Шерзод Комил Халил. Оққушлар (ҳикоя)

Бута шаббалари қоплаган ўрмон ичкарисидаги кўл, апрель эпкинида, чакалакзорнинг қуюқ салобатига монанд сокингина жимирларди. Ҳисор водийсидаги бу гадойтопмас гўшага мен, Орнитология институтида илмий ишимни тасдиқлатганимдан сўнг, оққушлар ҳақидаги тадқиқотимни давом эттириш мақсадида келгандим. Ўрмон қоровули Зоҳир чол аввалига мени совуқ ва таҳдидона кутиб олган бўлса-да, РЎХББ* дан менга берилган «Ҳисор ўрмон хўжалигида қушлар ҳақида тадқиқот олиб боришга рухсат берилади» деган тавсияномамга кўз югуртиргач, анча ҳовуридан тушди. Ҳатто: – Истасанг, меникида яшашинг мумкин, – деди.
Бу таклиф менга мойдек ёқиб тушди. Эртасигаёқ, Китоб шаҳар меҳмонхонасидаги лаш-лушларимни олиб, чолникига кўчиб келдим. Чолни яқиндан билганлар ундан кўра соқов афзал дейишарди. Ҳақ гап экан. Биз у билан ҳар куни эрталаб рюкзак ва милтиғимизни елкага осганча, уйдан ўрмон айлангани чиқиб, кечга яқин ҳориб-чориб қайтардик. Зоҳир чол билан кун бўйи бирга бўлсак-да, унинг оғзидан бирор гап олиш қийин эди. У нуқул мунштугини тутатар, саволларимга узуқ-юлуқ жавоб берар, ўзи эса, унча-мунчага бирор гап сўрамасди. Мен унинг оғзига талқон солиб олганини, чолнинг кўп йиллардан буён ёлғиз яшаётганига йўйгандим ва назаримда бу тўғри ҳам эди. Мен оққушлар ҳақида дала тадқиқотлари ўтказиш учун бу ерга келганимни чол билмасди. Негаки, туман ўрмон хўжалиги маъсул вакили мени бу ерга етаклаб келаркан, оққушлар тўғрисидаги тадқиқот ўтказишингизни қоровул чолга айтиб юрманг, озгина оққушлар билан боғлиқ патологияси бор деганди. Мен аввалига маъсул вакилнинг сўзларига эътибор бермаган бўлсамда, лекин нимагадир чолга дабдурустдан оққушлар тўғрисида сўз очишга-да ботинмадим. Шунинг учун у мени нуқул бошқа қушлар яшайдиган жойларга етаклаб борар, ўрмон ичкарисида яшовчи қулоқли уккиларни, тумшуғи билан қарағай новдасини чўқилаётган қизилиштонларни кўрсатар ва мен уларга деярли қизиқиш билдирмасдим. Оқсувдарёнинг сизава суви келиб қуюлувчи кўлни ва унда сузиб юрган оққушларни кўрганда бироқ ўзимни тутиб туролмадим: – Мен бу ерга айнан мана шу оққушлар учун келгандим, — қувончдан порлаб чолга қарадим.
Унинг эса, юзидан азбаройи заҳар томарди. У ичига ботиқ кўзлари билан, оқара бошлаган қалин қошлари, хиёл қора туклари бор соқоли ва худди шундай сочлари орасидан менга шундай қаҳрли қараб турардики, мен каловланиб, сал бўлмаса, ўзимни йўқотиб қўяёздим.
– Нима, қишлоқдаги анови бекорчилар сенга бу ҳақда айтиб бердими? – деганча Тўлқин чол мен томонга хезланиб кела бошлади.
– Нима ҳақида гапираяпсиз, ўлай агар, тушунолмаяпман, – дедим мен, ўзимни имкон қадар хотиржам тутишга уриниб.
– Менинг оққушлар билан боғлиқ кечмишимни айтиб беришдими?.. – унинг овози янада таҳдидлироқ тус олиб, туйқусдан менинг гирибонимдан олди.
