Машҳур танқидчи ва адабиётшунос Бенедикт Сарновнинг бу асари ўзи учун одатий бўлмаган, бўлакча бир жанрда ёзилган. Унда «тўқиб чиқарилмаган», кулгили, ғамгин, гоҳо фожеий воқеалар қаламга олинган. Муаллиф ўзи гувоҳ бўлган, дўстлари, замондошларидан эшитган ғаройиб воқеалар ҳақида мароқ билан ҳикоя қилади. Сюжет жиҳатидан бир-бири билан боғланмаган бу тафсилотлар ўтган асрнинг характерли жиҳатлари, шўро сиёсати билан боғлиқ ғаройиботлар, айниқса ўша даврдаги адабий муҳит ҳақида анча ёрқин тасаввур беради.
ЎЗБЕКНИНГ ГОРЬКИЙСИ
Василий Семёнович Гроссман Тошкентга келган эди. Бу воқеа ҳали унинг бошига ташвиш-кулфатлар тушмасдан анча илгари содир бўлганди. Тошкентлик ёзувчилар учун у анча мартабали бир зот эди: орденли, унвонли ва ҳоказо. Эҳтимол, ўша ташрифнинг ўзи ҳам расмий эмас, хусусий бўлгандир. Нима бўлганда ҳам уни зўр иззат-икром билан кутиб олишади. Шоҳбекат йўлагида маҳаллий “классик”лар саф тортиб туради. Уларнинг бошлиғи пойтахтлик меҳмонга ҳамкасбларини шундай таништира бошлайди:
– Марҳамат қилиб танишинг. Мана бу – бизнинг Маяковскийимиз… Катта ўзбек шоири… Новатор… Ўзбекнинг Маяковскийси… Бу эса – бизнинг Алексей Толстойимиз. Тарихий романлар ёзади. Мана бу эса бизнинг Гайдаримиз. Болалар ҳақида китоблар ёзади. Ўзбекнинг Аркадий Гайдари…
Гроссман қўл бериб кўришаркан бош ирғаб қўярди. Охири сабри чидамай сўради:
– Дарвоқе, қани ўзбекнинг Горькийси?
Ёзувчилар бошлиғи андаккина ўнғайсизланади, кейин ийманибгина жавоб беради:
– Ўзбекнинг Горькийси… мен ўзимман…
ЖЎЯЛИ МАСЛАҲАТ
Мени ҳамиша Светлов, Жаров, Безименский, Уткин каби ижодкорларнинг 30- йиллардаги даҳшатли қатағонлардан қандай омон қолгани ҳайратлантирарди. Яқинда Светлов тақдирига дахлдор шундай бир ҳужжат билан танишиб қолдим.
Михаил Аркадьевични сўроқ қилган терговчи шоирга хайрихоҳдек (эҳтимол, шеърлари ёққани учундир) эди. У дастлабки сўроқлар билан иш бир ёқли бўлмаслигини сезгандек, шоирга шундай маслаҳат беради:
– Биласизми нима қилиш керак? Сиз кўпроқ ичинг. Ҳамма ерда кайфингиз тарақ ҳолда кўриниб туринг. Аста-секин ҳамма сизни алкаш экан деб ўйлай бошлайди, шунга кўникади, ҳеч ким сизга жиддийроқ эътибор бермайди. Қарабсизки, ҳамма бало-қазодан қутулиб қоласиз.
Охир-оқибат бу терговчининг ўзи ГУЛАГ қамоқхоналарида адойи тамом бўлади. Унинг жўяли маслаҳатига амал қилган Светлов эса қатағоннинг аёвсиз тегирмонидан бутун чиқади.
ОЛОМОН ФИКРИ
Зошченко ва Ахматова ҳақидаги ўша машҳур қарор эълон қилинган кунлар эди. Шаҳардаги кичик бир дўконда одамлар нимагадир тирбанд бўлиб навбатда туришарди. Ҳамманинг вақти зиқ, ҳамма шунақа навбатни туғдирган ароқхўр, ўғри дўкон мудирини болохонадор қилиб сўкар, уни аллақачон қамоққа тиқиб қўйиш керак, деб жаврар эди.
– Уни қамаб қўйишса хотинига жабр бўлади, – дейди бир кампир ачиниб. – Хотин боёқишнинг айби нима?
– Ҳа, – уни қувватлайди бошқалар. – Хотинлар ҳамма нарсага балогардон. Мана ҳозир ҳам шунақа бўляпти, Зошченконинг ярамас, тубан эканлигини ҳамма билади, аммо унинг хотини Ахматовани нега сўкишади? Ҳамма ишкал унинг эрида-ку!
– Ҳа, бечора хотинга қийин бўлди, – навбатда турган оломон якдиллик билан хайрихоҳлик билдиради.
КИМ КИМДАН ОР ҚИЛАДИ?
Зошченконинг бошига кулфатлар тушиб, камбағалчиликда қийналиб юрган кунларнинг бирида уйининг рўпарасига ялтироқ бир машина келиб тўхтайди. Унда Катаев иккита танноз хоним билан ўтирганди. Валентин Петровичнинг димоғи чоғ эди. У бир боғлам салмоқли пулни қўлида ўйнатганча қувноқлик билан хитоб қилади:
– Миша! Буни қара! Бу қалам ҳақи, ҳозиргина олдим, икковлон буни ювишимиз керак!
Деразадан қараган Зошченконинг бу таклифга парво қилмаганини кўриб, Катаев масалага аниқлик киритади:
– Мени сен билан мулоқотда бўлишдан ор қилади деб ўйлама!
– Аҳмоқ! – дея жавоб қилади Зошченко. – Сен эмас, мен ор қиламан!
ҲАММАСИНИ ЎЧИРАВЕРИНГ!
Илья Григорьевич Эренбург ёзувчиларнинг мажлисларига камдан-кам келарди. Фақат энг муҳим деб ҳисобланган қандайдир бир мажлисгагина келарди. Навбатдаги йиғилишда бошқарувни сайлаш масаласи кўрилаётганди.
Овоз бериш учун бюллетенлар тарқатилади. Унда Смирнов фамилияли уч нафар ёзувчининг номи ҳам қайд қилинганди. Уларнинг биринчиси машҳур носир, ашаддий антисемит сифатида кўпроқ ном қозонган Василий Александрович Смирнов эди. Ана ўша ноёб хислат-ларига монанд у «Дружба народов» журналининг бош муҳаррири эди.
Иккинчи Смирнов шоир эди, у ҳақда турли эпиграммалар тўқилганди.
Учинчи Смирнов «Брест қалъаси» асарининг бўлажак муаллифи Сергей Сергеевич Смирнов эди. У бу воқеалардан сал олдин «Новий мир» журналида Твардовскийнинг муовини бўлган, Твардовскийни ишдан олишганда қўрқоқлик ва ҳатто хоинлик қилган эди. Кейинчалик у Пастернакни ёзувчилар уюшмасидан ўчирган мажлисни бошқарганди.
Ҳозирча, Пастернакни уюшмадан ўчириш воқеасига ҳали узоқ эди, қолган икки Смирновларга қараганда Сергей Сергеевич ҳалолроқ, ўша кезларда айтилган ибора билан таърифлаганда, тараққийпарварроқ ҳисобланарди. Бунинг устига унинг «Новий мир»даги хатти-ҳаракати ҳали ҳаммага ошкор бўлмаганди.
Хуллас, шу чалкашликлар гирдобида Эренбургнинг боши қотади, бориб Твардовскийдан маслаҳат сўрайди:
– Александр Трифонович! Бу ерда уч нафар Смирновнинг номи турибди. Менга улардан иккитасини ёмон, биттасини яхши дейишди. Сиз менга булардан қайси бирини ўчиришим лозимлигини айтол-майсизми?
– Учаласини ҳам ўчираверинг. Янглишмайсиз.
ДЎСТЛАР ВА ДУШМАНЛАР
Ўтган асрнинг 60-йиллари мамлакатимизда «имзо чекувчилар» ҳаракати кенг қулоч ёзганди. Ёзувчилар (албатта, фақат ёзувчилар эмас, аммо мен бу соҳадагиларни яхшироқ билганим учун кўпроқ шулар ҳақида ёзаяпман) таъқиб қилинаётган диссидентларни қўллаб ёзилган жамоавий хатларга имзо чекардилар. Аввалига раҳбарият бу воқеанинг ўзини тан олгиси келмади, кейинчалик сал ташвишга тушиб қандайдир чора-тадбир кўришга чоғланади. Дастлабки чоралар юмшоққина бўлади. «Имзочилар» турли суҳбатларга чорланиб, тарбиявий ишлар олиб борилади, айни чоғда мабодо улар ўзбошимчаликни яна давом эттиргудай бўлишса, охир-оқибат жазо берилиши лозимлиги уқтирилади.
Лидия Корнеевна Чуковскаяни ҳам ана шундай суҳбатга чорлашади.
У билан Ёзувчилар уюшмаси Москва бўлими котиби Виктор Тельпугов суҳбатлашади.
Хонимга у имзо чеккан хатни радио орқали «душман овозлари» ҳамма ёққа ошкор қилаётганини афсус билан маълум қиларкан, котиб шундай дейди:
– Ахир душманлардан ёрдам сўрашга қандай журъат қилдингиз, Лидия Корнеевна?
– Мен тушунмайман, – дея елкасини қисади Лидия Корнеевна, – нега энди асарларимни матбуотда босиб чиқараётганларни душман, ҳатто номимни ҳам тилга олишни тақиқлаб қўйганларни эса дўстим дейишим керак? Нега?..
ПАУСТОВСКИЙ ВА МУШУК
Паустовскийнинг мушук билан ғаройиб муомала қилиши ҳақида унинг хотини Татьяна Алексеевна шундай ҳикоя қилади. Константин Георгиевичнинг ўзи эса гурунг давомида чурқ этиб оғиз очмайди.
– Агар мушук иш столига сакраб, ишлаётган қўлёзмаси устига ётиб олса, – дейди ёзувчининг рафиқаси, – Константин Георгиевич стол чироғида ҳузур қилиб исинаётган мушукка халақит бермаслик учун жониворнинг танасига тегинмай, бамайлихотир ёзишда давом этаверади. Ва ниҳоят, қоғознинг мушук танаси банд қилмаган қисми ёзиб тўлдирилгач, янги саҳифага ўтиш зарурати туғилади. Энди иложсиз қолган ёзувчи ижодини давом эттириш учун ёрдамга чақиради:
– Таня! Мушукни ҳайдаб юбор!
– Константин Георгиевич, шу гап ростми? – деб сўрайман ёзувчидан. Паустовский индамай бош ирғайди.
– Нега энди уни ўзингиз ҳайдаб юбора қолмайсиз?
– Мушук билан дўстлигимни бузгим келмайди.
ВАҚТИНЧАЛИК БАҒИШЛОВ
Советлар давридаги цензура билан қандай курашгани ҳақида Евгений Евтушенко «Огонёк» журнали саҳифаларида шундай ҳикоя қилади. Мен унинг сўзларини айнан келтираман.
– Менинг энг дадил ҳийлаларимдан бири Пастернак ўлимига бағишланган «Тўсиқ» («Ограда») деган шеъримни қандай эълон қилганимдир. Пастернак номи ўша кезлар совет матбуотида Ватан хоини деган тушунча билан баробар эди. Бу шеърни ҳатто бағишловсиз чоп этиш ҳақида ҳам гап бўлиши мумкин эмасди, илло унда Пастернак образи анча бўртиб турарди. Бу орада шоир В. Луговской вафот этиб қолади. Мен шоирнинг беваси Е.Биковадан цензурани чалғитиш мақсадида шеърни вақтинча Луговской хотирасига бағишлаб туриш учун лутфан ижозат беришини сўрадим. Барибир жамоатчилик, китобхонлар гап ким ҳақида кетаётганини яққол сезиб туришарди. Луговскойнинг беваси эса ғамгин кулимсираб, «Володя хафа бўлмайди, буни тушунади…» дея рози бўлади.
БИЗДА ИЖОБИЙСИ БЎЛМАЙДИ
Мен бир вақтлар «Новий мир» журналида, таҳририятга келган қўлёзмаларга жавоб ёзиш билан тирикчилик қилардим. Қўлёзмалар бир маромда келиб турарди. Ҳар бир берилган жавоб учун арзимас ҳақ тўланар, аммо мен сон кетидан қувиб, ҳақимни чиқариб олардим, қўлёзмалар оқимининг эса таги кўринмасди.
Кунлардан бир куни навбатдаги жавобларимни топшириб, энди ташқарига чиқмоқчи бўлиб турганимда қоровул хотиннинг овозини эшитиб қолдим. У ким биландир телефонда гаплашарди.
– Оласиз, – дер эди у. – Албатта оласиз… Қачон топширган эдингиз шеърларингизни? Бир ой олдин дейсизми? Ҳа энди, мана тез орада жавобини оласиз… Нима лозим бўлса ҳаммасини сизга ёзиб юборишади… Нима дедингиз исми шарифингизни? Булига?.. Сиз ҳаяжонланманг, ўртоқ Булига, албатта жавобини оласиз… Қанақа жавоб дейсизми?.. Салбий-да…
Худди мана шу ерга келганда мен тўхтаб қолдим ва қизиқиб қулоқ сола бошладим.
Мен жавоб қилган қўлёзма муаллифлари орасида дарҳақиқат Булига дегани ҳам бор эди. (Камёб фамилия бўлгани боис эслаб қолгандим). Энг қизиғи шундаки, Булиганинг шеърларига ёзган жавобим ростдан ҳам салбий эди.
– Бунисини мен билмайман. Бир нарса деёлмайман, – дея гапида давом этарди Паша хола. – Бу ёғини сизга батафсил ёзиб юборишади. Аммо менинг аниқ билганим шуки, жавоби салбий бўлади…
Телефондаги ғаройиб мулоқот якунига етгач, мен сўрадим:
– Паша хола! Унга жавоб салбий бўлишини сиз қаердан биласиз?
– Бизда ижобийси бўлмайди-да!
ШКЛОВСКИЙ БЕЛОМОРКАНАЛДА
Ўтган асрнинг 30-йиллари Виктор Борисовичнинг акаси, машҳур филолог Владимир Борисович Шкловский қамоққа олинади. Виктор Борисович ёрдам сўраб Горькийга мурожаат қилади, у эса андак оғриниб бўлса-да, Ягода билан гаплашиб кўришга ваъда беради. Натижада Ягоданинг ўзи Шкловскийга телефон қилади. Исми шарифини тўлиқ айта туриб, у Владимир Борисович Беломорканалга «қайта тарбияланиш» учун юборилгани, у ерда шарт-шароит яхши экани, агар истаса буни шахсан ўзи бориб кўриб келиши мумкинлигини айтади. Айни чоғда бу бунёдкорлик жабҳасида жавлон ураётган собиқ жиноятчиларни чекистлар жамиятнинг фойдали аъзоларига айлантираётганини ўз кўзи билан кўришини писанда қилади. Хуллас, Виктор Борисович жўнаб кетади.
Акасини барибир қутқаролмайди: Владимир Борисович охир-оқибат Сталин қатағонида ўлиб кетади.
Виктор Борисовичнинг Беломорканалга сафари чоғида чекистлар энг олиймақом меҳмондай иззатини жойига қўядилар. Унинг кимнинг кўрсатмаси билан келганини яхши билишарди.
Сафар чоғида мутасаддилардан бири азиз меҳмондан бу ерда ўзини қандай ҳис этаётгани ҳақида сўраб қолади.
Шкловскийнинг ўшанда айтган жавоби кейинчалик машҳур бўлиб кетади:
– Ўзимни тери дўконига кириб қолган тирик тулкидай ҳис қиляпман.
