Бранислав Нушич. Мансабда кўтарилиш (ҳикоя)

Бу воқеанинг юз берганига анча бўлган. Ҳали темир йўллар экинзорларимизни кесиб ўтиб, пайҳон қилмаган, ҳамёнимизни ўпирмаган, ризқимизни қирқмаган бахтли замонлар эди. Ўша пайтларда ҳамма бошлиқлар оталар каби ғамхўр, адвокатлар жиноий ишларнинг судга ошмаслиги учун жанжалкашларни яраштиришга ҳаракат қилар, руҳонийлар эса ҳамёнларидаги бор пулларини муҳтожларни қўллаб-қувватлаш учун сарфлардилар.

Айни пайтда бирор-бир амалдорнинг Белградга сафарга чиқиши жуда қийин эди. Чунки манзилга етиш учун от аравада икки-уч кун тинимсиз юришга тўғри келар, йўл харажатини икки-уч ойлик маош базўр қопларди. Шу сабабли кимда-ким Белградга бормоқчи бўлса, йил бошидаёқ: “Худо хоҳласа, шу йили Белградга бораман”, – деб хотини-ю дўстларини хабардор қилар, сўнг ҳар ой маошидан беш дукат[1]дан ажратар, йўлга чиқиш учун бошлиғидан ярим йил олдин рухсат сўрарди.

Кимдир сафарга отлангудек бўлса, бундан шаҳардагиларнинг бари хабардор бўлар эди. Агар Белградга бормоқчи бўлган кишининг қораси кўча бошида кўриниб қолгудек бўлса, ҳамма унин: “Сиз Белградга бориб келмоқчи экансиз-а?”, “Қачон йўлга чиқасиз?” – дея сўроққа тутарди. Баъзилар бир ой, баъзилар ярим ой олдин Белградда яшайдиган қариндошларига саломи, бошқалари хати, қолганлари эса жўнатмаларини етказишни илтимос қилар эди.

Амалдорнинг сафарга чиқиши дабдабали тадбирга айланар ва ўша куни унинг дўстлари ва таниш-билишлари кузатиш учун шаҳар чеккасига йиғилардилар.

Ҳа-ҳа, қачонлардир, узоқ-узоқ ўтмишда шундай бўлар эди.

Шундай бахтли кунларнинг бирида шаҳардаги нуфузли бир амалдор, кимсан, вазир билан шахсан танишлиги бўлган жаноби Стоян:

– Худо хоҳласа, шу йил таътилда Белградга бориб келаман, – деб хотини Перса хонимга мақтанди. Айтилган гап – отилган ўқ. Бу хабар яшин тезлигида қўшнилар, улардан эса бошқа қўшнилар, хуллас, бутун шаҳар аҳолисига тарқалди.

Шаҳардагиларнинг ўзаро суҳбати турли-туман мавзуларда бўлса-да, лекин гап айланиб-айланиб охири жаноб Стояннинг сафарига бориб тақаларди. Дўстининг дўконида қаҳва ичаман деб турган киши ичкарига кириши биланоқ, суҳбат яна:

– Эшитдингми? Одамларнинг айтишига қараганда, Стоян Белградга борармиш, – деган савол билан бошланарди.

Ҳатто шаҳардаги кўп амалдорларнинг суҳбатлари мавзуси ҳам Стояннинг Белградга ҳақида бўларди.

Жаноб бошлиқ хотинига сафарга чиқиши ҳақида айтган куни ишга вақтлироқ келиб, қаҳва буюради, тирноқларини олади, папирос найчасини тозалайди-да, сўнг: “Ишни бошласамми, бошламасамми?” деб ўйлаб ўтирганида хонага ёрдамчиси кириб келиб:

– Кунингиз хайрли бўлсин, жаноб Стоян, – дея салом беради. Сўнг: – Жаноб бошлиқ, шаҳарда ҳар хил гаплар юрибди. Наҳотки, шу рост бўлса? – деб суриштиради ҳаяжонланиб.

– Нима гап, жаноб Лаза?

– Ҳеч нарса бўлгани йўқ… Сиз ҳақиқатан ҳам Белградга бормоқчимисиз?

