У беш ёшларида отасини биринчи марта кинода кўрди.
Бу воқеа ҳар йили совхознинг жун қирқими ўтказиладиган ўша катта қочарида содир бўлган эди. Қочар шифер билан ёпилган, у шундоққина адирнинг этагида, йўл ёқасида жойлашган бўлиб, узоқдан оқариб кўриниб турарди.
Аввалбек бу ерга онасига эргашиб ўйнаб келарди. Онаси, Жиянгул, совхознинг алоқа бўлимида телефонистка эди. Ҳар йили қирқим мавсуми бошлангач, у қирқим пунктига ёрдамчи бўлиб ишга жойлашарди. Бунинг учун Жиянгул ўзининг отпускасини ва экиш, қўзилатиш мавсумида коммутаторда кечаю кундуз иш вақтидан ташқари ишлаганлиги учун бериладиган дам олиш кунларини ҳам олиб, бу ерда ҳам қирқимнинг то охирги кунларигача тиним билмай меҳнат қилар эди. Жун қирқишга ҳақ тўлаш ишбай асосида бўлиб, яхшигина даромад олиш мумкин эди. Эри урушда ўлган бир бечора бева учун ҳар бир тийиннинг ўз ўрни бор-да ахир! Ҳалиям оила катта эмас, улар ниҳояти икки жон: ўзи-ю, боласи. Барибир каттами-кичикми, оила оила-да: озиқ-овқат, ўтин-чўп, кийим-кечак ва яна аллақандай нарсалар дегандай, ҳаммасини ўз вақтида ғамлаб қўйиш керак.
Ташлаб кетадиган кишиси бўлмаганлиги учун Жиянгул ўғлини ҳам ўзи билан бирга ишга олиб борарди. У эса бу ерда қирқимчилар ва чўпонларнинг ўзи тенги кир-чир босган болалари ва паҳмоқ юнгли чўпон ити билан куни бўйи чопқиллаб ўйнагани-ўйнаган эди.
Кунларнинг бирида Аввалбек қочарга кўчма кино келганидан биринчи бўлиб хабар топди ва бошқаларни ҳам кутилмаган бу қувончли воқеадан хабардор қилишга ошиқди:
— Кино келди! Кўряпсизларми, ана кино келди!
Кино ишдан сўнг, қоронғи тушиши билан бошланди. Бунгача эса кутавериб унинг тоқати тоқ бўлди. Аммо кино ҳам ўйлаганидек уруш ҳақида экан. Қочарнинг тўридаги иккала устунга осилган оппоқ матода шиддатли жанг бошланиб кетди, ўқ овозлари гумбурлади, визиллаб осмону фалакка учаётган ракеталар тун зулматини яшиндек ёритиб, ер қучиб ётган разведкачиларни айнан ёритар эди.
Ракеталар ҳам тинди, разведкачилар яна олға ташланди. Пулемётчилар эса ярим тунда шунақаям ўқ ёғдиришардики, ваҳимадан боланинг нафаси ичига тушиб кетди. Ҳа, уруш деб мана буни айтса бўлади!
У билан онаси одамларнинг ортида, жун солинган кандир қопнинг устига ўтириб олишганди. Бу ёқдан, юқоридан яхши кўринарди. Унга қолса, албатта; шундоққина экраннинг ёнгинасида, совхоз болалари жойлашган биринчи қаторда ўтиргани маъқул эди. У бунга интилиб ҳам кўрди, аммо онаси уни ушлаб қолди:
— Бас қил, эртадан кечгача югурганинг югурган, ўтир ёнимда,— деди-да, уни тиззасига олиб ўтирди.
Киноаппарат лентани бир маромда ямлаб-ютар, уруш эса давом этарди. Одамлар уни чурқ этмай ҳаяжон билан томоша қилишарди. Онаси уларни мўлжалга олиб, яқин келаётган танкларни кўриб хўрсиниб кетарди. Шунда уларнинг ёнгинасида ўтирган аллақандай бир аёл ўзича пичирлаб қўйди:
— Э, худо, нималар бўляпти, ўз паноҳингда сақла!..
Булар Аввалбек учун унчалик қўрқинчли эмас, аксинча, баъзида, айниқса фашистлар ўққа учиб, кунпаякун бўлган пайтларда ҳатто завқли эди. Бизникилар қулаганда эса, бола уларнинг яна туриб, жангни давом эттириб кетишларига катта умид боғлар эди.
