Акмат билан қизи тонг-саҳардан йўлга ҳозирлик кўра бошлашди. Улар шаҳарга боришмоқчи. Акмат аввалига унамади: «Бир марта бўлса ҳам кўрмаган бўлсам, уят-да…» Буни эшитиб хотинининг авзойи бузилди:
– Касал-пасал эмасмисан?! Нимадан уяласан, бегона одамнинг боласини етаклаб боряпсанми? Ойжонни ҳалиги ётоқхонага жойлаштиргин-да, изингга қайтавер. Бошқалар шаҳарни кўролмай юрса-ю…
Ниҳоят, Акмат кўнди. «Отасининг гўри, – деди ўзига-ўзи, – бунинг қистови билан шаҳарни ҳам кўриб келаман. Нимасидан чўчийман, ўрис тилида нон сўрашни ҳам биламан». Тайёргарлик узоқ чўзилди. Хотини пулни қайси чўнтакка солиш ва уни қандай асраб-авайлаш ҳақида кўп гапирди: «Кулиб қараганлардан эҳтиёт бўл, авраб туриб, шипириб кетишмасин. Бозорга кирсанг, оғзингни очиб анграйма. Четдан келганларни дарров билиб олишади, деб эшитганман. Лўлиларга яқинлашма!..» Унинг гапларига индамай қулоқ тутиб турган Акмат ўзича ғудраниб қўйди: «Қизим деб куярмиш, қизи тўғрисида ўйлаб ҳам кўргани йўқ, худди отаси пулдан ўлгандай…»
Шундай қилиб, улар жўнашди. Акматнинг қўлида катта қора жомадон.
Уйидан кўп ҳам узоқлашмай қўшниси Қурманга йўлиқишди. У билса ҳам, ўзини билмасликка солиб, гап қотди:
– Эй, тонг-саҳардан қаерга отландинглар?
– Минг билан боряпман, Куке, – деди Акмат унинг саволини эшитмагандай, – отасининг гўри, ўзинг биласан-ку!..
– Минг билан дейдими? – деди Қурман ўзига-ўзи. – Эй, минг деганинг нимаси?
– Нима бўлиши мумкин! – деди Акмат яхши кайфиятда, – Ҳаммангиз биласиз, лекин… – Яна такрорлади. – Минг билан боряпман!..
Қизи юрмайсанми, дегандай отасига қаради. Акмат жомадонни кўтариб, йўлга тушди. Қурман Акматнинг гапларига бироздан кейин тушунди-да, уни кузата туриб: «Афанди деса!..» – деб кулиб юборди.
Акмат бироз юргач, ўзи билан бирга ишлайдиган Карипга дуч келди. Қочиб кетсамми, деб ўйлади-ю, юзи чидамади. У яқинлашиб қолганида жилмайиб:
– Қочиб кетяпман, бригадирга айтма, – деди.
– Қаерга? – деди Карип хавотирланиб.
– Шаҳарга! – Қўли билан қизини кўрсатди. – Ўқишга.
– Аа-ай, ота! – Карип норози бўлиб қўлини силтади. – Далани бир ўзим суғорар эканман-да. Ўзини ёлғиз юборсанг, бўри емаса керак?
Акмат хафа бўлди. Карипнинг ўрнига ишлаб қолган кунлари кўп бўлган. Ўшанда ҳам индамаган, бригадирга ҳам оғиз очмаган. Бу эса… Акмат ўшаларнинг ҳаммасини айтаман деб йўлидан тўхтади, лекин тағин жаҳлини чиқариб юбормай деган андишага бор.
– Ҳеч қанақа ер қолгани йўқ, – деди жовдираб, – анови ерни суғоришга ҳали барвақт, қайтишим билан кечасими, кундузими, суғориб қўяман. – Сўнгра бироз ўйланиб турди. – Ўзини юборсам ҳам бўларди, ўрис тилини мендан яхшироқ билади. Бироқ… – бир оз овозини пасайтирди, – минг билан юборсак, бир нима бўлмасин деб…
– Минг билан?!