– Ҳа-ҳа, шундай, – чўзиб жавоб беради жаноб бошлиқ, – ҳа, Белградга отланаяпман, жаноб Лаза. Ахир анчадан бери у ерда бўлмаганман. Белградда деярли қиладиган ишларим ҳам йўқ, шунчаки вазир жаноблари билан кўришмоқчиман; кейин у ердаги қариндошларимдан хабар олмоқчиман, ундан ташқари уйга ҳам баъзи нарсаларни сотиб олишим керак.

– Ҳа, ҳа, жаноб бошлиқ, бориб келишингиз керак.

Муҳим хабарни қўлга киритган ёрдамчи хонасига қайтиб, бошлиғи сингари тирноқларини олади, папирос найчасини тозалайди, қаҳва буюради ва ручкани сиёҳдонга ботириб, энди ишни бошлайман деб турган пайтида хонага сездирмай котиб кириб келади.

– Кунингиз хайрли бўлсин, ёрдамчи жаноблари.

– Келинг, жаноб Сима, хуш кўрдик!

– Ёрдамчи жаноблари, ҳурматли бошлиқнинг Белградга боришлари ростми? – қизиқувчанлик билан суриштиради котиб.

– Ҳа, борадилар. Биз улар билан ҳозир бу ҳақда сўзлашдик, – ўзини катта олиб жавоб беради ёрдамчи.

– Ҳа, ҳа, боришлари керак, албатта! – деб хушомадгўйлик билан гапни маъқуллайди котиб ва ўз хонасига чиқиб кетади. Энди жаноб котиб ҳам ўз хонасида раҳбарлари қилган иш билан шуғуллана бошлайди. У бир ҳўплам қаҳвани ичишга ҳам улгура олмай турган пайтида хонага қўлтиғида бир даста қоғоз кўтариб, мирза кириб келади.

– Келинг, жаноб Пера. Қандай қоғозлар олиб келяпсиз?

– Ҳа, шунчаки, унчалик шошилинч бўлмаган қоғозлар, – жавоб беради жаноб Пера. –Кейинчалик кўрилса ҳам бўлади. Ҳа, майли, мен бошқа сафар кирарман.

– Яхши, яхши… кейинроқ кирарсиз.

– Лекин… рухсатингиз билан, сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим… Жаноб бошлиқнинг Белградга боришлари ростми?

– Рост, жаноб Пера! Ёрдамчи жаноблари ҳозиргина менга шу ҳақда айтди. Жаноби бошлиқ ҳақиқатан Белградга отланаяптилар.

Мирза жаноблари қўлтиғидаги қоғозлари билан ўз хонасига қайтиб, анча вақт ўйланиб ўтиради. У чуқур хаёлга чўмиб кетганидан қўлидаги сигаретаси тутаб бўлганини сезмайди ҳам. Фақат бармоқлари куя бошлаганида ўзига келиб, эшик олдида турган амалиётчи Сретани кўради.

– Жаноб Срета, менда ишингиз борми?– сўрайди мирза.

– Ўзим, шунчаки. Менга бирор-бир топшириғингиз борми, деб кирган эдим.

– Ҳа, ҳа, топшириқлар бўлади… Сизни ўзим чақираман.

– Хўп, яхши, – жавоб беради Срета ва эшик томон йўл олиб, остонадан ҳатлайди-да, сўнг тўхтаб қолади.

– Хўш, яна бирор гапингиз борми?

– Агар мумкин бўлса…

– Майли, гапиринг.

Срета эшикни ёпади-да, мирзанинг столи ёнига бориб дейди:

– Одамларнинг айтишларига қараганда, бошлиқ жаноблари Белградга борармиш.

– Хўш, нима бўпти?

– Шу гап ростми деб сўрамоқчи эдим холос.

– Рост-рост, жаноби Срета.

– Раҳмат, катта раҳмат, безовта қилганим учун узр.

Срета керакли маълумотга эга бўлгач, хонасига кайтади-да, ўз навбатида бу гаплардан қўриқчиларни хабардор қилади.