Мен ҳеч нарсадан хабарим йўқлигини айтдим. У менинг кўзларимга бир пас тикилиб турди-да, ҳақиқатан ҳам ҳеч вақодан хабардор эмаслигимга кўзи етгач, ёқамдан қўлини олиб, нари кетди. Мен ҳеч нарсани тушунолмай ҳайрон эдим. Чолнинг бақириқли овозидан ҳатто кўлдаги оққушлар ҳам чўчиб учиб кетганди. У мунштугини тутатганча кўл бўйида бориб ўтирди. Рюкзаги ва милтиғини ерга қўйганча, мохорка чекаркан, мен бир пас унга қараб турдимда, чолни ёнида аста чўккаладим. У менга эътибор ҳам қилмасдан кўлга нурсиз бир алфозда боқаркан:
– Мени кечир, – деди. – Мен, мазах қилаяпсан деб ўйлабман.
– Нима бўлган эди ўзи? – дедим мен. – Оққушлар ҳақида гапирганимда бунчалар қизишиб кетдингиз. Мен ростдан ҳеч нарсани тушунмадим.
Тўлқин чол менга синиқ нигоҳ билан қарадида:
– Мен бир иш қилиб қўйганман, – деди. У энди анча хотиржам кўринарди. Менинг саволомуз тикилиб туришим унга малол келди шекилли, кўп куттирмасдан аста-секинлик билан шошилмай гапира бошлади:
– Бу воқеа ёшлик давримда бўлган. Биз, ўрмон этагидаги қишлоқда яшардик. Отам – ўрмончи, онам, мен ва синглим унинг қарамоғида тинчгина умргузаронлик қилиб келардик. Мен улғайиб йигитлар сафига кириб қолгандим. Қишлоқнинг мана-ман деган қизлари кўча-кўйда менга оловли ўғринча нигоҳ ташлашларини сезардим. Отам ўрмончи бўлгани билан топиш-тутиши яхши, ҳар ҳолда қишлоқдаги тўқ оилалардан бири эдик. Отам ўрмонда қоровул ва бунинг устига моҳир овчи бўлгани сабаб, бизникига тез-тез туман катталаридан тортиб, қандайдир узоқ жойлардан келган браканерлар ҳам ташриф буюриб турарди. Негаки, отамнинг рухсатисиз, ўрмонга ҳеч ким йўлолмасди. Ўрмонда ов қилиш учун ўша браканерлардан тортиб, туман катталаригача отамга хушомад қилишарди. Баъзан отам улар билан бирга овга борар, агар ройиш билдирса, мени ҳам қўшиб оларди. Доимо милтиқ отиб юрганим учун, улғайгунимга қадар, қишлоқда овчилик соҳасида отамдан кейин иккинчи киши эдим. Қишлоқ қизлари назаримда менга шунинг учун ҳам ҳавас билан тикилишган бўлса керак. Чунки қизлар ҳамма вақт жасоратли эркакларни ёқтиришади. Лекин ўша қизлар ичида биттаси бор эди. Мен унга кўнглимни ёрганимда, у фақат битта шарт билан рози бўлишлигини билдирган. Эй-й, ўзиям кетиворган сарвқомат қиз эди-да. Мен унақасини сира ҳам кўрмагандим. У Муталбой деган мактаб директорининг қизи эди. Мактабда ўқиб юрган кезларим директорнинг шундай гўзал қизи борлигини сира ҳам кўрмаган эканман. Мен уни кейин, қиз университетга ўқишга кириб, ёзги таътилда қишлоққа қайтиб келганида тасодифан кўриб қолдим. У икки дугонаси билан Оқсувдарё бўйида сайр қилиб юрган экан. Мен елкамга ўн олти калибрли милтиғимни илиб олганча, ўрмондан – овдан қайтиб келаётгандим. Қўлимда бир неча отилган ёввойи ўрдаклар бор эди. Қизлар мени кўриб анграйиб қолишди. Мен уларга эътибор бермасдан ўтиб кетаётгандим. Лекин шу пайт кимдир:
– Овингизни тамоша қилсак бўладими ака, – деб қолди. Бундоқ қарасам, кўзлари қоп-қора, сочлари тақими елкасига тушадиган, қаламқош қиз менга умидвор нигоҳ билан боқиб турарди. Ишонасанми, юрагим бирдан жиз этиб кетди. Бошқа қиз бўлса, нима дейишни ўзим билардиму, лекин, бундай жозибаси ўзига тортадиган мафтункор қизга йўқ дея олишга мен ҳали жуда ёшлик қилардим. Шунинг учун тўхтаб, қизларга ўрдакларни кўрсатдим.
