Банана Ёсимото. Калтакесак (ҳикоя)

Ушбу ҳикоя давомида мен бу хонимни Калтакесак деб атайман. Бордию, сиз сонининг ич томонига чизилган калтакесак расми туфайли шундай демоқчи деб ўйласангиз, хато қиласиз.
Унинг дум-думалоқ қора кўзлари худди калтакесакнинг кўзларига ўхшайди. Қарашлари бирам совуқ-ки… Калтакесак дейсиз. Ўзи ҳам увоққина. Баданининг қаерига қўл теккизманг, шундай совуқ, шундай совуқки, кафтингизга олиб иситгингиз келади. Лекин калтакесак сизга чумчуқ полапони ёки қуён боласи эмас. Типирчилаб кафтингизни тирноқлари билан тимдалаганида этингиз жунжикиб кетади. Унга қараб турганимда бир лаҳзага кўриниб қоладиган қип-қизил тилчасига кўзим тушади. Унинг шишасимон кўзларида менинг кимнидир севиш, ким ҳақидадир қайғуриш истаги рўйи-рост зуҳур этган афт-башарам акс этиб туради…
Бу эса Калтакесакни ҳам менга нисбатан ниманидир ҳис этаётганини кўрсатади.
Ўша кечаси у меникига келганида кўрпага кириб, энди мудрай бошлагандим.
– Жудаям чарчадим, – деди Калтакесак хонамга кирар экан.
Ў-ў нақадар норози овоз. Қоронғида унинг қиёфаси менга кўринмасди, фақат тунги оппоқ ич кўйлагининг шарпаси сезиларди, назаримда унинг кайфияти ҳаддан зиёд ёмон эди.
Соат тунги иккилар эди. Мен чироқни ёқиш учун қўлимни узатганимда, дафъатан унинг баданини ҳис қилдим. У юзини оғритар даражада ўмровимга қаттиқ босиб, муздай қўлларини пижамам остига суқди. Ў-ў ҳароратли жисмингга муздек совуқ қўлларнинг тегиши нақадар ёқимли… туйғу…
Мен йигирма тўққиз ёшга чиқдим. Руҳий касал болалар учун мўлжалланган шифохонада маслаҳатчи ва даволовчи врач бўлиб ишлайман. Калтакесак билан учрашганимга уч йил бўлди. Анчадан бери Калтакесак мендан бошқа ҳеч ким билан гаплашмайди. Умуман олиб қараганда, бошқа одамлар билан гаплашмай яшаш мумкин эмас. Шу боисдан мен Калтакесак учун ўзига хос эҳтиёт чораси сифатида хизмат қиламан.
Хуллас, у бор кучи билан юзини кўксимга босди. У баайни вужудимга сингиб кетгудай бўлади доим, бу ҳам етмагандай шундай куч билан босадики, илк бор шундай қилганида азбаройи йиғлаяпти, деб ўйлаганман. Йўқ, янглишган эканман. Бир оздан сўнг у бошини кўтариб менга қараганди, чеҳрасида осойишталик акс этар, кўзлари эса бир навозиш билан майин боқар эди.
Эҳтимол шу тариқа у кун бўйи юз берган кўнгилсизликлардан (бу баайни ёстиққа юзини буркаб йиғлашдек гап) юрагини бўшатиб олар?! Ёки ҳамма нарсани унутишни истар. Ҳар ҳолда мен шундай деб ўйлардим.
Ниҳоят ўша кечаси Калтакесак ҳеч кутилмаганда ҳаммасини айтиб берди.
– Биласанми, болалигимда кўр бўлиб қолгандим, – дея гапини бошлади у тун оғушида сўник бир овозда.
– Нима, бутунлайми? – мен ҳайратдан қотиб қолдим.
– Ҳа. Бутунлай.
– Нимадан бунақа бўлганди?
– Дўхтир бу руҳий жароҳат асорати деб айтганди. Тасаввур қила олармикансан, беш ёшимдан то саккиз ёшимгача ҳеч нарсани кўрмасдим. Дунё мен учун қоронғи зулмат эди.
– Қандай қилиб тузалиб кетдинг?
– Махсус шифохонада даволангач, яна кўра бошлаганман. У ердаги шифокорлар жуда-жуда меҳрибон эди. Сен ҳам худди шунақа жойда ишлайсан-а?
– Шунақами? – дедим мен ва бир оз ўйлаб туриб, қўшиб қўйдим: – Ноўрин саволим учун узр сўрайман, лекин нима сабабдан кўзинг кўрмай қолувди?
Калтакесак ютинди.
– Нима десам экан, ҳалиги… Уйимизда даҳшатли воқеа юз берганди… кейин эса… хуллас, ҳаммасини ўз кўзим билан кўргандим…
– Агар эслаш малол келса, айтиб беришнинг ҳожати йўқ – дедим унга. Калтакесакнинг ота-онаси соғ-саломат. Аҳил-иноқ яшашади. Мен улар билан учрашганман ҳам. Унинг ака-ука, опа-сингиллари йўқ. Қисқаси, уларнинг оиласида қандайдир жиддий муаммолар бўлганини биринчи марта эшитишим.
– Мана шунақа, болалигимда кўзим ожиз бўлган, шунинг учун ҳам ҳозир ҳар бир нарсани ушлаб кўраман, ўша нарсанинг нима эканлигини билгим келади, акс ҳолда, кейин қийналаман ўзим. Айниқса қаттиқ толиққанимда жудаям асабийлашаман ва то кўзимни юммагунимча ёки нимагадир маҳкам ёпишмагунимча.., чангалламагунимча ўзимни қўлга ололмайман. Оғридими? Илтимос, кечир.
– Ҳечқиси йўқ. Касалхонамизда деярли шу аҳвол, ҳамма болалар қўрққанидан одамга ёпишиб оладилар. Шунинг учун нима ҳақда гапираётганингни яхши тушуниб турибман.
– Буни биламан.
– Менга қара, кел, турмуш қурамиз. Бирон ерга кўчиб бориб, бирга яшаймиз, – анчадан бери ўйлаб юрган ниятим лоп этиб оғзимдан чиқиб кетди.
Мени қучоқлаб ётган Калтакесак индамади. Ажабо, у чурқ этмай ётарди-ю юраги жуда тез урарди. Мен дафъатан унинг жавоб бермаганидан изтиробга тушди, деб ўйладим. Унинг менга қанчалик ёт эканини, борлиғию ички олами тамомила ўзгача эканини англадим. У кечалари менинг тушларимга сира ўхшамайдиган тушлар кўрадиган бегона одам эди.
– Иммм… – деди у паст овозда. Сўнгра: – менинг бир сирим бор, – деганча жим бўлиб қолди.
Мен бу билан нима демоқчи эканини ўзимча таҳлил қилиб кўрдим.
Мен Калтакесак билан спорт клубида танишгандим. Ўша кезлар ҳафтасига икки марта сузиш билан шуғулланардим. У эса ўша клубда аэробика бўйича йўриқчи вазифасини бажарарди.
