Берди Кербобоев. Зеҳн, юрак, уқув ва меҳнат зарур

ЁШЛАРГА МАСЛАҲАТЛАРИМ

Оқсоқол кишиларда кўп вақт шундай бир ҳолат учрайди: улар ёшлар билан суҳбатдош бўлганларида «Бизлар сизлардай пайтимизда бошқача эдик!..» деб ўзларининг норозиликларини билдиришни яхши кўришади.
Табиийки, ёшлар, хусусан, ҳозирги ёшлар панд-насиҳат, койиш сингари ҳолатларни унчалик хуш кўришавермайди. Бироқ асрлардан бери давом этиб келаётган урф-одатларимизда беҳад улкан куч-қувват бор.
Дарҳақиқат, туркман халқи орасида «Ёши улуғ бошлаб беради, ёши кичиклар давом эттиради», «Катталардан айтиш, кичиклардан тинглаш» сингари сонсиз-саноқсиз мақоллар, ҳикматли сўзлар бор. Афсусланарли жойи шундаки, ўша асрлар оша яшаб келаётган ҳурмат-эҳтиром ҳамиша ҳам қадрланавермайди. Берилган маслаҳатлар, айтилган фикр-мулоҳазалар шамолга совурилади, диққат-эътибор-га олинмайди. Ростини айтсам, у ёқ-бу ёқдан бериб турилган маслаҳатларга ёшларнинг шунчаки қулоқ қўйиб туришлари, балки лозим ҳам эмасга ўхшайди. Агар шундай бўлса, улар учун янгиликларни тез ҳазм қилиш осон кечмайди. Чунки янгликни ҳар ким ўз онги, ўз уқуви билан юзага чиқармоғи лозим. Демак, шундай экан, ёшуллиларнинг маслаҳатларига қулоқ солмоқ зарарли ҳисобланмайди. Чунки оқсоқоллар ёшларга нисбатан қор-ёмғирларда кўпроқ бўлишган, ёруғ оламда улардан икки балки уч маротаба кўпроқ яшаган, турмуш тажрибалари ҳам ёшларникига қараганда бисёрроқдир…
Менинг ҳозирги айтмоқчи бўлган фикр-мулоҳазаларимга эътибор бериш керакми-йўқми, ундан кимларгадир фойда тегадими-йўқми, тўғрисини айтсам, уни менинг ўзим ҳам дадил айта олмайман. Бироқ шундай бўлса-да, ҳозирги ёш ижодкорларга ёшулли ёзувчи сифатида ўз фикримни баён этишни ҳам фарз, ҳам қарз, деб биламан.
Мен кекса ижодкорлар наслига мансуб бўлганим учун эмас, балки оқсоқол ёзувчи бўлганим учун ҳам бошқа бир нарсани ёдга олишни истайман. Бизда ҳозир «Ёшлар ҳақиқий масалаларга жиддий қарашмаяпти, улар кўпроқ майда-чуйда нарсаларга эътибор беришмоқда» деган норозилик бор. Ўша норозилик, ўша ҳақиқат, албатта, тўғри! Балки менинг ҳозирги кунда қайси мавзу, қайси масаланинг аҳамиятли эканлигини айтишим зарурдир?! Бироқ мен уни айта олмайман. Чунки ҳар бир мавзу, ҳар бир масаланинг ўзи аҳамиятли бўлиши мумкин. Гап ўша масалани ҳал қилаётган шахснинг ўша ишга жиддий ёндошмоғига, уқувига боғлиқ. Бўлмаса ёш ижодкор учун энг аҳамиятли, энг долзарб бўлган зеҳндан бошқа нима даркор?
Биринчи, сизнинг шеър, ҳикоя, қисса ёки романингиз (албатта, илк дафъа ижодни қисса ёки романдан бошлашни мен маъқул топмайман) айнан юрагингиз устида турсин, бутун томирларингиз орқали жон-жонингиздан сизиб чиқсин. Иккинчи, уқув ва бадиийлик даркор.