– Қулфиниса, анови ўрдакларни қара, патлари қанчалар чиройли, товланишини айтмайсанми, бечорагина, – деди унга қизлардан бири.
– Эсизгина, нар ўрдак экан, – деди Қулфиниса. Мен унга тикилиб турардим. У менинг таъқиб қилувчи нигоҳларимни илғади шекилли, мени чалғитиш учун:
– Сиз яхши овчи бўлсангиз керак-а?.. – деди. Мен камтарликни йиғиштириб қўйиб:
– Ҳа, мен яқин атрофдаги энг яхши овчиман, – дедим.
Қизлар менга ғалати жилмайиб қўйишди. Қулфиниса бўлса, қошларини чимирганча менга қараб тураркан, тап тортмай:
– Ростдан ҳам яхши овчимисиз?.. – деб сўради. Мен:
– Албатта, – дедим. Қизлардан бири мени ёнимни олиб Қулфинисага:
– Зоҳир ака, ростдан ҳам ажойиб овчи, – деди. Мен унга миннатдорона нигоҳ билан қараб қўйдим. Қулфиниса бўлса майинлик билан:
– Сиз, менга бир масалада ёрдам бера оласизми? – деди. Қиз мени тобора ўзига оҳанграбодек тортиб борарди. Шунинг учун мен унга:
– Сиз учун ҳамма нарсага тайёрман, – деганимни билмай қолибман. Менинг бу шартакилигимдан Қулфинисанинг дугоналаридан бири пиқ этиб кулди. Мен ўзимни бунчалик эшиб юборганимдан бироз хижолат тортдим. Қулфиниса ҳам буни сезди шекилли, кулган дугонасини биқинига менга билдирмасдан аста туртиб қўйди. Лекин мен буни кўриб тургандим. Вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида Қулфинисага:
– Сизга қандай ёрдамим керак?.. – дедим. Қулфиниса бироз хижолат чекиб:
– Сизга кейин айтаман, – деди. Қулфинисанинг бу гапи менинг юрагимга умид ва таскин берарди. Мен қизлар билан хайрлашдим. Ўрдакларимни кўтариб жўнарканман, улар мени ортимдан кулиб қараб қолишди. Мен ўша кундан бошлаб Қулфиниса ҳақида ўйлаб юрдим. Танишларимдан сўраб-суриштириб, уни Муталбой директорнинг қизи эканлигини, қушларни ўрганадиган қандайдир орнитология соҳасида, университетда ўқиётганлигини билиб олдим. Бир ҳафта давомида қизни кўриш илинжида тоқатсизланиб юрдим. Августнинг охирларида ниҳоят мен уни кўришга муваффақ бўлдим. Тўғрироғи, у мени кўргани синглимдан айттириб юборибди. Биз Оқсувдарё бўйида учрашадиган бўлдик. Мен унинг олдида виқорлироқ кўриниш учун, худди ўрмонга кетаётган овчидек, милтиғимни елкамга осиб олган, пешонамга эса, сочимни кўтариб туриши учун оқ лента танғиб олгандим. Қандайдир ўзгача кўринишга ҳаракат қилардим-да. Уни дарё бўйида кутиб турганини кўрарканман, юрагим дук-дук ура бошлади. У менга нимадир айтмоқчи эканлигини билардим. Менинг ҳам унга айтадиган гапим бор эди. Қулфинисага яқинлашарканман, унга кўнгил изҳор қилишимни дилимга тугиб қўйдим. У маъсум бинафша каби очилиб кетган, Оқсувдарё шамоли унинг сочларини ўйнарди. Мени кўриши биланоқ, юзлари қизариб кетди, лекин тезда ўзини қўлга олиб, менга ширин табассум ҳадя қиларкан, мен уни чиндан ҳам қаттиқ севиб қолганлигимни тушундим. Шунинг учун мен у билан сўрашарканман:
– Сизни куттириб қўймадимми, – дедим, юрагим ҳаприқиб. Қулфиниса:
– Йўқ, Зоҳир ака, – деди. – Қайтанга мен сизни безовта қилиб қўйдим.
У сўзларкан, мен унинг ниҳоятда ўзига тортадиган жозибаси олдида оёқ-қўлларимдан мадор кетаётганлигини ҳис қилиб турардим. Тўғриси мен бундай кўйга узоқ бардош беролмасдим. Бунга сабрим етмасди.