Уни биринчи марта кўрганимда “Шунақа ғалати аёллар ҳам бўлар экан-да”, – деб ўйлагандим.
Зуваласи пишиққина, паст бўйли, қиймоч кўзларида алланечук ҳасрат яширинган бу аёл ўзи билан ишлайдиган қиз-жувонларнинг биронтасига ўхшамас эди. Уларнинг шўхлиги, ўйинқароқлиги яққол кўзга ташланар, Калтакесакнинг эса ҳатто кайфияти қанақа – яхшими-ёмонлигини ҳам билиб бўлмасди. Уни ғалати деб бўлмасди, лекин алоҳида бир сабабсиз ҳам атрофдагилардан ажралиб турарди. Ҳар сафар машқларни тугатиб, ҳовуздан чиқар эканман, у заллардан бирида дарс ўтаётган бўларди. Унинг кичик гавдаси нотабиий бир ҳолатда қотиб қолгандек турарди. У ўта нафис ҳаракат қилар, истаган ҳолатга кира олиши мумкиндек туюларди. Мусиқа ҳар қанча баланд янграмасин, Калтакесак худди ўзининг шахсий, бутунлай шовқинсиз дунёсида сузаётгандай кўринарди.
Кунлардан бир кун залда бўлаётган ишларни бефарққина кузатиб турганимда эсдан чиқмайдиган бир воқеа юз берди.
Ўш куни (мен машқларни тугатиб, аэробика зали ёнидан ўтиб бораётганимда) у одатдагидек ўзининг иш жойида юмшоқ гиламда ёшлар билан машғулот ўтказаётганди. Мен уни томоша қилгани тўхтадиму бирдан агар кунларнинг бирида бу қиз ишдан бўшаб кетса, жудаям зерикиб қолишим ҳақида ўйлаб қолдим. Мен ҳикоя қилаётган воқеалардан хиёл илгарироқ эри бор аёл билан чўзилиб кетган муносабатларимни узган эдим. Шунинг учун ва қолаверса, ўша аёлнинг ташаббуси билан орамиз бузилган ҳамда унинг мени тўғридан-тўғри ҳайдаб юборганини эътиборга олганда, янги ишқий саргузаштларга берилишим учун менда на куч, на хоҳиш қолгани ғалати туйилмасди. Шундай бўлса ҳам, спорт залидаги қиз ҳусусида ўйлаганимда юрагимда алланечук туйғулар уйғона бошлаётган эди.
Бундай туйғу одам қалбини эрта кўклам кечалари қамраб олади. Кўчада ҳаво ажойиб. Электричкада худди тўлқинлар кафтида ётган қайиқчадек чайқалиб кетарканман, менга майли бор нотаниш ёш аёлни бугун қаерга – қаҳвахонагами ё ресторанга таклиф қилсамми, деб хаёл сурардим. Бугунги кечани у билан қаерда ўтказишимиз, орамизда бирор нарса бўладими, йўқми – мен учун аҳамиятсиз эди. Унга, қилиқларига, атайлаб мен учун бўйнига ўраган рўмолининг нақшларига, пальтосининг этакларига, қувноқ чеҳрасига тикилиб қарар эканман, бамисли ажойиб манзарага дуч келган каби юрагимда бир покиза, эзгу, мунаввар туйғулар туғён ураётганини ҳис қилардим. Шундай дамда ич-ичимда қайдандир элас-элас келаётган ифорга ўхшаш унутилган шодлик ҳисси, беташвиш ҳаёт туйғуси жонланарди…
Хуллас, шунақа гаплар. Мен ниҳоят уйга қайтиш вақти бўлди деган қарорга келиб, бурилиб кетаётганимда; “Вой, оғрияпти!” деган чинқириқ эшитилди. Ўгирилиб қарасам аёллардан бири оёғини чангаллаб турибди. Мен ҳали томири тортишиб қолмадими, бошқа жиддий нарса эмасмикин деб иккиланиб турганимда, Калтакесак ўша аёл ёнига учиб келиб, унинг оёғини кўздан кечира бошлади. Мусиқа чалиниб турган ним қоронғи залда у дўхтир сингари совуққонлик билан ўз шогирдининг тортишиб қолган оёқ мушакларини уқалай бошлади. Назаримда, бу воқеани анчадан бери кузатиб тургандек эдим. Ерда, узатилган қўлини сал пастга тушириб ўтирган Калтакесак ғира-шира ёруғликда ялтираб турган ажойиб ҳайкалга ўхшарди.
Бир оздан сўнг анави аёл енгил тортиб жилмайди. Калтакесакнинг ёрқин қизил лабларида ҳам табассум ўйнади.
Қалин ойна орқали ўтиб келаётган мусиқа оҳанги ва базўр эшитилаётган овозлар шивирлашга айланар ва бу воқеа жуда ғалати кўринарди. Ана шунда мувозанатни сақлаш учун оёқларини бир оз кериб, оҳиста ўрнидан тураётган Калтакесакни кузатар эканман, сонига, қарийб човига чизилган миттигина калтакесак расмига кўзим тушди.
Буни кўриб мен бутунлай ҳушимни йўқотдим. Бизнинг ғайритабиий ишқий қиссамиз ана шундан бошланди.
Ўз-ўзидан маълумки, меники сингари ишда одам баъзан жуда ҳам толиқади. Агар мижозга чин дилдан ёрдам беришни истасанг, уни сира эркалатиб юбормаслик, азобига ҳамдард эканингни билдирмаслик лозим. Бироқ сендан ўзини тушунишни кутаётган, унинг изму ихтиёрига итоат этишингни талаб қилаётган одамга қарши туриш жуда қийин. Айниқса, кўз ўнгингда ноз-неъматга тўла дастурхон тузашаётганини кўриб, бунга қандай чидай оласан. Мен ҳаёти хавф остида қолиб, сендан раҳм-шафқат кутаётган мижозни назарда тутаяпман. Бундай кишилар ўзларининг бутун куч-қувватларини қандай бўлмасин қийноқлардан халос бўлишдек яккаю-ягона мақсадларига эришишга сарфлайдилар. Шунинг учун, устаси фаранг официант сингари ўзингдан воз кеча олишинг лозим. Агар официант – ҳатто оч бўлса ҳам – иш пайтида бирор нарса еб олиш истаги билан ёнса, бундай официант бир тийинга қиммат. У нафсини тийиш тугул ўша хоҳиш-истагини сўндириши керак. “Мен уларни даволашим шарт,” “улар шифо топишлари лозим” – мана мен амал қилишим даркор бўлган асосий ният.
Сенинг жон куйдиришингга лоқайд-бепарво мижозга бор кучинг билан ёрдам беришга астойдил ҳаракат қилаётганингда айниқса ҳолдан тоясан. Айни ўз ташвишларинг бошингдан ошиб ётганда бу нарса яққол сезилади.