Қўлингизга ручка-қалам олиб, даста-даста қоғоз қоралаш билан ҳақиқий ёзувчи бўлиш асло мумкин эмас. Орамизда ушбу оддий ҳақиқатга ҳалигача дуруст тушун-маганлар ҳам бор. Бизнинг бош-ловчи ёзувчиларимиз асарлари кўпчилигининг савияси пастлиги, саёзлиги, айримларининг эса газета-журнал саҳифаларини шунчаки тўлдириб ташлаши, албатта, аччиқ бир ҳақиқат.
Москвада бўлиб ўтган ёш ёзувчилар йиғилишида Михаил Исаковскийнинг сўзлаган нутқини мен адабиёт газетасида ўқиб қолгандим. «Ёш ёзувчилар», «Бўл-ғуси ёзувчилар» деган ҳурматли сўз бирикмаларини биз жуда арзон тарқатаётганга ўхшаймиз, деб ёзганида Исаковский минг бора ҳақли эди! У «ёшлар», «бўлғуси» деган сўзларни фақат арзон тарқатмаяпмиз, балки «ёзувчи» сўзини текин улашиб чиқяпмиз, демоқда. «Ёзувчи» деган калом, албатта, жуда салмоқли сўз! Муқаддас сўз! Бироқ бошловчи ёзувчиларнинг айримлари ўз касб-корларини муқаддас деб ҳисоб-лаганлари у даражада сезилавер-майди. Агар сен ижодкор бўлишни юрагингга туккан бўлсанг, унинг сен учун нега зарурлиги бор-лигини, адабиёт майдонига нима учун бош қўшаётганингни, сен ундан нима хоҳлаётганингни яхшилаб ўйлаб кўр. Илк бора қилмоқчи бўлган ишингга, ундан кейин бажариш ҳақида жон койитмоқчи бўлган юмушингга юзингни бур. Шон-шуҳрат ҳеч қачон меҳнатсиз юзага чиқмайди.
Менга ёш ижодкорлар билан мулоқот олиб бориш, уларга ижод сирларини ўргатиш, янги қаҳрамонларнинг образларини илгари суриш лозим деб уюшма раҳбарияти томонидан бот-бот айтишади. Бу ҳаракатларнинг барчаси тўғри. Ёш ёзувчилар ҳақида фикр-мулоҳаза юргизиш, уларга доимий ғамхўрлик қилиш уюшманинг барча ёшулли ижодкорлари ва раҳбарияти учун бош масала ҳисобланади, Аммо қуруқ сўздан ёғли пишган палов пайдо бўлмайди. Ундай бўлса ишни нимадан бошлаш керак?
Халқимизда «Йиғламаган болага она кўкрак тутмайди» деган нақл бор. Бизда «йиғламаган» ҳатто маслаҳат сўрамаган «ёшлар» ҳам истаганча топилади. Газета-журналларда бир неча шеъри, очерки ёки ҳикояси босилганлардан айримлари ўзларини ҳақиқий ёзувчи деб ҳисоблашади. Мабодо китобчаси чоп этилгудай бўлса борми, ўзини классик ижодкордай тутиш-дан ҳам тап тортмайдиганлар бор. Ёзувчи бўлмоқ бундай одамлар учун жуда осон туюлади!
Азиз дўстларим, халқимизда «меҳнат сингмаган ошнинг таъми бўлмас» деган мақол бор. Машақ-қат чекмаган ижодкорнинг номи узоққа бориб етмайди. Ёзувчи меҳнати асосларидан бири ўрганмоқдан иборатдир. «Бешикдан то қабргача ўрган» деган ҳикматли сўзимиз мавжуд. Ҳа, инсон бутун умри давомида ўрганиши зарур. Лекин ёшликда бош тез ишлайди. Қолаверса, ниҳоятда ҳушёрлик ва ўз-ўзидан талабчанлик ҳам даркор. Бўлмаса ойлар, йиллар бемақсад шамолга совурилади-да, Александр Твардовскийнинг сўзлари билан ўзингга шундоқ демоққа мажбур бўласан:

Тўпинг отилибди, режалар ёмон,
Сенинг аччиқ кунинг келиб қолибди.