– Қулфиниса, – дедим мен. – Менга қандайдир гапингиз борлигини айтгандингиз. Мен шунинг учун бу ерга келдим, қолаверса, менинг ҳам сизга айтадиган айрим гапларим бор. Биласизми, нима десам экан сизга…
У менга жим қараб тураркан, гапларим чалишаётганидан дабдурустдан:
– Зоҳир ака, менга оққуш отиб беринг, – деди. – Сиз ахир яхши овчисиз-ку?.. Мен бундай ғалати истакдан ҳайрон бўлсамда, Қулфинисага:
– Хўп, – дедим. – Оққуш сизга нима учун керак?.. Мен бунақа қушларни ҳеч қачон отмаганман. Аммо сиз айтган экансиз, уларни отишдан бошқа иложим йўқ.
Қиз менинг бундай сўзамоллигимдан бироз хижолат бўлиб:
– Мен уни университетга олиб кетаман, – деди. Мен ўқийдиган орнитология факультети музейида жуда ҳам кўп қушларнинг тулуми бор. Лекин оққушларники йўқ. Бизнинг ўқитувчимиз музейда йўқ қушларни кимни яшайдиган жойида бўлса, хоҳ тирик, хоҳ ўлик ҳолда келтиринглар деб айтганди. Мен Ҳисор ўрмон хўжалигида оққушлар борлигини айтиб, мен келтиришим мумкин деб ваъда бериб қўйгандим. Дугоналарим сизни яхши овчи деб мақташгани учун, сиз менга ёрдам бера оласиз деб ўйладим.
– Оққушларни тулум қилишадими?.. – дедим мен, хавотир олиб.
–Ҳа, – деди у секингина. – Менга ёрдам берасизми?.. Мен ўйлаб ўтирмай рози бўлдим. Қулфиниса, эртага шаҳарга ўқиш учун жўнаб кетишини айтди.
– Сиз, қишлоғимизга қачон қайтиб келасиз?.. – деб сўрадим.
– Қишда, кузги семейстр тугагандан сўнг, – деди у.
– Мен қишгача, оққуш тутиб беришга ваъда бераман, – дедим. – Мабодо уни тирик тутсам, сиз келгунча қафасга сақлайман. Акс ҳолда, мен оққушларни отишга мажбур бўламан. Сизга барибир тулум керак-ку?..
Қиз мен билан хайрлашмоқчи эканлигини билдирди. Мен ҳали унга гапимни айтмагандим.
– Майли, бўлмаса, Зоҳир ака, сиз билан келишдик, – деди у. Мен:
– Хайр, – дедим. У мен билан хайрлашиб, аста орқасига юриб кета бошлади. Шамол унинг баданига ёпишган чит кўйлаги ва сочларини ҳилпиратарди. Шу пайт менинг юрагимдан нимадир чирт этиб узилди. Мен зўр-баъзур нафас оларканман, ҳозир унга севиб қолганимни айтмасам ўлиб қоламан деб ўйладим. Бутун иродамни жамлаб, ички бир ҳаёжон билан:
– Қулфиниса, тўхтанг, – дедим. У ялт этиб менга қаради. Мен соҳил бўйлаб у томонга юриб бора бошладим. Қиз ҳайрон бўлиб тўхтаркан:
– Зоҳир ака, нима гап?.. – деди. Унинг қошлари чимрилганди.
– Сизга айтадиган гапим бор эди, – дедим мен овозим бироз титраб. У кўзларини пирпиратиб, мисли оҳу каби менга қараб турарди.
– Қулфиниса, сизни…– тилим каловланиб қолди мени. –Сизни ёқтираман!
У уялиб ерга қаради. Бир пасга икаламиз ҳам жим бўлиб қолдик. Қулфинисани билмадиму, менинг вужудим сассиз титрарди. Мен унга умидвор нигоҳ билан қараб турардим. Ниҳоят у менга:
– Хўп, Зоҳир ака, – деди. – Мен бу ҳақда ўйлаб сизга жавобини айтаман. Унгача сиз менга оққуш тутиб беринг. Майли, яхши қолинг.