Ўша кеча амалиётчи Срета ўз хонасида қаҳва қайнатар экан: “Э, худойим-эй, бошлиқ жаноблари Белградга бориб, шахсан вазир жанобларининг ўзлари билан учрашади. У қандай бахтли инсон-а! Унинг пуллари кўп, таътилга чиқади, дам олади… Унга қандай яхши… Э, худойим-эй, қани энди бошлиқ вазир жанобларига мен ҳақимда ҳам бир сўз очиб кўрсалар эди”, дея ширин хаёлга чўмади Срета.

Шу пайт қаҳва қайнаб жезвадан[2] тошиб кетай дейди. Срета қаҳвани тез-тез аралаштиради-да, идишни оловдан олади, сўнг қопқоғини ёпиб, бир неча дақиқа қуйқаси тинишини пойлайди. Сўнг стол ёнига ўтириб, бошини чангаллайди.

“Ўттиз йилдан бери амалиётчи бўлиб ишлайман. Шунча йилдан бери менга бирор марта ҳам танбеҳ берилган эмас. Шунинг учун мансабим кўтарилса ҳам бўлар эди. Ахир мен бошқалардан яхшироқ ишлайман-ку! Қилган меҳнатларим учун менга неча-неча маротаба миннатдорчилик билдиришган. Жаноби бошлиқ ҳатто мени ҳамманинг олдида энг виждонли ходим деб мақтаган эди-ку”.

Срета совиб қолган қаҳваси ёдига тушгунга қадар шундай хаёллар билан ўтиради.

Эртаси куни Срета тунов куни кўчириб олган ҳужжатларини солиштириш учун мирза ҳузурига киради. Иккаласи ҳужжатларни ўқийдилар, солиштирадилар, тўғрилайдилар ва ниҳоят ишни якунига етказадилар. Иш битганидан сўнг, жаноб Срета кеча кечқурун ўйлаган режасидан сўз очади.

– Жаноб Пера, рухсат берсангиз, мен сиздан бир нарса сўрасам?

Мирза ўриндиққа суяниб, зимдан Сретага тикилади.

– Нима ҳақда?

– Сиздан ўтиниб сўрайман, фақат тўғрисини айтинг, менинг хизматларим сизни қониқтирадими? Мен виждонан ва ҳалол ишлаяпманми ё йўқми?

– Жаноб Срета, мен сизнинг хизматингиздан мамнунман.

– Яхши. Ундай бўлса, бутун умр амалиётчи бўлиб ишлашим адолатданми?!

– Адолатдан эмас, албатта. Лекин, биласизми, тақдир…

– Йўқ, тақдир эмас, балки ҳамма гап вазиятда ва омаднинг келишида. Ҳар ким қулай вазият юзага келишини кутиши лозим. Ўйлашимча, ҳозирги вазиятдан яхшиси йўқ.

– Тушунмадим?

– Ахир жаноби бошлиқ Белградга отланаяптилар-ку. У ерда эса вазир жаноблари билан учрашадилар, шундайми?

– Шундай.

– Ана, кўрдингизми… Қани энди, сиз менга бир яхшилик қилсангиз эди…

– Мен-а? Сиз учун нима қилишим мумкин? – ҳайрон бўлиб сўрайди мирза.

– Агар хоҳласангиз, кўп нарса қила олган бўлардингиз. Жаноб котиб олдида мен ҳақимда сўз очиб кўрсангиз эди.

Мирза бир дақиқа ўйланиб қолади-да, сўнг маъқуллаб бошини силкитиб қўяди.

– Жаноб Срета, сиз ҳақингизда, албатта, айтаман. Ахир аллақачон сизнинг хизмат даражангиз кўтарилиши керак эди. Мен шу тобнинг ўзидаёқ у киши билан сўзлашаман. Сизга худди ўзимдек ғамхўрлик қиламан, бунга амин бўлаверинг.

Срета миннатдорчилик билан мирзанинг қўлини қисиб қўяди-да, хонасига чиқиб кетади. Мирза эса дарҳол котибнинг ҳузурига йўл олади.