Тушлик пайтида Калтакесакнинг нима сири бор экан, деб ўйланиб қолдим. Менга турмушга чиқишни истамагани учун шу нарсани тўқиб чиқарганига ишонмайман.
Мен ҳар доим битта ерда – чоғроқ ресторанда овқатланаман. У ерда мазали саба (1) тайёрлашади. Бу ресторан мен ишлайдиган томонда жойлашган, лекин касалхонадан анча олис – истироҳат боғининг ёнгинасида, ишончим комил, мижозларимдан бирортаси у ерга кирмайди. Дераза ортидан ўт-ўланлар ҳиди уфуриб туради. Боғ тушки қуёш нурига чўмган. Ўриндиқларда чоллар гурунглашаяпти, уларнинг ёнида келишган ёш йигит, бекорчиликдан юзини офтобга тутиб мудраб ўтирибди. Бенуқсон ишлаб турган мукаммал механизмнинг намунаси сифатида ана шу манзарага назар солинганда, “инсоният” деб аталган муштаракликда акс этган чексиз гўзалликни ҳис қилиш мумкин. Дарҳол ич-ичимизда алланечук азалий, туғма ҳиссиёт уйғонади. Ва онгимизда: “Эҳ, ҳозир бир мириқиб ишлайман” деган фикр чарх уради. Шунда беихтиёр: “Мен билан бир осмон остида яшаётган ва ишлаётган Калтакесак ҳам худди шуни ҳис қилаётгандир” деб ўйлагим келади.
Ўша кеча мен уни дарсдан сўнг кутиб турдим-да, биринчи бор ресторанга таклиф қилдим. У мен ўрганиб қолган спорт кийими ўрнига оддий қора свитер билан жинси кийиб олганди. Одамни сира ҳам жалб қилмайдиган кийим. Худди у мендан бир нимани яширмоқчидай, бирданига бутунлай кўримсиз бўлиб қолганди. Аммо бу нотўғри таассурот эди. Қадам ташлашининг ўзиёқ, унинг ҳеч кимга ўхшамаслигидан дарак берарди. Ноёб хилқат бамисли. Жилмайганида милклари кўриниб кетади. Ёноқларида ғуж-ғуж сепкил.
Негадир унга қараган пайтимда ҳамиша миямга ярқ этиб “қисмат” сўзи келади. Мен унинг ҳар куни аллақандай оғир вазифани бажаришга сўзсиз рози бўлишининг нақадар жиддийлигини ҳис этардим. Айнан шу нарса мени ҳаммасидан кўпроқ жалб этарди. Бундай одам табассум қилганида милки кўринади, оғзи кенгаяди,чаккалари бўртади – чинакам самимий туйғунинг акс этиши эмасми бу? “Табассум” сўзининг асл моҳиятини дарҳол ҳис этасан.
Биз чоғроққина япон ресторанига овқатланишга кирдик. Тинчгина,бўм-бўш хонадаги столларнинг бирида рўпарама-рўпара ўтириб олдик – биздан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Мен ҳаётда ҳеч қачон бунчалик ҳаяжонланмагандим. Калтакесак чурқ этмасди. У овқатдан бир-икки чўқилади – саке (япон ароғи)ни лабига астагина теккизиб қўйди.
– Сен жудаям чиройли рақс тушасан, жудаям – дедим ниҳоят мен, Калтакесак ҳам гапга тушиб кетди.
– Чакки эмас, ҳар қалай. Лекин барибир у ердан бўшаб кетмоқчиман. Кейинги ойда.
– Нега энди? – ҳайрон бўлиб сўрадим мен. У жилмайиб жавоб берди:
– Чунки бутунлай бошқа нарса билан шуғулланмоқчиман.
– Нима билан, масалан? – дедим мен ва шошилиб қўшиб қўйдим: – Билмадим, албатта, сўрашга ҳаққим борми, йўқми айбга буюрмайсан, сенинг лаёқатингга ҳавас қиламан. Шу боисдан менга бир оз алам қилади…
– Э, қўйсанг-чи. Мен хафа бўлмайман. Мен муқобил тиббиёт мактабига кирмоқчиман. Игна билан эмлаш, гиёҳлар билан даволаш ва ҳоказо.
– Ана холос… Буни сенга нима кераги бор?
– Чунки бу соҳада истеъдодим кўпроқ эканини тушуниб етдим. Биронта одамга тикилиб қарасам борми, унинг қаери оғриётганини дарҳол сезаман. Қўлимни теккизиш, силаш билан уни даволай олишимга кўзим етади, назаримда. Шу қобилиятимни ривожлантириш маъқул кўринаяпти.
– Қўл билан даволай оласанми?
– Даволай оламан…
Кейин, музқаймоқ еяётган пайтимизда у бамайлихотир деди:
– Танангдан фойдаланганда, ичингдаги мавжуд барча нарсадан халос бўлишинг лозим. Бу жами ташқи ҳолатлардан муҳим. Агар фақат зоҳиран камолотга эришсанг ҳам барибир кўнглинг тўлмайди. Буни аниқ биламан. Бугунги кунга қадар мен тинимсиз машқлар эвазига қоматимни ушлаб турдим. Энди – ўша натижаларга бошқа усуллар билан ҳам эришмоқ вақти етди. Ҳар ҳолда мен ўттиз учга чиқдим.
– Ўттиз уч?! – Мен унга йигирма беш ҳам бермасдим.
Калтакесак кулиб юборди:
– Ишончим комилки, мен сендан каттаман.
Кейинроқ мен уни бекатгача кузатиб қўйганимда, у ёқимли оқшом учун миннатдорчилик билдирди ва ўйчан қўшиб қўйди:
– Менинг умуман дўстим йўқ. Ота-онам билан деярли гаплашмайман. Бошқалар билан охирги марта ўзим ҳақимда қачон гаплашганимни эслолмайман. Назаримда бугун жуда кўп гапириб юбордим, шекилли.
Ғира-ширада, қоронғулик қўйнида ёнимиздан йўловчилар ўтиб турарди.
Кечки шабада эсар, деразалардан нур тараларди. Қаердадир электричка ўтиб бораётгани эшитиларди. Бекатда поезднинг жўнаши эълон қилинди. Калтакесакнинг қисиқ кўзли юзи ёришди.
– Яна бир бор учрашайлик! – Ҳиссиётим жўш урганидан унинг қўлини маҳкам ушлаб олдим.
“Ё тангрим, уни бирам бағримга босгим келаяптики. Эсимни едимми, жинни бўлаяпман шекилли. Унинг қўлини ушлашим учун ҳар нарсага тайёрман. Ортиқ чидаб туролмайман,” – шундай деб ўйладим ва шундай қилдим ҳам. Шундай бўлиши табиий эди. Шундай қилмаслигим мумкин эмасди. Тушундим: одамлар бекорчиликдан бирга бўлишга келишиб оладилар, учрашадилар, еб-ичадилар, охири ярим кечаси: “Энди нима қиламиз?” деб ўйлаб қоладилар. Бу бир кунлик тасодифий танишув учун хос бўлган жимгина келишув эмасди. Мен унга озгина бўлсин яқинлашгим, ўпгим, уни бағримга босгим келарди.