Гул, ҳид, кулги сенга бўлиб гумон,
Барчаси ён-атрофингдан ўтибди.
Сенинг туйғую феълинг аниқмас,
Уларга олдингидай тикка қаролмас.
Атрофинг ўлик, жимжит ёмон ҳол,
Юрагинг булғанар, дардга ярамас.

Ушбу сатрлардаги сўзлар маъносига сиз балки унча яхши тушунмагандирсиз. Сизлар мени кечирингиз, ёшликнинг ўзи ўз умрига баъзан жуда сахий, баъзан эса ниҳоятда бемаъни, бетаъсир бўлади. Бундай вазиятни бизлар ҳам бошимиздан кечирганмиз. Ёшлар кўп ҳолатда «Э, шу пайтдан ўзимни тергаб, ижодимга талабчан бўлиб озорланиб, қийналиб юраманми? Энг яхшиси тез-тез фикрларимни қоғозга туширай, улар қиёмига етмаган бўлса-да, нашр қилинса бўлди. Менинг асосий умрим, ахир, олдинда-ку! Ўзимни тўғрилаб тузатишга, астойдил ўйланиб ижод қилиш учун беҳисоб вақт ҳам олдимда турибди…» деб хаёл қилишади. Умр сўқмоқлари бўйлаб қадам ташлар экансиз, тажри-бангиз ортган сайин ақл косаси бир оз қайнай бошлагач «Ҳозирги қили-надиган ишларни олдинроқ қилсам бўлмасмиди?! Олдинги қилган ишларимни чала-чулпа, хом-хатала қилмай, уларга чин дилдан ихлос билан ёндашиб, қиёмига етказиб ишласам бўлмасмиди?» деб ўки-насиз. Бироқ сузишни билмай-диган одам сувга ғарқ бўлгач, ўкинчдан ҳеч қандай фойда бўл-маган. «Сўнгги пушаймон, ўзингга душман» дейишган.
Кечаги ёки олдинги кун ёзганла-ринг бугун ҳеч кимга фойдаси тегмай йўқолиб кетаётганини ёдга олганда, юракка қанча азоб тушмайди дейсиз! Кечаги дақиқанинг қайтиб келмаслиги, ўтган умрнинг хазонга учраган гулдай сўлиб қол-гани ҳеч кимга сир эмас-ку, ахир!
Шундай экан, ёшликдаги, яъни ижодкорнинг бошловчилик даври-даги ижодий ишларига алоҳида баҳо бериш, уни ақл тарозисидан қайта ўтказиш ҳар бир ёзувчи учун жуда-жуда муҳимдир.
Бугунги кунда бошловчи ижод-корларимизнинг кўпчилиги адабиёт майдонига дорилфунун ёки институтлардан кириб келишмоқда. Айтиш мумкинки, улар гўзал турмушга оёқ қўйган, ундан роҳатланган ҳамда унга одатланган шахслардир. Бизнинг ҳозирги оқсоқол ва ёшулли ёзувчиларимизнинг аксарият қисмини эса газета-журналлар вояга етказган. Шу сабабли ҳам улар мустақил иш олиб боришга мажбур бўлиб, ўзларига ўзлари йўл очиш, адашишлардан афсусланиш, муваффақиятларидан хурсанд бўлиш асносида ҳаётий тажрибаларини ишлаш жараёнида юзага келтиришган. Ўша вақтларда менинг тенгқурларим, бизлардан анча кичик ёш-яланг – барчаси ўзларини илм олишга, саводли бўлишга сафарбар қилишди. Улар ҳар куни, ҳар соат ўқишди, ўрганишди, хизмат қилишди. Бутун ҳаёти билан ўзлигини ишга, адабий жараёнга топширишди.