У мен билан хайрлашиб, тез-тез юриб кетди. Унинг ортидан қараб қоларканман, мен энтикиб-энтикиб нафас олардим. Шундан сўнг, мен уни қишгача бошқа кўрмадим. Бу вақт ичида нима қилиб бўлса ҳам тирик оққуш тутиш билан машғул бўлдим. Бу жудаям қийин иш эди. Мен аввалига соҳилга тўр қўйиб, оққушларга хўрак ташладим. Негаки, мен Қулфинисага тирик оққуш совға қилишни ўйлардим. Гўёки, агар тирик оққуш совға қилсам, у менинг дил изҳоримни қабул этадигандек эди. Лекин оққушлар ҳам анойи эмас экан. Мен қўйган хўракларга улар умуман эътибор қилишмади. Хўракка нуқул ёввойи ўрдаклару, ботқоқ сариқ чумчуқлари ва мошаклар илинарди. Деярли бир ярим ой давомида шу йўлда ҳаракат қилган бўлсамда, менинг хўрагимга бирор бир оққуш илинмади. Улар ўз хўрагини асосан кўлдан излашарди. Менинг бутунлай хафсалам пир бўлди. Вақт эса сиқиб келарди. Ниҳоят мен тирик оққуш тутиш учун бошқача йўл тутишим кераклигини англадим. Бу пайтлар октябрнинг совуқлари тушиб қолганди. Мен кўл ичида яшириниб, оққушлар келиб қўнгач, шарт оёқларидан ушлаб олиш мумкин деган хаёлга келдим. Албатта сув совуқ эди. Лекин начора, жон куйдирмасанг жонона қайда, дейишади-ку?! Кўлда оққушлар қўнадиган жойларни аниқлаб олгач, ўша жойдаги яланғоч бўлиб шўнғирдим-да, соатлаб оққушлар келишини кутардим. Сув остидан қамиш найчасини ташқарига чиқариб нафас олардим. Сувга шўнғийвериб, кўл сувининг совуқлигига ҳам мослашиб кетгандек эдим. Мен кўп уриндим, лекин натижа чиқара олмадим. Оққушлар ҳам, бошқа қушлар ҳам жуда сезгир экан. Улар сув остида хавф борлигини олдиндан пайқашар, мен шўнғиган жойда умуман яқинлашишмас, улар томон сув остидан суза бошлаганимни сезишлари биланоқ, кўлдан учиб кетишарди. Мен совуқда сувга шўнғиётганимни отамга ҳам, онамга ҳам, ҳатто сирдошим бўлган синглимга ҳам, ҳеч кимга айтмагандим. Касални яширсанг, иситмаси барибир ошкор қилар экан. Совуқ сувга кўп тушавериб, мен шамоллаб қолдим. Бир кун эрталаб уйқудан уйғонганимда қаттиқ иситмам борлигини ҳис қилдим. Мен ўрнимдан туришга ҳаракат қилдим, лекин, бундай ҳолатда сувга шўнғиш у ёқда турсин, ўрмонга ҳам юриб бора олмаслигимни тушуниб етдим. Хуллас, мен бетоб бўлиб ётиб қолдим. Ҳа, деганда тузалавермадим, отам мени Китоб шаҳар касалхонасига олиб бориб ётқизди. Врач мени жуда ҳам қаттиқ шамоллаганимни айтди. Мен деярли бир ойлар чамаси шифохонада даволандим. Шу вақт давомида, Қулфиниса ҳақида, унга қандай қилиб оққуш тутиб беришим тўғрисида тинмай ўйладим. Унинг қишлоққа қайтиб келишига оз муддат қолганди. Касалхонадан чиқишим биланоқ, икки кун ўтар-ўтмас, онамни жаврашларига қарамай, милтиғимни елкамга осганча, ўрмонга, кўл бўйига бордим. Ахийри, оққушларни тирик тутишга кўзим етмаслигига ақлим етганди. Ниҳоят, мен битта оққушни отиб оламан деган тўхтамга келдим. Барглари тўкилавериб сўппайиб қолган буталар орасидан яхши жой танладим-да, кўлга келиб қўнган оққушлардан бирини нишонга ола бошладим. Энди ўқ узаман деб турганимда, елкамга кимдир қўлини қўйганини сездим. Ўгирилиб қарасам отам:
– Оққушларни ҳам отасанми, йиртқич, -деди у. – Сенга шундай қилишни ўргатганмидим.
– Мен, биласизми ота… – дедим, нима деяримни билмай.