Срета ўзидан мамнун ва шод кайфиятда хонасига қайтиб кетган вақтда, мирза котиб билан суҳбатлашаётган эди.

– Жаноб котиб, мен сиздан бир нарсани илтимос қилсам.

– Марҳамат, нима экан?

– Шунчаки, бир иш. Сиз менга ёрдам беришни хоҳласангиз бас. Сизга ишонаман, бу иш қўлингиздан келади.

– Агар қўлимдан келса, марҳамат, бажонидил ёрдам бераман.

– Жаноби бошлиқ Белградга борадиган бўлсалар, – сўзини давом эттиради мирза. – У ерда жаноби вазир билан учрашиб, гап орасида ўз ходимлари ҳақида гапиришлари табиий.

– Албатта, албатта, – унинг гапини маъқуллайди котиб.

– Шунинг учун… сиз мен ҳақимда уларга бирор нарса дея олмайсизми? Ахир олти йилдан буён ўз жойимда ўтирибман, ўйлашимча, мансабим кўтарилса ёмон бўлмайди. Ахир номимга сира доғ тушмаган бўлса…

– Ҳақиқатан ҳам, доғ тушмаган, – шошиб унинг гапини маъқуллайди котиб. – Илтимосингиз масаласига келадиган бўлсам, сиз тўғри ўйлабсиз. Ҳақиқатан ҳам, жаноби бошлиқнинг шу сафарида бу масала кўтарилиши аниқ. Қаранг, бундай гаплар менинг хаёлимга сира ҳам келмабди. Бироқ мен… жаноби бошлиқ билан бу ҳақда гаплаша олмайман!

– Йўқ, мен бундай демоқчи эмасман, сиз ёрдамчи жаноблари билан гаплашиб кўрсангиз…

– Ҳа-ҳа, ёрдамчи жаноблари билан гаплашсам бўлади. Майли, айтаман.

– Ўтиниб сўрайман, эътиборсиз қолдирманг.

– Хўп, хотиржам бўлинг, – дея котиб мирзанинг қўлини қаттиқ қисиб қўяди.

– Қўлимда ёрдамчи қўл қўйиши керак бўлган бир неча ҳужжат бор. Хавотирланманг, шу баҳонада ҳозир унинг олдига кираман-да, бу масалани кўтараман. – Шу гаплар билан ёрдамчи ҳужжатларни қўлига олиб, ўрнидан туради.

– Чин қалбимдан миннатдорман.

Мирза яхши кайфиятда, мамнунлик билан ўз хонасига кетади. Котиб эса ҳужжатларни кўтарганича ёрдамчи ҳузурига йўл олади.

– Имзо қўйилиши лозим бўлган ҳужжатларми? – сўрайди ундан, қўлига ручка олиш хоҳиши йўқ экани юзида яққол кўриниб турган ёрдамчи.

– Ҳа, бир-иккита қоғоз бор, лекин унча шошилинч эмас, бир оз туриб турса ҳам бўлади.

– Майли, бошқа ҳужжатлар тайёр бўлгунига қадар сизда тура қолсин.

– Кейинроқ олиб кирарман. Ҳозир эса сиздан бир масалада илтимос қилмоқчи эдим. Сизда хоҳиш бўлса бас, уни уддалашингизга кўзим етади.

– Бу қандай илтимос экан? – қизиқувчанлик билан сўрайди жаноби ёрдамчи.

– Илтимосим шуки, сиз жаноби бошлиқ билан мен ҳақимда гаплашиб кўрсангиз. Ахир улар Белградга отланаяптилар, у ерда эса вазир жаноблари билан учрашадилар ва сўзлашадилар. Ахир мен аллақачон ёрдамчи лавозимига кўтарилишим кераклигини ўзингиз ҳам яхши биласиз.

– Бироқ… – гапини бошлаб қолади ёрдамчи.

– Фақат мени тўғри тушунинг, – шошилиб қўшиб қўяди котиб. – Мен сизнинг ўрнингизни эгаллашни ўйлаётганим йўқ. Бундан Худонинг ўзи асрасин! Ахир мен бошқа округга ўтишим мумкин-ку. Ахир округлар кўп-ку.