Умуман олганда урушда кишиларнинг ўққа учишлари ўзгача бир томоша. Уруш-уруш ўйнаган болаларнинг айни ўзгинаси, югуриб бораётиб бундай йиқилишни унинг ўзи ҳам қойиллатади. Аммо ўзига яраша азоби ҳам бор-да, тўғрими, лат ейишинг мумкин, бироқ ҳечқиси йўқ, ирғиб турасан-у, яна ҳужум бошлайсан, оғриқни унутасан. Булар эса ўринларидан турмай йиқилган буйича ербағирлаб қолишар экан. Аввалбек ўққа учишнинг ўзгача йўлини ҳам биларди. Масалан, болалардан бирининг қорнига ўқ тегди деб фараз қилайлик. Шунда у дарҳол қулаб тушмайди, аввало қорнини ғижимлаб ушлаганча букчая бошлайди, сўнгра қўлидан қуролини тушириб юбориб, секин-аста ўт устига ағанаб тушади. Орадан сал ўтиб, «мен ҳали тирикман» дея яна жангга кириб кетади. Булар эса ётган бўйича ўринларидан туришмас экан.
Киноаппарат лентани бир маромда ямлаб-ютар, уруш эса давом этарди. Энди экранда артиллериячилар пайдо бўлди. Улар қасир-қусур портлашлару бурқсиб ётган дуд аралаш оловли жанг майдонларини кечиб, тўпларни итариб-судраганча ён-бағирлардан, ўйдим-чуқурликлардан ўтиб тепалик сари танкларни тўғри нишонга олиб борар эди. Тепалик осмонни ярмисигача тўсиб турарди. Ана шу чўзилиб кетган қияликлар орқали қора қуюн, портлашлар аралаш бир тўда артиллериячилар олға томон ёпирилиб боришарди. Уларнинг бутун ҳаракатларидан, қиёфаларидан боланинг юраги ҳаприқиб, ачишиб, ифтихор туйғуларига тўлганча аллақандай даҳшатли ҳодиса юз беришини кутар эди. Тўпчилар ҳаммаси бўлиб етти киши эди. Улардан бири кўринишидан русларга ўхшамасди. Эҳтимол, онаси ишора қилмаганда, бола бунга эътибор ҳам бермаган бўлармиди. Онаси унга:
—Кўряпсанми, буниси сенинг отанг,— деб шивирлади.
Шу дақиқадан бошлаб ўша жангчи боланинг отасига айланди. Шундан бошлаб бутун фильм у ҳақда, боланинг отаси хусусида ҳикоя қилди. Отаси унинг кўзига совхоз йигитлари сингари ҳали жуда ёш кўринарди; жуссаси кичкина, кулча юзли, кўзлари эса ўйнаб турарди. Тутундан қорайиб кетган юзида кўзлари ғазаб билан ёнарди, умуман, у туриш-турмуши билан арслондай паҳлавон, чаққон, шиддатли эди. Ана: у елкаси билан тўп ғилдирагини итариб борар экан, пастга ўгирилиб қаради-да, кимгадир: «Қани тезроқ шайланинг!» дея қичқирди. Унинг қичқириғи янги портлаш овозларини босиб кетди.
— Ойи, бу менинг отамми? — сўради Аввалбек онасидан.
— Нима деяпсан? — она унинг сўзини дарҳол тушунмади.— Тинчгина ўтириб томоша қил, ана, кўряпсанми?
— У сенинг отанг, деб айтдинг-ку ўзинг.
— Ҳа, албатта, у сенинг отанг. Аммо гапирмай ўтир, бошқаларга халал берма.
Қаердан ҳам шу гапни айта қолди? Нега энди? Балким шунчаки, ўша дақиқаларда ўйламасдан, тасодифан, эҳтимол, ҳаяжон аралаш эрини хотирлаб шундай қилгандир. Бу тентак бола эса бунга ишониб ўтирибди: номаълум ва кутилмаган қувончдан саросимага тушиб, гўё жангчи отаси билан учрашгандай фахрланиб, унга меҳр қўйиб, ўзида йўқ қувониб ўтирибди. Ҳақиқий ота шунақа бўлади-да! Бу қаҳрамон — унинг отаси, ҳа, айни ўзгинаси! Баъзи болалар уни отаси йўқ деб масхара қилишар эди. Энди улар унинг отасини кўриб қўйишсин, майли, чўпонлар ҳам кўришсин! Бу чўпонлар қишин-ёзин тоғу тошларда кезиб юриб, болаларни ҳам дуруст танимай кетганлар. Аввалбек қўйларни қирқим пункти ҳовлисига ҳайдаб киритишга ёрдамлашар, чўпон итлари талашиб уришиб қолишса, уларни ҳайдаб юборар, чўпонлар эса турли хил саволларни ёғдиравериб болани жон-ҳолига қўйишмас эди. Ҳар қайси чўпон, улар оламда нечтаки бўлса, ҳаммаси ҳам, албатта, шундай савол беришарди.
