Бесо Хведелидзе. Қарғиш (ҳикоя)

— Сиз Тартало ҳақида эшитмаганмисиз? Йўқ? Ҳай, майли, шунақасиям бўп туради. Бу кўргиликлар унинг бошига қачон тушганини эслолмаяпман. Кейинги пайтларда хотирам ёмонлашиб кетяпти.
Хуллас, ёз кунлари эди.   Тартало урушга борадиган бўп қолди. Уруш –  уруш-да! Тарталони биров у ёққа оёқ-қўлини боғлаб судрагани йўқ. Ўшанда ватанпарварлик, фидойилик урфга кирган пайтлар эди. Лекин, Тарталони  ўтакетган миллатсевар, ватанпарвар деб ҳам бўлмасди. Мақсад пул эди, вассалом.
Урушга отланишдан аввал таниш-билишлар, ёр-дўстлар, қўни-қўшниларни йиғди, базм уюштирди, дастурхон ёзди. Ўйин-кулги бўлди. Ватан шарафига қадаҳлар тўқиштирилди. Ўзиям шароб дегани ариқдай оқди. Тартало тушмагур меҳмонларни жўнатиб бўлгач… Ишқилиб, бўлар иш бўлди-да,
Хуллас, Тартало ота-боболар васиятини адо этиб бўлгач, саҳаргача уйқуни урди. Саҳарда юк машинасининг кузовидан жой олиб, уфқ тарафга қараб йўлга тушди. Хотини эрининг қораси ўчгунча ивиб кетган дастрўмолини силкитиб турди. Эрини нималар кутаётганидан бехабар аёли уйига келиб, хўп йиғлади. Теварак-атрофдагилар, Тартало ҳам бошқаларга ўхшаб, бир-икки ҳафтада чўнтаги пулга тўлиб қайтиб келса керак, деган фикрда эдилар. Лекин тўққиз ойгача, хотинининг кўзи ёригунча  ундан ном-нишон бўлмади. Хотиниям жа уддабурон аёл эди. Уй ишларини саранжомлаб, далада ҳам бутун хўжаликни шу юритарди. Қўлидан ҳар бало келарди.
…Тартало урушда балиқчилик қилар, ошиғи олчи эди. Қанақасига дейсизми? Мана қаранг, жангчиларга озиқ-овқат керакми? Керак! Қора денгиздан балиқ овлаш учун динамит портлатиш керакми? Албатта-да, бўлмаса, бутун баталльонга балиқ етказиб бўладими?
…Душманлар қувилиб, уруш сал охирлаган пайти қайси гўрдандир экспериза пайдо бўлди-ю, қизиқ нарсалар юзага  чиқиб қолди. Тартало тутиб келган балиқлар қонун-қоидага кўра, денгизга дафн этилган жангчиларнинг жасади билан озиқлангани учун оддий аскардан тортиб, то командиргача ҳамма бир бошдан заҳарланибди. Ким билсин яна бошқа бирор сабаби ҳам бўлса керак. Ҳар ҳолда яхши иш бўлмади.
Авахтага тушиши муқаррарлигини англаб, Тарталонинг ичига ғулғула тушди. Тегирмонга тушса бутун чиқадиган Тартало бунинг ҳам чорасини топди. Йиққан-терганини ичкари чўнтагига уриб, бир нечта  ҳамтовоғи билан, ҳайё ҳуйт Дея  ўзларини ўрмонга урдилар. Энди бирорта мард уларни қидириб  кўрсин-чи? Топади-я!