– Ҳа-да! – деди Акмат қувончини яширмай. – Минг билан боряпман, отасининг гўри!..
Карип тушунмади. У индамай турди-да, «бўпти» дегандай, тушкун ҳолатда ўз йўлига кетди. Гапини тўлиқ тушунтира олмагани учун Акматнинг таъби тирриқ бўлди.
– Учрагандан суюнчи олаверасанми? – деди қизи норози бўлиб.
– Нима?
– Минг билан боряпман! Минг билан боряпман, дейсан!
– Айтсам, нима бўпти?
– Уят-да!
– Нимаси уят! – Акмат аччиқланди. – Ўғирлаб олган бўлмасам. Ўзимнинг пулим. Кигиз, суғориш… – деб қизига ўгирилди, – тағин уч юз қўшганида бўлармиди?
– Нима учун?
– Етмайдими, дейман-да.
– Нега етмайди? Менга кераги йўқ. – Қизининг қовоғи уюлди. – Ўзинглар қўймай…
– Сен бир илож қилиб ўтиб кетсанг, бўлди, – деди Акмат қизини юпатиб. Хотинидан аччиқланди. – Яна уч юз қўш деса, отаси пулдан ўлгандай, шунинг ўзи етади деди! – Яна юмшади. – Пул ўлсин, топилади!.. Сен эплаб ўтиб кетсанг…
Отасига қараб қизнинг раҳми келди, негадир ичи ачишди. Иккиси индамай йўлда давом этишди.
Йўл ёқасига келишди. Бу ерда кўк дўкон бор. Машиналар дўкон олдида кўп тўхтайди. Шунинг учун кўпчилик шу ерда машина кутади. Ҳеч ким йўқ экан. «Яхши бўлди, шаҳарга ёруғда етарканмиз», – деб ўйлади Акмат суюниб. Шу пайт нариги томонда Асқар пайдо бўлди. Кийимлари кир, қўлида ёмон халта.
– Қаерга боряпсиз? – деди у гуноҳкордай кулимсираб.
– Шаҳарга! – дея жавоб берди Акмат ёқинқирамай.
– Ўқишгами?
– Ҳа.
– Қайси ўқишга? – Қизга тикилди. У жавоб бермади.
– Сўтликка! – деди Акмат ранжиб. – Ҳозир қизларнинг ҳам сўт бўлгиси келади. Шунинг учун мелисада икки йил юрди-да, ҳалигини чиқиллатиб.
Қизи унга норози бўлиб қараб, минғирлади: «Чиқиллатиб… чиқиллатиб…» Акмат қизининг ўқийман деганига қарши бўлмади. Аксинча, қувонди: «Ўқиб олсин! Бўлмаса, хор бўлади, бунинг устига, бирорта арақхўрга тушиб қолса… Ўғил болага нима, кетмон чопиб бўлса ҳам, бир кунини кўради. Мен ҳам кетмон билан ўлмай юрибман-ку! Лекин нега бунчалик сўтликка бораман деб…»
Акмат қизи ўнинчини битириши биланоқ тушунтирганди: «Сўтликни нима қиласан! Ундан кўра, муаллим бўл, хотинларга шу ярашади. Ана, Айтқулнинг қизини кўр, кечагина келиб, бугун директор бўлиб, савлат тўкиб юрибди… Сўтлик нима, турган-битгани – ёмонлик!..» «Ёмонлик! Бир нима бўлса, дарров ёмонлик. Нима ёмонлик қиляпти?!» – деганди қизи йиғламсираб. Акматнинг жони ачишганди: «Ҳой, сенингча, одамни қамаш яхшиликми?» «Қамалгиси келмаса, гуноҳ қилишмасин!» – дея қизи унинг оғзини ёпганди. У айтганида туриб олиб, икки йил давомида судда машинистка бўлиб ишлади. Буни эслаган чоғида Акматнинг тили тутилади, қизим элнинг қаҳрига қолмасин, деб чўчийди. Унингча, ҳамма судя билан милицияни ёмон кўрадигандай эди. Шунинг учун қизи тўғрисида сўраганларга: «Юрибди-да, ҳалигини чиқиллатиб», – дерди кайфияти тушиб…
– Бизни сўт қилар экан-да! – деди Асқар ўзича хулоса чиқариб.