— Балли, балли, азамат, исминг нима?
— Аввалбек.
— Кимнинг ўғлисан?
— Тўхтасиннинг ўғлиман!
Чўпонлар гап ким ҳақида кетаётганлигини дарҳол англаб етишмасди.
— Тўхтасинни? — эгардан энгашганча улар қайта суриштира бошлашарди. — Шошма-шошма, бу қайси Тўхтасин?
— Мен Тўхтасиннинг ўғли бўламан,— дерди бола яна қатъий равишда.
Онаси шундай амр этганди унга, ожиз бўлиб қолган бувиси ҳам, отангни исмини унута кўрмагин яна, деб унинг қулоғини чўзиб, адабини берарди. Жуда баджаҳл эди…
— Ҳа-а, тўхта, тўхта, э, сен ҳалиги почта телефонида ишлайдиган жувоннинг ўғлимасмисан, шундай эмасми-а?
— Йўқ, мен Тўхтасиннинг ўғлиман! — давом этарди у яна ўз сўзида қатъий туриб. Шунда чўпонлар гап ким ҳақида бораётганлигини фаҳмлай бошлардилар.
— Дарвоқе, сен Тўхтасиннинг ўғлисан! Баракалла, ўғлим! Шунчаки биз сени кўрмоқчи бўлдик. Кўнглингга олма, йигит, йил бўйи тирикчилигимиз тоғда ўтади, сизлар эса бу ерда ўсиб-унаяпсизлар, бола-чақаларни ҳам танимай қоляпмиз.
Энди улар узоқ вақт унинг отасини ўзаро хотирлаб юрадилар. У фронтга жуда ёш кетган эди, шу боисдан ҳам кўпчилик уни яхши эслай олмасди. Ҳалиям, хайриятки, ундан ёдгорлик қолибди. Қанчалаб йигитлар фронтга бўйдоқ ҳолда кетганди, энди уларнинг номи фарзандларида абадийлаштирилмай қолди!
Мана энди онаси болага: «Кўряпсанми, буниси сенинг отанг» деб қулоғига шивирлаган лаҳзалардан бошлаб экрандаги жангчи унинг отаси бўлиб қолди. Бола уни беихтиёр ўз отасидай ҳис этиб, қалбига муҳрлаб олганди. Жангчи, чиндан ҳам, нимаси биландир отасининг армияда тушган суратига, пилоткадаги ёш аскарга жуда-жуда ўхшаб кетарди. Улар бу суратни кейинчалик катталаштириб, рамкага солиб осиб қўйишади…
Шу дамда Аввалбек отасига меҳрибон ўғил нигоҳи билан назар ташларди; унинг нозик қалбини ҳали бошидан кечмаган аллақандай қайноқ, муқаддас бир туйғу, болаларга хос меҳр ва қувонч чулғаб олган эди. Отаси экранда гўё ўзини ўғли кузатиб турганлигини сезгандай, гўё ўзининг кинодаги бир лаҳзалик ҳаётини, ўтган урушда қаҳрамонлик кўрсатган жангчини умр бўйи эслаб қолишини ва у билан мангу фахрланиб юришни истаётгандек эди. Шу дақиқалардан бошлаб уруш болакай учун томоша майдонидан ҳақиқий уруш майдонига айланди, одамларнинг ўққа учиб қулашлари ҳам унинг учун кулгули бўлмай қолди. Уруш қизигандан-қизиб, тобора даҳшатли тус олиб борарди. Бола эса энг яқин кишиси учун, эндигина топган қадрдон кишиси учун биринчи бор қўрқиш ҳиссини туймоқда эди.
Киноаппарат чархи шириллаб айланар, уруш эса давом этарди, Олдинда ҳужумга ўтган танклар кўзга ташланди. Улар ғилдираклари билан ерни тилкалаб, даҳшат солиб, милларини бурганча йўл-йўлакай ўқ узиб боришарди. Бизнинг артиллериячиларимиз эса шу пайт ҳолдан тойиб, қурол-аслаҳаларини юқорига судраб чиқай деб қолган эдилар. «Тезроқ, тезроқ бўлинг, отажон! Танклар келяпти, танклар!» дея отасини шоширарди бола. Ниҳоят улар тўпларни тепаликка чиқариб олгач, ёнғоч буталари орасига жойлашиб, танкларга қарши ўқ ёғдира бошладилар. Танклар ҳам уларга қарши ўт очди. Улар кўпчилик эди. Даҳшатдан боланинг юраги ҳаприқиб кетди.