– Ота дема мени, – у мендан бироз нари кетди. Мен отамни жуда яхши кўрардим. Менга бундай қаҳрли муомила қилганларини илгари сира кўрмагандим. Уни хафа қилиб қўйганимдан жуда таъсирланиб кетдим.
– Ота, мени кечиринг, – дедим мен. У менга бир муддат тикилиб турдида:
– Уларни нега отмоқчи бўлдинг, – деди. Мен унга тўғрисини айтишга қарор қилдим ва бошимдан ўтган ҳамма воқеани унга айтиб бердим. У жимгина тинглади-да:
– Нега илгарироқ менга айтмадинг, – деди. – Сени касал бўлишингдан онанг икаламиз, қанчалар сиқилганимизни биласанми?.. Мен:
– Кечиринг, ота, сизни хафа қилмоқчи эмасдим – дедим. Отам:
– Муталбой директорнинг қизини севиб қолган бўлсанг, яхшику-я, лекин оққушларни отишинг, бу жуда ҳам ёмон, – деди.
– Мен фақат битта оққуш отаман. Тушунаяпсизми ота, отмасам бўлмайди.
Отам жим бўлиб қолди. Мен унинг нигоҳидан бироз қаҳр ва норозилик аломатини пайқадим. Унинг кўзларида ўрмонга берухсат овга келган браканерларни қўлга туширган пайтларидаги нафрат акс этарди.
– Зоҳиржон, ўғлим, оққушларни отиш мумкин эмаслигини биласанми?..
– Агар битта оққушни отсанг, уни жуфтини ҳам ҳалок қилган бўласан. Айтишларича, оққушлардек бир-бирига вафо қиладиган бошқа қушлар йўқ экан. Мабодо, уларнинг бирига бирор кор-ҳол бўлса, иккинчиси, ўзига бошқа жуфт топмайди. Жуфтсиз қолган оққуш тез орада ҳалок бўлади, тушуняпсанми?! Мен:
– Ҳа, бу ҳақда эшитганман – дедим. Отам менга ғалати қараб қўйдида:
– Уйга бор, – деди. Сўнг, менга эътибор ҳам қилмасдан ўрмон йўлаги бўйлаб кета бошлади. Мен унинг ортидан то у буталар орасида кўринмай қолгунча қараб қолдим. Шундан сўнг, негадир оққушларни отишга юрагим бошқа бетламади. Билмадим, отамнинг юзидан ўтолмадимми, ё, оққушларга ачиндимми, бир нарса дея олмайман. Қулфиниса, қишлоққа, янги йилда қайтиб келгунга қадар, мен ҳар куни ўрмон айлангани келар, бирорта оққушни отишга чоғланар, лекин ҳар гал негадир фикримдан қайтардим. Нима бўлса, бўлар, битта оққушни отаман деган қарорга келганимда, менинг хаёлимни бир ўй чўлғаб олди. Хўп, отдим ҳам дейлик, Қулфиниса келгунга қадар, ўлик оққушни қандай сақлайман. Мен тулум тайёрлашни билмасдим, бироқ, қуш ўлигини бир ҳафтадан сўнг ва ундан кейин қандай бижғишини тасаввур қилардим. Шунинг учун, яхшиси Қулфиниса келгандан кейин, уни ўрмон ичидаги кўл бўйига таклиф қиламан-да, унинг кўз ўнгида тулум бўлиши керак бўлган оққушга ўқ узаман деган қарорга келдим. Бу хаёл мени ўзига ўзига шунчалик ром қилдики, унга кўра, Қулфиниса қишда қайтиб келса, ўрмон оппоқ қорларга беланган бўлиши-ю, биз у билан қалин қорлар оралаб, кўл бўйига келишимиз, мен ўн олти калибрли милтиғимдан оққушга ўқ узишим, сўнг уни сувдан олиб чиқишим ва Қулфинисанинг қўлига тутқизишим, унинг шодланиши, мен эса, унинг қўнглини сўрашим, бундан, қизнинг юзлари уятдан лов-лов ёнишини тасаввур қилардим. Кейин биз, ўрмондан уйга қайтамиз, у мени пальтомни эгнидан ушлаб олади. Йўл-йўлакай, мен унинг кўзига қарайман, у эса, уялиб ерга қарайди. Эртасига отам уларникига совчиликка боради, кейин ёзда тўйимиз бўлади, биз бахтли яшаймиз ва мен уни ҳар куни оққушлар яшайдиган кўл бўйига олиб келаман. Оққушларни тулум қилишни нима кераги бор, музейшуносларингга бориб айт, уларни шу ерда келиб кўришсин дейман. Қулфиниса келгунга қадар, менинг хаёлларим ана шундай эди. Ниҳоят, мен кутган қиш келди. Сўппайиб қолган ўрмон, сувлари тортилган дарё бўйлари ва кўл атрофлари оппоқ қорларга беланди. Янги йилдан бир кун олдин мен Қулфинисанинг кузги семейстрни тугатиб қишлоққа келганини эшитдим. Синглим, уни мен билан ўрмондаги кўл бўйида учрашмоқчи эканлигини айтди. Отам:
– Майли бор, – деди.