Бу даврда малакали хизматчилар етишмовчилиги, борларида малака-кўникмаларининг озлиги, тажрибасизлик туфайли ишларда қийинчи-ликларнинг тўлиб-тошиб ётиши ҳеч кимга сир эмасди… Мен, албатта, бу ерда оқсоқол ёзувчилар билан бошловчи ижодкорларни бир-бирига қарши қўйиш, ёшларнинг бугунги бахт-саодатларини кўриб қизғанишни хаёлимга ҳам келтирмайман. Ҳозирги ёшлар шароитларининг устунлиги, ҳар томонлама енгилликларга эгалиги билан қувонарли. Бироқ ҳаётга бўлган меҳр-муҳаббатни, инсонларга диққат-эътиборни ҳеч вақт қўлдан бермаслик даркор.
Албатта, бизнинг ёшлигимизда қандайдир ажойибу ғаройиботлар, қизиқарли воқеа-ҳодисалар йўқ эмасди. Мен Гаража Бурунов билан иккаламиз орамизда бўлиб ўтган мусобақани ҳозир эсимга келтираман. Унинг билан бир хонада яшаб, ким кўп ва хўб ёзади, деган маъ-нода баҳслашиб шеърлар ёзардик. Эсимда бор, ўша вақтда мақталган «Қизлар дунёси» асарим ушбу баҳс-мусобақа асосида ёзилганди. Ўша пайтларда биз – ёшларда адабиётга бўлган ҳавас ниҳоятда кучли эди. Мен бу даврда фақат ўзбек, озарбайжон ва татар тилларидаги адабиётларни тинмай ўқирдим, русчага яхши тушунмасдим. Ҳар куни тинимсиз ўқиш-ўрганиш нати-жасида рус тилидаги адабиётларга ҳам тишим ўта бошлади. Инсон холис ният билан фикрини жамлаб интилса, ўз мақсадига етиша олишини ўшанда фаҳмлаганман.
Шу вақтгача бизнинг адабиёти-мизда шу куннинг талаби билан қараганда наср йўқ эди. Тинимсиз ўқиш ва ўрганиш, ўқиган китобларимиз намуналаридан фойдала-ниш натижаси асосида наср жанри ҳам юзага келди. Ўша пайтларда биз ҳам озми-кўпми бадииятда адашган вақтимиз бўлди. Шу туфайли танқидчилар бизларни яхшигина «савалашди», бизлар ҳам бу танқидларга чидадик. Чунки улар бизнинг ижодиётимизга кўмак берарди.
Биз бир-биримизнинг асаримизни баъзан қизғаниб, баъзан бир оз манманлик, аммо аксарият ҳоллар-да севги билан ўқиб, дўстимизнинг камчиликларига ачинардик, муваф-фақиятларидан қувонардик. Хуллас, асар бадииятининг юқори бўлишига алоҳида эътибор қаратардик.
Нурмурод Сорихонов мендан ёшроқ эди. Илк дафъа у менга эрга-шиб ижод қиларди, мендан ҳикояни қандай ёзиш, образ ва усулларни, қаҳрамон ҳаракатларини қандай яратиш борасида маслаҳат сўрардим. У ўзидан тажрибали ҳамкасбидан намуна олишга уял-масди. Бу ҳолат унинг ижодига алоҳида ёрдам берарди. Китоб ҳақида мен қачонлардир ихчамгина ҳикоя ёзгандим. Бироқ кейинроқ Н.Сорихоновнинг ёзган «Китоб» ҳикояси меникига нисбатан ниҳоятда ўқишли бўлиб чиқди. Шу борада мен мағлубиятимни ўз ихтиёрим ила бўйнимга оламан. Кошки шундай муваффақиятли ишлар адабиётимизда кўп бўлса!
