қўрқитган бу ғалати товушнинг нималигини кейин билдим: у япон флотига қарашли ҳарбий кемалардан отилган снарядларнинг овози экан.
Замбаракларнинг гулдураган даҳшатли овози қирғоқ бўйига жойлашган Сиросита шаҳри аҳлини кўпдан безовта қилар ва уларни даҳшатга соларди. Эс-ҳушим синглимда бўлгани учун нима бўлаётганига тушуниб етолмасдим, тамомила гангиб қолган эдим. Назаримда бу ўқ овозлари ва портлашлар қандайдир бахтсизликнинг даракчисидай эди, гўё ўша жаҳаннамдаги ноғора товушига ўхшарди. Мен юзтубан ётганча узоқ йиғладим. Кун ботгандан кейин ўрнимдан турдим-да, беҳол бутхонага кетдим…
— Опажон! — деб чақириб қолди синглим. У жуда озиб, қувватсизланиб қолган, афтидан, куни битиб бораётганини ўзи ҳам сезар эди. Ҳар қалай, у аввалгидай мен билан ҳазиллашмас, ўзига ортиқча диққат-эътибор талаб қилмасди. Буларнинг ҳаммаси мени янада қаттиқроқ эзарди.
— Бу хат қачон келди?
Кўксимга бир нарса урилгандек бўлиб, рангим докадек оқариб кетганини сездим.
— Қачон келди? — дея қайта сўради у, чамаси, менинг бирданига оқариб кетганимга эътибор бермагандек.
Бир амаллаб ўзимни ўнгладим-да:
— Яқинда, сен ухлаб ётганингда. Сен тушингда кулаётган эдинг, мен хатни аста ёстиғинг ёнига қўйдим. Наҳотки сен ҳеч нарсани сезмаган бўлсанг? — дедим.
— Йўқ! — дея синглим кулиб юборди, кулгидан унинг дурдек оппоқ тишлари ярақлаб, оқшом ғира-шираси туша бошлаган хонани ёритиб юборгандек бўлди.
— Мен буни ўқиб чиқдим. Қизиқ! Тамомила менга нотаниш бир киши ёзибди.
Бу қанақаси, наҳотки у хат ёзган одамни танимаса?
Бу хат эгасини мен жуда яхши танирдим. Унинг исми М. Т. Я. эди. Йўқ, мен уни ҳеч қачон кўрган эмасман. Воқеа бундай бўлган эди: бундан бир неча кун бурун синглимнинг жавонини очиб, пастки тортмасидан яшил лента билан маҳкам боғланган бир даста хат топиб олдим. Бировларнинг хатини ўқиш одобдан эмас, албатта, лекин мен ўзимни тўхтатиб туролмадим, лентани очиб, хатларни ўқишга тутиндим.
Хатлар ўттизтача бўлиб, ҳаммасига бир хилда М. Т. Я. деб имзо чекилган эди. Жўнатувчининг исми кўрсатиладиган ерга эса қизларнинг исми ёзилган эди. Буларнинг ҳаммаси синглимнинг энг яқин дугоналари бўлиб, шунинг учун биз — на отам, на мен шу вақтгача синглимнинг йигит киши билан хат ёзишиб юрганини сезмаган эдик.
М. Т. жуда тадбирли ва эҳтиёткор экан. У синглимнинг барча дугоналари исм-фамилиясини яхши билар, ҳар хатида навбат билан уларнинг исмини қўйиб хат жўнатар эди. Икки ёшнинг бунчалар журъати ва ботирлиги мени ҳайратга соларди: агар қаттиққўл отам сезиб қолса нима бўлади? Миямга келган бу фикрдан қўрқиб кетдим. Сўнгра хатларни яхшилаб тахладим-да, бир бошдан ўқий бошладим. Қандайдир ширин, орзиқтирувчи бир туйғу вужудимни қамраб олди. Мен бу икки ёшнинг болаларча содда севгисидан кулардим, назаримда рўпарамда янги бир дунё очилгандек эди.
Ҳа, менинг ўша пайтда эндигина йигирма ёшга тўлганимни ҳам унутманг, менинг ҳам ўша ёшдаги барча қизларда бўладигандек, ўзимга яраша ҳеч кимга ишонмайдиган юрак сирларим бор эди. Мен бир хатнинг кетидан иккинчисини ўқишда давом этдим, улар назаримда гўё беғубор, тиниқ, тезоқар сувга ўхшарди. Мана, ниҳоят, охирги хатни қўлимга олдим, мактуб бултур кеч кузда ёзилган эди. Бирданига бўғзимга бир нарса тиқилгандек бўлдию оёқларим бўшашиб кетди, шу даражада ҳаяжонда эдим.