Ҳаммаси ўйлаганимдек кетаётганди. Мен устимга Қулфиниса эгнимдан тутадиган пальтомни кийиб олдим. Елкамга ҳар доимгидек, милтиғимни осиб олгандим. Қишлоқдан пастликка қараб юриб борарканман, аввал Оқсувдарёнинг музлаган қирғоқларини, сўнг дарё устидаги сирпанчиқ кўприкдан ўтиб, бутазорлар бошланган ўрмонни, қорлар ичидан тиккийиб чиқиб турган сарғайган қамиш новдаларини кўрдим. Кўл томонга қараб юрарканман, ўрмон қарағайлари устидан қоп-қора қарғалар одам шарпасини илғаб кўкка учиб кетар, менинг бошимга дарахтлар шохидан шиғалаб қор тушарди. Мен ҳали Қулфиниса келмаган бўлса керак деб ўйладим, ҳатто, ўрмоннинг жимжит ва ваҳимали бу жойларига у қандай келаркан деб, ундан хавотир ҳам олиб қўйдим. Лекин кўп ўтмай хавотирим ўринсиз эканлигини кўрдим. Мен кўлга қараб кетадиган йўлакда одам излари борлигига кўзим тушди. Излар қорда аниқ-тиниқ кўриниб турар, ажабо, улар бир кишиники эмас эди. Тез орада, бу ердан мендан олдин икки киши ўтганлигига шубҳам қолмади. Ҳар ҳолда излар шундан далолат берарди. Мен бу ерга Қулфиниса, ким биландир келган, қиз бола бир ўзи бу ерга қандай ҳам келарди деб ўйладим. Ишқилиб, у Муталбой директор билан келмасин-да, унда менинг шу пайтгача ўйлаб юрган орзуларим мен айтган тахлитда амалга ошмасди. Агар бирор бир дугонаси билан келган бўлса, бошқа гап, уни бу ердан жўнатиб юборишнинг бирор йўлини қиламан. Шундай ўй ичра кўлга яқинлашиб ҳам қолганимни билмадим. Мен уларни шундоқ ўттиз-қирқ метрлар наридан кўрдим. О, кўрган кўзларим, ўшанда, оқиб тушса бўлмасмиди?! Қандайдир, мўйловли йигит, унинг ёши мендан пича катта эди, менинг Қулфинисамни оғушида қучоқлаб, лабларидан ўпарди. Улар шунчалик берилиб кетишган эдики, ҳатто, мени яқинлашиб қолганимни ҳам сезишмади. Мен турган жойимда дағ-дағ титрар, оёғимдан жоним чиқиб кетаётгандек эди. Бир-бирларини ялаб-юлқашаркан, ниҳоят улар мени кўришди. Қулфиниса, юзлари бироз қизариб, шарта, мўйловли йигитни оғушидан юлқиниб чиқди-да, вазиятни юмшатмоқчи бўлиб:
– Зоҳир ака, келдингизми?..
Мен ўткир кўзларимни унга жим тикиб турардим. Мўйловли йигит ҳам, бироз хижолатомуз, аммо ўзига киборона тус бериб:
– Келинг, овчи йигит, – деди. – Сиз ҳақингизда, Қулфиниса айтганди, бизга аллақачон оққуш тулумини олиб қўйган бўлсангиз керак-а?..
– Жим бўл, пасткаш! – дедим мен. У довдираб қолди. Қулфиниса эса:
– Зоҳир ака, у менинг курсдошим, унга бундай гапирманг, у меҳмон-ку? Бу ерга оққушлар яшайдиган кўлни кўргани келган, – деди.