– Ҳа-ҳа, сиз тўғри айтяпсиз, – маъқуллайди ёрдамчи ва шу пайт унинг юзи бирдан ёришиб кетади. – Ҳақиқатдан ҳам, сиз юқорироқ лавозимда ишлашингиз керак. Ахир сиз инсофли, қобилиятли ва тиришқоқ одамсиз, – дейди-да, сўнг ваъда беради: – Майли, жаноби котиб, мен албатта бошлиқ жаноблари билан гаплашиб кўраман. Нега айтмас эканман, айтаман? Жаноби бошлиқ Белградга борадилар, у ерда вазир жаноблари билан сўзлашадилар ва сиз ҳақингизда ҳам оғиз очишлари мумкин. Сиз ғамхўрлик қилишга муносиб одамсиз.

– Катта раҳмат, сиздан ниҳоятда миннатдорман… Мен ҳақимда жуда яхши фикрда экансиз. Сиз менинг валинеъматимсиз.

– Бош устига, жаноб Сима. Ахир бунга жуда лойиқсиз. – Шу гаплардан сўнг ёрдамчи ўрнидан туриб, бошлиқнинг хонасига йўл олади.

– Келинг, келинг, жаноб Лаза. Ўтиринг, бир оз суҳбатлашиб оламиз, – очиқ чеҳра билан кутиб олади уни жаноби бошлиқ.

– Мен ҳузурингизга бир илтимос билан келган эдим.

– Келинг, қани, нима экан, жаноби Лаза?

– Хўш… нима десам экан?.. Миямга бир фикр келди. Ахир сиз Белградга бориб, вазир жаноблари билан учрашасиз. Шунда сиз… мен ҳақимда ҳам бир оғиз фикр билдирсангиз, дегандим. Ўйлашимча, менга бирор округга раҳбарлик қилишни топширсалар адолатдан бўлар эди. Ахир бутун умр ёрдамчи лавозимида ишлаб юрмайман-ку. Ўн бир йилдан буён шу лавозимдалигимдан хабарингиз бор. Назаримда, сиз ёрдамчи лавозимида унчалик кўп ишламагансиз, округ бошлиғи лавозимига ўтишни кўп кутмагансиз…

– Тўғри, – бефарқлик билан жавоб беради жаноби бошлиқ. – Мен атиги етти йил ёрдамчи лавозимида ишлаган эдим.

– Мана, кўрдингизми, сиз шу лавозимда етти йил ишлабсиз, мен эса мана – ўн бир йил…

– Ҳа-ҳа, биламан, сиз анчадан буён кўтарилишни кутиб юрибсиз.

– Шунинг учун қулай вазият келиб қолса, мен ҳақимда ҳам бир оғиз…

– Майли!

– Имкони туғилиб қолса, албатта…

– Яхши, жаноб Лаза, мен албатта ҳаракат қиламан! Жаноб вазир билан нега сиз ҳақингизда гаплашмас эканман? Гаплашаман.

Кунлар ўтиб, бошлиқнинг Белградга жўнаш фурсати етиб келади. Сафардан икки кун аввал жаноб бошлиқ ҳар бир хонадон ва дўконга хайрлашгани киради. Кўпчилик кузатишга чиқиши ҳақида айтиб қолади.

Сафар куни эрталаб девонхона олдида отлар қўшилган от арава туради, қўриқловчилар сомон солиб, гиламлар ёзадилар, ёстиқларни уриб-уриб қаппайтирадилар. Девонхона рўпарасидаги қозиққа эгарланган икки от боғлиқ (чунки қўриқчилар уларни миниб жаноби бошлиқни анча ергача кузатишлари керак); унинг олдида эса дўстлари йиғилиб туришади. Бошқа одамлар бошлиқни кузатиш учун файтонларда қовоқхона томон томон йўл оладилар.

Ниҳоят шаҳар чеккасидаги қовоқхона олдига жаноб бошлиқнинг файтони етиб келади. У аравадан тушади, шу ерда бўлганларнинг бари билан бир чашка қаҳва ичади, сўнг хайрлашиш вақти келади.