Ўзимни аранг тийиб турардим. У менинг ҳис -туйғуларимни қабул қиладими, йўқми , мен учун бу муҳим эмасди. Мен уни жуда- жуда хоҳлардим. Ҳозир, айни шу дамда фақат уни, бошқа ҳеч кимни эмас. Агар унинг ўрнида бошқа биров бўлиб қолса – бутун оламдан воз кечишга тайёр эдим. Ҳаммасини тушуниб етдим. Бу муҳаббат эди.
– Майли, кўришгунча, – деди у ва менга телефон рақамини берди. У нари кетди-да, орқасига ўгирилмасдан зинадан кўтарила бошлади, зум ўтмай уни бутунлай кўздан йўқотдим. Тамом. У кетди. Юрагимни аламли йўқотиш туйғуси чулғаб олди. Бу туйғу қиёмат қойим кунидаги ҳиссиётга монанд эди.
Калтакесак тиббиёт мактабига кирди, уни тугатиб рухсатнома олди. Ўқиш жараёнида ярим йил Хитойга малакасини оширгани бориб, табибга шогирд тушди. Японияга қайтгач мўъжазгина бир шифохона очди. Чинданам истеъдоди бор экан шекилли, ишлари юришиб кетди, озгина вақтдан сўнг шифохонага ходимлар ёллаш имконига эга бўлди.
Ҳар куни Япониянинг турли ҳудудларидан унинг шифохонасига мижозлар оқиб кела бошлади. Уларнинг аксари оғир дардга дучор бўлган беморлар эди. Бечораларнинг сўнгги умидлари Калтакесакдан эди. Ҳар қанча куч сарф этмасин, унинг Худо ато этган шифобахш кучи тугамасди. Бироқ иш кунининг охирига бориб гапиришга ҳам ҳоли қолмасди.
Иттифоқо бир куни унинг шифохонасига кирдим. У кўпхонали уйнинг кичкинагина хонасига жойлашганди. У ерда биттагина ўриндиқ – кат бор эди. Мижозлар курсиларда жимгина навбатларини кутиб ўтиришарди. Бундай манзара махфий иш олиб бораётган корхонага хос. Калтакесак оқ халатда остонада пайдо бўлар, навбатдаги мижозни чақирар ва у билан хонага кириб кетарди. Мен жуда хижолат бўлдим. Чунки Калтакесак ҳеч кимга илтифот кўрсатмас, кўнглини кўтармасди . Шунинг учунми “дарди енгил” – ҳамдардлик учунгина келганлар бир зум ўтириб кетиб қолардилар. Лекин чинакам даво истаб келган беморлар албатта оғриқдан, ҳаёт ва ўлим орасида қийналиб азоб тортаётганлар дарддан фориғ бўларди. Хайрлашаётганда, ёш тўла кўзларини халоскордан узолмасдилар. Бир қадам ташлай олмаётган беморни кутиб турган қариндошлари олдига унинг ёрдамида ўз оёғи билан юриб чиққанини кўриб улар ҳайратдан ёқа ушлардилар. Калтакесак эса жилмайиб қўяди-да, навбатдаги мижозни таклиф қиларди.
Ишонтириб айтаман, у шифокор сифатида астойдил ҳаракат қиларди. Нияти чинакамига даволаш. Фақат шуни истарди. Унинг иқтидори бор, иззатталаб эмас, шуҳрат гадоси эмас. Унинг ютуғини кўриб ич-ичимдан қувонаман. У билан фахрланаман. Унга ўхшаб одамларни даволай олмаслигимдан ўкинаман.
Ўша оқшом Калтакесакни мен уйимда кутардим. У телефон қилиб:
– Мен соат саккизларга бораман. Пицца буюриб қўй. Қалампири кўпроқ бўлсин, – деди.
У пиццани уйда ўтириб ейишни яхши кўради. Ресторанга боришни ёқтирмайди. Гапига қараганда, бу одамларга ёмон муносабатда бўлгани учун эмас. Аслида ҳеч кимни кўришни истамаганидан. Мен уни тушунаман. Ҳар куни одамлар билан ишлаганингдан кейин ҳам ўлгудай чарчайсан, ҳам безиб қоласан. Шу сабабдан биз вақтни уйда ўтказамиз, чироқни пасайтириб, деярли гаплашмай ўтирамиз. Мусиқа тинглаймиз. Борди-ю сайр қилгани чиқсак, одам йўқ жойга – тоғ томон борамиз. Бизнинг кўнглимиз шунақа – жуда ғалати.
У соат саккиз тугул, тўққизда ҳам келмади. Мен пиво ичдим, бир парча пицца едим, энди келмаса керак. Гарчи мен унинг қўлини сўраган бўлсам-да, ўзининг аллақандай сири туфайли менга жўяли жавоб қилгани йўқ. Феъл-атворини инобатга олганда, бугун меникига келмадими, демак, тамом, бизнинг яқинлигимиз тугади, дегани.
Менинг туйғуларим аввал бошдагидек жуда эҳтиросли бўлмаса-да, очиғи юрагим сиқилди. Унинг шу ерда, менинг ёнимда бўлишини истардим. Орамизда бўлиб ўтган нарсалар менга енгиллик ҳам, хотиржамлик ҳам бермасди, лекин аниқ билардимки, мен ишлайдиган касалхонадаги нозанин ҳамшираларнинг биронтаси Калтакесак ўрнини босолмайди.
Мен умидсизликка тушдим. Соат ўн бирдан ошди. Энди кутишдан фойда йўқ, деган қарорга келганимда дафъатан эшик шарақлаб очилди ва хонага Калтакесак кириб келди: тўлғанган сочларидан тун эпкини уфурарди.
– Кеч қолдим.
– Келмайсан деб ўйлагандим. Юрагим қон бўлиб кетди.
– Адашиб қолдим, – дея у пиццадан бир бурда ушатиб касир-кусир ея бошлади.
– Шошма, иситиб берай.
– Овора бўлма. – У бир оз жим қолди, сўнг давом этди. – Биласану, ахир мен сендан бошқа ҳеч ким билан гаплаша олмайман.
– Биламан, – бош силкидим мен. – Лекин буни касалликка йўйма. Лоақал мижозларинг билан ҳар куни гаплашсанг-ку. Оз бўлса ҳам гаплашасан-ку, тўғрими?
У менинг гапларимга эътибор бермагандек давом этди:
– Аммо юрагимда бир тугун бор, бу ҳақда сенга сира гапирмаганман. Жуда муҳим нарса.
– Муҳим бўлса, айтиб бер. Айтиб берасанми?
Калтакесак индамади. Девордан кўз узмай туриб, чуқур нафас олди. Мен унинг фақат шарпасинигина кўриб турардим. У менга бутунлай ўхшамаган бир мавжудот эди.
