Акмал Акром ўғли. Миркомилбой қандай шахс эди? (1992)

http://n.ziyouz.com/images/turkestan001.jpg

Андижонда аср бошида яшаб ўтган Миркомилбой ҳақида халқ орасида ҳалигача кўпдан-кўп ривоятларни эшитиш мумкин. Бугина эмас. Туркистоннинг савдо-сотиқ муносабатлари, пахтачилик-деҳқончилик масалалари, фирма ва банклар фаолиятига доир кўпдан-кўп архив ҳужжатлари, тарихий асарларда ҳам унинг номи тез-тез учрайди. Советлар даврида ёзилган асарларнинг деярли ҳаммасида Миркомил Мирмўминбоев мана бундай таърифланади: «…ва Миркомил Мирмўминбоев каби пихини ёрган капиталист бойлар меҳнаткаш оммани аёвсиз эзиб, эксплуатация сиртмоғида маҳкам ушлаб турар эдилар…» Наҳотки, барча ўзбек бойлари шундай аёвсиз бўлиб, олижаноблик, ватанпарварлик, меҳр-шафқат сингари инсоний туйғулардан маҳрум эдилар?

Мен хизмат юзасидан бойларга тегишли архив ҳужжатларини ўрганар эканман, кўз олдимда бизга таърифлашгандан тамомила бошқа дунё одамлари намоён бўлиб борар эди.

Тўғри, улар ишбилармон бўлганлар, пулни пулга уриштира олганлар, катта мол-дунё топганлар. Шу билан бирга… келинг, яхшиси менга учраган ҳужжатларни диққатингизга ҳавола қилиб қўяқолай. Ўзингиз ҳукм чиқаринг.

ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТНОМА

Миркомил Мирмўминбой ҳожи — 1860 йили Қўқон хонлигининг Андижон шаҳрида бой савдогар оиласида дунёга келган. Меҳнат фаолиятини ўспиринлик йилларидан бошлаган. XIX асрнинг 80-йилларида ер-сув ва катта пахта майдонларига ага бўлиб, йирик шахсий бойлик тўплашга муваффақ бўлган. Архив ҳужжатларига қараганда XX аср бошларида унинг шахсий бойлиги 13—15 млн. сўмни ташкил этган. Асосий савдо муомалаларини чет эллардаги йирик «Ака-ука Шлосберг», «Кноп», «Ака-ука Степпун», Москва ҳисоб банки, Рус-Хитой банки, Рус-Осиё банки ва бошқа савдо-сотиқ фирмалари ва банклари билан олиб борган.

1915 йил октябрида бўҳтон билан қамалган ва сургун қилинган. Лекин 1916 йилнинг бошларида рус армиясини қуроллантириш учун 500 минг сўм бериш шарти билан сургундан озод қилиниб, Андижонга қайтган. 1917 йил бошларида «Шўрои Исломия» жамиятининг Андижондаги энг фаол иштирокчиси, деб тўқилган бўҳтонга асосланиб муваққат ҳукуматнинг Туркистондаги вакнллари томонидан қамоққа олинган. 1918 йили отиб ташланган.

Очиғи, жумҳуриятимиз архивларида сақланаётган ва Миркомил Мирмўминбоев фаолиятига дахлдор бўлган ҳужжатларнинг кўпи йўқолган. Лекин сақланиб қолганлари ҳам шундай қимматлики, уларни ўқиган сари бу кишининг янги-янги қирралари очилиб бораверади. Мана, бир ҳужжат. Унга асосан 1899 йил бошларида андижонлик савдогар Мирмўминбой ҳожи Мирнодирбой Ҳожиев ўлими олдидан ўз уйига Андижон шаҳри Олойлиқ қисмининг қозиси, меросхўрлари ва қўни-қўшниларидан бир неча кишини чақириб, Макка ва Мадинада иккита ғарибхона қурилиши учун 30 минг сўм ажратганини васият қилади. Бу ҳақда маълумот олган Россия Диний эътиқод департаменти ўзга динлар бошқармаси бундай ионалар сиёсий жиҳатдан зарарли эканлигини, рус фуқароси ҳисобланган мусулмонларни ислом дини ва мусулмон мутассиблиги ўчоғи бўлган юртлар билан алоқа боғлашлари давлат хавфсизлиги нуқтаи-назаридан мумкин эмаслигини айтиб, бу илтимосни рад этадилар[1].

Бошқа бир ҳужжатда 1901 йили Мирмўминбойнинг ўғли Миркомил Андижон уезди бошлиғига ўз ҳисобидан қурмоқчи бўлган янги мадраса ҳамда эски мадрасани қайтадан тиклаш лойиҳаларини топшириб, шу ишларни бошлашга рухсат берилишини сўрайди. Шу масала юзасидан сўровчи Фарғона вилояти бошқармасига қуйидаги жавоблар жўнатилган:

ЖАНОБИ ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ ҲАРБИЙ ГУБЕРНАТОРИГА

«…Аидижон шаҳрининг маҳаллий аҳоли яшайдиган қисмида Миркомил Мўминбоев қуришни мўлжаллаётган мадраса лойиҳаси масаласида Сиз жаноби олийларига шуни маълум қиламанки, кўрсатилган лойиҳа ўқув юртлари бошқармаси томонидан кўриб чиқишга лойиқ эмас. Бундан ташқарн тилга олинган бино лойиҳасида рус ўқувчилари учун сннфхоналар мўлжалланганлиги маълум эмас».

Туркистон ўқув юртлари Бош инспектори

Ф. Керенский, 1901 йил 30 май[2]

ФАРҒОНА ВИЛОЯТ БОШҚАРМАСИГА

«…Миркомил Мирмўминбоев Андижон шаҳрида қурмоқчи бўлган мадраса масаласида тўхталиб, Фарғона вилоят бошқармасидан мавжуд мадрасаларни кенгайтириш ва янгиларини қуришга иложи борича рухсат этмасликни ва фақатгина эски мадрасаларни таъмирлашга рухсат беришликни сўрайман.

Охирги пайтларда баъзи бир шаҳарларда (Андижон, Қўқон ва Ўратепада) мусулмонларнинг баъзи бир мачит ва мадрасаларига ўқувчиларнинг мисли кўрилмаган даражадаги катта оқими кела бошлади. Бу давлат манфаатларига зид ҳолдир. Масалан, шундай мадрасаларнинг бирида муллаваччалар сони 160 кишидан бирданига 600 кишигача кўпайган. Андижон шаҳрида шундоқ ҳам мусулмон мактаблари керагидан ортиқроқдир».

Туркистон ўлкаси II туман Халқ билим юртлари инспектори (имзо аниқ эмас), 1901 йил 19 июнь[3]

Ўз илтимосига рад жавоби олган Миркомил Мирмўминбоев Туркистон ўлка бошқармасига хайрия масалалари билан яна бир неча маротаба мурожаат этади. Бу вақт ичида Туркистон генерал-губернаторлиги бошқаруви маҳкамасида кўп ўзгаришлар юз беради, 1913 йилнинг бошларида Миркомил Мирмўминбоев Андижон уезди бошлиғи Бржезицкий билан бўлган бир учрашувда Андижон шаҳрида хайрия сифатида баъзи иншоотлар қурмоқчи эканлигини айтади[4]. Уезд бошлиғи унинг бу ниятини маъқуллайди.