Қадрли ёшлар, сизларнинг бундай ғолибона ҳаракатларингизга оқсоқол ёзувчилардан ким қарши бўлади? Ҳеч ким! Адабиёт майдони-да ким бир қадам олдин юрса, барча ҳурмат-эҳтиром унга тегишли бўлади!
Тўғри, орқада қолсак, айримларимиз озми-кўпми хафа ҳам бўлишимиз мумкин. Аммо бундай ижодкор ёшуллилар кўп эмас. Сизлар қўлингиздан келганича бизларни енгишга кўпроқ ҳаракат қилинг!
Ёзувчи савиясининг баланд бўлишига эришиши даркор. Бизнинг ёшларимиз ижодида бунинг аксини кўриш мумкин. Биринчи китобига нисбатан ик-кинчи асари бадиий жиҳатдан саёз бўлиб чиқмоқда. Бу нарса ўз ижодига ортиқча баҳо бериш, бадиий ижод санъатини эҳтиёт қилмай, ўз касб-корини оёқ ости қи-лишнинг натижасидир. Ёзувчи ўз устида тинимсиз ишлаб, борган cари яхши ёзиш ҳақида ўйлаши керак эмасми, ахир?! Минг афсус, бадиий ижод йўналишининг зарур қоидаларини эсдан чиқариш, уни писанд қилмаслик ёзувчиларимиз орасида учраб туради.
Намуна бўладиган ёшлар бизнинг ўзимизда ҳам йўқ эмас. Уларга Карим Гурбаннепесов, Оллаберди Ҳаитов, Маммат Сейидов, Норимон Жумаев, Қаюм Тангирқулиевларни мисол сифатида кўрсатиш мумкин.
Улар ҳар бир кунни ғанимат билиб, тинимсиз ижод қилишмоқда. Натижада ўз асарларини юксак бадиият даражасига кўтаришмоқда. Мен, хусусан, Карим Гурбаннепесовнинг ижодини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. У шеърият соҳасида ижод қилишга жуда уста. Эълон қилаётган асарлари мазмуни ҳам яхши. Бадиият соҳасида Каримдан намуна оладиган ёш шоир адабиёт майдонида ишончли қадам ташлаши шак-шубҳасиз. Каримнинг «Таймаз бобо» достони қандай мақталганини барчамиз яхши биламиз. Бадиий етуклиги борасида мен ҳам ўша фикрларга қўшиламан. Унинг ажойиб шеърий сатрлари илҳом би-лан юзага келган. Уларни ўқи-ганингда кўнгил кўтарилади, тили ҳам содда ва фикри тиниқ. Лекин мен ўша мақтовларнинг бир то-монини маъқуллайман. Бадиий асарнинг шакл ва мазмуни бир-бирига ҳамоҳанг бўлиши керак. Каримнинг «Таймаз бобо»сида шакл ва мазмун бир-бирига ҳамоҳанг эмас, яъни шакли жуда юқори да-ражада, мазмуни эса яхши эшилмаган ипдай жуда бўш. Асарда ку-раш, қаршилик, конфликт йўқ. Ҳаёт, албатта, курашдан иборат. Асарда кураш йўқми – ҳаёт ҳам йўқ. Айрим биродарлар «Таймаз бобо» эртак асосида яратилган деб унинг кам-чилигини хаспўшламоқчи бўлишади. (Халқ яратган энг яхши эртакларда кураш йўқми?). Бу тўғри эмас. Мақтовларга тўла ушбу баҳолар муаллифнинг ўзи учун ҳам фойдали эмас. «Таймаз бобо» даги воқеалар бизнинг давримизда бўлиб ўтади. Аммо унинг ғариб-камбағал қаҳрамонлари ҳеч қандай қаршилик кўрсатмасдан бой-бадавлатлар қаерга имо қилишса, ўша томон қараб кетаверишади. Ҳатто ҳайвон ҳам ушламоқчи бўлсангиз имконияти даражасида инсонга қаршилик кўрсатади-ку.