– Ия! – Акмат сакраб тушди. – Нимага сўт қилади, жинни бўлдингми?
– Мен шунчаки… – Асқар гуноҳкордай ерга қаради.
– А-а… – гапни бошқа томонга бурди, – бугун ҳам ўша ерда тунадингми?
– Йўқ! – деди Асқар чўчиб, қўлидаги халтани кўрсатиб… – Мен буни…
– Сени биламан… Уялсанг бўларди… Ишласанг бўлмайдими? Ёшсан. Сенга нима етишмайди? Уйинг бор, хотининг бор, болаларинг ўйнаб юрибди. Арақ нима? Эҳ!.. – Қўлини силтади.
Асқар индамай кулиб тураверди.
– Ота, автобус! – деди қизи шошилиб.
Акмат яхши қол дегандай, Асқарга қараб қўйди-да, қизи турган томонга юрди.
– Яхши боринглар! Ўтиб кетсин!..
Акмат ортига ўгирилди:
– Нима дейсан?
– Ўқишга ўтиб олсин дейман. Яна… қизингиз… – деди Асқар аланглаб. Қўрққанини яширмоқчи бўлиб кулди. – Яхши сўт бўлсин…
Акмат Асқар томон юрди. «Бир нимадан умидвор бўляпти». Асқар кетмоқчи бўлди. Акмат унга яқинлашиб:
– Ҳозир кутиб тур! – деди-да, дўконга кириб кетди.
Автобус келиб тўхтади. Қизи дўконга югуриб кирди-да, навбатда турган отасига:
– Ота, автобус?.. – деди.
– Ия?! – Акмат шошилди. Югуриб чиқмоқчи бўлди-ю, ёдига нимадир тушиб, тўхтаб, қўлини силтади. – Майли, кейингиси билан… Машина…
Қизи тўлиқиб чиқиб кетди. Бироздан кейин Акмат ҳам дўкондан чиқиб, Асқарга шиша узатди:
– Ма, ичгин, бу қариндошингнинг тортиғи.
– Оо-ой, оға, жимгина…
– Ола бер… Берганда, жон дегин…
– Вино…
– Нима винодан бошқасини ичмайсанми?
– Йўқ-йўқ! – деди Асқар шошиб. – Вино олсангиз ҳам бўларди, дейман-да…
– Бу тоза-да! Ма, энди ол.
Асқарга тутқазди. Унинг қўли қалтираб кетди.
– Оғиз тегизиб кетинг, оға. – деди у.
– Йўқ, ўзинг ич! Атайлаб сенга… – Акмат тўхтади. – Майли, отасининг гўри, яхшилик бўлсин. – Шишанинг қопқоғини очиб, ичиб, бошини чайқаб қўйди-да, Асқарга узатди. – Ма, қолганини ўзинг ич.
Асқар нима дейишини билмай кулди.
– Бор! – деди Акмат. – Бор энди, бундоқ одамга ўхшаб ичгин. Уйингга бориб ичиб, дамингни ол. Ёт…
Асқар маъқул дегандай, бош ирғади. Акмат қизи томонга юрди.
– Қолиб кетдик-ку! – деди қизи.
– Майли, тағин келади-да.
– Арақ ичиб олиб… – Қизи йиғламсираб минғирлади.
– Ким?!
– Сен-да!
– Менми? Мен озгина оғиз тегиздим, холос, бир қошиқ ҳам келмайди. Кўнгли оғриб қолмасин деб…
– Нега кўнгли оғрийди? Ўзинг олиб бериб, яна…
– Кўнгли оғримасин, одам-да!
– Одам?!.. – Қизи жирканиб юзини буриштирди.