Шу йил 10 декабрда Андижон хўжалик бошқармаси мажлиси бўлиб ўтади. Унда бошқарма раиси полковник Бржезицкий, шаҳар депутатлари Куровский, Ординец, Мирали Умарбоев, Андижон шаҳри архитектори штабс-капитан Транин, халқ билим юртлари инспектори Кудрявцев ва шаҳар врачи Кашурниковлар қатнашадилар. Бу мажлисда ниҳояти бир масала — андижонлик 2-гильдия савдогари, Мирмўминбоевнинг уезд бошлиғи номига ёзган аризаси кўриб чиқилади. Аризанинг қисқача мазмунини эътиборингизга ҳавола этамиз:

«Ўз она шаҳрим Андижоннинг маданий ривожланиши ва батамом тартибсиз аҳволда бўлган Гултепа[5] майдонига маданий кўриниш бериш, майдон ҳам шаҳар кўрки бўлсин, ҳам аҳоли фойдалана олсин деб, мен Миркомил Мирмўминбоев ўз ҳисобимдан Андижон шаҳрига тортиқ сифатида қуйидаги иншоотларни қуришни ўз зиммамга оламан:

  1. Турли миллат вакиллари — эркак ва аёлларга мўлжалланган, қирқ ўринли намунали шифохона. Унда қуйидаги бўлимлар мавжуд бўлади: а) жарроҳлик; б) туғруқхона; в) ич касалликлари; г) секцион камералар ва ўликлар сақлаш учун ертўла; д) дезинфекцион камера ҳамда шифохона бошлиқлари, ходимлари ва турли хизматчилар учун махсус бино; е) шифохона биносини марказий иситиш бўлими ҳамда сувларни биологик тозалаш хизмати.
  2. 30 ўқувчига мўлжалланган, интернати бўлган, мадраса ўқувчиларини рус тилига ўргатиш бўлимига ҳамда зал ва ёрдамчи биноларга эга рус-тузем мактаби.
  3. 100 та ўқувчига мўлжалланган мадраса ва хонақоҳи бўлган намунали мактабхона.
  4. Европача нусхадаги, ертўла ва қоровулхона, учта ҳожатхонаси бўлган учта дўконлар тизими. Мана шу дўконлардан келадиган фойда юқорида кўрсатилган муассасаларни таъминлаш ва таъмирлаш ишлари учун ишлатилади.
  5. Маҳаллий халқ ва европаликлар учун алоҳида бўлимларга эга ҳаммом.
  6. Шу бинолар атрофида йўлкалар очиб, хиёбонлар барпо этиш, майдон марказида манзарали боғ барпо этиш.

Кўрсатилган иншоотларни барини мен, Миркомил Мирмўминбоев, менинг назоратимда тузилган ва тегишли ҳокимият томонидан тасдиқланган лойиҳа ва смета асосида уч йил давомида қуриб битказишни ўз зиммамга оламан… шу билан бирга юқорида кўрсатилган барча бинолар, иншоот ва жиҳозларни қуриш учун ўз шахсий маблағимдан 500 минг сўм ажратаман»[6].

Аризада бундан ташқари М. Мирмўминбоев ўзи тикламоқчи бўлган иншоотларнинг қаерда қурилишини, майдон ўлчами, қурилиш ишларига жалб этиладиган одамлар сонини, уларга бериладиган маош миқдорини аниқ кўрсатган. Дўконлардан тушадиган фойда шифохона ва рус-тузем мактабини таъминлашга етмаса уч йил давомида ўз ҳисобидан маблағ билан таъминлашни зиммасига олган. Ушбу иншоотлардан даромад келадиган бўлса, уни шаҳар фондига топширажагини билдирган. Мусулмонлар намозхонаси ва мадрасани ўла-ўлгунча ўз ҳисобидан маблағ ажратиб таъминлаб туришни, ўлганидан кейин эса, махсус васиятнома асосида маблағ қолдиражагини баён этган.

Ариза М. Мирмўминбоев томонидан 1913 йил 18 сентябрда Андижон уезди бошлиғи полковник Бржезицкийга топширилган. Аммо унинг биринчи нусхасидаги таклифлар уезд бошлиғига маъқул тушмагани сабабли у М. Мирмўминбоевга аризани қайта кўриб чиқишни ва бир қатор ўзгартишлар киритишни талаб қилган. М. Мирмўминбоев шифохона ва ҳаммомдан фақат маҳаллий аҳоли фойдаланишини мўлжаллаган, ўқувчилар рус тилини ўрганишини эътиборга олмаган, дўконлар ва ҳаммомдан тушадиган даромаднинг бир қисмини шаҳар бошқармаси ихтиёрига ўтказиб, қолган қисмини ўз ихтиёри бўйича шифохона ва мадраса харажатларига ишлатишни кўрсатган, ҳамма корхоналар унинг номи билан аталиши, уларни бошқариш учун махсус комиссия тузилиб, бошқариш ишларида шахсан ўзи қатнашишини мўлжаллаган эди. Кейинчалик у мана шуларнинг ҳаммасидан воз кечиб, Бржезицкий талабларини тўлиқ қабул қилишга мажбур бўлади. Чунки Туркистондаги рус маъмурияти бунақа ишларга осонликча рухсат бермаслигини у яхши тушунар ва Бржезицкийнинг ҳар қандай шартларига кўниб бўлса-да, ишни жилдиришга умид тутар эди.

Шаҳар хўжалик бошқармасида ўтган мажлис ниҳоятда қизғин бўлганини мажлис қатнашчиларининг баъзи фикрларидан ҳам яққол кўриш мумкин. Яхшиси шу фикрлардан қўчирма келтира қолайлик.

Шаҳар депутати Ординец: «М. Мўминбоевнинг ушбу таклифини мен шаҳар учун фойдасиз ва қуйидаги мулоҳазаларга кўра номаъқул, деб ҳисоблайман. Ўз маблағидан 500 минг сўм иона ажратувчи киши фақатгина Гултепа майдони ва унинг атрофидаги ерларни бу иншоотлар қурилиши учун талаб қилиб, шаҳарни бир қадар мураккаб мажбуриятлар билан боғламаган тақдирда у қилаётган иона менинг кўз ўнгимда олиҳиммат совға бўларди. Жаноби Мўминбоев Андижон шаҳрига меҳрибонлик қилиб тикламоқчи бўлган иншоотларини ўзига тегишли ерларда қуришни таклиф қилганида эди, мен уни чуқур миннатдорчилик билан қабул қилар эдим.

…Жаноби Мўминбоев инъомини қабул қилган шаҳар ўзини доимий у билан, унинг ўлимидан кейин эса, унинг авлодлари билан бир қанча мураккаб мажбуриятлар, яъни молиявий, маънавий, иқтисодий мажбуриятлар билан боғлаб қўйиб, шубҳасиз унинг қарашлари, хоҳиш ва иродасига тобеъ бўлиб қолади.