Жаноб бошлиқ йўлга чиқишдан олдин жаноб ёрдамчининг қўлини қисиб, унинг қулоғига:

– Илтимосингизни унутганим йўқ,– дея пичирлайди.

Ёрдамчи котибни четга олиб унинг қулоғига:

– Гапингиз ёдимдан чиққани йўқ, деди! – дея шипшийди.

Ўз навбатида котиб мирзани четга тортиб, унинг қулоғига :

– Жаноби бошлиқ сизнинг илтимосингизни унутмайман, дебдилар! – дейди.

Мирза амалиётчи Сретани четга олиб, унинг қулоғига:

– Жаноби бошлиқ илтимосингизни унутмайман, дебдилар! – дея пичирлайди.

Бошлиқнинг араваси кўчани чангитиб йўлга тушади, Срета эса ўзида йўқ хурсанд, мамнун, яқин орада хизмат мансаби бир поғона кўтарилишига умидвор бўлиб, шаҳарга яёв йўл олади.

Бошлиқнинг кетган кунидан бир кун, икки кун, уч кун… бир ҳафта, икки ҳафта ўтади. Ниҳоят ажойиб кунлардан бирида бошлиқ номидан Перса хонимга:

“Мансабда яна бир поғона кўтарилдим. Бу ҳақда дўстларим ва ходимларимга хабар бериб қўй” мазмунидаги телеграмма келади.

Перса хоним бу хабарни шу куннинг ўзидаёқ барча идораларга етказади, бутун шаҳарга ёяди.

Телеграммага бир ҳафта ҳам бўлмай бошлиқнинг қайтиши ҳақида хабар келади. Жаноби бошлиқнинг кутиб олиниши ҳам худди кетаётганидек бўлади: руҳоний ўз аравасида, ғазначи хотини билан бошқа аравада, ёрдамчи, котиб ва мирза бир аравада, қўриқчилар отларини минган ҳолда, амалиётчи Срета эса аввалгидек пиёда шаҳар чеккасига йўл оладилар.

Жаноби бошлиқнинг от араваси етиб келади. У Перса хоним ва бошқалар билан оғиз-бурун ўпишади, ўзининг мансабда янада кўтарилиши муносабати билан дўстлар ва амалдорларнинг табрикларини қабул қилади. Сўнг ёрдамчини четга тортиб, унинг қулоғига:

– Мен вазир жанобларига сиз ҳақингизда гапирдим, у киши айтганларимни ёзиб олдилар, – дейди.

Ёрдамчи бошлиққа миннатдорлигини билдиради-да, сўнг котибнинг қўлини қисиб, қулоғига:

– Жаноби бошлиқ сиз ҳақингизда вазирга айтибдилар, у киши бошлиқнинг айтганларини ёзиб олибдилар, – дейди.

Котиб ёрдамчига ўз миннатдорлигини билдиради-да, сўнг мирзани четга тортиб, унинг қулоғига:

– Жаноби бошлиқ сиз ҳақингизда вазирга гапирибдилар, у киши бошлиқнинг айтганларини ёзиб олибдилар, – дейди.

Мирза ёрдамчига ўз миннатдорлигини билдиради-да, сўнг амалиётчи Сретани четга тортиб, унинг қулоғига:

– Жаноби бошлиқ сиз ҳақингизда вазирга оғиз очибдилар, у киши бошлиқнинг айтганларини ёзиб олибдилар, – дейди.

Срета бўйин қисиб, валинеъматига миннатдорлик билдиради, шу заҳоти унинг кўзларига ёш келади.

“Фурсатни бой бермай, ўз вақтида қулай вазиятдан фойдаланиб, тўғри қилган эканман”, деган ширин ўйлар билан шаҳарга яёв йўлга тушади.

Рус тилидан Муҳсин Ғаниев таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 10-сон

_________________

[1] Дукат – XII асрдан аввал Италияда, кейинроқ Европанинг бир қанча давлатларида амал қилган пул бирлиги.

[2] Жезва – қаҳва тайёрлаш учун мўлжалланган мисдан ясалган чўмичсимон идиш.