АДАБИЁТ УЧУН ЯХШИ ЗАМОН БЎЛМАЙДИ
Шкловский билан жуда кўп мулоқотда бўлганман. Улардан бири, айниқса яхши эсимда қолган. Ўшанда тортишиб, ҳатто жанжаллашиб қолаёзганмиз.
Виктор Борисовичнинг ўзи гап бошлаб қолди.
– Менинг сиздан кўнглим тўқ, – деди у. – Тўғри, замона оғир… Нима ҳам дердим, даҳшатли давр… Аммо ҳамма даврлар шунақа бўлган. Адабиёт учун яхши давр бўлмаган. Менга яхши даврда яшаган биронта ёзувчини айтиб беринг-чи… Ана, айтолмайсиз?.. Ана шунақа!
Ўшанда мени нима жин урди, билмайман, (Шкловский билан илгари ҳеч қачон тортишмасдим, бунга ботинолмасдим) унинг доно фикрига жавобан, йўқ, бунақа эмас, дея ўшқириб юбордим. Йўқ! Ёлғон! Адабиётнинг аҳволи ҳеч қачон ҳозиргидай абгор бўлмаган! Ҳеч бир замонда! Ҳеч қачон адабиёт аҳлига, айниқса ёшларга ҳозир бизда бўлганидай ёмон бўлмаган.
– Сизнинг ҳасратингиз, – жавоб қилади Шкловский фақат ўзигагина хос бўлган қув табассум билан, – эрга тегишдан қўрқиб, «Эҳтимол сизга осон бўлгандир, ойижон! Сиз отамга теккансиз-да! Мени ғирт бегонага узатишяпти!» дея мулоҳаза юритаётган қизалоқни эслатади.
АВТОБУСГА ЙЎЛ БЎШАТИШ КЕРАКМИ?
Виктор Борисович мендан нима ёзаётганим ёки ёзмоқчи эканим ҳақида сўраб (60-йилларнинг бошлари эди) қолди. Мен унга «Шеърият куни» бош муҳаррири Смеляков ким ҳақида бўлса ҳам бирон нарса ёзиб беринг деганини айтдим. Инон-ихтиёрим ўзимда дедим. Мен унга Анна Ахматова ҳақида ёзмоқчи эканимни айтдим. (Узоқ танаффусдан кейин шоиранинг кичкинагина кўк китобчаси босилган эди).
Виктор Борисович хўрсиниб деди:
– Босиб чиқаришмаса керагов.
Мен ҳам, ҳойнаҳой босиб чиқаришмаса керак, дедим. У бунга жавобан барбод бўлиши олдиндан маълум бўлган ишга беҳуда вақт, куч сарфлашнинг нима ҳожати бор дея эътироз билдира бошлади. Мен бизнинг ишимиз натижаси қандай бўлишидан қатъи назар қўлимиздан келганча саъй-ҳаракат қилишимиз лозимлигини айтдим.
Мулоҳазаларимни хотиржам тинглагач, у менга яхши таниш бўлган ўша ёқимли, хомуш табассум билан жавоб қилди:
– Биласизми… Биз автобусга ҳиммат юзасидан йўл бўшатмаймиз…
АДАБИЁТ ВА ҲАЁТ
«Литературная газета»да ишлаб юрганимда Бланк деган ёқимтойгина бир кекса жуҳуд ҳам таҳририятда қандайдир менга номаълум бўлган иш билан куймаланиб юрарди. У ички ҳаёт деб аталмиш бўлим ходими эди. У ерда нима иш қилиши менга қоронғу эди, билишга ҳам қизиқмаганман. Мен ишлайдиган адабиёт бўлими, менинг наздимда, газетадаги энг муҳим бўлим эди, бамисоли давлат ичидаги давлат эди. Бошқа бўлимдаги ходимлар менинг ўша кезлардаги ғўр тасаввуримга кўра иккинчи ва ҳатто учинчи тоифага тааллуқли кимсалар эди. Шундай бўлгач, «Литературка»га тасодифан келиб қолган қанақадир Бланк деган қария бошқа жойда, айтайлик «Социалистическая индустрия» деган газетадами ёки биронта заводнинг кўпнусхали газетасидами кароматини кўрсатиб юраверса ҳам бўладигандек туюларди.
Аммо бир куни мен ўша кезлар адабиёт оламида маълум ва машҳур бўлган Зиновий Паперний деган таниқли зотнинг Бланк билан оғиз-бурун ўпишаётганини кўриб қолдим. У Бланкка меҳру ихлос билан тикилди, елкасидан қоқиб қўйди. Кейин улар ён-атрофдан ўтиб турган менга ўхшаш ёшларга хотиржамгина қараб, нима ҳақдадир узоқ гурунглашишди. Кўпни кўрган кексалар ўтмишни, ўт-олов бўлган ёшлик чоғларини эслашаётгани шубҳасиз эди. Шундагина Бланк дегани ким ўзи, менинг қадрдон газетамда нима иш қилади, деб сўрадим.
– О! Бу жуда ажойиб одам, – дея жавоб қилган эди Паперний. Кейин шундай бир воқеани гапириб берди.
У, яъни Паперний «Литгазета»га келганда бу ернинг тартиб-қоидаси, пасту баландидан бехабар бўлган, муҳаррирнинг биринчи топшириғидан ўлгудек қўрқиб юрган. Охири ўзи кутган ўша даҳшатли лаҳза келади. Уни бош муҳаррир Ермилов ҳузурига чақиртиради. Ёш Паперний юрагини ҳовучлаб муҳаррир хонасига киради. У ерда Бланк ўтирган экан.
Ермилов майдалашиб ўтирмай, икковига қилинажак ишларни тушунтиради. Зудлик билан газетанинг шу сонига «Адабиёт ва ҳаёт» деган бош мақола ёзиш лозим экан. Паперний яна ниманидир сўрамоқчи бўлади, шунда Бланк сўзсизгина имлаб, уни қўлтиғидан олганча ташқарига бошлаб чиқади.
– Энди қандай ишлаймиз? – деб сўрайди талмовсираб қолган Паперний Бланк билан холи қолишгач.
– Ортиқча бош қотиришнинг ҳожати йўқ, – дейди Бланк. – Мен адабиётни мутлақо тушунмайман, аммо ҳаётни биламан. Сиз эса ҳаётни мутлақо тушунмайсиз, аммо адабиётни биласиз. Шунинг учун сиз бориб адабиёт ҳақида ёзинг, мен бориб ҳаёт ҳақида ёзай.
– Кейин буларни қандай қилиб қовуштирамиз? – деб сўрайди Паперний ҳали-ҳамон масаланинг моҳиятини яхши илғай олмай.
– Қийин жойи йўқ, – дея жавоб қилади Бланк. – Сиз ўз қисмингизни «Бу орада адабиёт ҳали…» деган жумла билан тугаллайсиз.
Паперний худди шундай қилади. Бу ғаройиб жумла Бланк ёзган матн билан шундай йиғлаб кўришадики, биронта чок-поки сезилмай қолади. Ҳатто энг талабчан, қитмир газетхон ҳам бу яхлит матн бир-бири билан ҳатто таниш бўлмаган икки киши томонидан ёзилганини пайқай олмайди.
Дарҳақиқат, Бланк адабиётни тушунмас эди. Ҳаётни эса яхши биларди.
ДЕМАК, СИЗЛАР ЁЗУВЧИ ЭМАССИЗЛАР
Институтимизга Эренбург келган эди.
Аввало, институт ҳақида бир оғиз сўз. У «Совет Ёзувчилари уюшмасининг А.М.Горький номидаги Адабиёт институти» деб аталарди. Буюк пролетар ёзувчисининг бошқа жўн, романтик ва беҳуда саъй-ҳаракатлари устидан истеҳзо қилишгани каби ундан кулишарди. Горькийнинг ўзи бир вақтлар ўртага ташлаган «Адабиётда илғорлик сари!..» деган шиор ҳам шундай кулгига сабаб бўлганди.
Шунга қарамай, биз институтимиз билан фахрланардик. Ҳар қадамда институтимизнинг дунёда ягона эканлигини таъкидлашарди. «Ёзувчиликка ўқитиб бўлмайди» деган қитмир гапларга институтимиз ўз низомида қайд этилганидек, ўзини кўрсатган ёш ёзувчиларга олий адабий-филологик маълумот бериш мақсад қилиб қўйилгани айтиларди. Шу тариқа, Адабиёт институтига қабул қилинган ва уни битириб чиққан ёшларни ёзувчи деб ҳисоблаш одат тусига кирган эди.
Бу тартибга кўра, гўё ёзувчи маълумотсиз ва ҳатто андак саводсиз ҳам бўлавериши мумкиндай туюлиши билан бизнинг ишимиз йўқ эди. Бунинг устига бир куни «Правда» газетасида «Ёзувчи зиёли одам бўлмоғи лозим» деган бош мақола чиқиб қолади! Эсимда, бу мақола ёзувчилар ўртасида анча-мунча шов-шувга сабаб бўлганди. Ёзувчилар норози бўлишади: уларни муттасил партиядан, халқдан ўрнак олишга, ҳаётни ўрганишга даъват этишаётгани камлик қилганидек, мана энди зиёли бўлишга ҳам мажбурлашяпти!
Аммо бу воқеалар анча кейинроқ содир бўлган эди. Ўша вақтда мен Адабиёт институтида ўқирдим, ҳалигидақа беъмани талаблар ҳали ёзувчилар олдига қўйилмаганди. Сабоқдошларимнинг ҳеч бири ўзининг ёзувчи эканлигига шубҳаланмасди. Кўпчилигимиз матбуотда кўриниб турардик, айримларимизнинг биринчи китобларимиз чоп этилиш арафасида эди.
Шундай қилиб, ўқув даргоҳимизга Эренбург келади.
У бизга ёзувчилик маҳоратининг сир-асрорлари ҳақида уч кун маъруза ўқийди.
Уни жуда ҳайрат билан тинглашди деёлмайман, ҳарқалай қизиқиш бор эди. Ҳаммаси сип-силлиқ кетаётганди-ю, аммо учинчи кеча якунланаётганда қизиқ бир ҳол юз беради.
Қаҳрамоннинг ўлимини тасвирлаётган ёзувчи гўё ўз ўлимини ёзаётгандек бўлиши ҳақида ҳикоя қиларкан, Эренбург Бальзак билан боғлиқ ўша ҳаммага ёд бўлиб кетган машҳур тафсилотни тилга олади.
– Бир куни Бальзакнинг олдига, – дея ҳикоя қила бошлайди у, – ўртоғи келади. У ёзувчининг оромкурсидан беҳол йиқилаётганини кўради. Томир уриши заиф ва нотекис эди. «Тезда дўхтир чақиринглар!» – деб хитоб қилади ўртоғи. –Жаноб Бальзак жон беряпти!» Бу қичқириқдан ўзига келган Бальзак шундай дейди: «Сен ҳеч нимани тушунмайсан. Ҳозиргина Горио ота ўлди…»
Залда кулги кўтарилади.
Ўтирганларнинг ҳаммаси кулди деёлмайман, аммо бу бир-иккита ола қарғанинг кулгиси ҳам эмасди. Кўпчилик, айтиш мумкинки, деярли ҳамма кулиб юборади.
Эренбург оқариб кетади. Лаблари титрай бошлайди. Бу кулги унинг нақ юрагига зарба бўлиб урилгани кўриниб турарди. Ўзини ҳақоратлангандек сезади, жавоб ҳам шунга яраша бўлмоғи лозим эди. Ва у шундай жавоб қилади:
– Сизлар куляпсизларми? – у залга қаҳр билан тикилади. – Демак, сизлар ёзувчи эмассизлар!
ИККИ ҚАТОРГИНА ЯХШИ НАРСА ЁЗГАН
«Литературная газета»да ишлаб юрганимда Михаил Матвеевич Кузнецов деган ёқимтойгина одам бошлиғим эди. Биз тезда у билан дўстлашиб кетдик, «сен»лашиб гаплашадиган бўлдик. Мен уни суйиб Михмат деб атардим. Бошлиқлар билан бунақа апоқ-чапоқ бўлиб кетиш камёб воқеа эди. Михматнинг ёши ҳам улуғроқ, эгаллаб турган мавқеи ҳам баланд эди, мен бор-йўғи оддий ходим (жарангдорроқ бўлиши учун бизни махсус мухбир деб аташарди), у эса бош муҳаррир ўринбосари эди.
Иш юзасидан Михмат билан тез-тез тортишиб турардик. Фақат мен билан эмас, бошқа ходимлар билан ҳам унчалик чиқишмасди. Михмат ҳамма билан яқиндан тил топишиб кетса-да, газетада бирон қалтисроқ нарсани бервормасмикин дея ҳар биримиздан ҳадиксирайверар, бунга андак асоси ҳам бор эди. Бунақа масалада эътиқодида муқим турарди. Гоҳо шундай гап қотарди:
– Йўқ, йигитлар, бунақаси кетмайди! Бу сиёсатга тўғри келмайди!
Айрим ҳолларда эса бунақа айблов сал бошқачароқ жарангларди:
– Йўқ, йигитлар, бунақаси кетмайди! Буни ҳазм қилиб бўлмайди!
Сиёсат бобида ҳам, ўша ҳазми қийин нарса борасида ҳам Михмат фақат бизга эмас, ўзига ҳам унчалик ишонмасди, муттасил ҳадиксирайверарди. Биз унга ёзган нарсаларимизда сиёсатга зид, ҳазми қийин материаллар йўқлигини, бу нарсалар унинг кўзига рўёдек кўринаётганини айтар эдик.
Хуллас, бир куни Михмат мени хонасига чақириб, эътирозга ўрин қолдирмай топшириқ берди:
– Мана бу Панферовнинг мақоласи. Газетанинг шу сонида босилиши керак. Сен унга масъулсан. Фақат, яна бирон ишкал чиқариб ўтирма. Ҳеч қанақа таҳрир-паҳрир бўлмасин… Бирон нуқтасига тегинмайсан… Панферов – бу Панферов! Саводли ёзилганми, саводсизми, ишинг бўлмасин, қандай қоғозга тушган бўлса, шундай босамиз… Гапимни тушундингми? Биронта нуқта-вергулига тегма!..
Мен елка қисиб, тирик классикнинг қўлёзмасига ҳатто қараб ҳам қўймай, матн кўчирувчиларга элтиб бердим. Қўлёзма кўчирилгач, уни яна ўшандоқ ўқимай ҳарф терувчиларга топширдим. Босилиб чиққан саҳифани ҳам ўқиб ўтирмай (биронта нуқта-вергулини ўзгартириш мумкин бўлмагандан кейин ўқишнинг нима кераги бор?) қўл қўйиб юбордим. Аммо назорат саҳифаси босилиб чиққанда, «Ҳай майли, ўқисам бир ўқиб қўяй нима бало ёзилганини!» деган фикр хаёлимга келди. Ва ўқиб чиқдим. Унда ёзилган шундай ғалати жумлани ўқиб, ҳайратдан ёқа ушлаб қолдим:
«Мана қирқ йилдан буён совет халқи дуч келган даҳшатли қийинчиликларни енгиб, қон ютиб, ахлатларга кўмилиб, сабр-тоқат билан коммунизм қурмоқда!»
«Қон ютиб, ахлатларга кўмилиб»… Топиб айтганини қаранг. Айниқса «сабр-тоқат» ҳақида айтгани мени завқлантириб юборди. «Энди ўлсанг ҳам бўлаверади, бундан зўр ёзолмайсан!» дейдиган одам йўқ.
«Ҳали шошмай тур, – ўзимча Михматни яниб қўйдим. – Ҳозир сенга биронта нуқтани ўзгартирмаслик қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман!»