– Эсингдами, болалигимда кўр бўлиб қолганим ҳақида гапириб бергандим? – сўради Калтакесак.
– Шу ҳақда гапириб қоласан деб ўзим ҳам сезиб турувдим…
– Беш яшарлигимда уйимизга бир девона кириб қолганди. У орқа эшикдан билдирмай кирган экан. У аллам-балоларни бақирган кўйи ошхонага кириб, пичоқни олди-да, онамга урди. Онамнинг сонидан қон тирқираб оқа бошлади. У кўчага чиқиб, қочиб кетди. Мен отамнинг ишхонасига қўнғироқ қилдим. Отам: “Тез ёрдам”га қўнғироқ қиламан, сен онанг ёнида кутиб тур”, деди. Мен онамнинг ёнида ўтириб турдим. Уни ўлиб қолади деб қўрқдим. Онамнинг жароҳатига кафтимни босиб қонни тўхтатишга уриндим. Ана ўша лаҳзаларда мен ўзимда табиблик иқтидори борлигини тушуниб етдим.
Қон тўхтади. Кинода кўрсатишади-ку, худди шунақа. Қўлимдан бир нур чиқаётгандай туюлди. Гарчи жароҳат битиб кетмаган бўлса ҳам, менинг даволашим таъсир қилгани кўриниб турарди. Қон оқиши тобора камайиб бораётганини фаҳмладим. Бир оздан сўнг “Тез ёрдам” машинаси етиб келди.
Мени онам билан касалхонага олиб кетишди. Мени ҳам ҳаммаёғим бутунлай қонга беланган эди. Қўрқиб кетганимдан тилим калимага келмасди. Серрайиб турардим. Отам етиб келди, кейин полиция пайдо бўлди. Шунда ҳам лом-мим демасдим. Дўхтир, қон қандай қилиб тўхтаб қолганини тушунмасди. У онамнинг бир мўъжиза билан омон қолганини айтиб, “Бахтингиз бор экан” деди.
Жимгина унинг ҳикоясини эшитяпману кўз ўнгимдан Калтакесакнинг онаси кетмасди. Эсимда у юрганида чап оёғини судраб босарди.
– Ана шу даҳшатли воқеадан ларзага тушган онам ақлдан озди, мен кўр бўлиб қолдим, отам эса таъқиб васвасасига учради. Бу қандайдир даҳшатли тушга ўхшайди. Мана шундай бир кунда, мудҳиш аҳволдан бир пайтнинг ўзида халос бўлдик: мен кўра бошладим, онам уйдан бир ўзи бемалол чиқа бошлади, отам ниҳоят васвасадан халос бўлиб, ҳар нарсадан қўрқиб уйни қулфлаб юрмайдиган бўлди. Лекин унга қадар қанчадан-қанча оғир кунларни кўрмадик.
Қайғули йилларни эсласам, юрагим орқага тортиб кетади. Лекин айнан ўшанда мен ўз вужудим ёрдамида ҳаётнинг сир-асроридан огоҳ бўлдим. Онам мен учун ҳамиша олий, илоҳий хилқат эди. Гарчи онам отам билан урушиб қолиб, баъзан қон-қон йиғласа-да, барибир нимаси биландир темир иродали аёл бўлиб кўринарди. Ўша мудҳиш кун, уни ерда қонига беланиб, дод солиб ётганини кўрганимда бир зум ичида эврилиш юз берганди – бамисли илоҳий хилқат ожиз бир махлуққа айланиб қолди. Агар жон танани муҳофаза қилмаса, тана бўшаган идишга — бўш бутилкага ўхшаб қолади.
Мен мана шуни тушуниб етгандим. Шунинг учун агар астойдил истасанг, машинани тузатгандай инсон танасини ҳам тузатиш мумкин деган қарорга келдим. Мен ҳатто оломон ичида тез кунлар ичида жони узиладиган одамларни кўрсатиб бера оладиган даражага етдим. Агар кимнингдир жигари хаста бўлса, жигари ўрнида қора доғ кўринади. Тортишиб қолган мушаклар одатда кўкимтир тусга киради. Мен кўпроқ шунга ўхшаган нарсаларни кўра бошладим… Лекин бу энди ҳаддан ташқари. Алоҳа ақлдан озмаслик учун аэробика билан шуғуллана бошладим. Мана бугунга келиб энди-энди бир нималарга қўл ураяпман. Сен билан танишганимнинг шарофатидир балки.
Умидсиз, тушкун хаёллардан халос бўлиб, ниҳоят ўз имкониятларим нимада эканини тушуниб етдим.
– Хўп, бунинг нимаси ёмон? Менимча, бари ажойиб. Орамизда қандай муаммо бўлиши мумкин? – дедим мен енгил тортиб, лекин у гапимни бўлди:
– Бу ҳали ҳаммаси эмас. Энг асосийсини айтганим йўқ, хатто ота-онамга ҳам айтмаганман.
У жим қолди. Сукунат жуда узоқ чўзилди. Калтакесак қирсиллатиб пицца ея бошлади. Шунда мен бирдан ёноқларидан оқиб тушаётган ёшни сезиб қолдим. Мен довдираб қолдим, чунки у илгари бир марта бўлсин йиғламаганди. Ҳаммаси равшан, у чинданам муҳим нарсани гапириб бермоқчи.
– Ҳўш, жиноятчи нима бўлди? Уни ушлашдими? – дея савол бердим сабрим чидамай.
Калтакесак менга паришон кўз ташлади.
Ҳозир мен, мабодо айнан шу лаҳзада шу саволни бермаганимда нима юз беришини тасаввур қилиб, юрагим орқага тортиб кетди. Лекин нима бўлганда ҳам мен шундай саволни бердим. Чунки мен уни севардим. Ундан жудо бўлишни истамасдим. Бунга ишончим комил.
У кўз ёшларини оқизиб жавоб берди:
– Ушлашди. Лекин ўз ҳаракатларини бошқаролмайдиган телба эканини эътиборга олиб қўйиб юборишди. Лекин мен уни ўлдирдим.
– Нима? – Бу кутилмаган иқрорни эшитиб қичқириб юбордим. – Ўз қўлинг биланми?
– Йўқ-йўқ. Қўлим билан эмас. Қарғиш орқали. Сен бунинг мумкинлигига ишонасанми? Нима бўлганда ҳам бу ҳақиқат. Мен уни дуойибад қилдим.
– Наҳотки сен шунга қодир бўлсанг?
Биз ҳеч қачон бунақа узоқ ва қизғин гаплашмагандик.
– Уни қандай қилиб ўлдирдинг?