Гўё отаси билан бирга унинг ўзи ҳам олатасир отишмалар ичида юргандай туюларди. Аввалбек танклар қоп-қора тутун ичида ёнаётганда ғилдиракларидан занжирлари отилиб чиқиб кетганда ва рақиблар бир-бирига ўчакишиб даҳшат, адоват билан калла қилаётганларида, онасининг тиззасидан сакраб туриб кетарди. Бизнинг жангчиларимиз замбараклар ёнида ўққа учиб қулаётганларида у жим бўлиб, кесакдек қотиб қолди. Улар энди дам сайин камайиб бораётган эди. Онаси юм-юм йиғларди, унинг юзи қизиб, кўз ёшларидан жиққа ҳўл бўлиб кетган эди.
Киноаппарат бир маромда тириллаб, лентани ямлаб ютар, жанг эса давом этиб, қизигандан-қизиб борар эди. Танклар тобора яқинлашиб келарди. Отаси тўп ўрнатилган станокка энгашиб, дала телефони трубкасига жон-жаҳди билан бақирганча ниманидир айтаётган эди, бироқ суронли отишмалар ичида бирон нарсани илғаб олиш мумкин эмас эди. Мана, жангчилардан яна бири замбарак ёнига қулаб тушди: у инграганча туришга ҳаракат қилиб кўрди, бироқ туртиниб яна йиқилди. Унинг қонидан ер қорайиб қолди. Ниҳоят, улардан икки киши — отаси ва бир жангчи қолди, холос. Улар яна бир бор, сўнгра қаторасига икки бор ўқ уздилар. Аммо танклар ёпирилиб келарди. Мана, замбаракнинг ёнгинасида яна бир снаряд ёрилди. Чақин ва зулмат. Бу гал ердан фақат бир киши, Аввалбекнинг отаси бош кўтарди, холос. У гандираклаганича яна замбарак сари ташланди. Ўзи ўқлаб, ўзи мўлжалга олди. Бу — у отган сўнгги ўқ эди.
Яна экранни портлаш манзараси қоплаб олди. Бу сафарги чийиллаб учиб келган снаряд отасининг замбарагини бир чеккага улоқтириб ташлади. Бироқ ҳали унинг ўзи тирик эди. У гарангсиб, ётган еридан аранг туриб, куйиб, илма-тешик бўлиб кетган уст-бошда, қўлида гранатаси билан яқинлашиб қелаётган танкка қарши чиқди. У ҳеч нарсани кўрмас ва эшитмасди. Ниҳоят, сўнгги кучини тўплади.
— Тўхта, ўтиш мумкин эмас! — деди у ва гранатани отишга ҳозирлаб, қўлини кўтарганча, алам ва нафрат аралаш афтини буруштириб, бир лаҳза туриб қолди.
Она ўғлининг қўлини шу даража сиқиб ушлаган эдики, сал бўлмаса у инграб юборай дерди. Шунда Аввалбек онаси қўлидан ситилиб чиқиб, отасига ташланмоқчи бўлган ҳам эдики, танк пулемётидан ўқ ёғдира бошлади, отаси эса кесилган дарахт сингари қулаб тушди. У ерда ағнаганча туришга ҳаракат қилди ва қўлларини кенг ёзиб, яна чалқанчасига йиқилиб тушди…
Киноаппарат бирдан жимиб қолди, уруш тўхтади. Фильмнинг биринчи қисми тугаган эди. Киночи лентани жойлаштириш учун чироқни ёқди.
Қочарда чироқ ёқилиши билан ҳамма кўзларини қисиб, киприкларини пирпиратиб кино оламидан, уруш даҳшатларидан холи бўлиб, яна одатдаги ўз ҳолатларига қайтдилар. Шу пайт бола юнг солинган қоп устидан сирғалиб тушиб, қувончи ичига сиғмай:
— Болалар, бу менинг отам! Кўряпсизларми? Менинг отамни ўлдиришди!!! — дея қичқира бошлади.