– Ихтиёр ўзингда, Михмат, – дедим бошлиқнинг хонасига кириб, – аммо мен бу топшириғингни бажаролмайман. Панферовнинг мақоласидаги айрим жумлаларни барибир таҳрир қилмаса бўлмайди.
– Мен сенга гапнинг пўст калласини айтдим! – дея бақирди Михмат. – Биронта нуқтасини ўзгартирмайсан! Сизларнинг одатдаги найрангларинг бу ерда кетмайди! Уни Панферов дейишади! Унинг ўз услуби бор! У, керак бўлса, андак мурувватга ҳам ҳақли!..
– Ҳақли бўлса ҳақлидир, – дедим. – Бош устига. Аммо менинг фуқаролик бурчим йўл қўймайдиган айрим нарсалар ҳам бор…Истаганингни қил, аммо бу мақолага мен имзо чеколмайман…
Ана шунда Михмат жазавага тушиб бақира кетди. Анчагача кимларнидир қоралаб гапирди. Тез орада Митя амаки (асосий ғанимимиз – Партия Марказий Қўмитаси маданият бўлими бошлиғи Дмитрий Алексеевич Поликарпов) ҳаммамизни ишдан ҳайдаб юборса тўғри бўлишини писанда қилди…
У сал ҳовридан тушгач, мақоланинг ўша жойини кўзига тўғрилаб қўйдим.
Бошқа бақиришга Михматнинг ҳоли қолмаган, шу боис мен тутқизган матнни ўқимоқдан ўзга иложи ҳам йўқ эди. Масаланинг моҳиятини тушуниб етгач, дами ичига тушиб кетди.
– Буни нима деб аташ ўзингга ҳавола, – дедим ачитибгина. – Сиёсатга қарши дейсанми, ҳазми қийин дейсанми – ихтиёринг!
Михмат ўзининг таҳрирда ишлатадиган қизил қаламини олиб, пешонасини тириштирганча, ҳатто андаккина таассуф билан мақоладаги ўша нордон сатрларни бўяшга тушди.
Унинг афсус-надомати тушунарли эди. Ахир Федор Иванович Панферов узоқ ҳаёти давомида ана ўша икки қатор жумладан кўра яхшироқ нарса ёзолмаган эди.
КАЗАКЛАР БАҲСГА АРАЛАШГАНДА
Россия Фанлар академиясининг А.М.Горький номидаги жаҳон адабиёти институти анча нуфузли даргоҳ. У ерда ўтказиладиган жамики илмий баҳслар ўта академик мақомига эга ҳисобланади.
Аммо бу гал масала андак бошқачароқ тус олди.
«Тинч Дон»ни ростдан ҳам Михаил Шолохов ёзганми ёки бошқа муаллифми деган масала муҳокама қилинаётган эди.
Баҳс андак ланжроқ давом этарди. Аксарият сўзга чиқувчилар Михаил Александровичга ҳурмат-эҳтиромини изҳор этишар, унинг даҳосидан ҳайратланишар, унинг муаллифлиги борасидаги ҳар қандай шубҳа-гумон қабоҳатдан бошқа нарса эмаслигини таъкидлашар эди.
Кимдир Шолохов шунчаки рус ёзувчиси эмас, айни чоғда православ ёзувчиси ҳам эканини писанда қилди. Айримлар уни атеист бўлган дейишди. Тўғри, аммо бу ҳеч нимани англатмайди, зеро рус тупроғидаги атеизм православликни инкор этмайди.
Ёзувчи Пётр Проскурин орадан беш юз, минг йиллар ўтгач ХХ асрда яшаб ўтган рус ёзувчиларидан саноқлиларигина эсга олинишини айтди. Ана ўша саноқли адибларни ҳозир айтиши мумкин, аммо залда ўтирганларни хижолатга қўймаслик учун бундай қилолмайди. Шу боис фақат Шолоховнинг номинигина тилга олади.
Бошқалар ҳам тахминан шу йўсинда гапирдилар.
Ушбу мадҳиябозлик ичида Шолоховнинг муаллифлигига шубҳа билан қаровчиларнинг овози эшитилмай қолди.
Илмий конференцияга таклиф этилган Шолоховнинг ҳамюртлари баҳсга нуқта қўйдилар.
Дон казаклари вакили сўзга чиқиб, айнан шундай дейди:
– Россия олдида ва жамики ҳалол одамлар ҳузурида, оммавий ахборот гувоҳлигида шуни алоҳида таъкидлаб айтиб қўймоқчиманки, агар кимда-ким Шолоховнинг «Тинч Дон»ни ёзганига ишонмаса, казаклар бунақа одамни калтаклайди! Аёвсиз калтаклайди! Агар улар яхшиликча тушунишни исташмаса, казакларнинг анъанавий мана шу усулини қўллашга мажбур бўламиз! Хўш, нима дейсизлар, казаклар? Гапим маъқулми?
Таклиф этилган казаклар бараварига хитоб қилишди:
– Маъқул!
Илмий баҳс ана шундай якун топди.
ЯГОНА ИМКОНИЯТ
Елена Сергеевна Булгакова эрининг ўлими олдидан унинг асосий китоби – «Уста ва Маргарита» романини чоп этмагунча жон бермаслигини айтиб, қасам ичади. Ва ўз қасамига содиқ қолади.
Вақти-соати етганда бир куни у роман қўлёзмасини «Москва» журналига олиб боради.
Бундоқ қараганда бу тентаклик эди. Ўша кезлар Булгаковни чоп этиши мумкин бўлган ягона журнал «Новий мир» эди. Аммо «Новий мир» яқиндагина Булгаковнинг «Театр романи»ни босиб чиқарганди. Шу боис Елена Сергеевнанинг «Москва» журналига боришдан бошқа иложи қолмаган эди. «Октябр» журналига – Кочетовга рўпара бўлиш ақлга сиғмасди!
«Москва» журналида ўша кезлар «Рубанюклар хонадони» романининг муаллифи Евгений Поповкин бош муҳаррир эди. Бу романни ўқимагандим, аммо фикримча, бу роман Кочетовнинг «Ака-ука Ершовлар» деган романига (буни ҳам ўқимагандим) ўхшарди.
Маърифатли китобхон ҳойнаҳой бу ҳазилни Генрих Гейнедан ўғирлаганимни сезиб турибди.
Агар беҳазил айтадиган бўлсак, Поповкиннинг номи эндиликда Сартаков, Пермитин, Закруткин каби унутила бошланган социалистик реализм намояндалари билан бир қаторда турар, кимдир ҳазил қилиб айтганидек, улар армия ва флотнинг қўллаб-қувватлаши туфайлигина ёзувчи бўла олишлари мумкин эди.
Аммо маълум бўлишича, Евгений Ефимович Поповкин, ҳарқалай, нимаси биландир улардан фарқланар экан.
«Уста ва Маргарита»ни ўқиб чиққач, у Елена Сергеевнага романни журналда босиб чиқариш мутлақо мумкин эмаслигини айтади.
– Аммо, – дея қўшимча қилади у, – бу менинг адабиёт тарихида қолишим учун берилган ягона имконият эканини тушунаман.
Бош муҳаррир ақл бовар қилмайдиган ишни амалга оширади. Романни журналда босиб чиқаради.
ОЛОВ ОСМОНДАН ТУШАДИ
«Новий мир» журнали таҳририятида Солженициннинг «Иван Денисовичнинг бир куни» қиссаси пайдо бўлгач, Твардовский бу асар учун оқибати ҳойнаҳой кўнгилсиз тугайдиган курашга бел боғлашдан олдин уни яқин дўстларига ўқиб чиқиш учун беради: уларнинг қўллаб-қувватлашига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлади. Асарни биринчилар қатори ўқиб чиққанлардан (таҳририят ходимларини мустасно этганда) бири Самуил Яковлевич Маршак эди.
Менга бу ҳақда у шундай деган эди:
– Мен ҳамиша Александр Трифоновичга аввало сабр-тоқат билан гулханнинг қаловини топиш керак деганман. Оловнинг ўзи осмондан тушади…
Қисса қўлёзмасини «Новий мир»га Лёва Копелев келтирганди. Ҳеч қандай осмондан тушадиган олов ҳақида гапириб ўтирмаган. У қўлёзмани Ася Берзерга ботиниб-ботинмайгина тавсия қиларкан, ўқиб чиқишни сўрайди. Балки мақташга журъат қилолмагандир, балки ростдан ҳам қисса унчалик маъқул бўлмагандир, азбаройи Александр Исаевич билан дўстона муносабатда бўлгани учун асарни журналга топширгандир. Аммо Ася қўлига фалакнинг гардиши билан қандай ноёб, қимматли асар келиб тушганини дарҳол англайди, пайтини топиб, бунақа ҳолатларда нима дейиш лозим бўлса ҳаммасини айтиб, қиссани Твардовскийнинг қўлига беради.
Твардовский қўлёзмани олиб, ўша кечасиёқ ўқиб чиқишга ваъда беради. Мутолаани анча кеч, тўшакка ётганида бошлайди. Аммо бир неча саҳифани ўқиб чиққач, бунақа нарсани ётган ҳолатда ўқиш мумкин эмаслигини англайди. Ўрнидан туради, кийиниб, столга ўтиради. Охиригача ўқиб чиққач, яна қайтадан ўқий бошлайди, асардан бош кўтаролмай қолади. Ана ўшанда бу асарни босиб чиқариш учун қўлидан келадиган ҳамма ишни қилишга қатъий аҳд қилади.
Александр Трифоновичнинг журналдаги дўстлари, сафдошлари унинг бу эзгу ниятини қўллаб-қувватлайдилар. Аммо улардан энг яқини, Твардовскийнинг ўнг қўли, унга ва журналга ўта садоқатли, ҳаётда кўп оғзи куявериб эҳтиёткор бўлиб қолган Александр Григорьевич Дементьев юзма-юз келганда, ҳарқалай шундай дейди:
– Билиб қўй, Саша! Мабодо бу нарсани босиб чиқаролганимизда ҳам улар бизни бунинг учун кечиришмайди. Шу билан журнални ҳам бой бериб қўямиз.
У ақлли одам эди: ер тагида илон қимирласа сезарди.!
Твардовский тортишиб ўтирмайди. Адаши тўғри айтаётганини биларди.
– Журнал биз учун қандай аҳамиятга эга эканини биласанми, Саша, – дея давом этади Александр Григорьевич, – у фақат бизники эмас. У бутун Россияники…
– Тушунаман, – дея жавоб қилади Твардовский. – Аммо бу нарсани босолмасам, бунақа журналнинг менга нима кераги бор?
ИККИ ХИЛ ДУНЁ
Москвада узоқ йиллар машҳур америкалик журналист, нуфузли Америка газеталаридан бирининг мухбири Генри Шапиро яшаган ва хизмат қилган эди. Унинг исми шарифи аҳён-аҳён бизнинг газеталарда ҳам кўриниб қоларди. Кунлардан-бир куни у ҳатто Сталиндан интервью олиш шарафига ноил бўлган. Марказий адабиётчилар уйида ҳам Шапиро деган жиккаккина, нимжон бир яҳудий бўларди. Қанақа муносабат туфайли унинг номи билан ана ўша машҳур Америкаликнинг исми шарифи ўртасида ғалати бир дахлдорлик пайдо бўлганидан хабарим йўқ, балки шунчаки кулги учундир, ҳарқалай ёзувчилар ўртасида шунақа ғаройиб атама пайдо бўлади. Ўзим ҳам гоҳо «Икки хил дунё, икки хил Шапиро» деб қўярдим. Аммо ҳар гал бу луқмани такрорлаганимда бечора совет кишисининг америкалик билан тенглашишига йўл бўлсин дегандек, коса тагидаги нимкосани назарда тутардим.
Бу иборанинг ҳақиқий маъноси бир куни «Известия» газетасидаги америкача ҳаёт тарзи билан бизнинг туриш-турмушимиз қиёслаб ёзилган мақолани ўқиганимдан сўнг яққолроқ англашилди. Америкада кўп йиллар яшагани кўриниб турган муаллиф мақоласида ёрқин бир мисол келтиради. Мана айтайлик, америкаликлардан бири Америкадаги қандайдир бир идорага телефон қилиб, сўрайди:
– Жаноб Бейкер билан гаплашсам бўладими?
Ишига пишиқ-пухта котиба бурро жавоб қилади:
– Жаноб Бейкер ҳозир таътилдалар. Унинг ўрнида жаноб Таккер ишлаяпти. Унинг телефони фалон-фалон. Агар сиз жаноб Таккер билан гаплашишни истасангиз, ҳозироқ улашим мумкин.
– Бизда эса, – дея афсус-надомат билан қайд қилади мақола муаллифи, – бунақа ҳолатларда бутунлай бўлакча манзарани кузатасиз. Мана ўша саволни бериб кўринг:
– Ўртоқ Петькин билан гаплашсам бўладими?
– У йўқ! – дея жавоб қилади котиба ва гўшакни шарақлатиб жойига қўяди.
Сиз иккинчи марта яна ўша рақамни терасиз.
– Кечирасиз, мен ҳозиргина сизга телефон қилувдим. Менга ўртоқ Петькин керак эди. Сиз уни йўқ дедингиз. Буни қандай тушунсам бўлади? Балки, у бирор соатдан кейин келиб қолар? Эҳтимол, у энди бу ерда ишламас?
Котиба яна гапни калта қилади:
– У таътилда.
Шундай дея яна гўшакни жойига қўяди.
Сиз яна телефон қиласиз:
– Кечирасиз, яна мен безовта қиляпман. Ўртоқ Петькин қачон таътилдан қайтишини айтолмайсизми?
– Ойнинг охирида.
Яна гўшак шарақлайди.
Андак ўйланиб тургач, сиз яна ўша рақамни терасиз:
– Худо хайрингизни берсин, мени кечиринг, жонингизга теккан-дирман. Балки сиз менга жаноб Петькиннинг ўрнига ким ишлаётганини айтарсиз?
– Ўртоқ Васькин.
Яна телефон узилиб қолади.
Сиз яна телефон қиласиз:
– Сизни шунақа безовта қилаётганимдан жуда хижолатдаман, – илтижо билан яна паст келасиз.– Барака топинг, агар сизга малол келмаса, менга жаноб Васькиннинг телефонини берсангиз!
Ниҳоят, сиз таътилга чиқиб кетган жаноб Петькиннинг ўрнига ишлаб турган жаноб Васькиннинг телефон рақамини қўлга киритиш шарафига (шунисига ҳам шукур) муяссар бўласиз.
– Қанча вақт зое кетди! – дея ёзғиради муаллиф. – Одамнинг қанча саъй-ҳаракати беҳуда сарф бўлди, асаблари қақшади! Ҳамма ишкал шундаки, бизнинг котиба керакли сабоқни олмаган. У котибалик вазифаси нимадан иборат эканини билмайди.
«Известия»да ўша ажойиб мақола босилиб чиққанда мен «Литературная газета»да вақтинча бўлим мудири эдим. Муҳаррирга мўлжалланган, олдидаги мўъжаз даҳлизда котиба ҳам бемалол жойлашадиган каттагина, файзли хонада ўтирардим. Котибам ёш бўлмаса-да, анчагина савлатли, малоҳатли бир хоним эди. Унинг ташриф буюрувчилар ва телефон қилувчилар билан муомала-мулоқоти ўша «Известия»да аёвсиз танқид қилинган котибаникидан деярли фарқ қилмасди. Балки унчалик қўпол эмасдир, аммо моҳияти ўша-ўша эди.
Бундай бўлишига сабаб котибам Инна Сергеевнанинг америкалик котибадай керакли сабоқни олмаганида эмас. Керакли тажрибага эга бўлмаганида ҳам эмас.