– Мен ҳар куни унга ўлим тилаб дуойибад қилардим. Машина босиб кетсин, деб худодан сўрардим. Ўша пайтда ҳаётимиз азоб-уқубатда ўтарди. Икки йил муттасил уни қарғадим. Охири кунлардан бир кун кечки пайт, қуёш ботар чоғи илтижоларим қабул бўлганини тушундим. Тилагим амалга ошганини ҳис қилдим. У ўлса менинг кўзларим очилишини сезардим. Ўша кун ботишидан бир ҳафта кейин мен янгиликларни тинглаётган эдим. Бир маҳал фалон-писмадон деган одам жиннилиги қўзиган пайтда ўзини юк машинаси тагига ташлаганини эълон қилишди. Бу менинг ишим эканини билардим. “Сен шунга лойиқ эдинг” дедим ичимда. Ёшим улғайгач, бу қилмишимнинг нақадар оғирлигини тушуниб етдим. Ҳатто агар минглаб одамни даволасам ҳам ана шу ўлим доғини юволмайман. Вақт ўтган сари бу юк оғирлашиб бораверди. Мен сен билан танишганимдан сўнг бир нарсани, кимнидир ёмон кўриб қолсам, уни ўлдиришим мумкинлигини англаб етдим… Шунда мен ўзимга қойил қолдим. Ўйлаган ниятимни амалга ошира олганимдан қувондим. Ҳа— Ҳа. Қувонганимдан мириқиб кулдим. Лекин бу Эдо (2) даври услубидаги интиқомни акс эттирувчи роман ёки телесериал эмас-ку, ахир. Бугунги Японияда, тинчлик пайтда мен ажали етмаган одамнинг ўлимига сабаб бўлдим. Битта нарсани аниқ биламанки, ажойиб кунларнинг бирида мана шу жиноятим учун жазоланаман. Оиламиз учун оғир бўлган ўша даврда қийналиб кетганимдан ҳар нарсага тайёр эдим. Ўша пайтда мен бир кун келиб, ота-онам ўтмишни эсламай тинч-тотув яшашини, кўзим яна кўра бошлаб вояга етишим, ишга жойлашишим, сен билан танишувимни тасаввур ҳам қилолмасдим… Ўшанда бир-биримизни танимасдик. Ҳар биримиз ўзимизга тегишли оламда яшардик, бошқаси билан ишимиз йўқ эди. Бизнинг ҳаётимиз дўзахдан баттар эди. Мен йўқотадиган ҳеч нимам йўқлиги учун ҳаётимизни лаънатлардим. Энди ҳаммаси ўзгарди. Ҳамма нарса яхши томонга ўзгарди-ю, мен… мен қўрқа бошладим. Ўша одам тушларимга киради. “Мен ҳеч кимни ўлдирганим йўқ, сен эса қотилсан…” – дейди у. Унинг гаплари тўғрилигини англаганим учун даҳшатга тушаман…
Калтакесак тинмай ҳасрат қиларди.
Энг осони ўша одамнинг тасодифий ўлимига сенинг айбинг йўқ, десам олам гулистон эди. Лекин шу хусусда ўйлаган сайин ўша одамнинг ўзини юк машинаси ғилдираклари остига ташлашга айнан Калтакесакнинг дуойибадлари мажбур қилганини аниқ-яққол сезардим. Мен илгари ҳам шунга ўхшаш воқеанинг гувоҳи бўлгандим. Гўёки қандайдир қора кучларнинг таъсири остида жонидан жудо бўлган ўсмирлар ҳали-ҳамон кўз ўнгимда кетмайди: улардан бири у парвариш қилиш мажбуриятини олган гул сўлиб қолгандан сўнг ўзини осиб қўйди; бошқаси вақтида ўқимай ибодати қазо бўлгани учун қон томирини кесганди. Улар, ишончим комил, бир нимага қарши турганлари учун шундай қилишган. Аммо улар қанча эзгулик қилсалар, камолотга эришиш учун қанча заҳмат чексалар, гуноҳ юки шунча оғир босарди. Бундай машаққат ҳирсий мойиллик, ҳайз кўриш жараёни ёки ични бўшатмоқ чоғидаги қийналишга ўхшайди. Уни ҳеч ким билан бўлишиб бўлмайди. У фақат сеники ва бошқа ҳеч кимники эмас. Секин-аста қарши салбий кучлар йиғилиб дунёдаги жонига қасд қилишдек ҳолатларни вужудга келтиради…
Ҳар доим мана шундай вазиятларга тушганимда, ҳеч нарсани ўзгартиролмаганим учун ғазабдан ўзимни қўйгани жой тополмасдим. Ожизлигимдан қутуриб кетаман. – Мен ўзимни шунчалик бетайин, урғочи жинсининг ёнидан бир қадам нари жилмайдиган наслдор буқадек ҳис қилардим. Ғазаб ўтида ёна бошлаганимда эса ҳеч нарсага ярамай қоламан…
Калтакесак ҳеч қачон, ҳеч қачон бунақа узоқ гапирмаганди.
– Менга қара, юр, бир оз айланиб келамиз. – Менинг илтимосимни эшитиб унинг қошлари чимирилди.
– Хавотир олма, – дедим уни хотиржам қилиш мақсадида, – сен хоҳлаган ерга борамиз. Уйда, сен билан сира гаплаша олмаяпман.
– Фақат беморларинг мисолида ҳаётда бундан баттар бўлиши ҳам мумкинлигини исботлаш учун касалхонангга олиб боришни ўйлама, хўпми? – деди у пальтосининг тугмасини қадаркан, илтимос оҳангида.
– Бу фикринг маъқул, – ҳазиллашиб унга жавоб бердим ва ўрнимдан турдим.
Пальтосининг тугмасини қадаётган Калтакесакка қараб туриш менга ёқади. Пойабзалини кийиши учун энгашиб бўйнини чўзиб туришини яхши кўраман. Кўзгуга қараганидаги нигоҳи менга айниқса ёқади. Турли вазиятлар Калтакесакнинг кўп қирралигини вужудга келтиради. Унинг ҳужайралари қандай ўлиши ва қайта туғилишини кўраман. Таранг тортилган чаккаларини кўраман. Тирноқларидаги оқ ҳилолларини кўраман. У яшаяпти, оқим бўйлаб сузиб бораяпти. Мен буни сезиб турибман. Унинг ҳар битта ҳаракати менинг инъикосим. У яшаши учун мен яшашим керак.
Шаҳарни ёз ифори тутиб кетган, ўт-гиёҳлар иси гуркирарди.
– Қаёққа борамиз? – қизиқди Калтакесак.
– Иккиламиз айлангани чиқмаганимизга анча бўлди.
– Ахир иккаламиз ҳам ишда бандмиз-ку…
Шу пайт кутилмаганда орамиздаги ҳамма нарса барҳам топса керак, деган ўй кечди кўнглимдан. Энди биргаликда баҳам кўрадиган ҳеч нарсамиз қолмаганди. Иссиқхоналардаги гиёҳлар шиша томларга етгач, ўсишдан тўхтагани каби биз ҳам йўлимиздаги енгиб ўтиш мумкин бўлмаган тўсиққа етиб келгандик. Бир-биримизга ҳар қанча ёрдам бермайлик, биз эркинлик ҳиссини туёлмаймиз, халос бўлишга қурбимиз етмайди.