…Миркомил Мирмўминбоев бир қанча муассасаларнинг чекланмаган эрк-ихтиёри бутунлай ўз қўлида бўлган хўжайинига айланади. Бу иншоотлар ҳужжатларда шаҳарга тегишли ҳисобланса ҳам, аслида М. Мўминбоев номи билан юритиладиган бўлади. Бу ерда у умрининг охиригача мутавалли ва мактаб нозири, шифохона қўмитаси аъзоси бўлиб қолиб, шифохонага ходимлар тайинлаш, мадрасага ўқитувчилар танлаш, оддий хизматчиларни ёллаш унинг қўлига ўтади. Натижада Андижон шаҳрининг иккита хўжайини пайдо бўлиб, шаҳар хўжалик бошқармасидан ташқари яна Миркомил Мўминбоев[7] ҳам хўжайинга айланади…»

Шаҳар депутати Куровский: «Ўзи яшаётган муҳитдан ажраб кетолмаган Миркомил учун умрининг охирида худо йўлига қандайдир хайрли ишни амалга ошириш — ҳаётининг мазмунини ташкил этади. Миркомил ана шу режасини амалга ошириш учун масжид қуришга шаҳардаги энг яхши жойни танлабди. Миркомил анчадан бери масжид қуришни, у фақатгина Гултепа майдонида қурилиши кераклигини мўлжаллаб юрибди. У бундан 4 йил аввал ҳам Гелтепа майдонида масжид қуриш таклифи билан мурожаат қилган, лекин ўша пайтдаги шаҳар бошқармаси раиси полковник Краснослободской томонидан рад жавобини олган эди. Ўз таклифларига рад жавоби олавериб, кўзи пишган Миркомил энди пухта мўлжал билан ҳаракат қилишга ўтибди. Шаҳардаги энг яхши майдонни қўлга киритишга ҳаракат қиляпти. Албатта, энди ўз ниятини амалга ошириш унга анча қимматга тушади, лекин бунга унинг пули етади. Фақат Миркомил ўз олдига қўйган мақсадга эришиш учун қанчалик мисли кўрилмаган қатъийлик ва усталик билан ҳаракат қилаётганидан ҳайрон қолиш мумкин».

Куровский асосан Ординец мулоҳазаларини маъқуллаб, Гултепа майдонига тегиш керак эмас ва Миркомил лойиҳаларидаги иншоотлар қурилган тақдирда майдонда савдо-сотиқ тўхтаб, шаҳар бюжетига пул тушмай қолади, деган фикр билдиради. У, айниқса, шифохона қурилишига қарши чиқиб, шаҳар марказида шифохона қуриш гигиена жиҳатдан хавфли, қолаверса, Андижон шаҳри аҳолиси учун мавжуд 30 касалга мўлжалланган шифохонанинг ўзи етарли, деб ҳисоблайди[8].

Аммо шаҳар хўжалик бошқармаси раиси Бржезицкий шаҳар депутатлари Ординец ва Куровский фикрларига қўшилмайди: «Миркомил ўз режасини амалга ошириш учун Гултепа майдонининг жанубий қисмини сўраган. Бу қисм қанчалик антисанитария ҳолатида эканлиги ҳаммамизга маълум, — дейди у. — М. Мўминбоев ўзи таклиф қилаётган иншоотлар айнан шу майдонда қурилса мақсадга мувофиқ деб тасдиқлаяпти. Шаҳарга кўрк бағишловчи ҳамда аҳоли эҳтиёжларига жавоб берувчи иншоотлар доимо шаҳар марказларида қурилиб келинган. Агарда ҳашаматли жамоат бинолари аҳоли яшовчи уйлар билан бир қаторда қуриладиган бўлса, уларнинг ҳашамати унчалик кўзга ташланмай қолиб, бинони фақатгина олд тарафдан кўриш мумкин. Агарда бундай бинолар майдонда қурилиб, бошқа ҳашаматли бинолар билан ёнма-ён жойлашса, одамларда кучли таассурот қолдириши мумкин.

…Фақатгина иона учун ажратилаётган пуп миқдорининг ўзи ҳам таклиф қилинаётган иншоотларнинг қанчалик ҳашаматли бўлиши ва бу бинолар қурилгандан сўнг шаҳарга кўрк бўлишидан далолат бера олади. Шунинг учун қурилишга қандайдир тор кўчани эмас, балки бу бинолар савлат тўкиб туриши мумкин бўлган майдонни ажратиш керак. Менинг фикримча, бундай ер фақатгина Гултепа майдони бўла олади»[9].

Уезд бошлиғи шу билан бирга Гултепа майдонида беда, сомон, похол, қамиш, ўтин, турли ёғоч ва бошқа тез аланга олиши мумкин бўлган нарсалар сотилишини, майдон бундай хашаклар билан тўлиб кетганлигини, Туркистоннинг Андижондан бўлак ҳеч бир шаҳар марказида бундай сомон бозори йўқлиги, уни аллақачон шаҳарнинг от бозори яқинига кўчириш пайти келганлигини айтади. У М. Мўминбоев шифокорлик қўмитаси аъзоси, мактабнинг фахрий васийси ва мадраса мутаваллиси бўлгани билан шаҳарнинг тўлақонли хўжайини бўлиб қолмайди, бу мақсаддаги одам шаҳар ишларида фақат маслаҳат овозига эга бўлади, деб таъкидлайди. У яна мажлис қатнашчиларига бир неча кун аввал Округ ҳарбий санитар инспектори Д. И. Ребчевский билан учрашганини маълум қилиб, инспектор: «Миркомил ўз таклифини қайтариб олмасдан уни қабул қилишга шошилинглар» деганини айтади.

Ниҳоят, масала битта тарафдор (Бржезицкий), учта қарши (шаҳар депутатлари — Ординец ва Куровский ҳамда шаҳар врачи Кашурниковлар), иккита бетараф (Мирали Умарбоев ва шаҳар архитектори Травин) овоз билан кўриб чиқиш учун Фарғона вилояти ҳарбий губернатори ихтиёрига жўнатилади.

Миркомилбой режасининг кейинги тақдири ҳақида биз ҳозирча архив ҳужжатлари топа олганимизча йўқ. Лекин вилоят ҳарбий губернатори ҳам унинг таклифига рад жавоби берганига шубҳа йўқ. Бу фикримизни Ўрта Осиё темир йўли жандарм-полиция бошқармаси Марғилон бўлими бошлиғининг 1914 йил 25 апрель куни Туркистон тумани махфий ишлар бўлимига юборган хати исбот қила олади. Бу хатда жумладан шундай дейилган: «Андижонлик сарт, миллионер «Мир Калиш» мусулмон шифокорлар хизмат кўрсатадиган, фақатгина мусулмон беморларга мўлжалланган махсус шифохона қуришни мўлжаллаб, 50 минг сўм хайрия қилди. Лекин доктор Белогужев унинг бу орзусини чиппакка чиқарди… «Мир Калиш»нинг шериклари Белогужевни йўқ қилиш учун ҳаракат қилишлари эҳтимолдан узоқ эмас»[10].