Мен ишга ярим кунча кечикиб, хонамда пайдо бўлганимда у ҳузуримга кириб, менга ҳисобот берарди:
– Иванов телефон қилди. Мен унга бугун ижодий кунингиз эканини айтдим. Кейин Сидоров телефон қилди. Мен унга эрталабдан Марказий Қўмитага кетганингизни эслатдим. Шундан сал ўтмай Петров кирди. Унга кечгача бўлмаслигингизни тушунтирдим. Раҳбарият нима учун жойингизда ўтирмаганингиз билан қизиқди. Мен эрталабдан Маршакнинг олдига кириб ўтмоқчи эканингизни айтдим…
Йўқ, Инна Ивановнани тажрибасиз деб бўлмасди. Аксинча, у жуда тажрибали эди. Нафсиламрини айтганда, у шунчаки тажрибалигина эмас, орзудаги, аъло даражада интизомли котиба эди. Аммо унинг интизоми америкалик ҳамкасбидан фарқли ўлароқ керакли томонга йўналтирилмаганди. Унинг асосий мақсади ҳар қандай йўл билан бўлса-да, хўжайинини ҳимоя қилишга, кўкрак кериб унинг осойишталигини муҳофаза қилишга қаратилган эди.
Котибам Инна Ивановна билан унинг америкалик ҳамкасби ўртасида фарқ бор эди, албатта. Аммо, масаланинг моҳиятига чуқурроқ қаралса, фарқ ҳар хил мактаб кўрган икки котиба ўртасида эмас, улар хизмат қилаётган икки хил давлат идорасида эди. Америка идорасида, агар ўша котибанинг иш юритиш усулидан келиб чиқиб баҳо берадиган бўлсак, ИШНИ БАЖАРИШ устивор ҳисобланарди. Ҳар қандай совет идорасининг бош мақсади эса ИШНИ БАЖАРМАСЛИК эди.
Дарҳақиқат, икки хил дунё…
КИТОБ МАСАЛАСИДА МУАММО БЎЛМАЙДИ
Василий Гроссманнинг «Ғамгин кунлар» ҳикояси қаҳрамони ҳозиргина ҳаётдан кўз юмган акасининг кутубхонаси ҳақида шундай мулоҳаза юритади:
«Бу кутубхона ҳозир Николай Андреевич билан бирга дунёни тарк этди. Бир одамнинг хоҳиш-иродаси билан тўпланган китоблар ўша инсоннинг руҳий дунёсини ҳам акс эттириши ҳақидаги фикр Мария Андреевнани ҳайратлантирди. Айни шу лаҳза, акасининг ўлими оқибатида бу китоблар худди ўлган одамнинг калласидаги ҳужайра-лари янглиғ тўзғиб-йўқолиб кетаётган эди.»
Бу жуда ҳам нозик ва равшан фикр эди. Аммо совет давридаги зиёлилар орасида Гроссман қаҳрамони Николай Андреевичга ўхшаган одамлар ёмбидек камёб эди. Ҳаётда кўпинча бутунлай бўлакча манзара ҳукмрон эди.
Қўшниларимдан бири, машҳур ёзувчи бошқа уйга кўчаётган эди. Янглишмасам, у бошқа бир зиёли, чамаси ёзувчи билан уйини алмаштираётган эди.
Бир куни қандайдир тасодиф билан уйига кириб қолдим. Хоналардаги жиҳозларнинг ярми йиғиштириб қўйилганди. Биз, табиий, кўчиш машаққатлари ҳақида гурунглашдик. «Камбағал бўлсанг кўчиб кўр» деган мақолни ҳам тилга олдик.
– Ҳаммасидан қийин, мана булар, – дея сўлиш олиб гапирди қўшним бағри кенггина хонасидаги китоблар тахлаб қўйилган жовонларга ишора қилиб. – Буларни буюртма билан, деворга қоқтириб ясатгандим. Энди буларни қайта йиғиштириб олиш керак. Буёғига қандай олиб боришаркин, қандай ўрнатишаркин…
– Китоблар нима бўлади? – дедим унга ачиниб. – Жавонлар сал-пал тирналса ҳечқиси йўқ. Аммо китоблар йиртилса ёки чанг-ғубор қўнса…Сен яхшиси қути-пути топиб, ичига тахлаб қўйишинг керак…
– Айнан китоблар масаласида ҳеч қандай муаммо бўлмайди, – дея эътироз билдирди у.
У менга китобларни ташиб овора бўлиб юрмаслигини, уйини алмаштираётган одамда ҳам айнан шунақа китоблар борлигини кулимсираб гапирди. Бальзак, Гюго, Золя, Драйзер, Горький, Лесковларнинг ўша жилдликлари… Қисқа қилиб айтганда, обуна нашрлар. Уйларини алмаштираётган ҳар икки ёзувчи ўзларига ҳаводай зарур бўлган китобларни эмас, обуна орқали қўлга киритиш мумкин бўлган асарларни йиғишган эди. Оддий совет китобсевари эса қандайдир бир танқис Драйзерга обуна бўлиш учун тонг саҳардан туриб навбатга туриши, йўқлама қилинаётганда навбатдан чиқиб кетмаслиги учун вақтида бориб рўйхатдан ўтиб туриши лозим эди.Бизнинг ёзувчи биродаримиз эса ортиқча жонини койитмай истаган нашрига обуна бўлиши мумкин эди. Бунақа имтиёзни қўлдан чиқариб бўлармиди?!
– Ўзимга керакли ўнтача китобни сумкамга солиб қўйсам бас – тамом вассалом, – деди қўшним кулиб. – Бошқасини ўйлаб ўтирмай алмаштирамиз-қўямиз!
ЯШАШ УЧУН
Адабиёт жамғармасидаги тўполонлар ҳақида гапириб берган жам-ғарма ходими бу кўнгилсизликлар сабаби ҳақида ҳеч нарса демади. Сабаблар эса изоҳсиз ҳам маълум эди.
Бу даврга келиб совет Адабиёт Жамғармаси урушдан кейин абгор ҳолатга келиб қолганди.
Пастернак моддий жиҳатдан жуда қийналиб қолганда кимдир Адабиёт Жамғармасидан озроқ пул қарз олиш мумкинлигини айтиб қолади. Чамаси, бу қайтарилмаса ҳам бўлаверадиган қарз эди. Жамғармада Борис Леонидовични яхши билишарди, шу боис у илтимос билан мурожаат қилганда шундай дейишади:
– Ҳа, албатта … Фақат ариза ёзиш керак.
Борис Леонидович бир варақ қоғоз сўрайди, столнинг бир четига омонат ўтиради ва тезда аризани ёзиб, имзо чекади.
– Жуда яхши, – дейишади унга ариза матнини ўқиб кўришгач. – Фақат, Борис Леонидович, охирида бу пуллар сизга нима учун кераклигини ҳам ёзиб қўйсангиз.
– Э–ҳа, – дейди Борис Леонидович, – албатта, албатта. Ҳозир…
Пастернак аризасини қайтариб олади, матн охиридаги нуқтани вергулга алмаштиради ва бор-йўғи иккита «яшаш учун» деган сўзни қўшиб қўяди.
Борис Леонидовичга ўша сўраган қарзини ҳойнаҳой беришгандир. Эҳтимол, ўшанда Сталин осмондан тушган одам деб таърифлаган бу ғаройиб кимсанинг устидан кулишгандир ҳам, аммо нима бўлганда ҳам илтимосини қондиришади, зеро бу воқеа Пастернакнинг Нобел мукофотини олишидан олдинроқ содир бўлганди. Ходимларнинг кулганига сабаб – ўша даврда «яшаш учун» ҳеч кимга қарз, айниқса, қайтарилмайдиган қарз берилмасди. Ўз аризаларида далаҳовли қурмоқчи, автомобил сотиб олмоқчи, қимматбаҳо мебел олмоқчи экани кўрсатилган ёзувчиларгагина қарз бериларди.
Сирасини айтганда, жамғармада ишлайдиган хоним ва хонимчалардан биронтаси Пастернак деганлари ким эканини билмасди. Аммо партком аъзолари ва секретариатдаги арбобларнинг ҳар бирини башарасидан танийдигина эмас, балки исми шарифигача тўлиқ билишар эди.
ЖАМҒАРМАНИ КИМ ТАШКИЛ ҚИЛГАН?
Бир куни Виктор Борисович Шкловский ана ўша ўзи учун унчалик таниш бўлмаган, янгича адабиёт жамғармасига келиб, бу ердаги хонимчалардан бири билан иш юзасидан гаплаша туриб, хонимнинг уни мутлақо танимаслигини пайқаб қолади. Дарғазаб бўлиб, хонимчага момақалдироқдек гумбурлаган овози билан бақира кетади:
– Сиз мени билишингиз шарт! Биласизми сиз қаерда ўтирибсиз? Қандай даргоҳда хизмат қилаётганингизни биласизми? Адабиёт жам-ғармасини ким ташкил этганини биласизми ўзи?
Талмовсираб қолган хонимча қўрқа-писа жавоб қилади:
– Сиз… ташкил қилгансиз!
Виктор Борисович бунақа мурувватни кутмаган эди, албатта. Ҳалиги жўн саволини берганда у 1859 йили Дружинин, Толстой, Некрасов, Островский, Тургенев, Анненковлар асос солган ҳақиқий Адабиёт Жам-ғармасини назарда тутган эди… Аммо у ташриф буюрган бу даргоҳ билан эски Адабиёт Жамғармаси ўртасидаги муштараклик фақат унинг номидагина сақланиб қолганди.
Эски Адабиёт Жамғармасининг фаолияти В.Г.Белинскийнинг оиласига нафақа тайинлашдан бошланганди. Аввалига янги, совет Адабиёт Жамғармаси ҳам ана ўша хайрли анъанани давом эттирмоқчи бўлиб, ҳаётдан кўз юмган мумтоз адибларнинг ёши улуғ «болаларига» қандайдир арзимас нафақа тайинлаган эди. Аммо, ёзувчилардан бири нордонгина киноя қилганидек, эски Адабиёт Жамғармаси билан янгисининг фарқи – эскисини бадавлат ёзувчилар камбағал ҳамкасбларига ёрдам бериш учун жорий этган бўлса, янги жамғарма бойларга ёрдам бериш учун камбағал ёзувчилардан аъзолик бадали йиғарди.
Бадавлат ёзувчиларнинг иштаҳаси эса борган сайин карнай бўлиб борарди. Пастернак ва Шкловский каби адибларга маълум муддат катта дастурхондан арзимас садақа бериб турилади. Аммо Помяловскийнинг набираси ва Глеб Успенскийнинг эварасига келганда маблағ тугаб қолган эди.
ХАВФЛИ АЛОҚА
Виктор Борисович Шкловский бир куни цензурани қандай қилиб чув туширганини гапириб берувди.
– Нима учун баъзан қамоқхонадан маҳбуслар қочиб кетади? Чунки қамоқхона нозири маҳбуснинг қочиб кетиши мумкинлиги ҳақида доимо бош қотиравермайди. Маҳбус эса ҳамиша шу ҳақда ўйлайди. Тушуняпсизми? Ана шунақа!..
Виктор Борисович фақат ўзига хос, теша тегмаган фикр-мулоҳазаларини қойилмақом қилиб ифодалаш маҳорати билан машҳур эди. Аммо бир куни мен бундай ғаройиб фикрнинг ҳаётга ғаройиб бир тарзда татбиқ этилганига гувоҳ бўлганман.
Юрий Тимофеев деган яқин бир танишим болалар нашриётида ишларди. Лавозими анча юқори – бош муҳаррир ўринбосари эди. Аммо раҳбарият билан муносабати яхши эмасди. Яхши бўлиши ҳам мумкин эмасди, Юра нашриётда ҳеч кимга ўхшамасди. Биринчидан, у адабиётни севарди. Шу ҳолатнинг ўзиёқ шубҳали эди. Иккинчидан, у муаллифлар – ёзувчи ва шоирлар билан ҳам апоқ-чапоқ эди. Улардан айримлари (Борис Слуцкий, Давид Самойлов) билан яқин дўст эди.
Юра дўстлигини яшириб ўтирмасди, ана шунинг учун жазоланди: уни ишдан бўшатишди.
Бундоқ қараганда, ушбу воқеанинг ҳеч қандай айтишга арзигулик жиҳати йўқ. Фақат Ю.П.Тимофеевни бош муҳаррир муовини вазифасидан бўшатиш ҳақидаги буйруқнинг нимага асослангани ғаройиб эди. Бу асос «Муаллифлар билан алоқа ўрнатгани учун» дейиларди.
Бу асос худди 30-йиллардаги ёвуз тамғани эслатарди: «Халқ душмани билан алоқа ўрнатгани учун». Бу мантиққа кўра муаллифлар халқ душманига ўхшаб қолганди.
Аммо буйруқ асосининг ғаройиблиги фақат шундангина иборат эмасди. Ахир муҳаррир хизмат вазифасига кўра ҳам муаллифлар билан алоқа ўрнатмаслиги мумкин эмас эди-да. Қанақасига энди уни бундай мулоқот учун ишдан бўшатиш мумкин?
Ана шунақа гаплар. Ахир қамоқхона нозири ҳам хизмат вазифасига кўра маҳбуслар билан «алоқада» бўлади. Аммо раҳбарияти унинг маҳбуслар билан яқиндан, дўстона алоқа ўрнатганини сезиб қолса, дарҳол ишдан бўшатиб юборади. Ва тўғри қилади.
АННА КАРЕНИНА КИМ ЎЗИ?
Бир куни Александр Трифонович Твардовскийнинг машинаси бузилиб қолганда у билан яқин бўлган кекса Маршак таклиф қилади:
– Мен қариб қолдим, барибир ҳеч ёққа бормайман Менинг машинамни ола қол.
Эртаси куни саҳар чоғи Маршакнинг машинаси Твардовскийнинг йўлагида турарди.
Ҳайдовчи хўжайинни кўргач, ўқиб ўтирган қандайдир қалин китобни бир четга қўйиб, қаёққа борамиз дегандек саволомуз қарайди.
Твардовский ҳайдовчи қандай китоб ўқиётганини билгиси келади. У ўриндиқдан энгашиб, китобга кўз ташлайди. Бу «Анна Каренина» эди. Шоирнинг кўнглида бир қувонч қалқийди.
– Қалай? Ёқяптими? – жавобнинг қандай бўлишини билгандек, китобга ишора қилиб сўрайди.
– Эҳ, сиз сўраманг, мен гапирмай, – дея ҳайдовчи бир хўрсиниб қўяди.
Йўл-йўлакай ҳайдовчи шундай бир аламли воқеани ҳикоя қилади.
– Бир куни Самуил Яковлевич билан қаёққадир кетаётгандик. Қандайдир бир темир йўли ёнидан ўта бошладик. Бир маҳал Самуил Яковлевич шундай деб қолди: «Қаерда кетаётганимизни биляпсизми? Бу айнан Анна Каренина ўзини поезд остига ташлаган жой». Мен шундай дедим: «Бу ерлар-ку, таниш. Фақат, бу… Анна Каренина деганингиз ким бўлди? Мен уни сизникида ҳеч учратмовдим шекилли…» Шу гапни айтишим ҳамон Самуил Яковлевичнинг ранги қув оқариб кетди. «Машинани тўхтатинг, бўтам! – деди у. – Мен Анна Каренинанинг ким эканлигини билмайдиган одам билан битта машинада кетолмайман». Уни уйгача боришга зўрға кўндирдим. Уйга етиб келганимизда у шундай гап қотди: «Тепага мен билан чиқасиз, бўтам!» Энди тамом деб ўйладим. Ҳозир мени ишдан ҳайдайди. Аммо иш бошқача бўлди. Ичкаридан мана шу китобни олиб чиқди. Уни қўлимга тутқазиб, деди: «Мана, ўқинг. То ўқиб чиқмагунингизча сиз билан таниш эмасмиз деб ҳисоблайверинг…» Мана энди ўқияпман, – деди ҳайдовчи.