Карим «Таймаз бобо» нинг иккинчи бўлимини, балки бундан кучлироқ берган бўлиши мумкин. Бироқ мен уни ҳали ўқий олмадим. Карим ўз достонининг мазмунига ҳам бадиий шаклига эътибор бергандай диққат қилса, ушбу асари қўлма-қўл бўлиб узоқ вақт яшаши мумкин.
Бадиий ижод кўзгу каби покиза бир нарса. Унинг юзини чанг босмаслиги учун ҳамиша ижодкор ўзини тергаб турмоғи зарур. Ўз ишинг, ўз қаҳрамонларинг ҳақида доимо ўйлаш, ҳушёрликни, сезгир-ликни кучайтириш, кўпроқ ўқиш, ўрганиш, мутолаа қилиш – ижодиётнинг энг зарур шартларидан бири.
Мен яратган асарлар орасида энг машҳурроғи «Дадил қадам» бўлса керак. Ана шу китобимни қардош халқларимиз адабиётини, хусусан, рус адабиётини кўп ўқиганим, ўрганганимнинг натижасида юзага келтирганман, десам муболаға бўлмайди. Мен Толстой, Шолоховнинг асарларини таржима қилдим. Бу сўз усталарининг ўз образлари устида қандай ишлашларига, композицияни қандай тузишларига алоҳида аҳамият бердим. Тўғрисини айтсам, ана шундай бадиий асарлар орқали мен адабиёт дорилфунунини битирдим. Мен «Дадил қадам»нинг таржимонлари, муҳаррирлари, танқидчиларига чин дилдан миннатдорчилигимни билдираман. Улар томони-дан билдирилган фикр-мулоҳаза, талаб ва таклифлар асосида мен ўз романимни бир неча марта ишладим.
Ерга деҳқон қанча ишлов берса, ер шунча кўп ҳосил бериши син-гари, ижодкор асари устида қан-чалик кўп тер тўкса, у шунчалик ўқимишли бўлади. Бундан ташқари, «Дадил қадам»даги воқеа-ҳодисаларни мен беш бармоғим каби билардим, билмаганларимни эса эринмай ўргангандим. Бу сўзларни мен, албатта, ўзимни кўрсатиш учун эмас, балки тажрибаларимни ўртоқлашиш, яхши билган воқеа-ҳодисаларни ёшларга ўрнак бўлсин деб ёзяпман. Ўқувчиларимнинг буни эътиборга олишларига ишонаман.
Мен 1930 йилда Туркманистонга келган бир гуруҳ рус ёзувчилари билан бир қанча муддат республикамиз ҳудудларида бирга бўлдим (чинимни айтсам, ўша ёзувчилар билан у ер-бу ерда учрашиб қолгудай бўлсак, қардошларча бир-биримизга ҳозир ҳам қучоқ очамиз). Николай Тихонов ён дафтарчасини қўлидан қўймай, саёҳат давомида ўзи учун нотаниш ҳаётий воқеаларни ўша пайтда синчковлик билан кузатиб ёзиб борганини кўз олдимдан кетказа олмайман. Леонид Леоновнинг «Ёзувчи бўлишни истасанг, ҳар куни ёзиш керак. Оз ёз, қисқа ёз, аммо ҳар доим ёзиш шарт» деган сўзлари менинг қалбимда жуда маҳкам ўрнашиб қолган. Бунинг ўзи шунчаки машқми? Йўқ, асло. У меҳнат қилиш маданиятига одатланиш, ўз ижодига чин дилдан астойдил ёндошиш демакдир. Сени ялқовлик келиб босса, сен унга бўйсунма. Ҳаракат қил! Илҳом келмаяптими, иш столинг устида маҳкам ўтир! Ўйлан, иш вақтида лозим бўлмаган нарсаларнинг барчасини бошингдан улоқтир. Фикрингни бир жойга жам-ла! Ярат! Ана шундагина оддий эмас, қимматбаҳо асар юзага келади.