Ҳеч ким буни кутмаган ва нима содир бўлганини ҳеч ким англаб етмаганди. Аввалбек эса тантанали овозда қичқирганча биринчи қаторда, экран қаршисида ўтирган тенгқур дўстлари сари чопиб борарди, уларнинг фикрини билиш бола учун жудажуда муҳим эди. Қочарда аллақандай ноқулай бир жимжитлик ҳукм сурарди. Илгари ўз отасини бирон марта ҳам кўрмаган бу мурғак бола қалбидаги беҳуда, алдамчи қувонч мазмуни ҳали одамлар қалбига етиб борганча йўқ эди. Ҳеч ким ҳеч нарсани тушунмасди, ҳамма саросимада, елка қисиб сукут сақларди. Киномеханик лента солинган тунука қутичани қўлидан тушириб юборди. У икки паллага бўлиниб, жаранглаганча ғилдираб кетди. Бироқ бунга ҳам ҳеч ким эътибор қилмади, киномеханикнинг ўзи ҳам уни ердан кўтариб олишга ошиқмасди. Ҳалок бўлган жангчининг ўғли эса ҳамон ўзиникидан қолмасди:
— Ўзларинг кўрдиларинг-ку, у менинг отам!… Уни ўлдиришди!—дер эди бола одамлар қанчалик сукут сақлаб турганини кўриб, шунчалик ҳовлиққанча, ҳаяжонланган ҳолда. Нега улар Аввалбек сингари унинг отаси учун қувониб фахрланмайдилар?!
Катталардан кимдир норози овозда:
— Ҳе, тентак бола, бундай гапни зинҳор гапира кўрма! — деди.
Аммо бошқаси унга эътироз билдирди:
— Нега ахир? Унинг отаси урушда ҳалок бўлгани ёлғонми?
Шунда қўшнининг ўғилчаси, дабдурустдан унга бор ҳақиқатни айтишга жазм қилди:
— Э, бу сенинг отанг эмас. Нега мунча қичқирасан? Сенинг отанг эмас, у артист-ку, ишонмасанг анави киномеханик амакидан сўраб кўр.
Катталар болакайни унинг қайғули ва ажойиб хом хаёлидан маҳрум этишни исташмади. Улар киномеханик воқеа қандай содир бўлган бўлса, ҳаммасини бемалол айтиб беришига умид қилишарди. Ҳаммалари унга ўгирилиб қарашди. Бироқ у иш билан жуда банд одамдай, аппаратга тикилганча кўзини узмай турарди.
— Йўқ, у менинг отам бўлади, менинг отам! — дея тинчимасди бола бечора.
— Қайсиси сенинг отанг? — дея яна баҳслаша бошлади ҳалиги қўшнининг ўғли.
— У танкни ўққа тутди-ку! Наҳотки сен уни кўрмаган бўлсанг? У мана бундай қилиб йиқилиб тушди-ку!..
Бола ўзини ерга отиб, отаси қай тарзда йиқилганлигини думалаб кўрсатди. У қўлларини кенг ёзганча экран қаршисида ётиб олди.
Томошабинлар беихтиёр кулиб юборишди. Бола эса кулмасди, ўлганга ўхшаб чўзилиб ётарди. Яна ноқулай вазият юзага келганди.
— Бу нимаси, қаёққа қараяпсан, Жиянгул? — деди кекса бир чўпон аёл. Ва ҳамма беихтиёр Жиянгулнинг кўзларида ёш, қайғу-алам аралаш, мотамсаро жиддий қиёфада боласи томон бораётганини пайқади.
У болани ердан кўтариб олди.
— Юр, болам, юрақол. У сенинг отанг, — деди Жиянгул оҳистагина шивирлаб ва ўзи билан бирга болани қочардан олиб чиқиб кетди.
Ой кўкка бўй чўзган эди. Тиниқ мовий тун қаърида тоғ чўққилари оқариб кўринарди, пастда эса гирдоб сингари бепоён даштлик ястаниб ётарди…
Фақат эндигина, ҳаётида биринчи бор бола жудолик дардини қалбдан тушуниб етганди. Уни ногаҳон урушда ҳалок бўлган отанинг чидаб бўлмас ғам-андуҳи чулғаб олган эди. У бирдан онасини қучиб, аламдан дод солиб йиғлагиси келди ва онасининг ҳам ўзига қўшилиб йиғлашига умидланди. Бироқ она ўзини бардам тутиб турарди. Бола ҳам муштчаларини қаттиқ қисиб, кўз ёшларини ичига ютган ҳолда йиғидан тинди.
Худди мана шу дақиқаларда аллақачонлар урушда ҳалок бўлган ота боланинг қалбидан мангу жой олди, аммо буни боланинг ўзи ҳам билмас эди.
Асил Рашидов таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 1-сон