ЯШИРИНИБ ОЛГАНМИШ
Уйдан чиқаётиб, почта қутисидан газетани олдим ва саҳифани очиб, академик Сахаровга берилган навбатдаги қақшатқич зарбага кўзим тушди. Мактуб остида гўё ўзларининг фуқаролик бурчини бажараётганларнинг имзоси турар, улар орасида менинг қўшним – машҳур бир режиссёрнинг ҳам исми шарифи бор эди. Ҳовлига чиққанимда унинг ўзига дуч келиб қолдим.
Қўлимдаги газетага кўзи тушиши ҳамон юзида афсус-надомат ифодаси пайдо бўлди, шоша-пиша гапира бошлади:
– Ўқидингизми?.. Ҳа, ҳа… Даҳшат, даҳшат… Бутун ҳафта давомида яшириниб юрдим, боққа кетиб қолдим, телефонга ҳам яқинлашмадим… Хотинимга қаерда эканимни айтмасликни тайинладим… Барибир мени топиб олишди, машинага ўтқазиб, тегишли жойга олиб боришди… Қўлларимни қайиргудек қилиб мажбур қилишди… Ҳеч нарса қилолмай қолдим…
Орадан бир неча кун ўтгач, ўша қўшним бадиий кенгаш раиси бўлган идорага йўлим тушиб қолди. Ўтириб, у ёқ-бу ёқдан гурунглаша бошладик. Шунда кимдир гапириб қолди:
– Бизнинг хўжайин ҳам қўлини қорага ботирибди-да.
– Ҳа, дарвоқе, мен уни худди ўша куни кўрувдим, – дедим ва унинг гапларини қисқача айтиб бердим.
Ҳамма хо-холаб кулиб юборди.
Улар кулиб бўлишгач, хўжайинларининг қаердадир шунақа хат тайёрланаётганини эшитиб, пайтавасига қурт тушганини, қатордан қолмаслик учун ўзини ўтга-чўққа урганини айтишди. Давлат киносига, Марказий Қўмитага, яна қаёққадир қўнғироқ қилибди. Охир-оқибат Сахаровга мағзава ағдариб ёзилган ўша машъум хатга имзо чекиш шарафи муяссар бўлибди.
– Ё тавба! – дедим ҳайратланиб. – Бунинг унга нима кераги бор экан?
Улар яна кулишди. Кейин мен соддага соддагина қилиб тушунтиришди:
– Қанақасига керак бўлмас экан? Ахир у ҳам арбоб, асосчи, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони ва ҳ.к… Ҳамма «Қаҳрамонлар» имзо қўйиб турсаю у четда қолиб кетса… Худо кўрсатмасин, тагига сув кетган деб ўйлашлари мумкин-да…
ЙЎЛИНИ ТОПИШДИ
Бу воқеани менга Александр Григорьевич Зархи ҳикоя қилиб берувди.
Уларнинг режиссёр Хейфиц билан ҳамкорликда яратган «Ҳукумат аъзоси» фильмини ўша даврдаги одатга мувофиқ Сиёсий бюро аъзолари эндигина томоша қилиб бўлган, орага фильм ижодкорлари учун ниҳоятда кўнгилсиз бир сукунат чўкканди.
Кўрик тамом бўлса ҳам муҳокамадан дарак йўқ эди. Юқоридаги мансабдорлардан ҳеч қандай садо чиқмайди.
Режиссёрлар уйларига тарқаб, нима бўлишини кута бошлайдилар.
Орадан бир кун, икки кун, уч кун ўтади… Фильм ижодкорларининг аҳволини тарифлашга сўз ожиз. Ниҳоят, тўртинчи ёки бешинчи куни телефон қўнғироғи жиринглайди. Поскребишев телефон қилаётганди.
Суҳбат жуда яхши, самимий бўлади. У фильм маъқул бўлганини таъкидлайди. Сиёсий бюро аъзоларидан ҳеч ким эътироз билдирмабди. Фақат бир кичик муаммо шахсан Поскребишевни ўйлантириб қўйибди. Бутун бошли фильмда Сталиннинг номи бир оғиз ҳам эсланмабди…
Александр Григорьевич писандани дарҳол пайқаб, бу англашилмовчиликни тез орада тузатишга ваъда беради.
Тузатиш эса айтишга осон… Ахир улуғ доҳий номини дуч келган жойга тиқиштириб бўлармиди? Асарнинг бадиий томонига зиён-заҳмат етмайдиган қилиб қаловини топиш лозим эди.
Александр Григорьевич бир неча тунларни бедор ўтказади. Ва ниҳоят бир куни қидирганини топгандек бўлади.
Воқеалар ривожига кўра фильм қаҳрамони «энг юқори»га хат ёзади. Худди ана шу ўринда қаҳрамоннинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган ўша хат айнан кимга мўлжалланганини томошабинга нозик бир ишора билан тушунтириб қўйиш лозим. Аммо қандай қилиб? Воқеа қоқ ярим тунда кечаётганди. Қаҳрамоннинг бу масалада маслаҳатлашадиган одами бўлиши мумкин эмас. Албатта, бир варақ оқ қоғозга ажи-бужи йирик ҳарфлар билан ёзилган «Қимматли…» деб бошланувчи ёзувни йирик планда кўрсатиш ҳам мумкин. Аммо унда кутилган бадиий самара чиқмайди. Александр Григорьевич эса, шубҳасиз, бадиийлик тарафдори эди.
Ҳарқалай, у бу мураккаб ҳолатдан чиқиш йўлини барибир топади.
Керосин чироғи ёруғида хатини ёзаётган қаҳрамон аёл ўрнидан аста туриб, каравотда ухлаб ётган кичкинтой қизалоғини уйғотади ва оҳиста шивирлаб сўрайди:
– Қизим! «Виссарионоич» деганда битта «с» бўладими ёки иккита?
Қизалоқ мудроқ кўзларини ишқалаб, жавоб қилади:
– Иккита «с» бўлади.
Александр Григорьевичнинг ҳаммуаллифи, режиссёр Хейфицга бу топилма жуда маъқул бўлади. Александр Григорьевичнинг ўзига ҳам ёқади. Аммо Сталинга ёқармикин деган шубҳа пайдо бўлади. Бу топилма унга жуда ҳам жўн туюлмасмикин? У фильмда ўз номининг бунақа бадиий ишораларсиз, бор залвори билан дангал айтилишини хоҳламасмикин?
Хайриятки, бу ҳадиклар асоссиз бўлиб чиқади.
Маълум бўлишича, доҳийнинг бадиий диди жуда нозик экан: режиссёр Александр Григорьевичнинг ғаройиб топилмаси уни тўла-тўкис қаноатлантирибди.
ЎҚИДИМ
Сумск партизанлар бирлашмасининг қўмондони Сидор Артемьевич Ковпак жуда кўп мукофот ва унвонлар соҳиби: генерал-майор, икки карра Совет Иттифоқи Қаҳрамони. Бир муддат Украина Олий Совети Президиуми Раиси муовини ҳам бўлган. Аммо буларнинг ҳаммаси унга камлик қилган. У халқ эътирофи рамзи бўлмиш қатор расмий унвонлар билан бир қаторда яна ёзувчилик шуҳратини ҳам қўмсаб қолади. Эҳтимол, унинг ўзи буни истамагандир. Эҳтимол, Ватан урушининг афсонавий қаҳрамони ёзадиган китоб ҳақидаги фикр бошқа бировдан чиққандир. Нима бўлганда ҳам ўша китоб ёзилади. Табиий, Ковпак эмас, адабиётнинг нонини еб юрган бошқа одам томонидан қоғозга туширилади. Бу оддий бир ҳол эди: шунақа адабиётчилар ўша даврда кўп эди. Бунақа сохтагарчиликни анча обрў-эътиборли одамлар бошлаб берганди. Уларнинг биринчиси Горький эди. Эстафетани қабул қилиб олган Маршак қутб қаҳрамонлари ва ғаввослар ҳақида бир қанча китоблар ёзади. Бу кўзбўямачиликларнинг чуви чиқиб қолгани ҳаммага маълум. Л.И.Брежневнинг «Кичик ер»ини айрим шоввоз ёзувчиларимиз дунё адабиётининг ютуқлари билан тенглаштиришгача бориб етишди-ку.
Хуллас, Ковпакнинг «Путивлдан Карпатгача» деган китоби ёзилиб, таҳрирдан чиқарилиб, чоп этишга тайёрлаб қўйилади. Ана шунда кимдир қўлёзмани босмахонага топширишдан олдин «муаллиф»га ҳам бир кўрсатиб қўйилса ёмон бўлмасди деб қолади. Агар у лозим топса балки биронта қўшимча ёки тузатиш киритар. Балки фикрини оғзаки айтар.
Шундай қилишди.
Тез орада қўлёзма таҳририятга қайтарилади. «Муаллиф»нинг фикри мухтасар эди. Титул варағида саводи ғовлаброқ кетган одамнинг қўли билан ажи-бужи қилиб битилган биргина сўз бор эди: «Укидим».
ИСТАМАСАНГ – ГАПИРМА
Машҳур композитор Дмитрий Шостаковичнинг қўлида бир дард пайдо бўлади. Ленинград ва Москвадаги шифокорлар уни тузатолмайди. Кимдир унга Сибирга, Курган шаҳридаги машҳур жарроҳ Гавриил Абрамович Илизаров ҳузурига боришни маслаҳат беради. Шифокорнинг у ерда мўъжазгина касалхонаси бор экан.
Шифохона овқатларининг маза-матраси йўқ эди. Аҳён-аҳён беморларга касалхона ҳовлисидан ташқарига чиқиб, яқин атрофдаги дўкондан бирон егулик сотиб олишларига рухсат бериларди.
Дмитрий Дмитриевич ҳам бир куни ўша дўконга боради.
Кийимлари афтадаҳол эди: яланг оёғида шиппак, эгнида қопдай касалхона халати.
Остонада уни иккита ипирисқи кутиб олади. «Учинчиси бўласан» дейишади. У индамай сўлкавойни узатади. Улар тезда ярим литрлик ароқни сотиб олишади, қайтимини ҳалол қайтаришади, истаконларга ароқни бўлиб қуйишади. Рисоладаги одамлар каби ичишдан олдин у билан танишмоқчи бўлишади. Улардан бири ўзини ишчиман дейди. Иккинчиси муҳандис эмиш.
– Сен кимсан? – «муҳандис» янги улфатдан қизиқсиниб сўрайди.
Шостакович жавоб қилади:
– Мен – композиторман.
«Муҳандис» ишчи билан кўз уриштириб олгач, шундай дейди:
– Ҳай майли. Истамасанг – гапирма.
БУНИСИНИ ЎЗИНГ ЯХШИЛАБ ЎЙЛАБ КЎР
Бу воқеани ҳам менга Боря Балтер гапириб берувди. Ушбу воқеа тафсилоти унинг касаллик тарихи билан боғлиқ.
Бу гал у Боткинда эмас, Биринчи Шаҳар касалхонасида даволанган.
Кенг, ёруғ палатада уч нафар бемор ётарди. Улардан бири, чамаси, майдароқ партия фаоли, бошқаси – оддий ишчи эди.
Ўша кезлар газета саҳифаларида академик Сахаровни жазавага тушиб қораловчи мақолалар кетма-кет чоп этилаётганди, палатадаги гурунглар ҳам шунга дахлдор эди.
Партия фаоли академикни сотқинликда айблаб, устига мағзава ағдаради. Газетада муҳандис Гарин ҳақида ёзилган аллақандай бир мақола ҳақида гапиради. Боря тортишиш бефойдалигини билиб, ночор койинади. Ишчи эса деворга ўгирилганча миқ этмасди.
Газеталардаги айбномаларни тўтидек ёдлаб, ўртага тўкиб солган ҳалиги фаол энди бу мағзавага ўзидан ҳам бир нима қўшгиси келади.
– Хўш, мана, ўзинг айт-чи, унга нима етишмасди? – тўсатдан астойдил сўраб қолади у. – Далаҳовли… Машина… Уй… Ҳаммаси муҳайё бўлса… Академикларнинг маоши қанақа бўлишини айтиб ўтирмай… Уч карра Социалистик Меҳнат Қаҳрамони. Демак, Кремлга биркитилган. Сен Кремлдаги имтиёзлар нима эканини биласанми? Ейиш-ичиш деярли текин. Овқатлари беқиёс! Сен билан бизнинг тушимизга ҳам кирмайди… Йўқ, сен менга айт: бу нимаси ўзи? Унга яна нима етишмасди?!
Худди шу лаҳза уззукун давом этиб келаётган тортишув давомида оғиз очмай келаётган ишчи девордан ўгирилиб, партия фаолига масхара қилгандек қарайди ва шундай дейди:
– Буёғини энди ўзинг яхшилаб ўйлаб кўр!
ҚЎЛИНГИЗНИ ҚИСИБ ҚЎЯЙ
Қўшним, шоир Герман Абрамов анча серҳаяжон одам, Ленинград шоҳкўчасидаги газета кўргазмасида «Правда»ни ўқиб турарди. Табиийки, саҳифада ғашига тегадиган бир мақолага кўзи тушади. Герман каби ёши олтмишлардан ошган одам бундай ажойиб газетани ўқиётганида ҳиссиётини андак жиловлаб олса ёмон бўлмасди. Аммо, юқорида эслатганимдек, ўта ҳиссиётли одам эмасми, ўзини тутолмай, бор овози билан хитоб қилади:
– Ахир қачонгача бемаъни нарсалар билан бошимизни қотиришади!
Кўнглини бўшатиб, бундоқ атрофга аланглаб қараса, шундоққина ёнида гапларини бемалол эшитиб турган турқи совуқ бир кимсага кўзи тушади.
Гарчи Сталин замонаси бўлмаса ҳам, ҳарқалай, балодан ҳазар – бунақа яланғоч гапларни кўчада бақириб айтиш хавфсиз эмасди. Албатта, Германнинг хаёлида бундан минг чандон беозорроқ гап-сўзлар учун ҳам умри ҳибсхоналарда чириб кетганларнинг аянчли қисмати жонланади.
Қисқаси, ножоиз гаплари эшитилганига амин бўлган Герман қўрқиб кетади. Шартта орқасига қайрилиб, туёғини шиқиллатиб қолса ҳам бўларди, аммо оёқлари шол бўлгандай ўзига бўйсунмайди. Ёнидаги ўша тур-қи совуқ елкасига қўлини ташлаганда эса биратўла бўларича бўлади. У энди «Қани, мен билан юринг-чи!» деган ўша даҳшатли сўзлар айтилишига шубҳа қилмасди.
Аммо унинг ножоиз сўзларини эшитиб қолган одам ўзини бутунлай бошқача тутади. У Германга ногоҳ ёришиб кетган юзларини ўгириб, ихлос билан дейди:
– Қўлингизни қисиб қўйишга ижозат бергайсиз!
ҲАЙВОНОТ БОҒИДА
Ўтган асрнинг 40- ёки 50-йиллари Москвадаги ҳайвонот боғида Чандр деган улкан арслон билан Тобик деган кичкинтой кучукча битта қафасда яшарди. Мутасаддилар бу ҳолга оғзини очганча анграйиб қараб қолган томошабинларга арслоннинг бу жажжи жониворга қанчалар меҳру муҳаббат билан қарашини, кучукча ҳам ўз навбатида бунга муносиб жавоб қилишини оғзидан бол томиб ҳикоя қиларди.