Энди биз қариялар каби кечаси инқиллаб-синқиллаб, кундузлари қуёш тафтида исиниб ётишдан ўзга иложимиз йўқ. Қўлимиздан бошқа ҳеч нарса келмайди.
Бу фикр аста-секин фикру зикримни бутунлай қамраб олди.
Лекин шу чоқ илкис ҳамма нарсани ўзгартиришга қодир қувончли овоз янгради.
— Топдим. Нарита-сан(3)га чиқамиз!
— Нега энди?
— Нега бўларди? Эртага куннинг иккинчи ярмида ишларсан. Илтимос бора қолайлик. Таксига ўтирса бир соатда элтиб қўяди.
— Нима бор у ерда?
— Негадир ўша ёққа боргим келиб қолди. У ерда бир марта бўлганман. Ибодатхона ёнидаги гавжум бўладиган дўкончаларни яна кўргим келаяпти. Эрталаб эса ибодатхона кўчасида зираворлар, егулик гуруч, печеньелари сотиб олишимиз мумкин, — деди у кўзларини катта-катта очиб.
Тиббий кузатувлар одамни ўта синчков қилиб кўяди. Шунинг учун уни тушундим: жудаям боргиси келяпти. Лекин гап бунда эмас. Калтакесак менга мурожаат қилганидан ниҳоятда ғурурланиб кетдим. Шу илтимос билан бошқаларга эмас, менга мурожаат қилганидан чексиз севиндим.
— Бўпти, кетдик.
Агар у истаса, кўнгли тусаган ерга борамиз. Фақат иккаламиз.
Биз Нарита-санга соат тунги бирларда етиб бордик. Омадимиз бор экан, меҳмонхонага қўнғироқ қилиб хона буюриб қўйишга муваффақ бўлдим.
Бутунлай зулматга чўмган ибодатхона кўчаси бўйлаб юқори кўтарила бошладик. Йўлнинг икки тарафидаги қатор кулбалардан ёқимли дарахт ҳиди анқирди. Кучли шамол эсарди. Биздан четрокдаги уйлар томи узра юлдузлар милтирарди.
Калтакесакнинг сочлари кучли шамолда ҳилпираб тўлғанарди.
Ибодатхонанинг дарвозаси берк эди. Девор оша шамолда чайқалаётган каттакон чироққа кўзимиз тушди. Чироқнинг нотекис ёруғида дўкончаларнинг ғаройиб соялари тебранади.
Ваҳимали сукунат ҳукмрон эди. Атрофда ҳеч зоғ йўқ. Калтакесак кулиб:
— “Арвоҳлар шаҳри”ни ўзимча шундай тасаввур килардим, — деди.
Деворга суяниб, кута бошладик. Орадан беш дақиқа ўтди — лекин ҳеч ким кўринмади. Ибодатхона кўчасидан ўтмиш иси тараларди. Ана шу кўча бўйлаб одамлар тўдасининг арвохлари билан қўл ушлашиб дайди шамол кезарди холос.
Калтакесак ёрқин кийимда, кўзни қамаштирувчи оппоқ табассум билан зимистон кечада туш бўлиб кўринди.
— Биласанми, — дедим мен, — ростини айтсам, менинг ҳам ўз сирим бор. Мен ота-онамнинг зурриёди эмасман. Ўгайман.
У гапларимни чурк этмай тинглай бошлади. Ҳатто менга карамади ҳам.
— Онам бир йигит билан юрар экан. Лекин ўзини севган ўша йигитни рад этиб, унинг акасига — менинг отамга турмушга чиқибди. Бечора йигит бу воқеадан телба бўлиб қолибди. Бир куни у келин-куёвнинг тепасига бостириб кирибди-да, пичоқ билан қўрқитиб уларнинг қўл-оёқларини боғлаб, отамнинг кўз ўнгида онамни зўрлабди. Сўнгра устидан керосин қуйиб, ўзини ёқиб юборибди. Шовқин-суронни эшитиб чиққан қўшнилар ота-онамни зўрға қутқариб қолишибди. Эҳтимол, бу воқеа унутилиб кетган бўларди, лекин афсуски мен дунёга келдим.
— Нимасини айтасан, ҳар қалай, бизнинг уйдагидан анча даҳшатлироқ экан, — деди паст овозда Калтакесак.
— Мана кўрдингми… Онам отамнинг илтимоси билан ҳомиласини олдириб ташламади. Аммо кўп ўтмай, мен туғилгач, онам эс-ҳушини йўқотди. Мени тарбиялаш учун қариндошларимизга беришган. Беш ёшга тўлганимдан сўнг ота-онамникига қайтиб келдим. Кейин онам ўз жонига қасд қилди. Ўлаётганда у менга: “Мени кечир, болам” дея шивирлаган эди. У доим ана шундай беозор эди.
— Демак, сенинг онанг йўқ эканда.
— Ўгай онам бор. Отам яна уйланган.
— Шунақами…
— Ҳаётда ҳар нарса бўларкан: баъзан одамлар ҳалок бўлади, баъзан — сенинг онанг сингари — тирик қолади; айрим оилалар пароканда бўлади, айримлари қийинчиликларни енгиб бирга яшашади. Бу нимага боғлиқ одамларнинг феъл-атворигами ёки вазиятгами, лекин шуни яхши биламанки, бундай ҳолларда болаларга катта зиён етказилади. Гарчи… Мен, масалан, болалигимда бахтиқаро онамнинг мурдасини кўрганман, лекин шунга қарамай, маза қилиб овқатланишни яхши кўраман, тоза ҳаводан лаззатланаман… Дарвоқе муҳими бу эмас…
— Демак, шунинг учун дўхтир бўлишга қарор қилган экансан-да?
— Шундай деса ҳам бўлади, лекин бошқа сабаби ҳам бор… Умуман мен ўлим нималигидан бохабарман. Ҳали она сутим оғзимдан кетмаган пайтдаёқ ўлим шууримда жуда оғир таассурот қолдирган. Мен ўлим ҳидини туйганман.
Унинг мулоҳазалари қалбимни ларзага солди. Ҳаётда Калтакесакка дуч келишим муқаррар эканини энди англадим.
— Майли, бугунча етарли. Бунақа машъум воқеалар ҳаётда бўлади ва ҳамиша бўлиб ўтган. Кел энди, кўнгилсиз нарсаларни унутайлик-да, яхши ниятлар қилиб юрайлик. Бирга яшаб, гўзал ҳаёт кечириш тўғрисида қайғурайлик. Нима дединг?
— Менга қара, сен “Қисқа жума” ҳикоясини ўқиганмисан? — сўраб қолди у бирдан.
— Йўқ.