Акмат ранжиди:
– Сенинг одамларинг қимлар ўзи?! Ҳалигиларми?
– Қайсилар?
– Карип билан ҳалиги… – Талмовсиради. – Яхши бор дейишгани ҳам йўқ. Бу эса…
– Айтади-да! – Қизи масхараомуз кулди. – Ичкиси келиб турса!
Акмат чидай олмасдан қичқириб юборди:
– Сен қаердан биласан ичгиси келиб турганини! Қаердан?!
Қизи индамади, унинг гапини ёқтирмагандай нари кетди. Акмат ўйланиб қолди. Асқарни эслади. Ёмон бола эмас, саломини канда қилмайди. Лекин ичади, йиқилиб қолгунча ичади. Эҳ!.. Умидвор бўлса, бўлгандир, нима бўпти! Ҳалигилар-чи? Қайтадан кўнгли кўтарилди. Қизининг ёнига келди.
– У халтани нима қилади?
– Ўтказади-да!
– Халтаними?
– Шишани! Шалдиратиб кўтариб юрибди-ку!
– А-а… У нима ҳам бўларди дейсан, йигирматага ҳам етмайдиганга ўхшайди. Ўн тийиндан бўлса… – деб ичида ҳисоблай бошлади.
– Ўн иккидан! – деди қизи ғаши келиб.
– Нима?
– Шиша. Ўн икки тийин туради.
– Ўн иккими? Мен доим ўн тийиндан ўтказаман. Ҳалиги қуда келгандаги…
– Сендан уриб қолишган-да!
– Эҳ, итлар-эй! – Акмат дўкончилардан аччиқланди. Кизига қараб, ўзи-ўзига гапирди. – Энанг билан сен билмаган палакат йўқ!.. – Тағин дўкончиларнинг қилмишидан жаҳли чиқди. – Эҳ, итлар! Мендан уриб қолишгани рост. Қанчадан-қанча шиша топширдим. – Топширганлари ўн икки тийиндан бўлса, қанча бўлишини ҳисоблаб кўрди. – Шунинг учун айтаман-да, хотин қолганини қаерга йўқотдинг, деб беҳуда безилламаган экан! Қараса…
Бировнинг овози унинг хаёлини бузиб юборди.
– Э, қайси амалдор экан десам, сен экансан-да? Кийинсанг, нақ министрнинг ўзи бўларкансан. – Асан салом-алик қилмасдан гап бошлади. Кайфи борга ўхшайди.
Акмат ўнғайсизланди:
– Киймай қўяқолай десам, ҳалиги…
– Кийсанг нима бўлибди?! – деди Асан жовдираб. – Киявер, отасининг гўри, ўзингникими…
Акмат унинг сўзини бўлди:
– Қаерда?! – деди у баттар ўнғайсизланиб. – Қудадан кийганман.
Асан қаттиқ кулди:
– Ия, қуда берганни кийсанг, ўзингники бўлмай қоладими?
Акмат жавоб бера олмай каловланди. Қизи отасининг гапидан хафа бўлди: «Қудадан кийдим, қудадан кийдим… Бутун элга ёймаса бўлмайди, шекилли!»
– Шундай қилиб, жўнаяпман дегин, – деди Асан ниманидир айтмоқчи бўлгандай.
– Ҳа, боряпман. – Акмат айтсамми, айтмасамми, дегандай қизига қараб олди-да, – минг билан боряпман, – деди ниҳоят.
– Мингни қўйсанг-чи! – деди Асан бир нимани эслаб. – Анови ёмон хотин олиб…
– Ким?
– Ақил-чи? Иккинчи ўғлим. Хотин оламан дейди, олсанг, олавер дедим.
– Нима қилар экан?
Асан овозини пасайтирди:
– Хотинни нима қиларди, хотин қилади-да!
– Биламан… – деди Акмат ўнғайсизланиб. – Ҳозир ёшлигида ўқиб олса…
– Тўйдим ўшанинг ўқишига! Ёши йигирмада-ю, биринчи синфнинг ҳисоб-китобини ҳам билмайди.