Бу апоқ-чапоқликнинг асл моҳиятини қафас деворига осиб қўйилган мана бу ёзувдан англаб олиш мумкин эди:
«Бу икки ҳайвон ўртасидаги дўстлик уларни ўз вақтида овқатлантириш орқали таъминлаб турилади».
НОШУКУР САХАРОВ
Москвадаги заводлардан бирида қандайдир катта митингга тайёргарлик кўрилаётганди. Нима муносабат билан – эсимда йўқ, бу унчалик муҳим ҳам эмас.
Ҳамма роллар олдиндан тақсимлаб қўйилган, ирод қилинадиган нутқлар ҳам ёзиб, тасдиқланган. Аммо аксига олиб, ҳамма тонгги газеталарда академик Сахаровнинг ҳукуматга қарши қаратилган навбатдаги ҳатти-харакатини қораловчи мақолалар пайдо бўлади. Бебош академик тиниб-тинчимасди, совет ватанпарварлари эса унга навбатдаги зарбани беришган эди.
Ёзиб, тасдиқлаб қўйилган нутқларга энди ўзгартириш киритишнинг мавриди ўтганди, митинг энди бошланай деганда партком қандайдир бир ишлаб чиқариш илғори бўлган, гапга чечанроқ нотиққа шундай топшириқ беради:
– Сен нутқингни тугатгач, Сахаров ҳақида ўзингдан бирон нарса қўшиб гапириб қўй.
– Албатта, – дейди нотиқ бош ирғаб.
– Яна эсингдан чиқиб қолмасин. Мен сенга ишоняпман.
Нотиқ ишора билан тушунтиради: ҳаяжонланма, ҳаммаси жойида бўлади. Эсимдан чиқмайди.
Дарҳақиқат, эсидан чиқармайди.
У нутқини охирига етказгач, қоғозини ҳафсала билан тахлаб, чўнтагига солади.
– Мана энди, ўртоқлар, – дейди у, – мен икки оғиз Сахаров ҳақида гапирмоқчиман. Нималар бўляпти ўзи! Биз унга ҳамма нарсани муҳайё қилиб бердик! Отнинг калласидек маош, мукофот, янги квартира – ҳаммасини олди! У эса ношукурчилик қилиб Киевнинг «Динамо»сига ўтиб кетди!
ҲАРАКАТДАГИ ЖАЛЛОД
Ўтган асрнинг ўн еттинчи йили баҳорида, Россияда инқилобий талотўплар эндигина жунбушга келаётган бир паллада хориждан яқинда қайтиб келган Лениннинг ким эканлиги ҳали маълум эмасди, кўпчилик учун эса сирли туюларди. Ўша кезлардаги сиёсатчилардан бири Петр Бернгардович Струведан ногоҳ воқеалар марказига чиқиб қолган, кимлиги номаълум бу кимсани икки оғиз сўз билан таърифлаб беришини сўрашади.
– Сиз ахир у билан таниш эдингиз. Ҳатто хорижда у билан қўшни бўлиб яшагансиз.
Струве кулимсираб қўяди.
– Икки оғиз сўз билан дейсизми? – қайта сўрайди у. – Ҳай, майли, ижозатингиз билан айта қолай. Тўғрисиям, икки оғиз сўз кифоя.
Шундай дея бурро жавоб қилади:
– Ҳаракатдаги жаллод!
ТРОЦКИЙ ҒАЛАБА ҚИЛСА
Бу воқеани Натан Эйдельманга отаси гапириб берган экан. Маҳбуслар лагерида ҳар куни сталинчилар троцкийчилар билан баҳслашаркан. Бу тортишувни биронта гуруҳга қўшилмайдиган бир кекса яҳудий маҳбус диққат билан тингларкан. Ана шундай тортишувлар ниҳоясида у бир куни Натаннинг отасига шундай дебди:
– Биласизми, Яков Наумович, мен ниҳоят Троцкий билан Сталин орасидаги фарқни тушуниб етдим.
– ???
– Мана сиз уйга нечта хат юборишга ҳақлисиз?
– Бир йилда иккита.
– Мабодо Троцкий ғалаба қилганда эди… Нима бўлганда ҳам Лев Давидович Сталиндан фарқли ўлароқ зиёли одам эди. Агар у ғалаба қилганда сиз бир йилда иккита эмас, учта хат юборишга ҳақли бўлар эдингиз.
ҚАЙСИ ГУНОҲИМИЗ УЧУН?
Бир куни Семён Израилевич Липкин менга Доғистон обком котиби Дониялов ўз халқини чеченлар, ингушлар, болқорлар, қрим татарлар бошига тушган кулфатдан қандай қилиб қутқариб қолгани ҳақида гапириб берувди.
Уруш йиллари Берия Бош Қўмондонликнинг Шимолий Кавказ фронтидаги вакили бўлиб, ўша кезларда Доғистон обкоми котиби бўлган Донияловнинг уйида яшарди. Муносабатлари жудаям дўстона бўлмасада, ҳарқалай, расмиятчиликдан холироқ эди. Ишлар чаппасига кетаётганини пайқаган Дониялов Москвага, дўсти Лаврентий ҳузурига ошиқади. У ҳам вазиятни яшириб ўтирмайди.
– У ҳаммасини ҳал қилиб қўйган, – дейди Берия. – Дарбантгача бўлган ҳамма ҳудуд РСФСР таркибида қолади, Дарбантдан нарёғи Озарбайжонга ўтади. Халқ сургун қилинади. Тайёргарлигингни кўравер.
– Наҳотки бирон чораси топилмаса? – У ҳамма нарсани ҳал қилиб қўйган бўлса, бу ҳақда гапириш энди фойдасиз эканини яхши тушуниб турса-да, Дониялов умидвор бўлиб сўрайди. Кутилмаганда Берия кўнглига кичик бир чўғ ташлаб қўяди.
– Мен бир ўзим ҳеч нарса қилолмайман, – дейди у. – Аммо сени Георгий билан учраштириб қўяман. (Маленков назарда тутилади). Агар Георгий рози бўлса, учовлон бир уриниб кўрамиз… Ҳозирча Москвада бўлиб, кутиб тур.
Шундай қилиб, Дониялов кута бошлайди.
Худо ёрлақаган кунларнинг бирида ўртоқ Маленков уни қабул қилади. Ўзи узоқ вақт интиқ кутган ва астойдил тайёрланган учрашув ниҳоят бўлиб ўтади.
Шарқ одами эмасми, гапни узоқдан бошлайди. Доғистон халқининг баҳорги экин-тикин мавсумига кўтаринки руҳда киришаётгани ҳақида ҳикоя қилади. Доғистондан ўтажак темир йўл қурилишини ҳам тилга олади…
Маленков бу гапларни қулоғининг бир чети билан тинглайди. Масала ҳал бўлган, шу боис энди пешонаси шўр республиканинг обком котиби айтаётган гапларнинг сариқ чақалик аҳамияти йўқ. Аммо ўшанда Дониялов тазйиқсиз, беозор бир оҳангда гап қотади:
– Ўртоқ Сталиннинг Доғистонга автономия берилганини шахсан эълон қилганда сўзлаган нутқига… йил тўлишини нишонламоқчимиз.
Маленков типирчилаб қолади:
– Қанақасига – шахсан эълон қилган?
– Шахсан. 1920 йилнинг 13 ноябрида Темир-Хон-Шўрадаги маҳаллий театрда нутқ сўзлаган.
– Нутқ эълон қилинганми?
Дониялов ХАЛҚЛАР ОТАСИнинг олдиндан тайёрлаб қўйилган ва ўша нутқ махсус белги билан ажратиб кўрсатилган китобини столга қўяди.
Очилган саҳифага тезда кўз ташлаган Маленков Донияловнинг қўлини қисиб, дейди:
– Ўртоқ Дониялов, уйга қайтиб, хотиржам ишлайверинг.
Шу-шу Доғистон халқини сургун қилиш масаласи бошқа кўтарилмайди.
Семён Израилевичнинг ўша ҳикоясини доғистонлик (аниқроғи-қўмиқ) ёзувчи дўстим Муҳаммад-Султон билан гурунглашаётиб эслаб қолдим. Муҳаммад-Султон Доғистон обкомини чорак асрдан буён бошқараётган Дониялов ўзи авар бўлгани учун муттасил ўз миллатдошларига ён босиб, қўмиқларга панжа орасидан қараганини айтиб ҳасрат қилади, зеро, унинг ишончи бўйича айнан қўмиқларнинг нуфузи Доғистонда устивор бўлмоғи лозим экан. Бу адолатсизлик Доғистон тарихида ҳам ўз асоратини қолдирибди. Махач Дахаевнинг шахси ҳар жиҳатдан улуғланибди, ҳатто республика пойтахти ҳам унинг номи билан аталибди (Махачқала), чунки Махач авар экан. Қўмиқ Уллубий Буйнакскийнинг номи эса эътибордан четда қолибди. Шу боис Муҳаммад-Султоннинг бош қаҳрамони Буйнакский бўлган китобини обком унчалик қўллаб-қувватламабди. Бу бориб турган адолатсизлик: ахир Уллубуй Буйнакский большевик бўлган, таърифи кетган Махач эса большевик ҳам бўлмаган: меньшевикми, эсерми – бир бало бўлганмиш. (Тарихий мавзуларда, Шимолий Кавказдаги инқилоб ва фуқаролар уруши ҳақида бир қанча романлар ёзган адиб Муҳаммад-Султон меньшевик билан эсер ўртасидаги фарқни ўзиям яхши билмасди. Ундан «Махач ким бўлган ўзи – меньшевикмиди ёки эсермиди?» деб сўраганимда, у: «Бу сиз – ўрисларнинг ишингиз, бунақа бош оғриқларга тоқатим йўқ», дея жавоб қилувди).
Муҳаммад-Султон бир куни яна Дониялов ҳақидаги эски пластинкасини айлантириб, аварлар кўпроқ қўллаб-қувватлангани, қўмиқлар, лезгинлар ва республикдаги бошқа халқларга эътибор суст бўлгани ҳақида шикоят қила бошлаганда, шундай дедим:
– Нима бўлганда ҳам сен ёқтирмайдиган мана шу Дониялов сизларни қутқариб қолган-ку.
– Кимни қутқарибди? Нимадан қутқарибди?
– Сургундан қутқарган.
Шу лаҳза Муҳаммад-Султон мендан Липкин айтган ўша воқеани эшитса, қанчалар ҳайратланишини ўзимча тасаввур қилдим.
– Ахир Сталин сизларни ҳам сургун қилмоқчи бўлган-ку. Худди чеченлар, ингушлар, қрим татарлар каби…
Муҳаммад-Султоннинг кўзларида самимий ҳайрат зоҳир эди:
– Қайси гуноҳимиз учун?
СИЗНИ РОСТДАН КАЛТАКЛАШГАНМИ?
О. исмли машҳур, беҳад гўзал ва малоҳатли киноактриса урушдан кейин тез орада қамоққа олинади. Бечора лагерда кўп азоб чекади. Тутқунликдан илгари, озодликда юрганида жуда довруғ таратганди. Хушторлари бисёр, кўнглига йўл топганлар ҳам кўп эди, улар орасида юқори лавозимли одамлар ҳам бор эди. «Киборлар» гуруҳидаги танишлари орасида Давлат хавфсизлик қўмитаси халқ комиссари Абакумов ҳам бор эди. Ниҳоят, чексиз азоб-уқубатлардан жони ҳиқилдоғига келган бо-ёқиш хоним эски танишлигини эслатиб, мушкулини осон қилишини илтимос қилиб комиссарга хат ёзмоқчи бўлади.
Хат ёзилади. Бу расмиятчиликдан холироқ бўлган бир ҳасрат эди. Ҳамма нарса очиқ-ойдин ёзилганди. Актриса қамоқхона ва лагерда ўз бошидан кечирган жамики азобларни батафсил тилга олганди.
Мактуб, шубҳасиз, расмий йўл билан эмас, қандайдир бир мўъжиза туфайли эгасига етказилади. Шундай қилиб, ажойиб кунларнинг бирида хонимни лагернинг зах бурчагидан олиб чиқишади, ювиб-тараб, қорнини тўйғазиб, кийинтириб Москвага олиб келишади. Тўппа-тўғри Лубянкага келтиришади. Дуч келган жойга эмас, халқ комиссарига рўпара қилишади.
Комиссар унга пешвоз чиқади, воқеа гўё Кремлдаги қандайдир бир зиёфатда рўй бераётгандек хонимнинг қўлини ўпади.
Хонанинг ичкарироғидаги дастурхонда ҳамма ноз-неъматлар муҳайё эди: коньяк, шампан виноси, мева-чевалар, ширинликлар…
Комиссар актрисани ишора билан ўтиришга таклиф қилади, ўзи рўпарадан жой олади, қадаҳларга вино қуяди. Ўтган-кетганни эслашиб, мириқиб суҳбатлашишади. Актриса дунёга қайтиб келгандек бўлади, жамики чекилган заҳматлари энди ортда қолганига чиппа-чин ишониб қўя қолади. Ва ниҳоят, комиссар қуруқ сафсатани бир четга суриб, мақсадга кўчади.
– Мен хатингизни ўқиб чиқдим, – дейди у. – Наҳотки мана шу ёзганларингизнинг ҳаммаси рост бўлса?
– Рост, – дейди актриса гапини тасдиқлаб.
– Сизни ростдан ҳам калтаклашганми? – сўрайди комиссар.
– Калтаклашган, – хоним яна тасдиқлайди.
– Сени қандай қилиб уришган? – сўрайди комиссар. – Қандай қилиб?
У хонимнинг оғзига бир мушт туширади.
–Мана шундай уришганмиди?
Тишни зирқиратадиган яна бир зарба берилади.
– Балки мана бундай уришгандир?
Комиссар шу тариқа хумордан чиққунча дўппослаб бўлгач, соқчини чақиради. Калтакланган, қонига беланган актрисани кўтариб кетишади. Ҳибсхонага тиқиб қўйишади, орадан бир неча кун ўтгач, яна орқага, қайта лагерга жўнатишади.
АТАЙ ҚИЛМАДИМ-КУ!
Қайсидир бир газетанинг бош мақоласида даҳшатли бир хато ўтиб кетади. Доимий ишлатиб келинадиган «доҳий Сталин» иборасида «ҳ» ҳарфи «қ»га алмашиб, «доқий» бўлиб қолади.
Муҳаррирни, табиий, қамоққа олишади. У ўн йилга ҳукм қилинади. Боёқиш терговчи ва ҳакамлар олдида ўзини оқлаб шундай дейди:
– Тушунинглар, ахир! Мен атай қилмадим-ку!
– Албатта, атай қилмагансиз, – дея унга жавоб қилишади. – Биз атай қилмаганингизга шубҳаланмаймиз. Агар атай қилгансиз деб ўйлаганимизда, сизни отишга ҳукм қилган бўлардик.
У МЕНГА ЁҚМАДИ
Бир куни Горький Бабелга шундай дейди:
– Эртага Сталин олдимга келади. Сиз ҳам келинг. Унга ёқишга ҳаракат қилинг. Сиз яхши гурунг берасиз… Бирон нарса ҳақида ҳикоя қиларсиз… Мен унга ёқишингизни жудаям хоҳлардим. Бу жуда муҳим.
Бабел келади.