Буни қаранг, икки ёшнинг севгиси мен ўйлагандек шунчаки бир ҳавас эмас, балки анча жиддий тус олган экан. Хатларни ёқиб юбордим. Бу сироситалик бечора шоир М. Т. бўлиб, синглимнинг касаллигини билгандан сўнг у билан алоқани узишга қарор қилган эди. Бунчалар бераҳм бўлмаса одамлар! «Бир-биримизни унутайлик», деб ёзибди йигит бепарво ва лоқайд. Ҳақиқатан ҳам, у синглимни унутиб юборгани ростга ўхшайди, чунки ортиқ хат ёзмаган эди. Агар мен шундай кетаверсам, бечора гўзал синглим юрагида бир дунё дард-ҳасрат билан оламдан кўз юмиши турган гап эди. Ҳеч кимга билдирмай бир иш қилмоқчи бўлдим. Сўнг бу сирни кўнглимда сақлашга қарор қилдим. Кейин эса синглимга яна ҳам қаттиқроқ раҳмим келди, ҳар хил ўйлар ичида қолдим; мени оғир, мудҳиш хаёллар гангитиб қўйган эди; ҳаётим гўё дўзахнинг ўзгинаси эди, ўша пайтда қанчалар азоб чекканимни фақат аёл зотигина ҳис қилиши мумкин. Худди мен ўзим алданиб қолгандай азият чекардим. Гапнинг сирасини айтганда, ўзим ҳам сал ғалатироқ эдим ўша пайтларда.
— Ўқиб беринг-чи ҳеч нарсага тушунмаяпман. Нима гап ўзи?
Ҳамма нарсани билиб туриб билмаганга олишимдан ноқулай аҳволга тушиб қолдим.
— Ўқиб берайми? — дедим секингина хатни олатуриб.
Бармоқларимнинг титраши мени янада хижолатга соларди. Ахир хат мазмунини ўқимай туриб ҳам жуда яхши билардим, лекин начора, эндигина кўриб тургандек ўқиб беришдан бошқа иложим йўқ эди.
Овозимни чиқариб ўқий бошладим:
— «Мен сендан кечирим сўрашим керак. Шу кунгача зинҳор ёзмайман, деб келдим, чунки ўз-ўзимга ишонмас эдим. Мен бир бечора камбағалман, буни ўзинг ҳам яхши биласан, бунинг устига, фавқулодда бир салоҳиятга ҳам эга эмасман. Шунинг учун мен ўз тақдиримни сенинг тақдиринг билан боғлай олмайман. Бу гапларнинг ҳаммасини шунчаки чиройли баландпарвоз сўзлар деб ўйлама, ишонавер менга. Ожиз ва бечоралигим ўзимнинг ҳам жонимга тегди, ахир, муҳаббатим йўлида қуруқ сўздан бошқа нима ҳам қила олардим? Шу ўтган кунлар, ҳатто кечалари ҳам тушимда, доимо хаёлимда сен бўлдинг. Бироқ мен ўз ҳаётимни сенинг ҳаётинг билан боғлашим керакмас. Айни мана шу чидаб бўлмайдиган ўй ажралишимизга мажбур қилди. Сен қанчалар бахтсиз бўлсанг, менинг ҳам сенга бўлган муҳаббатим шунчалар кучайиб боради, ўртамиздаги масофа шунча қўл етмас бўлиб узоқлашади. Тушуняпсанми? Мен сени алдаётганим йўқ, рост. Қалбимдаги бурч ва масъулият ҳисси мени шундай қилишга мажбур этмоқда. Мана энди буларнинг ҳаммаси хато эканини кўриб турибман. Хато экан. Мени кечир! Сенга худбинларнинг худбини сифатида қарабман, сендан юз ўгирмоқчи бўлибман. Биласанми, мен нимани ўйлар эдим? Ахир ўзимиз бу дунёда ожиз ва ёлғиз бўлсак, шундан бошқа иложимиз ҳам йўқ, хусусан, мен учун муносиб яшашнинг йўли — сенга умрбод вафо қилмоқдир. Мен буни чин кўнгилдан айтяпман, ишонсанг бўлади. Инсоннинг нимага қурби етса, иложи борича шуни қилишга уриниши керак экан, буни мен энди англаб етдим. Майли, қилган ишинг арзимас бўлсин. Масалан, момақаймоқдан гулдаста ясаб ёрга тақдим этиш — бу чинакам жасоратдир, ҳақиқий эр йигитнинг ишидир. Мен энди сени ташлаб қўймайман. Ҳар куни шеърлар тўқиб, сенга юбориб тураман. Ҳар куни уйингнинг ёнида най чаламан. Фақат сен учун. Эртага кечқурун соат олтида менинг найимдан сен учун ҳарбий марш янграйди. Ҳар ҳолда найни яхши чаламан-ку. Ҳозирча бирдан-бир қўлимдан келадигани шу. Устимдан кулма. Кулсанг ҳам майлига. Тезроқ тузалсанг бўлгани. Худо ҳам бизнинг муҳаббатимизни кузатиб тургандир. Мен бунга ишонаман. Биз унинг суйган бандасимиз — сен ва мен. Ажойиб эр-хотин бўламиз.