– Йўғ-э?
– Ит бўлайин! Бир куни менинг кўз олдимда ҳисобни чиқара олмади, мактабда нимани ўқидинг десам: «Бизнинг даврда бундай эмасди, буни пропессор ҳам аранг чиқаради», дейди. Кеча эса… – Жаҳли чиқди. – Икковимиз ўн саккиз кило шакар қанча бўлишини билмай, тортишдик. У йигирма бир сўм деб айтади, мен бир сўмдан бўлса, зўрға ўн саккиз сўм бўлади, йигирма бирни қаердан олдинг, дедим. Шакарнинг килоси етмиш саккиз тийин эмасми…
– Кейин чиқардими?
– Ҳисоблаб ётиб чиқарди… Шундай экан, ўқиб кимни бой қиларди, ундан кўра, эски тракторни тариллатиб юра берсин-да, тўғрими?
Акмат кулиб бош ирғади.
– Шундай қилиб, боряпман дегин. – деди Асан қайтадан. – Тўйга қатнашмай кетар экансан-да.
– Кейин… Мен бўлмасам ҳам, хотиним бор-ку. Унинг оғзи тегса…
– Сеники бошқа-да. Иккимизни эркак дейишади!..
Индамай жим қолишди.
– Қўй, ундай бўлса, кетайин, – деди Асан, – озгина пул излаб чиққандим. Ҳеч кимда йўқ экан. Дўкончиларда ҳам… Сенда… – Ялтоқланди.
– Менда қаердан ҳам бўлсин?
– Биламан. Бирор иложи бўлганида…
Акмат атрофга қараб олди, қизи йўлнинг нариги томонида турганини кўриб, Асаннинг енгидан тортди:
– Юр…
Иккови дўконнинг ортига ўтишди. Акмат чўнтагидан пул чиқариб, Асанга узатди:
– Эллик сўм. Етадими?
Асан қувониб кетди:
– Қўй! Уят-да! Ўзингиз йўлда қолиб кетмайсизми?
– Етади. Бу томонимда бир юзу эллик бор. Мен гулайт қилармидим. – Асанни ўзига тортиб, ички чўнтагини кўрсатди. – Бу ёқда минг бор!
– Минг деганинг нима?
– Пул. Минг билан боряпман дедим-ку. Отасининг гўри, эплаб ўтиб кетса… Пул нима?! Ма, ол…
Асан олди-да, бошини чайқади. Суюнди. Тағин жим қолишди.
– Қўй, бўлмайди! – деди Асан шошилиб. – Бўлмайди! – Хуржундан бўш шишани суғуриб олди. – Оғиз тегизиб кетмасанг, бўлмайди, яхшиликка-да. – Хуржунни қайтадан ағдара бошлади. – Боя грузовойдан биттасини солиб қўйгандай бўлгандим… А-а, топдим.
– Бўлмайди-да, йўл юраман…
– Йўқ десанг, ярмини ол. Маза қиласан. Кун ҳам салқин.
Акмат стакандаги арақнинг ярмини ичди. Қолганини Асаннинг ўзи ичиб, шишани хуржунга солди-да, отига минди.
– Энди кетайин. Яхшилигингни… Ўлгунча… Унутмайман.
– Э, қўйгин… – Акмат қўлини силтади.
– Келишинг билан қайтараман. Сўзсиз. Зориқиб турганимда, ҳиммат қилдинг.
Асан анчагача ўзи-ўзига гапириб борди. Акмат қизининг ёнига келди.
– Иккита автобус ўтиб кетди! – деди қизи ранжиб.
– Иккитами? Тўхтатмадингми?
– Тўхтатмадингми? Ўзи ётиб олади-ю… – деди қизи йиғламсираб.
– Майли. Машина тўлиб ўтяпти. – Акмат кулиб қизини чалғитди. – Ҳалиги Ақил хотин олса, ҳаммаси бошидан бошланади, хотин эмас, ўтин олади.