Чой ичиб ўтиришади. Горький нима ҳақдадир гапирар, Сталин индамай ўтирар эди. Шунда Горький маънодор томоқ қириб қўяди. Бабел ишорани тушуниб, илинж билан гап очади. У яқинда Парижга борганини, у ерда Шаляпинни кўрганини айтади. Тобора гапга берилиб, Шаляпинни ватандан узоқда соғинч қийнаётгани, мусофирчиликда унга ҳам осон тутиб бўлмаслиги, Россияга қайтишни орзу қилаётгани ҳақида тўлиб-тошиб сўзлайди. У мўлжалга тўғри ураяпман деб ўйларди. Аммо Сталин пинагини бузмайди. Фақат чой қошиғининг истакон четига урилишигина эшитиларди.
Ниҳоят, у гап қотади.
– Халқ артисти Шаляпиннинг ватанга қайтиш масаласини, – дейди у секингина, – сиз билан биз ҳал қилмаймиз, ўртоқ Бабел. Бу масалани совет халқи ҳал қилади.
Биринчи гапи унча қовушмаганини пайқаган Бабел бироздан сўнг бош-қа томондан ёндошиб кўрмоқчи бўлади. Яқинда ўзи бориб кўрган Сибир ҳақида гап бошлайди. Бу ўлканинг қаҳрли жозибасини тилга олади.
У жўяли гапиряпман деб ўйларди. Аммо Сталин бу гал ҳам пинагини бузмайди. Ҳамон чой қошиқнинг ўша жиринги қулоққа чалиниб турар, ўзи эса миқ этмас эди.
Бабел ҳам ноилож жимиб қолади.
– Сибир дарёлари, ўртоқ Бабел, – дея худди залворли сўзларини тарозига солгандай оҳиста гап бошлайди Сталин, – маълумингизким, жанубдан шимолга қараб оқади. Шунинг учун халқ хўжалигига ҳеч қандай аҳамияти йўқ…
Бу воқеани иссиғида Бабелнинг ўзи бир танишимга ҳикоя қилади. Гапининг адоғида у шундай дейди:
– Сизга нима ҳам дер эдим, азизим. Мен унга ёқмадим. Аммо энг даҳшатлиси…
– ???
– У ҳам менга ёқмади.
У ЁМОН КУЙЛАМАЙДИ…
Чамаси, бу воқеа тожик адабиёти ва санъати ҳафталиги ёпилишида рўй берганди. Кремлда катта зиёфат берилади. Зиёфатдан кейин нуфузли меҳмонларга кино намойиш қилинади.
Деворга яқинроқ қўйилган столда очилган, очилмаган шишалар, чала-ярим тановул қилинган овқатлар кўзга ташланади. Атрофда хизматкорлар куймаланиб юришибди. Залнинг иккинчи бир адоғида меҳмонлар кинога таклиф қилишларини кутиб туришибди. Иккинчи томонда Сиёсий бюро аъзолари. Ўртада – бўшлиқ.
Ногоҳ меҳмонлар орасидан бир киши ажралиб чиқади. У ўзини «доҳийлар»дан ажратиб турган бўшлиқни кесиб ўтиб, тўппа-тўғри Сталин томон қараб юра бошлайди. Бу Корнейчук эди.
Корнейчук доҳий билан юзма-юз бўлгач, унга нимадир дейди. У қисқа жавоб қилади.
Кейинчалик айтишларича, ўртада бундай савол-жавоб бўлган экан.
– Ўртоқ Сталин, – дейди Корнейчук. – «Правда» газетасининг бугунги сонида сафдошларингиз билан Малий театрга борганингизни ўқиб қолдим. Ўша куни менинг «Украина даштларида» деган пиесам қўйилаётганди. Спектакл ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдим.
Сталиннинг пешонаси (у бетакаллуф муомалани ёқтирмасди) тиришади.
– Сиз ёмон ёзяпсиз, Корнейчук. Чуқур эмас ёзганларингиз.
Бу жавобни эшитган Корнейчукнинг кўзига дунё қоронғу кўриниб кетади. У ичимлик ва газакнинг чаласи қолган столга бориб, ўзига ароқ қуяди. Ичади. Яна қуйиб ичади…
У «Бўлар иш бўлди, бундан баттар бўлмайди”, дея ўзини бутунлай қўйворади. Навбатдаги қадаҳни зарда билан кўтариб, ўзи суйган украинча бир қўшиқни хиргойи қила бошлайди.
Санъат масалалари қўмитаси раиси Храпченко доҳийга хушомад қилмоқчи бўлиб, норози оҳангда тўнғиллайди:
– Бу қандай шармандалик! Жа-а ҳаддидан ошиб кетяпти!
– Нега энди? – дейди Сталин. – У ёмон куйламаяпти. Баъзан эса ёмон ёзмайди. Сен бўлсанг… – доҳий Храпченкога ўгирилади, – на куйлашни, на ёзишни эплайсан…
ЎЗИ ИСТАГАНИНИ КУЙЛАЙВЕРСИН!
Кремлдаги бир концертда Иван Семёнович Козловский куйлаётганди. Сиёсий бюронинг айрим аъзолари урф бўлган халқ қўшиқларидан ижро этишни сўрай бошлайдилар.
Сталин шундай дейди:
– Козловскийга тазйиқ қилманглар. Майли, Козловский ўзи истаган қўшиғини куйлайверсин. У ҳозир Чайковскийнинг «Евгений Онегин» операсидан Ленский ариясини ижро этмоқчи.
Ҳамма кулиб юборади. Козловскийнинг ўзи ҳам уларга қўшилиб кулади. Кейин Ленский ариясини ижро этади.
АНТОКОЛЬСКИЙ, ТУР ЎРНИНГДАН!
Бокудаги қандайдир адабий тадбирга Москвадан ёзувчилар делегацияси келади. Зиёфат уюштирилади. Тантана чоғида Озарбайжон-нинг ўша кезлардаги зўравон ҳукмдори (уни Лаврентий Бериядан ҳам даҳшатлироқ дейишарди) Миржаъфар Багиров тўсатдан, томдан тараша тушгандек Самад Вурғунга қараб, қўлини бигиз қилиб, дўқ уради:
– Сенга кўрсатиб қўяман, Самад!..
У талмовсираб қолган боёқиш Самадни яна анчагача исканжага олади.
Ҳукмдорнинг бу заҳар-заққум иддаоларида шу қадар чексиз нафрат, ёвузлик зоҳир эдики, бундан москвалик меҳмонлар ҳам мулзам бўлиб қолишади. Павел Григорьевич Антокольский эса чидолмай луқма ташлайди.
– Ўртоқ Багиров, – дейди у. – Сиз нима учун Самад билан бунақа оҳангда гаплашяпсиз? Биз бу ажойиб шоирни жуда қадрлаймиз, биз…
Багиров Антокольскийга ёвқараш қилиб ўқраяди, ёнидаги югурдакларидан бу ким ўзи деб сўрайди. Унга тушунтиришади. Шунда у Павел Григорьевичга ўгирилиб, секингина амр қилади:
– Антокольский. Тур.
Антокольский туради.
Багиров дейди:
– Ўтир.
Антокольский ўтиради.
Муаммо барҳам топади. Зиёфат давом этади.
АҚЛЛИ ОДАМ ЎЗИ ТУШУНИБ ОЛАВЕРАДИ
Бу воқеани Г.К.Жуковнинг ҳаётлигида чоп этилган барча мемуарларининг муҳаррири Анна Давидовна Миркина бундай ҳикоя қилганди:
«Брежнев Жуковнинг мемуарларига кириб қолишни жудаям истаганди. Аммо Жуков фақат шахсан учрашган одамлар ҳақида ёзганди. Уруш пайтида Брежневни бирон марта ҳам кўрмаганди.
Бош котибнинг ёрдамчиларидан бири мана бундай чорани ўйлаб топади. Жуковга хотираларида шундай мазмундаги бир воқеани киритиб ўтиш таклиф этилади: Новороссийскдаги истеҳкомни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинаётганда маршал 18-армия сиёсий бўлими бошлиғи Леонид Ильич Брежнев билан маслаҳатлашмоқчи бўлади, аммо уни жойидан тополмайди, у оғир жанглар кечаётган Кичик ерда эди.
Бу қўшимчага Жуковнинг муносабатидан шу қадар қўрқардимки, матнни тасдиқлатиш учун олдига боришга ботинолмадим. Ўрнимга адъютант Прядухинни юбордим.
Албатта, Жуковнинг далаҳовлисида тўс-тўполон бўлади. Мен жазава сал босилгандан кейин бордим. Ўша қўшимча киритилмагунча китоб чиқмаслиги ҳаммага аён эди. Дили хуфтон бўлган Георгий Константинович узоқ сукунатдан сўнг ахийри муросага кўнади:
– Ҳай майли, ақлли одам ўзи тушуниб олаверади.
У шундай дея матнга имзо чекади.
Бу тафсилотни «Аргументы и факты» газетасида ўқиб, бошқа бир воқеани эсладим. Ундаги қаҳрамон маршал Жуковчалик машҳур бўлмаса-да, ҳарқалай анча таниқли шахс – Василий Семёнович Гроссман эди.
Бу ёзувчининг ҳаётидаги энг катта фожеа – «Ҳаёт ва тақдир» романи қатағонга учрагач, асарларини чоп этиш тўхтатилади. Тирикчилиги ўтмай қолади. У Арманистонга бориб, маҳаллий муаллифлардан бирининг семизгина романини таржима қилмоқчи бўлади. Ана ўша сафар давомида буюртма таржима қатори «Кекса одамнинг сафар хотиралари» деган асари ҳам яратилади. Мўъжазгина қисса, аниқроғи очерк, янаям аниқроғи насрий достон, йиллар ўтгач, бошқа ном билан дунё юзини кўрган асар босилишига унчалик кўзи етмаган ҳолда «Новый мир» журналига тақдим этилади. Ногоҳ, о, мўъжиза! Қўлёзма иккиланмасдан қабул қилинади. Твардовский уни навбатдаги сонга қўйворади. Ниҳоят, яна бир мўъжиза юз беради – асар цензура чиғириғидан ҳам ўтади. Бу ёзувчининг номидан қатағон тамғаси ҳам олиб ташланади дегани эди…
Аммо афсуски, бахт ҳеч қачон тўлиқ бўлмайди.
Номи шубҳали ёзувчининг қўлёзмасини ўқиган цензура ходими барибир асарнинг битта жойига эътироз билдиради. У журналдаги юз саҳифалик асардан бор-йўғи кичик бир абзац олиб ташланишини талаб қилади. Унда ёзувчи тоғ қишлоғидаги тўй тантанасида гитлерчилар ёвузликларидан чексиз азоб чеккан яҳудийларни қўллаб-қувватлаб гапирган арман деҳқонларига таъзим бажо айлагани ички бир дард билан изҳор этилганди.
Албатта, цензура талабини бажариш муаллиф учун ахлоқий муросага бориш билан баробар эди. Аммо бошқа жиҳатдан қараганда, бу парчанинг у қадар катта бадиий қиммати йўқ эди. Ҳарқалай, уни асардан олиб қўйиш катта бадиий йўқотиш бўлмасди.
Аммо Гроссман бу парчани олиб ташлашни хаёлига ҳам келтирмасди.
Уни кўндиришга уриниб кўрдилар, турли мулоҳазалар айтилди, ялиниб-ёлборишди. Аммо у ўз сўзида қатъий туриб олди. Хуллас, асар босилмайди.
Юқоридаги икки воқеани таққослаб кўрарканман, ўзимча ўйлардим: бу тасодифми? Ёки бир-бирига ўхшаш бу ҳолатда кўзойнакли, нимжонгина бир зиёлининг урушнинг афсонавий қаҳрамони, Сталин билан қўрқмай баҳслашган машҳур қўмондондан кўра иродалироқ, қатъиятлироқ бўлиб чиққанида бир қонуният бормикин?
Бу саволга менинг жавобим бор. Ўз наздимда қанчалар теран, чуқур туюлмасин, бу борадаги мулоҳазаларимни айтиб ўтирмайман.
Ақлли одам ўзи тушуниб олаверади.
АЖОЙИБ ОДАМ
Кремлдаги қандайдир бир зиёфатда Михаил Кольцов Семён Михайлович Будённий билан ёнма-ён ўтириб қолади. Ўзаро чурқ этмай ўтиришади. Бир-бирига мутлақо ўхшамаган икки хил одам нимани ҳам гаплашарди? Аммо бир маҳал Будённий Кольцовнинг қулоғига энгашиб, шундай дейди:
– Ана бу одамни танийсизми?
У қўшни столда ўтирган, шоп мўйловли, ёши қайта бошлаган одамни кўрсатади.
– Бу – Ока Иванович Городовиков, – дея тушунтиради Будённий. – Унинг қандай жанг қилганини кўрсангиз эди. Сўқишмадан кейин атрофга қараб оқларнинг ўликлари қалашиб ётганини кўрасан. Бу Ока Ивановичнинг иши эканлиги дарҳол маълум бўлади. Қўлида шунақа зўр ҳунари бор-да. Ўзига қарасанг, жиккаккина одам. Куч-қуввати ҳам айтарли эмасдек. Аммо қилич чопганда одамни нақ иккига бўлиб юборади. Елкадан белгача…
У бироз жимиб қолади, сўнг бошини чайқаб, ихлос ва ҳатто андак ҳасад билан хўрсиниб қўяди:
– Ажойиб одам!
ЎЗИМ ҲАМ БИЛУВДИМ-А!
1934 йилнинг 1 декабрида «Ленинград оқшоми» газетасининг навбатдаги сони ўз вақтида терилиб, кечиктирилмай босмахонага юборилади. Маълумки, эрталабки газеталар тунда, кечкилари эса кундузи босиларди, шу боис «ўз вақтида» дейилгани – эрталаб эди.
Газета ишида гоҳо кутилмаган муаммолар чиқиб қолар, шу боис нашрнинг чоп этилиши ҳам кейинга сурилар эди. Аммо ўша куни ҳамма иш сип-силлиқ кетаётганди. Ва ниҳоят, газета энди чоп этила бошланганда эшик очилиб, кимнингдир ҳаяжонли хитоби янграйди:
– Кировни ўлдиришибди!
Бунга жавобан саҳифаловчи яҳудий чол томдан тараша тушгандек луқма қилади:
– Ўзим ҳам билувдим-а!
Ўз ишининг ҳадисини олган бу кекса газетачи тайёрланган суиқасдни назарда тутмаганди, албатта. У фақат шунақа кутилмаган ишкалликлар туфайли газетанинг вақтида чиқмай қолишини таъкидламоқчи эди, холос. Газета иши ўзи шунақа эди.
Аммо унга бу нарсаларни бошқа жойда тушунтиришига тўғри келади. У ерда эса ҳеч қандай тушунтиришлар кор қилмайди, албатта.
ПОЭМАНИНГ МИСИ ЧИҚДИ
Ўтган асрнинг 60- йиллари Малеевкада – ёзувчиларнинг ижод уйида мен Иосиф Ильич Юзовский билан анча яқинлашиб қолдим.
Ўша кезлар Солженициннинг «Иван Денисовичнинг бир куни» деган ҳали чоп этилмаган қиссаси қўлма-қўл бўлиб юрар, иккимиз ҳам уни ўқиган эдик. Бу асар қандай таассурот қолдирганини сўраганимда, Юзовский қаттиқ таъсирланганини айтади. Сўнгра қўшимча қилиб дейди:
– Аммо бу мумкин эмас?
– Нима мумкин эмас! – ҳайрон бўлдим.
– У социализмга қарши, – дея изоҳ берди у. – Бу эса мумкин эмас.