Қўлимиздаги архив ҳужжатларини таҳлил этиб, воқеа қуйидагича кечган, деб тахмин қилишимиз мумкин. Миркомилбой айтганини қиладиган одам бўлган. Шунинг учун ҳам Андижондаги Гултепа майдонида қурмоқчи бўлган иншоотларига рухсат берилмагани унга қаттиқ таъсир қилган. Энди у ўз режасини Марғилон шаҳрида амалга оширмоқчи бўлган ва «Мир Калиш» номи билан пинҳона иш бошлаган. Шу мақсадда у ўзига маслаҳатчи қилиб, темир йўл бошқармаси шифокори Белогужевни ёллайди. Лекин Белогужев эса Ўрта Осиё темир йўли жандарм-полиция бошқармаси Марғилон бўлимига Миркомил Мўминбоев шаҳар бошлиқлари рухсатисиз иш бошлаяпти, қураётган касалхонаси фақатгина мусулмонларга мўлжалланган, деб чақиб қўяди.

Юқоридаги хатга Туркистон тумани махфий полиция бўлими ўз навбатида қуйидагича хулоса чиқаради: «1914 йил 29 апрель… «Мир Калиш» Миркомил Мирмўминбоев бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас. У жуда ақлли, айёр, уддабурон киши, эътиқоди бўйича панисломчи ва русларга қарши жуда ёмон муносабатда, Андижон шаҳри тижоратчилар партияси бошлиғи. Ушбу партия аъзоларининг ҳаммаси унга моддий тарафдан боғланган…»[11]

Миркомилбойнинг яна бир орзуси Андижон шаҳрида трамвай юргизиш эди. У бу масалада давлат билан шартнома тузишга кўп ҳаракат қилди. Айрим ҳужжатларда у ўз ёрдамчиларидан бири Абдул Махсумни 1913 йилда чет элга — трамвай бозорига, трамвай нархи ҳамда из қуриш учун керакли нарсаларнинг баҳосини билиб келгани юборгани айтилади[12].

1915 йил охирлари, тўғрироғи ноябрь ойига келиб, Туркистон генерал-губернаторлиги вилоятларида «Миркомилбой қамалганмиш» деган гап тарқайди. Бировлар Миркомилбой Туркияга бориб, Анвар пошо билан учрашганмиш, Россия билан уруш ҳолатида бўлган Туркия армияси учун катта миқдорда пул берган эмиш, мана шундан хабар топган Россия ҳукумати уни қамоққа олган эмиш десалар, бошқалар Миркомилбой тижоратдаги ноҳалол ишлари учун қамалганмиш, дердилар.

Миркомилбой қамалишининг ҳақиқий сабабларини эса архив ҳужжатларида яққол кўриш мумкин. Мана, Андижон уезди бошлиғи ёрдамчиси бу ҳақда нима деб ёзади: «1915 йил 10 январь. Мен ким, Андижон уезди бошлиғининг ёрдамчиси подполковник Полюдов, уезд бошлиғи топшириғига биноан унинг гувоҳлигида қуйидаги протоколни ёздим: бугун соат 12.00 да уезд бошқармаси таржимонлари Сулаймон Келганбоев ва Юсуфжон Чаришев менга маҳаллий тилда ёзилган имзосиз хат тутқазишди. Хатни таржима қилиб, унинг маъноси қуйидагича эканини билдик: «Мен, шу хатни иддао қилгувчи, бехосдан Миркомилбой заводига кириб, унинг иш столи устидаги хатга кўзим тушди. Хатни ўқиб чиқиб, ёмон ният билан ёзилганини билдим. Бир бойнинг ёмон мақсади туфайли бутун камбағал мусулмон аҳли жафо тортишининг олдини олиш мақсадида хатни билдирмасдан ўғирлаб, Сиз жаноби олийларига келтириб беришни лозим топдим. Миркомилбой мендан ўч олиши ва ўлимга ҳукм қилинишимни билиб, ўз номимни айтмадим. Шу ишни тезроқ текшириб кўриш мақсадга мувофиқ бўларди»[13].

Ариза қаламда ёзилган. Хат эса сиёҳда ёзилиб, унинг мазмуни қуйидагича: «Салом, Ҳазрати олийлари Султон Рашидхонга, зоти олийлари генерал Анвар пошога, меросхўр Иззатдин Афандига, генерал Сендерсга жабр-зулм кўраётган рус фуқароларидан (?) ва Андижонда истиқомат қилувчи Миркомилбой Мирмўминбоевдан дуои салом. Сиз зоти олийлари билан учрашишга муяссар бўлганимда имконият бўлса, бизнинг шаҳарларимизни бир айланиб кетсангиз, деб таклиф киритган эдим, афсус мени қайтиб кетишим билан уруш бошланиб қолди. Биз Худодан хотиржамлик ва қудрат тилаб яшаяпмиз. Биз тарафга ёриб киришнинг иложи борми? Руслар бизни жуда хўрлаяптилар. Мени бир ўзим 100 минг сўмга яқин пул тўладим. Улардан қутулиб бўлмаяпти. Сиз юборган хат ва суратларни олдим. Шахсан ўзим руслардан қўрқмайман, лекин бошқа мусулмонлар руслардан жуда қўрқишади. Сизга Афғонистон орқали 200 минг сўм юбордим. Пулни олгандан сўнг менинг илтимосимни Султон ҳазрати олийларига етказсангиз. Почта хат олмаётганлиги учун ушбу хатни Абдул Ҳакимдан бериб юборяпман. Рўзномаларда босмаслигингизни сўрайман. Ўз имзоимни қўйиб: Миркомил Мирмўминбоев».

«…Шу хатдаги М. Мўминбоев имзоси Андижон уезди бошлиғига 1913 йили ёзган аризадаги имзоси билан солиштириб кўрилганда, иккаласи ўртасида жуда узоқ ўхшашлик борлиги аниқланди. Шунда уезд бошлиғи М. Мўминбоевни бошқармага чақириб, ариза ва хат текстини беркитиб, фақатгина имзоларни кўрсатди ва қайси имзо уники эканлигини айтишни буюрди. М. Мўминбоев 1913 йилда ёзилган аризадаги имзони тан олди…

…Ўтган йили 21 июнь куни у Андижондан йўлга чиқиб, июлнинг биринчи ярмида Москва, Киев ва Одесса орқали Константинополга келган, у ерда 4 кун туриб, шаҳарни томоша қилганидан сўнг кўзини даволатиш учун Карлсбадга жўнайди, лекин Булғорияга келганида у ердаги Россия консулидан уруш бошланганлигини эшитади. Шундан сўнг Руминия орқали уйига қайтишга мажбур бўлиб, август ойининг биринчи ярмида Андижонга қайтиб келади…

…1913 йил ёз ойида ҳам у чет элда бир ярим ойча бўлган, лекин Туркияга бормаган. Хатда кўрсатилган, унинг ваколатли кишиси бўлган Абдул Ҳаким ўз вазифасини яхши бажармаганлиги учун икки ой олдин ишдан четлаштирилган.

Юқоридаги кўрсатмаларни М. Мўминбоев хотиржамлик билан ўзини тутган ҳолда баён қилди. Подполковник Полюдов».

Ушбу ҳужжатда кўрсатилган воқеаларнинг тўғри-нотўғрилигини текшириш учун анчагина вақт керак бўлиб, ўнлаб кишилар сўроқ қилинади, юзлаб варақ қоғозлар тўлдирилади, турли кўрсатмалар бир-бири билан солиштириб кўрилади, лекин гувоҳлик берган кишиларнинг ҳеч бири М. Мирмўминбоев жиноятчи эканлигини исбот қилишга етарли маълумот ва далил келтира олмайдилар. Бунинг натижасида хатда ёзилган воқеалар уюштирилган бўҳтон бўлиб чиқади.