Яширмайман, ёшлар ичида енгил муваффақият изидан югурадиганлари ҳам йўқ эмас. Уларнинг асарлари хом-хатала, пишиқ-пухта бўлмагани сабабли бугунги ёзганлари эртага йўқолиб кетмоқда. Бадиий жиҳатдан саёз, бўш асар билан (газета-журнал ва нашриёт ходимларининг жўмардлигига кўра) анча-мунча ҳажмли қалам ҳақи ишлаб олган билан ҳақиқий обрў-эътибор, шон-шуҳрат қозона олмаслигини, китобхонлар қалбидан чуқур жой ололмаслигини кўп ёш ижодкорларимиз англаб етишмаяпти. Халқимизда «Чўпонга мажлис ҳаром» деган мақол бор. Ўша нақл ёзувчи учун ҳам шундай бўлиши лозим.
Мен бундан бир йил муқаддам Андрей Упитнинг 80 йиллик юбилейига қатнашган эдим. Бу ижодкорнинг эрталабдан пешинга қадар ҳар куни узлуксиз ишлага-нини латиш ёзувчилари менга ҳая-жонланиб сўзлаб беришганди. Ана шундай меҳнат қилгани учун ҳам Упит ўлмас асарлар яратди. Унинг китоблари ўқувчининг эсидан чиқмайди.
Ёш ёзувчи ҳаёти, турмуши, кун тартиби бошқаларга ўрнак бўладиган бўлиши жуда аҳамиятли масала. Фикримча, айрим ёзувчиларимизнинг иши тошбақа юриши сингари давом этаётгандай туюлади. Бизда кўп вақт оғир карвонлик, бепарволик, ўз умрига беписандлик билан қараш ҳукмрондай. Дўстлар таклиф қилганда, албатта, борилади, лекин кўпроқ ўтирилади, ортиқча суҳбатлашилади. Эртага чўлга чиққинг, индинга овга боргинг келади. Шу зайлда ҳафта, ой ва йилларнинг бемақсад ўтиб бориши кўпаймоқда. Булардан ташқари турли-туман йиғилишлар ҳам ижодкорнинг жуда кўп вақтини ўғирлайди. Бошқа томондан эса жазирама иссиқ кунлар бошланай деб турибди. Шу тариқа, юқорида таъкидлаганимиздек, кунлар ўтади, юзларча – мингларча соат бўш кетади…
Азиз ёш дўстларим, сизлар, балки, буни сезаётгандирсиз, балки билмаётган-дирсиз?! Бу соатлар, кунларнинг ўтган вақти сезилмаса-да, ақлингни бир оз жамлаб, фикрга чўмганда дарҳол сезилади. Менинг ҳаётимда ҳам ҳафта ва ойларнинг, олтинга тенг қимматли дамларимнинг бемақсад, бесамар сарф бўл-ган вақтлари бўлган. Минг бор пушаймон бўламан, у онларни эслаганда.
Келинглар, биз ушбу қимматли вақтимизни бемақсад ўтказмасликка биргалашиб ҳаракат қилайлик!
Ўз вақтида менинг Небитдоғ (нефтга бой жой) да анча вақт яшаганим сизларга маълум. Нефтчилар ҳаётининг қайси жиҳатлари мени лол қолдирганини сиз, балки, билмассиз? Мен бу ерда ўзига хос ажойибу ғаройиб ҳолатлар билан ошно бўлардим. Бу жойдаги ишчи, техник, муҳандис ва бошқа мута-хассисларнинг иш куни ниҳоятда мураккаб, саноатда улар барчасининг иши бир-бирига узвий боғлиқ. Агар улардан бири ўз ишини вақтида бажара олмаса, масалан, электр станцияси ток бермаса, барча ҳаракатдаги механизмлар тақатақ тўхайди. Бу ерда иш тартиб-интизоми, турмуш ритми ниҳоятда аниқ, ниҳоятда тиғиз, ниҳоятда ҳайбатли. Шунинг учун ҳам бу ердаги одамларда ишга, турмушга ниҳоятда ҳушёрлик билан муносабатда бўлиш шаклланган. Умумий иш учун уларнинг ҳар бири ўзини масъулиятли деб билишади.