Янги партизанлар ўрмон оралаб йўл топиб, уй-уйларига кетиш ҳаракатида эдилар. Кун ўтгани сари яшаш қийинлаши борарди. Ўрмонда фақат капалак тутиб еб кун ўтказдилар. Капалак ҳам оч қоринга ширин туюларкан. Тартало беш олтита капалакни паққос туширгач, ўтлоққа юмалаб, осмонга тикилиб, ширин хаёллар суриб кетарди. Хаёлан, кўкка парвоз этар, ўз қишлоғи устидан ҳам учиб ўтарди. Ана осмони фалакдан ўз уйлари кўринди. Хотини овқат тайёрлаш тадоригида. Парвозда маст бўлган Тартало кулимсираганча, ортига қайтарди. Бечора қаердан билсин, қаерданам билсин, вақти келиб…
…Уни ҳиноранг виллисда уйига олиб келишганда, хотинининг ой куни яқин қолганди. Опкелишга-ку, опкелишди-я, аммо, қай ҳолатда денг? Икки қулоғи кар, икки кўзи кўр, чўнтаклари эса, пулга лиқ тўла. Хотини нақ ақлдан озаёзди. Сочларин юлиб фарёд солди. Ахир кўр, кар эри билан энди қандай яшайди? Ўша оқшом аёлни дард тутди. Тарталонинг эса, ҳеч гапдан хабари йўқ эди. Ҳеч нарсани кўролмаса, ҳеч нарсани эшитолмаса, қаерданам хабари бўлсин? Фақат, деразанинг рахига таянганича ўзича минғирлаб ўтирарди:
— Агар мен етти мартадан кўп йўлимдан адашсам, мени кечирармидинг? Агар мен…
Хотини минг бир азоб ичида кўзи ёриди. Ҳаммасига чидади. У ожиза ҳам қурсоғидан қўнғир сочли, олма ёноқли, қўчқордек бир ўғил тушини орзу қилганди-да. Хоҳ ишониг, хоҳ ишонманг, ундан юзини ажин босган, кўриниши саксон ёшли чолни эслатадиган бир қария дунёга келди. Аёл бечора ҳам нима қилсин? Ўзи қорнида тўққиз ой кўтарган фарзанди-да, Кўкрагини қари гўдакка тутди. Гўдак ҳам тамшаниб эмишга тушди ва. Худонинг қудрати билан онанинг кўз олдида ёшара бошлади. Тартало эса, ҳамон ҳеч нарсани кўрмас, эшитмас, дераза олдида ўтирганча бир гапни қайтарарди:
“Агар мен етти мартадан кўп лафзимдан қайтсам мени кечирармидинг? Агар мен етти мартадан…”
Шу пайт яна бир ажойибот юз берди. Аёл тезликда қаримсиқ тусга кира бошлади. Қари гўдак эса, тобор яшариб, куч-қувватга тўларди. Ҳовлида кеч тушган, қуёш тоғларни тепаларни, тоғларни қон рангига бўяётган эди.  Ҳа, нега мунақа қарайсиз? Ишонмаяпсизми?
Хуллас, она сути чақалоқ вужудига тарқалгани сайин унга  қудрат бахш этарди. Бечора она, бир пасда бир ҳовуч устухонга айланди қолди. Қисқа фурсатда бола Тарталонинг урушга кетмасидан аввалги қиёфасига кирди. Она эса, бир пасда қариб-қартайиб, омонатини топширди.
…Вақт ўтиб борар, Тартало эса, дераза олдида ўтирганча, минғирларди:
“Агар мен етти мартадан кўп қоққилсам, мени кечирармидинг? Агар мен етти мартадан кўп хиёнат қилсам кечирармидинг? У ерда, ўрмонда биз етти нафар эмас. Ундан икки ҳисса кўпроқ эдик. Ҳар биримиз, ўт-олов эдик, Бадагнимиздан куч ёғиларди. Аста-секин илгарилаб борардик. Изғирин кузакнинг бизга ҳам, ўрмонга ҳам раҳми келмасди. Душманларимиз биз беркинган жойни билишарди. Баъзан отишмалар ҳам бўп турарди. Қўлдан келганча жавоб қайтарардик. Ҳаммамиз ўрмон бўйлаб кетавердик. Совуқ нақ энамизни кўрсатарди. Капалаклар ҳам учрамай қўйди. Сув-ку, муаммо эмасди. У тарафларда ёмғир кўп ёғади. Бир амаллардик. Ошқозонни фақат сув билан алдардик. Кир-чир, соқолларимиз ўсган ҳолда тупроққа узаниб ухлар, совуқдан ўлмаслик учун бир-биримизнинг пинжимизга тиқилиб тонг оттирардик. Ўша қишлоққа боргунча ўлиб-тирилиб йўл босдик. Бу пайтда бор-йўғи саккиз киши қолгандик. Умидимиз борган сари сўниб борарди. Йўл-йўлакай ўзимни айлантириб сўкардим: Мен аҳмоқ қишлоқда тинч юраверсам бўлмасмиди? Ё бўлмаса, пиёда аскарлар сафида қайтсам нима бўларди? Пулим ҳам етарлича эди. Инсонинг кўзи оч-да, оч. Яна озроқ пул тўплай, яна озроқ, деб шу аҳволга тушиб ўтирибман. Нима бўлди? Мана, балиқдан орттирганим ҳам намда, ёмғирда ивиб, чириб битди. Куз пайти, ўрмонда, бунақа намгарчиликка одам чидолмаяпти-ку, қоғоз чидармиди?
…Бошимизнинг устидан ўқлар визиллаб ўта бошлади. Ажаб бўлди, хўб бўлди! Вақтида кўзинг очилмади, энди кунингни кўрасан.
Хулласи калом, умидсиз кунларнинг бирида биз жарликнинг этагида Члохлар яшайдиган қишлоққа етиб бордик. Уларни уйларидан танидик. Фақат ўшаларгина ана шундай усулда уй қуришади. Ғалати халқ булар — ҳеч вақт бировларнинг ишига тумшуқ суқмайдилар, Уруш бошланганидан бери қўлларига қурол тутишмаган. Ҳеч кимнинг тарафини олишмаган. Ўз кунларини ўзлари кўриб, мол боқиб, сутини ичиб юрган одамлар-да!