Лекин бу орада Миркомилбой устидан маълумот тушади:

«МАХФИЙ. 1915 йил 23 сентябрь. Андижон шаҳри 2-қисм полиция пристави. Андижон уезди бошлиғига. РАПОРТ.

Жаноби олийларига шуни маълум қиламанки, бугун Туркистон тумани махфий полиция ротмистри Соттири билан биргаликда, унинг талаби бўйича М. Мўминбоев уйини тинтувдан ўтказдик. Бунда унинг болохонасидаги босиб қўйилган беда устида гектограф (хатдан нусха туширувчи мослама), унга керакли сиёҳ солинган идиш, 2 дона оқ бирикмали капсула, бикфорд сими бўлаги ва маҳаллий халқни Туркия фойдасига иона қилишга чақирувчи 10 варақ мурожаатнома топилди. Қайд этилган ҳамма буюмлар ротмистр Соттири томонидан мусодара этилиб, М. Мўминбоев тергов ишига қўшиб қўйилди»[14].

М. Мўминбоев уйидан бу мурожаатнома ва бошқа буюмлар топилган пайтда у ҳибсга олинган бўлиб, ишидан жиноят белгилари топилмагани, яъни имзосиз хатда кўрсатилган воқеалар тасдиқланмагани сабабли тез кунда ҳибсдан озод қилишга мажбур эдилар. Буни сезиб аввалгидан ҳам жиддийроқ бўҳтон уюштиришга эришадилар. Энди Туркия султони номига ёзилган мурожаатнома ва бошқа буюмлар фақатгина унинг уйидан эмас, балки Андижон шаҳрида кўзга кўринган яна икки кишининг уйидан топилади.

Мурожаатномада маҳаллий халқ вакилларига чақириқ ҳам бўлиб, улар Туркия фойдасига хайрия тўплаш ва агар бунга қудратлари етмаса Россия ва бошқа давлатлар билан урушаётган турк аскарлари сафидан ўрин олишга даъват этардилар.

Мана шу ниҳоятда чалкаш ишни оқилона ҳал қилишда қанчалик ажабланарли бўлмасин, ўша кезлари Андижон уезди бошлиғи бўлиб турган полковник Бржезицкий катта хизмат этган. У М. Мўминбоев иши билан шахсан қизиқиб, маълумотларни қайтадан текширган ва сохта гувоҳлар билан суҳбатлашган. Синчков уезд бошлиғи чалкаш ипларнинг боши М. Мўминбоевнинг собиқ иш бошловчиси А. А. Тимофеевга бориб тақалаётганини аниқлайди. Сўнг Тимофеев шахси билан жиддий қизиқиб, у ҳақда етарли маълумот тўплайди ва Фарғона вилоят ҳарбий губернаторига юборади. Мана ўша маълумот: «А. А. Тимофеев асли орсклик мешчан. Шаҳар билим юрти курсини битирган. Лекин ўзбек тилида бенуқсон сўзлашади. 1909 йили маҳаллий бой М. Мўминбоев хизматига ёлланган. Тез орада М. Мўминбоевнинг ишончини қозониб, ҳурматига сазовор бўлади. Миркомил унга катта миқдордаги пулларни ишониб топширар, муҳим ишларда у билан маслаҳатлашар, ўзини Искандар деб чақирар эди. Тимофеев Миркомилдан йилига 1200 сўм маош олса ҳам харажатлари бундан кўпроқ бўларди. 1911 йил баҳорида М. Мўминбоев уйида прокурор назорати томонидан тинтув ўтказилганидан сўнг уларнинг ораларида низо бошланади. Тахминларга қараганда Миркомил тинтув бўлишидан хабар топиб, ўзини сиёсий жиҳатдан хавфлилиги ҳақидаги ҳужжатларни топиб беришни таклиф қилади. Тинтув пайтида топилмаган турк султонига мурожаатнома ҳамда Миркомилнинг қурол-яроғи қаерга яширилганини у кўрсатиб беришга ваъда қилади. Андижон уездининг собиқ бошлиғи подполковник Иванов Тимофеевнинг яширинча берган хабарларига асосланиб, маҳаллий полиция аъзоларига М. Мўминбоев хонадонида, шу ҳовли ёнидаги мадрасада ва унга тегишли карвонсаройда бир неча маротаба тинтув ўтказишни буюради. Лекин бу тинтувлардан кейин ҳам Тимофеев берган маълумотлар рост бўлиб чиқмайди. Тимофеев эса тинчимайди. Миркомилни кимдир аввалроқ тинтувдан огоҳлантириб қўйяпти, деб ёзади. Яна бошқа кўрсатмалар беради, аммо улар ҳам ёлғон бўлиб чиқади. Мана шулардан Тимофеев Миркомилдан қасос олиш учун бу ишларни қилган бўлиши керак, деган хулоса келиб чиқади.

Тинтув натижалари ҳақида подполковник Ивановга ҳисобот берилар, бу ишни унинг шахсан ўзи олиб борарди. Лекин у тинтув натижалари ҳақидаги маълумотларни қаерга юборгани бизга маълум эмас.

…Миркомил Тимофеевнинг чақимчилик қилаётганини билса ҳам уни ишдан ҳайдамасди. Лекин 1911 йил июль ойида Тимофеев маст бўлиб келиб, унинг идорасида тўполон кўтаради. Ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қилиб ташлаганидан кейин Миркомил полицияга хабар бериб, протокол тузади ва уни уезд бошлиғи эътиборига ҳавола этади. Бу иш ҳам кейинчалик нима билан тугагани маълум эмас.

1911 йилдан ҳозирга қадар Тимофеев уни қайтадан ишга олишни илтимос қилиб, бир неча марта Миркомилга мурожаат қилади, лекин Миркомил унинг исмини ҳам эшитишни хоҳламайди. Шу йили апрель ёки май ойларида у яна ишга олишни сўраб келганда Миркомил уни ўз ҳовлисидан ҳайдаб чиқаради. Бунга жавобан Тимофеев катта шов-шувга сабаб бўладиган жанжал чиқаришини очиқчасига айтиб кетади.

Миркомил қамоққа олинганидан сўнг Андижон полиция мансабдорларининг бирига қуйидаги хабарни беради: «…махфий полиция бўлими Миркомилни қамоққа олгани билан тинтувни керагидагидек амалга оширмади, бунинг натижасида у мурожаатнома, гектограф ва бошқа фош қилувчи маълумотларни беркитиш учун Миркомилга шароит яратиб берилди».

Шу йили сентябрь ойининг биринчи ярмида Тимофеев Андижон шаҳри 1-қисми пристави Золотовга махфий равишда Миркомил ишига тааллуқли ҳужжатларни топишда қийналмаслиги учун у Миркомил қўлида ишловчи кишиларни ёллаганини айтади. Худди шу маълумотларнинг ҳаммасини Тимофеев махфий полиция бўлими ходимларига ҳам айтган шекилли 21 сентябрь куни улар М. Мўминбоев уйида тинтув ўтказиб, болохонадаги қуритилган беда орасидан гектограф, сиёҳ, мурожаатнома ва ҳоказолар топишган. Юқоридаги буюмлар сақланган жойнинг шароитидан келиб чиқиб, улар бу пайтда Тошкент қамоқхонасида бўлган М. Мўминбоев болохонасига қасддан ташлаб қўйилган, деб бехато хулоса қилсак бўлади. Тимофеев ҳам кўпчилик олдида «Миркомил энди қамоқдан чиқиб кета олмайди», деб валдираган.