– Қайси Ақил? – деди қизи қовоғини солиб. – Ҳалиги дарс билмаган аҳмоқми?
– Аҳмоқ! Аҳмоқ! Дарсни билмаган одам аҳмоқ бўлиб қоладими?
– Бўлмаса, нима?
– Сенинг аҳмоқ эмасларинг нимани қойил қилишяпти? Ҳалиги Карипнинг боласими, катта ўқишда зўр ўқийди деб мақтайсизлар, ўзини осмонда сезиб, салом ҳам бермайди… Бу эса парвона бўлиб, оғалаб, саломини узмай…
– Салом берса, ақллими?
– Унда ким ақлли?! – Акмат қизини гапиргани қўймади. – Бурни кўтарилганларни бошимга ураманми… Мана, Шоурукни қарагин.
– Шоурук… – Қизи масхараомуз кулди.
– Бизнинг овулда биргина ўшанинг ордени бор. У қаерда ўқибди. Ҳеч нимани билмай қолганида, муаллим: «Миянг қаерда сенинг, миянг қаерда!» деб бақирса, «Миям чийнинг тагида қолиб кетибди, эртага олиб келаман, мулла ака», дебди. Ҳозир, қарагин, кўксида орден, ҳамма яхши кўради… Нима, у аҳмоқ бўлса, эл яхши кўрадими, ҳукумат орден берадими?! Аҳмоқ деб!.. – Ғижиниб қўлини силтади.
Қизи норози бўлиб, нарироқ кетди-ю, кўп ўтмай ўзича пиқиллаб кула бошлади. «Миям чийнинг тагида қолибди», деди ичида. Акматнинг ёдига нимадир тушиб, қизининг ёнига келди-да, кулиб:
– Қўрқмай қўя қол, минг тугал. Эллик нима?! Зориқиб турганда…
Қизи гумонсираб қараб қўйди.
Акмат кўзини олиб қочиб, нари-бери юра бошлади. Ўзини бироз босиб олди. Қизидан тағин аччиқланди: «Қаердан ўрганиб олганини билмайман, бир нима бўлса, дарров аҳмоқ деб туради. Шундан кейин ҳам у қандай қилиб сўт бўлсин?! Худо ақл бермаса, нима қилиш керак?!» Бирданига юқори томондан бир отлиқ кўринди. Акмат бир чўчиб тушиб, унга тикилиб қолди. «Ўша, – деди кўзини узмай, – ўша, энангни!.. Етказган экан-да! – У атрофга қаради, кўзига хожатхона чалинди. Уни чамалаб қадам ташлади. – Кетмай туриб олса, нима қиламан, кечгача ўтиравераманми? Йўқ…» Ортига бурилди. Чиндан ҳам бригадир экан. У яқинлашиб қолганида, Акмат тағин сўкинди: «Энангни!.. Аллақачон етказишган!.. Энди бу бошлайди!» Бригадир кулиб келаверди:
– Пўрим кийиниб… Бу ким бўлди экан, деб ҳайрон бўлдим. Бундай қарасам, ўқишга отланган Акмат экан. Ҳалигача кетолмадингларми?
– Автобус йўқ. – Акмат кўнглидагини айтди. Кейин пичирлади. – Ҳозир бошлайди!..
– Борганга яраша, ўтиб келинглар… – Бригадир индамай бир оз турди. – Шошиб турибман. Карипни кўрдингми, сув бошида ҳам, уйида ҳам йўқ. Уйига борсам, сувга кетган дейишди…
– Боя далага бораётган эди.
– Шеригинг у ерда йўқ. – Бошини чайқади. – Ер ёниб боряпти.
– Меники…
– Сеникини биламан, – деди бригадир унинг сўзини бўлиб. – Аллақачон битказиб қўйгандирсан. Сенга ишониб, ерингга қараганим йўқ…
– Ҳа! – Акмат суюниб кетди. – Ҳалиги… – Қайта ўзини ўнглаб олди. – Ўзини юборсам бўларди, лекин минг билан… – деди гуноҳкордай бошини эгиб.