Мен-чи, интиқ эдим,
Деразам ортида мана ниҳоят
Шафтоли гуллади,
Гуллади боғда.
Одамлар гулларни оқ рангда, дейди.
Нечун гуллар қизил менинг боғимда?
Мен ижод қиляпман, ишларим ёмон эмас. Эртагача хайр. М. Т.«
— Раҳмат! — деди синглим аста. — Хатни сиз ёзганингизни мен яхши биламан-ку, ахир.
Уялганимдан ўзимни қўярга жой тополмасдим. Сочларимни битта-битта юлиб, хатни майда-майда қилиб ташлагим келарди. Эҳтимол шундай аҳволга тушган одамни ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмади, десалар керак-да. Рост, бу хатни мен ёзган эдим. Мен синглимнинг изтиробларига лоқайд қараб туролмасдим. Шунинг учун М. Т.нинг ёзувига тақлид қилиб қўлимдан келганича шеър тўқиб, хат жўнатиб турмоқчи ва ҳар куни кечқурун соат олтида яширинча боққа чиқиб най чалмоқчи бўлган эдим.
Шармандаликдан лавлагим чиқиб кетди. Ахир мен ўз хатимда бир бало қилиб шеър ҳам тўқиган эдим-да.
— Хижолат бўлманг… — деди синглим негадир жилмайиб, ҳатто бир оз кўтаринки руҳда… — Янглишмасам, кўк лента билан боғлаб қўйилган хатларни ўқиганга ўхшайсиз, шундайми? У ерда ёзилган гапларнинг ҳаммаси ёлғон. Мен бутунлай ёлғиз эдим, шунинг учун ўзимни овутиш мақсадида бурноғи йил куздан бошлаб ўзимга-ўзим хат битиб почта қутисидан жўнатиб турдим. Шунинг учун ҳам мени овутишнинг ҳожати йўқ. Ёшлик — шундай ажойиб ва гўзалки, мен буни бетоб бўлганимдан кейин яна ҳам чуқурроқ ҳис қила бошладим. Ўз-ўзига хат ёзиш — бу пасткашлик, албатта. Уят! Умуман, тентакликнинг ўзгинаси. Агарда мен бирорта йигит билан учрашиб туришга журъат қилганимда эди! Севган йигитингнинг кучли қўллари сени қучганда жуда ёқимли бўлса кераг-а? Мен бирорта йигитни севиш у ёқда турсин, шу пайтгача бирон-бир йигит билан сўзлашганим ҳам йўқ. Менимча, сиз ҳам шунақасиз. Биз ўта доно эканмиз, ҳамма хатомиз ҳам ана шунда. Ўлим — эҳ, қанчалар жирканч нарса! Эҳ, эсиз менинг қўлларим, бармоқларим, сочларим! Нақадар жирканч!..
Ғам, қўрқинч, қувонч туйғулари — бари қўшилиб қалбимни чулғаб олди. Нималар бўлаётганига ақлим бовар қилмасди, юзимни синглимнинг сўлғин юзига босганча ҳўнграб йиғлар эдим. Шу пайт, ҳа, айни шу пайтда қаердандир майин куй эшитилди. Унинг қандай куй эканлигини англаб бўлмасди, жуда секин эшитиларди, лекин бу най овози эканига шубҳам йўқ эди. Биз жимгина куйга қулоқ солдик. Соатга қарасам, олти бўлибди. Бир-биримизни маҳкам қучганча қандайдир қўрқув ичра қимир этмай бу ғалати овозга қулоқ солдик, овоз боғ ичидан — олчалар орасидан келмоқда эди!
Худо бор экан! У барини кўриб турибди! Мен ўша дақиқада бунга яна бор ишондим.
Орадан икки кун ўтгач, синглим вафот этди. Врач синглимнинг ёнида бошини қуйи эгган кўйи унинг нафас олишига қулоқ тутарди. Чунки синглим сал аввал гоҳ секин нафас олиб турган эдида. Бироқ мен ажабланмадим. Най овозини аниқ эшитганимга имоним комил эди. Балки мен беҳуда ишонгандирман, ўша куйни боғда отам чалдимикан, деган ўй ҳам хаёлимга келди. Ахир ҳамма нарса бўлиши мумкин-ку! У ишдан қайтиб келгач, қўшни хонада бизнинг суҳбатимизни эшитиб, мен билан синглимга раҳми келиб, най чалган бўлса-чи?
Эҳтимол… Отам ҳаётлигида ўн беш йил давомида бу гапни сўрашга юзим чидамади, сўнг эса бу воқеа тақдир тақозоси билан рўй берганига ишонч ҳосил қилдим.
Русчадан Шафоат Иноғомова таржимаси
“Ёшлик” журнали, 1983 йил, 10-сон.