Тимофеевнинг ўзи 1911 йилдан бошлаб турли фисқ-фасод ва арзномалар ёзиш билан шуғулланади. Унинг махсус ёзув машинкаси бор.

…Тимофеев жуда дуруст яшайди, лекин қайси маблағлари ҳисобига бундай яшаши маълум эмас. У Туркистон тумани маҳфий полиция бўлимининг яширин ходими ҳисобланади… Ўз сиёсий қарашларидан социал-демократлар партиясига тааллуқлидир»[15].

Гувоҳлар берган кўрсатмалар, юзлаштириш вақтида тузилган ҳужжатларни ўрганганимиз сари М. Мирмўминбоев, М. Умарбоев ва Д. Сўфиев уйларидан топилган турк султонига ёзилган мурожаатномалар сохталиги тобора аён бўла борди. Миркомилни қамоқда ушлаб туриш учун жиддий далиллари бўлмаса-да, Туркистон ўлка маъмурияти уни қамаш ва сургун қилиш учун М. Умарбоев уйидан топилган ва М. Мирмўминбоев ҳамда Мирфозил Мирмўминбоев номига берилган иккита сохта векселлни қамаш учун ашёвий далил сифатида қабул қиладилар. Шу тариқа Миркомилбой қамоқда ушлаб қолинади.

Мўминбоевни судхўрликда айбламоқчи эканликларини сезиб қолган Андижон уезди бошлиғи Туркистон тумани махфий полициясига қуйидаги мазмунда хат юборади: «М. Мирмўминбоевни ўзимнинг Андижондаги хизматим давомида (1912 йилдан бошлаб) кузатиш натижасида қуйидаги хулосага келдим: Миркомилнинг бойлиги кўпчиликка уйқу бермайди. Уни руслар ва маҳаллий халқ орасида жуда кўп душмани бор. Табиатан хасис бўлгани учун у ўз қарздорларига шафқатсиз муносабатда бўлган, бунинг натижасида катта бойлик орттиришга эришган. Рақобатчиларни қонун йўли билан инқирозга учратган. Кўпчилик Миркомилни судхўр деб айюҳаннос солиши мумкин. Лекин шу пайтгача ҳеч ким унинг судхўрлигини судда исбот қила олмаган. Менинг ихтиёримда Миркомилнинг судхўрлиги ҳақида ҳеч қандай расмий ҳужжат йўқ»[16].

Дарҳақиқат М. Мирмўминбоев XIX аср бошларида Туркистондаги энг йирик бойлардан бири ҳисобланган. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун уезд бошлиғига берилган М. Мирмўминбоев капитали ҳақидаги ҳужжатга назар ташлаш кифоя: (маълумот 1913 йилда тўпланган, лекин тўлиқ эмас).

М. Мўминбоевга тегишли мол-дунё:               

  1. 5 та завод – нархи 380 000 сўм.
  2. Сарой-раста а) Андижонда 2 та – 300 000 сўм; б) Қўқонда 1 та – 200 000 сўм.
  3. Дўконлар: Андижон бозорида 300 та – 1 000 000 сўм.
  4. Уйлар: а) Андижонда — катта бозор ёнида 6 та – 150 000 сўм; б) шаҳарнинг рус қисмида 1 та – 100 000 сўм; в) Скобелев шаҳри рус қисмида 1 та – 10 000 сўм.
  5. Ҳаммомлар: Андижонда 2 та – 65 000 сўм.
  6. Ҳар бири 50 таноб ердан иборат узумзор ва мевали дарахтга эга 4 та боғ – 100 000 сўм.
  7. Шаҳар яқинидаги 150 таноб ер – 200 000 сўм.
  8. Уездлардаги 4 550 таноб ер – 1 925 000 сўм.
  9. Турли шахсларга берилган бай пули – 4 000 000 сўм.
  10. Гаров, кафолат, турли корхоналар акциялари ва нақд пуллар – 2 000 000 сўм.

Ҳаммаси бўлиб – 10 000 000 сўм.

Бу ерда фақат ер, завод ва бошқа нарсаларнинг қиммати ҳисобга олинган. Бошқа маълумотларга қараганда М. Мирмўминбоевнинг капитали 1914 йилда 17 млн. сўмга яқин бўлган. Агарда Россия молия министри Виттенинг 1897 йилдаги пул реформасидан сўнг Россия пулининг дунё бозорида валюта ҳисобида юрганини эътиборга оладиган бўлсак, М. Мирмўминбоев қанчалик катта капиталга эга эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз. Шу билан бирга унинг Москва, Петербург ва кўплаб чет эл давлатларига тез-тез бориб туришини, Туркистонда чет элдан енгил автомашина харид қилган биринчи одамлигини, рус маъмуриятидагиларнинг унча-мунчасини писанд қилмаслигини ҳисобга олсак, унинг душманлари оз эмаслиги ҳам аён бўлади.

Миркомил Мирмўминбоев тақдири билан шахсан қизиққан Туркистон генерал-губернатори 1915 йил 2 ноябрь куни уни қамаш мақсадга мувофиқ ёки йўқлиги ҳақида маслаҳат сўраб, Фарғона вилояти ҳарбий губернаторига шошилинч телеграмма юборади. Энди шу телеграммага биноан Фарғона губернатори ёзган жавобга эътибор берайлик: «МАХФИЙ. Телеграммани кеч соат 10.00 да олдим. Шу заҳотиёқ жавоб ёзяпман. Миркомил, шубҳасиз ўта зарарли судхўр. Аммо судья ва гувоҳларни пора бериб сотиб олганлиги ҳақида ҳеч қандай далиллар йўқ. Бунинг ишга унчалик аҳамияти йўқ, бинобарин қўлимиздаги оддий вексел битишувлари зарарни очиш учун етарлидир. Унинг Фарғонага қайтиб бормагани маъқул, чунки унга қўйилган мудҳиш айбларнинг ҳеч қандай натижасиз тугаши Миркомилда катта мардлик уйғотиб, бу ердаги рус ҳокимияти обрўсини туширишга сабаб бўлади. Гиппиус. 1915 йил 3 ноябрь»[17].

Туркистон генерал-губернатори ўз телеграммасига жавоб олган куннинг эртасигаёқ М. Мирмўминбоевнинг қамоққа олиниши тўғрисида расмий буйруқ беради. «Буйруқ. 1915 йил 4 ноябрь. Тошкент шаҳри. Мен Туркистон генерал-губернатори Миркомилбой Мирмўминбоев давлат жиноятчиси эканлиги ҳақидаги маълумотни олишим билан Давлат мудофааси ҳақидаги Низомнинг 21-моддасига биноан юқорида номи зикр этилган Миркомил Мирмўминбоевни ҳибсга олиб, Тошкент вилоят қамоқхонасига жойлаш ҳақида буйруқ бердим. Ушбу буйруқ маҳбусга эълон қилинсин, нусхалари Сирдарё вилояти ҳарбий губернатори, Тошкент округ судининг прокурорига ва М. Мирмўминбоев ётган қамоқхона маъмуриятига етказилсин. Туркистон генерал-губернатори, Инфантериядаги генерал Мартсон»[18].