Биз ёзувчилар, хусусан, ёш ижодкорлар ўша тартиб-интизомни, ўша туйғуни нима учун ўзимизда синаб кўра олмаслигимиз керак экан? Бизнинг ҳар биримиз оқсоқлансак, бошқа ижодкорнинг ўсиши, ривожланишига салбий таъсир қилган бўламиз-ку, ахир! «Қўл-қўлни ювар, икки қўл бирикиб юзни ювар» деганларидай, бизнинг ҳам ишимиз умумий бир иш ахир! Келинглар, бизлар ҳам ҳаёт билан ҳамқадам бўлишни, тез ва дадил фикрлашни, сифатли ва кўп иш қилишни, ўз биродарларимизга меҳрибон ҳис-туйғу билан муносабатда бўлишни ишчи дўстларимиздан ўрганайлик!
Мен таъна-дошномларга тўла пойинтар-сойинтар ушбу фикрларимни фақат бир мақсад учун, яъни бизнинг саъй ҳаракатимиз, келажагимиз ва ишончимиз бўлган ёшлар ёдига яна бир карра солиш учун баён қилдим. Чунки ёзувчилик иши ниҳоятда аҳамиятли, ниҳоятда улкан ишдир! Адабиёт оламига бутун юрак амри билан ниҳоятда қизиқиб ҳамда чин дилдан ёпишмоқ лозим. Адабиёт буни ҳар бири-миздан талаб қиладиган ва шунга арзийдиган улкан бир ижод уммо-нидир!
Мен ўтган йили Мари вилояти-даги бир жамоа хўжалигида бўлдим. Жамоа меҳнатчилари билан очиқ-ойдин жонли суҳбат олиб бордик. Ўша жойда мутлақо хаёлимга келмаган бир ҳолат юз берди. Ёшулли бир одам «Қизлар дунёси»ни ёддан ўқий бошлади. Мен унинг бу ҳаракатидан жуда хурсанд бўлдим. Шахсан ўзим ўша ёзган поэмамни ҳеч қачон ёддан айта олмасдим. Сўнгги вақтларда эса унинг сатрларини ҳам унутгандим… Мен буларни халқимизнинг адабиётга чексиз ҳавас билан қараётганини яна бир бор эслатиб қўйиш учун тилга оляпман.
Биз ёзувчилар халқ учун ва халқ ҳақида ижод этамиз. Халққа хизмат қилишдан бошқа бирор ҳурматли ва масъулиятли иш йўқ. Ўша хизматнинг ўзи шунчаки юзаки ҳаракат бўлмай, чин дилдан қайнаб чиққан ҳаракат бўлиши даркор. Шоир, ёзувчи ва танқидчининг юраги ўшанда кам-кўстсиз мавжланади. Биз хизмат қилаётган ишимизнинг ниҳоятда юксаклигини ҳеч ким ҳеч қачон бир дақиқа ҳам эсдан чиқазмаслиги, юрагининг ҳар бир уришида уни доимо ҳис қилиб турмоғи лозим.
Халқнинг қўлимизга берган ва бизга ишонган яроғи ниҳоятда кескир. Биз ўша яроқни доимо покиза сақлаб, муқаддас иш учун тинимсиз пок юрак билан ишлатайлик.
1958 йил

Туркман тилидан Машариф Сафаров, Азимбой Бобониёзовлар таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 1-сон.