Узоқдан кўриб билдикки, қишлоқдаги патрул ходимлари бизга қарши урушаётган тўдадан экан. Аммо, куч-қувватимиз қолмаганди. Бу ерда бироз нафас ростламасак. Ҳолимиз хароб эди. Нима қилишниям билмасдик. Ҳатто қаршилик кўрсатишга етадиган патронимиз қолмаганди. Душманга кўнгилли равишда таслим бўлиш эса, ўлим билан баравар. Бир пайт қарасак, узоқдан маҳаллий члохлардан бири биз тарафга келаётир. Ёши ўтиброқ қолган, юзлари ажинга тўла, соқолли члох бизга раҳми келди. Билсак, қишлоқ оқсоқоли экан. Қош қорайишини кутдик, кейин патрулнинг кўзини шамғалат қилиб, члох бизни қишлоққа олиб кирди. Қарасак, патрулчилар уйқуни уришяпти. Беш ўнта ўқ билан уларнинг масаласини ҳал қилсак бўларди. Оқсосоқл қўймади. Бизни ҳар хил уйларга жойлаштириб чиқди. Бир неча кундан кейин бир иложини топиб, катта йўлгача олиб чиқиб қўйишга ваъда берди….
Члохлар жуда оқкўнгил, меҳрибон одамлар бўлишади. Бизни едириб ичирдилар, ювиб тарадилар, кийимларимимзни янгилаб беришди. Патрул ҳеч нарсадан хабар топмади. Бу ердан эсон-омон катта йўлга чиқиб олсак. Охир-оқибат уй-уйимизга етиб оламиз-да! Лекин, хом-хаёл қилган эканмиз…
Пул нима эканини ўзингиз яхши биласиз. Пул бу обрў-эътибор, куч-қудрат, сайру саёҳат дегани. Пул қимматбаҳо чет эл машиналари, шаҳар марказидаги беш хонали квартира, тоғ ён бағридаги ҳашаматли дала ҳовли дегани. Пул –соғ-саломатлик, гўзаллик, хурсандчилик дегани. Пул, баланд овоз, тик қомат, жаннат ҳавоси, хуллас буларнинг бари бир пайтда мавжуд бўлиши демакдир.
Жа кўп гапирвордимми? Қисқаси, орамиздан кимдир сотқин бўлиб чиқди. Бизни пулга сотди, патрулга хабар етказди… Ҳаммамизни сафга тизиб, ўққа тутдилар. Хоин ана шу пулни деб бизга хиёнат қилди. Патрул ходимлари қувончдан ўзларини қўярга жой топа олмасдилар. Ахир бу улар учун жуда катта мукофот, унвон, юксалиш дегани эди. Пулга сотилган ҳамроҳимизни ҳам обдон сийлаб, чўнтагини пулга тўлдириб, вақтинча яшаб туриши учун члохлар қишлоғига қайтардилар.
Сиз члохларни биласизми? Улар хиёнатни, сотқинликни асло кечира олмайдилар. Ўзгалар тугул ҳатто, ўз одамларини ҳам аямайдилар. Ҳалиги сотқинни бир овлоққа олиб ўтдилар. Аввалига роса калтакладилар. Кейин… Икки қулоғина кар қилишди, икки кўзини ўйиб олишди. Энди на кўради, на эшитади. Лекин, унинг бир тийинига ҳам тегмадилар. Пуллари чўнтагида қолди.  Ўшандан бери у ана шундай яшаб келяпти….
Ҳа, қалай, эндиям ишонмаяпсизми? Ҳар одам ўзидан ўтганини ўзи яхши билади. Менам билганим, эсимда қолган нарсаларнинг деярли ҳаммасини сизга айтиб бердим. Ҳеч нарса эсимдан чиқмади шекилли.
…У кекса одам эди, тамомила кучдан қолган, бечораҳол. Кўзлари ҳам ҳаракатсиз. Рўпарасида ҳеч ким бўлмаса-да, йўқ “тингловчи” билан бош ирғаб хайр-манзур қилган бўлди. Аслида ҳикоя бошланганидан то тугагунча стул бўм-бўш эди. Ҳассасини дўққиллатганча эшик тарафга қараб юрди:
— Агар етти мартадан кўпроқ адашсам, мени кечирармидинг? Агар…
Кимсасиз қишлоқ емакхонасида фақат шу сўзларнинг акс-садоси қолди. Ташқарига эса совуқ этни жунжиктирарди.  

Иқбол Ҳумоюн таржимаси