Андижондагина эмас, бутун Туркистон ўлкасида катта обрўга эга бўлган Миркомилнинг бўҳтонга асосланиб қамалишидан хавотирга тушган Фарғона вилояти ҳарбий губернатори энди вазиятдан чиқиш йўлларини излай бошлайди ва Туркистон генерал-губернаторига бир нечта мактуб йўллайди. Шу мактубларнинг бирида М. Мирмўминбоевни сургундан озод қилиш ҳақида ҳам гап боради. «Миркомил Мўминбоевнинг қамоққа олиниши, шубҳасиз, хатоликдир. Миркомил оддий фуқаро бўлганида бу хатони уни қамоқдан чиқариб юбориб, осонликча тўғрилаш мумкин эди. Лекин Миркомил ўзининг бойлиги ва бутун Фарғонада машҳурлиги туфайли алоҳида ўринда туради. Уни озод қилиб Андижонга қайтариш учун дурустроқ баҳона топилмаса, у пора бериб қутулиб чиққан деган гап тарқалиши табиий. Тугун қаттиқ боғланиб қолди, энди уни ечиш жуда мушкул. Бошқарув ишларида рўй берадиган ҳар қандай катта хатонинг оқибати шундай бўлади.

Бу хатолик бутун шароитнинг мантиғидан, ҳатто маълум даражада Туркистон ўлкасига аввал ўлкада хизмат қилмаган кишиларни тайинлаш тартибидан келиб чиққан, деб кўрсатиш мумкин. Гиппиус»[19].

Мана шу ёзишмалар давом этаётган пайтларда Миркомилга қарши фитна уюштирганликлари учун айбланган бир гуруҳ кишилар — андижонлик Турсунбой мулла Абдувалиев ва Мулла Эргаш Хўжа Бой Муҳаммад Иброҳим Ҳожиев, Эски марғилонлик Мулла Абдураззоқ Муҳаммад Содиқовлар 3 йилга, Александр Андреевич Тимофеев эса, Туркистон ўлкасидан бутунлай бадарға қилинишлари ҳақида буйруқ чиқади[20].

Миркомилбой 3 ой деганда 1916 йил 10 февраль куни қамоқдан озод қилиниб, Тошкентга қайтиб келади. Бу ерда дўсти Орифхўжа бой уйида яшайди ва шу йили 10 май куни Андижонга қайтиб кетади. Андижон 2-қисми полиция приставининг Андижон уезди бошлиғига хабар беришича, Миркомилбой қайтиб келиши билан унинг уйини таниш-билиш одамлар босиб кетган.

Орадан кўп ўтмай Россияда февраль буржуа революцияси амалга ошди. Унинг шамоли Туркистонга ҳам етиб келиб, Туркистон генерал-губернаторлиги ўрнига Вақтли ҳукумат Туркистон комиссариатини ташкил этди. Шуниси қизиқки, янги ҳукумат вакиллари ҳам М. Мўминбоевни судхўрликда айблай бошлади. Бундан фойдаланган унинг шахсий душманлари эса яна уйдирма ва бўҳтонлар уюштириб, Вақтли ҳукуматга арз қилишга тушдилар. Оқибат шу билан тугадики, янги сайланган Скобелев округ судининг прокурори М. Мирмўминбоев устидан жиноий иш қўзғади.

1917 йил 17 май куни эса Тошкентда солдат ва ишчи депутатлари Туркистон ўлка совети мажлиси бўлиб, унда Андижон шаҳри ижтимоий ташкилотлар вакили Бризгайлов юқорида тушган аризалар асосида маъруза сўзлайди. У ўз маърузасида М. Мирмўминбоевга қуйидаги айбларни қўяди: «1. М. Мўминбоев турли йўллар билан Андижондаги «Шўрои Исломия» ташкилотида фақат ўз ихтиёрига бўйсунадиган реакцион орган ташкил этган; 2. Бу орган комиссарлар постига Андижондаги бошқа ташкилотлар билан келишмаган ҳолда фақат ўз ихтиёрида бўлган ёки умумий ишончни оқламайдиган кишиларни танлаш билан шуғулланган; 3. Мана шу орган ёрдами ва қарори билан бир неча қозиларни ишдан олиб улар ўрнига ўзига тегишли одамларни қўйган; 4. Ўз айғоқчилари орқали халқни маълум кишиларга қарши қилиб қўйган. Яқинлашиб келаётган қирғин фақат бошқа ижтимоий ташкилотлар аралашуви натижасида тўхтатилган; 5. Унга қарши бир нечта жиноий иш қўзғатилган ва ҳоказо ва ҳоказо».

Ниҳоят, М. Мирмўминбоевни қамоққа олиш зарур деб, у Туркистон Қўмитаси ихтиёрига топширилади. Масала ҳал бўлгунга қадар Мирмўминбоевга Тошкентда, ўзи танлаган ердаги уйда ҳибсда туриш буюрилади. Андижон солдат ва ишчи депутатлари Совети эса, юқорида кўрсатилган айблар асосида М. Мирмўминбоевни Туркистон ўлкасидан бадарға қилиш ҳақида қарор қабул қилади[21].

Ушбу хабар тарқалиши билан андижонлик 113 элликбоши ва 33 имом бир тарафдан, аҳоли иккинчи тарафдан Туркистон Муваққат ҳукумати вакилларига арзнома билан мурожаат этадилар. Бу хатда Андижонда бўлиб ўтган тартибсизликларнинг асосий сабабчиси 2-матлубот жамиятининг аъзоси А. Темирбеков эканлиги, у аҳолига ун беришни тўхтатиб қўйгани туфайли камбағаллар ғазабга миниб, тартибсизлик бошлангани, бунда М. Мирмўминбоевнинг ҳеч қандай иштироки йўқлиги, бинобарин, унинг сургун қилиниши ҳукумат ва мусулмонлар орасида қаттиқ тўқнашувларга сабаб бўлиши очиқ-ойдин айтилади[22].

Ушбу арзномалар ҳамда сентябрь бошларида бўлиб ўтган Андижон мусулмонлари уезд-шаҳар ижтимоий ташкилотлари съезди чиқарган ҳукм натижасида М. Мирмўминбоев Андижонга қайтиб келади. Лекин Миркомилбойнинг бу омади ҳам узоқ чўзилмайди.

1917 йилнинг октябрида Октябрь инқилоби ғалаба қозонгач, унга ўхшаган бойлар чинакамига таъқибга учрадилар. Бойларнинг ер, сув, заводлари ва мол-мулклари тортиб олина бошланди. Чиқиб кетиш қийин бўлган чоҳга тушиб қолган Миркомилбой большевиклар ҳокимиятини тан олмайди. Лекин баъзи бир асарларда ёзилганидек, уларга қарши очиқ курашга ҳам ўтмайди. Янги ҳокимият даврида ҳам унга қарши бўҳтон ва имзосиз хатлар тушиши давом этаверади. Ва охири яна ҳибсга олинади.

1918 йил 22 февраль куни большевиклар эгалик қилаётган Скобелев округ судида унинг «иши» кўрилиши керак эди. Лекин уни судга олиб келмайдилар. Бу пайтда у отиб ташланган эди.