– Бола дегани шу! – деди бригадир унинг гапига унчалик ҳам эътибор бермай. – Бир жойда тутиб туролмайсан!.. – Отининг бошини бурди. – Қўябер, осонгина ўтиб келинглар, тағин қора жомадонни кўтариб, қайтиб келма… – Бироз нарига бориб қичқирди. – Акмат, бозорлик дегани бўлади, унутма. Пишеничный деганлари у ерда оқиб ётади дейишади…
– У нима?
Бригадир эшитмади шекилли, индамай отини чоптириб кетди.
– Пишеничнийи нима? – деди Акмат қизига.
Қизи ғазабланди:
– Арақ!
– Э, яраси енгил экан. – Акмат кулди.
Севинди. «Ҳеч гап эмас экан. Эсли-да!» Карипни ўйлаб, ўзини айблай бошлади. «Бояқишни жўнгина жўнатибман!..»
Ҳаяжонланиб у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Бирданига эсига суғорилмай қолган ери тушди. «Ҳозир бўлмайди. Суғоришга ҳали эрта…» деди ўзини овутиб. Бироқ бу фикр миясидан чиқ- май қолди, ўзини шунчалик яқин тутган бригадир ҳам кўз олдига келди. Энди тинчсизлана бошлади. Унутгиси келди. Аксига олиб, машина ҳам ўтмайди. Ёш боладай қувонган Асанни эслади. Нима қиларини билмади. Нари-бери юрди… Қизининг ёнига келди.
– Машина ўтмайдиганга ўхшайди, – деди ниҳоят. Бир оз индамай турди. – Эрталаб кетсак қандай бўларкин? Эртага йўлга барвақт чиқамиз…
– Эртагами? – Қизининг жаҳли чиқди. – Кечикаман-да! – Йиғламсиради. – Ҳар куни эртага!
– Нега кечикасан, ҳали вақт кўп. Машина ўтмаяпти, бунинг устига пешин бўлиб қолди. – Қизи индамагани учун нима де-йишини билмай қийналди. Тағин ялингандай: – Бунинг устига, бригадир ҳам уришиб…
– Қачон уришди! – деди қизи қичқириб. – Яхши боринглар деб, кулиб кетди-ку!..
– Ҳамма эшитганинг тўғри! – деди пичирлаб. Қизига ўгирилди: – Сенинг олдингда сўкиниши керакмиди?.. Ер ёниб кетяпти деди, шу етарли эмасми?.. – Жомадонни олди. – Кел, қайтайлик… – Уйи томонга қадам ташлади.
– Кўринган билан арақ ичиб!..
Қизи йиғламсираб унинг ортидан эргашди. Акмат билиб-билмаганга олди. Бироз енгил тортди. «Бугун туни билан қолган ерни суғориб, эрта билан жўнаб кетавераман… Йўқ, Асанникига боришим керак. Кетиб қолганимда бошқа гап эди, кетмагандан кейин… Соат ўнгача уникида бўламан, кейин тун бўйи экин суғораман. Саҳарлаб йўлга чиқамиз. Уйқу нима? Бир кун ухламаса, худо урмайди!..» Акматнинг кўнгли ёришди.
– Ана, ҳалиги? – деди қизи аччиқланиб.
– Ҳалиги! Ким?
– Пиянистанг! Асқар-чи?
– Қани?
– Ана.
Қизи қўли билан кўрсатди. Акмат ўша томонга қаради. Ҳеч ким йўқ.
– Қаңи?
– Келаётганди. Яширинганга ўхшайди… Қочиб кетди.
– Қочиб? Кимдан?
– Сендан-да!
– Менданми? – Акмат чинакамига ажабланди. – Нега? Мен мелисамидим?
– Билмайман! Ҳалиги ёмон халтасини кўтариб келаётганди. Бизни кўриши билан…
– Одам экан-да!.. – деди Акмат суюниб.