Аввалига мен тушунмадим: қанақасига мумкин эмас экан? Нега мумкин эмас? Чиғириқдан ўтмаслиги, босиб чиқарилмаслиги учун мумкинмасми? Шу тарзда ёзиш – олдиндан иш хуржун бўлади деганими? (Шу мавзуда гаплашаётганимизда бир куни Виктор Борисович Шкловский шундай деганди: «Биласизми, биз автобусга йўл бўшатаётганимизда буни ҳиммат юзасидан қилмаймиз!»)
Маълум бўлишича, Юзовский бутунлай бошқа нарсани назарда тутган экан. У шунчаки юзаки эмас, балки муҳимроқ сабаблар важидан социализмга қарши ёзиб бўлмайди деб ҳисобларкан. Бу ўринда анча залворли, ички бир тақиқ лозим экан.
Ўз фикрини тушунтираркан, у менга шундай воқеани ҳикоя қилди.
Маяковский 1927 йили «Яхши!» деган поэмасини эълон қилганда у Ростовда яшаркан. Ўшанда у ёш (жуда ёш) танқидчи эди, маҳаллий газеталар унинг мақолаларини жон-жон деб босарди.
Ўша кезлар Маяковский номи у қадар жарангдор эмасди, Юзовский ортиқча ишкалликсиз ўша маҳаллий газетада шоирнинг янги поэмасини кескин танқид қилиб чиқади. Мақола жуда кескин, ҳатто андак таҳқиромуз эди. Бу «Поэманинг миси чиқди» деган сарлавҳанинг ўзиданоқ маълум эди. Космополитизмга қарши кураш авж олганда айбланувчиларнинг олдинги сафида бораётган Юзовскийнинг бошига бало бўлади бу мақоласи. Мақола унга қўйилган жиноятларда асосий далил бўлиб қолади: лилипут Гулливерга қарши қўл кўтарди!
Аммо «Гулливер» Ростовга келганда ўзига қарши қўл кўтаришга журъат қилган ўша «лилипут» билан учрашишдан ор қилиб ўтирмайди. Қайтангга, ўзи уни қидириб топади, бир қовоқхонага олиб кириб сийлайди ва қилмишини тушунтириб беришни талаб қилади.
Ўшанда жуда ёш бўлган Юзовский табиийки, Маяковскийга оёғидан бошигача анграйиб қараб қолган (дарҳақиқат, унинг бўйи жуда паст эди) бўлса-да, мақоласи учун тавба-тазарру қилиб ўтирмади. У атрофдаги ҳаётнинг даҳшат эканини, Маяковский поэмасида тасвирлаганига мутлақо ўхшамаслигини узуқ-юлуқ қилиб, аммо ҳаяжон ва ишонч билан гапира кетади. Кеча ўлка партия қўмитаси котибининг отиб кетилганини айтади. Атрофда, ўрмонларда қуролли газандалар изғиб юрибди. Шаҳар кўчалари ўликларга тўлиб кетган. Одамлар очликдан азоб чекмоқда. Сиз эса нималар деб валдираяпсиз? «Пишлоқлар тўлиб ётибди… Нарх-наволар тушяпти…» эмиш… Қанақа пишлоқлар? Қаерда кўра қолдингиз пишлоқларни? «Ер ҳайдайди, шеър тўқийди…» эмиш… Қизиқ, бунақа оперетта деҳқонларини қаерда кўрувдингиз?
Маяковский миқ этмай эшитиб ўтиради. Маъюсланиб, узоқ сукут сақлайди. Кейин шундай дейди:
– Демак, гап бундай. Ўн йилдан кейин бу мамлакатда социализм қурилади. Ана ўшанда бу поэма яхши бўлади… Мабодо бундай бўлиб чиқмаса… Бундай бўлмаса, иккимизнинг бу тортишувимиздан нима маъно бор, ва бу поэма, мен, сиз ва мана шу ҳаётимизнинг нима қиммати бор?..
ҲОЖАТИ ЙЎҚ
Бу рассом ҳақидаги ҳикояни мен Наташа Роскинадан эшитувдим.
Наташа у билан урушдан кейин Саратовда, рассом у ерга мажбурий кўчирилгандан кейин танишганди. Унгача эса рассом хориждан бошпана топганди. Ватанга қайтишни кўпдан орзу қиларди, фақат қирқ бешинчи йилдагина ниятига эришиш имконияти туғилади. Ва у дарҳол бу имкониятдан фойдаланади.
Революция пайтида ёш рассом Николай Гушчин Уралга бориб қолади. Ўша кезлар у большевикларнинг ашаддий тарафдори эди, қандайдир большевикча варақаларни тарқатиб юрарди. Аммо ўша кезлар Колчакнинг қўли баланд келаётган эди, у колчакчилар таъқибидан қочиб, анча-мунча сарсон-саргардонликлардан кейин Узоқ Шарққа келиб қолади. У ердан денгиз орқали Европага боради. Охир-оқибат Парижда қўним топади.
Ана ўша ерда томир отиб қолиши лозимдек эди: ахир рассом учун Париж орзудаги гўша эди.
Аммо Гушчин уйга, ватанга қайтишни истарди. Шу боис қайтиш визасини олиш ҳаракатига тушади.
Аммо большевиклар – айнан ўшалар тоифасига мансублиги учун хорижга бориб қолган одамга қайтиш визасини беришдан бош тортадилар.
Боёқиш совет элчихонаси ва консуллиги остонасига қайта-қайта бош уриб боради, таниш-билишларини ишга солади, хит бўлади, ялиниб-ёлборади, ўзича нималарнидир исботлашга уринади, ҳеч қандай натижа чиқмайди.
Шу тарзда орадан бир неча йиллар ўтади.
Бир куни у ногоҳ қаҳвахонада инқилобдан олдинги эски таниши Маяковскийни учратиб қолади.
Гушчин унга худди туғишганини кўриб қолгандек талпинади. Ўзининг овораи сарсон бўлганини гапириб беради, Маяковскийнинг Советлар Россиясида нуфузи баландлигини билиб, ундан ёрдам сўрайди. Аммо Маяковский кутилмаганда унинг бу илтимосига жавобан тутун қайтаради.
– Нега энди у ёққа боришинг керак бўлиб қолди?
– Нега энди деганинг нимаси? – Гушчин ҳайрон бўлади.
У бошқалардан кўра Маяковский дардимни яхшироқ тушунар деб ўйлаганди. Шоирнинг бу ғалати саволи худди устидан бир челак совуқ сув қуйиб юборгандек туюлади.
– Нега энди эмиш! – гарангсиб минғирлайди. – Ишлаш учун! Халқ учун!
Маяковский қўлини елкасига авайлаб қўйганча шундай дейди:
– Қўйсанг-чи, Коля! Ҳожати йўқ!
НЕГА ҲЕЧ КИМНИНГ ЭСИГА КЕЛМАГАН?
Америкада бизга сидқидилдан хайрихоҳ бўлган америкалик зиёлилар даврасида ўзимиздан бориб қолган эмигрантлардан бири сталинча қатағон даҳшатлари ҳақида ҳикоя қилади. Одамларнинг тунлари юрак ҳовучлаб зинапоядан эшитилган қадам товушларига қулоқ солиб ётишлари, уларни кўчанинг ўзидаёқ тутиб олиб, машинага босганча қайтиб чиқиш душвор бўлган Лубянкага тиқиб қўйишлари, «ўн йил хат ёзиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш» (аслида отишга фатво билан баробар) ҳақида ҳукм чиқарувчи совет жазо маҳкамаларининг мунофиқлиги, маккорлигини тилга олади.
Америкаликлар бу даҳшатларни мутаассир бўлиб эшитишади, ҳикоячининг наздида тингловчи жаноблар ва хонимлар уни аъло даражада тушунаётгандек туюлади. Аммо шу орада ёқимтойгина бир америкалик хоним шундай деб қолади:
– Мен бунақа ҳикояларни жуда кўп эшитганман. Нима ҳам дердим! Даҳшат, ҳаммаси даҳшат, албатта. Аммо мен фақат бир нарсани тушунмай турибман: нега полицияга мурожаат қилиш ҳеч кимнинг эсига келмаган?
ХРУШЧЁВНИНГ АСЛ БАШАРАСИ
Хрушчёвнинг асл башарасини мен фақат бир марта кўрганман. Аммо шунинг ўзи кифоя қилган.
Бу воқеа 59-йилнинг охирларида бўлганди. Ёзувчиларнинг Бутуниттифоқ учинчи съезди ўтказилаётганди. Анжуманнинг охирги йиғилиши ўтказилаётган Кремлда «бизнинг Никита Сергеевич»имиз катта нутқ ирод қилади.
У минбарда пайдо бўлганда гулдурос эмас, яккам-дуккам, ланж қарсаклар чалинади.
Кўзойнагини қўндириб, олдидаги тайёр матнни очгач, ўзича уч дақиқа одатий-расмий гапларни айтиб туради. Аммо ортиқ чидай олмайди: маъруза матни ёзилган қоғозларни бир четга суради, рисоладаги одамдек, ҳатто андак хижолатомуз кулимсираб, шундай дейди:
– Нима десангиз денг, ўлай агар қоғозга қараб гапиролмайман…
Зал бу гал жонли, самимий қарсаклардан жунбушга келади.
Қўлловдан дадилланган Хрушчёв гапида давом этади:
– Қоғозга қараб гапирсанг бир ҳисобдан хотиржамроқ бўласан. Айниқса шунақа тингловчилар олдида. Аммо иложим йўқ. Майли, пойма-пой гапирсам гапира қолай, аммо қоғозсиз гапираман. – Шундай дея қоғозларини кескин нари суриб қўяди.
Ана ўшанда гулдурос қарсаклар чалинади.
Аммо қоғозсиз гапирган «бизнинг Никита Сергеевич»имиз қуюш-қондан чиқа бошлайди. Ёзувчиларга ақл ўргатишга тушади. Сўнгги йиллар адабиётида пайдо бўлаётган хато йўналишлар ҳақида гапиради. Дудинцевнинг партия матбуотида қораланган романини тилга олади, Маргарита Алигернинг номини ҳам (шоирани негадир «ўртоқ Елигер» деб атади) шу оҳангда санаб ўтади.
Залдагиларнинг тарвузи қўлтиғидан тушади. Нотиқнинг сезгирлигига қойил қолиш керак, бу ўзгаришни дарров пайқайди.
– Ҳай майли энди! – яна ёқимли жилмайиб қўяди. – Бу ўртоқларни танқид қилиб бўлдик, асосли танқид қилдик – бас энди… Хатоларини ортиқ эслаб ўтирмайлик…
Бу сўзлар қизғин олқишлар билан кутиб олинади. Ана ўшанда у бирдан сергак тортади. Залга қўлини бигиз қилиб, таҳдид оҳангида таъкидлайди:
– Аммо унутиш ҳам керак эмас!
Чўнтагидан қордек оппоқ рўмолчасини олиб, намойишкорона бир четини тугиб қўяди:
– Мана! Эсдан чиқармаслик учун тугиб қўйдим. Тағин хомтама бўлиб юрманглар. Ҳаммаси эсимда. Ҳар бир фамилия эсимда. Ўртоқ Дудинцевни ҳам, ўртоқ Елигерни ҳам эсимдан чиқармайман…
Зал яна маъюсланади, нотиқ яна ўзини қўлга олади.
– Биласизми, баъзан шундай бўладики, – дейди яна ўша мулойим жилмайиш билан, – айрим китобларни ўқиётиб ухлаб қолганингни сезмай қоласан. Ухламаслик учун ўзингга игна санчишинг керак. Мана, тан олиб айтишим керак, ўртоқ Дудинцевнинг китобини нинасиз ўқидим…
Залда яна олқишлар янграйди.
– Аммо мумкин эмас, ўртоқлар! Мафкура бобида ҳеч қандай муросага бориш мумкин эмас. Биз бунга йўл қўймаймиз!
Шу тариқа, нотиқ деярли икки соат давом этган нутқи мобайнида гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга оғиб туради.
КЎНГЛИНГИЗ ЖОЙИГА ТУШДИМИ?
Марк Осипович Рейзен Сталиннинг севимли хонандаси эди. Қачонлардир Сталин уни Ленинградда эшитган, кейин Москвага кўчириб келиб, Большой театрга солист қилиб қўйганди.
Рейзен муттасил Кремлга – Сталин ҳузурига таклиф қилинар, уй концертларида хониш қилиб турар эди. Бу воқеа шундай рўй беради. Концерт арафасида унга Поскребишев телефон қилиб, тайинлайди:
– Марк Осипович,бугун одатдагидек сизни олиб келишга боришади.
Космополитизмга қарши 49-йили бошланган ҳужум авжига чиққанда Большой театр директори ҳаддидан ошиб, Рейзенни ишдан бўшатиб юборганди. Поскребишевнинг ўша одатий қўнғироғига жавобан Марк Осипович шундай дейди:
– Бугун овозим панд бериб қўйиши мумкин.
– Бу нима дегани? Нима бўлди ўзи?
– Мен энди Большой театрнинг солисти эмасман.
Поскребишев гўшакни жойига қўяди. Бироздан кейин яна телефон қилиб, дейди:
– Марк Осипович, бугун олдингизга одатдагидан вақтлироқ боришади.
Рейзенни Сталиннинг ҳузурига олиб киришганда у хонасида ёлғиз бир ўзи ўтиргандек туюлади. Аммо Сталин трубкаси билан девор ёнида девордек оқариб кетган одамга ишора қилиб кўрсатади. У Большой театрнинг директори эди. Сталин унга ўгирилиб, трубкаси билан Рейзанни кўрсатиб, сўрайди:
– Бу ким?
Директор талмовсирайди, аянчли кулимсираб жавоб қилади:
– Бу Марк Осипович Рейзен.
Сталин бош чайқайди:
– Нотўғри.
Юмшоқ этиги билан гиламда юриб, директор олдида тўхтайди ва дейди:
– Бу – СССР халқ артисти, Совет Иттифоқи Давлат академик Большой театри солисти Марк Осипович Рейзен. Такрорла.
У итоат билан такрорлайди:
– СССР халқ артисти, Совет Иттифоқи Давлат академик Большой театри солисти Марк Осипович Рейзен.
Сталин дейди:
– Мана энди тўғри айтдинг.
Трубкасини шошилмай тутатиб, яна гиламда юради. Яна директор олдида тўхтайди:
– Сен ўзинг кимсан?
– Мен…м-мен Большой театр директориман, – у гарангсиб жавоб қилади.
Сталин бош чайқайди:
– Нотўғри. Сен – ахлатсан.Такрорла.
У такрорлайди.
– Мен – ахлатман.
– Энди тўғри айтдинг, – қайд қилади Сталин. – Бу ким бўлди? – трубка яна Рейзен томонга қаратилади.
– СССР халқ артисти, Совет Иттифоқи Давлат академик Большой театри солисти Марк Осипович Рейзен, – директор яна тўтидек бурро такрорлайди.
– Тўғри, – дейди Сталин. – Сен ўзинг кимсан?
– Мен – ахлатман! – боёқиш шу билан энди қутуларман деган умидда андак ҳазиломуз оҳангда жавоб қилади.
– Тўғри, – дейди Сталин яна маъқуллаб. – Бу ким?
Керакли ўша жавоб айтилгач, яна исканжа давом этаверади:
– Сен кимсан ўзи?.. Тўғри… У ким?.. Тўғри…
Шу тариқа қийин-қистов бир неча бор такрорланади.
Ниҳоят, сабоқ етарли бўлганига ишонч ҳосил қилгач, директорга эшикни кўрсатиб дейди:
– Йўқол.
Осон қутулганидан ўзини йўқотиб қўяёзган боёқиш директор апил-тапил қорасини ўчиради.
Сталин Рейзенга ўгирилиб сўрайди:
– Энди кўнглингиз жойига тушдими?
Русчадан Шодмон Отабек таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил 10-12-сонлар.