— Бу оддийгина чол-кампирнинг ўлими ҳақидаги ҳикоя. Биз ҳам шундай ўлим топсак зўр бўларди-да. Бу кекса эр-хотин диндор бўлишади. Худонинг тинч, ҳаловатли кунларидан бирида кечкурун ухлагани ётишади. Ошхонадаги плита пиширикхонасида саҳарлик учун нон ёпиб пиширадилар. Ҳамма нарса жойида, нон тайёр, иш битди, аммо газни ўчиришни унутиб қўйдилар. Газ ҳидини сезганларида эса вақт ўтган эди — у бутун хонани тўлдирганди. Шунда улар бирдан ўзларини енгил ҳис этдилар ва бахтли ҳалок бўлдилар.
— Ғалати ҳикоя экан. Ўқиб чиқарман.
— Зўр-а, тўғрими? Менга умуман бошқа одамларнинг ўлими ҳақида ўйлаш ёқмайди, лекин мана шунақанги ўлим бўлса, ҳасад қилса арзийди…
— Биласанми, кел, яхшиси ҳамма нарсани ўзимизга олавермайлик. Умуман, бас қилиш керак, ҳадеб шунақа нарсалар тўғрисида ўйлашни. Ишхонадаги кўраётганларимизнинг ўзи етарли. Ҳали ёшмиз, ҳаётимиз ҳали олдинда. Қадамба-қадам ҳаракат қилаверамиз. Аста-секин бўлса ҳам эртанги кундан умид қилиб. Иккаламиз ҳам жуда ғалати бир вазиятга тушиб қолганмиз, лекин ўзимизни қўлга олишимиз керак, акс ҳолда ҳаётимиз издан чиқиб кетади.
Гарчи Калтакесакни шубҳа-гумонлар ўртаётгани кўриниб турган бўлса-да, гапимни тасдиқлаб бош қимирлатди. Унга алоқадор нарсаларга келса, барча нарсада мен ўн беш яшар боладек ғалча бўлиб қолавераман, у билан бирга эканлигимдан мамнун юраман, унинг мени севишидан ғурурланаман.
Кўҳна меҳмонхонага етиб келгач, биз ҳорғин ҳолда каравотга чўкдик. Калтакесак ҳар доимгидек менинг пинжимга кириб ётди, уни ухлаб қолди деб ўйладим. Чарчаганимдан кўзларимни очолмасдим.
Мен мудрай бошлаганимда Калтакесак алланималар деди. Мен қайта сўрадим.
— Нима?
— Хуллас, — деди у худди бошлаган гапини давом эттираётгандай, — агар бизнинг ҳаётимизда шундай бир одам …ёки ярим худо бўлиб, одамларнинг диёнат ва инсоф билан яшашларини назорат қилиб турса эди, у оғир вазият вужудга келганида: “Бундай қилиш мумкин эмас ёки тўғри қилдинг” деб огоҳлантириб турарди. Яхшию, тўғрими? Лекин бунақа илоҳ йўқ. Агар бўлганида эди, бундай қабоҳатларга барҳам берган бўларди. Аммо ҳозирча бари давом этаяпти. Ўзимиз эплашимизга тўғри келади. Бошимизга тушган фожиа ҳар канча даҳшатли бўлмасин, улардан ҳам даҳшатлироқ нарсалар юз бериши мумкинлигини унутмаслигимиз лозим. Мана ҳозир, айни пайтда ер юзида юз минглаб бахтикаро одамлар нафас олишаяпти. Шу сонияда одамлар жон бераяпти, қариндошларини йўқотаяпти. Уларга хиёнат қилишяпти, уларни ўлдиришаяпти. Дунё шунчалар фожиаларга кон… Кошки уларнинг бари тўхтатилса… Кошки дунёда бахтсиз болалар камроқ бўлса…
Бу кўҳна, анъанавий услубда қурилган япон меҳмонхонасида ушбу маҳзун сўзлар ғамгин шеър сатрларидек эшитиларди. Ухлаётганимизда, биз ҳозиргина келган коронғи ибодатхона кўчаси одамлар билан тўлади, шовқинга кўмилади, сотувчилар савдони бошлайди, бутхонанинг бош дарвозаси шарақлаб очилади. Ҳаммаси ўзгаради. Шодлик, ўйин-кулги авж олади. Шамол ковурилган балиқ, гуруч қўғирмочининг ҳидини олиб учади. Биз Хитойнинг хушбўй шамчироқларидан харид қиламиз, ибодатхонадан эса янги уйимизга осиб қўйиш учун туморлар сотиб оламиз. Одамлар оқимини кузатамиз; туни билан ҳувиллаб ётган ҳаёт янгидан қайнаётганининг гувоҳи бўламиз.
Лекин мен шундай ҳолдан тойган эдимки, гапиришга мажолим йўқ эди. Бу гапларимни унга эртага айтишга қарор қилдим.
Борди-ю, у ўлиб қолса-чи?
Демак у эртага бўлмайди дегани, бу бинобарин, менга бошқа ҳеч нарса демайди. Менинг пинжимга суқилган хоҳиш манбаи, ҳам унинг хоҳиш- истаклари — ҳаммаси йўқ бўлади-кетади.
Чаккасига тушиб турган сочлари, ёноғига тушиб қолган бир дона киприги бўлмайди. Бўялган тирноғидан сал қуйироқда куйгандан ҳосил бўлган кичкина чандиқ йўқолиб кетади. Ҳамма нарсани ҳаракатга келтириб турган жони узилади. Мен мана шулар ҳақида гаплашмоқчиман. Одамлар одатда гапиришни хоҳпамайдиган нарсалар ҳақида сўзлашмокчиман.
Фақат у яшаса бўлгани.
Эртага шуларнинг ҳаммаси ҳақида гапириб бера оламан.
Шу пайт Калтакесак мулойим овозда:
— Яхши ухлаб тур, — деди.
Мен эса уни ухлаяпти, деб ўйлабман.
Ҳайратланганимдан уйқум қочиб кетди. Унга назар солдим. У кўзларини юмиб ётарди, ҳозир унинг ухламаётганини билсам-да у ухлаётгандек туюларди. Мен ҳам унга хайрли тун тиладим. Бунга жавобан Калтакесак минғирлаб:
— Биласанми, ўлганимдан кейин мен дўзахга тушаман, — деди.
— Ҳеч кўрқинчли жойи йўқ. — Эҳтимол, бу жуда ожиз тасалли эди.
— Менимча ҳам шундай. Дўзахда менинг мижозларим янаям кўпаяди.
Атиги бир неча сониядан сўнг у уйқуга кетган одамлар сингари бир текисда нафас ола бошлади. Унинг чеҳраси маъсум болаларнинг юзига ўхшарди.
Мен яна бир оз уни завқланиб томоша қилиб ётдим, сўнг болалигимизни эслаб йиғлашга тушдим.

Изоҳлар

1 Саба – қора буғдой-маржумак унидан тайёрланадиган угра оши.
2 Эдо даври – Токугава (1600–1867) даври.
3 Нарита-сан — тоғнинг номи.

Файзи Шоҳисмоил таржимаси