Менинг миямда қон югурди. Ичимдан қандайдир хўрликка ўхшаш, ғазабшиванда туйғу бутун танамни қоплаб олгандек бўлди. Қандай қилиб елкамдан милтиқни қўлимга олганимни ҳам билмайман. Фақат Қулфинисанинг:
– Зоҳир ака, илтимос ундай қилманг, ундай қилманг, – деганларини эслайман. Лекин мен кўру-кар бўлиб қолгандим. Менинг қўлимдаги милтиқни кўриб, мўйловли йигит бир пас эсанкираб турдида, сўнг орқа-олдига қарамай қоча бошлади. Шунинг учун мен аввал унга, сўнг Қулфинисага қараб ўқ бўшатдим. Икаласи ҳам шилқ этиб йиқилди. Бу шундай тез рўй бердики, мен нима қилганимни ҳам билмай қолдим.Ўқ овозидан кўлдаги қушлар париллаб учиб кетди. Мен улар ичида қандайдир оққушлар ҳам борлигини аранг илғадим. Қорда қип-қизил қон оқарди. Мен милтиғимни улоқтирганча, Қулфиниса йиқилган жойга югурдим. У қонига бўялиб ётар, кўзлари ёшга тўлган, лекин гапира оладиган ҳолатда эмасди. Мен унинг олдида чўккалаганча, нозик қўлларини қучиб ўкириб йиғлардим.
– Нега бундай қилдинг, Қулфиниса, нега бундай қилдинг?.. – дердим мен. У менга нимадир демоқчи бўлар, лекин айтолмасди. Кўп ўтмай кўзларини катта-катта очганча, қотиб қолди. Менинг кўзларимдан дув-дув оқаётган ёшлар унинг муздек бўлиб қолган юзларини юварди. Унинг тепасида йиғлаб қанча ўтирганимни билмайман. Кетар чоғда унинг кўзларини ёпиб қўйганлигимни эслайман. Оққушлар ҳеч қачон хиёнат қилмайди деган туйғу ўтди кўнглимдан. Мўйловли йигитга эса, қарамадим ҳам, у ўша заҳоти ўлган бўлса керак. Мен тўғри уйга келиб, ўрмонда одам ўлдирганимни отамга айтдим. Унинг кўзларидан ўт чақнаб кетди. У нима қилаётганини ҳам билмай, милтиғимни қўлимдан тортиб олганча, мени қулочкашлаб ура кетди. Онам ва синглим дод солиб йиғлашар, менинг эса ҳушим ўша паллада жойида эмасди. Бир эмас, икки одамни ўлдирганим бутун қишлоққа шов-шув бўлиб кетди. Муталбой директор менинг ўлим жазосига ҳукм қилдириш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилди. Менга эса, энди ҳеч нарсанинг фарқи йўқ эди. Лекин суд менга нимагадир ўлим жазосини бермади. Отам ўрмонга ов қилишга келадиган туман катталари билан яқин бўлганлари учун нима қилиб бўлса ҳам, мени ўлим жазосидан қутқазиб қолган бўлса керак. Суд мени узоқ, йигирма беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Қамоқда шунча йил ўтириб чиқдим, лекин у ердан тирик чиқдим.
Зоҳир чол синиқ бир йўсинда менга қараб қўйди. Мен:
– Трубкани ўша ердан орттириб келган экансизда, – дедим унга. Чол турубкасига рюкзагида олиб қўйган мохоркадан қайтадан соларкан, менга билинар-билинмас бош ирғаб қўйди. Сўнг ўрнидан қўзғаларкан:
– Юр, кетамиз, – деди. – Майли, оққушларни ўргангани келган бўлсанг, шу ерга келиб ўрганаверасан. Ана, улар яна кўлга учиб келишди.
Мен оққушларга қараб қоларканман, Зоҳир чол кета бошлаганини кўрдим. Унинг ортидан эргашарканман чодан сўрадим:
– Қамалиб чиққанингиздан сўнг, сизни бу ерга яна қандай ишга олишди?
Чол менга бепарвогина қараб қўйди-да, мунштугини тутатганча:
– Ўрмонга қоровулликка ҳозир ким ҳам келарди, – деди. Мен ҳаммасини тушунгандек, унинг ортидан аста эргашдим.

Тошкент – Яккасарой. 2009 – йил