– Одам?
– Қизиқ, нега қочади? – Қизининг сўзига эътибор бермай кулди. Сўнг гапга тушди: – Ҳой, у мелисадан қочмайди. – Қаттиқ кулди. – Мелиса уни нима қилади, жарима тўлашга тангаси ҳам бўлмаса…
Қизининг жаҳли чиқди:
– Ўзи-чи?
– Ким?
– Мелисанг!..
– Ии?..
– Ўзи ҳам маст бўлиб юради-ку…
– Қачон?
– Ҳар кун. Кеча ҳам маст бўлиб хотинини қувиб юрганди…
– Маст бўлса ҳам, уни мелиса дейишади! – Акмат қизининг жиғига тегди. – У ҳеч кимдан қўрқмайди!..
– Қўрқмаса, ичиб юраверадими?
Акмат жавоб топа олмай қолди. Бир оздан сўнг деди:
– Ичса ҳам, ўша керак бўлди-ку. Сен учун югуриб, началнигига айтиб, ишга жойлаб…
– Ўзим ҳам жойлашардим!..
– Жаҳлимни чиқарма! – Акматнинг феъли бузилди. – Яхшиликни билиш керак!..
Қизи индамади. Чиндан ҳам Акматнинг қизини мелиса ишга жойлаштирган. Хотини: «Кўп бўлса, икки шиша арақдир. Бориб айт, шимингни ечиб олмайди-ку!» – деб ҳар куни тинмай жавраб Акматни кўндирганди. Борса, у маъқуллади. «Мелисанинг қўлидан ҳам яхшилик келар экан!» – деб Акмат суюниб қайтганди. Энди қизи бунинг ҳаммасини унутиб!.. У қизига қараб, бошини чайқаб қўйди. Ўзини босди, қизи кўзига аянчли аҳволда кўринди.
– Сен яхши мелиса бўл, – деди кулиб, – ичмайдиган…
– Мен мелиса бўлмайман!
– Унда ким бўласан? Шуни деб икки йил юрдинг-ку, чи- қиллатиб…
– Бир нима бўлса, дарров чиқиллатиб!.. Мен терговчи бў- ламан.
– Ҳаммаси бир! – деди Акмат қизишиб. – Иккови ҳам одам қамайди!..
Қизи жаҳлланиб қўлини силтади. Акмат уни енггани учун қувониб кулди-да, ўзича гапира бошлади:
– Авваллари мелисани билмасдик, онда-сонда кўрсак, қўрқиб кетардик. Ҳозир… Йўл бўйида гаимиз деб учтаси ўтиради қимирламай. Кўпайди. Нима, эл шунчалик бузилиб кетдими? – Қизига қаради, у жавоб бермади. Ўзига-ўзи деди: – Эл қайдан ҳам бузилсин ҳозир, мелисалар яна кўпайса керак. Хотинлар ҳам… – қизига қараб қўйди.
Уйларига яқин келишди. Қаердандир келаётган хотини уларни кўриб, турган жойида қотиб қолди.
– Ана, мелиса! – деди Акмат.
– Қани?! – Қизи чўчиб тушди.
Акмат кулиб, хотинини кўрсатди. Қизи ҳам кулиб юборди. Иккисининг баравар кулаётганини кўриб, хотини баттар анграйди. Яқин келиши билан Акмат унинг оғзини очирмай, гапира бошлади:
– Қўрқма! Эртага жўнайлик дедик. Машина йўқ… Автобуснинг бирортаси ҳам бўш эмас, тиқилинч. Минг жойида. Эллик нима?! Беради-да, бермаса… Етади! Нима мен гулайт қилгани бораётганим йўқ-ку…
Акмат гапираверди. Отасининг ёлғонни қалаштираётгани- ни кўриб, қизининг манглайи тиришди. Хотини ҳеч нарса тушунмай, ҳанг-манг бўлди…
…Акмат ёлғон гапира олмайди.
Қирғиз тилидан Авлиёхон Эшон таржимаси