М. Мирмўминбоев ўлими ҳақида бир неча тахминлар мавжуд. Архив ҳужжатларида у «ёвуз ниятли кишилар томонидан ўлдирилди» ёки «тўсатдан ўлди» деган маълумотларни учратиш мумкин[23]. Атоқли адибимиз К. Яшин ўзининг «Ёднома» номли эсдаликларида Миркомилбойни революцион трибунал отишга ҳукм қилди, деб ёзади. Албатта уни большевиклар отиб ташлаганига шубҳа йўқ, лекин трибунал ҳукмини биз ҳозиргача топа олмадик.

Миркомил Мирмўминбоев ўлимидан кейин унинг мол-мулки, бойликлари, ерсувлари мусодара қилинди. Мусодара ишларини амалга ошириш учун Андижон шаҳар солдат, ишчи ва мусулмонлар депутатлари Совети қошида «Миркомил комиссияси» деб номланган комиссия тузилди. Шу ўринда савол туғилади. Хўш, нима учун Миркомилбойни учала ҳокимиятдан бирортаси ҳам ёқтирмади? Муваққат ҳукумат ўз номи билан омонат эди, дейлик. Большевиклар эса бойларсиз давлат қуришмоқчи эди. Капитализм сари илғор қадамлар қўйиб ривожланган, ҳар қандай ишбилармонликни қўллаб-қўлтиқлаётган чор ҳукумати-чи? Нега уни ёқтирмади? Ахир М. Мирмўминбоев 1916 йилгача Андижон бойларини тўплаб, ўзбек йигитларини мардикорликка бермаслик тўғрисида мажлис уюштиргунича, Фарғона ҳарбий губернатори ҳузурига бориб, йигитларни мардикорликка олмаслик ҳақида талаб қўйгунча рус ҳокимиятига ҳеч қандай ёмонлик қилмаган эди-ку. Ўйлашимизча, 1898 йилдаги Андижон қўзғолони ҳанузгача чор ҳукумати вакилларининг эсидан чиқмаган, улар Андижон уездини жанжал чиқиши хавфи бўлган уездлардан ҳисоблашар, қолаверса баъзи чор амалдорлари М. Мирмўминбоевни ўша қўзғолонни моддий жиҳатдан таъминлашга ҳисса қўшган деб ўйлар эдилар. Шу боисдан ҳам Миркомилбой бир кунмас-бир кун маҳаллий халқни рус ҳокимиятига қарши кўтариши мумкин, деб шубҳаланишар, унинг халқ орасидаги обрўси ошиб кетишига йўл қўймаслик учун барча чораларни кўришар, Гултепа майдонидаги қурилишга рухсат беришмагани ҳам шундан эди чамаси.

Мен архив ҳужжатларини ўрганиб, тарихий ҳақиқатни озми-кўпми англагач, шу хулосага келдимки, М. Мирмўминбоев ўзига хос шахс бўлган. Унинг ўзига хослиги шундаки, саводи чала бўла туриб ҳам, Москва пахта қўмитасининг филиали — Қўқон биржа кўмитасига аъзоликка кирмай ҳам манман деган рус ва чет эл савдо ҳамда пахта фирмалари билан рақобатлашиб, уларнинг кўпини синдира олган. Ривожланиб бораётган, яъни ўзининг энг юқори нуқтаси — империализмга қадам қўйган капиталистик давлатлар намояндаларини феодализмдан энди уйғонаётган бир халқ вакили қонун йўли билан мағлубиятга учратиши одамни лол қолдиради. Халқимиз ичида қандай уддабуррон кишилар бўлганини кўрсатади.

Шундай бўлса ҳам биз Миркомил ва унга ўхшаган бадавлат авлодларимизни коммунистлар дўмбирасига ўйнаб, 73 йил ёмонлаб келдик. Қани айтинг-чи, хўш, ўша миллионер Потеляхову — Вадяевлар, Каменский ва Андреевлар, «Искандару» «Беш-Бошлар», «Кноп», «Шлосберг» ва «Крафт»лар Туркистон халқларининг қонини сўриб, миллионлаб пуд пахтаю мевасини, пахта мойи ва қоракўлини, ипак, қазилма бойлик ва ҳоказоларни сувтекинга олиб чиқиб кетиб, ўрнига нима бердилар? Нима учун биз Саидазим, Миркомил, Аҳмадбек ҳожи, Орифхўжа ва уларга ўхшаган уч-тўртта бойни топиб олиб, кимлигини суриштирмай-нетмай гўрига ғишт қалаб келдик. Ва бундай ишбилармонларни сўкиб нимага эришдик? Жиллақурса тарихимизни варақлаб кўрайлик, аждодларимиз ким бўлганлигини биламиз. Ахир савдогарлар элда энг ҳурматли кишилар бўлган-ку. Энди Миркомилбойга ўхшаган ота-боболаримиз ўз баҳосини оладиган, ғуруримизга айланадиган вақт келмадими?!

Акмал Акром ўғли

тарих фанлари номзоди

Р.S. Боболари ҳақидаги баъзи ҳужжатлар билан бизни бажонидил таништирганликлари учун Миркомил Мирмўминбоев набиралари Мирмансур Мирмақсуд ўғлига чин дилдан ташаккур билдираман ва у кишининг чигал тақдирини ойдинлаштириш учун олиб бораётган ишларида муваффақиятлар тилайман.

Муаллиф

“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 5-сон

—————————

[1] Ўзбекистон Марказий Давлат ҳужжатгоҳи, ф. и. 19, 1—ёзув, 14476-иш, 7-бет.

[2] Ўша ерда, ф. и. 127, 1—ёзув, 129-иш, 3-бет.

[3] ЎзМДҲ, ф. и. 127, 1-ёзув, 129-иш, 9 бет.

[4] Ўша ерда ф. и. 1-ёзув, 27849-иш, 28-бет.

[5] Асли Култепа деб аталади.

[6] ЎзМДҲ. ф. и. 19, 1-ёзув, 27849-иш, 36-бет.

[7] Ҳужжатда шундай битилган.

[8] Ўша ерда, 51-бет.

[9] Ўша ерда, 65-бет.

[10] ЎзМДҲ, ф. и. 461, 1-ёзув, 2263-иш, 63-бет.

[11] ЎзМДҲ, ф. и. 451, 1-ёзув, 2263-иш, 64-бет.

[12] Ўша ерда, 58(6).

[13] Ўша еда, И—19, 4-ёзув, 178-иш, 4-бет.

[14] Ўша ерда, 43-бет.

[15] Ўша ерда, 75-бет.

[16] Ўша ерда, 97-бет.

[17] Ўша ерда ф. И—19, ёзув-4, 178-иш, 41-бет.

[18] Ўша ерда, 42-бет.

[19] Ўша ерда, 132-бет (орқаси).

[20] Ўша ерда, 128-бет.

[21] Ўша ерда, ф. И—1613, 1-ёзув, 2-иш, 24-6ет.

[22] Фарғона область Давлат архиви. (ГАФО) ф. 121, 1-ёзув, 23-иш, 14-бет.

[23] Ўша ерда ф. Р. 350, 1-ёзув, 5898-иш, 229-бет.